Xurshid Davron. Ustoz ibrati & «Shahardagi olma daraxti» (1979)

Ashampoo_Snap_2016.12.21_14h32m04s_001_.png 28 декабрь — Устоз Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги

   Устоз тушунчаси, менинг назаримда, энг аввало, ибрат тушунчаси билан боғлиқ бўлса керак. Тил ва сўзга масъулият ибрати, миллат ва ватан тақдиридаги муҳим масалада ёндашув ибрати. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Мунаввар Қори, Абдулҳамид Чўлпондан биз ижодкор аҳлига энг аввало ана шу Ибрат қолган. Шу маънода, мен Эркин Воҳидов ибратидан миллатни, миллий ўзликни қадрлашни, мумтоз адабиётга муҳаббатни, уни идрок этмакни ўргандим ва ҳамон ўрганяпман.


Эркин Воҳидов
Ўзбекистон Халқ шоири
ОҚ ЙЎЛ

009

Барча санъатлар каби шеърият ҳам ўзига хосликни ёқтиради. Овоз ҳам, соз ҳам,сўз ҳам, буюк Навоий тили билан айтганда,»тархи тоза ва улусқа беандоза» бўлса элда эътибор топади.

Адабиётимизга ана шундай ўзгалардан ўзгача тараннум билан бир гуруҳ ёш шоирлар кириб келди ва шеърият мухлисларининг диққатини тортди. Булар ичида Хуршид Давроннинг алоҳида ўрни бор.

Хуршиднинг шоирона назарида ҳам,ташбеҳларида,шеърининг вазнида ҳам беҳаловат кечинмалар руҳи ва тўлқини сезилиб туради. Унинг сатрларида ёшликка хос оташ бор,туғён бор.
Хуршиднинг тасвир услубида ҳам ўзига хосликни кўриш мумкин:

«Эшилар тўсатдан бир қучоқ нурни
Сочиб юборади туннинг кўксига…»

Бу сатрни ўқиган киши кўз олдига ярқ этиб бир манзара, оний бир лавҳа келади ва шеър дастлабки мисраларидан диққатни ўзига боғлаб олади.

Хуршид Даврон қийин ва машаққатли изланиш йўлларидан ўтиб катта шеърият даргоҳига кириб келаётир. Қўлингиздаги китобчани истеъдодли ёш шоирнинг шаҳодат дафтарчаси дейиш мумкин.

УСТОЗ ИБРАТИ
Хуршид ДАВРОН
045

Адабий ижод бутунлигича индивидуал жараён бўлса-да, гарчи яхши шеър ёки ҳикоя ёзишни ҳеч ким ўргатолмаса-да, кўҳна Шарқда устоз-шогирдлик анъанасига алоҳида эътибор берилган. Бу анъанада ҳар икки томоннинг ўз вазифаси, масъулияти бор. Энг аввало, устоз билан шогирдни боғлаб турадиган руҳий ва маънавий уйғунлик риштаси мавжуд бўлиши керак.

Устоз шогирдининг шеърини ёзиб бермайди. У ўз тажрибаларидан хабардор қилади, ўзи ёзган асари билан шогирдига сабоқ беради ва энг муҳими, шогирдига ҳар томонлама маънавий кўмак беради, лозим топганда, мақтайди ёки хатосини айтади. Фақат мақтайдиган устоздан наф йўқ. Ҳадеб хатосини юзига солиш ҳам устозлик эмас.

Устоз тушунчаси, менинг назаримда, энг аввало, ибрат тушунчаси билан боғлиқ бўлса керак. Тил ва сўзга масъулият ибрати, миллат ва ватан тақдиридаги муҳим масалада ёндашув ибрати. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Мунаввар Қори, Абдулҳамид Чўлпондан биз ижодкор аҳлига энг аввало ана шу Ибрат қолган.

Шу маънода, мен Эркин Воҳидов ибратидан миллатни, миллий ўзликни қадрлашни, мумтоз адабиётга муҳаббатни, уни идрок этмакни ўргандим ва ҳамон ўрганяпман.

