Akademik Azizxon Qayumov: Navoiy ijodi bilan faxrlanishga ma’naviy haqlimiz

навоийшунос

Академик Азизхон Қаюмов:

НАВОИЙ ИЖОДИ БИЛАН ФАХРЛАНИШГА МАЪНАВИЙ ҲАҚЛИМИЗ

Азиз Қаюмов 1926 йил январ ойида Қўқонда туғилган.
У ўзининг ота-боболари китобга, адабиётга чексиз меҳр қўйган кишилар бўлганини айтади. Катта бобоси Абдураҳим Мирзо Қўқон хони саройида мирзабоши бўлиб ишлаган. Бобоси Абдуқаюм Мирзо Қўқоннинг уста ҳаттотларидан саналган.  У киши кўчирган китоблар ҳозир ҳам Тошкентдаги Шарқшунослик институтининг нодир қўлёзмаларидан ҳисобланиб келади.  Азиз Қаюмов отаси Пўлат Қаюмовнинг муаллим, онаси Адолатхон ая ҳам хат-саводли аёл бўлганларини ҳикоя қилади.
«Дадам Навоий, Фузулий, Машраб ғазалларини худди Қуръон тиловат қилгандек чиройли оҳанг билан ўқирдилар. Ғазал оҳанглари ҳозир ҳам қулоғим остида жаранглайди. Оиладаги ана шу муҳит мени болаликдан китобга ошно қилган, бутун ҳаёт йўлимни белгилаб берган» — дейди домла .
Азиз Қаюмов 1949 йил Ўрта Осиё Давлат Университетини битирган.
Турли йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси тил ва адабиёт институтида директор, Тошкент маданият институти ректори ва Ҳамид Сулаймонов номидаги қўлёзмалар институтида раҳбар бўлиб ишлаган.
Айни пайтда Алишер Навоий номидаги Давлат Адабиёт музейида фаолият юритиб келади.
Академик Азиз Қаюмов Бобур, Ҳувайдо, Махмур, Огаҳий, шунингдек, ўзбек сарой шоирларининг ҳаёти ва ижодини, Хоразмий, Беруний, Улуғбек, Ибн Сино каби олимларнинг фаолиятларини ўрганган, адабиётнинг энг нодир дурдоналари «Ўрхун Энасой битиклари», «Девони Луғотит- турк», «Тиб қонунлари» асарларини нашр этилишига ўз ҳиссасини қўшган.
Азиз Қаюмов илмий фаолиятида навоийшунослик асосий йўналиш касб этади.
Домла ҳазрат Навоий ижодини илмий ўрганишни университетни тугатганидан кейин бошлаган.
2008 йилдан бошлаб «Мумтоз сўз» нашриётида олимнинг 10 томлик асарлар тўпламини нашр қилиш бошланган. Тўпламнинг дастлабки тўрт томи Алишер Навоийнинг ижодий меросига бағишланган.
У, шунингдек, Навоий ижодини ўрганишга бел боғлаган кўплаб олимларга устозлик қилган.
86 ёшли олим бугун ҳам ижоддан, илмий изланишлардан тинмаган.
У киши Қўқон адабий муҳити ҳақидаги янги китоби устида ишлаётганини айтади.
Шунингдек, ўз шахсий хотиралари асосида ёзилган «Ўзбекистон академиклари» китобининг рус тилидаги нусхасини Академия ташкил топганининг 70 йиллигига бағишлаб чиқаришни ният қилиб қўйган.
Домланинг рафиқаси Инесса Қаюмова ҳам шарқшунос.

Таниқли адабиётшунос олим Азиз Қаюмов билан суҳбат

Би-би-си: Ассалому алайкум! Домла, дастуримизга хуш келибсиз! Кайфиятингиз қандай?

Азиз Қаюмов: Ваалайкум ассалом! Таклиф қилганингиз учун раҳмат! Сизларга ҳам яхшилик ва хурсандчилик тилайман. Кайфиятим яхши, чунки ҳозир Ўзбекистонда катта бир улуғ байрамнинг тадоригини кўряпмиз. Биринчи сентябрдан Ўзбекистон мустақиллигининг 21 йиллиги катта халқ байрами сифатида нишонланади. Мамлакатимизда ҳамма ёқда яхши, муносиб совғалар билан кутиб олишга ҳаракатлар бўляпти. Биз ҳам шу жумладан, навбатдаги китобимизни нашрга тайёрлашга киришиб кетган эдик. Шуни нашриётга топшириш ниятидамиз.

