Xurshid Davron. Yana Marisa Bodrojich va Nobel mukofoti haqida

marica b

   Энг аввало,яна Марица Бодрожич (Marica Bodrozic) ҳақида. Нега яна? Биринчидан, бу адиба ҳақида айрим маълумотларни аниқроқ ва тўлароқ ёзмоқчиман. Иккинчидан, Баҳром Рўзимуҳаммад Нобель мукофотига тавсия қилмоқчи бўлган шоира қизларимизни айнан Марица Бодрожич билан солиштирган. Айни шу сабабдан мен Марица Бодрожич фаолияти ҳақида гапирсам-да…

007
Хуршид Даврон
ЯНА МАРИЦА БОДРОЖИЧ ва НОБЕЛЬ МУКОФОТИ ҲАҚИДА

“Аввал ўйла,кейин сўйла” деб номланган мухтасар мақоламни вақт ярим кечадан ўтган бир пайтда, тўсатдан Баҳром Рўзимуҳаммаднинг Хосият Рустамовани ҳимоя қилиб ёзган «Адабиёт манзаралари»нинг фейсбукдаги саҳифасида жойлаштирган мақоласига кўзим тушди-ю, шошиб ёзиб қўяқолган эдим.
Бугун баъзи гапларни айтолмай қолганимни сездиму яна кечаги мақолани тўдирадиган фикрларни ёзиш керак экан деб ўйладим.
Энг аввало,яна Марица Бодрожич (Marica Bodrozic) ҳақида. Нега яна? Биринчидан, бу адиба ҳақида айрим  маълумотларни аниқроқ ва тўлароқ ёзмоқчиман. Иккинчидан, Баҳром Рўзимуҳаммад Нобель мукофотига тавсия қилмоқчи бўлган шоира қизларимизни айнан Марица Бодрожич билан солиштирган. Айни шу сабабдан мен Марица Бодрожич фаолияти ҳақида гапирсам-да, сиз уни қизларимиз фаолияти билан солиштириб кўриб, хулоса чиқаришга уринсангиз.

Марица Бодрожич 1973 йилда Хорватияда туғилган. Ота-онаси тазйиқдан қочиб Германияга қочиб ўтганлари учун,ўн ёшигача Сплит шаҳри яқинидаги Свиб қишлоғидаги бобосининг хонадонида тарбияланган. 10 ёшида Германиянинг Гессен шаҳрига кўчиб борган ва немис мактабида таълим ола бошлаган. Келиб чиқиши хорват бўлгани билан 10 ёшидан эътиборан немис тили ва дунёқараши таъсирида бўлган,маълум ёшида Германия фуқаролигига қабул қилинган Марица гарчи немис тилини иккинчи она тили деб ҳисобласа-да, охир оқибатда барибир ўзини немис адибаси деб билади. Ҳатто Викепедия ҳам уни “Келиб чиқиши хорват бўлган немис ёзувчиси” деб таништиради.
Бугунги кунда Марица Бодрожич немис адабиётининг энг етук ва таниқли вакилларидан бири сифатида тан олинган. Шу билан бирга у инглиз ва хорват адабиётининг моҳир таржимони ҳисобланади. Унинг таржимасида немис китобхони Нозим Ҳикмат, Марина Цветаева, Иосиф Бродский, Анна Секстон, Робинсон Джефферс ва бошқа кўплаб машҳур ижодкорлар асарлари билан танишган. Шунингдек, у бир неча йил мобайнида АҚШ даги машҳур университетлардан бири сифатида танилган Дартмут коллежида XX аср немис шеъриятидан сабоқ берган. Марица Бодрожич Германия маданиятини дунё бўйлаб тарқатиш ташкилоти Ҳёте институтининг вакиласи сифатида жуда кўп мамлакатларда,шу жумладан,Ўзбекистонда ҳам бўлган ва немис адабиётидан маърузалар қилган.
2007 йилдан кинорежиссёрлик фаолияти билан шуғуллана бошлаган.

