Xurshid Davron. Xotirot she’rlari.

2233

Хуршид Даврон ижодини кузатган одам унинг умумий “ватан”га интилиш урф бўлган шўро даврида ўзининг миллати ва ватани тарихига кўп мурожаат қилгани, гоҳо ундан фахрланган бўлса, кўпроқ қайғуриб, ёзғирганига гувоҳ бўлади. Шоир миллати ва ватанини севгани учун унинг тарихини кўп куйлагани, шубҳасиз. Аммо бу ягона сабаб эмас. У миллату ватаннинг бугунидан қониқмасди. Шу боис шоир мавзуни кўпроқ тарихдан оларди. Ўзбекнинг шонли, улуғвор тарихини ёдга тушириш билан қуллигига кўниккан, кўникибгина қолмай, бу ҳолидан фахрланадиган даражага келган миллатдошларининг кўзини очмоқчи, асли кимлигини эсга тушириб, ғурурини уйғотмоқчи бўларди.
Шеърларининг бирида: “Устимдан асрлар, мозийлар ўтар”, — деб ёзган Хуршид Давроннинг битикларида боболар тоғдек виқорли, қоядек чўнг, булоқдек тоза, тоғ ҳавосидек тиниқ қилиб тасвирланганидан ўқирман уларни дарҳол суйиб қолади. Шоир ўз битикларида элу-юрт тарихининг нафақат шонли, балки қонли саҳифаларини ҳам яширмай акс эттирган. У миллий тарихнинг ана шу қонли манзаралари тасвирига ҳам илиқ ҳарорат, кучли меҳр бағишлай олган…

Хуршид Давроннинг кўп шеърларида Ватанни озод кўрмаганидан изтироб чеккан шахснинг кўнгил ҳолатлари акс этади. Унинг кўплаб битикларида озодлик нафаси, ватан ҳарорати, тарих сабоқлари тасвирланади. Бугуннинг яхшироқ кечирилмоғи, эртанинг мукаммал қурилмоғи учун тарихни билиш ва ундан сабоқ олиш лозимлигини Хуршид Даврон шундай ифодалайди: “Бугунингни ўйласанг агар Ер ағдариб тер тўк, буғдой соч – Униб чиқар, албатта, саҳар. Эртани ҳам ўйласанг агар, Боғ яратгин, йиллар ўтару Юксалар боғ – бепоён, зафар. Келажакни ўйласанг агар, Униб-ўстир болаларингни, Курашмоқни ўргансин улар”. Зеро, узоқ келажагини тасаввур қилмаган, унинг бугундан кўра шонлироқ бўлиши учун курашмаган миллат бахтга муносиб эмас.

(Қозоқбой Йўлдош ва Муҳайё Исмоилованинг » Эрк ва ғурур куйчиси» мақоласидан.Мақолани тўлиқ ҳолда ушбу саҳифада ўқинг)

123
Хуршид Даврон
УХЛАГАНЛАР, УЙҒОНИНГ! 
Шеърлар

МУНАВВАР ҚОРИ ВА ЎЛИМ

Халқ кўр бўлса,
Унутар асл
Уни суйиб, куйган эрларни.
Мана, ўтди
Неча бор фасл
Ерга тўкиб хазон, гулларни.

Уни тилга олмади биров,
Олганлар ҳам дилида ёдлар.
Пинҳон эрур
Дилларда номи,
Пинҳон бўлган каби исёнлар.

Қайда ўлди?
Қаерда сўлди?
Васиятин кимлар тинглади?
Кимлар унинг
Майити учун
Овлоқ ердан бир жой танлади?

Кўз ўнгимда
Жонланар гоҳо:
Ўтирганча ертўлада жим,
Зўрға илиб турган тўтиё –
Олов узра тутар ҳовучин.

Ўлим кириб
Келганин кўриб
Ўз ёнидан бўшатади жой.
Ойнаси йўқ туйнукдан унга
Боқар маҳзун диллар дўсти – ой.

