Ibrohim Haqqul. Malomatiylik va Navoiy & Navoiyga qaytish

033    Қадим Шарқ ўлкаларида ислом дини заминида футувват, тасаввуф, маломатийлик, ҳуруфийлик сингари бир қанча таълимот ва оқимлар дунёга келиб, одамларнинг онгу шуурига у ёки бу зайлда таъсирини кўрсатиб ўтган. Булар орасида тасаввуф умумбашарий мазмун ва миқёсининг устунлиги билан ажралиб турган.

Ashampoo_Snap_2018.01.31_23h50m09s_006_.png
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
МАЛОМАТИЙЛИК ВА НАВОИЙ
09

11Қадим Шарқ ўлкаларида ислом дини заминида футувват, тасаввуф, маломатийлик, ҳуруфийлик сингари бир қанча таълимот ва оқимлар дунёга келиб, одамларнинг онгу шуурига у ёки бу зайлда таъсирини кўрсатиб ўтган. Булар орасида тасаввуф умумбашарий мазмун ва миқёсининг устунлиги билан ажралиб турган. Лекин илк сўфийлик даври деб белгиланган ҳижрий II ва IV асрлардан кейин аҳвол салбий томонга ўзгариб борганки, тасаввуфга бағишланган мумтоз манбаларнинг айтарли ҳаммасида бу ҳақда фикр-мулоҳаза билдириб ўтилган. Масалан, сўфийликка доир энг ишончли китобнинг муаллифи бухоролик аллома Абу Бакр Муҳаммад Калободий ёзади: “Ниҳоят маъно кетиб, исм қолди… Мутасаввифликни тилда даъво қилганлар фаолиятлари билан тасаввуф йўлини бузиб, инкор этдилар. Сўфийликни халққа тушунтиришга қодир кишилар эса ҳақиқий моҳиятни яшириб, тасаввуфга ҳеч алоқаси йўқ нарсаларни унга олиб кирдилар… Натижада одамларнинг кўнглида тасаввуфга нисбатан нафрат уйғонди, виждонлар сўфийликдан совиди…”.

Абу Наср Саррожга кўра, у яшаган даврдаги аксарият олимлар “тасаввуфий маънолардан гапирганда ҳам, ўзларидан уларга нимадир қўшганларида ҳам асл моҳиятдан жуда узоқлашишган. Илк сўфийларнинг сўз, ҳол ва важдларини улар фарқли бир тарзда безаб-бежаб ўзларига нисбат бериб, халқ орасида мавқе ва эътибор топишни мақсад қилиб олганлар…”.

Асрдан-асрга умумий аҳвол ёмонлашиб боргани боис Ҳужвирий “Маълум бўлғайки, бизнинг замонда тасаввуф илми йўқолиб кетди”, – деса, Аҳмад Рифоий “Бугун тасаввуф ҳақида сўз юритаётганларга шундоқ бир назар ташласанг, уларнинг кўпчилиги зиндиқ, хорижий ва бидъат аҳли эканлигини кўрасан. Шунингдек, одамларнинг энг жоҳил, бадфеъл, ҳийлагар ва доғулилари ҳам шуларга сафдошдирки, улар зуҳд, узлат, сафо соҳибларига қарши ёмон гап тарқатиш билан машғулдирлар”.

Демак, сўфийликдаги таназзул маломийликнинг тарих саҳнасига чиқишига, ҳар қалай, замин ҳозирлаган. Маломат “такя ва хонақоҳлар қурилиб” “сўфийлар халқдан ажралгандан кейин пайдо бўлган”, деган фикрда жон бор, албатта. Бу ҳақиқат “Маломийлик ўзи нима?”, “Кимни чинакам маломатий дейиш керак?” деган саволларга жавоб топишга уринишданоқ равшанлашади. Айни пайтда, маломатийликнинг пайдо бўлиш тарихи, моҳияти, амалий томонлари хусусида ўртага ташланган фикр ва мулоҳазалар гоҳо бир-биридан анча йироқ бўлса, баъзан қарама-қарши мазмундалиги маълум бўлади.

Маломатийликнинг қирқ икки шарти ва талаби изоҳланган. Абдураҳмон Суламийнинг (вафоти милодий 1021 йил) “Рисолат ут- маломатия”си маломатийликка бағишланган энг қадимий ва ишончли манба дея эътироф этилган. Уни нашр қилдирган, шунингдек “Маломатийлик, сўфийлик ва аҳли футувват” номли жуда мазмундор бир тадқиқот ҳам яратган машҳур араб тасаввуфшуноси Абул Аъло Афифийнинг хулосаси бўйича, IX асрнинг иккинчи ярмида Хуросон ҳамда Нишопурда юзага чиққан маломатийлик “риёзат йўли билан нафсни ҳирсу ҳавас, кибр, айниқса риё чиркинликларидан тозалаб, камолга етказиш усулидир” .

Арабча қийнаш, азият етказиш, нафсга шафқат этмаслик мазмунидаги “лавм” ўзагидан пайдо бўлган маломат ва маломатийликни ўзига хос мафкура, бир назария ва ишқ ҳоли деб таърифлаганлар бўлганидек, кўпчилик олимлар уни бир тариқат тарзида баҳолашган.

“Маломатийлик ва маломийлар” китобининг муаллифи А.Гулпинорлининг масалага қараши нисбатан бошқа: унингча “маломийлик тариқат эмас, балки бир “акс ул-амал”, яъни тасаввуф ва тариқатга қарши фикр ва тажриба ҳаракатидир” .

“Маломатийлар аталмиш жамоа, – дейди Гулпинорли бошқа бир тадқиқотида, – тасаввуф ичидан тасаввуфчиларга қарши чиққан бир зумрадир. Тангри висолига етишмоқ учун улар зикрга эмас, балки фикрга аҳамият беришган. Аҳли маломатга кўра, Оллоҳ даргоҳига фақат ишқ ва жазба орқали бориш мумкиндир, зикр эса инсонни хаёлларга чўмдириб, далли-девона айлаши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас” . Бу гапларни бутунлай инкор этиб бўлмаганидек, уларни тўла-тўкис маъқуллаш ёки қабул қилиш ҳам ҳақиқатга мувофиқ келмайди. Агар ҳақиқий тасаввуф илк сўфий ва мутасаввифлар йўлидан оғишмай, маънавий-ирфоний ҳаёт ривожи учун аввал Хуросонда, кейинроқ Туркистонда хотиржам ва руҳга осудалик бағишловчи иқлим яратмаганида, маломатийликнинг тақдири ўзгача кечишига ҳеч ким кафолат беролмасди. Бундан ташқари, тасаввуфдан маломийликка, маломийликдан тасаввуфга ўтган ёки ҳар икки оқимга мансуб шахслар ҳам оз эмасди.