* * *

Эркин акани илк маротиба 1968 йилнинг кузида, Самарқанднинг 2500 йиллиги нишонланган кунларда кўрганман. Шаҳар маданият боғининг ёнгинасида жойлашган янги кинотеатрда катта мушоира бўлган, Зулфия опа, Қайсин Қулиев, Расул Ҳамзатов, Давид Кугультинов, Евгений Евтушенко ва бошқа меҳмон шоирлар шеър ўқиган даврада орзулар қучоғида яшнаб ўтирганман. Эркин ака Самарқандга бағишланган шеърини ўқиганида одамлар шоирни гулдасталарга кўмиб ташлагани ҳануз кўз ўнгимда турибди.

Ўша йиллар ҳамманинг тилида «Ўзбегим» қасидаси эди. Ўзим учун ажратилган хонада, нима учундир чироқни ўчириб, қасидани жуда баланд пардада, такрор-такрор ўқирдим. Ҳар гал “Ўзбегим!” дея ҳайқирарканман, баданим жимирлаб кетарди. Қасидадан кейин “Самарқанд” шеърини шивирлаб ўқирдим:

Мунажжим тасбеҳидан тўкилган доналардек,
Осмон узра сочилиб ярқирайди юлдузлар.

Бир куни бу ишимдан хабар топган дадам “Нимани бунча бақириб ўқийсан, кейин яна нималарнидир пичирлайсан?” — деб суриштириб қолди. Мен «Ўзбегим» қасидасини” дедим. “Қани, ўқиб бер-чи”, деди дадам. Ўшанда нима учун чироқни ўчириб ўқишимни англагандай бўлдим. Ўзимни катта шоир сифатида тасаввур қилганим, айни шу тасаввурдан уялганимдан чироқни ўчирар эканман. Дадам ҳеч қўймагандан кейин овозим қалтираб қасидани ўқиганман. Шеър тугагач, дадам “Бор ичкарига кир, чироқни ўчириб, бошқатдан ўқиб бер!” деган эдилар…

Тошкентга илк келган йилим мени Эркин Воҳидовнинг “Ёшлик девони” кутиб олган эди. Тошкент университети олдидаги имтиҳонга ҳозирлик кўраётган ҳар икки ёшнинг қўлида шу китобни кўрардим. Китоб сатрлари чор атрофимда жаранглаб турарди. Энди бир-бири танишаётган ёш шоирлар гапни шу китобдан бошлар, “Ўзбегим”ни бири бошлаб, иккинчи, учинчиси давом этарди. “Ёшлик девони” Тошкентни, Ўзбекистонни забт эта бошлаган эди.

* * *

Биз талаба бўлган ва кейинчалик, мен тенги авлод адабиётга кириб келган йилларда адабий жараён юксак тоғдан шарқираб оқаётган сойга ўхшарди. Олаётган нафасимиз ҳам шеър билан, ижод билан тўйинган, янги чиққан китобгина эмас, газетада босилган ҳикоя, ҳатто биттагина шеър юз минглаб юракларни ҳаяжонга солганини кўриб, билиб, ҳис қилиб турардик.

Мушоиралар ўзига хос ижодий мусобақа мақомида эди. Бу руҳ бизни тинимсиз изланишга даъват этарди. Бирон бир яхши шеър ёки ҳикоя назардан қолмасди. Тошкентда, қайсидир ўқув юрти ётоқхонасида ёки ёзувчилар уюшмаси залида жаранглаган шеър эртагаёқ Қўқон чойхонасида, Хивадаги мактабда, Чироқчидаги шийпонда акс садо берарди. Адабий ҳаёт дарёдай ҳайқириб оқарди.

Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 70-80-йиллари ўзбек адабиётида юзага келган қайноқ муҳит беқиёс бўлганини ҳеч ким рад этолмайди. Ҳалигача таъсири давом этаётган бу муҳит ўзидан-ўзи осмондан тушмаган эди. У жуда узоқ давом этган соқовликдан сўнг, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Ҳусниддин Шарипов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Омон Матжон каби шоирлар, уларга эргашиб кириб келган ёш авлод ижоди боис адабиётнинг карахт вужуди нафас ола бошлаганидан туғилган эди, десак тўғри бўлади. Хусусан, адабиётда 30-йиллар қатағонидан кейин пайдо бўлган жарликни тўлдирганлардан, Абдурауф Фитрату Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпону Ҳамид Олимжон, Ойбеку Усмон Носирдек тенгсиз шоирлар қалам сурган ХХ асрдаги ўзбек шеъриятининг олтин даврига кўприк улаган шоирларнинг бири Эркин Воҳидов эди.

Ҳар бир авлоднинг адабиёт, унинг жамият ҳаётидаги ўрни, ижодкор масъулияти ҳақида ўз қараши мавжуд. Бу, энг аввало, ижодкор тарихнинг қайси ва қандай палласида яшаётгани, мамлакат ва ташқи дунёда содир бўлаётган воқеалар, ўша даврда яшаган кучли ижодкор шахснинг асарлари, унинг ижтимоий (гражданлик) позицияси таъсирида шаклланади. Менинг авлодим — 80-йиллар авлоди: Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Садриддин Салим Бухорий, Матназар Абдулҳаким ва бошқа жўра шоирлар, том маънода, юқорида номлари саналган ижодкорлар, улар яратган адабий муҳит таъсирида шаклланди. Уларнинг елкасида туриб жаҳонни кўра бошладик.

* * *

… Эркин ака билан ёшлар нашриётида ишлаган йилларим шеърларим ўша даврнинг энг мавқели журналида босиладиган бўлди. Журнал таҳририятининг адабий ходимидан “Мана бу шеърларни бир кўриб беринг” деган илтимос билан Эркин акага берилганини эшитиб, ишхонада устознинг кўзларига кўринмасликка ҳаракат қилиб юрдим.

Кунлардан бир кун Эркин ака бўлим бошлиғимиз орқали мени чақиртирди. Бордим. “Шеърларингизни ўқидим, журнал учун оқ йўл ҳам ёздим. Аммо, бундан кейин жуда қаттиқ ишлашингиз керак”, деди Эркин ака. Кейин янги чиққан китобига дастхат ёзиб, совға қилди. Унда “Укам Хуршидга ишончни оқлашини тилаб” деб ёзилган эди. Қачон ўша дастхатга кўзим тушса, хурсанд бўлиб кетаман… кейин ўша ишончни оқладимми, деб ўйлай бошлайман.

1976 йили бир туркум шеърим Эркин ака оқ йўли билан “Гулистон” журналида эълон қилинди. 1979 йили нашр этилган биринчи тўпламим “Шаҳардаги олма дарахти”да ҳам Эркин аканинг оқ йўли билан босилди. Иккинчи оқ йўлни ёзиб, менга берар эканлар, устоз: “Гулистон”да босилган шеърларингизни тўпламга киритмаганингиз учун ҳам иккинчи марта ёздим” деб ҳазиллашган, кейин жиддийлик билан “Уларни киритмай тўғри қилгансиз” деган эдилар.

Бу гапнинг моҳиятини вақт ўтиб англадим. Журналдаги шеърлар билан илк китобимга кирган шеърлар орасида фақат вақт эмас, ўша анчагина хом шеърларимда “ниманидир” илғаб, менга оқ йўл тилаган устоз ишончини оқлаш масъулияти ҳам бор эди. Китобда ёзилган оқ йўлдаги мана бу сўзлар елкамга яна-да катта масъулият юклаган эди: “Барча санъатлар каби шеърият ҳам ўзига хосликни ёқтиради.Овоз ҳам,соз ҳам,сўз ҳам,буюк Навоий тили билан айтганда, «тархи тоза ва улусқа беандоза» бўлса элда эътибор топади…”

Учинчи китобим “Тунги боғлар”ни тайёрлашда унга муҳаррирлик қилган шоир Тўлқин ака билан қаттиқ тортишиб қолдик. Ичкиликка қарши кураш компанияси бошланган Горбачёв замони эди. Қарасам, Тўлқин ака шеърларимдаги “май”, “шароб”, “бода” сўзларининг ҳаммасини бир бошдан “чой”, “сув”га алмаштириб чиқибди. Мен рози бўлмай: “Нима маҳбубага қарата, “Юрагимни маст этди ишқнинг чойи” деб мурожаат қиламанми?” — дея қаттиқ оёқ тираб олдим