Марица Бодрожич кўплаб шеърий,насрий китоблар,шу жумладан бир неча роман муаллифи.Унинг “Ниначи ҳақида хотиралар” («Das Gedächtnis der Libellen») романи немис адабиётида сиёсий роман сифатида баҳоланади. Бу роман адибанинг болалиги кечган Хорватия ҳақидаги хотиралари таъсирида дунёга келган. Марица Бодрожич шеърияти ҳақида ёзган тадқиқотчилар уни немис шеъри табиатини янги оҳанг,янгича қарашлар ва шакллар билан бойитганини алоҳида таъкидлашса,насрдаги асарларининг поэтик руҳда ёзилганига диққатни қаратишади. Адибанинг ўз сиёсий қарашлари,адабий матлаблари билан боғлиқ мақолалари немис матбуотида мунтазам босилиб туради ва улар ҳамиша жиддий баҳсу мунозараларга сабаб бўлади. Айримлар унинг асарларида сиёсий қарашлар ҳаддан ортиқ бўртиб чиқа бошлаётганини салбий баҳолайдилар. 2012 йилда унинг янги “Олча дарахти ва эски туйғулар” («Kirschholz und alte Gefühle») романи нашрдан чиққан.
Марица Бодрожич асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган ва ўндан ортиқ турли адабий мукофотлар билан тақдирланган.

Хуллас, мухтасаргина берган маълумотимдан кейин сўрамоқчиман: Баҳром Рўзимуҳаммад Нобель мукофотига тавсия қилмоқчи бўлган шоира қизларимизнинг қайси бирининг ижодий фаолияти ҳақида Марица Бодрожич хусусида келтирилган гапларни айтишимиз мумкин? Уларнинг қайси бири Баҳром Рўзимуҳаммад намуна қилиб кўрсатган Марица Бодрожич каби адабиёт ва жамият ҳаёти ҳақида ўзининг мустақил нуқтаи назарини ифодалаб, ўз принципларини ҳимоя қилиб ёзганини ўқигансиз? Уларнинг қайси бирининг асарлари лоақал 4-5 тилда таржима қилинган,уларнинг қайси бирининг ижоди ҳақида,ҳеч бўлмаса, ўзимизда фундаментал тадқиқот ишлари ёзилган? “Нобель мукофотига тавсия қилиш керак” деган гапни айтиш учун асос бўлиши керак,у оғизнинг бир четидан шунчаки чиқиб кетадиган гап эмас! Қани эди шу асос бўлса?

Яна бир гапни чин юракдан айтмоқчиман: Мен бу ажойиб шоира қизларимизни мукофотлаш тарафдориман. Уларнинг ҳар бири ЎЗИГА МУНОСИБ мукофотни олишини ҳам тилайман. Чунки уларнинг адабиётимизда тутган мақоми бир хил эмас,деб ҳисоблайман. Уларнинг айримлари давлатимиз мукофотларига муносиб бўлса,айримлари ҳали маҳалла даражасида бериладиган мукофот олишга арзийди.

Мен ўзбек адабиётида муътабар мукофотга лойиқ асар йўқ деб ҳам айтолмайман. ХХ аср охирига келиб адабий мезонлардан кўра сиёсий даъволар асосида мукофот берадиган Нобель комитети фаолияти бугунги кунда ўзи сув ичиб турган булоққа тупурадиган, ўз қадриятларига нописанд, дунёда фақат Ғарб бор, фақат Ғарб маданияти бор деб “ўйлайдиган” кимсаларни излаб топадиган ташкилотга айланганини яхши биламиз. Сўнгги йилларда мукофотланган айрим “нобелчилар” билан солиштирганда Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи каби адибларимиз нечоғли юксак маҳоратга эга ижодкор эканликларини билмаймизми? Хуллас,бетиним ва жавобсиз саволлар бериш мумкин.
Хуллас,Баҳром Рўзимуҳаммаднинг шоира қизларимизни Нобель мукофотига тавсия қилиш хусусида айтган гапларини ўқиб яна ўша гапни такрорлашга мажбурман: аввал ўйла,кейин сўйла!

