Xurshid Davron. Onamning bir umrlik sabog’i & Bolalik haqida she’rlar

022

   Донишманд Чингиз Айтматов “Юрагида болалигини сақлай олган ижодкоргина истеъдодлидир” деган эди. Демак, катталардай яшаб, боладай ёзиш деган тушунчани , ижодкор умри давомида орттирган тажрибаси билан болаларга хос соддалик, беғуборлик ва меҳрни уйғун эта олиши деб тушуниш керак.

002

1. 1-синфга борган кунингизни қандай эслайсиз?

Мактаб ҳовлимиздан узоқ эмас, бор-йўғи 200 қадамча масофада эди. Лекин ўша куни дадам мени тундай қоп-қора отига миндириб олиб борган эдилар. Буни кўрган бир неча тенгдошим уйларига қайтиб бориб, “мениям отда олиб борасиз” деб хархаша қилганларини кейин ҳам бир неча кун гапириб юришган . Отамнинг обрўйи қишлоқда жуда баланд эди. Мактаб биносиям 30-йилларда отамнинг ташаббуси билан тикланган. Ўша куни жуда кўп оталар ноилож болаларини отга миндириб олиб келишган эди.

033Тахминан 2 ёшимда: Шаҳодат аммам,Шуҳрат акам, қўшни қиз Машҳура опа

2. Биринчи ёзган шеърингиз (ҳикоянгиз, мақолангиз) нима ҳақда эди?

Айнан биринчи ёзган шеърим нима ҳақдалиги ҳозир эсимда йўқ. Илк шеърларим Самарқанд,Регистон,Шоҳизинда ҳақида бўлгани аниқ. Шеър ёзишимни ҳаммадан яширардим , уялардим. Бола юрагимда китобга,адабиётга меҳр уйғотган, она тили ва адабиёт муаллимаси бўлмиш Субуҳабегим холам яшириб юрган шеърларимни тасодифан топиб олиб ўқиб чиққан кунни эсласам юрагим ҳаприқиб кетади.

Холам қишлик ботинкам қўнжида яшириб юрган икки-уч қават букланган қоғозларни топиб олиб, ”Бу нима экан?” – дегандай кўздан кечириб турганларини кўриб,турган жойимда қотиб қолганим аниқ ёдимда. Ниҳоят, “ Буларни ўзинг ёздингми?” – деб сўрадилар холам. Мен индамагач,саволни яна такрорладилар. Мен эса миқ этолмасдим. Холам аҳволимни тушундилар, шекилли, жилмайиб, елкамни силадилар.

Кейин холам қўлидаги қоғозларнинг бирини кўрсатиб: “Лекин, мана бунақа шеърлар ёзма” – дедилар. Мен қайси шеър экан, деганча қоғозга мўраладим. Гўри Мирга бағишланган шеър экан. Эсимда қолган сатрлари:

Гўри Мир гумбази бор
Самарқанд ўртасида
Унда Амир Темур ётар
Болалари ўртасида.

Бугун ўша пайтда ёзган шеърларим нақадар жўн ва ибтидоий бўлганини биламан. Аммо ўша пайтларда ёзган сатрларим мени ҳаяжонга солган… Ўша пайтларда мен нега Амир Темур ҳақида ёзиш мумкин эмаслигини ҳали тушунмасдим. Бугун эса биламан.

Имом Бухорий, Хўжа Аҳрори Валий, Амир Темур ва яна қанча буюк инсонлар номини тилга олиш қатағон этилган замонда яшаган холамнинг ўшанда нима учун “Мана бунақа шеърларни ёзма” деганини ҳам энди яхши биламан.

0072 ёки 3-синфда. Охирги қаторда чапдан биринчиман.

3. Болалигингизда Сиз тўқнаш келган ноҳақлик… хотирлай оласизми?

Ноҳақликни эслолмайман. Аммо, бутун умр ибрат бўлган бошқа бир воқеани унутолмайман. 7-8 синфларда мен туманнинг «Шарқ тонги» газетасига хабар ёза бошлаганман. Бир куни онам хивчин билан дарсхонамга кириб келдилар. Бир сўз демасдан савалай бошладилар. Мен хонадан ҳовлига қочиб чиқдим. Узоқроқда туриб “Нега урасиз, нима қилдим?” дедим ҳиқиллаб йиғлаганча. Онам “Нега ёлғонни ёзасан?” дедилар жаҳлдан тушмай. “Фалончи (онам яқин дугонасининг исмини айтди) бир ойдан бери касалхонада ётган бўлса, сен уни пилла топшириш режасини икки баравар қилиб бажарди деб ёзибсан. Ҳозир у эмас, бошқа киши бригад бўлган. Нега мени шарманда қиласан, бориб сўрасанг, ўласанми?”

Хуллас, уятчанлигим туфайли пиллахона бормай, узоқдан сўраб-суриштириб ёзган кичкина хабарим эълон қилинган куннинг эртаси онам журналистиканинг, албатта, адабиётнинг ҳам асосий талаби — ёлғонни ёзмаслик ҳақида бир умрлик сабоқ берган эдилар.

4. Болаликда Сизни илк бор ҳаяжонга солган китоб…

Болаликда энг севган китобим Миркарим Осимнинг «Ўтрор» қиссаси бўлган. Қайта-қайта ўқирдиму сира тўймасдим. Кейинчалик адибнинг бошқа асарларини мароқ билан ўқидим, аммо «Ўтрор» севимли бўлиб қолаверди. Тарихга бўлган муҳаббатим, шеърларимдаги мозий нафаси, бир неча тарихий ҳикоялару қиссаларим Самарқандд ва «Ўтрор» боис рўёбга чиққан, деб ўйлайман.

