Jeyms Ballard. Eng yaxshi istak barbodi

05    Доктор Жеймисон айни туш пайти Лондонга етиб келди. Шаҳарга элтувчи барча йўллар эса эрталабки соат 6 даёқ бекилган эди. Одатда бўлганидек, ёш қиролнинг тахтга ўтириш, яъни тож кийиш кунида одамлар маросим бошланишидан бир кун олдин қирол кортежи ўтадиган бутун йўл бўйлаб ўрин ола бошлашди.

Жеймс Грэм Бaллaрд
ЭНГ ЯХШИ ИСТАК БАРБОДИ

07

07Жеймс Грэм Бaллaрд (James Graham Ballard) – 1930 йилнинг 15 ноябрида Хитойнинг Шанхай шаҳрида инглиз дипломати оиласида дунёга келган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ота-онаси билан бирга Хитойга ҳужум қилган япон босқинчилари томонидан ташкил этилган концлагерга ташланган. Урушдан кейин ватанига қайтиб мактабни тамомлаган Жеймс Англия ҳарбий ҳаво кучларида хизмат қилади. 1957 йилда сюрреализм оқими таъсирида яратилган фантастик мавзудаги илк ҳикояларини ўқувчига тақдим этади.
2009 йили вафот этган ва бутун ижоди давомида 11 роман ва 18 ҳикоялар тўпламини ўқувчиларга тақдим этган адибни кўпчилик адабиётшунослар Жозеф Конрад ва Курт Воннегутга ўхшатадилар.Бу қайсидир маънода ҳам тўғри,ҳам нотўғри. Тўғрилиги шундаки Жеймс Бaллaрд худди Жозеф Конрад ва Курт Воннегутга ўхшаб жуда бой тасаввур дунёси эга ижодкор эди,аммо шу билан бирга у яратган қаҳрамонлар ва воқеалар олами ўзига хос рангга эга — адиб қалами фақат у гапира олган тилни ярата олган эди.

07

Доктор Жеймисон айни туш пайти Лондонга етиб келди. Шаҳарга элтувчи барча йўллар эса эрталабки соат 6 даёқ бекилган эди. Одатда бўлганидек, ёш қиролнинг тахтга ўтириш, яъни тож кийиш кунида одамлар маросим бошланишидан бир кун олдин қирол кортежи ўтадиган бутун йўл бўйлаб ўрин ола бошлашди. Доктор Жеймисон «Риц» меҳмонхонаси ёнидаги метро бекати томон ўт-ўланлар босган нишабликдан юқорига кўтарила бошлади. Грин-Паркда эса юқоридаги сабабга кўра, бирор жонзот қораси кўринмас эди. Дарахтлар ости қаровсиз, турли лаш-лушлар сочилиб ётарди. Доктор Жеймисон метрога етгунча қора терга ботди, ўзининг кичкина, лекин хийла оғиргина қурол-аслаҳага мосланган жомадонини ўтлоққа қўйиб, ўриндиққа чўкди.

Унинг қаршисида баланд ёғоч минбарнинг орқа томони турарди. У энг юқори қатордаги томошабинларнинг-очиқ ёқали ёзги кўйлакли аёллар, қўлидаги газета билан бошини қуёшдан паналаб турган енги узун кўйлакли эркаклар, миллий байроқчаларни силкитиб, куйлаётган болаларнинг елка-бошларини кўриб турарди. Одамлар бутун Пикадилли бўйлаб идора деразаларидан боқиб, токчалардан эгилишиб, ўзаро суҳбатлашишар, энди кўчанинг ўзи ҳам нур ва товуш аралашмасига айланиб кетган эди. Гоҳ у, гоҳ бу томондан узоқроқдан оркестр садоси ёки қайси бир офицернинг аскарларни йўлнинг икки ёнига саф тортиши ёки сафни алмаштиришга ундовчи буйруғи эшитилиб қоларди.

Доктор Жеймисон буларни қизиқиш билан тинглаб, қуёш тафтини ҳам унутгандай бўлди. У 65 ёшларга яқин, ўрта бўйли, тўладан келган киши эди. Сочлари ҳам энди оқара бошлаган, ўйноқи, сергак кўзлари эса атрофда рўй берувчи ҳар қандай нарсани илғаётир эди. Унинг қиёфасида олимона кўриниш бўлса-да, кенг пешонаси нишаблиги туфайли, ўз ёшига нисбатан анча кичик кўринарди. Устидаги башанг кулранг костюми бу таассуротни янада кучайтиради. Минбар чеккасидаги биринчи ёрдам чодиридан кимдир чиқиб, шу томон йўналганда, доктор Жеймисон унинг кийими ўзига ярашмай турганини ҳис қилди ва қай бир ғамгин хаёлдан кўнгли бузилди.Соатига қаради-да, жомадонни қўлга олиб, метро бекати томон жадаллади.

Қирол кортежи тож кийиш маросимидан кейин ўз йўлини соат учда Вестминстер аббатлигидан бошлаши керак эди. Шунинг учун ҳам у ўтадиган кўчаларда полиция аллақачон ҳар қандай ҳаракатни тўхтатганди. Доктор Жеймисон иккинчи чиқиш йўлагидан юқорига, Пикадиллининг шимол томонига кўтарилди-да, кўплаб идоралар ва меҳмонхоналар жойлашган баланд биноларга синчиклаб разм солди, қайси бирларини таниб олиб вақти-вақти билан уларнинг номини ичида такрорлар эди.

Йўлакда тиғиз турган одамларга қийинчилик билан уриниб-суриниб, бунинг устига, темир қоплама жомадони тиззасига урилганда оғриқ тортиб, Бондстритгача етиб борди. Қаршисида Пикадилли томон келаётган одамлар оқими унга ажабсиниб қараб қўйишарди. Ниҳоят, у машинага чиққандан кейингина ўзини енгил ҳис қилди. Ҳайдовчининг ёрдамини рад этиб, жомадонини ўзи кабинага қўйди ва ўтирар экан:
-«Уэстленд» меҳмонхонасига, -деди.

Ҳайдовчи унга ярим ўгирилиб сўради:
-Қаерга дедингиз?

-«Уэстленд», -дея такрорлади доктор Жеймисон, ўз гапириш тарзини, иложи борича, ҳайдовчиникига мувофиқлаштиришга ҳаракат қилиб. Чунки бу ердагиларнинг нутқи у келган жойдан анча бошқачароқ эканини сезиб қолган эди. — Оксфорд-стритда, Марбл-Арчдан юз эллик ярд шарқда. Менимча, у ерга қўшимча кириш жойи Гроувенор-плейс томондан.

Ҳайдовчи унга диққат билан назар ташлади-да, маъқуллаб бош силкиди. Машина қўзғалди.

-Тож кийиш маросимини кўргани келдингизми?

-Йўқ,-бепарволик билан деди доктор Жеймисон. -Иш билан. Бор-йўғи бир кунга.

-Мен кортежни кўрмоқчисиз деб ўйлабман. «Уэстленд» дан ҳаммаси жуда яхши кўринади.

-Ҳа, шундайга ўхшайди. Имкониятим бўлса, албатта, кўраман.

Улар Гроувенор хиёбонига бурилишди. Доктор Жеймисон жомадонни ўрнидан қўзғаб, усталик билан ишланган пинҳона темир қулфларини жиддий кўздан кечирди ва улар қопқоқни маҳкам тутиб турганлигига ишонч ҳосил қилди. Сўнгра хотиралар тўлқини қўзғаган ҳиссиёт туғёнини босишга интилиб, атрофдаги биноларга қарай бошлади. Бироқ ҳаммаси унинг хотирасидагидай эмас эди. Ўзини бугунидан орқага қараб узоқлаштирган йиллар эски таассуротларни ёдга солар эди. Узоқларга кетувчи кўчалар, тартибсиз бинолар, қаёққа қарама, кўплаб хилма-хил маънисиз рекламалар, буларнинг ҳаммаси тамоман янги эди. Шаҳар бениҳоя эски андозали ва турли услубли ҳамда унда қачонлардир ўзи яшаганини тушуниши қийин туюларди.

Наҳотки, қолган барча хотиралари ҳам уни алдаса?

Бирданига чеҳраси ёришган ҳолда олдинга эгилди, ҳозиргина ёнидан ўтганлари Америка элчихонасининг нафис ўйма  деворли биноси унинг шубҳасини ёзди.

Ҳайдовчи унинг кутилмаган қизиқишига эътибор берди.

-Янкиларнинг қўлидан келгани шу-да, -деди у, сигарет кукунини қоқар экан. -Нима эканлигини ҳам тушуниб бўлмайди.

-Шунақа деб ўйлайсизми? -деди доктор Жеймисон. -Бу фикрингизга кўпчилик қўшилмаса керак.
Ҳайдовчи кулиб юборди.

-Худди шу ерда хато қиласиз, мистер. Мен ҳалигача бирор кишидан бу дахмаза ҳақида яхши сўз эшитмадим.  —  Ҳайдовчи  йўловчининг кўнглини ранжитгиси келмагандек елка қисиб қўйди.  — Тағин ким билади… Эҳтимол, буни қурган меъмор  ўз давридан ўзиб кетган одам бўлса керак.

Доктор Жеймисон бу гапга жавобан  енгил табассум қилди.

-Балки, -деди у ҳайдовчидан ҳам кўра ўзига қарата. -Нақ ўттиз беш йилга. Вақти келиб бу архитектура ҳақида одамлар жуда юксак фикрда бўлишади.

У яна енгил манқаланиб гапираётганини сезмай қолди. Шунда ҳайдовчи сўради:

-Сиз хорижлик эмасмисиз, сэр? Янги Зеландиялик эмасмисиз?

— Йўқ, -деб жавоб қайтарди доктор Жеймисон ва энди кўчаларда транспорт ҳаракати чап томонлама эканлигига эътибор берди. -Тўғри, Лондонда бўлмаганимга анча бўлди. Лекин келиш кунини яхши танлабман, шекилли.

— Мана бу гапингиз тўғри бўлди, сэр. Шаҳзода учун  бугун ҳақиқий байрам,  Аслида қирол учун дейишим керак эди-ю,  аммо,  Қирол Яков III деб айтиша ҳали кўникканимиз йўқ-да. Аммо унга яратгандан омад тилаймиз.

Доктор Жеймисон қўлини жомадон устига қўйганича ярим овозда бўлса-да, жўшқинлик билан жавоб қайтарди:
-Сиз ҳақсиз, илойим, бахтли бўлсин.

У меҳмонхонага орқа эшикдан кирди ва кичкина вестибюлда тўпланиб қолган одамлар  ичига тушиб қолди. Қулоғида ҳамон Оксфорд-стрит шовқини босилмагандай эди. Беш дақиқача кутиб турди-да, сўнг меҳмонхона хизмати  жойлашган  пештахта  томон юрди. Жомадони оғирлигидан  қўли уюшиб борар эди.

— Доктор Режер Жеймисон, — деб ўзини танитди. — Бу ерда мен учун иккинчи қаватдан хонага буюртма берилган.

