Xurshid Davron. «Bibixonim qissasi» dan parcha.

777
18 феврал — Буюк ватандошимиз Амир Темур хотираси куни.

Хира сариқ доғ бўзариб турган осмонда оч бургутлар чарх уриб айланарди. Улар гоҳ тўсатдан ўқдай бўлиб пастга шўнғир ва панжаларида типирчилаган товушқон ёки очликдан сулайиб қолган тулкини чангаллаб яна шиддат билан юксакка кўтарилардилар. Худди мана шундай тўсатдан чанг солган хасталик АмирТемурни тўшакка ётқизди.

094

Хуршид Даврон
«БИБИХОНИМ ҚИССАСИ ЁКИ ТУГАМАГАН ДОСТОН»ДАН ПАРЧА

    Ҳижрий саккиз юз еттинчи йили жумадил-аввал ойининг йигирма тўртинчи куни, (мелодий 1404 йилнинг йигирма сакизинчи ноябрида) Амир Темур бир умрлик орзуси – Хитой мулкини забт этиш ниятида Самарқанддан чиқди.
Дастлаб Оқсулотга келиб бир ойча манзил қурди. Жумадил-охирнинг поёнида жаҳонгир қўшини яна йўлга отланди. Уч ҳафта давомида узоқ йўл босиб Ўтрорга етдилар. Амир Темур шаҳар қутволи Бердибек қўрғонига бориб қўнди. Сароймулкхоним ҳар галгидек эри билан бирга эди.
Амир Темур Ўтрорда бир ойдан кўпроқ турди. Соҳибқирон қаерда бўлса, салтанат тахти ўша ерга норасмий кўчарди. Улкан салтанатнинг ҳар бир бурчагида бўлиб турган воқеалару “Ҳеч ким эшитмайди” деб ўйлаб пичирлаб айтилган гапларгача тез орада бир қулоққа – Амир Темур қулоғига келиб етарди. Ҳиротдан – Шоҳруҳ мирзо, Ғазнадан – Пирмуҳаммад Жаҳонгир мирзо, Тошкентдан – Халил Султон мирзо, Озарбайжондан – Мироншоҳ мирзо, Яссидан – Султон Ҳусайн, салтанат маркази – жаннатмонанд Самарқанддан шаҳар қутволи Арғуншоҳ юборган чопарлар ва хуфиялар ҳар куни келиб, давлатнинг яхши-ёмон гапларидан уни огоҳ қилишар, ҳар бир тадбир учун маслаҳатлар сўрардилар.
Бердибек қасрида ҳар оқшом кенгаш бўлар, унда салтанат аҳволи, бўлажак юришга тайёргарлик масалалари қайта-қайта кўриларди. Бироқ, режа амалга ошмади. Ҳижрий саккиз юз еттинчи йил шаъбон ойининг бошида навкарларига яқинроқ бўлиб, тайёргарликни назорат қилиш мақсадида Амир Темур шаҳардан чиқиб қароргоҳда ўтов тикди. Гарчи қиш авжида бўлса ҳам у баҳор келишини интизорлик билан кутаётган навкарларига “Баҳор яқин, тезда қўзғаламиз!” деган туйғуни мустаҳкамламоқчи бўлди. Аммо, у ўтов тикиб чиққан кундан ҳафта ўтмай яна қор ёғди. Бир кун олдин шамол билан учиб келган ачқимтил ислардан кўпни кўрган кекса навкарлар сергак тортдилар: бу қордан дарак эди. Бир кун олдин Соҳибқироннинг бутун вужуди, айниқса, оловли йигитлигида кечган жангларнинг бирида шикастланган оёғи зирқираб оғриқ бошлади: бу ҳам қордан дарак эди.
Бу сафар қор уч кун тинмай ёғди. Олақуроқ бўлиб қолган дашт яна қалин қорга кўмилди. Қор тинган кундан бошлаб эса совуқ кучайди, қарғалар гала-гала бўлиб шаҳар томонга кўчди. Лашкар турган яланглик атрофидаги тепаликлар устида бўрилар галаси изғий бошлади. Уларнинг кўзларига қон тўлган, озғин этларидаги жунлар совуқнинг зўридан тиккайиб турарди. Бўрилар, одамлар, отлар ва туялар атрофида айланиб, ўлжа пойлаб писиб юрардилар. Навкарлар энди ўтинга ҳам, дарёдан сув олиб келиш учун ҳам якка-ёлғиз эмас, кўплашиб борадиган бўлдилар.
Сирдарё юзини муз қоплади, унинг ўркач-ўркач бўлиб югурган тўлқинлари тизгинланди. Аммо диққат қилган кишига муз остидан беором сувнинг осуда шилдир-шилдири эшитиларди. Совуқ кучайгандан кучайиб, тез орада музлаган дарё отлиқни бемалол кўтарадиган бўлди. “Бунақада эрта-индин муз тешиб, сув олишимиз ҳам мушкул бўлиб қолади-ку! – деб минғирлашарди сув ташишга буюрилган навкарлар.
Қор тинди-ю, осмон тиниқ тортди. Қуёш қор босган тепаликлар узра жаҳонгир ихлос қўйиб, Хўжа Аҳмад Яссавий мозори устига тиклатаётган мақбара гумбази монанд нилий фалакда худди сарғимтир доғ каби уфққа қараб силжиб борарди. Бу лимудайин сарғимтир доғ ерга тафт эмас, совуқ пуркарди. Чеки-чегараси кўринмаган Дашти Қипчоқ кенгликларининг ҳар бир қаричи мана шу совуқдан қотиб қолганди.
