Xurshid Davron. Iskandar Maqduniy va sak cho’poni

02f
Тангриниг эркаси дея ном олган юнон ҳукмдори Искандар Мақдуний қўшини мелоддан аввалги 331 йилда Гавгамела шаҳри яқинидаги ялангликда форс подшоси Доронинг икки юз эллик минглик лашкарини тор-мор этди. Натижада икки асрдан буён мағрибу машриқни қўрқувда тутиб келаётган Аҳмонийлар давлати барҳам топди. Мағлуб подшоҳ машъум кунгача ўзига тобе бўлган мамлакатнинг шимоли томонига қочди, аммо йўлда ҳамроҳлари бўлмиш Бохтаристон ва Суғд ноиби Бесс билан лашкарбоши Набарзан томонидан хиёнаткорона ўлдирилди. Бу хабарни эшитган Искандар: “Подшоҳ қонини мендан ўзга бирон бир кимсанинг тўкишига ҳаққи йўқ эди”, деган дағдаға билан хиёнаткорларни таъқиб этишга киришди.

07
Хуршид Даврон
ИСКАНДАР ВА САК ЧЎПОНИ
08

sak-mergan   Тангриниг эркаси дея ном олган юнон ҳукмдори Искандар Мақдуний қўшини мелоддан аввалги 331 йилда Гавгамела шаҳри яқинидаги ялангликда форс подшоси Доронинг икки юз эллик минглик лашкарини тор-мор этди. Натижада икки асрдан буён мағрибу машриқни қўрқувда тутиб келаётган Аҳмонийлар давлати барҳам топди. Мағлуб подшоҳ машъум кунгача ўзига тобе бўлган мамлакатнинг шимоли томонига қочди, аммо йўлда ҳамроҳлари бўлмиш Бохтаристон ва Суғд ноиби Бесс билан лашкарбоши Набарзан томонидан хиёнаткорона ўлдирилди. Бу хабарни эшитган Искандар: “Подшоҳ қонини мендан ўзга бирон бир кимсанинг тўкишига ҳаққи йўқ эди”, деган дағдаға билан хиёнаткорларни таъқиб этишга киришди.

Бундан кейинги воқеалар жуда узоқ давом этган қонли жанглар, зафару мағлубиятлар тарихи бўлганидан хабардор бўлсангиз керак. Қолаверса, каминада Искандар билан Суғд лашкарбошиси Спитамен ўртасида кечган омонсиз жанг-жадалларга бағишланган ҳикоялар ёзиш истаги ҳам бор .Илло, ҳозирги мақсадимиз бор-ёғи Искандар Мақдунийнинг Бохтаристон ва Суғд томон бораётганида рўй берган бир воқеани ҳикоя қилиб бериш, холос.

Искандар юнон қадами етмаган номаълум ўлкалар томон ғалабадан руҳланган қалқонбордорларини шиддат билан бошлаб бораркан, баъзан паёнсиз саҳро қўйнидан шамол кўтарган тўзон каби тўсатдан пайдо бўлиб, худди шундай тез ғойиб бўладиган саҳройиларнинг оний, аммо даҳшатли ҳужумларига тўқнашиб ўтишга мажбур эди. Бу ҳужумлар нечоғли шиддаткор бўлмасин ёш жаҳонгир юрагига қўрқув сололмасди. Қўрқув бораётган манзилнинг номаълумлигида эди. Буюк сўқир — Ҳомернинг: “Номаълум ва ёт юртда адашмоқдан даҳшати йўқдир!” деган ҳикмати ҳамиша унинг ёдида. Аммо қўрқув ҳам йўл босган сайин камайиб, номаълумлик ортга қолганидайин мосуво бўлиб борарди.

Искандарнинг бошидаги юнонларнинг донғи кетган устаси Теофил ясаган обдор дубулға қайноқ саҳро қуёши остида ярақлаб кўзни қамаштирар, дубулғага уланган пўлат ҳалқачалар эса йигитнинг бўйнини кутилмаган хавф-хатардан тўсиб турарди. Сицилиялик қуролсозлар ясаган қирмизи совут остидан канопдан тўқилган қўшқават жавшан ёш саркарда вужудини маҳкам сиқиб олган .

Белида Хитой подшоси туҳфа қилиб юборган, қушдек энгил бўлса-да, пухта ишланган кескир қилич. Искандарнинг жангдаги ишончи, жону-дили шу қиличи эди. Елкасида уста Геликон санъатининг намунаси ва миннатдор родосликлар совға қилган алвон ёпинғич. Искандар от устида шамолдай учаркан, елкасидаги ёпинғич ўзига хос байроққа айланар, у қаерда пайдо бўлса, ўша ерда жангчилар руҳланиб, янада шиддатлироқ жанг қилишар, ҳар бир жангчи бу байроқни ҳифз этиб ҳалок бўлишни ўзига шараф деб ҳисобларди. Искандар буни яхши билгани учун ҳам жанг пайти ёпинғичини ечмасди…

* * *

Искандар оқшом пайти кекса лашкарбоши Парменион билан суҳбатлашиб ўтирарди. Қуёш уфқ ортига ботганига қарамай ҳали ҳарорат пасаймаган, қилт этган шабада ҳам сезилмасди.
— Эсингда бўлса, Ҳеродот бу юрт одамлари хусусида уларнинг Эллада заминида форслар тарафида туриб жанг қилганларини батафсил ёзган… — дея гап бошлади Парменион – Эсладингми?..

Парменион шундай деб ёнида турган қутичани очиб, Ҳеродотнинг асари битилган папирус ўрамаларини олди. Лекин Искандар унга мутлақо эътибор бермай хаёлга чўмганини кўриб, ўрамаларни яна ўрнига қўйди.

Парменионнинг фил суягидан ясалган бу қутичани олиб юришига ҳам Искандар сабабчи: кекса қиличбоз бу иши билан навқирон подшоҳ кўнглини олишни истарди. Бошқа лашкарбошилар ҳам худди шундай қутичалар олиб юришининг сабабини эса Гавгамела жангидан сўнг рўй берган бир воқеа очиб берарди.

Подшоҳ Доро мағлубиятидан сўнг форс ҳукмдори-ю кўп сонли сарой аҳлидан қолган бойликларни рўйхат қилган юнон амалдорлари таклифи билан жаҳонгирнинг яқин сафдошлари ўлжалар орасида энг қимматбаҳо ҳисобланган буюмни Искандар ҳузурига олиб киришди. Бу бебаҳо дуру гавҳар билан зийнатланган қути – кичкинагина сандиқча эди. Сандиқчага ўрнатилган гавҳартошларнинг айримлари Форс салтанатига қарашли вилоятларнинг бир йиллик хирожига тенг келарди. Искандар қутичани мароқ билан томоша қиларкан,ичида устанинг ҳунарига таҳсин айтди.

Сўнг қошида ўтирганлардан:
—  Доро унда нимани сақлаган экан – деб сўради.
– Хазинанинг калитини., — деди қутичани қўлига олиб томоша қилиб ўтирган  хос табиб Филипп.
— Бу қутида нимани сақлашимни маслаҳат берасизлар? – деб сўради Искандар.
Подшоҳнинг саволи  кутилмаган бўлди.
— Доронинг тожини, — деди ўйлаб ўтирмай Клит.
— Отанг Филипдан мерос қолган тожни, — деди Парменион.
— Хитой подшоҳи совға қилиб юборган қилични, — деди Искандарнинг бу тортиқни ниҳоятда яхши кўришини билган Филот.