АҚШдан Бобур: Домла, сизнинг ўзбек адабиётшунослигига, навоийшуносликка қўшган ҳиссангиз таҳсинга лойиқ. Кўз тегмасин, бунча куч-ғайратни қаердан оласиз?

Азиз Қаюмов: Раҳмат бу диққат-эътиборлари учун. Ҳақиқатдан узоқ умр кўрган одам, масалан мен 87 га кирдим, ўзбек адабиёти , унинг тарихи, ижодий меросини ўрганиш ва ташвиқ этиш билан шуғулланар экан, унга куч-илҳом бағишловчи манба бу- халқимизга бўлган муҳаббат, халқимизни илм-маърифатли қилишлик, маънавий бойликларни қўлдан келганча етқазиш иштиёқи, куч-қувватни мен шундан оламан. Отамиз ҳам, ўқитувчиларимиз ҳам , академиядаги устозларимиз ҳам шундай таълим беришган. Шунга ҳаракат қилиб юрамиз.

Андижондан Ориф: Навоий ижодига бу қадар қизиқишингизга нима сабаб бўлган? Ўзингиз яхши кўрган байтларидан шарҳлаб берсангиз. Раҳмат!

Азиз Қаюмов: Биз мактабда 7-8 синфда ўқиб юрган вақтимизда, бу- урушдан олдин 1939 йил, Навоийни 500 йиллигини нишонлаш тўғрисида ҳукумат қарори эълон қилинган. Газеталарда Навоийнинг суратлари, асарлари босила бошланди. Мактабларда Навоий асарлари ўқитила бошланди. Биз болалар уларни қийинчилик билан ўрганардик. Чунки 500 йил олдинги тилнинг ҳозиргидан фарқи катта албатта. Унинг устига луғатлар қўлимизда йўқ. Дарсликларда бирор шеъри келтирилса, тагида узундан-узоқ тушунилмаган сўзлар ҳам бўларди. Болалар учун уни тушуниш ҳам оғир эди. Қўқондаги учинчи мактабда ўқиганман. Ўқитувчимиз Ҳамзахон Аббосов эдилар. У киши мактабда юқори синф ўқувчилари учун Навоий ҳақида лекция бўлади, деб айтдилар. Ҳаммамиз йиғилдик. Самарқанд университетидан келган Қаюм Пўлат деган ўқитувчи Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида бир ярим соат давомида шундай қизиқарли, шундай енгил тушунтириб бердиларки, мен уни ҳеч қачон унутмайман. Битта мен эмас, ҳамма болалар дарсдан ниҳоятда мамнун бўлиб чиқдик. Эллик ёшлар атрофидаги, кийимлари уриниб қолган, оқ сочли Қаюм Пўлат домланинг қўлларида Навоий Ҳамсасининг литографик нусхаси бор эди. Худди Қуръонни ўқиган каби, аруз вазнида ёзилган шеърларни оҳанг билан ўқиб бергандилар. Бу оҳанг менга таниш эди. Отам, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Пўлатжон домла худди шундай ўқирдилар. Оҳанг билан ўқиш менга янгилик бўлмаса ҳам , Қаюм Пўлат домла бошқача ўқигандилар. Шу дарсдан кейин менда бурилиш бўлди. Дарсликдаги луғатларни ҳам эринмасдан қидириб, ўргана бошладим. Шунақа қилиб унинг ичига кира бошлаганимдан кейин, Навоий асарларининг латофати ва гўзаллиги, мазмундорлиги ва оҳангдорлиги, қалб сўзлари эканлигидан ҳеч узилиш мумкин бўлмай қолди. Ўша болалик пайтидаёқ, золим подшо тўғрисидаги бир шеъридан парчани ёдлаб олган эдик:

Зулминг эрур кундузи, фисқинг кеча
Зулм ила фисқинг неча бўлгай, неча? ёки

Умидимдан мени хурсанд этгил

Умидим шулки, умидингга етгил! каби

Навоий айтадики, мени мақсадимни амалга ошириб, мени хурсанд қилгил умидим. Менинг мақсадим нима? Мени мақсадим шулки, сен ўз мақсадингга эришгил. Сенинг ўз мақсадингга эришмоғинг менинг мақсадимдир. Ёки машҳур «Вақфия» ва бошқа асарларида ҳам берилган:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво касри барафтод ўлмас,
То зулму ситам жонида бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Қаранг, то ҳирсу ҳавасларга интилишларнинг хирмонларини шамол совуриб-йўқ қилиб ташламагунча, то манманманлик ва ғурур қасрлари барбод бўлиб, бузилиб кетмагунча, то зулму ситамнинг танига жазо бериб йўқ қилинмагунча, мамлакат обод бўлмайди, эл шод бўлмайди. Энди бунақа шеърлар Навоийда жуда кўп.

Намангандан Адолатхон: болалигингиз қандай ўтган? Сизни тирик тарих дейиш мумкин. Бобонгизнинг хонсаройида хизмат қилганлари ҳам сизнинг фаолиятингизга, қизиқишларингизга туртки берганми?

Азиз Қаюмов: Отамиз Пўлатжон домла адабиёт муаллими бўлганликларидан, бир нарсанинг озми-кўпми фаҳмига ета бошлаганимиздан отамиз ўзбек мумтоз адабиётини ўқиб берардилар. Озгина вақтларингизни олиб, бир воқеани айтиб бераман.
Бир куни онамиз бувимни уйларига кетдилар. Ҳовлида отамиз биз билан қолдилар. Мен саккиз ёшларда бўлсам керак, мендан икки ёш катта акам Ҳафизхон иккаламизни отамиз ёнларига олиб Фурқатнинг «Сайдинг қўя бер, сайёд» шеърини ўқиб бера бошладилар. Олдин бизга тушунтирдилар шоир нима демоқчилигини. Овчининг қўлидаги кийикнинг аянчли аҳволини айтиб берганларида, ака-ука икколовимиз кийикнинг аҳволига ачина-ачина йиғлашга тушдик. Қоронғу ҳам тушиб кетди, чироқ ҳам ёқилмади. Электр йўқ, керосин лампа ёқиларди. Кейин онамиз кириб келдилар. Чироқ ёқилмаган, икки бола ота билан ўтирибмизу, йиғлаяпмиз. Онамиз хавотирга тушиб сабабини сўраганларида, отамиз воқеани айтиб бердилар ва болаларингизда адабиётга иштиёқ бор деган мазмунда онамизга гапирдилар. Энди мен айтмоқчиманки, болаликдан шу йўсинда шаклландик. Кейин Пушкиннинг шеърларини мактабда ёдлаганларимиз эсимда. Ҳамид Олимжон таржимасида жуда яхши қилинган эди. Кейин университетда устозларимиздан Навоийни чуқурроқ ўргандик. Навоийшуносликка асос солган Воҳид Зоҳидов менга устозлик қилганлар.

Би-би-си: Қўқон хонлигининг, умуман хонликларнинг адабий муҳитга таъсири қандай бўлган?