Ҳозиргача Самарқанд руҳонияти юрагимни тарк этган эмас, ҳозиргача улкан ижодкор ва инсон Миркарим Осим хотираси олдида бош эгиб яшайман. Бу зотга бағишлаб шеърлар ёзганман, аммо Самарқанд ва устоз адибдан олган қарзимни узолган эмасман.

5. Халқимиз орасида “боладай беғубор” деган ибора юради. Беғуборлик болага ҳам, ижодга ҳам, ижтимоий муносабатларда ҳам жуда керакли фазилат. Нима деб ўйлайсиз, катталардай яшаб, боладай ёзиш ижодкорга муваффақият олиб келмайдими ёки бунинг иложи йўқми?

Менинг назаримда, асл ижодкор ақл ҳассасига таянган, аммо болалиги қўлини қўйиб юбормаган инсондир.

Донишманд Чингиз Айтматов “Юрагида болалигини сақлай олган ижодкоргина истеъдодлидир” деган эди. Демак, катталардай яшаб, боладай ёзиш деган тушунчани , ижодкор умри давомида орттирган тажрибаси билан болаларга хос соддалик, беғуборлик ва меҳрни уйғун эта олиши деб тушуниш керак. Ақл — тажриба маҳсули. Фақат ақлга ишонган ижодкор барибир мағлуб бўлади. Меҳр –эса илоҳий туйғу. Меҳр аввалан муҳаббатнинг онаси, истеъдоднинг қуввати. Меҳрнинг илдизи эса болалигимизда, умримизнинг беғубор фаслида. Уни йўқотиб қўйишдан асрасин. Мабодо йўқотиб қўйилса, юзсизликка, хиёнатга, имонсизликка, ёлғонга ва сўзфурушликка йўл очилади.

Ҳатто, салоҳиятли бўлатуриб собитсизлик қилаётган, оқни қора дейишдан уялмаётган, бетайин иддаолар қилишдан тўхтамаётган, майда мақсаду манфаатлар йўлида дуч келган бутга сиғинаётган шоир ёки ёзувчини кўрдингизми, билингки, у юрагини болалиги тарк этган одамдир.

Манба: «Китоб дунёси» газетаси, 2015 йил 28 январь

Хуршид Даврон
БОЛАЛИК ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР
01

* * *

Оппоқ эди бошда бу дунё:
Кўча оппоқ, кечалар оппоқ,
Қандай яхши экан болалик,
Оппоқ ранглар билан яшамоқ…

Яшилланди кейин бирма-бир
Дала, чорбоғ, омонат кўприк.
Довуччадек мўлтираб боқди
Қўшни боққа тушган болалик…

Мовийланди кейин барчаси…
Болалигим термулди маҳзун:
Қорачиғи – туннинг парчаси,
Илк севгиси киприкдек узун.

Кейин аста хира тортди нур,
Аралашди оқ, яшил, мовий,
Болаликдан кейинги умр
Дарёдек тинч оқа бошлади.

Фақат баъзан бу азиз ранглар
Тушларимга солар қасирға.
Оппоқ болиш устида ёнар
Кўздан оққан томчи – исирға.

ЁЗ ЭРТАГИ

Далаларнинг қоқ ўртасида
Еру-осмон аро бир эртак –
Юлдузларнинг майин сасидан
Тебранади оппоқ беланчак.

Ухлаб қолар ҳориган ота,
Ухлаб қолар теримчи-сулув,
Ухлаб қолар чорбоғ ортида
Ариқчада жилдираган сув.

Фақат қора кўзларин очиб,
Ҳайратларга тўлдириб қучоқ,
Онасига ўхшатиб ойни
Тамшанади ойдай чақалоқ.

Ва меҳрдан ийиб, кўксини
Чақалоққа тутар ой хушҳол.
Сўнг аллалар айтиб, ўксиниб,
Беланчакни тебратар шамол.

САМАРҚАНД ҲАҚИДА ОДДИЙ САТРЛАР

Жамшидга

Мен биламан,
У мени жуда яхши кўради.
У менинг тушларимга кирмоқ истайди,
У мени бағрига босмоқ истайди,
Кўрмоқ бўлар менинг соғинчимни.

У боболарим тушини сўйлаб бермоқчи,
Фақат қўрқар сиғармикан улар бағрига.
У менинг барча орзуларимни билмоқчи,
Фақат қўрқар сиғармикан улар бағрига.

У менинг онамга ўхшайди –
Кўзлари хаёлчан унинг ҳам.
У менинг болалигимга ўхшайди –
У ҳам менга ёзолмайди хат.

ҚУШ ЎҒРИСИ

Кўйлагининг енги йиртилган,
Қора тер қотиб қолган юзида.
Кўз қирини ташлар чорраҳа томон –
Уни қувлаганлар кўринмай қолди.
Пайпаслар қўллари билан кўйлагини у –
Безовта типирлар қўйнида икки қуш.
Кейин қушлар юрагининг
Қўрқув тўла дукуллаши остида
Нафасини ростлай бошлайди.
Яна қараб қўяр чорраҳа томон
Хавотир билан.
Қушларни силаркан
Қўлларининг титроғи босилар
Кейин у
Қушларни
Учириб юборар…

* * *

Гўштга топширадилар қари отларни…

Семиз, юзлари тирсиллаган қассоб
қари отнинг яғринин силар –
От қўрқади бу эркалашдан.

Осмон эса тип-тиниқ.
Қассобдек семиз булутлар сузар…
Қари отнинг ёли шамолда силкинар,
Қари отнинг ёлларини силайди шамол.

