Guljamol Asqarova. Hazrat haqiqati

05      Беш юз етмиш беш йил ортга қарасангиз ҳам Мажнун ҳамон Лайли остонасида, Фарход мудом Ширин ҳасратида, одамизотнинг саралари мудом ўзини англаш учун Ҳазратнинг “Лисон ут тайр” асаридаги Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Ҳайрат, Тавҳид, Фақру фано водийларида жон чекиб юрибди. Қолгани мулозамат, очкўзлик, хушомад, ишёқмаслик, бойлик, мансаб деган чангалзорларда ботқоқ кечиб юрибди.

ҲАЗРАТ ҲАҚИҚАТИ
Гулжамол АСҚАРОВА
034

09Бугун қалби шеъриятга вобаста бўлган ҳар бир адабиёт, ғазалиёт, шеърият муҳиби дунёнинг қайси чеккасида бўлмасин Ҳазрат Навоийнинг руҳига тиловат қилиб тонгни қарши олгани аниқ.

9 феврал. Ҳазрат Навоийнинг таваллуд куни…

Буюк қалбнинг таваллуд куни… Дилбарлик куни, поклик ва шукуҳ куни!

Маҳобатли ва тилсимли сўз санъати ижодкорининг дунёни покламоқ қасдида ҳаёт бўстонига Яратганнинг ўзи юборган кун!

Улуғ одамлар ҳақида улуғ одамлар улуғ сўзларни айтадилар…

Ҳазрат ҳақидаги фикрларни ўқийман:
«Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир»

Ҳеч бир нисбийлиги йўқ сўз, айни ҳақиқат акс этган сўзлар….

Шоирларни шоири, улуғларнинг улуғи, ҳар қандай буюкликнинг энг чўққисидир менинг Ҳазратим!

Ўша-ўша

Беш юз етмиш беш йил ортга қарасангиз ҳам Мажнун ҳамон Лайли остонасида, Фарход мудом Ширин ҳасратида, одамизотнинг саралари мудом ўзини англаш учун Ҳазратнинг “Лисон ут тайр” асаридаги Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Ҳайрат, Тавҳид, Фақру фано водийларида жон чекиб юрибди. Қолгани мулозамат, очкўзлик, хушомад, ишёқмаслик, бойлик, мансаб деган чангалзорларда ботқоқ кечиб юрибди.

Мажнун Яратган олдида бандалик фарзини, ота-она олдида фарзандлик қарзини узолмай ҳамон ота-онаси қабри олдида бошларидан тупроқ сочиб ўтирибди….Онаси руҳи билан сўзлашиб “Она, сен мени Каъбамсану, мен бу Каъбани хароб қилдим, Тангрига жавобим не бўлар энди” деб йиғлаб ўтирибди. Лайли ишқида ўзини тугатиб шу пушаймонликда ўтирибди.

Отаси унга “биз ҳам сен кечаётган ишқ фаслини ўтказган эдик, биз ҳам севган эдик, лекин сен қадар ўзни унутмагандик, уйга қайт” деб ялинганларида Мажнун ихтиёри ўзидамаслигини айтганди. Энди у пушаймонлик азобида шу сатрларни такрорлаб турибди..

К-эй жонима қибла, қиблама нур,
Мушкунг бўлуб эмгакимда кофур.

Солиб санга изтироб ҳар дам,
Каъбамни қилиб хароб ҳардам.

Каъбам бўлмиш менинг харобим,
Тенгрига не бўлғуси жавобим?

Туққонда не бўлғай ўлсам эрди,
Туғмогон ила тенг ўлсам эрди,

Қул янглиғ ўғуллуғунгни қилсам,
Ўғул киби қуллунғунгни қилсам.

Бу сўзларни ўқиб ҳайратланаман, ўзим ҳам шу ҳолдаманку… ҳаёт бўлган (шукрким) ота-онамни ҳам йўқлолмай болалик хотираларини мисли тупроқ каби бошимдан сочиб пушаймонлик ичра ўтирибманку….

