Xurshid Davron. Sohibqiron nabirasi yoki Mitti yulduz qissasi (3).

045    Бу сафар ҳам Амир Темур Хитойга эмас, мағрибга қараб юриш бошлашининг ўзига хос сабаблари бор эди. Аввало, Ҳиндистон юриши арафасида забт этилган ғарбий вилоятларнинг ҳокими бўлмиш ўғли Мироншоҳ мирзо ҳақида етиб келган миш-мишлар, юришдан сўнг эса унинг ҳузурига эрининг рухсатисиз қочиб келган келини, Олтин Ўрда хони Ўзбекхоннинг набираси бўлгани шарафига Хонзодабегим деб улуғланган Севинбеканинг арзу-доди, ундан сўнг Ҳиндистон сафаридан қайтиб Боғи Дилкушода дам олаётганида Миср мамлуклари султони Барқуқ (Барқёруқ)нинг вафот қилгани, Қайсарий-Сивас мулкининг ҳукмдори Қози Бурҳониддин Аҳмаднинг ўлдирилгани ҳақида хабар олгани бу юришни кечиктириб бўлмаслигига сабаб бўлди.

Хуршид Даврон
СОҲИБҚИРОН НАБИРАСИ
ЁКИ МИТТИ ЮЛДУЗ ҚИССАСИ (3)

011

ИККИНЧИ ҚИСМ
ЯНГИ ЮРИШ. ҚОРАБОҒДА

Ҳиндистон юришидан қайтган Амир Темур Ғозий доруссалтананинг фирдавсий боғларида жанг-жадал ва хасталик чарчоғини ёзар экан, муаррихларнинг ёзишларича, юриш давомида қўлга киритилган бойлик эвазига бир масжиди жомеъ тикламоқни ният қилди. Ғиёсиддин Али ёзади: “Саккиз юз биринчи йил Рамазони Шариф ойининг тўртинчи куни – мелодий 1399 йилнинг ўнинчи майида жомеъ масжиди учун пойтахтнинг энг яхши жойини (Амир Темур) танлади. Машҳур усталар ва бинокор – меъморлар бу улкан иморатнинг қура бошладилар”. “Самария” асарида эса бу ҳақда қуйидаги сатрларни ўқиш мумкин: “Амир Темур Кўрагон Ҳиндистонни олгандан кейин, у ердан ўлжа қилинган олтин, инжу ва қимматли тошларни бир юз тўқсон бир филга (Асарнинг айрим нусхаларида “тўғсон бир фил” деб қайд этилган. Х.Д.) юклаб келтирди ва истардиким, пойтахти бўлган фирдавсмонанд Самарқандда бир жомеъ бино қилғай…”

Жомеъ масжиди қурилиши бошланган пайтда мадика Сароймулкхоним ҳам танланган жойга қарама-қарши тарафда онасига атаб мақбара ва мадраса қурилишига Соҳибқирондан рухсат олди.

Амир Темур бутун ёзни боғларида ўтказди. Бу орада икки воқеа юз берди. Биринчи воқеа Срҳибқирон кўнглини хушнуд этган, ҳатто у бу воқеа хабарини олиб келган чопарга ўн беш минг динор тортиқ қилган эди. Иккинчи воқеа ўғли Мироншоҳ мирзонинг завжаси бўлмиш Севинбеканинг унинг ҳузурига арзу-дод билан келгани бўлди. Келини ҳасратини эшитиб, жаҳонгирнинг кўзларидан ёш тирқираб оқди ва бир ҳафта мобайнида бирор киши билан сўзлашмай, хилватда бўлди. Ёлғиз Улуғбек бобоси ҳузурига қўрқмай киришга журъат этарди. У бобосининг ташвишли кўнглини болаларига хос шодмонлик билан ёритиб турган ёлғиз овунчоқ эди. Аммо бобо набираси билан суҳбатлаша туриб ҳам бирдан чуқур ўйга ботиб қолар, Улуғбек эса унинг нима ҳақда ўйлаётганини билмоқчидек бобосига зимдан тикиларди.

Ниҳоят, Соҳибқирон бир қарорга келди-ю, юзини хотиржамлик чулғади. Бу гал ҳам унинг қарори қатъий, тузган режаси пухта эди. Амир Темурнинг жанговар сафдошлари – кекса амирлар ўз ҳукмдорлари чеҳрасидаги ўзгаришни пайқадилару, Соҳибқирон тез орада доруссалтанани тарк этишига ишондилар. Улар ҳам зимдан бўлажак юришга ҳозирлик кўра бошладилар. Аммо улар ўз раҳнамолари қай томонга – Шош томонгами ёки Чину-Мочин тарафгами – юз тутишини билмас эдилар. Шунга қарамай, Соҳибқирон чеҳрасида акс этган қатъият содиқ сафдошларнинг юзида ҳам зоҳир бўлиб турарди…

Ҳижрий 802 йил муҳаррам ойининг саккизинчи куни – мелодий 1399 йил 20 сентябрида яна аравалар ўқининг ғийжиллаши, отларнинг кишнаши-ю жанговар филларнинг пишқириши, қурол-яроғларнинг шақиллаши оламни бузди. Яна мағрибу-машриқ таҳлика ичида қолди. Турли ўлкаларда уйқуси чоқган ҳукмдорлар Турон султони бу гал ўз отини қай томонга бошлашини билмай ваҳимага тушдилар. Улкан қўшин кунботар сари йўналгани ошкор бўлгач, Хитой фағфури яна хотиржам ухлай бошлади, аммо Шом ва Рум ҳукмдорларининг қути ўчди. Қўшин ортидан йўлга чиққан уҳруқдан Сароймулкхоним ва бошқа маликалар, Соҳибқирон набиралари қаторида Улуғбек мирзо ҳам бор эди.

Аммо бутун рўйи заминни саросимага солган қўшин ҳаракатга келишдан аввал Амир Темур набираси Искандар мирзони машриқдаги сарҳадларни қўриқлашга тайинлаб, Андижонга жўнатди. Кейин ўғли Шоҳруҳ мирзога чопар юбориб, Хуросон қўшини ҳам Ҳиротдан Азарбайжонга қараб ҳаракат бошлашига кўрсатма берди. Амир Сулаймоншоҳ бошлиқ илғор қўшин Табриз томонга жўнатилди. Шундан кейингина Соҳибқирон доруссалтанани валиаҳди бўлмиш набираси Муҳаммад Султон мирзо ихтиёрига топшириб, тонг қоронғисида Кўксаройни тарк этди.

Бу сафар ҳам Амир Темур Хитойга эмас, мағрибга қараб юриш бошлашининг ўзига хос сабаблари бор эди. Аввало, Ҳиндистон юриши арафасида забт этилган ғарбий вилоятларнинг ҳокими бўлмиш ўғли Мироншоҳ мирзо ҳақида етиб келган миш-мишлар, юришдан сўнг эса унинг ҳузурига эрининг рухсатисиз қочиб келган келини, Олтин Ўрда хони Ўзбекхоннинг набираси бўлгани шарафига Хонзодабегим деб улуғланган Севинбеканинг арзу-доди, ундан сўнг Ҳиндистон сафаридан қайтиб Боғи Дилкушода дам олаётганида Миср мамлуклари султони Барқуқ (Барқёруқ)нинг вафот қилгани, Қайсарий-Сивас мулкининг ҳукмдори Қози Бурҳониддин Аҳмаднинг ўлдирилгани ҳақида хабар олгани бу юришни кечиктириб бўлмаслигига сабаб бўлди. Зеро, Мироншоҳнинг айби билан қўрқувни унутган, Соҳибқироннинг Ҳиндистонда юрганидан фойдаланиб дадиллашган Гуржистону-Арманистон ҳукмдорлари итоатдан чиқиб, бебошликка юз тутган бўлсалар, Қайсарий-Сивас ҳукмдори ўлими туфайли унинг мулки учун усмонли турклар, қорақуйунлилар ва жалойирийлар ўртасида рақобат бошланган эди. Миср султони тахтига ўтирган Барқуқнинг ўғли бўлмиш Фаражнинг мурғаклиги туфайли у ердаям ўзаро курашлар бошланган, бу эса Амир Темурни қулай вазиятдан фойдаланиш учун ҳаракатга чорларди. Шайх Сова бошлиқ элчиларини қатл эттирган султон Барқуқнинг ўлимини эшитган Соҳибқирон бу хабарни келтирган чопарга ўн беш минг динор пул ҳадя қиларкан, мағриб ўлкаларини забт этишга фурсат етганини англаган эди.

Аммо Амир Темур асл мақсадини ҳаммадан, ҳатто энг содиқ амирларидан ҳам сир тутди. Ҳамманинг назарида юриш амирзода Мироншоҳнинг эс-ҳушини жойига келтириш мақсадида бошлангандай эди.
Қўшин ўтган сафаргидек Мозандаронда тўхтамади, шиддат билан ғарб томонга интилаверди. Илло, жаҳонгирнинг нияти яқинлашаётган қишни Қорабоғда ўтказиш ва қиш мобайнида ҳордиқ олган қўшинни пайт пойлаб Шому-Рум устига ташлаш эди.

Оппоқ тулпор устида тебраниб бораётган гавдаси келишган, узун бўйли, дўнг пешонаси очиқ, елкалари кенг, калласи катта, соқ-соқолига оқ тушган Соҳибқирон нималар ҳақида ўйлаётганини ҳеч ким билмасди. Юриш режасини пухталаб олган Амир Темур йўл давомида келини Севинбеканинг ўғли ҳақида олиб келган гапларини ҳаёлидан қайта-қайта ўтказар, аммо ўйи тугамасди.

Мироншоҳ мирзо Соҳибқироннинг учинчи ўғли бўлиб, у 1367 йили туғилган эди. Жаҳли тез, ичиб олса, эс-ҳушини йўқотиб қўядиган Мироншоҳ 1389 йили базмларнинг бирида омонатда сақланаётган курд шаҳзодасини мастлик устида чопиб ташлаган эди. У даставвал отаси амрига биноан етти йил Хуросонда ҳукмфармолик қилди. Хуросон ҳокимияти Шоҳруҳ мирзога топширилгач, олдинги лавҳаларимизда ҳикоя қилганимиздек, Ҳулокулар мулки бўлмиш Форс, Озарбайжон, Шомнинг бир қисми ва уларга тобе ерлар Мироншоҳ мирзога суюрғол бўлди.

Мироншоҳ мирзонинг ота қаҳрига учраши сабаблари ҳақида муаррих Давлатшоҳ Самарқандий ушмундоқ ҳикоя қилади: “Мироншоҳ мирзо бир неча йил мустақил идора қилди… Аммо бир куни (Хой деган манзилда) отдан йиқилиб, миясига заҳма етди. Табиблар қанчайин уринмасинлар, фойдаси тегмади. Ақли шу қадар заифлашдики, савдойилик ва жунунлик даражасига етди. Шундан кейин, Мироншоҳ мирзо кўп вақтини масхарабозлар билан ўтказадиган, амирлару-ноибларни сабабсиз шармисор қиладиган, уларни ўз ҳолига қўймай, бекордан-бекорга сиқувга оладиган золимга айланди. Охир шу даражага етдики, Соҳибқирон падарининг тамом инояти ва марҳаматини қозонган ўз муҳтарама хотини – хонлар авлодидан бўлмиш Севинбекани унинг амри билан изза қилдилар, қийноққа солдилар. Мироншоҳнинг ўзи эса унга ханжарини отди. Бу азобга чидолмаган Севинбека қочиб, Самарқандга, Соҳибқирон ҳузурига борди. Келин қонга беланган кўйлагини Соҳибқирон қайнотасига кўрсатиб, ўғил аҳволини отага баён қилди. Унинг ҳасратини эшитиб, Амир Темурнинг кўзларидан ёш тирқираб оқди ва бир ҳафта мобайнида бирон киши билан сўзлашмади. Бир ҳафтадан сўнг аркони давлатни ҳузурига чорлаб, ноқобил ўғлини жазолаш мақсадида Ироққа юриш бошлаяжагини маълум қилди…”

Отасининг шиддат билан йўл босиб келаётганидан хабар топган Мироншоҳ мирзо Рай шаҳрида (Бугунги Теҳрон яқинида) Соҳибқиронга пешвоз чиқди. Аммо Амир Темур ўғлини ва унинг аркони давлатини Табризда тафтиш қилажагини маълум қилгач, амирзода ночор тайинланган манзилга йўл олди. Тафтиш қилиш амир Хўжа Оқбуғо билан амир Жалол Исломга юклатилди. Табриздан Мироншоҳ бошқарган мулк хазинаси, барча девон дафтарлари элакдан ўтказилди, амирзода хизматида бўлган кишилар қаттиқ тергов қилингач, айбдорлиги аниқланган амалдорлар ҳибсга олинди.

Амир Темур Рай шаҳридан ҳулоқу-элхонийларнинг сўнгги пойтахти, Улуғбек мирзо таваллуд топган Султонияга борди. Бу ерда у Боғи Чиноронда қўниб дам олгач, шаҳарга ялангбошу-ялангоёқ келтирилган Мироншоҳ мирзо мулозимларидан уч кишини фарзандини йўлдан оздиришда айблаб, ўлимга буюрди. Ҳар уччаласини шаҳарнинг Қазвин дарвозасига осдилар. Соҳибқирон амри билан қатлни Мироншоҳнинг кўз ўнгида ижро этдилар. Рангида қони қолмаган амирзода юзида ўлим нафасини сезгандек бўлди. “Отам мани ўлумга буюрмишму?!” деган ўйдан ҳарб майдонида қўрқувни билмаган юраги ларзага келди, нафаси қайтди. Жаҳли чиққан ота бари бир пуштикамаридан бўлган фарзандига озор етказмади.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий “Мажолисун нафоис” китобининг еттинчи мажлисида буюк Соҳибқироннинг шеърхонлик салоҳиятини таърифлаш баҳонасида ушбу воқеани эслаб ёзадилар: “Мундоқ нақл қилурларким, сун Мироншоҳ мирзо Табризда чоғирға кўп иштиғол кўргузди, димоғ ва мизожи эътидол тариқидин инҳироф топиб, андин номулойим амр кўп сурат тутабошлади. Самарқандда ул ҳазрат арзиға бу навъ еткурдиларким, уч надими борким, муфрит чоғир ичмакка боис алардурлар. Ҳукм бўлдиким, тавочи миод ила чопуб бориб, уччаласининг бошин келтурсун. Алардин бири Хожа Абдулқодир эрди, бири Мавлоно Муҳаммад Кохий эрди ва бири Устод Қутб Нойи. Тавочи бориб иккисини ясоққа еткурди. Аммо Хожа Абдулқодир қочиб, қаландар бўлуб, ўзин девоналиғға солиб, мулкдин мулкка мутавори бўлуб юрур эрди, то улким, ул ҳазрат яна Ироқ юруши қилди, ул мамаликда Хожанинг ул холи баъзига маълум бўлуб, юқори арз қилдилар. Ҳукм бўлдики, тутуб келтирсунлар. Ул ҳазрат тахтда эрдиким, Хожа фақирни девоналиқға қўймай, судраб тахт илайига келтурдилар. Андин бурунким, сиёсат ҳукми бўлғай, чун Хожанинг камолотидин бири Қуръон ҳифзи ва қироат илми эрди, филҳол бийик ун била Қуръон ўқумоқ бунёд қилди. Ул ҳазратнинг ғазаби лутфға мубаддал бўлуб, фазл ва камол аҳли сари боқиб, бу мисраъни ўқудиким:

Абдол зи бийм чанг дар Мусҳаф зад.
(Қаландар қўрқувдан Қуръонга чанг солди.)

Андин сўнгра Хожаға илтифот ва тарбиялар қилиб, ўз олий мажлисида надим ва мулозим қилди. Идрок ва фаҳм билурким, йиллар, балки қарнлар мундоқ латиф сўз камол ва фазл аҳлига воқиъ бўлмас…
Хожа Абдулқодирга илтифот қилган Соҳибқирон Мироншоҳнинг яқин суҳбатдошларини қатл эттиргандан кейин ҳам фарзандини кўришни истамади. Суюкли набираси Халил Султон отаси гуноҳини авф этишни тилаб кирганда, Амир Темур ғазаб билан айтди:

— Чоғирға берилган, хотин кишиға қўл кўтарган киши ожиз кимсадур, шундоқ эркан, ул ҳокимиятга ярамайдур!..

Яқинлашиб қолган қишни Қорабоғда ўтказишни ният қилган Амир Темур йўлга тушиш олдидан Ҳулокулар мулкини Мироншоҳнинг тўнғич ўғли Абубакр мирзога топширди ва отасини ҳам унга бўйсундирди. Соғибқирон ҳижрий 802 йил рабиулаввал ойининг ўртасида – мелодий 1399 йил ноябрида Қорабоққа етиб келиб, одатига биноан севимли тоғ яқинидаги Мингул ўтлоғида ўтов тикди. Кўп вақт ўтмай, Шеки мулки нойибининг ўғли Сайид Аҳмад билан Шервон мулкининг ҳукмдори Шайх Иброҳим жаҳонгир пойини ўпмоқ ва итоат билдирмоқ учун шу ерга келдилар.

Қорабоғ қишин-ёзин ям-яшил, кундузи шабада, кечаси заиф изғирин ҳукмрон тоғ водийси. Бу ердаги юксак, виқорли тоғлару-адирлар тепасидан дунёнинг тўрт томони кўриниб тургандек. Осмон бепоён, уфқлар кенг. Бир ёқда Ширвон, бир ёқда Арманистону-Гуржистон, ҳув олисларда қуёш ғазаби остида қолгандай туюлган, аммо ҳеч қачон қори эримайдиган юксак тоғлар. Қуш учиб етмаган чўққилар оппоқ кулоҳ кийиб хотиржам ухлайдилар. Симобранг томчиларини сачратиб, гувиллаган шар-шара сувлари тошдан-тошга урилиб, арчазорлар оралаб пастга оқади. Баҳор пайти булоқлардан ситилиб чиқаётган асалтаъм сувлар теварагини сиёҳранг гуллари ғуж-ғуж очилган ям-яшил бинафшалар қуршайди.

Амир Темур қишлов чоғида ҳам тинч ўтирмади – янги 1400 йил январида Гуржистонга бостириб кириб, Тифлисни қўлга олди. Гуржилар подшоси Георгий тоғлардаги ғорларга бекинди. Аммо Турон аскарлари шоҳ-шаббадан тўқилган саватлар ёрдамида юксак қояларни ҳам забт этгач, Георгий мамлакатнинг кунботар қисмига қочди. Тез кунда уни қувиб етган мовароуннаҳрликлар гуржиларни бутунлай тор-мор этдилар. Итоатга келтирилган Гуржистон яна ўлпон тўлашга мажбур бўлди.

Эрта баҳорнинг янги ва чақноқ қуёши кўкатларни қулоғидан тортиб чиқарди-ю, Қорабоқ адирлари, ўтлоқлари яшил кўрпага бурканди. Осмон тип-тиниқ ойнадек порлайди. Тоғ-адирлар этагида беданалар сармаст сайрайди. Уюр-уюр отлар яшнаб турган ўт-ўланни “карт-карт” узиб, эркинликдан қувнайди. Қиш бўйи ўтовларда димиққан навкар йигитлар тўп-тўп бўлиб курашгирликка лойи майдон қидиради.

Мана шундай қуёшли кунларнинг бирида Амир Темур қурултой тузди. Қурултоқда салтанатнинг ички ва ташқи сиёсатига доир масалалар, энг аввало Онадўли, Сурия ва Ироқ устига режаланган юриш ипидан игнасигача муҳокама этилди. Амир Темур қўшинда тартиб-интизомни янада кучайтиришни қайта-қайта тайинларкан, амирларга уқтирди:

— Шом устиға юришга куч-қудратимиз, иншооллоҳ, етарли. Аммо қулай фурсат ғалабанинг асосидур. Ваҳифангиз пайт пойлаб, ёғийнинг ҳар бир ҳаракатини ҳушёр кузатмоқдур.

Амир Худойдод ҳукмдорининг сўзини маъқуллаб бош силкиркан:
— Душманингни лаълу-жавоҳирдек сақламоқ лозим, қачонки бирон тошлоқ ерга келиб қолсанг, уни олиб, тошга шундай урғилки, талқони чиқиб, ундан ному-нишон қолмасун, — деди.

Қурултой тугаши билан бир қисм қўшин яна Гуржистонга юборилди, амирзода Рустам қўмондонлигидаги бошқа қисм эса Ироқ устига юришга буюрилди. Амирзода Шерозда турган аскарлари билан Бағдод томонга ҳаракат бошлаб, Луристондаги Бағдодга тобе қалъаларни яксон қилгач, соҳибқирон буйруғи билан яна орқага қайтди. Аммо Бағдод ҳукмдори Султон Аҳмад ваҳимага тушиб қолди, у ҳатто ўз яқинларидан шубҳаланиб, уларни бирин-кетин ўлдира бошлади. Оқибатда мухолифлари кўпайиб, Бағдодни тарк этишга мажбур бўлган Султон Аҳмад қорақуйунлилар раиси Қора Юсуф ҳузурига паноҳ истаб борди. Бу икковлон амирзода Рустамнинг йўлдан қайтганини эшитгач, шошилинч Бағдодга қайтдилар. Кўп ўтмай улар Амир Темурнинг Қорабоғдан қўзғалиб, Сивасга қараб йўналганини эшитдилару, яна Бағдодни тарк этдилар. Икки қочоқ Миср султонидан паноҳ тикламоқ мақсадида Ҳалаб томонга от қўйдилар. Аммо Ҳалаб ҳокими уларни нохуш кутиб олди. Бу орада Амир Темур Сивасни забт этгани хабарини олган икки иттифоқчи энди усмонлилар султони Йилдирим Боязиддан бошпана сўрашга қарор қилдилар.

ДЎСТ ВА УСТОЗ. САРБАДОРЛАР ҚИССАСИ

Қорабоғ ўтлоғида малика бибиси паноҳида яшаган Улуғбек Мирзо содиқ бир дўст орттирди. Бу Соҳибқирон қиссахонининг ўн саккиз яшар жияни эди. Бу йигит унинг илк устози бўлди.

Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” асарида ёзилишича, бу йигитнинг “исми Ҳамза ибн Али Малик ат-Тусий, тахаллуси Байҳақийдур”.

Ҳамза тоғаси билан Амир Темур қароргоҳида яшарди. Улуғбек тоға-жиян яшаган оқ ўтовга биринчи марта кирганда, у ердаги китобларнинг кўплигини кўриб ҳайратга тушганди. Ўтовнинг бир четидаги манқалда бир ҳовуч кўмир чўғланиб ёнар, китобларнинг чарм муқоваларидан таралаётган хушбўй ҳид ёниқ шам иси билан қўишилиб ўтов ичини тўлдириб турарди.

Энди Улуғбек Мирзо кун бўйи Ҳамза билан бирга эди. Сабза урган мўйлаби ўзига ярашган бу йигит шунақаям кўрп ҳикоятларни ёддан билардики, ёш мирзонинг ҳайрати кундан-кунга ошиб борарди. Ҳар куни эртаабдан пешингача амирзода устозидан таҳсил олар, ҳар тонг Ҳамза ўтган сабоқлар ҳақида қисқача гапириб, сўнг янги дарсга ўтар, у ваъзни тугатиши билан шаҳзода устозини саволга кўмиб ташларди. Ҳамза биринчи кунидаёқ шогирдининг зеҳну-фаросатига қойил қолди. Олти яшар шаҳзоданинг хуснихати бежирим, ҳисоб илмида устозидан ҳам устун эди. Шу сабабданми, Ҳамза ҳар бир дарсга пухта тайёрланар, шогирдиги ўзи яхши билган тарих ва ҳикмат илмига меҳр уйғотишга кўпроқ эътибор берарди.

Кунларнинг бирида навбатдаги сабоқдан сўнг бир қанча саволлар муҳокама этилгач, Улуғбек мирзо одоб билан устозига мурожаат қилди:
— Устоз, ижозатингиз билан ўзимнинг бир саволимни берсам.
— Лутф айланг, мирзо, қандай савол эркан ул? – деди Ҳамза.

— Устоз, сиз Байҳақдандурсиз. Фаҳмимча, Сабзавору  Байҳақ сарбадорлар сарзаминидур. Мен аларнинг аҳволидан сўйлаган бирор битикни кўрганимча йўқ. Бу ҳолнинг боисини ойдинлаштириб берсангиз.

Ҳамза ўйга толди. Унинг отаси Байҳақ сарбадорлари тоифасидан бўлиб, насл-насаби соҳиби давлат Муиниддин Аҳмад ибн Замши ал-Ҳошимий ал-Марвазийга уланар, сарбадорлар замонида Исфароинда соҳибихтиёр ҳам бўлган эди. Лекин буни қарангки, ўзи сарбадорлар авлодидан бўлатуриб, бу хусусда ҳеч ўйлаб кўрмаган экан.

“Амирзода ёш бўлса-да, анча ижтиҳодли бола, — деб ўйлади Ҳамза. – Шу ёшда ақли расолиги берган саволларидан маълум. Унинг саволига жўяли жавоб айтмоқ лозим”.

— Қизиқ савол бердингиз, — дея гап бошлади Ҳамза шогирдининг тийрак кўзларига ўйчан тикиларкан, — Дарҳақиқат, Сабзавор сарбадорлари ҳақида ҳали бирор мукаммал асар битилмагандур. Мен бу ҳолнинг сабабини бундоқ изоҳлайман..

У шундай деди-ю, тўхтаб қолди. Етти иқлимни зир титратган жаҳонгирнинг набирасига ўйлаганларини очиқ айтиш жўялимикан? Ҳамза тарадудда қолди, аммо амирзоданинг динг ҳолатини кўргач, гапини давом этди:

— Сарбадорлар мўғуллар яғмоси-ю, замона шоҳларига қарши чиқмишлар. Муаррихлар эса ҳамиша шоҳлару-султонлар ҳақида китоб барпо этганлар. Шу сабабданми, сарбадорлар тарихини махсус тарих қилиб битмоққа зарурат сезмаганлар.

