Асрлар ўтади, ҳамон ўшасан…

Ashampoo_Snap_2017.07.17_14h47m53s_002_.pngСен ҳам яшасанг-чи, фикр қилсанг-чи,
Тош қотган қалбингга яқин келсанг-чи!
Бир дам бошдан олиб яғир дўппингни,
Ҳа деб ўйлайвермай озу кўпингни,
Тонгларни қаршилаб яйраб кулсанг-чи!

Хуршид ДАВРОН
АСРЛАР ЎТСА-ДА
006

Асрлар ўтади,ҳамон ўшасан,
Мудраган Буддага ўхшайсан.
Қилт этмас миянгда бир томир,
Йилт этмас фикрингда бир шуур.
Топган гапинг фақат: «Ўзингга шукур!»

Бола ўстирасан,тўйлар қиласан,
Фақат маст бўлганда йиғлаб куласан.
Ёнингдан ўтади гуллаб баҳорлар,
Ёнингдан кетади оқшом,наҳорлар,
Уларни сезмасдан бир кун ўласан.

Сен ҳам яшасанг-чи,фикр қилсанг-чи,
Тош қотган қалбингга яқин келсанг-чи!
Бир дам бошдан олиб яғир дўппингни,
Ҳа деб ўйлайвермай озу кўпингни,
Тонгларни қаршилаб яйраб кулсанг-чи!

Адир ортидаги тоғларга боргин,
Тоғларнинг тошига қалбингни ёргин,
«Ёрилтошим,дилимни кўрсатгин» дегин,
Ёрилтошим,ҳолимни сўрагин» дегин,
Ёшингдан ҳўл бўлган тошларни қоргин.

Ахир,бу дунёда ой бор,осмон бор,
Ахир,бу дунёда гул бор,самон бор,
Ахир,гул устида турсангчи бир бор,
Ахир,ой остида турсангчи бир бор.
Ахир,яхшилар бор,ахир,ёмон бор.

Йўқ-йўқ,ҳамон ўша-ўшасан,
Мудраган Буддага ҳамон ўхшайсан.
Дунёдан бехабар,дунё бехабар,
Қорин тўқ,қорин оч,аммо бехатар
Дунёнинг четида мудраб яшайсан…

Xurshid DAVRON
ASRLAR O’TADI HAMON O’SHASAN…

006

Asrlar o’tadi,hamon o’shasan,
Mudragan Buddaga o’xshaysan.
Qilt etmas miyangda bir tomir,
Yilt etmas fikringda bir shuur,
Topgan gaping faqat: «O’zingga shukur!»

Bola o’stirasan,to’ylar qilasan,
Faqat mast bo’lganda yig’lab kulasan.
Yoningdan o’tadi gullab bahorlar,
Yoningdan ketadi oqshom,nahorlar,
Ularni sezmasdan bir kun o’lasan.

Sen ham yashasang-chi,fikr qilsang-chi,
Tosh qotgan qalbingga yaqin kelsang-chi!
Bir dam boshdan olib yag’ir do’ppingni,
Ha deb o’ylayvermay ozu ko’pingni,
Tonglarni qarshilab yayrab kulsang-chi!

Adir ortidagi tog’larga borgin,
Tog’larning toshiga qalbingni yorgin,
«Yoriltoshim,dilimni ko’rsatgin» degin,
«Yoriltoshim,holimni so’ragin» degin,
Yoshingdan ho’l bo’lgan toshlarni qorgin.

Axir,bu dunyoda oy bor,osmon bor,
Axir,bu dunyoda gul bor,somon bor,
Axir,gul ustida tursang-chi bir bor,
Axir oy ostida tursang-chi bir bor,
Axir,yaxshilar bor,axir,yomon bor.

Yo’q-yo’q,hamon o’sha-o’shasan,
Mudragan Buddaga hamon o’xshaysan.
Dunyodan bexabar,dunyo bexabar,
Qorin to’q,qorin och,ammo bexatar
Dunyoning chetida mudrab yashaysan.

 

08

(Tashriflar: umumiy 45, bugungi 1)

Izoh qoldiring