Damin Jumaqulov. Ikki hodisaning bir xil sababi.

012

Шуҳрат Сирожиддиновнинг мазкур асари Навоий ҳаётига оид энг пухта тадқиқотлардан бири бўлибди. Чунки олим бу асар устида жуда кўп вақт сабр-тоқат билан ишлаган, баъзи ўринларда бир сўзда ишлатилган ҳарфларни аниқлаш мақсадида ўнлаб қўлёзма манбаларни қиёсий ўрганган. Натижада, шу вақтга қадар биз тўғри деб ҳисоблаб келган ҳодисалар аслида бошқачароқ эканини аниқлашга, бизни асл маълумот билан таништиришга эришган. Китобнинг ҳар бир қисмида ўқувчини ҳайратга соладиган, баҳсга чорлайдиган мавзулар бисёр, биз эса ўшалардан айримларинигина танлаб олдик, холос

033
ИККИ ҲОДИСАНИНГ БИР ХИЛ САБАБИ
Дамин Жумақулов
011

01 Миллатимиз қуёши ҳазрат Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Кичкина нега шундай ном билан аталган? Мен шу вақтга қадар уни бўйи пастроқ одам бўлса керак, деб юрар эдим. Балки, бошқалар ҳам шундай ўйлагандир. Лекин унинг отига Кичкина лафзи қўшиб айтилишининг сабаби бошқача экан. Йирик матншунос ва навоийшунос олим Шуҳрат Сирожиддиновнинг «Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили» монографиясида ёзилишича, Соҳибқироннинг невараси, Умаршайх Мирзонинг ўғли Бойқарони Шоҳруҳ Мирзо Қандаҳорга ҳоким этиб тайинлаган. Ўша вақтда Навоийнинг бобоси Абу Саъид Чанг Шоҳруҳ Мирзо хизматида бўлган. Шоҳруҳ Мирзо уни «Амир ул-умаро» унвони билан тақдирлаб, ишончли киши сифатида Бойқаро билан Қандаҳорга жўнатган. Бойқаронинг ҳам, Абу Саъид Чангнинг ҳам Ғиёсиддин исмли қарийб тенгдош фарзандлари бўлган. Буларни фарқлаш учун амирнинг ўғли отига Кичкина сўзини қўшиб айтишган ва бунга одамлар кейинчалик одатланиб кетган.

01 Шу вақтга қадар Навоий Маш­ҳадда Абулқосим Бобур вафотидан сўнг узоқ йиллар яшаган, Ҳиротга қайтгач, Абу Саъид мирзо уни Самарқандга сургун қилди деган фикр устувор эди. Аммо Ш.Сирожиддинов бизга Абу Саъид мирзо тахтга ўтириб, Хуросонда нисбатан осойишталик ўрнатилгач, Навоий тезда Ҳиротга қайтгани ва бу ерда эътибор топмагач, яна Машҳадга кетганини илмий далиллар билан исботлаб берди. Муаллифнинг фикрича, Навоий Ҳиротдан эмас, балки Машҳаддан Самарқандга, шаҳзода Султон Аҳмад мирзога эшик оғаси сифатида унинг номидан ҳукуматни бошқариш учун юборилган Аҳмад Ҳожибек ёнига кетган. Бундан аён бўладики, Навоий Самарқандда қашшоқлик ва машаққатда яшамаган, аксинча, уни ҳоким моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган.

01 Бизни қизиқтирадиган масалалардан яна бири бу – Навоий ва Маждиддин Муҳаммад муносабатидир. Мазкур асарда баён қилинишича, 1469 йилдан 1492 йилга қадар бу икки шахс ўртасида совуқчилик бўлмаган. Кўнгилсиз воқеалар бундан кейин юз берган эса-да ҳар иккиси ҳам дарҳол муносабатларини яхшилаб олишга ҳаракат қилган. Маждиддиннинг Навоийга ёқмайдиган жиҳати эса унинг сўкинчоқлиги бўлиб, Навоий юксак лавозимда ўтирган кишидан бундай ишнинг содир бўлишига сира тоқат қила олмаган.

