Xurshid Davron. Uchishni istayman. Doston (1978)

077 Хуршид Давроннинг титроқ ун билан ёзилган «Учишни истайман» деган фалсафий достони мана бу сатрлар тугалланади:

Учишни истайман!
Учишни истайман!

Учамиз, ҳей, шоир жўралар,
Ёлғон шеърлар узра бешафқат.
Дўст бўлади ўтли яралар,
Душман бўлар бизга ҳатто бахт.

. . . . . . . . . .

Ахир аср учмоқда,
Юксак
Туйғулар-ла учайлик ҳар дам.

Лекин парвоз истаги романтик бўёқларгагина эга бўлиб қолмайди. Парвоздан асл мақсад — Ватанга катта маърифат эгалари керак:

Руҳи учқур фарзандлар керак
Учаётган она Ерга ҳам.

Иброҳим Ғафуровнинг «Яқинлашиб келаётган…фикр» мақоласидан (Камалак. Адабий-танқидий йиллик тўплам. Тошкент. «Ёш гвардия», 1989).

Хуршид ДАВРОН
УЧИШНИ ИСТАМАЙМАН
Достон
044

I

Шавкатли Тархонбек омадли босқиндан сўнг тоғдаги сайлгоҳда дам оларди. Сайлгоҳ тоғнинг ҳайбатли қоясида. Қоянинг пайида узоқларга чўзилиб кетган водий…

Т а р х о н б е к:

Қандай бепоёнлик… Қандай чексизлик…
Шундай поёни йўқ қудратим бўлса.
Э, худо, сен ўзинг қўллагин мени,
Истайман: бойлигу салтанатимнинг
Поёни бўлмасин етти иқлимда…

Ногоҳ шовқин кўтарилади. Отнинг безовта кишнаши эшитилади. Ҳовлиқиб вазир кириб келади.

В а з и р:

Ҳазратим… Ҳазратим… Тингланг… ё пирим.
Ҳазратим… осмонга кўз ташланг… Ана!
Қандайдир бир махлуқ Аллоҳ мулкининг
Оромин бузибди.

Т а р х о н б е к:

Вазири аъзам,
Шошмангиз, сўзингиз уқмоқ кўп мушкул,
Нима демоқчисиз? Шошмай гапиринг…

Вазир:

Таҳорат олай деб,
Сокин чакалакка кираётганда
Ногоҳ кўриб қолдим… Юксак қоядан
Ўзини пастга ташлаб юбордию, сўнг
Қанот қоқиб уча бошлади осий…

Осмонда — Тархонбек ҳеч қачон сезмаган,
Ўзи орзу қилган чексизлик аро
Улкан ва шиддатли қанотин ёйиб
Учарди баҳайбат, салобатли қуш.
Бек шошмай қайрилди, шошиб буюрди:

Т а р х о н б е к:

Менинг даргоҳимга етказинг,
Ҳеч кимса сезмасин,
Сиз ҳам сир сақланг.
Абжирроқ уч навкар жўнатинг тезроқ,
Ўзингиз бош бўлинг… Тезроқ бажаринг…

II

Б и р и н ч и н а в к а р:

Гуноҳкорни ушлаб олдик пастда, дарада,
Қўлларини боғладик-да, судрай бошладик.

И к к и н ч и н а в к а р:

Тор сўқмоқдан буюк бахтни бағрига босиб
Борар эди паҳлавонқанд, бақувват одам.

У ч и н ч и н а в к а р:

У ҳали ерга қайтиб тушмаган эди,
Учар эди мовийликда, булутлар оша.

Б и р и н ч и н а в к а р:

Пастдан юксак қоя томон интилган сўқмоқ
Ҳаяжондан силаб-юлқаб оёқларини
Болалардек қўрқа-писа шивирлар эди:
-Осмон қандай, осмон қандай…
Юксаклик қандай?

И к к и н ч и н а в к а р:

«Осмон қандай, осмон қандай,
Юксаклик қандай?»
Титраганча томирларин кучли зарбидан
Шивирлади эндигина унган майсалар.

У ч и н ч и н а в к а р:

Илдизлар ҳам ер остидан бўғилиб кетган
Савол билан ерни титратар эди:
«Осмон қандай?»

В а з и р:

Ҳаяжонин яширолмай ёш навкар сўрар:
«Осмон қандай?»
У эса осмондан кўз узмай шивирлар:
«Учишни истайман… мен, ахир, учдим…»

III

Гуноҳкорни етказдилар бек ҳузурига
Ва ҳайратдан қотиб қолди ботир Тархонбек.
Қаршисида сонсиз жангда ёнма-ён юрган,
Унга қилич, пишиқ совут тайёрлаб берган,
Тулпорига олтин тақа, кумуш қўнғироқ
Ясаб берган темирчиси турарди мағрур.