Даврадагилар ўзларига маъқул маслаҳатларни бериб бўлгач, кимнинг таклифи маъқул топилишини кутиб сукут сақлашди.
— Мен бу қутичада, — Искандар шундай дея ўтирганларга бир-бир кўз ташлаб чиқди: — “Илиада”ни сақлашни истардим…

* * *

Ҳозир чодирда Парменон билан суҳбатлашиб ўтираркан, унинг гапи баҳона Ҳеродот асарида Бохтаристон ва Суғд хусусида ёзилган маълумотларни эслади. Искандарнинг хотираси кучли эди. Устози Арасту ҳам унинг қувваи ҳофизасига таҳсин ўқиган.

Искандар Ҳеродотнинг Фермопила яқинида содир бўлган даҳшатли жангда форслар тарафида бохтарликлару суғдлар билан бирга саҳрои саклар – искит(скиф)лар ҳам иштирок этгани ҳақида ёзганларини бир-бир хаёлидан ўтказди. Муаррих искитларни учли қалпоқ, теридан қилинган эгин-бош кийишларини, жангу жадалда машҳур сак камони, ханжар ва икки дамли ойболта қўллашларини ёзган эди. Ҳозир йўлда Искандарга дам-бадам ҳужум қилаётган саҳройиларнинг уст-боши, қурол-яроғи ҳам Ҳеродот тасвирига мос келарди.

Ҳеродотнинг ёзишича, қолаверса, искитлар билан гоҳ бирга, гоҳ ўзаро жанг қилган форсларнинг таърифлашича, камонбозликда саҳройиларга тенг келадиган қавм ҳали жаҳонда йўқ экан. Искитлар учун узук орасидан новак учириб ўтказиш оддий бир эрмак иш эмиш. Искандар бу гапларга унчалик ишонмасди. Унинг ўзи жанг-жадалсиз кунларда ҳам камондан ўқ узиш машқини канда қилмас, кўкда учиб бораётган қушни бемалол нишонга ола биларди. Узук орасидан новак учириб ўтказиш ҳақидаги гаплар эса Искандар учун суюкли Ҳеродотнинг Троя муҳорабаларига бағишланган достонида ҳам дам-бадам учраб турадиган лофдан бўлак нарса эмасдай туйиларди.
Шуларни ўйлар экан, Искандар Парменионга қараб:
— Ҳеродот тўғри гапларни ёзган экан…-деди.

Бу гапни эшитган Парменион бирдан енгил тортиб, қувониб кетди. Унинг бу ҳолатини пайқаган Искандар мийиғида кулиб қўйди. Гавгамела жанги арафасида ва жангда рўй берган воқеалардан буён уялиб, ўзини қўярга жой тополмай юрган бечора чол ёш ҳукмдорининг эътиборини қозона бошлаганидан хурсанд эди.

Гавгамела жанги олдидан Доро Искандар ҳузурига ўз элчисини юборди. Элчи Искандарга: “Форсларнинг буюк ҳукмдори сенга ўн минг талант тилла ва Осиёнинг ярми устидан ҳукмронликни беришга рози “,- деб айтди. Шунда Искандарнинг ёнида турган Парменион беихтиёр:
— Агар мен Искандар бўлганимда, бу таклифга ўйлаб ўтирмай рози бўлардим,-деб юборди.

Искандар ўша заҳоти, аммо кекса сафдошига қайрилиб ҳам қарамай, жавоб берди:
— Зевс ҳақи айтаманким, агар мен ҳам Парменион бўлганимда бу таклифга рози бўлардим.

Сўнг элчига қараб таҳдид билан:
— Бориб Дорога айт, осмонда қуёш иккита бўлмаганидек,ердаям подшоҳ битта бўлади,- деди.

Мана шу воқеадан сўнг Парменион анча вақтгача ўзини Искандардан олиб қочиб юрди. Унинг устидан кулганлар ҳам топилди. Аксига олиб, Гавгамела  ҳам жангида кекса лашкарбошининг омади юришмади. Қарилиги асар қилдими, сусткашликка йўл қўйди. Оқибатда қўл остидаги жангчилари билан мушкул аҳволда қолди. Тажрибасиз ёш лашкарбошидай ўровга тушди. Бахтига Доронинг жанг майдонидан қочганини эшитган форс жангчилари таҳликага тушдилару кекса саркарда шармандали мағлубиятдан қутилиб қолди.

Бари бир Искандар қаттиқ ғазабланди. Аммо,отасини эслатиб турадиган қарияни аяди. Подшоҳ Филипп бу содиқ сафдошини яхши кўрар, унга қаттиқ меҳр қўйган эди. Ҳатто у бир марта: “Мен афиналикларга жуда ҳавас қиламан. Улар ҳар йили сайловда ўнлаб лашкарбошиларга эга бўладилар. Мен бўлсам неча йиллар давомида бор-йўғи бир лашкарбошини — Парменионни топдим”, дея лутф этган эди. Падари бузруквори бу кинояси билан афиналикларнинг ўн лашкарбошисига Парменионнинг бир ўзини тенг қўйишини айтмоқчи ва бу билан афиналикларни масхаралаб, ўз лашкарбошисини олқишламоқчи эди.

Искандар Парменионнинг жангдаги сусткашлиги боисини қариликдан деб билади. Унинг назарида, сусткашлик ожизликдан, ожизлик эса қариликдан туғилади. Ҳа, қарилик қўрқувдир! Йигирма  яшар жаҳонгир устози Аристотелнинг “Қарилик – донишмандлик” деган ҳикматини эслади-ю, фикрини бари бир ўзгартирмади…

Гавгамела жангида Парменион бошлиқ аскарлар мана шу саҳройилар – саклар билан массагетлардан иборар қўшин ўровига тушиб қолган эди. Бесс бошлиқ бу қўшинда бохтарлар ва суғдлар ҳам бор эди. Хусусан, суғдликлар саркардаси Спитаменнинг диловарлиги юнонларни ҳайратга солди.

Искандар Ҳеродотнинг китобида қайт этилган подшоҳ Доронинг бобоси Куруш мана шу бепоён саҳро қўйнида массагетлар томонидан жангда мағлуб этилгани, ҳатто боши танидан жудо қилиниб қон тўла мешга тиқилгани ҳақидаги ҳикояни эслади.
— Ўша массагетлар маликасининг исми Томирис эди, — деди Парменион. Искандар ялт этиб кекса лашкарбошига қаради. “Нима ҳақда ўйлаганимни бу чол қаердан била қолди?” — деб ўйлади у ҳайратини яширолмай.Яна ялт этиб Аристотелнинг ҳикмати фикридан ўтди.

Парменион бўлса ҳеч нарса бўлмагандек, саҳро жазирамасида илиган, эндигина пайдо бўлган оқшом шабадаси ҳали совутишга улгурмаган май тўла косани шимирарди. Искандар ҳам қадаҳини қўлига  олди. Чодир ичи ҳалиям дим эди. Сафар давомида ташналик ҳаммани қийнар, аммо сув камчил, шароб эса кўп эди. Искандарни бошлаб бораётган форслар сўзига қараганда икки кундан сўнг жуда катта дарёга етиб боришаркан. Шуни ўйлаб, илиқ шаробдан кўнгли беҳузур бўлган Искандар тамшаниб қўйди.

Кеча қизиқ воқеа юз берди.
Кун тиккага келган пайт эди. Қуёш аямай олов пуркарди. Бу оловдан пўлат чўғланган мисол чақнаб борар, совутлар ичидаги вужудлар эса сув бўлиб эриб кетаётгандай гўё…

Иссиқдан бетоқатланган Искандар Зевсдан тезроқ кун ботишини тилади. Аммо шомгача ҳали узоқ эди. Охири Искандар  чидолмади. Сув сўради. Унга Гавгамела жангида қўлга тушган Доро сувдонини узатишди. Сувдонда озгина сув қолган экан. “Бори шуми?” деб сўради. Хос соқчилари бошлиғи унсиз бош ирғади. Искандар сувдонни лабига олиб бориш асносида тўрт томондан ташна аскарлар нигоҳини туйди. Ҳа, подшоҳ атрофидаги  лашкар сувдонга кўз тиккан эди. У нима қилишини билмай, тараддудланиб қолди. Сўнг шартта сувдондаги сувни қизиб ётган қум устига тўкди. Қизиган қум дам ўтмай сув изидан ном-нишон қолдирмади. Ич-ичида ногаҳоний кучли ҳаяжон уйғонганини сезган Искандар “Мен ҳамма қаториман!” дея қичқирди.  Жангчилар руҳланиб роса қичқиришди. “Бизни ўйлаб шундай қилди!” деб бир-бирларига фахрланиб гапира бошлашди.

