1986 yil dekabrida Olmaotada ro’y bergan voqealarni eslab.

Ashampoo_Snap_2016.11.27_17h14m29s_003_.png Ўн йил бурун ушбу саҳифани тақдим этарканман, уни мана бу сўзлар билан бошлаган эканман: Бундан роппа-роса 30 йил аввал қардош Қозоғистон пойтахти Олмаота шаҳрида ёшларнинг совет тоталитаризмига қарши исёни бошланган эди. Бугун ўша кунларни эслаб, йиллар аввал ёзилган  ва сайтимизда эълон этилган мухтасар қайдларимни яна бир бор  тақдим этмоқдаман…

Хуршид ДАВРОН
1986 ЙИЛ ДЕКАБРИДА ОЛМАОТАДА
РЎЙ БЕРГАН ВОҚЕАЛАРНИ ЭСЛАБ…
2012 йилнинг 20 декабрида ёзилган

06

    Тун ярмидан ошган бир пайтда 1986 йилнинг 17-18 декабри кунлари Қозоғистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Олмаотада рўй берган воқеларни Тошкентда ёлғиз мен эслаётган бўлсам керак. Яна тарихий санага амал қилмай, икки-уч кун ўтгандан кейин эслаяпман. Чунки, бу воқеани мен ҳам фейсбукдаги даврадошларимдан бири Киямўғли Абдуллоҳ Вужесан (Kıyamoglu Abdullah Yücesan) ўз саҳифасига туркиялик олим Ўғуз Доған (Dr. Oğuz Doğan) нинг «Faşizme başkaldırı yahut Jeltoksan» сарлавҳали мақоласини қўйгани учун эсладим. Кейин айрим гапларни сизларга айтиб бериш истаги туғилди.
 
Мен бу ўринда Олмаота воқеаларини батафсил ҳикоя қилиб бермоқчи эмасман. Фақат қисқача айтадиган бўлсам, бу воқеалар СССРнинг ўша пайтдаги раҳбари Михаил Горбачёв томонидан Қозоғистонни жуда узоқ йиллар бошқариб келган атоқли қозоқ давлат арбоби Динмуҳаммад Қўнаевнинг ўз вазифасидан олиб ташлаши таъсирида Олмаота кўчалари ва майдонларига норози қозоқ ёшларининг чиқиши туфайли юзага келган эди. Горбачёвнинг ўзи эълон қилган «Ошкоралик» жараёни мамлакат аҳолисига,албатта,энг аввало,ёшларга ўз таъсирини кўрсатаётган пайтлар эди. Матбуотда долзарб мақолалар чиқа бошлаган,хуллас , чала тарзда бўлса-да, «совет демократияси» ўз натижаларини кўрсатаётган йиллар эди.
 
Айни ўша йиллари ўзбек ёшлари ҳам ижодда дадиллашган,ўзбек матбуоти ўткир мақолалар,тузумга зимдан қарши шеъру ҳикоялар эълон қилишда бир-бири билан,яхши маънода, «мусобақа» ўйнарди. Айни шу сабабдан 1984 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон коммунистлари пленумидан кейин партия раҳбарияти ёшларни яна эски ўзанга қайтаришга қаттиқ киришган эди.
 
