2012 yilda nishonlangan o’zbek madaniyati,san’ati va adabiyoti bilan bog’liq sanalar (1).

sana

     2012 йилда нишонланган ўзбек маданияти,санъати ва адабиёти билан боғлиқ саналарни эслатишни ўйладим. Бугун сизнинг диққатингизга январ-феврал билан боғлиқ саналар,муборак кунлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этаман.

январ

линия

1 январ  — Ўзбекистон халқ артисти, киноактёр Раҳим Пирмуҳамедов  таваллудининг 115 йиллиги

линия

rahim-pirmuhammedov

Раҳим Пирмуҳамедов

Биринчи ўзбек киноактерларидан бўлган Раҳим Пирмуҳамедов 1896 йилда Тошкентда туғилган. 1930 йилда Москва ўзбек драма студиясини тугатган. Актёрлик фаолиятини 1918 йилда ўзбек театр труппаси (ҳозирги Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри) да бошлаб, кейинчалик Самарқанд, Наманган театрларида ишлаган.

Таржимаи ҳол

1927 йилдан Раҳим Пирмуҳамедов овозсиз фильмларда бир неча ролларни ижро этиб, режиссёр К. Гертелнинг «Равот қашқирлари»да (1927) Акрамхон, «Масжид гумбазлари остида» (1928) Деҳқон, О. Фрелихнинг «Соябон арава»сида (1928) Жўрабой роллари орқали ўз маҳоратини астасекин ошира борди ва биринчи ўзбек овозли фильми А. Усольцевнинг «Қасам»ида (1937) Раҳим милиционер образини яратди.
Кейинчалик Я. Протазановнинг «Насриддин Бухорода»сида (1943) Амир айғоқчиси, Н. Ғаниевнинг «Тоҳир ва Зуҳра»сида (1945) Карвонсарой соқчиои, «Насриддин саргузаштлари»да Кўса каби ҳаётий образлар яратди.
Р. Пирмуҳамедов ўз устида ишлаб, тинмай изланди. П. Я. Протазанов, Л. Свердлин каби етук актёрлардан ижрочилик санъати сирларини қунт билан ўрганиш натижаси ўлароқ К. Ёрматовнинг «Алишер Навоий»сида (1947) Абдулмалик, «Абу Али ибн Сино»сида (1957) Абдулхайр, Н. Ғаниевнинг «Фарғона қизи»да (1948) Тракторчи полвон, 3. Собитовнинг «Фарзандлар»ида (1959) Икром каби ранг-баранг образларни яратишга муяссар бўлди.
Актёрнинг 60-йилларда яратган Йўлдош Аъзамовнинг «Фурқат»ида (1959) Қотил, «Ўтган кунлар»ида (1959) Қушбеги, Шуҳрат Аббосовниинг «Маҳаллада дув-дув гап»ида (1960) Арслонбек, «Сен етим эмассан»ида (1963) кинотеатр контролёри кабр салбий образлар ўзининг ҳаққонийлиги, тўлақонлиги, сатирик бўёқларга бойлиги ва миллийлиги билан ажралиб туради.
Р. Пирмуҳамедов кинода турли дунёқараш ва характерга эга бўлган 50 га яқин ранг-баранг образ яратиб, ўзбек кино санъатига ўз ҳиссасини қўшди. Санъаткор кинодраматургия соҳасида ҳам ижод этиб, «Девонаи ростгўй» сценарийсини яратди.
Таниқли ўзбек киноактёри Р. Пирмуҳамедовнинг сермазмун ижоди «Ўзбекистон халқ артисти», «Халқ артисти» унвонлари ва бир қатор орден, медаллар билан мунооиб тақдирланган. Ўзбек кино санъатининг улкан арбоби Р. Пирмуҳамедов 1972 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.
Ижодини овозсиз кинода бошлаган, «Насриддин Бухорода», «Тоҳир ва Зуҳра», «Насриддин саргузаштлари», «Алишер Навоий», «Маҳаллада дув-дув гап» каби бадиий фильмларда ўнлаб ўлмас образлар яратган Раҳим Пирмуҳамедовнинг ўзбек кино санъати тараққиётида хизмати катта.

линия

5 январ  — Ўзбекистон халқ артисти, мусиқашунос, ўзбек халқи мусиқаси дурдоналарини йиғувчи, санъат арбоби Юнус Ражабий (1897-1976) таваллудининг 115 йиллиги

линия

ражабий

ЮНУС РАЖАБИЙ

Бастакор, хонанда ва созанда, академик Юнус Ражабий аввало кенг маданий жамоатчиликка ўткир ширали овозга эга бўлган истеъдодли хонандасифатида танилган. Хонандаликни бастакорлик билан бақамти олиб борган санъаткор ўзбек мусиқали драма жанрида самарали ижод этиб, куйлар, қўшиқлар, рақс куйлари, хор асарлари ёзди. У Ўзбекистон халқ артисти, «Буюк хизматлари учун» ордени ва Республика Давлат мукофоти соҳиби, Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси.

Таржимаи ҳол

Бастакор, хонанда ва созанда, академик Юнус Ражабий 1897 йилда Тошкентда туғилган. Аввал мадрасада, сўнг 1919-1922 йилларда Туркистон халқ консерваториясида, 1934 йилда Тошкент Олий мусиқа мактабининг тайёрлов курcида, 1940—1941 йилларда Москвада бастакорлар курсида таълим олган Ю. Ражабий халқ мусиқа меросини Мирзақосим ҳофиз, Ш. Шоумаров, Тўйчи Ҳофиз, Домла Ҳалим Ибодовлардан ўрганган.
Меҳнат фаолиятини 1923—1925 йилларда Самарқанд педагогика билим юрти тўгараги ўқитувчиси сифатида бошлаб, 1925—1926 йилларда Самарқанд театрининг мусиқа раҳбари, 1927—1959 йилларда Ўзбекистон радио қўмитаси қошидаги халқ чолғу асбоблари ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари, 1942—1945 йилларда Тошкент вилоят Янгийўл мусиқали драма ва комедия театрининг мусиқа раҳбари, 1959—1976 йилларда Ўзбекистон Телевидениеси ва радио эшиттириш Давлат қўмитаси ҳузуридаги мақом ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари вазифаларида ишлади.
Ю.Ражабий аввало кенг маданий жамоатчиликка ўткир ширали овозга эга бўлган истеъдодли хонанда сифатида танилган эди. У айтган «Гиря», «Нолиш»,
«Кўча боғи», «Эшвой», «Курд», «Қаландари», «Шаҳнози Гулёр», «Баёт», «Қаро кўзим», «Дугоҳи Ҳусайни», «Чоргоҳ», «Мискин», «Насруллойи» каби мақом йўлларидаги ашулалар, у тиклаган «Субҳидам», «Ёлғиз», «Сайқал», «Сегоҳ», «Дугоҳ» ва бошқа қадимги ўзбек куй ва ашулалари ҳамон тингловчиларга эстетик завқ бағишлаб, дилларга ором бериб келмоқда.
Хонандаликни бастакорлик билан бақамти олиб борган санъаткор ўзбек мусиқали драма жанрида самарали ижод этиб, куйлар, қўшиқлар, рақс куйлари, хор асарлари ёзди.
Дастлаб Хуршиднинг «Фарҳод ва Ширин» (1922—1925), «Лайли ва Мажнун» (1926), Ў.Исмоиловнинг «Рустам» (1933), А. Ҳидоятовнинг «Аваз» (1935), Ҳамзанинг «Холисхон» .
(1940) спектаклларига халқ ашулалари асосида куйлар басталаган бўлса, кейинчалик С. Абдулла ва Чустийнинг «Қўчқор Турдиев» (1942), Б. Надеждин билан ҳамкорликда А. Умарий ва Уйғуннинг «Қасос» (1941), К. Яшиннинг «Фарҳод ва Ширин» (1944), Г. Мушель билан ҳамкорликда Ҳ. Олимжонминг «Муқанна» (1943), Халилов билан ҳамкорликда С. Қосимов ва Л. Маматхоновнинг «Нодира» (1942—1943), Б.Зейдман билан ҳамкорликда Ҳ. Ғуломнинг «Ўғил уйлантириш» (1964), Сайфи Жалил билан ҳамкорликда Й. Маҳсумовнинг «Навоий Астрободда (1968) каби мусиқали драмаларини ва Т. Содиқов, Д. Зокиров, Б. Зейдманлар билан ҳамкорликда «Зайнаб ва Омон» операсини ёзиб, ўзбек мусиқали драма жанрининг шаклланишига катта ҳисса қўшди.
«Фабрика ялласи»,«Ёр-ёр»,«Мирзачўлда тўй», «Ўзбекистон», «Қаҳрамонлар ҳақида қўшиқ», «Бизнинг даврон», «Ватан ҳақида қўшиқ» «Халқлар дўстлиги», «Баҳор келди», «Шодлик», «Дугоналарга», «Кошки», «Гулбарги», «Ғалаба» каби куй, хор асарлари, маршлари, «Ўйин баёти», «Ўйин дугоҳи», «Пахта» сингари рақс куйларини ҳам яратди.
Ўзбек мусиқа меросини тўплашда Ю. Ражабийнинг хизматлари ниҳоятда қатта. У 1935 йилдан бошлаб куй ва қўшиқларни,мақомларни тўплай бошлади. Шунинг натижаси ўлароқ Е.Романовская, А.Акбаровлар 1939 йилда тузган «Ўзбек халқ қўшиқлари» тўпламидан Ю. Ражабий нотага солган 29 та ашула ва қўшиқлар ўрин олди.