Алишер Навоийнинг маломатийликка боғланиш сабаби ва асосларини ёритишда зўрма-зўракилик, сунъийлик ёки шошқинликка йўл қўймаслик учун масаланинг айрим жиҳатларига алоҳида эътибор билан ёндашиш зарурдир. Абдураҳмон Жомий “Нафаҳот ул-унс”нинг муқаддимасида маломатий эканликларини иддао қилганликлари ҳолда маломат аҳлига алоқаси йўқ бир гуруҳ тўғрисида сўзлаб, “Улар ихлос иддаосини илгари суриб, фисқ ва фужурни ҳаддан оширганликлари ҳолда “Мақсадимиз халқнинг бизни қийнашини таъмин этиш, унинг назаридан қолиш ва эътиборсиз ҳолга эришмоқдир…” – дерлар”, – деб ёзади. Бу танқид сўзлари дастлабки асл ғояси ва мақсадларидан йироқлашиб, шариат қонун-қоидаларига тескари тушунча ҳамда даъволарни илгари сурган маломатчиларга қаратилган эди. Ваҳоланки, Навоий диққат-эътиборини жалб қилган маломатийлик маслак бузилишигача бўлган ва Шарқнинг Аҳмад Яссавий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий каби улуғ ижодкорлари қалбини илҳомлантирган эркпарвар, фуқаросевар маломийлик эди. Унинг туб моҳияти ва қонун-қоидаларини англашда, такрор-такрор асарларида тилга олгани бир қатор мўътабар манбалар ҳам Навоийга яқиндан ёрдам берганди. Шундай китоблардан бири саналмиш “Кашф ул-маҳжуб”да таъкидланишича, “маломат ошиқларнинг боғи, гулзори ва сайргоҳи, ғам-ғусса соҳибларининг истироҳат манзили, муридларнинг нашъаси ва иштиёқидир” .

Маломатийлардан сўфийларни устун қўйган ва бунинг исботини ҳам битиб қолдирган Шаҳобиддин Умар Суҳравардийга кўра, “ҳақиқий маломатий томирларида ихлос завқи жўшган, том маъноси ила сидқу садоқатга эришган инсондир” . Муҳйиддин Ибн Арабийнинг таърифи ва эътирофи янада юқори: “Маломатийлар Тангри эранларининг олдинги сафида турувчилардир. Ҳақиқий комиллик мартабасини эгаллаган зотлар ана шулар эди… Улар валоятнинг энг юқори даражаларига кўтарилишган. Ундан баландда фақат нубувват мақоми бордир”. Шайхи Акбар ислом пайғамбарини ҳам маломатий ҳисоблайди ва “маломатийлик Оллоҳга яқинлик, яъни қоба қавсайн мақоми эрур” , дейди.

Маломатийлик амалий моҳиятдаги бир маслак бўлганлиги боис, уни қабул қилган киши номига нафсга қарши курашмай, халқнинг таънаю маломатига парво қилмасдан, бу курашни ҳаётидаги энг катта жиҳодга айлантириши шарт саналган. Бунинг содда ва таъсирли бир ифодасини ғазалда Бобур Мирзо битиб қолдирган:

Улуснинг таъну таърифи манга, Бобур, баробардур,
Бу оламда ўзимни чун ямон-яхшидин ўткардим.

Бу ҳолга Тарк дейилган. Маломатнинг яна икки шакли бўлиб, бирига Истиқомат, иккинчисига Қасд номи берилган. Истиқомат – дилни фисқу фасод, мунофиқлик ва риёдан тозалаб, фақат Ҳақ талабларига мувофиқ яшаш маъносини билдирган.

Хуллас, ана шу вазифа ва маънавий мажбуриятлар маломат соҳибларини қуруқ зуҳд, маҳдуд зоҳидликдан, зоҳирий расм-русумларга ёпишиб олган маккор сўфийлардан йироқлаштирган. Таркидунёчиликни-ку улар тилга ҳам олишмаган. Меҳнат-машаққат билан ҳалол ризқ топиб кун кечирмаган маломат вакили маломатий ҳисобланмаган. Энг муҳими, улар сўфий ва дарвешлар сингари хирқа кийиб, дастор боғлаб, асо кўтариб, халқдан ажралган бир ҳолда ўзларининг эрку ихтиёрларини пир ёки шайхга топширишмаган, эл-юрт тақдирига ҳам Ҳақ, ҳам халқ назари билан қарашда айтарли оқсашмаган. Мусулмон оламида худпарастлик, моуманлик, мадҳиябозликка қарши курашда сезиларли натижаларга эришилган бўлса, бунда маломийлар кўпроқ ҳисса қўшишган.

Нафс назорати, яъни ботиний амалиёт ва шахсий қусур ҳамда нуқсонларга масъулликни аҳли маломат ахлоқий-руҳий комилликнинг тамали деб билишган. Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидаги:

Ноқис улдурким, ўзин комил дегай,
Комил улким, нуқсин исбот айлагай.
Ўз камолидин демас аҳли камол,
Аҳли нуқсон ичрадур бу қилу қол…, –

деган сўзлари ушбу ҳақиқатнинг ўзига хос талқинидир. Фазилат ёхуд ижобий ҳисобланган хислатлардан фахрланиш нари турсин, ўзини яхши кўрсатишга уринишни ҳам Навоий кескин қоралайди:

Фосиқмену кофири ниҳони,
Каъба сафари эрур менга ҳайф.
Ўзни буки яхши кўргазурмен,
Биллоҳки, менга калисо ҳайф.

Мутафаккир шоирнинг тавсия ва таъкиди бўйича, қобилият, фазилат, доноликнинг илк шарти инсоннинг ўз айби ва ожизликларини билишда чалғимаслигидир. Зеро, “башар хайли”га хос ўзни севиш ҳоли бунга тўсиқлик қилади:

Башар хайли анга мажбул эрурлар, –
Ки, бўлғай ҳар бир ўз оллинда маҳбуб…
Ҳунар аҳли ани дегилки, бўлғай
Ўзини қилса ўз оллида маъюб.
Чу ўз айбиға воқиф бўлди, айбин
Нечук қилғай ҳунар ўрниға маҳсуб?

