Xurshid Davron. «Qoratog’ (Qrim) she’rlari» turkumidan

1944
Бугун Қримда яна нотинчлик, яна сарҳадсиз ва  шафқатсиз империя кичик сонли, аммо машаққатларда чиниққан қримтатар халқини нишонга олди. Яна қонли ва ёвуз босқин туфайли улкан сарҳадларга эга бўлган империянинг бераҳм чангали Қрим устида кўтарилди. Икки манфаатпараст куч —  Оврупо ва Россия империялари жангида  ўз она юртида  ҳалигача  бепаноҳ  халқ яна жабру зулм остида қолиши мумкин. Бу икки қудратли куч  уларнинг тақдири учун эмас, ўз пулпараст компаниялари-ю  ҳарбий базалари учун талашмоқда. Ана шундай машъум сонияларда қардошларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш бизнинг  ҳам инсоний, ҳам туркий  бурчимиздир.
0333

2009 йили депортациянинг 65 йиллиги нишонланган кунларда Қрим татарлари сургундаги ватанга айланган Ўзбекистондан миннатдорлик рамзи ўлароқ Оқмачитда ҳайкал тикладилар.Ёдгорлик очилишида нутқ сўзлаганлардан бири, университет ректори Февзи Ёқубов жумладан шундай деган эди:
«Бу бизни қабул қилиб олган ўзбек халқига, бир бурда нонини биз билан бўлишган ўзбекка, бир қултум сув тутган ўзбек аёлига, хаста болаларимизни доривор кўкатлар териб, даволаган ўзбек оқсоқолига, ўлим тўшагида ётган биродаримизга шифо тилаб дуо ўқиган ўзбек онахонига қўйилган ҳайкалдир. У бизни ўзининг эски қадрдонларидек қайта қабул қилган украин халқига ҳам ҳурматимиз ифодасидир».

Мен бир неча бор Қримда — Кўктебел ижод уйида дам олганман. Ҳар гал борганимда Қримни айланиб чиқардим. Ҳозир ҳам ёдимда: менинг Ўзбекистондан эканимни билиб қолган қримликлар ўзбек халқига нисбатан самимий миннатдорчиликларини тўлиб-тошиб изҳор қилишарди.
Бу халқнинг фожиали тақдири мени ҳам қавмдош, ҳам шоир сифатида ҳамиша аламли ўйларга чулғаб келган. Мана шу ўйлар натижасида 1986-88 йилларда «Қоратоғ дафтари» номли туркум шеърларни ёзган эдим.
Бугун депортациянинг 69 йиллиги нишонланаётган кунларда ана шу туркумдан айрим шеърларни сизнинг диққатингизга ҳавола этмоқчиман. Бу шеърларни сургун кунларида ва узоқ давом этган саргардонлик йилларида она юртларини кўролмай дунёдан кўз юмган инсонларга, бугун яна бошида янги қатағон хавфи турган қардошларимга бағишлайман.

0987

Хуршид Даврон
«ҚОРАТОҒ ШЕЪРЛАРИ» ДАФТАРИДАН

БУ ДАШТЛАРНИ КЎП БОР КЕЗГАНМАН…

Бу даштларни кўп бор кезганман,
Гоҳо ёлғиз, гоҳо дўст ила.
Неча марта кезган бўлсам ҳам,
Мен қайтганман маҳзун ҳис ила.

Нураб ётган кулбаларга жим
Боқиб юрак ғамга тўлғуси,
Қулоғимга келиб чалинар
Қувғин бўлган бола кулгуси.

Ҳеч ким мени овутмас, мен ҳам
Овутмасман ҳеч кимни бунда.
Фақат тинмай туйғуларимни
Оқ қоғозга тўкаман тунда.

Шеърларимга киради аста:
Чексиз дашту тоғ, денгиз, қуёш,
Қувғин бола исмин кўксида
Сақлаётган ёлғиз бужур тош

ОШИҚ УМАР ҲАҚИДА ШЕЪР

Шу тупроқда, қайдадир пинҳон
Ошиқ Умар қабри бор… Бироқ,
Бу сирни ҳеч очгиси келмас
Душман келиб топтаган тупроқ.

Балки ётар Чатиртоғда у,
Қоратоғда балки у ётар.
Мен биламан, уни ҳар кўклам
Ҳар бир чечак, ҳар бир ўт ёдлар.

