Alisher Navoiyning bir g’azaliga ikki sharh.

272

      Алишер Навоийнинг ҳар бир инсон шахсига нақадар буюк аҳамият берганлиги, қанчалик залворли юк ортганлигини таъкидлаб қўйиш лозим. Инсоннинг, ҳар бир шахснинг ўзи алоҳида бир оламгина бўлиб қолмасдан, балки «Ўн саккиз минг олам ошуби»нинг соҳиби эканлиги буюк шоиримизнинг бу борадаги ўзига хос кашфиётидир. Биз ҳар лаҳзада дунёга неча минглаб одамлар келиши ва ҳар лаҳзада қанчадан-қанча гўзаллар ўн саккиз ёшга қадам қўйишларини, бир ўйласак ва ҳар биттасининг бошида ўн саккиз минг оламда содир бўлаётган ғалаёнлар мавжудлигини фикр қилсак, буларнинг барчаси ва булардан ташқари Навоий лирик қаҳрамони томонидан васф этилаётган ўн саккиз минг олам муаммоларини ўз бошига жам қилган маҳбубанинг зоҳирий ва ботиний кўрки нақадар бетимсол эканлиги аён бўлади.

088

Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур.

Деса бўлғайким, яна ҳам ўн сакиз йил ҳусни бор,
Ўн сакиз ёшинда мунча фитнаким бошиндадур.

Ўн сакиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур
Ҳусн шоҳи, ул балоларким кўзу қошиндадур.

Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки бор,
Барчаси эзид таоло сунъ наққошиндадур.

Тан анга сийму ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат ул ойнинг ичу тошиндадур.

Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Бул-ажабларким, бу эски дайр хуффошиндадур.

То Навоий тўкти ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг, қуёш акси анинг ёшиндадур.

(«Бадоеъ ул-васат», 156-ғазал)

088

Матназар Абдулҳаким
ИЛОҲИЙ ДИЙДОР

Ҳазрат Навоийнинг бу машҳур ғазали ҳақида суҳбатлашишдан аввал, ота-боболаримиз коинотни ўн саккиз минг оламдан иборат, деб англаганликларини эслаб ўтишимиз жоиз. «Ошуб» — ғавғо, тўполон дегани. Хўш, нима учун шоир «Ўн саккиз минг олам ошуби» дейди?
Маълумки, бизга ана шу «ўн саккиз минг олам»дан кичик бир қисм — Ер юзининг ўзимиз яшайдиган бўлагидаги ғам-ташвишу ғалаёнлар, жунбушларгина аён. Чексизликдаги жамики «ошублар»нинг ҳайбатини ҳатто тасаввур қилишга ҳам ожизлик қилиб қоламиз. Бироқ, Алишер Навоий идеалидаги инсоннинг, мумтоз маҳбубанинг етуклиги шу даражадаки, унинг бошида нафақат мазкур «ўн саккиз минг олам ошуби» ҳақидаги тасаввур, балки ана шу ошуб, ана шу ғалаён бор. Шу ўринда, Алишер Навоийнинг ҳар бир инсон шахсига нақадар буюк аҳамият берганлиги, қанчалик залворли юк ортганлигини таъкидлаб қўйиш лозим. Инсоннинг, ҳар бир шахснинг ўзи алоҳида бир оламгина бўлиб қолмасдан, балки «Ўн саккиз минг олам ошуби»нинг соҳиби эканлиги буюк шоиримизнинг бу борадаги ўзига хос кашфиётидир. Биз ҳар лаҳзада дунёга неча минглаб одамлар келиши ва ҳар лаҳзада қанчадан-қанча гўзаллар ўн саккиз ёшга қадам қўйишларини, бир ўйласак ва ҳар биттасининг бошида ўн саккиз минг оламда содир бўлаётган ғалаёнлар мавжудлигини фикр қилсак, буларнинг барчаси ва булардан ташқари Навоий лирик қаҳрамони томонидан васф этилаётган ўн саккиз минг олам муаммоларини ўз бошига жам қилган маҳбубанинг зоҳирий ва ботиний кўрки нақадар бетимсол эканлиги аён бўлади. Ғазалдан аёнки, ҳар бир кун шунчаки кун эмас, ҳар бир лаҳза шунчаки лаҳза эмас, балки қанчалаб мумтоз гўзалларнинг ва улар орасидаги битта энг етук соҳибжамолнинг ўн саккиз ёшга тўлиб турадиган оний бир мў‘жизаси ўлчамидир. Бир лаҳзадаки шунчалик мўъжизалар қудрати мавжуд экан, ўн саккиз йил қанчалик ҳусндан иборат эканлигини кўз олдингизга келтираверинг. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий ушбу маҳбубанинг илк байтдаги таърифи билан кифояланиб қолмасдан, ўз соҳибжамолида ҳар бир лаҳзаси ана шундай баркамол кўрклардан иборат бўлган яна тағин ўн саккиз йилнинг ҳусни борлигидан хабар беради. Мазкур ҳусннинг чексизлигига чексизлик қўшади.

