Xurshid Davron. Shahidlar shohi yoxud Najmiddin Kubro tushlari. Ma’rifiy qissa (2).

042    Келинг, китобхон дўстим, қарийб саккиз асрлик масофани хаёлан ошиб ўтайлик-да, Гурганжнинг Қобилон дарвозасига яқин бир хонақоҳда тиз чўкиб лавҳга қўйилган улкан китобни пичирлаб ўқиётган мўътабар қария ҳузурига кирайлик. Хоразмшоҳ салтанатидагина эмас, Ажаму Ироққача машҳур муршиди аъзам мутолаасига ҳалақит бермасдан, у билан танишайлик.

ХУРШИД ДАВРОН
ШАҲИДЛАР ШОҲИ
ЁХУД НАЖМИДДИН КУБРО ТУШЛАРИ
Биринчи қисмнинг давоми
022

i_018.jpgКелинг, китобхон дўстим, қарийб саккиз асрлик масофани хаёлан ошиб ўтайлик-да, Гурганжнинг Қобилон дарвозасига яқин бир хонақоҳда тиз чўкиб лавҳга қўйилган улкан китобни пичирлаб ўқиётган мўътабар қария ҳузурига кирайлик. Хоразмшоҳ салтанатидагина эмас, Ажаму Ироққача машҳур муршиди аъзам мутолаасига ҳалақит бермасдан, у билан танишайлик.

Шайхнинг исми-шарифи Аҳмад ибн Умар Абулжаноб Нажмиддин ал-Кубро (Кубаро) ал-Хевоқийдур. Олдидаги лавҳда турган китоб эса ислом дунёсидаги энг улуғ тафсирлардан бири – хоразмлик буюк даҳо Абулқосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф ан ҳақойиқ ат-танзил” асари бўлиб, Жориллоҳ лақаби билан ном чиқарган Замахшарий, Шайх Кубро таваллуд топган йил арафасида оламдан ўтган эди. Вақт ўтиб, Жориллоҳга эргашиб, Шайх Кубронинг ўзи ҳам Қуръон каримга тафсир битди. Тасаввуфга оид бир неча рисола ёзди, неча-неча шогирдлар тарбиялади. Шогирдлари ичида Шайх Нажмуддин Розий, Шайх Саъдуддин Ҳамавий, Шайх Маждиддан Бағдодий, Шайх Баҳоваддин Валад, Шайх Сайфиддин Бохарзий, Бобо Камол Жандий, Шайх Разиуддин Али Лоло, Шайх Жамолиддин Гейлийларнинг шуҳрати ислом оламида машҳур бўлди. Шундай улуғ зотларга устозлик қилгани учун у “Шайхи Валитарош” – “Авлиёлар яратувчи шайх” деган муборак ном олди.

Шайх Кубро 1145 йили Хоразм мулкининг Хевоқ (Хива) кентида дунёга келганида ота-онаси унга Аҳмад деб исм қўйдилар. Бу пайтда хоразмшоҳлар салтанати тахтида Аловиддин Отсиз ўтирарди. Бор-йўғи тўрт йилча бурун Хоразмни ўз мулки деб билан салжуқий Султон Санжар билан Мовароуннаҳрни талашаётган қорахитойликлар ҳукмдори – Гўрхон ўртасидаги жанг бўлиб ўтган ва унда Султон Санжар мағлуб бўлиб қочган эди. Унинг мағлубияти хоразмшоҳ Аловиддин Отсиз учун ғалаба бўлди – у ўзини мустақил деб эълон қилди ва бунга қониқмай бутун салжуқийлар мулкини қўлга олиш иштиёқига тушди. Қолаверса, етти йилча бурун Султон Санжар билан бўлган жангда ўлдирилган фарзанди Отлиқнинг изтироби Аловиддин Отсизга тинчлик бермасди. Аммо салжуқийлар ҳали бақувват эдилар. Аҳмад туғилган йил арафасида исёнкор Вассалини жазолаш мақсадида Султон Санжар шиддаткор қўшини билан келиб, Гурганжни қамал қилди. Султонга бас келолмаслигини англаган Отсиз яна, нечанчи маротаба бўлганидек, итоат изҳор қилди ва тўс-тўполондан фойдаланиб қўлга киритган салжуқийлар хазинаси, султон муҳрини қайтариб беришга мажбур бўлди. Султон Санжар исёнкорлик йўлига кирган Отсиз бари бир тинч турмаслигини билар, шу сабабдан саройида хизмат қилган шоир Адиб Собир Термизийни хоразмшоҳ ҳузурига юбориб, Отсизнинг ҳар бир қадамини муттасил кузатиш, унинг кайфиятларидан хабар етказиш вазифасини юклади. Маълум вақт ўтиб, Отсиз ўз одамларидан бирини пинҳона салжуқийлар давлати доруссалтанати – Марвга юбориб Султон Санжарни ўлдиришни буюрди. Адиб Собир Термизий бундан огоҳ бўлгач, қотил қиёфасини қоғозга тушириб, шошилинч Султон Санжарга жўнатди. Ўз режасининг ошкор бўлганидан қаттиқ ғазабланган Отсиз Собир Термизийнинг қўл-оёғини боғлаб, Жайхунга чўктириб ўлдирди. Бу воқеа Аҳмад туғилган йили юз берди.

У мактабга борган йили Султон Санжар ғузлар қўлига асир тушди. Мана шу воқеадан эътиборан буюк салжуқийлар давлати таназзулга юз тутди, илло юз берган воқеадан фойдаланмоқчи бўлган тахт даъвогарлари бошларини кўтардилар. 1156 йили Хоразмшоҳ Аловиддин Отсиз, орадан йил ўтмай, асирликдан қочган Султон Санжар ҳам оламдан ўтдилар. Хоразмшоҳлар тахтига Отсизнинг ўғли Алп Арслон ўтирди. Уни ҳокимиятга етказган йўл қон билан ёпилди: тахт учун курашда у укаси Сулаймон билан амакиси Юсуфни қатл эттирди. Аҳмад мактабни битириши арафасида Алп Арслон Мовароуннаҳрни қорахитойликлар қўлидан тортиб олиш ҳаракатига тушди, аммо буни амалга оширолмай, 1172 йили вафот этди. Бу пайтда Аҳмад аллақачонлар Хоразмни тарк этган эди. у даставвал Исфаҳонда Абу ул-Макорим, Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Луббон, Абу Саъд Халил ибн Бадр, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Шайдолоний, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Зайд ал-Қарроний, Абул Ҳасан Масъуддан, Ҳамадонда Ҳофиз Абул Аълодан, Нишопурда Абул Маали ал-Фуравийдан таҳсил олди.

Ҳамадонда унга ҳадис илмини пухта эгаллашига кўмаклашган устози Ҳофиз Абул Аълодан Искандарияда ҳадис илмининг бузуги Абу Тоҳир ас-Силафий истиқомат қилишини эшитди. Пайсалга солмай мағриб томонга жўнаган карвонларга қўшилиб, минг бир машаққат билан Мисрга етди. Неча муддат ас-Силафий раҳбарлигида риёзат ила машғул бўлди. У Искандарияда машҳур Шайх Сўҳравардийнинг шогирди Шайх Рўзбеҳони Кабир яшашидан ҳам хабардор эди.

— Нега уни Кабир дейдилар? – деб сўради у бир кун ас-Силафийдан.
— Анинг устози Шайх Абунажиб Сўҳравардий унга шундай муборак нисбат бермишлар. Илло улар устоз қўлида, икки Рўзбеҳон – Рўзбеҳон Бақлий ила Рўзбеҳон Мисрий баробар тарбия топганлар. Аммо Мисрийнинг ёши улуғлиги, азаматининг баландлиги боис устоз уни Кабир демишлар. Ул киши аслан Козуронийдирлар…

Бир куни ас-Силафий Аҳмадга бир китоб бериб, уни Шайх Рўзбеҳони Кабир хонақоҳига олиб боришни буюрди. Аммо шайх хонақоҳда йўқ экан. У устози китобни ёлғиз эгаси қўлига бериши лозимлигини айтиб, қайта-қайта тайинлагани сабаб шайхнинг хонадонига ҳам ўтди. Дарвоза зулфини энди уриш учун шайланган эди, дарвозанинг ён табақаси очилиб, бир қизалоқ ичкаридан мўралади. Аҳмад бир жуфт қуралай кўзларни кўрди. У шайхни суриштирмоқчи бўлиб оғзини очган эди, қизалоқ атиргул ғунчасидек масъум чеҳрасини яширди – эшик табақасини ўзига тортди. Аҳмад қанча овоз бермасин, қайтиб эшик очилмади. У китобни қўлтиқлаб яна хонақоҳ томонга кетди.

Йўлда кетаркан Гурганжда қолган ота-онасини эслади. Хоразмни тарк этиши арафасида онаси бўйида эди. Агар қиз туғилган бўлса, синглиси бугун кўрган қизалоқ ёшига етган – ўн-ўн бирга тўлган бўлса керак. Илойим, Оллоҳ Таоло уларни кўришга муяссар этсин. Бу аламли эслашларнинг барчаси ўша қизалоқнинг қуралай кўзлари туфайли бўлди. Аҳмад бу кўзлар хотирасига муҳрланиб қолганини сезди, маҳзун тортди. Бирдан бутун вужуди билан она юртини соғинганини туйди, ватанига яқин ўлкалар томонга қайтиш муддати келганини пайқади. Шайх Рўзбеҳон хонақоҳда экан. У эҳтиром билан қўлидаги китобни ўзига узатган йигитга бир муддат зеҳн солиб турди-да, кетишга тараддудланган йигитни ёнига ўтқазиб, сўз қотди:

— Бўтам, ўз юртингга қайтишни истайсан, шундайми? – Шайх сўзидан ҳайратга тушган йигит кўзларига тикиларкан, давом этди. – Кўп йўллар юргайсан, кўп манзилларда бўлгайсан, аммо оқибат бу йўлларнинг бари сени менинг даргоҳимга олиб қайтғайлар. Сен илмга ташнадурсен, ўзингни англамоқ иштиёқидасен. Аммо вақт ўтар, излаб топмаганларингни келиб, мендан-да топарсан.

Ҳозир қалбинг бизга ёт, кўнгул ойнаси ташвишлардан хира, аммо кўриб турибманки, бу ойнада кун келиб бутун мавжудот акс этгай. Майли, йўлға туш, аммо узоқ кетолмайсан, сени эмас, қалбингни бошқа йўлга солурлар…

Аҳмад ортга қайтаркан, йўл-йўлакай Шайх Рўзбеҳон айтган сўзларни ўйлади. Аммо кўп гаплар маъносини чақолмади. Бутун хаёлини соғинч банд қилган йигит устози ас-Силафийдан кетишга ижозат тилади…

Аммо Аҳмаднинг бутун ҳаётини, табиатини ва орзуларини чаппа қайтарган воқеа Табризда рўй берди. У бу шаҳарда машҳур Имом Абу Мансур-Ҳафдадан сунна шарҳидан сабоқ олар эди. Кунлардан бир кун у “Шарҳ ус-Сунна”ни мутолаа қиларди. У китоб ўқир экан, қироатхонага кимдир кирганини пайқаб бошини кўтарди: бир дарвеш экан. Соқоллари оппоқ, қошларига ҳам оқ тушган, фақат йирик-йирик кўзлари ўтдек чақнаб турибди. Гавдаси ҳам йигитникидек – ҳам ихчам, ҳам салобатли. Дарвеш кўзлари билан нигоҳи тўқнашган Аҳмадни дастлаб аллақандай бир номаълум ҳаяжон қучди, кейин ўзини бўшлиқ ичида муаллақ тургандек сезди-ю, бирдан маҳзун тортди. Китобни ўқишга иштиёқи сўнди, мажоли қолмади.

У ёнидаги толибдан сўради:

— Бу дарвеш кимдур?
— Бобо Фараж Табризийдур! – деди толиб имтиҳондан ўтаётгандек дона-дона қилиб.

— Ул сўфийму – деб сўради Аҳмад дарвешнинг қироатхона четида ўтириб нималарнидир пичирлаётганини кузатар экан.
— Ҳа, Бобо Фараж Ҳақ Таолонинг мажзублари ва маҳбубларидандур, — деди ҳурмат туйғуси юз-кўзида балқиб чиққан суҳбатдоши.

Ўша куни Аҳмаднинг уйқуси ўчди. Кўзини юмиши билан ўнгида дарвеш чолнинг ўт чақнаб турган йирик-йирик кўзлари пайдо бўлиб, уни ўз қаърига ютаман дегандек бўлар, Аҳмад қўрқиб кетиб кўзини очарди.

У шу пайтгача тасаввуф ва сўфийлар ҳақида билганларини бир-бир хотирасидан ўтказаркан, хаёли олис асрлар қаърига учди.

Тасаввуф исломнинг ўз ичида кечган тараққиёт натижасида вужудга келган. У баъзи олимлар айтганидек, исломга ёт бўлган оқим эмас, аксинчадир. Илло, тариқатнинг биринчи босқичини “Шариат” деб белгилаган тасаввуф моҳиятан ислом дини ва Қуръони карим маҳсули эди. Муҳаммад алайҳиссаломга эргашмаган, у киши даъват этган маслакни қабул этмаган киши ўзини исломий сўфий деб номлаши мумкин эмас. Бу борада тасаввуф улуғлари Жунайд Бусаҳл ва Боязид демишлар: “Агар кўрсангизки, бир шахс ҳавода учадир, ё сув сатҳида кетиб борадир, бироқ шариат жавоҳири билан оёқлари боғлиқ эмас, билингки, у шайтондир”. Демак, исломий тасаввуф Оллоҳ ва пайғамбарни яхши кўриш, бор вужудини уларга бағишлашдир. “Мабоди ул-Ислом”да ёзилишича, дилга алоқадор бўлган, унинг ҳолатини белгилайдиган омил тасаввуфдир. Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг ислом давлатида халифалик ўрнини эгаллаш учун кучли курашлар бошланди. Бу курашлар оқибатида ислом дунёси икки мазҳабга: сунна ва шиаъга бўлинди. Бу икки мазҳаб ўртасидаги рақобат қон тўкилишига сабаб бўлди. Халифалик ҳокимиятига эришган кейинги сулолалар дунёпарастлик ва молпарастликка берилдилар. Мана шундай исломга зид воқеалардан норози бўлган гуруҳлар пайдо бўлдики, улар айшу-ишрат, молу-дунёпарастлик, бемақсад урушлар қилишга тобора муккасига берила бошлаган ҳукмдорлар сиёсатидан норози бўлиб ўзларини узлатга бериб, тарки дунё қилиб кун кечира бошладилар. Бундай кишилар зоҳид деган ном олдилар. Зоҳидлар фақат узлатда ўтириш билан чегараланиб қолмай, исломни тозалаш учун омма орасида Қуръондан, ҳадислардан келиб чиққан таълимотларни ёйиш билан ҳам шуғулланардилар.

Кўпчилик зоҳидлар саҳро-ю биёбонларга бош олиб чиқиб кетмоқни одат қилдилар. Ўша ёлғизлик масканларида Худою таоло – Ҳақ билан яккаю-ёлғиз қолиб, у билан руҳан суҳбатлашмоқ иштиёқида бўлган бу масъум инсонларни кўчманчи бадавийлар “суф” деб атаган, туя жунидан тўқилган дағал матодан либос кийганлари учун сўфийлар деб ном олдилар. Кейинчалик уларнинг ҳоялари бутун ислом ўлкаларига тарқалиб, улуғ сўфийлар – муршидлар ўз хонақоҳларини – хос мактабларини туза бошладилар.

Асрлар ўтиб, замондан норозилик туфайли пайдо бўлган бу йўналиш пешволари мана шу тартибсиз, жоҳил замондан устун туриш учун имкон яратувчи баркамол маънавий ҳаёт ва у боис Ҳаққа элтувчи йўлни белгиловчи таълимот – тасаввуф асосларини ишлаб чиқдилар. Мутлақ ҳақиқат – Ҳақни билишга интилиш, олам билан, демак Ҳақ билан уйғунлашиш тасаввуфнинг асл моҳияти эди. Бора-бора сўфийлар бу таълимот одамлар кўнглининг ботиний қатламларида чуқур из қолдириши учун шеъриятга мурожаат қилдилар.

“Тасаввуф улдурки, унда шундай феъллар қарор топур, Худойдан ўзгани билмас, пайваста Худой ила бўлгай, Худойдан ўзга ҳеч нарсани билмас”, — деб айтади Абу Сулаймон Дуроний.

“Тасаввуф ҳақоиққа юз бурмоқдир ва халойиқдан юз ўгирмоқдир”, — дея хитоб қилади Маъруф Кархий.

“Тасаввуф оз емоқдир, Худойила ором олмоқдир ва халқдан қочмоқдир”, — дейди Бусаҳл Тустарий.

Жунайд эса айтадиким: “Тасаввуф улдурки, Худованд сени ўзингдан ўлдирур ва ўзи бирла тиргизур”.

“Тасаввуф қудратдир ва халойиқ билмаслиги учун беэътибор бўлмоқдир, ҳар неки яроқсиздир, ундан қўл тортмоқдир”, — дея уқтиради Мамшод Диноварий.

Абу Муҳаммад Руимнинг фикрича: “Тасаввуф уч хислат ила устувордир: фақрга гирифторлик ва саховат; ўзгаларни ўзидан афзал билмоқ; эътироз ва ихтиёр тарки”.

“Тасаввуф нуқсон нигоҳи билан дунёга боқмоқ эмас, балки ҳар қандай нуқсондан пок кимса мушоҳадаси билан ҳар нечук ноқисликдан кўз юммоқдир”, — дея фикрлайди Абу Амр Дамашқий.

“Тасаввуф ҳодисалар оқими остида сабр қилмоқ, жаббор илкини ўз ихтиёрига олмоқ (яъни ризоят), саҳро ва тоғлар ошмоқдир”, — деган экан Абу Абдуллоҳ Ҳафиф.

Шайх ур-раис ибн Сино ёзадиким: “Тасаввуф, камолот даражасига етишган руҳнинг катта севинчидир. Ўзига хос, Ақл, Оқил ва Маъқул бўлган Оллоҳдан чиққан маъқулларни, яъни У берган сифатларни билмоқ ва шу ҳақда ўйламоқ тасаввуф демакдир”. Шайх ур-раиснинг фикрича, тасаввуфда яхши йўлга киришишдан кейин ирода келади. Бу Борлиқни тасдиқлаш ва олий даргоҳ бўлмиш Оллоҳ ҳузурига интилиш қароридир. Сўнгра риёзат ила нафсни тарбия этмак келади. Нафс тарбиясидан сўнг аҳлоқ камол топади. Аҳлоқ камолотга етганда илоҳий нур ҳафиф ва яширин ҳолда ора-сира порлай бошлайди, сўнгра тўла вусул, яъни етишиш келади. Бу ҳам аҳлоқий камолотнинг ва риёзатнинг энг олий мақомига бориш орқали рўй беради. Бу мақомда инсон ҳар нарсада Ҳақни кўра бошлайди ва Тангрини ўйлайди. Бу мақом Тангрига қовушмоқ, унга етишмоқ, унингла доимо бирга қолмоқ демакдир.

Ибн Сино тасаввуфни маърифат амали, маърифатни эса Тангрига билим орқали етишмак йўли, маърифатли инсонларгина орифликка етишади, деб билади. Демак, маърифатдан мақсад, бу даврага кирган инсон “фанофиллоҳ” – Оллоҳ оламига фано бўлмоғи, унга сингиб кетмоғи лозимдир. Билим билан тўйинган онг идрок қилолмаган ҳақиқатга синовларда чиниққан руҳ маскани – Дил орқали етишмак мумкин эди.

“Дил маърифат оламининг сайёҳидур”, — дейди Санойи.

Ҳазрати Баховуддин Нақшбанд айтиб дерларким: “Тавҳид сирриға етса бўлур, аммо маърифат сирриға етмак душвордир”.

Ҳусайн Мансур Ҳаллож ўғли Аҳмад дедиким: “Отамнинг сўнгги кечаси ундан васият талаб қилдим. Дедиким: “Нафсингни сени бир шуғлга солишдан бурун бир шуғлга (машғулот-га) сол”.

Дедимки: “Нима васиятга ортур?” Дедиким: “Вақтики, барча хизматга қўшиш (ҳаракат) қилғайлар, сен бир нимага қўшиш қилки, зарраи андир сақалайн (инсон ва жинлар) амалидин улуғроқ ва яхшироқ бўлғай”. Сўрадимки: “Ул недур?” Дедиким: “Маърифатдур!”

Тасаввуф маърифати уч сафардан иборатдир: бу сафарлар шариат, тариқат, ҳақиқат деб аталади. Ёки содда тарзда бу сафарларнинг биринчисини “Зикр”, иккинчисини “Фикр”, учинчисини “Амал” деб номлаш мумкин. Солик, яъни сафар қилувчи бир манзилдан иккинчисига ўтар экан, оралиқда тўхтов жойлари ҳам бўлиб, уларни мақом деб атардилар.

Бу уч сафар хусусида Шоҳ Қосим Анвор деганларки:

Шариат ибтидо омад дар аввал ,
Вале онжо нашояд шуд муаттал.

Дуюм манзил тариқи соликон аст,
Тариқи водии шакку гумон аст.

Ҳақиқат мунтаҳои кор бошад,
Ки он сад ҳазор асрор бошад.

(Мазмуни: Шариат йўлнинг бошланишидирки, шу боисдан бу мақомда кўп турилмайди. Иккинчи мақом тариқатдирки, бу ерда гумону шак-шубҳалар бўлади. Охирги мақом ҳақиқатдирки, унда минглаб сиру-асрор бор).

1. Шариат. “Шариат, — деб ёзади Табарий, — фароиз, ҳудуд ва амри наҳийдан иборатдур”. Хожа Аҳмад Яссавий эса “ҳар ким дарвишлик даъвосини қилса, аввал Ҳақ амрина бўйун сунуб, шариат амри бирла бўлғай”, — дея хитоб қилади.

Биринчи сафар талаби Оллоҳ Таолонинг кўкдан туширган муқаддас китоби – Қуръони карим ва Ҳақнинг элчиси Муҳаммад алайҳисаллом ҳадисларидан келиб чиққан қонун-қоидаларга амал қилиш яшашдан иборат. Шу билан бирга сўфий зоҳирий илмлар, яъни мантиқий билимларни эгаллаш билан шуғулланарди. Бу босқич ўзига хос бошланғич мактаб саналарди. “Шариат самараси аҳдга вафодур”, — дейди Ҳусайн Воиз Кошифий.

2. Тариқат. Бу сафарга отланган муриддан қалбини покламоғи ва нафсини енгмоғи талаб қилинади. Шу билан баробар тариқат, бу ғайбий, ботиний илмларни эгаллаш йўлидир. Бу йўлда ақлдан кўра туйғу ва руҳга кўпроқ эрк бериларди. Бу эркин туйғуни англаш ўзининг ва ўзгаларнинг руҳиятида кечадиган ботиний ва сирли жараёнларни бошқариш йўли эди. Сўфийлар учинчи босқичга, яъни маърифатга кўтарилишларидан олдин бир неча мақомоту зиналарни босиб ўтишлари керак эди. Бу мақомоту зиналар ҳар бир силсилада турлича аталар, сон ва номи билан фарқ қилар, аммо моҳиятан ягона эди. Бу йўлга кирган сўфий тариқат бошчиси – муршидга қўл бермоғи, унинг хизматини қилмоғи, пирнинг рухсати билан ўзаро мулоқотда бўлмоғи, унинг панду-насиҳатларига қулоқ бермоғи, дарвишликка ҳозирланмоғи ва энг аввало, фоний дунёни унутмоғи, бутун фикру-хаёлини мутлақ ҳақиқатга қаратмоғи, бунинг учун эса умридаги хатоликларни, гуноҳларни бўйнига олиб тавба қилмоғи, ҳаром билан ҳалолни фарқлай билмоғи, дунё лаззатлари ва безакларидан кўзни, дилни ва тилни тиймоғи, фақирликни бахту-саодат деб билмоғи, кечаётган ҳар бир дақиқа умр эканини англамоғи ва охир-оқибат ҳар қандай фалокатни ризолик билан қабул қилишга ҳозир бўлмоғи шарт.

Фақат шундай олиймақом даражага етишган сўфий тасаввуфнинг сўнгги босқичи – ҳақиқатга етишарди. Бундай сўфий “ориф” деб ном олар ва у “ҳақ ул-яқин” саналар, сўфийлик либоси – хирқа кийишга мушарраф бўларди. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ёзишича, тариқат самараси – фано, яъни, ўзликдан кечмоқ, Оллоҳга юзланмоқдир. Ҳазрат Мир Алишер Навоий ёзганларидек:

Дединг: “Фано недурур?” Мухтасар дейин: “Ўлмак!”
Ки шарҳин тиласанг, юз рисола бўлғусидир…

Аммо, бу “ўлмак” шундай буюклик эдики, Ҳазрат Навоий назарида, унинг “зимнида минг бир ҳаёт” мавжуд эди.

3. Ҳақиқат. Бу сафар давомида синовлардан ўтган мурид интилишларининг самарасига эришади, яъни “фанофиллоҳ” – Худойи таоло ишқида шахсияти нобуд ва барбод бўлиб, бақо – илоҳиётни таниб, Ҳақ таолонинг дийдоридан нишоналар кўриш даражасига кўтарилади, инсони комил бўлади. “Комил инсон шундай инсонки, у шариат, тариқат ва ҳақиқат борасида етукдир… Билгилки, комил инсон деб шундай инсонни айтамизки, унда тўрт нарса камолга етган бўлади, яъни: яхши сўз, яхши амал, яхши хулқ ва маърифат. Унинг тили поку дили пок, иши ва ниятлари покдир. Эй, дарвеш, илоҳ йўлини қабул этган жами соликлар шуни (эгаллаш билан) машғулдирлар ва соликларнинг вазифаси ана шу тўрт нарсани камолга етказишдан иборат. Кимки бу тўрт нарсани камолга етади” Шайх Азизиддин Насафий. “Инсони комил” рисоласидан).

Ҳақиқат тасаввуф маърифатининг бош манзилидир, айни ўзидир, тасаввуфнинг қалбидир.

“Агар ҳақиқат самараси нимадан иборат, деб сўрасалар, айтгинким, ҳақиқат самараси – бақо, яъни Ҳаққа етишмоқдир” (Ҳусайн Воиз Кошифий).

Мавлоно Жаъфар нақл қилади:
“Бир кеча тушимда Ҳазрати Эшонни (Хожа Аҳрорни) кўрдим ва ул кишидан: “Банда қай ҳолатда Худога етар?” – деб сўрадим. Тушимда таъсирланиб уйғонгач, Ҳазратнинг хонақоҳларига шошилдим. Шунгача ул кишини узоқдан кўрган, лекин суҳбат қилишга мушарраф бўлмаган эрдим. Эшоннинг мулозиматларига кирган ҳамон менга қараб: “Мавлоно Жаъфар, биласанми, банда қачон Худога етади, агар у бандалигида ўзидан фано бўлса”, — деб айтдилар.

Мана шу сўнгги босқичда сўфийлар Оллоҳнинг марҳамати деб билган ҳолатлар вужудга келади ва буни улар “Ҳол” деб атайдилар. Ҳолга ҳамма сўфийлар ҳам мушарраф бўлмас, унга эришган кишида ғайриоддий кучлар, қобилиятлар пайдо бўлиб, соҳиби кароматга айланар экан, шунинг учун ҳам сўфийлар ҳолни худонинг марҳамати деб билардилар. Бундай марҳаматга эришган кишиларни “Валий” деб атардилар. Валийлар ёки авлиёлар ўз ғайри оддий қобилиятлари билан одамларга таъсир кўрсатиб, уларда ўзгаришлар юзага келтирар эканлар. Бу ҳақда Хожа Абу Али ибн Сино “Ишорат ва танбеҳот” рисоласида: “Агар сенга бирор сўфий ёки ориф ўзининг ғайриоддий кучи бирла бирор нарсага таъсир кўрсатиб, ани ҳаракатга келтирур, дуо бирла кишига шифо бағишлар ёки бало домиға гирифтор қилур деса, рад этишга шошилмагилким, бу Оллоҳ сирриёти турур” – деган эди.

Шайх Зуннун Мисрий дедиким: “Уч сафар қилдим ва уч илм келтирдим. Аввалки сафарда илме кетирдамки, хос қабул қилди ва ом (омийлар) ҳам қабул қилди. Иккинчи сафарда илме келтирдимки, хос қабул қилди ва ом қабул қилмади ва учинчи сафарда илме келтирдимки, на хос қабул қилди ва на ом”.

Шайх ул-ислом Абдуллоҳ Ансорий Шайх Зуннуннинг бу сўзларини шарҳлаб, дедиким: “Аввал тавба илме эрдиким, ани хос ва ом қабул қилдилар. Иккинчи, таваккул ва муомалат ва муҳаббат эрдиким, хос қабул қилдилар ва ом йўқ. Учинчи, ҳақиқат илмидирки, элнинг илм ва ақл тоқатидан ташқари эрди, халойиқ англамади ва ани инкорға қўптилар (уни инкор қилдилар).

Ул сўнгги сафар қадам билан эмас эрдики, ани қадам била бормаслар ва ҳимам (ирода, азм, жаҳду ҳаракат) била борурлар…”

“Сўфий”, “Тасаввуф” атамаларининг келиб чиқиши ҳақидаги мулоҳазалар турличадур. Юқорида улардан бирини йўл-йўлакай айтиб ўтдик. Мана бошқа мулоҳазалар:
Абу Райҳон Берунийнинг фикрича “соф” юнонча “софус” – дан – “ҳикмат”дан келиб чиққан.

