Xurshid Davron. «Oy menga hamqadam…»

0910 январ – Атоқли ўзбек адиби ва шоири Ойбек таваллуд топган кун

   Ойбек шеърияти сирли, мўъжизага бой, ғоят залвор туғёнлар жо бир ғалаён, ой шуъласидай ёруғ ҳислар бекинган қўшиққа ўхшайди. Шу билан бирга, оташин юрак кечинмаларининг ёдномасидир. Мен бу шеърларни ўқиганимда вужудимда шундай бир тасвири ноаён ҳайрат ва дард сезаманки, бу – дунёда яшашдан мақсадим, олаётган ҳузурларимнинг энг гўзали ва ёқимлиси бўлиб туюлади.

Хуршид Даврон
“ОЙ МЕНГА ҲАМҚАДАМ…”
03

    08 Ойбек шеърияти сирли, мўъжизага бой, ғоят залвор туғёнлар жо бир ғалаён, ой шуъласидай ёруғ ҳислар бекинган қўшиққа ўхшайди. Шу билан бирга, оташин юрак кечинмаларининг ёдномасидир. Мен бу шеърларни ўқиганимда вужудимда шундай бир тасвири ноаён ҳайрат ва дард сезаманки, бу – дунёда яшашдан мақсадим, олаётган ҳузурларимнинг энг гўзали ва ёқимлиси бўлиб туюлади. Тасаввуримда ХХ аср ўзбек шеъриятида Чўлпону Усмон Носирдан кейин Ойбекдай шоир йўқдирким, бир-икки сатрини (таъкидламоқдаман – сатрини!) соатлаб ўқиб мароқланиш мумкин бўлса: “Қани, шеър, сўйла абадиятдан”; “Ўтди ваҳший гўзал кунлар”; “Шу кечам умримда ўлмасин”; “Юлдуз каби жимирлайди жон”; “Ариқда оқар нотинч, қора сас”; “Чўпон уйқусига томчилар томди”; “Булутларнинг алвони – бўронларга байроқдир!” Яна қанчадан-қанча гўзал, буюк сатрлар… Ойбекнинг ҳаёти шеърларида мужассам: “Ётма, ўғлон, уйғон, кўз оч, ухлама”; “Абадий яшамоқ, кулмоқ истайман”; “Курашади икки тўлқин, қараб турайми?”; “Ассалом, Навоий!”; “Гулханга отдилар дўстлар китобим”; “Тўйиб ёзажакман бир кун соғайсам”; “Кўнглимда ҳақиқат бир оз сўнмади…”; “Коинот эртаги битмайди…” Ушбу сатрларга унинг таржимаи ҳоли сингиб кетган. Ойбек тунни севади. Исми бутун ижодига ярашиғлиқ шоир худди ойдай тўлиб, гўёки тун узра туриб уни сергак кузатади. Тун ҳақидаги шеърларининг ажиб фазилати шуки, шоир тунни сукут ва уйқу билан эмас, бедорлик ва ҳаракат билан боғлайди. У бедор ва ҳаракатчан тунда қуёш юзини кўради. Юксак чинорлар учи қуёш сочлари билан секин ўйнаши ҳам, япроқлар бетида мудраган ой нурлари ҳам, учган япроқ сасидаги баҳорнинг ёди ҳам юрагимиздан ўтаркан, беиз кетмайди. Ойбек шеърларидаги табиат, кеча, кундуз, майса худди инсон янглиғ нафас олади, нафасимизга нафас қўшади. Жуковский шеъриятни бекорга тасвирий санъат билан муқояса қилмаган эди. Ойбек шеърлари тасвирий санъатнинг тенгсиз намуналарига яқин, улардаги рангин ташбеҳлар гўзал суратлар чизади:

Тоғларга илинди қуёш этаги,
Оғочлар узоқда бир тўплам кўлка.
Денгизда порлаган ғуруб чечаги –
Сувларнинг қўйнида қизил машъала.

Ойбек шеъриятидаги чўнг фазилат: соддалик, дунё-дунё ҳис, ҳаяжон, фикр оддий сўзларга сингдирилганки, ўқиб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. “Қорахат” шеъридан:

Бехосдан узилган шода дур каби
Тўкилди умиднинг рангли барглари.
Осилди бир онда қўллар мадорсиз,
Ер қочди, қорайди қуёш зарлари.

Адиб бир суҳбатида “Муҳим ва мураккаб масалалар ҳақида соддагина қилиб сўз айтиш мумкин экан. Қалбни забт этган ҳис-туйғуларни, чуқур лиризмни ифода этмоқ учун дабдабали шакл шарт эмас… Кундалик ҳаёт предметлари, одатий нутқ поэтик оламнинг бутун дабдабасини ва жозибасини йўққа чиқариб қўядигандай кўринарди… амалда эса чинакам жозибадорлик ана шу соддаликда”, деган эди. Ойбек юрагининг, шеъриятининг қудрати хусусан қуйидаги содда сатрларда (уларнинг ортида нималар борлигини ўйласангиз, қўрқиб кетасиз) намоён бўлади:

Кечаси осмонга секин боқаман,
Кипригим устида чексизлик ўйнар.

Шоирнинг юраги майсадай содда, тоғдай залворли ҳис-туйғуларга – шеърга тўла эди. Аммо унинг жисмоний қудрати кўпроқ қора кучлар, хасталик билан олишди.

Хастаман… Фикрга, туйғуга тўлиб –
Ой менга ҳамқадам – сокин юраман.
Соғайсам бир куни ёзаман тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзаман.

Кечалар юрарман телбадай ҳориб,
Бошимда ой борур, менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакман бир кун соғайсам.

“Ижод дардини туғруқ дарди билан қиёс этадилар, ижод дарди – қалбнинг қаърида уйғониб, бутун вужудни ларзага солган оғриқ…” Бу оғриқ “энг ширин лаззат, она алласи каби юпантирувчи, қуёш каби ҳаёт ва қувонч бағишловчи бир куч”. Мана шу куч, мана шу оғриқ хаста Ойбекда тўлғин эди. Бу кучни, бу оғриқни идора қилиш учун катта маънавий қудрат зарур эди. Тилдан қолган, қўлларидан мадор кетган шоир бу қудратни халқидан, муҳаббатдан олди. Муҳаббатдан яралган қудратли илҳом ҳар қандай ўжар фикрни, руҳнинг энг нозик, тутқич бермас – “олтин қуёш нуридан, япроқлар суруридан” туғилган жилваларини, “ариқ ёқаларида яшил кўзли бойчечакдай мўралаган”, “уйқуси йўқ баргларнинг чучук лапари ёққан” ҳисларни сўз орқали ёлқинлантирар, қатрада дарёларни мавжлантирар, учқунда қуёшларни айлантирар, ишқдан ҳаёт ясар, оддий ҳаётдан эса гўзал афсоналар тўқир эди. 21 ёшида илк шеърий тўплами нашр этилган, 32 ёшида “Қутлуғ қон”ни, 37 ёшида “Навоий”ни ёзган ўзбек прозаси йўлчиларидан бўлган Ойбекнинг йўли равон кечмади. Унинг умр йўли шон-шуҳрат гуллари оралаб эмас, чақир тошлар устидан, жарлар ёқасидан ўтди. Унинг йўли шеърида қолди! Мана – шеърнинг улуғлиги, мана – шеърнинг жасорати! Шеър – юрак ҳаётининг ларзаси эканига энди ҳам ишонмай бўладими?! Ойбекнинг қуйидаги сатрлари шу оғир йўлни ўтишда намоён бўлган буюк жасорат сўзлари эмасми:

Гулханга отдилар дўстлар китобим,
Йиғлаб қалбларидан тўкдилар кўзёш.
Қоғозлар-ку ёнди – ёнмади шеърим,
Қалб сўзи – олтин сўз, унда зўр бардош.