Ю. Ражабий 1955—1959 йилларда (Й. Акбаров таҳрири остида) 5 жилдлик «Ўзбек халқ музикаси» тўпламларини нашр эттирдики, уларга турли жанрлардаги мингга яқин ўзбек (бир қанча тожик, уйғур) куй ва ашулалар, «Бухоро Шашмақоми», Тошкент, Фарғона мақом чўллари, қатта ашулалар, Ҳамза қўшиқлари, ўнлаб бастакорларнинг асарлари киритилган. Мақом ансамбли билан узоқ ишлаши натижасида, 1966-1974 йилларда (Ф. Қараматов таҳририда) «Шашмақом»нинг 6 жилдлик янги нашрини тайёрлади.
Мазкур китобларга изоҳ берувчи 1978 йилда нашр этилган «Музика меросимизга бир назар» асари мақомчиларнинг ижро услубларини ўрганишда муҳим қўлланма бўлди.
Устоз санъаткор Т. Содиқов, Д. Зокиров, Д. Соатқулов, Ф. Содиқов, Н.Ҳасанов каби бастакорларни, Н. Аҳмедова, Б. Давидова, К. Исмоилова, О. Имомхўжаев, О. Алимаҳсумов каби хонандаларни тарбиялаб вояга етказиш билан бирга Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий, Ўзбекистонда хизмат кўрсагган артист Тоҳир Ражабий каби фарзандларни ўстириб, улғайтирди.
Улар оқил фарзанд ва ижодкор сифатида ўз оталарининг ишини давом эттирмоқдалар, унинг муқаддас номини абадийлаштириш йўлида самарали меҳнат қилмоқдалар.
Ю. Ражабийнинг ўзбек мусиқа ва қўшиқ санъати камолотидаги катта хизматлари 1958 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвони, Республика Давлат мукофоти (1973) билан тақдирланди. 1966 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланди.
Ўзбекистон мусиқа санъатининг улкан арбоби Юнус Ражабий 1976 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди. Ўзбекистон Телевидение ва радио эшиттириш Давлат қўмитаси қошидаги «Мақом» ансамблига, Жиззах мусиқали драма театрига ва Тошкент мусиқа педагогика билим юртига, Тошкентдаги марказий кўчаларнинг бирига Юнус Ражабий номи берилди.
Республикамиз маданий жамоатчилиги 1997 йилда Юнус Ражабийнинг 100 йиллик юбилейини кенг нишонлади. Ўзбек миллий маданияти ривожига улкан ҳисса қўшганлиги учун у 2000 йилда «Буюк хизматлари учун»ордени билан мукофотланди.

линия

15 январ — Таниқли ўзбек болалар ёзувчиси  Шукур Саъдулла таваллудининг 100 йиллиги.

линия

Шукур Саъдулла

Шукур Саъдулла — шоир, драматург, носир, таржимон ва ношир, кичкинтойларнинг руҳий олами ва ёш хусусиятларини чуқур билган, инсоннинг келажак тақдирига, ҳаёт йўлига кўп ҳолларда болалагидаёқ тамал тоши қўйилиши долзарб масала эканлигини уқтира олган ва болалар адабиётининг жамият маънавий ҳаёти ва ватан истиқболидаги роли беқиёс улуғ эканлигини ўз асарлаларида акс этирган ноёб қалб эгасидир.

Таржимаи ҳол

Болалик қисқа муддатда кечса-да, унинг таассуротлари, ёди умрбод эсда қолади. Инсоннинг келажак тақдирига, ҳаёт йўлига кўп ҳолларда болалагидаёқ тамал тоши қўйилиши ҳеч кимга сир эмас. Шунга кўра умримизнинг илк даврини ўзига хос дунё дейиш мумкин. Қисқа, аммо чин маънода мураккаб ва жозибадор бўлган бу дунёнинг бадиий инъикоси ҳисобланган болалар адабиёти бир қарашда катталар учун эрмакка ўхшаб туюлади. Шунинг учун бўлса керак, баъзан назар-писанд ҳам қилинмайди.
Аслида-чи? Нафсиламрини айтганда, болалар адабиётининг жамият маънавий ҳаёти ва ватан истиқболидаги роли беқиёс улуғдир. Болалар ёзувчисининг китобхон олдидаги масъулияти ҳам, бахти ҳам шунинг билан белгиланади. Унинг китобхонлари доираси анча кенг. Болаларга бағишлаб яратилган асарларни кичиклар ҳам, катталар ҳам бирдек севиб ўқийди, завқланади. Жуда бўлмаса, болалигида ўқиб олган завқ-шавқини бобо-буви бўлганда ҳам унутмайди.
Шоир, драматург, носир, таржимон ва ношир Шукур Саъдулла шундай ижодкорлар тоифасига мансуб. Шоирнинг 50-йиллар болаларини чексиз қувончларга чулғаган:

Ёмғир ёғалоқ
Ям-яшил ўтлоқ,
Энди экинлар
Чиқарар қулоқ.
(«Ёмғир ёғалоқ»)

ёки:

Ойдин, Лола ғоз бўлди,
Ўйинимиз соз бўлди,
Болта бир ўзи тулки,
Туриши бўлди кулки.
(«Тулки билан ғозлар»)

деб бошланувчи дилкаш ва қувноқ, ўйноқи шеърларини ҳозир неварали бўлганимизда ҳам соғинч билан эслаб юрамиз. Улар ҳозиргача дарслик ва хрестоматиялардан тушмай, халқимизнинг маънавий мулкига айланиб қолган.
Жиззахдаги Наримонов номли мактабда ўқиб юрганидаёқ бадиий адабиётга иштиёқи кучли бўлган Ш.Саъдулла ўз ижодини 30-йиллардан бошлайди. 1932-йилда босмадан чиққан «Ҳайқириқ» номли илк тўплами ёш шоирнинг келажагига умид ва ишонч уйғотади. Шундан кейин кетма-кет «Уч айиқ», «Айёр чумчуқ», «Сен нима қилдинг?», «Шоҳиста», «Думсиз тулкилар» тўпламлари эълон қилинади.
Шоир шеърлари, асосан, кичик ёшдаги болаларга мўлжалланган бўлиб, ҳаётдаги воқеа-ҳодисалар, нарса-буюмлар моҳияти, кўриниши ва аҳамияти ҳақида муайян тушунча – билим беришга қаратилган. Бу жўн тушунча бўлмай, кичкинтойларнинг ҳаёт ҳақидаги қарашларига, тасаввурларига тўла-тўкис ҳамоҳангдир. Айни пайтда, ўша қараш ва тасаввурларни тўлдириб, янада бойитишга хизмат этади.
Масалан, юқоридаги тилга олганимиз «Ёмғир ёғалоқ» шеърининг биринчи тўртлигида ёмғир ёққач, ўтлоқларнинг ям-яшил бўлиши, экинларнинг қулоқ чиқариши тўғрисида умумий маълумот берилади. Иккинчи тўртликда эса ёмғир ёғиши билан боғлиқ манзара чизилади. Тўғрироғи, китобхон диққати таниш бўлса-да, унчалик эътибор беравермайдиган манзарага жалб қилинади. Яъни ёмғир сувларининг тарновлардан ошиб, шошиб тушиб, ариқларга қуйилиши ҳақида гап кетади. Аммо у оддий маълумот эмас. Тарновлардан ошиб, шошиб тушиши кичик китобхон руҳиятига жуда мос келади. Шу боис, у китобхонга маълумот бериш билан бирга завқ ҳам бағишлайди, фикр уйғотади.
Мисралардаги ҳижоларнинг қисқалиги (ҳар мисра 5 бўғиндан иборат) ва тўқ қофияларнинг (ёғалоқ-ўтлоқ-қулоқ; ошиб-шошиб-тошиб ва ҳоказо) қўлланиши шеърнинг бадиий соддалигини, мисраларнинг овоз узмай, бир зарб билан ўқилишини таъминлайди.
Шоир асарларининг ютуғини тайин этган омиллардан яна бири қофиядош сўзлардан ташқари мисраларнинг ичида ҳам ўхшаш, ҳамоҳанг товушлардан унумли ва ўринли фойдаланишидир. Масалан:

Мен қушчаман – кичкина,
Тилларим чучуккина.
Ола-чипор қанотим,
Билсангиз – читтак отим.
(«Читтак»)

Шеърдаги «қушчаман», «кичкина», «чучуккина», «ола-чипор», «читтак» сўзларидаги ч товушининг такрор-такрор келиши асарга равонлик бағишлайди, қолаверса, боланинг оғзаки нутқини ўстиради.
Кичкинтойларнинг руҳий олами ва ёш хусусиятларини чуқур билган Ш.Саъдулла асарларининг катта қисмини сюжетли, воқеабанд шеърлар ташкил этади.

«Шоир шеърларининг муваффақияти шундаки, – деб ёзган эди, Ў.Рашид, – улар умумийликдан, қуруқ риторикадан узоқ бўлган сюжетли ва воқеабанд шеърлардир. Маълумки, воқеабандлик, айниқса, болалар асари учун муҳим аҳамиятга эга. Бундай шеър болани зериктирмайди. У худди ҳикоя ёки эртак каби бола онгига, хотирасига осон сингади».
Синчиклаб кўздан кечирилса, Ш.Саъдулла шеърларидаги воқеабандлик халқ оғзаки ижодининг самарали таъсири натижаси эканини фаҳмлаш қийин эмас. Дарҳақиқат, шоир қатор халқ эртакларини қайта ишлаб, «Думсиз тулкилар», «Икки сандиқ», «Уч тулки», «Қарғавой», «Тулки билан Турна» номлари остида чоп эттиради. Ўзи ҳам «Икки донишманд», «Айёр чумчуқ», «Лақма ит», «Оч бўри, шўх қўзи ва қирчанғи» каби талай эртаклар яратади. Адибнинг «Качал полвон», «Ёрилтош» асарлари ҳам халқ оғзаки ижодидан руҳланиб ёзилган. Филология фанлари доктори О.Сафаров: «Халқ эртаклари устидаги қизғин амалий ижодий фаолият жараёнида Шукур Саъдулла кўп нарса ўрганди, халқ ижодий лабораториясининг аслаҳалари билан қуроллана борди, халқ тилига хос донолик, бурролик, самимийлик, қочиримдорлик барча сирларидан воқиф бўла борди», деганида тамоман ҳақдир.
Болалар адабиёти хусусида сўз юритганда унинг тарбиявий вазифани бажаришига ҳамиша алоҳида урғу берилади. Аслида шундай бўлиши табиий. Негаки, у нима яхши-ю, нима ёмонлигини тушунишга, ҳаётни ва ўзлигини англашга, ахлоқ-одобга ўргатади. Бу хусусият, шубҳасиз, Ш.Саъдулла асарларига ҳам тааллуқлидир.
Кези келганда, шоирнинг «Тулки билан ғозлар», «Митти», «Улоқча», «Бола билан тўрғай», «Чучвара қайнайди», «Тўрт фасл» каби шеърларига тарбиявий руҳни ниҳоятда усталик билан сингдиргани ҳолда «Озода», «Менинг аям», «Дастёр қиз» сингари айрим асарларида қуруқ панд-насиҳат даражасига тушириб, қўйганини ҳам таъкидлаш зарур. «Озодалигинг учун раҳмат» деб олқишлаш ёки «тўғри ўтир», «тўғри юр» қабилида дакки бериш адабиётнинг вазифасига кирмайди.
Тасвирда қисқалик, равонлик ижодкорнинг кичик ҳикояларига ҳам хос етакчи хусусиятдир. Улар, ҳатто, ҳажм жиҳатидан кичик шеърга тенг бўлиб, мағзи тўқ ва у ёки бу масала ҳақида китобхонда яхлит тасаввур уйғотишга қодир. Масалан, чол билан боланинг суҳбати шаклидаги «Анқов» ҳикояси бор-йўғи бир неча сатрдан иборат. Аммо унинг катта-ю кичикка хос анқовлик иллати ҳақида маълум тушунча беришига шубҳа йўқ. Ҳар қандай иллатнинг болаликдан бошлаб шаклланиши назарда тутилса, бу хилдаги асарларнинг тарбиявий қиммати янада ортади. Ёзувчининг «Қайсар болалар» ҳикояларида ҳам у ёки бу иллат ёрқин кўрсатилади.
Адибнинг «Командирнинг бошидан кечирганлари», «Качал полвон», «Азиз қишлоғим» қиссалари ўзбек ва рус тилларида қайта-қайта нашр қилинди. «Ёрилтош», «Афсонани енгган қиз» эртак-пьесалари узоқ йиллар театрларимиз саҳнасидан тушмади.
Ш.Саъдулла кўп қиррали ижодкор эди. Жаҳон ва рус адабиётининг намояндаларидан Г.Х.Андерсеннинг қатор эртаклари, А.Пушкин, С.Маршак, С.Михалков, К.Чуковскийнинг шеър ва эртаклари, Л.Толстой, Б.Житков, В.Осееваларнинг қисса ва ҳикоялари Шукур Саъдулла таржимасида ўқиб келинмоқда.
Қ.Ҳикматнинг образли таърифи билан айтганда, Шукур Саъдулла ўзбек болалар адабиётининг «капитанларидан» бири эди. Унинг асарлари ҳали жуда кўп авлодларни чин инсонликка ўргатади, ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат этади.
«Биз, – деб ёзган эди Қудрат Ҳикмат бундан чорак аср муқаддам, унинг қиёфасида тўртта Шукур Саъдуллани кўрамиз: Шукур Саъдулла – шоир, Шукур Саъдулла – драматург, Шукур Саъдулла – прозаик, Шукур Саъдулла – таржимондир.
Катта-кичик ҳамкасблар унга ҳавас қилиб, тез-тез учрашишга ошиқамиз. Мактабларда, боғчаларда… талабчан китобхонлар беҳад шодланиб: – Хуш келибсиз, Шукур ака! – деб кутиб олишади».
Биз энди ёзувчи билан унинг асарлари орқали учрашамиз. Бу учрашув ҳар бир китобхон учун, шубҳасиз, завқлидир.

линия

20 январ —  Ўзбекистон халқ шоири, публицист, таржимон Хуршид Даврон (1952) 60 ёшда.

линия

xurshid-davron

Хуршид Даврон (1952.20.1, Самарқанд вилояти Чордара қишлоғи) – Ўзбекистон халқ шоири (1999). Тошкент  ун-тининг журналистика ф-тини тугатган (1969). Турли нашриёт ва ижодий ташкилотларда ишлаган (1974-94). Маънавият ва маърифат марказида раҳбар ўринбосари (1994-96). 1996 йилдан Ўзбекистон Миллий Телерадикомпаниясида турли раҳбар лавозимларида ишлаган.

