Mehr va she’r haqida. Xurshid Davron bilan ikki suhbat

033    Шеърият — маънавий ҳаётимизнинг ажралмас руҳи, комил инсонларнинг йўлдоши. Шундай экан, уни ўқиш ҳам маънавий инсоннинг вазифасига киради. Бундан энди ҳамма шеър ўқиши шарт деган маъно келиб чиқмаслиги керак. Умрини маъно билан тўлдиришни истаган инсон шеър ўқийди. Маънавият дегани ҳам аслида умрни маъно билан тўлдириш эмасми?

МЕҲР ВА ШЕЪР ҲАҚИДА
Хуршид Даврон билан икки суҳбат
Суҳбатдош: Умид Али
011

МЕҲРНИНГ ҲАМ ЧЕГАРАСИ БОР

— Инсоннинг бир-бирига камарбасталиги, бир-бирини асровчи ва  улуғловчи фазилат бу  меҳрдир. Бу фазилат инсоннинг комилликка эришувида муҳим эканлиги ва у яшаётган жамиятдаги ўрни ҳақида фикр билдирсангиз…

— Жамият ҳаётида меҳр-мурувватнинг ўрни беқиёс. Жамият деганда, аввало, одамларни тушунамиз. Уларнинг фазилатлари, камчиликларию ютуқлари, кўнглида нималар борлиги жамият ҳаётини белгилаб туради.  Жамият ҳаёти бугунги кунда муҳим паллани бошдан кечираяпти. Бу маълум бир машаққатлар билан боғлиқ.

Машаққат бор жойда инсоннинг юраги сабр-тоқатли бўлади, лекин тошдай қаттиқ бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Инсонни хар қандай синовдан эсон-омон олиб ўтадиган куч бу — меҳр-муҳаббатдир.

Инсоният дунёси ҳам аслида меҳр нуридан пайдо бўлган. Шу нур туфайли ҳаёт яралган.

Инсоннинг юрагида хам нур яширинган. Бу нур кўзимизни доим равшан этади, хаётимизни, йўлимизни, орзу-мақсадларимизни ёритиб туради.

— Меҳрнинг моҳиятини  қандай англаш мумкин ?

  — Инсон табиатида жуда кўп туйғулар зуҳр этилган. Мана шу энг яхши туйғуларнинг барчасида меҳр қувватини кўрасиз. Уларнинг ҳар бири ҳақида соатлаб гапириш мумкин.

Инсонда бор ҳис-туйғулар ҳайвонларда ҳам мавжуд. Масалан, бўрини олиб қарайлик. У ўз боласини тиш-тирноғи билан ҳимоя қилади. Ҳайвонки, шундай яратилган экан, Яратганнинг  мўъжизаси бўлмиш инсон  табиатининг асосида  ўша илоҳий Меҳр мавжудлиги  нечоғли эканини англаса бўлади. Аслида оламнинг  мукаммаллиги унинг меҳр нуридан яралганида намоёндир.

Албатта, ҳар бир инсон умри ўзига хос. Бу ҳақда қанчадан-қанча шеърлар, қўшиқлар яратилган, достонлар, романлар ёзилган. Буларнинг бари меҳр, эзгулик туфайли.

Меҳр бор экан, инсон ҳаёти ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Меҳр-мурувват йўқ жойда ҳаёт бўлмайди. Шу меҳр нури сабаб чечаклар уйғониб, улар танасига ҳаёт инади, тоғ-тошлар бағрини ёриб, майсалар униб чиқади. Бу — шу мавжудотларда ҳам  меҳрли, меҳрталаб юрак борлигидан.

Меҳр — бу табиий хислат. Бу борада билим ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки фақат билим билангина дунёни англаб етиш мумкин. Меҳрнинг моҳиятини англаш эса дунёни англаш туфайлидир.

— Меҳр нимадан бошланади?

  — Инсон туғилган заҳоти ота-онасининг меҳрини туяди. Улғайган сайин жамиятнинг, атрофдагиларнинг меҳр-мурувватидан баҳраманд бўлади. Шу тариқа меҳр-муҳаббат ирсият орқали маълум маънода мерос бўлади.

Меҳр, ҳадисларда айтилганидек, яқинликдан бошланади. Биз, аввало, бу меҳрни ота-онамизга беришимиз (қайтаришимиз)  шартлилигини унутмаслигимиз керак. Агар улардан меҳримизни дариғ тутиб, кўча-кўйда юрган одамларга хайр-эҳсонлар берсак, бу риё, кибрдан бошқа нарса эмас.

— Меҳр чегара билмайди, дейишади…

— Меҳрнинг чегараси бормикан… Бу ҳақда чуқур ўйлаш керак. Бу ҳаётий мезонни иккита муҳим омил белгилайди: меъёр ва шукр. Шу мезонлардан келиб чиқсак, болалар ҳаддан ташқари меҳр кўрса, талтайиб кетиши мумкин. Асалнинг ози яхши. Кўпи касал қилиб қўйиши мумкин.

Рус шоирларидан бири айтган: «Фақат қабиҳликнинг чегараси йўқ», деб. Бу билан меҳр чегараси — бу нисбий тушунча демоқчиман. Бу ҳаётий тажрибалардан келиб чиқади.

Меҳрни тириклик замини, мезони деб асослашга ҳаққимиз бор.