Гулханга отдилар даста китобим,
Қалбим поралари куйди нақ кабоб.
Куйди, кул бўлмади, чиқмади жоним,
Ўчмади овозим, сўнмади қоним.

Мана бу сўзлар инсоннинг жаҳолат устидан қозонган ғалабасининг, ўзига бўлган ишончнинг, кўнгил ҳақиқатининг дараги эмасми:

Тош экан бошим,
Ҳеч ёрилмади –
Ёғилди минг тош,

Қалам ҳамдардим,
Бир сирқимади
Кўздан қатра ёш.

Гар қолдим нонсиз
Ва бошпаноҳсиз –
Дарз кетмади қалб:

Кўнглимда ҳақиқат
Бир он сўнмади,
Гўё зўр қуёш.

“Ёзувчи умри йил билан ўлчанмайди – ижодий фаолиятнинг самараси билан ўлчанади. Ойбек 400 йилга тенг келадиган 40 йиллик фаолиятининг бир лаҳзасини ҳам самарасиз ўтказгани йўқ. Ойбек бу жиҳатдан ҳам ҳозирги ва келажак адабий авлод қаршисида устод бўлиб гавдаланади”. Абдулла Қаҳҳорнинг ҳаққоният тўла бу сўзларида Ойбек ҳаёти ва ижодининг самараси намоёндир. Ойбек ҳамиша биз ва келгуси авлод учун устод бўлиб қолаверади, бугунги ва келгуси авлодлар унинг биз бориб етмаган қирраларини кашф этаверадилар.

ОЙБЕК
ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
05

ЭРКИН ҚУШ

09

Малак каби гўзал бир қуш
Тол шохига келиб қўнди.
Дедим: «Қушча, ёнимга туш,
Ёш кўнглимга алам тўлди.

Бир оз куйла, шеъринг сўйла,
Маҳзун руҳим қанот қоқсин
Сирли, гўзал нағмаларинг
Амалимнинг шамин ёқсин».

«Ёндим эркнинг савдосида,
Қафаслардан жуда бездим,
Боқчаларнинг ҳижронида
Юраги қон тутқун эдим.

Қўй, чақирма кўкка учай,
Эркинликка энди чиқай:
Баҳор келиб, ҳар ёқ кулди,
Чечакларни бир оз қучай!» —

Дея қушча ҳар ён боқди.
Тиниқ кўкда қанот қоқди,

1924

ЁШ ЙЎЛЧИ

Йўлим кўп узоқ,
Амалим порлоқ:
Орзулар тошди
Кўксимда бу чоқ.

Қутурма, денгиз,
Ҳовлиқма, денгиз.
Кичик қайиқни
Ирғитма, денгиз!

Ёш кучим толмас,
Тилагим қўрқмас.
Тоғдек тўлқининг
Йўлимни тўсмас.

Ёш кўнгил тошар,
Кўклардан ошар.
Севган юлдузин
Ахтариб қучар.

1925, сентябрь

ОНЛАР

I

Қуёш оғди уфқдан,
Бир тўплам олов сочин
Илиб қолди ўрмонлар…
Узоқликларда шу он
Секин ёзди қанотин
Мовий, майин туманлар.
Енгил табассум ёғар,
Осмон зангори, сўнгсиз
Коинотга боқаман.
Кўкда юлдузлар ёнар,
Абадият гўзал қиз
Каби ётар… толаман…

1929, апрель

II

Мен юраман аста-секин,
Йўллар қумли, ипак каби…
Уйғонмиш тонг ва шамоллар.

Узун йўлнинг ўнг ва чап
Қатор юксак яшил арча
Учларида қуёш ёнар.

Эркин қушлар ва япроқлар,
Куйлашади узоқ-яқин.
Бундан кўзни ололмайман.

Шунда битар ғам, фироқлар,
Мангу ҳаёт мусиқасин
Тинглаб-тинглаб қонолмайман…

1929, май, Ялта

* * *

Уфқлар қуроқ тутди.
Ранг-баранг булутлардан.
Юксак оғочлар учи
Қуёш сочлари билан
Секин ўйнайди…
Соф узоқлик,
Сўнгсизлик
Маъсум бола каби тинч,
Абадият қўйнида
Ётиб мудрайди…
Жимгина толаман…
Шу дамда
Кўнгил фалсафасига
Сажда қиламан.
Кўксимга сиғмайди —
Севги, севинч…

1929

ЁЗ КЕЧАСИ

Ой нурлари мудрайди
Япроқларнинг бетида…
Теран сукут шу тунда…

Кўнглимга туташгандир.
Сўнгсиз, улуғ коинот,
Мангу ёш гўзал ҳаёт.

Юлдузларнинг узоқда
Олтин киприги ўйнар,
Суяди, зркалайди
Она каби мени-да…

1930

ДЕНГИЗДА ОҚШОМ

Сувларда секин ўйнар,
Oлтин қайиқчалардек,
Қуёш алангалари…

Ғуруб ёнғини қоплар,
Само юзи анордек,
Булутлар атлас каби…

Уфқлар қулочига
Сиғмаган буюк денгиз
Чайқалар секингина.

Сувлар қуёш сочига
Ўралашиб тинимсиз
Ўпар қирғоқни аста…

1930, октябрь.

КЎКЛАМ ҲИСЛАРИ

Бошимда олманинг хушбўй оқ гули,
Улуғ ерни қучиб ётибман уйғоқ.
Қулочим етмаса қалбим еткуси,
Инсоннинг қалбига қуёш жинчироқ.

Дарахтлар кўтармиш гул қадаҳчалар
Кўкламнинг, ҳаётнинг соғлиги учун…
Ясанса, қузонса қирлар, боғчалар,
Нега меҳнат, ерни мақтамай бугун?

