Xurshid Davron: Hayotimda ikki-uch bor vijdonsizu iymonsizlarga to’qnash kelganman

02
Ота-онаси ўқиганини кўрган  болалар китоб ўқийди, демак, оилада китобга меҳр ва мутолаа маданиятини тарбиялаш керак.. Қадимий турк эпоси “Дада Қурқут”да шундай ҳикмат бор: “ Она минг марта қизига “Уни қил, буни қил!” демасин, бундан фойда йўқ. Она ўша нарсани ўзи мунтазам қилсагина, қизи ҳам қилади”. Яъни “Қуш уясида кўрганини қилади”.

09
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ ХУРШИД ДАВРОН БИЛАН ФИКРБАЗМ
Тақдим этилаётган суҳбат матни газетадагисидан фарқ қилади.
«Оила даврасида» мухбири Умид Ёқубов ёзиб олди.

08

1. Собитхон Одилов, навоийлик муаллим:
— Бир пайтлар «Қўрқоқ бўлсанг, қўрқоқ бўлар шеър», дея ёзгандингиз. Ўтган йиллар давомида бу фикрингиз қанчалар ўзгарди ёки ривожланди?

— Бу сатрлар менинг илк китобимдаги шеърдан олинган. Салкам 35 йил ўтган бўлса ҳам фикр ўзгаргани йўқ. Чунки шеър ичингдан чиқади, ўша лаҳзадаги ҳолату кайфиятингдан туғилади. Агар бир жойда қўрқоқлик қилган бўлсам, алдаган бўлсам, уни минг яширай, зукко шеърхон илғаб олади, сезади. Шу сабаб дўстим атоқли шоир Шавкат Раҳмон ёзганидек, “Шеър ёзиш ўлим билан юзма-юз туриб гаплашган билан баробар” бўлмоғи керак.
Юқорида айтилган фикримга муносабатим ўзгармаган дедим,аммо, шеър моҳиятини англаш доимо ривожланишда бўлган. Бу босиб ўтган йўл мобайнида орттирган ҳаётий тажрибалар таъсирида кечган.

2. Ашурали Абдуллаев, бойсунлик пенсионер:
— Кўп йиллар олдин Усмон Азим сизга берган саволни сал ўзгартирсак: «бугун Алпомишга нима иш топиб берамиз?».

— Бу савол ҳам шеър билан, “Алпомишнинг уйғониши” номли шеърим билан боғлиқ экан. 1982 йилда ёзилган бу шеър эълон қилингач бир зукко танқидчимиз, мен у кишини зукко ва маърифатли инсон сифатида ҳозир ҳам ҳурмат қиламан, матбуотда чиқиш қилиб, “Хуршид Даврон кекса авлод билан ёш авлодни қарама-қарши қўйишга уриняпти, хўш,Алпомишни уйғотсак у нима қилиб берарди?” деган саволларни кўтарган эди. Ҳолбуки, шеър миллий уйғониш ҳақида, Алпомиш эса ана шу уйғонишнинг тимсоли эди. Усмон Азим ўшанда менга шеър бағишлаб, гап нимадалигини била туриб, гапни сиёсатга бурган танқидчи акамизга аччиқ жавоб берган эди.

Мустақилликка эришдик, Алпомиш уйғонди. Бундан 20 йилча аввал “Тафаккур” журналида “Алпомишнинг уйғониши” номи билан миллий ғояга бағишланган мақола ҳам ҳам ёздим.

05“Бугун Алпомишга нима иш топиб берамиз” саволига келсак, асл Алпомиш бизнинг нима иш топиб беришимизга зор эмас. У ҳозир ҳам адолат учун курашиб юрибди. Менинг ва Усмон аканинг шеърида тилга олинган оталар бугун уйқудан мудрашга ўтишган. Ана шу мудраб ётган, Алпомиш авлоди эканини унутганганларга келсак, сизнинг саволингизга жавоб топиш машаққатга айланади.