Ёдлар уни кўкдаги ҳилол,
Арча исли шамоллар ёдлар.
Балки ётар Кўзлавида у,
Балки Боғчасаройда ётар.

Қрим, Қрим, эй, мунгли маскан,
Қучоғингни кезарканман жим
Ҳар қадамда Ошиқ Умарнинг
Шивирлашин эшитавердим.

Оч тўлқинлар гувлаган чоғда,
Боқчасарой вайронасида,
Ёнарқуртлар учган ҳар боғда
Ва денгизнинг нотинч сасида –

Қайда бўлмай, қаерда юрмай
Дил ўксиди бамисли етим –
Ҳар қадамда Ошиқ Умарнинг
Шивирлашин эшитавердим.

Ўқий дея қабрида дуо
Сўроқладим, айтмади ҳеч ким.
“У шу ерда!” – деди далалар,
“У шу ерда!” – деди юрагим.

“У шу ерда!” – деди Кўзлави,
“У шу ерда!” – сўйлади Мисхор.
“У шу ерда!” – деди заминга
Етмай ҳали эриб кетган қор.

ҚИЗИЛ

Сени қўмсаб, ичиккан олис
Ўша сен туш кўрган манзилдан
Олиб келдим сенга бир ҳовуч
Боболарнинг қони – қизилдан.

Ерга томган ҳар бир томчи қон
Беиз кетмас, деганлари ҳақ.
Мен келтирган бир ҳовуч маржон
Меҳрингга зор, меҳрингга илҳақ.

Болаларинг тишлаб, юзларин
Бужмайтирар ва четга қўяр.
Сен бўлсанг жим… Унинг заҳари
Кўксинг тиғдек аямай ўяр.

Ва Тошкентни қучганида тун
Изилларкан тунги кўр ёмғир,
Шивирлайсан сен унга маҳзун:
“Она, мени қошингга чақир!”

Ёдга тушар ўша дам қаро
Тушларингга кирган ул маскан,
Гуллаб ётган қизиллар аро
Кезарсан жим, ўзни билмасдан.

Йироқдан сув товуши етиб,
Сўнг кўринса кўзингга уммон,
Дилинг учар кўксинг тарк этиб,
Аммо уни сиғдирмас осмон.

Аммо хаёл ўша ерда… Тун.
Осмон аро то тонгга қадар
Сузиб юрар сендайин нигун,
Қизил каби қип-қизил қамар.

Тунлар дарддан юрагинг қизиб
Кетса, сенга берсин деб ёрдам,
Олиб келдим бир ҳовуч қизил –
Ўша сен туш кўрган диёрдан.

* * *

Азиз Қримнинг тоғларида
Ҳаво тоза, яйрадим дилдан
Ва кеч кузакнинг боғларида
Сайр этаман мен ўғлим билан.

Шовиллайди болутлар титраб,
Боғдан ўтган ирмоқча куйлар.
Гўё дилга азиз бу чорбоғ
Маним ила ўғлимни қутлар.

Сайр тугар,
Кулбага қайтган
Ўғлим боқар дарчадан ўйчан,
Қувғин бола исмин шивирлар
Қари дарахт боғнинг ичидан…

МАКСИМИЛИАН ВОЛОШИН

Қўлларидан ушлаб ўғлимни
Тоққа қараб ўрладим пешин,
Қўймоқ учун тонг гулларини
Мозорингга келдим, Волошин.

Юрагимни овутмоқ учун
Келганим йўқ сенинг қошингга,
Ё келмадим бағри тўла хун,
Кўзёш тўкмоқ учун тошингга.

Фақат шоир ҳурматин бажо
Айлай дея келдим мен бу он,
Агар тирик бўлсайдинг, балки,
Биз бўлардик дўсту-қадрдон.

Умр бўйи муҳаббат излаб,
Сен яшадинг қон юта-юта,
Энди тинчиб ухларсан бадбахт
Боболаринг топтаган юртда.

Манбаъ: Баҳордан бир кун олдин.Тошкент.,»Шарқ»,1997

Саҳифани безашда қримтатар мусаввири Рустем Эминовнинг «Сургун» туркумига кирган асаридан фойдаландик.

(Tashriflar: umumiy 41, bugungi 1)

Izoh qoldiring