Xurshid Davron. Mirzo Boburning ikki ruboiysi sharhi.

7714 феврал — Мирзо Бобур таваллуд топган кун

   Одатда ғазал ва рубоий шарҳига киришган адабиётшунос олимлар уларнинг бадиий табиатини ёритишни асосий мақсад қиладилар.  Мен эса шарҳ этажагим асарнинг,масалан,Алишер Навоий қитъаларининг ёки Мирзо Бобур рубоийларининг ёзилишига сабаб бўлган тарихий воқеаларни аниқлашга эътиборимни қаратаман. Бу менинг бошқа шарҳловчилардан фарқли жиҳатимдир.  Шарҳни айни шу тарзда баён этишдан мақсад нима?  Бу мақсад бир қатор асарларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган тарихий воқеаларни билмаслик оқибатида уларнинг нотўғри талқин этиш,изоҳлаш давом этаётганини кўриб,бу нотўғри англашни тузатиш истагидан туғилган.

Масалан, «Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди» мисраси билан бошланган рубоийсини шу пайтгача  фақат Мирзо Бобурнинг ватанни тарк этиши билан боғлашади ва фақатгина тарки ватан изтироби шоир учун «юз қаролиғ бўлди» деган гапни такрорлашдан уёғига ўтишмайди.  Ҳолбуки, бу «юз қаролиғ»ликнинг жуда жиддий тарихий асослари бор. Бу тарихий асослар ўша даврнинг бир қатор тарихий солномаларида ўз аксини топган ва улар Мирзо Бобурни  умрининг охиригача чинакамига изтиробга солган  «юз қаролиғ»и  сабабларини очиб беради.

Хуршид Даврон
КЎНГЛИ ТИЛАГАН МУРОДИҒА ЕТСА КИШИ…
( Икки рубоий шарҳи )
021

099 Бобур мирзо ижодий камолотининг олий самараси унинг рубоийларидир.  Рубоий қисқа ва шиддатли кечган шоир ва саркарда ҳаётининг табиатига мос — бирор дам хотиржам ижод билан шуғулланишга имкон топилмаган Бобур мирзо тўрт сатрда юрагида ойлар, йиллар тўпланиб қолган дарду ҳасратини аён этган эди.  Абдурауф Фитрат шоирнинг бу фазилатини аниқ қайд қилиб, ёзади: «Бизнинг шоирларимиздан ўзини Хайёмга ўхшатишга тиришганлари кўп. Навоийнинг, Лутфийнинг,Умархоннинг, Фазлийнинг ва бошқаларнинг хайёмона рубоийлари йўқ эмас, бор. Лекин буларнинг ҳеч бири рубоийда Хайёмга яқинлаша олмади…  Хайёмга яқинлашишга муваффақ бўлган бирдан-бир шоир Бобур мирзодир.  Бобурнинг рубоийларида бўлган очиқлик, соддалик Хайёмга ўхшайдир».

Бу фикрни Ойбек қуйидагича тасдиқлайди: «Бобурнинг рубоийлари унинг поэзиясининг чўққисидир. Бобурдан олдинги ва кейинги шоирлар бу бобда унга ета олмаганлар. Умар Хайёмнинг рубоийлари каби унинг рубоийлари ҳам фалсафий фикрларга бой, шаклан мукаммал».

Биз бу ўринда Бобур мирзонинг айрим рубоийларини шарҳу баён этишни мақсад этиб,диққатимизни кўпроқ уларнинг яратилишига сабабчи бўлган тарихий воқеаларга қаратдик.

Биринчи рубоий шарҳи

Кўнгли тилаган муродиға етса киши,
Ё барча муродларни тарк этса киши,
Бу икки муяссар ўлмаса оламда,
Бошини олиб бир сориға кетса киши.

09Бу армонли сатрлар Бобур мирзо ҳаётининг мухтасар тарихига ўхшайди.  Биз бу рубоий қачон яратилганини аниқ билмаймиз, у шоирнинг йигитлик айёмида ҳам, умрининг шомида ҳам ёзилган бўлиши мумкин. Агар бу сатрлар йигитликда ёзилган бўлса, бу истак — башорат, умр сўнгида битилган бўлса, аччиқ надоматдан дарак беради.