Мана энди Искандар ташналикни май билан қондирарди. Аскарларга ҳам сув ўрнида май тарқатишар, аммо маст бўлмайдиган миқдорда берилсин, деган фармонга қаттиқ риоя қилинарди.

Искандар майни беҳад суяр, жангу жадалсиз чоғларда туни бўйи давом этадиган базмларда “тўйдим” демасди. Мана шундай пайтларда таъмагирларни омади чопарди: ёш ҳукмдор  мақтов эшитишни хуш кўрарди. Бу эса таъмагирлик, тилёғламалик қилишни билмайдиган айрим лашкарбошиларни қийин аҳволга солиб қўярди. Улар икки ўт орасида қолиб нима қилишларини билмасдилар.

Бошқаларга қўшилиб тилёғламалик қилай дейишса, бундан орланишар, қолаверса, уддалай олишмас, мақтовларга қўшилмай сукут сақлаш эса хавотирли эди. Аммо жанг арафасида Искандар ҳар қандай базмларга барҳам бериб, яна зийрак ва фаросатли ҳукмдорга айланарди. Оқибатда таъмагирлар четлашиб, сўздан кўра қилич ушлаб жанг қилишни эплайдиганларнинг омади юришарди.

Маст одам жангга ярамайди. Суюкли “Илиада”да бу ҳақда бағоят гўзал айтилган:

Май бамисоли муҳаббатдай кучни қирққай;
кетгай қувват билакдану мардлик юракдан…

Ҳеродот ҳам ўз битигида шароб хусусида кўп ривоятлар келтиради. Унинг ёзишича, мана шу саҳройилар билан жанг қилган Куруш майдан ўз ёвуз нияти йўлида усталик билан фойдаланган. Малика Томариснинг ўғли бўлмиш массагетлар лашкарбошиси Спарганисни шароб ёрдамида қўлга туширган.

Мана энди мағлуб Доронинг бобкалони Курушни ҳалок этган саҳройилар маконидан музаффар юнон қўшини ўтиб борарди. Бу қўшинни тўхтата оладиган куч жаҳонда йўқдек туюларди.

* * *

Йўл бошловчи форслар айтган дарёгача бир кунлик масофа қолганда манзил қурдилар. Ўша куни жангчилар яқин-атрофда пода боқиб юрган сак чўпонини тутиб, Искандар ҳузурига олиб келишди. Чўпон йигит деярли у билан тенгдош эди. Бошида учли қалпоқ, эгнида теридан қилинган кўйлак-иштон кийган чўпон йигит кўзида қўрқувдан асар йўқлигини сезган Искандар тилмочни чақирди.

Тилмоч этиб келгач, чўпондан бу ерларда нима қилиб юрганини суриштиришни буюрди.
— Уюр боқиб юрибман, — деб жавоб берди чўпон.
— Менинг келаётганимни эшитиб, бекинмадингми? – деди Искандар.
— Қўрққан одам бекинади! — деди чўпон йигит.

Искандар чўпон йигитнинг жавобига қойил қолди. Шу пайт унинг нигоҳи аскарлар ўраб олиб, томоша қилаётган чўпон йигитнинг отига тушди-ю, донг қотди. Бунақа отни у ҳали умри бино бўлиб кўрмаган эди. Ҳатто кенг қашқали бўлганидан Буцефал деб ном олган суюкли оти ҳам саҳройи арғумоқ билан тенглаштирилса, қадрини йўқотиб қўйиши мумкиндай туюлди.

Искандар ўн йилдан буён Буцефелдан айрилмас,уни кўз қорачиғидай асрарди. Отаси Филипп бу отни Искандар ҳали гўдаклик чоғида фасаллик машҳур отфуруш ва синчиликда тенги йўқ Фелоникосдан ўн уч талантга сотиб олган экан. Искандар Гирконни забт этиб, Каспий денгизи бўйлаб сайру томоша қилиб юрган пайтида саҳро ичидан тўсатдан пайдо бўлган саҳройилар тўдаси қирғоқ яқинидаги ўтлоқда ўтлаб юрган отлар қатори Буцефелни ҳам олиб кетишди. Буни эшитиб Искандарнинг ғазаби жунбушга келди. У  “Агар отим тезда қайтарилмаса, чор атрофни хонавайрон қилиб, аҳолини қатлиом қилишдан қайтмайман” дегандан сўнг, отини қайтариб  юборишди. Искандар шундай қувондики, ҳатто ўғриларга от учун тўлов тўлашга ҳам рози бўлди.

Тўғри, саҳройи йигитнинг отини Буцефалга тенглаштириб бўлмасди. Буцефал жуда ноёб от, аммо чўпоннинг оти ҳам кучли, ҳам бағоят кўркам эди. Отни завқ билан томоша қилган ёш подшоҳ яна чўпон йигитга қаради.
— Отингни менга сот, — деди Искандар.
— Дўстимни сотолмайман! – деди чўпон йигит.
— Ўйламай жавоб беришга шошилма Мен отингни тортиб олишим, сени эса ўлимга буюришим мумкин! – деди Искандар ҳар бир сўзини дона-дона қилиб.
— Мени ўлдириб отимни олсанг, ол, аммо мендан уни сотишни сўрама, — деди чўпон йигит Искандарнинг кўзига тик қараб.

Искандар қачонлардир худди чу тахлит жавобни эшитгандай эди. Дам ўтмай эслади. У Доронинг енггандан сўнг хизматига кирган форсларнинг бири унинг илтимоси билан аҳмонийлар сулоласи ҳақида сўзлаб берар экан, Доронинг буюк бобоси Куруш билан боғлиқ бир воқеани ҳикоя қилиб берган эди.

Куруш ўз қўшинидан оддий аскарлардан бирининг отига ишқивоз бўлиб қолибди-да, ундан катта ҳақ эвазига отини беришни сўрабди. Шунда аскар йигит:
— Йўқ,улуғ подшоҳим,- дебди, — талабингни адо этолмайман. Агар одамлар орасидан шундай садоқатли дўстни топа олишимга ишонганимда эди, сенга отимни бажонидил берган бўлардим.

Куруш аскарнинг жавобидан ҳайратланиб, унга кўп тортиқлар қилган экан. Ўша форс ровийнинг нақл қилишича, Доро ҳам отнинг ашаддий ишқивози ва ҳар қандай отнинг зотини, феъл-атворини  пухта биладиган синчи бўлган экан. Унинг яна бир қизиқ одати — жангга отланганида ҳамиша эндигина қулунлаган бияни ўзи билан олиб кетар экан. Доро Гавгамела жангидан аввал бўлиб ўтган Исса яқинидаги жангда мағлуб бўлганида мана шундай бияларнинг бирига миниб ортига қочган ва яқиндагина  дунёга келтирган боласини қўмсаган бечора бия шундай шитоб билан чопган эканки, қочқин подшоҳ ортидан қувишга тушган юнонлар ярим йўлда қолиб кетишган.