“Ғиёс ул-луғот”да “сўфий” атамаси уч маънода: 1. Юнг либос; 2. Қалби поклар; 3. Каъба аҳлиға хизмат қилувчи, фақирликни пеша қилган қавм номи – “сўфа”дан олинган тушунча ёки ибора дейилади.

Машҳур сўфий Абу Наср Саррож эса ўз асари “Ал ламаъ фит-тасаввуф”да: “Мутасаввиф фақат бир илму бир мақомга эша бўлмасдан, у ҳамма илмлар кони бўлиб, аҳволу-аҳлоқ жиҳатдан машҳуру-шарифлидур, анинг учун ҳам аларни “сўфий” дерларким, улар юнгли либос киювчилардирлар”, дейди.

Шайх Абулҳасан Зарринкўб: “Ҳар ҳолда сўфийлар юнгдан либос кийишни ўзларига шарт деб билиб ва шундай дағал кийимларга аҳамият бериб, усиз зоҳидликни мумкин деб билмаган”, — деб ёзади.
“Сўфий” атамаси “сафф”, яъни сафда туришдан – худога яқин туришдан деб айтувчилар ҳам бор.

Йиллару-асрлар ўтгани сайин “сўфийлик”, “тасаввуф” атамалари “соф”, “софлик” деган сўзлардандир деб билувчилар кўпайди. Бизнинг назаримизда дастлабки босқичида ҳақиқатдан ҳам “суф” – “юнг” сўзидан келиб чиққан тасаввуф ўз тараққиёти давомида маънавий қатламлари ошгани, ислом дунёсида муҳим ўрин топгани сайин у “соф”, “софлик” сўзлари томонга яқинлашиб бораверди. Илло бу сўзлар “суф” – “юнг”дан кўра ўзининг улуғворлиги ва тасаввуфнинг асл моҳиятини очиб бериши билан фарқли эди.

Бу фикр тарафдорлари: “Агар сўфийларни юнгдан либос кийган кишилар деб билсак, у ҳолда ўзларини изғирину-шамоллардан сақламоқ учун юнгдан чакмон кийган чўпонлару-туякашларни ҳам сўфийлар деб тушуниш мумкин” деб айтардилар. Хуллас, замонлар ўтиб, “сўфий”, “тасаввуф” атамалари “соф”, “софлик” – тиниқлик, поклик маъносидан иборатдир, илло тасаввуфнинг асосий маслаги ҳам ғуборсиз, тоза ва соф бўлишдир, деган тушунча барқарор бўлди.

Бишир ибн ал-Хорис: “Сўфий қалбини Оллоҳ учун софлайдиган кишидир”.

Абу Туроб ан-Нахшабий: “Сўфий ҳар бир ишдан ўзини пок сақлайдиган ва ҳар бир гапни ўзи билан софлайдиган кишидир”.

Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий “Сўфий қайғу илк софланган, ҳаромдан қутулган тафаккурга йўғрилган, фикрга тўлган, оломонни тарк этиб, ёлғиз Оллоҳ билан машғул бўлган, олтин билан тупроқни бир билган кишидир”.

Абул Ҳусайн ан-Нурий: “Сўфийлар руҳлари соф бўлган, шунинг учун Ҳақнинг ҳузурида илк сафдан жой олган кишилардир”.

Жунайд ал-Бағдодий: “Тасаввуф Оллоҳнинг сени сафога махсус қилмоғидир. Оллоҳдан бошқа ҳамма нарсадан тасфия (софланган) бўлган киши суфийдир”.

Абубакр ал-Каттоний: “Тасаввуф сафо ва мушоҳададир”.

Тариқатда муршид ёки пир деган тушунчалар ҳам мавжуд. Муршид ёки пир тариқатга раҳбарлик қилиб муридларни – соликларни Ҳақ висолига етишлари учун тўғри йўлдан олиб боришлари керак, ўз навбатида соликлар пирнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажо келтиришлари лозим эди. Муршидлар ўз муридларига сўфёна – мистик машқлар, яъни рақси самоъ қилиш, Оллоҳ Таоло ва унинг расулини зикр этиш, кечаларни бедорликда ўтказиб, тоату-ибодатлар бажо келтириш, Қуръони каримни узлуксиз қироат қилиш, ҳадису-исломий ғазалларни ўқиш ва чиллада ўтиришни буюрар эдилар.
Ибн Халдун сўфийликда мурид билан муршид муносабатининг уч босқичини белгилаган.

Биринчи босқичда шариатнинг талабларини тўла-тўкис бажариш билан машғул мурид пир итоатида бўлганига қарамай, ҳали унга эҳтиёж сезмайди.

Иккинчи босқичда нафсни ислоҳ ва қалбни тафсия (соф) қилишга киришган мурид пирга эҳтиёж сезади.

Учинчи босқичда моҳияти жаҳоний ва кайҳоний асрор маърифатидан иборат кашфиёт – Оллоҳни кашф қилишга киришган солик муршид кўмагига ва назоратига эҳтиёжманд бўлади.

“Эй толиб, агар Ҳақни талаб қилиб, тобай десанг, андоғ пирга қўл бергилким, шариатда орифи биллоҳ бўлса, тариқатда воқифи асрор бўлса, ҳақиқатда комилу мукаммал бўлса, маърифатда дарёйи уммон бўлса, ондоғ пирга қўл берғилким, саодат бўлғай. Агар мурид шариат илмини билмаса, шариат илмини онга ўргатай. Агар тариқатда ҳоли воқеъа пайдо бўлса, тариқат илми бирлан йўлға солғай ва ҳақиқат сиридин муридга йўл кўрсатғай. Маърифатда жазабан Ҳақ пайдо қилғай”, деб насиҳат қилади Ҳазрати Султон Хожа Аҳмад-Яссавий.

“Шайх Зуннун Мисрий, раҳматуллоҳи алайҳи, ондоғ айтибдурларким, мурид қирқ йил хизмат қилмағунча, шайхлик ва фақирлик ва дарвиш ўрни онга таъйин бўлмас ва хирқа киймоқи онга раво эрмас.
Ҳазрати Султон Хожа Аҳмад Яссавий андоғ айтибдурларким, ҳар ким пирлик ва шайхлик даъвосин қилур бўлса, қирқ йил то пирнинг хизматида юрмагунча, шайх ўрни онга раво эрмас. Агар мурид олса, рад турур” (“Фақрнома”дан).

Мавлоно Румий нақл этганларким:

Пир ёз саратони, халқ эса куздир,
Халқ – кеча, пир эса ойдир, юлдуздир.

Йўл билган пир ҳолини сўргил,
Пирга эргашгину, ортидан юргил.

Махдуми Аъзам эса:

Пирсиз бўлма, жангга кирсанг ҳам,
Искандари замон бўлсанг ҳам,

— дея насиҳат қилганлар.

Ривоят этишларича, силсиласи шарифдаги олтинчи ҳалқанинг пири комили бўлмиш Боязид Бистомий умри давомида 113 пирнинг хизматини қилиб, улардан файз олган экан. Ўша пирларнинг бири Содиқ эди. Бир куни Боязид пирининг олдида ўтирган эди, пири айтди: “Эй Боязид, ул китобни тоқдан олгин”. Боязид сўрадики: “Қайси тоқдан?” Пир айтди: “Неча марта бу ерга келдинг, тоқни кўрмадингми?” Боязид айтдики: “Йўқ, ахир, ҳузурингда бош кўтаришга журъат қилолмасам, қандай кўрай. Мен бу ерга томоша қилгани учун келмаганман”, шунда Содиқ айтдики: “Агар шундай бўлса, Бистомга қайт, хизматингни ўтаб бўлдинг”. Бу ривоят муриднинг пирга бўлган иззатидан бир далолатдир.

Бошқа бир ривоятда нақл этилишича, бир куни Боязид Бистомийдан “Сизнинг пирингиз ким?” – деб сўрабдилар. Боязид айтибдиким: “Менинг пирим бир кампирдирки, бир куни тавҳиднинг ишорати ғолиблигидан саҳрога чиқиб эрдим. Ўзимда қилча ихтиёр йўқ эди. Ногоҳ бир кампир учрадики, бир ҳалтада ун кўтарибдур. Менга дедиким: “Келгил, бу ҳалтадаги унимни уйимгача еткуриб бергил”. Ва менинг қопни кўтармоққа чоғим йўқ эди. Шул сабабдан бир шерни ишорат бирлан келтуриб, унни шерга юклаб бердим. Сўнг кампирга дедимки: “Шаҳарга борсанг, одамларга кимни кўрдим дерсан?” Кампир деди: “Бир золим ва раъно (такаббур)ни кўрдим, дерман”. Мен сўрадим: “Нечун мундоғ дерсан?” Кампир айтдики: “Худои таоло шерни банданинг хизматига таклиф қилмабдур. Не учун сен ани хизматга таклиф қиласен? Бу зулм бўлмайдиму?” Мен дедим: “Ори, бу ишим зулмдур. Аммо нима учун мени такаббур дерсан?” Кампир айтди: “Анинг учунким, сенинг хоҳишинг улки, шаҳар халқи билсунларким, шер сенга муте, фармонбардор бўлубдур. Билсунларким, сен соҳиби кароматсан. Бу такаббурлиғ эмасму?” Дедимки: “Ори андоғдур, тавба қилдим ва баланддин пастга тушдим”. Ушбу кампир менга пирдур”.

“Тасаввуфнинг асл моҳияти нимада?” – деган сўроққа ҳам Боязид Бистомийнинг бир иқрори билан жавоб бериш мумкин.

Ҳазрат Боязид айтган эканларки: “Илон пўст ташлаган каби мен ҳам ўзимни тарк қилдим. Бир маҳал ўз моҳиятимга боқсам… оҳ, мен Унга айланибман!”

Бошқа бир ривоятда Султон ул-орифин айтмишларки: “Оллоҳ таолони туш кўрдум, сўрадумки: “Бор Худоё, йўл санга не навъдур?”
Дедики: “Ўзунгдан ўттунг, еттинг!”

Демак, тасаввуф моҳияти Худога етишмоқ экан, бунинг учун ўздан кечмоқ лозимдир. Ҳаттоки:

Қил қадар қолса вужудингдан асар,
Ололмассан қил қадар Ундан хабар..

Ўздан кечмоқ одамга хос паст ва ўткинчи дунё ташвишлари билан қоришган ҳис-туйғулардан воз кечмоқ, Оллоҳ, таолонинг даргоҳи – асл Ватан сари интилиш, унга етишмоқ кўйида илоҳий юксакликка талпиниш демакдир.

Тасаввуф лойини қорган араблар, унга вужуд ва улуғворлик бағишлаган ажамликлар, уни ҳикмат, аҳлоқ билан тўйинтирган ва унга қалбу руҳ ато қилган туронликлар бўлдилар…
Йиллар ўтиб сўфийларни таркидунёчиликда айбладилар. Бу туҳматлар ҳамиша тасаввуф ҳақида оддий тушунчага ҳам эга бўлмаган кимсалар ёки Хожа Аҳрори Валий таъбири билан айтганда, илмни дунё орттириш ва мансаб эгаллаш учун хизмат қилдиргучи олимлар томонидан бўлди.

Албатта, ҳар бир покиза йўлни касб этган инсонлар ва жамоалар атрофида, ширага ўч пашшалардек, худбин, манфаатпараст, ўз ниятларига эришмоқчи бўлган кимсалар ҳам мавжуд эдики, бундайларни Ҳазрат Мир Алишер Навоий: “Ўзига қаландар от қўйғон малъун, одамийлиғдан мағбун” деб атайдилар. Ҳазрат назарида уларнинг “сурати дарвешваш ва маъниси саросар ғаш”. Тасаввуф мухолифларининг кўзи фақат уларни кўрар, уларни ёмонлаш баҳонасида тариқат ғояларини қоралашга уринардилар. Сўфийлар халқни тарки дунёчиликка чорладилар, деган кимсалар тасаввуф оломон эмас, балки Оллоҳга етишиш йўлида илм олишни, инсон заковатининг қудрати нималарга қодирлигини англашни истаган комил инсонлар йўли эканини билмасдилар ёки билиб, билмаганга олардилар. Ҳазрати Хожа Аҳмад Яссавий айтганларидек, Фақирлик мартабаси мақоми аъло турур, ҳар кимга муяссар бўлмас!”

* * *

…Аҳмад сўфийлар ва тасаввуф йўли ҳақидаги хаёллар билан қандай тонг отганини сезмай қолди. Фарзни ало қилгач, қизариб чиқаётган қуёш нури чулғай бошлаган ҳовлини кесиб, Имом Абу Мансур ҳузурига шошилди. Салом-аликдан сўнг, унга савол аломати билан боққан имомга ниятини айтди:
— Бобо Фараж хизматларига боришимга рухсат тиларман.

Аҳмад устоз менга тасбеҳ берса керак, деб ўйлаганди, йўқ, имом розилик маъносида бошини эгди. Аҳмад ўрнидан туриб, энди эшикка етганда, устози овозини эшитди:
— Барча асҳоб бирлан борурмиз!..

Устоднинг амрига биноан барча сабоқдошлар бир бўлиб йўлга тушдилар. Дастлаб сукутга чўмган имомга эргашиб, бир тўп қушлардек чуғурлашиб келаётган йигитлар Бобо Фараж хонақоҳсига яқинлашган сайин бошларини эгганча жимиб қолдилар.

Хонақоҳ эшиги олдида уларни ёшгина мурид қарши олди.
— Отинг кимдур? – деб сўради Аҳмад.

Мурид:
— Бобо Шодон, — деди. Аҳмад муриднинг ўз пирига нисбат қилиб айтган номини эшитиб жилмайди. Бобо шодон уларнинг қай мақсадда ташриф буюрганларини эшитгач, лип этиб ичкарига кириб кетди.

Қандай тез кириб кетган бўлса, шундай тез чиқди ва зинанинг тепасидан сўз қотди:
— Пирим, агар улар Тангри даргоҳига келган эрканлар, кира олсалар, майли, кирсинлар, дедилар.

Сабоқдошлар Бобо Фараж айтган гап мазмунини чақолмай бир-бирларига қарадилар. Аҳмад кўз ўнгида яна ўша ўт чақнаб турган кўзлар пайдо бўлди. У сўзлар маъносини англади. Ўша заҳот эгнидаги либосларни ечди ва қўлини кўксига босди. Унинг бу аҳволини кўриб, бошқалар ҳам кийимларини ечиб, қўлларини кўкракларига қўйдилар. Бобо шодон уларни ичкарига бошлади. Дам ўтмай улар ҳовли бурчагидаги ҳужрада ўтирган Бобо Фаражга рўпара бўлдилар. Ҳамма ўз ўрнини топгач, кекса дарвеш кўзини юмди ва нималарнидир шивирлай бошлади. Унинг бу шивири – олис-олислардан келаётган денгиз шовқини, унга яқинлашган сайин кучайганидан-кучайиб борди. Бобо Фараж муножот қиларди. Аҳмаднинг вужуди ҳам муножот оғушига чўмди. Аммо у қулоғига эмас, кўнглига ситилиб кираётган бу сўзларни Бобо Фараж айтаяптими ёки ғойибдан келяптими билмас эди…

Холиқо, юрагим санинг тахтингдур,
сенинг васлинг маним аҳдимдур.

Холиқо, имдод қил, васлингга етай,
имкон бер, юрагим қаърига кетай.

Холиқо, дуо бер, вужудим тўлсун,
муддао бер, хоҳишлар ўлсун.

Холиқо, қўлим ол, йўлга сол мани,
алдамасин ўзга бир қаввол мани.

Холиқо, сақлагил, пушаймон бўлмай,
адашмай, зулматда саргардон бўлмай.

Холиқо, дийдоринг нури чароғдур,
сенинг дийдорингсиз бу кўнгил доғдур.

Холиқо, зар берма, бир иқтидор бер,
иқтидор бергилу, дийдор бер.

Холиқо, дардингдан кўнглим шод эрур,
сенинг бандаларинг дилозод эрур.

Холиқо, гуноҳим гарчи фузундир,
шафқатинг муддати жуда узундур.

Холиқо, қалбима бир таманно бер,
таманномга фақат маъно бер…

Аҳмад Бобо Фаражнинг ҳоли мутағаййир бўлганини кўриб-билиб турар, аммо юрагида жаранглаётган оҳанглар бобонинг нималар деб муножот қилаётганини эшитишга имкон бермасди. Балки улар бир муножотни, айни сўзларни айтиб тавалло қилаётгандирлар.

Тўсатдан Бобо Фаражнинг қиёфасида шундай улуғворлик пайдо бўлдики, унинг бутун вужуди қуёш қурсидек дурахшон бўлиб, нурлана бошлади. Дам ўтмай бобонинг эгнидаги ҳирқа ўз-ўзидан танадан айрилиб, ерга оҳиста сирғалиб тушди. Бу ҳолни кўриб турганларни ҳайрат қучди.

Анчадан кейин Бобо Фараж яна аввалги ҳолатига қайтди ва ўтирган ўрнидан туриб, боягина танасидан ерга сирғалиб тушган ҳирқани қўлига олди. Кейин даврада сармаст ўтирган Аҳмадга яқинлашиб, уни даст кўтариб ерга қўйди ва қўлидаги ҳирқани кийдирди. Бобо бу ишни гап-сўзсиз адо этгач, яна қайтиб жойини эгаллади-ю, хона ўртасида нима қилишини билмай қўққайиб турган Аҳмадга сўз қотди:
— Сенинг дафтар ўқур чоғинг ўтди – қаламинг оқдур, ёзганинг бефойдадур! Вақтидурки, пирлар этагини тут, уларнинг хизматида бўл!

Бобо сўзини тугатиб, ҳаммага ижозат бергандек, қўлини кўксига босди. Аҳмад ҳамма қатори эшикка яқинлашаркан, Бобо Фараж хитобини эшитиб тўхтади, ялт этиб дарвишга қаради. Ўт чақнаган кўзлар унга меҳр билан қараб турарди.

— Аҳмад! – деди яна бир карра Бобо Фараж ундан кўзини узмай, — Вақт келур, оламнинг сафдафтари бўлғайсен…

Бобо Фараж даргоҳини тарк этиб, анча юришгач, имом Абу Мансур унга таъкидлади:
— Энди сенинг йўлинг ўзгадур… Аммо, “Шарҳи ус-Сунна”дан озгина қолибдур, бир-икки кун ўтириб уни якунла. Сўнг, майли, ижозат…

Аҳмад устозининг сўзини қайтармади. Эртаси тонгдан қўлига яна “Шарҳи ус-Сунна”ни олди. Китобга эгилди-ю… ҳужрага шахд билан кириб келган Бобо Фаражни кўриб, отилиб ўрнидан турди. Бобо Фараж ғазаб билан гапирди:

— Сенинг дафтар ўқур чоғинг ўтди, демаганмидим?! Кеча сен илм ул-яқиннинг минг бир манзилидан ўтдинг! Бугун нега яна қуриган булоқ бошига борурсан?!

Бобо Фараж қандай шиддатли кирган бўлса ўшандай чиқиб кетди. Аҳмад ўша-ўша “Шарҳи ус-Сунна”га қайтмади, риёзат ва хилватнишинлик билан машғул бўлди. Вақт ўтиб илми ботиний ва варидоти ғайбий сирларини англай бошлади. Ҳатто бир марта ғайбдан келаётган бу сирлар беиз ўчиб кетмасин деган ниятда уларни қоғозга битмоқчи бўлди. Аммо қўлига қалам олиб, ёзишга энди киришган эди, эшикдан кириб келган Бобо Фаражни кўрди. Бобо Фараж бугал ҳам оташин эди:

— Шайтоннинг васвасасига учма, бу сўзларни ёзма! Қаламни қўй-да, барчасини унут. Етар, бунда муқим бўлишдан сақлан, йўлга туш… Пирлар хизматини қил, ўз муршидингни излаб топ! Бунда қолсанг, ҳалок бўлурсан, қалбинг ойнасини синдирурсан. Пирни яқиндан излама, йироқдан изла…

Бобо Фараж бирдан маъюс тортди, кўзларида мунг жимирлади. У қаршисида лол турган йигитга тикиларкан, маҳзунҳол шивирлади:

— Аҳмад! Бугун тунда сенинг она юртинг томонда – Туркистонда бир ёруғ юлдуз сўнди. Бу Пири Туркистоний юлдузидир. Ул иқлим осмонида ёлғиз Хожаи Жаҳон юлдузи чарақлаб турибди энди. Шошил, улуғ муқтадо изла, унинг қўлини, этагини тутиб, йўлингни топ. Йўлингни топу, юртингга қайт. Юлдузингни чарақлат! Сенинг замонда чеккан машаққатларингдангина юлдузингга шуур қўшилғай. Юлдузингга қувват бер! Пири Туркистоний юлдузи ўрнини топ!

Аҳмад кекса дарвешнинг бу сўзларини ўша пайтда эмас, йиллар ўтиб англайди. Англайди-ю, беовоз, кўз ёшлари сел бўлиб, ичига оқиб йиғлайди. Чайқалиб-чайқалиб, аламини бешикдаги гўдак каби тебратиб ухлатишга уринади, аммо ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқолмайди.

У йиллар ўтиб Хоразмда – Аҳмад бўлиб тарк этган, Нажмиддин бўлиб қайтган она юртида шайхлик мақомида экан, даргоҳига Пири Туркистонийнинг улуғ шогирдларидан бири – Разиуддин Али Лоло мулозамат учун келади.

Шайх Саидиддин Фарғоний “Маноқибул-ибол илал-маод” отли китобида қайд этганким: “Муридлар интисоби (боғлиқ бўлиши) машойихга (пирга) уч тариқа (йўл) биландур: бири ҳирқа билан, иккинчиси зикр талқини билан ва учинчи, хизмат ва суҳбат ва анинг одоби билан. Ва ҳирқа нисбати иккидур: бири иродат ҳирқаси ва ани бир шайхдан ўзгадин олмоқ раво эмас ва яна бири табаррук ҳирқаси. Ва ани кўп машойихдан табаррук олмоқ раводир.

Иродат ҳирқаси нисбатан ва зикр талқини нисбатан икки шайхдин олмоқ мазмум (ёмон)дур. Аммо суҳбат нисбатида маҳмуд (яхши)дур, аммо бурунғи шайх рухсати шарти билан ёки фоти вуқуи била (яъни ўлими туфайли)”.

Разиуддин Али Лоло ҳирқаи иродат ва зикр талқини билан Хожа Аҳмад Яссавийга боғлиқ эди, у Шайх Кубро ҳузурига Пири Туркистоний вафоти туфайли суҳбат истаб келган эди.

Шайх Кубро ҳузурига ташриф буюрган хушбичим, соч-соқоли қоп-қора йигитдан Хожа Аҳмад ҳақида узоқ суриштирди. Биз ҳам уларнинг суҳбатига халал бермай Пири Туркистоний ҳаёти ва фаолиятига назар ташлайлик.

Хожа Аҳмад Яссавий тахминан 1103-1104 йиллар оралиғида қадим Туркистон мулкининг Сайрам мавзесида Шайх Иброҳим оиласида дунёга келган. Етти ёшида отасидан етим қолиб, онаси Қорасочойим ва опаси Гавҳари Шаҳноз қўлида тарбияланади. Мавлоно Ҳисомиддин Сиғноқийнинг “Насабнома” рисоласида келтирилишича, Хожа Аҳмад ўн етти пушт орқали ҳазрати Пайғамбаримизнинг амакилари ҳазрат Абу Толибга бориб туташар экан. Яъни: Хожа Аҳмад ибн Иброҳим Шайх ибн Маҳмуд Шайх ибн Ифтихор Шайх ибн Умар Шайх ибн Усмон Шайх ибн Ҳусайн Шайх ибн Исмоил Шайх ибн Мусо Шайх ибн Юнус Шайх бн Хорун Шайх ибн Исҳоқ Шайх ибн Абдулраҳмон Шайх ибн Абдулфаттоҳ Шайх ибн Абдулжаббор Шайх ибн Абдулфаттоҳ Шайх ибн Имом Муҳаммад Ханафия ибн ҳазрати Али ибн ҳазрати Абу Толиб.

Хожа Аҳмад бошланғич тарбияни илк устози Арслонбобдан олгач, устозининг кўрсатмаси, бошқа ривоятга кўра, Арслонбоб вафотидан кейин Яссидан Бухорога боради ва Хожа Юсуф Ҳамадоний хизматида бўлиб, уни пир танийди, муридлик қилади.

Олтмиш йилдан ортиқ шайхлик ва иршод сажжодасида ўтирган, ўн саккиз ёшида Бағдодда Абу Исҳоқдан фиқҳ, ҳадис ва тафсир илмини ўрганган, кейинчалик Исфаҳон, Самарқанд ва Бухорода таълимини давом эттирган, Хожа Абдулқодир Гелонийдан қабул соҳиби бўлган, дарвешлик ҳирқасини Хожа Абдуллоҳ Жайвоний қўлидан кийган, тасаввуфда Шайх Абу Али Фармудийга интисобда бўлган, узоқ вақт Хуросон, Хоразм ва Мовароуннаҳрда имомлик мансабини ўтаган Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг Бухорода тузган хонақоҳида жуда кўп форсийзабон ва туркзабон шогирдлар диний-мазҳабий ва тасаввуф илмларидан сабоқ олардилар. Хожа Юсуф Мовароуннаҳрни тарк этишдан аввал ўз асҳоби орасидан тўрт кишини даъват мартабасига тайинлади. Булар Хожа Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийдирлар. Муридларга пешволик қилиш хоразмлик Хожа Барқий, Самарқанднинг Хатирчи мавзесидан бўлмиш Хожа Андоқийлардан сўнг Хожа Аҳмад Яссавийга ўтади ва у қирқ ёшгача иршод мансабида бўлди. Аммо шу ёшга етгач, ўз тариқати йўлини тузмак лозимлигини англади. Хожа Аҳмад ўз тариқатини тузмак мақсадида она юртига қайтиш олдидан хонақоҳ раислигини Хожа Абдулхолиққа топширади. Туркистон мулкида бунёд бўлган икки буюк тариқат – нақшбандия ва яссавияга асос солиш Хожа Аҳмад Яссавий билан Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийга насиб бўлди. Ҳар икки тариқат вақт ўтиб, тасаввуф тарихида “Хожагон силсиласи”, “Силсилат уз-заҳаб” номлари билан аталди ва ҳар икки шайх устози Хожа Юсуф Ҳамадоний бу силсила сардафтари сифатида эътироф этилди.

Хожа Аҳмад Яссига қайтгач, у ерда мадраса ва хонақоҳ тиклатди, ўз атрофига шогирдлар йиғиб, уларни ўз маслаги йўлидан бошлади. У ўз йўлини ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг “Фақирлик фахримдир” ҳадисига асослаган, ўз пирлик мақомини эса ушмундоқ белгилаган эди: “Эй толиб, агар Ҳақни тилаб тобай десанг, ондой пирга қўл бергилким, шариатда орифи биллоҳ, тариқатда воқифи асрор бўлса, ҳақиқатда комилу-мукаммал бўлса, маърифатда дарёи уммон бўлса, ондоғ пирга қўл берғилким, саодат бўлғай”.

Хожа Яссавий солиқ учун тўрт сафар: шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқатни белгилаб, бу сафарларнинг ҳар бирида ўн мақом, жами қирқ мақомни ўтамоқ вазифасини топширади ва насиҳат қилади: “Бу қирқ мақомни билиб амал қилса, дарвешлиги пок турур ва агар билмаса ва ўрганмаса, дарвешлик мақоми онга ҳаром турур ва жоҳил турур”.

Фақат мана шу қирқ мақомни ўтаган, нафсини куйдириб фано даражасиға етишган дарвеш, Хожа Аҳмад назарида, “агар ўтга боқса, Ҳақни кўргай ва агар қуйи боқса, Ҳақни кўргай ва агар илгари боқса, Ҳақни кўргай ва агар ўлтурса, Ҳақни кўргай мушоҳада кўзи бирлан. Ва яна сўфий илм ул-яқин ва айн ул-яқин мақомини топқай ва агар сир кўзи бирлан юқори боқса, Аршни кўргай ва агар қуйи боқса етти табақаи заминни ва ҳеч ҳижоб бўлмағай. Ва агар ҳақ ул-яқин кўзи бирлан боқса, махлуқот ва маснуъотдин кечиб, бечун ва бечунгина Ҳақни кўргай ва маърифатда барча кавнайни оламини кўргай…”

Хожа Аҳмад хитоб қиладиким:

Шариатда мурод улдир, йўлга кирмак,
Тариқатда мурод улдир, нафсдан кечмак,
Ҳақиқатда азиз жонни фидо қилмак,
Жондан кечмай ишқ шаробин ичса бўлмас…

Яна унинг эътирофича, шариат – бу иродат, тариқат – бу ижобат, ҳақиқат эса ижозатдир; илло “мурид бўлғон бу сифатлиғ бўлмоқ керак”. Бошқа бир ҳикматида Хожа тариқати сафарларини учга бўлади: “шариат – илк ул-яқиндир, тариқат – айн ул-яқиндир, ҳақиқат – ҳақ ул-яқиндир”. Яна бир ҳикматда ёзадиким: “шариат – “ли маъаллоҳ” мақомидир, тариқат – “ан тамуту” саройидир ва ҳақиқа – “фано филлоҳ” дарёсидирки, бу мақомга етишмай, бу саройга кирмай, бу дарёда чўмилмай, “бақобиллоҳ” гавҳарини олса бўлмас”.

