Hazrat Mir Alisher Navoiy (1441-1501) haftaligi.

ҳафталик
9 феврал куни ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудига 572 йил тўлади. Шу муносабат билан саҳифамизда ҳазратга бағишланган ҳафталик бошланади. Ҳафта давомида саҳифамизда тақдим этилган асарларни яна бир бор эслаймиз,янги мақолалар ва шеърлар билан сизни таништириб борамиз.

навоий

222

Турку Ажаму Арабда айём,
Ҳар шоира термишди бир ком,
Ўлмишди Навоий сухандон,
Манзуру шоҳаншоҳи Хуросон.

Фузулий

222

Китобинг кирмаган ўзбек элида хонадон йўқдир,
Рубоий куйларинг ёд билмаган бир жонажон йўқдир,
Етук авлодларингдир илму донишли, гумон йўқдир,
Башар тарихини юз бор ўқи, бундай замон йўқдир,
Кўнгилларни ёритдик маърифатдан моҳитоб айлаб.

Ғафур Ғулом

222

Алишер Навоий донғи кетган буюк шоиргина эмас, ўз даврининг энг маълумотли кишиси, фан ва санъатнинг турли соҳаларини асосли эгаллаган олим ва мутафаккир, энг ҳушёр, энг тадбирли ва давлатнинг истиқболини кўра билувчи кенг қарашли бир сиёсатчи ҳам эди.

Ойбек

222

Байтингга бир бора қовушган ҳар лаб,
Такрорлаб кетгуси маҳшаргача то,
Қаратиб турибсан бу ён, не ажаб,
Миллиард мартабали жаҳонни ҳатто.

Абдулла Орипов

навоий

Хуршид Даврон
МАНГУЛИК ТИМСОЛИ  –  НАВОИЙ СЎЗИ

“Хамса”нинг 500 йиллиги муносабати билан ёзилган

Беш аср – беш лаҳза мангулик учун,
Даҳо сўзи вақтга қилмас эътибор.
Ўлимдан олар у ҳаётнинг ўчин,
Бало-ю қазолар унга қилмас кор.

Гар ўзбек умримни қандай яшадим,
Деб кечган йўлига назар ташласа,
Қуёшлар макони Асқартоғдайин
Уфқни тўсганча юксалар “Хамса”.

“Хамса” – бу, Навоий панжаси эрур,
Халқини зулматдан тўсиб тургувчи,
“Хамса” – бу, Навоий кўзидаги нур,
Чўғлари дилларга тушиб тургувчи.

У – Навоий кўкси, халқини хундор,
Қора қисматлардан тўсгувчи қалқон,
“Хамса” сўзларида телба олов бор,
Ўқисанг, кўксингдан томчилайди қон.

Беш аср, ўн аср – мезон эмас Вақт,
Мезон тирикликдир,
Мезон – шу ҳаёт.
То тирик Ҳақиқат,
Юракдаги Аҳд
Токи тирик экан, “Хамса” барҳаёт.

Ҳамон кўзларимни тиксам қоғозга,
Занжирни узар-да озод бўлар шер.
Менинг ҳасратимга ҳайрат қўшади.
Навоий қалбидан қалқиб чиққан шеър.

Ҳамон ҳаяжонга тўла тунлари
Аччиқ изтиробга беролмасдан дош.
Ўт каби куйдириб ўтар юзимни
Навоий кўзидан қалқиб чиққан ёш.

“Хамса” – бу, бамисли биз тушган кема,
Олисдан-олисга бормоқда сузиб,
У – қўшин, Навоий, келажак дея
Бормоқда сўзлардан беш черик тузиб.

Бугун Навоийнинг меҳрга тўла
Кафти бўлиб силар бошимизни у,
Шу сабаб олдинга юрмоққа далда
Берар у – кўзларни чулғаса қайғу.

Шу сабаб сўзфуруш, юртфурушларга
Қарши одил жангга ҳаёт чорласа,
Тап тортмай чиққан чоқ жанггоҳларга биз,
Ортда қўшиндайин юксалар “Хамса”.

Қаршимда кўраман ёдгорларни ман,
Кўраман макрли ёсуманларни,
Токи сен борсан-ки, “Хамса”, енгаман,
Енгаман жанг чоғи мен душманларни.

Жангда чекинмоқ ёт!
Жангга киргин, шеър!
Бу жангда ғолиб бўл, ё бўлгин қурбон
Ахир, тингла, ортдан эшитилмоқда
Навоий нафаси – толғин, паришон.

Сен ортга қайрилиб қарама, токи
Сени қийнамасин бобомнинг кўзи.
Сен олдга интилгин, олдинда янграр
Мангулик тимсоли – Шоирнинг сўзи!

1985

(Tashriflar: umumiy 65, bugungi 1)

Izoh qoldiring