Хизматкор рўйхатлар журналидан ёзувни излай бошлади. Доктор эса атрофдагилар шовқинига қулоқ тутиб, пештахтага суянди. Бу ердагиларнинг кўпчилиги ялтироқ кўйлакли ўрта яшар бақалоқ аёллар эди. Улар тўхтовсиз бидирлашиб теливизор турган холга ўтишарди: соат иккидан бошлаб Вестминстер аббатлигида ўтказиладиган тахтга чиқиш маросимининг намойиши бошланади. Доктор Жеймисон уларга эътибор бермай, бошқаларни — ўз ишини тугатган официантлар, хат ташувчилар, юқори қаватларда тантанали зиёфат уюштиришга ҳозирлик кшраётган хизматчиларни кузата бошлади. У ҳар бир кишига, худди бирор танишини учратиб қоладигандек разм соларди.

Хизматкор энкайганича журнал саҳифаларига тикилиб айтилган номни ахтарар эди.

— Хона сизнинг номингизга буюртма қилинганмиди, сэр?
— Шундай бўлиши керак. 17-рақамли, бурчакда.

РХизматкор  ишончсизлик билан бошини сарак-сарак қилди.

— Ўйлашимча, қандайдир хатолик юз берган, бизда  ҳеч нима қайд қилинмабди. Эҳтимол, сиз бирон-бир зиёфатга таклиф этилгандирсиз?

— Ишонинг, ўша 17-рақамли хонага шахсан ўзим буюртма берганман,-деди доктор Жеймисон жаҳлини босишга уриниб. У жомадонини эҳтиётлаб оёқлари орасига олди. -Бу анча илгари бўлган эди, аммо меҳмонхона бошқарувчиси, ҳаммаси жойида бўлади, деб мени ишонтирган эди.

  Хизматкоржурнални секин варақлашга тушди. Дафъатан, у биринчи варақнинг энг юқорисида вақт ўтиши билан ранги ўчган ёзувни бармоғи билан туртди.

— Мана бу ерда экан, сэр. Кечирим сўрайман. Гап шундаки, уни бу ерга олдинги дафтардан кўчиришган. «Доктор Жеймисон, 17-хона». Жуда қулай кунни танлабсиз, доктор, қаранг-а,бу хонага ропа-роса икки йил аввал буюртма берган экансиз.

Ниҳоят, хонага ўрнашган доктор Жеймисон уни ичидан бекитиб олди-да, толиқиш билан кроватга ўтирди. Нафас олиши яна маромига тушиб, уюшган ўнг қўли асл ҳолига келгач, ўрнидан туриб хонани кўздан кечириб чиқди.

Хона кенг эди. Иккита бурчак деразасидан пастдаги одам тўла кўча яққол  кўриниб турар эди. Чий пардалар эса қуёшнинг кескин нуридан ва қаршидаги катта универсал дўкон айвонида жойлашган юзлаб одамларнинг нигоҳидан ҳимоя қилар эди. Доктор Жеймисон девордаги жавонларни, сўнгра ювиниш хонасининг зинапояга чиқадиган дарчасини текширди. Кўнгли тинчигач, кейинча кортежни яқиндан кузатиш мумкин бўлган дераза ёнига креслони суриб қўйди. Бир неча юз ярд масофадаги кўча бўйлаб саф тортган аскар ва полициячиларнинг ҳар бири аниқ кўриниб турарди.

Бутун дераза  бўйлаб доктор Жеймисонни қизиқувчи назарлардан яшириб турувчи кенг қизил матоҳ — меҳмонхона деворини безаган байрам гулчамбари ўрами кесиб ўтган. Доктор Жеймисонга пастдаги уй девори билан ёғоч тўсинлар орасидан ўтган оломонга тўла йўлак жуда яхши кўриниб турарди. Ўрамни, унинг қуйи қисми билан дераза токчаси орасини бор-йўғи олти дюмча қолдириб тортиб қўйди-да, креслога қулайроқ ўрнашиб олди ва шошилмай оломон орасидан одамларни бир-бир қараб чиқа бошлади.

Кўринишидан, ҳеч ким унда алоҳида қизиқиш уйғотмади ва у асабий ҳолатда соатига қаради. Соат иккигача бор-йўғи бир неча минут қолган эди, эҳтимол, бўлажак қирол Букенгем қасридан Вестминстер аббатлиги сари аллақачон йўлга чиққандир ҳам. Оломондагиларнинг кўплари ўзлари билан радиотранзистор олиб олишган ва, ниҳоят, аббатликдан репортаж берила бошланиши билан одамларнинг ғала-ғовури тинди.

Доктор Жеймисон ўрнидан туриб, яна кроват ёнига борди ва чўнтагидан калитни олди. Жомадондаги қулфлар махфий эди. Бир неча марта калитни чапга, сўнг ўнгга буради, босган эди қопқоқ очилди.

Жомадонда  узоққа отишга мўлжалланган ов милтиғининг қисмлари ва олти патронли ўқдон ўраб-ўраб қўйилган эди. Темир қўндоқ олти дюмга қисқартирилган ва қиялантирилган бўлиб, шу тариқа уни елкага қўйиб, 45 градус бурчакдан отиш имкони яратилган эди.

Доктор Жеймисон деталларни қисқичлардан бир-бир бўшатиб, милтиқни тезда териб чиқди ва қўндоққа мустаҳкам ўрнатди. Ўқдонни ўрнатиб, затворни орқага тортди ва патронни отишга мўлжаллаб юқорига жойлади.

Деразага орқа туриб, кроватда ўқланиб ётган милтиққа бир мунча вақт қараб турди. Қўшни хоналардан эшитилаётган маст-аласт бақириқлар ва кўчадаги оломон шов-шуви бир зум бўлсин тинмасди. Тасодифан  нимадир  доктор Жеймисоннинг  руҳини тушириб юборгандай бўлди,  ҳлзир уни кимдир кўрганида  эди: докторнинг юзидаги журъат  ва қатъиятни  батамом йўқолганини , энди у ўзидан бошқа ҳамма учун байрам билан чулғанган бу бегона шаҳардаги меҳмонхона хонасида ёлғиз, дўст-ёронларсиз, ҳолдан тойган чолга айланиб қолганига гувоҳ бўларди. У милтиқ ётган тўшакка ўтирди, рўмолча билан қўллларидаги мой юқини арта бошлади. Бу пайтда хаёллари узоқ-узоқларда эди. У зўрға оёққа турди ва бу ерга қандай келиб қолганидан ҳайрон бўлгандай, атрофига паришон назар ташлади.

Лекин дарҳол ўзини қўлга олди. Милтиқни тезгина бўлаклаб, ҳар бир қисмни жомадонга аввалги тартибда жойлаб чиққач, қопқоқни ёпди. Жомадонни стол тортмасининг энг пастки қисмига жойлади-да, калитни ёнидаги тўпга қўшиб қўйди. Хонадан чиқаётиб, эшикни маҳкамлаб ёпди ва   дадил  қадамлар билан  меҳмонхонадан чиқиб кетди.

Гроувенор-плейс бўйлаб икки юз ярд юргач, одатда кўплаб кичик-кичик дўкончалару емакхоналари билан жонланиб турувчи Халлам-стритга томон бурилди. Витриналар устидаги йўл-йўл чодирлар қуёшда ёрқин товланиб турар, аммо энди  кўча шунчалик бўм-бўш эди, худдики қирол кортежини кузатаётган оломондан уни улкан масофа ажратиб тургандай эди. Доктор Жеймисон ўзига ишонч қайтиб келаётганини ҳис этди. Тахминан ҳар ўн ярд юриб тент остида тўхтар ва дўкон устидаги дарчадан хириллаб эшитилаётган узуқ-юлуқ телерепортажни тинглаганча бўм-бўш йўлакларга назар ташлар эди.

У Халлам-стритнинг ярмини босиб ўтиб, йўлакда ўнта стол қўйилган кичкина қаҳвахона олдида тўхтади Тент соя ташлаган бу столлардан бирига ўтирди-да, чўнтагидан қора кўзойнагини олиб таққач, қулайроқ жойлашиб олди ва хизматкорга яхлатилган апелсин шарбати буюрди-да, бамайлихотир ича бошлади. Қалин гардишли қора кўзойнакда уни таниш қийин эди. Кўча жимжит, фақат Вейтминстер аббатлигида вақти-вақти билан тадбир босқичлари бири бошқаси билан алмашган тартибда Оксфорд-стритдан қарсаклар портлаши ва табрик хитоблари эшитилиб турар эди…

Телевизорлардан аббатликда тантана якунлангани ва тож кийиш маросими ниҳоясига етгани тўғрисида хабар берилиб, органнинг оҳиста оҳанглари ҳавода суза бошлаганда, доктор Жеймисон чап тарафда қадам овозларини эшитди. Бурилиб қаради-да, қўл ушлашиб келаётган оппоқ кийимли йигит-қизга  кўзи тушди. Улар жуда яқин келгач, ёшларни яхшироқ кўриш учун кўзидан қора кўзойнагини олди, сўнг шошиб яна  уни қайта тақди-да, юзини қўли билан бекитиб,бутун гавдаси билан столга таянди.

Ёшлар бир-бирлари билан тамоман банд бўлганлари учун, ўзларини зимдан кузатиб туришгани  мутлақо сезишмади. Йўқса, худди шу пайтда бирон бир кишининг  доктор Жеймисонга кўзи тушганида эди,  унинг беҳад  ҳаяжонга тушганини билиб олар эди. Йигит 28 ёшларда бўлиб, эгнидаги  костюми қоматига мос келмай,қопдек осилиб турарди. Жеймисоннинг эътибор беришича, Лондонда ҳозир ҳамма шундай кийинар экан. Йигитнинг узун ёқали кўйлагига рангини йўқотган галстук эътиборсиз тақилган, кўкрак чўнтагининг бирида иккита авторучка, бошқасида концерт дастурига таклиф қоғози чиқиб турар эди. Унинг бутун қиёфасида университет ёш ўқитувчисининг хушёқим бамайлихотирлиги намоён эди. Чиройли юзи устида пешона орқага тортилган, сийраклашган қора сочлари пала-партиш силаб қўйилган эди. Йигит қизнинг юзига тикилар, унга бўлган туйғусини яширмас, уни диққат билан тинглар, фақат баъзи-баъзида хитоб ёки қисқа луқмалар билангина унинг гапини бўлиб турар эди.

Доктор Жеймисон ҳам энди қизга назар ташлади. Шу билан бирга, йигитдан ҳам кўз узмади, унинг ҳар бир ҳаракатидан ва юзидаги ўзгаришлардан кўз узмас эди. Кишилар фақат ўзининг ойнадаги аксигагина шундай тикилиб, диққат ила синчковлик билан кузатиши мумкин. Уни тўлақонли енгил тортиш ҳисси қамраб олди ва қувончдан ўрнидан сапчиб туриб кетишига бир бахия қолди. У ўз хотиралари олдида қўрқув ҳиссини туяр, лекин амалда қиз у ёдига келтирганидан ҳам кўра янада чиройлироқ эди. У кўп деганда 19-20 ёшларда бўлиб, бошини баланд кўтариб ва сал орқага ташлаб борар, шамол ҳам офтобда тобланган елкасидаги узун сомонранг сочларини силкитиб ўйнар эди. Унинг тўкис лаблари жуда ҳаракатчан, шодонликдан нурланган кўзлари эса йигитга муғомбирона боқар эди.