“Ўлим, — дейди, —
Мен жуда толдим,
Олиб кетгин бу ердан тезроқ.
Фақатгина
Кетишдан олдин
Сен исиниб олақол озроқ.

Ҳурлик учун,
Ҳур Ватан учун
Куйдим, буни бахт деб биларман.
Эрк дегандим,
Маҳбус этдилар –
Ўлдирсалар, озод бўларман…”

1988

1938 ЙИЛ

Шоирларин ўлдирганда халқ
Бўлар экан ўзи қонга ғарқ.

Бўғса агар, бўғилар ўзи,
Мил тортса, кўр бўлади кўзи.

Хор этса гар, ўзи хор бўлгай,
Зор этса гар, ўзи зор бўлгай.

Қулоғига қуйса қўрғошин,
Ўзи уқмас ҳурлик товушин.

Шоир – байроқ, жанг қилар они,
Шоир қони эрур халқ қони…

1988

ҚОДИРИЙНИ ЎҚИБ

Йиллар ўтиб борса-да, ҳамон
Қўмсаб-қўмсаб ўқиймиз сизни.
Сиз бамисли зангори осмон,
Биз қўмсаймиз осмонимизни.

Олис чағир тошли йўллардан
Отда елиб ўтамиз бирга,
Айлантириб Кумушнинг оддий
Сўзларини бокира шеърга.

Янак ортга қайтамиз кейин,
Келажакка боқамиз мафтун.
Нимадандир ичикиб, қийин
Ўйлар ичра қоламиз беун.

Кейин яна уй деразасин
Очган каби соф ғаволарга,
Бўғриққан, дим уй деразасин
Очган каби шўх наволарга –

Туйиб дилда масъум унларни,
Титраб-титраб дил ларзасидан,
Биз очамиз “Ўтган кунлар”ни
Юрагимиз деразасидай…

1983

ЭРК ГУЛИ

— Эрк гули бор, дерлар, бувижон,
Шу гул ҳақда менга сўйлаб бер.
У гул қайда ўсар шодумон,
Айтгин, гулнинг макони қаер?

— О, болажон, бу сирни билсанг
Ғам келару дилинг қисади –
У гул эрк деб жон берган эрлар
Мозорлари узра ўсади.

1984

* * *

Бир чолни учратдим,
Қўли қон эди,
“Нима бўлди?” – дея сўрадим ҳайрон.
“Дўстимни душманга сотгандим… –
деди, —
Икки қўлим қондир ўшандан буён”.

Бир чолни учратдим,
Тили йўқ эди,
“Нима бўлди?” – дедим ёнига келиб.
Ғўлдираб нимадир деди, хўрланган
Боболар қабрига ишора қилиб.

Бир чолни учратдим,
Кўзи кўр эди.
“Нима бўлди?” – дея сўрадим ҳайрон.
“Хиёнат қилгандим имонга… – деди, —
Ўзимни излайман ўшандан буён”.

1982

Ушбу шеър асосида басталанган Баҳодир Мамажоновнинг қўшиғини мана бу саҳифада томоша қилишингиз мумкин.

СОТҚИН ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Бу кеча бобомни кўрдим тушимда –
Худди ўқ егандек бургут қанотдан,
У кўкраги қон, айру ҳушидан,
Остонам олдида қулади отдан.

Майсаларни силкиб, шитирлаб бирдан
Югуриб ўтди ел – безовта, сергак.
Кўтарилди эгик чечаклар ердан,
Бешигида йиғлаб юборди гўдак.

Изидан ёғийлар еларди отда,
Жаранглаб етарди туёқлар саси.
Юракда ғулғула ва сукунатда
Кезади хатарнинг совуқ шарпаси.

Уни опичлаб мен, елкамда туйдим
Оқаётган қоннинг ёниқ тафтини.
Ойнинг ёруғида, янтоқдек куйдим,
Манглайига босгач совуқ кафтимни.

Уни опичладим, гўё ўша дам
Елкамга олгандим учган юлдузни.
…Кейин дарвозани ёпаётганда
Кўрдим қўшни уйдан боққан шум кўзни.