“Бақобиллоҳ” гавҳарини олмоқ учун, яъни Оллоҳдан нишона кўрмоқ учун эса солик ошиқ бўлмоғи керак. “Ошиқ бўлсанг, ишқ йўлида фано бўлгил, дийдор излаб ҳасратида адо бўлгил”. Ишқ кўнгилни ёритсагина, “ўша вақтда илоҳимни жамолини маъно кўзи бирлан” аён кўрмоқ мумкиндир. Бунинг учун эса:

Зикрин айтгил, қонлар оқсун кўзларингдин,
Ҳикмат айтгил, дурлар томсун сўзларингдин,
Гуллар унсун ҳар бир босқан изларингдин,
Гулга боқсанг, гул очилиб бўстон бўлур…

Яъни, Хожа Аҳмад айтмоқчики: “Ҳар бир босган қадаминг – ҳаракатинг туфайли гул унса – Оллоҳ жамолидан бир нишона кўринса, гул очилиб бўстон бўлганидек, сен ўша нишонада Ҳақни кўра биласан”. Бу тасаввуф илмининг энг содда изоҳидир.

Хожа Аҳмад Яссавий Туркистонга қайтиб, тариқатини тузишни бошларкан, устози Хожа Ҳамадоний қўллаган зикр айтиш йўли – “зикри алония” (зикр айтишда товуш чиқариш)га амал қилдики, бу йўл яна “зикри жаҳрия” деб ҳам аталади. Шунинг баробарида Хожа Аҳмад илк марта зикрни туркий тилда бажаришга ўтди ва бу йўлда ўзига хос янги усулни кашф этди. Бу усул “зикри арра” номини олди.
Камина “зикри арра” талқини бир қатор кўҳна китобларда қайд этилганини маълум қилган ҳолда, шу китоблардан бирида келтирилган ривоятни китобхонга ҳавола қилмоқни маъқул кўрдим: “Яссавия машойихидан саналган Мавдуд Шайхнинг асҳоби бўлмиш Камол Шайх Тошкандга келганида Хожа Аҳрори Валий даргоҳига келиб турарди. Бир куни Камол Шайх келганда Хожа унга “Биз учун “арра зикри”ни айтиб бер!” – деган эканлар. Ўшанда Камол Шайх “зикри арра”ни айтиб, ҳаммани мамнун қилган экан.

Айтишларига қараганда, деб ҳикоя қилади бу воқеа хабарини етказган ровий, “зикри арра” турк машойихи силсиласида шундай зикр эканки, уни айтишда гўё димоғдан арра товуши келар экан.

Шайх Камол Хожа Аҳрори Валий олдида етти-саккиз маротаба бор кучи билан “зикри арра”ни айтган. Шунда Хожа Аҳрор хитоб қилди: “Бас қилингким, Аршдан фаршгача ёниб тугади!” – деган экан. Камол Шайх зикрни тугатгандан кейин Хожа Аҳрор узоқ ўйга ботиб қолади. Асҳоб аҳли бунинг боисини сўраганда, Хожа: “Мен шундай фикрдаменки, агар мункирлар бу қандай зикр айтиш десалар, шундай жавоб қайтарган бўлар эдим”, — деб ушбу байтни ўқиган эканлар:

Мурғони чаман ба ҳар сабоҳ
Хонанд туро бо истилоҳ…

Яъни:

Чаман қушлари сенга ҳар саҳар
Жўр бўлиб сайрайдилар…

Бу тафсилотни идрок қилган ҳолда айтиш мумкинки, Хожа Аҳмад Яссавий “зикри арра”ни кашф этишда туркий халқлар орасида кенг тарқалган бахшичилик санъатидан ўринли фойдаланган, бу билан у Оллоҳ зикрини, ўз ҳикматларини оддий халққа осон етиб боришига эришмоқчи бўлган.

Сўфийлик тариқатларида амалда бўлган асосий зикр “Ҳув” номи билан аталиб, яссавияда бу зикр “арра” усулида ижро этилган. Хожа Аҳмад ҳикматларида ёзади:

“Ҳу” ҳалқаси қурилди, эй дарвешлар, келинглар,
Ҳақ суфраси ёйилди, ондин улуш олинглар…
“Ҳу” аррасин олибон, нафс бошига солибон,
Туну куни, толиблар, жонни қурбон қилинглар…

Бу намуналарда “Ҳу” ҳалқаси” – рақси самоъ даврасини, “Ҳу” арраси” эса зикр айтишнинг Яссавий кашф қилган талқин номини билдиради. Шу кунларда ҳам Бойсун тоғларида айтиладиган айрим қўшиқлар нақорати “Яққу-яққу-яққу-я” тарзида такрорланадики, бу аслида “Я-ҳу, я-ҳу, — я-ҳу-у!” қабилида бўлиб, халқ хотирасида яссавиёна рақсу самоъ ва “зикри арра”дан қолган бир нишонадир.
Ривоятларга кўра, Хожа Аҳмад ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёшига етгач, ер остида ҳужра ясатиб, хилватга чекинган ва қолган умрини ёруғ дунё юзини кўрмай, тоат-ибодат қилиб ўтказган. Бир ривоятга кўра, у 125 йил, бошқасига кўра 133 йил яшаган. Яна бир ривоятларга кўра, Пири Туркистоний узоқ умри давомида юз етмиш пирга хизмат қилган, қирқ йил қаландарлар билан сафарда бўлган, етмиш уч билимни билган ва улардан ўз асҳобларига дарс берган, олтмиш икки муфтий, тўқсон тўққиз минг волий, саккиз минг абдол (қаландар), олтмиш саййидзода, ўн минг Хоразм имомзодалари ва икки минг донишманд билан суҳбатда бўлган экан.

Ҳурматли дўст, буюк бобомиз Хожа Аҳмад Яссавий ҳақига дуолар келтирайлик-да, Табризга – Бобо Фараж аламли сўзлар айтиб, чиқиб кетгач, ёлғиз қолган бошқа бир буюк бобокалонимиз ҳузурига қайтайлик.

Тонг пайти Аҳмад Форс мулки томон йўл олган карвон сафида Табризни тарк этди. Карвон шаҳардан узоқлашаркан, Аҳмад қизариб чиқаётган қуёшнинг хира шуъласи оғушида қорайиб турган бўртоғларнинг бирида турган ёлғиз одам кўланкасини илғади. Бу одам Бобо Фараж эканини англаб, кўнглида яна ўша мунгли муножот янгради:

Холиқо, кўнглумга таманно бер, таманномга маъно бер…

* * *

Илми зиёда бўлгани сайин ташналиги баттар ортган Аҳмад муршид излаб кўп ўлкаларни пою пиёда кезиб чиқди. Аммо қай бир улуғ шайх ҳузурига етмасин, иродати собит бўлмас ва кўнгли тўлмай яна йўлга тушарди.

Бир куни Хузистондага Зурфул деган манзилга яқинлашганда хасталаниб қолди. У одамлардан бу манзилда ғариб мардумларга бошпана бергувчи бирор мусулмон борми-йўқми, дея суриштирди. Унга шу яқин орада бир шайх хонақоси борлигини ва ўша ерга етса, албатта бошпана ва емак беришларини айтдилар. Шайхнинг исмини суриштирганда, “Шайх Исмоил ал-Қасрий” деб жавоб бердилар.

У бу шайх ҳақида эшитмаган, унинг азаматидан бехабар эди. Аммо кеча жалада қолиб, уст-боши жиққа ҳўл бўлган, Зурфулга етганда бутун вужуди иситмада куяр, кўзлари безовта ёнарди. Шу сабабдан Шайх Қасрий хонақосида Маҳбуби Ҳабибнинг ўзи шифо бермагунича бошпана топмасдан бошқа иложи йўқ эди. У мадорсиз оёқларини зўрға босиб, Зурфулнинг қибла тарафидаги хилват гўшада ўрнашган хонақоҳга етди.

Хонақоҳ олдида иккилангандек бироз туриб қолди. Эшикни бир кўзига доғ тушган ўрта яшар мурид очди.

У хотиржам сўради:
— Бу даргоҳга бош бирлан келдингми, оёқ бирлан?

Аҳмад жавоб қилди:
— Сидқу сафо бирлан!

Мурид сўради:
— Кимнинг бўйини тилаб келдинг?

Аҳмад жавоб қилди:
— Меҳру вафо бўйини!

Мурид сўради:
— Такъя мени чорлади, мен эса соҳиби такъяни тилайман.

Мурид сўради:
— Бу такъяга не аҳд билар кирурсан?

Аҳмад айтди:
— Аввало ҳурмат ила кирмоқ, кейин иззат билан ўтирмоқ, сўнг ҳожат айтмоқ ва ниҳоят, хизмат қилмоқ менинг аҳдимдур!

Мурид ортиқ савол бермади, зеро у Аҳмаднинг ҳолини сезган эди. Дарров қўлтиғидан олиб, ичкарига бошлади. Аҳмад хонақоҳга ўнг оёқни босиб киришни, киргач – дуо ўқишни шу аҳволда ҳам унутмади.
Муршид Аҳмадга хонақоҳ ҳовлисидаги кенг супада жой ҳозирлаб берди. Сўнг мурид анор шарбати тўлдирилган шоҳкосани бемор тўшаги ёнига келтириб қўяркан, бу ичимлик иситмани босишини уқтирди ва бурчакдаги ҳужрага кириб кетиш олдидан:
— Оллоҳи Карим ўзи шифо бергай, мусофир! – деди.

— Аҳмад анор шарбатини ичаркан, сукунат қучган хонақоҳ ҳовлисини кўздан кечирди. Ҳовли ўртасида булоқ қайнаб турарди. Аслида мана шу булоқ туфайли хонақоҳ ўрни шу жойдан тайинланган бўлса, ажабмас. Булоқ тошҳовузга бориб қуйилар, ҳовуз теграси ям-яшил шамшодлар билан ўралган. Ҳовли бурчакларида эса улкан чинорлар шовиллаб турарди. Мана шу шамшодлару-чинорларнинг кўнгилга фароғат бағишлочи куйи таъсирида бемор кўзи юмилиб қолганини сезмади.

У тушида ўзини ёнаётган қамишзор ичида кўрди. У ёнғин таъқибидан қочар, аммо ўт уни изма-из қувар, олов тили оёқларини куйдириб ялар, вужудига чирмашарди. Теграсида қушлар патирлаб осмону-фалакка кўтарилишар, оҳулару-арслонлар бир-бирларига ҳамроҳ, ўқдек учиб боришар, аммо унинг учишига қаноти, чопишга қуввати, имдод этмакка мажоли йўқ эди.

Тўсатдан у шовиллаб оқаётган улкан дарё бўйига чиқиб қолди. Дарё шовиллаши, соҳилдаги қамишларнинг сокин шовқини қаршисида турар экан, юрагини аллақандай сеҳргар куй чулғай бошлаганини сезди. У қўлларини олдинга чўзганча бу сеҳргар куй қаърига – дарёга кириб бораверди. Тўсатдан кимдир исмини олиб чақирганини эшитди-ю, ялт этиб, орқасига қаради. Ўша заҳоти уйғониб кетди.
Хонақоҳ оқшом оғушида эди. Аҳмад ётган супа қаршисидаги майдончада доира билан рубобнинг тиниқ, омихта жаранги янграр, дарвешлар давра олиб зикр тушардилар. Буни сўфия аҳли рақси самоъ деб атардилар.

Самоъия, самоъ, рақси самоъ – куй остида рақсга тушиб, Оллоҳ зикрини қилишдир. Уни Оллоҳга бағишланган ғазаллару-муножотлар айтиб ижро этиш кўзда тутилган. Рақси самоъни ваҳдатга эришмоқ йўли деб билган сўфийлар бу амалда асосий ўрин тутган мусиқани “ғизои руҳ” – “руҳ озиқи” деб атаганлар.

Аҳли сўфия фикрича, самоъ айтиш пайтида кишида бир азим кайфият юз берар эканки, натижада юракдаги ҳижоб – парда бироз кўтарилар ва қалбдаги Оллоҳ куй-муножотларни эшитишга муяссар бўлар экан. Самоъ, сўфийлар назарида, дарвешларни бир неча муддат дунё ташвишидан, ғамидан узоқлаштириб, асл-мақсад – Ҳақ висолига яқинлаштирувчи воситадир.

Самоъда “Ҳақ” жамолин кўрсатмаса зомин бўлай”, дейди Хожа Аҳмад Яссавий.

Самоъ уйғонишдур, дейди Мавлоно Жалолиддин Румий.

Самоъ муҳаббат шарбатидур, дейди Имом ал-Косоний.

Самоъ – бу маъшуқага хитоб қилишдир, хитобни эшитган маъшуқа беқарор бўлиб жонланади, ўзини кўрсатмоқчи бўлади, лекин ошиқ уни кўриши учун машаққат тортмоғи керак.

Аммо…

“Самоъни инкор қилмағил, бироқ кўп самоъ қилмаҳилким, самоъ кўп бўлса, нифоқ келтирур ва дилни ўлдирур”. Бу Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ҳикматлари. Яна бу шариф зот айтганларки:

Эй сўфии соф, ки куни майли самоъ,
Ҳосил зи самоъ. Чун нифоқ асту видоъ.
Ё тарки самоъ кун, ки софи гарди,
Ё он ки ҳаёти дили худ соз видоъ.

(Мазмуни: Эй покиза сўфи, сен самоъга майл кўрсатсанг, ундан фақат нифоқ ва низо олажаксан. Ё самоъни тарк қилиб, тўғри йўлни танла ёки дилингнинг тириклиги хавф остида қолади).

Инкор макун самоъу мақбул надор,
Илло зи касе, ки зиндадил бошад ёр
Гар нафси ту мурда нест, аз шуҳрату оз,
Бо савму салом бошу дигар бигузор.

(Мазмуни: Сен Самоъни на инкор айла, на қабул эт, агар зиндадил (яъни Оллоҳ маърифатига дилинг очиқ бўлса) бўлсанг, шундай йўлни танлагил. Агар шуҳрату шон талабида нафсинг ўлмаган бўлса, яхшиси мунтазам намозу рўза ила машғул бўл, бошқа ишни қўй).

“Мен самоъни рад этмайман, аммо қабул ҳам қилмайман”.
Бу Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳикматлари.

Аммо…

Самоъни тан олмаган (ёки Ҳазрати Нақшбанддек уни рад ҳам, қабул қилмаган) сўфийлар, шу жумладан қаҳрамонимиз бўлмиш Нажмиддин Кубро ҳам куй ёки қўшиқ билан зикр этишни рад этиб, булар барчаси Ҳақ висолига етишмакка ҳалақит беради, деб қарардилар. Улар таълими бўйича зикр товуш чиқармасдан, яъни хуфия ижро этилиши керак эди. улар назарида, токим Оллоҳ ўз тахтини мўмин қалбида ўрнатган экан, Оллоҳ билан банда ўртасида бирдан-бир восита Қалбдир. Қалб орқали инсон Оллоҳга етади, уни танийди. Шу сабабдан Оллоҳ руҳи билан инсон қалби ўртасида бошқа восита ортиқчадир, дейдилар ва ўз зикрларини хилватда хуфия бажарардилар. Бундай зикр қилишни “хуфия”, “зикри дил”, “хабидил” деб атайдилар.

“Зикрни тил билан эмас, кўнгил билан айтинг. Ҳабси нафас (нафас олмасликда), чидам ва бир нафасда айтинг, токим зикрнинг ҳаловати кўнгилга етсин”, дейди Мавлоно Саъдиддин Кошғарий.

Боязид Бистомий зикр бошлашдан аввал уйнинг ҳамма тешикларини беркитиб ўлтирар экан: “Овоз эшитиб, кўнглимга ташвиш тушмасин”, — деб айтар экан…

Рақси самоънинг пайдо бўлишини Хожа Яссавий ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Меърожга чиқишлари билан боғлайди:

Малойиклар йиғлаб бир кун суҳбат қурди,
Рақси самоъ урмак учун югуриб юрди,
Меърож узра ҳақ, Мустафо муни кўрди,
Эмди мен ҳам рақси самоъ ургим келур…

Бошқа бир ҳикматда Хожа Аҳмад рақси самоъ ҳақидаги ўзга бир ривоятни келтиради: Шиблий самоъ пайти Жаноби Мустафони кўриб, йиғлаб сўрадики: “Аё Расул, самоъдан малулман, бетоқатман”, яъни бу ишдан самара борми? Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдики: “Иншооллоҳ, қилгай қабул”. Шу ҳикоят баҳона Хожа Аҳмад хитоб қилади:

Рақси самоъ урган ошиқ ўзин билмас,
Беҳуш юрар, дунё молин қўлга олмас,
Юз минг одам “Тақсир” деса, мағрур бўлмас,
Дунё тефиб, рақси самоъ урди дўстлар…

* * *

Аҳмад рақси самоъни бошқариб турган, оппоқ хирқа кийган нуроний чол Шайх Исмоил Қасрий эканини англади. Унинг самоъ даврасидан чиқиб супа томон келаётганини кўрган Аҳмад ўрнидан туришга уринди, бироқ мажолсизликдан боши айланиб, яна тўшакка ағдарилиб тушди. Шайх Қасрий хаста йигитнинг иситмадан қалт-қалт титраётганини бир муддат кузатиб турди-да, сўради:
— Бу дарддан қутулишни истайсанми?

Аҳмад зўрға тилини айлантирди:
— Ҳа!..

Шайх Қасрий икки қўли билан Аҳмаднинг қўлтиғидан кўтариб самоъ даврасига олиб кирди ва бир неча бор чарх айлантиргач, хонақоҳ деворига таяб қўйди. Аҳмаднинг боши гир-гир айланарди. У “Ҳозир… мана ҳозир ағдарилиб тушаман”, деб қўрқар ва вужудидаги бор кучини курагига тўрлаб деворга таяниб турарди. Барибир ўзидан кетиб қолганини сезмай қолди. Кўзин очганда, ўз тўшагида ётар, хасталикдан аломат ҳам қолмаган, онадан қайта туғилгандек соппа-соғ эди. Кўнглида Шайх Қасрийга иродат пайдо бўлди.

Тонгда Шайх ҳузурига кириб, унинг итоатига кирмоққа ижозат тилади. Бир неча ой устози паноҳида сулук билан машғул бўлди. Аммо жума оқшомлари бўладиган самоъ пайтида ўз ҳужрасига кириб кетарди. Бу бошқа асҳобларга маъқул келмади, шекилли, бир кун шайхга шикоят қилишиб, “Янги шогирдингиз зикр айтишда сизга мутобаат қилади, самоъда бўлишни истамайди”, — дейишди. Кекса шайх уларнинг бу шикоятини эшитаркан, бирор ранжиш аломати зоҳир этмади. У ўзидан жавоб кутиб турган асҳобларидан сўради:

— Тариқат Оллоҳ Таолони таниш илмидур, деб сизга ўргатганим чинму?
— Чин! – дейишди бараварига асҳоблар.

— Бўлмаса, сўзимни қувваи ҳофизангизга яхшилаб қуйиб олингиз: Оллоҳ Таолони ким қандай таниса, ким қандай йўл тутса, унинг инон-ихтиёридур. Мен уни самоъда иштирок қилишга кўндиришим, ҳатто мажбурлашим мумкин. Илло, у менинг итоатимдадур. Аммо ҳар икки йўл ҳам золимликдур, золимлик эса тариқатга мутлақ ёт нарсадур…

Асҳоблар жим чиқиб кетдилар. Шайх Қасрий ўйга ботди. Кошки булар ёш шогирдининг азаматидан огоҳ бўлсалар! Ўша хаста ётган Аҳмадни қўлтиғидан кўтариб самоъ даврасига олиб кирган кечаси Шайх Қасрий тонггача кўз юмолмаганини улар биладиларми?! Ҳозир ҳам баъзан кўзлари Аҳмаднинг кўзларига тўқнашса, хонақоҳга сиғмай қолгандек, бир ғалати аҳволга тушишидан улар хабардорми? Шайх Қасрий кун келиб, Аҳмаднинг бу рўзғор муқтадоси бўлишини айтса, улар ишонармиканлар?

Вақт ўтиб, шайхнинг янги муридига бўлган меҳри бежиз эмаслигини аҳли асҳоб ҳам англади. Илло, Аҳмаднинг азамати кундан-кун ортиб бораётганини улар ҳам кўриб турардилар. Бир куни тонггача чўзилган мажлисда ўзига хос воқеа юз берди. Асҳоблар кимдан-ким муршид билан солик ўртасида кечган энг ҳикматли савол-жавобни айтиб бериш бобида баҳс қилдилар. Ана шунда Аҳмад сулукдаги тарбияти Султон ал-орифин руҳониятидан бўлмиш Шайх Абулҳасан Ҳарақоний билан унинг бир асҳоби ўртасида бўлган суҳбатни ҳикоя қилиб бериб, ҳаммани лол этди:

“Шайх Абулҳасан Ҳарақоний бир кун асҳобидан сўрадиким: “Барча нарсадан яхши нарса нимадур?” Асҳоби айтдиким: “Ўзингиз айтинг”. Шайх айтдиким: “Ул кўнгилдурким, унда Оллоҳнинг ёдидан ўзга нарса бўлмаса”.

Асҳоб ундан яна “Сўфий кимдур?” деб сўради.

У айтдики: “Киши мураққаъ ва сажжода билан сўфий бўлмағай ва русуму одат билан ҳам сўфий бўлмағай. Сўфий бир кундурки, қуёшга эҳтиёжи бўлмағай ва бир кечадурки, ойга эҳтиёжи бўлмағай ва бир йўқликдурки; борлиққа эҳтиёжи бўлмағай”.

Асҳоб сўрадиким: “Киши недан билгайки, уйғоқдур?”

Шайх деди: “Андин билса бўларким, чун Ҳақни ёд қилса, фарқидан қадамиғача хабардор бўлғай, илло уйғоқ бўлғай”.

Яна сўрдиларки: “Сидқ недур?”

Дедиким: “Сидқ улдурки, кўнгил сўз айтғай, яъни кўнгилдаги сўз айтилса сидқдур”.

Яна сўрадиларки: “Ихлос недур?”

Жавоб қилдиким: “Тангри учун ҳар не қилсанг, ўша ихлосдур ва халқ учун ҳар не қилсанг риёдур”.

Ундан сўрадиларким: “Фано ва бақода сўз айтмоқ кимга муяссар бўлғай?”

Деди: “Ул кишигаки, уни осмондан бир ингичка ипак ип билан оссалар ва биноларни, дарахтларни қўпорадиган ва дарёларни анбошта қиладиган кучли бўрон бўлса ҳам, ўша кишини тебрата олмағай…”

Яна айтибдурким: “Шундай бир андуҳ, тилангким, кўз суви ҳосил бўлсин, илло Тангри йиғлаганларни суяр”.

Яна айтибдурким: “Киши Қуръон ўқисаю ғайрни тиласа, ундан суруд этиб, Ҳақни тилагани яхшироқдур”.

Асҳоб сўрадиким: “Расул вориси кимдур?”

Шайх айтдиким: “Расул вориси улдурки, анинг феълиға иқтидо қилғай. Ул киши эмаски, қоғоз юзин қаро қилғай”.

Асҳоб айтдиким: “Шиблий дебтурки, тилайманки, тиламагайман”.

Шайх изоҳ қилдиким: “Бу ҳам тиламакдур. Мана қирқ йилдурки, бир вақтда мен ва Тангри кўнглумга боқар ва ўзидан ўзга кўрмас. Қирқ йилдурким, нафсим бир ичгуга совуқ сув ва аччиқ мастоба тилар. Ҳануз анга бермайдурмен”.

Яна насиҳат қилибдурким: “Уламо ва ибод дунёда кўпдур, сен андин бўлмоқ кераксенки, кундузни кечағача, кечани кундузғача келтургайсен: Шундоқки, Ҳақ қувонгай”.
Яна айтибдурким: “Ёруғроқ кўнгул улдурки, анда халқ бўлмағай ва ишингнинг яхшироғи улдурки, анда махлуқ андишаси бўлмағай ва ҳалол неъмат улдурки, касбинг била бўлғай ва рафиқларинг яхшироғи улдурки, зиндагонлиги Ҳақ била бўлғай”.

Мана шундай қизғин мажлислару кеча-кундузлик риёзат билан кунлар, ойлар ва йиллар ўтди. Вақт ўтган сайин Аҳмад ортиқ бу даргоҳда у топадиган илм қолмаганини сезар, аммо иродатдан чиқмоққа имкон тополмасди. Унинг бу аҳволидан Шайх Исмоил яхши хабардор эди. Бир куни у асҳобларини жамлаб, Аҳмадни қошига чорлатди. Ҳужрага кириб чўккалаши билан Шайх ғамгин шивирлади:

— Сен илми ботиндан хабардор бўлдинг, илми зоҳиринг эрса, мендан-да зиёда бўлди. Сен энди хирқайи иродатни кийишга лойиқсан, — Шайх ўрнидан турганини кўриб, Аҳмад ҳам қўзғалди. Устози токчада турган хирқайи иродатни олди ва Аҳмадга кийдирди. Ўрнига қайтиб ўтираркан яна ўшандай ғамгин шивирлади:
— Энди ўрнингдан қўзғалу, Шайх Аммор ҳузурига шошил. У сени кутмоқда.

Аҳмад ҳайратдан қотиб қолди. Ичидаги яширин бу даргоҳни тарк этиш истаги бир лаҳзада қайгадир чекинди, устозига бўлган шафқат туйғулари жунбушга келди.

— Йўқ, йўқ, Аҳмад, мен сенинг шафқатингга зор эмасман. Қўзғал-да, йўлга туш. Бу менинг амри маъруфимдир, — деди шайх Қасрий қатхият билан.

Аҳмад отланиб, Шайх Аммор Ёсир ал-Бидлисий ҳузурига борди, унинг хизматига кирди. Аммо вақт ўтиб, кўнглида “Бу даргоҳда ҳам мен оладиган илм қолмади” деб даъво қилди. Кароматининг қудрати билан шогирдининг кўнглидан кечган гапдан хабар топган Шайх Аммор уни қошига чақириб, Мисрга – Шайх Рўзбеҳони Кабир ҳузурига боришга амри маъруф қилди.

— Шайх Рўзбеҳон аз-Ваззан ал-Мисрий билан бир пайтлар ҳазрати Шайх Сўҳравардий қўлида баробар таълим олганмиз, — деди Шайх Аммор Аҳмадни йўлга отлантираркан. – У Мисрга, биз-да Шайх ал-Қасрий икковлон Форс мулкига қайтдик. Шошил-да, ул Султон ул-уламо ва Қудваи ушшоқ ҳузурига ет, илло у кўнглингдаги хасталикни мушти билан бошингдан чиқаргай…

Аҳмад бу сўзларни эшитар экан, Мисрдан қайтиш арафасида Шайх Рўзбеҳони Кабир қилган кароматни эслади: “Кўп йўллар юргайсан, кўп манзилларда бўлгайсан, аммо оқибат бу йўлларнинг бари сени менинг даргоҳимга олиб қайтгайдир”.

Ва хаёлан кўз ўнгида нақшин дарвозанинг ён табақаси очилиб, бир қизалоқ ичкаридан мўралади. Аҳмад бир жуфт қуралай кўзларни кўрди…

Бу ўринда хирқа хусусида қисқача сўзлаб ўтсак. Тасаввуфга оид луғатларда хирқага “ямоқли либос”, “турли матолар парчалари бир-бирига уланиб тикилган либос”, “дарвешларнинг зикр қилиш пайтида кийиладиган кийимидир”, деб таъриф берилади.

Ҳусайн Воиз Кошифий ёзади: “Билингким, дарвешлар шиори маркаъ ва хирқа киймоқдур”.

Агар сўрасаларким: “Хирқанинг маъниси нима?” Айтгинки: “Луғат жиҳатидан хирқа деб тўн ёки жоманинг бир парчасини айтурлар ва истилоҳ этиб, фақр аҳли киядиган ямоғи бор либосни ҳам шундай атайдилар ва уларнинг аксари либослари эски, ямоқдор бўлиб, уларни хирқа дейдилар.

Агар сўрасаларки, хирқани нимадан олдилар; айтгинким, “харак”дан ва “харак” маъноси “пора-пора қилмоқ” эрур. Яна айтадиларки, бу ном “харак”дан олинган ва у “биёбон”дирки, либос эгаси ишқнинг ҳудудсиз даштини ва мужоҳидат биёбонини риёзат қадами бирла ўтиб борадиган йўлчидир. Яна айтадиларки, “хирк”дан олингандир ва бу саховатли мард киши демакдир”.

Бирор мурид муайян босқични ўтаб бўлгач ва ҳозирлик тўхтамидан кейин тариқатга дохил ёки шайхга лойиқ кўрилса, хонақоҳда ўтказилган маросимда унга хирқа кийдирилган. Хирқаларнинг бир неча хили мавжуд бўлган. Чунончи:

1. Хирқаи тавба. Гуноҳларидан тавба этган ва нафсига ҳоким бўлмоқни азм этган толибларга кийдирилган. Аммо бундай хирқа кийган толиб ҳали пирга мансуб саналмаган.
2. Хирқаи иродат – муридлик хирқасидир. Бу хирқани кийган тоиб мурид саналиб, сулукка мансуб ҳисобланган.
3. Хирқаи табаррук – фахрий хирқа саналиб, муаяйн шайхдан хирқаи иродатни кийган бошқа бир шайхдан хирқаи табаррук қабул қилиши мумкин бўлган.
4. Хирқаи валоят – муридлари беназир бўлган пирлар кийган хирқа.