Олма-Ота воқеалари империянинг зах босган деворларини зириллатиб юборди. Айни шу сабабдан карахт тузум анчадан бери ишлатилмай,занг босган зулмкор қиличини ишга солди. Қозоқ ёшларининг исёни аёвсиз бостирилгач,КПСС буйруғи билан мамлакатда уни қоралаш компанияси бошаланди. Барча республикалар қатори Ўзбекистон ҳам бу топшириқни бажаришга қаттиқ киришди. Бизда бу компанияга ўша пайтдаги Марказқўм котибаси Раъно Абдуллаева раҳбарлик қиларди. Манқурттабиат опа аслида бу курашни,яъни миллий хосликнинг ҳар қандай кўринишига қарши қилич кўтариб жанг бошлашни мансабда ўтирган биринчи соатдаёқ бошлаган эди. У энг аввало Наврўзни тиклашга уринган ўзбек адибларини, Андижонда Мирзо Бобурга ҳайкал ўрнатмоқчи бўлган одамларни «душман» деб эълон қилди. Областма-област юриб хотин-қизларнинг бошидаги рўмолларни юлиб олиш билан шуғулланар, мажлисларда «келажакда мусулмонлару насронийларнинг мозори битта бўлади» дея «башорат»лар қиларди. Опа, айниқса, унинг назарида, «ҳаддан ошган» ёш ўзбек адибларининг таъзирини бериб қўйишга қаттиқ бел боғлади, Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларини ўзига садоқатли одамлар билан алмаштирди, китобларимизни нашриётлар режасидан олиб ташлади ва деярли ҳар ҳафта бизни Марказқўмга чақириб, урус маданияти маҳаллий халқни одам қилгани ҳақида ваъз айтишни одат қилди. Навбатдаги ваъзхонликларнинг бирида,бизни совет тузумининг қадрига етмасликда айблаб, ақлимизни киритиш учун Максим Горькийнинг «Бўрон қуши» асарини ўқиб берган эди опа. Эсимда, «Бўрон қуши»ни эшитиб бўлгач,ташқарига чиқар эканмиз, кимдир (менимча,Зоҳир Аълам) «Кейинги сафар «Муму»ни ўқиб берса керак» деганида, ҳаммамиз бараварига қаҳқаҳлаб кулиб юборгандик.
 
Опанинг ва ундан катта раҳбар Нишоновнинг ўша пайтдаги фаолияти ҳақида бемалол тўхталиб ўтирмайман-да,айни ўша йилларда ёзган икки шеъримни эслатиб ўтаман:
 
ОПА
 
Опа, жаллод кундасида қон
Кўрмоқ учун бизларни сотдинг,
Қабрин бузиб неча эрларнинг,
Яна қайтиб кўксидан отдинг.
 
Унут, дединг, онанг тилини,
Ёт тил дединг, ёт элни дединг.
Оталарни тиз буктирай, деб
Болаларнинг дилини единг…
 
1985
 
* * *
 
Рафиқ бўлолмассан, дилинг сотарсан,
Нишон олмоқ учун элинг сотарсан.
Расул бўлолмассан, ғулом бўларсан,
Раъноман дейсану милтиқ отарсан.
 
1985
 
P.S. Бу шеърлар 1986 йилда «Муштум» журналида босилган эди. Мен билан Набижон Боқий суҳбатининг охирида.
 
***
 
Бутун империя бўйлаб Олмаота воқеаларини қоралаш бошланган кунлари Абдуллаева Москвадан ёш ўзбек ижодкорларининг «энг зўр»лари қозоқ ёшларининг сиёсий кўрликда айблаб ошкора хат билан матбуотга чиқсин, деган топшириқ олади. Ёш ижодкорларнинг «энг зўрлари» «Бўрон қуши»ни эшитиб кетганлар ичида эди. Ноилож, Абдуллаева улардан 4-5 кишини ҳузурига чақиришга мажбур бўлди. Ана шу чақирилганлар ичида мен ҳам бор эдим.
 
Опа ҳар биримиз билан жуда узоқ, бир соатдан ортиқ суҳбатлашди. Қозоқ ёшларига қарши ёзилган хатга имзо чекишимизни айтишдан олдин ҳар биримизга катта мансаблар ваъда қилинди, Москвада бирин-кетин китобларимиз чиқиши режалаштирилаётгани алоҳида таъкидланди,уй-жой шароитимизни яхшилаш нияти борлиги ҳам айтилди. Мен буни ўзим билан суҳбатдан хулоса қилиб айтяпман. Шахсан менга ўша пайтда Худойберди Тўхтабоев раҳбарлик қилган «Ёш куч» журнали бош муҳаррири лавозими ваъда қилинди. Аммо,опанинг гапларига кўнмагач (яъни хатга имзо чекишдан бош тортилгач), ваҳимали иддаолар айтилиб қўрқитилди,ўзбек адабиётидан бутунлай суриб ташланишимиз «ваъда» қилинди. Бугун фахр билан эслаб айтаманки,суҳбатга кирган бирон бир киши хатга имзо чекишга кўнмаган эди. Суҳбатдан кейин жўраларимдан бирининг гапини эсласам, ҳозир ҳам кулгим келади. У ўшанда тиржайиб «Опанинг оёғи чиройли экан!» деган эди . Табиийки бу гапдан кейин Абдуллаева унга қандай мансабни ваъда қилганини сўраш хаёлимга келмапти…
 
Ўша пайтда Олма-Ота воқеалари таъсирида 2-3 шеър қоралаган эканман. Уларни хотираларим билан қўшиб сизга тақдим этмоқдаман.
 