— Устоз, — деди жавобдан қониқмаган Улуғбек Мирзо, — муаррих ҳар не воқе бўлсун, битмоғи лозим эмасму?

Ҳамза яна нима дейишни билмай қолди. Бироздан сўнг шогирдига тикилиб:
— Мирзо, яхшиси мен сарбадорлар хусусинда билганларимни сўйлай, шоядки, замони етса, аларни китоб қилиб битгайсиз, — деди.

Ҳамза ҳикоясини бошлаши билан Улуғбекнинг бутун борлиғи қулоққа айланди.

— Сабзавор қишлоқларидан бирини Боштин дерлар, — деб қисса бошлади Ҳамза. – Мана шу қишлоқда Хожа Фазлуллоҳ исмли ҳурматли, бойликда Байҳақ ерида унга тенг келадиган киши бўлмаган соҳибдавлат одам яшарди. Унинг уч ўғли бўлиб, тўнғичининг исми Абдураззоқ, ўртанчасиники Масъуд, кенжасиники Шамсиддин эди.

Шижоатли, қадди қомати келишган йигит бўлмиш Абдураззоқ Сабзавордан Султонияга – Ироқи Ажам мулкини идора қилган элхоний Султон Абу Сайидхон мулозаматига борди. Хон унинг азаматини кўриб, ўзига ясовул қилди. Кун вақт ўтиб кунлардан бир кун хон Абдураззоқни солиқ йиғиб олиш учун Кирмонга юборди. Солиқни тўплагач, Абдураззоқ уни ўз маишатига сарфлаб қўйди-ю, нима қилишини билмай қолди. Ниҳоят, отасидан қолган маблағни сотиб, девонга тўланиши лозим бўлган маблағни қайтариш мақсадида Сабзаворга қараб йўл олди. Йўлда Султон Абу Сайидхоннинг вафот этганини эшитгач, кўп шод-хуррам бўлди. Кейин яширинча туғилган юрти – Боштин қишлоғига келиб, қавми-қариндошларини тўплаб, йўлда эшитган хабарини уларга етказди. Шунда қариндошлари хон вазирининг жияни Боштинда эканлигини айтиб, “Бир неча кундирки, қишлоққа жабру-ситам ўтказиб, биздан шароб ҳамда паричеҳралар талаб қилмоқда”, — деб унга арз қилдилар. Бу гапни эшитган Абдураззоқ кечаси вазир жиянини қўлга олиб, ўлдиртирди.

Сарбадорлар ҳаракати мана шу воқеадан бошланур.

Уларнинг не сабабдин сарбадор аталишлари важҳига келсак, бу ҳам мен сизга ҳикоя қилган воқеа билан боғлиқдур. Яъниким, Абдураззоқ бошлиқ одамлар вазир жиянини ўлдирган куннинг эртаси эрталаб Боштин қишлоғи четида дор тикдилар. Сўнг салла ҳамда тақяларини дорга осиб, тошбўрон қилдилар ва ўққа тутдилар. Сўнг ўзларига “сарбадорлар” деб от қўйдилар, ана шу ернинг ўзида етти юз киши Абдураззоқ билан бирга аҳду-паймон чекдилар.

Абдураззоқ Байҳақий бошлаган ғавғодан хабар топган Хуросон вазири Алоуддин Муҳаммад исёнкорларни даф этиш учун қўшин йўллади. Аммо Абдураззоқнинг иниси Масъуд бошлиқ сарбадорлар вазир аскарларини тор-мор этдилар. Тез орада Сабзаворни эгаллаган Абдураззоқ ўз номига хубта ўқиттирди. Бу ҳижрий 737 – мелодий 1337 йилда содир бўлди. Мазкур санадан эътиборан сарбадорлар давлатига асос солинди.

Абдураззоқ бир йилу икки ой ҳукмронлик қилди. Кейин оға-ини ўртасида чиққан келишмовчилик туфайли Масъуд ўз оғасини ўлдириб, унинг тахтини эгаллади. Масъуд Нишопур, Жомни ўз давлатига қўшди. Арғуншоқ Жоний Қуронийни бир неча марта мағлуб этди…

Ҳикоясининг мана шу ерига келганда Ҳамза сўзларини жон қулоғи билан тинглаётган Улуғбек мирзога уқтирди:

— Амирзодам, эшитишимча, Соҳибқирон бобонгиз ёшлик чоғларида мана шу Жоний Қурбоний авлодидан бўлмиш Алибек қўлида олтмиш икки кун тутқун бўлғон эканлар. Сиз бу ҳақда биласизму?

Улуғбек устози эслаган воқеани бобосининг ўз оғзидан эшитган эди. Бобоси бу тутқунликдан ёлғиз қилич кўмагида халос бўлганини ҳикоя қилганда, нечоғли ҳаяжонланиб кетгани ҳамон ёдида.
— Устоз, билурмен, — деди Улуғбек.

Ҳамза шогирдининг қувваи ҳофизасига яна бир карра қойил қолиб, Хуросон сарбадорлари қиссасини давом этди:
— Масъуд Байҳақий охири Шайх Ҳасан Жўрийга мурид бўлди, шайх эса сарбадорлар давлатининг муршиди – руҳоний раҳбари бўлди. Муршиду-мурид биргаликда элхоний Тўға Темурхонни, Ҳирот ҳукмдори Малик Ҳусайн Куртни мағлуб этдилар. Кейин Масъуд ўз пирини ўлдиртирди. Шундан бошлаб унинг омади юришмай, жангларнинг сарҳадлари Жомдан Домғонгача, Ҳабушондан то Туршизгача кенгайди. Хожа масъуднинг ҳукмронлиги етти йилу тўрт ой давом этди.

Хожа Масъуддан кейин унинг ғуломи оға Муҳаммад Темур икки йилу икки ой ҳукм сурди ва Хожа Али Шамсиддин ҳамда бошқа сарбадорлар қўлида қатл этилди. Ундан сўнг Хожа Масъуднинг навкарларидан Колу Исфандиёр тахтга чиқди, бир йил ўтди-ю, у ҳам ўлдирилди.

— Эҳ, мирзом, — дея алам билан хўрсинди Ҳамза, — шундан кейин бир-икки кишининг ўз ўлими билан ўлими билан оламдан кўз юмғонини айтмасам, сарбадорлар тахтининг атрофида фақат ўлдир-ўлдир бўлди.

Хуросон сарбадорлари давлати ярим аср давом этди. Сўнгги ҳукмдор Хожа Али Муайяд бўлди. Бу хожа давлат тепасида ўтирган йиллар улуғ жаддингиз, соҳибқирони аъзам Амир Темур Кўрагон ҳазратлари билан яқин бўлган, ҳатто ўз мамлакатини бобонгизга топшириб, ўзи уларнинг хизматларида бўлган деб эшитганман.

Ҳамза ҳикоясини тугатиб, шогирдига тикилди. Улуғбек ҳаёлга ботганча, унга қараб турарди. Орада жимлик чўкди. Жимликни яна Ҳамза бузди:
— Яна Самарқанд сарбадорлари тарихи бордирки, афсус, мен бу хусусда яхши билмайман.

Шу пайт уларга жуда яхши таниш бир овоз эшитилди:
— Нега билмайсан?!

Устоз билан шогирд ўтирган жойларидан ирғиб турдилар. Улуғбек қувончини яширолмай:
— Бобожон! – деб юборди.

Ўтов эшиги олдида Амир Темур турарди. У ичкарига кираркан, гапини давом этди:
— Хуросон сарбадорлари тарихини биласану, самарқандий сарбадорлар кечмишини билмайсанму?

Ранг-рўйи оқариб кетган Ҳамза нима дейишини билмай турганини кўрган Амир Темур мийиғида кулди.

— Сен Улуғбекка Хуросон сарбадорлари ҳақида тўғри сўйладинг.  Улар ёғийни қувдилару, бир-бирларига ёғий бўлдилар. Бир-бирларини ўлдириш билан машғул бўлдилар. Шу сабабдан улар тузган давлат омонат бўлди. Илло, адолат истаган кўнгилда адоват бўлмаслиги керак. Уқдингму, қиссахоннинг жияни!

Амир Темур қаршисида тирик мурдага айланиб қолган Ҳамза чурқ этмади. Соҳибқирон набирасининг юзини қоқшол кафти билан силар экан:
— Юринг, мирзо, — деди.

Амир Темур набиралари ичида ёлғиз Улуғбек мирзогагина сизлаб гапирарди. Бу одат унга пири бўлмиш Амир Саййид Кулолдан юққан эди. Шайх ҳам ўғилларининг бирига отасининг исмини қўйган эди.

Шу сабабдан ҳеч вақт уни исми билан чақирмас, чақирса: “Ҳой, мард!” — дея чақирарди. Соҳибқирон ҳам набирасини ҳеч қачон “Муҳаммад Тарағай” деб чақирмаган, Мордин қалъаси ёнида айтган нияти туфайли тез орада иккинчи номга айланиб қолган “Улуғбек” лақаби билан чақирарди. Бу Амир Темурнинг отасига бўлган иззат ва меҳридан дарак эди.

Бобо билан набира Мингул ўтлоғининг этагидаги адирлар томонга қараб юрдилар. Чор-атроф сув қуйилгандай жим-жит эди.

— Устозингиз исми Ҳамзамиди? – дея сўради юришдан бир зум тўхтаб, Амир Темур.
— Ҳамза! – деди Улуғбек мирзо.

— Қиссахоннинг жияни-да, ҳикоялари бамаъни. Аммо Самарқанд сарбадорлари қиссасини билмагани ёлғон… Билади. Сўйлашга қўрқади.
— Кимдан қўрқади? – ҳайрон қолди бола.
— Мендан… Мендан қўрқади! – деди Соҳибқирон.

Олисдаги тоғ чўққиларини қоплаб ётган мангу қорларда акс этган қуёш нурлари кўзни қамаштиргудек ярақларди. Бу ярақлаш гоҳ қирмизи, гоҳ бинафшаранг, гоҳ симобранг, гоҳ яшилранг порлайди. Амир Темур бу манзарани томоша қиларкан, сўради:
— Ўзингиз биласизму?!
— Нимани, бобожон?!

Аммо жаҳонгир жавоб бермади, у ўйга ботди. Кўз ўнгида қирқ йилча аввал бўлиб ўтган воқеалар жонлангандек бўлди.

Ўшанда Мовароуннаҳр мўғуллар қўлида, уни Чиғатой авлодлари бошқарар эди. У ўн ёшга тўлган йили Чиғатой улусининг тахтида ўтирган Қозонхон – Саромулкхонимнинг отаси ўлдирилди. Ғавғо бошланиб, Чиғатой улуси иккига бўлиниб кетди. Мовароуннаҳрга Қозонхонни ўлдирган, маҳаллий турк амирларидан бўлган амир Қазаған эгалик қилган бўлса, Еттисуву Қошғарни ўз ичига олган ва Мўғилистон деб юритилган ҳудуд Чиғатой авлодига мансуб Туғлук Темурхон ҳукмида қолди. Амир Қазаған чингиззода бўлмагани сабабидан эски усулни қўллади: Мовароуннаҳр тахтига мўғул

Донишмандчани ўтқазиб, унинг номидан мамлакатни бошқара бошлади.

Бу пайтда маҳаллий турклар мўғулларнинг ҳар йили юртни талайдиган қўшинлари таъқибида, доимий хавф-хатар ва ўт-олов ичида яшаганлари учун юраклардаги қўрқув эскириб унутилган, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, жасур бўлиб кетган эдилар. Юз йилларча бурун Чингизхоннинг оғир зарбасидан таҳликага тушган, аммо ота-боболари жанговарликлари билан машҳури жаҳон бўлганини хотирасидан чиқармаган бу халқ мутеликка узоқ чидамади. Яна қалбида жанговарлик ўти чўғланиб, қадим замонлардан дунёни титратган серзавқ, баландҳиммат турк амирлари қўлига ўта бошлаган эди. Мовароуннаҳрда босқин туфайли ўрнашган мўғуллар ҳам аллақочонлар маҳаллий халққа қўшилиб, турклашиб кетган, улуғ суриштирганларга, улар ҳеч иккиланмай “Туркмиз!” деб жавоб берган замонлар эди. Аксинча, маҳаллий турк зодагонлари ҳокимиятга даъволарини мустаҳкамлаш учун турли-туман йўллар билан ўзларини Чингизхон авлоди қилиб кўрсатишга уринган вақтлар эди. Туркларда истиқлол туйғуси кучайган, бу ҳолни халқнинг бошига тушган истибдод кулфатлари юзага чиқарган эди. Аввалари мўғул хонларининг мулозимлари бўлган, уларнинг макрига учиб бир-бирлари билан уришиб-талашиб ётган турк амирлари энди ўзаро иттифоқ тузишга уринардилар. Бу амирлар бутун Мовароуннаҳрда бир хилда хабар солиб турган ғайридинларга қарши бирлашиб курашмоқ заруратини ҳали тўла англаб етмаган бўлсалар-да, шунга интилиш аломатлари зоҳир бўла бошлаган эди.

Амир Темур отасининг маслаҳати билан амир Қазаған хизматига борди. Аммо амир Қазаған 1358 йили Туғлуқ Темур фитнасига учган куёви томонидан ов чоғида ўлдирилди. Ўз нияти амалга ошганидан хабар топган Мўғулистон хони ҳаялламай, Мовароуннаҳрга бостириб кирди. Бу пайтда Темур амакиси, Кеш ҳокими амир Ҳожи барлос измида эди. Ҳожи барлос мўғуллар билан жанг қилишдан қўркиб, Хуросонга қочганида, дастлаб у билан кетишни ўйлаган Темур тўсатдан айниб, Амударё ёқасидан ортига қайтди. Юртни душманга ташлаб қочиш номарднинг иши, асл ўғлон ўз халқини яғмодан қутқариш чорасини излайди, деб ўйларди у. Ягона чора – душман хизматига кириш, бўлғуси кураш учун кус тўплаш эди. Туғлуқ Темур кўп ўтмай хон ишончини қозониб, Кешни бошқариш учун ёрлиқ олди.

Бу даврда Амир Темур билан Туғлуқ Темур ўзаро келишишга мажбур эдилар. Агар Темур она юртини озод қилишга вақт етмаганини англаб хон хизматига кирган бўлса, мўғул хони Мовароуннаҳрни қўлга киритиш учун маҳаллий амирлар кучига ва мададига таяниш зарурлигини фаҳмларди. Мўғул хони Мовароуннаҳрда узоқ қололмади: Амир Темурнинг яширин ҳаракатлари билан хон ва унинг амирлари ўртасида низо келиб чиқиб, Дашти Қипчоқда исён бошланди. Туғлуқ Темур Мовароуннаҳрни Амир Темурга топшириб, Мўғулистонга қайтишга мажбур бўлди. Аммо у кетиши билан қочиб юрган амирлар қайтиб келдилар. Мовароуннаҳрда ҳокимият учун кураш қайта авж олди. Оқибатда Темур Мўғулистонга – Туғлуқ Темурга мактуб йўллаб, кўмак сўрашга мажбур бўлди. Мўғул хони ҳам юзага келган вазиятдан фойдаланмоқчи, ўзининг Мовароуннаҳрдаги мавқеини мустаҳкамламоқчи бўлди ва қўшин билан йўлга чиқди. Мўғулларнинг кучи билан ҳокимиятини сақлаб қолмоқчи бўлган Амир Темур бу гал адашди. Туғлуқ Темур ҳукуматни ўғли Илёсхўжага топшириб, Темурни эса бош қўмондон ва вазир этиб тайинлади. Тез орада Темурнинг мавқеи кундан-кунга ошиб бораётганини кўрган Илёсхўжа отасига мактуб йўллаб, Темурни исён кўтармоқчи деб айблади. Хон эса Кеш ўғлонини ўлдиришга ёрлиқ жўнатди, аммо ёрлиқ Темурнинг қўлига тушиб қолди. Оқибатда у ўз атрофига барлос йигитларини тўплашга киришди.

Жамланган кучлар билан мўғуллар қўлидан Мовароуннаҳрни халос қилишга ожиз эди. Шу сабабдан Амир Темур элини тарк этишга мажбур бўлди. Унинг юртма-юрт кезиши, саргардонлиги узоқ давом этди. У Сейистон ҳукмдори хизматида бўлди, кейин мана шу ҳукмдор макри туфайли жангларнинг бирида қўли билан оёғидан яраланди. Шу сабабдан умрининг охиригача бир қўли шол, бир оёғи оқсоқ бўлиб қолди.

Бўлажак жаҳонгир яраси тузалиб оёққа турганда, ёнида атиги қирқ йигит қолган эди. Аммо у умидсиз бўлмади, қўрқмай жангга киришди. Бир неча марта Мовароуннаҳр сарҳадларида Илёсхўжа билан жанг қилди. Амир Қазағаннинг ўғли бўлмиш Ҳусайн билан иттифоқ тузиб, юртдан мўғулларни ҳайдаб чиқарди.

1365 йилнинг бошида вафот қилган отаси тахтига ўтирган Илёсхўжа Мовароуннаҳрга учинчи марта юриш бошлади. Мовароуннаҳрни қўлга киритгандан сўнг Амир Темурдан юз ўгириб, унга қарши фитна йўлига кирган амир Ҳусайн Илёсхўжа бостириб келаётгани ҳақида эшитиши билан Амир Темурга мактуб йўллаб, душманга қарши бирлашишга чақирди. Чунончи у мўғулларга қарши якка ўзи чиқишга қўрқар, Амир Темурнинг ҳарбий саркардалик истеъдодисиз иши юришмаслигини англарди. Амир Темур ўзаро келишмовчиликларни четга суриб, душманга қарши ҳамжиҳат чиқиш заруратини яхши тушунар ва шу сабабдан у тезда ўз атрофига содиқ амирлару-баҳодир йигитларни тўплади.

Илёсхўжа бошлиқ Мўғулистон қўшини билан амир Ҳусайн ва Амир Темур қўмондонлигидан Мовароуннаҳр қўшини Чиноз яқинида, Чирчиқ дарёси ёқасидаги ялангликда тўқнашдилар. Жанг 1365 йил 5 майда содир бўлди. Жанг икки кун давом этди. Биринчи кун натижасиз бўлди. Иккинчи куни эрталабдан жуда қаттиқ дўл аралаш ёмғир ёғди ва жанг майдони лой бўлиб, отлар ва пиёдаларнинг ҳаракати қийинлашди. Шу сабабдан бу жанг кейинчалик “Жанги лой” – “Лой жанги” номи билан машҳур бўлди. Иккинчи кун бошланган жангда Амир Темур лашкари душманнинг ўнг қанотини чекинишга мажбур қилган бўлса, амир Ҳусайн лашкари душманнинг сўл қанотидан енгилиб пораканда бўлди ва жанг майдонини ташлаб қочишга тутинди. Натижада Амир Темур ҳам чекинишга бош қўшди. Амир Ҳусайн Хуросонга, Амир Темур эса Кешга қараб қочдилар. У Кешда бироз дам олгач, мўғулларнинг Самарқандга яқинлашганидан хабар топиб, бир гуруҳ аскарларини ҳимоячиларга кўмакка жўнатди. Аммо мўғуллар билан тўқнашувларда омади юришмаган аскарлари яна Кешга қайтгач, Амир Темур ҳам Хуросон томонга қараб кетди. Аммо унинг бутун ҳаёли ҳимоясиз қолган Самарқандда эди.

Мовароуннаҳр қўшини мағлуб бўлгани, ғолиб мўғуллар оч бўрилар галаси сингари қутуриб, Самарқандга қараб келаётгани шаҳар халқини саросимага солди. Чингизхон истилосидан сўнг вайрон этилган шаҳар деворлари ҳануз тикланмагани, мустаҳкам истеҳкомнинг йўқлиги вазиятни ноилож аҳволга солиб қўйиши мумкин эди.

Ана шундай оғир футсатда душманга қарши лаёқатли кучни халқ ўзидан топди. Самарқанд аҳолисининг асосини ташкил этувчи ҳунармандлар бирлашиб, қўлларига қурол олдилар. Уларга мадраса талабаси бўлган Мавлонзода, довюрак мерган Хурдак Бухорий ва наддофлар – пахта тозаловчилар оқсоқоли Абубакр Калавий раҳбарлик қилдилар. Бу учовлон футувват аҳлидан эдилар. Мовароуннаҳрда бир пайтлар гуллаб-яшнаган футувват руҳи гарчи мўғул яғмоси туфайли пасайган бўлса-да, ҳали беиз йўқолиб кетмаган эди. Аксинча, футувватдаги тенглик ва эркпарварлик тамали таназзулга юз тутаётган истибдодга қарши кураш туйғусига айланиб, аста-секин кучайиб бораётган эди.

Хўш, футувватнинг ўзи нима! Футувват, бу тасаввуф билан тавҳид илмининг бир бўлаги. Шу билан бирга футувват умрни дўстлар хизматига бағишлаш, фақат яхшиликни ўйлаб, яхшилик қилишдан чарчамаслик, эзгулик дея яшаш, борини ўзгалар билан баҳам кўриш, муҳтожларга ёрдам бериш, пиру-устозлар, ёру-дўстлар номуси, шарафини ҳимоя қилиш, зоҳиран ва ботинан пок юриб, тирикчиликни ҳалол топилган нон билан кечириш, покиза ва комил инсонлар суҳбатини қозониш эди. Футувватни жавонмардлик ёки жўмардлик деб ҳам атаганлар. “Футувватномайи султоний” асарининг муаллифи Ҳусайн Воиз Кошифий ҳазратларининг ёзишича, “футувват элдан яширин бирор иш қилмаслик, барча одамлар билан хушфеълликда яшаш, аҳдга вафо қилиш, ҳаммани ўзингдан афзал билиш ва ўзини ҳеч кимдан баланд қўймаслик, такаллуфни тарк этиш, уйда неки бўлса меҳмон учун ҳозир этиш, атрофдагиларга инсоф-мурувват кўрсатиш ва эвазига ҳеч нима тама қилмасликдур”.

Машҳур араб сайёҳи Ибн Боттута “Сафарнома” китобида жўмардлик ҳақида шундай ёзган эди: “Мен дунёни кезиб, бундай одамлардан кўра эзгу ниятли ва эзгу хулқли кишиларни кўрмадим. Шероз ва Исфаҳон аҳолиси гарчи ўзларини жавонмардларга ўхшатсаларда, улар (Хоразм ва Мовароуннаҳр жўмардлари) ғариб мусофирларн сийлаш ва меҳмондорчиликда улардан баланд турадилар. Уларга тобеъ жойларда адолат расми шундай ривожланганки, уларнинг лашкаргоҳлари, кулбаларида олтин ва кумуш тангалар ерга сочилиб ётади ва эгаси топилмагунча ҳеч ким бу пулларга тегмайди…”

Бошқа бир араб олими ва сайёҳи Ибн Ҳавқал юртимиз жўмардлари ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Мовароуннаҳр халқининг жавонмардлиги шу даражадаки, гўё барчаси бир хонадонда яшаётгандайдирлар. Бирортаси бошқасининг уйига борса, ўз уйига киргандай бўлади. Улар жуда меҳмондўстдирлар”.

Жавонмардлар уюшган тарзда фаолият юргизганлар. Улар мазлумларни золимлардан ҳимоя қилиш баробарида уюшиб, ташқи душманларга қарши курашганлар. Муаррихлар Абу Муслим, Яъқуб ибн Лайс, Маҳмуд Торобий, Самарқанд арбадорлари каби араб, мўғул босқинчиларига қарши жангларда бошчилик қилган қаҳрамонларни жавонмардлар дея ҳисоблайдилар.

Жавонмардлар пири сифатида танилган Паҳлавон Маҳмуд Пурёривалий Хоразмийнинг мардлик ва олижаноблик руҳидаги рубойиси футувватга қасидадир:

Олам фили қайтаролмас журъатимиз,
Чархдан зўрроқ қудратимиз, шавкатимиз.
Гар чумоли кириб келса сафимизга –
Шер этажак уни дарҳол давлатимиз.

Амир Темурнинг ўзи ҳам ёшлик йилларида дастлаб тасаввуф илми билан машғул бўлган, кейинчалик эса бутунлай футувватга берилган эди. Она шаҳри Кешда у ўзи атрофига тўплаган йигитлар тўла-тўкис жўмардлар эди. Пири комиллари Хожа Шамсиддин Кулол, Амир Саййид Кулол ўғитларини юрагида маҳкам сақласа-да, истибдоддан азоб чеккан ватан ва миллатини кулфатда қолдириб, дунёдан кўнгил узиб, узлатда яшашга кўника олмади. Футувватга юкуниб, теварагига жўмардларни тўплаб, душманга қарши кураш йўлига кирди. У Самарқанд аҳлининг мўғулларга қарши кўтарилгани хабарини эшитганида ҳам, уларни душманга юзма-юз олиб чиққан куч футувват эканлигини англаган эди.

Бу хабар етгандан кўп ўтмай, Самарқандда қолдирган хуфия йигити Амир Темур ҳузурига келиб, шаҳарда кечаётган воқеаларни шундай ҳикоя қилди:

— Муборак жума куни Самарқанд аҳли – хавосу авом, каттаю-кичик масжиди жомеда жам бўлдилар. Аммо қанча тортишмасинлар, бир амру-қарорга келолмадилар. Мана шу аҳволда Мавлонозода номи билан машҳур йигит минбарга чиқди. Эшитишимча, бу йигит бузрукворлар авлодидан бўлиб, донишманду-баҳодир эр экан. Тирандозликда моҳир бўлганидан уни Мавлонозодайи тирандоз дер эмишлар…

Йигит шамширини белига осиб минбарга чиқди ва салом бериб, давъат қилдики: “Эй маъшарул муслимин! Куффор галаси мусулмон божу хирож талаб қилиб, ани ўз хотирасиға келганча сарф қилган ҳокимлар эса ёғийлар олдига тушиб қочдилар…

Хуфия охирги жумлани айтганда, Амир Темурнинг юзи дув қизарди. Лаънати амир Ҳусайн номардлиги туфайли юзага келган бу вазият учун айбдор эмаслигини билса-да, аламдан ва уятдан ичи ёнди. Аммо ўзини босиб, хуфия ҳикоясини тинглашда давом этди.