Искандар чўпон йигитнинг жавобидан мамнун бўлиб, юзи ёришиб бораркан,ногоҳ сакларнинг тенги йўқ мерган эканлари ҳақидаги гапларни эслаб қолди. “Мана энди бўлмағур миш-мишларнинг асоссиз эканлигини исботлайдиган пайт келди”, деб қувонди ичида. У Гавгамела жангидан сўнг қочоқ Дорони қувганда, форслар ҳукумдори ташлаб қочган жангароба билан биргаликда қўлга туширилган шоҳ камонини келтиришни буюрди. Аммо ёш жаҳонгирнинг мақсадини ҳали англашга улгурмаган чўпон йигит шоҳона камонга кўз қирини ҳам ташламади.

Искандар ўрнидан туриб, камонни қўлга олди-да:
— Агар сен камондан ўқ узиб, узук орасидан ўтказа олсанг, отингни миниб кетишингга рухсат бераман. Хато қилсанг, ўзинг камончиларимга нишон бўласан. Розимисан?!-деди.

Чўпон йигит бир нафас ўйга ботди. Аммо шу бир нафас ичида унинг кўнглида қаттиқ бир мусоҳаба бўлгани йигит юзида кўриниб турарди. Йигит яна Искандарнинг кўзига тик қараб:
— Йўқ!- деди.

Искандар қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Сўнг йўл давоми унга сакларнинг мерганлиги ҳақида латифа айтиб келган форсларга ғазаб билан ўқрайди. Унинг нигоҳидан: “Мана кўриб қўйинглар, ўша сизлар мақтаган мерганларнинг биттаси… Сизлар эмасми, уларнинг етти яшаридан етмиш яшаригача камондан ўқ узиб узук орасидан ўтказиши ҳақида лоф тўқиган” — деган таҳдидли маънони илғаб олиш мумкин эди.

— Олиб бориб бошини танидан жудо қилинг! –деди Искандар жаҳл билан Доро камонини четга ирғитаркан.

Соқчилар бошлиғининг ишораси билан икки навкар чўпон йигит қўлларидан маҳкам тутишди. Йигит уларга қаршилик кўрсатмади, у ҳеч нарса бўлмагандай хотиржам эди. Ортда турган аскар “Қани кетдик!” — дегандек, унинг курагига найзасини тираган маҳалдагина чўпон йигит яқинида турган тилмочга нималардир деди. Буни кўрган Искандар ўша заҳоти: “Шошманглар!” – дегандек қўлини кўтарди.Кейин тилмочни ёнига чақирди.
— Нима деди?
— Уч тўрт кундан бери пода ортидан юриб машқ қилолмаган экан. Шунинг учун ўқ узганида ҳато қилиши мумкин экан,- деб жавоб берди тилмоч.

Бу гапни эшитган Искандар нима дейишини билмай чўпон йигитга тикилди. У ўқ узиб хато қилишдан кўра ўлимни афзал кўрган  йигит орияти олдида ҳангу манг эди . Искандар ориятли одамлатни ҳурмат қиларди. У ҳайрат ичида тураркан, ўз-ўзидан тилига “Иллиада” сатрлари қуюлиб кела бошлади:

Ҳар бир мард-ла, ҳордиқ билмай,
Оташона жанг қилсин ҳар мард!

Искандар чўпон йигитни озод қилиб, отини қайтаришни, хоҳлаган томонига кетишига тўсқинлик қилмасликни, кейин чўпон йигит уюри аллақачонлар қўшин заҳираси ихтиёрига олинганини эшитиб отларни ҳам битта қўймай қайтаришни буюрди. “Ориятли халқ билан жанг қилиш учун ориятли бўлмоқ керак”, деб ўйларди Искандар…

Йўл бошловчилар айтгандек, эртаси куни вақт пешиндан ўтган маҳал олисда ёйилиб оқаётган дарё кўринди. Бу Ҳеродод таърифлаган Окс дарёси эди. Саҳройилар тилида бу дарё Ўкуз деб аталаркан.

339Ташналикдан қийналган лашкар сув томон отилди. Искандар ҳам йўл давомида биринчи марта Буцефалга қамчи урди. Қирғоққа етиб келгач, уст-бошини ечмасдан дарёга кирди. Окс суви уни ҳайратга солди. Бу сув у шу пайтгача кечиб ўтган дарёлар сувига деярли ўхшамасди: сув жуда майин, худди зайтун мойидек мулойим эди.

Ўша куни кечқурун дарё қирғоғида салқиндан роҳатланиб ўтирган Искандар чодирига айғоқбоши — форс Арсам кириб келди.
— Шоҳим, — деб гап бошлади у таъзимни адо қилиб бўлгач, — айғоқчилар қайтиб крлишди. Уларнинг айтишича, хиёнаткор Бессни на бохтаристонликлар, на суғдлар қувватлаётган эмиш. Суғд саркардаси Спитамен атрофига эса халқ тўпланаётган эмиш. Энг муҳими, Спитамен  диловар ва ориятли йигитлардан етти мингини саралаб хос лашкар тузиб жангга ҳозирлик кўраётган эмиш…

Арсамнинг гапларини эшитиб Искандар чуқур хаёлга ботди. Унинг кўзи ўнгида нима учундир кечаги чўпон йигит намоён бўлди. Ботаётган қуёш акси дарё устини қизартириб бораётганини, гўё ўзанни қон тўлдира бошлаётгандек ҳам сирли, ҳам ҳаяжонли манзарани томоша қилар экан: “Кураш оғир бўлади!” — деб пичирлади ёш жаҳонгир…

1990

04

044ХУРШИД ДАВРОН (1952.20.1, Самарқанд) – Ўзбекистон халқ шоири (1999). Тошкент университетининг журналистика факультетини тугатган (1969). Турли нашриёт ва ижодий ташкилотларда ишлаган (1974-94). Маънавият ва маърифат марказида раҳбар ўринбосари (1994-96). 1996 йилдан Ўзбекистон Миллий Телерадикомпаниясида турли раҳбар лавозимларида ишлайди.
Дастлабки шеърлар тўплами – «Қадрдон қуёш» (1979). «Шаҳардаги олма дарахти» (1979), «Тунги боғлар» (1981), «Учиб бораман қушлар билан» (1983), «Тўмариснинг кўзлари» (1984), «Болаликнинг овози» (1986), «Қақнус» (1987) ва «Баҳордан бир кун олдин» (1997) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
Хуршид Даврон 90-йилларда шеъриятдан кўра насрий жанрларда самарали ижод қилди. У олис ўтмишда яшаган унутилмас тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб, улар ҳақидаги мўътабар қшлёзма манбалар билан танишди ва Бибихоним ҳақида «Самарқанд хаёли» (1991), Улуғбек ҳақида «Соҳибқирон набираси» (1995), Шайх Кубро ҳақида «Шаҳидлар шоҳи ёхуд Шайх Кубро тушлари» (1998) каби тарихий-маърифий қиссаларини яратди. Хуршид Даврон бу асарлари билан 90 йилларда Ўзбекистонда тарихий ўтмишга бўлган муносабатнинг яна ҳам қизғин тус олишига муносиб ҳисса қўшди. Хуршид Даврон бундай тарихий сиймолар ҳаётини пухта ўрганиб, улар ҳақида саҳна асарлари ҳам ёзди. («Мирзо Улуғбек» — «Алғул», 1995; «Бобуршоҳ соғинчи», 1996). Хуршид Даврон тарихий мавзудаги бу асарлари билан ҳозирги ўзбек драматургиясига ўтмишда яшаган ажойиб ватандошларимизнинг ёрқин образларини олиб кирди.Хуршид Даврон айни пайтда Самарқандда Амир Темурнинг 660, Улуғбекнинг 600 йиллигига, Парижда «Одеон» театрида Бухоро ва Хиванинг 2500 йиллигига бағишлаб ўтказилган театрлаштирилган томошалар ва 21 қисмдан иборат «Темурнома» видеофильми ва «Бухоройи Шариф» (2 қисмли) телефильми сценарийлари муаллифи.
Шарқ ва Ғарб шоирларининг асарларидан иборат «Қирқ бир ошиқ дафтари» (1989) ва япон шоирларининг шеърларидан таркиб топган «Денгиз япроқлари» (1988) тўпламларини ўзбек тилига таржима қилган. 2-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати. «Дўстлик» ордени б-н мукофотланган. (1997).