Дастлабки шеърлар тўплами – «Қадрдон қуёш» (1979). «Шаҳардаги олма дарахти» (1979), «Тунги боғлар» (1981), «Учиб бораман қушлар билан» (1983), «Тўмариснинг кўзлари» (1984), «Болаликнинг овози» (1986), «Қақнус» (1987) ва «Баҳордан бир кун олдин» (1997) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Шеърларида воқеаликка янгича нигоҳ билан қаровчи, табиат, жамият ва кишилар ҳаётида юз бераётган ўзгаришларни синчковлик билан кузатувчи, айни пайтда бокира ёшликка хос ҳайрат ҳиссини сақлаб қолган зукко шоир сифатида гавдаланади. Х.Д.сўзга, ифода воситалари ва шеърий шаклларга юксак мезонлар асосида ёндашади.

Х.Д. 90-йилларда шеъриятдан кўра насрий жанрларда самарали ижод қилди. У олис ўтмишда яшаган унутилмас тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб, улар ҳақидаги мўътабар қшлёзма манбалар б-н танишди ва Бибихоним ҳақида «Самарқанд хаёли» (1991), Улуғбек ҳақида «Соҳибқирон набираси» (1995), Шайх Кубро ҳақида «Шаҳидлар шоҳи» (1998) каби тарихий-маърифий қиссаларини яратди. Х.Д. бу асарлари б-н 90 й.ларда Ўзбекистонда тарихий ўтмишга бўлган муносабатнинг яна ҳам қизғин тус олишига муносиб ҳисса қўшди. Х.Д. бундай тарихий сиймолар ҳаётини пухта ўрганиб, улар ҳақида саҳна асарлари ҳам ёзди. («Мирзо Улуғбек» — «Алғул», 1995; «Бобуршоҳ», 1996). Х.Д. тарихий мавзудаги бу асарлари б-н ҳоз.ўзбек драматургиясига ўтмишда яшаган ажойиб ватандошларимизнинг ёрқин образларини олиб кирди. Х.Д. Айни пайтда Самарқандда Амир Темурнинг 660, Улуғбекнинг 600 йиллигига, Парижда «Одеон» театрида Бухоро ва Хиванинг 2500 йиллигига бағишлаб ўтказилган театрлаштирилган томошалар ва 21 қисмдан иборат «Темурнома» видеофильми ва «Бухоройи Шариф» (2 қисмли) телефильми сценарийлари муаллифи.

Шарқ ва Ғарб шоирларининг асарларидан иборат «Қирқ бир ошиқ дафтари» (1989) ва япон шоирларининг шеърларидан таркиб топган «Денгиз япроқлари» (1988) тўпламларини ўзбек тилига таржима қилган. 2-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати. «Дўстлик» ордени б-н мукофотланган. (1997).

линия

20 январ — Ўзбекистон халқ артисти, созанда Турғун Алиматов (1922) таваллудининг 90 йиллиги

линия

talimatov

Турғун Алиматов 1922 йилнинг 20 январида Тошкент вилоятининг Келес қишлоғида туғилди. 1937-40 йилларда у Тошкент педагогика институтининг ишчи факултети қошидаги мусиқа тўгарагига қатнашиб, созандалик сирларини эгаллади.
У Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши жангларда қатнашди. Сўнгра Ёш томошабинлар театрида, Муқимий номидаги мусиқали драма театрида, кўп йилллар давомида Ўзбекистон радиоси ҳузуридаги Халқ чолғулари оркестрида созанда сифатида хизмат қилди.
Т.Алиматовнинг меҳнат фаолияти 1970 йилдан бошлаб Мақом ансамбли билан бевосита боғлиқ ҳолда кечди. Ушбу ижодий жамоа аъзоси сифатида у бебаҳо маънавий бойлигимиз бўлмиш Шашмақом туркумидаги, Фарғона-Тошкент йўлидаги ноёб мақом намуналарининг миллий мусиқа хазинамизнинг олтин фонди учун ёзиб олинишида алоҳида жонбозлик кўрсатди.
Созандалик борасида ўзининг бетакрор услубига эга бўлган Турғун Алиматов томонидан юксак маҳорат билан ижро этилган “Дутор навоси”, “Тановар”, “Чоргоҳ”, “Муножот”, “Наврўзи Ажам”, “Бузрук”, “Куйгай” каби мумтоз мусиқа намуналари халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллади.
Атоқли санъаткор қарийб чорак аср давомида Ўзбекистон давлат консерваториясида талабаларга сабоқ бериб, ўнлаб истеъдодли шогирдлар тайёрлади.
Устоз санъаткор ўзбек мусиқа санъатини чет элларда кенг тарғиб этишга ҳам катта ҳисса қўшди.
Т.Алиматовнинг миллий мусиқа санъатимиз анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, у “Ўзбекистон халқ артисти” юксак унвони ҳамда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган эди.

Хуршид Даврон
ТУРҒУН АЛИМАТНИНГ ТАНБУРИ

Гўдак тобутини елкалаб олган,
Унинг енгиллигин туюб букилган
Оломон сукутин – чеки йўқ қайғу,
Изтироб саҳросин сукутин тилган
Мусича “ку-ку”син ҳасратими бу?

Боласин ортидан, сочларин юлиб,
Юзлари қонталаш, кўзлари дали,
Бамисли эсидан оғгандек дарё
Борлиқни аямай оқизаётган
Муштипар онанинг фарёдими ё?

Ё банди, таланган, хору-зор элин,
Бузилган, буғланган вайрона юртин
Қошида ит талаб ғамгузор дилин,
Ҳужайраларига ботиб юз тикан
Турган ёш ўғлоннинг ҳасратимикан?

Ингроғи югурди кўзларгача то,
Сўнгра оқиб чиқди минг юлдуз бўлиб,
Юрак бу қайғудан, бу изтиробдан
Поклана-поклана қасосга тўлиб
Жанг учун юз бурар қонли саробдан…

1986

линия

24 январ — Ўзбек болалар шоири Зафар Диёр (1912-1945) таваллудининг 100 йиллиги

линия

zafar diyor

Зафар Диёр

Ўзбек болалар адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири Зафар Диёрдир. У 1912 йили Наманган вилоятининг Чуст туманида камбағал деҳқон оиласида туғилди. Аввал эски мактабда, сўнг Шўро даври болалар уйида таълим олди.
Бўлғуси шоир 1927 йилда Наримонов номли ўзбек Эрлар билим юртига ўқжшга кириб, уни 1933 йилда аъло баҳоларга тугатиб, ўша ерда адабиёт муаллими бўлиб хизмат қилди. 1941 йилда эса Тошкент Давлат педагогика олий билимгоҳини тугатди.
Шоир ижоди гарчи эрта бошланган ва кўпгина шеърлари «Ленин учқуни», «Ёш ленинчи», «Ёш куч», «Колхозчи болалар» каби рўзномаларда чоп этилган бўлса ҳам, унинг «Қўшиқлар» номли биринчи шеърий тўплами 1933 йилда нашр этилади. Журналистика шоир фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир. У аввал «Ленин учқуни» (1936-1941) рўзномасида масъул котиб, 1941 йилдан умрининг охиригача «Қизил Ўзбекистон» рўзномасида бўлим мудири бўлиб ишлайди.
Шоирнинг «Қўшиқлар» тўпламидан сўнг «Тантана» (1938), «Шеърлар» (1939), «Бизнинг қуролимиз», “Бизнинг оила” (1942), «Совға» (1944) каби шеърий мажмуалари босилади.
Зафар Диёр Иккинчи жаҳон уруши йилларида (1941-1945) ранг-баранг жанрларда самарали ижод қилди. Унинг «Она алласи» (1942) қўшиғи ўз вақтида ёзилган қўшиқ эди. Унинг «Қурол беринг менга ҳам!» шеъри Ҳамид Олимжоннинг «Қўлингга қурол ол!» асарига ҳамоҳанг эди. Шунингдек, «Орзу», «Тимурчилар мактуби», Отам келар яқинда», «Табассум» «Тўққизинчи май» каби шеърлари ёшларни қаҳрамонлик, ватанпарварлик ва биродарлик руҳида тарбиялашда муҳим рол ўйнайди.
Зафар Диёр моҳир болалар шоири бўлиши билан бирга болаларнинг суюкли драматурги ҳам эди. Унинг уч қисмдан иборат «Бахтли ёшлик», «Уч оғайни» пъесаларида болалар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ардоқланади. У адабий-танқидий мадолалар муаллифи сифатида “Наби Раҳимов”, «Абай ўланлари», «Ашулалар» каби кўплаб мақолалар чоп эттирган. У таржимон ва носир ҳам эди.
Зафар Диёр 1946 йил 14 апрелда бевақт вафот этди. Унинг вафотидан кейин «Кичкина боғбон ҳақида достон» (1947), «Чаман» (1948), «Гунафша» (1952), «Асарлар» (1954), «Қанотли дўстлар» (1958), «Сув билан суҳбат» каби тўплам ва сайланмалари нашр этилди.

