Xurshid Davron: Qadrini tiklagan xalq doim marddir…

Ashampoo_Snap_2016.09.27_00h01m09s_005_.png    Бу суҳбат «Муштум» журналида эълон қилингани чорак аср бўлибди. Аммо, ўқиб кўрсам, суҳбатда тилга олинган муаммолар, билдирилган фикр-мулоҳазаларнинг аксарияти ўз долзарблигини йўқотмабди. Айни шуни ўйлаб, уни жузъий қисқартиришлар билан сизларга тақдим этаяпман. Бундан кейин ҳам архивимдаги эски мақола ва суҳбатлар билан сизни таништириб бораман.

ҚАДРИНИ ТИКЛАГАН ХАЛҚ ДОИМ МАРДДИР
Шоир Хуршид Даврон билан суҳбат
«Муштум» журнали, 1989,№ 23
003

003 МУХБИР:  Хуршид ака, олдингизга “Муштум” тоғанинг махсус топшириғи билан келдим. Ул зоти шариф айтдиларки, бориб шу Хуршиди Давронни бир кулдириб келурсан. Мен айтдимки, ул шоир болангиз кулса ҳам шунчаки кулиб қўяқолмас, шеър айтиб куладир, деб. Улар дедиларки, шеър айтиб кулса янаям яхши – кўнгли тоза экан, ишқилиб йиғламаса, бас. Хуллас, гап шу – бир кулиб берасиз. Рости, гапни нимадан бошлашни билмаяпман. Қайта қуришданми? Жонга тегди-ку! Адабиётданми? Ўрни эмас! Самарқандданми? Маҳаллийчилик деб юришмасин, тағин. Э, топдим! Хуршид Даврон қайда ҳозир?! “Қор кетган далаларда”ми ёки бошқа бир дардлар билан ёниб юрибдими? Уни нималар қийнаяпти? Аввало шуни билсак. Кейин…

Хуршид ДАВРОН: Нима, мени кулдириб, ичимдаги бор гапни билиб олмоқчимисиз? Ҳей, йўқ, осонликча жон бериб бўпман! Ҳа энди “Муштум” тоғам юборган экан, айта қолай! Мени кўп нарса қийнаяпти. Яъни масалан деганимизда, халқимизнинг маънавий ҳам моддий аҳволи. Халқ жуда ночор қолган ҳозир. Узоқ йиллар ҳукм сурган тўрачилик сиёсати орқасида халқ деган тушунчага мавҳум бир нарсадек қаралди. Ваҳоланки, халқ дегани алоҳида одамлар дегани. Алоҳида одамнинг эса қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқи бор. Бу нотўғри сиёсат шу бугунги кунгача “Партия плани – халқ плани” қабилидаги шиорлар етовида судралиб келаётир. Ахир, аксинча бўлиши керак-ку! Халқ талаби, эҳтиёжи – партия плани-да! Халқ партияга эмас, партия халққа хизмат қилиши лозим. Чинакамига сиёсат шуни тақозо этади.

Бугун жумҳуриятимиз фуқаросининг соғлиғи хавф остида десам адашмайман. Чунки ҳаммаёқни заҳар-заққумга тўлдириб юбордик. Шу кунларда тил бутунлиги учун курашяпмиз. Лекин эртага бу тилда гаплашадиган халқ заҳар ютиб нобуд бўлиб кетадиган бўлса, хатти-ҳаракатларимиздан не фойда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларидан билдимки, инсон истеъмол қиладиган 1 литр ёки 1 кило маҳсулотдаги нитрат 40 миллиграммни ташкил этиши керак экан. Бундан ошган тақдирда соғлиққа зиён етади. Ҳолбуки, талабалар овқатланадиган ошхоналарнинг бирида қуйидаги рақамлар қайд қилинган: 1 кило карамда 4560 миллиграмм, режискада 5700 миллиграмм, памидорда 6350 миллиграмм, болаларнинг сабзи пюресида 1245 миллиграмм, 1 литр сабзи шарбатида 1100 миллиграмм нитрат бор экан!

Рус олими Б.Исаковнинг ёзишича, мамлакатимизда (яъни собиқ СССРда) яшовчи 287 миллион аҳолининг фақат 137 миллионигина ўз соғлиғи билан мақтана олар экан. 1989 йилнинг бошида 24 ёшгача бўлган аҳоли сони 117 миллионни ташкил этган. Уларнинг 55-80 фоизи, демак, 60-80 миллионтасининг соғлиғи ҳозирданоқ ишдан чиққан. Туғилаётган чақалоқларнинг ҳар учтасидан бири маълум бир нуқсон ё хасталик билан туғилмоқда. Мактабда ўқиётган болаларнинг 45 фоизи ўқишни тугатгунича ўз соғлиғининг ярмини йўқотар экан.

Бу ҳол шундай давом этаверса, келажакда халқ наслини қутқариш масаласи ҳам қийин бир муаммога айланади. Энди шулардан келиб чиқиб, ўз халқимизнинг аҳволини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Бизда нитратлар даражаси Иттифоқдагидан бир неча ўн баробар ошиқ. Шундай экан… Очиғини айтиш керак, халқимизнинг насл сифатига катта зарар етказилган, шунинг учун ҳам армияга чақирилган йигитларимизнинг фалон фоизи “яроқсиз маҳсулот” деган тамға билан қурилиш қисмларига жўнатилмоқда.

Ўзингиз ўйланг, соғлиғи ҳарбий хизмат талабига тўғри келмаган йигитларнинг келажагини кўзлаб, уларнинг сиҳатини тиклаш ўрнига яна оғир ишлар бажариш учун жўнатаверсак, улардан туғилажак болаларнинг аҳволи оталарникидан бешбаттар бўлмайдими?

Эҳ, “Муштум” тоғанинг жияни-ей! Ҳар нарсаниям савол деб бераверарканлар-да, а? Мени нималар қийнаяпти эмиш! Мени кўп нарса қийнайди.

СССР Олий Совети иккинчи сессиясида мулк ҳақида қонун муҳокама бўлаётганда халқ депутатларидан бири давлат, коллектив, шахсий мулк билан бир қаторда миллий мулк ҳақидаги тушунча ҳам қонунда акс этиши зарурлиги ҳақида гапирди. Жуда ўринли гап.

Очиғини айтиш керак, кейинги юз йил ичида халқимизнинг озмунча мулки талон-тарож қилиндими? Қанчадан-қанча санъат дурдоналари, қадимий қўлёзмалар турли сабаб ва баҳоналар билан юртимиздан олиб кетилди. Халқимизнинг миллий мулки бўлмиш бу бойлик эндиликда жаҳондаги бир қатор давлат музейларида, айрим корчалонларнинг шахсий жамғармаларида сақланмоқда.

Иттифоқ маданият фондининг ташкил этилганигаям икки йилдан ошди. Шу фурсат ичида чет эл музейларида ва шахсий жамғармаларида сақланган бир қатор миллий санъат намуналари, жумладан, А.С.Пушкиннинг шахсий мактублари, А.Тургеневнинг қўлёзмаси, рус мусаввирлари мўйқаламига мансуб тасвирий асарлар ўз юртига қайтарилди. Аммо ўзбек миллий маданиятига алоқадор бирон-бир санъат асарини қайтариш ҳақида сўз ҳам бўлгани йўқ. Бундай муносабат ўз-ўзидан одамларимизда норозилик уйғотди. Бугун нафақат чет элларда, шу билан бирга Москва, Ленинград ва иттифоқимизнинг бошқа шаҳарлари музейларида сақланаётган миллий бойликларимизни ҳам қайтаришни ўйлашимиз лозим.