Т а р х о н б е к :

Сенмисан қуш бўлиб учган?! ! Эй, муртад… Осий!
Аллоҳнинг тинчини бузган сенмисан,
Сенмисан ўлимни қўмсаган шаккок,
Сенмисан қурт бўлиб, бургутман деган?

Т е м и р ч и:

Учишни истайман!

Т а р х о н б е к:

Тупроқда яшаган чувалчанг каби
Кўзингни тупроқдан узмай яшайсан.

Т е м и р ч и:

Учишни истайман!

Т а р х о н б е к:

Чириган дарахтда яшаган қуртдай
Кўзинг кўр, нур нима билмай ўтасан.

Т е м и р ч и:

Учишни истайман!

Т а р х о н б е к:

Бандасан — сен ерда яшашга маҳкум,
Бандасан,оёғинг ерга боғланган!

Т е м и р ч и:

Яратган осмонида
Учишни истайман!
Эслайман: тушимда оппоқ битта қуш,
Пастлаб учиб келиб, елкамга заррин
Қанотин тегизди ва шунда бирдан
Қўлларим қанотга айланиб қолди.
Осмонга талпиндим ўша қуш билан,
Биз учдик тўлқинли тоғлар устидан,
Юрагим қувончга лиммо-лим эди.
Билсангиз, у қушнинг кўзлари худди
Қизнинг кўзларидай сеҳркор эди.
Афсуским, тушимдан айирди саҳар…
Қанот ясай бошладим ўша кунданоқ
Ўша оппоқ қушни топмоғим учун…
Ўша қушнинг ранги оп-поқ…

Т а р х о н б е к:

Неча йил жанг қилдим чексизлик учун
Чексизлик меники… у менинг тахтим.

Сен муртад, билиб қўй, менинг амримда
Бу замин, бу осмон, бу баҳри уммон.
Сен эса, қулвачча, гўдакликданоқ
Менинг фармонимдан чиқмаган банда,
Бир лаҳза осмонда парвоз этдингу
Чексизликни туюб, ерга қайтганда
Кўзингда шаккоклик олови ёниб,
Қайтариб турибсан
менинг сўзимни…

Т е м и р ч и:

Сен уча олмайсан!

Т а р х о н б е к:

Уча олмайсан?

Т е м и р ч и:

Мақсадинг йўқ сенинг… Дилингда кир кўп —
У тошдек оғирдир… Кўтаролмайсан.

Т а р х о н б е к:

Учаман — бош эгар менга дунёлар,
Ҳали оёғимнинг остида дунё
Қумурсқадай ожиз сезар ўзини.
Амрим шу: эртага субҳи азонда
Каллангни танангдан жуда қиламан.
Олиб чиқинг. Тўхтанг, кўзларин боғланг…

IV

Т а р х о н б е к:

Вазири аъзамга бир саволим бор,
Айтгин-чи, не учун учди бу осий?

В а з и р:

Эсини еб қўйган… телбалик, бегим,
Телбалик бу ишнинг асл сабаби.

Т а р х о н б е к:

Вазири аъзамга яна бир савол:
Нега учмас, ахир, бошқа телбалар?
Билмайсанми? Афсус… Қулоғингни тут.
Одамзод қулликда азоб чекаркан
Занжирни узишдир ягона ўйи.
Ягона орзуси: кошки қуш бўлиб
Учиб кетсам дейди юксак-юксакка.
Мен ҳам… неча марта орзу қилганман.

В а з и р:

Ахир, сиз… ҳазратим… қул эмас, бексиз…

Т а р х о н б е к:

Гарчи бекман, тожу тахтимга қулман,
Сен эса қул эмас, қулнинг қулисан.
Шу боис ҳеч қачон орзу қилмайсан…

Ё раббим, наҳотки ёшликдан кечиб,
Безовта орзулар исканжасида
Ака-укаларим янчдим тахт учун
Мана шу пасткашлар иқболин ўйлаб?
Эҳ кошки сен буни англасанг, билсанг…
Яхшиси, айтгин-чи, вазири аъзам,
Тушингда учганмисан бирор бир марта?

В а з и р:

Йўқ, бегим… ҳеч қачон… йўқ, учмаганман.

Т а р х о н б е к:

Бўлмаса, айтгин-чи, унинг учганин
Ким яна кузатди, ким гувоҳ бўлди?

В а з и р:

Мен,
Сиз,
Ўзингиз юборган уч содиқ навкар,
Ва ўтин теришга чиққан битта чол.

Т а р х о н б е к:

Навкарларни, ўша чолни қатл айлангиз!