Ориққина йигит ҳаяжонга берилиб, жўшиб сўзларди:

— Мавлонозода яна айтдики: “Эй аҳли фуқаро, биз кофирлардан қанчалик омонлик тиламайлук, жонимиз эвазига қанча молу-давлат бермайлук, бар бир улар бизга раҳм-шафқат қилмаслар. Шундай экан, фурсатни бой бермайлук, дини исломия ҳимоясини, аҳли муслим олдидаги масъулиятни бир зот ўз бўйнига олсун, токи биз унинг хизматини қилиб, ҳаётимизни унинг қўлига топшира билсак!”

Аммо мажлис сукут қилиб, унинг хитобига жавоб бермадилар. Бирон зот чиқиб айтмадиким: “Мана, мен бўйнимга олгаймен!” Бу ҳолни кўрган Мавлонозода яна дедиким: “Токи шундай киши орангизда йўқ экан, агар бу ишни мен олишга рози бўлсам, сиз менга итоат қилишга ва кўмак беришга розимисиз!” – ўз ҳикоясидан ўзи обдон ҳаяжонланган хуфия йигитнинг юзлари қип-қизариб кетганди. – Эй муҳтарам амирим, бу сўзлардан сўнг шундай ғала-ғовур бўлдики, қулоқларим том битишига бир баҳя қолди. Барча Мавлонозода сўзини маъқуллаб, бараварига қичқирарди. Хуллас, халойиқ мувофиқ бўлиб, Мавлонозодани сардорликка қабул қилдилар…

Хуфия ҳикоясини давом эттираверсин, биз эса бу воқеа хусусида тарихчилар нималарни ёзгани ҳақида билиш учун кўҳна китобларни варақлайлик.

Абдураззоқ Самарқандий “Матлаъ ус-саъдайн”да гувоҳлик келтиришича, Мавлонозода энг аввал шаҳар дарвозаларини қўриқловчи гуруҳлар тузди, бу ғовларнинг устига ёғочлар тиркади. Кўча бўйлаб чўзилган томлар устига камондозларни жойлаштирди.

Муаррих Натанзийнинг ёзишича, Мавлонозода бу ишларни бажариб бўлгач, одамларни йиғиб, ҳар бир кишига, агар у сўзида турмаса, унинг амрига бўйсунмаса, хотинни учталоқ қилиш мажбурияти билан Қуръони карим устида қасам ичирди. Шу билан бирга у самарқандликлардан бирор киши, ҳатто кечаси ҳам уйга бормаслигини, мабодо бошқа ерда оғир вазият пайдо бўлган тақдирда ҳам ўзига тайинланган жойни ташлаб кетмасликни, қалъа девори устида туриб мўғуллар билан гаплашмасликни талаб қилди.

Мавлонозода бошлиқ мудофаа аҳли ўзларини сарбадорлар деб эълон қилдилар. Улар душман қўлида қул ва хор бўлишдан Ватан йўлида жон беришни саодат деб билдилар. Мавлонозода ўзига содиқлик қасамини айтган ўн мингга яқин қуролланган ёш-яланглар олдида оташин нутқ сўзлади.

— Ватанни суймак бобомеросдир, — дея гап бошлади у. – Боболаримиз: “Киши юртида султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл” демишлар. Биз, сарбадорлар айтамизки, “Ёғий қўлида қул бўлгунча, ҳурлик учун бошларимиз дорга тортилсун”. Илло, Ватан – озод ва имонли одамлар уйидир. Қул ва хўрланган одамларнинг ватани бўлмайди. Жангга кирганда шул ҳикматни унутманғиз!

Мудофаа раҳбарлари мўғул қўшини уларга нисбатан кўп сонли ва кучли эканини билганлари учун бўлажак жангу-жадалнинг ҳар бир сониясини аниқ режалаб олдилар. Уларнинг асосий режаси душман билан очиқ ерда эмас, хавфли бўлса-да, шаҳар ичида жанг қилиш эди. Шу мақсадда улар, тор кўчаларни ғов билан тўсган ҳолда, дарвозадан кириладиган кўчанинг бошини очиқ қолдирдилар, токим душман бу кўчага кириши билан қопқонга тушган йиртқич аҳволига ботсин. От билан жанг қилишда уста мўғуллар тор кўчага кирганда ўзларининг бу устунликларидан маҳрум бўлишлари тайин эди.

Дарҳақиқат, Самарқандга яқинлашган мўғул қўшини дарвозадан ёпирилиб, тор кўчага кириши билан қопқонга тушди. Мавлонозода буйруғи билан чалинган жанг ноғораларининг садосини эшитган самарқандликларнинг қийқириғи янгради, кўчанинг икки қанотидаги томларда ўрнашиб олган ёш-яланг, аёллару-болалар – баробар душман устига калтак, тош, қайноқ сув, ўқ ёғдирдилар. Бундай фидокорона ҳужумдан боши гангиб қолган мўғуллар жуда кўп жангчиларини йўқотиб, шаҳарни ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар.

Эртаси кун мўғуллар жанговар сафга тизилиб яна ҳужумга ўтдилар. Улар Чингизхон замонида қолган ҳийлани қўлладилар, яъни жанг бошланиши билан ёлғондан орқага қараб қочдилар. Ниятлари оз сонли сарбадорлар қўшинини очиқ майдонга олиб чиқиш ва ўровга олиб, қириб ташлаш эди. Самарқандликлар эса бу ҳийлага алданмадилар. Мўғуллар нима қилишларини билмай қолдилар. Ниҳоят улар шаҳарга элчи йўллаб, агар шаҳар аҳли омонлик учун молу-мулк берса, ўз юртларига қайтишлари мумкинлиги хабарини етказдилар. Самарқанд аҳолиси уларнинг таклифини рад этди. Шундан кейин мўғуллар теварак қишлоқларни таламоққа киришдилар.

Сарбадорларнинг фидойилиги, боз устига тўсаидан мўғул қўшини орасида бошланган от ўлати туфайли Мўғилистон хони Самарқанд остонасини тарк этиб, шошилинч орқага қайтишга мажбур бўлди.
Шаҳар сарбадорлар қўлида қолди. Душман кетганидан кейин кўп ўтмай сарбадорлар ўртасида молу-мулк, ҳокимият талашиш бошланди…

Қорабоғнинг Мингул ўтлоғида қирқ йилча бурун бўлиб ўтган воқеалар оғушида қолган Амир Темур одимлашдан тўхтаб, набирасига ўгирилди. Кейин ҳаёлига бир нима келди-ю, анча олисда уни кузатиб келаётган соқчилардан бирини чақирди. Навкар югуриб келиб, бош эгган кўйи ҳукмдор буйруғини кутди.

Соҳибқирон дастлаб муаррихлардан бирини чақиртиришни ўйлади. Аммо айниди. Ҳузурида маҳтал турган навкарга буюрди:
— Тез бориб Яҳё тирандозни топиб кел. Халил Султон қароргоҳидан топғайсен.

Навкар югуриб кетди. Жаҳонгир набирасига бир сўз демай, қояларга тикилиб яна ўйга ботди, тағин ҳаёли ўша олис йилларга қараб учди.

1365-1366 йиллар қиши давомида Амир Темур Самарқанд сарбадорлари билан алоқа боғлашга уринди. Шу мақсадда у яқин кишиларидан бўлмиш Аббос баҳодурни Самарқандга жўнатди. Баҳодирнинг ҳатти-ҳаракати туфайли икки ўртада борди-келди бошланди. Бутун қиш давомида Амир Темур сарбадорларга зарур йўл-йўриқлар кўрсатиб турди.

Сарбадорлар ҳам унинг бу яхшиликларини унутмадилар. Қарши қалъаси деворларини тиклаш билан банд Амир Темурга совға-салом юбордилар. Соҳибқирон билан Самарқанд сарбадорлари ўртасида юзага чиққан муносабатни англаш учун Алишер Навоийнинг сўзларини келтирмоқ маъқулдир. Хондамирнинг “Макоримул аҳлоқ” асарида улуғ бобомизнинг ушбу каломлари қайд этилган:

“…Чунончи Мавлоно Хурдаки Бухорий ва Абубакр наддоф амир Ҳусайн Самарқанд аҳлини ўз томонларига олиб, байроқ кўтариб лашкарга (яъни мўғулларга) қарши чиқиб, шаҳарни мазкур амир ва ҳазрати Соҳибқирон Амир Темур учун сақладилар”

Амир Темур қўшини озлиги туфайли қайноғаси билан биргаликда иш тутишга мажбур эди. Шу мақсадда ўқиш охирида амир Ҳусайн билан учрашиб, бўлган воқеаларни гапириб берди. Шунда амир Ҳусайн ҳовлиқиб кетди. Мўғуллар енгилганини эшитиб, Самарқандни тезроқ қўлга олмоқ керак, дея туриб олди. Амир Ҳусайн унинг маслаҳатига кириб, сарбадорларга Самарқандни бошқариш ҳуқуқи берилгани тўғрисида ёрлиқ, хос либослар, қилич ва мактуб жўнатди. Элчилар жўнаб кетди-ю, тез орада Мавлонозода бошлиқ сарбадорлар амир Ҳусайн ҳокимиятини тан олганлари хабари келди.

1366 йил баҳорида амир Ҳусайн Балх, Бадахшон, Қундуз, Боғлон, Андхўй ва Шибирғон аскарлари билан Самарқандга қараб юрди. У шаҳарга яқинлашаркан, сарбадорларга мактуб жўнатди. Амир мактубида “Биз сизга тўла ишонамиз, бизнинг садоқатли кишиларимизсиз. Шул сабадан Конигил ўлангига етгунча, бизга пешвоз чиқмангиз” деган сўзларни ёзган эди.

Қўшин кўзланган манзилга етгач, сарбадорлар бошлиқлари Конгилга келиб, амир Ҳусайнга совға-саломни топширдилар ва унинг ҳокимиятини тан олишларини қайта-қайта билдирдилар. Амир ўша куни сарбадорлар шарафига катта базм уюштирди. Аммо эртаси куни сарбадорлар яна Конигилга келганларида, уларни қўлга олиб, ўлимга буюрди. Бу фитнадан бехабар Темур амир Ҳусайнга қанча гап уқтирмасин, у ўйлаган ниятидан қайтишни истамади. Амир Темур озгина қўшин билан унга қарши чиқолмаслигини англар, тишини-тишига босиб, сўнгги дамгача сарбадорларни қутқариш учун барча чорани қўллашга уриниб кўрди. Бироқ, амир Ҳусайн унинг гапини назарга илмади, бу билан Мовароуннаҳрга ким эга эканини кўрсатмоқчи бўлди.

Биринчи бўлиб мавлоно Хурдаки Бухорий, кейин Абубакр Калавий бўйнига қилич урилди. Мавлонозодага навбат етганда Амир Темур ортиқ чидаб туролмади, ирғиб ўрнидан қалқди-да, ҳайбат билан бақирди:
— Бас, сиз билан ортиқ бўлолмасман!

Ғазаби қўзғалиб, амирусайн ҳам ўрнидан турди. Икки иттифоқчи бир-бирларига қаттиқ тикилдилар. Икковининг ҳам қўли қилич дастасида қотган эди. Шунда ҳаёлига нима келгани номаълум амир Ҳусайн бирдан жаллодга қараб “Тўхтат” дегандек ишора қилди. Ранги-рўйи оқариб кетган Мавлонозодани унинг қошига судраб келдилар. Амир Ҳусайн сарбадорга ўқрайиб қараркан:
— Жонингни амир Темурга ҳадя қилдим, — деди пишқириб…

Соҳибқирон ҳаёлини қадам товушлари бузди. Халил Султон ўрдасига юборилган навкар билан олтмиш ёшларда бўлган, аммо кўзларидан ўт чақнаб турган миқти бир одам ҳукмдорга яқинлашиб келардилар. Навкар ўн қадамча масофада тўхтади, чол эса Амир Темурдан уч-тўрт қадам нарида оёқ илиб, таъзимга кетди.

— Келдинҳму, Яҳё тирандоз! – деди амир мулойимлик билан қаршисидаги қарияга зимдан тикиларкан.
— Муборак фармонингиз бош устиға, олампаноҳ! – деди Яҳё тирандоз яна таъзим қилиб.

— Сени не сабабдан чорлағонимни биласанму, сарбадор! – “Сарбадор” сўзини эшитиб, тирандознинг кўзларидаги ўт кучайгандек бўлди. – Мен сени набирамга Самарқанд сарбадорлари қиссасини сўйлаб бергин деб чорладим. Билишимча, сен бу ҳақда ҳикоя қилишда кўп уста экансан. Мен ҳозир кетаман. Сен эрсанг, амирзодага бўлиб ўтганларни оқизмай-томизмай, бир бошидан, ёлғон қотмай гапириб бергил. Уқдингму!

Ғалати таклифдан гангиб қолган кекса сарбадор:
— Уқдим, давлатпаноҳ! – деди яна бош эгиб.

— Нима бўлғон эрса, барчасини айт, яширма, — Амир Темур шундай деди-ю, келган йўлига қайтиб кета бошлади. Анча юргач, ортига – Яҳё сарбадор билан Улуғбек мирзога қаради. Қаради-ю, Яҳё ўз қиссасини бошлаганини англади. Соҳибқирон ўз ўтови сарига шошилди.

ШОМ ВА РУМ ЖАНГЛАРИ

1399-1400 йиллар қишини Қорабоғда ўтказган Амир Темур қиш ва баҳор давомида Гуржистон, Арманистоннинг чангини чиқариш билан машғул бўлса-да, бутун ҳаёли Шом ва Рум устига бўладиган юриш билан банд эди. Шу кезларда усмонли турклари султони Йилдирим Боязид билан хат ёзишиб, фаол муносабатда бўлди. Вақт ўтган сари эҳтиёткорона иборалар ҳақоратомуз сўзларга айланиб борди. Сўнгги мактубларнинг бирида Соҳибқирон ашаддий душмани, унинг содиқ амирларидан бири Отламишни асир олиб Султон Фаражга юборган Қорақуйинлилар раиси Қора Юсуфни қўлига топширишни талаб қилди. Амир Отламиш Миср мамлуклари қўлида асирликда, Қора Юсуф эса Султон Боязиднинг паноҳида эди.

Боязид мактубга тез жавоб берди. Аммо уни ўқиган Темурнинг кўз ўнги қоронғилашгандек бўлди. Мактубдаги “Мен билан баҳслашишга қандай ҳаддинг сиғди, чўлоқ” маъносида битилган ҳақоратомуз сўзлар Амир Темурни шунчалик ғазабга миндирдики, ҳатто ёшлиқдан сафдош жанговар дўстлари ҳам ҳеч қачон уни бу аҳволда кўрмаган эдилар. Айни чоғда тажрибали амирлар бу ғазаб туфайли Йилдирим Боязидга ўлим ҳукми битилганини уқдилар.

Ўзаро мактуб жанги бўлаётган пайтда Боязид Константинополни денгиз ва қуруқлик томондан қуршаб, қамалга олган эди. Шиддатли ҳужумлари боис “Йилдирим” номини олган Боязид Оврупонинг талаб қисмини эгаллаб олган бўлса-да, православ насронийлар дунёсининг улуғ шаҳри Константинополни забт этишга ҳаракат улгурмаган эди. Ҳар гал Оврупонинг ичкарисига қараб ҳаракат қилган султон шу сабабдан ўзини бехавотир сезолмасди.

Салтанатининг шарқида Темурнинг пайдо бўлгани Византия бошкенти ҳалокатини яна кечиктирди.

1400 йил кўклами етиши билан Амир Темур Шом ва Рум устига юриш бошлашга қарор қилди. Улкан қўшин Табриз орқали ўтиб, Минкўл тоғлари этагидаги яйловларга бориб тўхтади. Соҳибқирон Авникда қароргоҳ қурди. У ҳали йўлда экан, эски вассалли Арзинжон ҳокими Мутахартен, Авникда турганида эса Мутахартеннинг даъвати билан Оққуйинлилар раиси Қора Усмон келиб, унга такрор итоат изҳор қилдилар, аскарлари билан Турон лашкарига қўшилдилар.

Ўша кезлар Шероз ва унга тобеъ ерларга ҳоким этиб тайинланган амирзода Пирмуҳаммад (Жаҳонгир мирзонинг ўғли Пирмуҳаммад мирзо билан адаштирманг, бу амирзода Умаршайх мирзонинг фарзанди эди) бобосини обрўсизлантирадиган ишларга қўл ураётгани хабари келди. Амир Темур бу хабарни текшириш учун Шерозга амирлардан бирини жўнатди. Тез орада Пирмуҳаммад мирзо тутқун ҳолида бобосига рўпара бўлди. Шу пайтгача ўғиллари ва невараларининг кўп гуноҳларига парво қилмаган Соҳибқирон Мироншоҳ воқеасидан кейин уларнинг ҳар бир ҳаракатини қаттиқ назорат остига олган, ҳеч бир ножўя ишни жазосиз қолдирмасликка уринарди. Бу гал ҳам Амир Темур набирасини қилмишига яраша жазолади.

Авникдан кўчиш арафасида бир хайрли воқеа бўлиб ўтди. Амир Темур бўлажак юришга ҳозирликнинг қандай бораётганини назорат қилиш учун унча вақт қароргоҳининг тарк этиб, қўшинларни айланди. Бир неча кундан сўнг Авник яқинидаги ўлангда тикланган чодирига қайтганда ажиб манзаранинг гувоҳи бўлди. Унинг йўқлигида чодир туйнугидан икки кабутар тушиб, жуфти ҳалоллик қилган эдилар. Қушлар Соҳибқироннинг хос ўриндиғига хас-хашакдан ин қуриб, мокиёни тухум босиб ётарди.

Амир Темур беозор жониворларга халал етказмаслик учун чодирни ўзга қилди. Эртаси куни, сафарга жўнар аввалида, тўрт нафар навкарни мулозим билан қолдирди. Уларга тайин эттиким:
— Тангри таолонинг бу қушлари тухум очиб, палапонлари учирма бўлғунча, шу ёнда бўлурсиз. Палапонлар учирма бўлғач, чодирни йиғиб, ортимиздан юрғайсиз…

Шундан сўнг Арзирум орқали Шомга қараб юрган Темур бир муддат Арзинжонда тўхтади. Кейин шиддат билан Қози Бурҳониддин Аҳмад ўлими оқибатида усмонли турклар тасарруфига ўтган Сивас шаҳри устига юрди.

Муаррих Ибн Арабшоҳ ёзади: “Сивас энг ажойиб шаҳарлардан бири бўлиб, ғоятда баҳусн маконда жойлашган эди. Унинг мустаҳкам иморатлари, истеҳкомли жойлари, машҳур обидалари ва ўз хайру-саховати билан маълум мақбаралари бор эди. Сиваснинг суви соф, ҳавоси мижозга мувофиқ, аҳли ғоятда ҳимматли бўлиб, тавқир ва одамшавандаликда мойил эдилар. Сивас уч мамлакатга – Шом, Озарбайжон ва Румга туташган эди”.

Амир Темурнинг келаётганидан дарак топган Султон Боязиднинг ўғли Сулаймон Чалабий шаҳарни ташлаб чиқди. Шаҳар ҳимояси Мустафобей бошлиқ тўрт минг аскар измида қолди. Аммо эски ва тажрибали саркарда Мустафобей шаҳарнинг юз мингли аҳолисини ҳимояга отлантирди. Бироқ, на Мустафобейнинг тажрибаси-ю қаҳрамонлиги, на қалин девор Турон қўшини ишга солган саккиз минг тошотар ҳужумига дош берди. Ўн саккиз кунлик қамалдан сўнг Сивас таслим бўлди. Ибн Арабшоҳ қайд этганидек, шаҳар остонасига етганда Темурнинг: “Мен бу шаҳарни ўн саккиз кунда фатҳ қиламан!” – деб айтгани рост чиқди.

Амир Темур Сивасда бир ойча турди. Сўнг Малатия томонга йўналди. Малатия ҳам Султон Барқуқ вафотидан сўнг бошланган ғавғолар туфайли Султон Боязид қўлига ўтган эди. Қисқа қамалдан сўнг усмонлилар мулкига қўшилган бу шаҳар ҳам туронликларга таслим бўлади.

Ҳарбий салоҳияти беқиёс бўлган Темур Сивас билан Малатия фатҳидан кейин ҳам усмонлиларга қарши катта уруш очишга шошилмади. Илло, у мурғак Султон Фаражнинг тажрибасизлиги туфайли Миср мамлуклари салтанатижа юзага чиққан нотинчликлар муддат ўтиб тинчиши, тартиб-интизом пайдо бўлиб қаршилик кучайишини яхши фаҳмларди. Сўнгги исёнлар туфайли Шом ўлкалари султон Фаражга деярли бўйсунмай қўйган – бу вазиятдан тез ва усталик билан фойдаланиш лозим эди. Қолаверса, Султон Боязиднинг Миср ҳукмдорига ёрдам бермаслиги тайин эди. Мамлуклар давлатининг шимолий қисмини босиб олган Султон Боязид билан Султон Фараж ўртасида оғзаки жанг давом этаётган эди – ёш султон усмонли турклардан ўз мулкини қайтаришни талаб қилар, акс ҳолда уруш очишини айтиб дағдаға солар, бу эса икки ҳукмдор яқин ўртада ўзаро иттифоқ тузмаслигининг гарови эди.

Мисрга қарши уруш бошлашга баҳонани бир йил аввал оламдан ўтган Султон Барқуқнинг ўзи тайёрлаб кетган эди. Агар эсингизда бўлса, Барқуқ бир неча йил олдин Амир Темурнинг элчиси Шайх Совани қатл эттирган эди. Шу сабабдан Темур ўз элчиси учун даҳшатли ўч олишни ўйлаб қўйган, ҳозир эса бу ниятни амалга ошириш учун қулай фурсат етган эди.

Малатияда экан, Темур Қоҳирага – Султон Фаражга элчи юборди. Элчига топширилган мактубда: “Мен Шом ўлкаларига қўшин киритмоқчи эмасман. Агар Қора Юсуф туркман тутқин этиб сенга юборган мулозимим – Авник амири Отламишни ва паноҳингдаги Султон Аҳмад Жалойирийни менга топширсанг, Шом устига юришдан воз кечаман”.

Араб муаррихларининг шаҳодат беришича, кетма-кет ёзилган бошқа мактубда: “Ўтган йилларда Рахбада ўлдирилган элчимизнинг ўчини олмоқ учун Халаб ўлкасига юз тутиб, Ироқдан йўлга чиққанимизда Барқуқнинг ўлимини эшитиб тўхтаган эдик. Шундан кейин Ҳиндистонга йўналдик. Аллоҳнинг изми билан у ерларни фатҳ этдик. Сўнг Гуржистонга келдик ва Аллоҳнинг жабборлиги ила у ерда ҳам ғолиб келдик. Сўнгра шу ерда Йилдирим Боязиднинг адабсизлигини эшитиб, қулоғини кесмоқ истадик. Сивас ва бошқа мулкларда Сиз истаган ишларни қилдик. Бизга ақробамиз бўлмиш Отламишни жўнатганингизни маълум қилсангиз. Аввалги ишни қилмангиз, мусулмонлар қонининг гуноҳини бўйнингизга олмангиз. Буни эсдан чиқармангиз” деган сўзлар битилган экан. Элчига агар шу истакларимиз бажо келтирилса, ўртада сулҳ тузилиши мумкин, деб қаттиқ тайинланган эди. Бу мактубда Темур ўзини Султон Фараж билан эмас, Султон Боязид билан урушмоққа келган қилиб кўрсатмоқчи бўлди.

Элчи Халабга етиши билн тутқун этилди. Бу пайтда Баҳасна қалъасини қамалда тутган Темур ўз элчисининг ҳибсга олинганини эшитиб, қаттиқ ғазабланди. У “Султон Йилдирим Боязид ҳам шу ишни қилган эди. Шунинг учун муносиб жазоладим. Сивас билан Малатияни қўлидан тортиб олдим” – дея амирларига қарата сўз айтгач, уларга Шом ўлкаси устига бостириб киришга буйруғ берди.

Аммо икки йилча аввал Ҳиндистон юриши муҳокама этилган қурултойда бўлганидек, айрим амирлар Миср билан жанг қилишдан норози бўлдилар. Уларнинг фикрича, Ҳиндистон, Эрон, Арманистон, Гуржистон, Сивас ва Малатия фатҳидан сўнг ҳолдан тойган қўшин билан қалъаларининг мустаҳкамлиги билан машҳур Шомга бостириб кириш ўйловсиз бир ҳаракат эди. Қўшин чарчаган, унинг сафларини тўлдириш ва қайтадан қуроллантириш лозим, дейишарди амирлар. Амир Темур узоқ йиллар давомида она ватанидан йироқда юрган амрларнинг яна қанча давом этиши номаълум урушдан толиққанларини тўғри англаса-да, уларни ўзи иродасига бўйсундирди.

Шом устига юриш аслида Баҳасна қалъасини қамал қилиш билан бошланган эди. Амирзода Шоҳруҳ бошчилигидаги қўшин қамалдан сўнг шаҳарни эгаллади. Бошқа бир қўшин Атпар шаҳрини ишғол этди. Шундан сўнг Темур қўшинларини бирлаштириб, Ҳалаб сарига юрди. Шаҳар таҳлика ичида қолган, ҳокими бўлмиш Темуртош ёрдам сўраб, ҳар куни Султон Фараж ҳузурига чопар юборарди. Султон эса ўлкадаги шаҳарлар ҳокимларига фармон юбориб, уларга Ҳалабни бирлашиб ҳимоя қилишни буюрди.

Темуртош эса вақтдан ютиш мақсадида Темур билан музокара бошлади. Бу орада Шом ҳокими Сайди Судун бошлиқ Дамашқ қўшини Ҳалабга келди. Изма-из Хома, Хумуз, Антокия, Траблус, Наблус, Боалбек, Жазза, Кадис, Рамла, Корак, Сафед ҳокимлари ҳам кўмакка етиб келдилар. Ҳалабда катта қўшин жамланди.

