Saygyo. Kuz, qish va muhabbat qo’shiqlari

043

Сайгё ўз шеърларида эзгулик ғалабасини куйлайди, табиат билан инсонни севишга чақиради. Басёнинг умр йўлига бағишланган асарда шоирнинг шогирди Кикай ёзади:»Басё шундай дерди:» Юрагимизни мафтун этгувчи гулу чечаклар, какку, ой ва қор аслида бўшлиқдай бир гап.Аммо, улар таъсирида ёзилажак шеър асл ва юксак сўзлардан иборат эмасми? Улар оддий гул, какку, ой ва қор ҳақида эмас, инсоннинг асл туйғуларини акс эттиради».

011
САЙГЁ
КУЗ,ҚИШ ВА МУҲАББАТ ҚЎШИҚЛАРИ
Хуршид Даврон таржималари
077

08Япон халқининг буюк шоири Сайгё 1118 йили Киото шаҳрида задагон оилада дунёга келди. Унинг ҳақиқий исми Сато Норикиё эди. Шоир ҳаёти ва фаолияти Япония тарихининг энг мураккаб жараёнлари кечган Хэйан и Камакура даврлари оралиғида ўтди. Бу даврларда мамлакатда самурай жангчилари катта куч ва мавқега эга эди. Ёшлигидан Сайгё император Тоба армиясида оддий аскар бўлиб хизмат қилади. Лекин, оғир маиший ҳаётдан чарчаган Сато хотину болаларини ҳам ташлаб 1140 йили буддавийликка берилади ва роҳиблик анъанасига биноан янги Энъи номини қабул қилиб бутун умрини тўхтовсиз давом этган саёҳатларга бағишлайди.
Кейинчалик «Ғарбга йўналган одам» маъносини англатган Сайгё исмини тахаллус сифатида қабул қилган шоир ўз умри давомида кўп вақтлар Сага, Коя, Ёшино, Исе ва бошқа шаҳарларда яшди. У ўзининг энг яхши шеърларини Шимолий Хонсюда ёзди. Шоир Осака шаҳридаги Ҳирокава ибодатхонасида 72 ёшида вафот этди.
Сайгё ўз шеърларида эзгулик ғалабасини куйлайди, табиат билан инсонни севишга чақиради. Басёнинг умр йўлига бағишланган асарда шоирнинг шогирди Кикай ёзади:»Басё шундай дерди:» Юрагимизни мафтун этгувчи гулу чечаклар, какку, ой ва қор аслида бўшлиқдай бир гап.Аммо, улар таъсирида ёзилажак шеър асл ва юксак сўзлардан иборат эмасми? Улар оддий гул, какку, ой ва қор ҳақида эмас, инсоннинг асл туйғуларини акс эттиради».

033

КУЗ

Куз қўшиқларидан

Қайғулару изтироблардан
Тиним билмай шивирламоқда
Новдаларни силкитган шамол.
Овозидан таниб қолдилар
Кузни тоғликлар.

* * *

Ҳеч ким тотимай қўймас,
Дунёга бефарқ боққан
Кимсаниям кўнглига кирар —
Ҳар юракда қайғу уйғотар
Тирамоҳнинг илк шамоли.

* * *

04

О, бунча дувиллаб
Сон-саноқсиз барглардан
Ерга тўкилар шабнам!
Миягико далаларида
Учиб юрар кузак шамоли!

* * *

Эсмоқда совуқ бўрон.
У не-ки бордир очунда
Ҳасрат майин ичирар.
Тўрт тарафдан хўмраяр
Куз шомининг зулмати.

* * *

Негалигин ким айтар?
Куз кириб келганида
Изоҳлаб бўлмас ҳасрат,
Ажиб бир қайғу билан
Қийналар ҳар бир одам.

* * *

Хотирамда тикларман
Ҳар бир хазон бўёғин,
Ҳар бўёқ турланишин…
Тинмайди совуқ ёмғир
Тоғ қишлоғи устида.

* * *

О, нега ҳасрат ила
Қийнайман мен ўзимни
Шунча кунлардан буён —
Менинг нолаларимдан
Қорайиб кетдими куз?

Ой

Бепоён тунги фалак,
Тўлғин ой чақнаб турар,
Булутлар орасидан
Ўтган сўқмоқни танлаб
Йўлга отланмиш шамол.