021Xurshid Davron 1952 yilning 20 yanvarida Samarqand shahri yaqinidagi Chordara qishlog’ida tavallud topgan. Toshkеnt universitetining jurnalistika fakultetini tugatgan (1969). Uzoq yillar nashriyot sohasida, Ma’naviyat va ma’rifat markazida faoliyat yuritgan. 1996 yildan O’zbеkiston Milliy teleradiokompaniyasida ishlab kelmoqda.
Dastlabki shе’rlar to’plami – ‘Qadrdon quyosh’ (1979), ‘Shahardagi olma daraxti’ (1979). Keyinchalik ‘Tungi bog’lar’ (1981), ‘Uchib boraman qushlar bilan’ (1983), ‘To’marisning ko’zlari’ (1984), ‘Bolalikning ovozi’ (1986), ‘Qaqnus’ (1987) va ‘Bahordan bir kun oldin’ (1997) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan.
04 Xurshid Davron 90-yillarda shе’riyatdan ko’ra nasriy janrlarda samarali ijod qildi. U o’tmishda yashagan unutilmas tarixiy siymolar hayoti va faoliyati bilan qiziqib, ular haqidagi mo’tabar qo’lyozma manbalar bilan tanishdi. Bu qiziqish natijasida ‘Bibixonim qissasi yoki tugamagan doston’ (1990), ‘Samarqand xayoli’ (1989), ‘Sohibqiron nabirasi’ (1995), ‘Shahidlar shohi yoki Shayx Kubro tushlari’ (1998) kabi tarixiy-ma’rifiy qissa va ‘Alg’ul’ (1995), ‘Sog’inch’ (1996) pyesalarini yaratdi. Xurshid Davron bu asarlari bilan 90-yillarda O’zbеkistonda tarixiy o’tmishga bo’lgan munosabatning yana ham qizg’in tus olishiga munosib hissa qo’shdi.
Adib ayni paytda Samarqandda bo’lib o’tgan Amir Tеmurning 660, Ulug’bеkning 600 yilligiga, Parijda YUNESKO qarorgohida, ‘Odеon’ tеatrida namoyish etilgan Buxoro va Xivaning 2500 yilligiga bag’ishlab o’tkazilgan tеatrlashtirilgan tomoshalar va 21 qismli ‘Tеmurnoma’, 2 qismli ‘Buxoroyi Sharif’ videofilmlari ssеnariylari muallifi.
Sharq va G’arb shoirlarining asarlaridan iborat ‘Qirq bir oshiq daftari’ (1989) va yapon shoirlarining shе’rlaridan tarkib topgan ‘Dеngiz yaproqlari’ (1988) to’plamlarini o’zbеk tiliga tarjima qilgan.

04

07
Xurshid Davron
ISKANDAR VA SAK CHO’PONI
08

009Tangrinig erkasi deya nom olgan yunon hukmdori Iskandar Maqduniy qo’shini meloddan avvalgi 331 yilda Gavgamela shahri yaqinidagi yalanglikda fors podshosi Doroning ikki yuz ellik minglik lashkarini tor-mor etdi. Natijada ikki asrdan buyon mag’ribu mashriqni qo’rquvda tutib kelayotgan Ahmoniylar davlati barham topdi. Mag’lub podshoh mash’um kungacha o’ziga tobe bo’lgan mamlakatning shimoli tomoniga qochdi, ammo yo’lda hamrohlari bo’lmish Boxtariston va Sug’d noibi Bess bilan lashkarboshi Nabarzan tomonidan xiyonatkorona o’ldirildi. Bu xabarni eshitgan Iskandar: “Podshoh qonini mendan o’zga biron bir kimsaning to’kishiga haqqi yo’q edi”, degan dag’dag’a bilan xiyonatkorlarni ta’qib etishga kirishdi.

Bundan keyingi voqealar juda uzoq davom etgan qonli janglar, zafaru mag’lubiyatlar tarixi bo’lganidan xabardor bo’lsangiz kerak. Qolaversa, kaminada Iskandar bilan Sug’d lashkarboshisi Spitamen o’rtasida kechgan omonsiz jang-jadallarga bag’ishlangan hikoyalar yozish istagi ham bor .Illo, hozirgi maqsadimiz bor-yog’i Iskandar Maqduniyning Boxtariston va Sug’d tomon borayotganida ro’y bergan bir voqeani hikoya qilib berish, xolos.

Iskandar yunon qadami yetmagan noma’lum o’lkalar tomon g’alabadan ruhlangan qalqonbordorlarini shiddat bilan boshlab borarkan, ba’zan payonsiz sahro qo’ynidan shamol ko’targan to’zon kabi to’satdan paydo bo’lib, xuddi shunday tez g’oyib bo’ladigan sahroyilarning oniy, ammo dahshatli hujumlariga to’qnashib o’tishga majbur edi. Bu hujumlar nechog’li shiddatkor bo’lmasin yosh jahongir yuragiga qo’rquv sololmasdi. Qo’rquv borayotgan manzilning noma’lumligida edi. Buyuk so’qir — Homerning: “Noma’lum va yot yurtda adashmoqdan dahshati yo’qdir!” degan hikmati hamisha uning yodida. Ammo qo’rquv ham yo’l bosgan sayin kamayib, noma’lumlik ortga qolganidayin mosuvo bo’lib borardi.

Iskandarning boshidagi yunonlarning dong’i ketgan ustasi Teofil yasagan obdor dubulg’a qaynoq sahro quyoshi ostida yaraqlab ko’zni qamashtirar, dubulg’aga ulangan po’lat halqachalar esa yigitning bo’ynini kutilmagan xavf-xatardan to’sib turardi. Sitsiliyalik qurolsozlar yasagan qirmizi sovut ostidan kanopdan to’qilgan qo’shqavat javshan yosh sarkarda vujudini mahkam siqib olgan .

Belida Xitoy podshosi tuhfa qilib yuborgan, qushdek engil bo’lsa-da, puxta ishlangan keskir qilich. Iskandarning jangdagi ishonchi, jonu-dili shu qilichi edi. Yelkasida usta Gelikon san’atining namunasi va minnatdor rodosliklar sovg’a qilgan alvon yoping’ich. Iskandar ot ustida shamolday ucharkan, yelkasidagi yoping’ich o’ziga xos bayroqqa aylanar, u qaerda paydo bo’lsa, o’sha yerda jangchilar ruhlanib, yanada shiddatliroq jang qilishar, har bir jangchi bu bayroqni hifz etib halok bo’lishni o’ziga sharaf deb hisoblardi. Iskandar buni yaxshi bilgani uchun ham jang payti yoping’ichini yechmasdi…

* * *

Iskandar oqshom payti keksa lashkarboshi Parmenion bilan suhbatlashib o’tirardi. Quyosh ufq ortiga botganiga qaramay hali harorat pasaymagan, qilt etgan shabada ham sezilmasdi.
— Esingda bo’lsa, Herodot bu yurt odamlari xususida ularning Ellada zaminida forslar tarafida turib jang qilganlarini batafsil yozgan… — deya gap boshladi Parmenion – Esladingmi?..

Parmenion shunday deb yonida turgan qutichani ochib, Herodotning asari bitilgan papirus o’ramalarini oldi. Lekin Iskandar unga mutlaqo e’tibor bermay xayolga cho’mganini ko’rib, o’ramalarni yana o’rniga qo’ydi.