Асрлар ўтсада ўзгармас эканми бу ҳислар, бу қарздорлик туйғулари…Бобомеросми қонимизга бу пушаймонликлар…. Савол бору жавоб йўқ….

Муҳаббат эҳтиёжимдур…

Яна севиклигим «Лайли ва Мажнун»ни ўқийман: «Бу эшикдан бошимни олмайман» деди Мажнун Лайли остонасига бошини қўйиб….

Қани шундай муҳаббатлар, нега ошиқман дейдию ёрининг остонасига бош қўйиш тугул, остонага ҳам етмай қайрилиб кета олади ҳозир «ошиқ»лар…Ўзи улар нимага ошиқлар? Нега ошиқарлар?

«Бешикдан то қабр қадар муҳаббат эҳтиёжимдур» дейди Ҳазрат….

Менчи, одамлар муҳаббатини тупроққа ва ҳатто ўз муҳаббатимни ичимга кўмишдан бошқасига ярадимми? …Азобли саволлар, ҳақли саволлар….

Лекин бир таскиним бор…Ўзим ҳам севганимда мудом бошим остонада эдику…шундай севолдимку…. Ҳеч қачон мен учун очилмайдиган эшик олдида турибманку ҳалиям…. Остонадаку бошим…. Бироқ мени бугун, замон, тирикчилик чалғитади…..
Яна Ҳазратимдан жавоб оламан:

Ошиқки, муроди ком бўлғай,
Ошиқлиқ анга ҳаром бўлғай.

Навоийсизлик

Мен Навоийга мурожаат этмаган, унинг ғазалларини маромига етказиб куйлай олмаган ўзбек қўшиқчиларини тингламайман…тинглай олмайман…

Замон нафаслари ва олис ўтмиш уйғунлашиб кетган садолар қулоғимга чалинади…Дарвешларга ўхшаб қўлларини кўкларга чўзиб, ерларни тепиб руҳим рақсга тушади:

Лаълинг оё не ажаб рангиндур,
Сўзи анинг не бало шириндур.

Ҳам қошинг тақвову тоатқа бало,
Ҳам кўзунг офати ақлу диндур.

Ҳулла ичра баданингким кўрунур,
Гўё гулбарг аро насриндур.

Қатлу тиргузмак эрур ойининг,
Оллоҳ-оллоҳ санга не ойиндур?!

Соқиё, ҳажрида тутқил манга май
Ким, бу судин ўтума таскиндур.

Маю васл аҳлики бу давр ичра,
Бизга хуноби жигар таъйиндур.

Ҳажринг айёми Навоий тинмас,
Бир кўрунуб анга кўнглин тиндур.

Ҳазратимга мактуб

Менинг ишхонам Сизнинг номингиз билан аталувчи кўчада жойлашган (Алишер Навоий кўчаси). Ҳар куни иш важидан Сизнинг номингизни ўн бор ёзаман, ҳар тонг машина тўхтатиб ишхонага келгунимча сизнинг исмингизни ўн бор такрорлайман.

Исмингиз билан бошланади куним… Бугун бу кўча яхшиларнинг саъй-ҳаракати билан ободлик кўчасига айланди. Ўзингиз асарларингизда орзу қилганингиз каби фаровонлик кўчасига айланди.

Буюклар башорати нақадар кучга эгалигини англадим. Зеро, машойихлар айтгани каби “Ҳақиқий шоирлар авлиёдирлар, ҳақиқий авлиёлар шоирдурлар”.

Ҳазратим, сиз халқнинг бахт-саодати, фаровон турмуши, келажаги учун курашган, умрини ва ижодини унга бахшида этган, эли ва юрти учун яшаб ижод қилган ҳақиқий шоирсиз. Тарихчиларнинг қайд этишича, Сиз ўз маблағларингиз ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 17 та масжид, 40 та работ, 10 та хонақоҳ, 9 та ҳаммом, 9 та кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурдирган ва таъмирлаттирган экансиз.

Бугун бу юртда кўчалар, маърифий даргоҳлар, ўқув юртлари, музейлар Сизнинг номингиз билан аталди.