Яна бир гап. Маданият фондининг “Наше наследие” журнали бор. Бу Иттифоқдаги меросга бағишланган ягона нашр. Рости гап, журнал рус маданияти масалаларини ёритишдан нарига ўтолмаяпти. Шундай экан, халқимизнинг мероси ачинарли аҳволда эканини ҳисобга олиб, ўзимизда ҳам “Мерос” номли журнал ташкил қилиш ўринли бўларди. Бу ҳақда тегишли ташкилотлар, энг аввало Ўзбекистон Маданият фонди жиддий ўйлаб кўриши шарт.

М: Янгиланиш ғоялари ижтимоий-сиёсий ҳаётимизга тобора чуқурроқ сингиб боряпти. Аммо кажрафтори фалакнинг ишини кўрингки, бу ғоялар халқ турмушига кириб боргани сари унинг моддий-маънавий аҳволи ёмонлашгандан-ёмонлашиб кетяпти. Шунга қарамасдан, биз ўзимизни қайта қуриш халққа кўп нарса берди, деганга ўхшаш таскинлар билан юпатмоқдамиз. Хўш, қайта қуриш ростдан ҳам халққа кўп нарса бердими?

Х.Д: Бунга дафъатан жавоб бериш қийин. Энг аввало шуни айтиш керакки, қайта қуриш қисман халқнинг ўз қаддини тиклаб олмоғи учун имкон яратди. Менга энг муҳими мана шу. Биз дилимизда бор гапни очиқ-ойдин айтишга ўргандик. Тўғри, бу гапларимиз ҳамма вақт ҳам керакли жойларга етиб бормаяпти. Аммо бир нарсани унутмайликки, мамлакатни жар ёқасига олиб келган карахтлик йиллари бир-икки йил эмас, ўн йиллаб давом этган. Бу ўн йилликларнинг “мерос”ини қисқа муддат ичида ўнглаб олишнинг ўзи бўлмайди-да, “Муштум”нинг жияни!

Энг қувонарлиси (албатта, бунга қайсидир жиҳатдан Фарғона фожиалари ҳам туртки бўлди), деҳқоннинг ерга эгалиги тиклана бошлади. Бу осонликча бўлаётгани йўқ. Жойларда ўз манфаатини халқ ва давлат манфаатидан юқори қўйган айрим раҳбарчалар бунга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатмоқда.

Қайта қуриш мевасининг пишиши қийин бўляпти. Барибир қачонлардир пишар-ку! Аммо олма пиш, оғзимга туш, демасдан, ҳар биримиз ҳақиқат қуёшининг тўла порлаши учун курашмоғимиз даркор. Шундагина қайта қуриш дарахти тез ҳосил беради.

М: Биз бюрократиядан кўп нолиймиз. Лекин ҳар қанча нолимайлик, у ўзгариб қолаётгани йўқ. Менимча, бизнинг жумҳуриятимизда бу тоифа кишиларнинг алоҳида бир турлари шаклланганки, уларга худонинг ўзи бакор келмаса, бандаси бас келиши қийин.

Бир мисол келтираман. Хабарингиз бўлса, яқинда Тошкентда таълим олаётган сурхондарёлик ва қашқадарёлик толибларнинг ота-оналари пойтахтга чақирилиб, улар ўз фарзандлари олий ўқув юртларида қандай билим олаётганлари ҳақида танишиб қайтдилар. Бир қарашда бундай тадбирнинг ўтказилиши яхшидай. Аммо бу хил тадбирлар конкрет инсонлар ҳаёти орқали ўтишини ўйласак, кўпгина ачинарли ҳодисаларга ҳам сабаб бўлаётганини кўрамиз. Мана, қаранг, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой районидан келиб ўқиётган Олим Норбоевнинг отасига райкомдан қўнғироқ қилиб: Сизни Тошкентга чақиришган. Ўғлингиз бирор можарога қўшилиб қолган бўлса керак”, деб айтишибди. Ана энди ота бечора ўпкасини қўлтиқлаб, Тошкентга чопади. Буям майли. У ёқда катта ўғли партия сафига ўтмоқчи бўлиб турган экан, укангиз “Можарога қўшилиб қолган-ку, деган зарда билан ўтказмай қўйишибди. Ана сизга райком котибининг савияси!

Энди қишлоқ жой, одамлар ўртасида нима гап тарқалган бўлса тарқалган. Йўқ жойдан шунча ташвиш. Маҳаллий бюрократия бутун қишлоқни шу талаба йигитга қарши қайраяпти. Аммо-лекин шу халқимизгаям беш кетмайман-да. Юқоридагилар нима дейишса лаққа тушишади-я! Хуршид ака, бу ниманинг белгиси? Соддаликми ё….

Х.Д: Бу халқимизда асрлар давомида шаклланган «фикр» юритишнинг оқибати бўлса керак. Халқимиздаги мутелик унинг устидан ҳукм юритишни истовчи айрим нобоп кимсалар учун қўл келади. Бу мутелик илдизлари жаҳолат ва бидъат ботқоғидан озиқланади.

Жоҳил одам руҳан муте бўлади. У билмагани учун бош эгади, билмагани учун қўрқади. Фозил киши эса билгани учун ҳам қўрқмас ва тадбиркор бўлади. Жоҳил одам мутакаббир ва тожовузкордир. Дилида меҳр-шафқат туйғуси совиган одамни эса золим деяверинг.
Мен шу жойда  Шарқнинг донишманд ёзувчиси Гулпоча Улфатнинг жоҳил одам ҳақидаги бадиҳасини эсладим.  Яхшиси, уни ўқиб бера қолай:

“Кўр эмас-у, ўз айбини кўрмайди,
Кар эмас-у, ўзидан бошқанинг гапини эшитмайди.

Дили бор-у, ўзгаларга мутлақо юраги ачимайди. Зиғирдай илми ўзига бир олам бўлиб кўринади, бошқаларнинг кўп илми унга кам туюлади.

Одамлар мени кўрганда қўл қовуштирсин деб хўжайинлар олдида икки қўлини кўксига қўйиб, иршайгани-иршайган.

Юқори мансабдаги кишиларнинг оёғини ялайди, ўзидан қуйи мансабдагиларни эса оёқ учида кўрсатади.

Золимлик йўлида қул бўлишга тайёр, иззати йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтмайди.
Имонини пулга сотади.

Инсон бўлиб инсонмас, ҳайвон бўлиб ҳайвонмас…

Қанча калтафаҳм бўлса, шунча гердаяди.

“Бу ажиб инсон ким?” – деб сўрарсиз.

Бу – нодон-зўравон!

Жоҳил одамларни бошқариш осон. Уларга гап уқтириш ҳам шартмас. Уларга буйруқ кифоя. Шундай экан, карахтлик йилларининг ҳали амалдан тушмаган айрим буйруқбозлари жамиятимиздаги ислоҳотларга тиш-тирноғи билан қарши турмоғи табиий. Олтинсойликлар буни тушуниб олсалар керак…

………………………………………………………..