Бўғилиб уйғондим қўрқинчли ўйдан,
Югуриб ҳовлига чиқдим мен бесўз,
Дарвозани очдим ва қўшни уйдан
Қадалиб турарди ҳамон ўша кўз.

1981

ҚОДИРИЙНИ ОЛИБ КЕТГАНЛАРИ ҲАҚИДА ШЕЪР

Кимсасиз, тинч боғ четидаги
Ўриндиққа ўтирган бу чол,
Кўксидаги – сир ичидаги
Сирларини очди мисли фол:

“…Қишми, ёзми, ёки кузимиди –
Эсимда йўқ, фақат ёдимда:
Икки девдек йигит турарди
Қодирийнинг икки ёнида.

Унинг сўзи битик қоғозлар
Учиб юрар эди осмонда,
Таратарди ажиб овозлар,
Уйғотарди қўрқувни қонда.

Ортда қолиб борарди Тошканд,
Маҳбус унга маъюс боқарди –
Самарқандни ташлаб кетаётган
Бобур каби ранги оқариб…

Панжаранинг орқасидан у
Кўрарди: куз, ёз,қиш ва баҳор…
Дарахтларда бўртарди туйғу,
Хазон учар, ёғиларди қор.

Унинг кўзи осмонга қараб
Кимнидир жим сиқтаб чақирди,
Самарқандни ташлаб кетаётган
Бобур кўзи билан боқарди.

“Нон” деб ёзув битилган мошин
Туйнугидан унинг кўзлари
Бу дунёда ҳурлик ва Ватан
Буюк бахтдир, дея сўзларди.

“Ўтган кунлар” варақларини
Шундан кейин ўқиди олов,
Шундан буён олов телбадир,
Ялов бўлай, дер энди, ялов!”

Чол шундай деб бошини эгди.
Деди: “Қандай одамлар ўтган!”
Сўнг у маъюс кўзини тикди
Яшнаб турган бир тутам ўтга.

Яшил эди, ёш эди бу ўт,
Ўйнашарди баргларида нур.
Балки бу ўт “Ўтган кунлар”нинг
Ёниб кетган варағи эрур.

Мен жим эдим: оғрирди кўксим,
Теграмда-чи: ёз, куз, қиш, баҳор…
Дарахтларда бўртарди куртак,
Хазон учар, бўраларди қор.

Кўкка боқсам: осмон йўқ эди,
Ер йўқ эди ўрнимдан турсам.
Бир ўқ мени таъқиб қиларди
Ўша куни қаёққа борсам.

Кўкрагимни тутмоқчи бўлиб
Йўлин тўссам, тўхтар эди у.
Шивирлардим қайғуга тўлиб:
“Бу дунёга қайтмас энди у!”

Шивирлардим дилимда алам,
Боқиб ўша… ўша Тошкандга
Ва осмондан кимдир ушбу дам
Маҳзун боқиб турарди менга…

1987

МОЗИЙ ҚУШЛАРИ

20-30-йиллар шоирлари хотирасига

Мозийнинг қушлари
Учиб келарлар,
Олисдан келарлар,
Толиқиб чанқоқ.
Мени-да кўрарлар,
Хандон куларлар.
Чақмоққа қўнарлар –
Сўнади чақмоқ.

Мозийнинг қушлари
Айланар гирён,
Қўнмоққа бехатар
Масканни кутиб.
Мен эса кутарман
Бош эгиб ҳайрон,
Қўлимни тиғлардан
Баландроқ тутиб.

1987

ТЕРГОВЧИ

Бу чолни “терговчи” дейишар ҳамон,
Ҳамон исмин олиб атамас биров.
Қовуннинг тўридек чол юзида қон
Томири тўр ёзган,
Сочида қиров…

Қўшниси газета кўтариб чиқар:
“Яна сизларни хўб ёзишибди…” – деб.
Чол бўлса, шошилмай кўзойнак тақар,
Минғиллар: “Фактларни бузишибди!” – деб.