Амир Темур рақибнинг ҳар бир ҳаракатини зийраклик билан кузатарди. У Ҳалаб остонасида тўхтаб, қароргоҳ тикди. Сўнг шаҳарни қамал этса, уруш узоққа чўзилишини билиб, жанг бошламай кутишга қарор қилди. У шаҳардагиларнинг таҳликасидан хабардор, шунингдек улкан қўшин жамланганидан сўнг мисрлик ҳокимлар кўнглида ўзига нисбатан беписандлик пайдо бўлганини ҳам билар, аммо сабр билан кутишдан чарчамасди. “Бу жанг кўрмаган мушукваччалар бирлашиб шер бўлдик деб хомтама бўлишаверсин. Ҳар бири шер бўлган амирларим дастпанжаси зарбасини тотишгандан кейин, сичқоннинг ини минг танга бўлишини кўрамиз, ҳали”, — деб ўйларди Соҳибқирон. Айни чоғда у вақтни бекор ўтказмай, хуфияларни ишга солиб, Ҳалабдаги айрим ҳокимлар билан алоқа ўрнатди, уларни ўз томонига ағдариш учун кўп ваъдалар берди. Шаҳардагиларнинг тоқати қолмай, бари бир биринчи бўлиб ҳужум бошлашларини кутган Темур адашмади. Ҳалабдан чиқиб саф тортган ўнг ғулни Шом ноиби, чап ғулни Ҳалаб ҳокими, ўртада бошқа ҳокимлар турган Миср қўшинига қарши Амир Темур ўз аскарларини қаторга тизди. Жанг бошланишиданоқ, шаҳардан чиққан амирларнинг айримлари Амир Темур томонга ўтиб кетишидан кейин Турон султони саросима ичида қолган душманга шундай шиддат билан ҳужум қилдики, Миср қўшини қочишга тушди. Қалъа ичида бекиниб олган Темуртош билан Сайди Судунга мактуб йўллаган жаҳонгир таслим бўлишга даъват қилувчи насиҳатлар билдирди. Икки ҳоким охир-оқибатда таслим бўлишдан ўзга имкон тополмадилар.

1400 йилнинг 7 ноябрида – ҳижрий 803 йилнинг рабиул аввал ойининг 19 куни, сешанбада Ҳалаб забт этилди.

Ҳалабда экан, Соҳибқирон яна Фаражга мактуб жўнатди. Соҳибқирон унда Темуртош ва Судунни тутқун этгани ва Қора Юсуф томонидан асир этилиб, Қоҳирага жўнатилган Авник амири Отламиш бўшатилса, у ҳам қўлидаги икки ҳокимни озод этажагини маълум қилган эди.

Ҳалабдан сўнг Ҳома забт этилди. Шаҳарни олишда қўлга олинган бор ўлжа амирларга бўлиб берилди. Аммо шундан кейин ҳам юришни давом эттиришни истаган Темур яна амирларининг қаршилигига тўқнаш келди. Амирлар қўшиннинг икки йилдан бери муттасил жанг-жадал қилаётгани, бу эса толиққан навкарлар орасида норозилик келтириб чиқариши мумкинлигини айтиб, Траблус дарёси воҳасида тўхтаб қўшинга дам бериш, янги 1401 йилнинг баҳорида урушни давом эттиришга даъват қилдилар. Темур эса юришни тўхтатмади. Тез орада Хумус билан Боалбек таслим бўлди. Шундан кейин Темур Шомнинг ичкарисига қараб йўл олди.

Бу орада шу пайтгача эсанкирашда қолган Султон Фараж аркони давлат қистови, Шом ўлкалари ҳокимларининг талаби билан Темурга қарши қўшин тортиб Шомга – Дамашққа келди. Йўлда келаркан, элчилар қиёфасидаги уч кишини Амир Темурни ўлдиришга юборди. Аммо улар Соҳибқирон ҳузурига етиб келолмадилар. Улар Турон султонининг тажрибали хуфиялари томонидан қўлга олиниб, қотилларнинг бири жазолангач, бошқаларининг қулоқ-бурни кесилиб, Шомга жўнатилди. Дамашқни қамал қилишдан олдин Амир Темур дастларнинг бирида тўхтаб жангга ҳозирланди. Амирзода Рустам, амирлар Саййидхўжа, Шайх Али қўмондонлик қилган қўшин Шом яқинида Фараж навкарлари билан тўқнашдилар.

Худди мана шу пайтда Амир Темур учун жуда оғир ҳодиса рўй берди. Қизидан туғилган набираси – амирзода Ҳусайн ўз амирлари билан биргаликда Султон Фараж томонга ўтиб кетди.

Бу ҳол Миср султони учун нечоғли қувончли бўлган эса, Амир Темур учун шунчалик даҳшатли эди. Фараж амирзода Ҳусайнни асл подшоҳларни кутгандек қаршилади.

Темур мактуб ёзиб, султондан набирасини ўз қўлига топширишни талаб қилди. Шунингдек мактубда: “Халабда асирга олинган элчимизни бизга қайтариб, хутбада номимизни қўшишни қабул қил. Шундай қилсанг, юртинг буюк бир таҳликадан, бизнинг беҳисоб қўшинимиздан зарар кўришдан қутулади” деб ёзилган эди. Бу сафар султон элчини иззат-икром билан кутиб олди ва ўз элчисини қўшиб Амир Темурга юборди. Элчи султоннинг: “Амрингни қабул қилишга тайёрман элчини беш кундан кейин сенга қайтараман ва қўлимдан келган хизматимни аямайман” деган мазмундаги хатини келтирди. Мактубда кўрсатилган беш кунлик муддат ўтгач, натижа йўқлини кўрган Амир Темур Дамашқ устига юрди. Шомнинг тоғли қисмида бўлиб ўтган беомон жангда араблар кўп одамларини йўқотдилар. Бу муҳорабада Турон қўшинининг амирзода Мироншоҳ билан амирзода Шоҳруҳ раҳбарлик қилган қисмига қарши Султон Фараж томонига ўтиб кетган амирзода Ҳусайн навкарлари жанг қилдилар. Амирзода Ҳусайн асир тушди ва у Шоҳруҳ мирзо олдига келтирилди. Бу ҳақда хабар топган Амир Темур хоин невараси қўл-оёғининг занжирбанд этиб, ҳузурига келтирилишини талаб қилди.

Аммо қаҳри қаттиқ жаҳонгир набирасини жазоламади. Амирзода Шоҳруҳнинг ўртага тушиб, оқибат тилаши туфайли нобакор набирасини авф этди, гуноҳи оғир бўлса-да, бурнини ҳам қонатмади, ҳатто уни совға-салом билан сийлади. Илло,Ҳусайн Соҳибқироннинг энг суйган қизининг фарзанди эди…

1401 йилнинг январь ойида Амир Темур Дамашққа яқинлашди. Дамашқда турган Султон Фараж аркони давлати-ю амирлари билан бир мажлис тузиб, “Нима қилиш керак” деган саволни ўртага ташлади. Араб тарихчиларининг қайд этишича, амирлар орасида мазкур масала туфайли бўлиниш юз берган. Бир гуруҳ амирлар: “Сўнгги даҳшатли воқеаларга қарамай, Дамашқ ҳали қўлимиздадир, шундай экан, бирлашиб Темурга қарши курашайлик”, — десалар, иккинчи гуруҳдаги амирлар: “Темур билан уруш қилмоқ ҳалокатлидир. Темур Шомни забт этмоққа қаттиқ киришган. Шундай экан, султон ҳазратлари Қоҳирага йўл олсинлар, ўзларини хавф-хатарга қўймасинлар. Шом халқи ўз келажагини ўзи ҳал қилсин”, — дея даъво қилардилар.

Султон Фараж иккинчи гуруҳ фикрини маъқул топди. Вақтдан ютиш ниятида Амир Темур ҳузурига ўз элчисини йўллади. Элчи султоннинг: “Бу ғавғоларнинг юзага чиқишида биз сабаб бўлдик. Баъзи жоҳил ва бадниятлар гапига кириб алдандик. Биз энди берган сўзимизни қаттиқ тутамиз. Агар амир ҳазратлари амр этсалар, бизга изн берсалар, ҳар не истасалар, шунга тайёрмиз. Шунга қадар икки тараф ўртасидаги бир-бирини англамаслик ҳолатини бартараф этишга ҳозирмиз. Худо шоҳид, биз ғофилликдан қутулдик” деган сўзларини Амир Темурга етказди. Элчиси Соҳибқирон ҳузурида бу гапларни айтиб турганда, Фаражнинг ўзи Дамашқни тарк этиш пайида эди. У кўпчиликни ғафлатда қолдирганча ярим кечаси шаҳардан қочиб, Қоҳира йўлига чиқди. Айрим араб тарихчилари султоннинг бу шармандали қочишини оқламоққа уриниб, уни мазкур ишга бир гуруҳ амирларнинг исён кўтариш ниятлари борлигини билгани мажбур қилди, дея кўрсатадиларки, аслида бу тўғри эмас.

Амир Темур султоннинг қочганидан хабар топиши билан унинг изидан ўз навкарларини юборди. Бироқ, улар султонни қувиб етолмадилар.

Бошсиз қолган шаҳарнинг таҳликаси кучайгандан кучайди. Дамашқ уламоси мажлис қуриб, юзага келган аҳвол жиҳатидан Амир Темурга бўйсунишдан бошқа илож йўқлигини англадилар ва омонлик тилаш учун элчи жўнатишга қарор қилдилар. Элчилик вазифаси бир неча аҳли уламога, шу жумладан асли тунислик бўлган машҳур олим Ибн Холдунга юклатилди.

Элчилар Дамашқ ёнидан оқиб ўтувчи Барада дарёсининг соҳилида турган Амир Темур ҳузурига келдилар. Улар Соҳибқирон қаршисида тиз чўккан кўйи шаҳар калитларини топширдилар. Сўнг омонлик молини беришга тайёр эканликларини айтиб, бу ишни бажаришга икки-уч кунлик муҳлат беришни тиладилар. Амир Темур улар илтимосини қабул қилиб бўлгач, элчи-уламолар билан суҳбатлашди.
Белгиланган муҳлат ичида 10 миллион динор миқдорида омонлик моли йиғилди.

Аммо Дамашқ таслим бўлгани билан шаҳристон ичидаги мустаҳкам қалъа ишғол этилмаган эди. Қалъа деворлари устига ўрнатилган манжаниқ, аррада отган тошлар ва ермойли ўқлар унга яқинлашишга йўл қўймасди. Мироншоҳ ва Шоҳруҳдан қалъани забт этиш талаб этилди. Қамал пайтида катта ёнғин бошланиб, кўплаб ажойиб бинолар, шу жумладан Уммавийлар жомеъ масжиди ёниб кул бўлди.

Қалъа таслим бўлгач, Амир Темурнинг қўлига Шомнинг бутун хазинаси тушди. Дамашқнинг машҳур ҳунарманд ва усталари Самарқандга жўнатилди. Улар орасида, вақт ўтиб “Ажойиб ул мақдур фи ахбори Таймур” деган тарихий асарини битган Ибн Арабшоҳ бор эди. Ўша пайтда ўн икки яшар бола ота-онаси билан бирга Мовароуннаҳрга қараб ҳайдалган эди.

Темур Шомнинг олингани ҳақидаги хабарни Самарқандга, бутун Эрону  Туронга йўллаш учун фатҳномалар ёзишга буйруқ берди. Дамашқда экан, бир неча марта Ибн Холдун билан суҳбатлар қурди. Бу ҳақда Ибн Арабшоҳнинг боягина зикр этилган асарида батафсил ўқиш мумкин.

Дамашқда Қорабоққа қараб йўлга тушган Амир Темур йўл давомида Шомнинг яна бир қанча шаҳарлари ва қалъаларини ишғол қила-қила, ниҳоят Мордин шаҳрига етди.

Араб муаррихи Бадриддин ал-Айний “Иқду ул Жуман” асарида Амир Темурнинг Шом юришини тадқиқ қиларкан, унинг забт этган шаҳарларини уч гуруҳга ажратади. Биринчи гуруҳга хароб этилган шаҳарлар: Малатия, Албистон, Зибарта, Кахта, Ҳусни Мансур, Баҳасна, Рум қалъаси, Айнтоб, Талл Башир, Килис, Халаб, ал Боб, Шармин, Ҳамс, Боалбек, Дамашқ киритилган. Иккинчи гуруҳ кўп зарар кўрмаганлари бўлиб, улар: Сафод, Сайда, Байрут, Ҳамс, Биражик, Даранда шаҳарларидир. Учинчи гуруҳ омонлик берилган ёхуд халқи томонидан тарк этилган шаҳарлар: Гаргар, Равандан, Тайзин, Жарим, Шайзар, Карак Нуҳ, Траблус, Кудус, Ажлин, Бейсан ва Наблусдан иборатдир.

Дамашқнинг ва номи тилга олинган шаҳарларнинг забт этилиши Амир Темурнинг етти йиллик уруш деб ном олган юришдан кўзда тутган икки мақсадидан бирининг амалга ошиши эди.

Ёдингизда бўлса, қиссамизнинг бошида, Амир Темур набираси Улуғбекнинг туғилиши арафасида Мординни қамал қилгани ҳақида ҳикоя қилган эдик. Ўшанда Соҳибқирон Улуғбек таваллуди муносабати билан Мордин аҳолисига омонлик берган эди. Аммо у шаҳар ҳокимиятини Маждиддин Исодан олиб унинг биродари амир Султон Солиҳга топширган, Исони эса Султонияга жўнатиб юборган эди. Вақт ўтиб, ҳукмдор тутқунни озод қилган, Маждиддин Исо эса Соҳибқироннинг Мовароуннаҳрга қайтганидан фойдаланиб, яна Мордин ҳокимиятини ўз қўлига киритган эди. Кейин у Миср султони билан алоқа ўрнатган, ҳатто мамлуклардан 30 минг динор ёрдам пули ҳам олган эди. Шу сабабдан Амир Темурнинг Шом юриши вақтида Маждиддин Исо зимдан унга қаршилик кўрсатиш пайида бўлди.

Мордин қалъаси – шаҳри остонасига етган Темур мактуб ёзиб, Исони ҳузурига чорлади. Аммо Исо жавоб бермай қалъа ичида биқиниб ўтираверди. У ўз қалъасининг мустаҳкамлигига ишонар, қолаверса, бу ишончга маълум асос ҳам бор – Мордин шаҳри, айниқса унинг ичидаги ал-Бозз қалъасини олиш жуда мураккаб бир иш эди. Амир Темур шаҳар остонасида йигирма кунча қолиб кетди. У қамал ҳаддан ошиқ чўзилиши кўзлаган режаларини бузишини англаб, шаҳарга ҳужумни кучайтирди. Вақт ўтиб, бир гувоҳнинг ёзишича, “шаҳар ер билан текисланиб кетди, унинг ўрни тақир майдонга айланди, аммо қалъани олиб бўлмади”. Темур забт этилмаган қалъани шундай ташлаб кетолмасди, бўлажак Рум юриши пайтида орқада душман турмаслиги керак, деб ўйларди у. Шунинг учун ҳам қалъа қамалини давом эттиришни Оққуйунли Қора Усмонга топшириб, ортида қолган бошқа бир рақиб устига – Султон Аҳмад Жалойир эгалик қилган Бағдод томонга юриш бошлади.

Зафарли Шом юришидан кейин Амир Темур кўзлаган иккинчи мақсад – усмонли турклари султони Йилдирим Боязид билан жанг қилиш эди. Бағдод ҳукмдори Султон Аҳмад ҳозир ўша Боязид паноҳида яшарди. Бағдод ишғол этилмаса, Султон Аҳмад Султон Боязид ёрдамида Бағдодга қайтиб келиши ва орқадан туриб пичоқ санчиши мумкин эди.

“Ақл-идрокли киши ўз орқасида рақибига қўрғон қолдирмайди” – дерди фарзандларига Амир Темур.

Амир Темурнинг буйруғи билан биринчи ғул амирзода Пирмуҳаммад ибн Умаршайх қўмондонлигида Луристон, Хузистон ва Восит йўлига, амирзода Абубакр ибн Мироншоҳ раҳбарлигидаги иккинчи ғул Бағдод устига, амирзода Ҳусайн ва амирзода Халил Султон қўмондонлик қилган учинчи ғул Ироқнинг Бағдодга бўйсунувчи шаҳарларини забт этишга йўналди. Амир Бурундуқ, бошқарган тўртинчи қўшин эса ал-Жазира томонга қараб юрди.

Бу орада Бағдодга келган Султон Аҳмад Жалойир темурийлар қўшинининг шаҳарга яқинлашганини кўриб, яна қочишдан ўзга илож тополмади. Шўрлик пешонасига битилгани шу экан: ҳар гал Темур қувади, Султон Аҳмад қочади. Шаҳарда қолган шаҳзода Султон Тоҳир ҳам бироз вақтдан сўнг Хилла томонга қочди. Турон лашкарининг бир қисми уни таъқиб остига олди.

Бағдод Султон Аҳмад бекларидан бўлмиш Фарус ихтиёрида қолдирилганди. Шаҳарда туркман уруғлари ва араб қўшинлари тўпланган бўлса-да, улар пароканда ва таҳлика ичида эдилар. Кўплари Шом юриши пайтида жаҳонгирнинг дастпанжаси зарбасини тотиб кўриб, бу ерга қочиб келган ҳарбий қисмлар эдики, уларнинг юрагида қўрқув тўр ёзиб улгурганди. Амир Темур Бағдод устига жўнатган илғор қисмлар шаҳар остонасига шарқ томондан етиб келишлари билан шаҳардаги қўшинларнинг сонига ишонган Фарус жанг бошлашга аҳд қилди. Аммо илк тўқнашувдаёқ унинг аскарлари тутдек тўкилиб, қочиб шаҳарга кирдилар.

Бу пайтда Амир Темур асосий қўшин билан Табриз томонга йўналган, йўл-йўлакай Нусайб ва Мосулни ишғол қилган эди. Бағдод ёнида бўлиб ўтган жанг тафсилотини эшитгач, у Шоҳруҳ мирзо қошига чопар юбориб, ўғлидан Бағдодга қараб юришни талаб қилди ва кутилмаганда ўзи ҳам ўша тарафга йўналди. Бағдод қирқ кунлик қамалдан сўнг таслим бўлди. Сана 1401 йилнинг июни эди.

Бағдод фатҳидан сўнг Табризга келган Амир Темур узоқ вақт салтанат ишлари билан машғул бўлди. У сохта хон Султон Маҳмудхон билан Халил Султон мирзо қўмондонлигидаги қўшинга Машҳадгача бориб-қайтишни буюрди. Мақсади, бу орада анча хотиржам бўлиб қолган мулкларда юзага чиқиши мумкин бўлган бебошликлар олдини олиш, ўша ердаги ҳокимлар ёвбошлик қилмасликлари учун уларнинг боши устида таҳдид ва таъкид қамчисини ўйнатиш эди.

ТАБРИЗ ВА МАРОҒА

Икки тоғ тизмаси оралиғидан оқиб ўтувчи Ачучой дарёси номи билан аталган водийда жойлашган Табриз баҳаво ва серсув шаҳар эди. Ачучойдан чиқарилган сонсиз ариқлар яшил боғларга оби ҳаёт улашар, қорли чўққилар нафаси билан туйинган шамол шаҳарга салқин ҳаво олиб келарди.

Обод ва ораста Табриз кўчаларининг ҳар икки томонида дўконлар зич жойлашган. Бу дўконларда Ер юзининг етти иқлимдан келтирилган моллар билан эртадан-кечгача бақириб-чақириб савдо қилардилар. Шарқда азал-азалдан уруш ҳам савдогарлар учун тўсиқ бўлолмас, савдо карвонлари мухолифлар ўртасидан бемалол ўтиб, кўзланган манзили томон йўл оларди.

Шу сабабдан Табриз бозорларини оралаган киши Ҳинду-Тибетнинг атиру-мушки, Хоразм қовунлари ҳидидан маст бўлар, Хитой ипаги-ю, Марв гиламлари жилосидан кўзлари қамашар, Ҳижознинг зотли туялари-ю, Тохаристоннинг саман отларига маҳлиё тикилар, Шом олмаси-ю, Ироқ хурмоларидан, Басранинг пўртаҳоллари-ю, Нишопурнинг тилларанг беҳиларидан кўз узолмасди. Расталарда ёйиб қўйилган моллар орасида Туркистон мўйнаси, Миср кимхобини, Рум шойиси-ю, Форс либосларини, Бағдод бўйраларини, Майсон тўшакларию, Яман чакманларини, Самарқанд қоғозини-ю, Доғистон тақинчоқларини кўриши мумкин эди. Табриз бозорлари ёлғиз Самарқанд бозорлари билан баҳслаша олмасди, холос.

Шаҳарда бир-биридан чиройли бинолар, мовий гумбазли масжидлар қад тиклаган. Улар минг бир тус берилган нақшлар билан зийнатланган. Айниқса, Алишоҳ жомеъ масжидининг зийнати ўзгача – бу яқин орада унинг қиёси йўқ. Масжиди жомеъ гумбазида жилоланган нурни кўрган мовароуннаҳрликлар соғинч ила Самарқандни эслардилар.

Табриз марказида атрофи гулдор панжаралар билан ўралган улкан сарой бор. Бу сарой хоналари саноғини ҳеч ким аниқ билмас, бировлар йигирма мингга яқин, баъзилари эса ундан ошириб айтардилар. Саройни жалойирийлар сулоласига мансуб султон Шайх Увайс тиклатган. Шайх Увайс унга Давлатхона деб ном берган эди. Темурнинг ўзи ўтган шайхлардан бирининг кўҳна хонақоҳини маскан қилган эди. У Шом юриши пайтида Султонияга қайтган уғруқни Табризга келтириб, мана шу Давлатхонага жойлаштирди.

Бир йилга яқин вақт давомида кўришмаган, бир-бирларини соғинган бобо билан набира мана шу Давлатхонада учрашдилар. Бир йил ичида бўйи чўзилиб қолган Улуғбек билан Сароймулкхонимни кўрган Амир Темурнинг толиққан юзига қон югуриб, кўнгли ёришиб кетди. Набирасини маҳкам қучоқларкан, қулоқларига ширин эркалашларни шивирлади. Сўнг жиддий тортиб, маликага қараркан, сўради:

— Мирзомнинг аҳволлари қалай? Ҳалиям от минишдан китоб ўқишни ортиқ кўрадиларму?

Малика жилмаяркан, жавоб берди:
— Улуғбек мирзом китоб ўқишниям, от минишниям суярдилар. Илмга бўлғон ҳаваслари баҳодирлик машқлари йўлини тўсғонича йўқ.

Унинг бу гапидан бобонинг завқи келди:
— Баракалло! – деди меҳр билан. Сўнг қўшиб қўйди:

— Бобонгиз жангариликдан бошқа нарсани билмайдилар, деб ўйламанг, мирзом. Мен ҳам мудом илм талабидаман. Бобонгиз сўзини ҳамиша ёдда тутингким, аслида ҳар қандай жангу-жадал ҳам қилич зўри билан эмас, ақл зўри билан ҳал қилинғай. Хом калла ила жанг қилмоқ келида сув туймоқ билан баробардур.

Кейин кирганидан бери миқ этмай ўтирган набираси юзини қақшол кафти билан силар экан:
— Нега индамайсиз, Улуғбек мирзо? – деди-да, Улуғбекка синовчан тикилди.

Узоқ муддат бобосини кўрмаган набира бобосидан ийманаётганини сезган Сароймулкхоним жилмайиб қўйди.

Табризда Амир Темур суюкли набираси билан суҳбатлар қурди, унга Шом юриши пайтида бўлиб ўтган ғаройиб воқеаларни, Ибн Холдун билан бўлган мажлислар ҳақида гапириб берди. Набирасининг сабоқда эришган камолини билмоқ учун саволлар бериб синашта қилди. Улуғбек мирзонинг бурро-бурро жавобларини эшитиб қувонди.

Ўша кунлар Гуржистону-Нахичевон томондан келган хабар Амир Темурни безовта қилиб қўйди. Гуржистон подшоҳи Георгий Нахичевондаги Аланжак қалъасини қамаган навкарларга қаршилик кўрсатаётган эмиш. Бу хабарни эшитган Соҳибқирон бир гуруҳ қўшинни ўша томонга жўнатди-ю, кейин ўзи ҳам юришга ҳозирланди. Жаҳли чиққан Темур: “Бу эсини йўқотган подшоҳнинг жазосини бермасам бўлмайдиганга ўхшайди!” – деди Сароймулкхонимга. Сўнг йўлга отланиш олдидан уғруқ аҳлини Табриздан ўн икки-ўн уч фарсаҳлик масофада жойлашган, Ҳулокухоннинг қадим пойтахти Мароғага жўнатди.

— Мароға кўп баҳаво жойдур, — деди Темур Сароймулкхонимга. – Кўп қадим подшоҳлар қишни Мароғада, Урмия кўли бўйида ўтказишни маъқул кўрмишлар. Сиз ҳам баҳор келгунича ўша ерда бўлингиз.

Сароймулкхоним эрига қуллуқ қилар экан:

— Бош устиға, олампаноҳ. Улуғбек устозининг қиссаларини кўп эшитган чоғи, Табризга келгандан бери ул кўҳна шаҳарни томоша қилайлик деб қистаб қўймайди.

— Биламан, Биби… Менға ҳам айтган… У Мароғадаги Ҳулакухон замонидан қолган расадни кўрмоқчи эмиш. Майли кўрсин, томоша қилсин.

Амир Темур жўнаб кетди-ю, кетма-кет уғруқ ҳам Мароғага йўл олди. Йўлда кетишаркан, уғруқнинг имиллаб йўл босаётганидан кўнгли сиқилган Улуғбек мирзо бибисига ялинди:
— Биз устозим ила илдамроқ борсак… бу юришда Мароғага қачон етамиз?