Хирқанинг ранги қора, мовий ва оқ бўлган. Тариқатга янги кирганлар қора, муайян бир даражага эришганлар мовий, сулукни тамомлаганлар оқ хирқа кийишган (Сайфиддин Бохарзий, “Аврод ул-аҳбоб”).
Бизнинг қаҳрамонимизга хирқаи тавбани Бобо Фараж, хирқаи иродатни Шайх Исмоил Қасрий кийдирганини билдик. Хирқаи табаррукни кимдан қабул қилганини эса воқеалар ривожидан билиб оласиз.

* * *

Аҳмад йўлга тушиб, тўрт ой деганда Мисрга етди. Узоқ йўл босиб, кўп машаққат чеккан йигит йўл чангини қоқа-қоқа Шайх Рўзбеҳон хонақоҳи остонасига етганда нечанчи марта Шайх Амморни “кўнглингдаги касалигингни мушти билан бошингдан даф этгай” деганини эслаб тўхтаб қолди. Барибир бу гал ҳам у бу гапнинг мағзини чақолмади.

Аммо билимга ташналик ғолиблик қилди, у “Ё бисмиллоҳ! дея остонага ҳатлаб ичкари кирди. Шунча вақт ўтсаям, хонақоҳ, ўзгармаган, ҳаёт бир маромда давом этарди. Муридлар ҳужраларда муроқабаъ билан банд. Атроф сув қуйгандек тинч. Аҳмад бир чеккада китоб варақлаб ўтирган муриддан Шайх Рўзбеҳонни суриштирди. Мурид:

— Шайхи Кабир вузу қилғали ташқари чиқибтурлар, — деди ва шайх вузу қилаётган томонни кўрсатандек, боши билан хонақоҳ бурчагидаги нақшинкор эшикни кўрсатди. Аҳмад бориб эшикни очса, у мўъжаз бир боғчага чиқар экан. Боғча ўртасидаги кичкина ҳовуз юзида акс этган қуёш ёғдуси унинг кўзларини қамаштириб қўйди. У ўзини сояга олиб, боғчани кўздан кечира бошлади. Ниҳоят, бир панада таҳорат олаётган қарияни кўрди. Бир неча йил аввал кўрган Шайх Рўзбеҳон мана шу қилтириқ ва заиф чол эканлигига дастлаб ишонгиси келмади. Аммо ҳовлида бошқа ҳеч ким кўринмасди. Ниҳоят диққат билан қараб ўша илк учрашувда хотирасида қолган таниш аломатларни кўргандек бўлди. Ҳа, чол у шунча йўллар ва йиллар излаб келган Шайх Рўзбеҳон эди.

У шайхни кутар экан, унинг таҳорат олишини кузатиб ҳайратга тушди. Чол жуда оз сув билан вузу қилар эдики, Аҳмаднинг кўнглидан “Бу шерваи жоиз эмас-ку!” – деган ўй ўтди. Ҳатто фикрида инкор зоҳир бўлиб, ортига қайтиш фикри туғилди. Аммо ўрнидан қўзғалмади, қандайдир оғир бир куч уни қимирлашга йўл бермади.

Шу пайт кекса шайх вузуни тамом қилиб, ўрнидан турди ва шошмасдан унга яқинлашиб келди-да, тўсатдан икки ҳўл қўлини Аҳмад юзига силкиди. Сув томчилари салом беришга ҳозирланган йигитнинг юзини куйдиргандек бўлди, кўнгли бирдан бехуд бўлди. Аммо шайх индамай хонақоҳга кириб кетганини кўриб унга эргашишга мажбур бўлди. Эргашди эмас, боягина уни михлагандек қимирлашга имкон бермаган куч, уни шайх ортидан эргашишга мажбур қилди, бу кучга монелик қилишга имконсиз – кўнгли бехуд эди.

Шайх ўз ҳужрасига киргач ҳам Аҳмадга қайрилиб қарамади, индамай шукри вузу – намоз билан машғул бўлди. Аҳмад эса пойгакда турганча, унинг туришини, унга салому таъзим бажо келтиришни истаб мунтазир туриб қолди. Шу жойда ўтираркан, бирдан кўздан ғойиб бўлди.

У қиёмат қойимни кўрди. Қуёш ўралиб қолган… Юлдузлар ўз фалакларидан тўкилган. Осмон ер устидан сидириб олинган. Ўз ўрнидан жилдирилган тоғлар нурсиз бўшлиқда булутлар каби сузиб юрибди. Дўзах ўти ловиллаб ёнар, маҳлуқлар одамларни тутиб, бу ўтга ташлайдилар…

Узоқда бир тепа кўрди. Тепанинг устида бир одам ҳассага таяниб турар… Маҳлуқлар тутиб олган одамлар тепада турган одамни кўрсатиб: “Мен анга мутааллақдурман”, — десалар уларни оташга отмас эдилар…

Ногоҳ уни тутдилар, қўлларини бурадилар, оёқларига тушов солдилар. У қўрқиб кетди, йиғлади, ёлворди. Қулоқ солмай ўт томон судраб кетдилар. Бирдан тепага турган одамни кўрсатиб жон-жаҳди билан бақирди: “Мен анга мутааллақдурман!”

Қўлларини бўшатдилар, оёқларини тушовдан халос этдилар. У, қўрқув сўнмаган вужуди қалт-қалт титраб, тепага қараб ўрлади. Яқин бориб кўрдики, ул одам Шайх Рўзбеҳон экан. Ўзини унинг оёғи остига ташлади, оёқларига бошини қўйди. Шу пайт шайх қўлини кўтариб, унинг бўйнига бир мушт туширди. Шундай қувват билан урдики, йигит юзтубан ағдарилиб тушди. Аҳмад Шайх Аммор сўзини эслади: “Хасталигингни мушт ила бошингдан даф қилғай!” Бошини кўтараркан, шайхнинг сўзини эшитди: “Илло, Ҳақ аҳлиға инкор қилма!”

Аҳмад яна кўздан ғойиб бўлди…

Шайх намозни тугатиб, саломини бераётгани қулоғига кирди-ю, ўзига қайтди. Қариянинг ўрнидан турганини кўриб, салом берди ва ўзини унинг оёғи остига ташлади. Ғойибдаги воқеа такрорланди. Шайх ўзининг заиф гавдасига мос келмаган куч билан унинг бўйнига бир мушт туширди-да, сўз қотди:
— Илло, Ҳақ аҳлиға инкор қилма!

Шундан сўнг, шайх ўз ёнига ўтқазиб, анча вақт гап бошламай, уни кузатди. Шу пайт Аҳмад сездики, шайх уни тасориф қилмоқчи ва бояги ғалабасини яна кучайтирмоқчи. Бу гал Аҳмад ботинини маҳкам тутди. Буни сезган шайх ўз амалини яна ҳам кучайтирди. Аҳмаднинг вужуди қора терга ботди, пешонасидан оқаётган тер кўзларини ачиштирди, аммо боягидек таассурланмади. Шайх амалини тўхтатиб, оғиз очди:

— Боя менинг устингдан ғалаба қилганим, сенинг ноҳақлигинг туфайлидур. Ноҳақни Оллоҳни қўлламайди. – Шайх Рўзбеҳон юзида табассум жилваланди. – Эсингдаму, илмга ташналигинг ўзингни англамоқ иштиёқидандур, деганим. Бу ергаям мени эмас, ўзингни излаб келдинг. Илло, мен сенман, аксинча эмас. Аксинча бўлганида сен шунча йўл босиб менинг даргоҳимга келмас эдинг. Мен сенинг руҳингман, сен эса менинг вужудимсан. Бу ерда қайтганингда, руҳинг ҳам, вужудинг ҳам Ҳақ била бўлғай…

Аҳмад узоқ йиллар сидқидиллик билан Шайх Рўзбеҳон хизматини қилди. Кунларни ойларга, йилларга улаб ботиний илмлар билан машғул бўлди, хизмат давомида бир неча марта чиллада ўтирди.
Валийлик мақоми баланд, ҳар бир инсон кўнгил ойнасида ялт этган даъво-ю, тилакдан хабардор Шайх Рўзбеҳон муддат ўтиб, Аҳмад кўнглида унга нотаниш бир тилак, ноаён бир туйғу саҳродаги сароб янглиғ гоҳ пайдо бўлиб, гоҳ қайтадан яна пайдо бўлиши учун ғойиб бўлаётганини сеза бошлади.

Аҳмад кўнглидаги ўзгаришлар сабаби бир қиз эди. Унинг қуралай кўзлари эди. Аҳмад исмини билмаган қиз чеҳрасини унутишга уринар, аммо қанча уринмасин, бу чеҳра кун ўтган сайин хиралашиш ўрнига, гўзаллашиб борарди.

У ҳар гал эсласа, нақшин дарвозанинг ён табақаси очилиб, Аҳмад бир жуфт қуралай кўзларни кўради.

Ҳа, бу қиз ўша неча йиллар бурун кўрган қизалоқ эди. Атиргул ғунчаси очилиб, тенгсиз ҳусн касб этган эди. У ҳаловатини йўқотди. Кечалари борлиқ жимжитлик ва зулмат чодирига ўранган чоғида Аҳмад хонақоҳдан чиқиб ўша ҳовли томонларга тикилади ва ҳар гал чеккадаги даричада ожизгина бир шуъла милтираб турганини кўради. Яна эсига ўша қуралай кўзлар тушиб, юраги чўғ теккандай “жаз” этади. Қуралай кўзли қиз отаси дарсхонасида таълим олган, падарига тегишли кўп рисолаларни оққа кўчирувчи ҳуснихатли муслима эди. Сўнгги пайтларда Аҳмад бу рисолаларнинг мазмунига эмас, бир ипга тизилгандек бежирим хат санъатига тикилиб маҳлиё бўлади. Бу ҳуснихат эгасини яна бир кўрмоқ, унинг қуралай кўзлари нурига қизиган юрагини тутиб, бир лаҳзагина кўнгил изтиробларини унутмоқ насиб бўлурми, йўқми?..

Аҳмад беадоқ тунларни, изтиробли кунларни ва ёлғизликларни гоҳ Оллоҳ таоло ишқи, гоҳ қуралай кўзли қиз дардини чекиб қисқартирар, вужудини икки ўт ичида ёқарди. У қаерга борса, ўзи билан олиб юрадиган китоби – Хожа Шамс Абдуллоҳ Ансорийнинг “Муножот”ини қайта-қайта варақлайди, ўз кўнглини фоний дунё муҳаббатидан фориғ этиб, уни олий иш шарори билан тўлдиришга уринади, инжудек бебаҳо мисраларни пичирлаб ўқийди:

Эй азиз, айт, ким билур, ишқ не, ошиқ ким эрур?
Ул бу йўлдаги мард эрур, дили тўла дард эрур…
Ошиқ эрса қўрқмас бўлур, хавф-хатарни билмас бўлур!
Одамий ишқ хорлик эрур, на номи бор на нанги бор, на сулҳи бор, на жанги бор?
Ишқ дард эрур, давоси йўқ ва ишқ ишин даъвоси йўқ.
Ишқ бошида кўпдур бало ва бало етса агар, ҳеч қилмағай радди бало.
Ошиқ ҳам ўт, ҳам сув эрур, ҳам зулмату ҳам нур эрур,
Ишқ осудалик боисидур, ишқ хароблик жоизидур…
Ошиқ олдида юз хатар, йўлида минг бир бало.
Бу йўлда Яъқуб йиғлар, Мажнун қилар вовайло,
Ё ҳамдарди йўқ сўзлар борар, ё қонолуд кўзлар борар…
Ошиқ дили ғашсиз эрур, сийнасида шавқу сурур.
Ошиқ дили шер яшаган гўша эрур, жонидан тўйган одам ул гўшага қўрқмай кирур.
Ишқ дардини нақл этмоқ хатодур, муҳаббатдан шикоят нораводур…
Кимки ишқдан нур ипини тўқиди, айтгинким, саодат китобин ўқиди…

Шайх Рўзбеҳон унинг ҳолатини англади. Бу фоний муҳаббат ғофиллик эканини, “ҳар нимарсаки, бевафодур, — муҳаббат қўйишга нораводур” – деб айтмоқчи бўлди, аммо ниятидан қайтди. Илло Шайх ул-раис айтганидек, инсоний муҳаббат – гўзал чеҳрани эзгулик йўлида маънавий туйғу билан севишдирки, бу камолотга интилишнинг бир босқичидир.

Аҳмадни ҳузурига чорлаган Шайх Рўзбеҳон хаёлга ботганча, тасбеҳ ўгириб ўтирарди. Аҳмаднинг саломини эшитиб, алик олди ва бир муддат шогирдига тикилиб қолди. Аҳмад бошини эгиб ўтираверди. Ўртада чўккан жимлик узоқ чўзилди. Ниҳоят, шайх сўнгги тасбеҳ донасини сановдан ўтказди-ю, гап бошлади:

— Менинг бир қизим борким, яқинда у балоғатга етди ва мен уни сенинг никоҳингга киритмоқчиман.

Аҳмаднинг ичида бир нима ялт этиб ёнгандек, вужудидан мадор кетгандек бўлиб, нима деб жавоб беришни, аниқроғи, қандай тарзда гап бошлашни билмади.

— Менда молу-дунёдан ҳеч нарса йўқдур, бор нарсаларимни ўзлари кўриб турибдилар, — деди у бироздан сўнг бошини кўтаролмай.

— Сенинг сармоянг кўнглингдур! – деди Шайх Рўзбеҳон Кабир ва шогирди руҳини Оллоҳ Таолонинг ўзи муқаррар этганлигини айтиб, ундан ризолик тилади. Аҳмад қизариб-бўзариб рози эканини айтди.

Орадан кўп ўтмай никоҳ ўқилди. Аҳмад шу пайтгача исмини билмаган, аммо васлини излаган қизга етишди. У никоҳ кечаси илк дафъа қўлини ушлашга мушарраф бўлган бу ожиза унга икки ўғил туғиб беришини, аммо уларнинг йигитлик айёмини кўрмай жуда эрта оламдан ўтишини билмас, кўнгли алдоқчи дунёдаги ёр ишқи билан мунаввар ва масрур эди…

Шайх Рўзбеҳон қизини Аҳмадга узатгандан сўнг нима учундир шогирдини бошқа муридларга нисбатан қаттиқ тутди. Аҳмад эса бундай муносабатни ўзига бўлган айрича меҳр аломати деб билди. Шу сабабданми, у шайх нима ишга буюрмасин, бош тортмай адо этди. Кечаси эса шайхдан илми асрорнинг энг мураккаб унсурларини ўрганди. Йил ўтмай, фарзандлик бўлди – хотини ўғил туғиб берди.

Аммо кунлар ўтгани вақт ўтгани эмас, умр ўтгани экан. Шайх Рўзбеҳон ўз умри ниҳоясига етаётганини англади. У ўша сўнгги нафас они яқинлашаётганини сезар, шу сабабдан бўлса керак, шогирдларини риёзат билан кўпроқ ва қунт билан шуғулланишга даъват қилар эди. Шайх бир мажлисда Аҳмадни имтиҳондан ўтказди – шариат қонунлари, ҳадис талқинлари, илму нужум ва илми тибга доир муаммоларга улаб тасаввуф ҳикматига оид саволларни кетма-кет бераверди. Айниқса, устоз сўфийлар ақидасига мувофиқ маънавият, маърифатнинг уч босқичи: илк ул – яқин, айн ул-яқин, ҳақ ул-яқинга доир ҳар бир унсурни қаттиқ суриштирди. Илло, шайхнинг назарида бу уч босқич сўфийликнинг асоси эди. Агар илм ул-яқинда одам маълумни ақлий далил, ҳужжат келтириш билан дарак этса, айн ул-яқин ҳолатида билиб олинган, исюотланган маълумни мушоҳада этади ва ниҳоят, учинчи ҳолат: ҳақ ул-яқинда ҳақиқатни дарак этишга етади. Хусусан “ҳаққул-яқин” ҳолати орифлар ҳолатидир. Мана шу ҳолатдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ориф қалбининг маърифати ва у орқали илоҳий нур манбаининг беқиёс гўзаллигини идрок этишга фақат қалб ва руҳ қодирдир; ақлий мушоҳада, мантиқий билиш йўли бунга қобил эмас. Бу ҳолатга етишиш талаби тариқатга қадам қўйган одам учун биринчи ва энг жиддий мушкулот ҳам эди, чунки ақлу-ҳуш қудрати етмайдиган нарсага кўнгил майли билан эришиш – руҳий иродани қайтадан қуриш, ўзини ўз виждони олдида жавобгар ҳисоблаб, қаттиқ назорат остига олиш, дунёдаги нафсни азобловчи ва йўлдан оздирувчи кўп хоҳиш-истаклардан воз кечиш демакдир. “Фақрнома” рисоласида Хожа Аҳмад Яссавий тилидан айтилади: “Ва яна сўфи “Илм ул-яқин” ва “айн ул-яқин” мақомини тобқай ва агар сир кўзи бирлан юқори боқса, Аршни кўргай ва агар қуйи боқса, етти табақаи заминни… кўргай ва ҳеч ҳижоб бўлмағай. Ва агар “ҳақ ул-яқин” кўзи бирлан боқса махлуқот ва маснуъотдин кечиб бечун ва бечуна Ҳақни кўргай ва маърифатда барча кавнайни оламини кўргай, таниқ турур бешак ва бешубҳа”.

Ҳамма саволларга тўғри жавоб берган Аҳмад мажлис охирида худди эртадан-кечгача ҳаммоллик қилгандек, қўл-оёқлари зирқираб оғриётганини сезди: илло, онадан туғилганидан буён ҳали ҳеч ким уни бундоқ оғир имтиҳон қилмаган эди.

Шогирдининг жавобларидан мамнун бўлган Шайх Рўзбеҳоннинг чеҳрасида сезилар-сезилмас табассум зоҳир бўлди. Ниҳоят, сўнгги саволига жавоб олгач, у ёшига ва заиф жуссасига хос бўлмаган ғайрат билан ўрнидан сакраб турди-да, ёш йигит бошига энгашиб пешонасидан ўпди ва ошиқиб-тошиқиб гапирди:

— Икки олам сарварига ҳамду шукронаким, илми иймон, илми зоҳиру илми ботинда баркамолсан! Бизнинг хирқамизни кийишга муносибсан! Энди сен Нажмиддин – ислом осмонида порлаган янги юлдузсан! – Шайх шундай дегач, яна ўз ўрнини эгаллади ва бирдан ҳеч нима содир бўлмагандек, одатдаги шивирлаб гапиришига ўтди:

— Аммо умидимиз улким, сен эрта тонгда яна Форс мулкига қайтғайсан ва яна Шайх Аммор илкини тутғайсан, токи сени бизнинг даргоҳимизга йўллаган устозинг сенга: амри маъруфимизни айтади…

Ўша мажлисда Шайх Рўзбеҳон танидаги хирқани чиқариб Нажмиддин лақабига эришган Аҳмадга кийдирди. Нажмиддин хирқаи табаррук эгаси бўлди.

Тонг отиши билан қўйнида Шайх Рўзбеҳоннинг Шайх Амморга битган мактубини яширган Нажмиддин бир яшар боласини кўтариб олган хотини билан Бағдод томонга кетаётган карвонга қўшилди,

Бағдодда бошқа карвонга қўшилиб Шерозга етдилар. Мисрни тарк этаётганда эмаклаб юрадиган ўғли манзилга етганда, ота-онасининг кўзини қувнатиб, қадам ташлайдиган бўлиб қолган эди. Вақт эмас, умр ўтарди…

Ана шу қайтишда карвон тўхтайдиган манзилларнинг бирида Нажмиддин Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.)ни туш кўрди. Тушида у Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўзига куният бахшида этишни тилади. Жаноби

Расулуллоҳ (с.а.в.): “Куниятинг Абулжанобдир”, — дедилар.

У: “Бу жуда енгил ва қисқа куният-ку?!” – деди.

Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдиларки: “Аммо шиддатлидур!”

* * *

Шайх Аммор унга хонақоҳдан пешвоз чиқиб келди. Улар қучоқлашиб, бир-бирларини қайта-қайта бағирларига босиб, узоқ туриб қолишди: хушсурат, маҳзун кўзлари қувонган мурид ва хира тортган, аммо дардга тўла кўзлари ёшланган муршид…

Шайх Аммор Нажмиддинни иззат-икром билан хонақоҳга бошлади, хизматини ўтаб юрган муридлари билан таништирди. Ўтирар-ўтирмас Нажмиддин Шайх Рўзбеҳон мактубини эҳтиром билан эгасига топширди. Мактубни олган шайх муҳрни бузиб, қоғозни ёруққа тутиб кўзларига яқинлаштирди. Ўша заҳоти Нажмиддин бир пайтлар бу даргоҳда сулукка машғул бўлиб юрганида бўлиб ўтган воқеани эслади.

Шайх Қасрий амри билан Шайх Аммор ҳузурига келганида тез орада у устозининг кўзлари унча-мунча эмас, жуда хира тортиб қолганини сезиб қолди. Кунлардан бир кун мазандаронлик мурид машғулот чоғида Шайх Аммор олдидаги лавҳга китобни тескари қўяётганини сабоқдошларига имо-ишора билан кўрсатди-ю, юзида совуқ жилмайиш билан ўрнини эгаллади. Ҳамма нима бўлишини кута бошади. Китоб Ҳужжат ул-ислом Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолийнинг “Иҳъё ул-улум” асари эди. Шогирдининг совуқ ҳазилидан бехабар муршид ҳеч нимани сезмасдан китобга эгилди ва …кечаги келиб тўхталган нуқтадан янги сатрни давом этиб, изоҳлай бошлади. Бечора ҳазилкаш мурид Шайх Аммор бу китобни ёддан ўқишини, китобни эса шогирдлар назарида туриши учунгина лавҳга қўйишини билмасди. Бирдан ҳамма айб иш устида қўлга тушгандек мулзам бўлиб бошларини эгдилар. Мана шу воқеа сабаб бўлди-ю, дўстлари орасида яккамохов бўлиб қолган мазандаронлик мурид яширинча хонақоҳни тарк этишга мажбур бўлди.

Бўлган воқеадан хабар топган Шайх Аммор шогирдларини қаттиқ койиди:
— Бўталарим, илм истаган шогирд яхшилик билан ёмонлик ўртасида бўлғай, сиз-да уни ёмонликка отибсиз, шуни билингким, йўл қўйилган гуноҳдан эмас, қилинмаган гуноҳдан қўрқиш керак. Сиз унинг нима қилиб қўйганини биласиз, аммо бу даргоҳни – илму маърифат даргоҳини тарк этиб, нималар қилишига қодирлигини билмайсиз.

Ул дарвешлик истабдими, ҳатто энг паст мақомга эришса-да, оломондан ва бозор аҳлидан мумтозроқ бўлиши билан қадрлидур. Вақт кимёдур, демишлар Пири Ансорий, йиллар ўтиб, ул совуқ қилиқларидан қутуларди, энди эса унинг гуноҳларининг азоби сизу-бизга мустаҳиқ бўлажак…

Шайх Аммор ўшанда тўрт тарафга одам юбориб, ўша йигитни қидирди ва топиб, бир оғиз дашном айтмай, яна ўз даргоҳига қабул этди. Кейин нима бўлди, Нажмиддинга ноаён – у Шайх Рўзбеҳон ҳузурига отланган эди…

Мактубни ёруққа тутиб ўқир экан, Шайх Аммор ора-ора “Бале… Бале”, деганича, бошини даст кўтариб Нажмиддинга кўз ташлаб қўярди. Ниҳоят, ўқишни тугатиб, мактубни четга қўйди-да, юзи ёришганча гапирди:
— Энди шогирдим эмас, фарзандимсан, биродаримсан! Бундан кейин исминг менинг исмим, кунинг менинг куним, кўнглинг менинг кўнглимдур. Ўлиминг ҳам менинг ўлимимдурки, устозлар шогирдлар ила баробар ўлурлар…

Англаганким, сулук муддати тугади. Сен энди она юртингга – Хоразмга қайтмоғинг лозимдур. Илло, у ернинг одамлари мушоҳада йўлларини барқарор этгувчи раҳбарга талабгор одамлардурлар. Боргин-да, уларни мунташир қил ва тариқатни зоҳир этгилки, сенга эргашсинлар, уларга муршид бўл! Илло, бу наинки маним, — Шайх Аммор четда турган хатни қўлига олди. – Ушбу мактубда битилганидек, Шайх Рўзбеҳони Кабирнинг ҳам фармойишидур. Бу бизнинг сенга сўнгги амри маъруфимиз, бўтам!..

Куз кунларининг бирида, тонг қоронғусида йўлга чиққан карвон Нишопур йўли орқали Хоразмга қараб отланди. Карвоннинг бошида бўйинларида чиқаётган қуёшдан ялт-юлт этиб товлана бошлаган мис қўнғироқлар осилган, ҳали йўл босиб толиқмаган нортуялар шиддат билан олдинга интилардилар. Қарийб чорак фарсаҳ масофага чўзилган катта карвон аҳли орасида хотини ва ўғлини соябон аравага ўтқазиб, ўзи хачир миниб бораётган Нажмиддин ҳам бор эди. Кечагина пири Шайх Аммор инъом этган хачирни бир маромда йўрғалатиб бораётган қотма ва хушқомат бу қирқ яшар йигит хоразмликларга хос чўзинчоқ чеҳрасига ярашган қалин қошларини чимириб, дам орқага – ярим умри ўтган, устозу-дўстлари қолаётган томонларга тикилар, дам олдинга – куз нафасини келтирадиган, кун туғиладиган, шу сабабдан борган сари алвонлашиб бораётган томонларга қадалиб-қадалиб қарарди. Ортида қандайдир жуда азиз нарсасини унутиб қолдиргандек, гўё қайтишга ҳозирлангандек, юзида тараддуд балқиб турар, олдинга юрган сайин нимадандир безовталанганга ўхшар, чуқур ботган ўйчан ва маҳзун кўзларида теран бир қайғу ва бу қайғунинг ўрнини тобора забт этиб олаётган сезилар-сезилмас қувонч сезилиб турарди.

Қизарган уфқ тобора бўздек хиралашиб, атроф қуёш ёғдуси билан оқариб борар, янги субҳни қутлаб нағма қилаётган қушлар овози бирпасда оламни тутди. Нажмиддин бу нағмаларни тинглаб, ич-ичдан роҳатланар экан, йўллари неча ўн кунлаб қуш учса қаноти, одам ўтса товони куядиган чексиз-чегарасиз саҳродан ўтишини ўйлаб, негадир хавотир тортди ва хачирини қичаб, хотини ва ўғли бораётган аравага яқинлашди. Хотини арава пардасининг бир четини кўтариб, маҳзун жилмайди:
— Ўғлингиз – қаерга кетяпмиз? – деб сўраяпти.

Бечора аёл ўзининг туғилган юртидан тобора узоқлашаркан, кўнглида кечаётган изтироблар изоҳини суюкли фарзанди берган саволга бериладиган жавобдан кутарди. Нажмиддин бош чайқаб, мийиғида кулимсираб қўйди-ю, хотинига индамади. Фақат ичида ўйлади: “Ватанга қайтяпмиз, ўғлим, Ватанга!..” Ўйларкан, кўзи ўнгида устозларининг нуроний чеҳраларини кўрди, худди ҳозиргина хайрлашгандек, пешонасида уларнинг лабларини, юзида майин соқолларини ҳис этгандек бўлди. Қулоғи остида уларнинг овозларини эшитди.

Шайх ал-Қасрий: “Бўтам, дарвеш хирқаси қаноат ва чидам либосидир. Буни кийган одам ҳар бир зулмга сабр-тоқат этмоғи керак, акс ҳолда дарвеш либосини ечиб ташлашга тўғри келади”, — дегандек бўлди…

Шайх Аммор айтдиким: “Олтин суви билан ёзилган хунук хат бўлишдан оддий сиёҳ билан ёзилган ҳуснихат аъло эканини асло унутма!”

Шайх Рўзбеҳон одатдагидек маҳзун шивирлади: “Ҳуснинг ташқи қиёфангда эмас, кўнглингда акс этсин, бўтам!..”

Давоми бор
05

XURSHID DAVRON
SHAHIDLAR SHOHI
YOXUD NAJMIDDIN KUBRO TUSHLARI
Muqaddima va birinchi qismning davomi
022

027Keling, kitobxon do’stim, qariyb sakkiz asrlik masofani xayolan oshib o’taylik-da, Gurganjning Qobilon darvozasiga yaqin bir xonaqohda tiz cho’kib lavhga qo’yilgan ulkan kitobni pichirlab o’qiyotgan mo»tabar qariya huzuriga kiraylik. Xorazmshoh saltanatidagina emas, Ajamu Iroqqacha mashhur murshidi a’zam mutolaasiga halaqit bermasdan, u bilan tanishaylik.

Shayxning ismi-sharifi Ahmad ibn Umar Abuljanob Najmiddin al-Kubro (Kubaro) al-Xevoqiydur. Oldidagi lavhda turgan kitob esa islom dunyosidagi eng ulug’ tafsirlardan biri – xorazmlik buyuk daho Abulqosim Mahmud ibn Umar az-Zamaxshariyning “Al-Kashshof an haqoyiq at-tanzil” asari bo’lib, Jorilloh laqabi bilan nom chiqargan Zamaxshariy, Shayx Kubro tavallud topgan yil arafasida olamdan o’tgan edi. Vaqt o’tib, Jorillohga ergashib, Shayx Kubroning o’zi ham Qur’on karimga tafsir bitdi. Tasavvufga oid bir necha risola yozdi, necha-necha shogirdlar tarbiyaladi. Shogirdlari ichida Shayx Najmuddin Roziy, Shayx Sa’duddin Hamaviy, Shayx Majdiddan Bag’dodiy, Shayx Bahovaddin Valad, Shayx Sayfiddin Boxarziy, Bobo Kamol Jandiy, Shayx Raziuddin Ali Lolo, Shayx Jamoliddin Geyliylarning shuhrati islom olamida mashhur bo’ldi. Shunday ulug’ zotlarga ustozlik qilgani uchun u “Shayxi Valitarosh” – “Avliyolar yaratuvchi shayx” degan muborak nom oldi.

