Nodir Jonuzoq. Mitti giyoh mo’jizasi.

02
Хуршид Даврон дейилганда кўз ўнгимизда кўпроқ ижтимоий руҳда шеър битувчи шоир, тарихий мавзуларнинг билимдони бўлган адиб қиёфаси гавдаланади. Вақтли матбуотда эълон қилинган шеърлари ва энг асосийси, мунаққид-адабиётшуносларнинг шоир ижоди ҳақидаги мақолалари мухлисларда шундай тасаввурни шакллантирган. Мазкур мақолаларда мутахассислар шоирнинг ижтимоий “мен”и, шеърларида илгари сурилган жамиятга дахлдор ғоялар ҳақида хўб ва кўп ёзишган-у, аммо энг асосий жиҳат, шоирнинг асл шоир эканини белгиловчи хусусият – унинг поэтик дунёси, нозик ва нафис идроки, ҳаётбахш туйғулари акс этган образлари ҳақида кам тўхталишган.

01

Нодир Жонузоқ
МИТТИ ГИЁҲ МЎЪЖИЗАСИ

Сўнгги пайтларда ўз-ўзидан ғалати овозни эшитадиган бўлдим. У ҳеч кутилмаган дамда жаранглайди. Атрофимга аланглаб, диққат билан қулоқ соламан: овоз бор-у, аммо ҳеч кимни кўрмайман. Ўзимга танишдай туюлади бу сас, бироқ эслолмайман. Бу садо кимдан, қаёқдан келяпти, дея ҳайрон бўламан. Ҳа, ҳадиксирамайман, ҳайратланаман, холос. Негаки, бу овоз шунчалик тоза, шу қадар тиниқ ва мусаффоки, бутун борлиғимни қамраб, сеҳрлаб олади. Худди алла эшитаётган гўдакдай вужудимга бемисл ором инади. Энг қизиғи, мен борган сари бу овозга, оҳангга ўрганиб, боғланиб қола бошладим. У эшитилмай қолса, бетоқат бўладиган, тинчим йўқоладиган бўлди. Баъзан туни бўйи мижжа қоқмасдан, кўзларим қизариб, интиқлик билан уни кутиб чиқаман. Аммо у ҳеч қачон режали тарзда, белгиланган жадвал бўйича келмайди. Кейин эсладим: уни дастлаб тушларимда эшитган эканман. Фақат, бу туш-да, унга нималар кирмайди, деб ҳеч эътибор бермаганман. Қолаверса, бу овоз ўнгимда тушимдагидан кўра ўн ҳисса жозибалироқ эди.
Кунларнинг бирида илғаб қолдим, бу овоз бошқа ёқдан эмас, ўзимдан, аниқроғи, кўксимнинг ичидан – юрагимдан келаётган экан. Бехосдан англадим: бу таниш ва бегона садо Болаликнинг Овози эди! Ҳа-ҳа, айнан ўзи – Болаликнинг Овози! Шунда мен унинг мақсадини тушундим: у мени – турмушнинг ўнқир-чўнқир кўчаларида улоқиб кетган одамни яна сўзлар оппоқ саманларга айланиб, ўтлаб юрган ям-яшил водийга қайтармоқчи эди! Мен бир босиб ўтган масофамга, бир куюк юрагимга, бир қўлимдаги турмуш тўрвахалтасига қарадим-у, ўзимча мушоҳада қилдим: “Энди у мусаффо водийга қайтишга кучим етармикан?!” Мен иккиланганим сари Болаликнинг Овози кучая бошлади. Ниҳоят, унга тан беришдан, таслим бўлишдан бошқа иложим йўқлигини, бу мен учун ҳаёт-мамот масаласи эканига иқрор бўлдим. Ва секингина бурилиб, унинг измига тушдим…