Гўзал яшалган умрнинг давоми ҳам гўзал бўлишини шунда кўрдим. Руҳингиз шод бўлсин, илоҳим!

Аввалгиларга ўхшамас….

Замонлар ўтди….Лекин Ҳазратим ўша ўша….Одамлар ўзгарди…Лекин Ҳазрат Навоийнинг яшаш фалсафаси ва тириклик мезонлари ўша-ўша…

Ҳазрат айтадилар:

Ошиқ ўлдум панд берманг, чорам асбобин тузунг,
Ишқ зор этганга зулм этманг, тараҳҳум кўргузунг.

Дарҳақиқат, ошиқ бўлган қалбга озор бермоқлик золимларнинг иши, зеро машойихлар айтганидек: «Қалбга озор, Худога озор»… Қалб Яратганга тегишлидир…

Руҳим маюс тортади… Ўша маҳзун овоз билан ҳазратимнинг нидолари қулоғимда жаранглайди…

Кўнглим ичра дарду ғам аввалгиларга ўхшамас.

Ҳа ҳатто ўз кўксингдаги ишқ, севганингга бўлган муҳаббат ҳам аввалгидек оташин эмаслигини англайсан… Замоннинг аниқ мезонлари, расмий йиғинларнинг адо бўлмас қарорлари, тирикчиликнинг ёқимсиз обу ҳавоси, елкангдаги юклари қалбинг ойнасига чанг бўлиб ўтириб қолганлигини англайсан одам….

Қалбингни покламоғинг керак, ювмоғинг керак…дейман ўзимга ўзим….Бу покланиш илмини эса фақат Ҳазратимдан ўрганиш мумкин….

Ҳамма саволларимга Навоий бобомдан жавоб топаман….

Ҳатто айрим ғайрати суст замондошларни кузатиб ҳам яна бобомнинг ҳикматларини эслайман. Улар айтадилар:

Тухм ерга кириб, чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқми,
Ипак қуртича ҳимматинг йўқми?

Бу сўзлар одамзотни ғайратли бўлмоққа ундайди. Яратгандан нолиб умр ўтказиш ўрнига ғайратни, шижоатни ишга солмоқликни уқтиради. Зеро шу бир неча лаҳзаларгагина ҳаётга келган ипак қурти ҳам ўтирган жойида ипакдек гўзал матонинг ашёсига айланадику..

Хулоса…

Ҳазрат асарларини фикри ожизиму, шу ғариб қувваи ҳофизам билан ўқиб тирикликнинг бобомиздан мерос учта қоидасини англадим:

— Ҳалоллик,
— Ғайрату шижоат;
— Дилга озор бермаслик.

Бу қоидалар балки Яратганнинг бандалари олдига қўйган вазифаларидир…. Нима бўлганда ҳам шу қоидалар (агар амал қилинса) одамни қалбан улғайтиради, камолга етказади, ўзини ўзига англатади.

Ҳофизни нолавор, ҳазин овози оҳанг билан уйғунлашиб руҳимни яна оҳанг селларида оқиради.

Чун Навоий кўнглини қилди гнриҳ бир тори зулф,
Дўстлар, сарриштаи уммидини андин узунг.

Мен шу сўзлар оҳангида оқиб борарканман Ҳазратимдан ҳечам кўнгил узгим келмайди….Эргашиб кетавераман….Девонларга чўкаман, ғазалларга кўмиламан, ҳикматлар оҳангида сел бўламан….

Неажабким, Ҳазратимга эргашиб кетаверганим сари ўтмишга эмас, янаям олдинга, келажакка қараб юраётганимни сезаман….Ҳазратим унинг сўзларини уққан авлодни ўтмишдан туриб кузатаётганини, юрганида ёнидалигини, келажакда туриб кутиб олаётганини ҳис этаман…. Нигоҳларингиз учун рахмат Ҳазратим деб шивирлаб қўяман ўзимча…

«Умидни ондин узинг» Умид узгим йўқ…Қанийди шу гавҳарзор оралаб юраверсам, юраверсам….Ҳеч ким индамаса, ҳукм этмаса, чорламаса, иш…расмиятчиликлар безовта қилмаса…тирикчилик деган қўнғироқ бонг урмаса….юраверсам шу сўззорда….