Сароймулкхоним жилмайди:
— Бесабр бўлманг, мирзом… Ҳали Мароғада кўп турғайсиз, обдон томоша қилғайсиз…

Аммо Улуғбек ялиниб-ёлвориб туриб олгач, малика рози бўлди. Бир қўр навкар қўриқлаган Улуғбек мирзо билан Ҳамза Мароғага ошиқдилар.

Йўлда борарканлар, Ҳамза Мароғани пойтахт қилган, улар саёҳатининг муроди бўлмиш расадхонани ҳам тиклатган Ҳулокухон ҳақида кўп ҳикоялар сўйлади. Аммо бу ҳикоятлардан бири Улуғбек хотирасига қаттиқ ўрнашди.

— Ҳулокухон ҳоқони жаҳонгир Чингизхоннинг набирасидур, — деб қиссагўйлик бошлаган эди Ҳамза. – У биродари бўлмиш Манку хоқоннинг ҳукмдорлиги замонида бу томонларга юриш қилиб, улкан бир салтанат барпо этмиш. Бу салтанат Арабистондан то Чиғатой улусининг чегараси бўлмиш Жайҳунгача, Дарбанддан Ҳинд уммонигача бўлган ҳудудни ичига олган эди. Ҳулокухон қаҳри қаттиқ, урушқоқ бир киши эрсалар-да, илму-санъат аҳлиға меҳрибон назар билан қарардилар. Шу сабабданми, ўша замонда жуда кўп зийнатли бинолар тикланган, уларнинг кўпи илму санъат аҳли учун хизмат қиларди. Алхусус, Табризда тиклаган саройларини кўрдингиз…

— Бағоят гўзал сарой, — деб устозининг сўзини тасдиқлади Улуғбек. – Мароғадаги расад ҳам хоннинг буйруқлари билан тикланган деб айтғонингиз хотирамдадур.

Ҳамза “Ҳа, шундай!” дегандек, унинг сўзини тасдиқлади, сўнг ҳикоясини давом этди:

— Мирзом, Ҳулокухон Бағдодни олиб халифа Мўътасимни қандай нобуд этғони ҳақида эшитганмисиз?

Улуғбек мирзо от устида тебранаркан, зийрак кўзларини устозига тикиб, йўқ, деб бош чайқади.

— Ундай бўлса, мирзом, мен бу ҳақда ҳикоя қилсам, — деди завқи келиб Ҳамза, — Бу ҳикоя сиздек амирзода учун кўп ибратлидир.

Тарихдан маълумдирким, мирзом, Бағдод қудратли давлатнинг пойтахти эди. Барча мўмин-мусулмонларнинг раҳнамоси бўлмиш халифа шаҳардаги ҳашаматли саройда яшар эди. Бағдод ҳамиша, айниқса, халифа Маъмун замонида илму-урфоннинг бўстони бўлғон. Бу шаҳар хазинасида бутун ислом давлатларидан битмас-туганмас бойлик оқиб келарди. Ҳулокухон яғмоси пайтида халифалик тахтида ал-Муътасим ўтирарди. У шунча мол-дунё тўплаган эдики, бунча давлатни ҳеч бир ҳукмдор тушида ҳам кўрмаган. Бироқ, у даҳшатли урушнинг олдини олиш учун бу бойликдан бир чақа ҳам сарфлашга хасислик қилди, қўлини совуқ сувга ҳам урмай ўтираверди.

Ҳулоку Бағдодга етиб келиб, урушқоқ бобоси ҳийласини қўллади. У асосий қўшинни шаҳар теварагидаги боғларга яшириб, ўзи бир ҳовуч навкар билан Бағдод дарвозасига келди.

Ал-Муътасим мўғулларнинг озлигига алданиб, шоша-пиша ўз аскарлари билан шаҳардан ташқарига чиқди. Ҳулоку бўлса, ёлғондан қочган бўлди ва халифа бошлиқ қўшунни боғлар томонга олиб кетди. Кутилмаганда бутун лашкари билан, ҳимоясиз қолган подага ташланган бўри галасидек, шундай шиддат билан ташландики, Бағдод қўшинидан ному-нишон ҳам қолмади. Халифа ал-Муътасим эса тутқун бўлди. Даҳшатга келган Бағдод мўғулларга таслим бўлишдан бошқа чора тополмади.

Ҳулокухон шаҳарга кириб, халифалик хазинасида олтин тўла баланд бир минорани кўриб, ҳангу-манг бўлиб қолди. У халифани минорага олиб келиб, унга шундай деди: “Нега бу олтинларни кучли қўшин тўплашга сарф қилмадинг? Ахир сен мамлакатинг устига бостириб келаётғонимни билардинг-ку?”. Бу гапни эшитган халифа ал-Муътасим нима деб жавоб беришини билмай қолди. Унинг очкўзлигу-нодонлигидан ғазабланган Ҳулокухон айтдики: “Эй ғофил, очкўзлик қилғоннинг учун мен сенинг таъзирингни берғоним бўлсин!” Ҳулокухон шундай деб ал-Муътасимни олтин тўла минорага қамаб, унга сув ҳам, нон ҳам берилмасин, деб буюрди. Шундай қилиб, халифа беҳисоб бойликлари орасида очидан ўлиб кетди…

Ҳамза жим қолди. Улуғбек ибратли ҳикоя мағзини чақмоқ билан банд эди. Икки суҳбатдош ёнма-ён борардилар. Икки томонда саф тизиб бораётган навкарларнинг отлари кўтарган чанг-тўзон, ўт-ўлан ва дов-дарахтларнинг япроқларига қўнар эди. Пастак пахса деворлар ичида боғ-роғлар яшнаб ётар, олма, ўрик, лиму, анжир ва анорлар ғарқ пишган эди.

Жисман заиф туғилган, аммо йиллар давомида машаққатли йўлларда чиниққан, қадди-қомати келишган бола от устида уста чавандозлар каби ўтираркан жазирама иссиқдан диққат бўлиб, отини йўрттириб борарди. Унинг юзи бир куннинг ичида офтобда қорайиб қолгандай эди.
— Ҳадемай Мароғага етғаймиз…

Бола ҳамроҳининг овозини эшитиб, ҳушига келди ва узангига тираниб, Мароғани кўрмоқчидек олдинга тикилди. Аммо йўл тиккага кўтарилиб кетган, олдинда ғира-шира парда билан ўранган осмонўпар тоғларгина элас-элас кўзга ташланарди.

Шу ёшида дунёнинг ярмини кўрган бола оламнинг бепоёнлигини, ҳаёт ранго-ранг эканлигини тушуна бошлаган, кўрган-эшитганларини иложи борича кўпроқ мушоҳада қилишна кўниккан эди. Унинг хотираси шу даражада кучли эдики, баъзан бобоси ёки бибиси бўлиб ўтган бирор воқеа қайси ой, қайси кунда юз берганини билишни истасалар, ундан суриштирар эдилар. Ҳамзадан сабоқ ола бошлагандан буён айниқса, тарих ва ҳикмат дарслари туфайли ҳар бир нарсани аниқ ва пухта билишга жон-дилидан берилиб кетган бу ўғлонни энди тасодифий суҳбатдошларининг пойинтар-сойинтар ҳикоялари қаноатлантирмай қўйган эди. Ҳатто Ҳамзанинг Мароға расадхонаси ҳикояси ҳам уни қаноатлантирмади. Энди Улуғбек эшитишдан кўра, ўз кўзи билан кўришга кўпроқ қизиқарди.

Йўлчилар отлар жиловини тортиб тўхтадилар. Улар юксакликда туришар, шу ердан бошлаб йўл пастлашиб борган эди. Ҳамманинг нигоҳи кафтда тургандек кўриниб турган Мароғага тушди. Улар шаҳар қалъасига етганда отдан тушдилар. Қасрнинг дарвозаси ланг очилиб, шаҳар ҳокими уларга пешвоз чиқди. Ҳоким улуғ соҳибқирон набираси бўлмиш Улуғбек мирзрга қимматбаҳо тортиқлар кўтариб чиққан эди. У жаҳонгирни эслаши билан баданида уйғонган титроқни зўрға босиб, икки ёнга чекиниб, унга йўл очган навкарлар ўртасидан худди туш кўраётгандек карахт ўтди-да, шаҳзода олдига етгач, таъзим қилди. Сўнг тиз чўкканча қўлидаги тортиқларни Улуғбек оёқлари остига қўйди.

Улуғбек тамоман ўзини йўқотиб қўяёзган эди. Шу пайтгача ёлғиз ўзи бирор маротаба саёҳат қилмагани учун бундай иззат-икромни ҳам кўрмаган эди. Гўё у қандайдир бир мўъжизадек ҳамма унга маҳлиё тикилиб қолган эди. Шаҳзода ҳамманинг диққати-эътиборида бўлиш унчаям кўнгилли иш эмаслигини энди билди.

Улар Мароғага кирганда баққоллар молларини саранжомлаб, дўконларини ёпишарди. Шаҳар аҳолиси тун киришига ҳозирлик кўрарди. Олисдаги тепаликлар устида ой кўринди.

Эртаси куни Мароға ҳокими Улуғбек шарафига Урмия кўли атрофидаги сўлим бир масканда маросим тузди. Ўша кунни улар кўл атрофида ов қилиш билан ўтказдилар.

Мароға шаҳри-ҳулоқулар давлатининг қадимий пойтахти. Шаҳарнинг биринчи қалъаси Чағоту дарёсининг Урмия кўлига қуйилишида тикланган, замон ўтиб у катта шаҳарга айланган эди. Шаҳар об-ҳавоси ёқимли, уни шимолда юксалиб турган тоғлар совуқдан ёқимсираб турарди. Ривоятларда нақл этилишича, арабларнинг Озарбайжондаги биринчи ноибининг қароргоҳи ҳам бу ерда бўлган экан. Кейин бу шаҳарни Ҳулокухон ўзининг пойтахти қилиб белгилади. Кейинчалик пойтахт Султонияга кўчиб ўтган бўлса-да, Ҳулоқу авлодлари қиш фаслини ё Қорабоғда, ё мана шу Мароғада ўтказишган.

Урмия кўлида бўлиб ўтган шикор ва сайрибоғдан кейин Улуғбек мирзо билан Ҳамза Мароғанинг шимол тарафидаги тоғлар томонга йўл тутдилар. Бу юксак тоғлар яқинидаги улкан тепаларнинг бирида Ҳулокухон замонида Носириддин Тусий раҳбарлигида тикланган расад харобаси мавжуд эди.

— Носириддин ат-Тусий кўп донишманд киши бўлган, — деб ҳикоясини бошлади Ҳамза. – Бу муҳтарам зот асли ҳамадонлик бўлган. Ёшликлари Тусда ўтган учун Тусий деб машҳур бўлдилар. У киши мурғакликдан илм олиш йўлида бўлдилар, кўп ўлкаларга бориб устоз изладилар. Носириддин Тусий табобату-ҳикматни Ғутбиддин Мисрийдан, мантиқ илмини Фарудуддин Домоддан, риёзиёт, ҳайъатшунослик, мусиқани Камолиддин Абдулфаттох Мусо Мосулийдан, адабиёт илмини Абу ас-Саодатдан, шариат илмини Шайх Бурҳониддин ва Носириддин Абутолиб Абдуллоҳдан ўргандилар. Оқибатда ўз замонида у кишига тенг келадиган донишманд топилмади.

Унинг довруғини эшитган исмоилийлар давлати ҳукмдори Муҳташам уни ўз саройига чорлади. Унинг хизматида экан “Аҳлоқи Носирий” китобини битдилар. Китобдаги айрим сатрлардан маълумки, Муҳташам билан Носирддин Тусий ораларига ихтилоф тушган. Менинг билишимча, ихтилоф Носирддин Тусийнинг исмоилийлар эътиқодига шубҳа қила бошлагани туфайли бўлмиш. Оқибатда шундоқ донишманди замонани Аламутдек даҳшатли бир қалъага зиндонбанд этдилар.

Шу ерга келганда Ҳамза шогирдига синовчан назарини тикди.
— Сиз Аламут ҳукмдори Ҳасан ас-Саббоҳ тарихини билурмисиз, мирзо? – деб сўради кейин. Улуғбек рад жавобини бергач, қиссахоннинг жияни эмасми, янги қисса бошлашга баҳона топилганидан завқи келди.

— Нақл борки, ўз замонасининг донишмандлари бўлмиш Низомулмулк, Умар Ҳайём мана шу исмоилийлар давлатига асос солган Ҳасан ас-Саббоҳ билан Нишопурда бирга ўқиган, бирга дарс қилган эканлар. Шу туфайли бир-бирлари билан дўстлик ипи ила боғланган эканлар. Вақт етиб, Хожа Низомулмулкнинг иқбол юлдузи кўтарилиб, эътибор топиб Султон Маликшоҳ мамлакатига вазир бўлганида, Ҳасан Саббоҳ билан Умар Ҳайём дўстлари ҳузурига – Исфаҳонга бордилар. Низомулмулк уларга кўп иззат-икром кўрсатди. Орадан маълум муддат ўтгандан кейингина, хожа дўстларидан не боисдан келганларини суриштирди. Умар Хайём дедики: “Бу ерга келишдан мақсадим шулки, менга тирикчилик маошини Нишопурдан тайин қилсанг, токи фароғатда кун кечирсам”. Хожа Низомулмулк рози бўлди. Кейин Ҳасан Саббоҳга қараб: “Сен нима дейсан?” – деди. Ҳасан Саббоҳ айтдики: “Мен дунёвий ишлар билан шуғулланишга кўпроқ илтифот қиламан”. Низомулмулк унга Ҳамадон ва Динворнинг ҳокимлигини берди. Лекин Ҳасаннинг мақсади Хожа Низомулмулкнинг вазирлигига шерик бўлиш эди. Шунинг учун ҳам у берилган мансабни қабул қилмади ва хожадан кўнгли оғриб, у билан ёвлашиб қолди. Сўнгра у Султон Маликшоҳ надимлари билан алоқа ўрнатиб, улар билан нарду шатранж ўйнашга машғул бўлди. Шу йўл билан султоннинг яқинларини ўзига ром қилиб олди, улар орқали султоннинг арзига мана буларни етказди: “Йигирма йилдирки, султон подшоҳлик қилмоқда. У мамлакатдан не миқдор мол жамланиб, не миқдори харж қилинаётганидан воқиф бўлиши зарур”. Султон Хожа Низомулмулкни чақириб: “Мамлакат, бўйича жамланадиган ва сарфланадиган молни қанча вақт ичида ҳисоб-китоб қилиб бера оласан” – деди. Хожа жавоб қилдики: “Подшоҳ салтанати туфайли бугун мамлакат сарҳадлари Кошғардан Антокия ва Румгачадур. Агар астойдил тиришиб ҳаракат қилсак, шояд бир йил ичида бу иш охирига етказилур”. Эртаси куни кечқурун Ҳасан Саббоҳ султон олдида яна тиз чўкиб: “Агар султон бу ишни менга топширса ва қўлимни узайтирса, қирқ кун ичида битириб, унинг арзига етказурман”. Султон дафтархона ихтиёрини унга берди ва “Ҳисобчилар ва мустаффийлар Ҳасаннинг ихтиёрида бўлиб, бу ишни қирқ кунда поёнига етказсинлар”, — деб буюрди. Ҳасан дафтар иши билан машғул бўлди. Қирқ кун яқинлашиб қолган ҳам эдики, у бу ишни поёнига етказай деб қолди. Хожа Низомулмулк бу иш Ҳасаннинг қўли билан охирига етиши мумкинлигини тушунди. Шунинг учун ҳийла ва тадбир ишлатиб, қирқинчи кун етганда Ҳасан ҳисоб-китобини яширинча остин-устун қилиб қўйишга эришди. Султон муҳлат куни Ҳасандан: “Дафтарни мукаммал қилдингми?” – деб сўради. Ҳасан Саббоҳ: “Ҳа, мукаммал бўлди”, — деб жавоб қилди. Султон: “Ундай бўлса, келтир!” – деди. Ҳасан дафтарни султоннинг олдига қўйиб очди. Султон Рай хусусида сўраган эди. Румга тегишли макру-ҳийла ишлатибдур. Унинг кўнгли паришон бўлди, қўл-оёғи бўшашиб, шошиб-пишиб дафтарни йиғиштира бошлади. Султон унга қараб ўшқирди. Низомулмулк эса султонга арз қилди: “Эй Аллоҳнинг бандаси, мен бу одам девоналигини аввал бошданоқ билган эдим, лекин султонимиз мажбур этганидан қаршилик кўрсатолмадим. Ахир қандай қилиб, бу қадар улкан мамлакат кирим-чиқимини қирқ кунда поёнига етказиш мумкин”. Аҳли мажлис хожанинг бу сўзларини маъқуллаб, Ҳасанни маломат қилдилар. Султон Маликшоҳ Ҳасанни дарҳол даргоҳдан ҳайдаб чиқаришни буюрди. У узоқ вақт Низомулмулкнинг ўч олишидан ҳайиқиб, у уйдан бу уйга кўчиб, бекиниб юрди.
Охир-оқибат шаҳардан қочиб, Дамлам кўҳистонидаги Аламут қалъасига келиб, тоат-ибодат билан машғул бўлди, қалъа кутволини фирикгарлик билан ўз муридига айлантирди. Ҳасан Саббоҳ ҳамма вақт қалъа ташқарисидаги ғорда истиқомат қилиб, тоатб-ибодат билан машғул эканини кўрган қалъа кутволи ундан Аламут ичкарисига кириб туришини сўради. Ҳасан Саббоҳ шунда айтдики: “Мен бировнинг мулкида ибодат қилмайман. Менга қалъа ичидан бир ҳўкиз терисига сиғимли ерни сотгинки, токи мен ўз мулкимда тоат-ибодат қилган бўлай”. Кутвол қалъа ичидан бир ҳўкиз терисига сиғимли ерни ажратиб, унга сотди. Ҳасан қалъа ичкарисига кириб олгач, унинг тамоми халқини, ҳийла ишлатиб мурид қилиб олди. Сўнг ҳўкиз терисидан ип эшиб, қалъа дарвозасининг бир табақасидан девор бўйлаб айлантириб, дарвозанинг иккинчи табақасига тортиб келтирди. Эрта тонгда қалъа ҳокимига одам юбориб, унга: “Эндиликда қалъа менинг мулким, чунки у менга сотилган. Бундан буён менинг мулкимда турмай, ундан чиқиб кет!” деди. Қалъа аҳолиси Ҳасан Саббоҳга мурид бўлиб қолгани учун, ҳоким ночор қалъани ташлаб чиқди.

Ҳасан Саббоҳ шу тариқа, макр йўли билан Аламутни эгаллаб олди. Сўнг қалъага турли тарафлардан ўзига содиқ одамларини тўплади. У малъун кишиларни гумроҳ қилиш ниятида, зиндиқия ва бидъат мазҳабига даъват этиб, теварак-атрофга ташвиқотчилар юборди. Эрону-Туроннинг аксар халқи кўп йиллар ўша манфур офатига гирифтор бўлдилар.

Ҳасан ҳийла-найранг ишлатиб, одамларни сотиб олиб, Эрон шимолидаги кўпгина қаср ва қалъаларни қўлга киритишга эришди. Ҳасан Саббоҳ қирқ йилга яқин ҳукмдорлик қилиб оламдан ўтди. У шу вақт ичида ўз одамлари устидан шундай қудратга эга бўлдики, унинг ҳар бир буйруғини қулоқ қоқмай бажаришарди. Ҳар бир муриди унга жонини беришга тайёр эди.

Ривоят қилардиларки, муридлари садоқатини яхши билган Ҳасан ас-Саббоҳ уларни синаш билан кўнгилочарлик этарди. У баъзан юксак қояда туриб, рўмолчасини пастга ирғитар, шунда рўмолчани олиб чиқиш учун жонини ҳам қурбон қилишга тайёр муридлар ўзларини қоядан пастга отардилар.

Ҳасан ас-Саббоҳдан сўнг яна етти киши исмоилийларга ҳукмдорлик қилдилар. Олтинчиси Носириддин Тусийни зиндонбанд этган Муҳташам эди. Унинг ўлимидан сўнг Аламут тахтига Рукниддин Ҳуршоҳ ўтирди.

Носириддин Тусий Аламут зиндонида йигирма йил ҳибсда тутилди. Зиндонбанд ҳолда ўнлаб китоблар битдиларки, бундайин жасорат ҳар кишининг ҳам қўлидан келмас.

Йигирма йилдан сўнг бу юртни босиб олган Ҳулокухон исмоилийлар давлатини тор-мор этди. Аммо юз йиллар давомида ҳеч ким забт этолмаган Аламут қалъасини қўлга киритиш оғир бўлди. Қалъа қамали уч йил давом этди. Охири очлик қалъадаги исмоилийларнинг тинкасини қуритди ва Ҳуршоҳ таслим бўлишга мажбур бўлди. Қалъани ер билан текислаб, яксон этдилар. Ҳулоку дастлаб Ҳуршоҳни оёқ-қўлини занжирбанд этиб, буюк ҳоқон Мункахон ҳузурига – Қорақурумга юбормоқчи бўлди. Аммо Ғилонга етганда Қорақурумдан етиб келган фармони олийга амал қилиб Ҳуршоҳни ўлдирдилар.

Ҳулокухон йигирма йил зиндонда ётган Тусийни ўз ҳузурига олиб келишни буюрди. Хожа хон ҳузурига ушбу қитъасини ўқиди:

Олти юз эллик тўрт йил даврини сурди араб,
Зулқаъда ойи аввалин душанбаси келгунча то,
Тушди тахтдин самоилий, подшоҳи Ҳуршоҳ ул куни,
Чўкди тиз Ҳулоку тахти олдида буткул мосуво.

Хожа билан хон ўша куни узоқ суҳбатлашдилар. Хожа ҳам хонга, худди мен сизга сўйлаган ҳикоятларни, Аламут ва Ҳасан ас-Саббоҳ қиссасини айтиб берган бўлса керак. ҳулоку хожадан жуда кўп нарсаларни, шу жумладан Умар Хайём ҳақида ҳам суриштирди. Шунда Хожа Носириддин алам билан айтдики: “Менинг фазилатларим Умар Хайёмникидан ортиқ бўлса ортиқ, аммо кам эмас. Аммо Умар Хайём ўз қадрини топди, подшолар уни кўп азиз ва мукаррам тутардилар. Чунончи, Султон Санжар уни тахти ёнида олиб ўлтирар экан. Лекин менинг замонамда бирон иш ўз қоидасида бўлмай қолди!” Бу гапни эшитган Ҳулоку хожага тасалли бериб: “Бундан буён сиз менинг тахтим ёнида ўлтирасиз”, — деди ва уни вазир қилиб тайинлади.

Улуғбек билан Ҳамза тепаликдаги расад вайроналарини айланиб юришаркан, хароба устидан чор-атрофга кўз ташлаб ҳайратланишарди. Улуғбек болаларга ҳос қизиқиш билан ҳар бир нарсани узоқ кўздан кечирар, Ҳамза эса ҳикоя айтиш билан машғул бўларди.

— Ҳижрий 657 (мелодий 1259) йили Хожа Носириддин Ҳулокухонга расад қуриш масаласида арз қилдилар. Хон рози бўлиб, фармон бердилар. Расад тиклангач, юздан ортиқ мунажжим собита юлдузлар ва ўзга осмон ёритқичлари ҳолати ила ҳаракатини мунтазам кузата бошладилар. Расадда ўша даврнинг энг мукаммал танжим асбоблари ила иш юритилар эди. Шунингдек, бу ерда Тусийнингҳаракати билан ўз даврининг билимдонлари: Али Нажмиддин Қазвиний, Маҳмуд Қутбиддин, Шерозий, Муҳиддин Муҳаммад Мағрибий, Ҳасан Найсабурий каби олимлар тўпланган эдилар. Расаддаги кузатишлар асосида Носириддин Тусий “Зижи жадиди Элхоний”ни туздилар…

— Мирзом, — дея уқтирди Ҳамза, — яна шуни унктмангки, Мароға расади ўзига хос кутубхона ҳам эди. Бу ерда тўрт юз мингдан ортиқ асарлар жамланиб, бу асарлар расадхонада таржима қилинар ва уларга шарҳлар битиларди… Афсус, минг афсуским, Ҳулокухон давлати таназзулга юз тутиб, унинг мамлакати орадан кўтарилгандан бошлаб, расад ҳам вайроналикка юз тутмиш…

Улуғбекнинг ўйга ботиб қолганини сезган Ҳамза уни ёлғиз қолдириб, расад вайронасидан пастга туша бошлади. Танҳо қолган Улуғбек вайрона устида турганча, унинг мукаммал ва улуғвор ҳайбатини кўз ўнгида тиклаб, юксакликдан нигоҳини юлдузларга қадаган эди. Боланинг юраги таассуротларга тўла эди, унинг ҳаёли Мароға расади устидаги осмон каби кенг ва орзу юлдузлари билан равшан эди…

Амир Темур йўл олган Аланжак қалъаси Нахичевондаги энг мустаҳкам қалъа саналарди. Соҳибқирон беш йиллик (1392-1397) юриш пайтида ҳам қалъани қамал қилган, аммо Тоҳир Жалойирий томонидан мудофаа этилган Аланжакни забт этолмаган эди. Амир Темур Ҳиндистонга юриш бошлаганида Гуржистон подшоси Георгий Еттинчи қалъага кўмакка келган, Тоҳир Жалойирийни иззат-икром билан Гуржистонга олиб кетган эди. Ўша-ўша султон Аҳмаднинг ўғли бўлмиш Тоҳирнинг одамлари сақлаган қалъа гуржилар кўмаги билан омон эди. Амир Темур Сивас устига юрганда Аланжак томонга ҳам аскар жўнатган, аммо қалъа қамали ҳамон — бир йилдан ортиқ давом этарди.

Соҳибқирон Авникка етмасдан Аланжак ишғол қилингани ҳақида хабар олди. Чопарнинг айтишича, амир Шайх Муҳаммад билан амир Ферузшоҳ бошлиқ қўшинлар қалъани эгаллаб, асир олинган қалъа кутволи Сайид Аҳмадни Амир Темур ҳузурига жўнатган эмишлар. Анча вақтгача жиғига тегган қалъани кўриш истаги Амир Темурни Аланжакка етаклади. Манзилга етгач, қисқа муддат у ерда туриб, сўнг Шамхорга ўтди.