3. Орзубек Баҳодиров, филолог:
— Тарихий роман ё достон атамалари бадиият қонуниятларига қанчалар дахлдор? Аниқ тарихий шахс ҳақида ёзилган асар бадииятга тегишлими ё публицистикага?

— Орзубек, филолог бўлсангиз ҳам, адабиётдан бехабар одам берадиган саволларни берибсиз. Иккинчи саволингиздан бошласак. Бадиият билан публицистика мутлақо бошқа-бошқа тушунчалардир. Бадиият асар мазмуни, ёзувчи маҳорати билан боғлиқ. Бадиият, яъни, бадиийлик — бадиий-эстетик хусусиятни, бадиий мазмунга эгаликни, санъатга алоқадорликни англатади. Публицистика эса — даврнинг ижтимоий-сиёсий ва бошқа долзарб масалаларига бағишланган адабий ижод тури.
Тарихий романми, достонми, тўртликми, публицистик асарми қатъи назар бадиият, бадиийлик қонуниятлари асосида дунёга келади.

4. Ҳадятулло Сайфиддинов, марғилонлик ҳунарманд:
— Кўп йиллар телевидение соҳасида ишлагансиз. Бугун аксарият кўрсатувнинг бош қаҳрамонлари фақат артистлардан иборат бўлиб қолаётганига қандай қарайсиз? Санъаткорларимиз бир қарасак, кийим тикишади, бир қарасак қуёнларга қалпоқ кийгизади, ошхонада жавлон уришади…

— Тўғри, мен узоқ вақт телевидение соҳасида ишладим. Ҳозир ҳам алоқам бор. Сиз берган саволга келсак, айрим телеканалларда деярли ҳамма кўрсатувларнинг бош қаҳрамонлари фақат артистлардан, асосан енгил-елпи, фақат “дикир-дикир” рақсга мосланган тўйбоп қўшиқларни “хониш қилган” “отарчи” артистлардан иборат бўлиб қолаётгани жуда ачинарли ҳол. Тўғрисини айтай, кўпроқ миллий қадриятларимиз томонга қараш ўрнига асосан Ғарбга, Россия каналларига қараб иш тутишнинг натижаси бу. Бундай вазиятнинг пайдо бўлишига бевосита канал раҳбарлари айбдор деб ҳисоблайман. Аммо “Маънавият ва маърифат”,“Ўзбекистон” каналларида бу аҳволни кўрмаймиз. Ҳозир яна бир неча янги каналлар очилди. Янгими, эскими, барча телеканаллар раҳбарлари ўзбек халқи фақат артистдан иборат эмаслигини тушуниши керак. Тушунмаса, тушунтириб қўйиш керак. Халқимиз бир пайтлар артист деганда Ҳалима Носирова, Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров, Ботир Зокировларни назарда тутган. Уларнинг анъаналарини давом эттиришни мақсад этган ёшлар йўқми? Бор! Ўша “Ёшлар” каналида намойиш этиладиган “Олтин микрофон” лойиҳаси шундай ёшлар борлигини кўрсатиб турибди-ку.

Бугунги ёшларга сизлар ёқтирган нарсалар маъқул келмайди деган гапларга келсак, бу ғирт бемаъни гап. Болангизга музқаймоқ ёқади, аммо уни фақат музқаймоқ билан катта қилолмайсиз. Асрлар давомида еб юрган шовла, шўрва ва ош билан катта қиласиз.
Бугунги енгил эстрада ана шу музқаймоққа ўхшайди. Бола ҳадеб музқаймоқ яласа, охир оқибат касалга чалинади. Ана шу ҳақиқатни унутмаслик керак.

5. Маъруф Раҳимқулов, қўштепалик почтачи:
— Бугун қўшиқчилар учун тайёр мусиқага сўз ёзиб бериш, ҳатто унинг муаллифлик ҳуқуқини ҳам сотиш одатий ҳолга айланмоқда. Сизга ҳам шундай таклифлар бўлганми?