Хира сариқ доғ бўзариб турган осмонда оч бургутлар чарх уриб айланарди. Улар гоҳ тўсатдан ўқдай бўлиб пастга шўнғир ва панжаларида типирчилаган товушқон ёки очликдан сулайиб қолган тулкини чангаллаб яна шиддат билан юксакка кўтарилардилар. Худди мана шундай тўсатдан чанг солган хасталик АмирТемурни тўшакка ётқизди.
Воқеа бундай бўлди. Қор тинган кундан кўп вақт ўтмай, Амир Темурга қалмоқлар бош кўтардилар, деган хабарни етказдилар. Соҳибқирон бу гапни эшитгач, “Сафарга чиқилсин!” деб фармон берди. Аммо ҳузуридаги жангдан кўра, фароғатини ўйлаган айрим амирлар қалин қор ва қаттиқ совуқда йўл босиш мушкул, сафарни кечиктириш маъқул, деган маслаҳатни ўртага солдилар. Бу гаплар Соҳибқиронга ёқмади.
Шунинг учун ҳам маслаҳатгўй амирларга қасдма-қасд, қолаверса, қор ва совуқни писанд қилмаслигини кўрсатиш ва лашкар руҳини кўтариш мақсадида қароргоҳ ўртасида курси қўйиб, сартарошга сочини олдирди. Мана шу ўйланмай, қасдма-қасд қилинган иш сабаб бўлди-ю, кечга бориб Соҳибқироннинг кўзлари ёшланиб, овози бўғилиб қолди.
Иситмаси кўтарилиб, бир неча кун давомида унинг томоғидан бир тишлам нон, бир ҳўплам сув ҳам ўтмай қолди. Бу дард қаердан илашди, наҳотки Чину-Мочинни ололмай, она юртдан олисда, чўлу-биёбонда йўл йўқотиб, совуқда қотган гадодек ўлиб кетса? Наҳотки? Икки-уч кун ичида жуссаси кичрайиб қолган хаста чол заифлик ва алам оғушида оғир-оғир, қисқа-қисқа нафас оларкан, кўзларини зўрға очиб, кириб келган ҳар одамдан мадад кутгандек боқарди. Дард уни ҳамма билан тенглаштириб қўйганини ўзиям сезарди.
Ҳукмдорнинг қаттиқ бетобланиб қолгани ҳақидаги совуқ хабар ҳаммадан кўра неваралари билан Ўтрорда – Бердибек қасрида қолган Сароймулкхонимни гангитиб қўйган эди. Ахир, унинг бу дунёда суянадиган кишиси бўлса, ёлғиз шу эри эди. На ота-онаси, на оға-иниси, на қавм-қариндоши бор – шу эридан бошқа дардини эшитадиган ҳамдарди йўқ.
У шошилинч шаҳардан чиқиб, жаҳонгир қўналгоҳига отланди. Хаста соҳиби давлат ётган ўтовга отилиб кириб, ҳукмдорнинг бир гуруҳ беклару, бир неча хос табиб қуршовида кўрпа-ёстиқ қилиб чўзилиб ётганини кўрганда юраги қинидан отилиб чиқиб кетаёзди, кўзларидан тирқираб ёш оқди. Ичида худога ёлборди: “Ё Раббим, иноятингни аяма, мени ёлғиз қолдирма, унинг жонини олар бўлсанг, аввал меникини ол!” Ҳукмдор ёнига келиб чўккалади-ю, унинг ранги қочган юзига тикилди. Тикиларкан, эрининг кўзлари шукуҳсиз ва шуурсиз эканини кўриб қайғурди. Қайғураётган малика Соҳибқирон юзида совуқ ажал аломатларини очиқ-ошкор ҳис қилган эди.
“Ичимда олов ёқиб қўйишгандек… – деди бемор Сароймулкхоним билан якка-ёлғиз қолганда. – Аъзойи-баланимни ёндираяпти, бу олов!” Сароймулкхоним унинг пешонасига кафтини босаркан, манглайи муздай эканлигини сезиб, эрининг сўзидан ажабланарди.
Тўрт-беш кун ўтгач, Амир Темур “Хомшўрва қайнатиб беринглар”, — деб буюрди. Соҳибқирон болалигида онаси пишириб берадиган энг севган таомини эслаганди. Қачон шамолласа хомшўрва қайнатарди. Отаси – Амир Тарағай билан тўйиб-тўйиб ичишарди. Отасининг пешонасини тер босар, унинг ялт-юлт товланганини кўриб, бола вужудида меҳр жўшиб кетарди. Бироқ, отасига билинтирмасди – отаси бунақа нарсаларни ёқтирмасди. У отасини жуда қаттиқ яхши кўрарди, беш олти яшарлигида отаси то уйга қайтмагунча кўзини юммасди. Отасининг уйга кирганини кўарди-ю, ўша заҳот ухларди-қоларди. Отаси уни бирор марта чертмаган бўлса-да, қанчалик яхши кўрмасин, бари бир отасидан нима учундир ҳайиқиб турарди. Аммо унинг бу ҳайиқишидаям болалик меҳри жо бўлганини мана энди шу ёшга етиб, буям хасталик сабаб англади.