Деса бўлғайким, яна ҳам ўн сакиз йил ҳусни бор,
Ўн сакиз ёшинда мунча фитнаким бошиндадур.

Байтдаги «фитна» сўзига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқ керак. Маълумки, оламдаги барча ғалаёнлар диалектик зиддиятларнинг содир бўлишларидан, яъни «фитна»лардан ташкил топади ва шу туфайли борлиқ мулки ҳаракатга келиб туради. Демак, Алишер Навоий тавсифидаги гўзал фақатгина чексиз ҳусн соҳибаси эмас, балки борлиқни ҳаракатлантиргувчи қудратга ҳам эга бўлган бир мўъжизадир.

Ҳазрат Навоий қаҳрамонига маҳбубаси тимсолидаги инсоний гўзаллик ва унинг яратувчиси қудрати ҳақидаги тафаккур изланишини аёвсиз бир шиддат билан давом қилгизади. Шоирга бу тенгсиз соҳибжамолнинг ўн саккиз йил ҳусни соҳибаси эканлиги ҳам камдек кўринади. Энди бу мезон ҳар лаҳзада тенгсиз ва чексиз гўзалликларни ўз ичига қамраб олган юз саксон йил қадар баҳайбатланади.

Ўн сакиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур
Ҳусн шоҳи, ул балоларким кўзу қошиндадур.

Шоир англатадики, ҳар йилнинг ўз ҳусни бор. Муайян йилнинг ҳусни ана шу йил мобайнида яралган жами гўзалликларнинг мажмуидан иборат. Бир йилда Аллоҳ таоло қанча-қанчалаб ҳуснларни бунёд этади? Буни аниқ айтишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам бу ерда у «йил ҳусни» деган иборани қўллайди. Алишер Навоий «ҳусн ўлчами»га замон ва макон нуқтаи назаридан келиб чиқиб аниқлик киритади, яъни «Ўн саккиз йил ҳусни» каби. Ва шу ҳуснга ҳайратдан туғилган «Ўн саккиз минг олам ошуби». Алишер Навоий ана шу ўлчамлардан «Ҳусн шоҳи» деган атамани қўллайди. Унинг фикрича, васф этилаётган соҳибжамол ўн саккиз йил ҳам эмас, юз саксон йил мобайнида яратилган илоҳий ҳуснларнинг мумтози яъни «ШОҲИ»дир. Мангуликнинг «ҳусн шоҳи», шоирнинг зимдан таъкидлашича — Аллоҳдир. Лекин У инсонларни ўзига монанд сифатлар билан зийнатлаб кўришни маъқул топади. Шоиримиз таърифлаётган илоҳий дийдор эса, ана шундай олий лаҳзаларда яралган мў‘жизадир. Бу дийдор айни бир вақтнинг ўзида шоир инсонлар олдига қўймоқчи бўлган сифатлар соҳибасидир, тараққиёт жараёнида шунга қараб интилиниши керак бўлган ибрат намунасидир… … «кўзу қоши» «қанчалаб ўн саккиз минг оламлар» балоларини ўзида жамлаган бу баркамоллик эгасининг соҳибмў‘жизалик даражасига ҳайрон қолишга инсоннинг ақли ожизлик қилади. Шу сабабдан бўлса керак, «ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки», деб хитоб қилади ва ўзи яратган мў‘жизаларига Аллоҳнинг ўзининггина ҳайрат қудрати етиши муқаррарлигини шоир қуйидагича баён этади: «…ҳар ҳайратки бор, барчаси Эзид таоло сунъи наққошиндадур». Бу мисрадан шуниси яна ҳам ойдинлашдики, бу чексиз мў‘жизага ҳайрат айнан ана шу мў‘жизанинг ўзидан иборат. Яъни ҳайрат «сунъи наққошинда». Демак, яратувчининг қўлида, яна ҳам аниқроғи, «наққош»нинг, яъни Парвардигори оламнинг яратувчилик қудратидир. Шоирга кўра, бундай илоҳий қудрат туфайли юз берган мў‘жизага ҳайратланиш учун ҳамма-ҳамманинг ҳам қурби етавермайди.