Бу мисралардаги маънони Суламий рисоласидаги “маломатий ботинида иддаоси, зоҳирида қаллоблик ва риёкорлиги йўқ шахсдир” деган сўзларининг бир тасдиғи деса, хато бўлмайди.

Аҳли маломат ҳаётлари, ҳаракат ва ҳолатлари ҳеч бировникига ўхшамаслиги, буни Оллоҳдан бошқаси билмаслигини исташган. Улар бирор иш қилсалар ғараздан холи, иддаодан йироқ, шовқин-суронсиз, фақат эл-юрт манфаатларини кўзлаб амалга оширишган. Бу ҳам тасодифий ҳолат ёки тамалсиз қатъият ва сунъий холислик эмасди.

“Менимча, футувват ва маломийлик, – деб ёзади Афифий, – айни ҳақиқатнинг икки фарқли томони ва аслида эса маломатийлар “мутасаввиф фатолар” – жавонмардлардир” .

Маломатийликнинг илк асосчилари чиндан ҳам уни бир турли футувват ва мардлик деб англаб, ўзларини эса “фитён”, “рижол” дея аташган. Бир томондан, футувват иштиёқининг юқорилиги, иккинчи ёқдан, Навоий мансуб хожагон-нақшбандия тариқатидан маломатчиликнинг муҳим ва муқим ўрин ишғол қилганлиги шоирнинг маломатда эркин ва собит бўлишини таъминлаган омиллар эди. Бир неча ўринда шоир ўзини маломат булбули деб таърифлайди:

Вафо бўстонининг достонсаройи,
Маломат булбули, яъни Навоий.

Ёки:

Чарх меҳнат тошидин то равзан очти ҳар тараф,
Мен маломат булбули, гўё қафасдур масканим.

Бир неча байтларда эса “арбоби маломат”, “аҳли маломат”га мансубликка эътибор қаратилади:

Муғ кўйи азмидин мени манъ этма, эй рафиқ,
Бу йўл эрур чу аҳли маломатқа борғулуқ.

Турли жанрдаги асарларида Навоий ишқ азоби, ҳижрон ғам-ғуссалари, ҳаёт ва замон қийноқларидан сўзлаганда “маломат тоши”, “санги маломат”, “маломат дашти”, “маломат тоғи”, “маломат баҳри”, “маломат дайри”, “маломат бодаси” сингари истиоравий ибораларни кенг қўллайди. Масалан, “Наводир ун-ниҳоя” девонидаги 338-ғазалда ўқиймиз:

Бизинг шайдо кўнгул бечора бўлмиш,
Маломат даштида овора бўлмиш.

Бечоралиги етмаганидек, шайдо кўнгилнинг “маломат даштида” овора бўлиши ҳолатни ёрқинлаштириб, таассуротни кучайтиради.

“Маломатда саломат бўлур”, деган ҳикматли фикр маломатийлар ўртасида анча кенг тарқалган. Навоий уни шаклий ўзгаришлар билан ғазалда шундай ифодалайди:

Каъба истарсен, мўғилон чекса тил қайғурмағил,
Бемаломат топмади кимса саломат, эй кўнгул.

Ёки:

Манга солим ўл, деб дуо қилмангизким,
Бегонмас саломатни аҳли маломат.

Навоийнинг маломатийликка ишонч ва эътиқоди “Девони Фоний”даги айрим байтларда янада аниқ аксини топган:

Нест ғамам аз маломате, ки кунад шайх,
Ғам нахўранд аз маломат аҳли маломат.

Мазмуни: “Шайхнинг маломатидан мен ҳеч қайғурмайман. Чунки маломат аҳли маломатдан ғам емайди”.

Бу гап аслида маломат зумрасини илҳомлантирган Қуръони каримдаги Оллоҳ дўстлари “Маломат қилувчининг маломатидан қўрқмайдилар” (“Моида” сураси, 54-оят) сўзларининг шеърий бир тафсиридир.

Навоийнинг маломатийликка қараши вақт ўтган сайин теранлашган. Хусусан, инсоннинг бош ижобий фазилатларини бузиб, одамлараро муомала ва муносабатдан ишонч ҳамда самимиятни четлаштиргувчи кибр ва риёга қарши шоир гўё жанг олиб боради. Риё – асл қиёфани яшириб, ҳийлагар, маккор, пасткаш қиёфада иш юритиш ва сўзлаш “усули”дир. Маломатийлар уни ҳар томонлама пухта ўрганиб, ҳолдаги риё, амалдаги риё, иддаодаги риё, илмдаги риё каби турларга ажратишган ва жамият учун уларнинг бири иккинчисидан кўра жуда хавфли эканлигини исботлаб беришган. Навоий риё хусусида чин маломатий мақомида мушоҳада юритиб, гоҳо ҳеч кутилмаган фикрларга эътиборни жалб қилади:

Риёйи Каъбадин дайри фаноға
Кириб, гар бутқа зоҳир қилдим иймон.
Мени ёзғурма, эй шайхи риёйи –
Ки, гар кофир эдим, бўлдум мусулмон.

Навоий шеъриятига қайта-қайта мурожаат қилиб, кенгроқ мушоҳада юритган ўқувчи шоирнинг диндан жавонмардликка, футувватдан тасаввуфга, соф ва гўзал тасаввуфий таассуротлар билан бойиб, охири маломатийликка ишонч билан қараганлигини англашда унча қийналмайди. Бу ўринда маломат мазмуни ва кайфиятидаги шеърларнинг “Фавойид ул-кибар”дан кўпроқ жой эгаллаганини айтиш жоиздир. Улардан бирида ўқиймиз:

Номаи аъмолим ул янглиғ қародур журмдин –
Ким, надомат ашкидин они оритмоқ ўлмағай.
Балки гар Баҳри муҳит ичра солиб, йиллар юсанг,
Ул қаро бўлғай саросар, лек бу оқ ўлмағай.

Номаи аъмол – тирикликда қилинган яхши ва ёмон, гуноҳ ва савоб ишлар қайд этиладиган дафтар. “Айб ва гуноҳнинг ёзувидан бу дафтар шунчалик қароки, – дейди лирик қаҳрамон, – надомат ва пушаймонликдан тўкилган кўз ёшлар билан уни оқартиришнинг ҳеч иложи йўқ. Баҳри муҳитга солиб ювилганда ҳам денгиз суви буткул қораяди, бироқ у дафтар оқармайди”.