— Менга бундай таклифлар бўлган. Жуда кўп бўлган. Айниқса, “Ёшлар” телеканалида раҳбар бўлиб ишлаганимда, бундай таклифлар деярли ҳар кун бўлган. Агар ўшанда тайёр мусиқага ёки шеърнинг ўзини ёзиб бериш бўйича қилинган таклифларга рози бўлганимда, ҳозир Ўзбекистонда мендан кўп шеъри қўшиқ бўлган шоир топилмасди деб ўйлайман. Мен фақат узоғи билан 3-4 хонандага, ўшандаям ўзимга маъқул бўлган хонандаларга, масалан, Шуҳрат Қаюмов, Баҳодир Мамажонов, Сарварага шеър ёзиб берганман. Шеърим асосида яратилган энг машҳур қўшиқ “Ота”нинг пайдо бўлишига истеъдодли хонанда Азим Муллахонов сабабчи. Мен шеър бермаганман,унинг ўзи шеъримни журналда ўқиб, маъқул келгани учун қўшиққа айлантирган. Дастлаб у ҳатто шеър муаллифи кимлигини ҳам билмаган.

Мен бир марта тайёр мусиқа учун матн ёзиб берганман. “Наврўз” байрами учун бир пайтлар,аниқроғи, совет пайтида жуда машҳур бўлган қўшиқни бугунги кунга мослаб берганман. Бошқа бирон таклифни қабул қилмаганман. Шеър ёзиб берган бирон хонандадан қалам ҳақиям олмаганман. Айримлари “Бунинг ҳақи қанча бўлади?” деб сўраганда мен ҳамиша “Агар қўшиқни қойиллатиб айтсангиз, мен сиздан қарздор бўламан, расво қилсангиз, жарима тўлайсиз” деб ҳазиллашганман.
Мен кўпроқ профессионал композиторлар билан ишлаганман. Масалан, таниқли композитор Мустафо Бафоев билан элликдан ортиқ қўшиқ яратганмиз.

6. Дилмурод Раҳматов, андижонлик талаба:
— Ўткир Ҳошимовнинг бир саволига зиёлиларимизнинг жавоби биз учун қизиқ. Яъни, истеъдодли истеъдодлини ёмон кўрса нима бўлади?

— Китобхон асарни ўқиши керак, ким кимни ёмон кўргани билан қизиқмаслиги керак. Яна бир гапни айтай, ҳақиқий истеъдод бошқа истеъдодни ёмон кўрса-да ичида тан беради. Бир истеъдодли ижодкор иккинчи истеъдодли ижодкорни нима учун ёмон кўради? Агар ўйлаб кўрсангиз истеъдоди учун ёмон кўради, унга ҳаваси келиб ёмон кўради.

Ўткир ака бу саволга ўзи қандай жавоб берганини билмайман. Менинг жавобим аниқ: истеъдодли истеъдодлини ёмон кўрса осмон узилиб ерга тушмайди. Ҳаёт давом этаверади, адабиёт яшайверади. Толстойдек буюк санъаткор Шекспини ёқтирмаган. Аммо, бундан Шекспирнинг қадри пасайгани йўқ.

7. Ҳикматой Ҳожиева, пойтахтлик уй бекаси:
— «Ота» шеърингиз асосидаги қўшиқни севиб тинглаймиз. Отанинг оиладаги ўрнини қандай баҳолайсиз?