Улар қаҳвахонага яқинлашгач, қиз эҳтирос билан нимадир деб шивирлай бошлади,аммо  йигит  унинг гапини бўлди:

— Шошма, Жун, мен сал нафасимни ростлаб олай. Бир пасгина ўтирамиз-да, бирор нарса ичамиз. Кортеж Марбл-Арчга камида ярим соатдан кейин етиб келади.

-Бечора қариягинам, мен сени роса силлангни қуритибман-да?

Улар доктор Жеймисон ёнидаги столга ўтиришди. Энди қизнинг очиқ қўлини бир неча дюмгина ажратиб турарди. Доктор яна ҳиссиётга ғарқ бўлиб, узоқ ёшликдаги қиз танасининг шаффоф бўйини эслади. Уни хотиралар чулғаб олди: Ҳа, бу айнан унинг нозик ва равон қўллари, бу ўша, худди ҳозиргидек олдинга чўзилган ёқимтой ияги ва худди ҳозиргидек кенг оқ юбкаси остидаги тиззасини худди шундай силаб-силаб қўйишлари.

—  Кортежни кўрмасак ҳам нима бўпти. Бугунги кун — қиролники эмас, меники.

Йигит жилмайди ва жойидан турмоқчи бўлгандай ҳаракат қилди.

— Гапинг ростми? Демак, бугун ҳаммани алдашибди-да. Сен  ўтириб тур, мен ҳозир бориб, кортежнинг йўлини ўзгартириб, айнан шу ерга келишларини буюриб келаман,- йигит стол устидан энгашиб, қизнинг қўлини тутди ва унинг бармоғидаги нафис бриллиантга диққвт билан  қаради. – Худо билади нима бу ўзи, уни сенга ким совға қилган.

Қиз бриллиантни ўпди.

-«Риц»  меҳмонхонаси билан баробар олмос. Ё худо, мен яқинда   турмушга чиқадиган йигитимнинг аҳволини кўриб қўйинглар . Лекин мукофот билан  кутилмаган  мўъжиза рўй берди-я, Рожер, тўғрими? Тўрт юз фунт! Сен энди асл бойваччасан. Фақат  қироллик жамияти уни ҳеч нимага сарфлашга рухсат бермагани алам қилади, бўлмаса, уни Нобель мукофотидай сарфлашга тушардик. Хуллас, энди  Нобель мукофоти олишингни кутишимизгага тўғри келади, ана ўшанда ҳаммаси бошқача бўлади.

Йигит камтарона жилмайди.

— Қўй энди, жонгинам, бунга кўп ҳам  умид боғлайверма.

— Йўқ, сен уни албатта оласан. Ахир, сен вақт машинасини кашф қилдинг-ку!

Йигит бармоқлари билан столни черта бошлади.

— Жун, илтимос, бунинг ҳаммаси бўлмағур гап: мен ҳеч қанақа вақт машинасини кашф қилмаганман. — У қўшни столга ўтирган ёлғиз  кишини эслаб овозини пасайтирди; бошқа ҳеч ким атрофда йўқ эди.-  Агар сен буни ҳаммага айтаверсанг, мени телбага чиқаришади.

Қиз бурнини жийирди.

— Йўқ, кашф қилгансан, бундан ҳеч қаёққа қочиб қутила олмайсан! Биламан, сенга бу ҳақдаги гаплар ёқмайди, аммо-лекин, олий математиканини бир четга суриб қўйганда ҳам, қолган барчаси буни тасдиқлайди-ку, шундай эмасми?

Йигит столга ўйчан тикилди. Энди унинг жиддий  юзида бутун ақлий қудрати  барқ этиб турар эди.

— Қандайдир математик тушунча  коинотдаги нима биландир мувофиқ келгандай бир гап бу. Биз фақат  нималанидир соддалаштириш йўлидан бордик,холос. Ҳатто шунда ҳам буни вақт машинаси демаганимиз маъқул. Тўғри, эртага «Нейчер»да менинг мақолам пайдо бўлганидан кейин, матбуот гап айнан вақт машинаси ҳақида бораётир дея қаттиқ туриб олади,аммо  ҳозирги пайтда  у ё бу тарзда  бўлсаям вақт машинаси мени  деярли қизиқтирмайди. Агар менинг ўттиз йиллик ортиқча вақтим бўлганида эди, бу билан шуғуллансам арзирди. Лекин ҳозирча бошқа  муҳимроқ ишларим бор.

У қизга табассум қилди, қиз эса олдинга эгилиб, нима ҳақидадир жиддий ўйга толиб, йигитнинг қўлларини қўлига олди.

— Менимча эса, Рожер, сен ҳақ эмассан. Сен кашфиётингни кундалик ҳаётга татбиқ этиш мумкин эмас деб ҳисоблайсан. Олимларнинг ҳаммаси шундай деб ўйлайди. Бир ўйлаб кўр, вақтни  орқага қайтариб ўтмишга саёҳат қилиш-а. Демоқчиманки…

— Бунинг нимаси қизиғи? Ҳозир биз вақт бўйича олға ҳаракат қиляпмиз,тўғрими? Аммо  «ура» деб қичқириш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам  келгани йўқ-ку? Коинотнинг ўзи  вақт машинасидан ўзга нарса эмас. Агар тўғри  ифодалайдиган бўлсам, мана шу ўтирган жойимиздан кузатадиган бўлсак,яъни  уни томоша залида ўтирган каби кузатадиган бўлсак, бир йўналишда ҳаракат қилаётганмизни кўрамиз. Янада аниқроқ қилиб айтганда, асосан бир йўналишда ҳаракат қиляпмиз. Менга бор-йўғи фақат бир нарсани илғаш насиб этди, яъни циклотроннинг ичидаги айрим қисмлар баъзан тескари томонга айланиб, ўзининг сўнгсиз қисқа троекторияларининг яна ўз йўлини қайтадан бошлайдиган охирги нуқтасигача боради. Бу гап умуман бир ҳафтадан кейин ҳар қандай киши  бугундан эртага қараб йўл олади  ва  ўз бобосини ўлдиради деган гап эмас.

-Хўш, ўлдирсанг нима рўй беради? Йўқ, жиддий айтаяпман.

Йигит кулди.

— Билмайман. Рости гап, мен, ҳатто, бу тўғрида ўйлашни ҳам истамайман. Эҳтимол, худди шунинг учун ҳам муаммо соф назарий жиҳатдан ишлаб чиқилиб ҳал этилишини истаётгандирман. Агар уни охиригача мантиқан ўйлайдиган бўлсак, менинг Харуэллдаги кузатишларим нотўғри бўлиб чиқиши керак. Чунки коинотдаги воқеалар (бу жуда аниқ) вақтга боғлиқ бўлмай кечади ва у биз унинг орқасидан боқиб ҳамда ўзимизни унга боғлайдиган кўриш бурчагидан бошқа нарса эмас. Неча йиллардан кейин муаммони, эҳтимол, Жеймисон парадигмаси деб аташиб, синчков математиклар уни ҳал қилгунларича қанча-қанча бобо ва бувилар у дунёга рихлат қилишса керак. Сен билан мен эса бизнинг невараларимиз олимлар эмас, балки адмираллар ёки архитекторлар бўлиши учун ғамхўрлик қилишимиз керак.

Йигит гапирар экан,доктор Жеймисон бор кучи билан унинг қўлларига тегиб ёки унга сўз қотиб қўймасликка ҳаракат қилиб, қизни кузатар эди. Унинг ингичка нафис қўлларидаги майин сепкиллар, кўйлак этаги бурмалари, оёғидаги кичкина, лак билан бўялган тирноқлари, -буларнинг ҳаммаси унинг учун, шубҳасиз, ўз мавжудлигининг далил-исботи эди.

У кўзойнагини олди ва қандайдир сонияларда йигит билан нигоҳлари тўқнаш келди. Йигит ўзларининг ҳар иккаласида ҳам манглай тортилиши бу қадар ўхшашлигидан ҳайратланди, шекилли, докторга қисқа табассум қилди. Доктор Жеймисонни унга нисбатан чуқур, қарийб оталарча меҳр чулғаб олди. Бу йигитдаги тўғрилик ва содда жиддийлик, бамайлихотирлик ва жозибадор қўполлик унинг учун муҳим ақлий устунлик бўлиб кўринди ҳамда унга нисбатан ўзида ҳеч қандай ҳасад сезмади.

У яна кўзойнагини тақди ва кўчанинг охирига қаради: унинг ўз режасини охиригача етказиш нияти янада қатъийлашди.

Уй ортидаги шовқин кескин кучайди ва икки ёш ўринларидан сапчиб туришди.

— Тезроқ, тўрт ярим бўлиб қолибди! — дея хитоб қилди йигит. Яқинлашиб қолишди, шекилли.

Улар чопиб кетишди, лекин қиз шиппагини тўғрилаш учун тўхтаб, қора кўзойнакли қарияга қаради. Доктор Жеймисон олдинга эгилиб, унинг бирор нарса дейишини кутди, лекин қиз кўзини бошқа тарафга олиб қочди. Доктор яна ўрнига чўкди.

Ёшлар чорраҳагача чопиб боришгач, у ўрнидан турди ва меҳмонхонага қараб жадал одим отди.

Хонани ичидан қулфлаб, доктор Жеймисон стол тортмасидан жомадонни чиқарди, милтиқни терди ва уни қўлига олиб, дераза ёнига ўрнашди. Кортеж энди яқингинада ҳаракатланар,  маросим бошида парад кийимидаги аскарлар  ҳарбий оркестр мусиқаси остида тантанавор қадам ташлаб борар, улардан кейин  қиролнинг отлиқ гвардияси келар эди. Оломон ҳавога серпантину  конфеталарни ҳовучлаб  сочганча шовқин солар ва қутловли хитоблар айлаб қийқирар эди. Доктор Жеймисон ўрам парда чеккаси билан дераза токчаси ўртасидан қуйига, йўлакка тикилди. У ўша ерда турган ҳар бир одамни бирма-бир кузата бошлади ва кўп ўтмай ҳалиги оқ кўйлакли қизни кўриб қолди — у оёқ учида  кўтарилиб, оломон устидан кортежни томоша қилишга уринар эди. Қиз атрофдагиларга табассум ҳадя этар ва олдинроққа ўтишга ҳаракат қилиб, тинмай йигитнинг қўлини тортқилар эди.

