Gulnoza Odilova. Alisher Navoiyga bag’ishlangan maqola va suhbat.

099
9 феврал — Буюк ўзбек шоири,мутафаккири,давлат арбоби,туркий адабиётнинг буюк сиймоси Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун.

   Алишер Навоий ғазалларининг маъно ва мазмунини теран англаб етинг, у билан фахр-ифтихор этинг. Бошингизни баланд кўтаринг, зеро, сиз шундай буюк зотнинг авлодларисиз. Ул зотнинг туғилган кунлари сизнинг туғилган кунингиз! Ўзбек адабиётининг, гўзаллик ва нафосатнинг туғилган кунидир!

099

ҒАЙРАТ ВА ҲИММАТ ЗАРУР
Гулноза Одилова

Тухм ерга кириб чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқму?!
Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?!

(“Бадойиъ ул-бидоя” девонидан.)

077Дарҳақиқат, буюк шоиримизнинг жонфидолик борасидаги ушбу атиги тўрт мисрали назмий дурдонасига сингдирилган маънонинг бениҳоя теран ва ҳаётийлигидан ҳайратга тушамиз. Бироқ баъзан тирикчилик баҳонасида атрофимиздаги кишиларга озгина кўмак беришга ҳимматимиз ёхуд ўзимиз учун ошиб-тошиб ётган ғайратимиз етмай қолади. Қарийб олти аср муқаддам ушбу ҳикматни битаётганда Навоий бобомиз кун келиб ана шу даъвати авлодларга етиб боришига, улар қалбида ғайрат ва ҳиммат туйғуларини уйғотишига катта умид боғлаган бўлса не ажаб.

Албатта, улуғ шоир ижодини ҳар ким ўз билими, савияси даражасида идроклайди, тушунади ва талқин қилади. Мен англаган бир ҳақиқат шуки, XVI асрда Европа Уйғониш даврига туртки берган ғоялар Алишер Навоий ижодидаги умуминсоний гуманистик ғояларга ҳамоҳангдир. Мана бир мисол. Навоий “Садди Искандарий” достони муқаддимасида “бутун оламдан, ҳатто оламдан ташқаридаги мавжудотлардан ҳам мурод-мақсад одамдир” деган фикрни илгари суради:

Очилғоч бу гулшанда инсон гули,
Не инсон гули, боғи ризвон гули…

Карам бирла халқ айлагай оламе,
Бу оламда мақсуд анга одаме.

Ғараз одаме анга олам туфайл,
Неким ғайри оламдур ул ҳам туфайл.

Беруний океан ортида қуруқлик борлигини тафаккур этгани каби Навоий ҳам бошқа қитъаларда ва ҳатто бутун ер юзида маънавий таназзулга олиб келиши мумкин бўлган омилларни кўра билган.

Қизиғи шундаки, Навоийдан бир аср кейин ижод қилган Вильям Шекспир драма ва сонетларида айнан Навоий илгари сурган комил инсон ғоясини тарғиб этади. Шунингдек, Уйғониш даври шоирлари – Шекспир, Петрарка, Чосер ижодида Навоий Шарқдан туриб тараннум этган инсоннинг буюклиги, коинотнинг яратилишидан муддао айнан одам экани, унинг қадри бу қадар пасайиб кетмаслиги ҳақидаги гуманистик ғоялар акс этган. Ана шу ғоялар Европа Уйғониш даврига асос бўлди, таркидунёчиликнинг барҳам топишига хизмат қилди.

Бундай алоқадорлик сабабли, шубҳасиз, халқлар ўртасида адабий кўприк вазифасини ўтаб келаётган таржимачилик фаолияти билан боғлиқ. Чунончи, 1557 йилда Майкл Трамеззино томонидан “Сардипнинг уч шҳзодаси” номли китоб Венецияда италян тилида босилиб чиқади. Муаллиф муқаддимада асарни форс тилидаги эртакни итальянчада сўзлаб берган Христофор Арманодан эшитганлари асосида ёзганини таъкидлаб ўтади. Шарқшунос олимларнинг фикрича, мазкур китоб икки мустақил сюжетдан таркиб топган. Унинг биринчи қисми Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Ҳашт биҳишт” (“Саккиз жаннат”) достонидан олинган бир ҳикоя асосида ёзилган. Иккинчи қисмида эса Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонидаги асосий воқеа – Баҳром Гўр ва Дилором саргузаштлари баён қилинган. Бу асар итальян тилида бир неча маротаба нашр этилиб, шу тилдан немис, француз, голланд тилларига ўгирилади. Аммо ҳеч қаерда на Деҳлавий, на Навоий номи келтирилмайди. Бу асар сюжетларидан бирининг генезиси Навоийга тегишли экани ғарб шарқшунослари томонидан кейинчалик аниқланди.