Азиз Қаюмов: Отамиз Пўлатжон Қаюмов Қўқон хонлигининг тирик шоҳиди. Катта боболари Абдураҳим мирзо хонлик саройида мирзабоши бўлиб ишлаганлар. Лекин хонликлар ҳокимият талашган гуруҳлар томонидан қўлдан-қўлга ўтиб турарди. Абдураҳим мирзо мирзабоши бўлиб ишлаган хоннинг ўрнига келган янги ҳукмдор олдинги хоннинг одамларини ҳайдаган, таъқиб қилган ва ўлимга буюрган. Жумладан, катта бобомизни ҳам. Отамиз буни бизга ёзиб қолдирганлар. Абдураҳим мирзонинг обрўлари халқ ўртасида шунчалик баланд бўлганки, дорга олиб кетишаётганда эл-юрт норозилик билдирган. Кейин шаҳарнинг обрўли одамлари ҳукмдорга айтиб, жазони бекор қилдиришган. Шунда хон раҳми келганми, ёки шароитни ҳисобга олибми буйруғини бекор қилган. Уйга қайтган Абдураҳим мирзо барибир бир ҳафтадан кейин дунёдан ўтган. У кишининг авлодидан бобом Абдуқаюм ҳам мирзо бўлганлар. Мирзо дегани энди, ҳужжатлар тузиш, кўчириб, ҳуснихат билан ёзадиган одамларни айтилган. Лекин у пайтда хонлик тугаб, чоризм тузуми бошланган. Абдуқаюм мирзонинг қўли билан ёзилган литография китоблари Шарқшунослик институтининг нодир қўлёзмаларидан саналади. Отамиз хонлар тарихини жуда яхши билганлар. 1711 йилда Қўқон хонлигининг ўрнатилиши. У 1876 йилгача давом этган. Бу ҳақда «Қўқон тарихи ва адабиёти»деган китоб ёзганлар. Қўқон хонлиги тарихини мен тарих китобларидан ўқишдан ташқари, отамизнинг ҳикояларидан эшитганман. Қўқон хонлигининг катта шоирларидан чимёнлик Ҳувайдо 17 аср шоири. Қўқон хонлигида 19 асрнинг биринчи ярмида хон Амир Умархон эди. У ўзи шоир бўлган. Амир тахаллуси билан шеърлар ёзган.
Рафиқаси Моҳларойим Нодира ҳам ўз даврининг шуҳратли, талантли шоираси бўлган. Уларнинг атрофида йиғилган одамлар ҳам адабиётга, санъатга катта эътибор қилишган. Натижада, Қўқон катта сиёсий марказгина эмас, маданий ва адабий марказга ҳам айланди. Уларнинг ўғли Муҳаммадалихон ҳам 20 йил подшолик қилган. Нодира ўғлининг ҳокимият ишларида кўп маслаҳатлар берган. Албатта энди хонлар адабиётни шунчаки севмайди. Ундан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун фойданади ва диққат-эътибор қаратади.Лекин умуман адабий тараққиётнинг ривожи халқнинг умумий маданий кўтарилишига ҳам олиб келади. Шунинг учун Қўқонда 18 асрнинг охири 19 асрнинг биринчи ярмидаги адабий муҳит бой бўлган, кучли бўлган ва кўп асарлар яратилган. Ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярмида, Муҳаммад Алихон билан Нодиралардан кейин, ҳокимият тез-тез алмашиниб турди. Тахт учун кураш авжига чиқиб кетди.
Турли феодал гуруҳлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар мамлакатда кўп нотинчликларни келтириб чиқарди. Умумий тараққиёт сал секинлади. Лекин шуни
унутмаслик керакки, халқ ижоди ҳеч қачон ўлмайди. Ҳар қанақа шароитда ҳам халқ ижоди тинмай давом этади ва ўз маҳсулларини беради.

Адолатхон: Қодирийнинг номаълум асари ҳақида сизни хабардор деб ўқиганман. Шу ҳақда тўхталсангиз, илтимос.

Азиз Қаюмов: Энди мен Қўқон адабий муҳити ҳақида гапирдим. Шу адабий муҳитини Ўзбекистонда ҳаммадан кўп, чуқур ва ҳар томонлама ўрганиб чиққан одам Абдулла Қодирий бўладилар. Биз Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён асарларини севиб ўқиганмиз. Бутун-бутун авлодлар ҳали севиб ўқийди. Лекин у киши қишлоқма-қишлоқ юриб, таниш-нотаниш одамлар билан, улар орқали ўша даврни чуқур билган одамлар билан суҳбатлашиб адабий муҳитга, сиёсатга оид материалларни жуда кўп йиққанлар. Ҳатто мен яқинда бизнинг Адабиёт музейи директорига айтдимки, бир ёш одамни топайлик «Абдулла Қодирийнинг Қўқон адабий муҳитига доир илмий тадқиқотлар», деган мавзуда бакалаврликми ёки магистрликми иши ёздирайлик, янги авлодни ҳам жалб қилайлик, деб маслаҳатлашдик. Энди мен Қодирийнинг янги романи ҳақида яқинда эшитдим, бир адибимиз шу ҳақда бир янги нарса ёзмоқчиман деб айтдилар. Мен 1938-39 йилларда Абдулла Қодирийнинг «Ҳарам қизи» деган роман ёзганлиги, унинг бир парчаси эълон қилинганини ростдан ўзим ўқиганман. Афсуски, Абдулла Қодирий ҳаёти кейин узилди. Роман ҳам эълон қилинмай қолиб кетди.