Кўчадан қушхона ҳовлисига жим
Мўралаб турибди яшил дарахтлар –
Уларни қўрқитар ҳар кун қон ҳиди.
Осмон тип-тиниқ.

Гўштга топширадилар қари отларни –
Дарвоза олдида қоровул чолга
Йиғлаб ялинади ориқ бир бола:
“Бобожон, қайтариб беринглар,
Қайтариб беринглар отимни…”

Қошлари қалин, кир босган чопонга
Ўранган эркак – боланинг отаси
Хивчин ушлаб яқинлашиб келар
Дарвоза томон…

* * *

Болалар капалакмас,
Болалар гиёҳ эмас,
Қуш эмас – ўзини ҳимоя қила олмаган.
Болалар ханжардир,
Қилич бўлар келажакда.
Болалар байроқдир,
Ёйилиб, очилиб ҳилпирар ҳали.
Болалар ўч эрур,
Улар дунёдан
Барча гуноҳларнинг ўчини олар.
Худди илдиз қолгани каби
Кузда гулларга,
Қувонч қолмас,
Изтироблар қолар уларга…

* * *
Жийда гулин исладим
Ҳаяжондан энтикиб.
Болалигим изладим
Далаларга кўз тикиб.

Ҳув, олис-олисларга
Қуёшдай сингиб кетай.
Бироқ ўтга кўмилиб
Йиғлагим келса, нетай?

Йиғлама деб, шивирлаб
Юпата бошлар ажиб,
Болалигим — бойчечак
Қўлларимдан ушлаб жим.

БОЛАЛИКДАН БИР ЛАВҲА

Деразадан кўринар боғлар –
Кўча совуқ, ёнар ичимиз.
Мен ўн бирда. Ҳали Ойбекни
Ўқитмаган ўқитувчимиз.

Синф жим-жит. Қари муаллим
Китобдан бош кўтармай ўқир,
Аммо уни уқмайди қалбим,
Юрагимда Ойбек шеър тўқир:

“Қиш кечаси гувиллар шамол,
Далада қор, қуш инида қор.
Инграр оғриқ каби қари тол,
Ойналарни безар қиш – гулкор”.

Муаллим бош кўтарар ҳайрон,
Сўнг ўрнидан турар шиддаткор,
Деразани зарб билан очиб,
Бизга қараб шивирлайди: — Қор!..

ПОЕЗДДАГИ ВОҚЕА ЁКИ БОЛАЛИКНИНГ ОВОЗИ

— Тўхта, тўхтасанг-чи,
Нега мени ташлаб кетасан…
Қаерларга кетяпсан, болам — болалигим.
Мен, ахир, сени жуда… жуда севаман,
Биласан-ку, мени фақат сен тушунасан…

— Нима қилай,
Ўзинг мени ташлаб кетяпсан.
Ортингдан югурсам етмайман энди.
Чунки сен қарамай гиёҳга, ойга,
Олдингга кўз тикиб чопиб боряпсан.

— Йўқ,
Билмайсан-да, сени қандай севишимни,
Ишон, алишмайман сени ҳеч кимга.
Шоҳидликка чақирайми ойни, қуёшни
Ва уларнинг кўз ўнгида пичоқ-ла ёриб
Жойлаб қўяйми сени горагимга…

Эсингдами, еттида эдим, ўшанда
Кучукча келтириб бердилар дадам.
Ўйнардим у билан ҳатто тушимда,
Сиртлон деб атагандим мен кучукчани.
Кейин… уни ўлдирди қўшнимиз тунда,
(Ҳамон эсимдадир машъум қора тун)
Эртасига қўшнининг деразаларин
Аямай синдирдим…
Ҳеч аямадим,
Мен қасос олгандим кучукча учун.
Мана, бугун улғайганман…

Бироқ, нега
Олис-олисларга олиб кетса вақт,
Менга шохларини силкитиб қолиб,
Мени соғиниб кутувчи
Қоратолни кесиб ташлаган
Қўшнимнинг ложувард деразалари
Синмасдан ярқираб турибди бугун?

Демак, сен кераксан ҳақиқат учун,
Энг тоза, мусаффо орзулар учун,
Сени сўрамайман фақат бахт учун.
Сен менга кераксан гоҳ нафрат учун.
Ташлаб кетма,
Мен сени ҳеч кимга бермайман.

— Йўқ, жўражон, бўлди энди хайрлашайлик.
Яхши қол, эргашма
Сўнгги бора: Хайр!

— Сен қаерга кетяпсан…
Болажоним — болалигим,
Бойчечагим — ҳиллолигим.
Тўхтасанг-чи,
Тингласанг-чи, оқ эртагим, тиллолигим.

—  Гражданин, шовқин солманг,
Ахир купеда сиздан бошқа одамлар ҳам бор.
Ухлашмоқда… йўл азоби..

—  Йўк, бу сен эмассан… бу — бошқа…
Сен кетяпсан мени ташлаб,
Армонимни, соғинчимни ичингга ютиб,
Тўғри келган томонга югурасан
бўйнингни қисиб,
ўлаётган қувончимни босиб бағрингта…

Эсингдами, ўн бирда эдим, ўшанда
Тун бўйи ўқидим «Гренада»ни.
Саҳарда қопчиққа китоб, нон жойлаб,
Ҳеч кимга билдирмай, кесиб далани
Темир йўл бекати томон отландим,
Йўл бўйи бетиним шивирладим мен:
«Гренада, Гренада,
Гренадам менинг».

