Muazzam Ibrohimova. Anjir

muazzam

Муаззам Иброҳимова

АНЖИР

Бу воқеалар рўй берганида мен ҳали мактабни битирмаган, ҳаётнинг аччиқ – чучугини тотмаган қиз эдим.
1989 йилнинг майи…. Қизил адирлар ёнбағрида жойлашган кичкинагина шаҳарчамизни арининг уясидай тўзғитиб юборган миш-мишлар каламушдай болалалаб, қўрқмаганга ҳам қўш кўринтириб юборган палла.
Феълига яраша лақаб билан сийланган қўшнимиз Ўктам ўпка шаҳар марказга тушиб, бир гап топиб келдию, қишлоқни бадтар ваҳимага солиб қўйди. Эмишки, эски пивахонада бир тожик болани турклар чавақлаб қўйибди.
Белида белбоғи бор ҳамма ўзбеклар ўша ерда йиғилишаётган экан. Келгиндиларга қарши ғазавот эълон қилинибди. Уруш бошланибди!

Қўлига илинган кетмон сопи билан ўпкадан “сардорга” айланган қўшнимиз, юздан ортиқ эркакларини ҳам қуроллантириб, машъум пивохона томон бошлади. Ким чопқи, ким пичоқ, ким ўқлов кўтарган…Нима бўлаётганини ҳали тўлиқ тушунмаган бўз болалар ҳам сафга қўшилди.
Яқинларининг ортидан дуо ўқиб кузатиб қолган хотинлар ва бола- бақра, энг беҳавотир жой дея бизнинг қаттакон ховлига тўпланиб, мижжа қоқмай тонг оттиришди..
Қишлоқдан чиққан қуролли оломон қайтганида, дастурхончи Холдор хола турклар қорнини ёрган хомиладорлар, тутуни буруқсаб ётган маҳаллалар ҳақида сўзлар , рост- ёлғон яна бир тарихга гувоҳ бўлиб шафақ қизариб бормоқда эди…
— Адир томондан тушишар экан!
-Йўғ- эй, Марғилон тарафдан келишармиш. Учраган ўзбекни қириб ташлашар эмиш. “Бўй етган қизларингизни уйда ушлаб туринг, ёвуз қонхўрлар, ожизаларимизни зўрлаб хўрлаётганмиш..
— Хой мусулмонлар, дарвозангиз тепасига чорси боғлаб қўйинг, яна адашиб уйингизни туркларники деб ўт қўйиб юборишмасин!
— Ола, Марғилон эмиш. Пост қўйилганку! Адирдан тушишади хали кўрасизлар! “Болаларингизни уйдан чиқарманг! Фалон қишлоқда капказлаар гўдакларни паншаҳага санчиб, кўчада кўтариб юришганмиш” . Суратларини ўзим кўрдим…
Ақлимни таниб қолганим учун, одамлар нега бунчалик ваҳимага тушаётганини сира тушунмас эдим.
Нима учун шунча йил бир шаҳарда яҳил- иноқ яшаган миллатдан бунчалик қўрқишяпти? Ёки улар бошқа турклармикин?
Шунақа бўлса керак! Нега деганда боғчада бирга турган Сарингул , мактабимизда ўқийдиган Медали, Жамила, Дилшод, Насиба каби турк болалари билан жуда қалин эдик. Уларнинг отаси, акаси ёки қон- қариндошлари шунчалик ваҳший эканлигига ишонгим келмасди. Айниқса Шўҳрат исмли синфдошимизнинг ўзидан ҳам, яқинларидан ҳам бизга нисбатан душманлик хисси бўлмаса керак.
Нега дейсизми? Келинг у хақида батафсилроқ айтиб берай…
Синф раҳбаримиз Дилбар опанинг ўғли сариқ касал бўлиб қолди. Бир табиб унга “бит топиб келинг, бит шу касаллик давоси “ дебдию, бечора муаллимамиз кимга айтишни билмай бирорта қиздан топилар деган илинжда мактабга шошибди. У ўғил болаларни ташқарига чиқариб, қизларга табибнинг гапларини етказди;
— Жон қизлар Ҳикматилломга шу дори экан. Кимнинг бити бор? Ёлвораман, ёрдам бериб юборинглар! Илтимос!!!
Қўлида кичиккина шиша идиш кўтариб, мўлтираб турган Дилбар опага қараб, шарақлаб кулиб юбордик.
Хазиллашяптиларми? Ким “менинг сочимда битим бор!” дейди. Ўн бешга қадам қўйган қизлар бўлсак, бит нима қилсин?! Бори ҳам олифта дугоналар олдида бошида қандай маҳлуқлар яшаётганини ошкор қиладими? Шаҳар мактаби бўлса!