М.: Хуршид ака, мана, Сиз нашриётда хизмат қиласиз, матбуот органлари билан доимий алоқадасиз. Сизнинг фикрингизча, жумҳуриятимизда ҳақиқий маънодаги ошкоралик сезиляптими? Мамлакатимизнинг бошқа жойларидаги аҳвол қандай?

Х.Д.: Жумҳурият матбуот органларида ошкоралик барқарор десак, ёлғон гапирган бўламиз. Бу нарсани айниқса сиз билан биз яхшироқ биламиз. Очиғи мен, ошкораликни оғизга сиққан гапни эмас, балки ҳақиқатни, у қанчалар оғир ва бешафқат бўлмасин, ҳақиқатни айтиш йўриғи деб биламан.
Мамлакатимизнинг бошқа минтақаларига нисбатан жумҳуриятимизда қайта қуриш кечроқ бошланди.

М.: Кейинги пайтларда жамиятимизда аҳлоқ путурдан кетди, тарбия издан чиқди, одамлар ҳалол-ҳаромни фарқламайдиган бўлиб қолишди. Биз аҳволни ўнглаш учун қарорлар қабул қилишдан чарчамадик. Аммо натижа йўқ. Сабаби – биз доим башариятнинг маънавий-аҳлоқий тажрибаларини рад этиб келганмиз. Айниқса, диннинг тарбиядаги ролини тан олмаганимиз бизга қимматга тушди. Бу масалада Сизнинг фикрингиз қандай?

Х.Д.: Тўғри, энг катта хатомиз инсоният минг йилликлар давомида яратган қадриятларни рад этганимиз бўлди. Олдинги инқилоб эски жамиятни бузишга қаратилган бўлса, бугунги инқилоб янги жамиятни яратмоқда. Бузишдан кўра тиклаш ҳамиша оғир бўлишини изоҳлаб ўтирмасак ҳам бўлади.

Урф-одатларимизнинг қадрсизланиб бораётгани ҳақида кўп гапирилди. Буни мен юқоридаям таъкидлаган эдим. Яна такрорлайман: Инсон онгида юксалиш бўлмас экан, жамиятимиз иқтисодий равнақи учун уринишларимиз бир пул. Кўзи сўқир одамнинг йўлини чироқ ёқиб ёритишдан наф йўқ. Унинг кўзини очиш, дилини зиёга тўлдириш керак. Шундан сўнггина у йўлни топиб олади.

Биз исломнинг халқимиз тарихида тутган ўрнини чуқур ўрганиш ўрнига уни тўғридан-тўғри қоралашга шу қадар ўрганиб қолдикки, ўтмишдаги жамики салбий ҳодисанинг барини исломга ёпиштирдик. Бундай қараш ҳанузгача давом этяпти. Халқимиз ўтмишининг ҳар бир қиррасини ислом ақидаларисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Исломни рад қилиш халқимиз ўтмишининг маълум қисмини рад қилиш эканини тушунмадик. Бу нотўғри, ғайриилмий йўлни тутганимиз учун ҳам ҳали-ҳозиргача Ҳазрат Алишер Навоий ижодини яхши билмаймиз.

Нима учун шундай бўлди? Чунки биз Навоий ва бошқа боболаримиз ижоди учун калит бўлган тасаввуфдан кўз юмдик. Тасаввуф ҳақида ўзбек Қомусида мана бундай ёзилган: “Тасаввуф – исломдаги диний-фалсафий оқим”. Биз бу изоҳдаги “диний” деган сўзга эътибор берган ҳолда “фалсафий” деган сўзни унутиб қўйдик. Бундай қарашдан тезроқ қутулишимиз керак.

М.: Халқнинг аҳлоқи, маданий даражаси кўп жиҳатдан унинг ўз тарихига муносабатига қараб белгиланади. Аммо бизнинг ўз тарихимизга муносабатимизни ўйласам, бир воқеа эсимга тушаверади. Қишлоғимизда илк бор электр чироқ ёнган куни одамларимиз мойчироқларини, энди керак эмас, эскирди деб чиқариб отишган экан. Бир кун ўтиб денг, электр чироқ ёнмай қолса бўладими. Ана энди кўринг томошани! Бу-ку бир мисол. Аммо тарихимиз лампачироқ эмас-ку. Наҳот қуёшдай тарихдан осонгина воз кечиб юбораверсак.

Мактаб ва маориф ҳақида танглайимиз оғригунча гапирдик. Лекин айтарли бир ўзгариш юз бергани йўқ. Мактабларни битириб чиқаётганларнинг билим савиясидан гапиришгаям уялади одам. Олий ўқув юртларимиз шундай битирувчилардан тап тортмай “етук мутахассислар” тайёрлаб чиқаётганига ҳайрон қоласиз.

Х.Д.: Халқнинг аҳлоқи, маданияти, кўп жиҳатдан унинг ўз тарихига муносабатига қараб белгиланади, дедингиз. Мен буни бошқачароқ қилиб бундай деган бўлардим. Халқнинг ўз ўтмишига бўлган муносабати унинг ўз келажагига муносабатини белгилайди. Ўлик хор бўлган жойда тирикларга иззат йўқ, дейишади араблар. Тарих ва мерос дегани халқимизнинг асрлар давомида тўплаган мутараққий ғоялар ва тажрибалар хазинаси дегани. Бу ғоя ва тажрибалардан фойдаланмас эканмиз, тўғри йўлга чиқишимиз қийин бўлади. Шу боисдан ҳам тил ҳақидаги қонунда қайд қилинган ўрта мактабларда эски ёзувни ўргатиш тадбирларини тезроқ амалга ошириш шарт.

Лекин шу билан бирга фақат ўтмишни ўрганмасдан, бизни “ўтмишда” қолдириб, илгарилаб кетган мамлакатларнинг тажриба ва ютуқларини ҳам ўрганиш керак. Буям тарихга бўлган муносабатдир, фақат буни келажак тарихи деб тушунишимиз керак. Мен бу ўринда яна мукаммал дарсликларни яратиш, жумғуриятимиз ёшларини Япония, АҚШ, ГФР, Хитой, Туркия ва бошқа давлатлардаги ўқув юртларига юбориш, чет эл корхоналарида иш ўргатиш ва шунга ўхшаш бир талай таклифларимни айтиб ўтишни истардим.

М.: СССР халқ депутатларининг биринчи съезди шу нарсани кўрсатдики, Ўзбекистондан борган вакилларнинг аксарият кўпчилиги “кўтар-тушир” ўйинига ўйнашдан бошқасини билмас экан. Хўп, энди беш йилгача уларнинг қўл кўтариб-туширишига маҳлиё бўлиб ўтираверамизми? Уларни чақириб олиб, ўрнига иш биладиган кишиларни сайлаш керакдир балки?

Х.Д.: Нима қилиш кераклигини халқимизнинг ўзи аллақачон тушуниб олган бўлса керак. Фарғона фожиаларини бор-йўғи қулупнай устидаги можаро билан боғлашга уринган, мамлакатдаги демократик кучлар рамзига айланган академик Сахаровга оғзининг тупугини сочган, “ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя қилармикан?” деган ниятда кўз тикиб турган халқининг умидини оқламаган, оғзига талқон солиб ўтиришни “аҳлоқ-одоб” деб тушунган айрим халқ депутатларини беш йил ўтишини кутиб ўтирмай чақириб олишга халқимизнинг фаҳми етади деб ўйлайман.