линия

25 январ — Ўзбекистон халқ шоири, ёзувчи, ношир Анвар Обиджон (1947) 65 ёшда

линия

анвар ака

Анвар Обиджон

Анвар Обиджон Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида 1947 йилнинг 25 январида хизматчи оиласида туғилган.
1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида, 1969-1971 йилларда жамоа хўжалигида ҳисобчи, клуб мудири, туман газетаси, вилоят радиосида турли вазифаларни бажарди, Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетини сиртдан тамомлади. 1981 йилдан бошлаб у Тошкентга кўчиб келиб, «Ёш гвардия» нашриётида, «Ёш куч», «Муштум» журналларида ишлади.
«Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлаган. Кейинчалик Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб хизмат қилди. Ҳозир нафақада,аниқроғи фақат ижоди билан банд.
Анвар Обиджон болалар адабиётига дастлаб «Она Ер», «Баҳромнинг ҳикоялари» тўпламлари орқали шоир сифатида кириб келди ва мавжуд ижодий анъаналардан фойдаланган ҳолда ўзига хос йўл танлади.
«Булбулнинг чўпчаклари», «Ғалати мактублар», «Кумуш уй», «Гурунгдаги гаплар», «Ажойибхона», «Ўзимизнинг ансамбл», «Игналарим чиройли», «Менинг коллекциям», «Ширин сўйлар жажживойлар», «Каламушлар кемаси», «Сиз эшитмаган қўшиқлар», «Далалардан болаларга», «Осмондан тушган созанда» туркум шеърлари фикримизга далилдир.
Унинг «Она ер» (1974), «Масхарабоз бола» (1980), «Оловжон ва унинг дўстлари» (1983), «Баҳромнинг ҳикоялари» (1984), «Эй, ёруғ дунё» (1983), «Кетмагил» (1985), «Безгакшамол» (1985), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Олтин юракли автобола» (1988), «Даҳшатли Мешполвон» (1990) каби шеърий, насрий китоблари чоп этилди.
Булардан ташқари, адибнинг «Қўнғироқли ёлғончи», «Паҳлавоннинг ўғирланиши» Анвар Обиджон сўнгги йилларда «Рамазон ва Гулмат ҳангомаси» (1992), «Мешполвоннинг жанглари» (1994), «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри» (1996), «Тўтиқуш», «Топсанг ҳай-ҳай…» каби қисса, песа ва шеър, достонларини ҳам яратди.
У «Ўзбекистон халқ шоири» унвонига сазовор бўлган (1998).

Эркин Воҳидов
“АНВАР ОБИДЖОН БИЛАН ФАХРЛАНАМАН”

Анваржоннинг илк шеърларини ўқиганимдаёқ, бу ижод намуналари содда ва самимийлиги, шу билан бирга мантиқнинг кучлилиги, катта фалсафаси мени ҳайрат ва ҳаяжонга солганди. Ўшандаёқ мен вақти келиб, Анвар Обиджон халқимизнинг энг эъзозли ва суюкли шоирларидан бири бўлиб етишишига чин кўнгилдан ишонгандим. (Давомини ва бошқа мақолаларни ўқинг)

линия

ФЕВРАЛ

линия

9 феврал — Буюк ўзбек шоири, мутаффакир ва давлат арбоби Алишер Навоий (1441-1501) таваллудининг 571 йиллиги

линия

navoiy

Вадуд Маҳмуд.Алишер Навоий.

Ҳижрий 5 аср ила 10 аср орасидағи беш юз йиллиқ бу давр Хуросон ва Мовароуннаҳрда ислом маданиятининг гуллаган мавсуми эди. Бешинчи аср(лар) арабнинг янги руҳий ортиши билан Эроннинг ер юзида мумтоз мавқе тутғон давридир. У вақтлар рубъи маскуннинг энг файзли қитаси ва маълум дунёнинг оғизларда достон бўлатурғон қисми Ироқ ва Хуросон эди. Ўрта Осиёнинг янги тарихида энг бой ва шавкатли давлатлар шу даврнинг маҳсулидирлар.
Мамлакат обод, халқ эсонлиқ ичида эди. Чунки рубъи маскуннинг бойлиғи шу ўртаға йиғилғон эди.
Бу воқеаларда Ироқ, Хуросон ва Балхнинг марказий шаҳарлари Бағдод, Ҳирот, Нишопур, Балх дунё тижорасининг йўллари устида эдилар. Ҳиндининг қамишлари, Чиннинг санъаткорона ишланғон ва тўқилғон асбоб ва кийимликлари, Миср ва Шомнинг помбиқ, ипак қоғозлари, Эроннинг қимматбаҳо тошлари, хулласи, дунёнинг бир томонидан иккинчи томониға ҳар нарса бу йўллардан ўтар эди. Мана шу замонларда эдиким, ислом маданиятининг етиштирғон ҳаким ва адиблари дунёда ягоналик туғини кўтарган эдилар.
Ҳаким Саноий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Фаридиддин Аттор, Абу Али ибн Сино, Форобий, Хайём каби энг буюк ва машур кишилар шу асрнинг етиштирган кишилари орасидадир. Бу ўрта аср маданиятининг иккинчи бир варағи бўлғон 8, 9, 10 аср турк даҳосининг асрий маданияти ўзлаштириб очилғон ва юксалган бир давридир.
Воқэан, юқорида отларини санағонларимиз орасида ҳам турклар бор, лекин бу кейинги давр турк даҳосининг ўз мамлакатида, ўз муҳитида ва ўз муассасалари учун ишлатиши билан айриладир.
У даврда Темур, Йилдирим, Бобир каби буюк қўмондонлар, Аҳмад Яссавий, Навоий, Султон Ҳусайн, Фузулий каби шоирлар, Улуғбек, Қушчи каби ҳайъацшунос ҳакимлар етишдилар. (Давомини ўқинг)

линия

Ўзбек болалар шоири Суннатилли Анорбоев (1922-2003) таваллудининг 90 йиллиги

линия

Суннатилла Анорбоев

Адабиёт тарихида шундай ёзувчилар борки, ўз ижодини болаларга бағишланган асарлар билан бошлайди-ю, кейин катталар адабиётига ўтиб кетган бўлади. Ёки аксинча, катталар адабиётида қаламини чархлаб, сўнгра беғубор болалик дунёсига қайтади. Суннатилла Анорбоев болалар дунёсини ғоят ранг-баранг ва мураккаблигини уларнинг нигоҳи билан кузатиш, ҳис этиш ва тасвирлаш йўлидаги маҳорати ва чуқур ҳаётий тажрибаси билан ёрқин тасвирлаб бера олди.