Бизни билиб-билмай қиладиган яхшилигимиз нечоғлик бир юксак мартаба -инсонийлик мартабасига кўтаради.

—   Инсонийликнинг энг юксак поғонаси нимада кўринади?

— Инсонийликнинг энг юксак поғонаси — комиллиқдир. Бу юксак билим, юксак адолатга эга бўлиш, инсонийликка хос олижаноб туйғулар жамул жами бўлиш деганидир.

—  Сизга меҳр-мурувват кўрсатган энг  яқин кишингиз  ҳақида…

— Биринчи навбатда ота-онамни тилга олган бўлардим. Ота-она меҳрини бошқа ҳеч кандай меҳр босолмайди. Онанинг фарзандга берадиган меҳри беқиёс. Уни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Бу юксак туйғуни бирор-бир фарзанд унутмаслиги керак. Меҳрсизлик ёвузликнинг эшигидир.

Онамга бағишлаб кўп шеърлар ёзганман. Бу шеърлар юракдан қуйилиб чиққан.

Юрақда меҳр бўлмаса ҳам, ҳар неки иш қилманг, у самимий бўлмайди.

Меҳр-ла йўғрилган юракда пайдо бўлган ҳар қандай сўз  сонсиз  юракларни уйғотади.

Шу қаторда бошқа бировларнинг сенга кўргазган меҳр-мурувватини ҳам унутмаслик керак.

— Юртдошларимизга тилакларингиз…

  — Бир-биримиздан меҳримизни аямайлик!

Манба: «Меҳр кўзда», 2005 йил, сентябрь

ШЕЪР — ЮРАК ТАРБИЯСИ

044— Шеър — илоҳий неъмат дея эътироф этилади. Бунинг азалий ва абадийлиги ҳам барчага маълум. Айтинг-чи, шеърнинг мўъжизавийлигида қандай сир бор?

—  Шеърият қадимдан, ҳали туроғу қофиялар ҳақида тушунчалар бўлмаган даврда ҳам, энг ибтидоий замонларда ҳам мавжуд бўлган. Чунки, фикримча, шеър ҳамиша инсон туйғуси асосида яратилади.

Собиқ шўро даврида шеъриятдан, биринчи навбатда, ижтимоийлик талаб қилинарди. Ижтимоийлик — бу доим жамиятдаги муаммолар ёки давлатчилик талаблари билан боғлиқ ҳодиса. Муаммолар йўқолдими, талаблар ўзгардими,  ижтимоий  руҳдаги шеър ҳам ўз кучини йўқотади.

Бундан юз-минг йиллар олдин ёзилган шеърларда, биринчи галда шоир ўз туйғулари билан мухлис қалбини тўлқинлантирган бўлса, яна юз-минг йил кейин ҳам шу туйғулар  ўқувчи юрагини ҳаяжонга солади ва мана шу хусусият билан шеър шеърлигини сақлаб қолади.

Ҳар кимнинг ўз севган шоири бор. Мен Ойбекни севаман,  япон шеъриятига қизиқаман. Япон шеъриятида туйғулар ёрқин тарзда ифодаланади. Бир тинглаб кўринг-а:

Четан девор ёқалаб,
Ким келсаям, гуллаган
Олхўри гулларининг
Атрини ҳидламакка,
У менинг дўстим бўлур!

Замонавий шеъриятимизда, агар XX аср, хусусан, шўро даври шоирларининг кўп томлик китобларини олиб варақлаганингизда  туйғуга тўла шеърлар озлигини кўрасиз. Кўпроқ даврнинг ижтимоий томонлари акс этган, ўша замон мажбуриятлари билан ёзилган шеърлар. Бу сингари шеърлар вақт ўтиши билан ўзининг актуаллигини йўқотиб бораверади. Масалан, Ойбек 22 жилдли асарларида, аниқроғи, шоирнинг шеърлари жамланган 2-жилдида (бир пайтлар саралаб кичкина тўпламча қилганман) туйғуларга қурилган  шеърлар саноқли. Бу ҳол ўша даврда яшаган барча шоирларда мавжуд.

Ҳамма замонларда ҳам шеърият ҳақида баҳс-мунозаралар бўлган, шеъриятнинг маълум қирралари ўзгариб турган. Қайта қуриш даври йилларини эсласак, ўзбек шеърияти бутунлигича ижтимоийлик хасталигига чалинган эди. Тўғри, бу давр талаби эди. Мана энди мустақиллик шарофати туфайли, шеъриятдаги бу талабларни таг-томири билан узиб ташлаш  жараёни бошланди. Аммо, ундан ҳали-бери қутулолмасак керак. Шеърбозлик, аслида шиорбозлик  авжига чиқаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Юраги гўзал бўлишини истаган инсон адабиётга меҳр қўяди. Биров шеъриятга, бошқа биров насрга ихлосманд. Бизда ҳозир шеърият маълум маънода четга чиқиб қолгандай кўринади, Бироқ қуёш, ой бор экан, юлдузлар бор эқан, шеърият йўқолмайди.

— Шеърият, адабиёт маънавий ҳаётимизнинг бир бўлаги. Шеърда ҳам ҳаёт, инсон тақдири мужассам. Айрим китобхонлар бор: шеърни тавсифлашни, моҳиятини  билишмайди, фақат ўқиш, ёдлаш билан кифояланишади. Бундай тўтиқушлик билан маънавий бойлик орттириш мумкинми?