Номаи аъмол умумийроқ туюлган бўлса керакки, шоир номаи маъсият – гуноҳ дафтарини ҳам эсдан чиқармайди. Бироқ бу дафтардаги қоралик янада қуюқ, уни “чашмаи хуршид” – қуёш чашмасида ювилганда ҳам йилт этган ёруғлик назарга ташланмайди. Ундаги ҳатто ҳар бир нуқта осмондаги ҳар бир юлдузни қорайтириб юборади:

Номаи маъсиятим чашмаи хуршид ичра
Юсалар, кўрмагай эл ўзга ёруғлуқ юзини.
Ҳарфини бир-бир этиб сочса фалак жавфи аро,
Шибҳигун қилғай ҳар нуқтаси бир юдузни.

Гуноҳ ва гуноҳкорликни бу қадар теран идрок айлаш эҳтиёжи ўз-ўзидан туғилмайди. Бунинг изоҳи эса гўё бошқа бир қитъада ёритилган:

Қайси тақво хирманин фисқ ўтидин куйдурмадим,
Қайси тавба нахлини нафс илгидин синдурмадим.
Турмай оқса кўздин ашким не ажабким, тавбадин
Гарчи кўп сўз дедим, аммо бир сўзумга турмадим.

Маломатийликдаги ўзига нисбатан муросасизлик ва ўзини ўзи шафқатсиз бир ҳақиқатгўйлик билан фош этишни айрим олимлар кучсизлик, бадбинлик ва тушкунликка нисбат бериб, буни бошқа дин, масалан, зартуштийлик ва ҳинд фалсафаси таъсири билан боғлашга уринишган. Эрон олими Абдулҳусайн Зарринкўб бундай қарашни инкор этиб, на зардуштийликда ва на маломатия таълимотида юқорида тилга олинган салбий ҳолатлар йўқлигини асослайди .
Аслида камоли мутлақни Ҳақда мушоҳада қила оладиган киши, хоҳласин-хоҳламасин, ўзга ҳар нарсада бир нуқсон ёки етишмовчилик кўради. Ёлғиз Оллоҳга хос комилликни хотирлаган маломатий эса ўз қусур ва гуноҳларини очиқ сўзлашдан жуда мароқланади. Ундаги нафсшунослик ҳам шуни талаб қилади.

Сўфий ва мутасаввифларнинг қаноати бўйича, инсон нафсу ҳаво таъсиридан холос бўлмагунча, “нафснинг ёқасидан қўлни” бўшатмасдан сукут қилиши лозим. Чунки “Сўз шаробга ўхшайди. Уни ичишга мубтало бўлган кимса ундан асло қутулиб билмайди… Сўзнинг офат томонлари ирфон аҳлига яхши маълум бўлгани боис улар кўпинча сўзлашдан сукутни афзал кўришган… Чунки сукутида ҳаё борнинг гапида ҳам уят ва ҳаё бўлади” . Шунинг учун ҳам Навоий:

Орифға ганжи файз етса,
Иши дам урмайин они ёшурмоқ,

деган. Бу психологик тажриба ва ахлоқий ҳолат маломатийлар томонидан ҳадди аълосига кўтарилиб, тил назоратида улар билан мусобақа қилишнинг деярли имкони бўлмаган.

Ҳамдун Қассор тўғрисида Навоий “Маломатиянинг шайхи ва имомидур. Нишобурда маломат тариқин ул нашр қилди”, – дейди. Нақл қилинишича, Нишопур олим ва орифлари Ҳамдунга: “Сенинг сўзларинг кўнгилларга бориб етиши ва таъсири ҳам самарали бўлиши боис минбарга чиқиб халққа гапирсанг-чи…”, – дейишибди. Қассор эса: “Бунга ҳожат йўқ”, – дебди. “Нима учун?” – деб сўрашганда у: “Чунки менинг нафсим сингари кўнглим ҳам дунёга, дунёвий орзу-ҳавасларга боғлиқдир. Модомики шундоқ бўлгач, сўзларимдан наф тегмаганидек, кўнгилларга ҳам улар таъсир ўтказмайди”, – деган экан. Унинг шундай деганига инонмоқ керак. У издошларига “Бирор кимса ўзининг нафсини Фиръавннинг нафсидан кўра хайрлироқ деб билса, кибр ё ғурурга таслим бўлган бўлур”, – дея қайта-қайта уқтирган. Хуллас, нафси аммора билан орани очиқ қилмай ўзгалар нигоҳини ўзига қаратмаслик ва қўлга қалам ҳам олмаслик Шарқ адабиёти ҳамда илм-фанини бир неча аср мобайнида муҳофаза қилган, дидсизлик, оломончилик, маддоҳлик офатларидан асраган маломатийларнинг шартларидан бири бўлган. Шу боис ҳам ғазалларидан бирида улуғ Навоий аниқ-тиниқ қилиб:

Ҳар не элга ком эрур, кечти Навоий боридин,
Қилмади неким, буюрди нафси хорижрой анга, –

деб ёзган эди. Ана шу амалий ҳақиқатга риоя қилинганда, наинки бадиий ижод, балки навоийшуносликда ҳам давр ва замон талабларига мувофиқ янгиликлар юзага чиқади деган умиддамиз.

ИЗОҲЛАР

1. А б у А ъ л о А ф и ф и й. Тасаввуф. Исломда маънавий ҳаёт. Истанбул, 1996. 239-бет.
2. Г у л п и н о р л и А. Маломийлик ва маломийлар. Истанбул, 1931. V бет.
3. Г у л п и н о р л и А. Тасаввуф. Истанбул, 2004. 162-бет.
4. Ҳ у ж в и р и й. Кашфуъл маҳжуб. Истанбул, 1996. 150-бет.
5. С у ҳ р а в а р д и й. Авориф ул-маориф. Истанбул, 1990. 01-бет.
6. Иқтибос Афифийнинг китобидан келтирилди. Қаранг: Исломий тушунчаларга доир мақолалар. Истанбул, 2011. 146-бет.
7. А б у л А ъ л о А ф и ф и й. Кўрсатилган китоб. 193-бет.
8. З а р р и н к ў б А. Жустужў дар тасаввуфи Эрон. Душанбе, 1992. С. 286.
9. “Кашфуъл маҳжуб”. 503-бет.