* * *

Оқшом қоронғисида
Ниҳоят юзиб чиқди
Кузги осмонга ҳилол,
Шундай хира порларки,
Ойгаям ўхшамайди.

* * *

Қандай гўзал лаҳза бу! —
Дея ўйлар зулматда
Уни кутиб турганлар.
Тоғлар чўққиси узра
Чиқиб келди кузги ой.

* * *

Нима қилмоғим керак? —
Ҳўл бўлган енгимда ой
Ёғдуси ёниб турар.
Туманга-да чўкар ой,
Бироқ, дил нурга тўлар.

* * *

Ҳар бир бурчак ёп-ёруғ…
Ой юзини булутлар
Тўсётганга ўхшар-ку?
Алдандим, бу ёввойи
Ғозлар сояси экан.

* * *

Замин нурга кўмилган.
О, қанчалар ёруғдир
Ой ёритган бу кеча.
Кўкка учди юрак ҳам,
Қайтиб тушгиси келмас.

* * *

Бўлиши мумкин эмас —
Кўзларимга ишонмай
Ҳайрат ила боқурман:
Шу тун, шу дунё деб
Наҳот нурин тўкса ой?

* * *

Кўрганим рост — бироқ, мен
Боқиб турарман ёлғиз.
О, ким менга ишонар
Бу тунги ой ҳақида
Кейин ҳикоя этсам.

* * *

Булутларни бурдалаб
Бўрон гувиллар ҳамон…
Қарағайлар ила ўйнашар балки?
Ҳатто кўкда юзган ой
Яшил ёғду таратар.

* * *

Тонг отмай туриб ногоҳ,
Хўрозлар қичқирдилар.
Алдадими уларни
Куз кечаси осмондан
Кучли шарор сочган ой.

* * *

Бу фоний табиатда
Ҳамма нарса ўзгарар тугал.
Ўзгаради бор нарса, бироқ
Абадий ёш, тирик. чароғон
Қолур ёғду таратган ҳилол.

* * *

Ҳовуз узра чарақлаб
Турган 0ой сувга ботди —
Наҳотки бу ҳовузнинг
Қаърида юксак тоғлар
Карвони пинҳон эрур?

Ойдин тундаги буғу

Юрагимда туғилар
Исмсиз, ёт бир туйғу.
Куз кечаси.
Ой нури
Қуршаб турган қояда
Буғу қичқирар мунгли.

Ойдин тунда ўтган кунларни эслайман

Бу кеча ой юзини
Тўссаям қора булут,
Олис-олислаб кетган
Ўтиб кетган кўп қадим
Мозийни-да эсларман.

Тонгда ғозлар овозини эшитдим

Тонг отаркан,
Тоғ чўққисидан
Булутларни қуваркан шамол,
Тоғлардан ошиб ўтди
Дайди ғозлар овози.

Оқшом қоронғусида ёввойи ғозлар овозини эшитганим

Қоп-қора сиёҳ билан
Қарғанинг қанотига
Битилган хат сатридек…
Дайди ғозлар қичқириб
Зулмат қўйнида учар.

Тоғ қишлоғи устида туман

Қалин туман қуршар-да
Чўка бошлар чуқурроқ…
Шусиз ҳам унут ер бу!
Бунда юрак не этсин?
Тоғлар қуршаган қишлоқ!

Буғу ва хаги гуллари

Заминга теккудайин
Эгилар шамол турса
Қари хаги дарахтин гулга киргаи бутоғи.
Бир-бирин қувлаб учар
Буғулар бўкириғи.

Чирилдоқлар ва чигирткалар ҳақидаги қўшиқлардан

Оқшом чўкди.
Бамбукда
Шабнамлар жавоҳири
Осилиб турган чоғда
Сукутни бузиб илк бор
Куйламоқда чирилдоқ.

* * *

Муҳаббат изтиробин
Туйгандек, чигирткалар,
Йиғлайсизми ўтлокда?!
Жавоб олишим билсам,
Сўраб-билиб олардим.

Хризантемалар

Кеч кузакда бирон гул
Оппоқ хризантема
Гулига тенг келолмас.
Сен ҳам унга жой бўшат,
Четга чиқ, тонгги қиров!

Кузги йўлда

«Қачон, айтгил, қачон
Сен заранг япроғини
Қон рангига бўярсан?»
Деб сўрамоқ истайман
Ёмғир тўла осмондан.