ДЕКАБРЬ ЎРТАСИ
(17-18.12.86)
 
Нега уфқ бунча қонталаш,
Унда эрк деб ким қилур талаш?
Унда кимнинг байроғи ёнур,
Даштда кезган ул қандай дупур?
 
Тикиламан – кўрмоқ бўламан,
Сафларида турмоқ бўламан.
Балки бир кун шундоқ жанггоҳда
Халқим билан бирга ўламан.
 
Совуқ қотган олма дарахтин
Қучоғимга оламан карахт –
Нега бунча титрайсан, иним,
Сен ҳам дардим сездингми, дарахт?!
 
Балки сен ҳам олисдан келган
Исён сасин турарсан туйиб,
Балки сен ҳам ноиложликдан
Бошинг эгиб турарсан куйиб.
 
Дилни эзар аллабирнарса,
Уфқ бағри,даштлар бағри қон:
Бобом айтган: «Уфқ қизарса –
Эрта,албат, бўлар чароғон».
 
1986
 
* * *
 
— Бу одамлар ҳасратга тўлиб,
Қандай ўйни суриб борурлар?
— Тонгни олиб келмоқчи бўлиб,
Тун қўйнида юриб борурлар…
 
— Бу одамлар юраги куйиб,
Қай манзилни излаб борурлар?
— Улар осон йўлларни қўйиб,
«Халқим» дея бўзлаб борурлар…
 
— Бу одамлар кўкси, бўғзидан,
Кўзларидан нега оқар қон?
— Бу одамлар тўккан қонлардан
Тун қўйнида кўкаргайдир тонг!
 
1986

52_big.jpg    O’n yil burun ushbu sahifani taqdim etarkanman, uni mana bu so’zlar bilan boshlagan ekanman: Bundan roppa-rosa 30 yil avval qardosh Qozog’iston poytaxti Olmaota shahrida yoshlarning sovet totalitarzmiga qarshi isyoni boshlangan edi. Bugun o’sha kunlarni eslab,  yillar avval yozilgan va saytimizda e’lon etilgan muxtasar qaydlarimni  yana bir bor taqdim etmoqdaman…

Xurshid DAVRON
1986 YIL DEKABRIDA OLMAOTADA
RO’Y BERGAN VOQEALARNI ESLAB…
2012 yilning 20 dekabrida yozilgan