04

Ibrohim HAQQUL
MALOMATIYLIK VA NAVOIY
09

11Qadim Sharq o’lkalarida islom dini zaminida futuvvat, tasavvuf, malomatiylik, hurufiylik singari bir qancha ta’limot va oqimlar dunyoga kelib, odamlarning ongu shuuriga u yoki bu zaylda ta’sirini ko’rsatib o’tgan. Bular orasida tasavvuf umumbashariy mazmun va miqyosining ustunligi bilan ajralib turgan. Lekin ilk so’fiylik davri deb belgilangan hijriy II va IV asrlardan keyin ahvol salbiy tomonga o’zgarib borganki, tasavvufga bag’ishlangan mumtoz manbalarning aytarli hammasida bu haqda fikr-mulohaza bildirib o’tilgan. Masalan, so’fiylikka doir eng ishonchli kitobning muallifi buxorolik alloma Abu Bakr Muhammad Kalobodiy yozadi: “Nihoyat ma’no ketib, ism qoldi… Mutasavviflikni tilda da’vo qilganlar faoliyatlari bilan tasavvuf yo’lini buzib, inkor etdilar. So’fiylikni xalqqa tushuntirishga qodir kishilar esa haqiqiy mohiyatni yashirib, tasavvufga hech aloqasi yo’q narsalarni unga olib kirdilar… Natijada odamlarning ko’nglida tasavvufga nisbatan nafrat uyg’ondi, vijdonlar so’fiylikdan sovidi…”.

Abu Nasr Sarrojga ko’ra, u yashagan davrdagi aksariyat olimlar “tasavvufiy ma’nolardan gapirganda ham, o’zlaridan ularga nimadir qo’shganlarida ham asl mohiyatdan juda uzoqlashishgan. Ilk so’fiylarning so’z, hol va vajdlarini ular farqli bir tarzda bezab-bejab o’zlariga nisbat berib, xalq orasida mavqe va e’tibor topishni maqsad qilib olganlar…”.

Asrdan-asrga umumiy ahvol yomonlashib borgani bois Hujviriy “Ma’lum bo’lg’ayki, bizning zamonda tasavvuf ilmi yo’qolib ketdi”, – desa, Ahmad Rifoiy “Bugun tasavvuf haqida so’z yuritayotganlarga shundoq bir nazar tashlasang, ularning ko’pchiligi zindiq, xorijiy va bid’at ahli ekanligini ko’rasan. Shuningdek, odamlarning eng johil, badfe’l, hiylagar va dog’ulilari ham shularga safdoshdirki, ular zuhd, uzlat, safo sohiblariga qarshi yomon gap tarqatish bilan mashg’uldirlar”.

Demak, so’fiylikdagi tanazzul malomiylikning tarix sahnasiga chiqishiga, har qalay, zamin hozirlagan. Malomat “takya va xonaqohlar qurilib” “so’fiylar xalqdan ajralgandan keyin paydo bo’lgan”, degan fikrda jon bor, albatta. Bu haqiqat “Malomiylik o’zi nima?”, “Kimni chinakam malomatiy deyish kerak?” degan savollarga javob topishga urinishdanoq ravshanlashadi. Ayni paytda, malomatiylikning paydo bo’lish tarixi, mohiyati, amaliy tomonlari xususida o’rtaga tashlangan fikr va mulohazalar goho bir-biridan ancha yiroq bo’lsa, ba’zan qarama-qarshi mazmundaligi ma’lum bo’ladi.

Malomatiylikning qirq ikki sharti va talabi izohlangan. Abdurahmon Sulamiyning (vafoti milodiy 1021 yil) “Risolat ut- malomatiya”si malomatiylikka bag’ishlangan eng qadimiy va ishonchli manba deya e’tirof etilgan. Uni nashr qildirgan, shuningdek “Malomatiylik, so’fiylik va ahli futuvvat” nomli juda mazmundor bir tadqiqot ham yaratgan mashhur arab tasavvufshunosi Abul A’lo Afifiyning xulosasi bo’yicha, IX asrning ikkinchi yarmida Xuroson hamda Nishopurda yuzaga chiqqan malomatiylik “riyozat yo’li bilan nafsni hirsu havas, kibr, ayniqsa riyo chirkinliklaridan tozalab, kamolga yetkazish usulidir” .

Arabcha qiynash, aziyat yetkazish, nafsga shafqat etmaslik mazmunidagi “lavm” o’zagidan paydo bo’lgan malomat va malomatiylikni o’ziga xos mafkura, bir nazariya va ishq holi deb ta’riflaganlar bo’lganidek, ko’pchilik olimlar uni bir tariqat tarzida baholashgan.

“Malomatiylik va malomiylar” kitobining muallifi A.Gulpinorlining masalaga qarashi nisbatan boshqa: uningcha “malomiylik tariqat emas, balki bir “aks ul-amal”, ya’ni tasavvuf va tariqatga qarshi fikr va tajriba harakatidir” .

“Malomatiylar atalmish jamoa, – deydi Gulpinorli boshqa bir tadqiqotida, – tasavvuf ichidan tasavvufchilarga qarshi chiqqan bir zumradir. Tangri visoliga yetishmoq uchun ular zikrga emas, balki fikrga ahamiyat berishgan. Ahli malomatga ko’ra, Olloh dargohiga faqat ishq va jazba orqali borish mumkindir, zikr esa insonni xayollarga cho’mdirib, dalli-devona aylashi ham ehtimoldan yiroq emas” . Bu gaplarni butunlay inkor etib bo’lmaganidek, ularni to’la-to’kis ma’qullash yoki qabul qilish ham haqiqatga muvofiq kelmaydi. Agar haqiqiy tasavvuf ilk so’fiy va mutasavviflar yo’lidan og’ishmay, ma’naviy-irfoniy hayot rivoji uchun avval Xurosonda, keyinroq Turkistonda xotirjam va ruhga osudalik bag’ishlovchi iqlim yaratmaganida, malomatiylikning taqdiri o’zgacha kechishiga hech kim kafolat berolmasdi. Bundan tashqari, tasavvufdan malomiylikka, malomiylikdan tasavvufga o’tgan yoki har ikki oqimga mansub shaxslar ham oz emasdi.