* * *

Қарағайга чирмашиб олган
Печакгулнинг новдаларидан
Ол япроқлар тўкилиб бўлди.
Демак, олис-олис тоғларда
Қўзғалмоқда куз бўронлари.

* * *

Мен нега қайғураман?
Ҳатто кечки қўнғироқ
Овози ўзга энди.
Кўрмоқдаман, совуқда
Қировга дўнар шабнам.

* * *

Огура тоғларида
Жойлашган олис қишлоқ
Заранглари барг тўкди.
Яланғоч шохлар аро
Ёнган ойга боқурман.

ҚИШ

Қиш киргач тоғдаги кулбани кўриб

Сўқмоқ кўзга кўринмас.
Тоғдаги кулбаниям
Кўмиб ташлабди хазон.
Мендан олдин келибди
Бу ерга ёлғизлигим.

* * *

Қиров қоплаб ётибди
Сўлган ўтлоқ гулларин.
Уларга боқмоқ даҳшат!
Нималар далда берур
Энди дарвиш кўнгилга?

Қиш қўшиғи

Нанива кўрфазида
Ўсгувчи қамишларни
Қировлар оқартирмиш.
Тонготарда кўрфаздан
Совуқ шамоллар эсар!

* * *

Цу деган мамлакатда,
Нанива қирғоғида кезиб юрган, эй кўклам,
Туш эдингми сен, наҳот?
Қуриган қамишларда
Шовқин кўтарар шамол.

* * *

Қани эди топилса
Ёлғизликдан қўрқмаган,
Жимликни севган одам!
Қишда тоғ қишлоғида
Уй қурардик ёнма-ён.

* * *

Йўлчини мудроқ босар…
Болишдир менга қиров
Қоплаб ётган майсалар.
Сени интиқ кутгайман,
Эй, тонготар ҳилоли!

* * *

Совуқ қиш ўртасида
Бунчалар чароғондир
Тўлин ойнинг ёғдуси!
Ҳовузсиз боғчаниям
У қоплади муз бўлиб.

Қора тунда бургут ови

Бўралаб ёғарди қор…
Қоронғида кўрмайсан
Тустовуқ изиниям.
Янграр қанотлар саси
Ва бургут қўнғироғи.

Ҳаммаёқни қор кўмиб бўлгандан сўнг бу шеърни дўстимга юбордим. У кузда келаман деганди, бироқ сўзида турмади

Энди уни қор кўмди…
Мен бўлсам, дўстим келар
Дея хўб кутган эдим
Сўқмоқ устини заранг
Япроқлари кўмганда.

СЕВГИ ҚЎШИҚЛАРИ

* * *

Одамлардан йироқда,
Қоялар ўртасида
Бир ўзим, ёлғиз ўзим
Қайғули, изтиробли
Маъюс ўйларга ботдим.

* * *

Саратон ўтлоғида
Баланд-баланд ўтлар оралаб
Ёлғиз буғу адашиб юрар,
Тонгги шабнамнинг томчилари
Жим, оҳиста тўкилаётир.

Тушга кирган висол

Қанча қувончлар бердинг
Тушимда мен сен билан
Учрашганда, севдигим!
Аммо қайғуга ботдим
Уйғониб кетиб бирдан.

* * *

Тағин-да учрашдик…
Наҳот фақат тушимда
Сен билан учрашгайман.
Уйғонмоқ айрилиқдир,
О, кошки уйғонмасам!

* * *

Бизлар мангу айрилдик,
Бироқ, унинг сийратин
Унутолмасман асло.
Ундан ёдгор қолди ой —
Хотиранинг соқчиси.

* * *

Тонготар олдидан ой
Ҳижронни ёдга солди.
Мен ахир кетолмайман!
Кетолмайман булутдек
Шамолларга бўйсуииб.

* * *

У келмади. Келмади.
Шамоллар овозида
Қора кеча яширин.
Унга ғамгин жўр бўлар
Ғозларнинг қичқириғи.

* * *

«Бечора!»— деб айтдингми?
Айт, қачон юрагингда
Уйғонди раҳм-шафқат?!
Аслзода эмасман, бироқ
Ҳаммага тенг ҳам ишқ, ҳам фироқ.

* * *

Ўзимни-ку биламан.
Фақат сени айбдор деб
Ўйламайман ҳеч қачон.
«Не қилдим? — деб боқурман,
Кўйлагимнинг енги ҳўл.

