Eshqobil Shukur. Oltin boshi egik boshoqlar… She’riy turkum.

016
 Эшқобил Шукурнинг сизга тақдим этилаётган шеърларини ўқир эканман, онгу шууримда мана бу ўйлар пайдо бўлди:
Бугунги асл маъносини йўқотиб бораётган дунёда инсонийликни, эзгуликни шивирлаган шеър ўт ва олов сочаётган бомбалар-у тўпларга қарши тура оладиган ягона инсоний ҳимоядир. Шеър ҳеч кимга керак эмасдек туюлган бир пайтда бу гапни айтиш нечоғли асоссиз туюлмасин, мен бу гапни қайта-қайта такрорлайман: эзгуликнинг кичик жунайдуллоси – кичик қўшини бўлмиш шеърият тирик экан, дунё тирикдир. Ҳатто мавжудотнинг ўзи Яратган сўзидан ва шеъридан пайдо бўлган, деган ўйга бораман баъзан. (Хуршид Даврон cўзбошисидан). 

098

ТОКИ ШЕЪР ТИРИК ЭКАН…

Эшқобил Шукурнинг сизга тақдим этилаётган шеърларини ўқир эканман, онгу шууримда мана бу ўйлар пайдо бўлди:
Бугунги асл маъносини йўқотиб бораётган дунёда инсонийликни, эзгуликни шивирлаган шеър ўт ва олов сочаётган бомбалар-у тўпларга қарши тура оладиган ягона инсоний ҳимоядир. Шеър ҳеч кимга керак эмасдек туюлган бир пайтда бу гапни айтиш нечоғли асоссиз туюлмасин, мен бу гапни қайта-қайта такрорлайман: эзгуликнинг  жунайдуллоси – кичик қўшини бўлмиш шеърият тирик экан, дунё тирикдир. Ҳатто мавжудотнинг ўзи Яратган сўзидан ва шеъридан пайдо бўлган, деган ўйга бораман баъзан.
Фақат Адабиёт ва Шеър инсон юрагига кира олади, уни нур ва меҳр билан тўлдира олади. Бошқа ҳеч нарса:  на сиёсат, на матбуот, на телевидение ва радио, на интернет бу ишни эплай олади. Бугун дунёни санъату адабиёт қўлидан тортиб олган бизнес (пул) бошқариб турганда бу гапларни айтиш бениҳоя аччиқ ва аламлидир.
Яна баъзан дунёда ҳамма шеър аллақачонлар ёзилгандай туюлади менга. Аммо, ҳар гал бу “баъзан”ни рад этгандай юракларни титроққа соладиган шеърларга дуч келавераман. Зеро шеър бамисоли муҳаббатдай. “Муҳаббат ул ўзи эски нарса, лекин ҳар бир юрак уни янгартар”.
Эшқобил Шукурнинг бу туркумдаги шеърлари табиий равишда, шоирнинг олдинги шеърларига ҳамоҳанг, аммо янги ранглар қўшилгани билан эътиборлидир. Ўша таниш оҳанг – шоирни бошқалардан ажратиб, “Бу Эшқобил Шукур шеъри” деб шивирлаган оҳанг янги рангин туйғулар, янги тимсоллар билан ўранган. Бу шеърлардан уфуриб турган хазинлик, ўша кўҳна – шеърни шеър қилиб келган, ҳеч қачон бақирмайдиган, фақат шивирлайдиган хазинлик, кишини тушкунликка эмас, ёруғликка чорлайдиган хазинлик ёрқин тус олгани ва тозалиги, Иброҳим муаллим айтмоқчи, “жадидий” маъноси билан ажралиб туради.
Бу шеърлар елкасини йиллар залвори босса-да, ярим асрлик масофани ортда қолдириб, покиза фаслга, ўша уч ёшига, беғубор кунларга қайтишни орзу қилган юракдан туғилган. Бу юрак шаҳарнинг сиқиқ муҳитидан абадият оралаб ўтган ёлғизоёқ йўлга, олтин боши эгик бошоқлари мавжланган зарҳал буғдойзорга, кўнгилни гул билан тўлдирган алвон далага талпинади. Ўша томонларда:

Ойнинг ёруғида, оқшом бағрида
Ялпиз япроғида ухлар хонқизи…

Ўша олисларда:

Хазонли боғларнинг хазин ҳасрати
Шамолни уйғотар сокин руҳимда…

Янада олисларда:

Сафма-саф тизилган дарахтлар қошида
“Қуръон” ўқир эди кекса бир Шамол.