Шекспир итальян тилини яхши билган ва итальян сонети асосчиси Франческо Петрарка ижоди билан қизиққан. Шарқда Навоий туркий тил мавқеини юксакка кўтарганидек, ғарбда Шекспир итальян сонетининг темир қонунларини ўзгартириб, инглиз сонетининг ўзгармас вазнини яратади. Шекспиршуносларнинг айтишича, 1585 — 1592 йилларда Шекспир ижоди кўзга кўриниб қолган. Айни шу пайтда Трамеззионнинг машҳур «асари» кўп тилларга таржима қилинган. Шу маънода айтиш мумкинки, ўша машµур китобни Шекспир ўқиган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шарқшунос олим Р.Бойланинг 2000 йил нашр этилган илмий рисоласида қайд этилишича, мазкур китоб Европада ўша даврда қўлма-қўл ўқилган. Олимнинг таъкидлашича, мазкур асар Бокаччонинг “Декамерон”идек машҳур бўлган, 1584 йили Венецияда қайта нашр этилган. Ғарбда мазкур асар тадқиқига оид янгидан-янги илмий ишларнинг олиб борилаётгани ҳам эътиборга молик. Умуман, бу йўналишда жиддий текстологик тадқиқотлар олиб борилса, Навоий ижодининг Ғарбга таъсири янада ойдинлашади. Навоий ғазалиёти ва Шекспир шеърияти ўртасидаги фарқ шундаки, Шекспир содда ўхшатишлар орқали комил инсон ҳақидаги ғояларга ишора қилган бўлса, Навоий бу йўлда латиф тешбеҳлар ва мураккаб сўз ўйинлари, турли қочиримларни қўллайди. Шу биргина далил ҳам ўша даврларда Шарқ ва Ғарб дунёқараши ва тафаккур кўлами қай даражада бўлганлигини кўрсатади.

Дарҳақиқат, Алишер Навоий ғазалиёти Шарқу Ғарбни бирдек мафтун этадиган даражада гўзал ва мукаммал. Нафақат Шекспир, Гёте ва бошқа даҳо сўз санъаткорлари асарларида ҳам Навоий ижодига хос умуминсоний ғоялар акс этганини назарда тутсак, 21-асрга қадар ҳам буюк шоиримиз меросига Ғарбда қизиқиш кучли бўлгани англашилади. Чунончи, Гарвард ва Индиана университетларида Ислом ва Ўрта Осиё тарихини ўрганган мутахассис Барри Хобермен Алишер Навоийга бағишланган “Туркийлар Чосери” номли йирик мақоласида Навоий ижодиёти, унинг туркий тил мавқеини мустаҳкамлашдаги хизмати Чосер ва Дантенинг ўз она тили, адабиёти ривожига қўшган ҳиссасидан кам эмаслигини таъкидлайди. Бу ҳам Ҳазратнинг жаҳон эътирофини қозонган улуғ шоир эканлигини далиллайди. Аммо Навоий шеъриятидан инглиз тилига қилинган таржималар саноқлидир.

Алишер Навоий асарларининг инглиз тилига таржимаси ва уларнинг чет элларга тарғиботини кучайтириш долзарб вазифалар сирасидан. Аруз вазнидаги асарлар инглиз китобхони учун бегона оҳангга эгалиги боис яқин-яқинларгача ушбу вазнда ёзилган шеърни инглиз тилли халқлар қабул қилолмайди, деган қараш мавжуд эди. Аммо хорижлик шоирлар орасида кейинги пайтда пайдо бўлган ғазал ёзиш анъанаси бу борада кенг имкониятлар эшигини очди.

Истиқлолга эришганимиздан кейин Ўзбекистонда Навоий ижодига, улкан меросига эътибор ўзининг юксак чўққисига кўтарилди ва Ғарбда ҳам қизиқиш тобора ортиб бораяпти. Бу жараёнда улуғ шоир ижоди намуналарини жаҳон халқлари тилларига таржима қилишга қизиқиш кучайгани рост. Ҳолбуки, ўтган асрда В.Левиева ва Д.Роттенберг каби мутахассисларнинг 1958 йили Москвада чоп этилган “Uzbek poetry” номли тўпламидан Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидан Фарҳод ва Хусрав диалоги, ҳикматли сўзлардан айрим намуналар ва атиги учта ғазали киритилган эди, холос.