М.: Мана, яқинда маҳаллий советларга сайловлар бошланади. Жумҳуриятимизнинг келажак тақдири кўп жиҳатдан мана шу сиёсий тадбирни қандай ўтказишга боғлиқ бўлиб турибди. Эркин демократик сайловлар учун жумҳуриятимизда шарт-шароит борми? Умуман, шундай шарт-шароитни яратиш учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?

Х.Д.: Тоққа чиқмасанг, дўлана қайда, деган гапни яхши биласиз-а, “Муштум”нинг жияни. Ҳа, энди демократик сайловлар учун курашмоқ ҳам кераклигини тушунайлик. Қолаверса, жумҳуриятимизда рўй бераётган ўзгаришлар ҳам кўпроқ ижобий томонга қараб кетади деган бироз бўлса-да ишонч бор. Шунда ҳам демократик шароит яратиш аввало ўзимизга боғлиқ. Ҳар биримиз ўз ҳақ-ҳуқуқимизни таниб олайлик. Бизни чалғитмоқчи бўлишга уринганларга муносиб зарба беришни ўрганайлик.

Келинг, энди бир шеър ўқиб берай. Нима дедингиз?

М.: Айни муддао бўларди-да!

Х.Д.: Яқинда Ўзбекистонга келиб муттаҳамларга қўшиб қанча бегуноҳларни қон қақшатган, умрини завол этган Телман Гдлян деган дашноқ-терговчи «Пахта мафиясидан тортиб олинган пулларни ўзбек халқига қайтариш керак» деб оғиз кўпириб гапирди. Шеър унга жавоб тариқасида ёзилди.

Хуршид Даврон
ИШОНЧ

Қирқ тўрт миллионни, дашноқ Гдлян,
Ўзбек боласига қайтарсак, дебсан,
Номини ўғрига чиқариб қўйиб,
Энди сен халқимнинг ғамини ебсан.

Мен сенга ҳеч қачон қуллуқ қилмайман,
Мен сенга ҳеч қачон қўймайман ихлос.
Халқимнинг пешона тери яратган,
Бойликни қайтармоқ бурчингдир холос.

Халқим бу пулларни кўрмай қор босган
Пахтазорлар аро «Болам» деб терди,
Сенга бу пулларни нишонлар осган
Миллатни унутган райкомлар берди.

Не-не анжуманда халқим юзига
Тамға қилиб босдинг  сен бу  пулларни.
Қилар ишни қилиб қўйгандан кейин
Қайтариб берайлик, дебсан, уларни.

Бу пуллар халқимга жудаям керак,
Тешик киссасини тўлдирса зора,
Набира тўй қилса,келин туширса
Талаба ўғлига юборса  зора.

Аммо нега оғрир зирқираб кўксим,
Нега кўзларимдан тирқирар ёшлар?!
Нега надоматга тўладир кўзим,
Нега дилга тегар отилган тошлар?!

Зўр-зўр устунларни қулатган шоввоз
Пулларни қайтариб берсак, деса ҳам.
Нечун дилимда йўқ қувончдан овоз,
Нечун ўтирибман бошим қилиб хам?!

…Ахир қароқчилар талаган карвон
Эгаси молини қайтиб топсаям,
Хўрланган қадрни, топталган дилни
Бус-бутун қайтариб ололган қачон?!

Қачон совуқ тупук одам юзини
Куйдириб юрмаган, ахир, ўлгунча?
Кимга керак бўлди бундай хўрламоқ
Халқ сабр косаси ошиб тўлгунча?!

Пулларни қайтариб берарсан  балки,
Аммо ким, қай даҳо, қандай дуолар,
Қандай куч, қай қудрат халқим дилига
Янчилган умидни қайтара олар?!

Мангу ўғирланган болалигини
Ким қайтиб беради менинг халқимга,
Қачон жавоб берар зуғум қилганлар
Менинг ҳаётимга, менинг ҳақимга?!

Айтинг, ким қайтарар ўзбек боласин
Сабуҳий, сабзаранг уйқуларини,
Эгатларга сингиб, беиз йўқолган
“Инсонманми?!” деган туйғуларини?!

Юзида қони йўқ, касалманд, қари
Кампирдек букчайган бу ёш қизларга
Ким қайтиб беради завол умрини,
Ким қувонч бағишлар нурсиз кўзларга?!

Пахтани теришдан ўзга иш билмай,
Қон-зардоб дардларин ичига ютган,
Умрида бирор-бир шодланиб кулмай,
Гулнинг нималигини тамом унутган –

Ўзбек аёлларин ким айлар озод,
Ким берар уларга бахт-муҳаббатни?!
Ким олиб ташлайди, қайси улуғ зот
Улар елкасидан қуллик — лаънатни?!

Алвон шиорлардан тополмай нажот,
Тирик байроқ бўлар ўзин ёндириб.
Ишонч йўқ, умид йўқ, орзу – беқанот,
Учолмас – қафасни бўлмас синдириб.

Топталган ишончни барқарор этгай,
Қай қудрат, қай сеҳр, қай бир мўъжиза,
Қачон бу диллардан жаҳолат кетгай,
Дилларни даволар қай бир “Ўржуза”*?!

Қачон бу дилларга қайтади қувонч,
Ким соқов дилларга тил ато қилар?
Дардингни айт, халқим, юрагингни оч,
Бўлмаса дилингни ғам адо қилар.

Дардингни айт, халқим, тўлиб-тўлиб айт,
Айтавер, келсаям ғамга фалак тор.
Сенинг бу дардингни эшитадиган
Одам топилмаса, ахир, Оллоҳ  бор.

Агар битсин десак элда асорат
Энг аввал ишончни қайтармоқ шартдир.
Аламлар ичидан топиб жасорат
Қадрини тиклаган халқ доим марддир.

Биз ҳали кўргаймиз буюк қувончни,
Гарчи ҳасратлардан дилимиз куюк,
Аммо, юрагида алқаб ишончни
Қаддини тиклаган халқ доим буюк.

Ишонч – миллат дилин ёритган шуур!
Қирқ тўрт миллион сўм ақчани эмас,
Дилларга имонни қайтармоқ зарур,
Энг аввал дилларга ишонч қайтса бас!

Пулларни қайтармоқ сенларга, бироқ
Ишончни қайтармоқ бизларга боғлиқ,
У қайтар то халқим ҳақиқатга оч,
Токи юракларда зирқирар оғриқ.

Токи дилимизни Ватан, Ҳақ ишқи
Уйғота бошларкан, қайтади улар –
Уларнинг қайтиши олдида бир тин
Сен, бизга қайтармоқ истаган пуллар!

М.: Гапни чувалатиб, эзмаланиб ўтирмай, битта шеър ўқиб беринг, деб қўяқолсам бўларкан-ку ўзи. Аммо-лекин “Муштум” тоғам жа хурсанд бўладиган бўлди-да! Ким билади, борганимдан сўнг жиянликдан укаликка ўтказиб қўядими… Шояд, шундай бўлса! Ташаккур!

Суҳбатдош: “Муштум”нинг эпчил-чопқир жияни  Мушфиқ.