06

006

Tun yarmidan oshgan bir paytda 1986 yilning 17-18 dekabri kunlari Qozog’istonning o’sha paytdagi poytaxti Olmaоtada ro’y bergan voqelarni Toshkentda yolg’iz men eslayotgan bo’lsam kerak. Yana tarixiy sanaga amal qilmay, ikki-uch kun o’tgandan keyin eslayapman. Chunki,bu voqeani men ham feysbukdagi davradoshlarimdan biri Kiyamo’g’li Abdulloh Vujesan (Kıyamoglu Abdullah Yücesan) o’z sahifasiga turkiyalik olim O’g’uz Dog’an (Dr. Oguz Dogan) ning «Faşizme başkaldırı yahut Jeltoksan» sarlavhali maqolasini qo’ygani uchun esladim. Keyin ayrim gaplarni sizlarga aytib berish istagi tug’ildi.
Men bu o’rinda Olmaota voqealarini batafsil hikoya qilib bermoqchi emasman. Faqat qisqacha aytadigan bo’lsam, bu voqealar SSSRning o’sha paytdagi rahbari Mixail Gorbachyov tomonidan Qozog’istonni juda uzoq yillar boshqarib kelgan atoqli qozoq davlat arbobi Dinmuhammad Qo’naevning o’z vazifasidan olib tashlashi ta’sirida Olma-Ota ko’chalari va maydonlariga norozi qozoq yoshlarining chiqishi tufayli yuzaga kelgan edi. Gorbachyovning o’zi e’lon qilgan «Oshkoralik» jarayoni mamlakat aholisiga,albatta,eng avvalo,yoshlarga o’z ta’sirini ko’rsatayotgan paytlar edi. Matbuotda dolzarb maqolalar chiqa boshlagan,xullas , chala tarzda bo’lsa-da, «sovet demokratiyasi» o’z natijalarini ko’rsatayotgan yillar edi.
Ayni o’sha yillari o’zbek yoshlari ham ijodda dadillashgan,o’zbek matbuoti o’tkir maqolalar,tuzumga zimdan qarshi she’ru hikoyalar e’lon qilishda bir-biri bilan,yaxshi ma’noda, «musobaqa» o’ynardi. Ayni shu sababdan 1984 yilda bo’lib o’tgan O’zbekiston kommunistlari plenumidan keyin partiya rahbariyati yoshlarni yana eski o’zanga qaytarishga qattiq kirishgan edi.
Olma-Ota voqealari imperiyaning zax bosgan devorlarini zirillatib yubordi. Ayni shu sababdan karaxt tuzum anchadan beri ishlatilmay,zang bosgan zulmkor qilichini ishga soldi. Qozoq yoshlarining isyoni ayovsiz bostirilgach,KPSS buyrug’i bilan mamlakatda uni qoralash kompaniyasi boshalandi. Barcha respublikalar qatori O’zbekiston ham bu topshiriqni bajarishga qattiq kirishdi. Bizda bu kompaniyaga o’sha paytdagi Markazqo’m kotibasi Ra’no Abdullaeva rahbarlik qilardi. Manqurttabiat opa aslida bu kurashni,ya’ni milliy xoslikning har qanday ko’rinishiga qarshi qilich ko’tarib jang boshlashni mansabda o’tirgan birinchi soatdayoq boshlagan edi. U eng avvalo Navro’zni tiklashga uringan o’zbek adiblarini, Andijonda Mirzo Boburga haykal o’rnatmoqchi bo’lgan odamlarni «dushman» deb e’lon qildi. Oblastma-oblast yurib xotin-qizlarning boshidagi ro’mollarni yulib olish bilan shug’ullanar, majlislarda «kelajakda musulmonlaru nasroniylarning mozori bitta bo’ladi» deya «bashorat»lar qilardi. Opa, ayniqsa, uning nazarida «haddan oshgan» yosh o’zbek adiblarining ta’zirini berib qo’yishga qattiq bel bog’ladi, Yozuvchilar uyushmasi rahbarlarini o’ziga sadoqatli odamlar bilan almashtirdi, kitoblarimizni nashriyotlar rejasidan olib tashladi va deyarli har hafta bizni Markazqo’mga chaqirib, urus madaniyati mahalliy xalqni odam qilgani haqida va’z aytishni odat qildi. Navbatdagi va’zxonliklarning birida,bizni sovet tuzumining qadriga yetmaslikda ayblab, aqlimizni kiritish uchun Maksim Gor`kiyning «Bo’ron qushi» asarini o’qib bergan edi opa. Esimda, «Bo’ron qushi»ni eshitib bo’lgach,tashqariga chiqar ekanmiz, kimdir (menimcha,Zohir A’lam) «Keyingi safar
«Mumu»ni o’qib bersa kerak» deganida, hammamiz baravariga qahqahlab kulib yuborgandik.
Opaning va undan katta rahbar Rafiq Nishonovning o’sha paytdagi faoliyati haqida bemalol to’xtalib o’tirmayman-da,ayni o’sha yillarda yozgan ikki she’rimni eslatib o’taman:
OPA
Opa, jallod kundasida qon
Ko’rmoq uchun bizlarni sotding,
Qabrin buzib necha erlarning,
Yana qaytib ko’ksidan otding.
Unut,deding, onang tilini,
Yot til deding, yot elni deding.
Otalarni tiz buktiray, deb
Bolalarning dilini yeding…
1985
* * *
Rafiq bo’lolmassan, diling sotarsan,
Nishon olmoq uchun eling sotarsan.
Rasul bo’lolmassan, g’ulom bo’larsan,
Ra’noman deysanu miltiq  otarsan.
1985
P.S. Bu she’rlar 1986 yilda «Mushtum» jurnalida bosilgan edi. Men bilan Nabijon Boqiy suhbatining oxirida.
***
Butun imperiya bo’ylab Olmaota voqealarini qoralash boshlangan kunlari Abdullaeva Moskvadan yosh o’zbek ijodkorlarining «eng zo’r»lari qozoq yoshlarining siyosiy ko’rlikda ayblab oshkora xat bilan matbuotga chiqsin, degan topshiriq oladi. Yosh ijodkorlarning «eng zo’rlari» «Bo’ron qushi»ni eshitib ketganlar ichida edi. Noiloj, Abdullaeva ulardan 4-5 kishini huzuriga chaqirishga majbur bo’ldi. Ana shu chaqirilganlar ichida men ham bor edim..
Opa har birimiz bilan juda uzoq, bir soatdan ortiq suhbatlashdi. Qozoq yoshlariga qarshi yozilgan xatga imzo chekishimizni aytishdan oldin har birimizga katta mansablar va’da qilindi, Moskvada birin-ketin kitoblarimiz chiqishi rejalashtirilayotgani alohida ta’kidlandi,uy-joy sharoitimizni yaxshilash niyati borligi ham aytildi. Men buni o’zim bilan suhbatdan xulosa qilib aytyapman. Shaxsan menga o’sha paytda Xudoyberdi To’xtaboev rahbarlik qilgan «Yosh kuch» jurnali bosh muharriri lavozimi va’da qilindi. Ammo,opaning gaplariga ko’nmagach (ya’ni xatga imzo chekishdan bosh tortilgach), vahimali iddaolar aytilib qo’rqitildi,o’zbek adabiyotidan butunlay surib tashlanishimiz «va’da» qilindi. Bugun faxr bilan eslab aytamanki,suhbatga kirgan biron bir kishi xatga imzo chekishga ko’nmagan edi. Suhbatdan keyin jo’ralarimdan birining gapini eslasam, hozir ham kulgim keladi. U o’shanda tirjayib «Opaning oyog’i chiroyli ekan!» degan edi. Tabiiyki bu gapdan keyin Abdullaeva unga qanday mansabni va’da qilganini so’rash xayolimga kelmapti…
O’sha paytda Olma-Ota voqealari ta’sirida 2-3 she’r qoralagan ekanman. Ularni xotiralarim bilan qo’shib sizga taqdim etmoqdaman.