Охири қозилик сўраб, Эркин ака ҳузурига кирдик. Рости гап, нашриёт бош муҳаррири қийин аҳволда қолди. Чунки, муҳаррир яқин дўсти, муаллиф эса шогирди. Аммо, бекорга Эркин акани буюк дипломат дейишмайди. “Шеърларни ўзим кўраман”,- дедилар. Ўша куни Эркин ака тўпламни ўз қўли билан таҳрир қилди. Ҳаммаси бўлмаса ҳам, “май”, “шароб”, “бода” сўзлари қайта тикланди. Қайсидир сатрларни бош чайқаб ўзгартирди, яна бир сатрларни “юмшатди”. Аммо, тўпламни менга қайтарар экан, устоз: “Мен ўзгартирган сатрларни вақти келганда, ўзингиз ёзгандек, чиқарасиз” деди.

Мақолани тўлиқ ҳолда мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин.

004Erkin Vohidov
O‘zbekiston Xalq shoiri
OQ YO‘L

009

Barcha san’atlar kabi she’riyat ham o‘ziga xoslikni yoqtiradi. Ovoz ham, soz ham,so‘z ham, buyuk Navoiy tili bilan aytganda,»tarxi toza va ulusqa beandoza» bo‘lsa elda e’tibor topadi.

Adabiyotimizga ana shunday o‘zgalardan o‘zgacha tarannum bilan bir guruh yosh shoirlar kirib keldi va she’riyat muxlislarining diqqatini tortdi. Bular ichida Xurshid Davronning alohida o‘rni bor.

Xurshidning shoirona nazarida ham,tashbehlarida,she’rining vaznida ham behalovat kechinmalar ruhi va to‘lqini sezilib turadi. Uning satrlarida yoshlikka xos otash bor,tug‘yon bor.
Xurshidning tasvir uslubida ham o‘ziga xoslikni ko‘rish mumkin:

«Eshilar to‘satdan bir quchoq nurni
Sochib yuboradi tunning ko‘ksiga…»

Bu satrni o‘qigan kishi ko‘z oldiga yarq etib bir manzara, oniy bir lavha keladi va she’r dastlabki misralaridan diqqatni o‘ziga bog‘lab oladi.

Xurshid Davron qiyin va mashaqqatli izlanish yo‘llaridan o‘tib katta she’riyat dargohiga kirib kelayotir. Qo‘lingizdagi kitobchani iste’dodli yosh shoirning shahodat daftarchasi deyish mumkin.

USTOZ IBRATI
Xurshid DAVRON
045

Adabiy ijod butunligicha individual jarayon bo‘lsa-da, garchi yaxshi she’r yoki hikoya yozishni hech kim o‘rgatolmasa-da, ko‘hna Sharqda ustoz-shogirdlik an’anasiga alohida e’tibor berilgan. Bu an’anada har ikki tomonning o‘z vazifasi, mas’uliyati bor. Eng avvalo, ustoz bilan shogirdni bog‘lab turadigan ruhiy va ma’naviy uyg‘unlik rishtasi mavjud bo‘lishi kerak.

Ustoz shogirdining she’rini yozib bermaydi. U o‘z tajribalaridan xabardor qiladi, o‘zi yozgan asari bilan shogirdiga saboq beradi va eng muhimi, shogirdiga har tomonlama ma’naviy ko‘mak beradi, lozim topganda, maqtaydi yoki xatosini aytadi. Faqat maqtaydigan ustozdan naf yo‘q. Hadeb xatosini yuziga solish ham ustozlik emas.