Хомшўрвани қайноқ ичишни ёқтирган ҳукмдор хўриллатиб хўплар экан, қорнида йиғилаётган иссиқлик аста-секин оёқларига, кифтига, совуққотган оёқ бармоқларига тарқар ва томирларидаги илиган қон ҳам бир оз сокинлашгандек бўларди. Самарқанд нони бурдаланиб солинган шўрвани ҳар хўплаганда, у ботиний роҳат билан “Ўҳ-ўҳ” деб қўярди. У шўрвадан кейин эрта туриб кетсам ажабмас, деган ўйда маҳкам ўраниб ётди. Аммо ярим тунга бориб, яна иситмаси кўтарилиб, аъзойи бадани қизий бошлади. Ўн кунларча вақт ўтиб ҳукмдорни ёқиб-ёндирган, азоб берган дардга яна бир бошқа дард қўшилди. Бироқ, ҳукмдор унинг нима эканлигини аввалига англай олмади. Англагач эса кун давомида ҳеч ким билан гаплашмай ўйга ботди. Бу қўшилган дард: “Мабодо Тангрининг иродаси амалга ошса, мендан кейин салтанат тахтини ким эгаллаши мумкин?” – деган сўроқ оғриғи эди. У бу сўроққа жавобни фақат ҳозир эмас, балки бундан олдин ҳам ўйлаганди. Аммо аввал ўйлагани режа бўлса, бу гал у қарор қабул қилиши шарт эди. У ўзича бир қарорга келиб, кўнглига тугиб қўйди.
Амир Темур қатъий қарорга келган кундан ҳаял ўтмай, бир кеча ғалати воқеа содир бўлди. Соҳибқирон тўшаги ёнида кўрпача ёнбошлаб ётган ва бир неча кунлик уйқусизликдан толиққан Сароймулкхоним кўзи юмилганини сезмай қолди. Алламаҳал бир нимани сезгандек сесканиб уйғониб кетган Малика Соҳибқирон тўшагига кўз ташлади-ю, қўрқиб кетди. Тўшак бўм-бўш эди. У шошилиб ташқарига отилди. Эшик олдида турган посбон малика важоҳатини кўриб, анграйиб қолди.
— Соҳибқирон қани? – деди малика қалт-қалт титраб.
Посбон найзаси учи билан қароргоҳни ўраб турган тепалар томонни кўрсатгач, Сароймулкхоним ҳапқириб ўша ёққа қараб кетди. У қароргоҳ четига етгач, олисда бошқаларига қараганда бир оз юксак тепа устида турган одам шарпасига кўзи тушди. Маликанинг ўрганган кўзи шарпа Соҳибқирон эканини осонгина илғади. Сароймулкхоним тепага ҳарсиллаб ўрлаб бораркан, бу воқеани қандай изоҳлашни билмай гаранг эди.
Амир Темур тепа устида турганча мағриб ёққа тикиларди. Зулмат қучган фалакда юлдузлар чарақлаб турар, ой эса Соҳибқирон тикилган тараф уфқига оғиб қолган эди.
— Ҳазратим, нечун бундоқ қилдингиз? Шундоқ суст аҳволда совуққа чиқишингиз боиси не? – деди Малика ҳаяжонини яширолмай.
— Қўрқиб кетдингизми, Биби? – деб сўроққа сўроқ билан жавоб қайтарди Амир Темур.
— Қўрқмай бўларми, ҳазратим?
— Мани бир лаҳзага йўқотиб қўрқсангиз, бу ёғи не бўлур?
— Бу ёғи деганингиз не, ҳазратим. Мани бунча қўрқитманг…
— Қўрқманг, Биби, қўрқманг… – Турон султони шундай деб жим қолди. Сўнг ғалати овозда шивирлади: — Мен туғилган, сизни топган ерим ўша томонларда… – у мағриб томони кўрсатди.
— Ҳазратим, нечун бундоқ қилдингиз7 Бўлди, бўлди, кетдик… – дели Малика эрига талаб оҳангида гапираётганидан ўзини ғалати сезиб.
Амир Темур индамади. Сўнг “маъқул» дегандек, бош ирғади-да, мадорсиз ҳолда базўр одим ташлаб тепадан туша бошлади.
Улар ўтовга қайтиб кирганларида, ёруғ тушиб, малика эрининг аҳволини кўрди-ю, йиғлаб юборди. Совуқдан қайтиб кирган Соҳибқирон юзида дона-дона тер томчилари ялтираб турарди.
— Нечун… нечун бу аҳволда совуққа чиқдингиз, ҳазратим?
— Туш кўрдим, Биби, ғалати туш.
— Сизни тўшакдан турғизган не туш экан?
— Икки четини қамиш босган бир йўлдан от чоптириб борармишман… – Амир Темур шу сўзни айтди-ю, кўзини юмди. Сўнг шу алфозда, гўё гапириб бераётганларини кўриб тургандек, сўзида давом этди: — Ногоҳ отим йўл четидаги қамишлар шитирилаб кетганидан қўрқиб, орқага тисланиб кетди-да, кишнаб юборди. Шошиб ўша шитирлаган қамиш томонга қарасам, қамишзор ичидан раҳматлик отам отда чиқиб келаётган эмишлар… Англадингизми, Бибим, раҳматлик падари бузрукворим. Ҳайратга тушганимдан отимнинг жиловини ўзимга маҳкам тортдим-да, ирғиб отдан тушдим. Сўнг отам истиқболига қараб югурдим. Энди етай дегандим, отам худди мени кўрмагандек, ёнимдан от суриб ўтдилар-да, эгардан тушмай, отимнинг эгар-жабдуғини бўшатиб, ечиб олдилар. Сўнг… сўнг тағин олдимдан от чоптириб ўтиб, қамишзорга кириб кўздан ғойиб бўлдилар… Мен ортларидан роса чопдим. Югуравериб, аъзои-баданим қизиб кетди, терга ғарқ бўлди, юзу-қўлимни қамиш тилиб, ачиша бошлади… Мундоқ уйғонсам, баданим ўт бўлиб, тердан ҳўл бўлган тўшакда ётибман. Қандоқ ўрнимдан турдим, қандоқ ташқарига чиқдим – билмайман…
— Падари бузрукворингизни туш кўрган бўлсангиз не бўлибди? – деди эрини ҳикоясини эшитиб, кўнгли алағда бўлган Сароймулкхоним гапни чалғитиб.