Parmenionning fil suyagidan yasalgan bu qutichani olib yurishiga ham Iskandar sababchi: keksa qilichboz bu ishi bilan navqiron podshoh ko’nglini olishni istardi. Boshqa lashkarboshilar ham xuddi shunday qutichalar olib yurishining sababini esa Gavgamela jangidan so’ng ro’y bergan bir voqea ochib berardi.

Podshoh Doro mag’lubiyatidan so’ng fors hukmdori-yu ko’p sonli saroy ahlidan qolgan boyliklarni ro’yxat qilgan yunon amaldorlari taklifi bilan jahongirning yaqin safdoshlari o’ljalar orasida eng qimmatbaho hisoblangan buyumni Iskandar huzuriga olib kirishdi. Bu bebaho duru gavhar bilan ziynatlangan quti – kichkinagina sandiqcha edi. Sandiqchaga o’rnatilgan gavhartoshlarning ayrimlari Fors saltanatiga qarashli viloyatlarning bir yillik xirojiga teng kelardi. Iskandar qutichani maroq bilan tomosha qilarkan,ichida ustaning hunariga tahsin aytdi.

So’ng qoshida o’tirganlardan:
— Doro unda nimani saqlagan ekan – deb so’radi.
– Xazinaning kalitini., — dedi qutichani qo’liga olib tomosha qilib o’tirgan xos tabib Filipp.
— Bu qutida nimani saqlashimni maslahat berasizlar? – deb so’radi Iskandar.
Podshohning savoli kutilmagan bo’ldi.
— Doroning tojini, — dedi o’ylab o’tirmay Klit.
— Otang Filipdan meros qolgan tojni, — dedi Parmenion.
— Xitoy podshohi sovg’a qilib yuborgan qilichni, — dedi Iskandarning bu tortiqni nihoyatda yaxshi ko’rishini bilgan Filot.

Davradagilar o’zlariga ma’qul maslahatlarni berib bo’lgach, kimning taklifi ma’qul topilishini kutib sukut saqlashdi.
— Men bu qutichada, — Iskandar shunday deya o’tirganlarga bir-bir ko’z tashlab chiqdi: — “Iliada”ni saqlashni istardim…

* * *

Hozir chodirda Parmenon bilan suhbatlashib o’tirarkan, uning gapi bahona Herodot asarida Boxtariston va Sug’d xususida yozilgan ma’lumotlarni esladi. Iskandarning xotirasi kuchli edi. Ustozi Arastu ham uning quvvai hofizasiga tahsin o’qigan.

Iskandar Herodotning Fermopila yaqinida sodir bo’lgan dahshatli jangda forslar tarafida boxtarliklaru sug’dlar bilan birga sahroi saklar – iskit(skif)lar ham ishtirok etgani haqida yozganlarini bir-bir xayolidan o’tkazdi. Muarrix iskitlarni uchli qalpoq, teridan qilingan egin-bosh kiyishlarini, jangu jadalda mashhur sak kamoni, xanjar va ikki damli oybolta qo’llashlarini yozgan edi. Hozir yo’lda Iskandarga dam-badam hujum qilayotgan sahroyilarning ust-boshi, qurol-yarog’i ham Herodot tasviriga mos kelardi.

Herodotning yozishicha, qolaversa, iskitlar bilan goh birga, goh o’zaro jang qilgan forslarning ta’riflashicha, kamonbozlikda sahroyilarga teng keladigan qavm hali jahonda yo’q ekan. Iskitlar uchun uzuk orasidan novak uchirib o’tkazish oddiy bir ermak ish emish. Iskandar bu gaplarga unchalik ishonmasdi. Uning o’zi jang-jadalsiz kunlarda ham kamondan o’q uzish mashqini kanda qilmas, ko’kda uchib borayotgan qushni bemalol nishonga ola bilardi. Uzuk orasidan novak uchirib o’tkazish haqidagi gaplar esa Iskandar uchun suyukli Herodotning Troya muhorabalariga bag’ishlangan dostonida ham dam-badam uchrab turadigan lofdan bo’lak narsa emasday tuyilardi.
Shularni o’ylar ekan, Iskandar Parmenionga qarab:
— Herodot to’g’ri gaplarni yozgan ekan…-dedi.

Bu gapni eshitgan Parmenion birdan yengil tortib, quvonib ketdi. Uning bu holatini payqagan Iskandar miyig’ida kulib qo’ydi. Gavgamela jangi arafasida va jangda ro’y bergan voqealardan buyon uyalib, o’zini qo’yarga joy topolmay yurgan bechora chol yosh hukmdorining e’tiborini qozona boshlaganidan xursand edi.

Gavgamela jangi oldidan Doro Iskandar huzuriga o’z elchisini yubordi. Elchi Iskandarga: “Forslarning buyuk hukmdori senga o’n ming talant tilla va Osiyoning yarmi ustidan hukmronlikni berishga rozi “,- deb aytdi. Shunda Iskandarning yonida turgan Parmenion beixtiyor:
— Agar men Iskandar bo’lganimda, bu taklifga o’ylab o’tirmay rozi bo’lardim,-deb yubordi.

Iskandar o’sha zahoti, ammo keksa safdoshiga qayrilib ham qaramay, javob berdi:
— Zevs haqi aytamankim, agar men ham Parmenion bo’lganimda bu taklifga rozi bo’lardim.

So’ng elchiga qarab tahdid bilan:
— Borib Doroga ayt, osmonda quyosh ikkita bo’lmaganidek,yerdayam podshoh bitta bo’ladi,- dedi.

Mana shu voqeadan so’ng Parmenion ancha vaqtgacha o’zini Iskandardan olib qochib yurdi. Uning ustidan kulganlar ham topildi. Aksiga olib, Gavgamela ham jangida keksa lashkarboshining omadi yurishmadi. Qariligi asar qildimi, sustkashlikka yo’l qo’ydi. Oqibatda qo’l ostidagi jangchilari bilan mushkul ahvolda qoldi. Tajribasiz yosh lashkarboshiday o’rovga tushdi. Baxtiga Doroning jang maydonidan qochganini eshitgan fors jangchilari tahlikaga tushdilaru keksa sarkarda
sharmandali mag’lubiyatdan qutilib qoldi.

Bari bir Iskandar qattiq g’azablandi. Ammo,otasini eslatib turadigan qariyani ayadi. Podshoh Filipp bu sodiq safdoshini yaxshi ko’rar, unga qattiq mehr qo’ygan edi. Hatto u bir marta: “Men afinaliklarga juda havas qilaman. Ular har yili saylovda o’nlab lashkarboshilarga ega bo’ladilar. Men bo’lsam necha yillar davomida bor-yo’g’i bir lashkarboshini — Parmenionni topdim”, deya lutf etgan edi. Padari buzrukvori bu kinoyasi bilan afinaliklarning o’n lashkarboshisiga Parmenionning bir o’zini teng qo’yishini aytmoqchi va bu bilan afinaliklarni masxaralab, o’z lashkarboshisini olqishlamoqchi edi.

Iskandar Parmenionning jangdagi sustkashligi boisini qarilikdan deb biladi. Uning nazarida, sustkashlik ojizlikdan, ojizlik esa qarilikdan tug’iladi. Ha, qarilik qo’rquvdir! Yigirma yashar jahongir ustozi Aristotelning “Qarilik – donishmandlik” degan hikmatini esladi-yu, fikrini bari bir o’zgartirmadi…

Gavgamela jangida Parmenion boshliq askarlar mana shu sahroyilar – saklar bilan massagetlardan iborar qo’shin o’roviga tushib qolgan edi. Bess boshliq bu qo’shinda boxtarlar va sug’dlar ham bor edi. Xususan, sug’dliklar sarkardasi Spitamenning dilovarligi yunonlarni hayratga soldi.