Шу маънода улуғ шоир асарларининг таржимасида Й.Парда, Л.Кметюк ва К.Маъмуров таржимасида инглиз ва немис тилида 2000 йилда чоп этилган “Уммондан дурлар. Ғазаллар, ҳикматлар ва рубоийлардан намуналар” номли китоб бу борадаги дастлабки жиддий қадамлардан бўлди.

2009 йилда Германиянинг Фрайе университети симпозиумида ўқилган маърузалар асосида тайёрланган “Mir Alisir Nawai” номли тўпламга тўққизта мақола киритилган. Тўпламдаги 300 саҳифали мақоласида З.Клайнмиҳел шоир ижоди, кундалик турмуши, ғазал ёзиш қонуниятлари, шарқона ғазал оҳанги каби муаммоларни еттита фаслга бўлиб ўрганган, шарҳлаб берган. Таржимон М.Эргашев Жан Жаке Гате билан ҳамкорликда француз тилига таржима қилган Навоий рубоийлари Францияда чоп этилди.

Гарчи Навоий асарлари немис, француз олим ва таржимонлари томонидан бир қадар ўрганилган, ўгирилган бўлса-да, бу борада инглиз мутахассислари фаолиятида сусткашлик кузатилаяпти. Ғарблик олим ёки таржимоннинг Алишер Навоийга меҳр қўйиши нафақат уларнинг касбий маҳоратига, балки буюк бобокалонимизни ўзи учун кашф этиш йўлидаги фидойилигига ҳам боғлиқдир. Мутафаккир шоир бадииятини чет тилда аниқ-тиниқ акс эттириш учун, биринчидан, инглиз таржимонида Навоийни ҳис этиш инстинкти шаклланмоғи лозим. Бунинг учун кенг кўламли ишларни амалга ошириш, чунончи, Навоий асарларининг инглизча изоҳли луғатлари, образларининг генезиси, шарқона шеърий санъатлар, оҳанг ва қофия ҳақидаги илмий адабиётларнинг инглизча таржималарини яратиш, атоқли навоийшуносларнинг Навоий ғазалларига ёзган шарҳларини тўплаб таржима қилиш лозим. Иккинчидан, инглиз таржимонлари навоийшунослар билан ҳамкорликда ишлашлари зарур. Олиб борилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, навоийшунос олим — инглизчани пухта эгаллаган таржимон — аслият тили вакили, яъни мана шу учликнинг якдил ҳамкорлиги Навоий ғазалиётини инглиз тилига аслиятга яқин таржима қилиш имконини туғдиради.
Энг муҳими, улуғ бобокалонимизнинг мақоламиз бошида келтирилган тўрт мисрали ҳикматида уқтирилганидек, бу шарафли ишда тадқиқотчи олимдан, таржимондан, адабиёт тарғиботчисидан бирдек улкан ғайрат ва катта ҳиммат талаб этилади. Бугунги кунда Навоийнинг хориждаги фидойи тарғиботчиларидан бири, “Лисон ут-тайр” асарининг насрий таржимаси муаллифи — канадалик Гарри Дик билан суҳбатда мазкур мавзу давом эттирилади.

099

ГЎЗАЛЛИКНИНГ ТУҒИЛГАН КУНИ
Навоийшунос олим Гарри Дик билан суҳбат
Суҳбатдош: Гулноза Одилова

022Канадалик адабиётшунос ва таржимон ¬Гарри ДИК 1975 йили туғилган. Лондондаги Таржима тадқиқотлари коллежида таҳсил олган. Уч нафар фарзанднинг отаси. 2000 — 2006 йилларда Тошкентда яшаган. “Лисон ут-тайр” асарининг инглизча таржимаси ва “Ўзбек мақоллари кундалик тақвими” китобларининг муаллифи.

— Жаноб Гарри, бугунги кунда ҳазрат Алишер Навоий шеъриятининг Ғарб мамлакатларида ўқилиши, ўрганилишидан кўнглингиз тўладими?

— Афсуски, шеърият бугунги кунда Ғарбда ўтмишда бўлгани каби машҳур эмас. Кишилар теран мушоҳадалар бадиий тасвирий воситаларга йўғрилган асарлардан кўра тез ўқиладиган енгил фактик ахборотларни афзал биладилар. Навоийни оладиган бўлсак, унинг ижоди бўйича салмоқли ишлар қилинмаган. Бу борада амалга оширилган баъзи бир тадқиқодлар сирасига Лондон Шарқ мактаби (SOAS)да, Калифорния университети(UCLA)да, АҚШдаги Индиана университетида, Германия ва Францияда олиб борилган айрим ишларни киритиш мумкин. Аммо уларни улуғ шоир ижодининг муайян бир жиҳатини тўла очиб берадиган муфассал тадқиқотлар, деб бўлмайди.