— Асл  шеър  саҳна ёки майдонга чиқиб ўқиладиган декламация, шиорлардан иборат матн эмас. Бу ёлғиз қолганингда, кўнглинг нималарнидир қўмсаганда маънавий  қувват ва инсоний  ҳис бағишлайдиган бир мўъжиза. Асл шеър Аллоҳнинг неъмати. Шунинг учун ҳам инсон кўпинча унутилган туйғуларини соғинганда, уларни яна қайтадан қалбида уйғотишни истаганида ё қисмат чигалликларига жавоб излаганда китоб титкилаб яхши шеърларни топиб ўқийди. Шахсан мен учун  бу сингари шеърларни кўпроқ мумтоз адабиётдан излайман: Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Машраб, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо, Чўлпон, Усмон Носир…

Ҳақиқатан ҳам, шеърни тушуниш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

Шеърият — маънавий ҳаётимизнинг ажралмас руҳи, комил инсонларнинг йўлдоши. Шундай экан, уни ўқиш ҳам маънавий инсоннинг вазифасига киради. Бундан энди ҳамма шеър ўқиши шарт деган маъно келиб чиқмаслиги керак. Умрини маъно билан тўлдиришни истаган инсон шеър ўқийди. Маънавият дегани ҳам аслида умрни маъно билан тўлдириш эмасми?

Агар бугунги ёшларни назарда тутадиган бўлсак, уларнинг ота-оналари китобга бўлган меҳрни фарзандларига ҳам юқтирган бўлишса, китобни севишга ўргатган бўлишса нур устига аъло нур.

Ҳаётий фожиалар таъсирида ҳам китобга меҳр уйғониши мумкин. Бироқ китоб, шеър, бу энг аввало, юрак тарбияси. Юрак маданияти.

Мен ҳозир қуллик қарши курашган афро-америкали ёзувчи Фредерик Дугласнинг асоратдаги қавмдошларига қарата айтган «Ўқишни ўргансангиз, умрбод озод бўласиз» деган гапини эсладим. Китобни танимаган, мутолаани билмаган одам,  муайян маънода, қуллик ичидадир. Унинг табиатида фикрсизлик урчийди, вазият ва муаммо олдида итоатда яшайди. Китоб  инсонга, унинг фикрига қанот бағишлайди, тубандан юксакка кўтаради. Бу масалада, айниқса, онанинг китобга яқинлиги ҳар бир миллат тараққиётида энг оламшумул ўрин тутади. Миллатда китобхон оналарнинг кўплиги унинг келажагига ишонч билан қарашнинг пойдеворидир.

Юрак нур таратган шеърда ҳаёт бор, қисмат бор, инсоният мезони бор. Бутун ҳис-туйғулар юракда уйғонади, кейин бутун вужудимизга ўтади. Шу маънода мактабларда адабиёт ўқитувчилари адабиёт дарсини юракни тарбия қилиш асносида, яъни шеърни севишга ўргатишса, шу жараёнда ўқувчиларнинг юрагида ҳаётга муҳаббатни уйғота олишса, яхши иш бўларди. Чунки жамиятнинг келажаги, равнақи ҳам ҳозирги ёшларнинг тарбияси билан боғлиқ.

Ҳозирда мактабдаги адабиёт дарсликлари ватан ҳақидаги шеърлар билан чегараланиб қолган. Тўғри, ҳар бир одам ватанпарвар бўлиши, аввало, унинг инсоний бурчи, бироқ ҳаёт, табиат гўзаллиги, инсон умрига дахлдор бўлган бошқа турмуш манзараларидан ҳам баҳраманд бўлишса, ўқувчиларнинг дунёқараши кенгайиб, ҳаётни теранроқ ўрганишади.

— Шоир — руҳан озод қуш. Ҳурфикрлилиги ва эркинликка топинишининг боиси ҳам шундамикан?

— Ҳозирда шоир кўп. Аммо шеърлар кам. Хат-саводи йўқ одам ҳам тўртта сўзни бирлаштириб, шеър ёздим дейди. «Асалим, ғазалим» деб, сўзларни қофиялаштирган билан шеър туғилмайди. Қофиябозлик — шоирга ярашмайдиган катта иллат.

   Шоир, биринчидан, шахс бўлиши керак. У инсоннинг мавжудлигини, унинг табиатини асрашга, ҳимоя қилишга қодир шахс бўлиши керак. Бугун дунё жиддий ўзгарди. Бугун  қўлига қалам олишни эмас,  қўлига қурол олишни истайдиган одамлар кўпаймоқда.

Асл шоир  ўз фикр-зикри билан озодликни хоҳлайди. Инсониятни асраб қолишга, унинг руҳиятини ўстиришга хизмат қилади. Бу борада ундаги ватанпарварлик, меҳр-оқибат, инсонийлик каби етук фазилатлар ташвиқот вазифасини ўтайди.