Қўрқувдан тили қотган вазир ҳам шошиб
Бошини эгди-ю, югуриб кетди.
«Мен-чи?!
Мен-чи?!
Мен-чи?»
Мана шу уй кемирарди унинг вужудин.
Аммо у билмас-ки қатлдан кейин,
Ярим тун чўкканда, ўз хонасида
Уйқу учун ҳозирланиб ётган пайтида
Бостириб киради бекнинг жаллоди
Ва судраб кетади боғнинг четига —
Додламоқчи бўлару оғзин очолмас,
Қўрқувдан додлашни унутиб қўяр.
«Ўлдим»-деб кўз юмар,
бахтига бироқ
Тилини кесарлар… қоронғи туннинг
Кўксини титратиб юборар фарёд.

…Ўтинчи чолни эса топа олмаслар,
«Ҳазрати Хизрми?» деб ўйлар Тархон…

V

Кундани кўрсатди ориқ, кал жаллод,
Темирчи сўнгги бор осмонга боқди.
Осмон ўша мангу кайфият билан
Унинг кўзларига қуяр эди нур.
Фақат бир чеккадан қоп-қора лашкар-
Булутлар…
Булутлар силжиб келарди.
«Эртага ёмғир ёғса, ажабмас,
Ёмғирдан сўнг мовийлашиб
Кетади осмон
Ўша дамда кўтарилсам
Унинг бағрига.
Эртага осмон…»
Зарб билан урилди кундага болта —
Темирчининг сўнгги ўйи қоқ ўртасидан,
Боши танасидан, қалби ҳаётдан
Айрилди…

Қуёш эса юксакда туриб
Мовий, тиниқ зангорранг қуяр
Ва нур қуюнида
тиниқ тортар
Темирчи бўғзидан оқаётган қон…

Темирчи бошини кўтаринг дея
Амр этди Тархонбек хизматкорига.
Лаганни кўтариб , югуриб бориб
Бош томон эгилган ҳабаш хизматкор
Даҳшатдан тисарилиб кетди орқага.
Шаҳид темирчининг кўзи тирик эди,
У тикилиб турарди мовий осмонга.

Бекнинг ўзи шошиб тахтидан тушди,
Эгилиб қабоқни зарб билан босди
Ва шунда темирчи лаблари титраб
Бўғиқ бир нидодан чайқалди ҳаво:
— Учишни истайман!

VI

Ўтин теришга чиққан чол баҳайбат тошнинг орқасидан туриб бутун воқеани кузатди. У эртага водийдаги қишлоғига тушиб невараларига кўрганларини эртак қилиб айтиб беради. Ҳозир эса чиқаётган қуёшга тўйиб боқар экан, тиззалари қалтираб кетди.

Тонг отди яна,
Мангу тонг отди.
Унинг оппоқ, безавол
Ёғдуси қамради бутун борлиқни.
Ҳатто майсаларга кўмилиб ётган
Темирчининг бўмбўш кўзларига ҳам
Нур қўшиғи
Етиб бориб,булбул каби сайрай бошлади.
Ва лекин
бу кўзлар энди ҳеч қачон
Ғамни симирмайди, ёниб кулмайди,
Қувончдан қўрқмайди, дардни севмайди.
Унинг оёқларида энди
ҳеч қачон
Рақсга тушмайди ҳаяжон
Хушбуй, қалин майсалар узра…

Тонг отди яна…
Темирчи кутган
Ёмғир ўтиб кетди қайгадир маҳзун,
Балки бир чеккада бориб ёш тўкди.
Жаллоднинг болтаси яна қон қўмсаб
Ярқираб турарди чарм ғилофида.
Кечаги тўкилган қонларни ичиб
Гуркираб яшнарди яшил майсалар.
Ҳа, майсалар шавқатсизларча
Инсон хотирасин қоплаб беради.
Мана шу майсалар
Кейинчалик сарбадорларининг,
Таробийнинг, Бобон ботирнинг,
Фитрат, Чўлпоннинг қонларини
Яшил ранглар билан ўчириб ташлар.

VII

Бўм-бўш эди бекнинг ётоғи тонгда,
Субҳи азон пайти ҳабаш қул билан
Қоятош томонга кетдилар, дея
Баёнлар олдида бош эгди соқчи.

А с к а р б о ш и:

Чўлпон ўчмай туриб хуфтонни ўқиб
Йўлга чиқамиз деб амр этганлар.
Сўзини ҳеч қачон икки қилмаган
Ҳазрати олийга не бўлган экан?

Б о ё н л а р д а н б и р и:

Водийни томоша қилишни ҳазрат
Наҳотки шунчалар севадилар-ки,
Ғафлат уйқусида донг қотиб ётган,
Ёғийни унутиб қўйсалар тамом?

Шу пайт кимнинингдир ўкиргани эшитилади.Тошлар қулагандай дарадан акс садо янграйди. Дам ўтмай навкарлар ҳабаш қулни олиб киришади.

Б о ё н л а р д а н б и р и:

Қаерда юрибсан? Қайда ҳукмдор?
Нечун ранг-рўйингда қондан нишон йўқ?