Учинчи кун ушлаб олдилар
Қишлоқдан юз чақирим нарида.
Менга уқтирдилар: «Уруш тугаган,
Испания узоқда… жуда узоқда».
Мен-чи, ишонмадим…
Фақат ишондим,
Гренада бор ва Испанияда
Жанг борар озодлик, ҳақиқат учун,
Албатта, қатнашаман мен ўша жангда…

Эсингдами, ўн олтида эдим, ўшанда
Дарғамариқ қирларини ёқалаб,
Миртемирнинг китобини қўлтиқлаб олиб
Хилват жойни қидираман… Ва кечалар
Бўшаб қолган тирамаҳнинг йўлларидан
Ялангоёқ, чанг босганча жим қайтаман,
Кипригимнинг учларини ўпганда ой
Шивирлайман уйқусираб: «Она — Ватан…»

—  Гражданин, неча марта эслатиш мумкин,
Одобданми, ярим тунда шовқин кўтармоқ…
Ё тобингнз қочдими-а, керакми ёрдам?
Йўқ, дейсизми, эҳ, бунақа бўлмас-да одам.
Тўхтанг, нега тушяпсиз… Шаҳар кўп узоқ.
Бу шунчаки оддий бекат…
Чўлнинг ўртаси…
Тўхтанг, ахир… тавба… қизиқ экансиз,
Бу Тошкентмас. Бу шунчаки оддий бир бекат.

—  Бу сен эмас…
Сен қанисан? Қани?
Нидо бер, овоз бер ҳеч бўлмаганда…
Йўлни бўшат… Биласанми,
Тушишим керак..

— Телба.
— Нима?
— Поезддан тушиб кетди бир телба.

* * *

Болалигим ўғирлаб секин
Йиллар дарё каби оқдилар.
Кеча дўстлар сочимдаги оқ
Толаларга ҳайрон боқдилар.

Кимдир сўкди йиллар суръатин,
Кимдир боғлар томон бурди юз.
Мен эсам-чи, сенинг суратинг
Кўзларимда уйғотдим майюс.

Кунлар хазон каби сарғайди,
Учиб кетди япроқлар каби.
Ул кун қалбга дунё сиғарди,
Бугун сиғмас ўзимнинг дардим.

О, болалик, менинг қувончим,
Эй, кўз ёши туймаган очун.
Кеча дўстлар билан мен ичдим
Сенинг боқий қудратинг учун.

* * *

Ўйнар эдик бекинмачоқ,
Ташландиқ боғ… Кеч кузак…
Бутазорга кирдим ногоҳ,
Дўстларимни мен излаб.

Кўрдим, шохлар қимирлади…
Дил қўрқувни туйган дам,
Кимдир титраб шивирлади:
«Жоним… сени севаман».

Қимирлолмай бирдан қотдим,
Дилни қучди  ёт титроқ,
Учаётган бир қуш эдим,
Қуладим мисли япроқ.

Дилга сингди ёруғ бир ғам,
Унут бўлди куз,  ўйин,
Сокин шамол димоғимга
Сочди ифор — соч бўйин.

Боғда ҳамон бекинмачоқ
Ўйнар эди болалар…
Мени эса чорлар эди
Ёлғизлик ва далалар.

* * *

Барчин момо теграсида болалар ғужғон,
Меҳр тилаб, эртак тилаб келар болалар…
Оппоқ қорга кўмилганда чексиз далалар,
Ёбонларда увласа бўрон,
Томлар узра чийилласа ел,
Болаларни бағрига босиб
Ёғду сочиб хира кўзлари
Барчин момо эртак сўзлайди…

Минг йиллик уйқунинг қаърига ботган,
Кўҳи Қофнинг этакларида,
Тиканзорда чўзилиб ётган,
Жўралари ташлаб кетган,
Ағёр тиғи кўксига ботган
Алпомиш қаддини тиклай бошлайди
Барчин момо эртакларида…

Болалар нафасин ичига ютар,
Болалар ненидир интизор кутар,
Тордек таранг сукунат аро
Қировранг Бойчибор қарсиллаб ўтар –
Барчин момо эртак сўзлайди
Ёғду сочиб хира кўзлари…

Барчин момони  қучоқлаганча
Кўзлари катта-катта,
Лаблари қалин
Бир бола ўтирар ва яққол кўрар:
Қор босган адирни иккига бўлиб
Бўрон бўлиб учиб борар Бойчибор…

Югуриб ҳовлига чиқмоқчи бўлар,
Қўлларини силкмоқчи бўлар,
Суюнчилар олмоқчи бўлар,
Кўзлари катта-катта,
Лаблари қалин,
Қўл-оёғи шол бола…

* * *

Гўдак қишдан чиқиб дуч келди
Биринчи бор яшил гиёҳга
Ва юраги ҳайратга тўлди,
Ажабланиб боқди дунёга.

У гиёҳга тикилди узоқ —
Тўлиб кетди саволга кўзи,
Биринчи бор пешонасида
Пайдо бўлди фикрнинг изи.

Ҳали ожиз тафаккурида
Илк бор ёнди митти бир чироқ,
Гўё қақроқ саҳро бағрида
Отилгандай бўлди бир булоқ.

Англаш учун митти гиёҳни,
Очилсин деб унинг сирлари,
Ўйга ботиб турар дунёнинг
Энг донишманд мутафаккири.

* * *

Тунлари осмонга тикилар,аммо
Юлдузсиздир, ойсиздир само.

Баҳорда кўрмайди атиргулларни,
Эшитмас сайраган маст булбулларни

Деразани ювган ёмғирни кўрмас,
Ҳолбуки соппа-соғ, кўзлари кўрмас.

Оёғи остида қор ғижирламас,
Уйин айвонида қуш ғужирламас.

На шивир, на пичир, на ун, на титроқ —
Унинг юрагига солар қалдироқ.

