Мигель Эрнандес сўзи

  migel ernandes

Мигель Эрнандес Хилаберт
(1910-1942)

Буюк испан шоири ва драматурги (Miguel Hernández Gilabert (1910 – 1942).Оддий чўпон оиласида дунёга келган.1929 йилда илк бор матбуотда шеърлари эълон қилинган.1934 йилда Мадридга келади ва ўша даврнинг энг машҳур шоир ва рассомлари Висенте Алейксандре, Федерико Гарсиа Лорка, Пабло Неруда, Марухой Мальо гуруҳига қўшилади.1936 йилда бошланган фуқаролар урушида республикачилар томонда фаолият юритади.Узоқ йиллик кураш ва таъқиблардан кейин 1939 йилда диктатор Франко тарафдорлари уни қўлга олиб,ўлимга ҳукм этишади.Халқнинг норозилигидан қўрққан тузум ўлим жазосини умрбод қамоқ жазосига алмаштиради.1942 йилда қамоқхонада вафот этади.

МИГЕЛ ЭРНАНДЕС СЎЗИ

«Кўзлар» достонидан лавҳа

қандай юмай  киприкларим қиличга айланса
ватан
қандай юмай  киприкларим қиличга айланса
қандай юмай
қандай юмай испаниям осмонида
чарақласа йирик-йирик юлдузлар
қандай юмай дўстларимни кўриб турсам
Кўриб турсам улар тутган қуролларни

испания сенинг барча мозорларингда
қўйилган қора қайроқтошларни қабртошларни
қобоғимга босиб қўёлмасанг қандай юмай
она халқим сен очликдан қулликдан
муҳаббатдан нафратдан тўккан кўз
ёшларингни бир ўзим тўксам
оқиб тушиб қорачиғим, юмиларми кўзларим

қандай юмай, кўзгуларнинг совуқ бағрига
қуёш мактуб битса менинг номимга
қандай юмай курдобанинг сариқ минорида
кўриб турсам қотиб қолган соатни
қандай юмай
о отахон чақа босманг қабоғимга чақа босманг
у ифлосдир ахлатхона қоғози каби
худо бор бўлса қани айтсин қандай юмай

о испания гўрим қазиб қўйиб кўзларимни
юмушимни кутиб турибсан кечир юмолмайман
қандай юмай қишлоқларингни шаҳарларингни
яйловларингни тоғларингни зайтунзорларингни
қорларингни чумчуқларингни саратонингни севсам қандай юмай кўзимни
қандай юмай кўзимни қандай

чолларингнинг кампирларингнинг йиғлаётганини
болаларингнинг кулаётганини гулларингнинг табассумини қушларингнинг тухум қўяётганини йигитларингнинг қасам ичаётганини кўриб турсам қандай юмай

тўйларингда азаларингда менинг қадаҳим ичилмасдан бир четда тўкилай деб турса
ҳар тонгда соғиб олинган сутда адирлар момоқаймоқлар тушларини кўриб турсам қандай юмай кўзларимни
ана қара қара бир бола пода ортидан сивизға чалиб бормоқда кўзларида баҳор ва ўн бешга кирган қизалоқ
қандай юмай қара яшил ўтлар қуршаган сўқмоқ бўйлаб адирга тушиб бормоқда почалари ҳўл бўлиб кетган сўқмоқ четида ҳсган майсалардан шабнам дурлари каби тўкилаётир

қандай юмай кўзимни
мен ҳеч қачон шеър ёзмаганман шам ёруғида  электр ёруғида
шеър ёзганман ой ёруғида
ой нурини тўкиб турса  қандай юмай кўзимни
мен ҳеч қачон қўшиқ айтмаганман мотам азада
бироқ бугун бир халқ азасида куйлагим келар
қўшиқ айтгим келар ўлмас халқ ҳақида

шеърларимни ёқинг ахир мен бугун
ҳақиқий шеърлар ёзишга қудратим етганида
қандай юмай кўзларимни
қандай
ахир қара зулмат солдатлари қон кечмоқда
ҳўкиз терисидан тикилган этикларида мажақданган
гуллар ҳамон жон бермасдан бақирмоқдалар яшасин испания
улар тутган милтиқларнинг оғзи тўла ўқ
менинг эса юрагимда қасос сўзлари шундай тўлгандир

Мадрид кўксидан яраланган бўлса қон оқса булбулни тинглаган қулоқларидан қон оқса гитарани эркалаган бармоқларидан қон оқса болаларга ширин кулча пиширган қўлларидан қон оқса яшасин испания деб бақирган оғзидан қон оқса қандай юмай кўзимни
қандай
қандай юмай кўзларимни ахир болалар қонининг ахлатхона сувларига қўшилиб кўча бўйлаб оқаётганини кўриб телба бўлиб қолган биби марямни қора зулмат аскарлари зўрлаётган бўлса нон дўконида
кўзимни қандай юмай
югуринг чопинг ўша сивизға чалиб бораётган болакайни қайтаринг ялининг ёлборинг
оч одам нон бергин деб ялингани каби
сивизғасин чалиб турсин мурдаларнинг бошида

биламан мен ўз-ўзимни алдаяпман бироқ айтинг
қандай юмай кўзларимни агар ўлдирилган қасоскорнинг ўқланган милтиғи отилмай бир четда ётса
тепкисини босишга чақалоқнинг ҳам кучи етади
қандай юмай кўзимни агар мен испанияни озод кўрмоқни истасам
Мен уни кўраман
Кўзларим очиқ

1980

Изоҳлар:
1.Буюк испан шоири Мигель Эрнандес ҳаётдан кўз юмганда кўзлари очиқ қолган деган нақл бор.
2.Христианлар кўзлари юмилмай қолган мурданинг қабоғига танга босишади.

Шеър илк маротибв Хуршид Давроннинг «Учиб бораман қушлар билан» ( 1983 й.) китобида нашр этилган.

(Tashriflar: umumiy 27, bugungi 1)

Izoh qoldiring