“Шундай бўлгани рост,
Халқ душманларин
Роса қийратганмиз! Керак бўлган-да!
Улар қўлимиздан қутилган фақат
Қийноқ-азобга дош бермай ўлганда.

Омбирдек бураб қўл кишанларини
Кундан-кун бўлардик ёвга тошбағир,
Шўро ҳукуматин душманларини
Аяшни қай телба ўйларди, ахир?!

Ёзса, ёзаверсин…
Ҳеч нима бўлмас…
Фақат эслатгани чатоқ… Кечаси
Қошимга арвоҳлар келади бесас,
Ўзим отганларнинг неча-нечаси…

Даҳшати бу эмас,
Майли, айтайин,
Дилга оғир қанча яшириб юрмай:
Ўша келганларни ҳамон қийнайман,
Уларни қийнайман ҳамон сув бермай…

Мана шуси чатоқ,
Келиши эмас…
Энди фарёдларни кўтармас юрак.
Қариганман, асаб мисли қуруқ хас,
Лов этар… Мен эса яшашим керак…”

1988

АБДУЛҲАМИД ЧЎЛПОН

I

Совуқ, зах, тор хона. Бу қамоқхона.
Бу ерга қуёшнинг нурлари етмас.
Бу ерда абадий азобда сийна,
Бу ердан зулумот шарпаси кетмас.

Бу ерга етмагай қушлар ялласи,
Кўклам адирларга сачратган бўёқ,
Кўкда эркин сузган булут галаси
Бу ердан кўринмас, бу ердан йироқ.

Фақат сўзлар келар, худодай танҳо,
Фақат сўзлар келар пайғамбардай пок.
У билар: Шу сўзлар ҳаққи яшар у,
Шу сўзлар бир куни этишар ҳалок.

II

Қамоқдан қўрқмас у. Очликдан қўрқмас.
Қўрқмагай мирғазаб деган ёвуздан.
Қўрқар: дилидаги ўчини ошкор
Қила олмайдиган ожиза сўздан.

Қамоқдан қўрқмайди, ахир у билар:
Вужуди зиндондир, вужуди – қамоқ.
Шоирлик вужуддан – қора зиндондан
Ҳасрат қушларини озод айламоқ.

Қора қамоқхона кўксини тилиб
Ёғду қуюлгандек деразалардан,
Олис хотиралар юртидан келиб
Нурдек ситилади ёш кўзларидан.

Фақат ой, фақат ой, эвоҳ, фақат ой
Тунлар ёритади шеър қоғозини,
У шеърлар ёзади, тинглаб ой нурин –
Топтаб ўтаётганлар овозини…

1988

ШАМНИ ЎЧИРДИЛАР…

Шамни ўчирдилар ва пок нафаслар
Орол тўлқинларин сасидек тинди.
Дилида худони ўлдирган каслар
Ўзгалар дилини ўлдирар энди.

Энди онаизор олдида турган
Нонни уялмасдан тортиб оларлар,
Энди зулмат аро йўл излаб юрган
Одамларни жарга тикка соларлар.

Меҳру-шафқат йўқдир,
Ор-номус йўқдир,
Дилларда муҳаббат чироғи сўнган.
Диллар яланғочу-қоринлар тўқдир,
Ҳамма тақдирига кўниккан, кўнган.

Даҳшатли замон бу!
Қотиллар билан
Ғофиллар ёнма-ён яшаган замон.
Қор ёғар – бу қорни қуёшмас, совиб
Улгурмаган қонлар эритар ҳамон.

Дилни топташ осон,
Хўрламоқ осон,
Қадри йўқ на гиёҳ, на инсон умрин.
Туғилган ондаёқ шайтонлар келиб
Ўғирлаб кетарлар дилнинг шуурин.

Тарихни булғайди истаган малъун,
Истаган тарихнинг кўйлагин ечар.
Жаллодлар бир-бирин соғлиғи учун
Шаҳидлар қонини май каби ичар.

Ичар оломоннинг кўзи ўнгида,
Лаб ялаб тамшанар ташна оломон.
Қуриган денгизнинг қирғоқларида
Бўзлайди кўзлари чашма оломон.