Жиддий турган Дилбар опанинг кўзидан думалаган бир томчи ялтироқ томчигина, кулгига нуқта қўйди. Аммо ҳеч кимдан садо чиқмади. Ўқтувчимиз чуқур хўрсиниб, эшикка йўналгандагина, охирги партада ўтирадиган Шуҳрат ўрнидан турди:
— Менда бит бор…Мен бераман!
Қизлар дув этиб орқага ўгирилдик.
— Шўҳрат….
— Вой, битлиқи!
— Юришига ўлайми буни…Қўйчивонман дегин!
— Нимага тозаламай келдинг мактабга?
— Вой, мен яна у билан бирга ошхонага бориб юрибмана!
— Исқирт!
Қизларнинг ўқдай ботаётган таъналари остида Шўҳрат Дилбар опанинг олдига келиб бошини эгиб тургани, устозимиз унинг патила сочлари орасидан беш- олти дона миттигина жониворни ушлаб банкага солгани ва турк синфдошимизнинг “ Синглим боғчада юқтирган экан, менга ҳам ўтибди.” дея ўзини оқлагани-ю, мазҳара бўлгани қолди…
Аслида, ўшанда ҳар тўртта қизнинг бири битлаган эди. Муборак, Матлуба Шуҳратни “битлиқи” деб камситган Лобар, мен… Қўлимиз бошимиздан тушмасди. Нега биз ўрнимиздан турмадик? Шуҳрат ҳам индамаса, ҳеч ким унинг айбини билмас ва мактабни битирганга қадар сатангларга эрмак топилмасди. Бироқ касал боланинг аҳволига биз ойимчалардан кўра кўпроқ ачинган , ўн тўққизта таънадан қўрқмай устозга бошини эгиб берган синфдошимиз турк қизи Шўҳрат бўлди. Наҳот, шу миллат вакиллари қирғин қилишга қодир бўлса!
Тўғри, қабиҳ одамлар ҳамма жойда бўлади. Одамлар ҳам ғаламисда, уч- тўрттда нодонни деб бутун бир эллатнинг юзи қора бўляпти?
Ўша вақтларда қўл телефони деган матоҳ хали одамларнинг тушига ҳам кирмаган, аксарият миш-мишлар кўз- қулоқ деган аппаратлар орқали суратга олиниб, оғиз аталмиш азалий аҳборот манбаи орқали тарқатиладиган замонлар эди. Паншаҳага санчилган гўдаклар ва ёввойилар томонидан зўрланган қизларни ўз кўзимиз билан кўрмаган бўлсакда, эшитган қулоқ борки, бирга минг қўшиб уни янада даҳшатлироқ қилиб тасвирлашга хизмат қиларди.
Шаҳарда комендантлик соати жорий этилган, соат тўққиздан кейин кўчага фақат ҳарбийлару, дайди кучукларгина чиқишарди. Доим тинчлик ва осудаликда яшашга ўрганган шаҳарча, асосий йўлларга қўйилган олачипор харбий постлар , уруш киноларидагина кўрганимиз баҳайбат танк ва аллақандай турқи совуқ машиналар, туну – кун маҳаллаларни изғиб юрган милтиғли аскарлар ва шубҳали давангирларларга тўлиб, миш –мишлар асосли эмасмикин деган шубҳаларни кўпайтирар эди. Бош майдон томондан пақ- пақ отилиб турган товушлар, гоҳ у кўчадан, гоҳ бу кўчадан кўкка ўрлаётган қора тутунлар, ҳар бир дарвоза тепасига боғланиб байроғдек хилпираб турган атлас чорсилар шаҳримизда хақиқий уруш кетаётганидан дарак бера бошлагач, ҳақиқатдан ҳам қўрқув исканжасида қолдик.
— Падарига лаънат капказлар! Бир вақтлар темир вагонга осилиб оч- яланғоч келишганди, қорнилари тўйиб қолдида!
— Исталин бекорга уларни бадарға қилмаган! Мана, ўзига нон берган қўлларни чопиб, ер берган юртни қора қонига булғашяпти!
— Ўлдириш керак уларни!
— Қириб ташлаш керак!