Alisher Navoiyning malomatiylikka bog’lanish sababi va asoslarini yoritishda zo’rma-zo’rakilik, sun’iylik yoki shoshqinlikka yo’l qo’ymaslik uchun masalaning ayrim jihatlariga alohida
e’tibor bilan yondashish zarurdir. Abdurahmon Jomiy “Nafahot ul-uns”ning muqaddimasida malomatiy ekanliklarini iddao qilganliklari holda malomat ahliga aloqasi yo’q bir guruh to’g’risida so’zlab, “Ular ixlos iddaosini ilgari surib, fisq va fujurni haddan oshirganliklari holda “Maqsadimiz xalqning bizni qiynashini ta’min etish, uning nazaridan qolish va e’tiborsiz holga erishmoqdir…” – derlar”, – deb yozadi. Bu tanqid so’zlari dastlabki asl g’oyasi va maqsadlaridan yiroqlashib, shariat qonun-qoidalariga teskari tushuncha hamda da’volarni ilgari surgan malomatchilarga qaratilgan edi. Vaholanki, Navoiy diqqat-e’tiborini jalb qilgan malomatiylik maslak buzilishigacha bo’lgan va Sharqning Ahmad Yassaviy, Farididdin Attor, Jaloliddin Rumiy, Abdurahmon Jomiy kabi ulug’ ijodkorlari qalbini ilhomlantirgan erkparvar, fuqarosevar malomiylik edi. Uning tub mohiyati va qonun-qoidalarini anglashda, takror-takror asarlarida tilga olgani bir qator mo»tabar manbalar ham Navoiyga yaqindan yordam bergandi. Shunday kitoblardan biri sanalmish “Kashf ul-mahjub”da ta’kidlanishicha, “malomat oshiqlarning bog’i, gulzori va sayrgohi, g’am-g’ussa sohiblarining istirohat manzili, muridlarning nash’asi va ishtiyoqidir” .

Malomatiylardan so’fiylarni ustun qo’ygan va buning isbotini ham bitib qoldirgan Shahobiddin Umar Suhravardiyga ko’ra, “haqiqiy malomatiy tomirlarida ixlos zavqi jo’shgan, tom ma’nosi ila sidqu sadoqatga erishgan insondir” . Muhyiddin Ibn Arabiyning ta’rifi va e’tirofi yanada yuqori: “Malomatiylar Tangri eranlarining oldingi safida turuvchilardir. Haqiqiy komillik martabasini egallagan zotlar ana shular edi… Ular valoyatning eng yuqori darajalariga ko’tarilishgan. Undan balandda faqat nubuvvat maqomi bordir”. Shayxi Akbar islom payg’ambarini ham malomatiy hisoblaydi va “malomatiylik Ollohga yaqinlik, ya’ni qoba qavsayn maqomi erur” , deydi.

Malomatiylik amaliy mohiyatdagi bir maslak bo’lganligi bois, uni qabul qilgan kishi nomiga nafsga qarshi kurashmay, xalqning ta’nayu malomatiga parvo qilmasdan, bu kurashni hayotidagi eng katta jihodga aylantirishi shart sanalgan. Buning sodda va ta’sirli bir ifodasini g’azalda Bobur Mirzo bitib qoldirgan:

Ulusning ta’nu ta’rifi manga, Bobur, barobardur,
Bu olamda o’zimni chun yamon-yaxshidin o’tkardim.

Bu holga Tark deyilgan. Malomatning yana ikki shakli bo’lib, biriga Istiqomat, ikkinchisiga Qasd nomi berilgan. Istiqomat – dilni fisqu fasod, munofiqlik va riyodan tozalab, faqat Haq talablariga muvofiq yashash ma’nosini bildirgan.

Xullas, ana shu vazifa va ma’naviy majburiyatlar malomat sohiblarini quruq zuhd, mahdud zohidlikdan, zohiriy rasm-rusumlarga yopishib olgan makkor so’fiylardan yiroqlashtirgan. Tarkidunyochilikni-ku ular tilga ham olishmagan. Mehnat-mashaqqat bilan halol rizq topib kun kechirmagan malomat vakili malomatiy hisoblanmagan. Eng muhimi, ular so’fiy va darveshlar singari xirqa kiyib, dastor bog’lab, aso ko’tarib, xalqdan ajralgan bir holda o’zlarining erku ixtiyorlarini pir yoki shayxga topshirishmagan, el-yurt taqdiriga ham Haq, ham xalq nazari bilan qarashda aytarli oqsashmagan. Musulmon olamida xudparastlik, moumanlik, madhiyabozlikka qarshi kurashda sezilarli natijalarga erishilgan bo’lsa, bunda malomiylar ko’proq hissa qo’shishgan.

Nafs nazorati, ya’ni botiniy amaliyot va shaxsiy qusur hamda nuqsonlarga mas’ullikni ahli malomat axloqiy-ruhiy komillikning tamali deb bilishgan. Alisher Navoiyning “Lison ut-tayr” dostonidagi:

Noqis uldurkim, o’zin komil degay,
Komil ulkim, nuqsin isbot aylagay.
O’z kamolidin demas ahli kamol,
Ahli nuqson ichradur bu qilu qol…, –

degan so’zlari ushbu haqiqatning o’ziga xos talqinidir. Fazilat yoxud ijobiy hisoblangan xislatlardan faxrlanish nari tursin, o’zini yaxshi ko’rsatishga urinishni ham Navoiy keskin qoralaydi:

Fosiqmenu kofiri nihoni,
Ka’ba safari erur menga hayf.
O’zni buki yaxshi ko’rgazurmen,
Billohki, menga kaliso hayf.

Mutafakkir shoirning tavsiya va ta’kidi bo’yicha, qobiliyat, fazilat, donolikning ilk sharti insonning o’z aybi va ojizliklarini bilishda chalg’imasligidir. Zero, “bashar xayli”ga xos o’zni sevish holi bunga to’siqlik qiladi:

Bashar xayli anga majbul erurlar, –
Ki, bo’lg’ay har bir o’z ollinda mahbub…
Hunar ahli ani degilki, bo’lg’ay
O’zini qilsa o’z ollida ma’yub.
Chu o’z aybig’a voqif bo’ldi, aybin
Nechuk qilg’ay hunar o’rnig’a mahsub?