Насиб этсаю Ҳазратимга яқин боролсам аввало шу узуқ йўлиқ номаларим учун, умримни тикиб ёзаётганим шу ғарибгина шеърларим учун, ўзимга ўхшаб тузсизроқ сўзларни ёзиб нон-туз топиб юрганлар учун узр сўрайман…Кейин ушбу ғазалларини ўқиб бераман:

Ошиқ ўлдум панд берманг, чорам асбобин тузунг,
Ишқ зор этганга зулм этманг, тараҳҳум кўргузунг.

Эйки дерсиз ишқ аро сабринг уйин обод қил,
Мундоқ этгунча ҳаётим қасри бунёдин тузунг.

Сарвинозим гар борур кўз боғидин, қилмон қабул,
Гар анинг ўрнида тўби наҳлини ўлтурғузунг.

Онсизин, эй дўстлар, не заҳру не обиҳаёт,
Ким мусовидур менга гар ўлтурунг, гар тиргузунг.

Гар ажал турғузмади жисмимни ул ой кўйида,
Дўстлар, наъшимни бори анда бир дам турғузунг.

Дурд келтурдунг дебон ёзғурмангуз, эй аҳли ишқ,
Бок йўқ зуҳдум ридоси кунжига солиб сузунг.

Чун Навоий кўнглини қилди гнриҳ бир тори зулф,
Дўстлар, сарриштаи уммидини андин узунг.

08

HAZRAT HAQIQATI
Guljamol ASQAROVA
034

Bugun qalbi she’riyatga vobasta bo’lgan har bir adabiyot, g’azaliyot, she’riyat muhibi dunyoning qaysi chekkasida bo’lmasin Hazrat Navoiyning ruhiga tilovat qilib tongni qarshi olgani aniq.

9 fevral. Hazrat Navoiyning tavallud kuni…

Buyuk qalbning tavallud kuni… Dilbarlik kuni, poklik va shukuh kuni!

Mahobatli va tilsimli so’z san’ati ijodkorining dunyoni poklamoq qasdida hayot bo’stoniga Yaratganning o’zi yuborgan kun!

Ulug’ odamlar haqida ulug’ odamlar ulug’ so’zlarni aytadilar…

Hazrat haqidagi fikrlarni o’qiyman:
«Agar bu ulug’ zotni avliyo desak, u avliyolarning avliyosi, mutafakkir desak, mutafakkirlarning mutafakkiri, shoir desak, shoirlarning sultonidir»

Hech bir nisbiyligi yo’q so’z, ayni haqiqat aks etgan so’zlar….

Shoirlarni shoiri, ulug’larning ulug’i, har qanday buyuklikning eng cho’qqisidir mening Hazratim!

O’sha-o’sha

Besh yuz yetmish besh yil ortga qarasangiz ham Majnun hamon Layli ostonasida, Farxod mudom Shirin hasratida, odamizotning saralari mudom o’zini anglash uchun Hazratning “Lison ut tayr” asaridagi Talab, Ishq, Ma’rifat, Istig’no, Hayrat, Tavhid, Faqru fano vodiylarida jon chekib yuribdi. Qolgani mulozamat, ochko’zlik, xushomad, ishyoqmaslik, boylik, mansab degan changalzorlarda botqoq kechib yuribdi.

Majnun Yaratgan oldida bandalik farzini, ota-ona oldida farzandlik qarzini uzolmay hamon ota-onasi qabri oldida boshlaridan tuproq sochib o’tiribdi….Onasi ruhi bilan so’zlashib “Ona, sen meni Ka’bamsanu, men bu Ka’bani xarob qildim, Tangriga javobim ne bo’lar endi” deb yig’lab o’tiribdi. Layli ishqida o’zini tugatib shu pushaymonlikda o’tiribdi.