009

DEKABR O’RTASI
(17-18.12.86)

Nega ufq buncha qontalash,
Unda erk deb kim qilur talash?
Unda kimning bayrogi yonur,
Dashtda kezgan ul qanday dupur?

Tikilaman – ko’rmoq bo’laman,
Saflarida turmoq bo’laman.
Balki bir kun shundoq janggohda
Xalqim bilan birga o’laman.

Sovuq qotgan olma daraxtin
Quchog’imga olaman karaxt –
Nega buncha titraysan,inim,
Sen ham dardim sezdingmi,daraxt?!

Balki sen ham olisdan kelgan
Isyon sasin turarsan tuyib,
Balki sen ham noilojlikdan
Boshing egib turarsan kuyib.

Dilni ezar allabirnarsa,
Ufq bag’ri,dashtlar bag’ri qon:
Bobom aytgan:»Ufq qizarsa –
Erta,albat, bo’lar charog’on».

1986

* * *

— Bu odamlar hasratga to’lib,
Qanday o’yni surib borurlar?
— Tongni olib kelmoqchi bo’lib,
Tun qo’ynida yurib borurlar…

— Bu odamlar yuragi kuyib,
Qay manzilni izlab borurlar?
— Ular oson yo’llarni qo’yib,
«Xalqim» deya bo’zlab borurlar…

— Bu odamlar ko’ksi, bo’g’zidan,
Ko’zlaridan nega oqar qon?
— Bu odamlar to’kkan qonlardan
Tun qo’ynida ko’kargaydir tong!

1986

09

(Tashriflar: umumiy 2 362, bugungi 1)

Izoh qoldiring