Ҳ а б а ш қ у л:

Қайғули ҳабарни олиб келдим мен,
Шу сабаб рўйимда қондан асар йўқ.

Б о ё н л а р д а н б и р и:

Сўйлагин, ул қандай қайғули дарак,
Тезроқ бўл, шундай ҳам вақтимиз, зиқроқ.

Ҳ а б а ш қ у л:

Қуёш чиқмай ҳали чорладилару
Қояга чиқмоқни истаб, ҳазратим
Оғир бир тугунни кўтариб, тезда
Қояга элтгин деб бердилар фармон.
Манзилга етганда, ҳазрати олий:
Пастга туш, мени кут,- деб буюрдилар.
Олий ҳукмдорнинг нигоҳи ёниб,
Овози титрарди — билмадим нечун?
Шошмасдан қоянинг пойига тушдим,
Булоқдан сув ичиб боқдим юксакка…

Ўша пайт тепада — улкан қояда
Осмоннинг қизарган уфқида бўртиб
Турган бир одамни кўриб қолдим мен.
У бирдан ўзини ерга ташлади…
Қанотлари алвон рангда порлади.
Бироқ, қоядан узилган тош каби
Ўқдай учиб келиб урилди ерга…

Б о ё н л а р (бараварига):

-Иблиссан! Бу гапга ишонмоқ қийин!
-Осийсан! Худога келтирган имон!
-Бошингни кесурмиз, бадбахт, қулвачча!
-Кўзингни ўярмиз, токи кўрмасин!
-Тилингни узармиз, алдамасин у!

Б о ё н л а р д а н б и р и:

— Боёнлар, сабр айланг… давом этгин, қул!

Ҳ а б а ш қ у л:

Югуриб бордим мен пастга қоянинг —
Етти булоқ жўшиб турган пойига,
Булоқдан сув эмас, қон жўшар эди,
Қондан қизарганди тошларнинг кўкси,
Майсалар либоси, булутлар бағри.
Улкан харсанг узра ерпарчин бўлиб
Қанотлари икки ёнга ёйилиб кетиб
Чалқанча ётарди гавдали одам.
Бошини кўтариб қарасам, ё раб
У одам — шавкатли Тархонбек эди!

Б о ё н л а р:
-Тархонбек!
-Тархонбек!
-Ҳазрати олий!
-Амирул умаро!
-Алдамагин, қул!
-Иблиссан, бу гапга ишонмоқ қийин!
-Осийсан, худога келтирган имон!
-Бошингни кесармиз сен қулваччанинг!
-Кўзингни ўярмиз, токи кўрмасин!
-Тилингни қирқамиз, алдамасин у!

Бирдан…
Бирдан…
Узоқдан йиғига ўхшаган товуш
Тобора яқинлаб келарди. Ана!
Чопиб келар тилдан айрилган вазир —
У қоя пойини кўрсатар тинмай.
Нимадир демоқчи бўлару лекин
Йиғига ўхшаган товушдан бўлак
Ҳеч нима чиқмасди унинг бўғзидан.
У қоя томонга қўлин чўзганча
Йиқилиб, хирқираб йиғлай бошлади…

ХОТИМА ЁХУД ЎТИНЧИ ЧОЛ ЭРТАГИНИ ТИНГЛАБ
УЛҒАЙГАН БОЛА ҚЎШИҒИ

Учишни истайман!
Учишни истайман!
Учаман, учаман… шиддатдан
Чайқалар дунёлар, мансаблар.
Ва балки бу фикр зарбидан
Узилар энг бақувват асаблар.

Мансабдор тахтига ёпишсин
Ва баъзи шоирлар қаламга.
Бари бир, учишнинг ўтидан
Ёнғинлар тушириб оламга,

Учаман энг чиркин орзулар,
Ясама туйғулар устидан.
Оламни гулларга ўрайман,
Узаман уларни кўксимдан…

Учишни истайман!
Учишни истайман!

Учамиз, ҳей, шоир жўралар,
Ёлғон шеърлар узра бешафқат.
Дўст бўлади ўтли яралар,
Душман бўлар бизга ҳатто бахт.

Пикассонинг кабутарига
Айланамиз, ерни қучамиз
Нозим Ҳикматнинг шеърларига
Ўхшаб эркни маҳкам қучамиз.

Ким пастлашса қирғийга ўхшаб,
Шеъриятнинг тиш-тиғларини
Санчармизу қон-ла ёзамиз
Озодликнинг қўшиқларини.

Тархонбеклар учамиз дея
Қўшиқларни бўғсин, аммо биз
Ҳалок бўлган қўшиқлар ҳаққи
Ҳайқирайлик: Бизлар учамиз!

Ахир аср учмоқда,
Юксак
Туйғулар-ла учайлик ҳар дам.
Руҳи учқур фарзандлар керак
Учаётган она Ерга ҳам.

