Aziz Qayumov. Alisher Navoiy va Naqshbandiya ta’limoti

04
Навоий яшаган замонда нақшбандия таълимоти кенг ёйилган эди. Бу таълимот расмий давлат мафкураси деб танилган. Нақшбандия таълимотининг XV асрдаги энг кўзга кўринган муршидлари Абдураҳмон Жомий ва Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор бўлганлар. Бу таълимотни кенг тарғиб этган ва унга амал қилганлар орасида ўша даврнинг кўзга кўринган арбоблар Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби зотлар бўлганлар.

03
Азиз Қаюмов
АЛИШЕР НАВОИЙ  ВА  НАҚШБАНДИЯ ТАЪЛИМОТИ
02

   Алишер  Навоий яшаган замонда нақшбандия таълимоти кенг ёйилган эди. Бу таълимот расмий давлат мафкураси деб танилган. Нақшбандия таълимотининг XV асрдаги энг кўзга кўринган муршидлари Абдураҳмон Жомий ва Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор бўлганлар. Бу таълимотни кенг тарғиб этган ва унга амал қилганлар орасида ўша даврнинг кўзга кўринган арбоблар Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби зотлар бўлганлар.

Баҳоуддин Нақшбанд 1318 йилда Бухоронинг Қасри Орифон қишлоғида туғилди. Ўз даврининг улуғ мутафаккирлари Саййид Амир Кулол, Қусам Шайх, Халил ота қўлида таълим олди. Шундан сўнг Баҳоуддин Нақшбанд ўз таълимотини ишлаб чиқди. Бу таълимот бутун мамлакатларга ёйилди ва кенг эътироф қозонди.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг асосида “Даст ба кору дил ба Ёр” қоидаси ётади. Яъни “Қўлинг ишда бўлсин, дилинг Ёр (Худо)да” бўлмоғи керак. Бу таълимотнинг ҳаётда қўлланмоғи учун ишлаб чиқилган қатор бошқа қоидалар ҳам бор. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Хилват дар анжуман (Анжуман ичра хилватда бўлмоқ).
2. Сафар дар ватан (Ватан ичида сайр этмак).
3. Назар бар қадам (Ҳар қадамни назарда тутмоқ).
4. Ҳуш дар дам (Ҳар нафас ҳушёр турмоқ).

Анжумандаги хилват деганда кишининг жамоа, одамлар ичида бўлмоғи, жамият ҳаётида фаол иштирок этмоғи кўзда тутилади. Аммо у хилватда яшагандек ўзини тутмоғи, яъни кўнглидаги мавжуд сирларни ошкора қилиши, намойиш этмоғи керак эмас.

Сафар дар ватан деганда кишининг фикри, тасаввури чуқурлиги, тафаккур дунёсидаги сайри, унинг умр йўлидаги сафари кўзда тутилади. Киши ўз фикри, хаёли ила парвоз этади ва юксак етишув авжида жилва қилади. Киши умрини ўз ватани ободонлигига сарф этади.

Ҳуш дар дам. Ҳар дақиқа, ҳар лаҳза кишидан ҳушёрлик ажралмаслиги лозим. Ҳамиша ҳуш, ақл, тафаккур унга ёр бўлсин.

Назар бар қадам. Киши ҳар бир қадамини ўйлаб, фикр қилиб боссин. Ташланган ҳар бир қадам бекорга кетмасин, ундан бахтсизлик келмасин.
Навоий нақшбандия таълимотининг ана шу бош илмий қоидаларини шарҳ этиб, бундай хулоса ясайди:

Десанг хилватим анжуман бўлмасин,
Керак анжуман ичра хилват сенга.

Ватан ичра сокин бўлиб сойир ўл,
Сафардан агар етса меҳнат сенга.
Назарни қадамдин йироқ солмагин
Бу йўл азми гар бўлса рағбат сенга.

Дамингдан йироқ тутмагил ҳушни –
Ки, юзланмай ҳар дам офат сенга.