Кўксини  пайпаслар  фақат дамба-дам
Қалбини болалик тарк этган одам.

022

Xurshid Davron
ONAMNING BIR UMRLIK SABOG’I
«Kitob dunyosi»ning «Shoirning bolaligi» turkumidan
02

1. 1-sinfga borgan kuningizni qanday eslaysiz?

Maktab hovlimizdan uzoq emas, bor-yo’g’i 200 qadamcha masofada edi. Lekin o’sha kuni dadam meni tunday  qop-qora otiga mindirib olib borgan edilar. Buni ko’rgan bir necha tengdoshim uylariga qaytib borib, “meniyam otda olib borasiz” deb xarxasha qilganlarini keyin ham bir necha kun gapirib yurishgan . Otamning obro’yi qishloqda juda baland edi. Maktab binosiyam 30-yillarda otamning tashabbusi bilan tiklangan. O’sha kuni juda ko’p otalar noiloj bolalarini otga mindirib olib kelishgan edi.

2. Birinchi yozgan she’ringiz (hikoyangiz, maqolangiz) nima haqda edi?

Aynan birinchi yozgan she’rim nima haqdaligi hozir esimda yo’q. Ilk she’rlarim Samarqand,Registon,Shohizinda haqida bo’lgani aniq. She’r yozishimni hammadan yashirardim , uyalardim. Bola yuragimda kitobga,adabiyotga mehr uyg’otgan, ona tili va adabiyot muallimasi bo’lmish Subuhabegim xolam yashirib yurgan she’rlarimni tasodifan topib olib o’qib chiqqan kunni eslasam yuragim hapriqib ketadi.

022Jurnalistika fakultetining 1-kursida o’qob yurgan yili xolam Subuhabegim bilan. 1970 yil

Xolam qishlik botinkam qo’njida yashirib yurgan ikki-uch qavat buklangan qog’ozlarni topib olib, ”Bu nima ekan?” – deganday ko’zdan kechirib turganlarini ko’rib,turgan joyimda qotib qolganim aniq yodimda. Nihoyat, “ Bularni o’zing yozdingmi?” – deb so’radilar xolam. Men indamagach,savolni yana takrorladilar. Men esa miq etolmasdim. Xolam ahvolimni tushundilar, shekilli, jilmayib, yelkamni siladilar.

Keyin xolam qo’lidagi qog’ozlarning birini ko’rsatib: “Lekin, mana bunaqa she’rlar yozma” – dedilar. Men qaysi she’r ekan, degancha qog’ozga mo’raladim. Go’ri Mirga bag’ishlangan she’r ekan. Esimda qolgan satrlari:

Go’ri Mir gumbazi bor
Samarqand o’rtasida
Unda Amir Temur yotar
Bolalari o’rtasida.

Bugun o’sha paytda yozgan she’rlarim naqadar jo’n va ibtidoiy bo’lganini bilaman. Ammo o’sha paytlarda yozgan satrlarim meni hayajonga solgan… O’sha paytlarda men nega Amir Temur haqida yozish mumkin emasligini hali tushunmasdim. Bugun esa bilaman.

Imom Buxoriy, Xo’ja Ahrori Valiy, Amir Temur va yana qancha buyuk insonlar nomini tilga olish qatag’on etilgan zamonda yashagan xolamning o’shanda nima uchun “Mana bunaqa she’rlarni yozma” deganini ham endi yaxshi bilaman.

3. Bolaligingizda Siz to’qnash kelgan nohaqlik… xotirlay olasizmi?

Nohaqlikni eslolmayman. Ammo, butun umr ibrat bo’lgan boshqa bir voqeani unutolmayman. 7-8 sinflarda men tumanning «Sharq tongi» gazetasiga xabar yoza boshlaganman. Bir kuni onam xivchin bilan darsxonamga kirib keldilar. Bir so’z demasdan savalay boshladilar. Men xonadan hovliga qochib chiqdim. Uzoqroqda turib “Nega urasiz, nima qildim?” dedim hiqillab yig’lagancha. Onam “Nega yolg’onni yozasan?” dedilar jahldan tushmay. “Falonchi (onam yaqin dugonasining ismini aytdi) bir oydan beri kasalxonada yotgan bo’lsa, sen uni pilla topshirish rejasini ikki baravar qilib bajardi deb yozibsan. Hozir u emas, boshqa kishi brigad bo’lgan. Nega meni sharmanda qilasan, borib so’rasang, o’lasanmi?”

Xullas, uyatchanligim tufayli pillaxona bormay, uzoqdan so’rab-surishtirib yozgan kichkina xabarim e’lon qilingan kunning ertasi onam jurnalistikaning, albatta, adabiyotning ham asosiy talabi — yolg’onni yozmaslik haqida bir umrlik saboq bergan edilar.

022Sinfdoshlar bilan paxtada. 5-sinf

4. Bolalikda Sizni ilk bor hayajonga solgan kitob…

Bolalikda eng sevgan kitobim Mirkarim Osimning «O’tror» qissasi bo’lgan. Qayta-qayta o’qirdimu sira to’ymasdim. Keyinchalik adibning boshqa asarlarini maroq bilan o’qidim, ammo «O’tror» sevimli bo’lib qolaverdi. Tarixga bo’lgan muhabbatim, she’rlarimdagi moziy nafasi, bir necha tarixiy hikoyalaru qissalarim Samarqandd va «O’tror» bois ro’yobga chiqqan, deb o’ylayman.

Hozirgacha Samarqand ruhoniyati yuragimni tark etgan emas, hozirgacha ulkan ijodkor va inson Mirkarim Osim xotirasi oldida bosh egib yashayman. Bu zotga bag’ishlab she’rlar yozganman, ammo Samarqand va ustoz adibdan olgan qarzimni uzolgan emasman.