— “Ота рози — Худо рози” ҳикмати тарафдориман. Ота билан онанинг оиладаги ўрнини ҳеч ким босолмайди. Ота оиланинг посбони, маънавий раҳбари. Мен отам дунёдан ўтганларида дунёнинг бошқа бир узоқ четида, ҳарбий хизматда бўлганман. Мана шу армон ҳозиргача менга азоб беради. Ўша “Ота” шеъримдаги мана бу сатрлар ўша армондан туғилган:

Мен ҳам ёшим ошгани сайин
Бошимга оқ тушгани сайин,

Баъзан қўмсаб сизни ич-ичдан,
Юрак титраб соғинч,илинждан,

Отам дея, алқаб ўғлимни,
Кўтараман ўзим кўнглимни.

8. Асқарали Анваржонов, сўхлик электромонтёр:
— Бугун одамларга етишмаётган фазилатларни нималарда кўрасиз?

07 — Бугун дунёни пул бошқаряпти, манфаат бошқаряпти. Одамлар китоб ўқишдан узоқлашиб, тобора темир қутига, қўл телефонига, айпадига ёпишиб қоляпти. Темир қути уни ҳаётдан, қўл телефони ота-онаси, яқинларидан, айпади идрок этишдан узоқлаштиряпти. Ана шулар таъсирида меҳр ва шафқат камайиб кетгандай, ака-укачилик, хешу қариндошчилик тобора йўқолиб бораётгандек. Оқибатда одам табиатида инсонийлик туйғулари емириляпти. Ана шу инсонийлик барча яхши фазилатларнинг онаси. Онани рад этиш нимага олиб келади? Инсонийлик йўқолса, ўрнига фақат ваҳшийлик келади.

9. Панжибой Маматқулов, қўшработлик таълим фахрийси:
— Бир пайтлар «Шеърда энг буюк устоз виждондир» деган эдингиз. Ҳаётда-чи? Устозга муносиб бўлмаган шогирдларнинг жазоси нима?

— Мен учун шеър билан ҳаёт ажралмасдир. Виждони бор инсон бирон кишига нисбатан ноҳақлик қилмайди, бирон бир ишни нопок бажармайди. Виждонсиз одам жуда уятсиз бўлади. Виждонсиз, демак иймонсиз одам ота-онасининг, устозининг юзига оёқ қўйишдан ҳам қайтмайди. Бундайлар жазосини бандаси беролмаса, Яратган беради. Шахсан мен ҳар доим шундай йўл тутганман. Ҳаётимда икки – уч бор виждонсизу иймонсизларга тўқнаш келганимда Яратган берган умрни уларга қарши кураш учун сарфлашни истамадим. Худога солдим. Икки марта берилган жазони кўзим билан кўрдим: менга нимани тилашган бўлса ўзларининг бошига тушди. Мени оғир аҳволга солиб, бир четга сураман дегани ўзи четга чиқиб кетди, мени алдаган ўзи алданиб  «хароб» бўлди. Аммо, мен бундай қувонмайман…

Устоз сўзи сўнгги йилларда жуда арзон бўлиб қолди. Ишхонадаям олдимга киргани “Устоз” деб гап бошлайди. Ичимда ёниб кетаман. Агар менинг шогирдим бўлса, бордир. Улар кўп эмас. Санасам, қўлимдаги бармоқлар ҳам кўплик қилади. Лекин мен уларнинг биронтасига “Шогирдимсан” демаганман. Бундай дейишдан уяламан.

Устозларимга келса, ўша сиз тилга олган шеърдаям адабиётдаги устозларим деб Мирзо Бобур, Ойбек ва Усмон Носирни тилга олганман. Улар менинг ғайбий устозларим. Менга «Гулистон» журналида оқ йўл берган устозим Эркин Воҳидов бўладилар. 1979 йилдами 1980 дами, ҳозир аниғи эсимда йўқ, Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тавсия берган Озод Шарафиддинов, Омон Матжонни ҳам устозим деб биламан. Умрим давомида менга маслаҳату йўриқлар берган Рауф Парфи ва Абдулла Ориповни ҳам устозларим деб биламан, менга авлоддош бўлган Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмонни ҳам менга ҳамнафас бўлгани учун устозларимдек қадрлайман. Бирон бир устозим менга шеър ёзишни ўргатмаган. Мен ўзим улардан ибрат олганман.