Кўнгли тилаган муродиға етса киши…

Бобур мирзонинг кўнгил муроди аждодлари тупроғида юзага келган буҳронни бартараф этиш, Самарқанд тахтини эгаллаш билан Мовароуннаҳрда бобокалони соҳибқирон Амир Темурнинг ягона салтанатини қайта тиклаш эди. Аммо, «мудом тўқнашувлар, бироқ тақдир ўқиға тадбир қалқони дош бера олмагач, бирор натижа чиқара олмади». Унинг қизи Гулбаданбегим «Ҳумоюннома»да ёзади: «Тўлиқ ўн бир йил давомида Мовароуннаҳр ўлкасида чиғатой, темурий ва ўзбек султонлари билан шундай жанглар ва мудофаалар қилдиларки, уларнинг сонини тўла баён қилишга қалам тили ожиз ва нуқсонлидир. Жаҳонгирлик бобида ҳазратимиз тортган қадар машаққат ва хатарлар кам кишиларга учраган. У ҳазратга дуч келган уқубат ва хатарлар оз подшоҳларга дуч келган. Уч қайта Самарқандни қилич зўри билан фатҳ қилдилар. Биринчи марта подшоҳ бобом ҳазратлари ўн икки ёшда, иккинчи мартада ўн тўққиз ёшда ва учинчи марта эса йигирма икки ёшда эдилар… (Бу ерда Гулбанданбегим хато қилади: Бобур Самарқандни илк фатҳ этганда ўн тўрт, иккинчи мартада — ўн етти, учинчи мартада йигирма саккиз ёшда бўлган. Х.Д) Олти ой давомида Самарқандни олмоққа уриндилар, лекин мақсадларига ета олмадилар».

Ё барча муродларни тарк этса киши…

Бу сатрда Бобур мирзонинг бошқа бир изтироби, бошқа бир армони яширин.  Ўн бир-ўн икки ёшидан бошлаб умри шиддатли жангу жадал, машаққату сарсонлик ичида кечган, муродига етолмай она юртдан қувғин бўлган Бобур мирзо кейинчалик улуғвор салтанат тузишга эришган бўлса-да, кўнгли ғариб бўлиб қолаверди. Унинг масъум кўнгли ҳаловат истар,салтанат эса ҳаловат беролмасди.Унинг назарида «Подшоҳлик била ёлғизлик рост келмас». Шу сабабдан ҳам ўзини подшоҳликдан қутқармоқ тилаган Бобур умрининг шомини ижодга, сўфиёна турмушга бағишлашни орзу қиларди.

Аслида бу унинг энг ботиний армони эди, барча истакларни тарк этиш истаги эди.  Ўша йиллари Бобур хилватнишинликни ихтиёр қилиш мақсадида бир неча марта:»Кўнглим салтанат ва подшоҳликдан олинди, шу Зарафшон боғида бир бурчакда ўтирсам, подшоҳликни Ҳумоюнга берсам», — деган эди.У дунёдан кўз юмиш олдидан ҳам «Шу мақсадимга етмадим» дея армон қилади.

Бу икки муяссар бўлмаса оламда,
Бошини олиб бир сориға кетса киши…

Дарҳақиқат, охир-оқибат шундай бўлди. Бобур мирзо бу икки муродига ҳам етолмади. Биринчи муроди забун бўлгач, ҳижратга — Кобулу Ҳинд «сориға юзланиб, бошини олиб оёқ етгунча» кетди.

Иккинчи рубоий шарҳи

099 «Бобурнома»да шундай сатрлар бор: «Хотиримга келдиким, токай саргардон бўлуб турмоқ керак, бир тарафға талаб қилолайин деб… Улуғ-кичик мени умидворлик била иргашиб юруйдурғонлар икки юздин кўпрак, уч юздин озроқ бўлғай. Аксар яёқ ва иликларида таёқ ва оёқларида чоруқ ва эгинларида чопон эрди».

Шу боришда Кобулу Ғазнини эгаллаган Бобур олти йилдан сўнг яна бир карра Шоҳ Исмоил кўмагида Самарқанд тахтини эгаллашга уриниб, шайбонийлардан икки дафъа мағлубиятга учрагач, мангуга тарки ватан қилди.  Шундан сўнг, Гулбаданбегим ёзганидек, «яна Мовароуннаҳрни қўлга киритиш хаёлини тамоман кўнгилдан чиқариб ташладилар».
Аммо, шаддот қизи «кўнгилдан чиқариб ташладилар» деб айтган Она Ватан орзуси Бобур мирзони энг сўнгги кунгача тарк этмади. Умрининг шомида энг қайғули ва маҳзун сатрларни битди:

Толеъ  йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўюб, Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Бу рубоий, биз юқорида таҳқиқ қилган рубоийнинг давомига ўхшайди.  Бундаги чорасиз алам ўз муродига етолмаган киши кўнглидаги изтироблар натижасидир.  Толеъ йўқлиги туфайли балога учраган Бобур қандай хатолар ҳақида гапиради?  У балки Андижонни мустаҳкам қилмай, ёшлик завқидан маст, енгил-елпи тайёргарлик билан Самарқанд устига юриш бошлагани, оқибатда ҳам Андижондан, ҳам Самарқанддан айрилганини назарда тутаётгандир?  Ёки иккинчи марта Самарқандни фатҳ этгач, кўп ўтмай, қамалда қолиб, суюкли опаси Хонзодабегимни Шайбонийхонга ўз қўли билан бериб қўйгани, эгачисининг оғир қисматига айбдорлигини айтмоқчими?  Ёки учинчи марта — Самарқандни эгаллаш истаги зўр келиб номуносиб ишга қўл ургани — сунний мазҳабли Мовароуннаҳрга шиаъ мазҳабли Шоҳ Исмоил қўшинини бошлаб келганини айтмоқдами?

Ҳа, албатта! Бобур мана шуларнинг барчаси хатолиғ бўлганини айтиб, алам чекмоқда. Мана шу хатолар, айниқса, сўнгги хато сабабидан, муаррихлардан бири ёзганидек,»Мовароуннаҳр халқи бошда подшоҳ (Бобур)нинг бу ғалабасидан мамнун бўлса ҳам, охирида ундан кўзлаган умиди юзага чиқмади». Бобур мирзонинг сўнгги хатоси туфайли нафақат оддий халқ, ўша даврнинг нуфузли шахслари ҳам ундан норози бўлган эди. Норози бўлиш нима, ундан юз ўгирган эди. Бу ўринда мазкур даврнинг йирик арбобларидан бири Шайх Худойдоди Валий билан боғлиқ воқеани эслаш кифоя. Шоҳ Исмоилнинг амири аъзами бўлмиш Нажми Соний қўшини кўмагида 1511 йилнинг кузида Самарқандни эгаллаган Бобур мирзо Шайх Худойдоди Валий ҳузурига вакил юбориб, шу пайтгача шайбонийларни қўллагани учун унга дашном бериш мақсадида ўз ҳузурига чорлайди. Шунда Вали бобо Бобур мирзонинг шиаълар билан иттифоқ тузганига ишора қилиб,»Бу ерда ким мусулмонроқ бўлса, ўша подшоҳ бўлади», — деб унинг ҳузурига боришдан бош тортади. Бу аччиқ сўзлар чорасиз қолганидан нотўғри тадбирга қўл урган саргардон мирзонинг юрак-бағрини умрининг охиригача куйдириб юрди.

Бобур мирзо айнан шу машъум хатоси туфайли «не юз қаролиғ бўлди?» деб фарёд чекади:

Ўз ерни қўюб, Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

1993

Манба: «Маърифат»  газетасида босилган

92

Odatda g’azal va ruboiy sharhiga kirishgan olimu adabiyotshunoslar ularning badiiy tabiatini yoritishni asosiy maqsad qiladilar. Men esa sharh etajagim asarning,masalan,Alisher Navoiy qit’alarining yoki Mirzo Bobur ruboiylarining yozilishiga sabab bo’lgan tarixiy voqealarni aniqlashga e’tiborimni qarataman. Bu mening boshqa sharhlovchilardan farqli jihatimdir. Sharhni ayni shu tarzda bayon etishdan maqsad nima? Bu maqsad bir qator asarlarning paydo bo’lishiga sabab bo’lgan tarixiy voqealarni bilmaslik oqibatida ularning noto’g’ri talqin etish,izohlash davom etayotganini ko’rib,bu noto’g’ri anglashni tuzatish istagidan tug’ilgan.

Masalan, «Tole’ yo’qi jonimg’a balolig’ bo’ldi» misrasi bilan boshlangan ruboiysini shu paytgacha Mirzo Boburning vatanni tark etishi bilan bog’lashadi va tarki vatan iztirobi shoir uchun «yuz qarolig’ bo’ldi» degan gapni takrorlashdan uyog’iga o’tishmaydi. Holbuki, bu «yuz qarolig'»likning juda jiddiy tarixiy asoslari borligini bilishmaydi. Bu tarixiy asoslar o’sha davrning bir qator tarixiy solnomalarida o’z aksini topgan va ular Mirzo Boburning chinakamiga umrining oxirigacha iztirobga solgan «yuz qarolig'»i sabablarini ochib beradi.