— Бу бехосият туш, Биби, падари бузрукворим отимнинг эгар-жабдуғини олиб кетдилар. Англадингизми, не ишора бу?
Сароймулкхоним индамади.
— Паймонам тўлганига ишора бу, — деб ўз сўроғига ўзи жавоб берди Амир Темур.
Жаҳоннинг ярмини забт этиб, ярмини қўрқувга солган жаҳонгир қайтиб ўрнидан туролмаслигини пайқагач, тақдирга тан бериб, энг содиқ амирларни ҳузурига чорлади ва гапни чўзиб ўтирмай, ўзидан кейин Пирмуҳаммад Жаҳонгир салтанат эгаси бўлиши ҳақидаги сўнгги амрини эълон қилди. Амирларига қанчалик ишонмасин, бу сўнгги ҳукмини бажаришларини талаб қилиб уларни онт ичирди. Амир Темур Кўрагон саккиз юз еттинчи йил шаъбон ойининг ўн еттинчисида – 1405 йилнинг 18 февралида етмиш ёшида оламдан ўтди. Ўлими олдидан ўзини билмай ётган Соҳибқирон бир дам кўзини очди-ю, ўтов тепасидаги туйнукдан қоп-қорайиб ётган фалакка тикилар экан:
— Бу не синоатдур? – деб пичиларди-да, жони узилди. Жаҳонгирнинг кўзлари очиқ қолганини кўриб, унинг қабоғини оҳиста босган хос табиб мавлоно Фазлуллоҳ Табризий қўрқиб кетди – Соҳибқирон кўзларидан сизиб чиққан ёш бармоқ куйдургудек иссиқ эди. Эрининг совиб бораётган товонини ушлаб олган Сароймулкхоним сиқтаб-сиқтаб бўзлар экан, этагини тутиб, момосини қандай овутишни билмай гангиб қолган суюкли набираси Муҳаммад Тарағайни – Улуғбек мирзони пайқамасди.
Сароймулкхоним ва амирлар фожиани қанчалик яширмасинлар, Амир Темур ўлими ҳақидаги шумхабар тез орада ошкор бўлди. Зеро, ота ва боболари удумини қаттиқ тутган ўғилу-невараларнинг ҳам кўчма саройда ўз хуфиялари бор эди. Қолаверса, айрим амирлар дунёдан кўз юмиши билан қўрқинчли бўлмай қолган Соҳибқироннинг васиятига хилоф равишда салтанат тахтида ўзларига мойил шаҳзодани кўрмоқни истардилар.
Биринчи бўлиб, Ҳиротда Шоҳруҳ мирзо ўз номини ҳутбага қўшдирди ва ўз номидан пул зарб қилдира бошлади. Яссидан Ҳусайн мирзо, Тошкентдан Халил Султон мирзо ўзларига содиқ навкарлар билан дорулсалтанатга қараб от қўйдилар.
Амир Хўжа Юсуф бошчилигида Амир Темур жасадини олиб йўлга чиққан махфий карвон Ўтрорни тарк этиб, минг таҳликаю-ғавғо билан Самарқанд остонасига етди. Етишга етди-ю, пойтахтнинг Чорраҳа дарвозаси олдида туриб қолди. Самарқанд қалъаси қутволи Амир Арғуншоҳ “Шаҳарга фақат Соҳибқирон тобутини киритаман”, — деб қатъий туриб олди. Ташқарида турганлар у аллақачон Мироншоҳ ўғли Халил Султон мирзо билан тил бириктириб, дорулсалтанатни ёлғиз унга топширадиган бўлганидан бехабар эдилар. Охири Амир Хўжа Юсуф қутволнинг талабига кўнди ва Амир Темурнинг жасади шаъбон ойининг йигирма иккисида – 23 февраль куни марҳум шаҳзода Муҳаммад Султон даҳмасига дафн этилди.
Орадан бир неча кун ўтгач, катта кўч – маликалар ва шаҳзодалар карвони ҳам Самарқандга етди. Арғуншоҳ бу гал ҳам қўшинни киритмаслигини ва ёлғиз маликалар ва норасида шаҳзодалар: Муҳаммад Султон мирзо ўғли бўлмиш Саид Ваққосни, Умаршайх инилари – Ижил ва Суюргатмишни шаҳарга киритишга рози эканлигини айтди.
Шоҳруҳ мирзо фарзандлари бўлмиш Иброҳим Султон мирзо билан Улуғбек мирзони киритишга эса кўнмади. Бу икки амирзода суюкли момолари ва мураббийлари Сароймулкхоним билан йиғлаб хайрлашдилар ва Бухоро томонга кетишга мажбур бўлдилар.