Shayx Kubro 1145 yili Xorazm mulkining Xevoq (Xiva) kentida dunyoga kelganida ota-onasi unga Ahmad deb ism qo’ydilar. Bu paytda xorazmshohlar saltanati taxtida Aloviddin Otsiz o’tirardi. Bor-yo’g’i to’rt yilcha burun Xorazmni o’z mulki deb bilan saljuqiy Sulton Sanjar bilan Movarounnahrni talashayotgan qoraxitoyliklar hukmdori – Go’rxon o’rtasidagi jang bo’lib o’tgan va unda Sulton Sanjar mag’lub bo’lib qochgan edi. Uning mag’lubiyati xorazmshoh Aloviddin Otsiz uchun g’alaba bo’ldi – u o’zini mustaqil deb e’lon qildi va bunga qoniqmay butun saljuqiylar mulkini qo’lga olish ishtiyoqiga tushdi. Qolaversa, yetti yilcha burun Sulton Sanjar bilan bo’lgan jangda o’ldirilgan farzandi Otliqning iztirobi Aloviddin Otsizga tinchlik bermasdi. Ammo saljuqiylar hali baquvvat edilar. Ahmad tug’ilgan yil arafasida isyonkor Vassalini jazolash maqsadida Sulton Sanjar shiddatkor qo’shini bilan kelib, Gurganjni qamal qildi. Sultonga bas kelolmasligini anglagan Otsiz yana, nechanchi marotaba bo’lganidek, itoat izhor qildi va to’s-to’polondan foydalanib qo’lga kiritgan saljuqiylar xazinasi, sulton muhrini qaytarib berishga majbur bo’ldi. Sulton Sanjar isyonkorlik yo’liga kirgan Otsiz bari bir tinch turmasligini bilar, shu sababdan saroyida xizmat qilgan shoir Adib Sobir Termiziyni xorazmshoh huzuriga yuborib, Otsizning har bir qadamini muttasil kuzatish, uning kayfiyatlaridan xabar yetkazish vazifasini yukladi. Ma’lum vaqt o’tib, Otsiz o’z odamlaridan birini pinhona saljuqiylar davlati dorussaltanati – Marvga yuborib Sulton Sanjarni o’ldirishni buyurdi. Adib Sobir Termiziy bundan ogoh bo’lgach, qotil qiyofasini qog’ozga tushirib, shoshilinch Sulton Sanjarga jo’natdi. O’z rejasining oshkor bo’lganidan qattiq g’azablangan Otsiz Sobir Termiziyning qo’l-oyog’ini bog’lab, Jayxunga cho’ktirib o’ldirdi. Bu voqea Ahmad tug’ilgan yili yuz berdi.

U maktabga borgan yili Sulton Sanjar g’uzlar qo’liga asir tushdi. Mana shu voqeadan e’tiboran buyuk saljuqiylar davlati tanazzulga yuz tutdi, illo yuz bergan voqeadan foydalanmoqchi bo’lgan taxt da’vogarlari boshlarini ko’tardilar. 1156 yili Xorazmshoh Aloviddin Otsiz, oradan yil o’tmay, asirlikdan qochgan Sulton Sanjar ham olamdan o’tdilar. Xorazmshohlar taxtiga Otsizning o’g’li Alp Arslon o’tirdi. Uni hokimiyatga yetkazgan yo’l qon bilan yopildi: taxt uchun kurashda u ukasi Sulaymon bilan amakisi Yusufni qatl ettirdi. Ahmad maktabni bitirishi arafasida Alp Arslon Movarounnahrni qoraxitoyliklar qo’lidan tortib olish harakatiga tushdi, ammo buni amalga oshirolmay, 1172 yili vafot etdi. Bu paytda Ahmad allaqachonlar Xorazmni tark etgan edi. u dastavval Isfahonda Abu ul-Makorim, Ahmad ibn Muhammad al-Lubbon, Abu Sa’d Xalil ibn Badr, Abu Ja’far Muhammad ibn Ahmad as-Shaydoloniy, Abu Abdulloh Muhammad ibn Zayd al-Qarroniy, Abul Hasan Mas’uddan, Hamadonda Hofiz Abul A’lodan, Nishopurda Abul Maali al-Furaviydan tahsil oldi.

Hamadonda unga hadis ilmini puxta egallashiga ko’maklashgan ustozi Hofiz Abul A’lodan Iskandariyada hadis ilmining buzugi Abu Tohir as-Silafiy istiqomat qilishini eshitdi. Paysalga solmay mag’rib tomonga jo’nagan karvonlarga qo’shilib, ming bir mashaqqat bilan Misrga yetdi. Necha muddat as-Silafiy rahbarligida riyozat ila mashg’ul bo’ldi. U Iskandariyada mashhur Shayx So’hravardiyning shogirdi Shayx Ro’zbehoni Kabir yashashidan ham xabardor edi.

— Nega uni Kabir deydilar? – deb so’radi u bir kun as-Silafiydan.
— Aning ustozi Shayx Abunajib So’hravardiy unga shunday muborak nisbat bermishlar. Illo ular ustoz qo’lida, ikki Ro’zbehon – Ro’zbehon Baqliy ila Ro’zbehon Misriy barobar tarbiya topganlar. Ammo Misriyning yoshi ulug’ligi, azamatining balandligi bois ustoz uni Kabir demishlar. Ul kishi aslan Kozuroniydirlar…

Bir kuni as-Silafiy Ahmadga bir kitob berib, uni Shayx Ro’zbehoni Kabir xonaqohiga olib borishni buyurdi. Ammo shayx xonaqohda yo’q ekan. U ustozi kitobni yolg’iz egasi qo’liga berishi lozimliginiaytib, qayta-qayta tayinlagani sabab shayxning xonadoniga ham o’tdi. Darvoza zulfini endi urish uchun shaylangan edi, darvozaning yon tabaqasi ochilib, bir qizaloq ichkaridan mo’raladi. Ahmad bir juft quralay ko’zlarni ko’rdi. U shayxni surishtirmoqchi bo’lib og’zini ochgan edi, qizaloq atirgul g’unchasidek mas’um chehrasini yashirdi – eshik tabaqasini o’ziga tortdi. Ahmad qancha ovoz bermasin, qaytib eshik ochilmadi. U kitobni qo’ltiqlab yana xonaqoh tomonga ketdi.

Yo’lda ketarkan Gurganjda qolgan ota-onasini esladi. Xorazmni tark etishi arafasida onasi bo’yida edi. Agar qiz tug’ilgan bo’lsa, singlisi bugun ko’rgan qizaloq yoshiga yetgan – o’n-o’n birga to’lgan bo’lsa kerak. Iloyim, Olloh Taolo ularni ko’rishga muyassar etsin. Bu alamli eslashlarning barchasi o’sha qizaloqning quralay ko’zlari tufayli bo’ldi. Ahmad bu ko’zlar xotirasiga muhrlanib qolganini sezdi, mahzun tortdi. Birdan butun vujudi bilan ona yurtini sog’inganini tuydi, vataniga yaqin o’lkalar tomonga qaytish muddati kelganini payqadi. Shayx Ro’zbehon xonaqohda ekan. U ehtirom bilan qo’lidagi kitobni o’ziga uzatgan yigitga bir muddat zehn solib turdi-da, ketishga taraddudlangan yigitni yoniga o’tqazib, so’z qotdi:

— Bo’tam, o’z yurtingga qaytishni istaysan, shundaymi? – Shayx so’zidan hayratga tushgan yigit ko’zlariga tikilarkan, davom etdi. – Ko’p yo’llar yurgaysan, ko’p manzillarda bo’lgaysan, ammo oqibat bu yo’llarning bari seni mening dargohimga olib qaytg’aylar. Sen ilmga tashnadursen, o’zingni anglamoq ishtiyoqidasen. Ammo vaqt o’tar, izlab topmaganlaringni kelib, mendan-da toparsan.

Hozir qalbing bizga yot, ko’ngul oynasi tashvishlardan xira, ammo ko’rib turibmanki, bu oynada kun kelib butun mavjudot aks etgay. Mayli, yo’lg’a tush, ammo uzoq ketolmaysan, seni emas, qalbingni boshqa yo’lga solurlar…

Ahmad ortga qaytarkan, yo’l-yo’lakay Shayx Ro’zbehon aytgan so’zlarni o’yladi. Ammo ko’p gaplar ma’nosini chaqolmadi. Butun xayolini sog’inch band qilgan yigit ustozi as-Silafiydan ketishga ijozat tiladi…

Ammo Ahmadning butun hayotini, tabiatini va orzularini chappa qaytargan voqea Tabrizda ro’y berdi. U bu shaharda mashhur Imom Abu Mansur-Hafdadan sunna sharhidan saboq olar edi. Kunlardan bir kun u “Sharh us-Sunna”ni mutolaa qilardi. U kitob o’qir ekan, qiroatxonaga kimdir kirganini payqab boshini ko’tardi: bir darvesh ekan. Soqollari oppoq, qoshlariga ham oq tushgan, faqat yirik-yirik ko’zlari o’tdek chaqnab turibdi. Gavdasi ham yigitnikidek – ham ixcham, ham salobatli. Darvesh ko’zlari bilan nigohi to’qnashgan Ahmadni dastlab allaqanday bir noma’lum hayajon quchdi, keyin o’zini bo’shliq ichida muallaq turgandek sezdi-yu, birdan mahzun tortdi. Kitobni o’qishga ishtiyoqi so’ndi, majoli qolmadi.

U yonidagi tolibdan so’radi:

— Bu darvesh kimdur?
— Bobo Faraj Tabriziydur! – dedi tolib imtihondan o’tayotgandek dona-dona qilib.

— Ul so’fiymu – deb so’radi Ahmad darveshning qiroatxona chetida o’tirib nimalarnidir pichirlayotganini kuzatar ekan.
— Ha, Bobo Faraj Haq Taoloning majzublari va mahbublaridandur, — dedi hurmat tuyg’usi yuz-ko’zida balqib chiqqan suhbatdoshi.

O’sha kuni Ahmadning uyqusi o’chdi. Ko’zini yumishi bilan o’ngida darvesh cholning o’t chaqnab turgan yirik-yirik ko’zlari paydo bo’lib, uni o’z qa’riga yutaman degandek bo’lar, Ahmad qo’rqib ketib ko’zini ochardi.

U shu paytgacha tasavvuf va so’fiylar haqida bilganlarini bir-bir xotirasidan o’tkazarkan, xayoli olis asrlar qa’riga uchdi.

Tasavvuf islomning o’z ichida kechgan taraqqiyot natijasida vujudga kelgan. U ba’zi olimlar aytganidek, islomga yot bo’lgan oqim emas, aksinchadir. Illo, tariqatning birinchi bosqichini “Shariat” deb belgilagan tasavvuf mohiyatan islom dini va Qur’oni karim mahsuli edi. Muhammad alayhissalomga ergashmagan, u kishi da’vat etgan maslakni qabul etmagan kishi o’zini islomiy so’fiy deb nomlashi mumkin emas. Bu borada tasavvuf ulug’lari Junayd Busahl va Boyazid demishlar: “Agar ko’rsangizki, bir shaxs havoda uchadir, yo suv sathida ketib boradir, biroq shariat javohiri bilan oyoqlari bog’liq emas, bilingki, u shaytondir”. Demak, islomiy tasavvuf Olloh va payg’ambarni yaxshi ko’rish, bor vujudini ularga bag’ishlashdir. “Mabodi ul-Islom”da yozilishicha, dilga aloqador bo’lgan, uning holatini belgilaydigan omil tasavvufdir. Hazrati payg’ambarimiz Muhammad alayhissalomning vafotlaridan so’ng islom davlatida xalifalik o’rnini egallash uchun kuchli kurashlar boshlandi. Bu kurashlar oqibatida islom dunyosi ikki mazhabga: sunna va shia’ga bo’lindi. Bu ikki mazhab o’rtasidagi raqobat qon to’kilishiga sabab bo’ldi. Xalifalik hokimiyatiga erishgan keyingi sulolalar dunyoparastlik va molparastlikka berildilar. Mana shunday islomga zid voqealardan norozi bo’lgan guruhlar paydo bo’ldiki, ular ayshu-ishrat, molu-dunyoparastlik, bemaqsad urushlar qilishga tobora mukkasiga berila boshlagan hukmdorlar siyosatidannorozi bo’lib o’zlarini uzlatga berib, tarki dunyo qilib kun kechira boshladilar. Bunday kishilar zohid degan nom oldilar. Zohidlar faqat uzlatda o’tirish bilan chegaralanib qolmay, islomni tozalash uchun omma orasida Qur’ondan, hadislardan kelib chiqqan ta’limotlarni yoyish bilan ham shug’ullanardilar.

Ko’pchilik zohidlar sahro-yu biyobonlarga bosh olib chiqib ketmoqni odat qildilar. O’sha yolg’izlik maskanlarida Xudoyu taolo – Haq bilan yakkayu-yolg’iz qolib, u bilan ruhan suhbatlashmoq ishtiyoqida bo’lgan bu mas’um insonlarni ko’chmanchi badaviylar “suf” deb atagan, tuya junidan to’qilgan dag’al matodan libos kiyganlari uchun so’fiylar deb nom oldilar. Keyinchalik ularning hoyalari butun islom o’lkalariga tarqalib, ulug’ so’fiylar – murshidlar o’z xonaqohlarini – xos maktablarini tuza boshladilar.

Asrlar o’tib, zamondan norozilik tufayli paydo bo’lgan bu yo’nalish peshvolari mana shu tartibsiz, johil zamondan ustun turish uchun imkon yaratuvchi barkamol ma’naviy hayot va u bois Haqqa eltuvchi yo’lni belgilovchi ta’limot – tasavvuf asoslarini ishlab chiqdilar. Mutlaq haqiqat – Haqni bilishga intilish, olam bilan, demak Haq bilan uyg’unlashish tasavvufning asl mohiyati edi. Bora-bora so’fiylar bu ta’limot odamlar ko’nglining botiniy qatlamlarida chuqur iz qoldirishi uchun she’riyatga murojaat qildilar.

“Tasavvuf uldurki, unda shunday fe’llar qaror topur, Xudoydan o’zgani bilmas, payvasta Xudoy ila bo’lgay, Xudoydan o’zga hech narsani bilmas”, — deb aytadi Abu Sulaymon Duroniy.

“Tasavvuf haqoiqqa yuz burmoqdir va xaloyiqdan yuz o’girmoqdir”, — deya xitob qiladi Ma’ruf Karxiy.

“Tasavvuf oz yemoqdir, Xudoyila orom olmoqdir va xalqdan qochmoqdir”, — deydi Busahl Tustariy.

Junayd esa aytadikim: “Tasavvuf uldurki, Xudovand seni o’zingdan o’ldirur va o’zi birla tirgizur”.

“Tasavvuf qudratdir va xaloyiq bilmasligi uchun bee’tibor bo’lmoqdir, har neki yaroqsizdir, undan qo’l tortmoqdir”, — deya uqtiradi Mamshod Dinovariy.

Abu Muhammad Ruimning fikricha: “Tasavvuf uch xislat ila ustuvordir: faqrga giriftorlik va saxovat; o’zgalarni o’zidan afzal bilmoq; e’tiroz va ixtiyor tarki”.

“Tasavvuf nuqson nigohi bilan dunyoga boqmoq emas, balki har qanday nuqsondan pok kimsa mushohadasi bilan har nechuk noqislikdan ko’z yummoqdir”, — deya fikrlaydi Abu Amr Damashqiy.

“Tasavvuf hodisalar oqimi ostida sabr qilmoq, jabbor ilkini o’z ixtiyoriga olmoq (ya’ni rizoyat), sahro va tog’lar oshmoqdir”, — degan ekan Abu Abdulloh Hafif.

Shayx ur-rais ibn Sino yozadikim: “Tasavvuf, kamolot darajasiga yetishgan ruhning katta sevinchidir. O’ziga xos, Aql, Oqil va Ma’qul bo’lgan Ollohdan chiqqan ma’qullarni, ya’ni U bergan sifatlarni bilmoq va shu haqda o’ylamoq tasavvuf demakdir”. Shayx ur-raisning fikricha, tasavvufda yaxshi yo’lga kirishishdan keyin iroda keladi. Bu Borliqni tasdiqlash va oliy dargoh bo’lmish Olloh huzuriga intilish qaroridir. So’ngra riyozat ila nafsni tarbiya etmak keladi. Nafs tarbiyasidan so’ng ahloq kamol topadi. Ahloq kamolotga yetganda ilohiy nur hafif va yashirin holda ora-sira porlay boshlaydi, so’ngra to’la vusul, ya’ni yetishish keladi. Bu ham ahloqiy kamolotning va riyozatning eng oliy maqomiga borish orqali ro’y beradi. Bu maqomda inson har narsada Haqni ko’ra boshlaydi va Tangrini o’ylaydi. Bu maqom Tangriga qovushmoq, unga yetishmoq, uningla doimo birga qolmoq demakdir.

Ibn Sino tasavvufni ma’rifat amali, ma’rifatni esa Tangriga bilim orqali yetishmak yo’li, ma’rifatli insonlargina oriflikka yetishadi, deb biladi. Demak, ma’rifatdan maqsad, bu davraga kirgan inson “fanofilloh” – Olloh olamiga fano bo’lmog’i, unga singib ketmog’i lozimdir. Bilim bilan to’yingan ong idrok qilolmagan haqiqatga sinovlarda chiniqqan ruh maskani – Dil orqali yetishmak mumkin edi.

“Dil ma’rifat olamining sayyohidur”, — deydi Sanoyi.

Hazrati Baxovuddin Naqshband aytib derlarkim: “Tavhid sirrig’a yetsa bo’lur, ammo ma’rifat sirrig’a yetmak dushvordir”.

Husayn Mansur Halloj o’g’li Ahmad dedikim: “Otamning so’nggi kechasi undan vasiyat talab qildim. Dedikim: “Nafsingni seni bir shug’lga solishdan burun bir shug’lga (mashg’ulot-ga) sol”.

Dedimki: “Nima vasiyatga ortur?” Dedikim: “Vaqtiki, barcha xizmatga qo’shish (harakat) qilg’aylar, sen bir nimaga qo’shish qilki, zarrai andir saqalayn (inson va jinlar) amalidin ulug’roq va yaxshiroq bo’lg’ay”. So’radimki: “Ul nedur?” Dedikim: “Ma’rifatdur!”

Tasavvuf ma’rifati uch safardan iboratdir: bu safarlar shariat, tariqat, haqiqat deb ataladi. Yoki sodda tarzda bu safarlarning birinchisini “Zikr”, ikkinchisini “Fikr”, uchinchisini “Amal” deb nomlash mumkin. Solik, ya’ni safar qiluvchi bir manzildan ikkinchisiga o’tar ekan, oraliqda to’xtov joylari ham bo’lib, ularni maqom deb atardilar.

Bu uch safar xususida Shoh Qosim Anvor deganlarki:

Shariat ibtido omad dar avval ,
Vale onjo nashoyad shud muattal.

Duyum manzil tariqi solikon ast,
Tariqi vodii shakku gumon ast.

Haqiqat muntahoi kor boshad,
Ki on sad hazor asror boshad.

(Mazmuni: Shariat yo’lning boshlanishidirki, shu boisdan bu maqomda ko’p turilmaydi. Ikkinchi maqom tariqatdirki, bu yerda gumonu shak-shubhalar bo’ladi. Oxirgi maqom haqiqatdirki, unda minglab siru-asror bor).

1. Shariat. “Shariat, — deb yozadi Tabariy, — faroiz, hudud va amri nahiydan iboratdur”. Xoja Ahmad Yassaviy esa “har kim darvishlik da’vosini qilsa, avval Haq amrina bo’yun sunub, shariat amri birla bo’lg’ay”, — deya xitob qiladi.

Birinchi safar talabi Olloh Taoloning ko’kdan tushirgan muqaddas kitobi – Qur’oni karim va Haqning elchisi Muhammad alayhisallom hadislaridan kelib chiqqan qonun-qoidalarga amal qilish yashashdan iborat. Shu bilan birga so’fiy zohiriy ilmlar, ya’ni mantiqiy bilimlarni egallash bilan shug’ullanardi. Bu bosqich o’ziga xos boshlang’ich maktab sanalardi. “Shariat samarasi ahdga vafodur”, — deydi Husayn Voiz Koshifiy.

2. Tariqat. Bu safarga otlangan muriddan qalbini poklamog’i va nafsini yengmog’i talab qilinadi. Shu bilan barobar tariqat, bu g’aybiy, botiniy ilmlarni egallash yo’lidir. Bu yo’lda aqldan ko’ra tuyg’u va ruhga ko’proq erk berilardi. Bu erkin tuyg’uni anglash o’zining va o’zgalarning ruhiyatida kechadigan botiniy va sirli jarayonlarni boshqarish yo’li edi. So’fiylar uchinchi bosqichga, ya’ni ma’rifatga ko’tarilishlaridan oldin bir necha maqomotu zinalarni bosib o’tishlari kerak edi. Bu maqomotu zinalar har bir silsilada turlicha atalar, son va nomi bilan farq qilar, ammo mohiyatan yagona edi. Bu yo’lga kirgan so’fiy tariqat boshchisi – murshidga qo’l bermog’i, uning xizmatini qilmog’i, pirning ruxsati bilan o’zaro muloqotda bo’lmog’i, uning pandu-nasihatlariga quloq bermog’i, darvishlikka hozirlanmog’i va eng avvalo, foniy dunyoni unutmog’i, butun fikru-xayolini mutlaq haqiqatga qaratmog’i, buning uchun esa umridagi xatoliklarni, gunohlarni bo’yniga olib tavba qilmog’i, harom bilan halolni farqlay bilmog’i, dunyo lazzatlari va bezaklaridan ko’zni, dilni va tilni tiymog’i, faqirlikni baxtu-saodat deb bilmog’i, kechayotgan har bir daqiqa umr ekanini anglamog’i va oxir-oqibat har qanday falokatni rizolik bilan qabul qilishga hozir bo’lmog’i shart.

Faqat shunday oliymaqom darajaga yetishgan so’fiy tasavvufning so’nggi bosqichi – haqiqatga yetishardi. Bunday so’fiy “orif” deb nom olar va u “haq ul-yaqin” sanalar, so’fiylik libosi – xirqa kiyishga musharraf bo’lardi. Husayn Voiz Koshifiyning yozishicha, tariqat samarasi – fano, ya’ni, o’zlikdan kechmoq, Ollohga yuzlanmoqdir. Hazrat Mir Alisher Navoiy yozganlaridek:

Deding: “Fano nedurur?” Muxtasar deyin: “O’lmak!”
Ki sharhin tilasang, yuz risola bo’lg’usidir…

Ammo, bu “o’lmak” shunday buyuklik ediki, Hazrat Navoiy nazarida, uning “zimnida ming bir hayot” mavjud edi.

3. Haqiqat. Bu safar davomida sinovlardan o’tgan murid intilishlarining samarasiga erishadi, ya’ni “fanofilloh” – Xudoyi taolo ishqida shaxsiyati nobud va barbod bo’lib, baqo – ilohiyotni tanib, Haq taoloning diydoridan nishonalar ko’rish darajasiga ko’tariladi, insoni komil bo’ladi. “Komil inson shunday insonki, u shariat, tariqat va haqiqat borasida yetukdir… Bilgilki, komil inson deb shunday insonni aytamizki, unda to’rt narsa kamolga yetgan bo’ladi, ya’ni: yaxshi so’z, yaxshi amal, yaxshi xulq va ma’rifat. Uning tili poku dili pok, ishi va niyatlari pokdir. Ey, darvesh, iloh yo’lini qabul etgan jami soliklar shuni (egallash bilan) mashg’uldirlar va soliklarning vazifasi ana shu to’rt narsani kamolga yetkazishdan iborat. Kimki bu to’rt narsani kamolga yetadi” Shayx Aziziddin Nasafiy. “Insoni komil” risolasidan).

Haqiqat tasavvuf ma’rifatining bosh manzilidir, ayni o’zidir, tasavvufning qalbidir.

“Agar haqiqat samarasi nimadan iborat, deb so’rasalar, aytginkim, haqiqat samarasi – baqo, ya’ni Haqqa yetishmoqdir” (Husayn Voiz Koshifiy).

Mavlono Ja’far naql qiladi:
“Bir kecha tushimda Hazrati Eshonni (Xoja Ahrorni) ko’rdim va ul kishidan: “Banda qay holatda Xudoga yetar?” – deb so’radim. Tushimda ta’sirlanib uyg’ongach, Hazratning xonaqohlariga shoshildim. Shungacha ul kishini uzoqdan ko’rgan, lekin suhbat qilishga musharraf bo’lmagan erdim. Eshonning mulozimatlariga kirgan hamon menga qarab: “Mavlono Ja’far, bilasanmi, banda qachon Xudoga yetadi, agar u bandaligida o’zidan fano bo’lsa”, — deb aytdilar.

Mana shu so’nggi bosqichda so’fiylar Ollohning marhamati deb bilgan holatlar vujudga keladi va buni ular “Hol” deb ataydilar. Holga hamma so’fiylar ham musharraf bo’lmas, unga erishgan kishida g’ayrioddiy kuchlar, qobiliyatlar paydo bo’lib, sohibi karomatga aylanar ekan, shuning uchun ham so’fiylar holni xudoning marhamati deb bilardilar. Bunday marhamatga erishgan kishilarni “Valiy” deb atardilar. Valiylar yoki avliyolar o’z g’ayri oddiy qobiliyatlari bilan odamlarga ta’sir ko’rsatib, ularda o’zgarishlar yuzaga keltirar ekanlar. Bu haqda Xoja Abu Ali ibn Sino “Ishorat va tanbehot” risolasida: “Agar senga biror so’fiy yoki orif o’zining g’ayrioddiy kuchi birla biror narsaga ta’sir ko’rsatib, ani harakatga keltirur, duo birla kishiga shifo bag’ishlar yoki balo domig’a giriftor qilur desa, rad etishga shoshilmagilkim, bu Olloh sirriyoti turur” – degan edi.

Shayx Zunnun Misriy dedikim: “Uch safar qildim va uch ilm keltirdim. Avvalki safarda ilme ketirdamki, xos qabul qildi va om (omiylar) ham qabul qildi. Ikkinchi safarda ilme keltirdimki, xos qabul qildi va om qabul qilmadi va uchinchi safarda ilme keltirdimki, na xos qabul qildi va na om”.

Shayx ul-islom Abdulloh Ansoriy Shayx Zunnunning bu so’zlarini sharhlab, dedikim: “Avval tavba ilme erdikim, ani xos va om qabul qildilar. Ikkinchi, tavakkul va muomalat va muhabbat erdikim, xos qabul qildilar va om yo’q. Uchinchi, haqiqat ilmidirki, elning ilm va aql toqatidan tashqari erdi, xaloyiq anglamadi va ani inkorg’a qo’ptilar (uni inkor qildilar).

Ul so’nggi safar qadam bilan emas erdiki, ani qadam bila bormaslar va himam (iroda, azm, jahdu harakat) bila borurlar…”

“So’fiy”, “Tasavvuf” atamalarining kelib chiqishi haqidagi mulohazalar turlichadur. Yuqorida ulardan birini yo’l-yo’lakay aytib o’tdik. Mana boshqa mulohazalar:
Abu Rayhon Beruniyning fikricha “sof” yunoncha “sofus” – dan – “hikmat”dan kelib chiqqan.

“G’iyos ul-lug’ot”da “so’fiy” atamasi uch ma’noda: 1. Yung libos; 2. Qalbi poklar; 3. Ka’ba ahlig’a xizmat qiluvchi, faqirlikni pesha qilgan qavm nomi – “so’fa”dan olingan tushuncha yoki ibora deyiladi.

Mashhur so’fiy Abu Nasr Sarroj esa o’z asari “Al lama’ fit-tasavvuf”da: “Mutasavvif faqat bir ilmu bir maqomga esha bo’lmasdan, u hamma ilmlar koni bo’lib, ahvolu-ahloq jihatdan mashhuru-shariflidur, aning uchun ham alarni “so’fiy” derlarkim, ular yungli libos kiyuvchilardirlar”, deydi.

Shayx Abulhasan Zarrinko’b: “Har holda so’fiylar yungdan libos kiyishni o’zlariga shart deb bilib va shunday dag’al kiyimlarga ahamiyat berib, usiz zohidlikni mumkin deb bilmagan”, — deb yozadi.
“So’fiy” atamasi “saff”, ya’ni safda turishdan – xudoga yaqin turishdan deb aytuvchilar ham bor.

Yillaru-asrlar o’tgani sayin “so’fiylik”, “tasavvuf” atamalari “sof”, “soflik” degan so’zlardandir deb biluvchilar ko’paydi. Bizning nazarimizda dastlabki bosqichida haqiqatdan ham “suf” – “yung” so’zidan kelib chiqqan tasavvuf o’z taraqqiyoti davomida ma’naviy qatlamlari oshgani, islom dunyosida muhim o’rin topgani sayin u “sof”, “soflik” so’zlari tomonga yaqinlashib boraverdi. Illo bu so’zlar “suf” – “yung”dan ko’ra o’zining ulug’vorligi va tasavvufning asl mohiyatini ochib berishi bilan farqli edi.

