Baxtiyor Nazarov, Naim Karimov, To‘ra Mirzayev: Befarq qarab turishga haqli emasmiz & Alisher Navoiy nomidagi Davlat adabiyot muzeyi. Videofilm

Ashampoo_Snap_2018.01.31_12h13m43s_001_.pngАкадемик Азиз Қаюмовнинг Тошкент шаҳар ҳокимига “Очиқ хат”и эълон қилинганига ҳам мана икки ҳафтадан ошиқ вақт ўтди. Бироқ, шу вақтга қадар шаҳар ҳокимияти раҳбарлари томонидан бу хатга бир оғиз ҳам муносабат билдирилмагани одамни ўйлантириб ва ташвишга солиб қўяди.

БЕФАРҚ ҚАРАБ ТУРИШГА
ҲАҚЛИ ЭМАСМИЗ
02

Академик Азиз Қаюмовнинг Тошкент шаҳар ҳокимига “Очиқ хат”и эълон қилинганига ҳам мана икки ҳафтадан ошиқ вақт ўтди. Бироқ, шу вақтга қадар шаҳар ҳокимияти раҳбарлари томонидан бу хатга бир оғиз ҳам муносабат билдирилмагани одамни ўйлантириб ва ташвишга солиб қўяди.

Бугунги кунда мамлакатимизда асос эътибори билан ўзгартирилаётган ва ҳар жабҳада янгиланаётган воқелик одамни ғайратга, журъатга ундайди. Шунинг учун ҳам эркин фикрлаш, очиқ сўзлаш кундан-кунга кучайиб, қулоч ёзиб бораётир. Бундан ҳар қанча қувонсак арзийди, албатта.

Академик Азиз Қаюмовнинг мазкур очиқ хати биз адабиётшунос олимлар ва кўпчилик ижод аҳлининг айни кўнглида гап бўлди десак, муболаға бўлмайди. Чунки, мамлакатимизда музейлар кўп, бироқ улар орасида Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи айрича аҳамиятга эга. Республикамиздаги бошқа кўплаб музей ва илмий муассасаларнинг ташкил топишида айнан ушбу музейнинг хизмати катта. Бир пайтлар Ҳамид Сулаймоновдек олим бу музейни юксак бир мақомга кўтарган, унинг довруғини дунёга таратган эди.

Афсуски, кейинги йилларда музейга эътибор берилмай, қаровсиз ҳолга ташлаб қўйилди. Очиғи, ҳар гал зиёрат қилгани ёхуд бирор бир тадбир юзасидан бу ерга келсак, Алишер Навоий номи билан аталадиган музейнинг аҳволини кўриб, юрагимизнинг бир чеккаси ачишиб кетади. Чунки, бу музейда фольклор намуналаридан тортиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларнинг қўлёзмалари, бугунги кунда ҳам ижод қилиб келаётган ижодкорларнинг архиви жой олган муҳташам бир даргоҳдир. Қоидага кўра музей жойлашган бинода фаолият тури айрича бўлган бошқа ташкилотнинг жойлашувчи мақсадга мувофиқ эмас.

Шу маънода “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳаммамизни, барча адабиётшунослар қатори бизни ҳам бирдек хурсанд қилди. Қарорда белгилаб берилганидек, музей биноси реконструкция қилиниб, қайта таъмирланса, замонавий жиҳозлар билан таъмирланса, бугунги кун талабларига жавоб берадиган музейга айланишига ҳеч шубҳа йўқ. Аммо музей биноси илгариги ҳолидагидек яхлит музейга қайтарилиб берилмас экан, бу таъмирлаш кутилган натижани бермайди.

Айни пайтда, очиқ хатда тўғри таъкидланганидек, биз ҳамиша тадбиркорларимизни қўллаб, қувватлашимиз керак. Имкон қадар уларга кўмак беришимиз зарур. Мамлакатимиз раҳбари урғулаётгандек, тадбиркорлик ривожланса, халқ бойийди, мамлакат ривожланади. Бироқ, бу тадбиркорлик Алишер Навоийдек алломаларимизнинг меросига ҳурматсизлик ҳисобига бўлмаслиги керак. Бу ўринда тадбиркор эмас, балки уларни ҳам ноқулай аҳволга солиб, минг ҳижолатга қўйиб, музейдан жой ажратиб берган шаҳар ҳокимияти раҳбарлари жавоб беришлари керак, деб ўйлаймиз.

Мамлакатимиз пойтахтига ташриф буюрган ҳар бир меҳмон, сайёҳ энг аввало шаҳарнинг қоқ марказидаги ушбу музейга албатта қизиқади, шунга қараб бизнинг адабиётга, миллий меросга муносабатимиз ҳақида ҳукм чиқаради.