Доктор Жеймисон бир неча дақиқа қизнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб боқди, аммо дипломатия корпусининг дастлабки сафи кўрингач, яна бошқаларни, оломон орасидан ҳар бир кишини диққат билан  кузата бошлади. Сўнгра чўнтагидан кичкина пластик пакет чиқарди ва  қўли билан иложи борича юзидан олисроқ  тутиб, пакетнинг муҳрини бузди. Пакет ичидан оний пишиллаш билан яшил ранг газ чиқди ва доктор Жеймисон вақт ўтиши билан сарғайиб кетган газета парчасини тортиб олди; у шундай букланган эдики, фақат эркак киши сурати кўриниб турар эди.

Доктор Жеймисон газета парчасини дераза токчасига қўйди. Суратдаги киши ўттиз ёшларда эди, унинг қорачадан келган ориқ юзи сувсар тумшуғини эслатар, бу полиция томонидан суратга олинган айнан қандайдир бир жиноятчи эди. Сурат тагида жиноятчининг исми битилган эди: Антон Реммарс.

Доктор Жеймисон йўлакдан кўз узмай олдинга эгилиб олди. Дипломатия корпуси ўтди, ундан кейин очиқ машиналарда шойи цилиндрларини  олқишона силкитиб вазирлар маҳкамаси аъзолари борар эди. Яна қироллик отлиқ гвардияси кўринди, ўша заҳоти одамларнинг  ғовур-ғувури кучайди:  оломон яқинлашаётган  қирол  кортежини кўрган эди.

Доктор Жеймисон ташвишланиб соатига қаради, 3. 45. Етти минутдан кейин қирол кортежи меҳмонхона ёнидан ўтади. Оломон шовқини диққатни жамлашига йўл бермади, бунинг устига, қўшни хоналарда телевизорларнинг ҳам овози баланд қилиб қўйилган эди.

Бирданига унинг бармоқлари токчага ёпишди: Реммерс!

Пастда, тўғрида, тамаки дўкони яқинида, кенг соябонли яшил шляпа кийган касалманднамо одам турар, оҳорсиз  ёпинғичи чўнтагига қўлини солганча кортежга лоқайд боқиб турар эди. Доктор Жеймисон шиддат билан милтиқни кўтарди ва ўша одамни кўздан қочирмаган ҳолда милтиқ учини дераза токчасига қўйди. Ўша одам олдинга тиқилиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмас ва  йўлакка олиб борувчи кичкина пештоққа  ёнма-ён жойлашган тамаки дўкони олдида   индамай  турар эди.

Ҳаяжондан оқариб кетган доктор Жеймисон яна деразадан ҳаммани навбат билан кузата бошлади. Уни оломоннинг шовқин-сурони гаранг қилиб қўйди: отлиқ гвардия ортидан, от туёқлари дупури остида олтин нақшли қирол араваси кўринди. Доктор синчковлик билан Реммерснинг шеригига имо қилишини илғаб олиш мақсадида уни назардан қочирмас эди. Бироқ Реммерс аввалгидай чўнтагидан қўлини чиқармай, хотиржам қиёфада қотиб турар  эди.

-Жин ургир! — сўкинди доктор Жеймисон. -Иккинчиси қани?

У телбанамо ҳолатда  чий пардани суриб қўйди-да, қолган саноқли дақиқада пастдаги ўнлаб одамларнинг феъл-атворини билиб олиш мақсадида  бутун ақл кучини ва бой тажрибасини тўплаб оломонга тикилди .

-Ахир, улар икки киши бўлиши керак эди-ку! -дея ўзига ўзи мурожаат этиб  бўғиқ  ғудирланди. — Икков эди!

Ундан қандайдир эллик ярд масофа нарида олтин нақшли карета суянчиғига орқа ташлаб ёш  қирол  ўтирар ва унинг елкасидаги ёпинғич қуёшда ловиллаб товланар эди. Бир неча дақиқа доктор Жеймисон ундан кўз узолмай қолди, кейин  бирдан Реммерснинг  дўкон ёнида  йўқлигини сезиб қолди.

Энди Реммерс ўзининг ориқ оёқлари билан оломоннинг орқа сафлари бўйлаб  қутирган қоплондай у ёқдан бу ёққа зир югурар эди. Оломон яна олдинга ташланганини кўрган Реммерс тўсатдан ёпинғичининг чуқур чўнтагидан мовий термосни чиқарди-да, тезкор ҳаракатлар билан унинг қопқоғини бурай  бошлади. Қирол каретаси энди унинг тўппа-тўғрисида эди ва у чаққонлик билан термосни ўнг қўлига олди; термоснинг ичига тиқилган темир  портлатгич диккайиб турар эди.

— Демак, бомба Реммерсда экан-да!- деб юборди доктор Жеймисон саросимага тушиб.

Реммерс ўзини сал орқага ташлаб, тажрибали  гранатомётчига хос ҳаракат билан ўнг қўлини иложи борича орқага олиб борди ва бомбани улоқтиришга киришди. Аммо милтиқ  мили аллақачон унга қадалган ва доктор Жеймисон унинг кўксини нишонга олиб, Реммерснинг қўлидан бомба ажралиб чиқишига дақиқалик фурсат қолганда тепкини босди. Ўша заҳоти қўндоқнинг елкасига  зарб билан урилиши туфайли  ўзи ҳам ағнаб тушди. Реммерс икки букилганча тамаки дўкони томон қулай бошлади. Шунга қарамай,  бомба худди моҳир ҳўққовоз отгандай,  осмонга баландлаб учиб борарди. У Реммерсдан бир неча ярд наридаги йўлакка, қирол каретаси изидан ёприлган  оломоннинг оёғи остига тушди.

Сўнгра у портлади.

Кўзни қамаштирувчи ўт  чақнаб, тўрт томонга  тутун ва чанг тўлқини урилди. Дераза ойналари бутунлай учиб тушди ва  сакраб турган доктор Жеймисоннинг оёқлари остига тушиб парчинланди. Полни ойна синиқлари ва портлаш тўлқини майдалаган  деворга ёпиштирилган пластика бўлаклари қоплади, доктор Жеймисон уларга тайриниб кетиб, креслога кўндалангига қулади; шу билан бирга, кўчада одамлар қичқириғи оҳу воҳлар билан алмашди, шунда у ўзини тутиб олиб деразага яқин борди ва ҳавода ёйилган тутун қоплаган ташқарига қаради. Одамлар ўзини ҳар томонга урар, отлар бош яланг қолган эгаларига бўйсунмай осмонга сапчир эди. Ўн-ўн беш киши шундоқ дераза тагидаги йўлакда ётар ва баъзилар ўтирганча нима содир бўлганини англамай қотиб қолган эди. Бир ғилдирагидан айрилган қирол каретасини от олдингага судраб борар,  уни отлиқ гвардия ва аскарлар тўрт томондан ўраб олишга уринишар эди. Кўчанинг қарама-қарши томонидаги меҳмонхона тарафга бир неча  полициячи югуриб келарди ва доктор Жеймисон кимдир уни кўрсатиб, нималардир  деб бақираётганини кўриб қолди.

У пастдаги йўлак четига қаради, у ерда оқ кўйлакли қиз  ғалати тарзда оёқларини букиб қимирламай ётарди. Ҳамма ёғи  йиртилган камзулли йигит унинг ёнида тиз чўкиб ўлтирар, қизнинг юзи йигитнинг дастрўмоли билан ёпиб қўйилган ва  дастрўмолни   аста-секин  қора доғ қоплаб борар эди.

Коридордан ғала-ғовур эшитилди. У эшикка бурилди. Оёғи остида портлаш тўлқини  улоқтирган ранги ўчган газета парчаси ётарди. Доктор Жеймисон тезлик билан уни қўлига олиб, кўз югуртирди-да, афти бужмайиб кетди.

ҚИРОЛ ЯКОВГА СУИҚАСД
Оксфорд-стритда бомба портлашидан 27 киши ҳалок бўлди.
Икки киши полиция томонидан отиб ўлдирилди.

Сиёҳ билан қуйидагилар ажратиб чизиб қўйилган эди: «Ўлганлардан бири Антон Реммерс, профессионал қотил, ёлланган деб тахмин қилинаётган иккинчи террорчи Реммерсдан анча қари киши;   жасади ўқдан дабдала бўлгани сабабли   унинг шахсини  полиция аниқлай олмади».

Эшикни муштлай бошлашган эди. Кимдир нималардир деб тинмай бақирарди, сўнг эшикнинг ушлагичини тепа бошлашди. Доктор Жеймисон газета парчасини ташлади-да, деразадан пастга, ҳамон аввалгидай қизнинг бошида тиз чўкиб эгилган куйи унинг жонсиз қўлларини қўлига олиб ўтирган йигитга қаради.

Эшикнинг ошиқ-маъшуқларини бузишган пайтда у энди иккинчи қотил ким эканлигини, яъни ўттиз беш йилдан кейин ўлдириш учун келган киши эканлигини англаб етган эди. Унинг ўтмиш воқеаларини ўзгартиришга бўлган уриниши самарасиз бўлиб чиқди, олис ўтмишга қайтиб,  бир  пайтлар содир этилган мудҳиш жиноят иштирокчисига айлантирди ва  ёшгина қайлиғининг ўлдирилишига ихтиёрсиз сабабчи бўлишга гирифтор бўлди. Агар у Реммерсни отмаганида, қотил бомбани кўча ўртасига улоқтирар ва Жун омон қолган бўлар эди. Унинг пастдаги,қиз жасади устида бош эгиб ўтирган йигит фойдаси учун ишлаб чиққан бутун фидокорона режаси, бошқа кишига, анча ёш бўлган ўзига аталган бу беғараз армуғони ўз ҳалокатига сабаб бўлиб чиқди, чунки у қутқариши зарур бўлган кишини нобуд қилди.

Яна бир марта, охирги марта қизни кўриш ниятида, шунингдек, йигитни маҳбубасини батамом унутиши даркорлигидан огоҳлантириш мақсадида, у полициячилар  пистолетларидан тинимсиз потирлаб отилаётган ўқларга нишон бўлганича олға интилди.

 Болта Ёриев таржимаси

Хуршид Даврон кутубхонаси   таҳрири  остида 

22 Doktor Jeymison ayni tush payti Londonga yetib keldi. Shaharga eltuvchi barcha yo‘llar esa ertalabki soat 6 dayoq bekilgan edi. Odatda bo‘lganidek, yosh qirolning taxtga o‘tirish, ya’ni toj kiyish kunida odamlar marosim boshlanishidan bir kun oldin qirol korteji o‘tadigan butun yo‘l bo‘ylab o‘rin ola boshlashdi.