Собиқ шўро даврида, ундан олдинги даврларда ҳам улуғ боболаримизнинг шеърлари тафтиш қилинган, дин билан чоғиштирилган. Нега? Моҳиятан эркинлик, фикрий озодлик, комилликка интилиш сингари эзгу мақсадлар бор бўйича акс этган бу шеърларда. Масалан, Бобурни олайлик, шоҳ бўлган, тахтда ўтирган. У хам инсонларнинг комилликка, озодликка эришиши учун хизмат қилган. Навоий ҳокимият қудратига эга бўлган. Хўжа Аҳрор жуда катта мавқе ва  бойликга эга бўлгандаям, комилликка интилишни мақсад этган,  «Мен ўзимни бойлик эшигига боғлаб қўймадим», деган. Бу ҳақида кўп халқ ривоятлари бор. Хуллас, барча ҳақиқатпарвар, эрксевар ойдинлар комиллик учун интилган, озодлик учун курашган ва бу жараённи ўз асарларида акс эттиришган.

— «Ота» шеърингизга алоҳида тўхталмоқчиман. Бу шеър қўшиқ бўлгани учун эмас, аввало, маънан катта қийматга эга бўлгани учун қадрли. Инсонийлик, мсҳр-муҳаббат, бурч ва фидойилик сингари фазилатлар одамни яна бир бор ҳушёрликка, эзгуликка ундайди. Мана шу шеърнинг яралиш тарихи ҳақида…

— Ота ҳақидаги шеърга тўхталмоқчи бўлсам, юрагимда бир армон чуқур из қолдирган. Мен Германия деган юртнинг шарқий қисмида ҳарбий хизматда бурчимни ўтаб юрган пайтда, отам вафот этганлар. Узоқ мамлакатдан салкам бир ой деганда  отам мозори бошига кела олганман.

Мен отамнинг эрка ўғли бўлганман. Отамдан эрта ажралиш ҳисси, сўнгги лаҳзаларда ёнларида бўлмаганим, тобутларини кўтармаганим  армон бўлиб қолган.. Орадан анча вақт ўтгандан кейин ўғиллик бўлганимда, мана шу невараларни бир кўрсалар эди, деган аччиқ ўй уйғонганди юракда. Энди бу инсоний бир дард.  Ана шунда ёзилган бу шеър.

Ота-онам ҳақида кўп шеърлар ёзганман. Мана шуниси қўшиққа айланди. Бу шеърнинг қўшиқ бўлиши ҳам тасодиф. Таниқли қўшиқчи Азим Муллахонов машинада кетаётиб, аллақайси журнални варақлаб ўтирган-да, шу шеърни ўқиб варақни йиртиб олган-да, кейин  ўша куниёқ куй басталаб, қўшиқ қилган.

—  Ҳозирда яратилаётган қўшиқлар матни ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим…

— Бугунги қўшиқлар шеърдан эмас, чаласавод ҳаваскорлик даражасида ёзилган «текст»лардан пайдо бўлмоқда.  Бу «текст»ларда сир йўқ, ҳаяжон йўқ, туйғу йўқ. Шеър, олдин ҳам айтиб ўтганимдек,  аслида туйғу тилида ёзилади. Ҳар бир шеър ўз сири, дунёси билан туғилади.

— Аксарият шсърлар пессимистик руҳ билан суғорилган. Бу мумтоз адабиётимизда ҳам кўзга ташланади. Шеър чиндан ҳам дарддан туғиладими?

—  Ҳазрат Навоийда «Дарди йўқ инсон инсон эмас» мазмунидаги сатрлар бор. Чиндан ҳам, дарди бўлмаган одамнинг ҳайвондан фарқи йўқ-да!

Шеъриятдаги асосий мотивлардан бири бу — дард. Аммо, дардни писсимистик руҳ натижаси деб қарамаслик керак.

Дард ҳамиша ёрқин туйғулар, инсоннинг кўнглини суғорадиган тириклик сувидир. Лекин одамнинг ҳаётдан кўнгли қолса, бу энди дард эмас. Ҳаётдан норизолик қабилида ёзиладиган шеърларни хам шеър деб бўлмайди. Дард шундай бўлиши керакки, ҳаётга интилиш, муҳаббат билан сақланиши зарур. Дардларнинг энг каттаси Муҳаббатдир.

Доимо эзгулик билан ёвузлик ўртасида кураш кетади, бироқ эзгулик ҳамиша ғалаба қозонавермайди. Лекин бу ҳаммаси тугади дегани эмас, кураш давом этаверади.

—   Бугунги миллий шсъриятимизнинг қадр-қиймати борасидаги фикрларингиз…

— Адабиёт шоирларнинг сони билан эмас, савияси билан белгиланади. Ҳозирда яхши шоирлар бор. Улар ёзишаяпти. Халқнинг, мухлисларнинг олқишларига сазовор бўлишаяпти.

Ўзбек шеъриятининг илдизи бақувват. У кўп таназзулларни кўрган бўлса-да, доим енгиб келган.

— Мухлисларга тилакларингизни билдирсангиз…

— Суҳбатимиздан келиб чиқиб, мен, аввало, юрак тарбиясига кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини алоқида таъкидламоқчиман. Бу фақат шеър, адабиёт, умуман, китоб, мутолаа билангина эмас, санъат, мусиқа, инсонни кўнглини ёритадиган барча яратувчиликка қодир жабҳалар билан лойиқ тарбияланишини истардим.

Аллоҳ инсоннинг қилган ишларига қараб эмас, юрагига назар солиб, яхши-ёмонлигини билади. Шунинг учун фақат эзгу ниятлар билан яшайлик. Бир-биримизнинг меҳр-оқибатимизни унутмайлик. Доим юрагимиз тарбиясига эътибор берайлик!