01 Одатда, катта фожиалар кичик ҳодисалар ортидан юз беради. Лекин инсон зоти фожианинг сабабини ўрганган вақтда негадир ана шу сабаб – кичкина ҳодисага кўп эътибор беравермайди. (Бу ўринда назарда тутганимиз, бир инсоннинг ноҳақ бошидан жудо этилиши, аммо улкан салтанатнинг барҳам топиши олдида кичик ҳодисадек кўринади-да кўзга). Айтайлик, Шоҳрух ва Улуғбек Мирзодан кейинги даврларда темурийлар тахтини узоқ йил мустаҳкам сақлай олган Ҳусайн Бойқаро салтанати нима сабабдан таназзулга юз тутди? Бу саволга ўша давр тарихи ва адабиёти билан шуғулланган мутахассислар Султон Ҳусайннинг маишатга ружу қўйгани, шаҳзодалар ўртасидаги мулк талашувлар, халқнинг норозилиги каби кўп­лаб важларни кўр­сатишади. Шуҳрат Сирожиддинов салтанатни емирувчи ана шундай омиллар қа­торига яна бир сабабни қўшади. Бу – Ҳусайн Бойқаронинг невараси, Бадиуззамоннинг ўғли Мўмин мирзонинг 1497 йил октябрь ойида қатл этилишидир. «Мўмин мирзонинг қатли воқеалари Навоийни қаттиқ изтиробга солгани ва бу хусусда Хондамирнинг Навоий тилидан келтирилган «Мўмин мирзо билан бўлган воқеа шайх Маждиддин Бағдодийнинг ўлими воқеасига монанддур. Зеро, ўшандан сўнг бутун Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ироқ Чингизхоннинг Турондан Эронга лашкар тортиши сабабли вайрон этилиб, халқ қирғинга учраган эди» тарзидаги ўхшатиш Амир Алишернинг салтанат таназзулига сабаб бўлаётган воқеалардан жиддий хавотирга тушганлигини кўрсатади».

Навоий нега бундай деган? Ёш шаҳзоданинг жонига ичи ачиганиданми ёки уруш ҳолатида, қўшинлари жангга шай турган Султон Ҳусайн ва Бадиуззамон мирзо – ота-бола ўртасидаги муносабатни эндигина яхшилашга эришган чоқда Хадичабегим ва Низомулмулк фитнаси юз бериб, барча уринишлари зое кетганиданми, ёхуд Султоннинг қатл борасида бемаслаҳат иш юритганидан аччиқланганиданми, ҳар ҳолда Мўмин мирзо ўз невараси, Навоий эса энг яқин дўсти, ҳаммаслаги, фарзандлари ва невараларининг мураббийси эди. Навоий айтган гапда буларнинг барчаси жамулжам ва энг эътиборлиси, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, авлиёлар авлиёсининг каромати эди бу.

01 Муҳтарам ўқувчига аёнки, Хоразм шоҳи Султон Муҳаммад мастликда Маждиддин Бағдодийнинг бошини олишга фармон бериб юборади. Эртасига бу ишидан пушаймон бўлиб, шайх Нажмиддин Кубродан узрхоҳлик тилаб бир товоқ олтин юборади. Наж­миддин Кубро совғани қабул қилмайди ва Маждиддин Бағдодийнинг боши минглаб хоразмликлар ва ўзининг ҳам бошини олиб кетишини айтади. Орадан кўп ўтмай, Султон Муҳаммад онаси Туркон хотун қистови билан Ўтрорга ҳоким қилиб юборган Иналчуқ Чингизхондан Султонга совға-саломлар олиб бораётган савдогарларни ўлдиради ва икки ўртада уруш бошланиб кетишига сабаб бўлади…