Iskandar Herodotning kitobida qayt etilgan podshoh Doroning bobosi Kurush mana shu bepoyon sahro qo’ynida massagetlar tomonidan jangda mag’lub etilgani, hatto boshi tanidan judo qilinib qon to’la meshga tiqilgani haqidagi hikoyani esladi.
— O’sha massagetlar malikasining ismi Tomiris edi, — dedi Parmenion. Iskandar yalt etib keksa lashkarboshiga qaradi. “Nima haqda o’ylaganimni bu chol qaerdan bila qoldi?” — deb o’yladi u hayratini yashirolmay.Yana yalt etib Aristotelning hikmati fikridan o’tdi.

Parmenion bo’lsa hech narsa bo’lmagandek, sahro jaziramasida iligan, endigina paydo bo’lgan oqshom shabadasi hali sovutishga ulgurmagan may to’la kosani shimirardi. Iskandar ham qadahini qo’liga oldi. Chodir ichi haliyam dim edi. Safar davomida tashnalik hammani qiynar, ammo suv kamchil, sharob esa ko’p edi. Iskandarni boshlab borayotgan forslar so’ziga qaraganda ikki kundan so’ng juda katta daryoga yetib borisharkan. Shuni o’ylab, iliq sharobdan ko’ngli behuzur bo’lgan Iskandar tamshanib qo’ydi.

Kecha qiziq voqea yuz berdi.
Kun tikkaga kelgan payt edi. Quyosh ayamay olov purkardi. Bu olovdan po’lat cho’g’langan misol chaqnab borar, sovutlar ichidagi vujudlar esa suv bo’lib erib ketayotganday go’yo…

Issiqdan betoqatlangan Iskandar Zevsdan tezroq kun botishini tiladi. Ammo shomgacha hali uzoq edi. Oxiri Iskandar chidolmadi. Suv so’radi. Unga Gavgamela jangida qo’lga tushgan Doro suvdonini uzatishdi. Suvdonda ozgina suv qolgan ekan. “Bori shumi?” deb so’radi. Xos soqchilari boshlig’i unsiz bosh irg’adi. Iskandar suvdonni labiga olib borish asnosida to’rt tomondan tashna askarlar nigohini tuydi. Ha, podshoh atrofidagi lashkar suvdonga ko’z tikkan edi. U nima qilishini bilmay, taraddudlanib qoldi. So’ng shartta suvdondagi suvni qizib yotgan qum ustiga to’kdi. Qizigan qum dam o’tmay suv izidan nom-nishon qoldirmadi. Ich-ichida nogahoniy kuchli hayajon uyg’onganini sezgan Iskandar “Men hamma qatoriman!” deya qichqirdi. Jangchilar ruhlanib rosa qichqirishdi. “Bizni o’ylab shunday qildi!” deb bir-birlariga faxrlanib gapira boshlashdi.

Mana endi Iskandar tashnalikni may bilan qondirardi. Askarlarga ham suv o’rnida may tarqatishar, ammo mast bo’lmaydigan miqdorda berilsin, degan farmonga qattiq rioya qilinardi.

Iskandar mayni behad suyar, jangu jadalsiz chog’larda tuni bo’yi davom etadigan bazmlarda “to’ydim” demasdi. Mana shunday paytlarda ta’magirlarni omadi chopardi: yosh hukmdor maqtov eshitishni xush ko’rardi. Bu esa ta’magirlik, tilyog’lamalik qilishni bilmaydigan ayrim lashkarboshilarni qiyin ahvolga solib qo’yardi. Ular ikki o’t orasida qolib nima qilishlarini bilmasdilar.

Boshqalarga qo’shilib tilyog’lamalik qilay deyishsa, bundan orlanishar, qolaversa, uddalay olishmas, maqtovlarga qo’shilmay sukut saqlash esa xavotirli edi. Ammo jang arafasida Iskandar har qanday bazmlarga barham berib, yana ziyrak va farosatli hukmdorga aylanardi. Oqibatda ta’magirlar chetlashib, so’zdan ko’ra qilich ushlab jang qilishni eplaydiganlarning omadi yurishardi.

Mast odam jangga yaramaydi. Suyukli “Iliada”da bu haqda bag’oyat go’zal aytilgan:

May bamisoli muhabbatday kuchni qirqqay;
ketgay quvvat bilakdanu mardlik yurakdan…

Herodot ham o’z bitigida sharob xususida ko’p rivoyatlar keltiradi. Uning yozishicha, mana shu sahroyilar bilan jang qilgan Kurush maydan o’z yovuz niyati yo’lida ustalik bilan foydalangan. Malika Tomarisning o’g’li bo’lmish massagetlar lashkarboshisi Sparganisni sharob yordamida qo’lga tushirgan.

Mana endi mag’lub Doroning bobkaloni Kurushni halok etgan sahroyilar makonidan muzaffar yunon qo’shini o’tib borardi. Bu qo’shinni to’xtata oladigan kuch jahonda yo’qdek tuyulardi.

* * *

Yo’l boshlovchi forslar aytgan daryogacha bir kunlik masofa qolganda manzil qurdilar. O’sha kuni jangchilar yaqin-atrofda poda boqib yurgan sak cho’ponini tutib, Iskandar huzuriga olib kelishdi. Cho’pon yigit deyarli u bilan tengdosh edi. Boshida uchli qalpoq, egnida teridan qilingan ko’ylak-ishton kiygan cho’pon yigit ko’zida qo’rquvdan asar yo’qligini sezgan Iskandar tilmochni chaqirdi.

Tilmoch etib kelgach, cho’pondan bu yerlarda nima qilib yurganini surishtirishni buyurdi.
— Uyur boqib yuribman, — deb javob berdi cho’pon.
— Mening kelayotganimni eshitib, bekinmadingmi? – dedi Iskandar.
— Qo’rqqan odam bekinadi! — dedi cho’pon yigit.

Iskandar cho’pon yigitning javobiga qoyil qoldi. Shu payt uning nigohi askarlar o’rab olib, tomosha qilayotgan cho’pon yigitning otiga tushdi-yu, dong qotdi. Bunaqa otni u hali umri bino bo’lib ko’rmagan edi. Hatto keng qashqali bo’lganidan Butsefal deb nom olgan suyukli oti ham sahroyi arg’umoq bilan tenglashtirilsa, qadrini yo’qotib qo’yishi mumkinday tuyuldi.

Iskandar o’n yildan buyon Butsefeldan ayrilmas,uni ko’z qorachig’iday asrardi. Otasi Filipp bu otni Iskandar hali go’daklik chog’ida fasallik mashhur otfurush va sinchilikda tengi yo’q Felonikosdan o’n uch talantga sotib olgan ekan. Iskandar Girkonni zabt etib, Kaspiy dengizi bo’ylab sayru tomosha qilib yurgan paytida sahro ichidan to’satdan paydo bo’lgan sahroyilar to’dasi qirg’oq yaqinidagi o’tloqda o’tlab yurgan otlar qatori Butsefelni ham olib ketishdi. Buni eshitib Iskandarning g’azabi junbushga keldi. U “Agar otim tezda qaytarilmasa, chor atrofni xonavayron qilib, aholini qatliom qilishdan qaytmayman” degandan so’ng, otini qaytarib yuborishdi. Iskandar shunday quvondiki, hatto o’g’rilarga ot uchun to’lov to’lashga ham rozi bo’ldi.

To’g’ri, sahroyi yigitning otini Butsefalga tenglashtirib bo’lmasdi. Butsefal juda noyob ot, ammo cho’ponning oti ham kuchli, ham bag’oyat ko’rkam edi. Otni zavq bilan tomosha qilgan yosh podshoh yana cho’pon yigitga qaradi.
— Otingni menga sot, — dedi Iskandar.
— Do’stimni sotolmayman! – dedi cho’pon yigit.
— O’ylamay javob berishga shoshilma Men otingni tortib olishim, seni esa o’limga buyurishim mumkin! – dedi Iskandar har bir so’zini dona-dona qilib.
— Meni o’ldirib otimni olsang, ol, ammo mendan uni sotishni so’rama, — dedi cho’pon yigit Iskandarning ko’ziga tik qarab.