Шамхорда экан, қўрқувга тушган подшоҳ Георгийнинг элчилари келиб, Соҳибқирон тахти пойини ўпдилар. Гуржилар ҳукмдори ўз мактубида “Хирож ва бошқа лозим тўловларни беришга тайёрман. Фақат ўз юртимизда яшашга изн берсалар бас. Юриш тугагунга қадар истаганлари миқдорида ҳам аскарий, ҳам моддий кўмак етказилишига кафилман”, деб онт ичган ва авф тилаган эди. Амир Темур бу сўзларни эшитаркан, ёнида ўтирган амирларга қарата: “Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига” деб мана шу подшоҳга нисбатан айтса бўлур!” – деди. Сўнг элчиларга Георгийнинг илтимосини қабул қилганини айтаркан, Гуржистондан ўтадиган йўллар мудом очиқ тутилиши шарт, деб тайинлади. Соҳибқирон Гуржистон орқали юрилса, Рум мулкига энг қисқа йўл билан етиш мумкинлигини билгани учун ҳам шу талабни қўйган эди.

Нахичевондан сўнг Амир Темур Қорабоғга келди.

БОЯЗИД БИЛАН ЖАНГ

Биз энди турк халқлари тарихининг аламли саҳифалари бўлган воқеалар ҳақида ҳикоя бошлаймиз…

Шом юриши зафар билан тугагач, навбат усмонли турклар султони Боязид билан жанг қилишга етган эди.

Усмонли турклар кимлар эди? Улар ҳам Турон заминида яшаган саха (сак) қабилаларининг авлоди, улар ҳам тарихда ўчмас из қолдирган Қанғ давлатини барпо этган ғарбий туркларнинг насллари эдилар. Буюк салжуқийлар давлати уларнинг қудрати ва иродаси билан тикланган эди.

1219 йили Чингизхон галалари Турон мулкига бостириб кирганда эллик минг ўтовли қанғли уруғи Кабихон (Киё Алпхон) бошчилигида Рум мулкига қараб йўл олди. Маълум вақт ўтгач, уруш оловлари сўнганига ишонган Кабихоннинг ўғли Сулаймон бошлиқ турклар ўз она юртларига қайтмоқчи бўлдилар. Аммо Фурот дарёсини кечиб ўтаётганда Сулаймон сувга чўкиб ҳалок бўлди. Унинг ўғли Эртўғрул тўрт юз ўтовли уруғини йўлдан қайтариб, Арзирум атрофларини ватан қилди.

Мўғул босқини туфайли ғарбга чекинган салжуқийлар Кичик Осиёдаги Византия империяси ерларини босиб олиб, Куния султонлигини тузган эдилар. Султон Алоуддин Қайқубод замонида (1219-1236) султонликнинг энг гуллаган мавсуми бўлди. (Ўрнида айтиш жоиз, Самарқандда туғилган, Балхда вояга етган, Румда камолга етган буюк мутафаккир ва мутасаввиф мавлоно Жалолиддин Румий шу даврда яшаб ижод қилганлар).

Уста ва жасур саркарда бўлган Эртўғрул ўз фаолиятини дастлаб ён-атрофидаги уруғлар ерларини босиб олиш билан бошлади. Кейин Куния султони Кайқубоднинг Чиғатой бошлиқ мўғул қўшини билан жанг қилаётганини эшитгач, Қайқубодга ёрдамга шошилди. Алоуддин Кайқубод унинг бу хизматини унутмади, мўғулларни султонлик сарҳадидан қувиб чиқаргач, Эртўғрулга Эскуд, Қорачатоғ, Томанчи ерларини тортиқ қилиб, уни ўз қўшинига қўмондон этиб тайинлади. 1272 йилда тўқсон ёшга етган Тўғрулбек оламдан ўтди. Қайқубод унинг ўғли Усмонни отаси ўрнига тайинлади. Вақт ўтиб, Куния султонлиги Эрондаги мўғул ҳукмдорлари – хулокуларга тобе бўлиб қолган бўлса-да, Усмон отаси ва ўзи янги-янги мулклар эвазига кенгайтирган беклик мустақиллигини сақлаб қолди. Бу беклик Усмон Ғозий замонида қувватга тўлгани сабабидан у Усмонли давлати номини олди.

Биз ўз қиссамизда Улуғбек мирзо болалиги ҳақида ҳикоя қилар эканмиз, у келажакда нафақат фалакшунос олим, шу билан бирга муаррих бўлиб етишганини айтиб, “Тарихи арбаъи улус” (“Тўрт улус тарихи”) китобида Усмонлилар ёки Оли Усмон (Усмон хонадони) ҳақида ҳам маълумот берганини таъкидлаймиз. Улуғбек бу сулола ҳақида шундай ёзган эди: “Тарих ва хабарлар муҳаққиқлари наздида шул муқаррарки, Ўғузхон Султон Усмонхоннинг ўн бешинчи бобосидир. У охир султонлардан бўлиб, Чин ибн Ёфас алайҳиссалом авлодларидандир… Ўғузхон қадимги бобоси бўлиб, Турк ибн Ёфас алайҳиссалом авлодидандир. Усмонхон аждодлари исмлари ҳазрати Ёфас алайҳиссаломгача тубандаги тартибдадир:

Усмонхон ибн Эртўғрул ибн Сулаймонхон ибн Киё Алпхон ибн Қизил Буғахон ибн Бойиндурхон ибн Ойқутлуғхон ибн Турғорхон ибн Қилтунхон ибн Байсабқурхон ибн Боқи оға ибн Савузғорхон ибн Тўктемурхон ибн Бойсуқхон ибн Кўк Алпхон ибн Ўғузхон ибн Бойсубхон ибн Ялвожхон ибн Бойбукхон ибн Тўғрулхон ибн Ойтуғмишхон ибн Кужангхон ибн Ортуқхон ибн Қасорихон ибн Бектемурхон ибн Туркисхон ибн Ямоқхон ибн Қизил Буғахон ибн Ямоқхон ибн Бойбуғахон ибн Тўғрулхон ибн Қойихон ибн Жамукхон ибн Бойсурхон ибн Тўғрулхон ибн Севинчхон ибн Куртилмишхон ибн Жорсуғахон ибн Қаражархон ибн Бойчуқхон ибн Амудхон ибн Кумушхон ибн Қораўғлонхон ибн Сулаймонхон ибн Қурчилхон ибн Қўрбуғхон ибн Бойтемирхон ибн Қуйхон ибн Макри Юманишхон ибн Макри Қуйхон ибн Мочинхон ибн Чинхон ибн Ёфас алайҳиссалом ибн Нуҳ алайҳиссалом”.

1301 йили Усмон Византия қўшинини Никодемия билан Никея оралиғидаги манзилларнинг бирида яксон этгач, қисқа вақт ичида Мармара ва Қора денгиз бўйларидаги мулклар усмонлилар томонидан забт этилди.

Қадим булғор солномаларининг бирида қуйидагиларни ўқиймиз: “Усмоннинг вориси Ўрхон бўлди ва у отасининг ишини илгари сурди, душманларини кетма-кет мағлуб этиб, юнонлар мулкидаги Бурса шаҳрига етди. У шаҳарни қамал қилди ва ўғли Улуғ Мурод билан фатҳ этди. Бурса усмонлилар мулкининг пойтахтига айланди. Ўрхон 1362 йили оламдан ўтди, тахтни ёш Мурод эгаллади”.

Мурод катта қўшин билан булғор ерига ҳужум қилмоқ учун юнонлар заминидаги сон-саноқсиз кемалар билан қўриқланган кўрфазга келди. Византия императори Кантакузин кўрфазни мустаҳкам қўриқлаш учун асосан кемаларга таянар эди. Аммо тез орада кемаларни ёлғиз ўзи озиқ-овқат, қурол-аслаҳа билан таъминлаёлмаслигини англаган Кантакузин аркони давлати билан келишиб, Тирновода турган булғор шоҳи Александрдан ёрдам сўради. Булғорлар юнонларни масхара қилиб, улар йўллаган элчиларни қувиб юбордилар. Кантакузин серб ҳукмдорларига йўллаган элчилар ҳам шундай бадном этилиб ҳайдалди. Бу ҳақда эшитган Кантакузин “Ҳали бу қилмишингиздан пушаймон бўласиз, аммо ўшанда кеч бўлади!” деб булғорлар билан сербларга мактуб ёзди. Аммо улар пинакларини бузмай: “Турклар келишсин-чи, ўшанда кўрамиз”, — деб жавоб бердилар. Шундан кейин тақдирга тан берган Кантакузин Мурод билан сулҳ тузиб, Галлиполи кўрфазини туркларга топширишга мажбур бўлди. Трапезундия императори ҳам туркларнинг кўп эшкакли қайиқларидан фойдаланиш ҳақидаги сўровини рад этишга ботинолмади ва турклар қўшини Оврупо қитъаси томонга хотиржам ўти олди. Мурод Ғозий дастлаб булғорларни, кейин сербларни мағлуб этиб, уларнинг ерини босиб олди. 1366 йилда усмонлилар пойтахтни Бурсадан Болқон ярим оролидаги Андриаполга кўчириб, шаҳарга Эдирне деб ном қўйдилар.

Косово шаҳрида шаҳид бўлган Мурод ўрнини Боязид эгаллади (1389). У отаси ҳалок бўлган куниёқ тахтни эгаллаш йўлида ўз биродари шаҳзода Ёқубни қатл эттирди.

Боязид жангчи боболари шуҳратини ошириш йўлида тиниб-тинчимади. Кўп ўтмай шиддатли ҳужумлар туфайли у замондошлари орасида Оврупо-ю Осиёнинг бутун-бутун мамлакатларини ёқиб юборган чақин – “Йилдирим” номини олди. 1396 йили у Можаристон қироли Сигизмунд бошлиқ бутун Оврупо ўлкаларидан йиғилган салбчилар қўшинини яксон этди. Никопол яқинидаги бу жангда Оврупонинг энг машҳур рицарлари Боязиднинг шиддатини тўса олмадилар: асир олинган граф Наварский ва йигирма тшрт овруполик шаҳзода ўлжа сифатида ғолибнинг орқасидан эргашишга мажбур бўлдилар. Бутун Оврупо давлатлари икки юз минг олтин миқдорида пул йиғиб, ўзининг шаҳзодаларини қутқариб олишга эришди.

Никопол ғалабасидан сўнг Боязид Византия империясининг сўнгги парчаси – Константинополни қамалга олди. Амир Темурнинг усмонлилар давлатининг шарқида пайдо бўлишигина Константинополни ҳалокатдан қутқариб қолди. Боязид талаби билан Византия императори Маниуил ўлпон тўлаб туриш ҳамда шаҳар бир турк маҳалласи ва масжид барпо этиш, мусулмонлар билан румликлар орасида ўртага чиқадиган можароларни исломий ҳуқуқ асосида кўриб чиқиш учун бир қози тайинлаш шартларига рози бўлди. Бу воқеалар Амир Темурнинг Шом юриши пайтида бўлиб ўтди.

Боязид кучли ва жасур рақиб эди. Амир Темур Ҳиндистон юришидан қайтишдаёқ, Боязиднинг Оврупо ва Осиёда қучган шонли зафарлари ҳақида беш йиллик юриш (1392-1397) пайтида эгаллаган мулклари: Гуржистону-Арманистон, Ироқу-Шом, Озарбайжон ва Бағдод халифалигига эгалик қилишга даъволик қилаётгани ҳақида эшитган, хуллас Боязидга Рум ҳудуди торлик қилаётганини англаган эди. Оврупо-ю Осиёнинг катта қисмига ҳукмдорлик қилган бу салоҳиятли саркарда билан куч синаш тақдирида битилганини англаган Амир Темур шошилмай иш тутди. Боязид Византия қамали билан овора бўлган бир пайтда у Шом юришини бамайлихотир амалга оширди. 1401-1402 йиллар қишини Қорабоғда ўтказаркан, қўшинга дам бериш билан баробар бўлажак юришни ипидан-игнасигача пухта ўйлади. Икки қудратли куч: темир билан йилдирим бир-бири билан тўқнашувга ҳозирланар экан, дунё таҳлика ичида қолиб, тўқнашув қандай натижа билан тугашини кутар, испан, фаранг ва овруполик бошқа ҳукмдорлар аллақчонлар элчиларини ҳозирлаб, бўлажак ғолибни қутлашга шай туришар, воқеалар қай ҳолда якун топишини билмай талвасага тушган майда ҳукмдорлар гоҳ Боязид тарафга, гоҳ Темур томонга қочиб ўтишарди.

Икки йил бурун Темур билан Боязид ўртасида бошланган мактуб ёзиўмалари авжида эди. Шом юришида экан, Темур яна бир мактуб жўнатган ва Боязиддан ўзига итоат қилишни талаб қилган эди. Бунга жавобан Боязид “Ким-кимга тобе бўлишини жанг ҳал қилсин, мен жангга тайёрман”, — маъносида жавоб берди. Амир Темур эса яна мактуб йўллаб, ўзаро иттифоқ бўлишса кофирларга қарши Ислом куч-қудратини оширажагини айтиб, агар Боязид ўғилларидан бирини ўз ҳузурига омонат тарзида юборса, йўлланган хилъатни қабул қилса, Румга юриш қилишдан қайтажагини билдирди. Амир Темурнинг бу сўзларини Боязид кескин равишда рад этди.

Бу музокаралар кечар экан, Мовароуннаҳрдан амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ янги қўшин етиб келди. Боязид ҳам ўзига тобе юртлардан қўшин тўплаш билан машғул эди.

Қиш ўтиб, баҳор келиши билан Қорабоғда ўтказилган қурултойда Боязид устига юришга қарор қилинди. Худди ўша кунлари Амир Темур Чин (Хитой) императори – Фағфури вафот қилгани ва у ерда ҳокимият талашиш бошлангани хабарини олди. Чин устига юриш пайти етганини билса-да, аммо ўз манзилини тарк этса, янги забт этилган мулклар Боязид томонидан босиб олинишини билгани учун у турк султони билан жанг қилишни маъқул топди. У Боязидга навбатдаги мактубини йўллаб, ундан қуйидаги беш шартни қабул қилишини талаб қилди:

1. Вассали бўлмиш Арзинжон амири Таҳартонга (Мутаҳартенга) тобе Камах шаҳрини яна ўз эгасига қайтариш ва Камахни босиб олган пайтида қўлга олинган Таҳартон оиласини озод қилиш.
2. Шаҳзодалардан бирини ўз ҳузурига омонатга юбориш.
3. Тобелик белгиси бўлган кулоҳ билан камарни қабул қилиш.
4. Онадўли бекларидан тортиб олинган ерларни (Ойдин, Сарухон, Манташа, Кермиян, Теке, Ҳамид-ўғиллари ва Чандарўғиллари бейликлари назарда тутилган) яна эгаларига қайтариш.
5. Қорақуйунлилар раиси Қора Юсуфни банди қилиб, ўзига юбориш.

Амир Темур бу талабни қўяр экан, султон Боязид қўл остида бирлашган бекларни ўз томонига ағдариб олишни мақсад қилган эди. Бу талабларини эшитган беклар Боязиддан совишларини у яхши фаҳмларди. Амир Темур ҳар бир ҳарбий тадбир тақдирини аввал ақли билан, шундан кейингина қилич билан ҳал қилишни мақбул кўрарди. Амир Темурнинг бу фазилати ҳақида усмонли туркларнинг ХХ асрдаги буюк фарзанди Мустафо Камол Отатурк шундай деган эди: “Менимча, жаҳонда ўтган саркардаларнинг энг улуғи Темурдир. У ҳеч қачон бирор урушни кўр-кўрона, фақат ҳарбий омадга ишониб бошламаган. У ҳар бир ҳарбий юришга жиддий, пухта, аниқ ҳисоб-китоб асосида узоқ йиллар давомида ҳозирлик кўрарди. Масалан, у Анқара жангида қозонган ғалабасини Боязид Йилдирим билан унинг вассаллари ўртасига ихтилоф солиш билан олдиндан таъминлаган эди. У ғалабага ақли билан эришди”.

Амир Темурнинг талабларини эшитган Боязиднинг ғазаби қўзғалди, ўйлаб иш тутишга маслаҳат берган вазири аъзам Али пошшога: “Ҳали шарафимиз ҳам, кучли қўшинимиз ҳам бор, шундай экан, тобе бўлиб яшамасмиз! – деди. Сўнг у Амир Темурни назар-писанд қилмаслигини кўрсатмоқчи бўлгандек, Турон султонига армуғонлар жўнатди. Аммо у жўнатган тортиқлар сони туркийларга хос тарзда тўққизта эмас, ўнта эди. Боязид тортиқлар билан баробар мактуб ҳам жўнатган, унда турк султони ўз исмини катта ҳарфлар биланбитган ҳолда, Темурнинг исмини кичик ҳарфлар билан ёздирган эди. Бир-бирини ҳақорат қилишдан сўнг ҳар икки томон ҳаракатга келди. Ҳар икки ҳукмдор бир-бирларининг муносиб рақиб эканликларини яхши англашар, аммо ҳеч қайсиси паст келишни истамасди.

Амир Темур набираси амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ янги қўшинни Камах устига юборди. Тахт валиаҳди ўн икки кун ичида шаҳарни эгаллаб, бобосини қувонтирди. Шундан кейин Амир Темур Сивасга келиб тўхтади. Шу ерда туриб хуфияларни ишга солди – усмонлилар давлати ҳудудида ва Боязид қўшини ичида юзага чиққан вазият, ҳар бир ҳаракат ҳақида батафсил маълумотларни тўплади. Йилдирим эса қўшинларини жамлаб, Темурга қараб ҳаракат бошлади.

Ҳикоямизни шу ерда тўхтатиб, Улуғбек мирзога қайтайлик. Саккиз ёшга тўлган амирзода уғруқда, бибиси Сароймулкхоним билан устози Ҳамза тарбиясида эди. Мурғаклиги сабабли ҳали жангу-жадалда қатнашиш ҳуқуқини олмаган набира жаҳонгир бобосига қанча ялинмасин, уғруқда қолдирилган эди. Замонлар ўтиб, кўп қиссагўй ровийлар Улуғбек мирзони ҳам румликлар билан жангда қатнашган қилиб, чўпчакнамо қиссалар битадилар. Бу қиссалар чўпчакнамо бўлса-да, уларда Рум юриши ҳақида қизиқ маълумотлар учрайди. Мана шундай қиссалардан бирини сизга ҳикоя қиламан:

“…Амир (Темур) элатдин нома юбормоққа элчи талаб қилдилар. Номани Иноқ вазирга бериб, кенгаш қилдилар, беклар Мироншоҳни талаб қилдилар. Амирдин жавоб бўлмади. Андин сўнг Шоҳруҳ мирзони талаб қилдилар. Амир “Бу доим жанг талаб”, — дедилар. Сўнгра Умаршайхни арз қилдилар. Амир айтди: “Мунга китоб ўқимоқдин ўзга иш бўлмас”. Сўнгра Султон Муҳаммад тўрани айтдилар. Амир (Темур): “Бу шаробни яхши кўрар”, — дедилар. Барчалари айдилар: “Бу хизматни уҳдасидин Мирзо Улуғбекдин ўзга киши чиқолмас, чораки кичик бўлса ҳам, улкансифатдур, фитратлик, ҳар ишга етук, кўб туйғундур, бу ҳар ишга лойиқ, барча нимарсага боб”, — дедилар. Анда Мирзо Улуғбек Мағриб вилоятига ҳоким эрди, анга тезлик бирла келсун, деб хат ёзиб юбордилар. Андин сўнг Амир Соҳибқирон Миср узра ҳоким қўйуб, Олабоғ сариға келди. Шоҳруҳ тўра отасин мулозаматида бўлди, амир андин кўб хурсанд бўлдилар. Бу сўз мунда турсин, эмди икки калима сўзни Қайсардин (яъни султон Боязиддан) эшитмак керак.

Қайсар то ўғли боргунча бўлмай, бир юз етмиш кишини бошлиқ қилиб, аларга вазири аъзам Темуртошни (аслида Темуртош бекларбеги бўлган) амири аскар қилиб юбордилар. Тўрт сон киши денгиз каби ошиб-тошиб йигирма кунда Олатоғ бағрига еттилар. Бу ғавғоларни дангқини (донғини) Миср аҳли эшиттилар, филҳол Миср ҳокимидин Амирға хабар келди. Амир Соҳибқирон тахти салтанат узра бекларга кўринушда эдилар.

…Амир Соҳибқирон анда айдилар: “Кимдур Темуртошга қўшун била бориб, муқобил бўлғай?” Анда беклардин етти киши ўрнидин туруб, Амирдин фотиҳа талаб қилдилар. Аввал Суюрғамишбекким, Чингизхон насли эрди, иккинчи Ҳинд Хожа қушбеги, учунчи мирзо Саъдиддин Ваққос, тўртунчи мирзо Муҳиддин, бешинчи мирзо Инжил, олтинчи Олтмишбек, еттинчи амир Баён Сулдуз. Анда Амир Соҳибқирон айдилар: “Илғор боши Суюрғамиш бўлсун, агар бу ҳалок бўлса, Мирзо Саъид Ваққос бўлсун, бу ҳалок бўлса, мирзо Муҳиддин, бу ҳалок бўлса, Мирзо Инжил, бу ҳалок бўлса Олтмиш баҳодур, бу ҳалок бўлса, Баён Сулдуз бўлсун, бу ҳалок бўлса, Ҳинд Хожа илғор боши бўлсун!”

…Темуртош англадиким, мўғул бекларидин етти киши кўб-кўб аскар олиб келурмиш, деб. Бирдан карнай-сурнай табали жанг қоқтилар. Темуртош аскари андоғ кўб эрдиким, етти юз туғ байроқлари бор эди. Бу тарафдин чангу-тўзон кўрунуб, Амир Соҳибқирондин етти аскар бориб, саф тузаттилар. Нақора, баробанларни икки аскар жойлариға тортиб бориб, жангга муқаййид бўлдилар. Суюрғамишбек Амир Соҳибқиронни сўзиға амал қилиб, бири ўлса, бирини ўрниға ўлтурмоқ бўлуб, ул кун байроқларини кўтардилар.

Аммо ул тарафда тўрт минг тўфанчи Темуртош жиловинда эрдилар. Бирдан юз етмиш карнай, барабан чолдилар. Филҳол, иккала қўшун аралаш бўлуб, андоқ қирғин бўлдиким, бу ҳангомаларни Амир (Темур) лашкарлари кўруб, ўзга ўрунгға қоча бошлади. Қазо мешкоблари сув ўрниға қизил қон соча бошлади. Биров болта, биров қўлинда найза, биров қўлинда қиличи бировни қорни ёрилғон, бирови қизил қонга қорилғон, бировни суяги синган, бировни оёғи синган, бировни бағри тешилган, бировни кўзи тешилган, биров жон бермоқда, биров қон тўкмоқда, биров от чопар ғириллаб, бирови отдан йиқилур дириллаб, биров қилич силтар шириллаб, биров айланур гириллаб, биров қочқай фириллаб, биров йиқилар чолқайиб, биров ағанар қолқайиб, биров қолар шолпайиб, биров ётар ялпайиб, биров юрур оти ўйнаб, биров ётур тилин чайнаб, бировни юраги қайнаб, бировни кўнгли айнаб. (Ўзбак бирла Рум қони денгиздек тошиб, ғавғо ҳадиддан ошиб, бир кеча-кундуз уруш бўлуб, Суюрғамишбек майдонда ёлғиз қолибдур. Румийлар келиб, бекни қўлин қалам қилдилар. Андин сўнг байроқни бу қўлиға олди. Яна бу қўлин ҳам қалам қилдилар. Байроқ ерга тушти. Барча билдилар. Бекбача ўлдилар, деб майдондин бошин олиб кеттилар. Анинг сўнг мирзо Муҳиддин келди, ул ҳам шаҳодатға етти. Яна Баён Сулдуз келди, ул ҳам ҳалок бўлуб, ўрниға Инжил келди. Ул ўлуб, ўрниға Олтмиш баҳодур келди. Анинг ўрниға Хўжа қушбеги келди. Ул кун икки тарафдин баҳодур йигитлар ҳалок бўлдилар…

…Мўғул бекларини бошини румийлар найзаларга санчиб олди. Анда Ҳинд хожа қушбегидан ўзга киши қолмаб эрди. Аммо Соҳибқироннинг бир неча қул ва ғуломлари келиб, анинг атрофида бўлдилар. Аларни баъзиси “Қочайлик!” дедилар. Қушбеги айди: “Қариндошлар, барчаси ўлубдур, бизларни қочмоғларимиз яхши эмас. Амир Соҳибқиронға нима жавоб берармиз?!”

Алқисса, румийлар бирдан “Аллоҳу акбар!” деб от қўйдилао. Ўзбекларга хатар, румийларга зафар бўлуб, ўзбаклардин бир нечалари ўлуб, кўблари қочиб, майдонда қушбеги ёлғиз ўзи қолди. Муни кўруб, Темуртош мулозимларига: “Бу баҳодурни тирик тутуб келтурунглар, андин сўз сўрайлик”, — деди. Ани румийлар тутиб олмоқға ҳаракат қилиб эрдилар, ёлғиз майдонда жавлон кўргузуб, кўб-кўб румийларни ҳалокат рутбасига солди, ала ҳазалқиёс, уруш тамоми ўн бир кун бўлди. Охирги куни отини милтиқ била уруб йиқиттилар, яёвлиғ ҳолида неча-неча кишиларни вужуд шаҳристонидин адам чўлистониға юборди. Охир бўлмади. Боғлаб олиб, вазири аъзам Темуртош қошиға келтурдилар. Вазир айди: “Сен қандоғ кишисан?” Қушбеги айди: “Соҳибқироним қули бўлурман”. Яна вазир айди: “Нечук мунча ўзунгни ҳалокатға солурсан?” Қушбеги айди: “Амир Соҳибқирон хизматида тирикликдин ўлмакни афзал билурмиз”. Вазир айди: “Амир Темурни сендан ўзга хизматчилари борми?” Ҳинд Хожа айди: “Қулларин ичида ярамас, ақли пасти мендурман…”. Вазири аъзам ҳайрат бармоқин тишлаб айди: “Бу афъол сизларда бор, албатта, Рум халқи сизларға тобе бўлса керак”. Қушбеги айди: “Тез бўлғил, мани ҳам ўлдургил, қардошлар фироқида юрак бағрим кабоб бўлубдур”. Вазир ҳарчанд насиҳатлар қилдики, “Сенга шоҳона хилъатлар бериб, Амир Темур олдиға юборайин”, — деди, қабул қилмади. Айди: “Эй вазири акбар, мени қўйуб юборсанг, бир кунда билғил, мен сени ҳалок қилурман”. Анда Темуртош ноилож Ҳинд Хожани қатлга буюрди. Андин сўнг Рум сипоҳлари Сувос мавзеъини ёқасига бордилар.