088

(Tashriflar: umumiy 75, bugungi 1)

3 izoh

  1. Bu kabi jiddiy o’ylovlar va tanqidiy munosabat ular ijodiga ijobiy ta’sir ko’rsatadi degan umiddaman. Bahrom Ro’zimuhammadning bu maqolasi ehtimol ularni ruhlantirish yoinki bizni hali hamon jahon sahnasiga chiqishdagi oqsoqlanishga ishoradir. Yana gap tarjimonlar taqchilligiga borib taqalmoqda. O’zbek adabiyoti nazmiy jihatdan ancha o’zini tutib olgan va sahnaga chiqishga tayyor deb hisoblayman.

  2. Асар умрини бадиийлик белгилайди (Нобель мукофотига тобингиз қалай?)
    7 Октябрь, 2010

    Кейинги юз йил ичида адабиёт соҳасида Нобель мукофотига сазовор бўлган ижодкорларнинг ҳаёти ва ижоди, дунёқараши, мукофотни топшириш чоғидаги маърузалари, умуман, бу нуфузли соврин атрофидаги расмий-норасмий, ошкора-пинҳона гап-сўзлардан иборат қизиқарли маълумотлар билан танишар эканман, кўнгилда баъзи мулоҳазалар ҳам туғилди.

    Лев Толстой Нобель мукофотига сазовор бўлишни истамаган. Сюлли Прюдом, гарчи ўзи ночор аҳволда бўлса-да, мукофот пулини ёш шоирларни қўллаб-қувватлашга сарфлаган. Альфред Нобель ўзи жорий қилган мукофотни “миллати ва келиб чиқишидан қатъи назар, энг муносиблар”га берилишини васият қилган экан. Фикримча, бу васиятга ҳамиша ҳам амал қилинмаган кўринади. Иосиф Бродский мукофотни олар экан, “Мен бу ерда мендан аввал мукофот олганлардан эмас, балки муносиб бўла туриб, ололмаганлардан хижолатдаман” деган ва Осип Мандельштам, Мария Цветаева, Анна Ахматованинг номларини келтирган. Россиялик танқидчи Вадим Кожиновнинг фикрича, “мукофотнинг баъзи-баъзида Осиё ва Африка ёзувчиларига ҳам берилиши унинг халқаро мақомга эга эканини кўз-кўзлаш учун қилинаётган кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас”.
    Дунё шундайки, ҳар қандай мукаммал қарор ҳам, зарур бўлиб қолса, шубҳа остига олиниши мумкин. Зарурат эса кутилмаганда пайдо бўлиб қолади. Мен айни шу ҳолатга эмас, ушбу мукофотга муносиб кўрилганларнинг айрим фикрларига қизиқдим.
    Европада анча шов-шувга сабаб бўлган «Ёвузлик» романи муаллифи, Нобель мукофоти соҳибаси Герта Мюллер хонимнинг социалистик тузумга берган баҳоси жуда аниқ ва ишонарли чиққан: «Социализмнинг бош ғояси шундайки, бу тузумни қўлингдан келганича алдашинг мумкин, аммо минг уринганинг билан сен уни у сени алдаганичалик алдай олмайсан”.
    Шимолий Ирландиянинг Дерри графлигида туғилган Шеймас Хинининг фикрича, ер, яъни она-замин инсонлар тақдирининг тимсол бешиги, унда ҳамма нарсанинг асоси ва интиҳоси — яралиш ва бузилиш, туғилиш ва ўлим, мангу ором ва қайта келиш… каби жараёнлар бирлашиб кетади. Ундан “Сизга Нобель мукофотининг берилиши адолатли қарорми?”, деб сўраганларида у қуйидагича жавоб қайтарган экан: “Асарлари ва ижодий фаолияти муносиб бўлган барчани тақдирлашга мукофотлар етишмайди. Жуда ҳам оддий бир иш — бордию ҳар бир мамлакатда Нобель мукофотига муносиб даражада ижод қилган, аммо тақдирланмаган ижодкорлар рўйхати тузиб чиқилса, масала равшанлашган бўларди. Мана, мисол учун, Жойс олмади, Набоков тақдирланмади. Менга бу мукофотни беришганида, дастлаб яқин дўстларимга — шоир Теди Хьюз ва драматург Браян Фрилга қўнғироқ қилдим, улардан узр сўрадим, мени кечиринглар, мукофотни менга адашиб беришибди, лойиқ номзодга беришмабди, дедим”.