Ustoz tushunchasi, mening nazarimda, eng avvalo, ibrat tushunchasi bilan bog‘liq bo‘lsa kerak. Til va so‘zga mas’uliyat ibrati, millat va vatan taqdiridagi muhim masalada yondashuv ibrati. Mahmudxo‘ja Behbudiy, Abdurauf Fitrat, Abdulla Qodiriy, Munavvar Qori, Abdulhamid Cho‘lpondan biz ijodkor ahliga eng avvalo ana shu Ibrat qolgan.

Shu ma’noda, men Erkin Vohidov ibratidan millatni, milliy o‘zlikni qadrlashni, mumtoz adabiyotga muhabbatni, uni idrok etmakni o‘rgandim va hamon o‘rganyapman.

* * *

Erkin akani ilk marotiba 1968 yilning kuzida, Samarqandning 2500 yilligi nishonlangan kunlarda ko‘rganman. Shahar madaniyat bog‘ining yonginasida joylashgan yangi kinoteatrda katta mushoira bo‘lgan, Zulfiya opa, Qaysin Quliyev, Rasul Hamzatov, David Kugultinov, Yevgeniy Yevtushenko va boshqa mehmon shoirlar she’r o‘qigan davrada orzular quchog‘ida yashnab o‘tirganman. Erkin aka Samarqandga bag‘ishlangan she’rini o‘qiganida odamlar shoirni guldastalarga ko‘mib tashlagani hanuz ko‘z o‘ngimda turibdi.

O‘sha yillar hammaning tilida «O‘zbegim» qasidasi edi. O‘zim uchun ajratilgan xonada, nima uchundir chiroqni o‘chirib, qasidani juda baland pardada, takror-takror o‘qirdim. Har gal “O‘zbegim!” deya hayqirarkanman, badanim jimirlab ketardi. Qasidadan keyin “Samarqand” she’rini shivirlab o‘qirdim:

Munajjim tasbehidan to‘kilgan donalardek,
Osmon uzra sochilib yarqiraydi yulduzlar.

Bir kuni bu ishimdan xabar topgan dadam “Nimani buncha baqirib o‘qiysan, keyin yana nimalarnidir pichirlaysan?” — deb surishtirib qoldi. Men «O‘zbegim» qasidasini” dedim. “Qani, o‘qib ber-chi”, dedi dadam. O‘shanda nima uchun chiroqni o‘chirib o‘qishimni anglaganday bo‘ldim. O‘zimni katta shoir sifatida tasavvur qilganim, ayni shu tasavvurdan uyalganimdan chiroqni o‘chirar ekanman. Dadam hech qo‘ymagandan keyin ovozim qaltirab qasidani o‘qiganman. She’r tugagach, dadam “Bor ichkariga kir, chiroqni o‘chirib, boshqatdan o‘qib ber!” degan edilar…

Toshkentga ilk kelgan yilim meni Erkin Vohidovning “Yoshlik devoni” kutib olgan edi. Toshkent universiteti oldidagi imtihonga hozirlik ko‘rayotgan har ikki yoshning qo‘lida shu kitobni ko‘rardim. Kitob satrlari chor atrofimda jaranglab turardi. Endi bir-biri tanishayotgan yosh shoirlar gapni shu kitobdan boshlar, “O‘zbegim”ni biri boshlab, ikkinchi, uchinchisi davom etardi. “Yoshlik devoni” Toshkentni, O‘zbekistonni zabt eta boshlagan edi.

* * *

Biz talaba bo‘lgan va keyinchalik, men tengi avlod adabiyotga kirib kelgan yillarda adabiy jarayon yuksak tog‘dan sharqirab oqayotgan soyga o‘xshardi. Olayotgan nafasimiz ham she’r bilan, ijod bilan to‘yingan, yangi chiqqan kitobgina emas, gazetada bosilgan hikoya, hatto bittagina she’r yuz minglab yuraklarni hayajonga solganini ko‘rib, bilib, his qilib turardik.

Mushoiralar o‘ziga xos ijodiy musobaqa maqomida edi. Bu ruh bizni tinimsiz izlanishga da’vat etardi. Biron bir yaxshi she’r yoki hikoya nazardan qolmasdi. Toshkentda, qaysidir o‘quv yurti yotoqxonasida yoki yozuvchilar uyushmasi zalida jaranglagan she’r ertagayoq Qo‘qon choyxonasida, Xivadagi maktabda, Chiroqchidagi shiyponda aks sado berardi. Adabiy hayot daryoday hayqirib oqardi.