Тошкентдан Алишер: Ҳазрат Навоий асарларининг неча фоизи бизгача етиб келган? Уларнинг ҳаммаси ўрганилганми?

Азиз Қаюмов: Юз фоиз етиб келган. Навоийнинг 32 та асарининг қўлёзмаси бизнинг қўлимизда. Эҳтиёт қилиб сақланмоқда. 1967 йилда Навоийнинг 15 томлик асарлари, рус тилида 10 томлиги босилди. Мана ҳозирда аввал 20 томлик, кейин 10 томлик мукаммал асарлар тўплами ўқувчи қўлига етиб борган. Лекин Навоий асарлари шундай бир уммонки, уни ўрганган сари бойиса бойийдики, камаймайди. Уни кенг кўламда ривож топиши келажакдаги вазифамиз.

Алишернинг иккинчи саволи: Бугунги 20-30 ёшли авлод орасида адабиётимизнинг билимдонлари борми? Сизлар тўплаган билимларнинг ворислари-давомчилари қоляптими?

Азиз Қаюмов: Янги авлодда Навоийга қизиқиш жуда катта. Лекин шу қизиқишни биз тўлалигича қондиролганимиз йўқ. Энди, Худо хоҳласа, мана Шарқшунослик институтида араб ёзувини яхши билган, форс, араб тилларини ўрганган ёш мутахассислар етишиб чиқяпти. Филология факультетида манбаъшунослик ривожланяпти. Мана шу авлоднинг ичидан янги авлод албатта етишиб чиқади.

Навоий хақида гапни бошлаб қўйиб, кейин тугатиш қийин. Бир цикл килайлик, ҳеч бўлмаса бир ойда бир марта. Навоийнинг бирорта асари туғрисида. Масалан, «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Садди Искандарий» ва бошқалар тўғрисида. Чунки биз Навоийни элга тўла етказолганимиз йўқ ҳали.

Би-би-си: Навоийни тўлиқ тушуниб етиш мумкинми?

Азиз Қаюмов: Луғатсиз тушуниб бўлмайди. Йигирма томликни чиқариб бердик. Йигирма томга ҳали бир том луғат чиқарганимиз йўқ. Тушунмаган сўзини ўқиб, нимани тушунади одам? Энди луғат чиқарилмаслигининг ҳам ҳар хил сабаблари бор. Кейин ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шу олдинги луғатларни қайта нашр қилиш хам катта гап. Мана, Эргаш Фозилов раҳбарлигида Навоий асарларига луғат чиққан. Собиржон Иброҳимов билан Порсо Шамсиевнинг қисқароқ луғати бор. У ҳам жуда фойдалик. Уларни қайта чиқариш керак. Навоийда кўнглингиздаги ҳамма дардга малҳам топасиз, ўрганасиз қандай яшашни.

Швециядан Мухаммадсолиҳ: Домла, савол учун узр сўрайман. Биз Навоийни адабиётимиз ва тилимизнинг асосчиси деб фахрланамиз. Бу фахр аслида шу каби ўтмиши билан фахрланиш давлат сиёсати учун зарур бўлганидан қилиняптими? Аслида халқимизнинг илмий-маънавий савияси Навоийни тушунишдан анча узоқ эмасми? Яъни биз Навоий билан фахрланишга маънавий ҳақлимизми ҳозир?