Таржимаи ҳол

Суннатилла Анорбоев ёзувчи сифатида бу йўллардан бормайди. У адабиётни яхлит бадиий ҳодиса тарзида тушунди ва ижодида ҳам шунга тўла амал қилди. Катталар ҳаётидан олинган «Оқсой», «Сайли» романлари билан бирга болаларга бағишланган «Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари» қиссаси кетма-кет дунё юзини кўрди.
1922 йилнинг 9 сентябрида кўҳна Туркистоннинг Қарноқ қишлоғида таваллуд топган бўлажак адиб иккинчи жаҳон урушидан қайтгач, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги педагогика университетида) таҳсил кўради. Сўнгра таҳририятларда фаолият кўрсатади.
Унинг ижодида чорвадор ва овчилар ҳаётига бағишланган асарлар етакчи ўрин тутади. Ўз мавзуига «содиқ» ёзувчи ҳар асарида ўз-ўзини такрорламайдиган ҳолда янги образлар яратади, табиатни асраш билан боғлиқ долзарб масалаларни кўтариб чиқади. «Оқсой», «Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари», «Сулаймон овчи ва унинг ити ҳақида», «Мусича билан қалдирғоч қиссаси» борингки, сўнгги асари – «Сузиб борар архарлар»да ҳам чўпон-чўлиқлар ва овчилар ҳаёти қаламга олинган.
Ёзувчининг «Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари» номли қиссаси бир неча бор эълон қилинди. Асар кичик китобхонларга ҳам маълум. Қисса ютуғи адибнинг ижод машаққатларидан чўчимай, астойдил изланишлари билан боғлиқ.
С.Анорбоев мазкур асарида «Тўрткўзнинг саргузаштлари» орқали ўқувчини бир томондан, ҳайвонот олами билан таништирса, иккинчи томондан, тўғрилик, мардлик ва софдиллик сингари юксак инсоний фазилатларни тарғиб этади.
Ёзувчининг ҳикоялаш услубига кўра кичик ёшдаги китобхонларга мўлжалланган «Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари» қиссасидаги Тўрткўз, Олапар ва Кўппаклар баайни инсон тилига тушунади.
Асар бош қаҳрамони Тўрткўз вафодорлик тимсоли у асарда яхшилик билан ёмонликнинг фарқига бормайдиган жиртаки кўппакка қарши қўйилади. Кўппак очкўзлиги, мўлтони ва ялтоқлиги туфайли ўқувчи нафратига учраса, Тўрткўз инсонга содиқ ва вафодорлиги билан эътиборни тортади. Унинг сурувни бўрилардан қўриқлашда онаси олапарга астойдил ёрдам бериши, бошқаларга нисбатан ҳалол ва поклиги кишини чексиз ҳаяжонлантиради.
Тўрткўзга хос фазилатлардан яна бири мақтанишни билмаслигидир. Қоравойнинг ўртоқлари уни энг зўр бўрибосар ит деб олқишлаганларида Тўрткўз буни ўзининг бурчи сифатида эътироф қилади. Камтарликни тарғиб қилишда бу жуда муҳимдир.
Қиссада эл-юрт ишига фидойилик, содиқлик, умумманфаати йўлида курашиш каби юксак ҳаётий ғояни болалар тушунчаси даражасида ифодалашда Тўрткўз, Олапар образлари муваффақиятли қўлланган.
Адибнинг «Сузиб борар архарлар» номли янги қиссасида эса профессор Азиз Нуриевич ва Қўчқор билан Тўрабек ва Раббимовлар ўртасидаги зиддият тасвири орқали табиатни асраш ғояси илгари сурилади.
Табиатни асраш ҳамиша инсоният олдидаги асосий масалалардан бири бўлиб келган. Ушбу муаммони болаларнинг билим савияси ва ҳаётий тажрибасига мос тарзда қўйиш ёзувчидан бадиий маҳорат билан бирга, кичкинтойлар психологиясини ҳам пухта билишни тақозо этади. Қиссани ўқиб, ёзувчининг ана шу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда қалам тебратганини сезиш қийин эмас.
Асарнинг сюжети болаларбоп тарзда содда. Яқиндагина ветеренария врачи сифатида иш бошлаган Тўрабек уйларига меҳмонга келаётган устози шарафига тоғдан архар отиб келади. Профессор ўлган архарнинг уруғини олиб бир неча қўйни сунъий қочиради. Шу тарзда бошлаган қимматли тажрибага Қўчқор ҳам аралашади. Туғилган дурагайлар ўса бошлайди. Ниҳоят тоққа қочадилар. Қўчқор уларни «қўлига қурол тутган…» – Тўрабек билан Раббимов инспекторнинг ўқидан сақлаб қоламан деб ўзи ҳалокатга учрайди. Бу ерда Қўчқорга ўқ тегмаслиги унчалик муҳим эмас. Асосий масала профессор билан Қўчқорнинг Тўрабек билан Раббимовга ўхшаш табиат кушандаларига қарши курашувида, яна ҳам аниқроғи Қўчқор қалбида табиатга муҳаббат, уни асраш учун кураш туйғуларининг уйғонишидадир.
Қўчқор чўпонлар оиласида туғилган. Шунинг учун қўй-қўзиларга меҳри бўлакча. Лекин у бола эмасми, жамики ҳайвонот олами ва дов-дарахтлар, тоғлар табиат эҳсони эканлиги, уни асраш учун курашиш лозимлигини дастлаб тушуниб етмайди. Архар отгани учун амакисига профессор Азиз Нуриевичнинг танбеҳ бериши бу борада Қўчқорга сабоқ бўлади. «Илгари мана бу тоғда, – дейди профессор, – архару тоғ така пода-пода бўлиб ёйилиб юрган… Қани энди ўша подалар? Қириб ташланди! Қўлига қурол тутган, сўқмоқларга қопқон қўйган ақлли йиртқичлар қиришди,芰бу жониворларни. Керакми, керак эмасми, ўйламай нетмай манманликка борибоқ ўлдираверишди. Одамзод бу билан ўзининг эртанги насибасига болта урди. Сиз туёққа туёқ қўшиш ўрнига, зоотехника илмини сув қилиб ичиб юборган қизил дипломли мутахассис – у Тўрабекка кинояли тикилди, – бу тоғдаги балки охирги архарнинг бошига етгандирсиз?»
Ёзувчи профессорнинг бу гаплари орқали асар ғоясини ҳам ифода этади. Психологлар болалардаги ҳаётга катталар кўзи билан қараш, ҳатто катталарнинг ўзлари билан тенгқурлардек жиддий муомала қилишларига истак майлини шу ёшга хос характер аломатларидан бири сифатида уқтиради. Ёзувчи Қўчқор образини яратишда болаларнинг бу «хислат»идан жуда ўринли фойдаланган.
Жумладан, амакисининг «генетикани тушунмайсан», деганда Қўчқорнинг астойдил хафа бўлиши бизда унга нисбатан ишонч уйғотади. Ёзувчи шу ўринда генетиканинг луғавий маъносини профессор тилидан бериш бирданига иккита қуённи нишонни олади. Бир томондан, Қўчқорнинг саволига жавоб беради. Шу билан уни сюжет воқеалари ичига чуқурроқ олиб киради. Иккинчи томондан, кичик китобхонни ўтказилган мураккаб тажриба билан таништиради.
Айрим ҳолларда шундай бўладики, болаларга бағишланган асарларнинг қаҳрамонлари ҳали ёш бўлишига қарамай, катталардек фикрлайдилар. Натижада китобхонда характер сифатида яхлит таассурот қолдирмайдилар. «Сузиб борар архарлар» бундай иллатдан ҳоли. Бунинг сабаби адибнинг тасвирда болаларнинг ёш хусусиятларини назардан қочирмаганлигидир. Бинобарин, Қўчқорнинг ҳар бир гап-сўзида, бошқаларга бўлган муносабатида болаларча самимият акс этиб туради. Китобхон асар воқеаларига Қўчқор нигоҳи орқали назар ташлайди, лекин унинг яхшилик ва ёмонлик тўғрисидаги элементар тушунчаси, содда тасаввури билан чекланиб қолмайди.
Болалар дунёси бир қарашда оддий туюлса-да, ғоят ранг-баранг ва мураккаб. Ҳаётни улар нигоҳи билан кузатиш, ҳис этиш ва тасвирлаш учун ёзувчининг бадиий маҳорати, чуқур ҳаётий тажрибаси ва юрак қўридан ташқари, бола даражасида туриб ижод қилиши ҳам талаб этилади.
Бизнингча, Суннатилла Анорбоев ҳаёт ва табиат ҳақидаги мазкур қиссалари билангина эмас, бошланғич синфларнинг «Ўқиш китоби» дарсликларидан ўрин олган «Баҳс», «Қўрқоқ» каби кўплаб ҳикоялари билан ҳам кичкинтойлар қалбига тўғри йўл топган шундай ёзувчилардан ҳисобланади.
Унинг адабиёт олдидаги хизматлари эътироф этилиб, унга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» деган шарафли унвон берилган. 1999 йилда бир қатор касбдошлари қаторида «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.
У 2003 йил 1 апрелда 81 ёшида вафот этди.