Манба: «Бекажон», 2007 йил, 89-сон

021

MEHR VA SHE’R HAQIDA
Xurshid Davron bilan ikki suhbat
Suhbatdosh: Umid Ali
011

MEHRNING HAM CHEGARASI BOR

— Insonning bir-biriga kamarbastaligi, bir-birini asrovchi va ulug’lovchi fazilat bu mehrdir. Bu fazilat insonning komillikka erishuvida muhim ekanligi va u yashayotgan jamiyatdagi o’rni haqida fikr bildirsangiz…

— Jamiyat hayotida mehr-muruvvatning o’rni beqiyos. Jamiyat deganda, avvalo, odamlarni tushunamiz. Ularning fazilatlari, kamchiliklariyu yutuqlari, ko’nglida nimalar borligi jamiyat hayotini belgilab turadi. Jamiyat hayoti bugungi kunda muhim pallani boshdan kechirayapti. Bu ma’lum bir mashaqqatlar bilan bog’liq.

Mashaqqat bor joyda insonning yuragi sabr-toqatli bo’ladi, lekin toshday qattiq bo’lib qolishi ham mumkin.

Insonni xar qanday sinovdan eson-omon olib o’tadigan kuch bu — mehr-muhabbatdir.

Insoniyat dunyosi ham aslida mehr nuridan paydo bo’lgan. Shu nur tufayli hayot yaralgan.

Insonning yuragida xam nur yashiringan. Bu nur ko’zimizni doim ravshan etadi, xayotimizni, yo’limizni, orzu-maqsadlarimizni yoritib turadi.

— Mehrning mohiyatini qanday anglash mumkin ?

— Inson tabiatida juda ko’p tuyg’ular zuhr etilgan. Mana shu eng yaxshi tuyg’ularning barchasida mehr quvvatini ko’rasiz. Ularning har biri haqida soatlab gapirish mumkin.

Insonda bor his-tuyg’ular hayvonlarda ham mavjud. Masalan, bo’rini olib qaraylik. U o’z bolasini tish-tirnog’i bilan himoya qiladi. Hayvonki, shunday yaratilgan ekan, Yaratganning mo»jizasi bo’lmish inson tabiatining asosida o’sha ilohiy Mehr mavjudligi nechog’li ekanini anglasa bo’ladi. Aslida olamning mukammalligi uning mehr nuridan yaralganida namoyondir.

Albatta, har bir inson umri o’ziga xos. Bu haqda qanchadan-kancha she’rlar, qo’shiqlar yaratilgan, dostonlar, romanlar yozilgan. Bularning bari mehr, ezgulik tufayli.

Mehr bor ekan, inson hayoti hech qachon to’xtab qolmaydi. Mehr-muruvvat yo’q joyda hayot bo’lmaydi. Shu mehr nuri sabab chechaklar uyg’onib, ular tanasiga hayot inadi, tog’-toshlar bag’rini yorib, maysalar unib chiqadi. Bu — shu mavjudotlarda ham mehrli, mehrtalab yurak borligidan.

Mehr — bu tabiiy xislat. Bu borada bilim ham katta ahamiyatga ega. Chunki faqat bilim bilangina dunyoni anglab yetish mumkin. Mehrning mohiyatini anglash esa dunyoni anglash tufaylidir.

— Mehr nimadan boshlanadi?

— Inson tug’ilgan zahoti ota-onasining mehrini tuyadi. Ulg’aygan sayin jamiyatning, atrofdagilarning mehr-muruvvatidan bahramand bo’ladi. Shu tariqa mehr-muhabbat irsiyat orqali ma’lum ma’noda meros bo’ladi.

Mehr, hadislarda aytilganidek, yaqinlikdan boshlanadi. Biz, avvalo, bu mehrni ota-onamizga berishimiz (qaytarishimiz) shartliligini unutmasligimiz kerak. Agar ulardan mehrimizni darig’ tutib, ko’cha- ko’yda yurgan odamlarga xayr-ehsonlar bersak, bu riyo, kibrdan boshqa narsa emas.

— Mehr chegara bilmaydi, deyishadi…

— Mehrning chegarasi bormikan… Bu haqda chuqur o’ylash kerak. Bu hayotiy mezonni ikkita muhim omil belgilaydi: me’yor va shukr. Shu mezonlardan kelib chiqsak, bolalar haddan tashqari mehr ko’rsa, taltayib ketishi mumkin. Asalning ozi yaxshi. Ko’pi kasal qilib qo’yishi mumkin.

Rus shoirlaridan biri aytgan: «Faqat qabihlikning chegarasi yo’q», deb. Bu bilan mehr chegarasi — bu nisbiy tushuncha demoqchiman. Bu hayotiy tajribalardan kelib chiqadi.

Mehrni tiriklik zamini, mezoni deb asoslashga xaqkimiz bor.

Bizni bilib-bilmay kiladigan yaxshiligimiz nechog’lik bir yuksak martaba -insoniylik martabasiga ko’taradi.

— Insoniylikning eng yuksak pog’onasi nimada ko’rinadi?

— Insoniylikning eng yuksak pog’onasi — komilliqdir. Bu yuksak bilim, yuksak adolatga ega bo’lish, insoniylikka xos olijanob tuyg’ular jamul jami bo’lish deganidir.