10. Сурайё Исаева, ургутлик ўқитувчи:
— Ёшлар китоб ўқимай қўйди, деган гаплар қулоққа чалинади. Мутолаа маданиятини юксалтириш учун, сизнингча, нималар қилиш керак?

— Мен бундай саволга олдин ҳам кўп маротиба жавоб берганман. Жавобим ҳамиша битта бўлган: ҳамма мактабда, ҳамма маҳалла-қишлоқда кутубхоналар бўлиши керак. Кутубхона бўлгандаям номига эмас, бутун адабиётни акс эттирган бой кутубхона бўлиши керак.
Ҳозир китобнинг нархи фалон пул бўлиб турганда ота нон олиб борсинми, китобми? У нон олиб боришга мажбур. Давлат шунинг учун ҳам тузиладики, у халқнинг қурби етмаган нарсаларни етказиб туриши керак.
Яна такрорлайман: кутубхоналар кўпайиши керак.

Жамиятнинг нечоғли маданиятлашгани нашр этилаётган китобларнинг сони билан эмас, юксак мутолаа савиясига эга китобхонлар сони билан баҳоланмоғи лозим, деб ўйлайман. Айни шундан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, китоб дўконларининг нечоғли гавжум бўлиши эмас, кутубхоналарга аъзо бўлган китобхонлар сони жамият даражаси ҳақида тўлиқ маълумот беради.

02 Иккинчи муҳим масала: Ота-онаси ўқиганини кўрган болалар китоб ўқийди, демак, оилада китобга меҳр ва мутолаа маданиятини тарбиялаш керак.. Қадимий турк эпоси “Дада Қурқут”да шундай ҳикмат бор: “ Она минг марта қизига “Уни қил, буни қил!” демасин, бундан фойда йўқ. Она ўша нарсани ўзи мунтазам қилсагина, қизи ҳам қилади”. Яъни “Қуш уясида кўрганини қилади”.

11. Нодиржон Элмуродов, наманганлик талаба:
— Ўз ихтиёрисиз касб танлашга муносабатингиз қандай?

—Агар-ку, ёшлар ҳаёт бўсағасида тажрибасиз эканлигини, ота-она фарзандининг қандай касбга мойиллигини билиб, унга тўғри йўл кўрсатса яхши, албатта. Шундай бўлмаса, “ўламан саттор, мана шгу касбни танлайсан” деб мажбур этилса, бу ўзингиз севмаган қизга уйлантиришдан фарқ қилмайди.

12. Сайфулла Эшбобоев, қумқўрғонлик маҳалла фаоли:
— Бугун баъзилар билан илму маърифат ҳақида сўзлашсангиз, дарров эснашни бошлайди. Фикр тақчил неъматга, ўйлаш азобли юмушга айланиб қолаётгани эмасми бу?

— Одамзод бошқа тирик жонзотлардан онгли фикрлашга эгалиги билан фарқланади. Бу саволга ургутлик Муҳайё Исаеванинг ёшларнинг китоб ўқимай қўйгани билан боғлиқ сўроғига берган жавобларим тўғри келади. Яъни Ота-онаси фикрласа боласиям фикрлайди. Демак, оилада фикрлаш манбаи бўлмиш мутолаа маданиятини тарбиялаш керак..

Мен бир ҳолатни кузатганман: Илму фанда, адабиёту санъатда юксак мавқеъга эришган зот борки, асосан зиёли оилаларнинг фарзанди бўлиб чиқади. Совет пайтида уларнинг ҳаммаси таржимаи ҳолини ёзганда “ Мен оддий ишчи…хизматчи…колхозчи… оиласида туғилганман” деб ёзган бўлса-да, секин суриштирсангиз узоқ бир авлоди маърифатли бир зот бўлиб чиқади. Ана ўшаларнинг фарзандлари қонида боболаридан ўтган илмга ҳавас, билишга интилиш мавжуд бўлади. Бу билан оддий бир ишчи ёки хизматчи оиласида улуғлар туғилмайди,деган гапн айтишдан мутлақо йироқман. Агар академикнинг уйида туғилса-ю бу оилада китоб ўқиш одати,суҳбат ва мутолаа маданияти бўлмаса, икки дунёдаям бундай фарзанддан тузук нарса кутиб бўлмайди.