Xurshid Davron
KO’NGLI TILAGAN MURODIG’A YETSA KISHI…
( Ikki ruboiy sharhi )
021

099 Bobur mirzo ijodiy kamolotining oliy samarasi uning ruboiylaridir. Ruboiy qisqa va shiddatli kechgan shoir va sarkarda hayotining tabiatiga mos — biror dam xotirjam ijod bilan shug’ullanishga imkon topilmagan Bobur mirzo to’rt satrda yuragida oylar, yillar to’planib qolgan dardu hasratini ayon etgan edi.   Abdurauf Fitrat shoirning bu fazilatini aniq qayd qilib, yozadi: «Bizning shoirlarimizdan o’zini Xayyomga o’xshatishga tirishganlari ko’p. Navoiyning, Lutfiyning,Umarxonning, Fazliyning va boshqalarning xayyomona ruboiylari yo’q emas, bor. Lekin bularning hech biri ruboiyda Xayyomga yaqinlasha olmadi…  Xayyomga yaqinlashishga muvaffaq bo’lgan birdan-bir shoir Bobur mirzodir. Boburning ruboiylarida bo’lgan ochiqlik, soddalik Xayyomga o’xshaydir».

Bu fikrni Oybek quyidagicha tasdiqlaydi: «Boburning ruboiylari uning poeziyasining cho’qqisidir. Boburdan oldingi va keyingi shoirlar bu bobda unga yeta olmaganlar. Umar Xayyomning ruboiylari kabi uning ruboiylari ham falsafiy fikrlarga boy, shaklan mukammal».

Biz bu o’rinda Bobur mirzoning ayrim ruboiylarini sharhu bayon etishni maqsad etib,diqqatimizni ko’proq ularning yaratilishiga sababchi bo’lgan tarixiy voqealarga qaratdik.

Birinchi ruboiy sharhi

Ko’ngli tilagan murodig’a yetsa kishi,
YO barcha murodlarni tark etsa kishi,
Bu ikki muyassar o’lmasa olamda,
Boshini olib bir sorig’a ketsa kishi.

08Bu armonli satrlar Bobur mirzo hayotining muxtasar tarixiga o’xshaydi. Biz bu ruboiy qachon yaratilganini aniq bilmaymiz, u shoirning yigitlik ayyomida ham, umrining shomida ham yozilgan bo’lishi mumkin. Agar bu satrlar yigitlikda yozilgan bo’lsa, bu istak — bashorat, umr so’ngida bitilgan bo’lsa, achchiq nadomatdan darak beradi.

Ko’ngli tilagan murodig’a yetsa kishi…

Bobur mirzoning ko’ngil murodi ajdodlari tuprog’ida yuzaga kelgan buhronni bartaraf etish, Samarqand taxtini egallash bilan Movarounnahrda bobokaloni sohibqiron Amir Temurning yagona saltanatini qayta tiklash edi. Ammo, «mudom to’qnashuvlar, biroq taqdir o’qig’a tadbir qalqoni dosh bera olmagach, biror natija chiqara olmadi». Uning qizi Gulbadanbegim «Humoyunnoma»da yozadi: «To’liq o’n bir yil davomida Movarounnahr o’lkasida chig’atoy, temuriy va o’zbek  sultonlari bilan shunday janglar va mudofaalar qildilarki, ularning sonini to’la bayon qilishga qalam tili ojiz va nuqsonlidir. Jahongirlik bobida hazratimiz tortgan qadar mashaqqat va xatarlar kam kishilarga uchragan. U hazratga duch kelgan uqubat va xatarlar oz podshohlarga duch kelgan. Uch qayta Samarqandni qilich zo’ri bilan fath qildilar. Birinchi marta podshoh bobom hazratlari o’n ikki yoshda, ikkinchi martada o’n to’qqiz yoshda va uchinchi marta esa yigirma ikki yoshda edilar… (Bu yerda Gulbandanbegim xato qiladi: Bobur Samarqandni ilk fath etganda o’n to’rt, ikkinchi martada — o’n yetti, uchinchi martada yigirma sakkiz yoshda bo’lgan. X.D) Olti oy davomida Samarqandni olmoqqa urindilar, lekin maqsadlariga yeta olmadilar».

