Xurshid Davron. Ustoz Oybekka bag’ishlovlar.

ойбек

10 январ — Устоз Ойбек (1905-1968) туғилган кун.

“Ёзувчи умри йил билан ўлчанмайди – ижодий фаолиятнинг самараси билан ўлчанади. Ойбек 400 йилга тенг келадиган 40 йиллик фаолиятининг бир лаҳзасини ҳам самарасиз ўтказгани йўқ. Ойбек бу жиҳатдан ҳам ҳозирги ва келажак адабий авлод қаршисида устод бўлиб гавдаланади”. Абдулла Қаҳҳорнинг ҳаққоният тўла бу сўзларида Ойбек ҳаёти ва ижодининг самараси намоёндир. Ойбек ҳамиша биз ва келгуси авлод учун устод бўлиб қолаверади, бугунги ва келгуси авлодлар унинг биз бориб етмаган қирраларини кашф этаверадилар.

рге

Хуршид Даврон
УСТОЗ  ОЙБЕККА БАҒИШЛОВЛАР

ОЙБЕК БИЛАН САЙР

Севаман ёмғирдан кейин кезмоқни,
Айниқса бегона кўчалар бўйлаб.
Дарёдек порлаган йўлдан юрмоқни
Севаман, ёруғ бир сатрни ўйлаб.

Йўл четида ўсган шодмон гулларга
Бошимни эгаман, алик оламан.
Ювиниб таранган мажнунтолларга
Боладек маҳлиё бўлиб қоламан.

Адашиб кезаман чорбоғлар қўйнин
Сўнгсиз хаёлларнинг сокин мавжида,
Ва сармаст ёмғирнинг қадимий куйин
Менинг қулоғимга шивирлар жийда.

Қайтаман,
Қуёш ҳам толиб оёғи
Уфқнинг бағрига оҳиста тинар.
Хонам деразаси мен қайтган чоғи
Алвон атиргулдай ловиллаб ёнар.

1980

 

ОЙБЕКНОМА

1

Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,
Майсага ёнбошлаб ўқимоқ керак.
Ва сокин шивирни —  оҳангни уқиб,
Ойбекми?  Майсами? —  деб толсин юрак.

Ойбекнинг шеърини бедазор аро
Сой саси аралаш тингламоқ зарур,
Билмай қолсин юрак:  гул узрами, ё
Ойбекнинг шеърида ўйнайди бу нур?

Ойбекнинг шеърлари бамисли нигоҳ,
Бу нигоҳ асрорин йўқдир поёни.
Худди бўлмагандек майсага изоҳ,
Йўқ Ойбек шеърининг тўла баёни.

Ойбек — бу майсага чўккан бужур тош,
Ҳайратдан ёрилиб-ёрилиб кетган.
Ойбек — бу дарахтзор устида қуёш,
Нури то чумоли кўзига етган.

Ойбек — бу улкан бир чорбоғ ортида
Ёввойи узумзор оралаб, титроқ —
Қуёш тангалари ўйнаб сиртида
Бирдан ёруғликка чиққан шўх ирмоқ.

Ойбек — бу оғриқни қари тол каби
Юракнинг тубида асраган сўзлар,
Барча ҳасратини жим туриб лаби,
Энг яқин дўстига сўзлаган кўзлар,

Ойбек тирик ҳамон, у кўкда ҳилол,
У — шамол, боғларда тинмай еладир.
У мени чорлаган ойдин бир хаёл,
Кўкдаги Каҳкашон унинг йўлидир

2

Шеър — фақат қуш тили,деганди шоир
Қулоқ тутиб қувноқ, шўх товушларга.
Бошида рутубат қилганда қаҳр,
У тилин қайтариб берди қушларга.

Шеър — юлдуз киприги, деганди Ойбек,
Ўзи киприк эди Ўзбекистонга.
Сўнгги дам бошида сўнаркан осмон,
Шоир кўзларини берди осмонга.

1982

ЭЙ, ТИЛИМ, ЭЙ, ЭЛИМ, ЭЙ, ОНА ТУПРОҚ
(Сонетлар туркумидан)

12.ОЙБЕК

Ноҳақ зарбалардан бўлдинг минг тилим,
Ҳаётга қайтарди ям-яшил ўтлар.
Йўлингни тўсмоқчи бўлди зобитлар,
Сени енголмади хиёнат, дилим.

Тунлари юракни ҳовучлаган дам,
Алам дафтаримга битганида шеър,
Олис-олислардан келдилар пурғам
Таскин бермоқ учун ҳазрат Алишер.

Этакларин ўпдим шивирлаб: “Пирим…”
Ва сездим билакда пайдо бўлди куч,
Англадим, Сен бор-ки, бошқа нарса – пуч…

Шундан қоғоз ёнди – ёндирди шеърим…
Куйди, кул бўлмади, чиқмади жоним,
Ўчмади овозим, сўнмади қоним…

1985

(Tashriflar: umumiy 66, bugungi 1)

Izoh qoldiring