Darhaqiqat, o‘tgan asrning 70-80-yillari o‘zbek adabiyotida yuzaga kelgan qaynoq muhit beqiyos bo‘lganini hech kim rad etolmaydi. Haligacha ta’siri davom etayotgan bu muhit o‘zidan-o‘zi osmondan tushmagan edi. U juda uzoq davom etgan soqovlikdan so‘ng, Asqad Muxtor, Erkin Vohidov, Husniddin Sharipov, Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Cho‘lpon Ergash, Omon Matjon kabi shoirlar, ularga ergashib kirib kelgan yosh avlod ijodi bois adabiyotning karaxt vujudi nafas ola boshlaganidan tug‘ilgan edi, desak to‘g‘ri bo‘ladi. Xususan, adabiyotda 30-yillar qatag‘onidan keyin paydo bo‘lgan jarlikni to‘ldirganlardan, Abdurauf Fitratu Abdulla Qodiriy, Abdulhamid Cho‘lponu Hamid Olimjon, Oybeku Usmon Nosirdek tengsiz shoirlar qalam surgan XX asrdagi o‘zbek she’riyatining oltin davriga ko‘prik ulagan shoirlarning biri Erkin Vohidov edi.

Har bir avlodning adabiyot, uning jamiyat hayotidagi o‘rni, ijodkor mas’uliyati haqida o‘z qarashi mavjud. Bu, eng avvalo, ijodkor tarixning qaysi va qanday pallasida yashayotgani, mamlakat va tashqi dunyoda sodir bo‘layotgan voqealar, o‘sha davrda yashagan kuchli ijodkor shaxsning asarlari, uning ijtimoiy (grajdanlik) pozitsiyasi ta’sirida shakllanadi. Mening avlodim — 80-yillar avlodi: Shavkat Rahmon, Usmon Azim, Muhammad Rahmon, Sadriddin Salim Buxoriy, Matnazar Abdulhakim va boshqa jo‘ra shoirlar, tom ma’noda, yuqorida nomlari sanalgan ijodkorlar, ular yaratgan adabiy muhit ta’sirida shakllandi. Ularning yelkasida turib jahonni ko‘ra boshladik.

* * *

… Erkin aka bilan yoshlar nashriyotida ishlagan yillarim she’rlarim o‘sha davrning eng mavqeli jurnalida bosiladigan bo‘ldi. Jurnal tahririyatining adabiy xodimidan “Mana bu she’rlarni bir ko‘rib bering” degan iltimos bilan Erkin akaga berilganini eshitib, ishxonada ustozning ko‘zlariga ko‘rinmaslikka harakat qilib yurdim.

Kunlardan bir kun Erkin aka bo‘lim boshlig‘imiz orqali meni chaqirtirdi. Bordim. “She’rlaringizni o‘qidim, jurnal uchun oq yo‘l ham yozdim. Ammo, bundan keyin juda qattiq ishlashingiz kerak”, dedi Erkin aka. Keyin yangi chiqqan kitobiga dastxat yozib, sovg‘a qildi. Unda “Ukam Xurshidga ishonchni oqlashini tilab” deb yozilgan edi. Qachon o‘sha dastxatga ko‘zim tushsa, xursand bo‘lib ketaman… keyin o‘sha ishonchni oqladimmi, deb o‘ylay boshlayman.

1976 yili bir turkum she’rim Erkin aka oq yo‘li bilan “Guliston” jurnalida e’lon qilindi. 1979 yili nashr etilgan birinchi to‘plamim “Shahardagi olma daraxti”da ham Erkin akaning oq yo‘li bilan bosildi. Ikkinchi oq yo‘lni yozib, menga berar ekanlar, ustoz: “Guliston”da bosilgan she’rlaringizni to‘plamga kiritmaganingiz uchun ham ikkinchi marta yozdim” deb hazillashgan, keyin jiddiylik bilan “Ularni kiritmay to‘g‘ri qilgansiz” degan edilar.