Шаҳарга кирган маликалар ва шаҳзодалар тўғри Соҳибқирон жасади қўйилган даҳма устига бориб уввос солдилар. Кекса Сароймулкхоним бошқалар қатори оқариб кетган сочларини ёйиб, юзларини тилиб йиғлар, тупроқ олиб бошидан сочарди. Йиғичилар уввоси оламни тутгандек эди…

054

Xurshid Davron
«BIBIXONIM QISSASI YOKI TUGAMAGAN DOSTON»DAN PARCHA

Hijriy sakkiz yuz yettinchi yili jumadil-avval oyining yigirma to’rtinchi kuni, (melodiy 1404 yilning yigirma sakizinchi noyabrida) Amir Temur bir umrlik orzusi – Xitoy mulkini zabt etish niyatida Samarqanddan chiqdi.
Dastlab Oqsulotga kelib bir oycha manzil qurdi. Jumadil-oxirning poyonida jahongir qo’shini yana yo’lga otlandi. Uch hafta davomida uzoq yo’l bosib O’trorga yetdilar. Amir Temur shahar qutvoli Berdibek qo’rg’oniga borib qo’ndi. Saroymulkxonim har galgidek eri bilan birga edi.
Amir Temur O’trorda bir oydan ko’proq turdi. Sohibqiron qaerda bo’lsa, saltanat taxti o’sha yerga norasmiy ko’chardi. Ulkan saltanatning har bir burchagida bo’lib turgan voqealaru “Hech kim eshitmaydi” deb o’ylab pichirlab aytilgan gaplargacha tez orada bir quloqqa – Amir Temur qulog’iga kelib yetardi. Hirotdan – Shohruh mirzo, G’aznadan – Pirmuhammad Jahongir mirzo, Toshkentdan – Xalil Sulton mirzo, Ozarbayjondan – Mironshoh mirzo, Yassidan – Sulton Husayn, saltanat markazi – jannatmonand Samarqanddan shahar qutvoli Arg’unshoh yuborgan choparlar va xufiyalar har kuni kelib, davlatning yaxshi-yomon gaplaridan uni ogoh qilishar, har bir tadbir uchun maslahatlar so’rardilar.
Berdibek qasrida har oqshom kengash bo’lar, unda saltanat ahvoli, bo’lajak yurishga tayyorgarlik masalalari qayta-qayta ko’rilardi. Biroq, reja amalga oshmadi.
Hijriy sakkiz yuz yettinchi yil sha’bon oyining boshida navkarlariga yaqinroq bo’lib, tayyorgarlikni nazorat qilish maqsadida Amir Temur shahardan chiqib qarorgohda o’tov tikdi. Garchi qish avjida bo’lsa ham u bahor kelishini intizorlik bilan kutayotgan navkarlariga “Bahor yaqin, tezda qo’zg’alamiz!” degan tuyg’uni mustahkamlamoqchi bo’ldi. Ammo, u o’tov tikib chiqqan kundan hafta o’tmay yana qor yog’di. Bir kun oldin shamol bilan uchib kelgan achqimtil islardan ko’pni ko’rgan keksa navkarlar sergak tortdilar: bu qordan darak edi. Bir kun oldin Sohibqironning butun vujudi, ayniqsa, olovli yigitligida kechgan janglarning birida shikastlangan oyog’i zirqirab og’riq boshladi: bu ham qordan darak edi.
Bu safar qor uch kun tinmay yog’di. Olaquroq bo’lib qolgan dasht yana qalin qorga ko’mildi. Qor tingan kundan boshlab esa sovuq kuchaydi, qarg’alar gala-gala bo’lib shahar tomonga ko’chdi. Lashkar turgan yalanglik atrofidagi tepaliklar ustida bo’rilar galasi izg’iy boshladi. Ularning ko’zlariga qon to’lgan, ozg’in etlaridagi  junlar sovuqning zo’ridan tikkayib turardi. Bo’rilar, odamlar, otlar va tuyalar atrofida aylanib, o’lja poylab pisib yurardilar. Navkarlar endi o’tinga ham, daryodan suv olib kelish uchun ham yakka-yolg’iz emas, ko’plashib boradigan bo’ldilar.
Sirdaryo yuzini muz qopladi, uning o’rkach-o’rkach bo’lib yugurgan to’lqinlari tizginlandi. Ammo diqqat qilgan kishiga muz ostidan beorom suvning osuda shildir-shildiri eshitilardi. Sovuq kuchaygandan kuchayib, tez orada muzlagan daryo otliqni bemalol ko’taradigan bo’ldi. “Bunaqada erta-indin muz teshib, suv olishimiz ham mushkul bo’lib qoladi-ku! – deb ming’irlashardi suv tashishga buyurilgan navkarlar.
Qor tindi-yu, osmon tiniq tortdi. Quyosh qor bosgan tepaliklar uzra jahongir ixlos qo’yib, Xo’ja Ahmad Yassaviy mozori ustiga tiklatayotgan maqbara gumbazi monand niliy falakda xuddi sarg’imtir dog’ kabi ufqqa qarab siljib borardi. Bu limudayin sarg’imtir dog’ yerga taft emas, sovuq purkardi. Cheki-chegarasi ko’rinmagan Dashti Qipchoq kengliklarining har bir qarichi mana shu sovuqdan qotib qolgandi.
Xira sariq dog’ bo’zarib turgan osmonda och burgutlar charx urib aylanardi. Ular goh to’satdan o’qday bo’lib pastga sho’ng’ir va panjalarida tipirchilagan tovushqon yoki ochlikdan sulayib qolgan tulkini changallab yana shiddat bilan yuksakka ko’tarilardilar. Xuddi mana shunday to’satdan chang solgan xastalik AmirTemurni to’shakka yotqizdi.