Маълумки, оламнинг ишлари ташқаридан қараганда ялтироқ, унинг замирига нигоҳ ташласак, шоир илк байтда таъкидлаганидек, «ошубларга тўла». Шунинг учун ҳам бу дунёни «ёлғончи дунё» деб айтадилар. Алишер Навоий ўзи таърифлаётган гўзалнинг ҳуснини нақадар чексиз деб таъкид қилмасин, барибир у ҳам муайян маънода ўзи мансуб бўлган оламнинг тимсолидир. Яъниким,

Тан анга сийму ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат ул ойнинг ичу тошиндадур.

Яъни унинг бадани кумушдан. Ақлни юз ҳайратга соладиган жиҳати шундаки, мана шу кумуш баданнинг ичида тош юрак пинҳон қилингандир ва у кўриниб туради. Мана шу кўриниб туриш дунёнинг ёлғончиликка қарама-қарши қўйилган зоҳир ва ботиннинг муштараклигидир. Шундан кейин, Алишер Навоий ўзи иншо этган бу мураккаб ҳусн салтанатининг таърифини тўхтатиб, анъанавий лирик чекинишга ўтади. Бироқ бу лирик чекиниш ҳам зимдан асосий мавзу билан боғлиқ. Чексиз олам ва унда ҳаёт кечираётган баркамоллиги ҳудудсиз одам мавжуд бўлган борлиқнинг ҳайратланарли эканлигини тараннум қилишда давом этишдан иборатдир.

Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Бул-ажабларким, бу эски дайр хуффошиндадур.

«Май» — эътиқодга қаттиқ берилишнинг тимсоли. «Муғ» — майфуруш, инсоннинг ўз эътиқодига қаттиқ берилишида воситачи шахс. «Масиҳ» — Исо пайғамбарнинг лақаби. Исо алайҳиссаломнинг муҳим фазилати шундан иборатки, у гапириб ўликларга жон кирита олар эди. «Булъажаб» — ғалати, ҳайратланарли дегани. «Хуффош» бу — кўршапалак.

Маълумки, кўршапалаклар гумбазларнинг ичини ўзларига уя қилиб оладилар. Дунё ҳам, олам ҳам ўзига хос гумбаз. Бироқ бу гумбазнинг кўршапалаклари шу қадар мў‘жизакор, ҳайратланарлики, бундай ҳайратланарли кўршапалаклар яратган мў‘жизотларга, ҳатто Исо Масиҳ ҳам ҳайрон қолади.

Хуффош, яъни кўршапалак кўзлари кўрмаса ҳам сезгиларига таяниб, қоронғуда бемалол учиб юрадиган мавжудот. Сезгирлик унинг кўнгил кўзидадир. Маълумки, мутафаккирлар ҳақиқий муҳаббатда ҳам, мажозий муҳаббатда ҳам сувратнигина кўра оладиган зоҳирий кўзни эмас, балки сийратни идрок эта оладиган кўнгил кўзини афзал билганлар. Демак, Навоий таърифлаётган олий жамолни илғамоқ учун ҳар бир инсоннинг кўнгил кўзи чарақлаб туриши керак. Бошқалар учун қоронғу бўлиб туюлган ерларда ҳам ўзига ёруғ йўл топа билмоғи лозим. Бундай оламда одамнинг нақадар буюк мў‘жизалар содир эта олишига таажжубланмаса ҳам бўлади. Мақтаъ, яъни ғазалнинг охирги байти қуйидагичадир:

То Навоий тўкти ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг, қуёш акси анинг ёшиндадур.