Bu fikr tarafdorlari: “Agar so’fiylarni yungdan libos kiygan kishilar deb bilsak, u holda o’zlarini izg’irinu-shamollardan saqlamoq uchun yungdan chakmon kiygan cho’ponlaru-tuyakashlarni ham so’fiylar deb tushunish mumkin” deb aytardilar. Xullas, zamonlar o’tib, “so’fiy”, “tasavvuf” atamalari “sof”, “soflik” – tiniqlik, poklik ma’nosidan iboratdir, illo tasavvufning asosiy maslagi ham g’uborsiz, toza va sof bo’lishdir, degan tushuncha barqaror bo’ldi.

Bishir ibn al-Xoris: “So’fiy qalbini Olloh uchun soflaydigan kishidir”.

Abu Turob an-Naxshabiy: “So’fiy har bir ishdan o’zini pok saqlaydigan va har bir gapni o’zi bilan soflaydigan kishidir”.

Sahl ibn Abdulloh at-Tustariy “So’fiy qayg’u ilk soflangan, haromdan qutulgan tafakkurga yo’g’rilgan, fikrga to’lgan, olomonni tark etib, yolg’iz Olloh bilan mashg’ul bo’lgan, oltin bilan tuproqni bir bilgan kishidir”.

Abul Husayn an-Nuriy: “So’fiylar ruhlari sof bo’lgan, shuning uchun Haqning huzurida ilk safdan joy olgan kishilardir”.

Junayd al-Bag’dodiy: “Tasavvuf Ollohning seni safoga maxsus qilmog’idir. Ollohdan boshqa hamma narsadan tasfiya (soflangan) bo’lgan kishi sufiydir”.

Abubakr al-Kattoniy: “Tasavvuf safo va mushohadadir”.

Tariqatda murshid yoki pir degan tushunchalar ham mavjud. Murshid yoki pir tariqatga rahbarlik qilib muridlarni – soliklarni Haq visoliga yetishlari uchun to’g’ri yo’ldan olib borishlari kerak, o’z navbatida soliklar pirning ko’rsatmalarini so’zsiz bajo keltirishlari lozim edi. Murshidlar o’z muridlariga so’fyona – mistik mashqlar, ya’ni raqsi samo’ qilish, Olloh Taolo va uning rasulini zikr etish, kechalarni bedorlikda o’tkazib, toatu-ibodatlar bajo keltirish, Qur’oni karimni uzluksiz qiroat qilish, hadisu-islomiy g’azallarni o’qish va chillada o’tirishni buyurar edilar.
Ibn Xaldun so’fiylikda murid bilan murshid munosabatining uch bosqichini belgilagan.

Birinchi bosqichda shariatning talablarini to’la-to’kis bajarish bilan mashg’ul murid pir itoatida bo’lganiga qaramay, hali unga ehtiyoj sezmaydi.

Ikkinchi bosqichda nafsni isloh va qalbni tafsiya (sof) qilishga kirishgan murid pirga ehtiyoj sezadi.

Uchinchi bosqichda mohiyati jahoniy va kayhoniy asror ma’rifatidan iborat kashfiyot – Ollohni kashf qilishga kirishgan solik murshid ko’magiga va nazoratiga ehtiyojmand bo’ladi.

“Ey tolib, agar Haqni talab qilib, tobay desang, andog’ pirga qo’l bergilkim, shariatda orifi billoh bo’lsa, tariqatda voqifi asror bo’lsa, haqiqatda komilu mukammal bo’lsa, ma’rifatda daryoyi ummon bo’lsa, ondog’ pirga qo’l berg’ilkim, saodat bo’lg’ay. Agar murid shariat ilmini bilmasa, shariat ilmini onga o’rgatay. Agar tariqatda holi voqe’a paydo bo’lsa, tariqat ilmi birlan yo’lg’a solg’ay va haqiqat siridin muridga yo’l ko’rsatg’ay. Ma’rifatda jazaban Haq paydo qilg’ay”, deb nasihat qiladi Hazrati Sulton Xoja Ahmad-Yassaviy.

“Shayx Zunnun Misriy, rahmatullohi alayhi, ondog’ aytibdurlarkim, murid qirq yil xizmat qilmag’uncha, shayxlik va faqirlik va darvish o’rni onga ta’yin bo’lmas va xirqa kiymoqi onga ravo ermas.
Hazrati Sulton Xoja Ahmad Yassaviy andog’ aytibdurlarkim, har kim pirlik va shayxlik da’vosin qilur bo’lsa, qirq yil to pirning xizmatida yurmaguncha, shayx o’rni onga ravo ermas. Agar murid olsa, rad turur” (“Faqrnoma”dan).

Mavlono Rumiy naql etganlarkim:

Pir yoz saratoni, xalq esa kuzdir,
Xalq – kecha, pir esa oydir, yulduzdir.

Yo’l bilgan pir holini so’rgil,
Pirga ergashginu, ortidan yurgil.

Maxdumi A’zam esa:

Pirsiz bo’lma, jangga kirsang ham,
Iskandari zamon bo’lsang ham,

— deya nasihat qilganlar.

Rivoyat etishlaricha, silsilasi sharifdagi oltinchi halqaning piri komili bo’lmish Boyazid Bistomiy umri davomida 113 pirning xizmatini qilib, ulardan fayz olgan ekan. O’sha pirlarning biri Sodiq edi. Bir kuni Boyazid pirining oldida o’tirgan edi, piri aytdi: “Ey Boyazid, ul kitobni toqdan olgin”. Boyazid so’radiki: “Qaysi toqdan?” Pir aytdi: “Necha marta bu yerga kelding, toqni ko’rmadingmi?” Boyazid aytdiki: “Yo’q, axir, huzuringda bosh ko’tarishga jur’at qilolmasam, qanday ko’ray. Men bu yerga tomosha qilgani uchun kelmaganman”, shunda Sodiq aytdiki: “Agar shunday bo’lsa, Bistomga qayt, xizmatingni o’tab bo’lding”. Bu rivoyat muridning pirga bo’lgan izzatidan bir dalolatdir.

Boshqa bir rivoyatda naql etilishicha, bir kuni Boyazid Bistomiydan “Sizning piringiz kim?” – deb so’rabdilar. Boyazid aytibdikim: “Mening pirim bir kampirdirki, bir kuni tavhidning ishorati g’olibligidan sahroga chiqib erdim. O’zimda qilcha ixtiyor yo’q edi. Nogoh bir kampir uchradiki, bir haltada un ko’taribdur. Menga dedikim: “Kelgil, bu haltadagi unimni uyimgacha yetkurib bergil”. Va mening qopni ko’tarmoqqa chog’im yo’q edi. Shul sababdan bir sherni ishorat birlan kelturib, unni sherga yuklab berdim. So’ng kampirga dedimki: “Shaharga borsang, odamlarga kimni ko’rdim dersan?” Kampir dedi: “Bir zolim va ra’no (takabbur)ni ko’rdim, derman”. Men so’radim: “Nechun mundog’ dersan?” Kampir aytdiki: “Xudoi taolo sherni bandaning xizmatiga taklif qilmabdur. Ne uchun sen ani xizmatga taklif qilasen? Bu zulm bo’lmaydimu?” Men dedim: “Ori, bu ishim zulmdur. Ammo nima uchun meni takabbur dersan?” Kampir aytdi: “Aning uchunkim, sening xohishing ulki, shahar xalqi bilsunlarkim, sher senga mute, farmonbardor bo’lubdur. Bilsunlarkim, sen sohibi karomatsan. Bu takabburlig’ emasmu?” Dedimki: “Ori andog’dur, tavba qildim va balanddin pastga tushdim”. Ushbu kampir menga pirdur”.

“Tasavvufning asl mohiyati nimada?” – degan so’roqqa ham Boyazid Bistomiyning bir iqrori bilan javob berish mumkin.

Hazrat Boyazid aytgan ekanlarki: “Ilon po’st tashlagan kabi men ham o’zimni tark qildim. Bir mahal o’z mohiyatimga boqsam… oh, men Unga aylanibman!”

Boshqa bir rivoyatda Sulton ul-orifin aytmishlarki: “Olloh taoloni tush ko’rdum, so’radumki: “Bor Xudoyo, yo’l sanga ne nav’dur?”
Dediki: “O’zungdan o’ttung, yetting!”

Demak, tasavvuf mohiyati Xudoga yetishmoq ekan, buning uchun o’zdan kechmoq lozimdir. Hattoki:

Qil qadar qolsa vujudingdan asar,
Ololmassan qil qadar Undan xabar..

O’zdan kechmoq odamga xos past va o’tkinchi dunyo tashvishlari bilan qorishgan his-tuyg’ulardan voz kechmoq, Olloh, taoloning dargohi – asl Vatan sari intilish, unga yetishmoq ko’yida ilohiy yuksaklikka talpinish demakdir.

Tasavvuf loyini qorgan arablar, unga vujud va ulug’vorlik bag’ishlagan ajamliklar, uni hikmat, ahloq bilan to’yintirgan va unga qalbu ruh ato qilgan turonliklar bo’ldilar…
Yillar o’tib so’fiylarni tarkidunyochilikda aybladilar. Bu tuhmatlar hamisha tasavvuf haqida oddiy tushunchaga ham ega bo’lmagan kimsalar yoki Xoja Ahrori Valiy ta’biri bilan aytganda, ilmni dunyo orttirish va mansab egallash uchun xizmat qildirguchi olimlar tomonidan bo’ldi.

Albatta, har bir pokiza yo’lni kasb etgan insonlar va jamoalar atrofida, shiraga o’ch pashshalardek, xudbin, manfaatparast, o’z niyatlariga erishmoqchi bo’lgan kimsalar ham mavjud ediki, bundaylarni Hazrat Mir Alisher Navoiy: “O’ziga qalandar ot qo’yg’on mal’un, odamiylig’dan mag’bun” deb ataydilar. Hazrat nazarida ularning “surati darveshvash va ma’nisi sarosar g’ash”. Tasavvuf muxoliflarining ko’zi faqat ularni ko’rar, ularni yomonlash bahonasida tariqat g’oyalarini qoralashga urinardilar. So’fiylar xalqni tarki dunyochilikka chorladilar, degan kimsalar tasavvuf olomon emas, balki Ollohga yetishish yo’lida ilm olishni, inson zakovatining qudrati nimalarga qodirligini anglashni istagan komil insonlar yo’li ekanini bilmasdilar yoki bilib, bilmaganga olardilar. Hazrati Xoja Ahmad Yassaviy aytganlaridek, Faqirlik martabasi maqomi a’lo turur, har kimga muyassar bo’lmas!”

* * *

…Ahmad so’fiylar va tasavvuf yo’li haqidagi xayollar bilan qanday tong otganini sezmay qoldi. Farzni alo qilgach, qizarib chiqayotgan quyosh nuri chulg’ay boshlagan hovlini kesib, Imom Abu Mansur huzuriga shoshildi. Salom-alikdan so’ng, unga savol alomati bilan boqqan imomga niyatini aytdi:
— Bobo Faraj xizmatlariga borishimga ruxsat tilarman.

Ahmad ustoz menga tasbeh bersa kerak, deb o’ylagandi, yo’q, imom rozilik ma’nosida boshini egdi. Ahmad o’rnidan turib, endi eshikka yetganda, ustozi ovozini eshitdi:
— Barcha as’hob birlan borurmiz!..

Ustodning amriga binoan barcha saboqdoshlar bir bo’lib yo’lga tushdilar. Dastlab sukutga cho’mgan imomga ergashib, bir to’p qushlardek chug’urlashib kelayotgan yigitlar Bobo Faraj xonaqohsiga yaqinlashgan sayin boshlarini eggancha jimib qoldilar.

Xonaqoh eshigi oldida ularni yoshgina murid qarshi oldi.
— Oting kimdur? – deb so’radi Ahmad.

Murid:
— Bobo Shodon, — dedi. Ahmad muridning o’z piriga nisbat qilib aytgan nomini eshitib jilmaydi. Bobo shodon ularning qay maqsadda tashrif buyurganlarini eshitgach, lip etib ichkariga kirib ketdi.

Qanday tez kirib ketgan bo’lsa, shunday tez chiqdi va zinaning tepasidan so’z qotdi:
— Pirim, agar ular Tangri dargohiga kelgan erkanlar, kira olsalar, mayli, kirsinlar, dedilar.

Saboqdoshlar Bobo Faraj aytgan gap mazmunini chaqolmay bir-birlariga qaradilar. Ahmad ko’z o’ngida yana o’sha o’t chaqnab turgan ko’zlar paydo bo’ldi. U so’zlar ma’nosini angladi. O’sha zahot egnidagi liboslarni yechdi va qo’lini ko’ksiga bosdi. Uning bu ahvolini ko’rib, boshqalar ham kiyimlarini yechib, qo’llarini ko’kraklariga qo’ydilar. Bobo shodon ularni ichkariga boshladi. Dam o’tmay ular hovli burchagidagi hujrada o’tirgan Bobo Farajga ro’para bo’ldilar. Hamma o’z o’rnini topgach, keksa darvesh ko’zini yumdi va nimalarnidir shivirlay boshladi. Uning bu shiviri – olis-olislardan kelayotgan dengiz shovqini, unga yaqinlashgan sayin kuchayganidan-kuchayib bordi. Bobo Faraj munojot qilardi. Ahmadning vujudi ham munojot og’ushiga cho’mdi. Ammo u qulog’iga emas, ko’ngliga sitilib kirayotgan bu so’zlarni Bobo Faraj aytayaptimi yoki g’oyibdan kelyaptimi bilmas edi…

Xoliqo, yuragim saning taxtingdur,
sening vasling manim ahdimdur.

Xoliqo, imdod qil, vaslingga yetay,
imkon ber, yuragim qa’riga ketay.

Xoliqo, duo ber, vujudim to’lsun,
muddao ber, xohishlar o’lsun.

Xoliqo, qo’lim ol, yo’lga sol mani,
aldamasin o’zga bir qavvol mani.

Xoliqo, saqlagil, pushaymon bo’lmay,
adashmay, zulmatda sargardon bo’lmay.

Xoliqo, diydoring nuri charog’dur,
sening diydoringsiz bu ko’ngil dog’dur.

Xoliqo, zar berma, bir iqtidor ber,
iqtidor bergilu, diydor ber.

Xoliqo, dardingdan ko’nglim shod erur,
sening bandalaring dilozod erur.

Xoliqo, gunohim garchi fuzundir,
shafqating muddati juda uzundur.

Xoliqo, qalbima bir tamanno ber,
tamannomga faqat ma’no ber…

Ahmad Bobo Farajning holi mutag’ayyir bo’lganini ko’rib-bilib turar, ammo yuragida jaranglayotgan ohanglar boboning nimalar deb munojot qilayotganini eshitishga imkon bermasdi. Balki ular bir munojotni, ayni so’zlarni aytib tavallo qilayotgandirlar.

To’satdan Bobo Farajning qiyofasida shunday ulug’vorlik paydo bo’ldiki, uning butun vujudi quyosh qursidek duraxshon bo’lib, nurlana boshladi. Dam o’tmay boboning egnidagi hirqa o’z-o’zidan tanadan ayrilib, yerga ohista sirg’alib tushdi. Bu holni ko’rib turganlarni hayrat quchdi.

Anchadan keyin Bobo Faraj yana avvalgi holatiga qaytdi va o’tirgan o’rnidan turib, boyagina tanasidan yerga sirg’alib tushgan hirqani qo’liga oldi. Keyin davrada sarmast o’tirgan Ahmadga yaqinlashib, uni dast ko’tarib yerga qo’ydi va qo’lidagi hirqani kiydirdi. Bobo bu ishni gap-so’zsiz ado etgach, yana qaytib joyini egalladi-yu, xona o’rtasida nima qilishini bilmay qo’qqayib turgan Ahmadga so’z qotdi:
— Sening daftar o’qur chog’ing o’tdi – qalaming oqdur, yozganing befoydadur! Vaqtidurki, pirlar etagini tut, ularning xizmatida bo’l!

Bobo so’zini tugatib, hammaga ijozat bergandek, qo’lini ko’ksiga bosdi. Ahmad hamma qatori eshikka yaqinlasharkan, Bobo Faraj xitobini eshitib to’xtadi, yalt etib darvishga qaradi. O’t chaqnagan ko’zlar unga mehr bilan qarab turardi.

— Ahmad! – dedi yana bir karra Bobo Faraj undan ko’zini uzmay, — Vaqt kelur, olamning safdaftari bo’lg’aysen…

Bobo Faraj dargohini tark etib, ancha yurishgach, imom Abu Mansur unga ta’kidladi:
— Endi sening yo’ling o’zgadur… Ammo, “Sharhi us-Sunna”dan ozgina qolibdur, bir-ikki kun o’tirib uni yakunla. So’ng, mayli, ijozat…

Ahmad ustozining so’zini qaytarmadi. Ertasi tongdan qo’liga yana “Sharhi us-Sunna”ni oldi. Kitobga egildi-yu… hujraga shaxd bilan kirib kelgan Bobo Farajni ko’rib, otilib o’rnidan turdi. Bobo Faraj g’azab bilan gapirdi:

— Sening daftar o’qur chog’ing o’tdi, demaganmidim?! Kecha sen ilm ul-yaqinning ming bir manzilidan o’tding! Bugun nega yana qurigan buloq boshiga borursan?!

Bobo Faraj qanday shiddatli kirgan bo’lsa o’shanday chiqib ketdi. Ahmad o’sha-o’sha “Sharhi us-Sunna”ga qaytmadi, riyozat va xilvatnishinlik bilan mashg’ul bo’ldi. Vaqt o’tib ilmi botiniy va varidoti g’aybiy sirlarini anglay boshladi. Hatto bir marta g’aybdan kelayotgan bu sirlar beiz o’chib ketmasin degan niyatda ularni qog’ozga bitmoqchi bo’ldi. Ammo qo’liga qalam olib, yozishga endi kirishgan edi, eshikdan kirib kelgan Bobo Farajni ko’rdi. Bobo Faraj bugal ham otashin edi:

— Shaytonning vasvasasiga uchma, bu so’zlarni yozma! Qalamni qo’y-da, barchasini unut. Yetar, bunda muqim bo’lishdan saqlan, yo’lga tush… Pirlar xizmatini qil, o’z murshidingni izlab top! Bunda qolsang, halok bo’lursan, qalbing oynasini sindirursan. Pirni yaqindan izlama, yiroqdan izla…

Bobo Faraj birdan ma’yus tortdi, ko’zlarida mung jimirladi. U qarshisida lol turgan yigitga tikilarkan, mahzunhol shivirladi:

— Ahmad! Bugun tunda sening ona yurting tomonda – Turkistonda bir yorug’ yulduz so’ndi. Bu Piri Turkistoniy yulduzidir. Ul iqlim osmonida yolg’iz Xojai Jahon yulduzi charaqlab turibdi endi. Shoshil, ulug’ muqtado izla, uning qo’lini, etagini tutib, yo’lingni top. Yo’lingni topu, yurtingga qayt. Yulduzingni charaqlat! Sening zamonda chekkan mashaqqatlaringdangina yulduzingga shuur qo’shilg’ay. Yulduzingga quvvat ber! Piri Turkistoniy yulduzi o’rnini top!

Ahmad keksa darveshning bu so’zlarini o’sha paytda emas, yillar o’tib anglaydi. Anglaydi-yu, beovoz, ko’z yoshlari sel bo’lib, ichiga oqib yig’laydi. Chayqalib-chayqalib, alamini beshikdagi go’dak kabi tebratib uxlatishga urinadi, ammo hech qachon buning uddasidan chiqolmaydi.

U yillar o’tib Xorazmda – Ahmad bo’lib tark etgan, Najmiddin bo’lib qaytgan ona yurtida shayxlik maqomida ekan, dargohiga Piri Turkistoniyning ulug’ shogirdlaridan biri – Raziuddin Ali Lolo mulozamat uchun keladi.

Shayx Saididdin Farg’oniy “Manoqibul-ibol ilal-maod” otli kitobida qayd etgankim: “Muridlar intisobi (bog’liq bo’lishi) mashoyixga (pirga) uch tariqa (yo’l) bilandur: biri hirqa bilan, ikkinchisi zikr talqini bilan va uchinchi, xizmat va suhbat va aning odobi bilan. Va hirqa nisbati ikkidur: biri irodat hirqasi va ani bir shayxdan o’zgadin olmoq ravo emas va yana biri tabarruk hirqasi. Va ani ko’p mashoyixdan tabarruk olmoq ravodir.

Irodat hirqasi nisbatan va zikr talqini nisbatan ikki shayxdin olmoq mazmum (yomon)dur. Ammo suhbat nisbatida mahmud (yaxshi)dur, ammo burung’i shayx ruxsati sharti bilan yoki foti vuqui bila (ya’ni o’limi tufayli)”.

Raziuddin Ali Lolo hirqai irodat va zikr talqini bilan Xoja Ahmad Yassaviyga bog’liq edi, u Shayx Kubro huzuriga Piri Turkistoniy vafoti tufayli suhbat istab kelgan edi.

Shayx Kubro huzuriga tashrif buyurgan xushbichim, soch-soqoli qop-qora yigitdan Xoja Ahmad haqida uzoq surishtirdi. Biz ham ularning suhbatiga xalal bermay Piri Turkistoniy hayoti va faoliyatiga nazar tashlaylik.

Xoja Ahmad Yassaviy taxminan 1103-1104 yillar oralig’ida qadim Turkiston mulkining Sayram mavzesida Shayx Ibrohim oilasida dunyoga kelgan. Yetti yoshida otasidan yetim qolib, onasi Qorasochoyim va opasi Gavhari Shahnoz qo’lida tarbiyalanadi. Mavlono Hisomiddin Sig’noqiyning “Nasabnoma” risolasida keltirilishicha, Xoja Ahmad o’n yetti pusht orqali hazrati Payg’ambarimizning amakilari hazrat Abu Tolibga borib tutashar ekan. Ya’ni: Xoja Ahmad ibn Ibrohim Shayx ibn Mahmud Shayx ibn Iftixor Shayx ibn Umar Shayx ibn Usmon Shayx ibn Husayn Shayx ibn Ismoil Shayx ibn Muso Shayx ibn Yunus Shayx bn Xorun Shayx ibn Is’hoq Shayx ibn Abdulrahmon Shayx ibn Abdulfattoh Shayx ibn Abduljabbor Shayx ibn Abdulfattoh Shayx ibn Imom Muhammad Xanafiya ibn hazrati Ali ibn hazrati Abu Tolib.

Xoja Ahmad boshlang’ich tarbiyani ilk ustozi Arslonbobdan olgach, ustozining ko’rsatmasi, boshqa rivoyatga ko’ra, Arslonbob vafotidan keyin Yassidan Buxoroga boradi va Xoja Yusuf Hamadoniy xizmatida bo’lib, uni pir taniydi, muridlik qiladi.

Oltmish yildan ortiq shayxlik va irshod sajjodasida o’tirgan, o’n sakkiz yoshida Bag’dodda Abu Is’hoqdan fiqh, hadis va tafsir ilmini o’rgangan, keyinchalik Isfahon, Samarqand va Buxoroda ta’limini davom ettirgan, Xoja Abdulqodir Geloniydan qabul sohibi bo’lgan, darveshlik hirqasini Xoja Abdulloh Jayvoniy qo’lidan kiygan, tasavvufda Shayx Abu Ali Farmudiyga intisobda bo’lgan, uzoq vaqt Xuroson, Xorazm va Movarounnahrda imomlik mansabini o’tagan Xoja Yusuf Hamadoniyning Buxoroda tuzgan xonaqohida juda ko’p forsiyzabon va turkzabon shogirdlar diniy-mazhabiy va tasavvuf ilmlaridan saboq olardilar. Xoja Yusuf Movarounnahrni tark etishdan avval o’z as’hobi orasidan to’rt kishini da’vat martabasiga tayinladi. Bular Xoja Abdulloh Barqiy, Xoja Hasan Andoqiy, Xoja Ahmad Yassaviy va Xoja Abduxoliq G’ijduvoniydirlar. Muridlarga peshvolik qilish xorazmlik Xoja Barqiy, Samarqandning Xatirchi mavzesidan bo’lmish Xoja Andoqiylardan so’ng Xoja Ahmad Yassaviyga o’tadi va u qirq yoshgacha irshod mansabida bo’ldi. Ammo shu yoshga yetgach, o’z tariqati yo’lini tuzmak lozimligini angladi. Xoja Ahmad o’z tariqatini tuzmak maqsadida ona yurtiga qaytish oldidan xonaqoh raisligini Xoja Abdulxoliqqa topshiradi. Turkiston mulkida bunyod bo’lgan ikki buyuk tariqat – naqshbandiya va yassaviyaga asos solish Xoja Ahmad Yassaviy bilan Xoja Abduxoliq G’ijduvoniyga nasib bo’ldi. Har ikki tariqat vaqt o’tib, tasavvuf tarixida “Xojagon silsilasi”, “Silsilat uz-zahab” nomlari bilan ataldi va har ikki shayx ustozi Xoja Yusuf Hamadoniy bu silsila sardaftari sifatida e’tirof etildi.

Xoja Ahmad Yassiga qaytgach, u yerda madrasa va xonaqoh tiklatdi, o’z atrofiga shogirdlar yig’ib, ularni o’z maslagi yo’lidan boshladi. U o’z yo’lini hazrati Rasululloh (s.a.v.)ning “Faqirlik faxrimdir” hadisiga asoslagan, o’z pirlik maqomini esa ushmundoq belgilagan edi: “Ey tolib, agar Haqni tilab tobay desang, ondoy pirga qo’l bergilkim, shariatda orifi billoh, tariqatda voqifi asror bo’lsa, haqiqatda komilu-mukammal bo’lsa, ma’rifatda daryoi ummon bo’lsa, ondog’ pirga qo’l berg’ilkim, saodat bo’lg’ay”.

Xoja Yassaviy soliq uchun to’rt safar: shariat, tariqat, ma’rifat va haqiqatni belgilab, bu safarlarning har birida o’n maqom, jami qirq maqomni o’tamoq vazifasini topshiradi va nasihat qiladi: “Bu qirq maqomni bilib amal qilsa, darveshligi pok turur va agar bilmasa va o’rganmasa, darveshlik maqomi onga harom turur va johil turur”.

Faqat mana shu qirq maqomni o’tagan, nafsini kuydirib fano darajasig’a yetishgan darvesh, Xoja Ahmad nazarida, “agar o’tga boqsa, Haqni ko’rgay va agar quyi boqsa, Haqni ko’rgay va agar ilgari boqsa, Haqni ko’rgay va agar o’ltursa, Haqni ko’rgay mushohada ko’zi birlan. Va yana so’fiy ilm ul-yaqin va ayn ul-yaqin maqomini topqay va agar sir ko’zi birlan yuqori boqsa, Arshni ko’rgay va agar quyi boqsa yetti tabaqai zaminni va hech hijob bo’lmag’ay. Va agar haq ul-yaqin ko’zi birlan boqsa, maxluqot va masnu’otdin kechib, bechun va bechungina Haqni ko’rgay va ma’rifatda barcha kavnayni olamini ko’rgay…”

Xoja Ahmad xitob qiladikim:

Shariatda murod uldir, yo’lga kirmak,
Tariqatda murod uldir, nafsdan kechmak,
Haqiqatda aziz jonni fido qilmak,
Jondan kechmay ishq sharobin ichsa bo’lmas…

Yana uning e’tiroficha, shariat – bu irodat, tariqat – bu ijobat, haqiqat esa ijozatdir; illo “murid bo’lg’on bu sifatlig’ bo’lmoq kerak”. Boshqa bir hikmatida Xoja tariqati safarlarini uchga bo’ladi: “shariat – ilk ul-yaqindir, tariqat – ayn ul-yaqindir, haqiqat – haq ul-yaqindir”. Yana bir hikmatda yozadikim: “shariat – “li ma’alloh” maqomidir, tariqat – “an tamutu” saroyidir va haqiqa – “fano filloh” daryosidirki, bu maqomga yetishmay, bu saroyga kirmay, bu daryoda cho’milmay, “baqobilloh” gavharini olsa bo’lmas”.

“Baqobilloh” gavharini olmoq uchun, ya’ni Ollohdan nishona ko’rmoq uchun esa solik oshiq bo’lmog’i kerak. “Oshiq bo’lsang, ishq yo’lida fano bo’lgil, diydor izlab hasratida ado bo’lgil”. Ishq ko’ngilni yoritsagina, “o’sha vaqtda ilohimni jamolini ma’no ko’zi birlan” ayon ko’rmoq mumkindir. Buning uchun esa:

Zikrin aytgil, qonlar oqsun ko’zlaringdin,
Hikmat aytgil, durlar tomsun so’zlaringdin,
Gullar unsun har bir bosqan izlaringdin,
Gulga boqsang, gul ochilib bo’ston bo’lur…

Ya’ni, Xoja Ahmad aytmoqchiki: “Har bir bosgan qadaming – harakating tufayli gul unsa – Olloh jamolidan bir nishona ko’rinsa, gul ochilib bo’ston bo’lganidek, sen o’sha nishonada Haqni ko’ra bilasan”. Bu tasavvuf ilmining eng sodda izohidir.