Ховлимизга ёндош самоворда йиғилиб, маҳалла қоровуллаб тонг оттирувчи эркакларнинг темир вагонлар, Сталин, қаердандир хайдалиб олиниб келган “ваҳшийлар” ҳақидаги гапларини эшитиб, мен содда деб ўйлаган қишлоқдошларимнинг бу қадар билгин сиёсатчи эканлигига ишонгим келмас, қанчадан – қанча оқилларни — Чўлпон, Умон Носир, Қодирийдай инсонларни йўқ қилиб юборган халқлар отаси, бир манфаати бўлмаса бутун бир халқни шунчаки туғилган еридан бадарға қилиб юборишига ақлим бовар қилмасди. Шукрки, собиқ СССР таъми билан суғорилган тарих дарсликларидан олган билмларимдан ташқари, хурфикр падари бузрукворимдан эшитган хаққонийроқ тушунчаларим билан фикрлай олардим. Ана шунда, нима сабабдан дадам чойхонага ҳадеб чиқавермаслиги, белида белбоғи борлар таънасига жавобан “Мен бу миллатнинг куфр ишларни қилишига ишонмайман. Бу ерда қандайдир ўйин бўляпти” дея гапни қисқа қиганларини тушуна бошлардим.
Ола- таъсир кунлар бир- бирини қувлаб ўтарди. Минг шукур, Марғилон, Чек Шўра ва шаҳар ичкарисидан елган совуқ хабарлардан ташқари ўз кўзимиз билан ҳеч қандай ваҳшийликка гувоҳ бўлмадик. Дарвозаларимизга боғланган чорсилар офтоб тафти ва шариллаб ёққан ёмғирлар остида чириб, янгисига алмаштирилаётган маҳал “ғазавот тугади, турклар ватанига қайтармиш” деган янги миш- мишлар тарқалди.
— Бадтар бўлишсин! Ана уйсиз ҳам қолишди!
— Кетларига тепишдику келгиндиларни. Эшитишимча, ховлилари сув текинга сотилармиш… Агар рост бўлса, бир эмас иккитасини олиб қўярдим невараларимга.
— Первомайскийдагилар ҳам сотиларканми?
— Ха, албатта сотилади. У ерларда бирорта ҳам ўзбек яшамасдику! Баъриси сотилади.
Яхшики, бировнинг дардидан қувонмаётган ва онглироқ фикрлаётган юртдошларимиз ҳам йўқ эмасди. Кўпни кўрган Ғофир тоға, икки уруш қатнашчиси Раҳмонали бобо, қишлоқ имоми қирғиз домла, Омон муаллимнинг фикрларини кўпчилик маъқулламаса ҳам, айнан ана шундай инсонларнинг сайи- ҳаракати туфайли чопқи, ўқлов, болталар қонга бўялмай, рўзғор буюми деган шарафли номларини сақлаб қолишди…
Айнан шу кунлари яна бир унутилмас воқеа содир бўлдики, ўша совуқ йиллардан бир умрлик ибрат олдим десам муболаға бўлмайди.
Июнь тонгларининг бирида уйимиз тўғрисидаги катта йўлда йигирма чоғли сариқ “Пазик” турнақатор терила бошлади. Биз ишком остидаги тахта сўрида нонушта қилиб ўтирар эдик. Дадам тўхтаган автобусларнинг ойнасини милтиқ қўндоғи билан ёпаётган харбийларни кўргач гап нимадалигини тушунди чоғи, бизга тамаддини тугатишни буюрди. Укамлар ва мен ҳайрон, шошилинч дуо ўқилган дастурхонни йиғишга чоғланган онам савол назари билан дадамга қаради.
— Ростдан ҳам эвакуация қилишяпти шекилли …Бечоралар тайёр уй- жойларини ташлаб номаълум томонларга кетишяпти. Ҳукумат уларни ҳеч қачон тарихий ерларига қайтармайди онаси. Ишқилиб, бошлари тошдан бўлсин! Қани, туринглар тезроқ. Уларнинг кўз ўнгида мазза қилиб чой ичиб ўтириш ноқулай болаларим…Муаззам укаларингни ичкари уйга ол! Мен борайчи, балки бирорта ёрдамим тегиб қолар.
Ховлимиз девор билан ўралмагани учун, автобус ичига қўйдек қамалган одамларни кўриш мушкул эмасди. Ошхона деразасига тутилган парда орқали бу манзарани кузатар эканман, Шуҳрат, Дилшод, Жамилалар қайси автобусда экан дея бошим қотди. Энди улар қайси мактабда ўқишар экан, қаерда яшашади деган ўйлар тинчлик бермасди.
Кун тепага келганида ҳам уловлар жойидан қўзғолмади. Харбийларнинг кўнгли юмшаган чоғи, автобуслардан тушган бир қанча одамлар йўл четидаги майсада давра қуриб ўтиришарди.
Пешинда ташқарида ғала- ғовур бошланди. Эрталабдан буён уйга қамалиб ўтирган укамларни ушлаб бўладими, онамнинг “Тинчликмикин? ” дея, хавотирли дераза мўралаши панд бериб, пайт пойлаб турган укам Музаффар ўзини ташқарига урди. Табиийки мен ҳам, унинг кетидан чиқдим.