линия

12 феврал Бастакор, Ўзбекистон Республикасисанъат арбоби Рустам Абдуллаев (1947) 65 ёшда

линия

абдуллаев

Рустам Абдуллаев

Рустам Абдуллаев бастакор ва педагог.У ўз ижодида камервокал, камер-инструментал жанрларига, қўшиқларга, романсларга, болалар қўшиқларига тез-тез мурожаат қилади.Кўпгина фестивал ва мусиқа танловларининг фаол иштирокчисидир. У «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» унвони, Республика Давлат мукофоти билан тақдирланган.

Таржимаи ҳол

Бастакор ва педагог Рустам Абдуллаев 1947 йилда Хива шаҳрида туғилган. Дастлаб педагог Р. Вильданов раҳбарлигида Ҳамза номидаги ўрта махсус билим юртининг композиция ва мусиқа назарияси бўлимида, 1967—1972 йилларда Тошкент Давлат консерваториясининг композиция факультетида профессор В. Ф. Гиенкода таълим олиб, кейинчалик М. Ашрафий номидаги Тошкент Давлат консерваториясини Б. И. Зейдман раҳбарлигида аспирантурани тугатди.
Ижоди сермазмун ва кўпқиррали. «Шодимулк», «Садоқат» ва «Хиванинг ордени» каби учта операси А. Навоий номидаги Давлат академик Катта опера ва балет театрида, Самарқанд опера ва балет театрида саҳналаштирилган.
1984—1985 йилларда А. Навоий номидаги Давлат академик Катта опера ва балет театрида бастакорнинг драматург Ўлмас Умарбеков асарига ёзилган балет-ораторияси саҳналаштирилди

Сўнгра 3 та симфоник поэма, ўзбек ва япон шоирлари шеърларига овоз ва фортепиано учун циклини ёзди. Р. Абдуллаев яхши пианист бўлганлиги сабабли фортепиано мусиқасини жуда яхши тушунади ва ҳис этади. У прелюдия ва фуга, фортепиано учун 9 та вариация, 5 та фортепиано учун концерт (1972), «Наврўз тароналари» (1998), «Тай оҳанглари» (1991) асарларини яратди.
Бастакор ўз ижодида камервокал, камер-инструментал жанрларига, қўшиқларга, романсларга, болалар қўшиқларига тез-тез мурожаат қилади. Кўпгина фестивал ва мусиқа танловларининг фаол иштирокчисидир. У даставвал 1971 йилда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Ёш бастакорларнинг биринчи фестивалида қатнашган бўлса, 1972 йилда Қозоғистонда бўлган Ўзбекистон Декадасида биринчи фортепиано учун концерти ижро этилди.
Грузияда бўлиб ўтган Ўзбекистон мусиқа фестивалида (1972), Санкт-Петербургдаги ёш бастакорларнинг II фестивалида (1976), Москвадаги «Ёш бастакорларнинг танлови»да, Ўзбекистон мусиқаси ҳафталигида (1977), поляк ва яқин хориж мамлакатлари бастакорларининг учрашувида (1985) ҳам фаол иштирок этди. Шунингдек, унинг Туркманистонда, «Ставрополь кузи» фестивалида (1985) муаллифлик концертлари берилди. Украинада бўлган Ўзбекистон декадасида (1991), яқин хориж мамлакатлари бастакорларининг мусиқа фестивалида (1991), Москва консерваториясининг катта залида фортепиано учун ёзилган концерти ижро этилди.
У «Швед кузи» фестивалида (1991) ҳам иштирок этди. Айниқса, мустақиллик йилларида санъат аҳли учун жаҳон эшиклари кенг очилган бир пайтда Рустам Абдуллаев ижоди кенг қанот ёзди. Бастакорнннг таиландликлар буюртмаси асосида ёзилган «Болалар альбоми» ва фортепиаио учун концерти — «Тай оҳанглари» бир неча марта ижро этилди. Ўзбекистон
Телерадиокомпаниясининг «Булбулча» болалар хори Р. Абдуллаевнинг бир нечта қўшиқларини Туркия шаҳарларида катта муваффақият билан ижро этди. У Жанубий Корея буюртмаси асосида 1992 йилда торли чолғу квартети учун пьеса, фортепиано ва камер оркестри учун концертларини ёзиб тугатди.
Бастакор кўп йиллардан бери ижодий ишни таълим-тарбия ва жамоат иши билан қўшиб олиб бораяпти.
М. Ашрафий номидаги Тошкеит Давлат консерваториясида педагог сифатида ишлаб, ёш бастакор ва созандаларни тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 1985 йилда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси котиби, 1995 йил 8 сентябрдан эса Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг раиси лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Р. Абдуллаевиинг асарлари фақат она юртимиздагина эмас, балки узоқ ва яқин хориж мамлакатларида ҳам муваффақиятли равишда ижро этилган. 1993 йилда
Таиланднинг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон премьерасида 3 фортепиано концерти билан қатнашган бўлса, 1994 йилда Жанубий Кореянинг буюртмаси асосида фортепиано ва камер оркестри учун ёзилган 4-концертининг бутун жаҳон премьераси, 1995 йил 25 сентябрдан 2 октябргача Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган концертларда фортепиано учун ёзилган 5-концертининг премьераси бўлиб ўтди. 1995 йилда яна Бангкок шаҳрида муаллиф томонидан фортепиано ва оркестр учун 1-концерти ижро этилди.
Истеъдодли бастакор ва педагог Р. Абдуллаевнинг ўзбек мусиқа санъати равнақидаги хизматлари 1997 йилда «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» унвони, Республика Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Рустам Абдуллаев асарлари билан унинг шахсий саҳифасида танишишингиз мумкин (Мана бу ерда).

линия

14 феврал Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, давлат арбоби, истеъдодли саркарда-Бобур
(Заҳириддин Муҳаммад Ибн Умаршайх Мирзо) (1483-1530) таваллудининг 529 йиллиги