Бирлашган меҳнат-ла техника ва фан,
Ҳаёт олтинини шахдам қазийди.
Колхознинг ҳар ёғи туташ бир гулшан
Бу ерда иш — меҳнат бир қўшиқ каби.

Ота-боболарнинг хотираларин
Бир сукут сингари сақлайди бу ер.
Фақат мафтун этар шоир хаёлин
Қўйнидаги кўклам, манглай тўккан тер.

1934

* * *

Бир ютум май каби
Сева симирдим
Гилосдай лабингни,
Дўндиқ, севгилим!

Бир ютум май каби
Сева симирдим,
У дамда абадий
Туюлди умрим.

Ой нурин ёпинган
Чиройли баҳор…
Қани у соғинган
Гилос дудоқлар?…

1934, 21 декабрь

* * *

Юраман, тошади севинчим.
Бу севинч қаердан, билмайман.
Кечанинг оғуши латиф, жим…
Юлдузлар чамани гуллаган.

Тошлар ҳам, қушлар ҳам ухлайди
Шамоллар учганда еп-енгил,
Ой нури мавжланиб титрайди,
Баргларга киради ширин тил.

Коинот севгиси гул каби
Қалбимда очилар, қаёл — ҳур.
Тўладир севинчнинг қадаҳи,
Юлдузлар томчилар олтин нур…

1936, июль, Чимён

* * *

Абадият ва умр
Сингари оқади сув.
Оқ сочларини уйқу
Силамас бунда бир қур.

Унинг мавжлари урса,
Чўнг тошлар тилга кирар,
Ўзидан найи дилбар,
Эркаланиб, кўпирса.

Тоғдан шўх, шодлик сурар
Аллақайға совғаси
Қуёшнинг олтин тоси
Кундузи унда сузар…

Олтин узуклар оқар,
Ҳар кун ҳарир кўксида.
Жим-жим жимирлаш ила
Янги кунларга чопар.

Яшил ёқаларида
Кезаман кундуз, оқшом.
Ҳовучим қадаҳ ва жом,
Ичаман қона-қона.

1936, июль

* * *

Тепага чиқамен, сойга тушамен,
Ё гаранг тошларга жим суянамен,
Ё булоқ бошида бир чўпон каби
Ястаниб бир лаҳза ўйга толамен.

Жўшади булоқнинг кумуш ёшлари,
Ҳам мунгли, ҳам ширин жилдирашлари
Буралиб, кўкатлар ичидан чопар,
Узилган марварид ярқирашлари.

Кундузнинг шўхлиги ҳар ерда улфат,
Ҳар ерда гулларнинг саломи эсар:
Булутлар тепага қўнар бир муддат.
Шуълалар, соялар бирга тентирар.

«Дунёда яшамоқ на гўзал!» — бир сас
Ҳаво олтинида жаранглаб учар;
Узоқ бир ўтовда патефон тинмас,
Орзулар сийнага сиғмасдан тошар…

1936

* * *

Олтин сепкилли қоп-қора кеча,
Қора илиқлик, хушбўй бир нафас
Секин эсади. Ухлар қир, тепа,
Ариқда оқар нотинч, қора сас.
Гуллар тожини силайди уйқу,
Орзулари жўш урар кўнгулнинг.
Оғочлиқлардан келди бир «уҳу».
Шамол шивирлар: келмас, узулманг!
Тугар ҳисларин қора бахмалча.
Юлдузлар жим-жим киприкдан томар,
Тун хушбўй, илиқ: нозли бир палла,
Тоғлар бошида юлдузлар чақнар…

1936

НАЪМАТАК

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида,
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида.

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун,
Сўнмайди юзида ёрқин табассум.

Яноқларни тутиб олтин бўса-чун,
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!
Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм…
Нафис чайқалади бир туп наъматак…

Шамол инжуларни сепар чашмадак
Бошида бир сават оқ юлдуз — чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум!
Тоғлар ҳавосининг фирузасидан
Майин товланади бутун ниҳоли.
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!

1936

* * *

Шамол, бир эртак ўқи
Ўзганда тоғ уетидан.
Ичиб булок бошидан,

Шамол, бир зртак ўқи!
Арчалар шохидан туш!
Кўк ипакда қил жилва,

Сочларимда ғивирла,
Кел, қалбимга шивирла,
Арчалар шохидан туш!

Тоғлар рўёсини айт,
Юлдуз саломини айт,
Шивирла ҳаёт сасин,
Севги дуосини айт.

1936, 9 июль

ШЕЪР

Дейдиларки шеър — юлдуз кирпиги.
Болчиқ йўлни ёрит, деёлмас ҳеч ким.
Ҳаёт қорасида инжу нур ипи.
Дейдиларки шеър — фақат қуш тили
Маъносин туяди ҳассос кўнгиллар,
Ёки у кўр қалбнинг кўз ёш томчиси,
Tошларга томади, ё тақар гуллар.
Дейдиларки шеър — ўз мантиқини
Юмшоқ уйқу чоғи олади тушдан,
Қон ва севинч берган ернинг ҳидини
Илҳомлар сўрмади пуч ғурур билан…

1936

* * *

Майли, сув ич, қаттиқ нон кемир,
Лекин, ёнсин қалбингда олов.
Фалсафанинг аччиғин симир,
Фароғат, тин сенга бўлсин ёв.
Тошга ҳам, рангга ҳам, сўзга ҳам
Ҳаёт нури билан бер жило.
Нашъа эмас, ҳатто сенда ғам
Қалбга солсин ҳаётдан зиё.

1937

ҚОРАХАТ

Бехосдан узилган шода дур каби,
Тўкилди умиднинг рангли барглари.
Осилди бир онда қўллар мадорсиз,
Ер қочди, қорайди қуёш зарлари…

1941

* * *

Йиғи келмайди сира…
Ғазабдан қақраган кўз.
Бу йўлларнинг яхидек
Лабимда қотипти сўз.
Қошлар, киприклар қиров —
Юраман ҳушсиз, ҳайрон.
Қорним оч, эсга келмас
Халтамдаги ғиштдек нон…
Куйган уйларда увлар
Қиш қуюни бетиним.
Танҳо кезаман. Йиғлар
Юрагимда Ватаним.