5. Xalqimiz orasida “boladay beg’ubor” degan ibora yuradi. Beg’uborlik bolaga ham, ijodga ham, ijtimoiy munosabatlarda ham juda kerakli fazilat. Nima deb o’ylaysiz, kattalarday yashab, boladay yozish ijodkorga muvaffaqiyat olib kelmaydimi yoki buning iloji yo’qmi?

Mening nazarimda, asl ijodkor aql hassasiga tayangan, ammo bolaligi qo’lini qo’yib yubormagan insondir.

Donishmand Chingiz Aytmatov “Yuragida bolaligini saqlay olgan ijodkorgina iste’dodlidir” degan edi. Demak, kattalarday yashab, boladay yozish degan tushunchani , ijodkor umri davomida orttirgan tajribasi bilan bolalarga xos soddalik, beg’uborlik va mehrni uyg’un eta olishi deb tushunish kerak. Aql — tajriba mahsuli. Faqat aqlga ishongan ijodkor baribir mag’lub bo’ladi. Mehr –esa ilohiy tuyg’u. Mehr avvalan  muhabbatning onasi, iste’dodning quvvati. Mehrning ildizi esa bolaligimizda, umrimizning beg’ubor faslida. Uni yo’qotib qo’yishdan asrasin. Mabodo yo’qotib qo’yilsa, yuzsizlikka, xiyonatga, imonsizlikka, yolg’onga va so’zfurushlikka yo’l ochiladi.

Hatto, salohiyatli bo’laturib sobitsizlik qilayotgan, oqni qora deyishdan uyalmayotgan, betayin iddaolar qilishdan to’xtamayotgan, mayda maqsadu manfaatlar yo’lida duch kelgan butga sig’inayotgan shoir yoki yozuvchini ko’rdingizmi, bilingki, u yuragini bolaligi tark etgan odamdir.

Manba: «Kitob dunyosi» gazetasi, 2015 yil 28 yanvar`

Xurshid Davron
BOLALIK HAQIDA SHE’RLAR
01

* * *

Oppoq edi boshda bu dunyo:
Ko’cha oppoq, kechalar oppoq,
Qanday yaxshi ekan bolalik,
Oppoq ranglar bilan yashamoq…

Yashillandi keyin birma-bir
Dala, chorbog’, omonat ko’prik.
Dovuchchadek mo’ltirab boqdi
Qo’shni boqqa tushgan bolalik…

Moviylandi keyin barchasi…
Bolaligim termuldi mahzun:
Qorachig’i – tunning parchasi,
Ilk sevgisi kiprikdek uzun.

Keyin asta xira tortdi nur,
Aralashdi oq, yashil, moviy,
Bolalikdan keyingi umr
Daryodek tinch oqa boshladi.

Faqat ba’zan bu aziz ranglar
Tushlarimga solar qasirg’a.
Oppoq bolish ustida yonar
Ko’zdan oqqan tomchi – isirg’a.

YOZ ERTAGI

Dalalarning qoq o’rtasida
Yeru-osmon aro bir ertak –
Yulduzlarning mayin sasidan
Tebranadi oppoq belanchak.

Uxlab qolar horigan ota,
Uxlab qolar terimchi-suluv,
Uxlab qolar chorbog’ ortida
Ariqchada jildiragan suv.

Faqat qora ko’zlarin ochib,
Hayratlarga to’ldirib quchoq,
Onasiga o’xshatib oyni
Tamshanadi oyday chaqaloq.

Va mehrdan iyib, ko’ksini
Chaqaloqqa tutar oy xushhol.
So’ng allalar aytib, o’ksinib,
Belanchakni tebratar shamol.

SAMARQAND HAQIDA ODDIY SATRLAR

Jamshidga

Men bilaman,
U meni juda yaxshi ko’radi.
U mening tushlarimga kirmoq istaydi,
U meni bag’riga bosmoq istaydi,
Ko’rmoq bo’lar mening sog’inchimni.

U bobolarim tushini so’ylab bermoqchi,
Faqat qo’rqar sig’armikan ular bag’riga.
U mening barcha orzularimni bilmoqchi,
Faqat qo’rqar sig’armikan ular bag’riga.

U mening onamga o’xshaydi –
Ko’zlari xayolchan uning ham.
U mening bolaligimga o’xshaydi –
U ham menga yozolmaydi xat.

QUSH O’G’RISI

Ko’ylagining yengi yirtilgan,
Qora ter qotib qolgan yuzida.
Ko’z qirini tashlar chorraha tomon –
Uni quvlaganlar ko’rinmay qoldi.
Paypaslar qo’llari bilan ko’ylagini u –
Bezovta tipirlar qo’ynida ikki qush.
Keyin qushlar yuragining
Qo’rquv to’la dukullashi ostida
Nafasini rostlay boshlaydi.
Yana qarab qo’yar chorraha tomon
Xavotir bilan.
Qushlarni silarkan
Qo’llarining titrog’i bosilar
Keyin u
Qushlarni
Uchirib yuborar…

* * *

Go’shtga topshiradilar qari otlarni…

Semiz, yuzlari tirsillagan qassob
qari otning yag’rinin silar –
Ot qo’rqadi bu erkalashdan.

Osmon esa tip-tiniq.
Qassobdek semiz bulutlar suzar…
Qari otning yoli shamolda silkinar,
Qari otning yollarini silaydi shamol.

Ko’chadan qushxona hovlisiga jim
Mo’ralab turibdi yashil daraxtlar –
Ularni qo’rqitar har kun qon hidi.
Osmon tip-tiniq.