* * *

Мени ташлаб кетурсан…
Энди қайғурмоқ бекор.
Сен мени танимаган,
Мен сени танимаган
Кунларимни ўйлайман.

003
SAYGYO
KUZ,QISH VA MUHABBAT QO’SHIQLARI
Xurshid Davron tarjimalari
077

Yapon xalqining buyuk shoiri Saygyo 1118 yili Kioto shahrida zadagon oilada dunyoga keldi. Uning haqiqiy ismi Sato Norikiyo edi. Shoir hayoti va faoliyati Yaponiya tarixining eng murakkab jarayonlari kechgan Xeyan i Kamakura davrlari oralig’ida o’tdi. Bu davrlarda mamlakatda samuray jangchilari katta kuch va mavqega ega edi. Yoshligidan Saygyo imperator Toba armiyasida oddiy askar bo’lib xizmat qiladi. Lekin, og’ir maishiy hayotdan charchagan Sato xotinu bolalarini ham tashlab 1140 yili buddaviylikka beriladi va rohiblik an’anasiga binoan yangi En’i nomini qabul qilib butun umrini to’xtovsiz davom etgan sayohatlarga bag’ishlaydi.
Keyinchalik «G’arbga yo’nalgan odam» ma’nosini anglatgan Saygyo ismini taxallus sifatida qabul qilgan shoir o’z umri davomida ko’p vaqtlar Saga, Koya, Yoshino, Ise va boshqa shaharlarda yashdi. U o’zining eng yaxshi she’rlarini Shimoliy Xonsyuda yozdi. Shoir Osaka shahridagi Hirokava ibodatxonasida 72 yoshida vafot etdi.
Saygyo o’z she’rlarida ezgulik g’alabasini kuylaydi, tabiat bilan insonni sevishga chaqiradi. Basyoning umr yo’liga bag’ishlangan asarda shoirning shogirdi Kikay yozadi:»Basyo shunday derdi:» Yuragimizni maftun etguvchi gulu chechaklar, kakku, oy va qor aslida bo’shliqday bir gap.Ammo, ular ta’sirida yozilajak she’r asl va yuksak so’zlardan iborat emasmi? Ular oddiy gul, kakku, oy va qor haqida emas, insonning asl tuyg’ularini aks ettiradi».

033

KUZ

Kuz qo’shiqlaridan

Qayg’ularu iztiroblardan
Tinim bilmay shivirlamoqda
Novdalarni silkitgan shamol.
Ovozidan tanib qoldilar
Kuzni tog’liklar.

* * *

Hech kim totimay qo’ymas,
Dunyoga befarq boqqan
Kimsaniyam ko’ngliga kirar —
Har yurakda qayg’u uyg’otar
Tiramohning ilk shamoli.

* * *

04

O, buncha duvillab
Son-sanoqsiz barglardan
Yerga to’kilar shabnam!
Miyagiko dalalarida
Uchib yurar kuzak shamoli!

* * *

Esmoqda sovuq bo’ron.
U ne-ki bordir ochunda
Hasrat mayin ichirar.
To’rt tarafdan xo’mrayar
Kuz shomining zulmati.

* * *

Negaligin kim aytar?
Kuz kirib kelganida
Izohlab bo’lmas hasrat,
Ajib bir qayg’u bilan
Qiynalar har bir odam.

* * *

Xotiramda tiklarman
Har bir xazon bo’yog’in,
Har bo’yoq turlanishin…
Tinmaydi sovuq yomg’ir
Tog’ qishlog’i ustida.

* * *

O, nega hasrat ila
Qiynayman men o’zimni
Shuncha kunlardan buyon —
Mening nolalarimdan
Qorayib ketdimi kuz?

Oy

Bepoyon tungi falak,
To’lg’in oy chaqnab turar,
Bulutlar orasidan
O’tgan so’qmoqni tanlab
Yo’lga otlanmish shamol.

* * *

Oqshom qorong’isida
Nihoyat yuzib chiqdi
Kuzgi osmonga hilol,
Shunday xira porlarki,
Oygayam o’xshamaydi.

* * *

Qanday go’zal lahza bu! —
Deya o’ylar zulmatda
Uni kutib turganlar.
Tog’lar cho’qqisi uzra
Chiqib keldi kuzgi oy.