— Сиз ўзингизнинг “Эски ўзбек-инглиз тили изоҳли луғати” лойиҳангиз билан хайрли ишни бошладингиз. Бундай мушкул, аммо жуда зарур ишни амалга оширишга сизни нима ундади? Ушбу лойиҳанинг хорижлик тадқиқодчилар учун аҳамияти ва яратадиган қулайликлари ҳақида сўзлаб берсангиз. Мазкур йирик лойиҳа натижасини қачон кенг оммага ҳавола этмоқчисиз?

— Мен Тошкентда Навоий асарларининг собиқ совет даврида нашр этилган изоҳли луғатини қўлга олганимда, бу борада анча салмоқли ва машаққатли ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдим. Аммо луғатнинг янги авлод учун модернлаштирилган муқобили йўқ эди. Менда шундай одат борки, агар бирор нарса талаб даражасидаги эътибордан четда қолган бўлса, қўлимдан келганча шу бўшлиқни тўлдиришга уринаман. Ҳозир менинг ниятим ва мақсадим шуки, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда имкон қадар кўплаб инсонлар Навоий асарларини ўқиб- ўргансалар. Ўйлайманки, мазкур луғат ва унинг компютер учун мўлжалланган дижитал форматдаги версияси бу масалада беминнат кўмакчи бўлади. Мен, шунингдек, Навоийнинг қадимги туркий тилдаги мукаммал асарлар тўпламини дижитал форматга ўтказиш устида ҳам иш олиб бораяпман. Бу ишлар амалга ошгач, матн устига қидирув тугмасини босган хорижлик китобхон ҳар бир сўзнинг инглиз тилидаги изоҳини ўқиб кўришга муваффақ бўлади. Масалан, ўқувчи Навоий асаридаги “сабурий” сўзининг устига қидирув тугмасини босди дейлик. Экранда комютер шу сўзнинг инглиз тилидаги изоҳи билан бирга Навоий мукаммал асарлар тўпламида бу сўз неча марта учрашини ҳам кўрсатиб туради.

Бу имконият улуғ шоир асарларини ўқиш жараёнини осонлаштирибгина қолмай, қидирувни тезлаштиради ҳам. Лойиҳа устида иш олиб борар эканман, шундай фикрга келдимки, қадимги ўзбек тили мисли бир уммонга ўхшайди. Мен ишимни 2015 йил январида ниҳоясига етказишга умид қиляпман. ¤ша вақтга келиб луғатнинг онлайн версиясини омма ҳукмига ҳавола этмоқчиман. Олимлар, тадқиқотчилар бу ишни мукаммал ҳолатга келтиришга муҳаррир сифатида ўз ҳиссаларини қўшадилар, деган умиддаман. Сабаби ушбу луғат интернетдаги Википедия тармоғи сингари ишлайди. Ундаги ҳар бир сўз ва изоҳларни олимлар ўз тадқиқотларидан келиб чиқиб бойитиб, таҳрир қилиб бориш имкониятига эга бўладилар. (Изоҳ: интернетининг Википедия энциклопедик тармоғидаги маълумотни тўлдириб, бойитиб бориш, янги тадқиқотларни ўша линк остига жойлаштириш имконияти мавжуд. Бу ўринда жаноб Гарри хорижлик шарқшунос олимларнинг дижитал форматдаги луғатда сўзнинг инглизча изоҳини, ўзбек навоийшуносларининг эса туркий сўзнинг ўзбекча изоҳини тўлдириб, бойитиб бориш имконияти мавжудлигини айтмоқда — Г.О.)
Албатта, бу йирик лойиҳа таҳрир этилиши керак бўлган хато ва камчиликлардан холи бўлмайди. Менинг вазифам уни бошлаш, мукаммал даражага олиб келишда эса, тадқиқотчи олимлар кўмагига умид қиламан. Мен, Навоий айтганидек, бу ишда уларнинг фидойилик кўрсатишларига, бирлашиб иш кўришларига ишонаман. Дарвоқе, мазкур лойиҳамда иштирок этган ўзбек олимлари Суйима Ғаниева, Насимхон Раҳмонов, Зулхумор Мирзаева ва сизга Гулноза ўз миннатдорлигимни билдираман.