Bu gapning mohiyatini vaqt o‘tib angladim. Jurnaldagi she’rlar bilan ilk kitobimga kirgan she’rlar orasida faqat vaqt emas, o‘sha anchagina xom she’rlarimda “nimanidir” ilg‘ab, menga oq yo‘l tilagan ustoz ishonchini oqlash mas’uliyati ham bor edi. Kitobda yozilgan oq yo‘ldagi mana bu so‘zlar yelkamga yana-da katta mas’uliyat yuklagan edi: “Barcha san’atlar kabi she’riyat ham o‘ziga xoslikni yoqtiradi.Ovoz ham,soz ham,so‘z ham,buyuk Navoiy tili bilan aytganda, “tarxi toza va ulusqa beandoza” bo‘lsa elda e’tibor topadi…”

Uchinchi kitobim “Tungi bog‘lar”ni tayyorlashda unga muharrirlik qilgan shoir To‘lqin aka bilan qattiq tortishib qoldik. Ichkilikka qarshi kurash kompaniyasi boshlangan Gorbachyov zamoni edi. Qarasam, To‘lqin aka she’rlarimdagi “may”, “sharob”, “boda” so‘zlarining hammasini bir boshdan “choy”, “suv”ga almashtirib chiqibdi. Men rozi bo‘lmay: “Nima mahbubaga qarata, “Yuragimni mast etdi ishqning choyi” deb murojaat qilamanmi?” — deya qattiq oyoq tirab oldim

Oxiri qozilik so‘rab, Erkin aka huzuriga kirdik. Rosti gap, nashriyot bosh muharriri qiyin ahvolda qoldi. Chunki, muharrir yaqin do‘sti, muallif esa shogirdi. Ammo, bekorga Erkin akani buyuk diplomat deyishmaydi. “She’rlarni o‘zim ko‘raman”,- dedilar. O‘sha kuni Erkin aka to‘plamni o‘z qo‘li bilan tahrir qildi. Hammasi bo‘lmasa ham, “may”, “sharob”, “boda” so‘zlari qayta tiklandi. Qaysidir satrlarni bosh chayqab o‘zgartirdi, yana bir satrlarni “yumshatdi”. Ammo, to‘plamni menga qaytarar ekan, ustoz: “Men o‘zgartirgan satrlarni vaqti kelganda, o‘zingiz yozgandek, chiqarasiz” dedi.

Maqolani to‘liq holda mana bu sahifada o‘qishingiz mumkin.

249

Xurshid Davron. Shahardagi Olma Daraxti. She’rlar by Khurshid Davron on Scribd


054

(Tashriflar: umumiy 1 037, bugungi 1)