    Мукофот соҳиби Иосиф Бродскийнинг қуйидаги фикрлари ҳар қандай кишини жиддий ўйлантириб қўяди: “Ўзини англаш ва тушуниш — инсоннинг бош вазифаси. Унинг ўзига берадиган биринчи саволи: “Мен америкаликманми, италияликми, швециялик, швейцариялик ёки японияликми, Худога ишонаманми ё ишонмайманми, қайси дин, қайси фалсафага эътиқод қўйганман — булар ҳақида эмас, аксинча, “Хўш, мен ўзи кимман, қўрқоқ эмасманми, одамлар билан муносабатда қатъий ва журъатлиманми, ҳалолманми ёки ҳалол эмасманми, бошқа жинс вакиллари билан муомалам қандай, улар билан келиша оламанми — мана шундай саволлардан иборат бўлмоғи керак. Ҳар бир одам бу борада аниқ бир қарорга келиши лозим. Дин, миллат, маданият борасидаги тафовутлар жуда мужмаллашиб кетган”.
    Александр Исаевич Сольженицин Нобель маърузасини қилиш учун минбарга кўтарилар экан, ҳаяжон оғушида шундай дейди: “Мен ҳамма ёзувчиларга ҳам насиб қилавермайдиган, насиб қилганда ҳам фақат бир марта имкон бериладиган ушбу минбарга текис уч-тўртта зинапоядан чиқиб келганим йўқ. Аксинча, юзлаб, балким минглаб чала-ярим, муз қоплаган қиррали зинапояларни босиб, зулмат қаъридан ўлмай чиқиб келдим. Бошқалар, эҳтимол, мендан ортиқ иқтидорли ва кучли бўлганлар, ҳалок бўлишди. Минглаб оролларга сочилиб кетган Гулаг архипелагида улардан айримларинигина учратдим. Таъқибларнинг зил-замбил тошлари ва ишончсизлик оқибатида ҳамма билан ҳам очилиб гаплаша олмадим. Айримлари ҳақида фақат эшитганман, бошқа бирларини тасаввур қилганман, холос. Адабиётда ном қозониб, ўша жарликларга қулаганларнинг ҳеч бўлмаса номи қолади. Аммо танилмаган, номи очиқ-ошкора айтилмаганлар қанча?! Улардан деярли ҳеч ким тирик қайтмади. Бутун бошли миллий адабиёт у ёқларга нафақат тобутсиз, ҳатто ички кийимсиз, яп-ялонғоч ҳолда, оёқ бармоғига боғланган ёрлиқ билан кўмиб ташланди. Бироқ рус адабиёти бир сония ҳам тўхтаб қолмади. Четдан қараганда, у ўлик туюларди. Ўрмон гуркираб ўсиши мумкин бўлган жойда ҳамма дарахтлар қирқилса ҳам яшашда давом этади, чунки бир-иккитаси тасодифан четда қолиб кетади”.
    Мукофот соҳиби Иво Андричнинг фикрича, тарихда содир бўлган воқеалар, аслида, инсон ҳаётининг мазмун-моҳияти ҳақидаги ягона тарихдир. Албатта, улар қайси вақтда, қандай ҳолат ва кайфиятда, нима мақсадда ёзилганидан келиб чиқиб, шакли, услуби, якуний хулосаси жиҳатидан фарқ қилиши мумкин, бироқ бир ҳақиқатни унутмаслик керак — тарих ҳеч қачон ўзгармайди.
    Нобель мукофотининг бошқа бир соҳиби Сен-Жон Перс ўз маърузасида эътиборни муҳим бир жиҳатга қаратади: “Нима узоқ яшайди: фикрми ё шеърий фаросатми? Фараз қилинг, тун қоронғулигида иккита туғма кўр пайпасланиб боришяпти. Бири илм билан қуролланган, иккинчиси эса ичги сезим билан ҳаракатланади. қайси бири бу вазиятдан олдин чиқади, қайси бирининг дилида йўл кўрсатувчи ёруғлик кўпроқ? Жавобларни фарқлаш қийин… Поэзия, нафақат дунёни билиш, балки у ҳаётнинг ўзи ҳамдир. Шоирлик қабилачилик даврида ертўлаларда яшаган одамнинг қалбида ҳам бор эди, у атом асри одамининг руҳида ҳам яшайди”.