***

Хуршид Даврон дейилганда кўз ўнгимизда кўпроқ ижтимоий руҳда шеър битувчи шоир, тарихий мавзуларнинг билимдони бўлган адиб қиёфаси гавдаланади. Вақтли матбуотда эълон қилинган шеърлари ва энг асосийси, мунаққид-адабиётшуносларнинг шоир ижоди ҳақидаги мақолалари мухлисларда шундай тасаввурни шакллантирган. Мазкур мақолаларда мутахассислар шоирнинг ижтимоий “мен”и, шеърларида илгари сурилган жамиятга дахлдор ғоялар ҳақида хўб ва кўп ёзишган-у, аммо энг асосий жиҳат, шоирнинг асл шоир эканини белгиловчи хусусият – унинг поэтик дунёси, нозик ва нафис идроки, ҳаётбахш туйғулари акс этган образлари ҳақида кам тўхталишган. Эҳтимол, бу мавзу улкан ижтимоий масалалар олдида кўримсиз, майда туюлган бўлиши мумкин. Аммо вақт ўтган сари аён бўляптики, бир пайтлар ўта долзарб бўлган, катта-катта ғояларни ўзида акс эттирган публицистик, жанговар шеърлар ва улар ҳақидаги мақолалар ўз аҳамиятини, мавқеини аста-секинлик билан йўқотиб бораётир. Негаки, ижтимоий-публицистик шеърларда кўтарилган муаммолар, масалалар ҳаётда ўз ечимини топиши биланоқ бундай асарларнинг хизмати ҳам, умри ҳам якун топади.
Хуршид Давроннинг бундан чорак аср олдин – шеъриятда ижтимоий-публицистик руҳ роса гуркираб турган паллада чоп этилган “Болаликнинг овози” китобини қайта варақларканман, шоирнинг ҳақиқий бойлиги давр руҳи акс этган шеърларида эмас, балки шабнамдай тиниқ, ёқутдай бебаҳо туйғулари ярқираб турган тизмаларида экан, деган хулосага келдим. Энг қизиғи, шоир ижодининг асосий қисмини худди шундай тоза шеърлар ташкил қилишини англаб, янглиш тасаввуримдан хижолат чекдим, ўзининг алданганини сезган боладай жичча алам туйдим. Ва дафъатан Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон кўз олдимда бор бўй-басти билан намоён бўлди. Унинг ўта нафис ва сержило образлари мени ҳайратга кўмди, лол қолдирди. Чинакам шеъриятнинг қудратини, сеҳрини ҳис қилдим: унинг таъсирида замон ва макон қаршилигини енгиб, ўзлигимга – Болалигимга қайтдим…

***

Болалик Овози қўлимдан етаклаб, мени зангори осмон остидаги ям-яшил сайҳонликка олиб чиқди. Бундаги гўзал, мафтункор манзарани кўриб, қай даражада ўзимдан узоқлашганимни, аслида мен ҳам шу табиий уйғунликнинг ажралмас бир бўлаги эканимни ич-ичимдан ҳис қилдим. Ва иқрор бўлдим:

Табиатдир менинг давомим,
Туташ эрур бағрим бағрига.
Умрим боғлиқ ою офтоби,
Дарёлару дарахтларига…

Шунда яна аввалги сезимларим уйғонгандай бўлди. Аввал эшитмаганим минглаб овозларни илғай бошладим. Улар орасида капалакнинг қўшиғини, гиёҳларнинг шивирини, юлдузларнинг жарангини, ойнинг кишнашини фарқлаш қийин эмас эди. Гўё томиримда оқаётган қон қизил эмас – яшилдай, кўзларимда ёш эмас – шабнам айланаётгандай, икки ёнимда қўл эмас – қанот бордай туюлаверди. Ногоҳ “ялпизларни қучоқлаб сархуш, муҳаббатга чулғанар қалбим” дея, ишқ асирига айландим. Энди бошим узра учиб ўтган қуш ҳам хаёлимнинг давомидай туюлар, тунлари энтикканимдан нафас олмай ётар, дарахтларнинг кулгисини тинглаб, кўзёшларини лабим билан ялар эдим. Ҳа, оппоқ эди бошда бу дунё: кўча оппоқ, кечалар оппоқ, қандай яхши экан болалик, оппоқ ранглар билан яшамоқ…
Бу беғубор оламдан сира кетгим келмай қолди. Энди аввалгидай чала тушгача мудраб ётмасдим: тонг-саҳардан турволиб, оппоқ кўйлагимни киярдим-да, далаларни кезишга тушардим. Яшил майсаларнинг баргларига лаб босиб, энг инжа сирларимни қулоқларига шивирлардим, уларни қизалоқдай эркалагим келар, ҳаяжонимни босолмасдан тойчоқдай тўрт томонга ирғишлар, хуллас, ён-атрофимдаги ҳамма нарса – шитирлаган кечки ёмғир ҳам, туманларни қучоқлаган тонг, қоп-қорайган далаю қир ҳам, бари менга таниш, қадрдон эканини англаб, бахтдан масрур эдим. Ҳар куним шу тахлит кечар, кейин тун асираси – ойнинг елкасига қўлимни қўйиб, Юрагимни очардим. Ва шунда бирдан мўъжиза содир бўларди: хира тун ёришиб, олам оппоқ ойдинликка чулғанар эди…