Jeyms Grem Ballard
ENG YAXSHI ISTAK BARBODI
07

05Jeyms Grem Ballard (James Graham Ballard) – 1930 yilning 15 noyabrida Xitoyning Shanxay shahrida ingliz diplomati oilasida dunyoga kelgan. Ikkinchi jahon urushi yillarida ota-onasi bilan birga Xitoyga hujum qilgan yapon bosqinchilari tomonidan tashkil etilgan konslagerga tashlangan. Urushdan keyin vataniga qaytib maktabni tamomlagan Jeyms Angliya harbiy havo kuchlarida xizmat qiladi. 1957 yilda syurrealizm oqimi ta’sirida yaratilgan fantastik mavzudagi ilk hikoyalarini o‘quvchiga taqdim etadi.
2009 yili vafot etgan va butun ijodi davomida 11 roman va 18 hikoyalar to‘plamini o‘quvchilarga taqdim etgan adibni ko‘pchilik adabiyotshunoslar Jozef Konrad va Kurt Vonnegutga o‘xshatadilar.Bu qaysidir ma’noda ham to‘g‘ri,ham noto‘g‘ri. To‘g‘riligi shundaki Jeyms Ballard xuddi Jozef Konrad va Kurt Vonnegutga o‘xshab juda boy tasavvur dunyosi ega ijodkor edi,ammo shu bilan birga u yaratgan qahramonlar va voqealar olami o‘ziga xos rangga ega — adib qalami faqat u gapira olgan tilni yarata olgan edi.

07

Doktor Jeymison ayni tush payti Londonga yetib keldi. Shaharga eltuvchi barcha yo‘llar esa ertalabki soat 6 dayoq bekilgan edi. Odatda bo‘lganidek, yosh qirolning taxtga o‘tirish, ya’ni toj kiyish kunida odamlar marosim boshlanishidan bir kun oldin qirol korteji o‘tadigan butun yo‘l bo‘ylab o‘rin ola boshlashdi. Doktor Jeymison “Ris” mehmonxonasi yonidagi metro bekati tomon o‘t-o‘lanlar bosgan nishablikdan yuqoriga ko‘tarila boshladi. Grin-Parkda esa yuqoridagi sababga ko‘ra, biror jonzot qorasi ko‘rinmas edi. Daraxtlar osti qarovsiz, turli lash-lushlar sochilib yotardi. Doktor Jeymison metroga yetguncha qora terga botdi, o‘zining kichkina, lekin xiyla og‘irgina qurol-aslahaga moslangan jomadonini o‘tloqqa qo‘yib, o‘rindiqqa cho‘kdi.

Uning qarshisida baland yog‘och minbarning orqa tomoni turardi. U eng yuqori qatordagi tomoshabinlarning-ochiq yoqali yozgi ko‘ylakli ayollar, qo‘lidagi gazeta bilan boshini quyoshdan panalab turgan yengi uzun ko‘ylakli erkaklar, milliy bayroqchalarni silkitib, kuylayotgan bolalarning yelka-boshlarini ko‘rib turardi. Odamlar butun Pikadilli bo‘ylab idora derazalaridan boqib, tokchalardan egilishib, o‘zaro suhbatlashishar, endi ko‘chaning o‘zi ham nur va tovush aralashmasiga aylanib ketgan edi. Goh u, goh bu tomondan uzoqroqdan orkestr sadosi yoki qaysi bir ofitserning askarlarni yo‘lning ikki yoniga saf tortishi yoki safni almashtirishga undovchi buyrug‘i eshitilib qolardi.

Doktor Jeymison bularni qiziqish bilan tinglab, quyosh taftini ham unutganday bo‘ldi. U 65 yoshlarga yaqin, o‘rta bo‘yli, to‘ladan kelgan kishi edi. Sochlari ham endi oqara boshlagan, o‘ynoqi, sergak ko‘zlari esa atrofda ro‘y beruvchi har qanday narsani ilg‘ayotir edi. Uning qiyofasida olimona ko‘rinish bo‘lsa-da, keng peshonasi nishabligi tufayli, o‘z yoshiga nisbatan ancha kichik ko‘rinardi. Ustidagi bashang kulrang kostyumi bu taassurotni yanada kuchaytiradi. Minbar chekkasidagi birinchi yordam chodiridan kimdir chiqib, shu tomon yo‘nalganda, doktor Jeymison uning kiyimi o‘ziga yarashmay turganini his qildi va qay bir g‘amgin xayoldan ko‘ngli buzildi.Soatiga qaradi-da, jomadonni qo‘lga olib, metro bekati tomon jadalladi.

Qirol korteji toj kiyish marosimidan keyin o‘z yo‘lini soat uchda Vestminster abbatligidan boshlashi kerak edi. Shuning uchun ham u o‘tadigan ko‘chalarda politsiya allaqachon har qanday harakatni to‘xtatgandi. Doktor Jeymison ikkinchi chiqish yo‘lagidan yuqoriga, Pikadillining shimol tomoniga ko‘tarildi-da, ko‘plab idoralar va mehmonxonalar joylashgan baland binolarga sinchiklab razm soldi, qaysi birlarini tanib olib vaqti-vaqti bilan ularning nomini ichida takrorlar edi.

Yo‘lakda tig‘iz turgan odamlarga qiyinchilik bilan urinib-surinib, buning ustiga, temir qoplama jomadoni tizzasiga urilganda og‘riq tortib, Bondstritgacha yetib bordi. Qarshisida Pikadilli tomon kelayotgan odamlar oqimi unga ajabsinib qarab qo‘yishardi. Nihoyat, u mashinaga chiqqandan keyingina o‘zini yengil his qildi. Haydovchining yordamini rad etib, jomadonini o‘zi kabinaga qo‘ydi va o‘tirar ekan:
-“Uestlend” mehmonxonasiga, -dedi.

Haydovchi unga yarim o‘girilib so‘radi:
-Qayerga dedingiz?

-“Uestlend”, -deya takrorladi doktor Jeymison, o‘z gapirish tarzini, iloji boricha, haydovchinikiga muvofiqlashtirishga harakat qilib. Chunki bu yerdagilarning nutqi u kelgan joydan ancha boshqacharoq ekanini sezib qolgan edi. — Oksford-stritda, Marbl-Archdan yuz ellik yard sharqda. Menimcha, u yerga qo‘shimcha kirish joyi Grouvenor-pleys tomondan.

Haydovchi unga diqqat bilan nazar tashladi-da, ma’qullab bosh silkidi. Mashina qo‘zg‘aldi.

-Toj kiyish marosimini ko‘rgani keldingizmi?

-Yo‘q,-beparvolik bilan dedi doktor Jeymison. -Ish bilan. Bor-yo‘g‘i bir kunga.

-Men kortejni ko‘rmoqchisiz deb o‘ylabman. “Uestlend” dan hammasi juda yaxshi ko‘rinadi.

-Ha, shundayga o‘xshaydi. Imkoniyatim bo‘lsa, albatta, ko‘raman.

Ular Grouvenor xiyoboniga burilishdi. Doktor Jeymison jomadonni o‘rnidan qo‘zg‘ab, ustalik bilan ishlangan pinhona temir qulflarini jiddiy ko‘zdan kechirdi va ular qopqoqni mahkam tutib turganligiga ishonch hosil qildi. So‘ngra xotiralar to‘lqini qo‘zg‘agan hissiyot tug‘yonini bosishga intilib, atrofdagi binolarga qaray boshladi. Biroq hammasi uning xotirasidagiday emas edi. O‘zini bugunidan orqaga qarab uzoqlashtirgan yillar eski taassurotlarni yodga solar edi. Uzoqlarga ketuvchi ko‘chalar, tartibsiz binolar, qayoqqa qarama, ko‘plab xilma-xil ma’nisiz reklamalar, bularning hammasi tamoman yangi edi. Shahar benihoya eski andozali va turli uslubli hamda unda qachonlardir o‘zi yashaganini tushunishi qiyin tuyulardi.

Nahotki, qolgan barcha xotiralari ham uni aldasa?

Birdaniga chehrasi yorishgan holda oldinga egildi, hozirgina yonidan o‘tganlari Amerika elchixonasining nafis o‘yma devorli binosi uning shubhasini yozdi.

Haydovchi uning kutilmagan qiziqishiga e’tibor berdi.

-Yankilarning qo‘lidan kelgani shu-da, -dedi u, sigaret kukunini qoqar ekan. -Nima ekanligini ham tushunib bo‘lmaydi.

-Shunaqa deb o‘ylaysizmi? -dedi doktor Jeymison. -Bu fikringizga ko‘pchilik qo‘shilmasa kerak.
Haydovchi kulib yubordi.

-Xuddi shu yerda xato qilasiz, mister. Men haligacha biror kishidan bu daxmaza haqida yaxshi so‘z eshitmadim. — Haydovchi yo‘lovchining ko‘nglini ranjitgisi kelmagandek yelka qisib qo‘ydi. — Tag‘in kim biladi… Ehtimol, buni qurgan me’mor o‘z davridan o‘zib ketgan odam bo‘lsa kerak.

Doktor Jeymison bu gapga javoban yengil tabassum qildi.

-Balki, -dedi u haydovchidan ham ko‘ra o‘ziga qarata. -Naq o‘ttiz besh yilga. Vaqti kelib bu arxitektura haqida odamlar juda yuksak fikrda bo‘lishadi.

U yana yengil manqalanib gapirayotganini sezmay qoldi. Shunda haydovchi so‘radi:

-Siz xorijlik emasmisiz, ser? Yangi Zelandiyalik emasmisiz?

— Yo‘q, -deb javob qaytardi doktor Jeymison va endi ko‘chalarda transport harakati chap tomonlama ekanligiga e’tibor berdi. -To‘g‘ri, Londonda bo‘lmaganimga ancha bo‘ldi. Lekin kelish kunini yaxshi tanlabman, shekilli.

— Mana bu gapingiz to‘g‘ri bo‘ldi, ser. Shahzoda uchun bugun haqiqiy bayram, Aslida qirol uchun deyishim kerak edi-yu, ammo, Qirol Yakov III deb aytisha hali ko‘nikkanimiz yo‘q-da. Ammo unga yaratgandan omad tilaymiz.

Doktor Jeymison qo‘lini jomadon ustiga qo‘yganicha yarim ovozda bo‘lsa-da, jo‘shqinlik bilan javob qaytardi:
-Siz haqsiz, iloyim, baxtli bo‘lsin.

U mehmonxonaga orqa eshikdan kirdi va kichkina vestibyulda to‘planib qolgan odamlar ichiga tushib qoldi. Qulog‘ida hamon Oksford-strit shovqini bosilmaganday edi. Besh daqiqacha kutib turdi-da, so‘ng mehmonxona xizmati joylashgan peshtaxta tomon yurdi. Jomadoni og‘irligidan qo‘li uyushib borar edi.

— Doktor Rejer Jeymison, — deb o‘zini tanitdi. — Bu yerda men uchun ikkinchi qavatdan xonaga buyurtma berilgan.

Xizmatkor ro‘yxatlar jurnalidan yozuvni izlay boshladi. Doktor esa atrofdagilar shovqiniga quloq tutib, peshtaxtaga suyandi. Bu yerdagilarning ko‘pchiligi yaltiroq ko‘ylakli o‘rta yashar baqaloq ayollar edi. Ular to‘xtovsiz bidirlashib telivizor turgan xolga o‘tishardi: soat ikkidan boshlab Vestminster abbatligida o‘tkaziladigan taxtga chiqish marosimining namoyishi boshlanadi. Doktor Jeymison ularga e’tibor bermay, boshqalarni — o‘z ishini tugatgan ofitsiantlar, xat tashuvchilar, yuqori qavatlarda tantanali ziyofat uyushtirishga hozirlik kshrayotgan xizmatchilarni kuzata boshladi. U har bir kishiga, xuddi biror tanishini uchratib qoladigandek razm solardi.