Жанжал катта йўлга уланган боғимиз томондан келарди. Соқоли оппоқ бир турк мўйсафид дуварак анжиримиздан узиб этак тўлдирган саккиз – тўққиз ёшлардаги икки боланинг қулоғидан чўзиб, аямай ураётган экан. Биз боққа яқинлашганимизда қўшниларимиз ҳам томошага йиғилган, автобусдагилар ҳам тушган, ким кўзида ёш ким серрайиб аммо индамай жазо саҳнасини кузатиб турарди. Этакдан тўкилган анжирлар эса тупроққа қоришиб, эзилиб, гўёки одамларга илтижо ила “бу томошани тўхтатинг!” дея ялинаётганга ўхшарди.
Шу вақт қаердандир пайдо бўлиб қолган дадам оқсоқолнинг қўлларига ёпишди. Икки болани унинг чангалидан аранг ажратиб олгач, эгниларини қоқиб атрофдагиларга юзланди:
— Нега болаларни уришига қараб турибсиз! Уялмайсизми? Тўрт дона анжирга шунчами? Сизчи оқсоқол?!
Халитдан буён жазавага тушиб, “ўғриларни” дуч келган жойига солаётган барваста қария ерга ўтириб йиғлаб юборди. Сўнг, тупроқдаги анжирларни бир- бир териб ҳалиги болаларнинг қўлларига тута бошлади. Болалар эса азбаройи қўрққанидан, халигина дараҳт шоҳида иштаҳаларини қитиқлаб қўйиб, калтакка сабаб бўлган меваларни олишни ҳам олмасликни ҳам билмай дадамга қараб мўлтираб туришарди.
Дадам кўзларига қуйилаётган ёшни аранг тийиб ҳар икки халққа юзланди.
— Шунча йиллар давомида ризқимизни тенг бўлишиб едик. Бир- биримизнинг боғимиздаги мевадан тотинсак ўғри бўлмаган эдик. Тўйи- тўйчиқ, аъзамизда елкадош бўлдик. Энди қанақадир ғаламислар бошлаган ғурбатнинг орқасидан душманга айланамизми?! ..
Шу вақт турклар орасидаги ўзига таниш чеҳраларга кўзи тушди шекилли аста бориб бир кампирнинг қўлларидан тутди.
— Урбия хола, сиз неча йиллар бизнинг далада меҳнат қилдингиз. Шу қўлларингиз ўзбекларнинг пиёзини ўтаб қабармадими? Нега жим қараб турибсизлар?! Қани, қани ҳамма болаларни чақиринг! Шу анжирларни илдизи билан қўпориб олиб кетишмайдими! Меваку бу! Егилари келган..
Дадам кўз ёшлари сел бўлаёзган аммо нимадир дейишга чоғланиб, чўккалаган жойидан турмоққа чоғланган оқсоқолни ўрнидан туришига ёрдам бериб, унга елка тутди.
— Ҳаммамиз ҳам мусулмонмиз! Қани болаларга руҳсат беринг, бемалол кириб анжир ейишсин!
Қария боя қилган ишидан уялиб, жавдираб турган болаларга кечирим ўрнида ишора бергач, бир тўп болалар боғимизга ёпирилишди…Анжир, сарғая бошлаган ўриклар шоҳи ерга егилиб, болаларни кузатиб турган икки халққа таъзим қила бошлади.
Автобусдан туширилган катта бидонлар ховлимиздан чиқадиган муздек булоқ сувларига тўлдирилди. Оқсоқол бечораларни сувга тушишига ҳам руҳсат бермаган эканда. Чашма лабига югурганларни кузатиб, ховучларида жимирлаётган оби ҳаётни йиғлаб- йиғлаб сипқоришаётганининг гувоҳи бўлганман. Уловлар жойидан жилгунига қадар, бу зилол сувлар қанча аччиқ ёшларга қоришди экан.
Аммо ўша июнь куни айрим қўшниларимизнинг юрагини ҳам ёз қуёшидай чарақлатиб юборди. Ойимга эргашиб патнисларда чойнак- пиёла, дастурхонда нон, қанд- қурс кўтариб чиққан қўшни холалар турк оилаларини тамаддига чорлаб, харбийлардан ҳам қўрқиб ўтиришмади. Хуллас, анжир сабаб икки миллат бир- бирини қайта топди десам ёлғон булмайди. Юракларга қадалган низо бир пиёла иссиқ чой тафтига дош бера олмай эриб кетди…