2 izoh

  1. Устоз, ўзбекнинг буюк фарзанди тўғрисида битилган бетакрор, гўзал ёднома бўлибди. Ўйлайманки, миллий адабиётимиз 2016-йилда улкан жудоликларга юз тутгани юракларни қанчалик эзмасин, бу улуғ сиймолар ортидан Усмон Азим, Хуршид Даврон, Иқбол Мирзо каби нафақат ўз созию овози, балки чин маънода ўз йўлига эга забардаст шоирларимиз издошлик қилиб келаётгани адабиётимиз ихлосмандарига бир қадар таскин беради.
    Устоз-шогирд анъанаси тўғрисида сўз борар экан, мен ҳам бу борада ўзимнинг анчадан бери дилимдан ўтказиб юрган мулоҳазамни баён этишга изн бергайсиз. Айтишадики, устозлик мақомига даъво қилиш мумкин эмас, устозлик эътироф этилади, тан олинади. Лекин ёш қаламкашнинг камчиликларини илғаган тажрибали ижодкор уларни тузатиш йўлида ўз ўрнида маслаҳат, ўгит, кези келса танбеҳ бериши ўта манфаатли деб биламан. Бундай устозликдан кўзланган муддао энг аввало миллат маънавияти, адабиёт равнақи бўлиши зарур. Шу маънода, ҳеч кимни ранжитмаган ҳолда айтмоқчиманки, замонамизнинг тажрибали ижодкорлари орасида бу оғир юкни ўз зиммасига олган марди кам. Баъзи адибларимизнинг миллатпарварлик руҳида битилган машҳур битиклари ва улар шахсияти орасида улкан контраст борлиги ажабланарли.
    Устоз, давримизнинг кам сонли чин миллатпарвар адиблари орасида Сиз энг жонкуярларидан эканингиз ҳеч кимга сир эмас. Сиз нафақат гўзал ижодингиз, балки амалий интилишларингиз билан ҳам эл-юртга зиё улашиб келаётганингиз дили ва тили бир, сўзи ва амали муштарак ижодкор эканингизни тасдиқлаб келмоқда. Агар адабиётга энди тета-поя қилиб қадам қўйган ижодкор истеъдоди дилингизда “милт” этган умид чироғини ёққан бўлса, Сиз бу ижодкордан ўз йўл-йўриқ ва ёрдамингизни аямаслигингизни ҳам яхши биламиз.
    Ишонаманки, Сизнинг миллатимиз олдидаги хизматларингиз эл-юрт томонидан муносиб эътироф этилади. Сизга ҳам устоз Эркин Воҳидовдек халқимиз дилидан мустаҳкам жой олиб, мудом эҳтиромда бўлишингизни тилайман!

  2. Устоз, ўзбекнинг буюк фарзанди тўғрисида битилган бетакрор, гўзал ёднома бўлибди. Ўйлайманки, миллий адабиётимиз 2016-йилда улкан жудоликларга юз тутгани юракларни қанчалик эзмасин, бу улуғ сиймолар ортидан Усмон Азим, Хуршид Даврон, Иқбол Мирзо каби нафақат ўз созию овози, балки чин маънода ўз йўлига эга, забардаст шоирларимиз издошлик қилиб келаётгани адабиётимиз ихлосмандарига бир қадар таскин беради.
    Устоз-шогирд анъанаси тўғрисида сўз борар экан, мен ҳам бу борада ўзимнинг анчадан бери дилимдан ўтказиб юрган мулоҳазамни баён этишга изн бергайсиз. Айтишадики, устозлик мақомига даъво қилиш мумкин эмас, устозлик эътироф этилади, тан олинади. Лекин ёш қаламкашнинг камчиликларини илғаган тажрибали ижодкор уларни тузатиш йўлида ўз ўрнида маслаҳат, ўгит, кези келса танбеҳ бериши ўта манфаатли деб биламан. Бундай устозликдан кўзланган муддао энг аввало миллат маънавияти, адабиёт равнақи бўлиши зарур. Шу маънода, ҳеч кимни ранжитмаган ҳолда айтмоқчиманки, замонамизнинг тажрибали ижодкорлари орасида бу оғир юкни ўз зиммасига олган марди кам. Баъзи адибларимизнинг миллатпарварлик руҳида битилган машҳур битиклари ва улар шахсияти орасида улкан контраст борлиги ажабланарли.
    Устоз, давримизнинг кам сонли чин миллатпарвар адиблари орасида Сиз энг жонкуярларидан эканингиз ҳеч кимга сир эмас. Сиз нафақат гўзал ижодингиз, балки амалий интилишларингиз билан ҳам эл-юртга зиё улашиб келаётганингиз дили ва тили бир, сўзи ва амали муштарак ижодкор эканингизни тасдиқлаб келмоқда. Агар адабиётга энди тета-поя қилиб қадам қўйган ижодкор истеъдоди дилингизда “милт” этган умид чироғини ёққан бўлса, Сиз бу ижодкордан ўз йўл-йўриқ ва ёрдамингизни аямаслигингизни ҳам яхши биламиз.
    Ишонаманки, Сизнинг миллатимиз олдидаги хизматларингиз эл-юрт томонидан муносиб эътироф этилади. Сизга ҳам устоз Эркин Воҳидовдек халқимиз дилидан мустаҳкам жой олиб, мудом эҳтиромда бўлишингизни тилайман!

Izoh qoldiring