Бугун босаётган ҳар бир қадамимиз, айтар сўзимиз бугунги ўзгаришларга мос ва хос бўлиши даркор. Мамлакат раҳбари бугун ҳар биримиздан ўз касбига садоқат, шижоат ва шиддатни талаб қилаётган экан, бу ишни энг аввало ўтмиш меросга, миллий маънавиятимизга муносабатни тўғри шакллантириб олишдан бошлашимиз, даркор. Бефарқ қараб туришга бугун ҳеч биримиз ҳақли эмасмиз.

Шаҳар ҳокимиятидагилар бу “очиқ хат” ни яна бир бор керакли давраларда муҳокама қилиб, йўл қўйилган хатони ўз вақтида тузатадилар ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейидан ноқонуний равишда олиб қўйилган қисми тез орада яна музейга қонуний равишда қайтарилади, деб умид қиламиз.

Бахтиёр Назаров,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,
филология фанлари доктори, профессор

Наим Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,
филология фанлари доктори, профессор

Тўра Мирзаев,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,
филология фанлари доктори, профессор

bezymyannyj_2_e1508758190635-_-kopiya.pngБахтиёр Назаров – 1945 йил 19 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, илмий котиб, директор, бўлим мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси Бош илмий котиби ўринбосари, вице-президент вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Бахтиёр Назаровнинг илмий изланишлари ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиёти, хусусан, танқидчилик ва адабиётшунослик методологияси муаммолари, адабиёт назарияси ва адабий алоқа масалаларига бағишланган. Академик олим тадқиқотларида Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов маҳорати масалалари ўрганилган. Ойбекнинг 20 жилдли “Мукаммал асарлар тўплам”ини нашрга тайёрлашда катнашган.

Кўплаб монография, илмий тўплам, мақола ҳамда «Ўзбек адабиёти», «XX аср ўзбек адабиёти тарихи» каби қатор дарсликларнинг муаллифи ҳамда ҳаммуаллифларидан бири.

naim_karimov2.jpgНаим Каримов – 1932 йилда 12 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1958 йилдан бери ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида хизмат қилиб келади. У Институтда кичик, катта, етакчи илмий ходим ҳамда “Ҳозирги ўзбек адабиёти ва адабий жараён” бўлими мудири, “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси раиси, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, айни пайтда етакчи илмий ходими лавозимларида ишлаб, халқ хотирасидан ситиб чиқарилган ёзувчилар, журналистлар, фан, маориф ва маданият ходимларига бағишланган юзлаб мақолаларни эълон қилиб, сталинча қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ишига катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Наим Каримовнинг 1000 га яқин илмий, адабий-танқидий ва илмий-оммабоп ишлари эълон қилинган. Улардан 20 га яқини монография, 9 таси дарслик ва ўқув қўлланмалардир. Олимнинг илмий мақолалари АҚШ, Англия, Германия, Франция, Россия, Туркия, Украина, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон сингари хорижий мамлакатларда ҳам нашр этилган.

13173694_586050134882916_2036868195471209456_n-_-kopiya.jpgТўра Мирзаев – 1936 йил 6 мартда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Фольклоршунос олим.
Тўра Мирзаев ўзбек филологиясининг атоқли намояндаларидан бири, халқ оғзаки бадиий ижодиётини кенг кўламда тадқиқ этишдан иборат фундаментал илмий мактабга асос солган улкан фан ташкилотчиси, эпосшуносликнинг кўплаб назарий масалаларини жаҳоншумул даражада ҳал қилган йирик фольклоршунос олим.

Тўра Мирзаевнинг 600 дан ортиқ илмий, услубий, илмий-оммабоп ишлари эълон қилинган. Улардан 5 таси монография, 5 таси дарслик ва ўқув қўлланмалар, 45 таси китоб ва фольклор тўпламларидир. Олимнинг китоб ва мақолалари Россия, Германия, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон каби мамлакатларда ҳам нашр этилган.

M: www.uza

Akademik Aziz Qayumovning Toshkent shahar hokimiga “Ochiq xat”i e’lon qilinganiga ham mana ikki haftadan oshiq vaqt o‘tdi. Biroq, shu vaqtga qadar shahar hokimiyati rahbarlari tomonidan bu xatga bir og‘iz ham munosabat bildirilmagani odamni o‘ylantirib va tashvishga solib qo‘yadi.

BЕFARQ QARAB TURISHGA
HAQLI EMASMIZ
02

Аkademik Aziz Qayumovning Toshkent shahar hokimiga “Ochiq xat”i e’lon qilinganiga ham mana ikki haftadan oshiq vaqt o‘tdi. Biroq, shu vaqtga qadar shahar hokimiyati rahbarlari tomonidan bu xatga bir og‘iz ham munosabat bildirilmagani odamni o‘ylantirib va tashvishga solib qo‘yadi.