Азиз Каюмов: Маънавий ҳақлимиз ва фахр қиламиз. Ва янги авлодни шу фахр руҳида тарбиялаймиз. Лекин энг муҳими, Навоий асарларини тушуниш. Ундаги ғоя ва фикрларни ўзимизга сингдириб, кундалик ҳаётимизда истеъфода этиш ҳаракати бизда авж олиши керак. Бунинг учун яна Навоий асарларига луғатлар ва шарҳлар керак.

Ўшдан Одилжон Маҳдумий: Домла, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий нечун оила қурмаганлар ва муқаддас ҳаж сафарини имкониятлари бўла туриб адо этмаганлар?

Азиз Қаюмов: Энди оила қурмаганининг сабабини Навоий ўзи айтган. Ёшликда бир маҳбубага кўнгил берган Навоий. Лекин у маҳбубадан жавобли муҳаббат бўлмаган. Натижада ўша муҳаббатига содиқ қолган ва оила қурмаган. Бу хақда Навоий ўзи муфассал ёзган. Мен бир китоб чиқардим, «Дилкушо» деган. Ана шу китобда батафсил баён қилганман. Бу жуда кенг мавзу.

Одилжон Маҳдумий: Ҳазрат Навоий тасаввуф аҳлиданми, сўфийлардан бўлганми?

Азиз Қаюмов: Албатта тасаввуф аҳлидан. Баҳоуддин Нақшбандий йўлларидан борган одам. Тасаввуф ўз даври учун жуда илғор дунёкараш бўлган. Давлат сиёсати бўлган.

Би-би-си: тингловчимиз, Гули образини тасдиқлайсизми?- деб сўраган.

Азиз Қаюмов: Йўқ. Гули образи туркман фольклоридан олинган ва «Алишер Навоий» пьесасида кўрсатилган. Бу энди ёзувчининг ҳуқуқи. Хаёлот маҳсулининг бадиий тасвири ҳисобланади. Лекин амалда Навоийга ҳеч қанақа дахли йўқ. Навоий «Лисонут-тайр»да «Мен ўз муҳаббатим тўғрисида алоҳида бир достон ёзаман. Ана ўшанда менинг муҳаббатим қандай бўлганлигини одамлар билган бўлади», дейди. Лекин бир йилдан кейин Навоий дунёдан ўтади. Демак, бир умр шу муҳаббатга содиқ қолган. Бу муҳаббат туфайли ҳаётлигидаёқ ҳар хил миш-мишлар бўлган. Лекин Навоий буюк бир зот, соғлом бир эркак ва инсон. Шуни унутмаслик керак. Унга туҳмат қилувчилар ҳам бор.

Канададан Хон Эрка: Мустақиллик даврида Навоийни ашаддий мусулмон, асарларини бир бошдан сўфиёна қилиб кўрсатиш авж олди. Шу тўғрими?

Азиз Каюмов: Навоий мўмин-мусулмон бўлган, мусулмончилик қоидаларига риоя қилган. Бутун ҳаётида Қуръон, Ҳадис ва Ҳазрат Алининг «Назми жавоҳир» тўпламида айтганларини ташвиқ этган.»Муножот» асарида Навоий инсон гўзаллиги, аёл гўзаллиги ва унинг мафтуни эканлигини Худога нисбатан тўппа-тўғри мурожаат қилиб айтади.»Сен шу гўзалларни яратдинг. Мени кўнглимни шу гўзалликка мойил қилиб яратдинг. Шу гўзалликни мен куйлайман», дейди. Шунинг учун, биз ҳеч қачон Навоий ижодини бир томонлама ёритган эмасмиз. Ҳамма томонларини ёритишга ҳаракат қилганмиз. Қўлимиздан келганми, йўқми — бу энди бошқа масала.

Ғарибистондан Фахриддин ғариб: Менинг илтимосим, китобларни насрий баёни билан чиқарилса яхшироқ бўларди.

Азиз Қаюмов: Насрий баёни ёзилган ва улар қайта-қайта нашр қилинган. Бу радиотингловчимиз нотаниш бўлсалар, Тошкентдаги Марказий кутубхонага мурожаат қилсалар, насрий баёнлари билан танишишлари мумкин. Ҳар ҳолда, «Ҳамса», «Лисонут-тайр» насрий баён қилинган.