— Sizga mehr-muruvvat ko’rsatgan eng yaqin kishingiz haqida…

— Birinchi navbatda ota-onamni tilga olgan bo’lardim. Ota-ona mehrini boshka hech kanday mehr bosolmaydi. Onaning farzandga beradigan mehri beqiyos. Uni so’z bilan ta’riflab bo’lmaydi. Bu yuksak tuyg’uni biror-bir farzand unutmasligi kerak. Mehrsizlik yovuzlikning eshigidir.

Onamga bag’ishlab ko’p she’rlar yozganman. Bu she’rlar yurakdan quyilib chiqqan.

Yuraqda mehr bo’lmasa ham, har neki ish qilmang, u samimiy bo’lmaydi.

Mehr-la yo’g’rilgan yurakda paydo bo’lgan har qanday so’z sonsiz yuraklarni uyg’otadi.

Shu qatorda boshqa birovlarning senga ko’rgazgan mehr-muruvvatini ham unutmaslik kerak.

— Yurtdoshlarimizga tilaklaringiz…

— Bir-birimizdan mehrimizni ayamaylik!

Manba: «Mehr ko’zda», 2005 yil, sentyabr`

SHE’R — YURAK TARBIYASI

— She’r — ilohiy ne’mat deya e’tirof etiladi. Buning azaliy va abadiyligi ham barchaga ma’lum. Ayting-chi, she’rning mo»jizaviyligida qanday sir bor?

— She’riyat qadimdan, hali turog’u qofiyalar haqida tushunchalar bo’lmagan davrda ham, eng ibtidoiy zamonlarda ham mavjud bo’lgan. Chunki, fikrimcha, she’r hamisha inson tuyg’usi asosida yaratiladi.

Sobiq sho’ro davrida she’riyatdan, birinchi navbatda, ijtimoiylik talab qilinardi. Ijtimoiylik — bu doim jamiyatdagi muammolar yoki davlatchilik talablari bilan bog’liq hodisa. Muammolar yo’qoldimi, talablar o’zgardimi, ijtimoiy ruhdagi she’r ham o’z kuchini yo’qotadi.

Bundan yuz-ming yillar oldin yozilgan she’rlarda, birinchi galda shoir o’z tuyg’ulari bilan muxlis qalbini to’lqinlantirgan bo’lsa, yana yuz-ming yil keyin ham shu tuyg’ular o’quvchi yuragini hayajonga soladi va mana shu xususiyat bilan she’r she’rligini saqlab qoladi.

Har kimning o’z sevgan shoiri bor. Men Oybekni sevaman, yapon she’riyatiga qiziqaman. Yapon she’riyatida tuyg’ular yorqin tarzda ifodalanadi. Bir tinglab ko’ring-a:

Chetan devor yoqalab,
Kim kelsayam, gullagan
Olxo’ri gullarining
Atrini hidlamakka,
U mening do’stim bo’lur!

Zamonaviy she’riyatimizda, agar XX asr, xususan, sho’ro davri shoirlarining ko’p tomlik kitoblarini olib varaqlaganingizda tuyg’uga to’la she’rlar ozligini ko’rasiz. Ko’proq davrning ijtimoiy tomonlari aks etgan, o’sha zamon majburiyatlari bilan yozilgan she’rlar. Bu singari she’rlar vaqt o’tishi bilan o’zining aktualligini yo’qotib boraveradi. Masalan, Oybek 22 jildli asarlarida, aniqrog’i, shoirning she’rlari jamlangan 2-jildida (bir paytlar saralab kichkina to’plamcha qilganman) tuyg’ularga qurilgan she’rlar sanoqli. Bu hol o’sha davrda yashagan barcha shoirlarda mavjud.

Hamma zamonlarda ham she’riyat haqida bahs-munozaralar bo’lgan, she’riyatning ma’lum qirralari o’zgarib turgan. Qayta qurish davri yillarini eslasak, o’zbek she’riyati butunligicha ijtimoiylik xastaligiga chalingan edi. To’g’ri, bu davr talabi edi. Mana endi mustaqillik sharofati tufayli, she’riyatdagi bu talablarni tag-tomiri bilan uzib tashlash jarayoni boshlandi. Ammo, undan hali-beri qutulolmasak kerak. She’rbozlik, aslida shiorbozlik avjiga chiqayotganidan ko’z yumib bo’lmaydi.

Yuragi go’zal bo’lishini istagan inson adabiyotga mehr qo’yadi. Birov she’riyatga, boshqa birov nasrga ixlosmand. Bizda hozir she’riyat ma’lum ma’noda chetga chiqib qolganday ko’rinadi, Biroq quyosh, oy bor ekan, yulduzlar bor eqan, she’riyat yo’qolmaydi.

— She’riyat, adabiyot ma’naviy hayotimizning bir bo’lagi. She’rda ham hayot, inson taqdiri mujassam. Ayrim kitobxonlar bor: she’rni tavsiflashni, mohiyatini bilishmaydi, faqat o’qish, yodlash bilan kifoyalanishadi. Bunday to’tiqushlik bilan ma’naviy boylik orttirish mumkinmi?