Мен бу шеърларни таҳлил қилишни истамайман. Зеро, баъзан шеърни таҳлил қилиш уни ўлдириш билан баробардир. Мен фақат бу шеърлар ўзбек шеърияти дафтарига ёзилган энг сара асарлар қаторига қўшилишига ишонаман.
Нотинч дунёда, бир неча бўлакка бўлиниб, бир-бирини маҳв этишга чоғланган дунёда Ер сайёраси ўқини заиф бармоқлари билан ушлаб турган эзгулик лашкари ичида адабиёт, унинг жунайдуллоси — шеър борлигига ишонаман. Эшқобил Шукурнинг бугун сизга тақдим этилаётган шеърлари аллақачонлар ўша қўшинга бориб қўшилганига ҳам ишончим комил. Уларни (умуман эзгуликни ифода этувчи ҳар бир шеърни) мутолаа қилар экансиз, сиз ўша заиф бармоқларга куч ва қувват қўшишингизга ишонинг.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

0123

Эшқобил Шукур
ОЛТИН БОШИ ЭГИК БОШОҚЛАР...
(туркум)

***

Ёз оқшоми… Шом шамолида
Шовуллайди олтин буғдойзор.
Бошоқларнинг ҳайрон ҳолида
Тўлиб кетган кўнглим рамзи бор.

Олислардан ой боқар хомуш,
Елдай эсар тирик мусиқа…
Эшитилар най каби нолиш:
“Арзим бордир фақат Ўзига”.

Бошим эгик ўтаман бундан,
Тўкилади дилдан титроқлар
Ва жавдираб боқар изимдан
Олтин боши эгик бошоқлар…

11.06.13.

БУҒДОЙЗОРНИ ОРАЛАБ

Бу бўлғай дарду ишқ ойини, ваҳ-ваҳ.
Алишер Навоий

Зарҳал буғдойзорни оралаб,
Ёлғизоёқ йўлда борардим…
Уфқда бир қора қоралаб,
Тўлган дилим шомга ёрардим.

Бу қандайин сир эди, ваҳ-ваҳ,
Бу қандай шом, билмадим, оллаҳ?…

Чарх урарди буғдойзор узра
Шомнинг шаддод қалдирғочлари,
Руҳимдаги гардни супурар
Буғдойларнинг олтин сочлари.

Бу қандайин сир эди, ваҳ-ваҳ,
Бу қандай шом, огаҳ эт, оллаҳ.

Бир бўй эсар жаннатдан улги,
Шафақларда вақт ва бахт талош.
Лабларимда кулмаган кулги,
Кўзларимда тўкилмаган ёш.

Бу қандайин сир эди, ваҳ-ваҳ,
Бу қандай шом, хабар бер, оллаҳ.

Тинглаяпман шом палласини,
Зор кўнглимда оҳанг ўйини.
Она Ернинг илк алласини,
Буғдойзор ва осмон куйини.

Бу қандайин сир эди, ваҳ-ваҳ,
Бу қандай шом, билмадим, оллаҳ.

Уфқларда қораяр излар,
Руҳимни жим етаклар оқшом…
Кўзларимда уйғонар кўзлар,
Юрагимга чўка бошлар шом.

Бу қандайин сир эди, ваҳ-ваҳ,
Бу қандай шом, билмадим, оллаҳ…

09.06.13.

ОЛИС БИР ХОТИРА

Сафма-саф тизилган дарахтлар қошида
“Қуръон” ўқир эди кекса бир Шамол
Осмон ҳилпирарди унинг бошида
ва мангу иқбол.

Минг йиллик йўлчидай ҳорғин дарёда
“Инжил”ни ичарди чанқаб қолган Сув,
Шунда туғиларди маъсум шаббода
ва дилбар қайғу.

Кўз ёшлар сочилиб ётган кечада
Отам мени, мен хаёлни етаклаб,
Жимгина борардик олис эртага
атак-чечаклаб.

Уч ёшда эдимми, тўрт ёшдами ё,
Томошо қилардим ерни, осмонни,
Худони томошо қилгандай гўё
ва гўзал имонни.

