She’riyatda tarixning badiiy talqini. (Shoir Xurshid Davron ijodi misolida)

ajdodlar

Буюк аждодларимизнинг тарихи бугунги ҳаётимиз ва маданиятимизнинг туб илдизидир. Ёш авлодга тарихимизни ўргатишда 80-йиллар шеърияти, хусусан, Хуршид Даврон ижоди муҳим аҳамиятга эга.
Хуршид Даврон ўзининг илғор сафдошлари билан биргаликда, шеъриятга янги руҳ олиб кира олди. Шоирнинг ижоди 70-80 йиллардаги кўпдан-кўп қарама-қаршиликларни ва мураккабликларни ўзида ёрқин акс эттирди. Хуршид Даврон ўша йиллардаги мураккабликларни «Жангчи ҳақида ривоят» шеърида ишоралар тарзида кўрсатган.

Ёв лашкари қадим тепадан
Ўққа тутар экан шаҳарни,
Жангчи қулаб тушди жанггоҳда
Қонга бўяб яшил ўтларни.

Шоир бу ерда жангчи мисолида ўзига ишора қиляпти. У мавжуд тузумга қарши курашда енгилмокда. Чунки, у оғир ярадор. Шунда унинг олдига аввал онаси, опаси, ёри, кейин отаси келиб уни ҳаётга қайтариш учун уринадилар. Лекин, ўғлидан бошқанинг сўзлари унга ҳаёт бағишлай олмайди. Ўғлининг сўзлари жангчини ҳаётга қайтаради ва у қайта жангга киришга аҳд қилади.

Жангчи ота кўзини очди,
Юрак тўлди яна нидога.
У ўғлини бошлаб, қиличин
Баланд тутиб кирди жанггоҳга.

Ушбу шеърда шоирнинг келажак авлод ҳақида қайғураётганлигини сезиб олиш қийин эмас. Фақатгина бу шеърида эмас, шоирнинг бошқа шеърларида ҳам виждон ҳаракатга айланган. Шунинг учун унда ҳаётга инқилобий муносабат туғилган. Хуршид Даврон шонли тарихимизнинг қаҳрамонлик саҳифаларига мурожаат этганда, ўзида ҳаёт ва дунё ишларига шундай инқилобий муносабатни шакллантириш ҳамда устувор қилишни назарда тутади, шу билан бирга, Ватанни англаш ва севиш туйғусини кучайтиради. Ватан фидоийлари бўлган эл қаҳрамонларини улуғлайди.

Мен кўксингга бошимни қўйдим,
Сен чеккан ғам, ҳасратда куйдим.
Суйдим сенинг Окдарёнгни мен,
Ҳамда Қорадарёнгни суйдим.
Эй қалбимнинг онаси, Ватан!

Хуршид Даврон шеърларида ўзига хос сокинлик, юракни титратадиган дард яширинган. Бироқ, бу сокинлик жунбушга келиб, ниҳоят, ҳақиқат ойнасида ўзини кўрсатади. Китобхонни дунёга, ижтимоий воқеа-ҳодисаларга ҳушёрроқ қарашга, мушоҳада қилишга ундайди.

Озодлик!
Тилингда ҳайқириқ бўлган
Сўзларни ким шчирар қабртошлардан?!
Уйқусиз кўзингга тўлган
Тердай аччиқ ва шўр ёшлардан
Ким юзин ўгирар,
Ким кечади воз,
Ким уларсиз битар тарих варағин?!

Боболар қошингда тиз чўкиб ўлган,
Фақат сенга улар тиз буккан,холос!