Otasi unga “biz ham sen kechayotgan ishq faslini o’tkazgan edik, biz ham sevgan edik, lekin sen qadar o’zni unutmagandik, uyga qayt” deb yalinganlarida Majnun ixtiyori o’zidamasligini aytgandi. Endi u pushaymonlik azobida shu satrlarni takrorlab turibdi..

K-ey jonima qibla, qiblama nur,
Mushkung bo’lub emgakimda kofur.

Solib sanga iztirob har dam,
Ka’bamni qilib xarob hardam.

Ka’bam bo’lmish mening xarobim,
Tengriga ne bo’lg’usi javobim?

Tuqqonda ne bo’lg’ay o’lsam erdi,
Tug’mogon ila teng o’lsam erdi,

Qul yanglig’ o’g’ullug’ungni qilsam,
O’g’ul kibi qullung’ungni qilsam.

Bu so’zlarni o’qib hayratlanaman, o’zim ham shu holdamanku… hayot bo’lgan (shukrkim) ota-onamni ham yo’qlolmay bolalik xotiralarini misli tuproq kabi boshimdan sochib pushaymonlik ichra o’tiribmanku….

Asrlar o’tsada o’zgarmas ekanmi bu hislar, bu qarzdorlik tuyg’ulari…Bobomerosmi qonimizga bu pushaymonliklar…. Savol boru javob yo’q….

Muhabbat ehtiyojimdur…

Yana sevikligim «Layli va Majnun»ni o’qiyman: «Bu eshikdan boshimni olmayman» dedi Majnun Layli ostonasiga boshini qo’yib….

Qani shunday muhabbatlar, nega oshiqman deydiyu yorining ostonasiga bosh qo’yish tugul, ostonaga ham yetmay qayrilib keta oladi hozir «oshiq»lar…O’zi ular nimaga oshiqlar? Nega oshiqarlar?

«Beshikdan to qabr qadar muhabbat ehtiyojimdur» deydi Hazrat….

Menchi, odamlar muhabbatini tuproqqa va hatto o’z muhabbatimni ichimga ko’mishdan boshqasiga yaradimmi? …Azobli savollar, haqli savollar….

Lekin bir taskinim bor…O’zim ham sevganimda mudom boshim ostonada ediku…shunday sevoldimku…. Hech qachon men uchun ochilmaydigan eshik oldida turibmanku haliyam…. Ostonadaku boshim…. Biroq meni bugun, zamon, tirikchilik chalg’itadi…..
Yana Hazratimdan javob olaman:

Oshiqki, murodi kom bo’lg’ay,
Oshiqliq anga harom bo’lg’ay.

Navoiysizlik

Men Navoiyga murojaat etmagan, uning g’azallarini maromiga yetkazib kuylay olmagan o’zbek qo’shiqchilarini tinglamayman…tinglay olmayman…

Zamon nafaslari va olis o’tmish uyg’unlashib ketgan sadolar qulog’imga chalinadi…Darveshlarga o’xshab qo’llarini ko’klarga cho’zib, yerlarni tepib ruhim raqsga tushadi:

La’ling oyo ne ajab rangindur,
So’zi aning ne balo shirindur.

Ham qoshing taqvovu toatqa balo,
Ham ko’zung ofati aqlu dindur.

Hulla ichra badaningkim ko’runur,
Go’yo gulbarg aro nasrindur.

Qatlu tirguzmak erur oyining,
Olloh-olloh sanga ne oyindur?!

Soqiyo, hajrida tutqil manga may
Kim, bu sudin o’tuma taskindur.

Mayu vasl ahliki bu davr ichra,
Bizga xunobi jigar ta’yindur.

Hajring ayyomi Navoiy tinmas,
Bir ko’runub anga ko’nglin tindur.

Hazratimga maktub

09Mening ishxonam Sizning nomingiz bilan ataluvchi ko’chada joylashgan (Alisher Navoiy ko’chasi). Har kuni ish vajidan Sizning nomingizni o’n bor yozaman, har tong mashina to’xtatib ishxonaga kelgunimcha sizning ismingizni o’n bor takrorlayman.