Bu misralardagi ma’noni Sulamiy risolasidagi “malomatiy botinida iddaosi, zohirida qalloblik va riyokorligi yo’q shaxsdir” degan so’zlarining bir tasdig’i desa, xato bo’lmaydi.

Ahli malomat hayotlari, harakat va holatlari hech birovnikiga o’xshamasligi, buni Ollohdan boshqasi bilmasligini istashgan. Ular biror ish qilsalar g’arazdan xoli, iddaodan yiroq, shovqin-suronsiz, faqat el-yurt manfaatlarini ko’zlab amalga oshirishgan. Bu ham tasodifiy holat yoki tamalsiz qat’iyat va sun’iy xolislik emasdi.

“Menimcha, futuvvat va malomiylik, – deb yozadi Afifiy, – ayni haqiqatning ikki farqli tomoni va aslida esa malomatiylar “mutasavvif fatolar” – javonmardlardir” .

Malomatiylikning ilk asoschilari chindan ham uni bir turli futuvvat va mardlik deb anglab, o’zlarini esa “fityon”, “rijol” deya atashgan. Bir tomondan, futuvvat ishtiyoqining yuqoriligi, ikkinchi yoqdan, Navoiy mansub xojagon-naqshbandiya tariqatidan malomatchilikning muhim va muqim o’rin ishg’ol qilganligi shoirning malomatda erkin va sobit bo’lishini ta’minlagan omillar edi. Bir necha o’rinda shoir o’zini malomat bulbuli deb ta’riflaydi:

Vafo bo’stonining dostonsaroyi,
Malomat bulbuli, ya’ni Navoiy.

Yoki:

Charx mehnat toshidin to ravzan ochti har taraf,
Men malomat bulbuli, go’yo qafasdur maskanim.

Bir necha baytlarda esa “arbobi malomat”, “ahli malomat”ga mansublikka e’tibor qaratiladi:

Mug’ ko’yi azmidin meni man’ etma, ey rafiq,
Bu yo’l erur chu ahli malomatqa borg’uluq.

Turli janrdagi asarlarida Navoiy ishq azobi, hijron g’am-g’ussalari, hayot va zamon qiynoqlaridan so’zlaganda “malomat toshi”, “sangi malomat”, “malomat dashti”, “malomat tog’i”, “malomat bahri”, “malomat dayri”, “malomat bodasi” singari istioraviy iboralarni keng qo’llaydi. Masalan, “Navodir un-nihoya” devonidagi 338-g’azalda o’qiymiz:

Bizing shaydo ko’ngul bechora bo’lmish,
Malomat dashtida ovora bo’lmish.

Bechoraligi yetmaganidek, shaydo ko’ngilning “malomat dashtida” ovora bo’lishi holatni yorqinlashtirib, taassurotni kuchaytiradi.

“Malomatda salomat bo’lur”, degan hikmatli fikr malomatiylar o’rtasida ancha keng tarqalgan. Navoiy uni shakliy o’zgarishlar bilan g’azalda shunday ifodalaydi:

Ka’ba istarsen, mo’g’ilon cheksa til qayg’urmag’il,
Bemalomat topmadi kimsa salomat, ey ko’ngul.

Yoki:

Manga solim o’l, deb duo qilmangizkim,
Begonmas salomatni ahli malomat.

Navoiyning malomatiylikka ishonch va e’tiqodi “Devoni Foniy”dagi ayrim baytlarda yanada aniq aksini topgan:

Nest g’amam az malomate, ki kunad shayx,
G’am naxo’rand az malomat ahli malomat.

Mazmuni: “Shayxning malomatidan men hech qayg’urmayman. Chunki malomat ahli malomatdan g’am yemaydi”.

Bu gap aslida malomat zumrasini ilhomlantirgan Qur’oni karimdagi Olloh do’stlari “Malomat qiluvchining malomatidan qo’rqmaydilar” (“Moida” surasi, 54-oyat) so’zlarining she’riy bir tafsiridir.

Navoiyning malomatiylikka qarashi vaqt o’tgan sayin teranlashgan. Xususan, insonning bosh ijobiy fazilatlarini buzib, odamlararo muomala va munosabatdan ishonch hamda samimiyatni chetlashtirguvchi kibr va riyoga qarshi shoir go’yo jang olib boradi. Riyo – asl qiyofani yashirib, hiylagar, makkor, pastkash qiyofada ish yuritish va so’zlash “usuli”dir. Malomatiylar uni har tomonlama puxta o’rganib, holdagi riyo, amaldagi riyo, iddaodagi riyo, ilmdagi riyo kabi turlarga ajratishgan va jamiyat uchun ularning biri ikkinchisidan ko’ra juda xavfli ekanligini isbotlab berishgan. Navoiy riyo xususida chin malomatiy maqomida mushohada yuritib, goho hech kutilmagan fikrlarga e’tiborni jalb qiladi:

Riyoyi Ka’badin dayri fanog’a
Kirib, gar butqa zohir qildim iymon.
Meni yozg’urma, ey shayxi riyoyi –
Ki, gar kofir edim, bo’ldum musulmon.

Navoiy she’riyatiga qayta-qayta murojaat qilib, kengroq mushohada yuritgan o’quvchi shoirning dindan javonmardlikka, futuvvatdan tasavvufga, sof va go’zal tasavvufiy taassurotlar bilan boyib, oxiri malomatiylikka ishonch bilan qaraganligini anglashda uncha qiynalmaydi. Bu o’rinda malomat mazmuni va kayfiyatidagi she’rlarning “Favoyid ul-kibar”dan ko’proq joy egallaganini aytish joizdir. Ulardan birida o’qiymiz:

Nomai a’molim ul yanglig’ qarodur jurmdin –
Kim, nadomat ashkidin oni oritmoq o’lmag’ay.
Balki gar Bahri muhit ichra solib, yillar yusang,
Ul qaro bo’lg’ay sarosar, lek bu oq o’lmag’ay.

Nomai a’mol – tiriklikda qilingan yaxshi va yomon, gunoh va savob ishlar qayd etiladigan daftar. “Ayb va gunohning yozuvidan bu daftar shunchalik qaroki, – deydi lirik qahramon, – nadomat va pushaymonlikdan to’kilgan ko’z yoshlar bilan uni oqartirishning hech iloji yo’q. Bahri muhitga solib yuvilganda ham dengiz suvi butkul qorayadi, biroq u daftar oqarmaydi”.