Бу тўрт иш била рубъи маскун аро
Чолинмоқ не тонг кўси давлат сенга.

Бу оҳанг ила бўлғай сен нақшбанд,
Навоий агар етса навбат сенга.

Қўл ишда бўлмоғи ҳар бир кишининг ўз меҳнати билан топган даромади ҳисобига тирикчилик қилмоғини англатади.

Баҳоуддин Нақшбанд матоларга нақш солмоқ бўйича зўр уста бўлган. Шундан ўз тирикчилигини таъминлаган. Улуғ шайхларнинг ҳаммалари бир ҳунар эгаси бўлганлар. Чунончи бениҳоя юксак ижтимоий мавқеъга эга бўлган зот шайх ул-машойих (шайхлар шайхи) Абу Саид Харроз этикдўзлик қилган. Шайх Муҳаммад Саққо сувчи бўлган. Шайх Абу Ҳафс Ҳаддод темирчилик қилган. Шайх Абул Аббос Омилий қассоб бўлган. Шайх Иброҳим Ожарий ғишт қуйган. Шайх Баннол ҳаммол, Шайх Абул Ҳасан дурадгор бўлганлар. Булар ўз меҳнати билан тирикчилик қилганлар. Бундан бошқа даромад маҳсули улар учун ҳаром ҳисобланган.

Бир куни Ҳирот ҳукмдори Малик Ҳусайн Хожа Баҳоуддин Нақшбандни меҳмонга чақирган. Дастурхонга юз хил нозу-неъматлар тортилган. Шайх ўз мезмони билан яхши суҳбат қурган. Лекин қўйилган таомлардан ҳатто татиб ҳам кўрмаган. Малик меҳмонни нозу-неъматлардан татиб кўрмоққа кўп таклиф қилган. Лекин Шайх уларга зинҳор қўл тегизмаган. Бунинг сабаби сўралганда Шайх жавоб бериб деган: “Муҳтарам малик ҳазратлари. Ушбу таомлар ўзгаларнинг меҳнати билан яратилган маҳсуллардан тайёрланган. Сизнинг қўл кучингиз, пешона терингиз эвазига эмас. Шунинг учун бу таомлар мен учун ҳалол эмасдир”.

Демак, Шайх Баҳоуддин Нақшбанд ҳалол меҳнат, ҳунар ҳисобига яшамоқни ташвиқ этган. Бу меҳнатсеварлик, покиза тийнатликни ташвиқ этмоқ демакдир. Яна бу таълимот ўз ихлосмандларини турли юксак инсоний фазилатларни, масалан, камтарлик, юввошлик, кишиларга ғамхўрлик, ростгўйлик, тўғрилик, марҳумлар хотирасига ҳурмат, яхши ниятлар билан яшамоқ, нафсни тия билмоқ, ғараз ва тамаъдан сақланув каби сифатларни муттасил ташвиқ этади. Яна ушбу таълимот мухлислари шу сифатларнинг эгаси сифатида ҳамиша шахсий ибрат кўрсатмоқлари шарт.

Навоийнинг орифона шеърларида шунга ўхшаш фиклар ўз ифодасини топган. Бундай шеърларда шоир кишиларни эзгуликка чорлайди, у ёвузлик, тубанликни қоралайди, одамларни яхши фазилатлар касб этмоққа ундайди:

Дўстлар, даҳр вафосини хаёл айламангиз,
Буржи коҳига тамаъ, ғайри завол айламангиз.

Турфа маҳбубдурур умру вафоси йўқ анинг,
Андин истарға вафо фикри маҳол айламангиз.

Ҳар киши комил эрур бас анга ҳақ бандалиги,
Мундин ўзга тамаъи касби камол айламангиз.

Йўқ жамол ичра вафо ҳуснға доғи бунёд,
Ғарраи ҳусн бўлуб арзи жамо айламангиз.

Олами фоний учун ранжу машаққат чекмай,
Мол учун ғам емангиз, фикри манол айламангиз.