* “Ўржуза” – Ибн Сино қаламига мансуб тиббий асар.

wind2.jpgQADRINI TIKLAGAN XALQ DOIM MARDDIR
Shoir Xurshid Davron bilan suhbat
«Mushtum» jurnali, 1989,№ 23
003

003 MUXBIR: Xurshid aka, oldingizga “Mushtum” tog’aning maxsus topshirig’i bilan keldim. Ul zoti sharif aytdilarki, borib shu Xurshidi Davronni bir kuldirib kelursan. Men aytdimki, ul shoir bolangiz kulsa ham shunchaki kulib qo’yaqolmas, she’r aytib kuladir, deb. Ular dedilarki, she’r aytib kulsa yanayam yaxshi – ko’ngli toza ekan, ishqilib yig’lamasa, bas. Xullas, gap shu – bir kulib berasiz. Rosti, gapni nimadan boshlashni bilmayapman. Qayta qurishdanmi? Jonga tegdi-ku! Adabiyotdanmi? O’rni emas! Samarqanddanmi? Mahalliychilik deb yurishmasin, tag’in. E, topdim! Xurshid Davron qayda hozir?! “Qor ketgan dalalarda”mi yoki boshqa bir dardlar bilan yonib yuribdimi? Uni nimalar qiynayapti? Avvalo shuni bilsak. Keyin…

Xurshid DAVRON: Nima, meni kuldirib, ichimdagi bor gapni bilib olmoqchimisiz? Hey, yo’q, osonlikcha jon berib bo’pman! Ha endi “Mushtum” tog’am yuborgan ekan, ayta qolay! Meni ko’p narsa qiynayapti. Ya’ni masalan deganimizda, xalqimizning ma’naviy ham moddiy ahvoli. Xalq juda nochor qolgan hozir. Uzoq yillar hukm surgan to’rachilik siyosati orqasida xalq degan tushunchaga mavhum bir narsadek qaraldi. Vaholanki, xalq degani alohida odamlar degani. Alohida odamning esa qadr-qimmati, haq-huquqi bor. Bu noto’g’ri siyosat shu bugungi kungacha “Partiya plani – xalq plani” qabilidagi shiorlar yetovida sudralib kelayotir. Axir, aksincha bo’lishi kerak-ku! Xalq talabi, ehtiyoji – partiya plani-da! Xalq partiyaga emas, partiya xalqqa xizmat qilishi lozim. Chinakamiga siyosat shuni taqozo etadi.

Bugun jumhuriyatimiz fuqarosining sog’lig’i xavf ostida desam adashmayman. Chunki hammayoqni zahar-zaqqumga to’ldirib yubordik. Shu kunlarda til butunligi uchun kurashyapmiz. Lekin ertaga bu tilda gaplashadigan xalq zahar yutib nobud bo’lib ketadigan bo’lsa, xatti-harakatlarimizdan ne foyda.

Jahon sog’liqni saqlash tashkilotining ma’lumotlaridan bildimki, inson iste’mol qiladigan 1 litr yoki 1 kilo mahsulotdagi nitrat 40 milligrammni tashkil etishi kerak ekan. Bundan oshgan taqdirda sog’liqqa ziyon yetadi. Holbuki, talabalar ovqatlanadigan oshxonalarning birida quyidagi raqamlar qayd qilingan: 1 kilo karamda 4560 milligramm, rejiskada 5700 milligramm, pamidorda 6350 milligramm, bolalarning sabzi pyuresida 1245 milligramm, 1 litr sabzi sharbatida 1100 milligramm nitrat bor ekan!

Rus olimi B.Isakovning yozishicha, mamlakatimizda (ya’ni sobiq SSSRda) yashovchi 287 million aholining faqat 137 millionigina o’z sog’lig’i bilan maqtana olar ekan. 1989 yilning boshida 24 yoshgacha bo’lgan aholi soni 117 millionni tashkil etgan. Ularning 55-80 foizi, demak, 60-80 milliontasining sog’lig’i hozirdanoq ishdan chiqqan. Tug’ilayotgan chaqaloqlarning har uchtasidan biri ma’lum bir nuqson yo xastalik bilan tug’ilmoqda. Maktabda o’qiyotgan bolalarning 45 foizi o’qishni tugatgunicha o’z sog’lig’ining yarmini yo’qotar ekan.

Bu hol shunday davom etaversa, kelajakda xalq naslini qutqarish masalasi ham qiyin bir muammoga aylanadi. Endi shulardan kelib chiqib, o’z xalqimizning ahvolini bir tasavvur qilib ko’ring-a! Bizda nitratlar darajasi Ittifoqdagidan bir necha o’n barobar oshiq. Shunday ekan… Ochig’ini aytish kerak, xalqimizning nasl sifatiga katta zarar yetkazilgan, shuning uchun ham armiyaga chaqirilgan yigitlarimizning falon foizi “yaroqsiz mahsulot” degan tamg’a bilan qurilish qismlariga jo’natilmoqda.

O’zingiz o’ylang, sog’lig’i harbiy xizmat talabiga to’g’ri kelmagan yigitlarning kelajagini ko’zlab, ularning sihatini tiklash o’rniga yana og’ir ishlar bajarish uchun jo’nataversak, ulardan tug’ilajak bolalarning ahvoli otalarnikidan beshbattar bo’lmaydimi?

Eh, “Mushtum” tog’aning jiyani-yey! Har narsaniyam savol deb beraverarkanlar-da, a? Meni nimalar qiynayapti emish! Meni ko’p narsa qiynaydi.

SSSR Oliy Soveti ikkinchi sessiyasida mulk haqida qonun muhokama bo’layotganda xalq deputatlaridan biri davlat, kollektiv, shaxsiy mulk bilan bir qatorda milliy mulk haqidagi tushuncha ham qonunda aks etishi zarurligi haqida gapirdi. Juda o’rinli gap.

Ochig’ini aytish kerak, keyingi yuz yil ichida xalqimizning ozmuncha mulki talon-taroj qilindimi? Qanchadan-qancha san’at durdonalari, qadimiy qo’lyozmalar turli sabab va bahonalar bilan yurtimizdan olib ketildi. Xalqimizning milliy mulki bo’lmish bu boylik endilikdajahondagi bir qator davlat muzeylarida, ayrim korchalonlarning shaxsiy jamg’armalarida saqlanmoqda.

Ittifoq madaniyat fondining tashkil etilganigayam ikki yildan oshdi. Shu fursat ichida chet el muzeylarida va shaxsiy jamg’armalarida saqlangan bir qator milliy san’at namunalari, jumladan, A.S.Pushkinning shaxsiy maktublari, A.Turgenevning qo’lyozmasi, rus musavvirlari mo’yqalamiga mansub tasviriy asarlar o’z yurtiga qaytarildi. Ammo o’zbek milliy madaniyatiga aloqador biron-bir san’at asarini qaytarish haqida so’z ham bo’lgani yo’q. Bunday munosabat o’z-o’zidan odamlarimizda norozilik uyg’otdi. Bugun nafaqat chet ellarda, shu bilan birga Moskva, Leningrad va ittifoqimizning boshqa shaharlari muzeylarida saqlanayotgan milliy boyliklarimizni ham qaytarishni o’ylashimiz lozim.