***

Хуршид Даврон шеъриятида бир-биридан гўзал, бетакрор образлар кўп учрайди. Уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида-алоҳида ёзиш мумкин. Мен улар орасидаги энг митти ва нозик тимсоллар – майса, гиёҳ ва ялпиз ҳақида қисқача тўхталмоқчиман. Моҳиятан олиб қарайдиган бўлсак, улар бир мақсад йўлида тизилиб турган опа-сингилларга ўхшайди.
“Ялпиз” деганимизда, шаксиз, димоғимиз ҳаётбахш ифорга, кўзларимиз яшил ёғдуга тўлади. Гўё ўз меҳри билан дардимизни аритувчи мунис ҳамширани кўргандай майин тортамиз. Шоир шеърларини ўқирканмиз, у бизга умид чироғидай туюлади.

Токчада даста ялпиз,
Ҳузур берар беморга.
Доридан дим хонамиз
Гўё тўлди баҳорга.

Бир даста ялпиз турли-туман дори-дармонларнинг ҳидидан димиққан хонага Баҳорни ¬– Ҳаётни бошлаб келади. Кунлар, ойлар давомида бир жойда ётавериб, дунёдан умидини узиб қўйган бемор ниманидир эслайди, уринади кулишга, ва лекин ялпиз ҳиди тўкилади болишга. У энди бошидаги жонсиз ёстиқдан тер ва бадбўй дори ҳидларини эмас, сеҳрли, мўъжизакор ифорни туя бошлайди. Хира тортган тасаввури бирдан “ярқ” этиб ёришиб кетади. Энди: дунё ҳам кўзларида — гўё ялпиз кўкати, кечалари уйғониб, у ялпизни ўпади! Ўзингизни, бир зумга, майли, бемор эмас, ўша касалга қараётган, ёнида кўз-қулоқ бўлиб турган одамдай тасаввур қилинг-чи. Хўш, аллақачон тақдири ҳал бўлди деб ўйлаганингиз бемор ярим кечаси, ҳамма ухлаган бир пайтда (!) уйғониб, ялпизни кўзларига суриб, ўпаётганини кўриб қолсангиз, қандай аҳволга тушасиз?! Кўксингизда кўнгил деган нарса бўлса, албатта, кўзингизга ёш тўлади ва айни пайтда қадрдон одамингиз билан эрта видолашиб қўйганингизни, унга қўшилиб ҳали курашишингиз лозимлигини, бемор сизда кўрмаётган умиду илинжни бир даста ялпиздан топганини, ташрифи сизга сезилмаётган баҳорнинг ҳар лаҳзасини у йилларга чўзиб яшагиси келаётганини англаб етасиз. Бор-йўғи 33 та сўз иштирок этган шеърда шоир бу ҳақда ҳеч нарса демайди, сизга насиҳату тавсиялар бермайди, ялпиз ва ҳаётга муҳаббатнинг мўъжизакор сеҳри ҳақида лоф урмайди – шоирнинг маҳорати ҳам шунда ¬– буни ўзингиз ҳис қиласиз. Қақшаб ётган юрагингизда нимадир ғимирлагандай, эҳтимолки, ғафлатнинг тош қатламларини ёриб, бир туп ялпиз илдиз отаётгандай бўлаверади.