Тили бору соқов, кўзи бору кўр,
Дили бору золим, ақли бору ғар
Авлодлар бирига бири меросхўр
Ўтдилар! Наҳотки яна ўтарлар?!

Қўлига милтиқ ё тиғ олар экан,
Одам ўлдирмоққа мудом шай улар,
От, деса отади, шафқат қилмасдан,
“Ур” – деса, отасин аямай урар.

Онасин машина босган ўғиллар
Пул талаб қилади айбдордан фақат.
Пул талаб қилади дили сўқирлар,
Ҳатто боласига қилмайди шафқат.

Қотиллар шаҳидлар ҳақида қалин
Хотира китобин ёзиш билан банд,
Шоирлар яширар ёлғонга қалбин,
Ақлини нодонлик ичра донишманд.

Қулнинг қули бўлиб неча авлодлар
Кечди зулмат аро йўл қидирмасдан,
Нодондан фарқ қилмас донишманд зотлар,
Ҳушёрларнинг фарқи йўқдир бадмастдан.

Фақат ҳайкал қўли кўрсатган томон
Йўл босиб юрдилар ўхшаб кўр, ғарга –
Энди тисланарлар, совиб дилда қон,
Боқарлар олдинда ястанган жарга.

Иззат-икром қилиб тош ҳайкалларни,
Тирик одамларни унутган замон.
Дилларда ўлдириб ишқ, ҳайратларни,
Қувонч аламларни унутган замон.

Танглайига тили ёпишиб қолган
Одамлар замони, қотил замон бу!
Ҳақиқат ёлғонлар ичра йўқолган,
Юракни ўлдирган қотил замон бу!

Дилни топташ осон,
Хўрламоқ осон,
Қўшиқ куйлар тунда фақат бадмастлар…
Заминнинг устида айланар сарсон,
Одамни қидирар учар баркашлар…

1989

ШОИРЛАРНИ ОТГАН ЖАЛЛОДЛАР

Шоирларни отган жаллодлар
Бугун яшар нафақасин еб.
Ўлган шоҳга содиқ соллотлар
Хат битишар: “Биз тайёрмиз!” деб.

Ўша кунлар ҳақида улар
Сўзлар экан силаб соқолин,
Ҳар гапдан сўнг таъкидлаб қўяр:
“Тўғри қилган ўртоқ Сталин!”

… Шоир – исён.
Исёнлар эса
Подшоҳларни қўрқувга солар,
Шунинг учун улар энг аввал
Шоирларнинг бошини олар.

Агар подшоҳ шоирни суйса,
Демак шоир тезда ўлади –
Ўзи суйган шоирни сўйса
Подшоҳ дили лаззат олади.

Мангу ёвдир шоиру-подшоҳ,
Мангу жангдир шоирлик йўли.
Ўлса ҳамки, подшоҳга ҳукм
Битар ўлган шоирнинг қўли.

Подшоҳларга шоирмас, қуллар –
Қуллар керак, жаллодлар керак,
Шоир экса дилларга гуллар,
Мажақловчи саллотлар керак.

Подшоҳ битта,
Қуллар эса кўп –
Ҳатто подшоҳ ўлсаям, улар
Қул ота-ю, қул оналарнинг
Қўрқувидан туғилаверар.

Шоир эса жасорат ва ишқ
Фарзандидир!
Ўхшар дарёга –
Қулларгамас, ҳурларга қўшиқ
Айтмоқ учун келар дунёга.
Шоирларни отган жаллодлар
Бугун тирик, тўқир ақида
Подшоҳ амри ила саллотлар
Ўқ узган ул кунлар ҳақида.

Улар билмас, ҳеч бир замонда
Шоирларни ўлдириб бўлмас –
Ўқ узсаям, бошин узсаям
Асл шоир ҳеч қачон ўлмас.

Балки билар…
Билиб чиқмайди
На кўчага ва на майдонга –
Дуч келишдан қўрқади балки
Қодирийга ёки Чўлпонга.