Voqea bunday bo’ldi. Qor tingan kundan ko’p vaqt o’tmay, Amir Temurga qalmoqlar bosh ko’tardilar, degan xabarni yetkazdilar. Sohibqiron bu gapni eshitgach, “Safarga chiqilsin!” deb farmon berdi. Ammo huzuridagi jangdan ko’ra, farog’atini o’ylagan ayrim amirlar qalin qor va qattiq sovuqda yo’l bosish mushkul, safarni kechiktirish ma’qul, degan maslahatni o’rtaga soldilar. Bu gaplar Sohibqironga yoqmadi.
Shuning uchun ham maslahatgo’y amirlarga qasdma-qasd, qolaversa, qor va sovuqni pisand qilmasligini ko’rsatish va lashkar ruhini ko’tarish maqsadida qarorgoh o’rtasida kursi qo’yib, sartaroshga sochini oldirdi. Mana shu o’ylanmay, qasdma-qasd qilingan ish sabab bo’ldi-yu, kechga borib Sohibqironning ko’zlari yoshlanib, ovozi bo’g’ilib qoldi.
Isitmasi ko’tarilib, bir necha kun davomida uning tomog’idan bir tishlam non, bir ho’plam suv ham o’tmay qoldi. Bu dard qaerdan ilashdi, nahotki Chinu-Mochinni ololmay, ona yurtdan olisda, cho’lu-biyobonda yo’l yo’qotib, sovuqda qotgan gadodek o’lib ketsa? Nahotki? Ikki-uch kun ichida jussasi kichrayib qolgan xasta chol zaiflik va alam og’ushida og’ir-og’ir, qisqa-qisqa nafas olarkan, ko’zlarini zo’rg’a ochib, kirib kelgan har odamdan madad kutgandek boqardi. Dard uni hamma bilan tenglashtirib qo’yganini o’ziyam sezardi.
Hukmdorning qattiq betoblanib qolgani haqidagi sovuq xabar hammadan ko’ra nevaralari bilan O’trorda – Berdibek qasrida qolgan Saroymulkxonimni gangitib qo’ygan edi. Axir, uning bu dunyoda suyanadigan kishisi bo’lsa, yolg’iz shu eri edi. Na ota-onasi, na og’a-inisi, na qavm-qarindoshi bor – shu eridan boshqa dardini eshitadigan hamdardi yo’q.
U shoshilinch shahardan chiqib, jahongir qo’nalgohiga otlandi. Xasta sohibi davlat yotgan o’tovga otilib kirib, hukmdorning bir guruh beklaru, bir necha xos tabib qurshovida ko’rpa-yostiq qilib cho’zilib yotganini ko’rganda yuragi qinidan otilib chiqib ketayozdi, ko’zlaridan tirqirab yosh oqdi. Ichida xudoga yolbordi: “YO Rabbim, inoyatingni ayama, meni yolg’iz qoldirma, uning jonini olar bo’lsang, avval menikini ol!” Hukmdor yoniga kelib cho’kkaladi-yu, uning rangi qochgan yuziga tikildi.
Tikilarkan, erining ko’zlari shukuhsiz va shuursiz ekanini ko’rib qayg’urdi. Qayg’urayotgan malika Sohibqiron yuzida sovuq ajal alomatlarini ochiq-oshkor his qilgan edi.
“Ichimda olov yoqib qo’yishgandek… – dedi bemor Saroymulkxonim bilan yakka-yolg’iz qolganda. – A’zoyi-balanimni yondirayapti, bu olov!” Saroymulkxonim uning peshonasiga kaftini bosarkan, manglayi muzday ekanligini sezib, erining so’zidan ajablanardi.
To’rt-besh kun o’tgach, Amir Temur “Xomsho’rva qaynatib beringlar”, — deb buyurdi. Sohibqiron bolaligida onasi pishirib beradigan eng sevgan taomini eslagandi.
Qachon shamollasa xomsho’rva qaynatardi. Otasi – Amir Tarag’ay bilan to’yib-to’yib ichishardi. Otasining peshonasini ter bosar, uning yalt-yult tovlanganini ko’rib, bola vujudida mehr jo’shib ketardi. Biroq, otasiga bilintirmasdi – otasi bunaqa narsalarni yoqtirmasdi. U otasini juda qattiq yaxshi ko’rardi, besh olti yasharligida otasi to uyga qaytmaguncha ko’zini yummasdi. Otasining uyga kirganini ko’ardi-yu, o’sha zahot uxlardi-qolardi. Otasi uni biror marta chertmagan  bo’lsa-da, qanchalik yaxshi ko’rmasin, bari bir otasidan nima uchundir hayiqib turardi. Ammo uning bu hayiqishidayam bolalik mehri jo bo’lganini mana endi shu yoshga yetib, buyam xastalik sabab angladi.