Эмди икки калима сўзни Амир Соҳибқирондин эшитмак керакки, Олабоғ бағрида эрдилар. Қанча киши ўзбаклар қочиб, Амир Соҳибқирон қўшунлари ичра кириб қўшулди. Кўрган-кечирганларин Амир Соҳибқиронга баён қилдилар. Анда ўзбак бекларин барчаси ҳозир эрди. Амир айдилар: “Иншооллоҳ таоло, тонгла Темуртош қошиға аскар юборурман. Сипоҳларим ичра яхшиси бордур, анинг эътиқоди ҳам барчадин яхшидур. Ман ҳам ани барчадин яхши кўрарман, албатта Темуртошга зафар тобса керак”, — деб ҳараға дохил бўлдилар. Ул куни кечқурун жамъи тўралар келиб, Иноқ вазирга ҳар қайсилари айдилар: “Темуртош қошиға менга рухсат бўлса, борсам”, — деб. Иноқтоз ул мард жонбозларга айди: “Мен билмадим. Амир Соҳибқирон ўз кўнглиға келғон ишини қилғай, тонгла кимға фотиҳа берса, ўзи билгай”, — деди.

Эртаси чодир ва хаймаларни тикиб, кўринуш хонани тартиб бердилар. Анда Амир (Темур) тахт узра чиқиб ўлтуруб, ун кунғача хосу ом саломға келдилар. Беклар саллаларини бўйнилариға солуб, Амирдин фотиҳа талаб қилдилар. Амир сукутда бўлуб, қўл кўтармадилар. Ноилож, саллаларин ўраб қайтдилар. Андин сўнг тўралар бир-бир келиб, фотиҳа талаб қилиб турдилар. Алар Шоҳруҳ тўра, Мироншоҳ, набиралардин ҳам бор эрди. Амир индамадилар, ноилож алар ҳам саллаларини ўраб, ўз ўринларида қарор олдилар. Соатидин сўнг, Амир бошларин кўтариб, Шоҳруҳ тўрага қарадилар. Тўра, бул хизмат менга бўлди, деб ўрнидин туриб таъзим қилди. Андин сўрдилар: “Мирзо Улуғбек тўра қайдадур?” Шоҳруҳ тўра айди: “Тумовдур”. “Келсун!” деб буюрдилар. Соатидин сўнг келиб, салом қилиб, қўлин алиф-лом қилиб, таъзим билан турди. Амир айдилар: “эй Улуғбек болам, Темуртош бошиға бормоқға қувватинг етарму?” Улуғбек тўра айди: “Амри ҳумоюнинғиз бўлса, сипоҳларимни назарингиздан ўтказсам-ўткурсам”.

Соҳибқирон буюрдилар: “Келтур!” – деб. Андин кейин Амир қошларидин тартиб бирла кўб-кўб жамоъа кўрук кўрсатмоқ учун жамъ бўлди. Аммо (Улуғбек) ўзин аҳли ҳукуматлариким, умаро ва вузаро ила кенгаш қилиб, ҳукамолари иш кўрсатиб, аскаридин тўрт сон кишини ажратиб, ҳар сон ўн минг кишидин бўлур, андин сўнг қирқ минг карнай, ноғора, барабан келтурдилар. Сайёдларга буюрдиким, тўрт сон абобил келтуринглар, деб. Ани турк тилида “Ёввойи қалдирғоч” дерлар. Сайёдлар айдилар: “Қалдирғочни нима қилурсиз?” Ул айди: “Керакдур!” Андак фурсатда топиб келтурдилар. Анга яраша сандуқлар тартиб бериб, сув била таомни қорлуғочларга муҳайё қилиб қўйдурурлар.

Амир Соҳибқирон: “Эй Улуғбек болам, аскаринг ичра баҳодурларни манга кўрсатгил”, — деди. Анда Улуғбек аскарларга: “Соҳибқирон назаридан ўтунглар!” – деди. Андин сўнг тўрт сон киши сипоҳгарликга ораста ва кироста бўлуб ўттилар. Аксарини оғизлари катта ва кўзлари кичик ва баъзиси ўрта бўйлук ва баъзиси узун бўйлук, қизил юзлук ва баъзилари узун соқол, баъзилари кўса, қулоқлари катта, тўғрисўз эдилар. Барча баҳодурларни икки кўзи отларни ёлида эрди. Булар ичра ҳар тоифадин бор эрди. Олдидаги ҳировуллари ўзбаклардин эрди. Яна алар Сайиди Қурайшийким, тўрт ёри нозанин, яъни чорёрлар авлодларидин ҳам бор эрди. Андин сўнг тўрт минг ҳофизи хушилҳомларни келтурдилар. Уруш кунида ғазал ўқимоқға тайёр эрдилар… Аларнинг овозиға аскарлар масту-мустағриқ бўлуб, ўзларин жангга урар эрдилар. Яна тўрт минг кишини қўлида бели билан келтурдилар. Ул кун барчасин жамъ қилиб турфа шавкат ва ҳашамат бирла отландилар. Амир ҳам бирга чиқиб, видоълашиб, “Сени яратқанга тошурдим”, — деб қайтдилар. Бир неча кундан сўнг Рум сипоҳларига еттилар, андин кейин бир кишини жосус қилиб, аларға юбориб, хабар олдилар. Аммо кечаси бирла қанча асқарға оқ кийумларни кийгузиб, бошларида оқ салла, пешларин узун қўйуб, аларни Темуртош қошиға илгари юбордилар. Анда тўрт минг киши келиб ҳандайқ қаздилар. Ул вақт Темуртош аскарлари қўшунлари ёв келганидин хабарлари йўқ, атрофға тарқалғон эрдилар. Ул кеча бирдан карнайчилар, ноғорачилар навозишга келтурдилар. Рум сипоғлари шошиб қолиб, бирин бири ўлтура бошладилар. Оқ кийумли кишилар аларга деди: “Эй Рум сипоҳлари, огоҳ ва доно бўлунглар, бизлар рижол ул ғойибдурмиз. Амир Темур мададиға келиб эрдук”. Вазир бу сўзга таажжубда эрди. Қуёш амири кўк майдонида жилва кўргузди. Вазир ёвни кўрсаким, тўрт сонга яқин келур, атрофида ҳандақ пайдо бўлубдир. “Бир кечада нечук пайдо бўлубдир?” – деб барча ҳайратда эрди. Анда тўрт минг ҳофиз такбири ташриқ айтдилар. Алар таажжуб бармоғин тишлаб, бири келиб сўрди: “Сизлар қандоғ кишидурсизлар?”. Булар айди: “Рижол ул ғойибдурмиз!” Вазир айди: “Бизлардин нима иш содир бўлди, рижол ул ғойиб ўзбак мададиға келур?!” Булар айди: “Сиз халқи золим бўлурсиз, анинг учун биз ўзбаклар мададиға келдук”. Вазир буюрдиким, ўқ отинглар, деб. Рум сипоҳлари бирдан ҳамлага турдилар. Улуғбек ҳам карнай чалдириб, урушмакға муқайяд бўлдилар. Яна ҳофизлар марсия ўқимакка бошладилар. Аларни тунука уйи кирпитиконга ўхшаш тикон эрди, уч кеча-кундуз жанг бўлди, тўртинчи куни хўб танг бўлдилар. Рум аскари халқа каби атрофини олғон эрди. Филҳол, нома ёздириб, бир баҳодур кишини топиб, кўб ваъда қилди: “Агар тирик келсанг, авлодингни дунёдин мамнун қилурман” – деб номани бериб юборди. Ул киши элчи бўлуб, хандакдин ўтуб, номани Темуртош вазирга келтуруб берди. Вазир очиб кўрса, дебтурким: “Эй вазир, огоҳ бўлгил, бизлар рижол ул ғойибдурмиз. Амир Темур ёрдамига келгандурмиз, анга байъат қилмасанг, тонгла бошингда кўрарсан, абобил аскарин юборурмиз, гўё асҳоб ул фил қиссасин эшитгандурсан”. Вазир кулуб, элчини “Тўғри сўзла, ростингни айтғил!” деб қийнамоққа бошлади. Элчи асло гапирмади, охир қийнай-қийнай ўлдурдилар.

Ул кеча Улуғбек сипоҳлари зикри жаҳрияни бошладилар. Аларни қилғон зикрига еру-кўк зилзилага келди. Бу сўзни Румни халқиға данқи (донғи) кетиб, кўнгилларига ваҳми қўрқунчи тушуб эрди. Кеч бўлуб, юлдуз қарлуғочлари кўк саҳфасида тайрон қилиб, Рум қундузин юз минг найранг бирла мунҳасим (қисқа) қилдилар. Ул кеча минг-минг машъалалар ёқилди, тўрт тарафдин байроқларни жилвага келтуруб, такбир айтиб, ҳофизлар марсия ўқуб, румийларга қарши бора бошлади. Улуғбек қарлуғоч муваккилларига айтиб эрди: “Жанг қизиғон пайтида вақтида қарлуғочларни майдон ичра қўйуб юборгил”. Бирдан кечи бирла жангға муқайяд бўлдилар, соатидан сўнг, кеча кундузга мубодала (алмашган) бўлди. Темуртош аскари бирла Улуғбек аскарин мобайни қирқ қадам қолиб эрди, вазир кўрдиким, рижол ул ғойиб даъво қилганлар барчаси жангга муқаййид бўлубдурлар. Анда туруб, Темуртош сипоҳларин чақириб, айди: “Эй қавм, қўрқманглар, булар барчаси ёлғончидурлар”. Бу сўздин сўнг, бирдан икки тарафдин от қўйуб, жанг-талотум бўлуб, ғавғо қўзғалиб яроқ ва аслаҳалардин ўтлар чақилди, гўё жанг олови ёқилиб турган ҳолатда муваккиллар сандуқларни очиб, қарлуғочларни қўйуб юбордилар. Рум халқи кўрдиларки, аскари абобил осмон юзин ва қуёш кўзин чигуртка каби олибдур. Аммо ул замон қиш фасли эрди. Ани кўрмаганларига кўрсатиб, барчалари қоча бошладилар. Улуғбек сипоҳлари алар қонин соча бошладилар. Муни кўруб вазири аъзам тоқат қилолмай, бул ҳам қочиб, оти балчиқға ботиб қолди. Улуғбек сипоҳлари ани тутиб, асир қилдилар. Одамлар қўрқуб, Сивос шаҳри ичра бориб бир нечалари уйлари ичра кириб ёшуриндилар. Улуғбек сипоҳлари бирла алар орқасидан қувлаб, шаҳр ичра кириб, кўб-кўб одамларни ўлдуруб, ўрдага яқин бордилар. Ул кун румийларни ақли шошиб, бир-биридин адашиб, ғавғо ғаддидин ошди…

…Ул кун Улуғбек ўрдага кириб, тахт узра қарор олди. Барча билдиким, булар бошлиғи Улуғбек экан, қошиға Темуртош вазирни боғлаб келтурдилар. Филҳол, вазирни бойлуқларин ешиб, кўб иззат ва ҳурматлар қилиб, фатҳнома ёздуруб, анга вазирни йўлдош қилиб, Олабоғ сариға, Соҳибқирон хизматлариға юборди. Вазир келгандан сўнг, Амир Темур айдилар: “Эй Темуртош, билмадимким, Қайсар кўнглиға нима ишларни йўл берур, аммо менинг аскарларимни кўрмабдур”, — деб. Амир буюрдилар, тахтни тоғни устига олиб чиқдилар. Мулозимлар чодир-чанбатларни тикиб, фаррошлар ерларни супуриб, ораста ва пироста қилдилар. Соҳибқирон вазир бирла ул ерга чиқиб, атрофға хабар юбордилар. Эрон, Турон, Туркистон, Ҳиндистон, ўзбак, қипчоқ, қирғиз, қозоқ, рус , қалмоқ барчасига хабар еткуруб, неча кеча ва неча кундуз барчалари Соҳибқирон хизматларига етиб келабердилар…”

Тарихий ҳақиқатдан кўра, кўпроқ чўпчаку афсонага мойил бу қиссада бари бир ҳақиқат мавжуд. Бу буюк жаҳонгирнинг набирасига бўлган алоҳида бир меҳру-муҳаббати борлигини тасдиқлаган ҳақиқатдир. Қиссадаги Соҳибқирон сўзларини эсланг. У набираси Улуғбек мирзони назарда тутиб: “Мен ани барчадин яхши кўрарман”, — дейди. Халқимиз орасида Амир Темур билан Мирзо Улуғбек ҳақида тўқилган кўп ривоятлар мавжуд, уларнинг деярли ҳаммасида бобо билан набира ўртасида мавжуд бўлган меҳру-оқибат алоҳида тилга олинади. Қиссамиз давомида биз бу ривоятларни ҳали кўп маротаба сизга ҳикоя қиламиз.

Олдинги лавҳаларда биз Амир Темур билан Султон Боязид ўртада бўладиган уруш муқаррарлигини англаб, бир-бирларига қараб йўлга чиққанларини маълум қилган эдик. Амир Темур Сивасда экан, турк султони вазири билан ўғилларининг шиддат билан йўл босиб, Сивасни қамал қилиш ҳақидаги таклифларини рад қилди. Усмонлилар қўшини асосини пиёда аскарлар ташкил қилса, Амир Темур қўшинида отлиқ қисмлар кўпроқ эди. Шу сабабдан ҳам Боязид рақиби билан отлиқлар ҳаракат қилиши қийин бўлган жойда жанг қилишни маъқул деб биларди. Шу сабабдан у Сивас билан Токат шаҳарлари оралиғидаги тоғли бир манзилда ўрнашиб, Сивасдан қўшин тортиб чиққан Амир Темурни кута бошлади. Аммо Соҳибқирон турк султонининг мақсадини аллақачон фаҳмлаган, шу сабабдан у қўшинни кескин орқага қайтариб, Қайсария томонга йўналди.

Боязид ҳам қўшинини қўзғатиб, рақиби билан ортидан соя каби эргашди. Кутилмаганда Амир Темур усмонлилар йўлини тўсиш учун бурилди, аммо Боязид ҳам унинг ҳаракатини такрорлаб, орқага чекинди. Мовароуннаҳр қўшини юришни давом эттириб, Киршаҳарга етди. Бу шаҳар орқали тўхтамай ўтган Амир Темур қўмондонларига Боязид қўшинини таъқиб қилиб, Анқара томонга илдам бораверишни буюрди. Анқарага олдинроқ етиб борган Темур қалъани қамалга олди.

Қалъа ҳокими Яқуббей мудофаа ишларига бошчилик қиларди. Соҳибқирон қалъани турклар қўшини етиб келгунга қадар қўлга киритмоқ мақсадида хужумни кучайтирди. Шу билан баробар рақиби келиши кутилган шимоли-шарқ томонга хабаргир қўшинларни жўнатди. Аммо Йилдирим Боязид мутлақ кутилмаган томондан – қалъани айланиб ўтиб, жануби-ғарбда, Калажик ва Ровли томонда пайдо бўлди. Турк қўшини Чубуковадаги Маликшоҳ қишлоғи яқинида ўрнашди.

Воқеалар ривожидан ташвишга тушган Амир Темур аскарларига Анқара қалъасидан узоқлашишни буюрди. Кечаси билан Мовароуннаҳр қўшини янги манзилга кўчди. Унинг бу ҳаракатларидан хабар топган султон Боязид ўғиллари ва қўмонлари қулай фурсатдан фойдаланиб, Темур қўшинига ҳужум қилишни таклиф қила бошладилар, аммо турк султони уларга қулоқ солмади.
Аммо Темур ҳушёр эди. У кечани бекор ўтказмади. Унинг навкарлари тонгга қадар ҳар хил ҳарбий эҳтиёткорликларни амалга ошириб қўйишди: янги манзилнинг ҳар тўртала томони жуда қаттиқ кузатув остига олинган, ҳарбий муҳандислар бўлажак жангга ҳозирлик кўришар, тун қоронғисидан фойдаланиб, ўнқир-чўнқирларни текислаб, истеҳкомлар тикладилар. Чубук дарёсидан оқиб чиққан ирмоқлар устидан ҳатто филлар ҳам бемалол ўта оладиган мустаҳкам кўприклар тикладилар.

Аммо кеча ёришиб, тонг отса-да, эртаси куни ҳам жанг бўлмади. Амир Темур бўлажак жангга пухта тайёргарлик билан мунтазам банд экан, бутун тадбирларни амалга оширишни тажрибали амирларига топширган, ўзи бўлса зоҳиран хотиржам ҳолда тўрт буржида туғлар хилпираган чодирда ўтириб, алломалар билан суҳбат қурди. Боязид ҳам рақибини менсимаётганини очиқ кўрсатиб қўймоқчи бўлгандек, Амир Темур кўз ўнгида катта шикор бошлади. Унинг бу ишини кўриб, Амир Темур бўлажак жангда албатта ғалаба қилажагига имон келтирди.

Анқара жанги номи билан тарихга кирган тўқнашув ҳижрий 804 йил зулҳижжа ойининг 27 куни – мелодий 1402 йилнинг 28 июлида бошланди. Жангда ҳар икки тарафдан 250 мингга яқин навкар қатнашди.

Йилдирим Боязид жанг олдидан ўз қўмондонлари олдида оташин нутқ сўзлади ва бекларидан фидокорона жанг қилишни талаб қилди. Амир Темур бўлса, қўшинлари сафга тизилгандан сўнг даргоҳида хизмат қилган ўз замонасининг улуғ шатранжчиси Алоуддин ат-Табризий билан шу қадар хотиржам қиёфада катта шатранж ўйнашга киришдики, гўё унинг олдида ҳар кунги одатий воқеа содир бўлаётгандек эди.

Жанг майдони Анқара қалъасига яқин ерда – шарқда Чубук дарёси воҳаси, ғарбда Қушчу ва Мира тоғлари, Ова дарёси, Кишлачин дараси, жанубда Жанкуртаран, шимолда Каражавиран, Қушчу тоғлари орасидаги ҳудуд бўлиб, асосий жанг Чубук дарёсидан ғарбга қараб бир фарсаҳга чўзилган Қизилчакўй дараси ўртасида кечди.

Усмонлилар қўшини қуйидаги тартибда ўрнашди: Маликшоҳ қишлоғи шимолидаги тепаликда ўрнашган марказда Султон Боязид, вазири аъзам Чандарлизода Али пошшо, шаҳзодалар Мустафо, Муса ва Иса Чалабийлар, улар олдида яничарлару азоблар тизилдилар. Ўнг қанотда султоннинг вассаллари – Онадўли беклари қўшини, қора татарлар, оқчулар, шунингдек, Серб ва арнавут (албан) аскарлари жойлашдилар. Сўл қанотда эса шаҳзода Сулаймон Чалабий қўмондонлигидаги Ойдин, Сарухон, Караси Румели қисмлари.

Амир Темур қўшини қуйидаги тартибда тизилди: ўнг қанотда Мироншоҳ мирзо билан амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ амирлар, сўл томонда Шоҳруҳ мирзо билан Халил Султон мирзо бошлиқ амирлар ўрнашдилар. Қўшин марказида эса Амир Темурнинг ўзи турарди.

Жанг усмонлилар ҳужуми билан бошланди. Туркларнинг отлиқ қисмлари Амир Темур қўшинининг ўнг қанотига ҳужум қилдилар ва унинг орқа томонига ўтиб олиб, асосий кучларни эҳтиётдаги қисмлардан айирмоқчи бўлдилар.

Лекин бу ҳужумни Амир Темур суворийлари муваффақият билан қайтардилар, боз устига тўхтамай қарши ҳужумга ўтиб, туркларни ўровга ола бошладилар.

Усмонлиларнинг сўл қанотига қарши жанг қилган мовароуннаҳрликлар ҳам машаққат билан олға силжирдилар. Фақат сўл қанот ортидаги қора татарлар ва айрим Онадўли беклари Темур тарафга ўтиб кетгач, уларнинг олға юриши осонлашди. Боз устига Шоҳруҳ мирзо билан Халил Султон мирзо ота-боболаридан қолган ҳарбий ҳийлани моҳирона қўлладилар: серблар ва арнавутлар, совут кийган овруполик отлиқ аскарлар ёлғондакам қочган мовароуннаҳрлик амирлар кетидан қувиб, қуршовга тушиб қолдилар. Серблар қанчалик қаттиқ уришмасинлар, бу ердаги жанг фақат хоинликлар туфайлигина эмас, балки темурийлар ҳарбий салоҳиятининг устунлиги сабабидан Турон навкарлари ғалабасига юз тутди.

Жанг бошидаёқ ҳар икки марказ бир-бири билан мардона сўқишдилар. Яничарларнинг мардона жанг қилишлари туфайли усмонлиларнинг аҳволи яхшилангандек эди. Аммо ўнг ва сўл қанотларининг қуршовга олиниши сабабли марказдаги турк қўшинларининг иккала томони ҳам очилиб қолди. Шатранж ўйини билан банд Амир Темур жангни зийрак кузатар ва юзага келган ҳолат унинг нигоҳидан қочмади. У Ҳиндистон юришидан сўнг олиб келинган 32 филни марказдаги турклар устига ташлади. Бу тадбир марказдаги жанг тақдирини узил-кесил Амир Темур фойдасига ҳал қилди.

Вазият жиддий оғирлашганини кўрган аркони давлат султон Йилдирим Боязидга чекинмоқни тавсия қилсалар-да, султон кўнмади. У қарийб йигирма йил давомида Ғарбу-Шарқни ваҳимага солган қўшини бебош оломонга айланиб, бир қисми денгиз тарафга, бир қисми тоққа қараб қочаётганини кўриб турса-да, ҳамон паст тушгиси келмас, мағлубият нималигини билмаган нафсонияти ҳамон баланд эди. У йилдирим темирга урилиб, парчаланганини сира тан олгиси келмасди.

Уни гапга кўндиролмагандан кейин таҳлика ичида қолган вазири аъзам Али пошшо бошлиқ бир гуруҳ қўмондонлар салтанат келажагини қутқариш мақсадида тўнғич шаҳзода Сулаймон Чалабийни олиб қочишга тушдилар. Бошқа бир беклар шаҳзода Меҳмед бошчилигидаги мингга яқин аскар билан Амосия томонга от қўйдилар. Сўнгги дақиқагача мардона жанг қилган султон Боязиднинг суюкли хотини Мария Оливеранинг иниси бўлсиш Серб деспоти Стефан Лазаревич бошлиқ овруполик муҳофизлар ҳам жанг майдонини тарк этиб, ғарб томонга йўналдилар.

Жангчилари, вазирлари, беклари ва ҳатто фарзандлари томонидан ташлаб кетилган Боязид ўзининг улкан қўшинидан жанггоҳдаги қуруқ изларгина қолганини кўриб турса-да, таслим бўлишни истамай яраланган шердек қутуриб, жанг қиларди. У ёнига келиб чекинишга маслаҳат берган амир Миннатбейга аламли ва қаҳрли нигоҳини тикар экан: “Шараф билан ўлишдан ортиқ бахт борми?!” – деди. Султон Боязид ёнида икки-уч мингга яқин пиёда ва отлиқ аскар қолган эди. Улар Амир Темур навкарлари қуршовида қолган, Султоннинг ўзи ҳам қўлида ойболта ушлаб мардона жанг қиларди. Ниҳоят, у мағлуб бўлганини ичида тан олди ва қочиш учун имкон излай бошлади. Султон бир ҳовуч навкарлар билан атрофидаги ҳалқанинг гоҳ у ёғига, гоҳ бу ёғига шиддат билан ташланиб, қуршовни ёриб ўтишга уринарди. Темур навкарлари улар устига ўқларни дўлдай ёғдиришар, султон ёнидаги асркарларнинг миқдори лаҳза сайин камайиб борарди. Қўрқувни унутганча, афтлари бужмайган Рум жангчилари мардона туриб қилич чопишар, ўз ҳукмдорлари учун йўл очишга уринишар ва шу мақсадда мардона ўлим топишарди.

Тўрт томондан тинимсиз ёғилаётган ўқлардан Султон Боязиднинг бирор ерига шикаст етмаган бўлса-да, у отини икки марта алмаштирди. Учинчи от ҳам яралангач, у пиёда туриб жанг қила бошлади. Умидсиз Султон ҳадемай ўлим топишини, Амир Темурдан ўч олиш орзусига эришолмаслигини ўйлаб турган чоқда, унинг ёнидан эгар-жабдуқлари ажойиб, устига алвон ёпинғич ташланган бир оқ от чопиб ўтди. Қўрқувдан довдираб қолган от қулоқларини динг қилиб, кўзларини олайтириб, ўзини ҳар томонга ташлар, мурдаларга қоқилар, улар устидан сакраб ўтар, орқага тисарилар ва безовта кишнар эди.

Султон Боязид отни таниди: — у шаҳзода Исоники эди. Султон кендам шаҳид бўлибди, деган ўйдан иҳраб юборди. Сўнг югуриб бориб отнинг жиловидан олди ва сакраб отга минди. Ўша заҳот жонивор жиловдорнинг измига тўла бўйсунди. Султон атрофига назар ташлади. Унинг навкарлари энди қутилишдан умид қилмай жанг қилардилар, ғалаба орзуси энди уларга бегона, уларга фақат бир чора қолган эди: энди улар дунёдан умидини узган одамлар сингари фақат ўт олишни ўйлардилар ва қутуриб қилич серпардилар.