1944, 17 февраль

КУЗДА

Кетаман тентираб танҳо йўлларда,
Дарахтлар гўёки машъалдек ёниқ.
Куз кўркам яшнайди хил-хил рангларда.
Шафтоли барглари ёнар олтиндай,
Ўрикда қирмизи ёқут шуълалар.
Шуълаларнинг рақси баргда, новдада.
Сувлар оқар секин, шишадай тиниқ,
Осмон чўкиб олган сувларга гўё.
Ҳазога тўймайман, нафаси илиқ…
О, азим чинорлар, нақадар кўркам,
Тўхтайман ўйланиб: «Олтинланибди,
Умри асрлардир, илдизи маҳкам…»
Қисқарди кунлар ҳам, учади мезон,
Алвидо, деб қушлар бошлади сафар,
Япроқлар тўкилур,.. йиғлайди хазон…
Олмалар ёноғи қип-қизил ёқут,
Арава, машина ташир шаҳарга,
Ўзбеклар элида — мўл, барака, қут!
Токларда ранг-баранг тотли узумлар,
Тилларни ёради бол каби ширин:
Хушбўй май ичгандай гўё туюлар.
Юраман хаёлда, ўтар кундузи,
Дарахтлар туради ёниқ машъалдай.
Кечқурун йўлимда оқшом юлдузи…

1960

* * *

Сирли йўллар босиб, кезаман осмон,
Ўйлайман, ўйлайман, сира билмайман,
Осмонга сепилган олтиндан сомон.
Ҳакиқат нимадир, ўйлайман ҳамон…

1965, август

Xurshid Davron
“OY MENGA HAMQADAM…”
03

04Оybek she’riyati sirli, mo»jizaga boy, g’oyat zalvor tug’yonlar jo bir g’alayon, oy shu’lasiday yorug’ hislar bekingan qo’shiqqa o’xshaydi. Shu bilan birga, otashin yurak kechinmalarining yodnomasidir. Men bu she’rlarni o’qiganimda vujudimda shunday bir tasviri noayon hayrat va dard sezamanki, bu – dunyoda yashashdan maqsadim, olayotgan huzurlarimning eng go’zali va yoqimlisi bo’lib tuyuladi. Tasavvurimda XX asr o’zbek she’riyatida Cho’lponu Usmon Nosirdan keyin Oybekday shoir yo’qdirkim, bir-ikki satrini (ta’kidlamoqdaman – satrini!) soatlab o’qib maroqlanish mumkin bo’lsa: “Qani, she’r, so’yla abadiyatdan”; “O’tdi vahshiy go’zal kunlar”; “Shu kecham umrimda o’lmasin”; “Yulduz kabi jimirlaydi jon”; “Ariqda oqar notinch, qora sas”; “Cho’pon uyqusiga tomchilar tomdi”; “Bulutlarning alvoni – bo’ronlarga bayroqdir!” Yana qanchadan-qancha go’zal, buyuk satrlar… Oybekning hayoti she’rlarida mujassam: “Yotma, o’g’lon, uyg’on, ko’z och, uxlama”; “Abadiy yashamoq, kulmoq istayman”; “Kurashadi ikki to’lqin, qarab turaymi?”; “Assalom, Navoiy!”; “Gulxanga otdilar do’stlar kitobim”; “To’yib yozajakman bir kun sog’aysam”; “Ko’nglimda haqiqat bir oz so’nmadi…”; “Koinot ertagi bitmaydi…” Ushbu satrlarga uning tarjimai holi singib ketgan. Oybek tunni sevadi. Ismi butun ijodiga yarashig’liq shoir xuddi oyday to’lib, go’yoki tun uzra turib uni sergak kuzatadi. Tun haqidagi she’rlarining ajib fazilati shuki, shoir tunni sukut va uyqu bilan emas, bedorlik va harakat bilan bog’laydi. U bedor va harakatchan tunda quyosh yuzini ko’radi. Yuksak chinorlar uchi quyosh sochlari bilan sekin o’ynashi ham, yaproqlar betida mudragan oy nurlari ham, uchgan yaproq sasidagi bahorning yodi ham yuragimizdan o’tarkan, beiz ketmaydi. Oybek she’rlaridagi tabiat, kecha, kunduz, maysa xuddi inson yanglig’ nafas oladi, nafasimizga nafas qo’shadi. Jukovskiy she’riyatni bekorga tasviriy san’at bilan muqoyasa qilmagan edi. Oybek she’rlari tasviriy san’atning tengsiz namunalariga yaqin, ulardagi rangin tashbehlar go’zal suratlar chizadi:

Tog’larga ilindi quyosh etagi,
Og’ochlar uzoqda bir to’plam ko’lka.
Dengizda porlagan g’urub chechagi –
Suvlarning qo’ynida qizil mash’ala.

Oybek she’riyatidagi cho’ng fazilat: soddalik, dunyo-dunyo his, hayajon, fikr oddiy so’zlarga singdirilganki, o’qib hayratdan yoqa ushlaysiz. “Qoraxat” she’ridan:

Bexosdan uzilgan shoda dur kabi
To’kildi umidning rangli barglari.
Osildi bir onda qo’llar madorsiz,
Yer qochdi, qoraydi quyosh zarlari.

Adib bir suhbatida “Muhim va murakkab masalalar haqida soddagina qilib so’z aytish mumkin ekan. Qalbni zabt etgan his-tuyg’ularni, chuqur lirizmni ifoda etmoq uchun dabdabali shakl shart emas… Kundalik hayot predmetlari, odatiy nutq poetik olamning butun dabdabasini va jozibasini yo’qqa chiqarib qo’yadiganday ko’rinardi… amalda esa chinakam jozibadorlik ana shu soddalikda”, degan edi. Oybek yuragining, she’riyatining qudrati xususan quyidagi sodda satrlarda (ularning ortida nimalar borligini o’ylasangiz, qo’rqib ketasiz) namoyon bo’ladi:

Kechasi osmonga sekin boqaman,
Kiprigim ustida cheksizlik o’ynar.

Shoirning yuragi maysaday sodda, tog’day zalvorli his-tuyg’ularga – she’rga to’la edi. Ammo uning jismoniy qudrati ko’proq qora kuchlar, xastalik bilan olishdi.

Xastaman… Fikrga, tuyg’uga to’lib –
Oy menga hamqadam – sokin yuraman.
Sog’aysam bir kuni yozaman to’yib,
Hislarga qalbimni qo’shib yozaman.

Kechalar yurarman telbaday horib,
Boshimda oy borur, menga hamqadam.
Xayollar uchadi mash’alday yonib,
To’yib yozajakman bir kun sog’aysam.

