Xurshid Davron. Yana Marisa Bodrojich va shoira qizlarimiz haqida

ҳаёт

Хуршид Даврон

ЯНА МАРИЦА БОДРОЖИЧ ВА ШОИРА ҚИЗЛАРИМИЗ ҲАҚИДА

Менинг Баҳром Рўзимуҳаммаднинг Хосият Рустамовани ҳимоя қилиб ёзган «Адабиёт манзаралари»нинг фейсбукдаги саҳифасида жойлаштирган мақоласи хусусида ёзган фикр-мулоҳазаларим айримлар томонидан шоира қизларимизга қарши қаратилган деб тушунишларини истамаганим учун бу мавзуга яна қайтишга мажбур бўлдим.
Энг аввало биринчи мақолада ёзган гапимни такрорлайман: Баҳром Рўзимуҳаммаднинг Хосият Рустамова ҳақидаги гапларига тўла қўшиламан ва уни қувватлайман. Айни шундай қилгани учун Баҳромни ҳурмат қиламан. Томи кетган кимсанинг бошқа ижодкорларга тош отиши,хусусан бундан олдинроқ оламдан ўтган таниқли олим ва адибларимизга туҳмат ёғдирганини кўрдик-билдик,афсуски,индамадик.
Яна такрорлайман Хосият Рустамовани шаънини ҳимоя қилгани учун Баҳромдан миннатдорман. Аммо,Хосиятни ҳимоя қиламан деб,худди Саломат Вафони ҳимоя қилганида ҳам намоён бўлган мезонсиз гапларига қарши тураман.
Қизларимизни Баҳром   Марица Бодрожич билан муқояса қилгани учун мен ҳам бу немис адибаси билан қиёслашга мажбур бўлдим, Марица Бодрожични дунё адабиёти саҳнасига чиқиб олганига ишора қилиб, қизларимиз ҳали ундай имконятга эга эмасликларини, жаҳон адабиёти саҳнасига чиқиш нафақат қизларимизнинг,балки бутун ўзбек адабиёти олдида турган улкан муаммо эканини айтишга уриндим.
Мен шоираларимизнинг адабиётимиздаги ўрни қандай мавқеъда эканини жуда яхши биламан. Қолaверса, бу ҳақда олдин ҳам ўз фикримни ёзганман.Хусусан,Зебо Мирзонинг «Ишқ» китобига ёзган сўзбошимда шундай жумла битган эдим: «Бугунги ўзбек шеъриятида шоираларнинг алоҳида ўрни,янада очиқроқ айтадиган бўлсам, “эркаклар” шеърияти билан тенглашган даражадаги мавқеъи бор». Бу фикримга битта жумла қўшаман:  Нафақат шеъриятда.Адабиётимиздаги бу мавқеъ айнан Ҳалима Аҳмедова,Зебо Мирзо,Хосият Рустамова,Зулфия Қуролбой қизи ва бошқа номлари адабиёт аҳлига ва ихлосмандларига яхши таниш шоира-ю адибаларимиз ижоди билан боғлиқ. Уларнинг бу мавқеъни мен тугул, минг бир бошли танқидчи мавжуд бўлгандаям, рад этишдан ожиз. Аммо, ҳар замон ёки китоби чиққандагина фикр билдириладиган ҳолатларни ҳисобга олмасак, уларнинг ижодий фаолияти ҳақида фундаменталь тадқиқотлар қачон пайдо бўлади? Қачонгача улар (нафақат улар) китобларини кўтариб вилоятма-вилоят юришади. Қолаверса, бу ишни ҳаммаям қилавермайди,айримларнинг юзи чидамайди,айримлар ўлган кунидан шундай қилишга мажбур.
Мен аслида Баҳром Рўзимуҳаммаднинг шоира қизларимизни Нобель мукофотига тавсия қилиш хусусида айтган гапларини реал воқеликдан узилган фикр сифатида қабул қилолмайман. Гап «Ҳалво,дейиш билан оғиз чучумаслиги» ҳақида. Гап адабиётнинг асл баҳоси фақат Ғарбда,Нобель мукофоти берилишида деган гапнинг асоссизлигида. Гап Нобель мукофотини бериш жараёни адабий мезонлардан тамоман йироқлашиб, сиёсий манфаатлар билан боғлиқ эканлигида. Нафақат,Нобель мукофоти бошқа жуда кўп мукофотлар (Ғарбдаям,Шарқдаям,биздаям) айни шу сиёсий нуқтаи назарлардан келиб чиқиб берилади. Ҳатто, Германияда Марица Бодрожичга берилган мукофот ҳам бундан холи эмас. Унинг  туғилган  юрти — Хорватияни,аниқроғи  ўша пайтда мавжуд бўлган сиёсий муҳитни  қоралаб ёзгани бари бир эътиборга олинган.
Менинг бу мавзуга қайтишимга сабаб бўлган ва мендан хафа бўлиб,шоира қизларимизга қарата тош отишда айблаган мактуб эгасига айтгим келади: Уларга тош отишга менинг уларга бўлган меҳрим ва ҳавасим йўл бермайди. Мен ўзбек адабий майдонида фақат мадҳу сано қолиб, тўғри,шунинг учун аччиқ фикрлар айтилмай қолаётганидан хавотирдаман.Адабиёт майдонида танқидий руҳнинг қолмаганидан хавотирдаман.
Бугун ана шу руҳни қайтариш пайти келди. Адабиётшуносларимиз пасту баланд ҳамма нарсага ҳамду сано ўқимасдан,кучларини адабиётга энди кириб келаётган ҳаваскорларгагина намойиш қилмасдан чуқур ва адолатли таҳлиллар жараёнига ўтмоқликлари даркор.
Акси бўлиб қолаверса, ҳеч ким тўғри гапни айтмаса,ҳеч ким миллий қадриятларимизга қарши хавфлар пайдо бўлгани ҳақида гапирмаса, Абдулла Қодирий асарини театрда саҳналаштириб,  БАЧЧАни бош қаҳрамон қилиб  олиш, Озод Шарафиддиновга туҳмат ёғдириш, Хосият Рустамовани мазах қилиш,бизни бетамиз Ғарбдан ўрганишга даъват этиш,уятсиз китобларнинг ёзиш,уларни нашриётлар томонидан чоп этиш,уятсиз китоблар ҳақида  тўғри сўзни айтган одамларни уятсизлар томонидан судга бериш, ҳомийларига ёқиш учун чет элларга бориб «Ўзбекистонда эротик адабиёт» мавзусида маърузалар қилиш,бу маърузаларда халқимиз ақидаларини  бузиб талқин қилишга ўхшаган ҳолатлар  давом этаверади.
Шоира қизларимизни эса севаман,уларнинг ижодини ҳурмат қиламан.Уларнинг шеърларига ҳавас қиламан. Ҳар бирининг адабиётимиздаги ўрни борлигини тан оламан. Бу ўрин биринчи,ёки ўнинчи деб айтишдан йироқман.Адабиёт спорт эмас, шоирларга ўрин берилмайди,уларга кўнгил берилади. Шоира қизларимиз эса юз минглаб кўнгилларга кириб бўлишган.

(Tashriflar: umumiy 43, bugungi 1)

1 izoh

  1. Bizda tanqidni noto’g’ri tushinishadi, g’ayrilik deb o’ylashadi, shuning uchun ham bugungi ijodiy jarayon quruq gap, havoyi maqtovlardan iborat. Yana bir narsa ham borki kimlardir shundan foydalanib she’rni emas, shoirni tanqid qilishadi.

Izoh qoldiring