— Сиз доимо Навоийни “My Ustaz” — менинг устозим, дея эътироф этасиз. Нима сабабдан ўзингизга маънавий устозни Шарқдан танладингиз?

— Мен Навоийнинг нафақат ғазал асарлар ёзганини, балки хайрли ишлар қилганини ҳам юксак қадрлайман. У кўприклар қурдирди, етимларга ғамхґрлик қилди, ижод ва санъат аҳлини қўллаб-қувватлади… У ўз жамияти ва бутун дунё ҳақида ўйлади, атрофидаги кишиларга кўп нафи тегди. Унинг Оллоҳга бўлган муҳаббати қанчалик илоҳий бўлса, шунчалик амалий ҳам эди. (Изоҳ: амалий деганда суҳбатдошимиз Навоий ўзининг Яратганга бўлган муҳаббатини ҳаётда яхшилик улашиш орқали асослаб берди, демоқчи — Г.О.) Мен унинг бугунги кунда ҳам дунёмиз учун ниҳоятда зарур бўлган яхшилик улашишдек эзгу амалларига юксак баҳо бераман.

— Нима деб ўйлайсиз, Навоий шеъриятини хорижий тилларга таржима қилишда ғазаллардаги ботиний маънони етказиб бериш муҳимми ёки поэтик таъсирчанликними?

— Маъно таржиманинг муҳим жиҳати. Ниҳоятда поэтик бўлган қадимги ўзбек тилини бу қадар поэтик бўлмаган бошқа бир тилда сақлаб қолиш ниҳоятда мураккаб. Мен Навоийнинг яна бошқа бир асарини таржима қилмоқчи бўлсам қандай иш юритган бўлардим? Биринчи навбатда, маънони таржима қилардим ва ишончим комилки, аслиятдаги мазмун ифодаланган байт кўринишидаги маъноли мисралар инглиз тилида ҳам чиройли жаранглайди. Шунингдек, мен таржимамга инглиз тилига транслитерация (яъни инглиз алифбоси ҳарфлари билан ёзилган ғазалнинг ўзбекча ўқилиши — Г.О.) қилинган аслият матнини ҳам илова этаманки, натижада инглиз китобхони аслиятда ғазал қанақа жаранглашини овоз чиқариб ўқиш имкониятига эга бўлади. Хорижлик китобхонлар бадииятнинг ўзларига нотаниш дунёсига кириш, уни ҳис этишни истайдилар, Қачонки у маъноли бўлса.

— Ўзбек олимлари билан ҳамкорликда бирор илмий коференция ёки тақдимот ўтказиш истагингиз йўқми? Бор бўлса, биз томонимиздан қандай ёрдам кўрсатилиши керак, деб ҳисоблайсиз?

— Модомики, нафақат Тангрини, балки инсонни улуғловчи шундай илмий анжуман ўтказилса, мен унинг бир бўлаги бўлишдан мамнун бўлардим. Бу конференцияда нафақат Навоийнинг гўзал ҳикматлари ҳақида, балки ўша ғояларга суяниб инсонлар ҳаётини қанчалик яхшилаш мумкинлиги ҳақида ҳам сўз борган бўларди. Мен ўзбек олимларидан, олий таълим даргоҳларидан, мазкур луғат тайёр бўлгач, унинг тарғиботи ва ташвиқотида жонбозлик кўрсатишларини истардим.

— Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратларининг таваллуд топган кунлари арафасида юртдошларимизга қандай тилакларингиз бор?

— Алишер Навоий ғазалларининг маъно ва мазмунини теран англаб етинг, у билан фахр-ифтихор этинг. Бошингизни баланд кўтаринг, зеро, сиз шундай буюк зотнинг авлодларисиз. Ул зотнинг туғилган кунлари сизнинг туғилган кунингиз! Ўзбек адабиётининг, гўзаллик ва нафосатнинг туғилган кунидир!

— Ҳурматли Гарри Дик жаноблари, мазмунли ва самимий суҳбатингиз учун раҳмат. Алишер Навоий ҳазратларини хорижда тарғиб этишдек олий мақсадингиз йўлида омад ёр бўлишини тилаймиз.

Манба: «Адабиёт ва санъат» газетаси, 2014 йил,7 феврал

Гарри Дикнинг НЕГА ДУНЁИМИЗ АЛИШЕР НАВОИЙДЕК ШОИРЛАРГА МУҲТОЖ? мақоласини мана бу саҳифада ўқинг

(Tashriflar: umumiy 1 919, bugungi 1)

Izoh qoldiring