“Ijod dardini tug’ruq dardi bilan qiyos etadilar, ijod dardi – qalbning qa’rida uyg’onib, butun vujudni larzaga solgan og’riq…” Bu og’riq “eng shirin lazzat, ona allasi kabi yupantiruvchi, quyosh kabi hayot va quvonch bag’ishlovchi bir kuch”. Mana shu kuch, mana shu og’riq xasta Oybekda to’lg’in edi. Bu kuchni, bu og’riqni idora qilish uchun katta ma’naviy qudrat zarur edi. Tildan qolgan, qo’llaridan mador ketgan shoir bu qudratni xalqidan, muhabbatdan oldi. Muhabbatdan yaralgan qudratli ilhom har qanday o’jar fikrni, ruhning eng nozik, tutqich bermas – “oltin quyosh nuridan, yaproqlar sururidan” tug’ilgan jilvalarini, “ariq yoqalarida yashil ko’zli boychechakday mo’ralagan”, “uyqusi yo’q barglarning chuchuk lapari yoqqan” hislarni so’z orqali yolqinlantirar, qatrada daryolarni mavjlantirar, uchqunda quyoshlarni aylantirar, ishqdan hayot yasar, oddiy hayotdan esa go’zal afsonalar to’qir edi. 21 yoshida ilk she’riy to’plami nashr etilgan, 32 yoshida “Qutlug’ qon”ni, 37 yoshida “Navoiy”ni yozgan o’zbek prozasi yo’lchilaridan bo’lgan Oybekning yo’li ravon kechmadi. Uning umr yo’li shon-shuhrat gullari oralab emas, chaqir toshlar ustidan, jarlar yoqasidan o’tdi. Uning yo’li she’rida qoldi! Mana – she’rning ulug’ligi, mana – she’rning jasorati! She’r – yurak hayotining larzasi ekaniga endi ham ishonmay bo’ladimi?! Oybekning quyidagi satrlari shu og’ir yo’lni o’tishda namoyon bo’lgan buyuk jasorat so’zlari emasmi:

Gulxanga otdilar do’stlar kitobim,
Yig’lab qalblaridan to’kdilar ko’zyosh.
Qog’ozlar-ku yondi – yonmadi she’rim,
Qalb so’zi – oltin so’z, unda zo’r bardosh.

Gulxanga otdilar dasta kitobim,
Qalbim poralari kuydi naq kabob.
Kuydi, kul bo’lmadi, chiqmadi jonim,
O’chmadi ovozim, so’nmadi qonim.

Mana bu so’zlar insonning jaholat ustidan qozongan g’alabasining, o’ziga bo’lgan ishonchning, ko’ngil haqiqatining daragi emasmi:

Tosh ekan boshim,
Hech yorilmadi –
Yog’ildi ming tosh,

Qalam hamdardim,
Bir sirqimadi
Ko’zdan qatra yosh.

Gar qoldim nonsiz
Va boshpanohsiz –
Darz ketmadi qalb:

Ko’nglimda haqiqat
Bir on so’nmadi,
Go’yo zo’r quyosh.

“Yozuvchi umri yil bilan o’lchanmaydi – ijodiy faoliyatning samarasi bilan o’lchanadi. Oybek 400 yilga teng keladigan 40 yillik faoliyatining bir lahzasini ham samarasiz o’tkazgani yo’q. Oybek bu jihatdan ham hozirgi va kelajak adabiy avlod qarshisida ustod bo’lib gavdalanadi”. Abdulla Qahhorning haqqoniyat to’la bu so’zlarida Oybek hayoti va ijodining samarasi namoyondir. Oybek hamisha biz va kelgusi avlod uchun ustod bo’lib qolaveradi, bugungi va kelgusi avlodlar uning biz borib yetmagan qirralarini kashf etaveradilar.

OYBEK
SHE’RLARIDAN NAMUNALAR
05

ERKIN QUSH

05

Malak kabi go’zal bir qush
Tol shoxiga kelib qo’ndi.
Dedim: «Qushcha, yonimga tush,
Yosh ko’nglimga alam to’ldi.

Bir oz kuyla, she’ring so’yla,
Mahzun ruhim qanot qoqsin
Sirli, go’zal nag’malaring
Amalimning shamin yoqsin».

«Yondim erkning savdosida,
Qafaslardan juda bezdim,
Boqchalarning hijronida
Yuragi qon tutqun edim.

Qo’y, chaqirma ko’kka uchay,
Erkinlikka endi chiqay:
Bahor kelib, har yoq kuldi,
Chechaklarni bir oz quchay!» —

Deya qushcha har yon boqdi.
Tiniq ko’kda qanot qoqdi,

1924

YOSH YO’LCHI

Yo’lim ko’p uzoq,
Amalim porloq:
Orzular toshdi
Ko’ksimda bu choq.

Quturma, dengiz,
Hovliqma, dengiz.
Kichik qayiqni
Irg’itma, dengiz!

Yosh kuchim tolmas,
Tilagim qo’rqmas.
Tog’dek to’lqining
Yo’limni to’smas.

Yosh ko’ngil toshar,
Ko’klardan oshar.
Sevgan yulduzin
Axtarib quchar.

1925, sentyabr`

ONLAR

I

Quyosh og’di ufqdan,
Bir to’plam olov sochin
Ilib qoldi o’rmonlar…
Uzoqliklarda shu on
Sekin yozdi qanotin
Moviy, mayin tumanlar.
Yengil tabassum yog’ar,
Osmon zangori, so’ngsiz
Koinotga boqaman.
Ko’kda yulduzlar yonar,
Abadiyat go’zal qiz
Kabi yotar… tolaman…

1929, aprel`

II

Men yuraman asta-sekin,
Yo’llar qumli, ipak kabi…
Uyg’onmish tong va shamollar.

Uzun yo’lning o’ng va chap
Qator yuksak yashil archa
Uchlarida quyosh yonar.

Erkin qushlar va yaproqlar,
Kuylashadi uzoq-yaqin.
Bundan ko’zni ololmayman.

Shunda bitar g’am, firoqlar,
Mangu hayot musiqasin
Tinglab-tinglab qonolmayman…

1929, may, Yalta

* * *

Ufqlar quroq tutdi.
Rang-barang bulutlardan.
Yuksak og’ochlar uchi
Quyosh sochlari bilan
Sekin o’ynaydi…
Sof uzoqlik,
So’ngsizlik
Ma’sum bola kabi tinch,
Abadiyat qo’ynida
Yotib mudraydi…
Jimgina tolaman…
Shu damda
Ko’ngil falsafasiga
Sajda qilaman.
Ko’ksimga sig’maydi —
Sevgi, sevinch…

1929

YOZ KECHASI

Oy nurlari mudraydi
Yaproqlarning betida…
Teran sukut shu tunda…

Ko’nglimga tutashgandir.
So’ngsiz, ulug’ koinot,
Mangu yosh go’zal hayot.

Yulduzlarning uzoqda
Oltin kiprigi o’ynar,
Suyadi, zrkalaydi
Ona kabi meni-da…

1930

DENGIZDA OQSHOM

Suvlarda sekin o’ynar,
Oltin qayiqchalardek,
Quyosh alangalari…

G’urub yong’ini qoplar,
Samo yuzi anordek,
Bulutlar atlas kabi…

Ufqlar qulochiga
Sig’magan buyuk dengiz
Chayqalar sekingina.

Suvlar quyosh sochiga
O’ralashib tinimsiz
O’par qirg’oqni asta…

1930, oktyabr`.

KO’KLAM HISLARI

Boshimda olmaning xushbo’y oq guli,
Ulug’ yerni quchib yotibman uyg’oq.
Qulochim yetmasa qalbim yetkusi,
Insonning qalbiga quyosh jinchiroq.