Xizmatkor enkayganicha jurnal sahifalariga tikilib aytilgan nomni axtarar edi.

— Xona sizning nomingizga buyurtma qilinganmidi, ser?
— Shunday bo‘lishi kerak. 17-raqamli, burchakda.

RXizmatkor ishonchsizlik bilan boshini sarak-sarak qildi.

— O‘ylashimcha, qandaydir xatolik yuz bergan, bizda hech nima qayd qilinmabdi. Ehtimol, siz biron-bir ziyofatga taklif etilgandirsiz?

— Ishoning, o‘sha 17-raqamli xonaga shaxsan o‘zim buyurtma berganman,-dedi doktor Jeymison jahlini bosishga urinib. U jomadonini ehtiyotlab oyoqlari orasiga oldi. -Bu ancha ilgari bo‘lgan edi, ammo mehmonxona boshqaruvchisi, hammasi joyida bo‘ladi, deb meni ishontirgan edi.

Xizmatkorjurnalni sekin varaqlashga tushdi. Daf’atan, u birinchi varaqning eng yuqorisida vaqt o‘tishi bilan rangi o‘chgan yozuvni barmog‘i bilan turtdi.

— Mana bu yerda ekan, ser. Kechirim so‘rayman. Gap shundaki, uni bu yerga oldingi daftardan ko‘chirishgan. “Doktor Jeymison, 17-xona”. Juda qulay kunni tanlabsiz, doktor, qarang-a,bu xonaga ropa-rosa ikki yil avval buyurtma bergan ekansiz.

Nihoyat, xonaga o‘rnashgan doktor Jeymison uni ichidan bekitib oldi-da, toliqish bilan krovatga o‘tirdi. Nafas olishi yana maromiga tushib, uyushgan o‘ng qo‘li asl holiga kelgach, o‘rnidan turib xonani ko‘zdan kechirib chiqdi.

Xona keng edi. Ikkita burchak derazasidan pastdagi odam to‘la ko‘cha yaqqol ko‘rinib turar edi. Chiy pardalar esa quyoshning keskin nuridan va qarshidagi katta universal do‘kon ayvonida joylashgan yuzlab odamlarning nigohidan himoya qilar edi. Doktor Jeymison devordagi javonlarni, so‘ngra yuvinish xonasining zinapoyaga chiqadigan darchasini tekshirdi. Ko‘ngli tinchigach, keyincha kortejni yaqindan kuzatish mumkin bo‘lgan deraza yoniga kresloni surib qo‘ydi. Bir necha yuz yard masofadagi ko‘cha bo‘ylab saf tortgan askar va politsiyachilarning har biri aniq ko‘rinib turardi.

Butun deraza bo‘ylab doktor Jeymisonni qiziquvchi nazarlardan yashirib turuvchi keng qizil matoh — mehmonxona devorini bezagan bayram gulchambari o‘rami kesib o‘tgan. Doktor Jeymisonga pastdagi uy devori bilan yog‘och to‘sinlar orasidan o‘tgan olomonga to‘la yo‘lak juda yaxshi ko‘rinib turardi. O‘ramni, uning quyi qismi bilan deraza tokchasi orasini bor-yo‘g‘i olti dyumcha qoldirib tortib qo‘ydi-da, kresloga qulayroq o‘rnashib oldi va shoshilmay olomon orasidan odamlarni bir-bir qarab chiqa boshladi.

Ko‘rinishidan, hech kim unda alohida qiziqish uyg‘otmadi va u asabiy holatda soatiga qaradi. Soat ikkigacha bor-yo‘g‘i bir necha minut qolgan edi, ehtimol, bo‘lajak qirol Bukengem qasridan Vestminster abbatligi sari allaqachon yo‘lga chiqqandir ham. Olomondagilarning ko‘plari o‘zlari bilan radiotranzistor olib olishgan va, nihoyat, abbatlikdan reportaj berila boshlanishi bilan odamlarning g‘ala-g‘ovuri tindi.

Doktor Jeymison o‘rnidan turib, yana krovat yoniga bordi va cho‘ntagidan kalitni oldi. Jomadondagi qulflar maxfiy edi. Bir necha marta kalitni chapga, so‘ng o‘ngga buradi, bosgan edi qopqoq ochildi.

Jomadonda uzoqqa otishga mo‘ljallangan ov miltig‘ining qismlari va olti patronli o‘qdon o‘rab-o‘rab qo‘yilgan edi. Temir qo‘ndoq olti dyumga qisqartirilgan va qiyalantirilgan bo‘lib, shu tariqa uni yelkaga qo‘yib, 45 gradus burchakdan otish imkoni yaratilgan edi.

Doktor Jeymison detallarni qisqichlardan bir-bir bo‘shatib, miltiqni tezda terib chiqdi va qo‘ndoqqa mustahkam o‘rnatdi. O‘qdonni o‘rnatib, zatvorni orqaga tortdi va patronni otishga mo‘ljallab yuqoriga joyladi.

Derazaga orqa turib, krovatda o‘qlanib yotgan miltiqqa bir muncha vaqt qarab turdi. Qo‘shni xonalardan eshitilayotgan mast-alast baqiriqlar va ko‘chadagi olomon shov-shuvi bir zum bo‘lsin tinmasdi. Tasodifan nimadir doktor Jeymisonning ruhini tushirib yuborganday bo‘ldi, hlzir uni kimdir ko‘rganida edi: doktorning yuzidagi jur’at va qat’iyatni batamom yo‘qolganini , endi u o‘zidan boshqa hamma uchun bayram bilan chulg‘angan bu begona shahardagi mehmonxona xonasida yolg‘iz, do‘st-yoronlarsiz, holdan toygan cholga aylanib qolganiga guvoh bo‘lardi. U miltiq yotgan to‘shakka o‘tirdi, ro‘molcha bilan qo‘lllaridagi moy yuqini arta boshladi. Bu paytda xayollari uzoq-uzoqlarda edi. U zo‘rg‘a oyoqqa turdi va bu yerga qanday kelib qolganidan hayron bo‘lganday, atrofiga parishon nazar tashladi.

Lekin darhol o‘zini qo‘lga oldi. Miltiqni tezgina bo‘laklab, har bir qismni jomadonga avvalgi tartibda joylab chiqqach, qopqoqni yopdi. Jomadonni stol tortmasining eng pastki qismiga joyladi-da, kalitni yonidagi to‘pga qo‘shib qo‘ydi. Xonadan chiqayotib, eshikni mahkamlab yopdi va dadil qadamlar bilan mehmonxonadan chiqib ketdi.

Grouvenor-pleys bo‘ylab ikki yuz yard yurgach, odatda ko‘plab kichik-kichik do‘konchalaru yemakxonalari bilan jonlanib turuvchi Xallam-stritga tomon burildi. Vitrinalar ustidagi yo‘l-yo‘l chodirlar quyoshda yorqin tovlanib turar, ammo endi ko‘cha shunchalik bo‘m-bo‘sh edi, xuddiki qirol kortejini kuzatayotgan olomondan uni ulkan masofa ajratib turganday edi. Doktor Jeymison o‘ziga ishonch qaytib kelayotganini his etdi. Taxminan har o‘n yard yurib tent ostida to‘xtar va do‘kon ustidagi darchadan xirillab eshitilayotgan uzuq-yuluq telereportajni tinglagancha bo‘m-bo‘sh yo‘laklarga nazar tashlar edi.

U Xallam-stritning yarmini bosib o‘tib, yo‘lakda o‘nta stol qo‘yilgan kichkina qahvaxona oldida to‘xtadi Tent soya tashlagan bu stollardan biriga o‘tirdi-da, cho‘ntagidan qora ko‘zoynagini olib taqqach, qulayroq joylashib oldi va xizmatkorga yaxlatilgan apelsin sharbati buyurdi-da, bamaylixotir icha boshladi. Qalin gardishli qora ko‘zoynakda uni tanish qiyin edi. Ko‘cha jimjit, faqat Veytminster abbatligida vaqti-vaqti bilan tadbir bosqichlari biri boshqasi bilan almashgan tartibda Oksford-stritdan qarsaklar portlashi va tabrik xitoblari eshitilib turar edi…

Televizorlardan abbatlikda tantana yakunlangani va toj kiyish marosimi nihoyasiga yetgani to‘g‘risida xabar berilib, organning ohista ohanglari havoda suza boshlaganda, doktor Jeymison chap tarafda qadam ovozlarini eshitdi. Burilib qaradi-da, qo‘l ushlashib kelayotgan oppoq kiyimli yigit-qizga ko‘zi tushdi. Ular juda yaqin kelgach, yoshlarni yaxshiroq ko‘rish uchun ko‘zidan qora ko‘zoynagini oldi, so‘ng shoshib yana uni qayta taqdi-da, yuzini qo‘li bilan bekitib,butun gavdasi bilan stolga tayandi.

Yoshlar bir-birlari bilan tamoman band bo‘lganlari uchun, o‘zlarini zimdan kuzatib turishgani mutlaqo sezishmadi. Yo‘qsa, xuddi shu paytda biron bir kishining doktor Jeymisonga ko‘zi tushganida edi, uning behad hayajonga tushganini bilib olar edi. Yigit 28 yoshlarda bo‘lib, egnidagi kostyumi qomatiga mos kelmay,qopdek osilib turardi. Jeymisonning e’tibor berishicha, Londonda hozir hamma shunday kiyinar ekan. Yigitning uzun yoqali ko‘ylagiga rangini yo‘qotgan galstuk e’tiborsiz taqilgan, ko‘krak cho‘ntagining birida ikkita avtoruchka, boshqasida konsert dasturiga taklif qog‘ozi chiqib turar edi. Uning butun qiyofasida universitet yosh o‘qituvchisining xushyoqim bamaylixotirligi namoyon edi. Chiroyli yuzi ustida peshona orqaga tortilgan, siyraklashgan qora sochlari pala-partish silab qo‘yilgan edi. Yigit qizning yuziga tikilar, unga bo‘lgan tuyg‘usini yashirmas, uni diqqat bilan tinglar, faqat ba’zi-ba’zida xitob yoki qisqa luqmalar bilangina uning gapini bo‘lib turar edi.

Doktor Jeymison ham endi qizga nazar tashladi. Shu bilan birga, yigitdan ham ko‘z uzmadi, uning har bir harakatidan va yuzidagi o‘zgarishlardan ko‘z uzmas edi. Kishilar faqat o‘zining oynadagi aksigagina shunday tikilib, diqqat ila sinchkovlik bilan kuzatishi mumkin. Uni to‘laqonli yengil tortish hissi qamrab oldi va quvonchdan o‘rnidan sapchib turib ketishiga bir baxiya qoldi. U o‘z xotiralari oldida qo‘rquv hissini tuyar, lekin amalda qiz u yodiga keltirganidan ham ko‘ra yanada chiroyliroq edi. U ko‘p deganda 19-20 yoshlarda bo‘lib, boshini baland ko‘tarib va sal orqaga tashlab borar, shamol ham oftobda toblangan yelkasidagi uzun somonrang sochlarini silkitib o‘ynar edi. Uning to‘kis lablari juda harakatchan, shodonlikdan nurlangan ko‘zlari esa yigitga mug‘ombirona boqar edi.