1988

ЛОРКА ЎЛИМИ

Уни тонгга тираб отдилар…
У йиқилди,
Сўнг яна турди
Ва ёшгина,
Букри бир аскар
Қўндоқ билан бошига урди.

У жон берди…
Аскарлар эса
Шоша-пиша ортга қайтдилар,
Шароб ичиб мунгли қўшиқни
Тун сукутин бузиб айтдилар.

Бу қўшиқда булутни ёрган
Ҳилол чўққи узра порларди,
Бу қўшиқ қор остида ётган
Чечакларни бўзлаб чорларди.

Бу қўшиқда қора кийинган
Тул кампирлар эртак тўқирди,
Уларнинг олдида кўзи кўр бола
Зулмат аро китоб ўқирди.

Қўшиқ куйлаб,
Туйиб аламни,
Ёш аскарлар сармаст эдилар,
Шу қўшиқни ёзган одамни
Отганларин билмас эдилар…

1986

* * *

Бир чолни учратдим,
Қўли қон эди,
“Нима бўлди?” – дея сўрадим ҳайрон.
“Дўстимни душманга сотгандим… –
деди, —
Икки қўлим қондир ўшандан буён”.

Бир чолни учратдим,
Тили йўқ эди,
“Нима бўлди?” – дедим ёнига келиб.
Ғўлдираб нимадир деди, хўрланган
Боболар қабрига ишора қилиб.

Бир чолни учратдим,
Кўзи кўр эди.
“Нима бўлди?” – дея сўрадим ҳайрон.
“Хиёнат қилгандим имонга… – деди, —
Ўзимни излайман ўшандан буён”.

1982

УСМОН НОСИР ХОКИ УСТИДА

Сукут қучган қабристон узра
Тўкилади барглар бесадо.
Илк бор қабринг устига бўзлаб
Келиб, мана, турибман танҳо.

Бунча пинҳон тутдинг сирларинг,
Бунча суйдинг совуқ элларни.
Уйғонмадинг, ҳатто шеърларинг
Уйғотганда бизнинг дилларни.

Сени сотган одамлар тирик,
Ҳамон улар сотиб юрарлар.
Балки улар яширин, пинҳон
Мозорингга келиб турарлар.

Мен уларни танийман… Гарчи
Хоинларни қилишмас ошкор.
Чунки улар энди бизларни
Ўлдирмоққа, сотмоққа даркор.

Яқинлашиб келаётир тун,
Ёдинг каби изтиробли дам,
Юрагимни эритмоқ учун
Ёндираман қабринг узра шам.

1988

ЎҒЛИМ ТЕМУРГА

Ўғлим, бу ер –
Бизнинг еримиз.
Ўзимизнинг еримиз.
Қўрқмасдан қадам ташла.
Ер жуда қаттиқ –
Боболарнинг қони қотирган уни,
Момоларнинг кўзёши қотирган.
Ўғлим, бу ер –
Ўзимизники,
Ҳадиксирама, ишонгин отангга,
Ҳадеб қарайверма орқангга.
Йиқилсанг, кўтарар
Сени бу тупроқ.
Йиқилсанг, турмоқни ўрганасан,
Турмоқни ўрган, ўғлим.
Йиқилсанг, эмаклама,
Эмаклаганим етар, ўғлим,
Қад тиклашни ўрган,
Шунинг учун бизга берилган
Бу ер – бу Ватан.

1981

УХЛАНГЛАР, УЙҒОНИНГ!

“Ухланглар, уйғонинг…” –
Шивирлар тун аро шам.
Даст уйғониб қарасам
Оқиб ётибди қоним…

Уйғониб қарасанг-чи,
Уйғотиб қарасанг-чи…
Аччиқ кўзёш. Қора қон.
Қонга бўялган қамчи?

Бетон зиндон. Кўр қўрқув.
Оқ туз сепилган кунда…
Уйқудан уйғонинг, ҳув,
Қолиб кетмангиз тунда…

1989

xdk

(Tashriflar: umumiy 84, bugungi 1)

Izoh qoldiring