Daraxtlar ko’tarmish gul qadahchalar
Ko’klamning, hayotning sog’ligi uchun…
Yasansa, quzonsa qirlar, bog’chalar,
Nega mehnat, yerni maqtamay bugun?

Birlashgan mehnat-la texnika va fan,
Hayot oltinini shaxdam qaziydi.
Kolxozning har yog’i tutash bir gulshan
Bu yerda ish — mehnat bir qo’shiq kabi.

Ota-bobolarning xotiralarin
Bir sukut singari saqlaydi bu yer.
Faqat maftun etar shoir xayolin
Qo’ynidagi ko’klam, manglay to’kkan ter.

1934

* * *

Bir yutum may kabi
Seva simirdim
Gilosday labingni,
Do’ndiq, sevgilim!

Bir yutum may kabi
Seva simirdim,
U damda abadiy
Tuyuldi umrim.

Oy nurin yopingan
Chiroyli bahor…
Qani u sog’ingan
Gilos dudoqlar?…

1934, 21 dekabr`

* * *

Yuraman, toshadi sevinchim.
Bu sevinch qaerdan, bilmayman.
Kechaning og’ushi latif, jim…
Yulduzlar chamani gullagan.

Toshlar ham, qushlar ham uxlaydi
Shamollar uchganda yep-yengil,
Oy nuri mavjlanib titraydi,
Barglarga kiradi shirin til.

Koinot sevgisi gul kabi
Qalbimda ochilar, qayol — hur.
To’ladir sevinchning qadahi,
Yulduzlar tomchilar oltin nur…

1936, iyul`, Chimyon

* * *

Abadiyat va umr
Singari oqadi suv.
Oq sochlarini uyqu
Silamas bunda bir qur.

Uning mavjlari ursa,
Cho’ng toshlar tilga kirar,
O’zidan nayi dilbar,
Erkalanib, ko’pirsa.

Tog’dan sho’x, shodlik surar
Allaqayg’a sovg’asi
Quyoshning oltin tosi
Kunduzi unda suzar…

Oltin uzuklar oqar,
Har kun harir ko’ksida.
Jim-jim jimirlash ila
Yangi kunlarga chopar.

Yashil yoqalarida
Kezaman kunduz, oqshom.
Hovuchim qadah va jom,
Ichaman qona-qona.

1936, iyul`

* * *

Tepaga chiqamen, soyga tushamen,
YO garang toshlarga jim suyanamen,
YO buloq boshida bir cho’pon kabi
Yastanib bir lahza o’yga tolamen.

Jo’shadi buloqning kumush yoshlari,
Ham mungli, ham shirin jildirashlari
Buralib, ko’katlar ichidan chopar,
Uzilgan marvarid yarqirashlari.

Kunduzning sho’xligi har yerda ulfat,
Har yerda gullarning salomi esar:
Bulutlar tepaga qo’nar bir muddat.
Shu’lalar, soyalar birga tentirar.

«Dunyoda yashamoq na go’zal!» — bir sas
Havo oltinida jaranglab uchar;
Uzoq bir o’tovda patefon tinmas,
Orzular siynaga sig’masdan toshar…

1936

* * *

Oltin sepkilli qop-qora kecha,
Qora iliqlik, xushbo’y bir nafas
Sekin esadi. Uxlar qir, tepa,
Ariqda oqar notinch, qora sas.
Gullar tojini silaydi uyqu,
Orzulari jo’sh urar ko’ngulning.
Og’ochliqlardan keldi bir «uhu».
Shamol shivirlar: kelmas, uzulmang!
Tugar hislarin qora baxmalcha.
Yulduzlar jim-jim kiprikdan tomar,
Tun xushbo’y, iliq: nozli bir palla,
Tog’lar boshida yulduzlar chaqnar…

1936

NA’MATAK

Nafis chayqaladi bir tup na’matak
Yuksakda, shamolning belanchagida,
Quyoshga ko’tarib bir savat oq gul,
Viqor-la o’shshaygan qoya labida.

Nafis chayqaladi bir tup na’matak
Mayin raqsiga hech qoniqmas ko’ngil,
Vahshiy toshlarga ham u berar fusun,
So’nmaydi yuzida yorqin tabassum.

Yanoqlarni tutib oltin bo’sa-chun,
Quyoshga tutadi bir savat oq gul!
Poyida yig’laydi kumush qor yum-yum…
Nafis chayqaladi bir tup na’matak…

Shamol injularni separ chashmadak
Boshida bir savat oq yulduz — chechak,
Nozik salomlari naqadar ma’sum!
Tog’lar havosining firuzasidan
Mayin tovlanadi butun niholi.
Vahshiy qoyalarning ajib ijodi:
Yuksakda raqs etar bir tup na’matak,
Quyoshga bir savat gul tutib xursand!

1936

* * *

Shamol, bir ertak o’qi
O’zganda tog’ uetidan.
Ichib bulok boshidan,

Shamol, bir zrtak o’qi!
Archalar shoxidan tush!
Ko’k ipakda qil jilva,

Sochlarimda g’ivirla,
Kel, qalbimga shivirla,
Archalar shoxidan tush!

Tog’lar ro’yosini ayt,
Yulduz salomini ayt,
Shivirla hayot sasin,
Sevgi duosini ayt.

1936, 9 iyul`

SHE’R

Deydilarki she’r — yulduz kirpigi.
Bolchiq yo’lni yorit, deyolmas hech kim.
Hayot qorasida inju nur ipi.
Deydilarki she’r — faqat qush tili
Ma’nosin tuyadi hassos ko’ngillar,
Yoki u ko’r qalbning ko’z yosh tomchisi,
Toshlarga tomadi, yo taqar gullar.
Deydilarki she’r — o’z mantiqini
Yumshoq uyqu chog’i oladi tushdan,
Qon va sevinch bergan yerning hidini
Ilhomlar so’rmadi puch g’urur bilan…

1936

* * *

Mayli, suv ich, qattiq non kemir,
Lekin, yonsin qalbingda olov.
Falsafaning achchig’in simir,
Farog’at, tin senga bo’lsin yov.
Toshga ham, rangga ham, so’zga ham
Hayot nuri bilan ber jilo.
Nash’a emas, hatto senda g’am
Qalbga solsin hayotdan ziyo.

1937

QORAXAT

Bexosdan uzilgan shoda dur kabi,
To’kildi umidning rangli barglari.
Osildi bir onda qo’llar madorsiz,
Yer qochdi, qoraydi quyosh zarlari…

1941

* * *

Yig’i kelmaydi sira…
G’azabdan qaqragan ko’z.
Bu yo’llarning yaxidek
Labimda qotipti so’z.
Qoshlar, kipriklar qirov —
Yuraman hushsiz, hayron.
Qornim och, esga kelmas
Xaltamdagi g’ishtdek non…
Kuygan uylarda uvlar
Qish quyuni betinim.
Tanho kezaman. Yig’lar
Yuragimda Vatanim.

