Alisher Navoiy. Xamsa: Layli va Majnun. She’riy satrlar va ularning sharhi

Ушбу кўрсатув Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достонидан келтирилган шеърий парчалар ва уларнинг бугунги тил билан қилинган шарҳидан иборат.
Ўзбекистон халқ артисти А. Рафиқов ўқиган.

Алишер Навоий ижодининг гултожи бўлмиш «Лайли ва Мажнун» достони ўқувчига, асосан, ишқий-фалсафий достон сифатида маълум. Биз эса, гарчи юқорида келтирилган саволлар кўпроқ ижтимоий маъно касб этса-да, уларга жавобни айнан шу асардан изламоқчимиз. Албатта, бундан Навоийнинг ижтимоий фикрлари достонда тўлалигича акс этган, деган хулоса келиб чиқмайди. Фақат ушбу асарда шундай бир ҳолат мавжудки, унда Навоийнинг орзусидаги жамиятнинг асосий белгилари акс этган, назаримизда.
Маълумингизким, асар воқеаларининг ривожи мобайнида Мажнун инсонлик жамиятини тарк этиб, саҳрода яшашни афзал кўради. Ушбу ҳаракатга солики мажзуб Мажнунни нима ундади? (Худди шундай ҳаракатни Навоийнинг бошқа бир қаҳрамони – Юнонистон сафари тимсолида тариқат довонларини босиб ўтган Фарҳод ҳам содир этади). Руҳий камолотнинг муайян босқичида турган соликни инсонлик жамиятидан қувғин қилгувчи қандай иллатлар мавжудки, улар саҳрода, ҳайвонлар орасида учрамаса? Келинг, буни аниқлаш учун инсонларни ва маълум бир жамиятдаги инсонликни инкор этган Мажнуннинг саҳародаги ҳолатига, ҳайвонлар билан муносабатига бир разм солайлик. Худди жайрон каби халқдан ҳуркиб қочган, «нафс итлиги»дан кечиб, саҳрога юзланган Мажнунга кийиклар эргашиб юради. У бирини ўпиб, бошқасини силайди. Бу пайтда йиртқич бўрилар худди чўпон итларидек унинг хизматида ҳозиру нозир.

Кўз ёшидек ўлмай орамида,
Жайран киби халқдин рамида.
Нафс итлигидин кечиб тамоми,
Дашт узра кийик мутиу роми.
Ҳар қумғаки мақдами етишиб,
Бир дашт кийик анга эришиб,
Гирдида кийик, тўла ябони,
Ул ўртада ўйлаким шубони.

Гоҳи ўпибон мунинг жабинин,
Гоҳи силабон анинг суринин,
Ҳар ён бўри посбон итидек,
Йўқ, йўқ, не дедим, шубон итидек.

Энди юқоридаги саволга қайтсак: Инсонлардаги қайси иллат ҳайвонларда йўқ? Инсоннинг ҳайвондан энг фарқли томони унда ақлнинг мавжуд эмаслиги бўлса, не ажаб?! Агар шундай бўлса, ҳуркак кийикларнинг Мажнунга эргашиши-ю йиртқич бўрилар унинг хизматида туришига сабаб ҳам айнан улар ўртасидаги умумийлик – «хираддан озод»лик хислати эмасмикан?! Қолаверса, достон аввалидаёқ Навоийнинг ушбу ҳолатга қуйидагича ишора этганлиги ҳам бежиз бўлмаса керак:

Эй Мажнунинг хираддин озод,
Оҳи берибон хирадни барбод
Эй ақл санинг йўлунгда ғофил,
Ким телба сенинг йўлунгда оқил.