Xomsho’rvani qaynoq ichishni yoqtirgan hukmdor xo’rillatib xo’plar ekan, qornida yig’ilayotgan issiqlik asta-sekin oyoqlariga, kiftiga, sovuqqotgan oyoq barmoqlariga tarqar va tomirlaridagi iligan qon ham bir oz sokinlashgandek bo’lardi. Samarqand noni burdalanib solingan sho’rvani har xo’plaganda, u botiniy rohat bilan “O’h-o’h” deb qo’yardi. U sho’rvadan keyin erta turib ketsam ajabmas, degan o’yda mahkam o’ranib yotdi. Ammo yarim tunga borib, yana isitmasi ko’tarilib, a’zoyi badani qiziy boshladi. O’n kunlarcha vaqt o’tib hukmdorni yoqib-yondirgan, azob bergan dardga yana bir boshqa dard qo’shildi. Biroq, hukmdor uning nima ekanligini avvaliga anglay olmadi. Anglagach esa kun davomida hech kim bilan gaplashmay o’yga botdi. Bu qo’shilgan dard: “Mabodo Tangrining irodasi amalga oshsa, mendan keyin saltanat taxtini kim egallashi mumkin?” – degan so’roq og’rig’i edi. U bu so’roqqa javobni faqat hozir emas, balki bundan oldin ham o’ylagandi. Ammo avval o’ylagani reja bo’lsa, bu gal u qaror qabul qilishi shart edi. U o’zicha bir qarorga kelib, ko’ngliga tugib qo’ydi.
Amir Temur qat’iy qarorga kelgan kundan hayal o’tmay, bir kecha g’alati voqea sodir bo’ldi. Sohibqiron to’shagi yonida ko’rpacha yonboshlab yotgan va bir necha kunlik uyqusizlikdan toliqqan Saroymulkxonim ko’zi yumilganini sezmay qoldi. Allamahal bir nimani sezgandek seskanib uyg’onib ketgan Malika Sohibqiron to’shagiga ko’z tashladi-yu, qo’rqib ketdi. To’shak bo’m-bo’sh edi. U shoshilib tashqariga otildi. Eshik oldida turgan posbon malika vajohatini ko’rib, angrayib qoldi.
— Sohibqiron qani? – dedi malika qalt-qalt titrab.
Posbon nayzasi uchi bilan qarorgohni o’rab turgan tepalar tomonni ko’rsatgach, Saroymulkxonim hapqirib o’sha yoqqa qarab ketdi. U qarorgoh chetiga yetgach, olisda boshqalariga qaraganda bir oz yuksak tepa ustida turgan odam sharpasiga ko’zi tushdi. Malikaning o’rgangan ko’zi sharpa Sohibqiron ekanini osongina ilg’adi.
Saroymulkxonim tepaga harsillab o’rlab borarkan, bu voqeani qanday izohlashni bilmay garang edi.
Amir Temur tepa ustida turgancha mag’rib yoqqa tikilardi. Zulmat quchgan falakda yulduzlar charaqlab turar, oy esa Sohibqiron tikilgan taraf ufqiga og’ib qolgan edi.
— Hazratim, nechun bundoq qildingiz? Shundoq sust ahvolda sovuqqa chiqishingiz boisi ne? – dedi Malika hayajonini yashirolmay.
— Qo’rqib ketdingizmi, Bibi? – deb so’roqqa so’roq bilan javob qaytardi Amir Temur.
— Qo’rqmay bo’larmi, hazratim?
— Mani bir lahzaga yo’qotib qo’rqsangiz, bu yog’i ne bo’lur?
— Bu yog’i deganingiz ne, hazratim. Mani buncha qo’rqitmang…
— Qo’rqmang, Bibi, qo’rqmang… – Turon sultoni shunday deb jim qoldi. So’ng g’alati ovozda shivirladi: — Men tug’ilgan, sizni topgan yerim o’sha tomonlarda… – u mag’rib tomoni ko’rsatdi.
— Hazratim, nechun bundoq qildingiz7 Bo’ldi, bo’ldi, ketdik… – deli Malika eriga talab ohangida gapirayotganidan o’zini g’alati sezib.
Amir Temur indamadi. So’ng “ma’qul» degandek, bosh irg’adi-da, madorsiz holda bazo’r odim tashlab tepadan tusha boshladi.
Ular o’tovga qaytib kirganlarida, yorug’ tushib, malika erining ahvolini ko’rdi-yu, yig’lab yubordi. Sovuqdan qaytib kirgan Sohibqiron yuzida dona-dona ter tomchilari yaltirab turardi.
— Nechun… nechun bu ahvolda sovuqqa chiqdingiz, hazratim?
— Tush ko’rdim, Bibi, g’alati tush.
— Sizni to’shakdan turg’izgan ne tush ekan?
— Ikki chetini qamish bosgan bir yo’ldan ot choptirib borarmishman… – Amir Temur shu so’zni aytdi-yu, ko’zini yumdi. So’ng shu alfozda, go’yo gapirib berayotganlarini ko’rib turgandek, so’zida davom etdi: — Nogoh otim yo’l chetidagi qamishlar shitirilab ketganidan qo’rqib, orqaga tislanib ketdi-da, kishnab yubordi. Shoshib o’sha shitirlagan qamish tomonga qarasam, qamishzor ichidan rahmatlik otam otda chiqib kelayotgan emishlar… Angladingizmi, Bibim, rahmatlik padari buzrukvorim.
Hayratga tushganimdan otimning jilovini o’zimga mahkam tortdim-da, irg’ib otdan tushdim. So’ng otam istiqboliga qarab yugurdim. Endi yetay degandim, otam xuddi meni ko’rmagandek, yonimdan ot surib o’tdilar-da, egardan tushmay, otimning egar-jabdug’ini bo’shatib, yechib oldilar. So’ng… so’ng tag’in oldimdan ot choptirib o’tib, qamishzorga kirib ko’zdan g’oyib bo’ldilar… Men ortlaridan rosa chopdim. Yuguraverib, a’zoi-badanim qizib ketdi, terga g’arq bo’ldi, yuzu-qo’limni qamish tilib, achisha boshladi… Mundoq uyg’onsam, badanim o’t bo’lib, terdan ho’l bo’lgan to’shakda yotibman. Qandoq o’rnimdan turdim, qandoq tashqariga chiqdim – bilmayman…
— Padari buzrukvoringizni tush ko’rgan bo’lsangiz ne bo’libdi? – dedi erini hikoyasini eshitib, ko’ngli alag’da bo’lgan Saroymulkxonim gapni chalg’itib.