1944, 17 fevral`

KUZDA

Ketaman tentirab tanho yo’llarda,
Daraxtlar go’yoki mash’aldek yoniq.
Kuz ko’rkam yashnaydi xil-xil ranglarda.
Shaftoli barglari yonar oltinday,
O’rikda qirmizi yoqut shu’lalar.
Shu’lalarning raqsi bargda, novdada.
Suvlar oqar sekin, shishaday tiniq,
Osmon cho’kib olgan suvlarga go’yo.
Hazoga to’ymayman, nafasi iliq…
O, azim chinorlar, naqadar ko’rkam,
To’xtayman o’ylanib: «Oltinlanibdi,
Umri asrlardir, ildizi mahkam…»
Qisqardi kunlar ham, uchadi mezon,
Alvido, deb qushlar boshladi safar,
Yaproqlar to’kilur,.. yig’laydi xazon…
Olmalar yonog’i qip-qizil yoqut,
Arava, mashina tashir shaharga,
O’zbeklar elida — mo’l, baraka, qut!
Toklarda rang-barang totli uzumlar,
Tillarni yoradi bol kabi shirin:
Xushbo’y may ichganday go’yo tuyular.
Yuraman xayolda, o’tar kunduzi,
Daraxtlar turadi yoniq mash’alday.
Kechqurun yo’limda oqshom yulduzi…

1960

* * *

Sirli yo’llar bosib, kezaman osmon,
O’ylayman, o’ylayman, sira bilmayman,
Osmonga sepilgan oltindan somon.
Hakiqat nimadir, o’ylayman hamon…

1965, avgust

08

(Tashriflar: umumiy 233, bugungi 1)

3 izoh

  1. Pingback: Sokina
  2. Anvariy Botir Õg’li
    Вчера, в 1:45 ·

    ХУРШИД ДАВРОН ШЕЪРИЯТИДА МОҲИЯТ ВА МАЗМУН
    Анвар Ботир Ўғли
    2-курс талабаси (Қўқон).

    ХХ аср ўзбек адабиётининг салмоқли вакилларидан бири – Хуршид Даврон. Унинг шеърияти фақат ва фақат теран кузатув ҳамда мулоҳазакорлик орқали акс эттирилади. Шоирнинг асл шоирлигини кўрсатиб берувчи “нигоҳ” бор. Шеъриятида асосий устунликни пейзажга юклаган бу ижодкор ўз йўлини ва ўз услубини ярата олди. Ҳозир биз бу ижодкорнинг шъерларидан бирини ўқувчи ва уқувчи сифатида таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

    * * * *

    Тик қоядан боқаман йўлга –
    Адирларга ташлаб кўз қирин.
    Қора сочин сочиб шамолга,
    Бола келар йўл босиб ҳорғин.

    Қуш овози ҳушимни тортар,
    Шохча титрар – учиб кетар қуш
    Адирларнинг сукути аро
    Титраб ўтар оний бир товуш.

    Кўз ташлайман мен яна йўлга –
    Ҳассасини босиб бемажол.
    Оппоқ сочин сочиб шамолга
    Судралади мункиллаган чол.

    Аввало биринчи байтга тўхталамиз. “Тик қоядан боқаман йўлга”. Бунда ҳамма нарсага эришган одамнинг ўтмишга, яъни ўзи босиб ўтган (умр) йўлга назар ташлашига, ҳамда, “Адирларга ташлаб кўз қирин”, адирларга шоир қаердан қарамоқда, албатта, тик қоядан, бунда инсоннинг орзу-истакларига ишора бор. Чунки инсон оддий, нотекис йўлда бораётган пайт текис ва покиза йўлни орзу қилади, ваҳоланки, бу орзусига эришгач эса текис йўл унга баланд адирларнинг ёнида қандайдир бир файзсиз кўринади. Шунда инсон нима қилади, албатта, кейинги истагига қараб ҳаракатлана бошлайди. Адирларга етишган маҳалда эса у, бу адирдан-да баландроқ бўлган кейинги босқичга кўз югуртиради. Инчунун, бу истак – қоялар, тоғлар. Бу таҳлид давом этаверади, токи инсон қабригача. Тасаввур қиламиз инсон дунёдаги энг баланд чўққига чиққан тақдирда ҳам бу истаклар тўҳтайдими? Бир қарашда бунга “ҳа!” деб жавоб берса бўладигандек, бироқ бу ҳолат ўша, чўққида турган инсоннинг устидан қандайдир бир заиф қушча учиб ўтгунга қадар. Шундагина инсон энг юқоридаман деган фикрлар гирдибодидан юлқиниб чиқади. Бу йўсинда кетишлар одамни етукликка эмас, тубанликка бошлайди. Негаки, инсон фақат эртасига қараб эмас, кечасига ҳам онда-сонда қараб туришни ўзига одат қилмас экан, унинг “олий жамият”га киришга ҳаққи йўқ. Энди асосий мавзуга қайтсак, бизнинг қаҳрамон нима қилмоқда? У маълум натижага эришгандан сўнг босиб ўтган йўлларини сарҳисоб қилмоқда. Адирларга, йўлларга бир-бир разм солиб чиқмоқда. Натижа қандай? У ўз ўтмишини кўрди. “Қора сочин сочиб шамолга, бола келар йўл босиб ҳорғин”

    Қора ва потила сочли бир бола, ҳаёт йўлида ҳориб юриб келмоқда. Натижа чиқиши учун сабаб бўлиши лозим. Бу – ўзгармас қоида. Қачон инсон чарчайди? Қачонки оғир меҳнатдан сўнг. (тўғри, баъзи бирлар бор дам олиб “чарчайдиган”) Лекин шоир бу жойга “бола” сўзини қўшиб кетган. Нимага айнан бола? Одам деса ҳам бўлар эди-ку. Бўғин ҳам, маъно ҳам ўзгармас эди-ку бунда. Локин магар ижодкор шундай деганда мантиқ бузулган бўлур эди. Бунга сабаб..?

    Кузатганмисиз бирор боланинг кеч пайти ўртоқлари билан ўйнаш учун чиқиб кетётган вақтдаги ҳолатини? Унунг вужудидаги шиддат, иштиёқ, қалбдаги ўт ловуллаб туради, ваҳолангки бу пайтгача у уй ишлари билан машғул бўлган бўлса-да. Шу шиддат унинг ҳаракатларига ҳам уфуриб туради. Шу шиддатнинг сустлашиши учун қанча ҳаракат керак бўлишини мантиқан тасаввур қилиб кўрайлик. Жуда кўп-а? Мана нима учун бу мисрада бола дейиляпти. Одам у ёқда турсин ҳатто йигит демаяпти шоир, бола деяпти. Бунга биринчидан инсоннинг истаклар рўёби учун(балки буни ўзи сезмас) жуда ёшликдан ҳаракат қилишини назарда тутилса, иккинчидан юқоридаги мантиқий хулосамиз кўзланган.