Демак, ақл – бу инсондаги иллат, унинг руҳий камолоти йўлидаги ғов. Бу ҳақда Иброҳим Ҳаққулов қуйидаги далилларни келтиради: “…Фаридиддин Аттор таърифида ошиқнинг ишқи ўт, ақли тутун, ўт гуриллаб ёнганда тутун барҳам топади. Улуғ шоир ишқ савдосида ақлни устод ҳисобламайди. Шунинг учун ишқ келишиданоқ ақл зудлик билан қочмоғи керак: “Ишқ к-омад даргурезад ақл зуд”. Алишер Навоий “Мантиқ ут-тайр” муаллифига маслакдош: ақл – “барча хирад аҳлиға”устод. Бироқ у ишқ абжадини билишда мактаб боласи:
Ақлким барча хирад аҳлиға эрди устод,
Бўлди ишқ абжади таълимида тифли мактаб”.
Хўш ақл қай жиҳати билан иллат? Аслида, тасаввуф таълимотида ақлнинг бир неча турлари мавжудлиги эътироф этилади. Ушбу таълимотнинг турли йўналишларида ақлга муносабат ҳам турлича бўлиб, юқоридаги иқтибосда акс этган фикрларда вужудиюнчиларнинг қарашлари ўз ифодасини топган. Қайсидир жиҳатдан, Мажнунни жамиятдан юз ўгиришга саҳрога бош олиб кетишга ундаган ҳам – ақл. Бироқ бу ақл моддий оламнинг инъикоси эмас. Аксинча, Мажнун бундай ақлдан озод. Бошқалар эса шу ақлнинг амрига бўйсуниб яшашади. Бундай бўйсунишнинг натижаси руҳнинг тамомила емирилиб битишидир. Зеро, моддият – нафс демак, нафс эса руҳнинг кушандаси. Инсоннинг ҳайвондан устунлиги – ундаги руҳнинг маърифатуллоҳ эканлигидир. Бу ҳақда “Зубдат ул-ҳақойиқ”да шундай дейилган: “Руҳ жавҳардир, у жисмни ҳаракатга келтиради ваа такомиллаштиради. У табиатга мувофиқ ўсимлик даражасида, ҳаракат (ирода)га мувофиқ ҳайвон даражасида, ақлга мувофиқ инсон даражасида зуҳр этади”. Таассуфки, “нафс итлиги”га муккасидан кетган инсонда руҳ емирилиб битгач, у ҳайвондан-да тубанлашади. Чунки ҳайвонда илоҳий тажассумнинг кушандаси – ақл йўқ. Инсонлар, жамият Мажнундаги илоҳий инъом – ишқни телбалик аломати деб ўйладилар ва унинг ҳақиқатга, комилликка, илоҳ васлига талпинишини тушунмадилар. Тушуна олмасдилар ҳам. Зеро, уларнинг ақл, ўткинчи моддият ва нафс пардаси билан тўсилиб қолган кўзлари илоҳий нурни илғай олиш қудратидан маҳрум эди. Бундай кишиларнинг жамиятида ўз қаҳрамонининг руҳий камолотини иложсиз деб билган Навоий уни асар сўнгига қадар, Мажнун фано мақомига кўтарилгунича, ўзи идеал деб билган жамиятда – нафс ва ақлдан холи ҳайвонлар орасида қолдиришни мақбул топди.
Инсоният кашф этган қанчадан-қанча тузумлар емирилиб битди. Чунки, уларнинг асоси моддият ва нафс эди. Бундай жамиятда бахтсизлик, изтироб одатий ҳолат, онда-сонда учрайдиган бахт эса кемтик ва ўткинчи бўлиб қолавериши шубҳасиздир. Абадий, мукаммал бахт ҳукмрон бўлган ягона емирилмас тузум эса инсондаги илоҳийликнинг белгиси бўлмиш руҳнинг тараққиётига хизмат қиладиган, моддият ва нафс ҳаётий мақсад эмас, инсон эҳтиёжларининг арзимас бўлагига айланган тузумдир. Уни кимдир кашф этиши шарт эмас, у инсоннинг фитратига Аллоҳнинг ўзи томонидан жойланган. Демак, биздан талаб қилинадигани – фитратимизга терс иш қилмаслик, холос.

(Tashriflar: umumiy 485, bugungi 1)

Izoh qoldiring