Навбатдаги шеърга ўтаркансиз, беихтиёр ўзингиз ҳам ялпизга айлангингиз, майса-гиёҳлар қаторида хуш бўй таратиб, шамол бағрида ўйнагингиз келади: о, ўша он истайман жуда, майсаларга қўйиб бошимни, мангу яшай ўтлар ичида, ялпизлар ҳидига кўмилиб… Лирик қаҳрамон мангу яшай деяпти, ҳолбуки майса, ялпиз деганлари бизнинг наздимизда тезда заволга юз тутувчи, заиф ўсимликлардир. Аммо шоир уларнинг илдизидаги мангуликни, куч-қудрат манбаини кўра билади. Йўқса, у “Қор кетди ва заминда бўртди илк гиёҳ – қоронғи, сиёҳ тунда шам ёнди гўё; баргин ёзиб талпинди у қуёш сари, осилди илдизига улкан ер шари”, деб ёзмасди. Ҳа, шоир ўз шеърларида қайта-қайта майса, гиёҳ, ялпиз тимсолига мурожаат қилади. Гоҳ уларни эркалаб бағрига босса, гоҳ улардан нажот тилайди. Энг қийин паллада ҳам, хира туманлар эриб кетгач, албатта ялпиз капалакдай уйғонишига ишонади. Ва у ўзи туғилиб ўсган жонажон қишлоғини соғинар экан, энг аввало, тушига ялпиз киради. Нега?! Негаки, йиллар мобайнида унинг ўзи ҳам, яқинлари ҳам, бошқа нарсалар ҳам бир қадар ўзгарди. Ўзгармаган, аслига содиқ қолган эса у – Ялпиз! У ҳамон кўнгилларга илиқлик, ёруғлик бахш этмоқда, ҳануз оламга хушбўй, мусаффо нафасларини улашмоқда.
Шоирнинг кўзёшдай шаффоф ва тиниқ шеърларини ўқирканмиз, ич-ичимиздан покланаётганимизни сеза бошлаймиз. Майсаларнинг нигоҳи юрагимизга қадалиб, ундаги қора доғларни ўчираётгандай туюлади. Энг қизиғи, шоир бирор жойда бизни ошкора тарзда покланишга чақирмайди, баландпарвоз ифодаларни ишлатмайди, насиҳатбозликдан ўзини тияди, аммо барибир ботинимизда тозариш жараёни рўй бераверади. Шеърнинг руҳи яшил тимсол шаклида ичимизга кирволади-ю, бизга ҳеч нима демасдан ўз ишини қилаверади. Аста-секин қалбимиздаги тиканаклар ўрнини ранго-ранг чечаклар эгаллашга тушади. Асл шеъриятнинг сеҳри шунда. У ҳеч куч ишлатмасдан, босим ўтказмасдан онгу шуурларни забт этади. Юраклардаги яраларни даволайди. Унинг қуроли ҳам, малҳами ҳам битта – меҳр-муҳаббат! Ялпиз, Бойчечак ва бошқа маъсум гиёҳлар ана шу меҳр-муҳаббатнинг, Эзгулик ва Абадиятнинг мунису муштипар, шу билан биргаликда, енгилмас қўшинидир.
Бу нафис тимсоллар қатидан яна кўп маъни излаб топишимиз мумкин. Бироқ уларнинг бутун сирини очишга ожиз эканимизни тан олмоғимиз керак. Чунки биздан-да дақиқ олимлар бу ҳақда олдин ҳам кўп бош қотиришган:

Англаш учун митти гиёҳни,
Очилсин деб унинг сирлари –
Ўйга ботиб турар дунёнинг
Энг донишманд мутафаккири…