Ismingiz bilan boshlanadi kunim… Bugun bu ko’cha yaxshilarning sa’y-harakati bilan obodlik ko’chasiga aylandi. O’zingiz asarlaringizda orzu qilganingiz kabi farovonlik ko’chasiga aylandi.

Buyuklar bashorati naqadar kuchga egaligini angladim. Zero, mashoyixlar aytgani kabi “Haqiqiy shoirlar avliyodirlar, haqiqiy avliyolar shoirdurlar”.

Hazratim, siz xalqning baxt-saodati, farovon turmushi, kelajagi uchun kurashgan, umrini va ijodini unga baxshida etgan, eli va yurti uchun yashab ijod qilgan haqiqiy shoirsiz. Tarixchilarning qayd etishicha, Siz o’z mablag’laringiz hisobidan Hirotda va mamlakatning boshqa shaharlarida bir necha madrasa, 17 ta masjid, 40 ta rabot, 10 ta xonaqoh, 9 ta hammom, 9 ta ko’prik, 20 ga yaqin hovuz qurdirgan va ta’mirlattirgan ekansiz.

Bugun bu yurtda ko’chalar, ma’rifiy dargohlar, o’quv yurtlari, muzeylar Sizning nomingiz bilan ataldi.

Go’zal yashalgan umrning davomi ham go’zal bo’lishini shunda ko’rdim. Ruhingiz shod bo’lsin, ilohim!

Avvalgilarga o’xshamas….

Zamonlar o’tdi….Lekin Hazratim o’sha o’sha….Odamlar o’zgardi…Lekin Hazrat Navoiyning yashash falsafasi va tiriklik mezonlari o’sha-o’sha…

Hazrat aytadilar:

Oshiq o’ldum pand bermang, choram asbobin tuzung,
Ishq zor etganga zulm etmang, tarahhum ko’rguzung.

Darhaqiqat, oshiq bo’lgan qalbga ozor bermoqlik zolimlarning ishi, zero mashoyixlar aytganidek: «Qalbga ozor, Xudoga ozor»… Qalb Yaratganga tegishlidir…

Ruhim mayus tortadi… O’sha mahzun ovoz bilan hazratimning nidolari qulog’imda jaranglaydi…

Ko’nglim ichra dardu g’am avvalgilarga o’xshamas.

Ha hatto o’z ko’ksingdagi ishq, sevganingga bo’lgan muhabbat ham avvalgidek otashin emasligini anglaysan… Zamonning aniq mezonlari, rasmiy yig’inlarning ado bo’lmas qarorlari, tirikchilikning yoqimsiz obu havosi, yelkangdagi yuklari qalbing oynasiga chang bo’lib o’tirib qolganligini anglaysan odam….

Qalbingni poklamog’ing kerak, yuvmog’ing kerak…deyman o’zimga o’zim….Bu poklanish ilmini esa faqat Hazratimdan o’rganish mumkin….

Hamma savollarimga Navoiy bobomdan javob topaman….

Hatto ayrim g’ayrati sust zamondoshlarni kuzatib ham yana bobomning hikmatlarini eslayman. Ular aytadilar:

Tuxm yerga kirib, chechak bo’ldi,
Qurt jondin kechib, ipak bo’ldi.

Lola tuxmicha g’ayrating yo’qmi,
Ipak qurticha himmating yo’qmi?

Bu so’zlar odamzotni g’ayratli bo’lmoqqa undaydi. Yaratgandan nolib umr o’tkazish o’rniga g’ayratni, shijoatni ishga solmoqlikni uqtiradi. Zero shu bir necha lahzalargagina hayotga kelgan ipak qurti ham o’tirgan joyida ipakdek go’zal matoning ashyosiga aylanadiku..

Xulosa…

Hazrat asarlarini fikri ojizimu, shu g’arib quvvai hofizam bilan o’qib tiriklikning bobomizdan meros uchta qoidasini angladim:

— Halollik,
— G’ayratu shijoat;
— Dilga ozor bermaslik.