— Asl she’r sahna yoki maydonga chiqib o’qiladigan deklamatsiya, shiorlardan iborat matn emas. Bu yolg’iz qolganingda, ko’ngling nimalarnidir qo’msaganda ma’naviy quvvat va insoniy his bag’ishlaydigan bir mo»jiza. Asl she’r Allohning ne’mati. Shuning uchun ham inson ko’pincha unutilgan tuyg’ularini sog’inganda, ularni yana qaytadan qalbida uyg’otishni istaganida yo qismat chigalliklariga javob izlaganda kitob titkilab yaxshi she’rlarni topib o’qiydi. Shaxsan men uchun bu singari she’rlarni ko’proq mumtoz adabiyotdan izlayman: Alisher Navoiy, Mirzo Bobur, Mashrab, So’fi Olloyor, Huvaydo, Cho’lpon, Usmon Nosir…

Haqiqatan ham, she’rni tushunish hammaga ham nasib qilavermaydi.

She’riyat — ma’naviy hayotimizning ajralmas ruhi, komil insonlarning yo’ldoshi. Shunday ekan, uni o’qish ham ma’naviy insonning vazifasiga kiradi. Bundan endi hamma she’r o’qishi shart degan ma’no kelib chiqmasligi kerak. Umrini ma’no bilan to’ldirishni istagan inson she’r o’qiydi. Ma’naviyat degani ham aslida umrni ma’no bilan to’ldirish emasmi?

Agar bugungi yoshlarni nazarda tutadigan bo’lsak, ularning ota-onalari kitobga bo’lgan mehrni farzandlariga ham yuqtirgan bo’lishsa, kitobni sevishga o’rgatgan bo’lishsa nur ustiga a’lo nur.

Hayotiy fojialar ta’sirida ham kitobga mehr uyg’onishi mumkin. Biroq kitob, she’r, bu eng avvalo, yurak tarbiyasi. Yurak madaniyati.

Men hozir qullik qarshi kurashgan afro-amerikali yozuvchi Frederik Duglasning asoratdagi qavmdoshlariga qarata aytgan «O’qishni o’rgansangiz, umrbod ozod bo’lasiz» degan gapini esladim. Kitobni tanimagan, mutolaani bilmagan odam, muayyan ma’noda, qullik ichidadir. Uning tabiatida fikrsizlik urchiydi, vaziyat va muammo oldida itoatda yashaydi. Kitob insonga, uning fikriga qanot bag’ishlaydi, tubandan yuksakka ko’taradi. Bu masalada, ayniqsa, onaning kitobga yaqinligi har bir millat taraqqiyotida eng olamshumul o’rin tutadi. Millatda kitobxon onalarning ko’pligi uning kelajagiga ishonch bilan qarashning poydevoridir.

Yurak nur taratgan she’rda hayot bor, qismat bor, insoniyat mezoni bor. Butun his-tuyg’ular yurakda uyg’onadi, keyin butun vujudimizga o’tadi. Shu ma’noda maktablarda adabiyot o’qituvchilari adabiyot darsini yurakni tarbiya qilish asnosida, ya’ni she’rni sevishga o’rgatishsa, shu jarayonda o’quvchilarning yuragida hayotga muhabbatni uyg’ota olishsa, yaxshi ish bo’lardi. Chunki jamiyatning kelajagi, ravnaqi ham hozirgi yoshlarning tarbiyasi bilan bog’liq.

Hozirda maktabdagi adabiyot darsliklari vatan haqidagi she’rlar bilan chegaralanib qolgan. To’g’ri, har bir odam vatanparvar bo’lishi, avvalo, uning insoniy burchi, biroq hayot, tabiat go’zalligi, inson umriga daxldor bo’lgan boshqa turmush manzaralaridan ham bahramand bo’lishsa, o’quvchilarning dunyoqarashi kengayib, hayotni teranroq o’rganishadi.

— Shoir — ruhan ozod qush. Hurfikrliligi va erkinlikka topinishining boisi ham shundamikan?

— Hozirda shoir ko’p. Ammo she’rlar kam. Xat-savodi yo’q odam ham to’rtta so’zni birlashtirib, she’r yozdim deydi. «Asalim, g’azalim» deb, so’zlarni qofiyalashtirgan bilan she’r tug’ilmaydi. Qofiyabozlik — shoirga yarashmaydigan katta illat.

Shoir, birinchidan, shaxs bo’lishi kerak. U insonning mavjudligini, uning tabiatini asrashga, himoya qilishga qodir shaxs bo’lishi kerak. Bugun dunyo jiddiy o’zgardi. Bugun qo’liga qalam olishni emas, qo’liga qurol olishni istaydigan odamlar ko’paymoqda.

Asl shoir o’z fikr-zikri bilan ozodlikni xohlaydi. Insoniyatni asrab qolishga, uning ruhiyatini o’stirishga xizmat qiladi. Bu borada undagi vatanparvarlik, mehr-oqibat, insoniylik kabi yetuk fazilatlar tashviqot vazifasini o’taydi.

Sobiq sho’ro davrida, undan oldingi davrlarda ham ulug’ bobolarimizning she’rlari taftish qilingan, din bilan chog’ishtirilgan. Nega? Mohiyatan erkinlik, fikriy ozodlik, komillikka intilish singari ezgu maqsadlar bor bo’yicha aks etgan bu she’rlarda. Masalan, Boburni olaylik, shoh bo’lgan, taxtda o’tirgan. U xam insonlarning komillikka, ozodlikka erishishi uchun xizmat qilgan. Navoiy hokimiyat qudratiga ega bo’lgan. Xo’ja Ahror juda katta mavqe va boylikga ega bo’lgandayam, komillikka intilishni maqsad etgan, «Men o’zimni boylik eshigiga bog’lab qo’ymadim», degan. Bu haqida ko’p xalq rivoyatlari bor. Xullas, barcha haqiqatparvar, erksevar oydinlar komillik uchun intilgan, ozodlik uchun kurashgan va bu jarayonni o’z asarlarida aks ettirishgan.