Go’shtga topshiradilar qari otlarni –
Darvoza oldida qorovul cholga
Yig’lab yalinadi oriq bir bola:
“Bobojon, qaytarib beringlar,
Qaytarib beringlar otimni…”

Qoshlari qalin, kir bosgan choponga
O’rangan erkak – bolaning otasi
Xivchin ushlab yaqinlashib kelar
Darvoza tomon…

* * *

Bolalar kapalakmas,
Bolalar giyoh emas,
Qush emas – o’zini himoya qila olmagan.
Bolalar xanjardir,
Qilich bo’lar kelajakda.
Bolalar bayroqdir,
Yoyilib, ochilib hilpirar hali.
Bolalar o’ch erur,
Ular dunyodan
Barcha gunohlarning o’chini olar.
Xuddi ildiz qolgani kabi
Kuzda gullarga,
Quvonch qolmas,
Iztiroblar qolar ularga…

 

* * *
Jiyda gulin isladim
Hayajondan entikib.
Bolaligim izladim
Dalalarga ko’z tikib.

Huv, olis-olislarga
Quyoshday singib ketay.
Biroq o’tga ko’milib
Yig’lagim kelsa, netay?

Yig’lama deb, shivirlab
Yupata boshlar ajib,
Bolaligim — boychechak
Qo’llarimdan ushlab jim.

 

BOLALIKDAN BIR LAVHA

Derazadan ko’rinar bog’lar –
Ko’cha sovuq, yonar ichimiz.
Men o’n birda. Hali Oybekni
O’qitmagan o’qituvchimiz.

Sinf jim-jit. Qari muallim
Kitobdan bosh ko’tarmay o’qir,
Ammo uni uqmaydi qalbim,
Yuragimda Oybek she’r to’qir:

“Qish kechasi guvillar shamol,
Dalada qor, qush inida qor.
Ingrar og’riq kabi qari tol,
Oynalarni bezar qish – gulkor”.

Muallim bosh ko’tarar hayron,
So’ng o’rnidan turar shiddatkor,
Derazani zarb bilan ochib,
Bizga qarab shivirlaydi: — Qor!..

 

POEZDDAGI VOQEA YOKI BOLALIKNING OVOZI

— To’xta, to’xtasang-chi,
Nega meni tashlab ketasan…
Qaerlarga ketyapsan, bolam — bolaligim.
Men, axir, seni juda… juda sevaman,
Bilasan-ku, meni faqat sen tushunasan…

— Nima qilay,
O’zing meni tashlab ketyapsan.
Ortingdan yugursam yetmayman endi.
Chunki sen qaramay giyohga, oyga,
Oldingga ko’z tikib chopib boryapsan.

— Yo’q,
Bilmaysan-da, seni qanday sevishimni,
Ishon, alishmayman seni hech kimga.
Shohidlikka chaqiraymi oyni, quyoshni
Va ularning ko’z o’ngida pichoq-la yorib
Joylab qo’yaymi seni goragimga…

Esingdami, yettida edim, o’shanda
Kuchukcha keltirib berdilar dadam.
O’ynardim u bilan hatto tushimda,
Sirtlon deb atagandim men kuchukchani.
Keyin… uni o’ldirdi qo’shnimiz tunda,
(Hamon esimdadir mash’um qora tun)
Ertasiga qo’shnining derazalarin
Ayamay sindirdim…
Hech ayamadim,
Men qasos olgandim kuchukcha uchun.
Mana, bugun ulg’ayganman…

Biroq, nega
Olis-olislarga olib ketsa vaqt,
Menga shoxlarini silkitib qolib,
Meni sog’inib kutuvchi
Qoratolni kesib tashlagan
Qo’shnimning lojuvard derazalari
Sinmasdan yarqirab turibdi bugun?

Demak, sen keraksan haqiqat uchun,
Eng toza, musaffo orzular uchun,
Seni so’ramayman faqat baxt uchun.
Sen menga keraksan goh nafrat uchun.
Tashlab ketma,
Men seni hech kimga bermayman.

— Yo’q, jo’rajon, bo’ldi endi xayrlashaylik.
Yaxshi qol, ergashma
So’nggi bora: Xayr!

— Sen qaerga ketyapsan…
Bolajonim — bolaligim,
Boychechagim — hilloligim.
To’xtasang-chi,
Tinglasang-chi, oq ertagim, tilloligim.

— Grajdanin, shovqin solmang,
Axir kupeda sizdan boshqa odamlar ham bor.
Uxlashmoqda… yo’l azobi..

— Yo’k, bu sen emassan… bu — boshqa…
Sen ketyapsan meni tashlab,
Armonimni, sog’inchimni ichingga yutib,
To’g’ri kelgan tomonga yugurasan
bo’yningni qisib,
o’layotgan quvonchimni bosib bag’ringta…

Esingdami, o’n birda edim, o’shanda
Tun bo’yi o’qidim «Grenada»ni.
Saharda qopchiqqa kitob, non joylab,
Hech kimga bildirmay, kesib dalani
Temir yo’l bekati tomon otlandim,
Yo’l bo’yi betinim shivirladim men:
«Grenada, Grenada,
Grenadam mening».