    Қуш овози ҳушимни тортар,
    Шохча титрар – учиб кетар қуш
    Адирларнинг сукути аро
    Титраб ўтар оний бир товуш.

    Кейинги банддаги биринчи икки мисрада “Қуш овози ҳушимни тортар, Шохча титрар – учиб кетар қуш” дейилган. Кейинги саволимиз нимага айнан қуш? Хаёлни тортиш учун бошқа сабаблар ҳам етарли-ку аҳир. Юқорида айтиб ўтдик, инсон бир истагига эришгач иккинчи бир каттароқ истакни орзу қилаверади. Аммо бу орзулар ортидан қувиш инсонни азоблар қуюнига олиб келиб ташлайди. Бизнинг қаҳрамон “олий жамият” аъзоси. У ҳамма тарафларни ўйлайди. Бир зумгина эшитилган товуш, инсоннинг тафаккур туғёнларини қўзғотади. Биъайни бу туғён, албатта камолот йўлига хизмат қилгуси. У бир зумгина қушга қаради ва қушнинг учиб кетгани-ю, шохчанинг ўзи қолганини кўради. Бу ижодкорнинг дунёнинг қандай эканлигига берилган шахсий ва янги топилма. Кейинги мисрада эса “Адирларнинг сукути аро, Титраб ўтар оний бир товуш”. Қуш учиб кетгандаги оний, яъни бир лаҳзалик товуш ўша қаҳрамон қачондир босиб ўтган адирларнинг ҳолати билан солиштирилмоқда. Ўша адирлар қаҳрамон туғилишидан олдин ҳам бор эди, ҳозир ҳам мавжуд, кейин ҳам қолади. Қуш учиб келадими, ёки инсон келиб кетадими, уларнинг бариси адирларнинг сабри олдида оний холос. Бу мисрани тўғридан-тўғри биринчи мисрага асос, далил деб олиш мумкин. Яъни инсон умри онийдир.

    Кўз ташлайман мен яна йўлга –
    Ҳассасини босиб бемажол.
    Оппоқ сочин сочиб шамолга
    Судралади мункиллаган чол.

    “Кўз ташлайман мен яна йўлга –“ эътибор берайлик, қаҳрамон яна ўз йўлига – аввалги қараб турган ҳолатига қайтмоқда. Бу эса ҳар қандай ҳодиса (хоҳ у салбий бўлсин, хоҳ ижобий) уни ўз ишидан, мақсадидан, фикридан қайтара олмаслигига ишора. (албатта бизнинг қаҳрамон “оилй жамият” аъзоси экан, бу қатъиятнинг фақатгина яхшилик йўлида эканини кўрсатади). Кейинги мисраларга ўтамиз ва уч мисрани биргаликда таҳлил қиламиз. Бунга эса бу уч мисра қаҳрамоннинг яна йўл (умр)га қарагандаги тасвири, ҳамда учала мисранинг жамланмаси битта портретнинг чизилишига олиб келиши сабаб бўлади.

    “Хассасини босиб бемажол,
    Оппоқ сочин сочиб шамолга,
    Судралади мункиллаган чол”

    Қаҳрамонимизнинг чалғиши фақат оний эди. Бу эса бошқа бир шоиримиз – устоз Ғафур Ғуломнинг:

    “Ғунча очилгунча ўтган фурсатни,
    Капалак умрига қиёс этгулик.
    Баъзида бир нафас олгулик муддат
    Минг юлдуз сўниши учун етгулик”

    деган мисраларини ёдимизга солади.

    Асар қаҳрамонининг кўз очиб юмгунгача фурсат ичидаги воқеалар унинг онгида шу қадар катта бурилишлар-у ўйларининг алғов-далғов бўлишига олиб келдики, у энди бояги болани эмас, мункиллаган ва ҳаётини яшаб бўлган умрни кўряпти. Бир лаҳзада аввалги қора сочларнинг ҳолати, қадамларнинг ўзгариши, ҳаммаси, бизга инсон ҳаётининг абадий эмаслигини баралла айтиб ўтмаяптими?! Сўзларнинг ишлатилишига назар солайлик. Сочларни шамолга сочилиши. Шеър аввалидаги боланинг сочлари тўлғониб сочилган бўлса, ибтидосида, жўн қилиб айтганда қариликнинг яна бир аломати.

    Энди бизнинг қаҳрамон қандай йўл тутиши фақат бизнинг измимизда. Хоҳласак уни(албатта тасаввуримизда) яна орзулар ортидан равона қиламиз, истасак умр сарҳисобига ундаймиз. Шеърни бу тарзда таҳлил қилишимиз ёки ўз фикрларимизни бошқа оқимга томон буриб юборишимиз ҳам, алҳол ўзимизнинг қўлимизда. Буни муаллифнинг ўзи-да истайди. Шеърда ҳеч қандай сарлавҳа йўқлиги бунга исбот.
    Шеърнинг яна бир яширин маъноси эса узвий даврга бориб тақалади. Бунда баркамол шахснинг кўз очиб юмгунча умрининг поёнига етиб боришишини тасвирлайди. Тарихан олиб қараганда ўша давр истибдоди тузум ривижига фойдаси тегадиган, белида қуввати, кўзида нури бор шахсларни “қурбон” қилиб, навқирон умрини ўз манфаатлари йўлида сарф этиб, унинг сўнгги шуурини-да симиб олиб, ўзини кераксиз буюмдек чеккага улоқтирганлари қай даражада авайлаб-асраб ифодалагани эса яна бир бор таҳсинга сазовор ҳолат эмасми?!

    Шоир ўз шеъри билан юқориликка нарвон қўйиб, унга ўзи тирмашиб бўлди. Энди бўлса, сизни шу чиққан жойигача бўлса-да ёнига чорламоқда. Ё унинг олдига чиқиб кескир нигоҳлари қадалган нуқталарни кўришга урунинг, ё унинг ўзи тушишига умид қилинг (албатта, асл шеърни деган шоир зинҳор пастга тушмагай). Пастда юрган шеърчиларга эргашиш ҳам сизнинг ихтиёрингизга ҳавола. Чунки ҳозирда “паст”да юрадиган “шоир”чалар-да бисёр.

    Бу – юқорида келтирилган шеърнинг биттагина таҳлилий томони холос. Эслатиш жоизки, биз шеърнинг фақат маъновий томонининг бир қисмини гапирдик. Унда қўлланилган бадииятларнинг жозибасини тааммул қилишни-да сизнинг ихтиёрингизга топширдик.
    Бу сингари бой бўёқли шеърларнинг кўпайишидан умидимиз бор.

  3. Рахмат, илохим умрингиз узок булсин.

Izoh qoldiring