***

Болалик Овози мени ранг-баранг гуллар, чечаклар билан қайта таништирди. Уларнинг йиллар давомида эсимдан чиқиб кетган, бир пайтлар мени масту мустағриқ этган ифорларини тўйиб-тўйиб ҳидладим. Аммо кутилмаганда ўз эътиборсизлигимдан уялиб қолдим. Мен писанд қилмайдиган, қўлу кўйлаги дағал, ҳар куни эридан калтак еб, юзи кўкариб юрадиган Аёл менга нафосатдан дарс бериб қўйди. Кеча ногоҳ йўлнинг четида кўриб қолдим ўша аёлни: у ҳидларди мен сезмай ўтган миттигина марваридгулни… Шунда унинг кўриниши қанчалар дағал бўлса, қалби шу қадар нозик, гўзаллик, нафосатга ошуфта эканини тушуниб етдим. Гўё унга муҳим гапим бордай, ниманидир сўрамоқчидай, изидан эргашдим. Аммо у мени пайқаб қолгач, қадамини тезлатди, бадқовоқ эридан қўрқдими, ё мен билан гаплашишни истамадими, ишқилиб, шошилганча уйига кириб кетди. Мен шом пардасига ўралган кўйи кўчада қаққайиб туриб қолдим. Шу пайт эътиборимни рўпарадаги очиқ даровоза тортди. “Бу ерда бева аёл яшайди, — деди Болаликнинг Овози маҳзун тортиб, — эри урушда ҳалок бўлган…” Сездим: бева ҳовлисига тун олдин кирар, қуюқлашиб борар дилда хотира; деворда, суратда – бир йигит кулар, ёнида жилмаяр бир қиз бокира. Мен энг чиройли кўйлагини кийиб, очиқ деразадан ташқарига термулиб турган ¬ғамгин аёлни кузатарканман, юрагимни болаликка хос ғусса булути қоплади. Аммо шу лаҳза бехосдан боя мени эргаштириб келган аёл кириб кетган ҳовли деразасига нигоҳим тушди-ю, ҳайратдан лол қотдим. Жанжалдан безор бўлган, ҳақорату йиғидан зада хонадонда бу тун бутунлай ўзгача, фавқулодда ҳолат ҳукм сурарди: қаршида дераза сўйлайди эртак, унда икки соя бахтиёр, малул – оҳ, нақадар улкан у сирли эркак, қўлларида аёл севган қизил гул. Ва ниҳоят Аёл қалбини мушт билан эмас, Гул билан забт этиш мумкинлигини англаб етган Эркакни хаёлан олқишладим. Бироқ, бу манзара мени қанчалар хурсанд қилган бўлса, рўпарадаги бева аёл бағрини шу қадар тилкалаганини сезиш қийин эмасди – сўлғин ёноғига томган кўзёш томчисида унинг бутун изтироби, армони мужассам эди. Шунда илк бор англаб қолдим: бахтли одамлар агар эҳтиёт бўлмасалар, ўз бахтлари билан бахтсиз кимсаларни баттар бахтсиз қилишлари мумкин экан! Икки қарама-қарши дераза оралиғида турарканман, ёрига ичиккан аёлни қандай қилиб юпатишни, тасалли беришни билмасдим. Худди шу сония соғинчли ҳайқириқдан жимлик пиёласи чил-чил синди. Гарчи аёлнинг лаблари жипс, очилмай турган бўлса-да, бу овоз уники эканига шубҳам йўқ эди. Кимнидир чақирар. Аёл овози – ҳавода қалқиниб-қалқиниб учар; деворда уйғонар қўлларнинг изи – Эркакнинг қўллари… ва уни қучар. Қалбимга таскин ингандай бўлди. Ортиқ бу ерда туриш одобдан эмаслигини англаб, изимга бурилдим. Ортимдан Болаликнинг Овози эргашди:

Бизнинг дераза ҳам сўйласин эртак,
Оқшом рангларига сингсин ҳикоя.
Дунёдаги барча деразаларда
Бахтиёр яшасин иккита соя…

***

Ялпиз, Аёл ва Муҳаббат…
Хуршид Давроннинг лирик шеърларини ўқирканмиз, моҳир рассомнинг ўта нафис натюрморт ва пейзажларини, романтик чизгиларини кўргандай бўламиз. Бу манзаралар бир қарашда шоирнинг ўзи севиб таржима қилган япон хокку ва танкаларидаги ҳолатларни ҳам эсга солади. Аммо шакл ва руҳ ўзига хос: шоир шабнамдай силқиб турган туйғуни мисраларга шодадай тизаркан, лирик қаҳрамон ботинидаги нозик драматизмни сезиб турасиз.