1975 -1978

09

Xurshid Davronning titroq un bilan yozilgan «Uchishni istayman» degan falsafiy dostoni mana bu satrlar tugallanadi:

Uchishni istayman!
Uchishni istayman!

Uchamiz, hey, shoir jo’ralar,
Yolg’on she’rlar uzra beshafqat.
Do’st bo’ladi o’tli yaralar,
Dushman bo’lar bizga hatto baxt.

. . . . . . . . . .

Axir asr uchmoqda,
Yuksak
Tuyg’ular-la uchaylik har dam.

Lekin parvoz istagi romantik bo’yoqlargagina ega bo’lib qolmaydi. Parvozdan asl maqsad — Vatanga katta ma’rifat egalari kerak:

Ruhi uchqur farzandlar kerak
Uchayotgan ona Yerga ham.

Ibrohim G’afurovning «Yaqinlashib kelayotgan…fikr» maqolasidan (Kamalak. Adabiy-tanqidiy yillik to’plam. Toshkent. «Yosh gvardiya», 1989)
.

Xurshid DAVRON
UCHISHNI ISTAMAYMAN
Doston

I

Shavkatli Tarxonbek omadli bosqindan so’ng tog’dagi saylgohda dam olardi. Saylgoh tog’ning haybatli qoyasida. Qoyaning payida uzoqlarga cho’zilib ketgan vodiy…

T a r x o n b ye k:

Qanday bepoyonlik… Qanday cheksizlik…
Shunday poyoni yo’q qudratim bo’lsa.
E, xudo, sen o’zing qo’llagin meni,
Istayman: boyligu saltanatimning
Poyoni bo’lmasin yetti iqlimda…

Nogoh shovqin ko’tariladi. Otning bezovta kishnashi eshitiladi. Hovliqib vazir kirib keladi.

V a z i r:

Hazratim… Hazratim… Tinglang… yo pirim.
Hazratim… osmonga ko’z tashlang… Ana!
Qandaydir bir maxluq Alloh mulkining
Oromin buzibdi.

T a r x o n b ye k:

Vaziri a’zam,
Shoshmangiz, so’zingiz uqmoq ko’p mushkul,
Nima demoqchisiz? Shoshmay gapiring…

Vazir:

Tahorat olay deb,
Sokin chakalakka kirayotganda
Nogoh ko’rib qoldim… Yuksak qoyadan
O’zini pastga tashlab yubordiyu, so’ng
Qanot qoqib ucha boshladi osiy…

Osmonda — Tarxonbek hech qachon sezmagan,
O’zi orzu qilgan cheksizlik aro
Ulkan va shiddatli qanotin yoyib
Uchardi bahaybat, salobatli qush.
Bek shoshmay qayrildi, shoshib buyurdi:

T a r x o n b ye k:

Mening dargohimga yetkazing,
Hech kimsa sezmasin,
Siz ham sir saqlang.
Abjirroq uch navkar jo’nating tezroq,
O’zingiz bosh bo’ling… Tezroq bajaring…

II

B i r i n ch i n a v k a r:

Gunohkorni ushlab oldik pastda, darada,
Qo’llarini bog’ladik-da, sudray boshladik.

I k k i n ch i n a v k a r:

Tor so’qmoqdan buyuk baxtni bag’riga bosib
Borar edi pahlavonqand, baquvvat odam.

U ch i n ch i n a v k a r:

U hali yerga qaytib tushmagan edi,
Uchar edi moviylikda, bulutlar osha.

B i r i n ch i n a v k a r:

Pastdan yuksak qoya tomon intilgan so’qmoq
Hayajondan silab-yulqab oyoqlarini
Bolalardek qo’rqa-pisa shivirlar edi:
-Osmon qanday, osmon qanday…
Yuksaklik qanday?

I k k i n ch i n a v k a r:

«Osmon qanday, osmon qanday,
Yuksaklik qanday?»
Titragancha tomirlarin kuchli zarbidan
Shivirladi endigina ungan maysalar.

U ch i n ch i n a v k a r:

Ildizlar ham yer ostidan bo’g’ilib ketgan
Savol bilan yerni titratar edi:
«Osmon qanday?»

V a z i r:

Hayajonin yashirolmay yosh navkar so’rar:
«Osmon qanday?»
U esa osmondan ko’z uzmay shivirlar:
«Uchishni istayman… men, axir, uchdim…»

III

Gunohkorni yetkazdilar bek huzuriga
Va hayratdan qotib qoldi botir Tarxonbek.
Qarshisida sonsiz jangda yonma-yon yurgan,
Unga qilich, pishiq sovut tayyorlab bergan,
Tulporiga oltin taqa, kumush qo’ng’iroq
Yasab bergan temirchisi turardi mag’rur.