Тонготар қушлари бошларди зикр,
Мени уйғотарди шамол шеваси.
Мен меҳрга, менга тўларди меҳр
ва осмон меваси

Ўтиб боравердим ойдан ойларга
Кунларнинг кифтида ўйноқлаб масрур.
Етдим кўнглимдаги мавҳум жойларга
ва ажойиб сурур.

Сафма-саф тизилган дарахтлар қошида…

***

Қаёққа, олтин сув, қаёққа?
 Хуан Рамон Хименес 


Хазонли боғларнинг хазин ҳасрати
Шамолни уйғотар сокин руҳимда.
Донишманд ҳайратим, гўдак ҳайратим,
Бундай Куз кўрмаган етмиш иқлимда.
Қайси ой қизи у, қайси йил қизи?
Қандай арзандаси қайси асрнинг?
Олтин япроқларда кўзининг изи
Ва бор нафосати тўртта фаслнинг.
Унинг ҳақиқатин англат менга сен,
Сирларин кўз ёшдай киприкларга туз.
Билмайман, қаёққа бораяпман мен,
Билмайман, қаёққа бораяпти Куз?

ЮРАГИМДА БИР МАСЖИД ҚУРСАМ

Уфқларга туташиб кетган
Йўллар билан ибодат қилсам…
Боғда энди камолга етган
Гуллар билан ибодат қилсам.

Ойботарда руҳимдан ўтган
Тушлар билан ибодат қилсам,
Саҳар-саҳар тонгни уйғотган
Қушлар билан ибодат қилсам.

Ой нурида ярқираб оққан
Дарё билан ибодат қилсам,
Гўё Момо Ҳавводай боққан
Ҳаво билан ибодат қилсам…

Адирларда хаёлдай елган
Шамол билан ибодат қилсам,
Тупроқ билан, дарахтлар билан,
Бор ҳол билан ибодат қилсам…

Юрагимда бир масжид қурсам,
Унда қушлар, йўл, дарё, осмон…
ҳаммалари келиб жам бўлса,
Қалдирғочлар айтганда азон…

Уфқларга туташиб кетган
Йўллар билан ибодат қилсам,
Жуда олис сафарга чиққан
Йиллар билан ибодат қилсам…

10.06.13.

ҲАВАС

Ойнинг ёруғида, оқшом бағрида
Ялпиз япроғида ухлар хонқизи…
Ухлар саболарнинг хуш ардоғида
Кўнглимнинг адашиб қолган юлдузи.

Хонқизи… жонқизи… шонқизи…

Пайт келиб, қачондир… тун адоғида
Шовқинлар, ташвишлар бўлганда абас.
Ялпиз япроғида, ой ардоғида
Мен ҳам хонқизидай ором олсам бас.

Хонқизи… жонқизи… шонқизи…

15.06.13.

СОДДА ВА МУРАККАБ ГАП

Далаларга жим чўкар оқшом,
Ўйга ботар уфқлар пурғам…
Чиқиб келар дилдан номус-шон,
Бўлгим келар кўп яхши одам.

Йироқларда йилтиллар юлдуз,
Шарқ бошида кўринар ой ҳам.
Виждон билан ке-етсам изма-из,
Бўлсам дейман кўп яхши одам…

Менга дарахт тилида шамол
Хўб сирларни шивирлар бу дам.
Боларидай териб ўтсам бол,
Бўлсам дейман кўп яхши одам.

15.06.13

СОДДАДИЛ ВА МУРАККАБДИЛ

Қандай ғаройибсан, қандай ажойиб,
Қуш каби жавдираб боқасан…
Келасан-да, синиқ жилмайиб,
Кўнглимга чироқлар ёқасан.

Сен оддий, о, қанча мураккабман мен,
Қанча содда бўлсанг, шунча нурлисан.
Ҳарқалай, англадим мендан кўра сен
Худога жудаям тушунарлисан.

18.06.13

КЎНГИЛ ЁШИ

Кўнглим гулга тўлди алвон даладай,
Унда ялпизбўйли еллар елади.
Ҳув китоб қўлтиқлаб юрган боладай,
Менинг гўзал шеърлар ёзгим келади.

Куйлаш ва сўйлашнинг кўпдир сабаби,
Кузги хирмонлардай кўнглим тўлади.
Ҳув, тарихни кифтлаб юрган чол каби
Гўзал ҳикоялар айтгим келади.

Умр баҳорими, кузми, қишими,
Улуғлаб ўтарман улуғ ҳаётни.
Ҳар ким яшаб ўтсин кўнгил ёшини,
Ҳар дил Ватан тутсин Адабиётни.