Чақмоқ чақнар ногоҳ далада…
Чиқиб кетгинг келар боғларга
Узоқ бемор ётган боладай.

Тиниқлашар ҳаво ва олам,
Мен дунёда яшаяпман, деб
Қувонасан мана шундай дам.

Шундай дамда қудратга тўлиб
Митти майса қаддини тиклар
Осмон билан сўзлашмоқ бўлиб.

Яна ўша таниш тимсол  – митти майса... У маҳдуд дунё ичида бўғилган одамдай ёлғиз. Ногоҳ чақнаган чақмоқ майсанинг ҳам, одамнинг ҳам эътиборини юксак само сари тортади. Оёқости бўлиб боши эгилган майса туйқус танасида бемисл куч-қудрат сезади – у энди нақ Осмон билан сўзлашмоқчи. Тор муҳитда нафаси қисилган одам ҳам энди Абадиятга сўз отади. Чақмоқ – Майса – Одам – Осмон – Абадият… Шоир шеърларини ўқир эканмиз, ҳар бир зарра, ҳар бир унсур ўзаро боғлиқ эканини, нозик гиёҳ ёки узилган киприк ҳам Бутун Олам Мувозанатига таъсир кўрсатиши мумкинлигини англаймиз.
Шоир сўзни қушга ўхшатади. Агар шоир бўлсанг, кўксингда ин қуриб, унга юрак қонингдан ичир, дейди. Шеър – учаётган қушга ўхшайди, қуёшни ичади у учиб-учиб, шеърнинг тўрт сатри – қафас бўлмоғи, осмон бўлмоғи мумкин сўз учун. Мана, ҳақиқий шоир билан қофиябознинг фарқи нимада билинар экан: истеъдодсиз “шоир” шеърни тўтиқушдай қафасга солса, чин шоир сўзларни турналардай сафга тизиб, шеърга мутлақ озодлик бахшида қилади.
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг шеърлари худди шундай: улар чексиз осмон қаърида парвоз қилиб юрган озод қушларга ўхшайди…

***

Болалик Овози мени чинакам Шоир билан таништирди. Елкасига оғир тўрва илиб олганча, сув кечиб, тоғу тош ошиб, Сўз излаб юрган Шоир билан учраштирди. Гарчи менда ундаги сабот бўлмаса-да, ҳавас ила изидан эргашдим. Юртма-юрт, овулма-овул кезиб, Сўз ахтардик. Тўрвасидан тўкилиб қолган сўзларни териб, унга кўмаклашдим. У дуч келган одамдан Сўз сўрарди. Баъзан дунё шовқинидан безор бўлиб, сукунатга юз тутган донишмандлардан кўҳна ва нодир сўзларни оларкан, шоирнинг оғир ўйга ботганини кўрдим. Гоҳо эндигина туғилган чақалоқнинг ҳали гард тегмаган сўзини олиб, ҳайратга кўмилганига, ўзига сиғмасдан хурсанд бўлганига гувоҳ бўлдим. Муҳими, йўл-йўлакай мен Шоирдан Сўзни қандай излашни, қандай топишни, қандай асрашни ўргандим. У топган, кафтимга тутқазган тансиқ сўзларни райҳондай ҳидлар эканман, юрагим бепоёнлашаётганини, тиниқлашаётганини сездим.
Энди Болалик Овози мени тарк этмайди. Сўзлар ҳам…

Баъзан йўқотиб қўйган сўзни излаб,
Тошларни кўчириб, кўриб қоламан
Бойчечакни қучоқлаб ётган бўлар Сўз.
Сўзларни бағримга босаман,
Гул ҳиди қолади димоғларимда…

Муаллиф ҳақида

nodir

    Нодир Жонузоқ — 1976 йилда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган. 1998 йилда Самарқанд Давлат   университетининг филология факултетини тамомлаган.  «Томчилар», «Сизни севар эдим…», «Меҳрибоним» ва бошқа шеърий тўпламлари чоп этилган. Ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари ғолиби (1997). Ҳозирда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Маданият ва маърифат» телеканалида муҳарририят бош муҳаррири бўлиб хизмат қилади.

(Tashriflar: umumiy 41, bugungi 1)

Izoh qoldiring