Yana bir gap. Madaniyat fondining “Nashe nasledie” jurnali bor. Bu Ittifoqdagi merosga bag’ishlangan yagona nashr. Rosti gap, jurnal rus madaniyati masalalarini yoritishdan nariga o’tolmayapti. Shunday ekan, xalqimizning merosi achinarli ahvolda ekanini hisobga olib, o’zimizda ham “Meros” nomli jurnal tashkil qilish o’rinli bo’lardi. Bu haqda tegishli tashkilotlar, eng avvalo O’zbekiston Madaniyat fondi jiddiy o’ylab ko’rishi shart.

M: Yangilanish g’oyalari ijtimoiy-siyosiy hayotimizga tobora chuqurroq singib boryapti. Ammo kajraftori falakning ishini ko’ringki, bu g’oyalar xalq turmushiga kirib borgani sari uning moddiy-ma’naviy ahvoli yomonlashgandan-yomonlashib ketyapti. Shunga qaramasdan, biz o’zimizni qayta qurish xalqqa ko’p narsa berdi, deganga o’xshash taskinlar bilan yupatmoqdamiz. Xo’sh, qayta qurish rostdan ham xalqqa ko’p narsa berdimi?

X.D: Bunga daf’atan javob berish qiyin. Eng avvalo shuni aytish kerakki, qayta qurish qisman xalqning o’z qaddini tiklab olmog’i uchun imkon yaratdi. Menga eng muhimi mana shu. Biz dilimizda bor gapni ochiq-oydin aytishga o’rgandik. To’g’ri, bu gaplarimiz hamma vaqt ham kerakli joylarga yetib bormayapti. Ammo bir narsani unutmaylikki, mamlakatni jar yoqasiga olib kelgan karaxtlik yillari bir-ikki yil emas, o’n yillab davom etgan. Bu o’n yilliklarning “meros”ini qisqa muddat ichida o’nglab olishning o’zi bo’lmaydi-da, “Mushtum”ning jiyani!

Eng quvonarlisi (albatta, bunga qaysidir jihatdan Farg’ona fojialari ham turtki bo’ldi), dehqonning yerga egaligi tiklana boshladi. Bu osonlikcha bo’layotgani yo’q. Joylarda o’z manfaatini xalq va davlat manfaatidan yuqori qo’ygan ayrim rahbarchalar bunga tish-tirnog’i bilan qarshilik ko’rsatmoqda.

Qayta qurish mevasining pishishi qiyin bo’lyapti. Baribir qachonlardir pishar-ku! Ammo olma pish, og’zimga tush, demasdan, har birimiz haqiqat quyoshining to’la porlashi uchun kurashmog’imiz darkor. Shundagina qayta qurish daraxti tez hosil beradi.

M: Biz byurokratiyadan ko’p noliymiz. Lekin har qancha nolimaylik, u o’zgarib qolayotgani yo’q. Menimcha, bizning jumhuriyatimizda bu toifa kishilarning alohida bir turlari shakllanganki, ularga xudoning o’zi bakor kelmasa, bandasi bas kelishi qiyin.

Bir misol keltiraman. Xabaringiz bo’lsa, yaqinda Toshkentda ta’lim olayotgan surxondaryolik va qashqadaryolik toliblarning ota-onalari poytaxtga chaqirilib, ular o’z farzandlari oliy o’quv yurtlarida qanday bilim olayotganlari haqida tanishib qaytdilar. Bir qarashda bunday tadbirning o’tkazilishi yaxshiday. Ammo bu xil tadbirlar konkret insonlar hayoti orqali o’tishini o’ylasak, ko’pgina achinarli hodisalarga ham sabab bo’layotganini ko’ramiz. Mana, qarang, Surxondaryo viloyatining Oltinsoy rayonidan kelib o’qiyotgan Olim Norboevning otasiga raykomdan qo’ng’iroq qilib: Sizni Toshkentga chaqirishgan. O’g’lingiz biror mojaroga qo’shilib qolgan bo’lsa kerak”, deb aytishibdi. Ana endi ota bechora o’pkasini qo’ltiqlab, Toshkentga chopadi. Buyam mayli. U yoqda katta o’g’li partiya safiga o’tmoqchi bo’lib turgan ekan, ukangiz “Mojaroga qo’shilib qolgan-ku, degan zarda bilan o’tkazmay qo’yishibdi. Ana sizga raykom kotibining saviyasi!

Endi qishloq joy, odamlar o’rtasida nima gap tarqalgan bo’lsa tarqalgan. Yo’q joydan shuncha tashvish. Mahalliy byurokratiya butun qishloqni shu talaba yigitga qarshi qayrayapti. Ammo-lekin shu xalqimizgayam besh ketmayman-da. Yuqoridagilar nima deyishsa laqqa tushishadi-ya! Xurshid aka, bu nimaning belgisi? Soddalikmi yo….

X.D: Bu xalqimizda asrlar davomida shakllangan «fikr» yuritishning oqibati bo’lsa kerak. Xalqimizdagi mutelik uning ustidan hukm yuritishni istovchi ayrim nobop kimsalar uchun qo’l keladi. Bu mutelik ildizlari jaholat va bid’at botqog’idan oziqlanadi.

Johil odam ruhan mute bo’ladi. U bilmagani uchun bosh egadi, bilmagani uchun qo’rqadi. Fozil kishi esa bilgani uchun ham qo’rqmas va tadbirkor bo’ladi. Johil odam mutakabbir va tojovuzkordir. Dilida mehr-shafqat tuyg’usi sovigan odamni esa zolim deyavering.
Men shu joyda Sharqning donishmand yozuvchisi Gulpocha Ulfatning johil odam haqidagi badihasini esladim. Yaxshisi, uni o’qib bera qolay:

“Ko’r emas-u, o’z aybini ko’rmaydi,
Kar emas-u, o’zidan boshqaning gapini eshitmaydi.

Dili bor-u, o’zgalarga mutlaqo yuragi achimaydi. Zig’irday ilmi o’ziga bir olam bo’lib ko’rinadi, boshqalarning ko’p ilmi unga kam tuyuladi.

Odamlar meni ko’rganda qo’l qovushtirsin deb xo’jayinlar oldida ikki qo’lini ko’ksiga qo’yib, irshaygani-irshaygan.

Yuqori mansabdagi kishilarning oyog’ini yalaydi, o’zidan quyi mansabdagilarni esa oyoq uchida ko’rsatadi.

Zolimlik yo’lida qul bo’lishga tayyor, izzati yo’lida har qanday pastkashlikdan qaytmaydi.
Imonini pulga sotadi.

Inson bo’lib insonmas, hayvon bo’lib hayvonmas…

Qancha kaltafahm bo’lsa, shuncha gerdayadi.

“Bu ajib inson kim?” – deb so’rarsiz.

Bu – nodon-zo’ravon!

Johil odamlarni boshqarish oson. Ularga gap uqtirish ham shartmas. Ularga buyruq kifoya. Shunday ekan, karaxtlik yillarining hali amaldan tushmagan ayrim buyruqbozlari jamiyatimizdagi islohotlarga tish-tirnog’i bilan qarshi turmog’i tabiiy. Oltinsoyliklar buni tushunib olsalar kerak…

………………………………………………………..

M.: Xurshid aka, mana, Siz nashriyotda xizmat qilasiz, matbuot organlari bilan doimiy aloqadasiz. Sizning fikringizcha, jumhuriyatimizda haqiqiy ma’nodagi oshkoralik sezilyaptimi? Mamlakatimizning boshqa joylaridagi ahvol qanday?