Ишқ дардиға Навоий каби мағрур ўлманг,
Ўзни ҳар маҳваш учун шифтаи ҳол айламангиз.

Бу шеърда шоир даҳрдан, яъни дунёдан шикоят қилиб ундан вафо кутманг деганда, атроф муҳитдаги кишиларда бевафолик кўп эканидан шикоят қилмоқда эмас. У умуман, инсон ҳаётининг вафосизлиги, яъни бир маҳал келиб унинг тугаяжаги, йўқ бўлиб кетажагини кўзда тутмоқда. Инсон умри қисқа. У бир кун келиб ўз интиҳосига етади. Ана шуни унутмаслик керак. Киши ўткинчи интилишлар асири бўлиб қолмасин. Дунёни ташвишларини чека бириб ўзини хуноб этмасин. Молу давлат, бойлик йиғмоққа ҳирс қўймасин, ҳар бир дуч келган гўзалга берилавермасин. Инсон камолот сари интилсин.

Бошқа бир орифона, фалсафий мазмунли ғазалида шоир ҳаёт қадру қимматини баланд тутмоқ, фалакдан келаётган қайғулардан ортиқча эзилмаслик кераклигини таъкидлайди. Чунки ҳар бир қайғудан кейин бир севинч келади, қоронғулик ёруғлик билан алмашинади. Чарх кечалари йиғласа, тонг эрталаб кулиб туради.

Фалакдин гар сенга ҳар лаҳза юз қайғу келар ўтру
Агар ҳар қайғудин сўнг бир севинмоқ бор, эмас қайғу

Вагар ҳар тийраликка бир ёруғликни инонмассан
Йиғи кўр чархдин ҳар шом, доғи субҳидам кулгу.

Шоир камол истаган одам сидқ аҳлидин кўнгил узмаслиги лозим дейди. Чунки қуёш тонг нафасидан кўзгуга ғубор туширмайди.

Камол истар эсанг сидқ аҳлидан қилма кўнгул тийра,
Мукаддар айламас хуршид субҳ нафосидин кўзгу.

Шоир ҳаётининг абадий эмаслиги фано (йўқлик) қачон юз бериши номаълум эканлигини эслатиб, дунёнинг ҳою ҳавасларига берилиб кетмасликка чақиради. Уларга пул йиғиш, молу бойликка боғламаслик кераклигини шоирона образлар орқали уқтиради.

Фано нақди жаҳонингга чу эрмас бир замон маълум,
Дирам нақдиға умрунг ҳар замон сарф этмагил асру.

Ана шу ғазалда Навоий тасаввуфнинг асосий моҳияти, яъни кишининг кўнгил кўзгусида яратувчи (ёр) кўринаётган эканини эслатади. Модомики, дейди шоир, сен ёрдин айру эмас экансан, у сенинг кўнглингда экан, айрилиқдан кўп фиғон чека берма, чунки у сенинг ғофиллигингни билдиради.

Кўнгул миръоти ичра жилвагардур ёру сен ғофил,
Ториқма ҳажрдин кўпким, эмассан ёрдин айру.

Ўн байтдан иборат бу ғазалда ана шундай ижтимоий фикрлар изҳор этилган. Шундан ҳам кўринадики, Навоийнинг орифона мазмундаги шеърларида фақат кундалик турмушга оид панду ўгитлар эмас, балки катта умумбашарий фалсафий фикрлар изҳор этилади. Улардан кўзда тутиладиган мақсад инсонга маънавий камолот йўлини кўрсатмоқ, инсон ҳаётини гўзал ва мазмундор этмоқдан иборатдир.

Нақшбандия таълимоти инсоннинг олий даражасини алоҳида таъкидлайди. Барча мавжудот орасида энг юқориси, энг олий вужуд инсондир. Инсон ўз ҳаётини шундай қурсинки, у бахт-саодат эгаси бўлсин. Энг юксак саодат инсон бўлиб яратилмоқ унга насиб этган. Энди берилган қисқа муддат – умр ҳам саодатли бўлмоғи керак. Бу саодатни кишига севги туйғуси бахш этади. Ишқи илоҳий яъни Илоҳ висолига етишув орзуси инсонга хосдир. Бунинг учун инсон камолот даражасига эришмоғи керак.