Bu qoidalar balki Yaratganning bandalari oldiga qo’ygan vazifalaridir…. Nima bo’lganda ham shu qoidalar (agar amal qilinsa) odamni qalban ulg’aytiradi, kamolga yetkazadi, o’zini o’ziga anglatadi.

Hofizni nolavor, hazin ovozi ohang bilan uyg’unlashib ruhimni yana ohang sellarida oqiradi.

Chun Navoiy ko’nglini qildi gnrih bir tori zulf,
Do’stlar, sarrishtai ummidini andin uzung.

Men shu so’zlar ohangida oqib borarkanman Hazratimdan hecham ko’ngil uzgim kelmaydi….Ergashib ketaveraman….Devonlarga cho’kaman, g’azallarga ko’milaman, hikmatlar ohangida sel bo’laman….

Neajabkim, Hazratimga ergashib ketaverganim sari o’tmishga emas, yanayam oldinga, kelajakka qarab yurayotganimni sezaman….Hazratim uning so’zlarini uqqan avlodni o’tmishdan turib kuzatayotganini, yurganida yonidaligini, kelajakda turib kutib olayotganini his etaman…. Nigohlaringiz uchun raxmat Hazratim deb shivirlab qo’yaman o’zimcha…

«Umidni ondin uzing» Umid uzgim yo’q…Qaniydi shu gavharzor oralab yuraversam, yuraversam….Hech kim indamasa, hukm etmasa, chorlamasa, ish…rasmiyatchiliklar bezovta qilmasa…tirikchilik degan qo’ng’iroq bong urmasa….yuraversam shu so’zzorda….

Nasib etsayu Hazratimga yaqin borolsam avvalo shu uzuq yo’liq nomalarim uchun, umrimni tikib yozayotganim shu g’aribgina she’rlarim uchun, o’zimga o’xshab tuzsizroq so’zlarni yozib non-tuz topib yurganlar uchun uzr so’rayman…Keyin ushbu g’azallarini o’qib beraman:

Oshiq o’ldum pand bermang, choram asbobin tuzung,
Ishq zor etganga zulm etmang, tarahhum ko’rguzung.

Eyki dersiz ishq aro sabring uyin obod qil,
Mundoq etguncha hayotim qasri bunyodin tuzung.

Sarvinozim gar borur ko’z bog’idin, qilmon qabul,
Gar aning o’rnida to’bi nahlini o’lturg’uzung.

Onsizin, ey do’stlar, ne zahru ne obihayot,
Kim musovidur menga gar o’lturung, gar tirguzung.

Gar ajal turg’uzmadi jismimni ul oy ko’yida,
Do’stlar, na’shimni bori anda bir dam turg’uzung.

Durd kelturdung debon yozg’urmanguz, ey ahli ishq,
Bok yo’q zuhdum ridosi kunjiga solib suzung.

Chun Navoiy ko’nglini qildi gnrih bir tori zulf,
Do’stlar, sarrishtai ummidini andin uzung.

08

(Tashriflar: umumiy 154, bugungi 1)

1 izoh

  1. Қалбингиз акс этган сатрларнинг ҳаммаси Ҳазратда бор…
    ***
    Оллоҳ-Оллоҳ, ишқ аро мундоқ балолар бор эмиш…
    ***
    Мени мен истағон ўз суҳбатиға аржуманд этмас,
    Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас…

    Опа, ҳақ гапни ёзибсиз:
    Замоннинг аниқ мезонлари, расмий йиғинларнинг адо бўлмас қарорлари, тирикчиликнинг ёқимсиз обу ҳавоси, елкангдаги юклари қалбинг ойнасига чанг бўлиб ўтириб қолганлигини англайсан одам….

    Қалбингни покламоғинг керак, ювмоғинг керак…дейман ўзимга ўзим….Бу покланиш илмини эса фақат Ҳазратимдан ўрганиш мумкин….

Izoh qoldiring