Uchinchi kun ushlab oldilar
Qishloqdan yuz chaqirim narida.
Menga uqtirdilar: «Urush tugagan,
Ispaniya uzoqda… juda uzoqda».
Men-chi, ishonmadim…
Faqat ishondim,
Grenada bor va Ispaniyada
Jang borar ozodlik, haqiqat uchun,
Albatta, qatnashaman men o’sha jangda…

Esingdami, o’n oltida edim, o’shanda
Darg’amariq qirlarini yoqalab,
Mirtemirning kitobini qo’ltiqlab olib
Xilvat joyni qidiraman… Va kechalar
Bo’shab qolgan tiramahning yo’llaridan
Yalangoyoq, chang bosgancha jim qaytaman,
Kiprigimning uchlarini o’pganda oy
Shivirlayman uyqusirab: «Ona — Vatan…»

— Grajdanin, necha marta eslatish mumkin,
Odobdanmi, yarim tunda shovqin ko’tarmoq…
YO tobingnz qochdimi-a, kerakmi yordam?
Yo’q, deysizmi, eh, bunaqa bo’lmas-da odam.
To’xtang, nega tushyapsiz… Shahar ko’p uzoq.
Bu shunchaki oddiy bekat…
Cho’lning o’rtasi…
To’xtang, axir… tavba… qiziq ekansiz,
Bu Toshkentmas. Bu shunchaki oddiy bir bekat.

— Bu sen emas…
Sen qanisan? Qani?
Nido ber, ovoz ber hech bo’lmaganda…
Yo’lni bo’shat… Bilasanmi,
Tushishim kerak..

— Telba.
— Nima?
— Poezddan tushib ketdi bir telba.

 

* * *

Bolaligim o’g’irlab sekin
Yillar daryo kabi oqdilar.
Kecha do’stlar sochimdagi oq
Tolalarga hayron boqdilar.

Kimdir so’kdi yillar sur’atin,
Kimdir bog’lar tomon burdi yuz.
Men esam-chi, sening surating
Ko’zlarimda uyg’otdim mayyus.

Kunlar xazon kabi sarg’aydi,
Uchib ketdi yaproqlar kabi.
Ul kun qalbga dunyo sig’ardi,
Bugun sig’mas o’zimning dardim.

O, bolalik, mening quvonchim,
Ey, ko’z yoshi tuymagan ochun.
Kecha do’stlar bilan men ichdim
Sening boqiy qudrating uchun.

 

* * *

O’ynar edik bekinmachoq,
Tashlandiq bog’… Kech kuzak…
Butazorga kirdim nogoh,
Do’stlarimni men izlab.

Ko’rdim, shoxlar qimirladi…
Dil qo’rquvni tuygan dam,
Kimdir titrab shivirladi:
«Jonim… seni sevaman».

Qimirlolmay birdan qotdim,
Dilni quchdi yot titroq,
Uchayotgan bir qush edim,
Quladim misli yaproq.

Dilga singdi yorug’ bir g’am,
Unut bo’ldi kuz, o’yin,
Sokin shamol dimog’imga
Sochdi ifor — soch bo’yin.

Bog’da hamon bekinmachoq
O’ynar edi bolalar…
Meni esa chorlar edi
Yolg’izlik va dalalar.

 

* * *

Barchin momo tegrasida bolalar g’ujg’on,
Mehr tilab, ertak tilab kelar bolalar…
Oppoq qorga ko’milganda cheksiz dalalar,
Yobonlarda uvlasa bo’ron,
Tomlar uzra chiyillasa yel,
Bolalarni bag’riga bosib
Yog’du sochib xira ko’zlari
Barchin momo ertak so’zlaydi…

Ming yillik uyquning qa’riga botgan,
Ko’hi Qofning etaklarida,
Tikanzorda cho’zilib yotgan,
Jo’ralari tashlab ketgan,
Ag’yor tig’i ko’ksiga botgan
Alpomish qaddini tiklay boshlaydi
Barchin momo ertaklarida…

Bolalar nafasin ichiga yutar,
Bolalar nenidir intizor kutar,
Tordek tarang sukunat aro
Qirovrang Boychibor qarsillab o’tar –
Barchin momo ertak so’zlaydi
Yog’du sochib xira ko’zlari…

Barchin momoni quchoqlagancha
Ko’zlari katta-katta,
Lablari qalin
Bir bola o’tirar va yaqqol ko’rar:
Qor bosgan adirni ikkiga bo’lib
Bo’ron bo’lib uchib borar Boychibor…

Yugurib hovliga chiqmoqchi bo’lar,
Qo’llarini silkmoqchi bo’lar,
Suyunchilar olmoqchi bo’lar,
Ko’zlari katta-katta,
Lablari qalin,
Qo’l-oyog’i shol bola…

 

* * *

Go’dak qishdan chiqib duch keldi
Birinchi bor yashil giyohga
Va yuragi hayratga to’ldi,
Ajablanib boqdi dunyoga.

U giyohga tikildi uzoq —
To’lib ketdi savolga ko’zi,
Birinchi bor peshonasida
Paydo bo’ldi fikrning izi.

Hali ojiz tafakkurida
Ilk bor yondi mitti bir chiroq,
Go’yo qaqroq sahro bag’rida
Otilganday bo’ldi bir buloq.

Anglash uchun mitti giyohni,
Ochilsin deb uning sirlari,
O’yga botib turar dunyoning
Eng donishmand mutafakkiri.

 

* * *

Tunlari osmonga tikilar,ammo
Yulduzsizdir, oysizdir samo.

Bahorda ko’rmaydi atirgullarni,
Eshitmas sayragan mast bulbullarni

Derazani yuvgan yomg’irni ko’rmas,
Holbuki soppa-sog’, ko’zlari ko’rmas.

Oyog’i ostida qor g’ijirlamas,
Uyin ayvonida qush g’ujirlamas.

Na shivir, na pichir, na un, na titroq —
Uning yuragiga solar qaldiroq.

Ko’ksini paypaslar faqat damba-dam
Qalbini bolalik tark etgan odam.

03

(Tashriflar: umumiy 7 648, bugungi 1)

Izoh qoldiring