* * *

Nima qilmog’im kerak? —
Ho’l bo’lgan yengimda oy
Yog’dusi yonib turar.
Tumanga-da cho’kar oy,
Biroq, dil nurga to’lar.

* * *

Har bir burchak yop-yorug’…
Oy yuzini bulutlar
To’syotganga o’xshar-ku?
Aldandim, bu yovvoyi
G’ozlar soyasi ekan.

* * *

Zamin nurga ko’milgan.
O, qanchalar yorug’dir
Oy yoritgan bu kecha.
Ko’kka uchdi yurak ham,
Qaytib tushgisi kelmas.

* * *

Bo’lishi mumkin emas —
Ko’zlarimga ishonmay
Hayrat ila boqurman:
Shu tun, shu dunyo deb
Nahot nurin to’ksa oy?

* * *

Ko’rganim rost — biroq, men
Boqib turarman yolg’iz.
O, kim menga ishonar
Bu tungi oy haqida
Keyin hikoya etsam.

* * *

Bulutlarni burdalab
Bo’ron guvillar hamon…
Qarag’aylar ila o’ynashar balki?
Hatto ko’kda yuzgan oy
Yashil yog’du taratar.

* * *

Tong otmay turib nogoh,
Xo’rozlar qichqirdilar.
Aldadimi ularni
Kuz kechasi osmondan
Kuchli sharor sochgan oy.

* * *

Bu foniy tabiatda
Hamma narsa o’zgarar tugal.
O’zgaradi bor narsa, biroq
Abadiy yosh, tirik. charog’on
Qolur yog’du taratgan hilol.

* * *

Hovuz uzra charaqlab
Turgan 0oy suvga botdi —
Nahotki bu hovuzning
Qa’rida yuksak tog’lar
Karvoni pinhon erur?

Oydin tundagi bug’u

Yuragimda tug’ilar
Ismsiz, yot bir tuyg’u.
Kuz kechasi.
Oy nuri
Qurshab turgan qoyada
Bug’u qichqirar mungli.

Oydin tunda o’tgan kunlarni eslayman

Bu kecha oy yuzini
To’ssayam qora bulut,
Olis-olislab ketgan
O’tib ketgan ko’p qadim
Moziyni-da eslarman.

Tongda g’ozlar ovozini eshitdim

Tong otarkan,
Tog’ cho’qqisidan
Bulutlarni quvarkan shamol,
Tog’lardan oshib o’tdi
Daydi g’ozlar ovozi.

Oqshom qorong’usida yovvoyi g’ozlar ovozini eshitganim

Qop-qora siyoh bilan
Qarg’aning qanotiga
Bitilgan xat satridek…
Daydi g’ozlar qichqirib
Zulmat qo’ynida uchar.

Tog’ qishlog’i ustida tuman

Qalin tuman qurshar-da
Cho’ka boshlar chuqurroq…
Shusiz ham unut yer bu!
Bunda yurak ne etsin?
Tog’lar qurshagan qishloq!

Bug’u va xagi gullari

Zaminga tekkudayin
Egilar shamol tursa
Qari xagi daraxtin gulga kirgai butog’i.
Bir-birin quvlab uchar
Bug’ular bo’kirig’i.

Chirildoqlar va chigirtkalar haqidagi qo’shiqlardan

Oqshom cho’kdi.
Bambukda
Shabnamlar javohiri
Osilib turgan chog’da
Sukutni buzib ilk bor
Kuylamoqda chirildoq.

* * *

Muhabbat iztirobin
Tuygandek, chigirtkalar,
Yig’laysizmi o’tlokda?!
Javob olishim bilsam,
So’rab-bilib olardim.

Xrizantemalar

Kech kuzakda biron gul
Oppoq xrizantema
Guliga teng kelolmas.
Sen ham unga joy bo’shat,
Chetga chiq, tonggi qirov!

Kuzgi yo’lda

«Qachon, aytgil, qachon
Sen zarang yaprog’ini
Qon rangiga bo’yarsan?»
Deb so’ramoq istayman
Yomg’ir to’la osmondan.

* * *

Qarag’ayga chirmashib olgan
Pechakgulning novdalaridan
Ol yaproqlar to’kilib bo’ldi.
Demak, olis-olis tog’larda
Qo’zg’almoqda kuz bo’ronlari.

* * *

Men nega qayg’uraman?
Hatto kechki qo’ng’iroq
Ovozi o’zga endi.
Ko’rmoqdaman, sovuqda
Qirovga do’nar shabnam.