T a r x o n b ye k :

Senmisan qush bo’lib uchgan?! ! Ey, murtad… Osiy!
Allohning tinchini buzgan senmisan,
Senmisan o’limni qo’msagan shakkok,
Senmisan qurt bo’lib, burgutman degan?

T ye m i r ch i:

Uchishni istayman!

T a r x o n b ye k:

Tuproqda yashagan chuvalchang kabi
Ko’zingni tuproqdan uzmay yashaysan.

T ye m i r ch i:

Uchishni istayman!

T a r x o n b ye k:

Chirigan daraxtda yashagan qurtday
Ko’zing ko’r, nur nima bilmay o’tasan.

T ye m i r ch i:

Uchishni istayman!

T a r x o n b ye k:

Bandasan — sen yerda yashashga mahkum,
Bandasan,oyog’ing yerga bog’langan!

T ye m i r ch i:

Yaratgan osmonida
Uchishni istayman!
Eslayman: tushimda oppoq bitta qush,
Pastlab uchib kelib, yelkamga zarrin
Qanotin tegizdi va shunda birdan
Qo’llarim qanotga aylanib qoldi.
Osmonga talpindim o’sha qush bilan,
Biz uchdik to’lqinli tog’lar ustidan,
Yuragim quvonchga limmo-lim edi.
Bilsangiz, u qushning ko’zlari xuddi
Qizning ko’zlariday sehrkor edi.
Afsuskim, tushimdan ayirdi sahar…
Qanot yasay boshladim o’sha kundanoq
O’sha oppoq qushni topmog’im uchun…
O’sha qushning rangi op-poq…

T a r x o n b ye k:

Necha yil jang qildim cheksizlik uchun
Cheksizlik meniki… u mening taxtim.

Sen murtad, bilib qo’y, mening amrimda
Bu zamin, bu osmon, bu bahri ummon.
Sen esa, qulvachcha, go’daklikdanoq
Mening farmonimdan chiqmagan banda,
Bir lahza osmonda parvoz etdingu
Cheksizlikni tuyub, yerga qaytganda
Ko’zingda shakkoklik olovi yonib,
Qaytarib turibsan
mening so’zimni…

T ye m i r ch i:

Sen ucha olmaysan!

T a r x o n b ye k:

Ucha olmaysan?

T ye m i r ch i:

Maqsading yo’q sening… Dilingda kir ko’p —
U toshdek og’irdir… Ko’tarolmaysan.

T a r x o n b ye k:

Uchaman — bosh egar menga dunyolar,
Hali oyog’imning ostida dunyo
Qumursqaday ojiz sezar o’zini.
Amrim shu: ertaga subhi azonda
Kallangni tanangdan juda qilaman.
Olib chiqing. To’xtang, ko’zlarin bog’lang…

IV

T a r x o n b ye k:

Vaziri a’zamga bir savolim bor,
Aytgin-chi, ne uchun uchdi bu osiy?

V a z i r:

Esini yeb qo’ygan… telbalik, begim,
Telbalik bu ishning asl sababi.

T a r x o n b ye k:

Vaziri a’zamga yana bir savol:
Nega uchmas, axir, boshqa telbalar?
Bilmaysanmi? Afsus… Qulog’ingni tut.
Odamzod qullikda azob chekarkan
Zanjirni uzishdir yagona o’yi.
Yagona orzusi: koshki qush bo’lib
Uchib ketsam deydi yuksak-yuksakka.
Men ham… necha marta orzu qilganman.

V a z i r:

Axir, siz… hazratim… qul emas, beksiz…

T a r x o n b ye k:

Garchi bekman, toju taxtimga qulman,
Sen esa qul emas, qulning qulisan.
Shu bois hech qachon orzu qilmaysan…

YO rabbim, nahotki yoshlikdan kechib,
Bezovta orzular iskanjasida
Aka-ukalarim yanchdim taxt uchun
Mana shu pastkashlar iqbolin o’ylab?
Eh koshki sen buni anglasang, bilsang…
Yaxshisi, aytgin-chi, vaziri a’zam,
Tushingda uchganmisan biror bir marta?

V a z i r:

Yo’q, begim… hech qachon… yo’q, uchmaganman.

T a r x o n b ye k:

Bo’lmasa, aytgin-chi, uning uchganin
Kim yana kuzatdi, kim guvoh bo’ldi?

V a z i r:

Men,
Siz,
O’zingiz yuborgan uch sodiq navkar,
Va o’tin terishga chiqqan bitta chol.

T a r x o n b ye k:

Navkarlarni, o’sha cholni qatl aylangiz!