Тожикистондан Исмоил: Навоийнинг майхона ҳақида ёзганлари нотўғри талқин килинган экан навоийшунослар томонидан. Сизнинг фикрингиз қандай?

Азиз Қаюмов: Энди бу айтилавериб сийқаланиб кетган. Майхона деганда Навоий албатта ресторанни кўзда тутмаган. Илоҳий май ва майхўрлар йиғиладиган жой кўзда тутилади. Бу энди сўфиёна термин. Буни соддалаштириш хато. Ўқувчимиз бу байтнинг талқинига қўшилмаган бўлсалар, тўғри қилибдилар. Энди навоийшунослар орасида ҳам мавзулар ҳақида гапирилганда турли хиллик бор. Мен бундай десам, у киши ундай дейди. Тингловчимизга ўхшаган бечора ёш одамлар қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақлигини билолмай мураккабликка тушиб қолади. Шунинг учун биз биринчи навбатда шарҳ ва луғатларни кўпайтиришимиз керак.

Би-би-си: Айни пайтда нималар билан машғулсиз?

Азиз Қаюмов: Қўқон адабий муҳити ҳақидаги биринчи китобим 1961 йилда босилган эди. У ўз вазифасини адо этиб бўлди. Китобни янги материаллар билан бойитиб, тўлдириб икки томдан иборат қилиб нашрга тайёрлаганман. Бир томи босилган. Иккинчи томини Худо хоҳласа, сентябр ойида нашрга бераман. Навоийнинг «Ҳайратул-аброр»и, Низомийнинг «Маҳзанул-асрор» ва Ҳисрав Деҳлавийнинг «Матлавул-анвор» асари тўғрисида бирор қиёсий таҳлил менга учрагани йўқ. Мен шу ҳақда бир нарса ёздим. Китоб қилиб чиқариш ниятим бор. Худо хоҳласа, «Қўқон адабий муҳити»ни топширгандан кейин мана шу китоб устида ишлайман. Ҳамма материали йиғилган. Низомий «Ҳамса» яратган биринчи ижодкор. Навоий уни беҳад улуғлайди. Лекин бизда низомийшунослик унча ривожланмаган. Шунинг учун Низомий ҳақида қўлимдан келганича, «Низомий Ганжавий Ҳамсаси»деган нарсани яратдим. Ўзбек китобхонини таништириш ниятида шулар устида ишлаяпман. Олдинроқ, «Ўзбек академиклари» деган китоб ёзгандим. Олтита катта авлод академиклари, учта тенгқурларим ҳақида. Китоб ўзимнинг шахсий хотираларим асосида ёзилган эди. Шу мавзуда яна бир нарса ёзиш режамда бор.

Тошкентдан Фарзона: Кунингизни қандай тақсимлайсиз? Режа асосида ишлайсизми?

Азиз Каюмов: Албатта, режасиз ҳеч нарса қилинмайди. Отамиз айтардиларки, эрта тур, масъуд яшайсан, деб. Арабларда хам «Эрта ухла, эрта тур» деган мақол бор. Мен тонг ёришиши билан тураман. Ёзда масалан тўрт яримда, қишда сал кечроқ. Эрталаб, куннинг биринчи ярмида бевосита ўзимнинг илмий ишларим, китоб, қўлёзмалар устида ўтириб ишлайман. Бир кунда илгари беш саҳифа ёзмоқни ўзимга вазифа қилиб қўйгандим. Ҳозир энди сал камроқ ёзаману, лекин барибир ҳар куни ишлайман. Ҳар куни ишласангиз, иш унади. Унинг устига янги-янги ғоя ва фикрлар туғила бошлайди. Илмий, ижодий иш билан шуғулланадиган одам ишдан узилмаслиги керак. Агар узилса, қайтиб яна киришлик қийин бўлади. Баъзида айтишадики, ўн том чиқибди, қанақа қилиб ёзгансиз, деб. Ҳар куни озгина-озгинадан ишласангиз, дунёнинг ишини қиласиз.

Manba: www.bbc.co.uk/uzbek/ 

(Tashriflar: umumiy 97, bugungi 1)

Izoh qoldiring