Bugungi kunda mamlakatimizda asos e’tibori bilan o‘zgartirilayotgan va har jabhada yangilanayotgan voqelik odamni g‘ayratga, jur’atga undaydi. Shuning uchun ham erkin fikrlash, ochiq so‘zlash kundan-kunga kuchayib, quloch yozib borayotir. Bundan har qancha quvonsak arziydi, albatta.

Akademik Aziz Qayumovning mazkur ochiq xati biz adabiyotshunos olimlar va ko‘pchilik ijod ahlining ayni ko‘nglida gap bo‘ldi desak, mubolag‘a bo‘lmaydi. Chunki, mamlakatimizda muzeylar ko‘p, biroq ular orasida Alisher Navoiy nomidagi Davlat adabiyot muzeyi ayricha ahamiyatga ega. Respublikamizdagi boshqa ko‘plab muzey va ilmiy muassasalarning tashkil topishida aynan ushbu muzeyning xizmati katta. Bir paytlar Hamid Sulaymonovdek olim bu muzeyni yuksak bir maqomga ko‘targan, uning dovrug‘ini dunyoga taratgan edi.

Afsuski, keyingi yillarda muzeyga e’tibor berilmay, qarovsiz holga tashlab qo‘yildi. Ochig‘i, har gal ziyorat qilgani yoxud biror bir tadbir yuzasidan bu yerga kelsak, Alisher Navoiy nomi bilan ataladigan muzeyning ahvolini ko‘rib, yuragimizning bir chekkasi achishib ketadi. Chunki, bu muzeyda folklor namunalaridan tortib, Alisher Navoiy, Zahiriddin Muhammad Bobur kabi allomalarning qo‘lyozmalari, bugungi kunda ham ijod qilib kelayotgan ijodkorlarning arxivi joy olgan muhtasham bir dargohdir. Qoidaga ko‘ra muzey joylashgan binoda faoliyat turi ayricha bo‘lgan boshqa tashkilotning joylashuvchi maqsadga muvofiq emas.

Shu ma’noda “O‘zbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Alisher Navoiy nomidagi Davlat adabiyot muzeyi faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarori hammamizni, barcha adabiyotshunoslar qatori bizni ham birdek xursand qildi. Qarorda belgilab berilganidek, muzey binosi rekonstruksiya qilinib, qayta ta’mirlansa, zamonaviy jihozlar bilan ta’mirlansa, bugungi kun talablariga javob beradigan muzeyga aylanishiga hech shubha yo‘q. Ammo muzey binosi ilgarigi holidagidek yaxlit muzeyga qaytarilib berilmas ekan, bu ta’mirlash kutilgan natijani bermaydi.

Ayni paytda, ochiq xatda to‘g‘ri ta’kidlanganidek, biz hamisha tadbirkorlarimizni qo‘llab, quvvatlashimiz kerak. Imkon qadar ularga ko‘mak berishimiz zarur. Mamlakatimiz rahbari urg‘ulayotgandek, tadbirkorlik rivojlansa, xalq boyiydi, mamlakat rivojlanadi. Biroq, bu tadbirkorlik Alisher Navoiydek allomalarimizning merosiga hurmatsizlik hisobiga bo‘lmasligi kerak. Bu o‘rinda tadbirkor emas, balki ularni ham noqulay ahvolga solib, ming hijolatga qo‘yib, muzeydan joy ajratib bergan shahar hokimiyati rahbarlari javob berishlari kerak, deb o‘ylaymiz.

Mamlakatimiz poytaxtiga tashrif buyurgan har bir mehmon, sayyoh eng avvalo shaharning qoq markazidagi ushbu muzeyga albatta qiziqadi, shunga qarab bizning adabiyotga, milliy merosga munosabatimiz haqida hukm chiqaradi.

Bugun bosayotgan har bir qadamimiz, aytar so‘zimiz bugungi o‘zgarishlarga mos va xos bo‘lishi darkor. Mamlakat rahbari bugun har birimizdan o‘z kasbiga sadoqat, shijoat va shiddatni talab qilayotgan ekan, bu ishni eng avvalo o‘tmish merosga, milliy ma’naviyatimizga munosabatni to‘g‘ri shakllantirib olishdan boshlashimiz, darkor. Befarq qarab turishga bugun hech birimiz haqli emasmiz.

Shahar hokimiyatidagilar bu “ochiq xat” ni yana bir bor kerakli davralarda muhokama qilib, yo‘l qo‘yilgan xatoni o‘z vaqtida tuzatadilar va O‘zbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Alisher Navoiy nomidagi Davlat adabiyot muzeyidan noqonuniy ravishda olib qo‘yilgan qismi tez orada yana muzeyga qonuniy ravishda qaytariladi, deb umid qilamiz.