    Нобель мукофотига сазовор бўлганида энди қирқ тўрт ёшга кирган Албер Камю ўз маърузасида ҳаяжонини яширмайди: “Ҳар бир одам, айниқса, санъаткор обрў орттиришни истайди. Мен ҳам шулар қаторидаман. Сизларнинг қарорларингизни эшитиб, унинг қимматини ўзим билан таққосладим. Ахир, ҳали ёш, ягона бойлигим турфа хил шубҳалару ёзилмаган китобларим бўлса, ишда ҳам, ўзаро муносабатларда ҳам ёлғизликка ўрганиб қолган бўлсам, қўққисдан мени осмону фалакка чиқариб қўядиган қарорни эшитганда саросимага тушмай бўладими? Яшириб ўтирмайман, мен саросимага тушдим, ичимда бир ҳаяжон қалқди. Ўзимни босиб олиш учун менга бу қадар саховат кўрсатган қисмат билан ҳисоб-китоб қилишимга тўғри келади. Мен ўзимни бундай мартабага лойиқман, деб ҳисобламайман. Аммо, айтишим зарурки, бутун умрим давомида турли вазиятларга дуч келганимда менга мадад берган бир нарса бор, бу — менинг санъат ва ёзувчи масъулияти ҳақидаги тасаввурларим…”.
    Америкалик ёзувчи Уильям Фолкнер ижоди билан таниш бўлмаган китобхонлар унчалик кўп эмас. Адибнинг ўзи эса ижоди, асарлари ва мушарраф бўлган мукофотлари боис шуҳрат пиллапоясига кўтарилишни мутлақо истамаган. Суҳбатларидан бирида қабр тошига битиладиган “У китоблар ёзди ва оламдан ўтди” деган бир жумла ҳаётининг маъно-моҳияти, ўй-қарашлари, жамики интилишларининг мақсад-муддаоси эканлигини очиқ таъкидлайди. “Баъзи ёзганларимга имзо қўймасам тўғри бўларди”, дейди.
    “Қалбаки пул ясовчилар” романи билан йигирманчи асрнинг етук ёзувчилари сафидан жой олган француз адиби Андре Жиднинг мукофот тўғрисидаги фикри эса бутунлай бошқача: “Узоқ йиллар мобайнида менинг овозим саҳрога сингиб кетаётгандек туюларди, — дейди у Швеция Академиясига ёзган миннатдорлик мактубида.— Кейинроқ эса бу овоз жуда озчиликка етиб бораётгандек таассурот билан яшадим. Аммо бугун сизлар менинг ўша озчиликка ишонганим тўғри бўлганини исботлаб бердингиз…”.
    Немис романнависи, танқидчи ва публицист Герман Гессенинг адабиёт, маданият ва маънавият тўғрисидаги фикрлари ўзининг жозибали таъсир кучи билан эътиборни тортади: “Мен бутун одамзотни маънавий жиҳатдан бир қолипга тушириб қўйиш мақсадида миллий хусусиятларни дазмолдан ўтказиш тарафдори эмасман. Йўқ, бу гўзал ва бетакрор заминда турфа хил ранглар, хилма-хиллик, изчил юксалиш бўлсин. Турли ирқ ва элатларнинг, турли тилларнинг, сон-саноқсиз дунёқарашнинг мавжудлиги — буюк ҳодиса”. Адибнинг маънавий камолотга доир фикри шуки, “Бирор бир мақсад йўлида таҳсил олишнинг ўзи ҳақиқий таълим бўла олмайди. Камолот йўлидаги ҳар қандай интилиш сингари, ҳақиқий таълим ҳам ўзига хос теран мазмунга эга. Жисмонан бақувват, эпчил ва келишган қад-қоматга эришишга интилишдан мақсад бой-бадавлат бўлиш, шон-шуҳратга