Qo’rquvdan tili qotgan vazir ham shoshib
Boshini egdi-yu, yugurib ketdi.
«Men-chi?!
Men-chi?!
Men-chi?»
Mana shu uy kemirardi uning vujudin.
Ammo u bilmas-ki qatldan keyin,
Yarim tun cho’kkanda, o’z xonasida
Uyqu uchun hozirlanib yotgan paytida
Bostirib kiradi bekning jallodi
Va sudrab ketadi bog’ning chetiga —
Dodlamoqchi bo’laru og’zin ocholmas,
Qo’rquvdan dodlashni unutib qo’yar.
«O’ldim»-deb ko’z yumar,
baxtiga biroq
Tilini kesarlar… qorong’i tunning
Ko’ksini titratib yuborar faryod.

…O’tinchi cholni esa topa olmaslar,
«Hazrati Xizrmi?» deb o’ylar Tarxon…

V

Kundani ko’rsatdi oriq, kal jallod,
Temirchi so’nggi bor osmonga boqdi.
Osmon o’sha mangu kayfiyat bilan
Uning ko’zlariga quyar edi nur.
Faqat bir chekkadan qop-qora lashkar-
Bulutlar…
Bulutlar siljib kelardi.
«Ertaga yomg’ir yog’sa, ajabmas,
Yomg’irdan so’ng moviylashib
Ketadi osmon
O’sha damda ko’tarilsam
Uning bag’riga.
Ertaga osmon…»
Zarb bilan urildi kundaga bolta —
Temirchining so’nggi o’yi qoq o’rtasidan,
Boshi tanasidan, qalbi hayotdan
Ayrildi…

Quyosh esa yuksakda turib
Moviy, tiniq zangorrang quyar
Va nur quyunida
tiniq tortar
Temirchi bo’g’zidan oqayotgan qon…

Temirchi boshini ko’taring deya
Amr etdi Tarxonbek xizmatkoriga.
Laganni ko’tarib , yugurib borib
Bosh tomon egilgan habash xizmatkor
Dahshatdan tisarilib ketdi orqaga.
Shahid temirchining ko’zi tirik edi,
U tikilib turardi moviy osmonga.

Bekning o’zi shoshib taxtidan tushdi,
Egilib qaboqni zarb bilan bosdi
Va shunda temirchi lablari titrab
Bo’g’iq bir nidodan chayqaldi havo:
— Uchishni istayman!

VI

O’tin terishga chiqqan chol bahaybat toshning orqasidan turib butun voqeani kuzatdi. U ertaga vodiydagi qishlog’iga tushib nevaralariga ko’rganlarini ertak qilib aytib beradi. Hozir esa chiqayotgan quyoshga to’yib boqar ekan, tizzalari qaltirab
ketdi.

Tong otdi yana,
Mangu tong otdi.
Uning oppoq, bezavol
Yog’dusi qamradi butun borliqni.
Hatto maysalarga ko’milib yotgan
Temirchining bo’mbo’sh ko’zlariga ham
Nur qo’shig’i
Yetib borib,bulbul kabi sayray boshladi.
Va lekin
bu ko’zlar endi hech qachon
G’amni simirmaydi, yonib kulmaydi,
Quvonchdan qo’rqmaydi, dardni sevmaydi.
Uning oyoqlarida endi
hech qachon
Raqsga tushmaydi hayajon
Xushbuy, qalin maysalar uzra…

Tong otdi yana…
Temirchi kutgan
Yomg’ir o’tib ketdi qaygadir mahzun,
Balki bir chekkada borib yosh to’kdi.
Jallodning boltasi yana qon qo’msab
Yarqirab turardi charm g’ilofida.
Kechagi to’kilgan qonlarni ichib
Gurkirab yashnardi yashil maysalar.
Ha, maysalar shavqatsizlarcha
Inson xotirasin qoplab beradi.
Mana shu maysalar
Keyinchalik sarbadorlarining,
Tarobiyning, Bobon botirning,
Fitrat, Cho’lponning qonlarini
Yashil ranglar bilan o’chirib tashlar.

VII

Bo’m-bo’sh edi bekning yotog’i tongda,
Subhi azon payti habash qul bilan
Qoyatosh tomonga ketdilar, deya
Bayonlar oldida bosh egdi soqchi.

A s k a r b o sh i:

Cho’lpon o’chmay turib xuftonni o’qib
Yo’lga chiqamiz deb amr etganlar.
So’zini hech qachon ikki qilmagan
Hazrati oliyga ne bo’lgan ekan?

B o yo n l a r d a n b i r i:

Vodiyni tomosha qilishni hazrat
Nahotki shunchalar sevadilar-ki,
G’aflat uyqusida dong qotib yotgan,
Yog’iyni unutib qo’ysalar tamom?

Shu payt kimniningdir o’kirgani eshitiladi.Toshlar qulaganday daradan aks sado yangraydi. Dam o’tmay navkarlar habash qulni olib kirishadi.

B o yo n l a r d a n b i r i:

Qaerda yuribsan? Qayda hukmdor?
Nechun rang-ro’yingda qondan nishon yo’q?

H a b a sh q u l:

Qayg’uli habarni olib keldim men,
Shu sabab ro’yimda qondan asar yo’q.