Nomai a’mol umumiyroq tuyulgan bo’lsa kerakki, shoir nomai ma’siyat – gunoh daftarini ham esdan chiqarmaydi. Biroq bu daftardagi qoralik yanada quyuq, uni “chashmai xurshid” – quyosh chashmasida yuvilganda ham yilt etgan yorug’lik nazarga tashlanmaydi. Undagi hatto har bir nuqta osmondagi har bir yulduzni qoraytirib yuboradi:

Nomai ma’siyatim chashmai xurshid ichra
Yusalar, ko’rmagay el o’zga yorug’luq yuzini.
Harfini bir-bir etib sochsa falak javfi aro,
Shibhigun qilg’ay har nuqtasi bir yuduzni.

Gunoh va gunohkorlikni bu qadar teran idrok aylash ehtiyoji o’z-o’zidan tug’ilmaydi. Buning izohi esa go’yo boshqa bir qit’ada yoritilgan:

Qaysi taqvo xirmanin fisq o’tidin kuydurmadim,
Qaysi tavba naxlini nafs ilgidin sindurmadim.
Turmay oqsa ko’zdin ashkim ne ajabkim, tavbadin
Garchi ko’p so’z dedim, ammo bir so’zumga turmadim.

Malomatiylikdagi o’ziga nisbatan murosasizlik va o’zini o’zi shafqatsiz bir haqiqatgo’ylik bilan fosh etishni ayrim olimlar kuchsizlik, badbinlik va tushkunlikka nisbat berib, buni
boshqa din, masalan, zartushtiylik va hind falsafasi ta’siri bilan bog’lashga urinishgan. Eron olimi Abdulhusayn Zarrinko’b bunday qarashni inkor etib, na zardushtiylikda va na malomatiya ta’limotida yuqorida tilga olingan salbiy holatlar
yo’qligini asoslaydi .

Aslida kamoli mutlaqni Haqda mushohada qila oladigan kishi, xohlasin-xohlamasin, o’zga har narsada bir nuqson yoki yetishmovchilik ko’radi. Yolg’iz Ollohga xos komillikni xotirlagan malomatiy esa o’z qusur va gunohlarini ochiq so’zlashdan juda maroqlanadi. Undagi nafsshunoslik ham shuni talab qiladi.

So’fiy va mutasavviflarning qanoati bo’yicha, inson nafsu havo ta’siridan xolos bo’lmaguncha, “nafsning yoqasidan qo’lni” bo’shatmasdan sukut qilishi lozim. Chunki “So’z sharobga o’xshaydi. Uni ichishga mubtalo bo’lgan kimsa undan aslo qutulib bilmaydi… So’zning ofat tomonlari irfon ahliga yaxshi ma’lum bo’lgani bois ular ko’pincha so’zlashdan sukutni afzal ko’rishgan… Chunki sukutida hayo borning gapida ham uyat va hayo bo’ladi” . Shuning uchun ham Navoiy:

Orifg’a ganji fayz yetsa,
Ishi dam urmayin oni yoshurmoq,

degan. Bu psixologik tajriba va axloqiy holat malomatiylar tomonidan haddi a’losiga ko’tarilib, til nazoratida ular bilan musobaqa qilishning deyarli imkoni bo’lmagan.

Hamdun Qassor to’g’risida Navoiy “Malomatiyaning shayxi va imomidur. Nishoburda malomat tariqin ul nashr qildi”, – deydi. Naql qilinishicha, Nishopur olim va oriflari Hamdunga: “Sening so’zlaring ko’ngillarga borib yetishi va ta’siri ham samarali bo’lishi bois minbarga chiqib xalqqa gapirsang-chi…”, – deyishibdi. Qassor esa: “Bunga hojat yo’q”, – debdi. “Nima uchun?” – deb so’rashganda u: “Chunki mening nafsim singari ko’nglim ham dunyoga, dunyoviy orzu-havaslarga bog’liqdir. Modomiki shundoq bo’lgach, so’zlarimdan naf tegmaganidek, ko’ngillarga ham ular ta’sir o’tkazmaydi”, – degan ekan. Uning shunday deganiga inonmoq kerak. U izdoshlariga “Biror kimsa o’zining nafsini Fir’avnning nafsidan ko’ra xayrliroq deb bilsa, kibr yo g’ururga taslim bo’lgan bo’lur”, – deya qayta-qayta uqtirgan. Xullas, nafsi ammora bilan orani ochiq qilmay o’zgalar nigohini o’ziga qaratmaslik va qo’lga qalam ham olmaslik Sharq adabiyoti hamda ilm-fanini bir necha asr mobaynida muhofaza qilgan, didsizlik, olomonchilik, maddohlik ofatlaridan asragan malomatiylarning shartlaridan biri bo’lgan. Shu bois ham g’azallaridan birida ulug’ Navoiy aniq-tiniq qilib:

Har ne elga kom erur, kechti Navoiy boridin,
Qilmadi nekim, buyurdi nafsi xorijroy anga, –

deb yozgan edi. Ana shu amaliy haqiqatga rioya qilinganda, nainki badiiy ijod, balki navoiyshunoslikda ham davr va zamon talablariga muvofiq yangiliklar yuzaga chiqadi degan umiddamiz.

IZOHLAR

1. A b u A ‘ l o A f i f i y. Tasavvuf. Islomda ma’naviy hayot. Istanbul, 1996. 239-bet.
2. G u l p i n o r l i A. Malomiylik va malomiylar. Istanbul, 1931. V bet.
3. G u l p i n o r l i A. Tasavvuf. Istanbul, 2004. 162-bet.
4. H u j v i r i y. Kashfu’l mahjub. Istanbul, 1996. 150-bet.
5. S u h r a v a r d i y. Avorif ul-maorif. Istanbul, 1990. 01-bet.
6. Iqtibos Afifiyning kitobidan keltirildi. Qarang: Islomiy tushunchalarga doir maqolalar. Istanbul, 2011. 146-bet.
7. A b u l A ‘ l o A f i f i y. Ko’rsatilgan kitob. 193-bet.
8. Z a r r i n k o’ b A. Justujo’ dar tasavvufi Eron. Dushanbe, 1992. S. 286.
9. “Kashfu’l mahjub”. 503-bet.

Ibrohim Haqqul. Navoiyga Qaytish — 1 Kitob (Kirill & Lotin) by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 2 019, bugungi 4)

Izoh qoldiring