Xoja Ahmad Yassaviy Turkistonga qaytib, tariqatini tuzishni boshlarkan, ustozi Xoja Hamadoniy qo’llagan zikr aytish yo’li – “zikri aloniya” (zikr aytishda tovush chiqarish)ga amal qildiki, bu yo’l yana “zikri jahriya” deb ham ataladi. Shuning barobarida Xoja Ahmad ilk marta zikrni turkiy tilda bajarishga o’tdi va bu yo’lda o’ziga xos yangi usulni kashf etdi. Bu usul “zikri arra” nomini oldi.
Kamina “zikri arra” talqini bir qator ko’hna kitoblarda qayd etilganini ma’lum qilgan holda, shu kitoblardan birida keltirilgan rivoyatni kitobxonga havola qilmoqni ma’qul ko’rdim: “Yassaviya mashoyixidan sanalgan Mavdud Shayxning as’hobi bo’lmish Kamol Shayx Toshkandga kelganida Xoja Ahrori Valiy dargohiga kelib turardi. Bir kuni Kamol Shayx kelganda Xoja unga “Biz uchun “arra zikri”ni aytib ber!” – degan ekanlar. O’shanda Kamol Shayx “zikri arra”ni aytib, hammani mamnun qilgan ekan.

Aytishlariga qaraganda, deb hikoya qiladi bu voqea xabarini yetkazgan roviy, “zikri arra” turk mashoyixi silsilasida shunday zikr ekanki, uni aytishda go’yo dimog’dan arra tovushi kelar ekan.

Shayx Kamol Xoja Ahrori Valiy oldida yetti-sakkiz marotaba bor kuchi bilan “zikri arra”ni aytgan. Shunda Xoja Ahror xitob qildi: “Bas qilingkim, Arshdan farshgacha yonib tugadi!” – degan ekan. Kamol Shayx zikrni tugatgandan keyin Xoja Ahror uzoq o’yga botib qoladi. As’hob ahli buning boisini so’raganda, Xoja: “Men shunday fikrdamenki, agar munkirlar bu qanday zikr aytish desalar, shunday javob qaytargan bo’lar edim”, — deb ushbu baytni o’qigan ekanlar:

Murg’oni chaman ba har saboh
Xonand turo bo istiloh…

Ya’ni:

Chaman qushlari senga har sahar
Jo’r bo’lib sayraydilar…

Bu tafsilotni idrok qilgan holda aytish mumkinki, Xoja Ahmad Yassaviy “zikri arra”ni kashf etishda turkiy xalqlar orasida keng tarqalgan baxshichilik san’atidan o’rinli foydalangan, bu bilan u Olloh zikrini, o’z hikmatlarini oddiy xalqqa oson yetib borishiga erishmoqchi bo’lgan.

So’fiylik tariqatlarida amalda bo’lgan asosiy zikr “Huv” nomi bilan atalib, yassaviyada bu zikr “arra” usulida ijro etilgan. Xoja Ahmad hikmatlarida yozadi:

“Hu” halqasi qurildi, ey darveshlar, kelinglar,
Haq sufrasi yoyildi, ondin ulush olinglar…
“Hu” arrasin olibon, nafs boshiga solibon,
Tunu kuni, toliblar, jonni qurbon qilinglar…

Bu namunalarda “Hu” halqasi” – raqsi samo’ davrasini, “Hu” arrasi” esa zikr aytishning Yassaviy kashf qilgan talqin nomini bildiradi. Shu kunlarda ham Boysun tog’larida aytiladigan ayrim qo’shiqlar naqorati “Yaqqu-yaqqu-yaqqu-ya” tarzida takrorlanadiki, bu aslida “YA-hu, ya-hu, — ya-hu-u!” qabilida bo’lib, xalq xotirasida yassaviyona raqsu samo’ va “zikri arra”dan qolgan bir nishonadir.
Rivoyatlarga ko’ra, Xoja Ahmad hazrati Payg’ambarimiz (s.a.v.) yoshiga yetgach, yer ostida hujra yasatib, xilvatga chekingan va qolgan umrini yorug’ dunyo yuzini ko’rmay, toat-ibodat qilib o’tkazgan. Bir rivoyatga ko’ra, u 125 yil, boshqasiga ko’ra 133 yil yashagan. Yana bir rivoyatlarga ko’ra, Piri Turkistoniy uzoq umri davomida yuz yetmish pirga xizmat qilgan, qirq yil qalandarlar bilan safarda bo’lgan, yetmish uch bilimni bilgan va ulardan o’z as’hoblariga dars bergan, oltmish ikki muftiy, to’qson to’qqiz ming voliy, sakkiz ming abdol (qalandar), oltmish sayyidzoda, o’n ming Xorazm imomzodalari va ikki ming donishmand bilan suhbatda bo’lgan ekan.

Hurmatli do’st, buyuk bobomiz Xoja Ahmad Yassaviy haqiga duolar keltiraylik-da, Tabrizga – Bobo Faraj alamli so’zlar aytib, chiqib ketgach, yolg’iz qolgan boshqa bir buyuk bobokalonimiz huzuriga qaytaylik.

Tong payti Ahmad Fors mulki tomon yo’l olgan karvon safida Tabrizni tark etdi. Karvon shahardan uzoqlasharkan, Ahmad qizarib chiqayotgan quyoshning xira shu’lasi og’ushida qorayib turgan bo’rtog’larning birida turgan yolg’iz odam ko’lankasini ilg’adi. Bu odam Bobo Faraj ekanini anglab, ko’nglida yana o’sha mungli munojot yangradi:

Xoliqo, ko’nglumga tamanno ber, tamannomga ma’no ber…

* * *

Ilmi ziyoda bo’lgani sayin tashnaligi battar ortgan Ahmad murshid izlab ko’p o’lkalarni poyu piyoda kezib chiqdi. Ammo qay bir ulug’ shayx huzuriga yetmasin, irodati sobit bo’lmas va ko’ngli to’lmay yana yo’lga tushardi.

Bir kuni Xuzistondaga Zurful degan manzilga yaqinlashganda xastalanib qoldi. U odamlardan bu manzilda g’arib mardumlarga boshpana berguvchi biror musulmon bormi-yo’qmi, deya surishtirdi. Unga shu yaqin orada bir shayx xonaqosi borligini va o’sha yerga yetsa, albatta boshpana va yemak berishlarini aytdilar. Shayxning ismini surishtirganda, “Shayx Ismoil al-Qasriy” deb javob berdilar.

U bu shayx haqida eshitmagan, uning azamatidan bexabar edi. Ammo kecha jalada qolib, ust-boshi jiqqa ho’l bo’lgan, Zurfulga yetganda butun vujudi isitmada kuyar, ko’zlari bezovta yonardi. Shu sababdan Shayx Qasriy xonaqosida Mahbubi Habibning o’zi shifo bermagunicha boshpana topmasdan boshqa iloji yo’q edi. U madorsiz oyoqlarini zo’rg’a bosib, Zurfulning qibla tarafidagi xilvat go’shada o’rnashgan xonaqohga yetdi.

Xonaqoh oldida ikkilangandek biroz turib qoldi. Eshikni bir ko’ziga dog’ tushgan o’rta yashar murid ochdi.

U xotirjam so’radi:
— Bu dargohga bosh birlan keldingmi, oyoq birlan?

Ahmad javob qildi:
— Sidqu safo birlan!

Murid so’radi:
— Kimning bo’yini tilab kelding?

Ahmad javob qildi:
— Mehru vafo bo’yini!

Murid so’radi:
— Tak’ya meni chorladi, men esa sohibi tak’yani tilayman.

Murid so’radi:
— Bu tak’yaga ne ahd bilar kirursan?

Ahmad aytdi:
— Avvalo hurmat ila kirmoq, keyin izzat bilan o’tirmoq, so’ng hojat aytmoq va nihoyat, xizmat qilmoq mening ahdimdur!

Murid ortiq savol bermadi, zero u Ahmadning holini sezgan edi. Darrov qo’ltig’idan olib, ichkariga boshladi. Ahmad xonaqohga o’ng oyoqni bosib kirishni, kirgach – duo o’qishni shu ahvolda ham unutmadi.
Murshid Ahmadga xonaqoh hovlisidagi keng supada joy hozirlab berdi. So’ng murid anor sharbati to’ldirilgan shohkosani bemor to’shagi yoniga keltirib qo’yarkan, bu ichimlik isitmani bosishini uqtirdi va burchakdagi hujraga kirib ketish oldidan:
— Ollohi Karim o’zi shifo bergay, musofir! – dedi.

— Ahmad anor sharbatini icharkan, sukunat quchgan xonaqoh hovlisini ko’zdan kechirdi. Hovli o’rtasida buloq qaynab turardi. Aslida mana shu buloq tufayli xonaqoh o’rni shu joydan tayinlangan bo’lsa, ajabmas. Buloq toshhovuzga borib quyilar, hovuz tegrasi yam-yashil shamshodlar bilan o’ralgan. Hovli burchaklarida esa ulkan chinorlar shovillab turardi. Mana shu shamshodlaru-chinorlarning ko’ngilga farog’at bag’ishlochi kuyi ta’sirida bemor ko’zi yumilib qolganini sezmadi.

U tushida o’zini yonayotgan qamishzor ichida ko’rdi. U yong’in ta’qibidan qochar, ammo o’t uni izma-iz quvar, olov tili oyoqlarini kuydirib yalar, vujudiga chirmashardi. Tegrasida qushlar patirlab osmonu-falakka ko’tarilishar, ohularu-arslonlar bir-birlariga hamroh, o’qdek uchib borishar, ammo uning uchishiga qanoti, chopishga quvvati, imdod etmakka majoli yo’q edi.

To’satdan u shovillab oqayotgan ulkan daryo bo’yiga chiqib qoldi. Daryo shovillashi, sohildagi qamishlarning sokin shovqini qarshisida turar ekan, yuragini allaqanday sehrgar kuy chulg’ay boshlaganini sezdi. U qo’llarini oldinga cho’zgancha bu sehrgar kuy qa’riga – daryoga kirib boraverdi. To’satdan kimdir ismini olib chaqirganini eshitdi-yu, yalt etib, orqasiga qaradi. O’sha zahoti uyg’onib ketdi.
Xonaqoh oqshom og’ushida edi. Ahmad yotgan supa qarshisidagi maydonchada doira bilan rubobning tiniq, omixta jarangi yangrar, darveshlar davra olib zikr tushardilar. Buni so’fiya ahli raqsi samo’ deb atardilar.

Samo’iya, samo’, raqsi samo’ – kuy ostida raqsga tushib, Olloh zikrini qilishdir. Uni Ollohga bag’ishlangan g’azallaru-munojotlar aytib ijro etish ko’zda tutilgan. Raqsi samo’ni vahdatga erishmoq yo’li deb bilgan so’fiylar bu amalda asosiy o’rin tutgan musiqani “g’izoi ruh” – “ruh oziqi” deb ataganlar.

Ahli so’fiya fikricha, samo’ aytish paytida kishida bir azim kayfiyat yuz berar ekanki, natijada yurakdagi hijob – parda biroz ko’tarilar va qalbdagi Olloh kuy-munojotlarni eshitishga muyassar bo’lar ekan. Samo’, so’fiylar nazarida, darveshlarni bir necha muddat dunyo tashvishidan, g’amidan uzoqlashtirib, asl-maqsad – Haq visoliga yaqinlashtiruvchi vositadir.

Samo’da “Haq” jamolin ko’rsatmasa zomin bo’lay”, deydi Xoja Ahmad Yassaviy.

Samo’ uyg’onishdur, deydi Mavlono Jaloliddin Rumiy.

Samo’ muhabbat sharbatidur, deydi Imom al-Kosoniy.

Samo’ – bu ma’shuqaga xitob qilishdir, xitobni eshitgan ma’shuqa beqaror bo’lib jonlanadi, o’zini ko’rsatmoqchi bo’ladi, lekin oshiq uni ko’rishi uchun mashaqqat tortmog’i kerak.

Ammo…

“Samo’ni inkor qilmag’il, biroq ko’p samo’ qilmahilkim, samo’ ko’p bo’lsa, nifoq keltirur va dilni o’ldirur”. Bu Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniyning hikmatlari. Yana bu sharif zot aytganlarki:

Ey so’fii sof, ki kuni mayli samo’,
Hosil zi samo’. Chun nifoq astu vido’.
YO tarki samo’ kun, ki sofi gardi,
YO on ki hayoti dili xud soz vido’.

(Mazmuni: Ey pokiza so’fi, sen samo’ga mayl ko’rsatsang, undan faqat nifoq va nizo olajaksan. YO samo’ni tark qilib, to’g’ri yo’lni tanla yoki dilingning tirikligi xavf ostida qoladi).

Inkor makun samo’u maqbul nador,
Illo zi kase, ki zindadil boshad yor
Gar nafsi tu murda nest, az shuhratu oz,
Bo savmu salom boshu digar biguzor.

(Mazmuni: Sen Samo’ni na inkor ayla, na qabul et, agar zindadil (ya’ni Olloh ma’rifatiga diling ochiq bo’lsa) bo’lsang, shunday yo’lni tanlagil. Agar shuhratu shon talabida nafsing o’lmagan bo’lsa, yaxshisi muntazam namozu ro’za ila mashg’ul bo’l, boshqa ishni qo’y).

“Men samo’ni rad etmayman, ammo qabul ham qilmayman”.
Bu Xoja Bahouddin Naqshband hikmatlari.

Ammo…

Samo’ni tan olmagan (yoki Hazrati Naqshbanddek uni rad ham, qabul qilmagan) so’fiylar, shu jumladan qahramonimiz bo’lmish Najmiddin Kubro ham kuy yoki qo’shiq bilan zikr etishni rad etib, bular barchasi Haq visoliga yetishmakka halaqit beradi, deb qarardilar. Ular ta’limi bo’yicha zikr tovush chiqarmasdan, ya’ni xufiya ijro etilishi kerak edi. ular nazarida, tokim Olloh o’z taxtini mo’min qalbida o’rnatgan ekan, Olloh bilan banda o’rtasida birdan-bir vosita Qalbdir. Qalb orqali inson Ollohga yetadi, uni taniydi. Shu sababdan Olloh ruhi bilan inson qalbi o’rtasida boshqa vosita ortiqchadir, deydilar va o’z zikrlarini xilvatda xufiya bajarardilar. Bunday zikr qilishni “xufiya”, “zikri dil”, “xabidil” deb ataydilar.

“Zikrni til bilan emas, ko’ngil bilan ayting. Habsi nafas (nafas olmaslikda), chidam va bir nafasda ayting, tokim zikrning halovati ko’ngilga yetsin”, deydi Mavlono Sa’diddin Koshg’ariy.

Boyazid Bistomiy zikr boshlashdan avval uyning hamma teshiklarini berkitib o’ltirar ekan: “Ovoz eshitib, ko’nglimga tashvish tushmasin”, — deb aytar ekan…

Raqsi samo’ning paydo bo’lishini Xoja Yassaviy hazrati Rasululloh (s.a.v.)ning Me’rojga chiqishlari bilan bog’laydi:

Maloyiklar yig’lab bir kun suhbat qurdi,
Raqsi samo’ urmak uchun yugurib yurdi,
Me’roj uzra haq, Mustafo muni ko’rdi,
Emdi men ham raqsi samo’ urgim kelur…

Boshqa bir hikmatda Xoja Ahmad raqsi samo’ haqidagi o’zga bir rivoyatni keltiradi: Shibliy samo’ payti Janobi Mustafoni ko’rib, yig’lab so’radiki: “Ayo Rasul, samo’dan malulman, betoqatman”, ya’ni bu ishdan samara bormi? Rasululloh (s.a.v.) aytdiki: “Inshoolloh, qilgay qabul”. Shu hikoyat bahona Xoja Ahmad xitob qiladi:

Raqsi samo’ urgan oshiq o’zin bilmas,
Behush yurar, dunyo molin qo’lga olmas,
Yuz ming odam “Taqsir” desa, mag’rur bo’lmas,
Dunyo tefib, raqsi samo’ urdi do’stlar…

* * *

Ahmad raqsi samo’ni boshqarib turgan, oppoq xirqa kiygan nuroniy chol Shayx Ismoil Qasriy ekanini angladi. Uning samo’ davrasidan chiqib supa tomon kelayotganini ko’rgan Ahmad o’rnidan turishga urindi, biroq majolsizlikdan boshi aylanib, yana to’shakka ag’darilib tushdi. Shayx Qasriy xasta yigitning isitmadan qalt-qalt titrayotganini bir muddat kuzatib turdi-da, so’radi:
— Bu darddan qutulishni istaysanmi?

Ahmad zo’rg’a tilini aylantirdi:
— Ha!..

Shayx Qasriy ikki qo’li bilan Ahmadning qo’ltig’idan ko’tarib samo’ davrasiga olib kirdi va bir necha bor charx aylantirgach, xonaqoh devoriga tayab qo’ydi. Ahmadning boshi gir-gir aylanardi. U “Hozir… mana hozir ag’darilib tushaman”, deb qo’rqar va vujudidagi bor kuchini kuragiga to’rlab devorga tayanib turardi. Baribir o’zidan ketib qolganini sezmay qoldi. Ko’zin ochganda, o’z to’shagida yotar, xastalikdan alomat ham qolmagan, onadan qayta tug’ilgandek soppa-sog’ edi. Ko’nglida Shayx Qasriyga irodat paydo bo’ldi.

Tongda Shayx huzuriga kirib, uning itoatiga kirmoqqa ijozat tiladi. Bir necha oy ustozi panohida suluk bilan mashg’ul bo’ldi. Ammo juma oqshomlari bo’ladigan samo’ paytida o’z hujrasiga kirib ketardi. Bu boshqa as’hoblarga ma’qul kelmadi, shekilli, bir kun shayxga shikoyat qilishib, “Yangi shogirdingiz zikr aytishda sizga mutobaat qiladi, samo’da bo’lishni istamaydi”, — deyishdi. Keksa shayx ularning bu shikoyatini eshitarkan, biror ranjish alomati zohir etmadi. U o’zidan javob kutib turgan as’hoblaridan so’radi:

— Tariqat Olloh Taoloni tanish ilmidur, deb sizga o’rgatganim chinmu?
— Chin! – deyishdi baravariga as’hoblar.

— Bo’lmasa, so’zimni quvvai hofizangizga yaxshilab quyib olingiz: Olloh Taoloni kim qanday tanisa, kim qanday yo’l tutsa, uning inon-ixtiyoridur. Men uni samo’da ishtirok qilishga ko’ndirishim, hatto majburlashim mumkin. Illo, u mening itoatimdadur. Ammo har ikki yo’l ham zolimlikdur, zolimlik esa tariqatga mutlaq yot narsadur…

As’hoblar jim chiqib ketdilar. Shayx Qasriy o’yga botdi. Koshki bular yosh shogirdining azamatidan ogoh bo’lsalar! O’sha xasta yotgan Ahmadni qo’ltig’idan ko’tarib samo’ davrasiga olib kirgan kechasi Shayx Qasriy tonggacha ko’z yumolmaganini ular biladilarmi?! Hozir ham ba’zan ko’zlari Ahmadning ko’zlariga to’qnashsa, xonaqohga sig’may qolgandek, bir g’alati ahvolga tushishidan ular xabardormi? Shayx Qasriy kun kelib, Ahmadning bu ro’zg’or muqtadosi bo’lishini aytsa, ular ishonarmikanlar?

Vaqt o’tib, shayxning yangi muridiga bo’lgan mehri bejiz emasligini ahli as’hob ham angladi. Illo, Ahmadning azamati kundan-kun ortib borayotganini ular ham ko’rib turardilar. Bir kuni tonggacha cho’zilgan majlisda o’ziga xos voqea yuz berdi. As’hoblar kimdan-kim murshid bilan solik o’rtasida kechgan eng hikmatli savol-javobni aytib berish bobida bahs qildilar. Ana shunda Ahmad sulukdagi tarbiyati Sulton al-orifin ruhoniyatidan bo’lmish Shayx Abulhasan Haraqoniy bilan uning bir as’hobi o’rtasida bo’lgan suhbatni hikoya qilib berib, hammani lol etdi:

“Shayx Abulhasan Haraqoniy bir kun as’hobidan so’radikim: “Barcha narsadan yaxshi narsa nimadur?” As’hobi aytdikim: “O’zingiz ayting”. Shayx aytdikim: “Ul ko’ngildurkim, unda Ollohning yodidan o’zga narsa bo’lmasa”.

As’hob undan yana “So’fiy kimdur?” deb so’radi.

U aytdiki: “Kishi muraqqa’ va sajjoda bilan so’fiy bo’lmag’ay va rusumu odat bilan ham so’fiy bo’lmag’ay. So’fiy bir kundurki, quyoshga ehtiyoji bo’lmag’ay va bir kechadurki, oyga ehtiyoji bo’lmag’ay va bir yo’qlikdurki; borliqqa ehtiyoji bo’lmag’ay”.

As’hob so’radikim: “Kishi nedan bilgayki, uyg’oqdur?”

Shayx dedi: “Andin bilsa bo’larkim, chun Haqni yod qilsa, farqidan qadamig’acha xabardor bo’lg’ay, illo uyg’oq bo’lg’ay”.

Yana so’rdilarki: “Sidq nedur?”

Dedikim: “Sidq uldurki, ko’ngil so’z aytg’ay, ya’ni ko’ngildagi so’z aytilsa sidqdur”.

Yana so’radilarki: “Ixlos nedur?”

Javob qildikim: “Tangri uchun har ne qilsang, o’sha ixlosdur va xalq uchun har ne qilsang riyodur”.

Undan so’radilarkim: “Fano va baqoda so’z aytmoq kimga muyassar bo’lg’ay?”

Dedi: “Ul kishigaki, uni osmondan bir ingichka ipak ip bilan ossalar va binolarni, daraxtlarni qo’poradigan va daryolarni anboshta qiladigan kuchli bo’ron bo’lsa ham, o’sha kishini tebrata olmag’ay…”

Yana aytibdurkim: “Shunday bir anduh, tilangkim, ko’z suvi hosil bo’lsin, illo Tangri yig’laganlarni suyar”.

Yana aytibdurkim: “Kishi Qur’on o’qisayu g’ayrni tilasa, undan surud etib, Haqni tilagani yaxshiroqdur”.

As’hob so’radikim: “Rasul vorisi kimdur?”

Shayx aytdikim: “Rasul vorisi uldurki, aning fe’lig’a iqtido qilg’ay. Ul kishi emaski, qog’oz yuzin qaro qilg’ay”.

As’hob aytdikim: “Shibliy debturki, tilaymanki, tilamagayman”.

Shayx izoh qildikim: “Bu ham tilamakdur. Mana qirq yildurki, bir vaqtda men va Tangri ko’nglumga boqar va o’zidan o’zga ko’rmas. Qirq yildurkim, nafsim bir ichguga sovuq suv va achchiq mastoba tilar. Hanuz anga bermaydurmen”.

Yana nasihat qilibdurkim: “Ulamo va ibod dunyoda ko’pdur, sen andin bo’lmoq keraksenki, kunduzni kechag’acha, kechani kunduzg’acha kelturgaysen: Shundoqki, Haq quvongay”.
Yana aytibdurkim: “Yorug’roq ko’ngul uldurki, anda xalq bo’lmag’ay va ishingning yaxshirog’i uldurki, anda maxluq andishasi bo’lmag’ay va halol ne’mat uldurki, kasbing bila bo’lg’ay va rafiqlaring yaxshirog’i uldurki,
zindagonligi Haq bila bo’lg’ay”.

Mana shunday qizg’in majlislaru kecha-kunduzlik riyozat bilan kunlar, oylar va yillar o’tdi. Vaqt o’tgan sayin Ahmad ortiq bu dargohda u topadigan ilm qolmaganini sezar, ammo irodatdan chiqmoqqa imkon topolmasdi. Uning bu ahvolidan Shayx Ismoil yaxshi xabardor edi. Bir kuni u as’hoblarini jamlab, Ahmadni qoshiga chorlatdi. Hujraga kirib cho’kkalashi bilan Shayx g’amgin shivirladi:

— Sen ilmi botindan xabardor bo’lding, ilmi zohiring ersa, mendan-da ziyoda bo’ldi. Sen endi xirqayi irodatni kiyishga loyiqsan, — Shayx o’rnidan turganini ko’rib, Ahmad ham qo’zg’aldi. Ustozi tokchada turgan xirqayi irodatni oldi va Ahmadga kiydirdi. O’rniga qaytib o’tirarkan yana o’shanday g’amgin shivirladi:
— Endi o’rningdan qo’zg’alu, Shayx Ammor huzuriga shoshil. U seni kutmoqda.

Ahmad hayratdan qotib qoldi. Ichidagi yashirin bu dargohni tark etish istagi bir lahzada qaygadir chekindi, ustoziga bo’lgan shafqat tuyg’ulari junbushga keldi.

— Yo’q, yo’q, Ahmad, men sening shafqatingga zor emasman. Qo’zg’al-da, yo’lga tush. Bu mening amri ma’rufimdir, — dedi shayx Qasriy qatxiyat bilan.

Ahmad otlanib, Shayx Ammor Yosir al-Bidlisiy huzuriga bordi, uning xizmatiga kirdi. Ammo vaqt o’tib, ko’nglida “Bu dargohda ham men oladigan ilm qolmadi” deb da’vo qildi. Karomatining qudrati bilan shogirdining ko’nglidan kechgan gapdan xabar topgan Shayx Ammor uni qoshiga chaqirib, Misrga – Shayx Ro’zbehoni Kabir huzuriga borishga amri ma’ruf qildi.

— Shayx Ro’zbehon az-Vazzan al-Misriy bilan bir paytlar hazrati Shayx So’hravardiy qo’lida barobar ta’lim olganmiz, — dedi Shayx Ammor Ahmadni yo’lga otlantirarkan. – U Misrga, biz-da Shayx al-Qasriy ikkovlon Fors mulkiga qaytdik. Shoshil-da, ul Sulton ul-ulamo va Qudvai ushshoq huzuriga yet, illo u ko’nglingdagi xastalikni mushti bilan boshingdan chiqargay…

Ahmad bu so’zlarni eshitar ekan, Misrdan qaytish arafasida Shayx Ro’zbehoni Kabir qilgan karomatni esladi: “Ko’p yo’llar yurgaysan, ko’p manzillarda bo’lgaysan, ammo oqibat bu yo’llarning bari seni mening dargohimga olib qaytgaydir”.

Va xayolan ko’z o’ngida naqshin darvozaning yon tabaqasi ochilib, bir qizaloq ichkaridan mo’raladi. Ahmad bir juft quralay ko’zlarni ko’rdi…

Bu o’rinda xirqa xususida qisqacha so’zlab o’tsak. Tasavvufga oid lug’atlarda xirqaga “yamoqli libos”, “turli matolar parchalari bir-biriga ulanib tikilgan libos”, “darveshlarning zikr qilish paytida kiyiladigan kiyimidir”, deb ta’rif beriladi.

Husayn Voiz Koshifiy yozadi: “Bilingkim, darveshlar shiori marka’ va xirqa kiymoqdur”.

Agar so’rasalarkim: “Xirqaning ma’nisi nima?” Aytginki: “Lug’at jihatidan xirqa deb to’n yoki jomaning bir parchasini ayturlar va istiloh etib, faqr ahli kiyadigan yamog’i bor libosni ham shunday ataydilar va ularning aksari liboslari eski, yamoqdor bo’lib, ularni xirqa deydilar.

Agar so’rasalarki, xirqani nimadan oldilar; aytginkim, “xarak”dan va “xarak” ma’nosi “pora-pora qilmoq” erur. Yana aytadilarki, bu nom “xarak”dan olingan va u “biyobon”dirki, libos egasi ishqning hududsiz dashtini va mujohidat biyobonini riyozat qadami birla o’tib boradigan yo’lchidir. Yana aytadilarki, “xirk”dan olingandir va bu saxovatli mard kishi demakdir”.

Biror murid muayyan bosqichni o’tab bo’lgach va hozirlik to’xtamidan keyin tariqatga doxil yoki shayxga loyiq ko’rilsa, xonaqohda o’tkazilgan marosimda unga xirqa kiydirilgan. Xirqalarning bir necha xili mavjud bo’lgan. Chunonchi:

1. Xirqai tavba. Gunohlaridan tavba etgan va nafsiga hokim bo’lmoqni azm etgan toliblarga kiydirilgan. Ammo bunday xirqa kiygan tolib hali pirga mansub sanalmagan.
2. Xirqai irodat – muridlik xirqasidir. Bu xirqani kiygan toib murid sanalib, sulukka mansub hisoblangan.
3. Xirqai tabarruk – faxriy xirqa sanalib, muayayn shayxdan xirqai irodatni kiygan boshqa bir shayxdan xirqai tabarruk qabul qilishi mumkin bo’lgan.
4. Xirqai valoyat – muridlari benazir bo’lgan pirlar kiygan xirqa.

Xirqaning rangi qora, moviy va oq bo’lgan. Tariqatga yangi kirganlar qora, muayyan bir darajaga erishganlar moviy, sulukni tamomlaganlar oq xirqa kiyishgan (Sayfiddin Boxarziy, “Avrod ul-ahbob”).
Bizning qahramonimizga xirqai tavbani Bobo Faraj, xirqai irodatni Shayx Ismoil Qasriy kiydirganini bildik. Xirqai tabarrukni kimdan qabul qilganini esa voqealar rivojidan bilib olasiz.

* * *

Ahmad yo’lga tushib, to’rt oy deganda Misrga yetdi. Uzoq yo’l bosib, ko’p mashaqqat chekkan yigit yo’l changini qoqa-qoqa Shayx Ro’zbehon xonaqohi ostonasiga yetganda nechanchi marta Shayx Ammorni “ko’nglingdagi kasaligingni mushti bilan boshingdan daf etgay” deganini eslab to’xtab qoldi. Baribir bu gal ham u bu gapning mag’zini chaqolmadi.