линия

бобур
Заҳириддин Муҳамммад Бобур

Ўрта Осиё маданиятининг ёрқин намояндаларидан бири Заҳириддин Муҳамммад Бобур тарихда фақат ҳукмдор, саркарда ва сиёсатчи сифатидагина эмас, ўз асарлари билан ҳам олмшумул шуҳратга эга бўлиб, ўзбек классик адабиётида салмоқли ўрин эгаллаган.
Бобир 1483 йил 14 февралда Андижон шаҳрида Фарғона ҳукмдори оиласида дунёга келди. Унинг отаси Умаршайх мирзо Темурнинг набираси Султон Абусаид мирзонинг тўнғич ўғли бўлиб, Фарғона вилоятининг ҳокими бўлган.Бобирнинг онаси Қутлуғ Нигорхоним Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Умаршайхнинг уч ўғли ва беш қизи бўлиб, ўғиллар орасида Бобир энг каттаси эди. Унинг ёшлиги асосан Ахсикант ва Андижонда ўтади. Ниҳоятда ўткир қобилиятга эга бўлган Бобир болалик чоғларидаёқ фан ва санъат билан қизиқиб, ўша даврдаги ҳамма билимлардан яхши хабардор бўлади. У ўспиринлик чоғидаёқ Андижонда тахтга ўтириб, ўз давлати учун узоқ вақт қаттиқ уруш олиб боради, аммо кўчманчи ўзбек қабилалари томонидан бутунлай тор мор қилиниб, 1504 йилда ўзининг омон қолган қўшинлари билан Афғонистонга, кейин эса у ердан Ҳиндистонга ўтиб кетади.
1525 йилда Бобир Шимолий Ҳиндистон ҳукмронлигини ўз қўлига киритишга муваффақ бўлади ва шу пайтдан бошлаб Ҳиндистон унинг иккинчи ватани бўлиб қолади. У ерда Бобир ўз атрофига ўша даврнинг энг яхши шоир ва олимларини йиғиб, қурилиш ишларини олиб боради, ўзининг энг севимли иши бўлган адабиёт билан шуғулланади.
Бобир вужудга келтирган « Буюк мўғул империяси» уч асрдан зиёдроқ вақт давом этиб, Ҳиндистон тараққиётида ҳамда унинг Ўрта Осиё билан савдо ва маданий алоқасининг кучайишида ижобий роль ўйнади.
Бобир 1530 йилнинг 26 декабрида вафот этади. Дастлаб унинг жасади Жамна дарёсининг чап соҳилидаги Нурафшон боғининг марказий қисмига дафн этилади. 1533 йилда унинг хоки, васиятига биноан, Қобулга, « Боғи Бобур»га кўчирилади.
Заҳириддин Бобир ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, албатта унинг буюк шоҳ, ҳоким синфга мансублиги ва шу синф манфаатларини ҳимоя қилганлигини доимо эсда тутишимиз лозим.
Бобирнинг асосий мақсадларидан бири ягона марказлашган давлат барпо этиш, мамлакатни обод этиб, эзгу ниятларини амалга ошириш эди. Бобирнинг бу мақсадлари Ҳиндистонда амалга ошди. Ўз вақтида Жавоҳарлал Неру Бобир шахсияти ҳақида шундай илиқ сўзларни айтган эди : «Бобир энг донишманд ва дилбар шахслардан бири эди. Унда мазҳабий таассубдан, қолоқлик ва қисқа фикрликдан асар ҳам йўқ эди. У бошқа ҳокимлар каби вайрон қилиш, хароб қилиш йўлидан бормади. Бобир санъат ва адабиётни қўллаб –қувватлаган кишилардандир».
Буюк ҳинд давлат арбобининг бундай ҳароратли сўзлари Ҳиндистондаги Бобур ва унинг авлодлари фаолиятига берилган ҳаққоний баҳо бўлиши билан бирга, бобурийларнинг мамлакат тарихида тутган ўрни ва ролини ҳам холисона белгилаб беради.
Бобир ўзбек адабий тилининг ривожланишида, ўзбек адабиётида реалистик йўлни такомиллаштиришда, унинг шеърий шаклларини мукаммаллаштиришда муҳим ўрин тутди. Унинг ўзига хос оригинал поэзияси ўзининг соддалиги ва ниҳоятда оҳангдорлиги билан ажралиб туради, унинг мукаммал шаклга эга бўлган шеърлари ўз кучи ва таъсирчанлиги жиҳатидан халқ қўшиқларидан қолишмайди.
Бобир ўзининг қисқа, лекин мазмунли ҳаёти мобайнида қатор шеърий тўпламлар тузди, жаҳонга шуҳрати кетган «Бобурнома» асарини ёзди.
Унинг «Бобирнома»си ўша даврдаги энг муҳим асарлардан бўлиб, бутун дунё адабиётига қўшилган қимматли ҳиссадир. Равон ва қизиқарли қилиб ёзилган бу китобда ўша давр руҳи акс эттирилган, Ўрта Осиё ва Ҳиндистондаги айрим жойлар ҳақида батафсил маълумотлар берилган, ўша даврдаги машҳур шахслар ва сиёсий воқеалар хусусида справкалар берилган. Бу асар фақат илмий – тарихий аҳамияти билан эмас, балки ўзбек прозаси намуналаридан бири сифатида ҳам биз учун жуда қимматлидир.
«Бобирнома» XIX асрда /арбий Европанинг кўпгина тилларига таржима қилинган.
Бобир «Хатти Бобурий» деб номланган янги алифбони тузди, аруз, қофия, мусиқа ва ҳарб ишига оид рисолалари билан илмга маълум ҳисса қўшди.
Бобир асарлари ўзининг жозибадорлиги, чуқур мазмундорлиги ва бадиий равонлиги билан ажралиб туради. У ўзининг мураккаб ҳаёт йўли,зиддиятли дунёқараши ва бой адабий –илмий мероси билан ўзбек адабиёти тарихида муносиб ўринни эгаллайди. Унинг лирик мероси ҳажман унча кўп бўлмасада, мавзу доираси, шакли такомили, бадий томондан ғоят гўзал ва мукаммаллиги билан ҳам ажралиб туради.
Бобир ғазал, рубоий ва хатлардан иборат иккита шеърлар тўпламини яратган. Бундан ташқари унинг тожик –форс тилларида ёзилган бир қанча шеърлари бор.
Бобир илмий иш билан ҳам шуғулланган. У ҳарбий илмга доир қўлланма тузиб, музика назарияси хусусида асар ёзган, этика устида илмий иш олиб борган, аммо афсуски, улар бизгача етиб келмаган.
Ҳозирги даврда Бобур шеърлари жаҳон хазиналаридаги мавжуд қўлёзмалар асосида бир ерга жам қилинди ва тартибга солинди.Унинг шеърлари бошқа асарлари каби минглаб нусхаларда қайта нашр қилиниб, кенг китобхонлар оммасини хушнуд этиб келмоқда.

bobur

Жавоҳарлаъл Неру
ДУНЁ ТАРИХИГА НАЗАР

Буюк сиёсат ва давлат арбоби, Ҳиндистон мустақиллиги учун кураш раҳбарларидан бири ва унинг биринчи бош вазири Жавоҳарлаъл Неру қаламига мансуб “Дунё тарихига назар” асари унинг “Ҳиндистоннинг кашф қилиниши”, “Таржимаи ҳолим” каби асосий китоблари сирасига киради.
Мазкур асар Жавоҳарлаъл Неру 1930 октябр -1933 йил августларида, Ҳиндистон озодлиги учун курашдаги фаол иштироки учун турмага ҳукм этилган даврда, қизи Индира Гандига йўллаган тарихий-маърифий хатлар асосида яратилган. Унда инсоният юзага келган даврдан бошлаб то ХХ асрнинг 30-йилларига қадар кечган тарихий жараён мухтасар баён қилинган.
Уч жилдли китоб жонли, илмий-оммабоп услубда ёзилган ва ўаклан бадиий асарга яқин бўлиб, талай тарихий арбобларнинг сиймоси юксак бадиий тимсол даражасида чизилган.
Жавоҳарлаъл Неру асарида табиийки ўз мамлакати тарихини кенгроқ кўламда ҳикоя қилишга интилади, хусусан Бобурийлар сулоласи ҳукм сурган даврлар баёнига алоҳида урғу беради, Бобур ва Акбар каби улуғ зотлар фаолиятига, уларнинг Ҳиндистон тарихида тутган ўрнини муносиб баҳолайди.
Муаллиф ўзи яшаган давр тарих фани анъаналарига риоя этган ҳолда Бобурийларни Буюк Мўғуллар деб атайди (таржимада ҳам шундай қолдирилди). Асарнинг айрим бобларини бир оз қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. (Давомини ўқинг)

иўигкқрўр

Sog’inch yohud Boburshoh
Xurshid Davron asari bo’yicha 2-qismli videospektakl

Bastakor — Bahrillo Lutfullayev
Sahnalashtiruvchi rejissor – Rustam Ma’diyev
Sahnalashtiruvchi rassom — Shuhrat Abdumalikov
Dirijor – Jo’ra Ortiqov

Мана бу саҳифада кўринг

МИРЗО БОБУР ҒАЗАЛЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН МАҚОМ ОҚШОМИ

(Tashriflar: umumiy 802, bugungi 1)

3 izoh

  1. Xurshid aka «2012 yilda nishonlangan o’zbek madaniyati,san’ati va adabiyoti bilan bog’liq sanalar»ni juda yaxshi tayyorlabsiz. Bularni jamlab «O’zbek madaniyati kalendari» nomida bitta kitob qilsangiz yana da zo’r bo’larmidi.

  2. Sizning ushbu loyihangiz juda foydali. 2013 yilda nishonlanadigan o‘zbek madaniyati, san’ati va adabiyoti bilan bog‘liq sanalarni ham oldindan e’lon qilsangiz ayni muddao bo‘lardi.

Izoh qoldiring