Султон Боязид отини душман устига шиддат билан бошлади. Жон аччиғида олдинга ташланган от кутилмаганда ҳалқани ёриб ўтиб кетди. Султон отни аямай қамчилар экан, ортидан қувиб келаётганларнинг ҳайқириқларини эшитди. Аммо Боязиднинг кўнглида яна умид уйғонган эди. Аммо умид ҳам уни қора ўйларини ёритолмади. “Эҳ Аллоҳи карим, қани адолат?! Бу қандай синоатинг бўлди?” – деб ўйларду у.

От шидлат билан учиб борар, ортдаги товушлар тобора узоқлашаётгандек эди. Кутилмаганда Султон Боязид от устидан ерга учиб тушганини билмай қолди. Олдинги оёқлари чуқурликка тушган от гурсиллаб ерга ағанаган эди. Дам ўтмай ҳали эс-ҳушини йиғолмаган турк султонини бир гуруҳ отлиқлар ўраб олдилар. Улар ичидан шоҳона либос кийган малларанг бир суворий отидан сакраб тушди-да, султонни асир олди. Бу суворий Амир Темур тахтга ўтказган мўғул хони Султон Маҳмудхон эди. Султон хон иродасига итоат қилиб, унинг етовида йўлга тушди. Дам ўтмай улар Амир Темур қароргоҳига етдилар.

Амир Темур ҳамон Алоуддин ат-Табризий билан шатранж ўйнаб ўтирарди. Жанг бошлангандан кейинги ўтган вақт ичида унинг хотиржам қиёфаси ўзгариб кетган, унинг тез-тез жанггоҳ томонга тикилган кўзлари энди оғир ўй-ҳаёлларга чўмган эди. У Боязидни асир қилиб келтирганларини эшитиши билан шошиб ўрнидан турди-да, султонга пешвоз юрди. Бора солиб бошини эгган куйи турган Боязидни қучоқлаб кўришди. Бундан ҳайратга тушган султон бошини кўтариб Темурга тикилди. Ўзидан ёши улуғ бу инсоннинг шакл-шамойилига разм солиб, ғайрат ва жасорат аломатлари барқ уриб турган юзининг латофатига, бургутдек боқишига, кексалигига қарамай келишган қадди-қоматига, савлат тўкиб туришига ва бутун қиёфасининг ҳийбатига, ўзига кўрсатган иззатига ҳайрон бўлиб анграйиб қолди.

— Қадамингиз бош устиға, Султон Боязид! – деди Амир Темур ва султонни чодирга олиб кириб, иззат-икром билан тўрга ўтқазди. Боязиднинг оловдек ловиллаб турган чеҳрасида алам изтироби акс этган эди. Амир Темур эса ғамга ботган бу жасур ва кучли кишига ачиниб, хайриҳоҳлик ва ҳатто бир қадар ҳурмат билан қараб турарди. Икки турк ҳоқони – бири ғамга ботиб, иккинчиси тасалли беришга муносиб сўзлар излаб ҳаёлга берилиб, сукут сақлаб қолишди. Сукутни Амир Темур бузди. У ўртада юз берган ихтилофдан ўзининг ҳам айби борлигини айтиб, Султон Боязидга тасаллилар бера бошлади.

Кўп ўтмай улар олдига жангда асир олинган шаҳзодалар Муса билан Мустафо Чалабийни, бекларбеги Сари Темиртош пошшони, Қора Темуртош пошшонинг ўғли Алибей пошшо, Хожа Феруз пошшо, амирлар Миннатбей ва Мустафобейларни ҳам олиб келдилар. Амир Темур уларни ҳам тутқун сифатида эмас, азиз меҳмонлари каби кутиб олиб, иззат-икром кўрсатди.

АНҚАРА УСТИДА ПОРЛАР МУНГЛИ ОЙ…
Қисса ичида ҳикоя

Кеч тушиб, куни билан оламни бузган шовқин-сурон тинди. Мотамсаро ой ёруғи ёритиб турган Чубук дарёси билан Қизилчакўй оралиғидаги жанггоҳдаги сукунатни фақат ўликлар билан аралаш-қуралаш бўлиб ётган ярадорлар ва жон бераётганларнинг ингроқлари, эгасиз қолган, бесаранжом ва уюм-уюм мурдалардан ҳайиқиб, юришга йўл тополмай безовталанган ҳуркак отларнинг нотинч кишнашлари бузарди.

Бу кенг майдонда қандайдир бир соя жонсиз жасадлар орасидан зўрға қадам ташлаб, тентираб юрарди. Булутлар чангалидан юлғиниб чиққан ой шуъласи устига тушди-ю, соя қиёфаси ёришди. У ўғли жасадини излаб юрган Она – турк онаси эди. Она кўзларидан оқаётган шошқатор томчилар ой нурида ялтираб товланарди. У фарзанди исмини айтиб чақирар, фарзандига атаган ширин сўзларини айтиб бўзларди. Унинг бу бўзлашлари бир-бири билан урушиб, бир-бирини чавақлаган ва қийналиб жон бераётган ҳар икки тараф навкалари учун яқин ва таниш эди. Бечора она тилидан кўчган сўзлар ҳар икки томон англайдиган тилда – турк тилида эди. Бир тилда сўзлашган, аммо ҳукмдорлари тил тополмаганлари учун бир-бирларига тиғ ўқталган навкарлар дунёдан кўз юмиш олдидан қулоқларига эшитилган она ноласи остида, узоқларда қолган волидалари номларини тилга олиб, жон берардилар.

Она жанггоҳда узоқ тентираб юрди. Узоқ вақт унинг ноласи ой нури чулғаган майдон узра гоҳ кучайиб, гоҳ пасайиб жаранглаб турди.

— Ўғилгинам!.. Ўғлоним!.. Қутлуғбегим!.. – хитоб қиларди онаизор йиғи ва қайғудан заифлашган титроқ товуш билан. Баъзан юракни эзувчи йиғи онани бўғиб, сўзини бўлиб қўярди. Шу куйи у жанггоҳни уч айланди.

Шу пайт она қулоғига инграган товуш эшитилди. Дам ўтмай инграган товуш яна эшитилди, инграган одам энди қандайдир бир сўзни айтгандай бўлди. Аёл товуш чиқариб, жуда секинлик билан унинг номини айтганини эшитди.

Аёлнинг авзойи бадани титраб кетди, пешонасидан маржон-маржон совуқ тер чиқди, даҳшатдан кўзлари қинидан чиқиб кетай деди. Кимдан сўраётганини ўзи ҳам билмасдан, баланд овоз билан сўради:
— Ким у?!.. Мени чақираётган ким?

Жавоб эшитилмади. Аммо дам ўтмай…

Она донг қотиб қолди, кўзлари даҳшатдан кенгайиб кетди. У ўғлининг товушини таниган эди.
— Эна!.. Энажон! – деди ўғлининг товуши.
— Ё тавба! Ё Худойим!.. – Эсини йўқотгудек ҳолатга тушган она бақириб юборди. – Наҳотки?! …Наҳотки, бу сен бўлсанг, ўғлоним, Қутлуғбегим?!

Она товуш келган томонга бир дақиқа анграйиб қаради-да, кейин бирдан мурдалар устидан ҳатлаб, эсини йўқотган телбадек талмовсираб югуриб кетди. Ниҳоят, ўша жойга етиб бориб, ўғлининг товуши бир-бирининг устида қалашиб ётган жасадлар орасидан чиқаётганини билди. Сўнг анча зўр бериб, ўғли танасини уюм остидан тортиб олди. Ой нури боласининг юзини ёритди. Кўзларидан шашқатор ёш оқиб турган онаизор қаттиқ ҳўнграб юборди:

— Бу қандай кўргулик бўлди? Ким сени бу ҳолга солди?

У бирдан ғазаб билан қаддини ростлаб, қўлини кўтариб кимгадир таҳдидона бақирди:
— Минг лаънат сенга! Минг лаънат!

Ўғлининг қаттиқ инграб юборгани онани ҳушига келтирди. У ўғли устига эгилиб, унинг юз-кўзидан ўпаркан, синиқ товуш билан бўзлади:
— Тирикмисан, болам, тирикмисан?!.. Худойимга минг қатла шукур, минг қатла шукур! Ҳозир мен яраларингни боғлайман… уйга олиб бораман…

Онанинг ўтли лабларининг тегишидан ва бўзлашидан жон бераётган ўғли бир оз ҳушига келиб, сўнаётган кўзларини сал очди-да, заиф товуш билан шивирлади:
— Совуққотяпман, онажон… Тезроқ мени уйга олиб бор…

Сўнгги сўзларни айтар-айтмай унинг товуши тобора хириллаб, заифлаша бошлади, онасини кўриб кўнглида уйғонган қувонч ҳаяжондан унинг мадори бутунлай қуриди.
— Онажон! – деди у зўрға товуш чиқариб. – Мен… мен… ўлаётибман…

Она бирдан фарзанди оламдан кўз юмаётганини англади.
— Ўлмай тур, болам… – деб бўзлади она, — Мени ёлғиз ташлаб кетма… Сенсиз мен қандай яшайман?!..

Ўғил сўнгги марта кўзларини очиб онага тикилди ва қўлларини волидасига чўзган ҳолда бирпаслик талвасадан кейин жон берди. Йиғлашга ҳам мадори қолмаган она ўғли жасадини маҳкам қучоқлади.

Анчадан кейин жасадни бир амаллаб яшилранг жун чойшабга ўради ва бор кучини тўплаб, уни судраб кета бошлади.

Аёл кексалигига қарамай ҳали бақувват эди. Йиғлаб-бўзлаб жасадни судраб бораркан, гоҳ бирдан тўхтаб қолар, нималарнидир ўз-ўзига телбаҳол уқтирар ва яна турли алпозда ётган мурдалар оралаб йўл босарди.

Она яна тўхтади, яна ўз-ўзига сўзлай кетди:
— Мен сени отанг билан бобонг ёнига қўяман, ўғлим! У ер яхши, қишлоғимиз кўриниб туради. Мен ҳам ҳовлимиздан туриб мозорингни кўриб тураман… Кўраману, сени эслайман, йиғлайман, дуолар айтаман… Сенга болалик чоғларингда…

Шу пайт она ёнида кимдир инграб юборди. Она турган жойида атрофга аланглади-ю, қаршисида унга катта-катта кўзларини қадаб турган жангчини кўрди. Она бир зум ой нури зўрға ёритиб турган жангчи юзига разм соларкан, донг қотди. Йигит ўғлига ўхшаб кетарди. Ўшандай қуюқ қошлар, ўшандай қирра буркн, ўшандай қалин лаблар, ўшандай навжувон, ўшандай келишган… Ё раббим, улар икки томчи сувдек бир-бирларига ўхшар эдилар! Фақат она бу инграб ётган йигитнинг уст-бошидан уни туркистонлик эканини фаҳмлади. Қачонлардир унинг ота-боболари яшаган Туркистондан… Балки бу йигит бобоси она юртимиз деб ривоят қилган Нурота тоғларидандир?! Нега у ўз хешлари бошига қилич кўтариб келди?!

Шуларни ўйларкан, она йигитга нисбатан на қаҳр, на нафрат туйди. Фақат унга раҳми келди, холос. Туркистонлик жангчига яқинлашган аёл эгилиб йигитнинг ярасини кўздан кечирди. Елкаси чопилган, кўп қон йўқотиб узоқ ҳушсиз ётган, ранг-рўйи қордек оппоқ йигит онадан кўзини узмасди. У ўзини дунёга келтирган онасини кўриб турарди. Қарноб даштида чўпонлик қиладиган отаси қаерда экан? У гўё иситмалаб ётибди-ю, онаси унга парвона бўлиб турибди. У жилмайиб онасини овутишга уринди:

— Даштда қорбўронда адашиб қолибман, эна!.. Ким мени уйга олиб келди?.. Энажон, ичим ёнаяпти, сув бер… Қўрқма, эна, қўрқма, мен албатта тузалиб кетаман!.. Отамга айтмадингми?.. Айтма… Ҳализамон отдек бўлиб кетаман… Ўзим отамга айтиб бераман… Ичим ёниб кетяпти!.. Эна, деяпман… Сув бер! Қараб туравермай, сув берсанг-чи!..

Она туркистонлик йигитнинг алаҳсираётганини сезди. “Яраси оғир”, — деб ўйлади аёл. Сўнг елкасидаги жунрўмолни олиб йигитнинг устини ёпди. Бир зум ярадор қошида ўйга ботиб турди-да, яна ўғли жасади ўралган чойшабни судраб йўлга тушди. Бир неча қадам юрар-юрмас, йигитнинг товушини эшитиб, тўхтади.
— Эна, деяпман!.. Эна, сув бер!..

Жанг майдонининг четида унинг араваси турарди. Ҳўкиз қўшилган аравани она қўшнисидан сўраб олган эди. Она бир амаллаб ўғлининг жасадини аравага ортди. Сўнг хивчин билан ҳўкизни ҳайдаган бўлди-ю, қўли қотиб қолди. У яна туркистонлик жангчини… ўғлига ўхшаб кетадиган йигитни кўз ўнгига келтирди. Ниҳоят, кескин бурилиб, ортига қайтди. Йигит ҳамон алаҳсираб ётар, ҳамон онасидан сув беришни ўтинарди. Она жунрўмол билан йигитнинг елкасини танғиб боғлади, сўнг ўзи билан олиб келган қўй терисини ерга ёйиб йигитни унга судраб олиб ўтди.

“Уйга олиб бориб, либосларини алмаштириш керак! Бўлмаса, қўшнилар уни ўлдириб қўйишлари турган гап… Яраси оғир, аммо тангри марҳамат қилса, тирик қолиши мумкин. бечоранинг онаси ҳозир нима қилаётган экан-а?” – ўйларди тўлин ой ёруғида қўй териси устида ётган йигитни судраб бораркан.

Бир неча дақиқадан кейин бирида ҳаёт сўнган, бошқасида ҳаёт илиб турган икки жангчи танаси ортилган арава Қизилчакўй томонга қараб йўл олди. Аравага қўшилган ҳўкизни дунёнинг энг маҳзун онаси етаклаб борарди.

Ой тўлин, тонг яқин, она қайғуси ниҳоясиз эди…

***

Амир Темурнинг фармони билан шаҳзода Сулаймонни таъқиб қилиш учун амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ 30 минглик қўшин пойтахт Бурса томонга от сурди. Соҳибқироннинг ўзи бўлса, Анқарада бир ҳафта тургач, Султон Боязидни олиб Кутахия шаҳрига келди. У бу шаҳарда бир ойча турди. Бурса томонга юборилган қўшин шаҳзода Сулаймонни қувиб етолмади. Шаҳзода Бурсага келибоқ салтанатнинг хазинасининг бир қисмини ва кенжа шаҳзода Қосимни олиб вазири аъзам Али пошшо билан биргаликда Дарижа шаҳрига қочган эди. Амирзода Муҳаммад Султон билан амир Шайх Нуриддин Бурсани фатҳ этиб, султон хазинасининг қолган қисмини қўлга киритдилар ва шаҳарга ўт қўйдилар. Бурсадан кейин тез орада Куния, Оқшаҳар, Қораҳисор ва Онадўлидаги бошқа бир қатор шаҳарлар забт этилди. Бурса фатҳи пайтида асир олинган алломалар: Боязиднинг куёви бўлмиш Сайид Аҳмад Бухорий, мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Фанорий, Шамсиддин Жазирийлар Амир Темур ҳузурига юборилди. Худди ўша кунлари Шоҳруҳ мирзо ҳам асли бурсалик бўлган мавлоно Мусо Қозизода Румий исмли қирқ ёшлик фалакшунос ва риёзатчи олимни ўз хизматига қабул қилди. Мирзо бу аллома келажакда тўнғич фарзанди Улуғбек мирзонинг энг улуғ устози ва сафдоши бўлишидан бехабар эди.

Амир Темур юриш давомида Боязиднинг тўнғич ўғли шаҳзода Сулаймонга мактуб йўллаб, уни тобеликка чорлади. Сулаймон ҳам элчи юбориб, Амир Темур ҳокимиятини тан олди. Кетма-кет шаҳзода Иса Чалабий ҳам ўз итоатини маълум қилди. Шундан кейин Амир Темур учинчи шаҳзода Меҳмед Чалабий ҳузурига – Амосияга мактуб йўллаб, уни ҳузурига чорлади. Тез орада Меҳмед ҳам одам йўллаб итоатини билдирди. Византия императори Мануил ҳам Темурга вассал эканини тан олиб, унга кўп миқдорда олтин ва қимматбаҳо армуғонлар жўнатди. Кейин Миср мамлуклари султони Фараж элчилари келдилар. Улар султоннинг тобеликни бўйнига олгани ҳақида маълум қилган мактубини келтирдилар.

Соҳибқирон Онадўлида саккиз ой турди. Бу орада у Йилдирим Боязид узоқ йиллар давомида ололмаган Измир қалъасини 15 кун ичида, Улуборлу, Эгридир қалъаларини бир неча кун мобайнида забт этиб, Боязидни лол қолдирди. Эгридир қалъаси қамал пайтида Султон Боязид қаттиқ хасталикка дучор бўлди. Амир Темур султонни Оқшаҳарга жўнатди.

Бод касалига йўлиққан турк султони от устида ўзини тутиб туролмас, шу сабабли эгар атрофига суянчиқсимон мослама ясалган эди. Бу эса гўё “мағлуб усмонлилар султонини қафасга солиб олиб кетишди” деган ва ҳозирги қадар асардан-асарга кўчиб юрган афсонанинг пайдо бўлишига замин яратган эди.

Султон Боязидни Оқшаҳарга жўнатар экан, Темур ўзининг хос табиблари бўлган Иззатдин Масъуд Шерозий билан Жалолиддин Арабийларга султонни даволашни буюрди.

Аммо турк султони қаддини хасталикдан кўра, бахтсизлик кўпроқ эгган эди. Болалигидан ҳаёти жангу-жадалда кечган, ўн беш йиллик ҳокимияти давомида мағлубият нималигини билмаган, иззати нафс ҳокими бўлган Йилдирим Боязид изтироби бениҳоя ва бешафқат эди. У узоқ вақт ўғилларим мени қутқардилар деган орзу ва умиднинг асоси бор эди. Турк султони фахрий асирликда экан, манзилларнинг бирида унга содиқ кишилар чодир остидан ер ости йўли қазишга уриниб кўришди. Бироқ, бу тадбир муваффақиятсизликка учраб, кўп одамнинг калласи кетди. Султонни қўриқлайдиган соқчилар сони бир неча баробар кўпайтирилди.

Кейин Боязид ўзи учун энг даҳшатли хабарни эшитди: Амир Темур уни ўзи билан Самарқандга олиб кетишга қарор қилган эмиш. Бу машъум хабарни олган куни Рум ҳукмдори аламу-изтиробга чидолмай узуги кўзи остида – махфий жойда сақлаб юрган заҳарни ичди ва узоқ қийноқлардан сўнг 1403 йилнинг 9 мартида – пайшанба куни Оқшаҳарда оламдан ўтди. Унинг жасади шоҳона иззат-икром билан шаҳардаги Шайх Маҳмуд Ҳайроний мақбарасида дафн этилди.

Султон Боязид ўлимидан бир неча кун ўтиб, Амир Темур бошига яна бир мусибат тушди. У тожу-тахт вориси этиб белгилаган амирзода Муҳаммад Султон тўсатдан хасталаниб, дунёдан кўз юмди. Бу воқеа ҳижрий 805 йил шаъбон ойининг 18 куни – мелодий 1403 йилнинг 13 мартида, муаррих Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Қораҳисор яқинида, муаррих Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Сури яқинида содир бўлган эди. Муҳаммад Султоннинг жасади Соҳибқирон амрига биноан аввал вақтинчалик Султония шаҳрига олиб борилиб, дафн этилди. Бир йилдан сўнг – Амир Темур Мовароуннаҳрга қайтаётиб, амирзода жасадини Самарқандга келтириб, марҳум шаҳзода тиклаган мадраса ёнидаги хонақоҳга қўйдирди. 1404 йилнинг ёзида эса набираси ва пири бўлмиш Мир Сайид Барака қабрлари устида мақбара тиклатди.

Амир Темур Рум мулкини тарк этиш олдидан, шаҳзода Муса Чалабийни отаси мулкига ҳукмдорликка белгилади ва унга ҳокимият рамзлари бўлмиш камар, обдор қилич, юзта от инъом қилди. Сўнг шаҳзода Мустафо Чалабийни олиб, мамлакатни тарк этди. У Мустафони Самарқандга олиб кетишга аҳд қилган эди.

1403 йилнинг июлида Амир Темур Гуржистонни сакизинчи марта забт этгач, Кура дарёсини кечиб ўтиб, қишлов учун Қорабоғда тўхтади. Баҳор келиши билан эса Самарқандга қараб йўлга тушди.

Соҳибқирон Озарбайжоннинг Неъматобод деган манзилида тўхтаб, у ерда тўй берди. Тўйдан кейинги қурултойда сарҳадлари Ҳурмуз қадар бўлган Форсу Кирмон, Райдан Озарбайжонга қадар бўлган Ироқи Ажам, Аррон, Муғон, Қорабоғ, Ширвон, Шамахи, Дарбанд, Гуржистон, Арманистон, Абхаз ерлари, Ҳижозга қадар бўлган Диярбакир ва Ироқи Шом, Константинополга қадар Рум диёри, Искандария ва Нилга қадар шом ўлкасини Мироншоҳ мирзонинг ўғли бўлмиш набираси Умар мирзо қўл остига топширди. Форс ва Ироқи Шомдаги темурий ҳукмдорларни, Ширвоншоҳ Шайх Иброҳимни, Мордин ҳокими Султон Исони, Ван ҳокими Малик Иззатдинни, Гуржилар подшоҳи Константинни, Мароға ҳокими Чаликни, Ардабил ҳокими Бистомбекни Умар мирзога бўйсундирди. Соҳибқирон амир Жокунинг ўғли бўлмиш амир Жаҳоншоҳни Умар мирзога оталиқ этиб тайинлади.

Амир Темур етти йиллик юриш деб ном олган ҳарбий тадбир давомида фақат жангу-жадал билан машғул бўлмай, шу билан бирга забт этилган мамлакатларда ободончилик ишларини ҳам амалга оширди. У вайрон этилган Бағдодда янги бинолар тиклатди, сув иншоотларини таъмирлади. Амир Темур Қорабоғда сосоний подшоҳлардан бўлмиш Қубод асос солган ва Ҳулокухон вайрон қилган Байликон шаҳрини тиклаш мақсадида шаҳар атрофида девор бунёд қилди. Шунингдек, у сувсизликдан хароб бўлган ерларни маъмур этиш ниятида Аракс дарёсидан чиқарилган қадимий ариқларни қайта тиклашга киришди. Бу иш Соҳибқирон ўлимидан сўнг Шоҳруҳ мирзо замонида ҳам давом эттирилди, бу ариқларда жуда кўп тегирмонлар қурдирилди.

Амир Темур Мовароуннаҳрга қайтаётиб, Ардабилга келиб, машҳур Шайх Сафиуддин Исҳоқ Ардабилий (Шоҳ Исмоил – Хатоийнинг бобоси, сафавийлар сулоласи мана шу шайхдан бошланган) мақбарасини зиёрат қилди ва теварак-атрофдаги бир қатор қишлоқларни, ерларни сотиб олиб, Шайх Сафиуддин мақбараси қошидаги масжидга вақф қилиб берди.

Хуросонга етганда, Улуғбек мирзо ўзининг биринчи устози Ҳамза ибн Али Малик ат-Тусий Байҳақийдан ажралди. Ҳамза Шоҳруҳ мирзо хизматида бўлиш учун Ҳиротга кетди. У ўн йилча Шоҳруҳ даргоҳида яшади. Мирзо унга Малик уш-шуаролик лавозимини ваъда қилган эди. Аммо Ҳамза бирдан саройни тарк этиб, дарвишликка берилди. Даставвал шайхлар шайхи Муҳиддин Тусий-Ғаззолий хизматига борди. Ундан тариқатни, ҳадис илмини ўрганди ва устози билан ҳажга борди. Шайх Муҳиддин оламдан ўтгач, Шайх Ориф Озарий номини олган Ҳамза ҳаждан қайтиб келиб Саййид Неъматуллоҳ Валий ҳузурига борди ва бир мунча вақт унинг хизматида сулук касб этди. Кўп вақт ўтиб, устозидан ҳирқаи табаррук олишга эришиб олам кеза бошлади. Ўттиз авлиё билан учрашиб, уларга суҳбатдош бўлди, икки марта пиёда ҳаж сафарига борди. Маккадан сўнг, Ҳиндистонга сафар қилди. Ҳиндистонда ҳам кўп авлиёар билан суҳбатдош бўлган Шайх Озарий кейинчалик жаҳонгашталикдан қайтиб, хилватнишинликни маъқул топди, бошини тафаккур гирдобига эгди. Давлат эгалари – подшоҳлар, амирлар, султонлар ҳузурида туришдан сақланиб, ўттиз йил тоат-ибодат билан Исфароинда яшади…

Амир Темур Хуросон орқали Мовароуннаҳрга ўтиб, Кешга келди. Бу ерда пири бўлмиш Шамсуддин Кулол, отаси Муҳаммад Тарағай ва фарзанди Жаҳонгир қабрларини зиёрат қилди.

ДАВОМИ БОР

Qissaning lotin alifbosidagi matnini yuklab oling

005

(Tashriflar: umumiy 903, bugungi 1)

2 izoh

  1. Bolalikda o’qiganman. Esimda tog’am tug’ilgan kunimda shu kitobni sovg’a qilganlar. Tog’amni yaxshi ko’rganim uchun bu kitobni o’qiganman. O’qib yaxshi ko’rib qolganman/

Izoh qoldiring