Ular qahvaxonaga yaqinlashgach, qiz ehtiros bilan nimadir deb shivirlay boshladi,ammo yigit uning gapini bo‘ldi:

— Shoshma, Jun, men sal nafasimni rostlab olay. Bir pasgina o‘tiramiz-da, biror narsa ichamiz. Kortej Marbl-Archga kamida yarim soatdan keyin yetib keladi.

-Bechora qariyaginam, men seni rosa sillangni quritibman-da?

Ular doktor Jeymison yonidagi stolga o‘tirishdi. Endi qizning ochiq qo‘lini bir necha dyumgina ajratib turardi. Doktor yana hissiyotga g‘arq bo‘lib, uzoq yoshlikdagi qiz tanasining shaffof bo‘yini esladi. Uni xotiralar chulg‘ab oldi: Ha, bu aynan uning nozik va ravon qo‘llari, bu o‘sha, xuddi hozirgidek oldinga cho‘zilgan yoqimtoy iyagi va xuddi hozirgidek keng oq yubkasi ostidagi tizzasini xuddi shunday silab-silab qo‘yishlari.

— Kortejni ko‘rmasak ham nima bo‘pti. Bugungi kun — qirolniki emas, meniki.

Yigit jilmaydi va joyidan turmoqchi bo‘lganday harakat qildi.

— Gaping rostmi? Demak, bugun hammani aldashibdi-da. Sen o‘tirib tur, men hozir borib, kortejning yo‘lini o‘zgartirib, aynan shu yerga kelishlarini buyurib kelaman,- yigit stol ustidan engashib, qizning qo‘lini tutdi va uning barmog‘idagi nafis brilliantga diqqvt bilan qaradi. – Xudo biladi nima bu o‘zi, uni senga kim sovg‘a qilgan.

Qiz brilliantni o‘pdi.

-“Ris” mehmonxonasi bilan barobar olmos. Yo xudo, men yaqinda turmushga chiqadigan yigitimning ahvolini ko‘rib qo‘yinglar . Lekin mukofot bilan kutilmagan mo‘jiza ro‘y berdi-ya, Rojer, to‘g‘rimi? To‘rt yuz funt! Sen endi asl boyvachchasan. Faqat qirollik jamiyati uni hech nimaga sarflashga ruxsat bermagani alam qiladi, bo‘lmasa, uni Nobel mukofotiday sarflashga tushardik. Xullas, endi Nobel mukofoti olishingni kutishimizgaga to‘g‘ri keladi, ana o‘shanda hammasi boshqacha bo‘ladi.

Yigit kamtarona jilmaydi.

— Qo‘y endi, jonginam, bunga ko‘p ham umid bog‘layverma.

— Yo‘q, sen uni albatta olasan. Axir, sen vaqt mashinasini kashf qilding-ku!

Yigit barmoqlari bilan stolni cherta boshladi.

— Jun, iltimos, buning hammasi bo‘lmag‘ur gap: men hech qanaqa vaqt mashinasini kashf qilmaganman. — U qo‘shni stolga o‘tirgan yolg‘iz kishini eslab ovozini pasaytirdi; boshqa hech kim atrofda yo‘q edi.- Agar sen buni hammaga aytaversang, meni telbaga chiqarishadi.

Qiz burnini jiyirdi.

— Yo‘q, kashf qilgansan, bundan hech qayoqqa qochib qutila olmaysan! Bilaman, senga bu haqdagi gaplar yoqmaydi, ammo-lekin, oliy matematikanini bir chetga surib qo‘yganda ham, qolgan barchasi buni tasdiqlaydi-ku, shunday emasmi?

Yigit stolga o‘ychan tikildi. Endi uning jiddiy yuzida butun aqliy qudrati barq etib turar edi.

— Qandaydir matematik tushuncha koinotdagi nima bilandir muvofiq kelganday bir gap bu. Biz faqat nimalanidir soddalashtirish yo‘lidan bordik,xolos. Hatto shunda ham buni vaqt mashinasi demaganimiz ma’qul. To‘g‘ri, ertaga “Neycher”da mening maqolam paydo bo‘lganidan keyin, matbuot gap aynan vaqt mashinasi haqida borayotir deya qattiq turib oladi,ammo hozirgi paytda u yo bu tarzda bo‘lsayam vaqt mashinasi meni deyarli qiziqtirmaydi. Agar mening o‘ttiz yillik ortiqcha vaqtim bo‘lganida edi, bu bilan shug‘ullansam arzirdi. Lekin hozircha boshqa muhimroq ishlarim bor.

U qizga tabassum qildi, qiz esa oldinga egilib, nima haqidadir jiddiy o‘yga tolib, yigitning qo‘llarini qo‘liga oldi.

— Menimcha esa, Rojer, sen haq emassan. Sen kashfiyotingni kundalik hayotga tatbiq etish mumkin emas deb hisoblaysan. Olimlarning hammasi shunday deb o‘ylaydi. Bir o‘ylab ko‘r, vaqtni orqaga qaytarib o‘tmishga sayohat qilish-a. Demoqchimanki…

— Buning nimasi qizig‘i? Hozir biz vaqt bo‘yicha olg‘a harakat qilyapmiz,to‘g‘rimi? Ammo “ura” deb qichqirish hech kimning xayoliga ham kelgani yo‘q-ku? Koinotning o‘zi vaqt mashinasidan o‘zga narsa emas. Agar to‘g‘ri ifodalaydigan bo‘lsam, mana shu o‘tirgan joyimizdan kuzatadigan bo‘lsak,ya’ni uni tomosha zalida o‘tirgan kabi kuzatadigan bo‘lsak, bir yo‘nalishda harakat qilayotganmizni ko‘ramiz. Yanada aniqroq qilib aytganda, asosan bir yo‘nalishda harakat qilyapmiz. Menga bor-yo‘g‘i faqat bir narsani ilg‘ash nasib etdi, ya’ni siklotronning ichidagi ayrim qismlar ba’zan teskari tomonga aylanib, o‘zining so‘ngsiz qisqa troyektoriyalarining yana o‘z yo‘lini qaytadan boshlaydigan oxirgi nuqtasigacha boradi. Bu gap umuman bir haftadan keyin har qanday kishi bugundan ertaga qarab yo‘l oladi va o‘z bobosini o‘ldiradi degan gap emas.

-Xo‘sh, o‘ldirsang nima ro‘y beradi? Yo‘q, jiddiy aytayapman.

Yigit kuldi.

— Bilmayman. Rosti gap, men, hatto, bu to‘g‘rida o‘ylashni ham istamayman. Ehtimol, xuddi shuning uchun ham muammo sof nazariy jihatdan ishlab chiqilib hal etilishini istayotgandirman. Agar uni oxirigacha mantiqan o‘ylaydigan bo‘lsak, mening Xaruelldagi kuzatishlarim noto‘g‘ri bo‘lib chiqishi kerak. Chunki koinotdagi voqealar (bu juda aniq) vaqtga bog‘liq bo‘lmay kechadi va u biz uning orqasidan boqib hamda o‘zimizni unga bog‘laydigan ko‘rish burchagidan boshqa narsa emas. Necha yillardan keyin muammoni, ehtimol, Jeymison paradigmasi deb atashib, sinchkov matematiklar uni hal qilgunlaricha qancha-qancha bobo va buvilar u dunyoga rixlat qilishsa kerak. Sen bilan men esa bizning nevaralarimiz olimlar emas, balki admirallar yoki arxitektorlar bo‘lishi uchun g‘amxo‘rlik qilishimiz kerak.

Yigit gapirar ekan,doktor Jeymison bor kuchi bilan uning qo‘llariga tegib yoki unga so‘z qotib qo‘ymaslikka harakat qilib, qizni kuzatar edi. Uning ingichka nafis qo‘llaridagi mayin sepkillar, ko‘ylak etagi burmalari, oyog‘idagi kichkina, lak bilan bo‘yalgan tirnoqlari, -bularning hammasi uning uchun, shubhasiz, o‘z mavjudligining dalil-isboti edi.

U ko‘zoynagini oldi va qandaydir soniyalarda yigit bilan nigohlari to‘qnash keldi. Yigit o‘zlarining har ikkalasida ham manglay tortilishi bu qadar o‘xshashligidan hayratlandi, shekilli, doktorga qisqa tabassum qildi. Doktor Jeymisonni unga nisbatan chuqur, qariyb otalarcha mehr chulg‘ab oldi. Bu yigitdagi to‘g‘rilik va sodda jiddiylik, bamaylixotirlik va jozibador qo‘pollik uning uchun muhim aqliy ustunlik bo‘lib ko‘rindi hamda unga nisbatan o‘zida hech qanday hasad sezmadi.

U yana ko‘zoynagini taqdi va ko‘chaning oxiriga qaradi: uning o‘z rejasini oxirigacha yetkazish niyati yanada qat’iylashdi.

Uy ortidagi shovqin keskin kuchaydi va ikki yosh o‘rinlaridan sapchib turishdi.

— Tezroq, to‘rt yarim bo‘lib qolibdi! — deya xitob qildi yigit. Yaqinlashib qolishdi, shekilli.

Ular chopib ketishdi, lekin qiz shippagini to‘g‘rilash uchun to‘xtab, qora ko‘zoynakli qariyaga qaradi. Doktor Jeymison oldinga egilib, uning biror narsa deyishini kutdi, lekin qiz ko‘zini boshqa tarafga olib qochdi. Doktor yana o‘rniga cho‘kdi.

Yoshlar chorrahagacha chopib borishgach, u o‘rnidan turdi va mehmonxonaga qarab jadal odim otdi.

Xonani ichidan qulflab, doktor Jeymison stol tortmasidan jomadonni chiqardi, miltiqni terdi va uni qo‘liga olib, deraza yoniga o‘rnashdi. Kortej endi yaqinginada harakatlanar, marosim boshida parad kiyimidagi askarlar harbiy orkestr musiqasi ostida tantanavor qadam tashlab borar, ulardan keyin qirolning otliq gvardiyasi kelar edi. Olomon havoga serpantinu konfetalarni hovuchlab sochgancha shovqin solar va qutlovli xitoblar aylab qiyqirar edi. Doktor Jeymison o‘ram parda chekkasi bilan deraza tokchasi o‘rtasidan quyiga, yo‘lakka tikildi. U o‘sha yerda turgan har bir odamni birma-bir kuzata boshladi va ko‘p o‘tmay haligi oq ko‘ylakli qizni ko‘rib qoldi — u oyoq uchida ko‘tarilib, olomon ustidan kortejni tomosha qilishga urinar edi. Qiz atrofdagilarga tabassum hadya etar va oldinroqqa o‘tishga harakat qilib, tinmay yigitning qo‘lini tortqilar edi.