бурканиб яшаш, чексиз қудрат соҳибига айланиш эмас. Бироқ бу интилиш туфайли бизнинг ҳаётга муҳаббатимиз янада ортади, янада шодмон ва масрур бўламиз, ўзимизни соғлом ҳис этамиз, турли хил тажовузлардан яхшироқ ҳимояланамиз. Шунга ўхшаш, таълим олиш, маънавий-руҳий баркамолликка эришиш — маҳдуд бир аъмолга олиб борадиган изтиробли йўл эмас, балки онгимиз, дунёқарашимизни кенгайтирадиган қувончли ҳодисадир… Ана шундай таълимга олиб борадиган йўллар ичида энг муҳими — жаҳон адабиётини ўрганиш, кўпгина халқларнинг ёзувчи ва мутафаккирлари асарларидаги бизга ўтмишдан туҳфа бўлиб қолган ноёб фикрлар, қимматли ҳикматлар, бой тажриба ва рамзлар хазинасини изчиллик билан ўзлаштиришдир”.
    1933 йилда асарлари бугун ҳам эътибор билан ўқилаётган Бунинга Нобель мукофоти берилади. Бу пайтда у хорижда, муҳожирликда яшаётган эди. Ёзувчи Борис Зайцев академия қароридан таъсирланиб, шундай деган экан: “Қаранг-а, биз — муҳожирлар, иккинчи даражали одамлар бўлсак, муҳожир ёзувчига мукофот беришибди-я. Сиёсий ёзишмалари учун эмас, ҳарқалай, бадиий ижоди учун”.
    Шуниси ажабланарлики, ўтган юз йил ичида адабиёт соҳасида Нобель мукофотига сазовор бўлган бадиий асарларнинг жуда кўпи орадан ҳеч қанча вақт ўтмай адабий жамоатчилик эътиборидан тушиб қолган. Бугун уларни бошқа мамлакатлардагина эмас, мукофотга сазовор бўлган муаллифларнинг ватанида ҳам яхши билишмайди. Бу асарларни кутубхоналарнинг нодир асарлар сақланаётган махсус бўлимларидан топиш мумкин. Топилганда ҳам, бугунги ўқувчи учун у қадар қизиқарли эмас. Нега энди шундай?
    Бу саволга бошни кўп қотирмай ҳам жавоб берса бўлади. Гап шундаки, мукофот қўмитасининг баъзи қарорлари ўша пайтнинг ўзидаёқ жиддий эътироз ва истеҳзоларга сабаб бўлган. Баъзи муаллифлар мукофотга сазовор бўлганларини эшитиб, таажжубда қолишган. Чунки швед академиклари, биринчи навбатда, дунёда кечаётган мураккаб ижтимоий-сиёсий, диний-ирқий ва бошқа ғала-ғовур жараёнларни, адабиётга бевосита дахли бўлмаган яна кўплаб ҳолатларни ҳисобга олишади. Бу, бир қарашда, ўзини оқлагандек туюлади. Аммо у ёки бу асарнинг адабиёт тарихида қолишини у қандай мукофотга сазовор бўлгани эмас, бадиий ва эстетик қудрати ҳал қиладики, бу ҳақиқатни асло рад этиб бўлмайди.
    Кўнгилда туғилган мулоҳаза шуки, ўзбек адабиётида яратилган бир эмас, бир неча асарларни кейинги юз йилликда Нобель тожини кийган асарлар билан бемалол ёнма-ён қўйиш мумкин…

    Аҳмад ОҒА

    “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси,
    2010 йил, 17 сентябрь, №38 (4073

  3. Yaxshi maqola bo’libdi… Osiyo xalqlari adabiyoti vakillariga Nobel mukofotining berilishi nafaqat yaxshi niyat balki amalga oshirilishi lozim bo’lgan jarayondir,(bu tilga olingan shoiralarimizdan balandroq adabiyot haqida). Gap munosib asarlarni jahonga olib chiqa olishda… Shu kunlarni ko’rish nasib etsin ilohim.. Bu nafaqat mukofot balki millatiga muxabbat tuyg’usi bor insonlarning ko’ksini tog’lar qadar baland ko’tarilmog’idir…

Izoh qoldiring