13. Бахтиёржон Абдалиев, Ўзбекистон туманидан ҳаваскор шоир:
— «Соҳибқирон набираси»нинг давоми борми? Умуман, янги йилдаги ижодий режалар ҳақида билмоқчи эдик.

— Амир Темур ва темурийлар, Самарқанд ва тасаввуф тарихи мени ҳамиша ўзига мафтун қилган. Ана шу қизиқиш оқибатида “Бибихоним қиссаси”,“Самарқанд хаёли”, “Шаҳидлар шоҳи” қиссалари, “Бобуршоҳ”, “Алғул” драмалари ва бир қатор ҳикоялар ёзилди. Орада узоқ вақт телевидениеда ишлашим мени қаламдан узоқлаштириб қўйди. Телевидение соҳасидаям маълум ижодий ишларни амалга оширдим.
Бугун яна қалам биланман. Чала қиссаларни қайтадан ёзаяпман. Бир неча янги асарлар режаси бор. Уларнинг барчаси тарихимизда кечган фожиали ва шукуҳли воқеаларга бағишланади.

14. Муроджон Ғофуров, Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси:
— Интернет ва ижтимоий тармоқларда анча фаолсиз. Ўзбек адабиёти ривожида интернетнинг роли ва аҳамиятини қандай баҳолайсиз?

— Интернет бугунги фаолиятимнинг маълум қисмини ташкил этади. Ўзбек адабиёти ривожида интернетнинг роли ва аҳамияти ҳақида гапирсам, бу жиддий масала.
Жаҳонда интернет адабиёти деган тушунча пайдо бўлди. Бу тушунчани қандай изоҳлаш мумкин? Интернет адабиёти деганда унда жойланган адабий матнларни тушунмаслик керак. Бу тушунчани замонавий интернет технологияси акс этган, яъни “сичқонча”ни ҳар босганда матнда ўзгариш юз берадиган, асар қаҳрамонлари қиёфасини фақат сўз-матнда эмас, чизилган ёки ҳаракатдаги сурат ёки анимация шаклида, воқеалар кечаётган пайтда тасаввурни бойитадиган мусиқа, табиат овозлари, хуллас жуда кўп технологик эффектлар намоён бўладиган тушунча сифатида қабул қилиш керак.

Интернет адабиёт ўқувчи фаолиятини ўзгартирди, унга асарнинг ичига кириш имкониятини яратди. Аммо, шу билан бирга бу технологиялар инсон тасаввурини бойитиш ўрнига уни заифлаштиришга хизмат қилмоқда. Китоб берадиган мушоҳадани интернет беролмайди.
Катта адабиёт интернетнинг жиддий таъсирига берилмай, ўз йўлида давом этаверади. Интернет адабиётни тарғиб қилишга хизмат қилиши мумкин. Аммо, бутун дунёни бошқариб турган реклама ва коммерция аллақачонлар интернетни “сотиб” олиб бўлган.

Мен интернетнинг аҳамиятини ундаги бой кутубхоналар ва эски қўлёзмалар архивлари мавжудлигида, иккинчи муҳим аҳамиятини ахбарот олиш имкониятининг беқиёс мавқеъга олиб чиққанида кўраман.
Интернет замони ҳамма нарсани остин-устин қилиб юборди. Ўзимга яқин соҳа – адабиёт ҳақида гапирсам, интернет адабиётни “оммалаштирди”, аниқроғи, истеъдоди бор-йўқлигидан қатъи назар, “эъжодкор”лар уруғини кўпайтирди. Интернет том маънода графоманлар ҳукмрон бўлган майдонга айланди.