09.06.13

АРЗИ ҲОЛ

Юракда енгил бир шамол айланди,
Бошимда бошқа бир ҳилол айланди.
Шоирдан хабар ол, шу дамда менга
Билмасман заволми, камол айланди.

Аста қўлларингга суянсам дейман,
Қайғунинг ичидан қувонсам дейман.
Шоирдан хабар ол, кўнглим безовта,
Кимгадир руҳимни инонсам дейман.

Кечикиб қолдингми, синглим Қалдирғоч,
Сен-чи ҳиммат беги бек оғам, Оғоч.
Шамол қанотига узун хат ёздим,
Худойим кўнглимдан сўрганда хирож.

Юракда енгил бир шамол айланди,
Бошимда бошқа бир ҳилол айланди.
Шоирдан хабар ол, шу дамда менга
Билмасман заволми, камол айланди.

ТУНГГИ ПОЕЗДДА

Ёмғирли дераза ортидан
Югуриб ўтади чироқлар.
Сўнг қоронғи қирлар бағридан
Хўрсиниб қарайди йироқлар.

Тингланса, ёқимли темир товуш ҳам,
Англанса, қайғу ҳам гўзалдир жуда.
Қора уфқларга чўкаётир ғам,
Ўксиниб қолади қирлар осуда.

***

Сирлашади дала ва шамол,
Ортимдан жим эргашар дарахт.
Фариштадай кўрсатар жамол,
Қўл ушлашиб қайғу билан бахт.
Сирлашади дала ва шамол,
Паришонман, жуда паришон.
Учрашувга кечикди хаёл
Ва недандир ичикди виждон.
Ўзин оқлаб-қоралаб кўнглим,
Тун кечага дардини ёрар.
Қоронғилик оралаб кўнглим
Яратганни ўрганиб борар.


БОЛАЖОН

Сабо нафаслисан, сабоҳ юзлисан,
Сен соҳибжамолсан, сен соҳибкамол…
Сувлар товушидай ажиб сўзлисан,
Сен ноннинг исидан тероласан бол.
Юрсанг, қадамингда гуллайди чақмоқ,
Баҳорларни туғар сенга деб боғлар.
Сен аскар шамоллар топинган байроқ,
Кифтин тутиб турар мўйсафид тоғлар.

Шамолдай эркинсан, сувдай ҳалолсан,
Сут каби азизсан, жон каби болсан,
Соҳибистиқболсан, соҳибкамолсан…

“ҚАДИМГИ ДАФТАР”ДАН

Оқўтовни нортуя
етти марта айланса,
Чангароқ осмонида
етти гўзал сайланса…
Қизил тандир тоб еса,
кунларим пишса ҳил-ҳил,
Тунларим кулиб турса,
ой билан ўйнаса дил.
Ўзим қалдирғоч бўлсам,
сўзим суюнчи бўлса,
Кўнглимда титраб ўсган
қамишлар найчи бўлса…
Момомдай даштларимнинг
жони, эркаси бўлсам,
бу даштлар менга тўлса,
мен бу даштларга тўлсам…

Ўзим қалдирғоч бўлсам,
Сўзим суюнчи бўлса…

ОРЗУ

Даҳолар кўнглига чўғ ташлаган сир,
Осмон мактубларин мангу мавзуси.
Азал зулматларин кесиб ўтган нур –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.

Минг йиллар бери-ю, минг йиллар нари,
Юлдузлар остида, замин устида
Ўтди қанча жаҳон пайғамбарлари
Шу ният дастида, шу ўй қасдида.

Қанча тарихларни қум босганида,
Селларда қолганда эллар қайғуси,
Нишлайверди пирлар қабристонида –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.

Ўзинг асра бизни, эй қодир худо,
Пасткаш заволидан, аблах ҳолидан.
Разил кимсалардай қилмагил жудо
Инсонни инсонлик истиқболидан.

Яссавийни буюк чиллага солган,
Навоий қалбининг олий туйғуси.
Бухорий бошида ойдай юксалган –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.

Даҳолар кўнглига чўғ ташлаган сир,
Осмон мактубларин мангу мавзуси.
Азал зулматларин кесиб ўтган нур –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.

Манба: «Китоб дунёси» газетаси

(Tashriflar: umumiy 49, bugungi 1)

Izoh qoldiring