X.D.: Jumhuriyat matbuot organlarida oshkoralik barqaror desak, yolg’on gapirgan bo’lamiz. Bu narsani ayniqsa siz bilan biz yaxshiroq bilamiz. Ochig’i men, oshkoralikni og’izga siqqan gapni emas, balki haqiqatni, u qanchalar og’ir va beshafqat bo’lmasin, haqiqatni aytish yo’rig’i deb bilaman.
Mamlakatimizning boshqa mintaqalariga nisbatan jumhuriyatimizda qayta qurish kechroq boshlandi.

M.: Keyingi paytlarda jamiyatimizda ahloq puturdan ketdi, tarbiya izdan chiqdi, odamlar halol-haromni farqlamaydigan bo’lib qolishdi. Biz ahvolni o’nglash uchun qarorlar qabul qilishdan charchamadik. Ammo natija yo’q. Sababi – biz doim bashariyatning ma’naviy-ahloqiy tajribalarini rad etib kelganmiz. Ayniqsa, dinning tarbiyadagi rolini tan olmaganimiz bizga qimmatga tushdi. Bu masalada Sizning fikringiz qanday?

X.D.: To’g’ri, eng katta xatomiz insoniyat ming yilliklar davomida yaratgan qadriyatlarni rad etganimiz bo’ldi. Oldingi inqilob eski jamiyatni buzishga qaratilgan bo’lsa, bugungi inqilob yangi jamiyatni yaratmoqda. Buzishdan ko’ra tiklash hamisha og’ir bo’lishini izohlab o’tirmasak ham bo’ladi.

Urf-odatlarimizning qadrsizlanib borayotgani haqida ko’p gapirildi. Buni men yuqoridayam ta’kidlagan edim. Yana takrorlayman: Inson ongida yuksalish bo’lmas ekan, jamiyatimiz iqtisodiy ravnaqi uchun urinishlarimiz bir pul. Ko’zi so’qir odamning yo’lini chiroq yoqib yoritishdan naf yo’q. Uning ko’zini ochish, dilini ziyoga to’ldirish kerak. Shundan so’nggina u yo’lni topib oladi.

Biz islomning xalqimiz tarixida tutgan o’rnini chuqur o’rganish o’rniga uni to’g’ridan-to’g’ri qoralashga shu qadar o’rganib qoldikki, o’tmishdagi jamiki salbiy hodisaning barini islomga yopishtirdik. Bunday qarash hanuzgacha davom etyapti. Xalqimiz o’tmishining har bir qirrasini islom aqidalarisiz tasavvur qilish mumkin emas. Islomni rad qilish xalqimiz o’tmishining ma’lum qismini rad qilish ekanini tushunmadik. Bu noto’g’ri, g’ayriilmiy yo’lni tutganimiz uchun ham hali-hozirgacha Hazrat Alisher Navoiy ijodini yaxshi bilmaymiz.

Nima uchun shunday bo’ldi? Chunki biz Navoiy va boshqa bobolarimiz ijodi uchun kalit bo’lgan tasavvufdan ko’z yumdik. Tasavvuf haqida o’zbek Qomusida mana bunday yozilgan: “Tasavvuf – islomdagi diniy-falsafiy oqim”. Biz bu izohdagi “diniy” degan so’zga e’tibor bergan holda “falsafiy” degan so’zni unutib qo’ydik. Bunday qarashdan tezroq qutulishimiz kerak.

M.: Xalqning ahloqi, madaniy darajasi ko’p jihatdan uning o’z tarixiga munosabatiga qarab belgilanadi. Ammo bizning o’z tariximizga munosabatimizni o’ylasam, bir voqea esimga tushaveradi. Qishlog’imizda ilk bor elektr chiroq yongan kuni odamlarimiz moychiroqlarini, endi kerak emas, eskirdi deb chiqarib otishgan ekan. Bir kun o’tib deng, elektr chiroq yonmay qolsa bo’ladimi. Ana endi ko’ring tomoshani! Bu-ku bir misol. Ammo tariximiz lampachiroq emas-ku. Nahot quyoshday tarixdan osongina voz kechib yuboraversak.

Maktab va maorif haqida tanglayimiz og’riguncha gapirdik. Lekin aytarli bir o’zgarish yuz bergani yo’q. Maktablarni bitirib chiqayotganlarning bilim saviyasidan gapirishgayam uyaladi odam. Oliy o’quv yurtlarimiz shunday bitiruvchilardan tap tortmay “etuk mutaxassislar” tayyorlab chiqayotganiga hayron qolasiz.

X.D.: Xalqning ahloqi, madaniyati, ko’p jihatdan uning o’z tarixiga munosabatiga qarab belgilanadi, dedingiz. Men buni boshqacharoq qilib bunday degan bo’lardim. Xalqning o’z o’tmishiga bo’lgan munosabati uning o’z kelajagiga munosabatini belgilaydi. O’lik xor bo’lgan joyda tiriklarga izzat yo’q, deyishadi arablar. Tarix va meros degani xalqimizning asrlar davomida to’plagan mutaraqqiy g’oyalar va tajribalar xazinasi degani. Bu g’oya va tajribalardan foydalanmas ekanmiz, to’g’ri yo’lga chiqishimiz qiyin bo’ladi. Shu boisdan ham til haqidagi qonunda qayd qilingan o’rta maktablarda eski yozuvni o’rgatish tadbirlarini tezroq amalga oshirish shart.

Lekin shu bilan birga faqat o’tmishni o’rganmasdan, bizni “o’tmishda” qoldirib, ilgarilab ketgan mamlakatlarning tajriba va yutuqlarini ham o’rganish kerak. Buyam tarixga bo’lgan munosabatdir, faqat buni kelajak tarixi deb tushunishimiz kerak. Men bu o’rinda yana mukammal darsliklarni yaratish, jumg’uriyatimiz yoshlarini Yaponiya, AQSH, GFR, Xitoy, Turkiya va boshqa davlatlardagi o’quv yurtlariga yuborish, chet el korxonalarida ish o’rgatish va shunga o’xshash bir talay takliflarimni aytib o’tishni istardim.

M.: SSSR xalq deputatlarining birinchi s’ezdi shu narsani ko’rsatdiki, O’zbekistondan borgan vakillarning aksariyat ko’pchiligi “ko’tar-tushir” o’yiniga o’ynashdan boshqasini bilmas ekan. Xo’p, endi besh yilgacha ularning qo’l ko’tarib-tushirishiga mahliyo bo’lib o’tiraveramizmi? Ularni chaqirib olib, o’rniga ish biladigan kishilarni saylash kerakdir balki?

X.D.: Nima qilish kerakligini xalqimizning o’zi allaqachon tushunib olgan bo’lsa kerak. Farg’ona fojialarini bor-yo’g’i qulupnay ustidagi mojaro bilan bog’lashga uringan, mamlakatdagi demokratik kuchlar ramziga aylangan akademik Saxarovga og’zining tupugini sochgan, “haq-huquqimni himoya qilarmikan?” degan niyatda ko’z tikib turgan xalqining umidini oqlamagan, og’ziga talqon solib o’tirishni “ahloq-odob” deb tushungan ayrim xalq deputatlarini besh yil o’tishini kutib o’tirmay chaqirib olishga xalqimizning fahmi yetadi deb o’ylayman.