Алишер Навоийнинг лирик қаҳрамони ўзи таърифлаган ойдан айрилиб, шундай кўз ёшлар тўкадики, мў‘жизакорликда унинг ҳар қатра кўз ёши шу ойга тенглашади. Нега биз шундай демоқдамиз? Эътибор қилинг — қуёш нури ҳамиша ойда акс этади. Шоир бўлса, «Ҳар қачон боқсанг қуёш акси анинг ёшиндадур» демоқда. Ҳар қатрасида бир қуёш акс этган бу «кўз ёш денгизи», яъни буюк қайғу, шунчаки қайғумас, балки борлиқни ўзида акс эттирадиган кўзгу ҳамдир. Бу ҳолни қуйидагича талқин қилиш ҳам мумкин: қуёшнинг акси ойда қандай зоҳир бўлса, ишқ туфайли табарруклашган ошиқ кўз ёши ойдан қуёшчалик афзал. Шу сабабдан ҳам офтоб унда акс этади. Шоирнинг бу охирги байтидан навбатдаги хулоса келиб чиқади, маъшуқа нақадар баркамол бўлмасин, ошиқ ўзи чеккан дардлари туфайли камолот даражасида унга баробарлашади. Муҳаббатнинг вазифаси ҳам ана шунда, яъни нуқсонли севгувчини мумтоз севилувчи даражасига етказишдир.

088

Нусратулла Жумахўжа
ЎН САККИЗ ЁШ ҲАЙРАТЛАРИ

Машҳур ва манзур бу ғазал Алишер Навоий қарилик лирикаси маҳсули бўлиб, унда шоир ишқий-фалсафий мавзуда баҳс этади. Рамали мусаммани маҳзуф вазнида битилган.
Ғазал услубан таъриф-тавсиф типида яратилган. Асарнинг мақсад-моҳияти ўн сақкиз ёшдаги манзур (назарда тутилган муайян сиймо) малоҳатини васф этишга қаратилган. Лекин бу васф инсон умрининг навқирон палласи ҳамда ҳусну жамол ҳақидаги фалсафий мупюҳадалар билан йўғирилган. Ҳатто, баъзи байтларда тавсиф иккинчи ўринга ўтиб қолиб, таъриф, фалсафий умумлашма ифодаси биринчи даражага кўтарилади. Ёхуд таъриф-тавсиф баравар меъёрда, уйғун акс эттирилган бўлса ҳам, фалсафий моҳият эътиборимизни кўпроқ тортади. Чунончи, матлаъда ўн саккиз ёшли дилбарнинг сарвинозлигидан кўра, унинг шу ёшдаги маънавий-руҳий аҳволи тасвирига кучли урғу берилган. «Ўн саккиз минг олам» — турғун сўз бирикмаси бўлиб, у бутун борлиқ ўн саккиз минг оламдан иборат, деган оламнинг чексизлиги ҳақидаги афсоиавий қадимий тасаввурлардан келиб чиққан. Шоир «Сарвинозимнинг бошида ўн саккиз минг олам ғавғоси бор, аммо бунга ажабланмаслик керак, чунки у ўн саккиз ёшдадур», дер экан, биргина сарвиноз аҳволига эмас, умуман, инсоннинг ўн саккиз ёшига таъриф беради. Таъриф умуминсоний бўлганидек, назаримизда, ўн саккиз яшар сарвиноз ҳам умумлашма образ. Асарда ўн саккиз ёшли муайян инсон тасвирлангаи бўлиши эҳтимол, унинг ҳаётий сиймоси бизга маълум эмас. Балки, матлаъдаги таърифу тавсифга ўн саккиз яшар гўзал қиз эмас, баркамол бир ўспирин талъати асос бўлгандир.
Муҳтарам мухлис, Навоий йигит кишини васф этгани ҳақидаги тахминимизга дарҳол эътироз билдириш ёхуд буни нотўгри талқин этишдан сақланишингизни сўраймиз. Бу — ҳали илмда ўрганилмаган муаммо. Навоийнинг йигитлар васфида битилган ўнлаб рубобий (лирик) асарлари борки, улар турли андишалар билан «Хазойин ул-маоний»нинг 1959-— 60 йилларда чоп этилгаи Ҳамид Сулаймон нашрига киритилмаган ва халққа етиб бормаган. Бу газал ҳамда қитъалар Навоий мукаммал асарлари тўпламида босилмоқда ва энди илмий баҳоланса керак. Назаримда, бу ҳодиса Навоий дунёқараши билан боглиқ. Навоий инсонда илоҳий етукликни, илоҳда иисоний гўзалликни кўргаи. Мутафаккир ўзи сиғинган илоҳий қудрат, навқиронлик, баркамоллик, ҳайратомуз сеҳру сииоатни, жисмоний ва ақлий тенгсизликни йигитлар сиймосида тажассум эттирган бўлса, ажаб эмас. Ҳарқалай, асарга ўн саккиз минг оламни мушоҳада этишга қодир, ўн саккиз минг олам дарди билан яшайдиган, ақлу заковати ўн саккиз минг олам тилсимларини еча оладигаи, ҳусни ўн саккиз минг оламни лол қолдирадиган, ҳаяжон ва эҳтирослари ўн саккиз минг оламни ўртайдиган ўн саккиз ёшли инсон сиймоси сабаб бўлган. Эҳтимол, бу Навоий орзусидаги қомил инсондур. Дарвоқе, ўн саккиз минг олам ташвишлари билан яшайдиган ёш замондошларимиз ҳам йўқ эмас. Эсли-ҳушли, заковатли, ғайрат-шижоатли йигит-қизларимиз олдида шундай улкан муаммолар, вазифалар, орзулар турадики, уларнинг кўлами ва салмоғи ўн саккиз минг олам ошубидан кам эмас. Чинакам инсон учун ўн саккиз ёш — шундай масъулиятли давр, аслида.
Кейинги байтларда матлаъдаги ғоявий мазмун тадрижий такомиллаштирилади. 2 – 3-байтлар матлаъда васф этилган даражадаги камолотга эришган инсон етуклигининг яшовчанлипг ҳақида баҳс этади:

Деса бўлғайким, яна ҳам ўн сакиз йил ҳусни бор,
Ўн сакиз ёшинда мунча фитнаким бошиндадур.

Ўн сакиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур
Ҳусн шоҳи, ул балоларким кўзу қошиндадур.

Мазкур байтлардан бошлаб ғазалдаги лирик қаҳрамон умумлашма образликдан бир оз чекланади. Яъни, умуман ўн саккиз ёшли инсон эмас, гўё ўн саккиз ёшдаги манзур васфи давом этади. Бунда фикримизга боис ғазалнинг матлаъдан кейинги қисмида кўпроқ аёл зотигагина хос фазилатлар қаламга олинганидир. Албатта, Навоийнинг бундай ғазаллари тагзаминида илоҳий ҳусн тимсоли ҳам туришини эсда сақлашимиз керак. 3-байтдаги «ҳусн шоҳи» ибораси айнан шундан далолат беради.
Ғоявий мазмуннинг байтларда тадрижий ривожланишига тадриж усули билан бирга ружуъ санъати ҳам кўмаклашган. Шоир иккинчи байтда, «Сарвиноз ўн саккиз ёшидаки ўн саккиз минг оламга татийдиган ҳусну жамолни зоҳир этган экан, ўн саккиз минг олам можароларини бошига сиғдиролган экан, ундаги бу қобилият яна ўн саккиз йил бемалол сақланади», дер экан, учинчи байтда бу фикридан қайтади. Ўз-ўзини «Ўн саккиз йил дема» сўзлари билан инкор этиб, «Яна юз саксон йил ўтса ҳам, кўзу қошида турфа балолар жилва қилар экан, ул сарвиноз ҳусн шоҳи сифатида гўзаллик салтанатида ҳукмфармолик қилаверади», деган хулосага келади. Ружуъ моҳияти мана шу ўз-ўзини инкор этиб, фикрни кучайтиришдадир. Сарвинознинг «кўзу қошида»ги ул балолар сеҳрига келсак, бунда Шарқ ғазалиётида кўз ва қош мадҳида айтилган (масалан, кўзнинг хунхорлиги, жаллодлиги, фитнагарлиги, қошнинг шамшир каби қаттоллиги, бирининг имо қилиб, бирининг жон олиши ва ҳ. к.) ҳамма сифатлар назарда тутилади.
Шоир ақл бовар қилмайдиган даражадаги ҳусн соҳибини тасвирлаёттан бўлса-да, унинг қонуний ва табиий ҳол эканлигини иқрор этади:

Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки бор,
Барчаси эзид таоло сунъ наққошиндадур.