Doktor Jeymison bir necha daqiqa qizning har bir harakatini kuzatib boqdi, ammo diplomatiya korpusining dastlabki safi ko‘ringach, yana boshqalarni, olomon orasidan har bir kishini diqqat bilan kuzata boshladi. So‘ngra cho‘ntagidan kichkina plastik paket chiqardi va qo‘li bilan iloji boricha yuzidan olisroq tutib, paketning muhrini buzdi. Paket ichidan oniy pishillash bilan yashil rang gaz chiqdi va doktor Jeymison vaqt o‘tishi bilan sarg‘ayib ketgan gazeta parchasini tortib oldi; u shunday buklangan ediki, faqat erkak kishi surati ko‘rinib turar edi.

Doktor Jeymison gazeta parchasini deraza tokchasiga qo‘ydi. Suratdagi kishi o‘ttiz yoshlarda edi, uning qorachadan kelgan oriq yuzi suvsar tumshug‘ini eslatar, bu politsiya tomonidan suratga olingan aynan qandaydir bir jinoyatchi edi. Surat tagida jinoyatchining ismi bitilgan edi: Anton Remmars.

Doktor Jeymison yo‘lakdan ko‘z uzmay oldinga egilib oldi. Diplomatiya korpusi o‘tdi, undan keyin ochiq mashinalarda shoyi silindrlarini olqishona silkitib vazirlar mahkamasi a’zolari borar edi. Yana qirollik otliq gvardiyasi ko‘rindi, o‘sha zahoti odamlarning g‘ovur-g‘uvuri kuchaydi: olomon yaqinlashayotgan qirol kortejini ko‘rgan edi.

Doktor Jeymison tashvishlanib soatiga qaradi, 3. 45. Yetti minutdan keyin qirol korteji mehmonxona yonidan o‘tadi. Olomon shovqini diqqatni jamlashiga yo‘l bermadi, buning ustiga, qo‘shni xonalarda televizorlarning ham ovozi baland qilib qo‘yilgan edi.

Birdaniga uning barmoqlari tokchaga yopishdi: Remmers!

Pastda, to‘g‘rida, tamaki do‘koni yaqinida, keng soyabonli yashil shlyapa kiygan kasalmandnamo odam turar, ohorsiz yoping‘ichi cho‘ntagiga qo‘lini solgancha kortejga loqayd boqib turar edi. Doktor Jeymison shiddat bilan miltiqni ko‘tardi va o‘sha odamni ko‘zdan qochirmagan holda miltiq uchini deraza tokchasiga qo‘ydi. O‘sha odam oldinga tiqilish uchun hech qanday harakat qilmas va yo‘lakka olib boruvchi kichkina peshtoqqa yonma-yon joylashgan tamaki do‘koni oldida indamay turar edi.

Hayajondan oqarib ketgan doktor Jeymison yana derazadan hammani navbat bilan kuzata boshladi. Uni olomonning shovqin-suroni garang qilib qo‘ydi: otliq gvardiya ortidan, ot tuyoqlari dupuri ostida oltin naqshli qirol aravasi ko‘rindi. Doktor sinchkovlik bilan Remmersning sherigiga imo qilishini ilg‘ab olish maqsadida uni nazardan qochirmas edi. Biroq Remmers avvalgiday cho‘ntagidan qo‘lini chiqarmay, xotirjam qiyofada qotib turar edi.

-Jin urgir! — so‘kindi doktor Jeymison. -Ikkinchisi qani?

U telbanamo holatda chiy pardani surib qo‘ydi-da, qolgan sanoqli daqiqada pastdagi o‘nlab odamlarning fe’l-atvorini bilib olish maqsadida butun aql kuchini va boy tajribasini to‘plab olomonga tikildi .

-Axir, ular ikki kishi bo‘lishi kerak edi-ku! -deya o‘ziga o‘zi murojaat etib bo‘g‘iq g‘udirlandi. — Ikkov edi!

Undan qandaydir ellik yard masofa narida oltin naqshli kareta suyanchig‘iga orqa tashlab yosh qirol o‘tirar va uning yelkasidagi yoping‘ich quyoshda lovillab tovlanar edi. Bir necha daqiqa doktor Jeymison undan ko‘z uzolmay qoldi, keyin birdan Remmersning do‘kon yonida yo‘qligini sezib qoldi.

Endi Remmers o‘zining oriq oyoqlari bilan olomonning orqa saflari bo‘ylab qutirgan qoplonday u yoqdan bu yoqqa zir yugurar edi. Olomon yana oldinga tashlanganini ko‘rgan Remmers to‘satdan yoping‘ichining chuqur cho‘ntagidan moviy termosni chiqardi-da, tezkor harakatlar bilan uning qopqog‘ini buray boshladi. Qirol karetasi endi uning to‘ppa-to‘g‘risida edi va u chaqqonlik bilan termosni o‘ng qo‘liga oldi; termosning ichiga tiqilgan temir portlatgich dikkayib turar edi.

— Demak, bomba Remmersda ekan-da!- deb yubordi doktor Jeymison sarosimaga tushib.

Remmers o‘zini sal orqaga tashlab, tajribali granatomyotchiga xos harakat bilan o‘ng qo‘lini iloji boricha orqaga olib bordi va bombani uloqtirishga kirishdi. Ammo miltiq mili allaqachon unga qadalgan va doktor Jeymison uning ko‘ksini nishonga olib, Remmersning qo‘lidan bomba ajralib chiqishiga daqiqalik fursat qolganda tepkini bosdi. O‘sha zahoti qo‘ndoqning yelkasiga zarb bilan urilishi tufayli o‘zi ham ag‘nab tushdi. Remmers ikki bukilgancha tamaki do‘koni tomon qulay boshladi. Shunga qaramay, bomba xuddi mohir ho‘qqovoz otganday, osmonga balandlab uchib borardi. U Remmersdan bir necha yard naridagi yo‘lakka, qirol karetasi izidan yoprilgan olomonning oyog‘i ostiga tushdi.

So‘ngra u portladi.

Ko‘zni qamashtiruvchi o‘t chaqnab, to‘rt tomonga tutun va chang to‘lqini urildi. Deraza oynalari butunlay uchib tushdi va sakrab turgan doktor Jeymisonning oyoqlari ostiga tushib parchinlandi. Polni oyna siniqlari va portlash to‘lqini maydalagan devorga yopishtirilgan plastika bo‘laklari qopladi, doktor Jeymison ularga tayrinib ketib, kresloga ko‘ndalangiga quladi; shu bilan birga, ko‘chada odamlar qichqirig‘i ohu vohlar bilan almashdi, shunda u o‘zini tutib olib derazaga yaqin bordi va havoda yoyilgan tutun qoplagan tashqariga qaradi. Odamlar o‘zini har tomonga urar, otlar bosh yalang qolgan egalariga bo‘ysunmay osmonga sapchir edi. O‘n-o‘n besh kishi shundoq deraza tagidagi yo‘lakda yotar va ba’zilar o‘tirgancha nima sodir bo‘lganini anglamay qotib qolgan edi. Bir g‘ildiragidan ayrilgan qirol karetasini ot oldingaga sudrab borar, uni otliq gvardiya va askarlar to‘rt tomondan o‘rab olishga urinishar edi. Ko‘chaning qarama-qarshi tomonidagi mehmonxona tarafga bir necha politsiyachi yugurib kelardi va doktor Jeymison kimdir uni ko‘rsatib, nimalardir deb baqirayotganini ko‘rib qoldi.

U pastdagi yo‘lak chetiga qaradi, u yerda oq ko‘ylakli qiz g‘alati tarzda oyoqlarini bukib qimirlamay yotardi. Hamma yog‘i yirtilgan kamzulli yigit uning yonida tiz cho‘kib o‘ltirar, qizning yuzi yigitning dastro‘moli bilan yopib qo‘yilgan va dastro‘molni asta-sekin qora dog‘ qoplab borar edi.

Koridordan g‘ala-g‘ovur eshitildi. U eshikka burildi. Oyog‘i ostida portlash to‘lqini uloqtirgan rangi o‘chgan gazeta parchasi yotardi. Doktor Jeymison tezlik bilan uni qo‘liga olib, ko‘z yugurtirdi-da, afti bujmayib ketdi.

QIROL YAKOVGA SUIQASD
Oksford-stritda bomba portlashidan 27 kishi halok bo‘ldi.
Ikki kishi politsiya tomonidan otib o‘ldirildi.

Siyoh bilan quyidagilar ajratib chizib qo‘yilgan edi: «O‘lganlardan biri Anton Remmers, professional qotil, yollangan deb taxmin qilinayotgan ikkinchi terrorchi Remmersdan ancha qari kishi; jasadi o‘qdan dabdala bo‘lgani sababli uning shaxsini politsiya aniqlay olmadi».

Eshikni mushtlay boshlashgan edi. Kimdir nimalardir deb tinmay baqirardi, so‘ng eshikning ushlagichini tepa boshlashdi. Doktor Jeymison gazeta parchasini tashladi-da, derazadan pastga, hamon avvalgiday qizning boshida tiz cho‘kib egilgan kuyi uning jonsiz qo‘llarini qo‘liga olib o‘tirgan yigitga qaradi.

Eshikning oshiq-ma’shuqlarini buzishgan paytda u endi ikkinchi qotil kim ekanligini, ya’ni o‘ttiz besh yildan keyin o‘ldirish uchun kelgan kishi ekanligini anglab yetgan edi. Uning o‘tmish voqealarini o‘zgartirishga bo‘lgan urinishi samarasiz bo‘lib chiqdi, olis o‘tmishga qaytib, bir paytlar sodir etilgan mudhish jinoyat ishtirokchisiga aylantirdi va yoshgina qaylig‘ining o‘ldirilishiga ixtiyorsiz sababchi bo‘lishga giriftor bo‘ldi. Agar u Remmersni otmaganida, qotil bombani ko‘cha o‘rtasiga uloqtirar va Jun omon qolgan bo‘lar edi. Uning pastdagi,qiz jasadi ustida bosh egib o‘tirgan yigit foydasi uchun ishlab chiqqan butun fidokorona rejasi, boshqa kishiga, ancha yosh bo‘lgan o‘ziga atalgan bu beg‘araz armug‘oni o‘z halokatiga sabab bo‘lib chiqdi, chunki u qutqarishi zarur bo‘lgan kishini nobud qildi.

Yana bir marta, oxirgi marta qizni ko‘rish niyatida, shuningdek, yigitni mahbubasini batamom unutishi darkorligidan ogohlantirish maqsadida, u politsiyachilar pistoletlaridan tinimsiz potirlab otilayotgan o‘qlarga nishon bo‘lganicha olg‘a intildi.

Bolta Yoriyev tarjimasi

Xurshid Davron kutubxonasi tahriri ostida

07

(Tashriflar: umumiy 103, bugungi 1)

Izoh qoldiring