Аммо мажозий ишқ кишига бахтиёрлик берувчи зўр кучдир. Кишилар ўртасидаги бир-бирига севги туйғулари бир-бирини эъзозлаш, чин инсоний муҳаббат ҳис-туйғулари инсон ҳаётининг энг гўзал зийнатидир. Бу севги шундай зўр таъсир кучига эгаки, у ўз шиддати билан ўша илоҳий ишқ даражасигача кўтарила олади.

Навоий шеърларида ана шу мажозий, инсоний, яъни дунёвий муҳаббат туйғулари; инсоннинг севгучи қалбини тўлдирган ишқий кечинмаларнинг юксак бадиий тараннуми алоҳида жаранг касб этади. Улар Навоий ошиқона шеъриятининг моҳиятини ташкил этади.

Навоий лирикасида ошиқона шеърлар салмоқли ўрин эгаллайди.

Севги лириканинг бош мавзуидир. Шунинг учун ҳам шарқ лирик шеъриятида бу мавзу асрлар давомида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб келди ва шундай бўлиб қолажак. Бу мавзудаги шеърларда ёр – маҳбуба образи асосий ўринда туради. Севгили ёр гўзалликда беқиёс. Унинг қадду қомати, қадам ташлаши, қарашлари, кўзи, киприклари, чеҳраси, қоши, зулфи, борингки, “бошдин аёғи яхши”. Ана шундай гўзалга ишқи тушган лирик қаҳрамон ёрнинг бепарволигидан изтироб чекади. Яна ёрнинг ўзгаларга, шум рақибга лутф-марҳамати севгучи қалб изтиробларини янада кучайтиради. Аммо ошиқ ҳар доим ўз севгисида содиқ қолади. У фидойи. У барча мусибатларга бардош бериб ўз севгилисига етишмоқ орзусида яшайди.

Ошиқона шаъриятнинг асосий мазмуни ана шундай. Ҳар бир шоир ўз маҳорати даражасида ана шу мазмунни ўз шеърларида ифода этади. Навоийнинг ошиқона шеърларида ана шундай инсоний кечинмалар ғоят зўр бадиийят билан йўғрилгандир.
Мана гўзал ёр тасвири:

Лабинг ҳаёт суйидин зилол эмиш, билдим,
Зилол нуқтаси устида хол эмиш, билдим.

Учуқ лабинда эмас реза инжу лаъл узра,
Ки барги гул узра бир қатра бол эмиш, билдим.

Қадим-ки, ҳам бўлуб, оғзинг хаёлидин итти,
Адам ичинда ҳамоноки, дол эмиш, билдим.

Қошингда ҳолнинг овозасин эшитмиш эдим,
Бу Каъба тоқию ул пур ҳилол эмиш, билдим.

Юзунгни билмас эдим зулф аро чу қилди тулўъ,
Ғариб ахтари фархунда фол эмиш, билдим…

Фироқ шомида сўрдум Навоий аҳволин
Сочинг ҳаёлида ошуфта ҳол эмиш, билдим…

Бу ғазалда ёрнинг лаби ҳаёт сувидан ҳам тозароқ экани айтилади. Ёр лабидаги учуқ учуқ эмас, балки лаъл устидаги безакли инжудир. Ёрнинг оғизчаси деярли йўқ каби. Қошлари ҳам Каъба тоқидаги уч кунли ой сингари. Қора сочлари орасида кўринган юзи бахтли юлдузга монанд. Ёрга кўнгил берган ошиқ айрилиқ кечасида, у қора сочларга дил боғлаган. Демак, ушбу ғазалда биз гўзал ёрнинг шоирона суврати билан танишамиз.