Чунки Навоийнинг дунёқарашича, ҳар қандай ҳайратомуз гўзалликнинг яратувчиси ва ижодкори «сунъ наққоши», яъни худодир. Ҳар бир модда, жисм, жонзот, шу жумладан, инсон ҳам бу илоҳий мавжудотнинг зарраси, бўлаги, акси янглиғ намоён. Ҳар бир чиройда тангри таоло жамоли жилваланиб туради.
Навбатдаги байт сарвинознинг ниҳоятда гўзал, аммо беқиёс бағритошлигига киноя тарзида яратилган:

Тан анга сийму ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат ул ойнинг ичу тошиндадур.

Сарвинознинг танаси (ташқи чиройи) кумушдай товланиб, ўзига мафтун этади. Аммо бу кумуш вужуд шундай сирга эгаки, унинг ичи кўнгул яширинган тошдан иборат. Бу синоатга инсон ақли юз карра ҳайрону лол қоладики, манзурнинг сийрати суратида ҳам иамоён. Бу инсон табиати, қалб ва қиёфаси орасидаги мутаносиблик ҳамда зиддиятнинг навоийвор фалсафий ифодасидир.
Бу ғазалда ҳам, анъанадагидек, мақтаъдан олдинги байтда майфурушга мурожаат қилинади:

Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Бул-ажабларким, бу эски дайр хуффошиндадур.

Соқийга мурожаат тарзида битилган анъанавий байтлар ғазалнинг бошқа байтларидан алоҳида, мустақил маънога эга бўларди. Бу байт эса ғазалнинг олдинги қисми мазмуни билан чамбарчас боғлиқ битилган. Олдинги байтларда лирик қаҳрамон ўзининг ҳайратларини изҳор этган эди. Бунда эса Масиҳ «юз ҳайрат аро» қолганлиги ҳақида гап боради. Яъни бу кўҳна майхона (дунё) ажойиботларига лирик қаҳрамон (Навоий) юз ҳайрат изҳор қилганидан Масиҳ ҳам юз чандон ҳайрат ичида қолади. Бу ерда «хуффош»— кўршапалак образи атайин танлаб киритилгаи. Кўршапалак, яъни лирик қаҳрамон кўҳна майхона (дунё) ажойиботларини кўргунча (майхонага кириб, ваҳдат майидан қонмагунча), ғофил эди. «Эски дайр» ажойиботларини идрок этгач, кўзлари ярқ этиб очилди ва юз ҳайратга тушди. Бундай мўъжизадан жонбахш Масиҳ ҳам юз ҳайратга тушади, чунки у ўликни тирилтириши билан машҳур, кўр кўнгил кўзига нур ато этишга у қодир эмас. Мақтаъга келиб, таъриф-тавсиф ойга, қуёшга қадар кўтарилади:

То Навоий тўкти ул ой фурқатидии баҳри ашк,
Ҳар қачои боқсанг, қуёш акси анинг ёшиндадур.

Навоий ул ой, яъни ҳусн шоҳи фироқига дучор бўлганидан (бу фоний дунёга меҳмон бўлганидан) буён йиғлайди ва кўз ёшларида ул қуёш — илоҳий талъатнинг акси мудом: жилоланиб, шуълаланиб туради. Кўринадики, дастлабки байтлар тагзаминидагина туйиш мумкин бўлган сўфиёна образ ва маънолар мақтаъгача ошкора балқиб юзага чиқди.
Матлаъда бошланган тасвир мақтаъгача изчил ривожланди. Ғазалдаги сўз, образ, ифодалар ҳам шундай ривожга мувофиқ ҳаракатлантирилди. «Ўн сакиз минг олам», «ўн сакиз йил», яна «ўн сакиз ёш», яна «ўн сакиз йил», «юз саксон йил», «ҳайрат», «ақлга юз ҳайрат», «юз ҳайрат» сўз бирикмалари ғазалдаги мазмун ва ғоянинг силсилавий тадрижини таъминлади. Натижада, асар композицияси мусалсал даражасида такомиллашди.
Ғазал юксак бадиияти туфайли шуҳрат тутди, халққа севилиб, тилдан тилга, дилдан дилга кўчди. Хонанда Берта Давидова томонидан классик қўшиқ сифатида, мақомшуносларимиз томонидан мақом куйларига солиб куйланиб, нашъу намо топди.

(Tashriflar: umumiy 100, bugungi 1)

Izoh qoldiring