Iskandar qachonlardir xuddi chu taxlit javobni eshitganday edi. Dam o’tmay esladi. U Doroning yenggandan so’ng xizmatiga kirgan forslarning biri uning iltimosi bilan ahmoniylar sulolasi haqida so’zlab berar ekan, Doroning buyuk bobosi Kurush bilan bog’liq bir voqeani hikoya qilib bergan edi.

Kurush o’z qo’shinidan oddiy askarlardan birining otiga ishqivoz bo’lib qolibdi-da, undan katta haq evaziga otini berishni so’rabdi. Shunda askar yigit:
— Yo’q,ulug’ podshohim,- debdi, — talabingni ado etolmayman. Agar odamlar orasidan shunday sadoqatli do’stni topa olishimga ishonganimda edi, senga otimni bajonidil bergan bo’lardim.

Kurush askarning javobidan hayratlanib, unga ko’p tortiqlar qilgan ekan. O’sha fors roviyning naql qilishicha, Doro ham otning ashaddiy ishqivozi va har qanday otning zotini, fe’l-atvorini puxta biladigan sinchi bo’lgan ekan. Uning yana bir qiziq odati — jangga otlanganida hamisha endigina qulunlagan biyani o’zi bilan olib ketar ekan. Doro Gavgamela jangidan avval bo’lib o’tgan Issa yaqinidagi jangda mag’lub bo’lganida mana shunday biyalarning biriga minib ortiga qochgan va yaqindagina dunyoga keltirgan bolasini qo’msagan bechora biya shunday shitob bilan chopgan ekanki, qochqin podshoh ortidan quvishga tushgan yunonlar yarim yo’lda qolib ketishgan.

Iskandar cho’pon yigitning javobidan mamnun bo’lib, yuzi yorishib borarkan,nogoh saklarning tengi yo’q mergan ekanlari haqidagi gaplarni eslab qoldi. “Mana endi bo’lmag’ur mish-mishlarning asossiz ekanligini isbotlaydigan payt keldi”, deb quvondi ichida. U Gavgamela jangidan so’ng qochoq Doroni quvganda, forslar hukumdori tashlab qochgan jangaroba bilan birgalikda qo’lga tushirilgan shoh kamonini keltirishni buyurdi. Ammo yosh jahongirning maqsadini hali anglashga ulgurmagan cho’pon yigit shohona kamonga ko’z qirini ham tashlamadi.

Iskandar o’rnidan turib, kamonni qo’lga oldi-da:
— Agar sen kamondan o’q uzib, uzuk orasidan o’tkaza olsang, otingni minib ketishingga ruxsat beraman. Xato qilsang, o’zing kamonchilarimga nishon bo’lasan. Rozimisan?!-dedi.

Cho’pon yigit bir nafas o’yga botdi. Ammo shu bir nafas ichida uning ko’nglida qattiq bir musohaba bo’lgani yigit yuzida ko’rinib turardi. Yigit yana Iskandarning ko’ziga tik qarab:
— Yo’q!- dedi.

Iskandar qah-qah otib kulib yubordi. So’ng yo’l davomi unga saklarning merganligi haqida latifa aytib kelgan forslarga g’azab bilan o’qraydi. Uning nigohidan:
“Mana ko’rib qo’yinglar, o’sha sizlar maqtagan merganlarning bittasi… Sizlar emasmi, ularning yetti yasharidan yetmish yasharigacha kamondan o’q uzib uzuk orasidan o’tkazishi haqida lof to’qigan” — degan tahdidli ma’noni ilg’ab olish mumkin edi.

— Olib borib boshini tanidan judo qiling! –dedi Iskandar jahl bilan Doro kamonini chetga irg’itarkan.

Soqchilar boshlig’ining ishorasi bilan ikki navkar cho’pon yigit qo’llaridan mahkam tutishdi. Yigit ularga qarshilik ko’rsatmadi, u hech narsa bo’lmaganday xotirjam edi. Ortda turgan askar “Qani ketdik!” — degandek, uning kuragiga nayzasini tiragan mahaldagina cho’pon yigit yaqinida turgan tilmochga nimalardir dedi. Buni ko’rgan Iskandar o’sha zahoti: “Shoshmanglar!” – degandek qo’lini ko’tardi.Keyin tilmochni yoniga chaqirdi.
— Nima dedi?
— Uch to’rt kundan beri poda ortidan yurib mashq qilolmagan ekan. Shuning uchun o’q uzganida hato qilishi mumkin ekan,- deb javob berdi tilmoch.

Bu gapni eshitgan Iskandar nima deyishini bilmay cho’pon yigitga tikildi. U o’q uzib xato qilishdan ko’ra o’limni afzal ko’rgan yigit oriyati oldida hangu mang edi. Iskandar oriyatli odamlatni hurmat qilardi. U hayrat ichida turarkan, o’z-o’zidan tiliga “Illiada” satrlari quyulib kela boshladi:

Har bir mard-la, hordiq bilmay,
Otashona jang qilsin har mard!

Iskandar cho’pon yigitni ozod qilib, otini qaytarishni, xohlagan tomoniga ketishiga to’sqinlik qilmaslikni, keyin cho’pon yigit uyuri allaqachonlar qo’shin zahirasi ixtiyoriga olinganini eshitib otlarni ham bitta qo’ymay qaytarishni buyurdi. “Oriyatli xalq bilan jang qilish uchun oriyatli bo’lmoq kerak”, deb o’ylardi Iskandar…

Yo’l boshlovchilar aytgandek, ertasi kuni vaqt peshindan o’tgan mahal olisda yoyilib oqayotgan daryo ko’rindi. Bu Herodod ta’riflagan Oks daryosi edi. Sahroyilar tilida bu daryo O’kuz deb atalarkan.

Tashnalikdan qiynalgan lashkar suv tomon otildi. Iskandar ham yo’l davomida birinchi marta Butsefalga qamchi urdi. Qirg’oqqa yetib kelgach, ust-boshini yechmasdan daryoga kirdi. Oks suvi uni hayratga soldi. Bu suv u shu paytgacha kechib o’tgan daryolar suviga deyarli o’xshamasdi: suv juda mayin, xuddi zaytun moyidek muloyim edi.

O’sha kuni kechqurun daryo qirg’og’ida salqindan rohatlanib o’tirgan Iskandar chodiriga ayg’oqboshi — fors Arsam kirib keldi.
— Shohim, — deb gap boshladi u ta’zimni ado qilib bo’lgach, — ayg’oqchilar qaytib krlishdi. Ularning aytishicha, xiyonatkor Bessni na boxtaristonliklar, na sug’dlar quvvatlayotgan emish. Sug’d sarkardasi Spitamen atrofiga esa xalq to’planayotgan emish. Eng muhimi, Spitamen dilovar va oriyatli yigitlardan yetti mingini saralab xos lashkar tuzib jangga hozirlik ko’rayotgan emish…

Arsamning gaplarini eshitib Iskandar chuqur xayolga botdi. Uning ko’zi o’ngida nima uchundir kechagi cho’pon yigit namoyon bo’ldi. Botayotgan quyosh aksi daryo ustini qizartirib borayotganini, go’yo o’zanni qon to’ldira boshlayotgandek ham sirli, ham hayajonli manzarani tomosha qilar ekan: “Kurash og’ir bo’ladi!” — deb pichirladi yosh jahongir…

1990

XDK

(Tashriflar: umumiy 233, bugungi 1)

Izoh qoldiring