Энди ошиқнинг аянч аҳволини тасвирловчи ғазал билан танишайлик:

Чун ўларман бир нафас ул дилрабони кўрмасам,
Не ҳаёт имкони бўлғай бир дам они кўрмасам.

Кўнглим ичра топилур ғам новакидин юз нишон,
Ўзидин ҳар кун танимда юз нишони кўрмасам.

Кўнгил итти кўзни доғи истарам ашк этса кўр –
Ким тиларман ҳаргиз ул кўзи қарони кўрмасам.

Соғинурман куфри зулфи можаросидин басе,
Гар даме ул шўхи кофир можарони кўрмасам.

Ким вафо гулчеҳралардин кўрдиким, мен кўргамен,
Бўлмас ушбу айб ила ул бевафони кўрмасам.

Ҳар бири юз миннат айларлар эрур, бу ҳам жафо,
Олам аҳлидин не кун ким, юз жафони кўрмасам.

Эй Навоий, не балодурким, улармен қайғудин
Гар даме олдимда ул шўхи балони кўрмасам.

Бу ғазалда ошиқнинг ўз дилрабосига интилиши, уни бир нафас кўрмаса яшай олмаслиги айтилади. Ўша қора кўзлини кўрмоқ насиб бўлмаса у йиғлаб бериб кўзини кўр қилиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас…

Шундай ҳасратлардан сўнг яна ошиқ ўзини юпатиб дейдики, ким гулчеҳралардан вафо кўрган эдики, энди мен кўрсам.

Аммо барибир ошиқ ўз севгисида барқарор. У ҳар қандай оғир қисматга чидамоққа тайёр. Барибир агар ўша шўх қизни бир дам кўрмагудай бўлса қайғудан ўлиб кетмоғи ҳеч нарса эмас! Навоий ана шундай садоқатни, чидамли вафодор ошиқ образини яратган. Унинг лирик қаҳрамонига хос хислатлар ана шулар. Бу қаҳрамонга ўзининг севган ёридан кўра азиз, мўътабар, ҳар доим исталган бирор бошқа вужуд йўқ.

Кел-кел эй ороми жоним ким, тилайдур жон сени,
Чеҳра очким, кўрмак истар дийдаи гирён сени.

Эй ғизоли мушкбу, келким қуюндек, қолмади
Водийи ахтармаган истаб бу саргардон сени…

Эй пари, гар телбариб бўлмиш Навоий дарбадар,
Бу анга мақсуд эрур ким, истагай ҳар ён сени.

Навоий шеъриятидаги образлар қаторида шайх, зоҳид, зуҳд аҳли кўп учрайди. Шоир бу тоифани кескин танқид остига олган.

Ул шайхки минбар уза афсунға берур тул,
Шайтондур ўзи мажлисининг аҳли сурук ғул.

Ғафлатдин агар ваъз ила уйғотсалар элни
Ул айлар уютмоқ учун афсонаға машғул.

Боштин аёғи минбарининг пояу достон,
Ҳам ўзию ҳам маърифати жоҳилу мажҳул.

Кўрмай хирад асҳобида бир фардни оқил,
Топмай киши афсунида бир нуқтайи маъқул.

Ҳар неки ҳадис этти қуюб барчаси мавзуъ,
Нақлеки машойихдин этиб бориси маҳбул

Юз пора қилиб минбари ўт ёққали авло,
Бу шарт илаким бўлса ул ўтда ўзи мақтул.

Иблис сифат эл сари майл этма Навоий,
То бўлмағайсен зарқу риё қайдида мағлул.