Эътиқод инсон фарзандини азал-азалдан курашга чорлаб келган. Спитамен, Широқ, Муқаннанинг қалбларида эрк ва жасоратнинг ўчмас алангасини ёққан ана шу эътиқоддир. Хуршид Даврон аксарият шеърларида халққа, Ватанга эътиқод қўйган қаҳрамонлар тимсолини яратишга ҳаракат қилган. Бу жиҳатдан унинг «Спитамен қўшиғи» шеъри диққатга сазовордир.
Александр Македонский истилосига қарши Сўғдиёнада кўтарилган халқ қўзғолони (милоддан аввалги 329-327) раҳбари Спитаменнинг номини ким билмайди, дейсиз? Спитамен анча вақт гоҳ ўнг, гоҳ чап томондан душманга ҳужум қилиб тинчлик бермаган, жангларда алоҳида жасорат кўрсатган халқ қаҳрамонидир. Истеъдодли йўлбошчи ва оташин ватанпарвар, Спитамен бошлиқ қўзғолончилар гарчанд мағлубиятга учраган бўлсалар-да, улар асл инсон қулликда яшай олмаслигини босқинчиларга намоён этишган.
Хуршид Даврон «Спитамен қўшиғи» шеърида Спитаменнинг тилидан қуйидаги сатрларни айтади:

Қўлимда бир қилич бор эрди,
Ул қилич конимга зор эрди.
Айро бўлдим ул қиличимдан,
На бўлғайдур аҳволим энди?

Спитаменнинг ҳайбатидан душман саросимага тушарди. Боиси, у ана шу қиличи билан душманга қирон соларди.

Қўлимда бир қилич бор эрди,
Тиғида ёв қони хор эрди.
Айро бўлдим ул қиличимдан,
На бўлғайдур аҳволим энди?

Спитамен қиличидан айрилганига чидай олмайди. Бундан кўра ўлимни афзал деб билади.

Ёт қилич конимга зор энди,
Ёт қиличда қоним хор энди,
Ул дилдор ўзгага ёр энди,
Қўлимда бир қилич бор эрди.

Хуршид Даврон шеърларида Тўмарис, Широқ, Спитамен, Қурбонжон она, Намоз ботир каби халқ қаҳрамонлари, Маҳмуд Кошғарий, Навоий, Бобур каби алломаю шоирлар, Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир каби миллатимиз, истиклолимиз истиқболи учун курашган фидойи инсонлар тимсоли ёрқин ифодаланган.
Хуршид Даврон тарихнафас шоирлар сирасига мансуб ижодкор. Унинг шеърларида тарихий ҳақиқат ўзининг бетакрор бадиий ифодасини топа олган. Бу шоирнинг тарихимизни яхши билишининг, тарихий воқеаларни одилона таҳлил этиб, адолатли ҳукм чиқара олиш иқтидорига эга эканлигининг далилидир.
Бетакрор ифодалар, зиддиятли кечинмаларнинг турли хил кўринишлари тарихийлик мезонида маҳорат билан қаламга олинган. Бетакрор ифодалар, зиддиятли кечинмаларнинг турли хил кўринишлари тарихийлик мезонида маҳорат билан қаламга олинган. Хуллас, Хуршид Даврон гоҳ Маҳмуд Қошғарий, гоҳ Чўлпон, Гоҳ Фитрат, гоҳ Усмон Носир бўлиб, ўз тили, она халқи, Ватани ҳақида куюниб-куюниб сўзлайди, уларнинг эртаси учун чин маънода қайғуриб яшайди. Чунончи, унинг «Ватанига қурбонлар қайтса» шеъри бугунги кун кишиларини эрк ва озодликнинг қадрига eтишга чорлайди.

Қодирийнинг терговчиларин,
Айтиб беринг номма-ном халққа,
Йиқинг ёлғон тирговичларин,
Токи халқим етишсин ҳаққа.
Токи силқиб куймасим бағир,
Токи шодмон кутайлик тонгни,
Токи олиб бормайлик, ахир,
Келажакка қонни, ёлғонни.

Умуман олганда Хуршид Давроннинг тарихий мавзудаги барча шеърлари ғоявий-бадиий мукаммаллиги ҳамда кенг қамровлиги билан эътиборга лойиқдир.

Нилуфар Мирзаева,
Филология фанлари номзоди

(Tashriflar: umumiy 49, bugungi 1)

Izoh qoldiring