B o yo n l a r d a n b i r i:

So’ylagin, ul qanday qayg’uli darak,
Tezroq bo’l, shunday ham vaqtimiz, ziqroq.

H a b a sh q u l:

Quyosh chiqmay hali chorladilaru
Qoyaga chiqmoqni istab, hazratim
Og’ir bir tugunni ko’tarib, tezda
Qoyaga eltgin deb berdilar farmon.
Manzilga yetganda, hazrati oliy:
Pastga tush, meni kut,- deb buyurdilar.
Oliy hukmdorning nigohi yonib,
Ovozi titrardi — bilmadim nechun?
Shoshmasdan qoyaning poyiga tushdim,
Buloqdan suv ichib boqdim yuksakka…

O’sha payt tepada — ulkan qoyada
Osmonning qizargan ufqida bo’rtib
Turgan bir odamni ko’rib qoldim men.
U birdan o’zini yerga tashladi…
Qanotlari alvon rangda porladi.
Biroq, qoyadan uzilgan tosh kabi
O’qday uchib kelib urildi yerga…

B o yo n l a r (baravariga):

-Iblissan! Bu gapga ishonmoq qiyin!
-Osiysan! Xudoga keltirgan imon!
-Boshingni kesurmiz, badbaxt, qulvachcha!
-Ko’zingni o’yarmiz, toki ko’rmasin!
-Tilingni uzarmiz, aldamasin u!

B o yo n l a r d a n b i r i:

— Boyonlar, sabr aylang… davom etgin, qul!

H a b a sh q u l:

Yugurib bordim men pastga qoyaning —
Yetti buloq jo’shib turgan poyiga,
Buloqdan suv emas, qon jo’shar edi,
Qondan qizargandi toshlarning ko’ksi,
Maysalar libosi, bulutlar bag’ri.
Ulkan xarsang uzra yerparchin bo’lib
Qanotlari ikki yonga yoyilib ketib
Chalqancha yotardi gavdali odam.
Boshini ko’tarib qarasam, yo rab
U odam — shavkatli Tarxonbek edi!

B o yo n l a r:
-Tarxonbek!
-Tarxonbek!
-Hazrati oliy!
-Amirul umaro!
-Aldamagin, qul!
-Iblissan, bu gapga ishonmoq qiyin!
-Osiysan, xudoga keltirgan imon!
-Boshingni kesarmiz sen qulvachchaning!
-Ko’zingni o’yarmiz, toki ko’rmasin!
-Tilingni qirqamiz, aldamasin u!

Birdan…
Birdan…
Uzoqdan yig’iga o’xshagan tovush
Tobora yaqinlab kelardi. Ana!
Chopib kelar tildan ayrilgan vazir —
U qoya poyini ko’rsatar tinmay.
Nimadir demoqchi bo’laru lekin
Yig’iga o’xshagan tovushdan bo’lak
Hech nima chiqmasdi uning bo’g’zidan.
U qoya tomonga qo’lin cho’zgancha
Yiqilib, xirqirab yig’lay boshladi…

XOTIMA YOXUD O’TINCHI CHOL ERTAGINI TINGLAB
ULG’AYGAN BOLA QO’SHIG’I

Uchishni istayman!
Uchishni istayman!
Uchaman, uchaman… shiddatdan
Chayqalar dunyolar, mansablar.
Va balki bu fikr zarbidan
Uzilar eng baquvvat asablar.

Mansabdor taxtiga yopishsin
Va ba’zi shoirlar qalamga.
Bari bir, uchishning o’tidan
Yong’inlar tushirib olamga,

Uchaman eng chirkin orzular,
Yasama tuyg’ular ustidan.
Olamni gullarga o’rayman,
Uzaman ularni ko’ksimdan…

Uchishni istayman!
Uchishni istayman!

Uchamiz, hey, shoir jo’ralar,
Yolg’on she’rlar uzra beshafqat.
Do’st bo’ladi o’tli yaralar,
Dushman bo’lar bizga hatto baxt.

Pikassoning kabutariga
Aylanamiz, yerni quchamiz
Nozim Hikmatning she’rlariga
O’xshab erkni mahkam quchamiz.

Kim pastlashsa qirg’iyga o’xshab,
She’riyatning tish-tig’larini
Sancharmizu qon-la yozamiz
Ozodlikning qo’shiqlarini.

Tarxonbeklar uchamiz deya
Qo’shiqlarni bo’g’sin, ammo biz
Halok bo’lgan qo’shiqlar haqqi
Hayqiraylik: Bizlar uchamiz!

Axir asr uchmoqda,
Yuksak
Tuyg’ular-la uchaylik har dam.
Ruhi uchqur farzandlar kerak
Uchayotgan ona Yerga ham.

1975 -1978

055

(Tashriflar: umumiy 142, bugungi 1)

Izoh qoldiring