* * *

Ogura tog’larida
Joylashgan olis qishloq
Zaranglari barg to’kdi.
Yalang’och shoxlar aro
Yongan oyga boqurman.

QISH

Qish kirgach tog’dagi kulbani ko’rib

So’qmoq ko’zga ko’rinmas.
Tog’dagi kulbaniyam
Ko’mib tashlabdi xazon.
Mendan oldin kelibdi
Bu yerga yolg’izligim.

* * *

Qirov qoplab yotibdi
So’lgan o’tloq gullarin.
Ularga boqmoq dahshat!
Nimalar dalda berur
Endi darvish ko’ngilga?

Qish qo’shig’i

Naniva ko’rfazida
O’sguvchi qamishlarni
Qirovlar oqartirmish.
Tongotarda ko’rfazdan
Sovuq shamollar esar!

* * *

Su degan mamlakatda,
Naniva qirg’og’ida kezib yurgan, ey ko’klam,
Tush edingmi sen, nahot?
Qurigan qamishlarda
Shovqin ko’tarar shamol.

* * *

Qani edi topilsa
Yolg’izlikdan qo’rqmagan,
Jimlikni sevgan odam!
Qishda tog’ qishlog’ida
Uy qurardik yonma-yon.

* * *

Yo’lchini mudroq bosar…
Bolishdir menga qirov
Qoplab yotgan maysalar.
Seni intiq kutgayman,
Ey, tongotar hiloli!

* * *

Sovuq qish o’rtasida
Bunchalar charog’ondir
To’lin oyning yog’dusi!
Hovuzsiz bog’chaniyam
U qopladi muz bo’lib.

Qora tunda burgut ovi

Bo’ralab yog’ardi qor…
Qorong’ida ko’rmaysan
Tustovuq iziniyam.
Yangrar qanotlar sasi
Va burgut qo’ng’irog’i.

Hammayoqni qor ko’mib bo’lgandan so’ng bu she’rni do’stimga yubordim. U kuzda kelaman degandi,
biroq so’zida turmadi

Endi uni qor ko’mdi…
Men bo’lsam, do’stim kelar
Deya xo’b kutgan edim
So’qmoq ustini zarang
Yaproqlari ko’mganda.

SEVGI QO’SHIQLARI

* * *

Odamlardan yiroqda,
Qoyalar o’rtasida
Bir o’zim, yolg’iz o’zim
Qayg’uli, iztirobli
Ma’yus o’ylarga botdim.

* * *

Saraton o’tlog’ida
Baland-baland o’tlar oralab
Yolg’iz bug’u adashib yurar,
Tonggi shabnamning tomchilari
Jim, ohista to’kilayotir.

Tushga kirgan visol

Qancha quvonchlar berding
Tushimda men sen bilan
Uchrashganda, sevdigim!
Ammo qayg’uga botdim
Uyg’onib ketib birdan.

* * *

Tag’in-da uchrashdik…
Nahot faqat tushimda
Sen bilan uchrashgayman.
Uyg’onmoq ayriliqdir,
O, koshki uyg’onmasam!

* * *

Bizlar mangu ayrildik,
Biroq, uning siyratin
Unutolmasman aslo.
Undan yodgor qoldi oy —
Xotiraning soqchisi.

* * *

Tongotar oldidan oy
Hijronni yodga soldi.
Men axir ketolmayman!
Ketolmayman bulutdek
Shamollarga bo’ysuiib.

* * *

U kelmadi. Kelmadi.
Shamollar ovozida
Qora kecha yashirin.
Unga g’amgin jo’r bo’lar
G’ozlarning qichqirig’i.

* * *

«Bechora!»— deb aytdingmi?
Ayt, qachon yuragingda
Uyg’ondi rahm-shafqat?!
Aslzoda emasman, biroq
Hammaga teng ham ishq, ham firoq.

* * *

O’zimni-ku bilaman.
Faqat seni aybdor deb
O’ylamayman hech qachon.
«Ne qildim? — deb boqurman,
Ko’ylagimning yengi ho’l.

* * *

Meni tashlab ketursan…
Endi qayg’urmoq bekor.
Sen meni tanimagan,
Men seni tanimagan
Kunlarimni o’ylayman.

0021

(Tashriflar: umumiy 278, bugungi 1)

Izoh qoldiring