01 Энди икки воқеанинг ўхшаш жиҳатлари ҳақида. Ҳукмдорларнинг қатл юзасидан фармон чиқарган вақтдаги аҳволи: Муҳаммад Султон ҳам, Ҳусайн Бой­қаро ҳам маст эди; Султонларни бу ҳукмга ундовчилар: Туркон хотун ва Хадичабегим; қурбонлар Маждиддин Бағдодий – улуғ шайх, Мўмин мирзо – маъсум норасида; қурбонларнинг устозлари: Нажмиддин Кубро ва Алишер Навоий; лашкар тортганлар: Чингизхон ва Шайбонийхон; мағлубият ёки босқинга йўл қўйилиш сабаби: ҳар сафар жангда душман кийимини кийиб олиб, уларнинг ўртасида жанг қилишга жасорат этган Султон Муҳаммад тўсатдан қўрқувга тушади ва барча шаҳарлар ўзини ўзи ҳимоя қилсин, дея фармон беради, Султон Ҳусайн ҳам худди шундай йўл тутиб, барча темурий шаҳзодаларга хат йўллайди-да, уларга ўз мулкида мудофаа чораларини кўришни буюради. Бундан изтиробга тушган Бобур Мирзо «Темурбек ўрнига ўтирган Султон Ҳусайн мирзодек улуғ подшоҳ ғанимнинг устига юришни демай, ер беркитмоқни, мудофаани деса, эл ва улусда қандай умидворлик қолсин» (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Ваҳоб Раҳмонов ва Каромат Мўллахўжаева табдили. Тошкент, «Ўқитувчи», 2008, 101-бет) деб ёзади; ўртадаги фарқ: воқеалар шиддати, холос.

Бир қарашда Маждиддин Бағдодий ўлимидин сўнг кўп ўтмай мўғуллар Хоразм салтанатини ишғол қилгани, Бойқаро салтанати эса Мўмин мирзо қатл этилган машъум кундан ўн йил чамаси ўтиб, Султоннинг вафотидан сўнг барҳам топгани бу воқеалар ўртасида боғликлик йўқдек таассурот уйғотади. Бироқ, модомики, бу ишлар ғайб иши экан, муддатнинг белгиланиши ҳам ғайб­дан бўлади-да, бандада не ихтиёр!

01 Ушбу китобни ўқиш асносида аён ҳақиқатга яна бир бор имон келтирдикки, Яратганнинг севган бандаси, ҳимоя­га муҳтож бандаси ноҳақ нобуд бўлса, бунинг оқибатида уларнинг умрига зомин бўлган кишиларнинг ўзигина жазо олиб қолмасдан, балки, бутун бошли салтанатлар пайҳон бўлиб кетар экан.

Шуҳрат Сирожиддиновнинг мазкур асари Навоий ҳаётига оид энг пухта тадқиқотлардан бири бўлибди. Чунки олим бу асар устида жуда кўп вақт сабр-тоқат билан ишлаган, баъзи ўринларда бир сўзда ишлатилган ҳарфларни аниқлаш мақсадида ўнлаб қўлёзма манбаларни қиёсий ўрганган. Натижада, шу вақтга қадар биз тўғри деб ҳисоблаб келган ҳодисалар аслида бошқачароқ эканини аниқлашга, бизни асл маълумот билан таништиришга эришган. Китобнинг ҳар бир қисмида ўқувчини ҳайратга соладиган, баҳсга чорлайдиган мавзулар бисёр, биз эса ўшалардан айримларинигина танлаб олдик, холос.

Ҳар бир асарга қадр-қиммати­­­дан келиб чиқиб баҳо берилади. ­Ш.Сирожиддиновнинг «Алишер ­Навоий. Манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили» монографияси ўзбек навоийшунослиги, адабиётшунослик фанига қўшилган муҳим ҳиссадир. Бу асар ҳар жиҳатдан Давлат мукофотига муносиб деб ўйлаймиз.

хдк

(Tashriflar: umumiy 89, bugungi 1)

Izoh qoldiring