Дунёда одамзод яратган кашфиёт ёки технология борки, ҳаммасида муайян хавф-хатар мавжуд. Интернет ҳам барча инсон яратган технологияларнинг ҳаётга кириб бориши жараёнида кузатилганидек, инсон учун қулайлик яратди ва инсон ҳаётини маълум маънода чеклаб қўйди.

15. Ҳамза Эргашев, пайариқлик иқтисодчи:
— Шоирлар, одатда, фақирона ҳаёт кечирадилар. Бугун ижодкор тўқ яшаши учун шоу-бизнесга аралашаётганига қандай қарайсиз?

— Бизнинг тарихан шаклланган назаримизда шоир (ижодкор) тушунчаси ҳамиша қийин шароитда фақирона (тасаввуфдаги фақрлик бошқа,албатта) яшаган инсон тимсоли билан боғлиқ. «Мойчироғу лампачироқ ёруғида шундай тенгсиз сатрлар ёзилган» деймиз. Тузукроқ уй-жойсиз яшаган,ижод қилган Машрабу Муқумийни мисол келтирамиз. Аммо муайян маънода фаравон ҳаёт кечирган биргина Алишер Навоий қолдирган мерос гап айнан ижодкор қандай шароитда яшагани билан ҳам боғлиқлигини исботлайди.

Шоу бизнесга аралашган бирон бир тузук ижодкорни билмайман. Аралашгани майда ҳаваскор шоирлар. Вақт ўтиб, элак сувдан кўтарилганда, бутун “эжод”ини тайёр мусиқага шеър ёзишга сарфлаган ҳаваскорлардан ҳеч нима қолмайди.
Асл шоир зоти ҳеч қачон шеърдан бойиган эмас. Унинг топган бойлиги изтироб бўлади,холос. Унинг сиғинадиган мозорлари,борадиган бозорлари бошқа бўлади. Сўфий зотлар ҳақида айтилган бўлса-да,Хожа Баҳоуддин Нақшбанд битган мисралар қисман шоирларга ҳам тегишлидир:

Бунда заъфар юз бирла жанда тўнлар сотилур,
Зардўзи бозорлари, расталари бошқадур...

16. Ойпошша Матқурбонова, шовотлик кутубхоначи:
— Ҳазил шеърлар ҳам ёзиб турасизми? Янгисидан борми?

— Ҳазилга ўчман, аммо бирон китобимда ҳазил шеър йўқ. Бу билан ҳазил шеър ёзишга қаршиман, демоқчи эмасман. Тўғри, китоб учун эмас, дўстлар даврасида айтиш учун бадиҳа шеърларим бор. Улар ҳаммаси лўнда ва қисқа ёзилган. Масалан, мана бу:

Азим Суюн азимми,
Ёки Усмон Азимми?

Ёки мана бу иккилик сизнинг ҳамюртингиз ажойиб шоир дўстим Матназар Абдулҳакимга бағишланган:

Матназар қалами бамисли найза,
Ул найза учида кўкарар майса…

Барча савол берган инсонларга самимий миннатдорчилигимни билдираман. Оилангиздан бахт аримасин.

Хуршид ДАВРОН мутолаа ҳақидаги саволни энг яхши деб топди.
«Фикрбазм»­нинг навбатдаги ғолиби — Сурайё ИСАЕВА.

Манба: «Оила даврасида» газетаси,январ, 2014

01

(Tashriflar: umumiy 216, bugungi 1)

1 izoh

  1. Қадрли Хуршид ака, суҳбатни ўқиб фикрларим чархлангандек бўлди.
    Сизга соғлик, бундан-да юксак ижодий парвозлар тилайман.

Izoh qoldiring