— Bu bexosiyat tush, Bibi, padari buzrukvorim otimning egar-jabdug’ini olib ketdilar. Angladingizmi, ne ishora bu?
Saroymulkxonim indamadi.
— Paymonam to’lganiga ishora bu, — deb o’z so’rog’iga o’zi javob berdi Amir Temur.
Jahonning yarmini zabt etib, yarmini qo’rquvga solgan jahongir qaytib o’rnidan turolmasligini payqagach, taqdirga tan berib, eng sodiq amirlarni huzuriga chorladi va gapni cho’zib o’tirmay, o’zidan keyin Pirmuhammad Jahongir saltanat egasi bo’lishi haqidagi so’nggi amrini e’lon qildi. Amirlariga qanchalik ishonmasin, bu so’nggi hukmini bajarishlarini talab qilib ularni ont ichirdi. Amir Temur Ko’ragon sakkiz yuz yettinchi yil sha’bon oyining o’n yettinchisida – 1405  yilning 18 fevralida yetmish yoshida olamdan o’tdi. O’limi oldidan o’zini bilmay yotgan Sohibqiron bir dam ko’zini ochdi-yu, o’tov tepasidagi tuynukdan qop-qorayib yotgan falakka tikilar ekan:
— Bu ne sinoatdur? – deb pichilardi-da, joni uzildi. Jahongirning ko’zlari ochiq qolganini ko’rib, uning qabog’ini ohista bosgan xos tabib mavlono Fazlulloh Tabriziy qo’rqib ketdi – Sohibqiron ko’zlaridan sizib chiqqan yosh barmoq kuydurgudek issiq edi. Erining sovib borayotgan tovonini ushlab olgan Saroymulkxonim siqtab-siqtab bo’zlar ekan, etagini tutib, momosini qanday ovutishni bilmay gangib qolgan suyukli nabirasi Muhammad Tarag’ayni – Ulug’bek mirzoni payqamasdi.
Saroymulkxonim va amirlar fojiani qanchalik yashirmasinlar, Amir Temur o’limi haqidagi shumxabar tez orada oshkor bo’ldi. Zero, ota va bobolari udumini qattiq tutgan o’g’ilu-nevaralarning ham ko’chma saroyda o’z xufiyalari bor edi. Qolaversa, ayrim amirlar dunyodan ko’z yumishi bilan qo’rqinchli bo’lmay qolgan Sohibqironning vasiyatiga xilof ravishda saltanat taxtida o’zlariga moyil shahzodani ko’rmoqni istardilar.
Birinchi bo’lib, Hirotda Shohruh mirzo o’z nomini hutbaga qo’shdirdi va o’z nomidan pul zarb qildira boshladi. Yassidan Husayn mirzo, Toshkentdan Xalil Sulton mirzo o’zlariga sodiq navkarlar bilan dorulsaltanatga qarab ot qo’ydilar.
Amir Xo’ja Yusuf boshchiligida Amir Temur jasadini olib yo’lga chiqqan maxfiy karvon O’trorni tark etib, ming tahlikayu-g’avg’o bilan Samarqand ostonasiga yetdi.
Yetishga yetdi-yu, poytaxtning Chorraha darvozasi oldida turib qoldi. Samarqand qal’asi qutvoli Amir Arg’unshoh “Shaharga faqat Sohibqiron tobutini kiritaman”,  — deb qat’iy turib oldi. Tashqarida turganlar u allaqachon Mironshoh o’g’li Xalil Sulton mirzo bilan til biriktirib, dorulsaltanatni yolg’iz unga topshiradigan bo’lganidan bexabar edilar. Oxiri Amir Xo’ja Yusuf qutvolning talabiga ko’ndi va Amir Temurning jasadi sha’bon oyining yigirma ikkisida – 23 fevral` kuni marhum shahzoda Muhammad Sulton dahmasiga dafn etildi.
Oradan bir necha kun o’tgach, katta ko’ch – malikalar va shahzodalar karvoni ham Samarqandga yetdi. Arg’unshoh bu gal ham qo’shinni kiritmasligini va yolg’iz malikalar va norasida shahzodalar: Muhammad Sulton mirzo o’g’li bo’lmish Said Vaqqosni, Umarshayx inilari – Ijil va Suyurgatmishni shaharga kiritishga rozi ekanligini aytdi.
Shohruh mirzo farzandlari bo’lmish Ibrohim Sulton mirzo bilan Ulug’bek mirzoni kiritishga esa ko’nmadi. Bu ikki amirzoda suyukli momolari va murabbiylari Saroymulkxonim bilan yig’lab xayrlashdilar va Buxoro tomonga ketishga majbur bo’ldilar.
Shaharga kirgan malikalar va shahzodalar to’g’ri Sohibqiron jasadi qo’yilgan dahma ustiga borib uvvos soldilar. Keksa Saroymulkxonim boshqalar qatori oqarib ketgan sochlarini yoyib, yuzlarini tilib yig’lar, tuproq olib boshidan sochardi. Yig’ichilar uvvosi olamni tutgandek edi…

(Tashriflar: umumiy 78, bugungi 1)

Izoh qoldiring