M.: Mana, yaqinda mahalliy sovetlarga saylovlar boshlanadi. Jumhuriyatimizning kelajak taqdiri ko’p jihatdan mana shu siyosiy tadbirni qanday o’tkazishga bog’liq bo’lib turibdi. Erkin demokratik saylovlar uchun jumhuriyatimizda shart-sharoit bormi? Umuman, shunday shart-sharoitni yaratish uchun nimalar qilish kerak deb o’ylaysiz?

X.D.: Toqqa chiqmasang, do’lana qayda, degan gapni yaxshi bilasiz-a, “Mushtum”ning jiyani. Ha, endi demokratik saylovlar uchun kurashmoq ham kerakligini tushunaylik. Qolaversa, jumhuriyatimizda ro’y berayotgan o’zgarishlar ham ko’proq ijobiy tomonga qarab ketadi degan biroz bo’lsa-da ishonch bor. Shunda ham demokratik sharoit yaratish avvalo o’zimizga bog’liq. Har birimiz o’z haq-huquqimizni tanib olaylik. Bizni chalg’itmoqchi bo’lishga uringanlarga munosib zarba berishni o’rganaylik.

Keling, endi bir she’r o’qib beray. Nima dedingiz?

M.: Ayni muddao bo’lardi-da!

X.D.: Yaqinda O’zbekistonga kelib muttahamlarga qo’shib qancha begunohlarni qon qaqshatgan, umrini zavol etgan Telman Gdlyan degan dashnoq-tergovchi «Paxta mafiyasidan tortib olingan pullarni o’zbek xalqiga qaytarish kerak» deb og’iz ko’pirib gapirdi. She’r unga javob tariqasida yozildi.

Xurshid Davron
ISHONCH

Qirq to’rt millionni, dashnoq Gdlyan,
O’zbek bolasiga qaytarsak, debsan,
Nomini o’g’riga chiqarib qo’yib,
Endi sen xalqimning g’amini yebsan.

Men senga hech qachon qulluq qilmayman,
Men senga hech qachon qo’ymayman ixlos.
Xalqimning peshona teri yaratgan,
Boylikni qaytarmoq burchingdir xolos.

Xalqim bu pullarni ko’rmay qor bosgan
Paxtazorlar aro «Bolam» deb terdi,
Senga bu pullarni nishonlar osgan
Millatni unutgangan raykomlar berdi.

Ne-ne anjumanda xalqim yuziga
Tamg’a qilib bosding sen bu pullarni.
Qilar ishni qilib qo’ygandan keyin
Qaytarib beraylik, debsan, ularni.

Bu pullar xalqimga judayam kerak,
Teshik kissasini to’ldirsa zora,
Nabira to’y qilsa,kelin tushirsa
Talaba o’g’liga yuborsa zora.

Ammo nega og’rir zirqirab ko’ksim,
Nega ko’zlarimdan tirqirar yoshlar?!
Nega nadomatga to’ladir ko’zim,
Nega dilga tegar otilgan toshlar?!

Zo’r-zo’r ustunlarni qulatgan shovvoz
Pullarni qaytarib bersak, desa ham.
Nechun dilimda yo’q quvonchdan ovoz,
Nechun o’tiribman boshim qilib xam?!

…Axir qaroqchilar talagan karvon
Egasi molini qaytib topsayam,
Xo’rlangan qadrni, toptalgan dilni
Bus-butun qaytarib ololgan qachon?!

Qachon sovuq tupuk odam yuzini
Kuydirib yurmagan, axir, o’lguncha?
Kimga kerak bo’ldi bunday xo’rlamoq
Xalq sabr kosasi oshib to’lguncha?!

Pullarni qaytarib berarsan balki,
Ammo kim, qay daho, qanday duolar,
Qanday kuch, qay qudrat xalqim diliga
Yanchilgan umidni qaytara olar?!

Mangu o’g’irlangan bolaligini
Kim qaytib beradi mening xalqimga,
Qachon javob berar zug’um qilganlar
Mening hayotimga, mening haqimga?!

Ayting, kim qaytarar o’zbek bolasin
Sabuhiy, sabzarang uyqularini,
Egatlarga singib, beiz yo’qolgan
“Insonmanmi?!” degan tuyg’ularini?!

Yuzida qoni yo’q, kasalmand, qari
Kampirdek bukchaygan bu yosh qizlarga
Kim qaytib beradi zavol umrini,
Kim quvonch bag’ishlar nursiz ko’zlarga?!

Paxtani terishdan o’zga ish bilmay,
Qon-zardob dardlarin ichiga yutgan,
Umrida biror-bir shodlanib kulmay,
Gulning nimaligini tamom unutgan –

O’zbek ayollarin kim aylar ozod,
Kim berar ularga baxt-muhabbatni?!
Kim olib tashlaydi, qaysi ulug’ zot
Ular yelkasidan qullik — la’natni?!

Alvon shiorlardan topolmay najot,
Tirik bayroq bo’lar o’zin yondirib.
Ishonch yo’q, umid yo’q, orzu – beqanot,
Ucholmas – qafasni bo’lmas sindirib.

Toptalgan ishonchni barqaror etgay,
Qay qudrat, qay sehr, qay bir mo»jiza,
Qachon bu dillardan jaholat ketgay,
Dillarni davolar qay bir “O’rjuza”*?!

Qachon bu dillarga qaytadi quvonch,
Kim soqov dillarga til ato qilar?
Dardingni ayt, xalqim, yuragingni och,
Bo’lmasa dilingni g’am ado qilar.

Dardingni ayt, xalqim, to’lib-to’lib ayt,
Aytaver, kelsayam g’amga falak tor.
Sening bu dardingni eshitadigan
Odam topilmasa, axir, Olloh bor.

Agar bitsin desak elda asorat
Eng avval ishonchni qaytarmoq shartdir.
Alamlar ichidan topib jasorat
Qadrini tiklagan xalq doim marddir.

Biz hali ko’rgaymiz buyuk quvonchni,
Garchi hasratlardan dilimiz kuyuk,
Ammo, yuragida alqab ishonchni
Qaddini tiklagan xalq doim buyuk.

Ishonch – millat dilin yoritgan shuur!
Qirq to’rt million so’m aqchani emas,
Dillarga imonni qaytarmoq zarur,
Eng avval dillarga ishonch qaytsa bas!

Pullarni qaytarmoq senlarga, biroq
Ishonchni qaytarmoq bizlarga bog’liq,
U qaytar to xalqim haqiqatga och,
Toki yuraklarda zirqirar og’riq.

Toki dilimizni Vatan, Haq ishqi
Uyg’ota boshlarkan, qaytadi ular –
Ularning qaytishi oldida bir tin
Sen, bizga qaytarmoq istagan pullar!

M.: Gapni chuvalatib, ezmalanib o’tirmay, bitta she’r o’qib bering, deb qo’yaqolsam bo’larkan-ku o’zi. Ammo-lekin “Mushtum” tog’am ja xursand bo’ladigan bo’ldi-da! Kim biladi, borganimdan so’ng jiyanlikdan ukalikka o’tkazib qo’yadimi… Shoyad, shunday bo’lsa! Tashakkur!

Suhbatdosh: “Mushtum”ning epchil-chopqir jiyani Mushfiq.

* “O’rjuza” – Ibn Sino qalamiga mansub tibbiy asar.

хдк

(Tashriflar: umumiy 166, bugungi 1)

Izoh qoldiring