Yо barcha murodlarni tark etsa kishi…

Bu satrda Bobur mirzoning boshqa bir iztirobi, boshqa bir armoni yashirin. O’n bir-o’n ikki yoshidan boshlab umri shiddatli jangu jadal, mashaqqatu sarsonlik ichida kechgan, murodiga yetolmay ona yurtdan quvg’in bo’lgan Bobur mirzo keyinchalik ulug’vor saltanat tuzishga erishgan bo’lsa-da, ko’ngli g’arib bo’lib qolaverdi.

Uning mas’um ko’ngli halovat istar,saltanat esa halovat berolmasdi.Uning nazarida «Podshohlik bila yolg’izlik rost kelmas». Shu sababdan ham o’zini podshohlikdan qutqarmoq tilagan Bobur umrining shomini ijodga, so’fiyona turmushga bag’ishlashni orzu qilardi.

Aslida bu uning eng botiniy armoni edi,barcha istaklarni tark etish istagi edi. O’sha yillari Bobur xilvatnishinlikni ixtiyor qilish maqsadida bir necha marta:»Ko’nglim saltanat va podshohlikdan olindi, shu Zarafshon bog’ida bir burchakda o’tirsam, podshohlikni Humoyunga bersam», — degan edi.U dunyodan ko’z yumish oldidan ham «Shu maqsadimga yetmadim» deya armon qiladi.

Bu ikki muyassar bo’lmasa olamda,
Boshini olib bir sorig’a ketsa kishi…

Darhaqiqat, oxir-oqibat shunday bo’ldi. Bobur mirzo bu ikki murodiga ham yetolmadi. Birinchi murodi zabun bo’lgach, hijratga — Kobulu Hind «sorig’a yuzlanib, boshini olib oyoq yetguncha» ketdi.

Ikkinchi ruboiy sharhi

099 «Boburnoma»da shunday satrlar bor: «Xotirimga keldikim, tokay sargardon bo’lub turmoq kerak, bir tarafg’a talab qilolayin deb… Ulug’-kichik meni umidvorlik bila irgashib yuruydurg’onlar ikki yuzdin ko’prak, uch yuzdin ozroq bo’lg’ay. Aksar yayoq va iliklarida tayoq va oyoqlarida choruq va eginlarida chopon erdi».

Shu borishda Kobulu G’aznini egallagan Bobur olti yildan so’ng yana bir karra Shoh Ismoil ko’magida Samarqand taxtini egallashga urinib, shayboniylardan ikki daf’a mag’lubiyatga uchragach, manguga tarki vatan qildi. Shundan so’ng, Gulbadanbegim yozganidek, «yana Movarounnahrni qo’lga kiritish xayolini tamoman ko’ngildan chiqarib tashladilar».
Ammo, shaddot qizi «ko’ngildan chiqarib tashladilar» deb aytgan Ona Vatan orzusi Bobur mirzoni eng so’nggi kungacha tark etmadi. Umrining shomida eng qayg’uli va mahzun satrlarni bitdi:

Tole’ yo’qi jonimg’a balolig’ bo’ldi,
Har ishniki ayladim, xatolig’ bo’ldi.
O’z yerni qo’yub, Hind sori yuzlandim,
Yorab, netayin, ne yuz qarolig’ bo’ldi.

Bu ruboiy, biz yuqorida tahqiq qilgan ruboiyning davomiga o’xshaydi. Bundagi chorasiz alam o’z murodiga yetolmagan kishi ko’nglidagi iztiroblar natijasidir.Tole’ yo’qligi tufayli baloga uchragan Bobur qanday xatolar haqida gapiradi? U balki Andijonni mustahkam qilmay, yoshlik zavqidan mast, yengil-yelpi tayyorgarlik bilan Samarqand ustiga yurish boshlagani, oqibatda ham Andijondan, ham Samarqanddan ayrilganini nazarda tutayotgandir? Yoki ikkinchi marta Samarqandni fath etgach, ko’p o’tmay, qamalda qolib, suyukli opasi Xonzodabegimni Shayboniyxonga o’z qo’li bilan berib qo’ygani, egachisining og’ir qismatiga aybdorligini aytmoqchimi? Yoki uchinchi marta — Samarqandni egallash istagi zo’r kelib nomunosib ishga qo’l urgani — sunniy mazhabli Movarounnahrga shia’ mazhabli Shoh Ismoil qo’shinini boshlab kelganini aytmoqdami?