Маъноси: Минбар устига чиқиб олиб афсунни чўзиб ётган шайх шайтоннинг ўзгинасидир. Унинг йиғинидагилар эса жин ва девлар тўдасидир. Ваъз айтиб одатда элни ғафлатдан уйғотадилар. Бу эса элни ғафлатга солиб ухлатмоқ учун афсона айтмоқ билан машғулдир. Минбарининг бошидан аёғича бутун асоси афсонадан иборат. Унинг ўзи жоҳил, маърифати эса номаълумликка етаклайди. Ёнидагилар орасида ақл-фаросатли бирорта одам йўқ. Сўзлаётган афсунларида бирорта нуқта ҳам маъқул эмасдир. Нимаики сўзлаган бўлса барчаси ноўрин; Шайхларнинг айтган гаплари бари ёлғон. Унинг минбарини юз пора қилиб майдалаб ёндириб юборган яхшироқдир. Лекин шу шарт билан ким, шу ўтда унинг ўзи ҳам куйиб ўлсин. Иблис сифат кимсаларга ёндошма Навоий, ўшанда фириб ва кўзбўямачиларнинг тугунига боғланиб қолмайсан.

Кўриниб турибдики, Навоий ўшандай шайхларни ер билан яксон қилиб ташламоқда. Уларнинг ҳийла, фириб ва найрангларини шафқатсизларча фош этмоқда. Бундай товламачиларнинг жазоси уларнинг минбарига ўт қўймоқ ва минбарига қўшиб ўзини ҳам ёндириб юбормоқдир, дейди шоир. Бу фирибгарларнинг гаплари ҳаммаси ёлғон, улар кишиларни жаҳолат сари судрайдилар. Уларда заррача ақл-фаросат йўқ. Турган битгани тубанли, қаллоблик, фириб ва ҳийлагарликдан иборат. Шоир шундай шайхларни иблис сифат деб атайди. Улардан ҳазар қилиб четланиш кераклигини шиддат билан уқтиради.

Навоий бошқа бир шеърида зоҳидни танқид остига олиб ёзади:

Қўрқутма мени тамуғдан, эй зоҳиди ях,
Жаннат манга бўлгуси дебон урма занах.

Ким дўзах анинг ёди била жаннат эрур,
Жаннат бари сенинг биладур дўзах.

Маъноси: Мени дўзах билан қўрқутма, эй муздек совуқ зоҳид, Жаннат меники бўлади деб ҳадеб жоғингни шақиллата берма. Унинг (ёрнинг – А.Қ.) ёди билан унда сен билан бўладиган бўлсам, дўзахга айланиб кетади.

Бу шеърда ҳам шоир зоҳидга нисбатан ўзининг кескин салбий муносабатини очиқ изҳор этмоқда.

Бундай шеърлар Навоийнинг девонларида кўплаб учрайди. Бу шеърларда шоир ясама, танбал, риёкор шайхларни танқид қилмоқда. Бундай кимсалар дин ниқоби остида ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлайдилар. Ўзларини дин одами, шайх қилиб кўрсатиб, амалда барча диний йўл-йўриқларга хилоф иш тутадилар. Молу мулк йиғмоққа, товламачилик, алдов йўли билан давлат орттирмоққа интиладилар. Соддафаҳм одамларни ўз атрофларига йиғиб уларни алдаб талайдилар. Навоийнинг ғазабли танқиди ана шундай қалбаки шайхларга қарши қаратилган. Бу деган гап Навоий динга қарши бўлган гап эмас. Зинҳор, зинҳор ундай эмас. Навоий чин дилидан берилган мўмин мусулмон бўлган. У ислом дини қоидаларини яхши билган, уларни ташвиқ этган, уларга астойдил риоя қилган. Аммо динни рўкач қилиб, одамларни алдаб бойлик ортдирувчи юлғичлар, товламачиларга қарши қаттиқ кураш олиб борган.