Ammo bilimga tashnalik g’oliblik qildi, u “YO bismilloh! deya ostonaga hatlab ichkari kirdi. Shuncha vaqt o’tsayam, xonaqoh, o’zgarmagan, hayot bir maromda davom etardi. Muridlar hujralarda muroqaba’ bilan band. Atrof suv quygandek tinch. Ahmad bir chekkada kitob varaqlab o’tirgan muriddan Shayx Ro’zbehonni surishtirdi. Murid:

— Shayxi Kabir vuzu qilg’ali tashqari chiqibturlar, — dedi va shayx vuzu qilayotgan tomonni ko’rsatandek, boshi bilan xonaqoh burchagidagi naqshinkor eshikni ko’rsatdi. Ahmad borib eshikni ochsa, u mo»jaz bir bog’chaga chiqar ekan. Bog’cha o’rtasidagi kichkina hovuz yuzida aks etgan quyosh yog’dusi uning ko’zlarini qamashtirib qo’ydi. U o’zini soyaga olib, bog’chani ko’zdan kechira boshladi. Nihoyat, bir panada tahorat olayotgan qariyani ko’rdi. Bir necha yil avval ko’rgan Shayx Ro’zbehon mana shu qiltiriq va zaif chol ekanligiga dastlab ishongisi kelmadi. Ammo hovlida boshqa hech kim ko’rinmasdi. Nihoyat diqqat bilan qarab o’sha ilk uchrashuvda xotirasida qolgan tanish alomatlarni ko’rgandek bo’ldi. Ha, chol u shuncha yo’llar va yillar izlab kelgan Shayx Ro’zbehon edi.

U shayxni kutar ekan, uning tahorat olishini kuzatib hayratga tushdi. Chol juda oz suv bilan vuzu qilar ediki, Ahmadning ko’nglidan “Bu shervai joiz emas-ku!” – degan o’y o’tdi. Hatto fikrida inkor zohir bo’lib, ortiga qaytish fikri tug’ildi. Ammo o’rnidan qo’zg’almadi, qandaydir og’ir bir kuch uni qimirlashga yo’l bermadi.

Shu payt keksa shayx vuzuni tamom qilib, o’rnidan turdi va shoshmasdan unga yaqinlashib keldi-da, to’satdan ikki ho’l qo’lini Ahmad yuziga silkidi. Suv tomchilari salom berishga hozirlangan yigitning yuzini kuydirgandek bo’ldi, ko’ngli birdan bexud bo’ldi. Ammo shayx indamay xonaqohga kirib ketganini ko’rib unga ergashishga majbur bo’ldi. Ergashdi emas, boyagina uni mixlagandek qimirlashga imkon bermagan kuch, uni shayx ortidan ergashishga majbur qildi, bu kuchga monelik qilishga imkonsiz – ko’ngli bexud edi.

Shayx o’z hujrasiga kirgach ham Ahmadga qayrilib qaramadi, indamay shukri vuzu – namoz bilan mashg’ul bo’ldi. Ahmad esa poygakda turgancha, uning turishini, unga salomu ta’zim bajo keltirishni istab muntazir turib qoldi. Shu joyda o’tirarkan, birdan ko’zdan g’oyib bo’ldi.

U qiyomat qoyimni ko’rdi. Quyosh o’ralib qolgan… Yulduzlar o’z falaklaridan to’kilgan. Osmon yer ustidan sidirib olingan. O’z o’rnidan jildirilgan tog’lar nursiz bo’shliqda bulutlar kabi suzib yuribdi. Do’zax o’ti lovillab yonar, mahluqlar odamlarni tutib, bu o’tga tashlaydilar…

Uzoqda bir tepa ko’rdi. Tepaning ustida bir odam hassaga tayanib turar… Mahluqlar tutib olgan odamlar tepada turgan odamni ko’rsatib: “Men anga mutaallaqdurman”, — desalar ularni otashga otmas edilar…

Nogoh uni tutdilar, qo’llarini buradilar, oyoqlariga tushov soldilar. U qo’rqib ketdi, yig’ladi, yolvordi. Quloq solmay o’t tomon sudrab ketdilar. Birdan tepaga turgan odamni ko’rsatib jon-jahdi bilan baqirdi: “Men anga mutaallaqdurman!”

Qo’llarini bo’shatdilar, oyoqlarini tushovdan xalos etdilar. U, qo’rquv so’nmagan vujudi qalt-qalt titrab, tepaga qarab o’rladi. Yaqin borib ko’rdiki, ul odam Shayx Ro’zbehon ekan. O’zini uning oyog’i ostiga tashladi, oyoqlariga boshini qo’ydi. Shu payt shayx qo’lini ko’tarib, uning bo’yniga bir musht tushirdi. Shunday quvvat bilan urdiki, yigit yuztuban ag’darilib tushdi. Ahmad Shayx Ammor so’zini esladi: “Xastaligingni musht ila boshingdan daf qilg’ay!” Boshini ko’tararkan, shayxning so’zini eshitdi: “Illo, Haq ahlig’a inkor qilma!”

Ahmad yana ko’zdan g’oyib bo’ldi…

Shayx namozni tugatib, salomini berayotgani qulog’iga kirdi-yu, o’ziga qaytdi. Qariyaning o’rnidan turganini ko’rib, salom berdi va o’zini uning oyog’i ostiga tashladi. G’oyibdagi voqea takrorlandi. Shayx o’zining zaif gavdasiga mos kelmagan kuch bilan uning bo’yniga bir musht tushirdi-da, so’z qotdi:
— Illo, Haq ahlig’a inkor qilma!

Shundan so’ng, shayx o’z yoniga o’tqazib, ancha vaqt gap boshlamay, uni kuzatdi. Shu payt Ahmad sezdiki, shayx uni tasorif qilmoqchi va boyagi g’alabasini yana kuchaytirmoqchi. Bu gal Ahmad botinini mahkam tutdi. Buni sezgan shayx o’z amalini yana ham kuchaytirdi. Ahmadning vujudi qora terga botdi, peshonasidan oqayotgan ter ko’zlarini achishtirdi, ammo boyagidek taassurlanmadi. Shayx amalini to’xtatib, og’iz ochdi:

— Boya mening ustingdan g’alaba qilganim, sening nohaqliging tufaylidur. Nohaqni Ollohni qo’llamaydi. – Shayx Ro’zbehon yuzida tabassum jilvalandi. – Esingdamu, ilmga tashnaliging
o’zingni anglamoq ishtiyoqidandur, deganim. Bu yergayam meni emas, o’zingni izlab kelding. Illo, men senman, aksincha emas. Aksincha bo’lganida sen shuncha yo’l bosib mening dargohimga kelmas eding. Men sening ruhingman, sen esa mening vujudimsan. Bu yerda qaytganingda, ruhing ham, vujuding ham Haq bila bo’lg’ay…

Ahmad uzoq yillar sidqidillik bilan Shayx Ro’zbehon xizmatini qildi. Kunlarni oylarga, yillarga ulab botiniy ilmlar bilan mashg’ul bo’ldi, xizmat davomida bir necha marta chillada o’tirdi.
Valiylik maqomi baland, har bir inson ko’ngil oynasida yalt etgan da’vo-yu, tilakdan xabardor Shayx Ro’zbehon muddat o’tib, Ahmad ko’nglida unga notanish bir tilak, noayon bir tuyg’u sahrodagi sarob yanglig’ goh paydo bo’lib, goh qaytadan yana paydo bo’lishi uchun g’oyib bo’layotganini seza boshladi.

Ahmad ko’nglidagi o’zgarishlar sababi bir qiz edi. Uning quralay ko’zlari edi. Ahmad ismini bilmagan qiz chehrasini unutishga urinar, ammo qancha urinmasin, bu chehra kun o’tgan sayin xiralashish o’rniga, go’zallashib borardi.

U har gal eslasa, naqshin darvozaning yon tabaqasi ochilib, Ahmad bir juft quralay ko’zlarni ko’radi.

Ha, bu qiz o’sha necha yillar burun ko’rgan qizaloq edi. Atirgul g’unchasi ochilib, tengsiz husn kasb etgan edi. U halovatini yo’qotdi. Kechalari borliq jimjitlik va zulmat chodiriga o’rangan chog’ida Ahmad xonaqohdan chiqib o’sha hovli tomonlarga tikiladi va har gal chekkadagi darichada ojizgina bir shu’la miltirab turganini ko’radi. Yana esiga o’sha quralay ko’zlar tushib, yuragi cho’g’ tekkanday “jaz” etadi. Quralay ko’zli qiz otasi darsxonasida ta’lim olgan, padariga tegishli ko’p risolalarni oqqa ko’chiruvchi husnixatli muslima edi. So’nggi paytlarda Ahmad bu risolalarning mazmuniga emas, bir ipga tizilgandek bejirim xat san’atiga tikilib mahliyo bo’ladi. Bu husnixat egasini yana bir ko’rmoq, uning quralay ko’zlari nuriga qizigan yuragini tutib, bir lahzagina ko’ngil iztiroblarini unutmoq nasib bo’lurmi, yo’qmi?..

Ahmad beadoq tunlarni, iztirobli kunlarni va yolg’izliklarni goh Olloh taolo ishqi, goh quralay ko’zli qiz dardini chekib qisqartirar, vujudini ikki o’t ichida yoqardi. U qaerga borsa, o’zi bilan olib yuradigan kitobi – Xoja Shams Abdulloh Ansoriyning “Munojot”ini qayta-qayta varaqlaydi, o’z ko’nglini foniy dunyo muhabbatidan forig’ etib, uni oliy ish sharori bilan to’ldirishga urinadi, injudek bebaho misralarni pichirlab o’qiydi:

Ey aziz, ayt, kim bilur, ishq ne, oshiq kim erur?
Ul bu yo’ldagi mard erur, dili to’la dard erur…
Oshiq ersa qo’rqmas bo’lur, xavf-xatarni bilmas bo’lur!
Odamiy ishq xorlik erur, na nomi bor na nangi bor, na sulhi bor, na jangi bor?
Ishq dard erur, davosi yo’q va ishq ishin da’vosi yo’q.
Ishq boshida ko’pdur balo va balo yetsa agar, hech qilmag’ay raddi balo.
Oshiq ham o’t, ham suv erur, ham zulmatu ham nur erur,
Ishq osudalik boisidur, ishq xaroblik joizidur…
Oshiq oldida yuz xatar, yo’lida ming bir balo.
Bu yo’lda Ya’qub yig’lar, Majnun qilar vovaylo,
YO hamdardi yo’q so’zlar borar, yo qonolud ko’zlar borar…
Oshiq dili g’ashsiz erur, siynasida shavqu surur.
Oshiq dili sher yashagan go’sha erur, jonidan to’ygan odam ul go’shaga qo’rqmay kirur.
Ishq dardini naql etmoq xatodur, muhabbatdan shikoyat noravodur…
Kimki ishqdan nur ipini to’qidi, aytginkim, saodat kitobin o’qidi…

Shayx Ro’zbehon uning holatini angladi. Bu foniy muhabbat g’ofillik ekanini, “har nimarsaki, bevafodur, — muhabbat qo’yishga noravodur” – deb aytmoqchi bo’ldi, ammo niyatidan qaytdi. Illo Shayx ul-rais aytganidek, insoniy muhabbat – go’zal chehrani ezgulik yo’lida ma’naviy tuyg’u bilan sevishdirki, bu kamolotga intilishning bir bosqichidir.

Ahmadni huzuriga chorlagan Shayx Ro’zbehon xayolga botgancha, tasbeh o’girib o’tirardi. Ahmadning salomini eshitib, alik oldi va bir muddat shogirdiga tikilib qoldi. Ahmad boshini egib o’tiraverdi. O’rtada cho’kkan jimlik uzoq cho’zildi. Nihoyat, shayx so’nggi tasbeh donasini sanovdan o’tkazdi-yu, gap boshladi:

— Mening bir qizim borkim, yaqinda u balog’atga yetdi va men uni sening nikohingga kiritmoqchiman.

Ahmadning ichida bir nima yalt etib yongandek, vujudidan mador ketgandek bo’lib, nima deb javob berishni, aniqrog’i, qanday tarzda gap boshlashni bilmadi.

— Menda molu-dunyodan hech narsa yo’qdur, bor narsalarimni o’zlari ko’rib turibdilar, — dedi u birozdan so’ng boshini ko’tarolmay.
— Sening sarmoyang ko’nglingdur! – dedi Shayx Ro’zbehon Kabir va shogirdi ruhini Olloh Taoloning o’zi muqarrar etganligini aytib, undan rizolik tiladi. Ahmad qizarib-bo’zarib rozi ekanini aytdi.

Oradan ko’p o’tmay nikoh o’qildi. Ahmad shu paytgacha ismini bilmagan, ammo vaslini izlagan qizga yetishdi. U nikoh kechasi ilk daf’a qo’lini ushlashga musharraf bo’lgan bu ojiza unga ikki o’g’il tug’ib berishini, ammo ularning yigitlik ayyomini ko’rmay juda erta olamdan o’tishini bilmas, ko’ngli aldoqchi dunyodagi yor ishqi bilan munavvar va masrur edi…

Shayx Ro’zbehon qizini Ahmadga uzatgandan so’ng nima uchundir shogirdini boshqa muridlarga nisbatan qattiq tutdi. Ahmad esa bunday munosabatni o’ziga bo’lgan ayricha mehr alomati deb bildi. Shu sababdanmi, u shayx nima ishga buyurmasin, bosh tortmay ado etdi. Kechasi esa shayxdan ilmi asrorning eng murakkab unsurlarini o’rgandi. Yil o’tmay, farzandlik bo’ldi – xotini o’g’il tug’ib berdi.

Ammo kunlar o’tgani vaqt o’tgani emas, umr o’tgani ekan. Shayx Ro’zbehon o’z umri nihoyasiga yetayotganini angladi. U o’sha so’nggi nafas oni yaqinlashayotganini sezar, shu sababdan bo’lsa kerak, shogirdlarini riyozat bilan ko’proq va qunt bilan shug’ullanishga da’vat qilar edi. Shayx bir majlisda Ahmadni imtihondan o’tkazdi – shariat qonunlari, hadis talqinlari, ilmu nujum va ilmi tibga doir muammolarga ulab tasavvuf hikmatiga oid savollarni ketma-ket beraverdi. Ayniqsa, ustoz so’fiylar aqidasiga muvofiq ma’naviyat, ma’rifatning uch bosqichi: ilk ul – yaqin, ayn ul-yaqin, haq ul-yaqinga doir har bir unsurni qattiq surishtirdi. Illo, shayxning nazarida bu uch bosqich so’fiylikning asosi edi. Agar ilm ul-yaqinda odam ma’lumni aqliy dalil, hujjat keltirish bilan darak etsa, ayn ul-yaqin holatida bilib olingan, isyuotlangan ma’lumni mushohada etadi va nihoyat, uchinchi holat: haq ul-yaqinda haqiqatni darak etishga yetadi. Xususan “haqqul-yaqin” holati oriflar holatidir. Mana shu holatdan kelib chiqib aytish mumkinki, orif qalbining ma’rifati va u orqali ilohiy nur manbaining beqiyos go’zalligini idrok etishga faqat qalb va ruh qodirdir; aqliy mushohada, mantiqiy bilish yo’li bunga qobil emas. Bu holatga yetishish talabi tariqatga qadam qo’ygan odam uchun birinchi va eng jiddiy mushkulot ham edi, chunki aqlu-hush qudrati yetmaydigan narsaga ko’ngil mayli bilan erishish – ruhiy irodani qaytadan qurish, o’zini o’z vijdoni oldida javobgar hisoblab, qattiq nazorat ostiga olish, dunyodagi nafsni azoblovchi va yo’ldan ozdiruvchi ko’p xohish-istaklardan voz kechish demakdir. “Faqrnoma” risolasida Xoja Ahmad Yassaviy tilidan aytiladi: “Va yana so’fi “Ilm ul-yaqin” va “ayn ul-yaqin” maqomini tobqay va agar sir ko’zi birlan yuqori boqsa, Arshni ko’rgay va agar quyi boqsa, yetti tabaqai zaminni… ko’rgay va hech hijob bo’lmag’ay. Va agar “haq ul-yaqin” ko’zi birlan boqsa maxluqot va masnu’otdin kechib bechun va bechuna Haqni ko’rgay va ma’rifatda barcha kavnayni olamini ko’rgay, taniq turur beshak va beshubha”.

Hamma savollarga to’g’ri javob bergan Ahmad majlis oxirida xuddi ertadan-kechgacha hammollik qilgandek, qo’l-oyoqlari zirqirab og’riyotganini sezdi: illo, onadan tug’ilganidan buyon hali hech kim uni bundoq og’ir imtihon qilmagan edi.

Shogirdining javoblaridan mamnun bo’lgan Shayx Ro’zbehonning chehrasida sezilar-sezilmas tabassum zohir bo’ldi. Nihoyat, so’nggi savoliga javob olgach, u yoshiga va zaif jussasiga xos bo’lmagan g’ayrat bilan o’rnidan sakrab turdi-da, yosh yigit boshiga engashib peshonasidan o’pdi va oshiqib-toshiqib gapirdi:

— Ikki olam sarvariga hamdu shukronakim, ilmi iymon, ilmi zohiru ilmi botinda barkamolsan! Bizning xirqamizni kiyishga munosibsan! Endi sen Najmiddin – islom osmonida porlagan yangi yulduzsan! – Shayx shunday degach, yana o’z o’rnini egalladi va birdan hech nima sodir bo’lmagandek, odatdagi shivirlab gapirishiga o’tdi:

— Ammo umidimiz ulkim, sen erta tongda yana Fors mulkiga qaytg’aysan va yana Shayx Ammor ilkini tutg’aysan, toki seni bizning dargohimizga yo’llagan ustozing senga: amri ma’rufimizni aytadi…

O’sha majlisda Shayx Ro’zbehon tanidagi xirqani chiqarib Najmiddin laqabiga erishgan Ahmadga kiydirdi. Najmiddin xirqai tabarruk egasi bo’ldi.

Tong otishi bilan qo’ynida Shayx Ro’zbehonning Shayx Ammorga bitgan maktubini yashirgan Najmiddin bir yashar bolasini ko’tarib olgan xotini bilan Bag’dod tomonga ketayotgan karvonga qo’shildi,

Bag’dodda boshqa karvonga qo’shilib Sherozga yetdilar. Misrni tark etayotganda emaklab yuradigan o’g’li manzilga yetganda, ota-onasining ko’zini quvnatib, qadam tashlaydigan bo’lib qolgan edi. Vaqt emas, umr o’tardi…

Ana shu qaytishda karvon to’xtaydigan manzillarning birida Najmiddin Hazrati Rasululloh (s.a.v.)ni tush ko’rdi. Tushida u Rasululloh (s.a.v.)dan o’ziga kuniyat baxshida etishni tiladi.
Janobi
Rasululloh (s.a.v.): “Kuniyating Abuljanobdir”, — dedilar.

U: “Bu juda yengil va qisqa kuniyat-ku?!” – dedi.

Shunda Rasululloh (s.a.v.) aytdilarki: “Ammo shiddatlidur!”

* * *

Shayx Ammor unga xonaqohdan peshvoz chiqib keldi. Ular quchoqlashib, bir-birlarini qayta-qayta bag’irlariga bosib, uzoq turib qolishdi: xushsurat, mahzun ko’zlari quvongan murid va xira tortgan, ammo dardga to’la ko’zlari yoshlangan murshid…

Shayx Ammor Najmiddinni izzat-ikrom bilan xonaqohga boshladi, xizmatini o’tab yurgan muridlari bilan tanishtirdi. O’tirar-o’tirmas Najmiddin Shayx Ro’zbehon maktubini ehtirom bilan egasiga topshirdi. Maktubni olgan shayx muhrni buzib, qog’ozni yoruqqa tutib ko’zlariga yaqinlashtirdi. O’sha zahoti Najmiddin bir paytlar bu dargohda sulukka mashg’ul bo’lib yurganida bo’lib o’tgan voqeani esladi.

Shayx Qasriy amri bilan Shayx Ammor huzuriga kelganida tez orada u ustozining ko’zlari uncha-muncha emas, juda xira tortib qolganini sezib qoldi. Kunlardan bir kun mazandaronlik murid mashg’ulot chog’ida Shayx Ammor oldidagi lavhga kitobni teskari qo’yayotganini saboqdoshlariga imo-ishora bilan ko’rsatdi-yu, yuzida sovuq jilmayish bilan o’rnini egalladi. Hamma nima bo’lishini kuta boshadi. Kitob Hujjat ul-islom Muhammad ibn Muhammad G’azzoliyning “Ih’yo ul-ulum” asari edi. Shogirdining sovuq hazilidan bexabar murshid hech nimani sezmasdan kitobga egildi va …kechagi kelib to’xtalgan nuqtadan yangi satrni davom etib, izohlay boshladi. Bechora hazilkash murid Shayx Ammor bu kitobni yoddan o’qishini, kitobni esa shogirdlar nazarida turishi uchungina lavhga qo’yishini bilmasdi. Birdan hamma ayb ish ustida qo’lga tushgandek mulzam bo’lib boshlarini egdilar. Mana shu voqea sabab bo’ldi-yu, do’stlari orasida yakkamoxov bo’lib qolgan mazandaronlik murid yashirincha xonaqohni tark etishga majbur bo’ldi.

Bo’lgan voqeadan xabar topgan Shayx Ammor shogirdlarini qattiq koyidi:
— Bo’talarim, ilm istagan shogird yaxshilik bilan yomonlik o’rtasida bo’lg’ay, siz-da uni yomonlikka otibsiz, shuni bilingkim, yo’l qo’yilgan gunohdan emas, qilinmagan gunohdan qo’rqish kerak. Siz uning nima qilib qo’yganini bilasiz, ammo bu dargohni – ilmu ma’rifat dargohini tark etib, nimalar qilishiga qodirligini bilmaysiz.

Ul darveshlik istabdimi, hatto eng past maqomga erishsa-da, olomondan va bozor ahlidan mumtozroq bo’lishi bilan qadrlidur. Vaqt kimyodur, demishlar Piri Ansoriy, yillar o’tib, ul sovuq qiliqlaridan qutulardi, endi esa uning gunohlarining azobi sizu-bizga mustahiq bo’lajak…

Shayx Ammor o’shanda to’rt tarafga odam yuborib, o’sha yigitni qidirdi va topib, bir og’iz dashnom aytmay, yana o’z dargohiga qabul etdi. Keyin nima bo’ldi, Najmiddinga noayon – u Shayx Ro’zbehon huzuriga otlangan edi…

Maktubni yoruqqa tutib o’qir ekan, Shayx Ammor ora-ora “Bale… Bale”, deganicha, boshini dast ko’tarib Najmiddinga ko’z tashlab qo’yardi. Nihoyat, o’qishni tugatib, maktubni chetga qo’ydi-da, yuzi yorishgancha gapirdi:
— Endi shogirdim emas, farzandimsan, birodarimsan! Bundan keyin isming mening ismim, kuning mening kunim, ko’ngling mening ko’nglimdur. O’liming ham mening o’limimdurki, ustozlar shogirdlar ila barobar o’lurlar…

Anglagankim, suluk muddati tugadi. Sen endi ona yurtingga – Xorazmga qaytmog’ing lozimdur. Illo, u yerning odamlari mushohada yo’llarini barqaror etguvchi rahbarga talabgor odamlardurlar. Borgin-da, ularni muntashir qil va tariqatni zohir etgilki, senga ergashsinlar, ularga murshid bo’l! Illo, bu nainki manim, — Shayx Ammor chetda turgan xatni qo’liga oldi. – Ushbu maktubda bitilganidek, Shayx Ro’zbehoni Kabirning ham farmoyishidur. Bu bizning senga so’nggi amri ma’rufimiz, bo’tam!..

Kuz kunlarining birida, tong qorong’usida yo’lga chiqqan karvon Nishopur yo’li orqali Xorazmga qarab otlandi. Karvonning boshida bo’yinlarida chiqayotgan quyoshdan yalt-yult etib tovlana boshlagan mis qo’ng’iroqlar osilgan, hali yo’l bosib toliqmagan nortuyalar shiddat bilan oldinga intilardilar. Qariyb chorak farsah masofaga cho’zilgan katta karvon ahli orasida xotini va o’g’lini soyabon aravaga o’tqazib, o’zi xachir minib borayotgan Najmiddin ham bor edi. Kechagina piri Shayx Ammor in’om etgan xachirni bir maromda yo’rg’alatib borayotgan qotma va xushqomat bu qirq yashar yigit xorazmliklarga xos cho’zinchoq chehrasiga yarashgan qalin qoshlarini chimirib, dam orqaga – yarim umri o’tgan, ustozu-do’stlari qolayotgan tomonlarga tikilar, dam oldinga – kuz nafasini keltiradigan, kun tug’iladigan, shu sababdan borgan sari alvonlashib borayotgan tomonlarga qadalib-qadalib qarardi. Ortida qandaydir juda aziz narsasini unutib qoldirgandek, go’yo qaytishga hozirlangandek, yuzida taraddud balqib turar, oldinga yurgan sayin nimadandir bezovtalanganga o’xshar, chuqur botgan o’ychan va mahzun ko’zlarida teran bir qayg’u va bu qayg’uning o’rnini tobora zabt etib olayotgan sezilar-sezilmas quvonch sezilib turardi.

Qizargan ufq tobora bo’zdek xiralashib, atrof quyosh yog’dusi bilan oqarib borar, yangi subhni qutlab nag’ma qilayotgan qushlar ovozi birpasda olamni tutdi. Najmiddin bu nag’malarni tinglab, ich-ichdan rohatlanar ekan, yo’llari necha o’n kunlab qush uchsa qanoti, odam o’tsa tovoni kuyadigan cheksiz-chegarasiz sahrodan o’tishini o’ylab, negadir xavotir tortdi va xachirini qichab, xotini va o’g’li borayotgan aravaga yaqinlashdi. Xotini arava pardasining bir chetini ko’tarib, mahzun jilmaydi:
— O’g’lingiz – qaerga ketyapmiz? – deb so’rayapti.

Bechora ayol o’zining tug’ilgan yurtidan tobora uzoqlasharkan, ko’nglida kechayotgan iztiroblar izohini suyukli farzandi bergan savolga beriladigan javobdan kutardi. Najmiddin bosh chayqab, miyig’ida kulimsirab qo’ydi-yu, xotiniga indamadi. Faqat ichida o’yladi: “Vatanga qaytyapmiz, o’g’lim, Vatanga!..” O’ylarkan, ko’zi o’ngida ustozlarining nuroniy chehralarini ko’rdi, xuddi hozirgina xayrlashgandek, peshonasida ularning lablarini, yuzida mayin soqollarini his etgandek bo’ldi. Qulog’i ostida ularning ovozlarini eshitdi.

Shayx al-Qasriy: “Bo’tam, darvesh xirqasi qanoat va chidam libosidir. Buni kiygan odam har bir zulmga sabr-toqat etmog’i kerak, aks holda darvesh libosini yechib tashlashga to’g’ri keladi”, — degandek bo’ldi…

Shayx Ammor aytdikim: “Oltin suvi bilan yozilgan xunuk xat bo’lishdan oddiy siyoh bilan yozilgan husnixat a’lo ekanini aslo unutma!”

Shayx Ro’zbehon odatdagidek mahzun shivirladi: “Husning tashqi qiyofangda emas, ko’nglingda aks etsin, bo’tam!..”

Davomi bor

043

(Tashriflar: umumiy 1 540, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ассалому алайкум,муҳтарам адиб!Сайтдаги мутолаа учун Раҳмат!1990-1992 йилда ёзилган ва 1998 йилда нашр бўлган,176 саҳифадан иборат маърифий характердаги ажойиб қиссангизни,адашмасам, уч марта ўқиб чиққанман.Биринчи марта устозимиз Иброғим Ғафуровнинг «Нажмиддин Кубронинг ити»номли мансуралари билан қиёслаб мутолаа қилганман,иккинчи марта Муҳаммад Шайбоний ижодини шогирдларимга ўтадиган дарсга таёрланишим жараёнида унинг улуғ Куброга бағишлаб ёзган «Шаҳи шуҳадо»(Шаҳидлар шоҳи)таърих-шеъри ва номининг қиссангизга адабий таъсирини тўлароқ англаш учун ўқиганман,шогирдларимга мустақил ўқиш дарсига ҳам тавсия қилганман, ўзим ва шогирдларим фойда топганмиз.Раҳмат!2013 йилда Жалолиддин Румий зиёратига алоҳида маърифий тайёргарлик кўрдим,яъни ҳазрат Навоий асарларидаги маълумотлар олти китобдан иборат «Маснавийи маънавий»ни(Жамол Камол таржимаси,Раҳмат таржима учун),Ибн Баттута «Саёҳатнома»си(таржима учун устозимиз, академик Неъматуллоҳ Иброҳимовга Раҳмат!),Радий Фиш ва Сизнинг ушбу қиссангизни ўқиб чиқдим.Хоразм ва Румий ҳамда Румий ҳазратларининг оталари Султонул Уламо Баҳоваддин Валад ва Нажмиддин Кубронинг устозу шогирдлик муносабатлари ҳақидаги тасаввуримга тасаввур қўшилди.Оллоҳнинг инояти билан Кўнияда бўлдим,Жалолиддин Румийни зиёрат қилдим,ўша дамда Истиқлолга, китобларга,муаллифларга шукрона билдирдим. Ҳозир, яна бир бор етмиш марота ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.ни тушида кўрган шаҳидлар шоҳини эслатган адибга ва сайтига РАҲМАТ!Дўстлар, маърифий қиссани мутолаа қилинг кўп фойда ва саломатлик топасиз.

Izoh qoldiring