Ha, albatta! Bobur mana shularning barchasi xatolig’ bo’lganini aytib, alam chekmoqda. Mana shu xatolar, ayniqsa, so’nggi xato sababidan, muarrixlardan biri yozganidek,»Movarounnahr xalqi boshda podshoh (Bobur)ning bu g’alabasidan mamnun bo’lsa ham, oxirida undan ko’zlagan umidi yuzaga chiqmadi». Bobur mirzoning so’nggi xatosi tufayli nafaqat oddiy xalq, o’sha davrning nufuzli shaxslari ham undan norozi bo’lgan edi. Norozi bo’lish nima, undan yuz o’girgan edi. Bu o’rinda mazkur davrning yirik arboblaridan biri Shayx Xudoydodi Valiy bilan bog’liq voqeani eslash kifoya. Shoh Ismoilning amiri a’zami bo’lmish Najmi Soniy qo’shini ko’magida 1511 yilning kuzida Samarqandni egallagan Bobur mirzo Shayx Xudoydodi Valiy huzuriga vakil yuborib, shu paytgacha shayboniylarni qo’llagani uchun unga dashnom berish maqsadida o’z huzuriga chorlaydi. Shunda Vali bobo Bobur mirzoning shia’lar bilan ittifoq tuzganiga ishora qilib,»Bu yerda kim  musulmonroq bo’lsa, o’sha podshoh bo’ladi», — deb uning huzuriga borishdan bosh tortadi. Bu achchiq so’zlar chorasiz qolganidan noto’g’ri tadbirga qo’l urgan sargardon mirzoning yurak-bag’rini umrining oxirigacha kuydirib yurdi.

Bobur mirzo aynan shu mash’um xatosi tufayli «ne yuz qarolig’ bo’ldi?» deb faryod chekadi:

O’z yerni qo’yub, Hind sori yuzlandim,
Yorab, netayin, ne yuz qarolig’ bo’ldi.

1993

Manba:  «Ma’rifat» gazetasida bosilgan

05

(Tashriflar: umumiy 671, bugungi 1)

5 izoh

  1. Раҳмат, устоз! Мана шундай таҳлиллар Сўз осмонида ою офтобдай порлаган улуғ шоирларимизни кўпчиликка яқинлаштиради.

  2. Нима десам, аввалом бор Бобур мирзонинг хаётининг узи хар томонлама етук хам бадиий, хам тарихий бир китоб. Соний менинг фикримча:

    Толеъ йуки, жонимга балолиг булди.

    Тожу тахтнинг узи бир Толеъ, узи бир бахт. Ушбу бахт менинг бошимга бало булди, деган эмасмикин деб уйга толаман.
    Унинг фикрлари серкирра хакикатан хам устоз Х. Даврон яхши, аник, далилар билан тахлил килибдилар

  3. Заҳириддин Муҳаммад Бобур қисмати, у босиб ўтган мураккаб ҳаёт йўли одамни ўйга толдиради. Бу ўйлар оддий ўйлар эмас. Улар кишининг ички дунёсини остин-устун қилиб юборади. «Бобурнома»ни ҳар қишда бир марта ўқиб чиқишга одатланганман. Ҳар гал ҳайрон қоламан, «Бобур» исмли инсон фитратида жамланган синоат сабабини тушунолмайман. Гарчи унинг ўзи умридаги барча эзгуликларини, жамики хатоларини, берган қурбонлари-ю қучган зафарларини очиқ-ошкор баён этган бўлса-да, бу умр йўли тақдири азалнинг ажаб ўйини бўлиб туюлаверади. Хуллас, бир томонда «сиёсат учун бир-иккитасини пора-пора қилдирған, уруш майдонларида калладан миноралар ясатган шоҳ Бобур, яна бир томонда «Хазон япроғи янглиғ гул юзинг ҳажрида сарғардим», деб турган шоир Бобур… Лекин нимагадир «Бобурнома»даги иқрорларни ўқиган инсон Бобурни ёмон кўрмайди, кўролмайди… Ҳарқалай, Бобур ўз даври улуғларининг дуосини олган, шу дуолар баракасида Амир Темур салтанатидан кейинги йирик салтанатни тиклаган инсон. Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор унга бежиз «Заҳири дини Муҳаммад» деб исм бермаганлари аниқ.

  4. Бобур таназзулга учраетган сулоланинг хеч булмаганда бир узанини Хинд сорига етаклаб борди хамда уни янги ном ва янги шавкат билан давом эттирди. У, шубхасиз, бетакрор ва йирик шахсдир

Izoh qoldiring