*   *  *

Орадан йиллар ўтди. Боғимиз яна ўшандай июнь дуваракларига тўлган оқшомларнинг бирида интернет орқали Шўҳратни қидириб топдим. Қайта топишганимиздан унинг хурсандчилигини тасвирлашга тилим ожиз. Турмушга чиқибди, иккки фарзанди ҳам бор экан. Мен қизларнинг саломини етказар эканман, компютер тугмачаларини босаётган бармоқларим ҳаяжондан титрар, гўёки синфдошим дунёнинг бошқа бурчагида эмас, қаршимда тургандай. Ёзмоқчи бўлаётган гапларим бўғзимдан отилиб чиқарди. Мен унга йиллар ўтсада Шўҳратни энг мард қиз сифатида эслаб юришимизни айтиб, болалик хатолари учун ундан кечирим ҳам сўрадим. Гоҳ кулиб, гоҳ йиғлаб, хотиралар билан ўртоқлашдик…
Шўҳрат бошларидан кечирган кечинмаларини ёзар , мен бўлса юрагимнинг энг ширин бўлакчасидан чиқиб, киприкларим орасидан мўлтираб турган болалигим билан бирга йиғлардим… Айниқса, «Қани энди болаларим ҳам мен қачонлардир еган седонали нонвой нонлардан бир мартагина тотиб кўришганида!» деган ёзувни ўқиб, мактаб биқинидаги эски нонвойхонадан таралиб, дарсхоналар оралаб димоғимизни қитиқлаган хушбўй исларни соғиниб кетдим. Гўёки масофалар эмас, ҳаётнинг энг мунаввар палласи чизиб берган беғубор йўллар бор эди ўртада…
Оқсосқол, Урбия холалар аллақачон қазо қилишибди (Охиратлари обод бўлсин!) аммо дунёнинг турли давлатларидан паноҳ топган қувасойлик турк оилаларида анжир воқеаси оғиздан- оғизга ўтиб, Ўзбекистон хақидаги энг илиқ хотиралардан бирига айланган экан…
Боғимиз мевасидан тотиб кўрганлар орасида Шўҳрат ҳам бўлганми, йўқми менга қоронғу. Бироқ шуниси аниқки, бир майизни қирққа бўлиб еган инсонлар юртида меҳр топган эллат, терилган анжирларни ҳам тенг тақсимлаб баҳам кўришган.
Гоҳида бир- бирини қашқирлардай ғажиётган муслимлар томонидан дарёдай оқизаётган хун иси, нафси ўпқон айрим хунхўр давлатларнинг иштаҳасини карнай қилиб юбораётганидан куйиб кетаман. Ўш фожеаси, “Араб баҳори” ва бошқа тало- тўпларни кўриб, энди навбат кимга экан деган хавотир билан янгиликларни кузатаман. Етим, майиб мажруҳ гўдаклар, боласини йўқотиб девона бўлаёзган диндошларимга қараб юрагим тупроққа қоришган дувараклардай эзилиб кетади.
Ихтиёр менда бўлганида, қурол тутган қўлларга боғимиздаги қари анжирнинг ниҳолчаларидан бериб, меҳр, муҳаббат, саодат боғларини яратиб барча урушларга чек қўярдим!

(Tashriflar: umumiy 119, bugungi 1)

2 izoh

  1. Juda yaxshi yozilgan. Baraka toping.
    1989 yoillar pionerlar lagerida dam olayotgan paytlarim va o’sha daxshatli mish-mishlar tarqagan paytlar edi.

    Qissa so’ngidagi ikkita so’z ortiqchalik qiladi menimcha. Bu qissaga «Arab bahori»ning hech qanday aloqasi yo’q. O’sha fojeasi o’rinli, lekin «Arab bahori» emas.

    Nima bo’lganda ham ijodingizga omadlar!

  2. Keltirilgan voqealar mullif tomonidan tassirchan va hayotiy tasvirlangan.

Izoh qoldiring