Зуҳд ва зоҳидликка келганда шуни айтмоқ керакки, нақшбандия таълимоти кишиларни жамият ҳаётида фаол иштирок этмоққа, ҳунар касб эгаллаб, улардан фойдаланиб, ҳалол меҳнат қилиб, жамият аъзоларига хизмат қилмоққа чорлар эди. Киши юрагида Ёрга (Худога – А.Қ.) садоқатини сақлаган ҳолда қўлини иш билан банд қилсанг, кишиларга фойда етказасан, деб таълим берар эди. Шундай таълимот мухлислари, албатта, дунёдан бош олиб чиқиб, узлатга чекиниб, бирор фойдали иш билан шуғулланмай, кўпчиликдан узилиб фақат тоат-тиловат билангина шуғулланувчи ташвиқ этган зуҳд аҳли – зоҳидларни нафрат билан рад қилар эдилар. Ундай кимсалардан кишиларга ҳеч қандай нафъ етмаслигини барала айтур эдилар. Бу жиддий ғоявий тўқнашувдир. Навоий бу курашда ўз даврининг илғор ва ҳукмрон мафкураси бўлмиш нақшбандийлик мавқеъида қойим турган. Демак, зуҳд аҳли билан унинг ва у кабиларнинг мақеъига кескин равишда зид бўлган.

Навоийнинг диний мазмундаги шеърлари. Навоий юқорида айтиб ўтилгандек, мўмин мусулмон бир киши эди. Шунинг учун унинг ижодида Илоҳ мадҳи, унинг Расули Муҳаммад пайғамбарга бағишланган наътлар, Пайғамбарнинг тўрт маҳобаларига бағишланган шеърлар; достонларида булардан ташқари Меърож кечасининг тасвири алоҳида ўрин олган.
Навоий Яратувчи Аллоҳ ҳамдини бундай мисралар билан баён этади:

Илоҳо, амринга маъмур етти торами аъло,
Не етти торами аъло тўқуз спеҳри муалло.

Жамол зикрлик ўлғон жамолинг этти таманно,
Вусул фикрлик элга висолинг ўлди таманно.

Ибодатингга янги ой бўлуб ҳам ўлди мусаллий,
Спеҳр атласидин солибон ҳавоға мусалло.

Чу сандин ўлди қуёш панжаси аро олтун,
Сочарға доғи сен эттинг анга карам яди туло.

Демакка зикринг эрур хонақоҳ ичинда ҳаё ҳуй,
Салойи ишқинг ила аҳли дайр ичра алоло.

Навоий, аҳли жунун зумрасиға кирди илоҳо,
Чу айладинг ани Мажнун, ўзингни қил анга Лайло.

Маъноси: Илоҳо, сенинг буйруғингга кўра етти осмон гумбази на фақат етти осмон гумбази балки тўққиз юксак сипеҳр юзага келди. Жамолингни гўзал сўзлар билан тиладилар, Сенга етишмак етук фикрли элнинг истаги бўлди. Янги хаёллар ҳар ёнда жилва қилсин учун Сен уларни шеър гавҳарларининг гўзаллиги билан безадинг. Янги ой ибодатинг учун намоз ўқиди, У ҳавога спеҳр атласидан жойнамоз солгандир. Сендан қуёш панжаси ора олтин бўлди. Яна сен унга эҳсон тўла қўлингни тутдинг. Сени тилга олмоқ учун хонақоҳда ҳаё ҳуй кўтарилган, Ишқинг чақириғи билан дайр ичира шовқун сурон авж олган. Навоий жунун аҳли тоифасига кирди, Илоҳо, Уни Мажнун қилдинг, унга ўзингни Лайлодек этгин.

Тасвир кўк билан боғлиқ ҳодисалар орқали бошланади. Янги ой унга сажда қилиб намоз ўқиди. Жойнамоз эса бутун кўк сатҳидир. Тонг ёришиб кундуз бўлганда эса, бу кундуз боиси қуёшнинг нурлари ўша пайғамбар бахш этган олтинлар туфайли пайдо бўлган. Бу олтунларни қуёшнинг панжасига тўла қўл билан марҳамат этиб бағишлаган сендирсен, деб хитоб этади унга шоир. Сўнг воқеалар тасвири ерга кўчади. Хонақоҳлардаги, дайрлар (майхоналар)даги шовқин-суронлар унга бўлган садоқат ҳайқириқлари бўлиб янграйди…

Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг расули – элчисидир. Навоий бу зот номига қатор наътлар яратган. Мана шулардан биридан айрим парчалар:

Бедилинг хайли расули сенсен аларға дилрабо,
Ё набий, руҳий фидока аҳлан ва саҳлан, марҳабо…

Туфроқ ўлмишмен қўяй деб остон бўсингга юз,
Ҳолима раҳм айлабон қилма бу ранжимни ҳабо…

Эй Навоий, чораи дардингни қилғай улки бор,
Ҳам расулу ҳам амин, ҳам мустафо, ҳам мужтабо.

Маъноси: Барча расуллар сенга ошиқдирлар, уларнинг дилрабосисан Набий, руҳлар сенга фидодур, сенга марҳамат ва марҳаболар бўлсин… Сенинг остонангга юз қўяй деб туфроқ бўлганман, Ҳолимга раҳм этгину бу чеккан озорим учун мени хор қилмагин… Эй Навоий, сенинг дардингга чора қилғучи бор, У ҳам Расул, ҳам сақловчи, ҳам сайланган ҳам саралаб олинган зотдир.

Худди шундай тасвирлар шоирларнинг пайғамбар мадҳига бошқа шеърларида ҳам учрайди.

Шундай қилиб, Навоий лирикасининг мазмунини ҳаётнинг барча томонларини қамраб олгани кўзга ташланиб туради. Шоир инсон ва ҳаёт гўзаллигининг тасвирига илҳомли мисралар бағишланган. Чин инсоний муҳаббатни улуғлаган. Севгучи қалб туғёнларини таъсирли ифодаларда баён этган. Унинг ошиқона шеърлари инсонийлик, инсоний кечинмалар ва туйғуларнинг, хусусан севги, севгида садоқатнинг бадиий инъикосидир.

Навоийнинг орифона шеърларининг мавзуи ҳам кенг. Унда шоирнинг ижтимоий воқеъликка муносабати, ундаги адолатсизлик, ҳақсизликлардан норозилиги баралла янграйди. Шоирнинг лирик қаҳрамони воқеъликнинг даҳшатли кўринишларидан норозилик баён қилар экан, кишиларни унинг мудҳишликларидан қутқариш йўлини қидиради. Бу йўл камолотдадир. Шахс камолот касб этса, ўзида юксак инсоний фазилатларни тарбияласа турмушдаги кўп мусибат ва қайғулардан омонлик топа билади, деб уқтиради шоир.

Амалдор ҳукмронлиги шароитида дин аҳлининг эгаллаган мавқеъи баланд эди. Кўпчилик омма диний арбобларнинг йўл-йўриқларига амал қилур эди. Шундан фойдаланиб, айрим кимсалар дин ниқоби остида халқни талаш, шахсий бойлик ортиришга интилганлар. Улар диний арбоблар эмас, балки риёли ясама, қалбаки шайхлар эдилар. Уларнинг бутун туриш турмуши товламачилик, юлғичлик, кишиларни алдашдан иборат бўлган. Ана шундай ясама шайхларга қарши шоир қаттиқ ғазабга тўла танқидий шеърлар яратди. Уларнинг чиркин башаралари, ярамас қилғилиқларини очиб ташлади. Аммо Навоий ҳеч қачон ислом мафкурасининг асосларига диний қоидаларга қарши чиқмаган. Аксинча, у соф қалбли чин мўмин мусулмон киши сифатида уларни ташвиқ этган ва ўзи тўласича шу қоидаларга риоя этган. Ҳақиқий мусулмончилик тариқати (йўли)ни ҳимоя қилгани учун Навоий шуларга зид бўлган кўринишларни кескин равишда рад қилган. Зуҳд аҳлига салбий муносабати ҳам шу туфайлидир.

Манба: naqshband.uz

(Tashriflar: umumiy 294, bugungi 1)

1 izoh

  1. zor maqola yozgan odamga raxmat ahli tariqatda devonalarni sobit qadam qilsin amin.

Izoh qoldiring