Baxtiyor Nazarov,
O‘zbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining akademigi,
O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan fan arbobi,
filologiya fanlari doktori, professor

Naim Karimov,
O‘zbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining akademigi,
O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan fan arbobi,
filologiya fanlari doktori, professor

To‘ra Mirzayev,
O‘zbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining akademigi,
O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan fan arbobi,
filologiya fanlari doktori, professor

de17c2647f18f1581ff6768fc6e94308.jpgBaxtiyor Nazarov – 1945 yil 19 sentyabrda Toshkent shahrida tug‘ilgan. O‘zbekiston Fanlar akademiyasi Til va adabiyot institutida ilmiy xodim, ilmiy kotib, direktor, bo‘lim mudiri, O‘zbekiston Fanlar akademiyasi Bosh ilmiy kotibi o‘rinbosari, vitse-prezident vazifasini bajaruvchi, O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti davlat maslahatchisi, Oliy va o‘rta maxsus ta’lim vazirining birinchi o‘rinbosari lavozimlarida ishlagan.

Baxtiyor Nazarovning ilmiy izlanishlari XX asr o‘zbek adabiyoti taraqqiyoti, xususan, tanqidchilik va adabiyotshunoslik metodologiyasi muammolari, adabiyot nazariyasi va adabiy aloqa masalalariga bag‘ishlangan. Akademik olim tadqiqotlarida Fitrat, Oybek, G‘afur G‘ulom, Abdulla Qahhor, Abdulla Oripov mahorati masalalari o‘rganilgan. Oybekning 20 jildli “Mukammal asarlar to‘plam”ini nashrga tayyorlashda katnashgan.

Ko‘plab monografiya, ilmiy to‘plam, maqola hamda “O‘zbek adabiyoti”, “XX asr o‘zbek adabiyoti tarixi” kabi qator darsliklarning muallifi hamda hammualliflaridan biri.

ddeeb60660abf181abac83787fca99e7.jpgNaim Karimov – 1932 yilda 12 dekabrda Toshkent shahrida tug‘ilgan. 1958 yildan beri O‘zR FA Alisher Navoiy nomidagi O‘zbek tili, adabiyoti va folklori institutida xizmat qilib keladi. U Institutda kichik, katta, yetakchi ilmiy xodim hamda “Hozirgi o‘zbek adabiyoti va adabiy jarayon” bo‘limi mudiri, “Shahidlar xotirasi” xayriya jamg‘armasi raisi, “Qatag‘on qurbonlari xotirasi” muzeyi direktori, ayni paytda yetakchi ilmiy xodimi lavozimlarida ishlab, xalq xotirasidan sitib chiqarilgan yozuvchilar, jurnalistlar, fan, maorif va madaniyat xodimlariga bag‘ishlangan yuzlab maqolalarni e’lon qilib, stalincha qatag‘on qurbonlari xotirasini abadiylashtirish ishiga katta hissa qo‘shib kelmoqda.

Naim Karimovning 1000 ga yaqin ilmiy, adabiy-tanqidiy va ilmiy-ommabop ishlari e’lon qilingan. Ulardan 20 ga yaqini monografiya, 9 tasi darslik va o‘quv qo‘llanmalardir. Olimning ilmiy maqolalari AQSH, Angliya, Germaniya, Fransiya, Rossiya, Turkiya, Ukraina, Tojikiston, Qozog‘iston, Turkmaniston, Ozarbayjon singari xorijiy mamlakatlarda ham nashr etilgan.

0_1421c1_bf71dbd8_orig.jpgTo‘ra Mirzayev – 1936 yil 6 martda Buxoro viloyatining Shofirkon tumanida tug‘ilgan. Folklorshunos olim.
To‘ra Mirzayev o‘zbek filologiyasining atoqli namoyandalaridan biri, xalq og‘zaki badiiy ijodiyotini keng ko‘lamda tadqiq etishdan iborat fundamental ilmiy maktabga asos solgan ulkan fan tashkilotchisi, eposshunoslikning ko‘plab nazariy masalalarini jahonshumul darajada hal qilgan yirik folklorshunos olim.

To‘ra Mirzayevning 600 dan ortiq ilmiy, uslubiy, ilmiy-ommabop ishlari e’lon qilingan. Ulardan 5 tasi monografiya, 5 tasi darslik va o‘quv qo‘llanmalar, 45 tasi kitob va folklor to‘plamlaridir. Olimning kitob va maqolalari Rossiya, Germaniya, Turkiya, Tojikiston, Qozog‘iston, Turkmaniston kabi mamlakatlarda ham nashr etilgan.

M: www.uza

09

(Tashriflar: umumiy 517, bugungi 1)

Izoh qoldiring