— «Ota» she’ringizga alohida to’xtalmoqchiman. Bu she’r qo’shiq bo’lgani uchun emas, avvalo, ma’nan katta qiymatga ega bo’lgani uchun qadrli. Insoniylik, ms’hr-muhabbat, burch va fidoyilik singari fazilatlar odamni yana bir bor hushyorlikka, ezgulikka undaydi. Mana shu she’rning yaralish tarixi haqida…

— Ota haqidagi she’rga to’xtalmoqchi bo’lsam, yuragimda bir armon chuqur iz qoldirgan. Men Germaniya degan yurtning sharqiy qismida harbiy xizmatda burchimni o’tab yurgan paytda, otam vafot etganlar. Uzoq mamlakatdan salkam bir oy deganda otam mozori boshiga kela olganman.

Men otamning erka o’g’li bo’lganman. Otamdan erta ajralish hissi, so’nggi lahzalarda yonlarida bo’lmaganim, tobutlarini ko’tarmaganim armon bo’lib qolgan.. Oradan ancha vaqt o’tgandan keyin o’g’illik bo’lganimda, mana shu nevaralarni bir ko’rsalar edi, degan achchiq o’y uyg’ongandi yurakda. Endi bu insoniy bir dard. Ana shunda yozilgan bu she’r.

Ota-onam haqida ko’p she’rlar yozganman. Mana shunisi qo’shiqqa aylandi. Bu she’rning qo’shiq bo’lishi ham tasodif. Taniqli qo’shiqchi Azim Mullaxonov mashinada ketayotib, allaqaysi jurnalni varaqlab o’tirgan-da, shu she’rni o’qib varaqni yirtib olgan-da, keyin o’sha kuniyoq kuy bastalab, qo’shiq qilgan.

— Hozirda  yaratilayotgan qo’shiqlar matni haqida fikringizni bilmoqchi edim…

— Bugungi qo’shiqlar she’rdan emas, chalasavod havaskorlik darajasida yozilgan «tekst»lardan paydo bo’lmoqda. Bu «tekst»larda sir yo’q, hayajon yo’q, tuyg’u yo’q. She’r, oldin ham aytib o’tganimdek, aslida tuyg’u tilida yoziladi. Har bir she’r o’z siri, dunyosi bilan tug’iladi.

— Aksariyat shs’rlar pessimistik ruh bilan sug’orilgan. Bu mumtoz adabiyotimizda ham ko’zga tashlanadi. She’r chindan ham darddan tug’iladimi?

— Hazrat Navoiyda «Dardi yo’q inson inson emas» mazmunidagi satrlar bor. Chindan ham, dardi bo’lmagan odamning hayvondan farqi yo’q-da!

She’riyatdagi asosiy motivlardan biri bu — dard. Ammo, dardni pissimistik ruh natijasi deb qaramaslik kerak.

Dard hamisha yorqin tuyg’ular, insonning ko’nglini sug’oradigan tiriklik suvidir. Lekin odamning hayotdan ko’ngli qolsa, bu endi dard emas. Hayotdan norizolik qabilida yoziladigan she’rlarni xam she’r deb bo’lmaydi. Dard shunday bo’lishi kerakki, hayotga intilish, muhabbat bilan saqlanishi zarur. Dardlarning eng kattasi Muhabbatdir.

Doimo ezgulik bilan yovuzlik o’rtasida kurash ketadi, biroq ezgulik hamisha g’alaba qozonavermaydi. Lekin bu hammasi tugadi degani emas, kurash davom etaveradi.

— Bugungi milliy shs’riyatimizning qadr-qiymati borasidagi fikrlaringiz…

— Adabiyot shoirlarning soni bilan emas, saviyasi bilan belgilanadi. Hozirda yaxshi shoirlar bor. Ular yozishayapti. Xalqning, muxlislarning olqishlariga sazovor bo’lishayapti.

O’zbek she’riyatining ildizi baquvvat. U ko’p tanazzullarni ko’rgan bo’lsa-da, doim yengib kelgan.

— Muxlislarga tilaklaringizni bildirsangiz…

— Suhbatimizdan kelib chiqib, men, avvalo, yurak tarbiyasiga ko’proq e’tibor qaratish kerakligini aloqida ta’kidlamoqchiman. Bu faqat she’r, adabiyot, umuman, kitob, mutolaa bilangina emas, san’at, musiqa, insonni ko’nglini yoritadigan barcha yaratuvchilikka qodir jabhalar bilan loyiq tarbiyalanishini istardim.

Alloh insonning qilgan ishlariga qarab emas, yuragiga nazar solib, yaxshi-yomonligini biladi. Shuning uchun faqat ezgu niyatlar bilan yashaylik. Bir-birimizning mehr-oqibatimizni unutmaylik. Doim yuragimiz tarbiyasiga e’tibor beraylik!

Manba: «Bekajon», 2007 yil, 89-son

021

(Tashriflar: umumiy 17 415, bugungi 1)

Izoh qoldiring