Eshqobil Shukur. Chashmajonning baliqlari

Ashampoo_Snap_2016.11.28_15h16m10s_006_.png   Эшқобил Шукур 1961 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.

Эшқобил ШУКУР
ЧАШМАЖОННИНГ БАЛИҚЛАРИ
08

Хуршид Давронга

Чашмажоннинг балиқлари –
Балиқлари болалигимнинг…
Қанотли балиқлар, тилла балиқлар
Шаффоф сукунатнинг гунг қушларидай
Сузардилар, учардилар тўлғаниб
мовий-мовий кўлларида кўнглимнинг,
Олтин балиқлари болалигимнинг…

Момом айтар эди:
«Бу балиқлар оддий балиқлар эмас,
Авлиё балиқлар, валий балиқлар,
Кўр бўлиб қоласан агар ўлдирсанг,
Тентак бўлиб қоласан, озор берсанг гар!»
Кўзларида сузардилар болалигимнинг
Ҳарир қанотларин ёйган балиқлар…

Ҳис ва хаёлларим овларди улар…
Мен ёмон кўрардим балиқ овини.
Отам тоқ тутмасди чашма номини,
Онам тоқ тутмасди чашма номини,
Чашмани «Чашмажон» деб алқарди улар.
Кейин пайдо бўлди абжир овчилар…

Ўргимчак тўридай тўрларда кўрдим:
Овозсиз – овозсиз йиғлар балиқлар…
Гўё сукунатнинг ҳур қизларидай
Овозсиз – овозсиз йиғларди улар.
Кейин… гала — гала кўрларни кўрдим,
Кейин… тўда – тўда тентакни кўрдим.

Бир кун Хуршид Даврон ҳикоя қилди:
Олис Фарангистон, Лувр қасрида
Одамлар қўлидан ушоқ ейдиган
Эркин, бехавотир балиқлар ҳақида.
Шунда беихтиёр эсимга келди,
Луврдан олисда, умримдан олисда, —
Узоқ Чашмажонда менинг қўлимдан
Ушоқ териб еган олтин балиқлар,
Меҳр териб еган менинг кўнглимдан
Қанотли балиқлар, валий балиқлар.

Нақадар олисда энди Чашмажон,
Авлиё балиқлар нақадар олис…
Қанотли туйғулар олис нақадар…

2003 йил, 4 январь.

06

Eshqobil Shukur
CHASHMAJONNING BALIQLARI
08

Xurshid Davronga

Chashmajonning baliqlari –
Baliqlari bolaligimning…
Qanotli baliqlar, tilla baliqlar
Shaffof sukunatning gung qushlariday
Suzardilar, uchardilar to’lg’anib
moviy-moviy ko’llarida ko’nglimning,
Oltin baliqlari bolaligimning…

Momom aytar edi:
«Bu baliqlar oddiy baliqlar emas,
Avliyo baliqlar, valiy baliqlar,
Ko’r bo’lib qolasan agar o’ldirsang,
Tentak bo’lib qolasan, ozor bersang gar!»
Ko’zlarida suzardilar bolaligimning
Harir qanotlarin yoygan baliqlar…

His va xayollarim ovlardi ular…
Men yomon ko’rardim baliq ovini.
Otam toq tutmasdi chashma nomini,
Onam toq tutmasdi chashma nomini,
Chashmani «Chashmajon» deb alqardi ular.
Keyin paydo bo’ldi abjir ovchilar…

O’rgimchak to’riday to’rlarda ko’rdim:
Ovozsiz – ovozsiz yig’lar baliqlar…
Go’yo sukunatning hur qizlariday
Ovozsiz – ovozsiz yig’lardi ular.
Keyin… gala — gala ko’rlarni ko’rdim,
Keyin… to’da – to’da tentakni ko’rdim.

Bir kun Xurshid Davron hikoya qildi:
Olis Farangiston, Luvr qasrida
Odamlar qo’lidan ushoq yeydigan
Erkin, bexavotir baliqlar haqida.
Shunda beixtiyor esimga keldi,
Luvrdan olisda, umrimdan olisda, —
Uzoq Chashmajonda mening qo’limdan
Ushoq terib yegan oltin baliqlar,
Mehr terib yegan mening ko’nglimdan
Qanotli baliqlar, valiy baliqlar.

Naqadar olisda endi Chashmajon,
Avliyo baliqlar naqadar olis…
Qanotli tuyg’ular olis naqadar…

2003 yil, 4 yanvar.

033

(Tashriflar: umumiy 37, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring