Ibrohim Haqqul. Mulkgirlik savdosi va tole’ hiylasi

03328 МАРТ — ТАНИҚЛИ АДАБИЁТШУНОС ОЛИМ ИБРОҲИМ ҲАҚҚУЛ 70 ЁШГА ТЎЛДИ

  Амир Темур бу ёруғ оламни тарк этиши биланоқ тожу тахт ва ҳокимлик ҳирси ғалаён бошлади. Соҳибқирон вафотидан кўп вақт ўтмай, унинг муҳташам салтанати парчаланиб, шиддат ила ичдан емирилишга юз тутди. Хуросонда Шоҳруҳ Мирзо, Мовароуннаҳрда Султон Улуғбек ҳукмронлиги ниҳоя­сига етгач, темурийзодалар орасидаги сиёсий низо ва қонли тўқнашувлар янада авж олди.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
МУЛКГИРЛИК САВДОСИ ВА ТОЛЕ ҲИЙЛАСИ
06

Миллат фаровонлиги, давлат равнақини таъминлайдиган икки буюк куч ва асос мавжуд: бири – шахсияти бутун ҳукмдор, иккинчиси – маъмурлик манбаи бўлмиш иқтисод. Ҳукмдор иродали, серғайрат бўлмаса, иқтисод ўнгланмайди. Иқтисоди ночор мамлакатда ҳеч бир соҳа, илм-фан, маданият ва санъат ҳам тараққий топмайди.

033Жаҳонгир Амир Темур салтанатда шоҳ қандай мақомга юксалишини амалда кўрсатганидек, иқтисодий ҳаётдаги оламшумул эврилишни ҳам дунёга намойиш этган эди. Машҳур араб тарихчиси Ибн Халдуннинг таърифлашича, “Амир Темур даври башар тарихи инкишофининг энг олий нуқтасидир. Дунё яратилгандан буён Темурникидай давлат барпо бўлмаган. Бобил ва Эрон ҳукмдорлари, ҳатто Искандар ҳам бу буюк жаҳонгир қаршисида бир соя кабидир” (A. Zeki Velidi Togan. Tarihte usul. Enderun kitabevi. Istanbul, 1985, 165-бет).

Афсуски, Амир Темур бу ёруғ оламни тарк этиши биланоқ тожу тахт ва ҳокимлик ҳирси ғалаён бошлади. Соҳибқирон вафотидан кўп вақт ўтмай, унинг муҳташам салтанати парчаланиб, шиддат ила ичдан емирилишга юз тутди. Хуросонда Шоҳруҳ Мирзо, Мовароуннаҳрда Султон Улуғбек ҳукмронлиги ниҳоя­сига етгач, темурийзодалар орасидаги сиёсий низо ва қонли тўқнашувлар янада авж олди. Абулқоси м Бобур ўлимидан сўнг Хуросон давлати учун бўлган уруш ва исёнлар жаҳонгирнинг орзу-умидлари елга соврилганидан дарак берар эди. Лекин Амир Темур барпо этган давлатни қайта тиклаш мақсадида от сурган подшоҳлар ҳам йўқ эмас эди. Улардан энг қатъиятлиси Султон Абусаид эди. Балки шунинг учун ҳам “Тарихи Рашидий” китобида “Абусаид Мирзо улуғ подшоҳ бўлиб, темурийлар наслида бошқа бундай подшоҳ бўлмаган” дейилгандир (Муҳаммад Ҳайдар Мирзо. Тарихи Рашидий. Т., “Шарқ”, 2010, 114-бет).

Алишер Навоийнинг ижодий фаолияти уч темурий подшоҳ – Абулқосим Бобур, Султон Абусаид ва Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида ўтган. Бобур ва Алишер, Ҳусайн ва Алишер орасида жиддий ихтилоф, очиқ душманлик бўлмаган. Абулқосим Бобур Бойқаро ва Навоийни маълум муддат паноҳига олиб, уларга ҳиммат қўлини чўзган бўлса, Навоийнинг ўттиз йилдан ортиқ умри болалик дўсти, маслакдош ва сафдоши Ҳусайн Бойқаро раҳнамолигида кечган. Навоий бу ҳақда турли жанрдаги асарларида ёзиб қолдирган. Демак, асосий муаммо, кўплаб навоийшунослар диққат-эътиборини жалб қилган зиддиятли мавзу – Султон Абусаид ва Навоий муносабати тарихидир. Улуғ шоиримизнинг таржимаи ҳоли, ижодига бағишланган тадқиқот ва китобларни ўқиган ҳар бир киши Султон Абусаидни Навоийнинг душмани, уни моддий ва маънавий қийинчилик ҳамда сургунга маҳкум айлаган бераҳм ҳукмдор деб тасаввур қилади. Аммо Навоийнинг ўзи ўртадаги зиддият, нохуш ҳодисаларни бирор жойда махсус қайд этиб қолдирмаганидек, шоирга замондош тарихчилар ҳам бу хусусда очиқ-ойдин ёзмаган. Хўш, шоҳ ва шоир ўртасидаги ихтилоф сабаби нима эди?

Абусаид Мирзо – давлат тепасида ҳукм юритган машҳур темурийзодалардан бири. У “Султон Муҳаммад Мирзонинг ўғли эди. Султон Муҳаммад Мирзо Мироншоҳ Мирзонинг ўғли эди. Мироншоҳ Мирзо Темурбекнинг ўғли эди” (Заҳириддин Муҳаммад Бобир. Бобирнома. Т., ЎзР Фанлар академияси нашриёти, 1960, 64-бет). Абусаид 1427 йилда туғилган. Муҳаммад Мирзо оғир хасталикка чалингач, ўғлининг тарбиясини Мирзо Улуғбекка топширади. Абусаид отасининг вафотидан сўнг Улуғбек саройида таълим-тарбия олиб, аниқ фанларда иқтидорини намойиш этади. Улуғбек жиянининг келажагига ишонч билан қарай бош­лайди. Бунинг акси ўлароқ, Абусаид қалбида ва­ли­неъматига нисбатан адоват қўзғалиб, унинг тахтини эгаллаш учун пайт пойлайди. Мирзо Улуғбек катта ўғли Абдулатифга қарши Хуросонга юриш бошлаганда Абусаид туркманларнинг арғун қабиласи ёрдамида, Улуғбекнинг иккинчи ўғли Абдулазиздан Самарқандни тортиб олиб, ўзини подшоҳ деб эълон қилишга уринади. Бироқ нияти амалга ошмай Самарқанд яқинидан ортга чекинади (Шараф-хан Бидлиси. Шараф-наме. Том II. М., “Наука”, 1976, стр. 120).

1450 йил Абдулатиф, Навоий таъбири билан айтганда, “ўтар дунё маслаҳати учун донишманд ва подшоҳ отаси”ни ўлдиради. Бу қотиллик Абу­саиднинг Мирзо Улуғбек тахтини эгаллаш ниятини қатъийлаштиради. Илмда у Улуғбек ўлимининг ташкилотчиларидан бири бўлган, деган фикр ҳам айтилган (Ҳайитметов А. Алишер Навоийнинг адабий-танқидий қарашлари. Т., ЎзР Фанлар академияси нашриёти, 1959, 42-бет). Падари бузруквори вафотидан кўп ўтмай Абдулатиф ҳам қатл қилинади. Бу воқеа арафасида Бухорода ҳибсда ётган Абусаид озод этилади. У ўзини султон деб эълон қилади-ю, аммо рақиби Мирзо Абдуллоҳдан енгилиб, Ясси шаҳрига бориб ўрнашади. Қиш бўлишига қарамай, Мирзо Абдуллоҳ Туркистонга қараб лашкар тортади. Абусаид зўр-базўр Яссига яқинлашган қўшинга қарши чиқмай, мудофаа йўлини танлайди.

Қиш азоби Мирзо Абдуллоҳ аскарларида қатъиятсизлик, шикасталик майлларини уйғотади. Шунда Абусаиднинг хаёлига “нозик бир тадбир” келди: бир гуруҳ кишиларга ўзбекларникидай кийим-бош кийгизиб, шаҳардан ташқари чиқарди. Улар узоқдан қораларини кўрсатиб, “Ўзбек лашкари ёрдамга келди”, деб овоза қилдилар. Шаҳарда эса “Ўзбек хони келди”, деб шодиёна ноғорасини чалдилар. Мирзо Абдуллоҳнинг сипоҳи ташқарию ичкаридан бу ҳолни кўргач, қочиш йўлига юз тутдилар ва барча юкларни, от-улов­ларини қолдириб, ҳаёт нақдини ғанимат билдилар… (Абдураззоқ Самарқандий. Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн. 2-жилд. Т., “Ўзбекис­тон”, 2008, 316-бет).

Абусаид Самарқандни забт айлаш мақсадида ёрдам тилаб Абулхайрхонга элчи жўнатади. Таклифни қабул қилган хон Ясси яқинида аскарлари билан Абусаидга қўшилади. Лашкарлар Самарқандни ишғол этмоқ учун йўлга тушади. Иттифоқчилар Самарқанддан тўрт фарсаҳ беридаги Шероз кентига етганида, Мирзо Абдуллоҳ Кўҳак наҳри соҳилига ўрнашади. Унинг аскарлари Абусаидникидан кўпроқ бўлса-да, ғанимининг етти минглик қўшинидан енгилади ва асир олиниб қатл этилади. Абусаид Абулхайрхон одамларини шаҳарга киритмасдан совға ва инъомлар билан ортга қайтаради. Бу ҳодиса халқда янги шоҳга нисбатан илиқ таассурот уйғотади. Абусаид шоҳлигининг илк одимлариданоқ шариат қонун-қоидалари ва талабларига асосланган, Улуғбек замонидаги илмий-маданий муҳитдан фарқланадиган тартиб-интизом жорий қилишга алоҳида эътибор қаратади. Мусулмонлик эътиқоди ва тарбиясига мувофиқ келмайдиган маросиму йиғинларга чек қўяди. Ҳукмронлик миқёси ва давлат сарҳадларини кенгайтириш Абусаиднинг асосий пинҳоний режаларидан бири эди. Абулқосим Бобур вафотидан сўнг Хуросон бутунлай унинг тасарруфига ўтади ва Ҳирот шаҳрини пойтахтга айлантиради.

Қорақуюнлилар хони Жаҳоншоҳ ҳужумини бартараф этиш, шарқ томондан таҳликали бир рақиб пайдо бўлганини сезгач, мўғул хони Эсон Буғани йўқотиб Юнусхонни Мўғулистон тахтига ўтқазишдаги тадбиркорлиги Абусаиднинг зийрак давлат бошлиғи бўлганини тасдиқлайди. Абусаиднинг сиёсат ва давлат бошқарувидаги ютуқлари, ҳеч шубҳасиз, унда кибр ва манманликни пайдо қилган эди. У ўзини ҳатто жаҳонгир бобосига насиб этмаган имтиёз соҳиби деб ҳисоблаган. Турли авлодга мансуб навоийшунослар Султон Абусаидни золим, хайру хосиятдан бегона ҳукмдор қиёфасида гавдалантирган. Олим Шарафуддиновнинг ёзишича, “Подшоҳ Абусаид ўлкани, элни талаб “ваҳшатобод”га айлантирган, халқнинг тирикчилиги оғирлашган эди… Ёш шоир (Алишер Навоий) Абусаид Мирзонинг қўли билан қилиниб турган зулм, адолатсизликни ўз кўзи билан кўрди ва кундан-кун чуқурроқ ҳис эта бошлади. Бу эса Алишернинг Абусаид Мирзога нафратини оширди” (Шарафуддинов О. Алишер Навоий. Ҳаёти ва ижоди. Т., Ўзбекистон давлат нашриёти, 1948, 33-34-бетлар).

Абусаид наинки мусиқа ва санъат, адабиёт, илм-фаннинг аҳамиятини ҳам теран тушунмаган. Шунинг учун унинг ҳукмронлик замонида шеърият Шоҳруҳ Мирзо, илм-фан Улуғбек Мирзо давридагидан ортда қолганидек, санъат Бойсунғур Мирзо яратган ижодий муҳитга яқин ҳам йўламасди. Бойқаро ва Навоий бадиий ижод, илм-фан ва санъатни ривож топтиришда юқорида номи тилга олинган уч подшоҳ тажрибаларидан ўрнак олгани тасодиф эмас эди.

Навоийни Султон Абусаидга душман қилиб кўрсатилиши, унинг топшириғи билан шоирнинг отамерос мол-мулки мусодара этилиши, ҳатто “уни йўқотишга ҳаракат” қилингани тўғрисида навоийшуносликда айтилган фикр-мулоҳазаларга, бизнингча, уйдирма ва муболаға аралашган. Абусаид маълум сабаб ва ҳолатларга кўра ўспирин шоирни ёқтирмаган ёки уни маддоҳлари қаторида кўришни истамаган бўлиши мумкин. Ҳатто исёнкорликда қораланган бир неча темурий шаҳзода қатори Ҳусайн Бойқарони ҳибс эттирганда ҳам, ке­йинроқ уни маҳв этишга қарор қилганида ҳам Абусаид Навоийни ўзига душман деб билмаган. Чунки у Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Кичкинани шахсан таниган. Хондамирнинг гувоҳлик беришича, саройдаги айрим муҳим ишларни унга ишониб топширган. Адабиётшунос Фахрий Ҳиротий эса амирлик Навоийга отасидан мерос эканини қайд этган.

Навоий сингари даҳо ижодкорларнинг ахлоқий, диний, сиёсий шуури ўзига боғлиқ бўлмаган равишда осмон қадар юксалади. Шу сабабли кўп ҳолларда шахсий фойда, хусусий ютуқ деган тушунчалар ҳам улар учун арзимас нарсага айланиб қолади. Навоийда миллат ва давлат, дин ва уммат манфаати шу қадар устувор бўлганки, қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, гуруҳбозликка ўхшаш майллар унга буткул бегона эди. Демак, хоҳласа-хоҳламаса, Навоий Султон Абусаид­нинг шафқатсиз сиёсатига бетараф қараб туролмасди. Боз устига, шоир бир муддат Абусаид саройида хизмат қилиб, унинг феъл-атворини ҳарқалай яқиндан билган. Навоий Султон Абусаид давлатида йилдан йилга мустабидлик, мутаассиблик, қуллик ва ўзаро ишончсизлик кенг қулоч ёзишини ҳам, ижтимоий ҳаётда кутилмаган кулфату офатлар юз беришини ҳам олдиндан сезган. Имкон қадар уларни образлар тили билан акс эттириб ҳам берган.

Навоийнинг Самарқандга борган йили ва сабаблари борасида кўп олимлар баҳс юритган. Улардан бир гуруҳи Бобур қўллаган “ихрож” калимасига асосланиб, Абусаид шоирни Ҳиротдан сургун қилган деса, бошқалари Навоий Самарқандга таҳсил мақсадида борган эди, деб ёзган. Профессор Абдуқодир Ҳайитметов ёш шоирнинг маънавий пирларидан бири Саййид Ҳасан Ардашерга шеърий мактуби Самарқанд заминида яралганини ишончли далиллар билан исботлаб берган. Унинг таъкидича, шеърий мактубдаги ўнлаб мисралар “тарихни ҳаққоний ёритиш, темурий подшолардан золим, қонхўр, реакционер Абусаид подшолиги даврини ўрганиш, унинг ички моҳиятини очишда катта аҳамиятга эга” (Ҳайитметов А. Навоий лирикаси. Т., ЎзР Фанлар академияси нашриёти, 1961, 284-бет).

Филология фанлари доктори Эргаш Рус­тамов ўша мактуб Абусаид ҳукм юритган кезларда, айниқса, Ҳирот ва Самарқандда зулм, ҳақсизлик ва таҳқирлар кучайганда яратилганини эътироф этса-да, Навоий уни Машҳадда ёзган, деб ҳисоблайди. Лекин келтирган далиллари ўқувчида бунга тўла ишонч уйғотмайди (Рустамов Э. Страницы из биографии Алишера Навои. // Краткие сообщения института народов Азии. Выпуск 63. М., 1963, стр. 81-84).

Маснавийда, хусусан, Хуросондаги ижтимоий ва маънавий аҳвол кескин танқид қилинади. Эл орасидан вафо, сахо, мурувват барҳам топгач:

Вафо ерида ўлмиш нифоқ,
Сахо ўрнида бухл тутмиш висоқ.

Мурувватқа бўлмиш ҳасад жойгир,
Зиҳе хуш элу мулкати дилпазир,

дейди шоир (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 3-жилд. Ғаройиб ус-сиғар. Т., “Фан”, 1988, 531-бет).

Кину нифоқ, бахиллик ва ҳасад бош кўтарган муҳитда, албатта, инсон қиёфасидаги шайтону девлар кўпайиб, одамийлик, орият, номус каби олий туйғу ва тушунчалар қувғинга учрайди. Қуйидаги байтлар ана шу фожиа ҳақида:

Элида кишиликдин осор йўқ,
Шароратдин ўзга падидор йўқ.

Не эл, не киши, балки шайтону дев,
Келиб барчаға даъб бедоду рев…

Қора пул учун айлабон қатл фан,
Ўлуктин тамаъ айлаб аммо кафан…

Зулм ва зўравонлик инсонни тубанлик ва разилликнинг ҳар турли кўчаларида изғишга мажбур қилиб, одам сиёқидан чиқаради. Аммо юқоридаги байтларда ифодаланган ахлоқий таназзул ва нафсоний йиртқичлик бирданига пайдо бўлмаган. Ижтимоий ҳаёт, иқтисод, зулм заминида юзага келган кулфат ва бахтсизликларнинг ҳаммасини Абусаидга нисбат бериш-да тўғри эмас. Чунки улар Абусаидгача ҳам, унинг ўлимидан кейин ҳам бўлган.

А.Ҳайитметовнинг хулосасига кўра, “Наво­дир уш-шабоб” девонидаги қуйидаги маш­ҳур қитъа ҳам “Абусаид ҳақида бўлиб, Навоий­нинг Абусаидни ниҳоятда ёмон кўрганини” тасдиқлайди:

Жаҳон ганжига шоҳ эрур аждаҳо,
Ки ўтлар сочар қаҳр ҳангомида.
Анинг коми била тирилмак эрур,
Маош айламак аждаҳо комида.

Бу шеърда шоҳ қонида жўшиб-тошган қаҳру ғазабга урғу берилган бўлса-да, айни пайтда, Абусаидга монанд золим, қаттол подшоҳнинг аҳвол-руҳияси жуда равшан кўрсатилган. Унинг қаҳр-ғазабига йўлиққан айрим одамларнинг қисматини эслашнинг ўзиёқ қитъа шу ҳукмдорга бағишланганига шубҳа қолдирмайди.

* * *

Абусаид Мирзо Улуғбекдан ўч ололмагач, унинг жияни ва куёви Абдулла Мирзо, набиралари Аҳмад Мирзо, Абдураззоқ Мирзони ўлдиртириш билан қаноатланмай, онаси Гавҳаршод Бегимни ҳам қатл қилдирган. Султоннинг нуфузли амалдорлари Шайх Аҳмад ва Хожа Мунзиддиннинг ваҳшиёна ўлдирилиши билан қўрқув муҳити юзага келган.

“Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер” асарида Абусаид Мирзонинг ҳар кимда жавоҳир бўлса тортиб олгани, тафтишни кучайтириб, халққа зарар етказгани қаттиқ қораланади. Бизнингча, “Бадойиъ ул-бидоя” девонидаги “жавоҳирсевар солотин” танқидига бағиш­ланган қитъада ҳам айнан Абусаид Мирзо назарда тутилган:

Шоҳо, эл жавҳари жонин чиқардинг,
Жавоҳир ҳирсидин бедод этиб фош,
Чу ўлгунгдур не осиғ тўкмак они
Мазоринг узра андоқким, ушоқ тош.

“Шоҳо, эл жавҳари жонин чиқардинг, / Жавоҳир ҳирсидин бедод этиб фош” сатрлари билан “Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер”даги “Султон Абусаид Мирзо ҳар кишида жавоҳир бўлса олиб…” деган фикр ўзаро қиёсланса ҳақиқат янада равшанлашади.

Абусаид дин ва тасаввуф аҳлини зоҳиран ўзига яқин тутган. Қай вилоят ё шаҳарга бормасин, энг аввало, ўша жойдаги авлиё, шайх ва табаррук зотлар мозорини зиёрат қилиб, хайру эҳсон улашган. Аммо унинг диний ҳаёти ва инончи меҳр-шафқат, ҳикмат ва ҳимматдан анча йироқ бўлган. Унинг зулм ва фисққа мойиллиги, айёр ва бераҳмлиги бош­қа темурийларни тахт учун дадил курашга чорлаган. Шоҳруҳ Мирзонинг узоқ давом этган ҳукмронлиги даврида (1405-47) меъморчилик, умуман, маданиятнинг тараққий топишига бош-қош бўлганлар фақат шоҳ ва мирзолар эмасди. Гавҳаршод Бегим, Туман оға каби маликалар, Алика Кўкалдош, Амир Ферузшоҳ, Шоҳ Малик сингари нуфузли амалдорлар ҳам қурилишга ҳомийлик қилган.

Султон Абусаид 1457 йили Ҳиротни қўлга киритгач, Гавҳаршод Бегимнинг зиёратига бориб, тул кампирга иззат-эҳтиром кўрсатади. Эри тириклигидаёқ давлат ишларида фаол қатнашиб, обрў-эътибор топган уддабурон бу аёл Шоҳруҳнинг тахтига набираси Мирзо Алоуддавла чиқишини истар ва уни ҳимоя қиларди. Шунингдек, Мирзо Иброҳим билан ҳам муносабати яхши эди. Аъёнлар шу каби далилларга асосланиб, Ҳиротнинг янги ҳукмдорини Шоҳруҳ Мирзонинг беваси тирик экан, тахтда хотиржам ўтиролмаслигига ишонтиришади. Шу тариқа Гавҳаршодбегим Абусаиднинг фармойиши билан 1457 йил 1 августда ваҳшиёна ўлдирилиб, эллик йил мобайнида йиғилган мол-мулки талон-тарож этилади. Темурийлар саройининг бообрў маликаси тақдири шу тариқа фожиали якун топади.

Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, “Гавҳаршод Бегим муборак сояли ва баланд мартабали, шиори покизалик ва иффат пардасига ўралган, хатти-ҳаракати одилона ва қилмишлари пок, олийҳиммат ва улуғ орзули, иффат пардасида Робиа сифатлик ва покизалик ёпинчиғида Зубайда янглиғ бир малика эди… У шуҳратли бонудан тириклик (олами)да кўп хайрли ёдгорликлар қолди…” (“Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, 2-жилд, 424-25-бетлар).

* * *

Султон Абусаид 1451 йилда Самарқандни эгаллагач, давлат чегараларини аста-секин кенгайтириб, бутун Мовароуннаҳрни, шунингдек, Хуросон, Бадахшон, Кобул ва Қандаҳорни забт этади, ҳукмронлигини Ҳиндистон ва Ироқ ҳудудларига қадар ёйишга муваффақ бўлади. Бундай нуфузга эришган подшоҳнинг Амир Темур томонидан бобоси Мироншоҳга инъом этилган ерларни қайтариб олишга уриниши табиий эди.

Қорақуюнлилар сардори Қора Юсуф билан бўлган 1408 йилдаги уруш Мироншоҳнинг ўлими ва ўғли Мирзо Абубакрнинг Язд томонларга қочиши билан тугайди. Амир Темур вафотидан уч йил ўтар-ўтмас салтанатнинг ғарбий ўлкалари қўлдан кетади. Бу кезларда Хуросон ҳокими Шоҳруҳ Мирзонинг ғарбдаги ҳодисаларга аралашишга имкони йўқ эди. Сўнгра у уч маротаба ҳарбий юриш қилиб, 1435 йили Озарбойжонда янгидан таъсис этилган темурий ҳокимиятини қорақуюнли Жаҳоншоҳга топширади.

Машҳур муаррих Мирхонд “Султон Абусаид Самарқандда етти йил салтанатни бош­қарди ва унинг Самарқанд ҳамда Хуросондаги ҳукмдорлик муддати шу юзадан ўн саккиз йил бўлган эди” дейди (Мирхонд. Равзат ус-сафо. Дафтари 6. Теҳрон, нашри дувум, саҳ. 1214). У ана шу муддатни жанги жадал ва тожу тахт талашувлари билан ўтказган. Самарқандда эълон қилган салтанатини тан олдириш учун у Абдуллоҳ, Абулқосим Бобур, Алоуддавла, Иброҳим Мирзо, Мирзо Жўқи, Ҳусайн Бойқаро каби темурийзодалар билан курашган. Мовароуннаҳр ва Хуросонни бирлаштиргач, Шоҳруҳ Мирзо вафотидан сўнг қорақуюнлиларнинг қўлига ўтган ерларни қайтариб олиш Абусаиднинг диққат марказидаги масалага айланган эди. Абусаид билан сулҳ тузиб, Ҳиротдан чиқиб кетган Қорақуюнли Жаҳоншоҳ давлатида ҳам нотинчлик, парокандалик кундан кунга авж олаётган эди. Жаҳоншоҳ Хуросондан қайтгач, ўғли Пир Будоқдан Шерозни олиб, унга Бағдодни беради. Пир Будоқ бунга қарши ғалаён бошлайди. Ота-ўғил жангида Жаҳоншоҳнинг қўли баланд келади ва Пир Будоқ ўлдирилади. Оққуюнлилар билан жангга киришган Жаҳоншоҳ 1468 йили Узун Ҳасандан енгилиб қатл этилади. Ўғилларидан бирининг кўзига мил тортилиб, яна бири ўлимга маҳкум қилинади. 1467-68 йил қишини Марвда ўтказаётган Абусаидда Озарбойжонга юриш фикри қатъийлашади (Афсаҳзод А. Рўзгор ва осори Абдураҳмони Жомий. Душанбе, 1980, саҳ. 66). Маслаҳат учун ҳузурига Самарқанддан Хожа Аҳрорни, Ҳиротдан Абдураҳмон Жомийни чорлайди. Улар Марвга келади.

Жомийшунос Аълохон Афсаҳзоднинг ёзи­шича, Абдураҳмон Жомий “Силсилат уз-заҳаб” достонининг иккинчи дафтарида шу воқеани баён этган бўлса-да, Хожа Аҳрор ёки Жомий Султонга нима маслаҳат бергани масаласига тўхталмайди (Бартольд В.В. Сочинения. Том II, часть 2, М., 1964, стр.171).

Давлат бошлиғи ва салтанат соҳибларини энг қалтис ҳамда ҳал қилувчи вазиятларда қўллаб-қувватлаб, ғолиблигини таъминлаш Хожа Аҳрорнинг ғайбий кароматларидан эди. Бу ўз даврида Мовароуннаҳр ва Хуросондан хорижда ҳам эътироф этилган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо Султон Абусаиднинг тўртинчи ўғли бўлган. Отасининг ахлоқ ва атвори, имон-эътиқоди хусусида сўзлаб Бобур бундай дейди: “Ҳазрат Хожа Убайдуллоға иродати бор эди, суҳбатлариға бисёр мушарраф бўлуб эди. Ҳазрат Хожа ҳам фарзанд деб эдилар” (“Бобирнома”, 64-бет).

Бобур Мирзонинг нақшбандия тариқининг улуғ муршиди Хожа Аҳрор валийга эътиқод боғлашида отасидаги ана шу яқинликнинг таъсири бўлган, албатта.

1500 йил Самарқандни забт этиш арафасида Бобур ажиб туш кўради: “Туш кўрарманким, ҳазрати Хожа Убайдулло келмишлар, мен истиқболлариға чиқмишмен. Хожа келиб ўлтурдилар. Хожанинг олиға ғолибо бетакаллуфроқ дастурхон солмишлар. Бу жиҳаттин ҳазрат хотириға нима келмиш. Мулло Бобо менинг сари боқиб, ишорат қиладур. Мен ҳам имо билан дедимким, мендин эмастур. Дас­турхон солғучи тақсир қилибтур. Хожа фаҳм қилиб, бу узр масмуъ тушти. Қўптилар. Узата чиқдим. Ушбу уйнинг долонида ўнг қўлимдин ё сўл қўлимдин тутуб андоқ кўтардиларким, бир оёғим ердин қўпти. Турки дептиларким, Шайх маслаҳат берди. Ўшул неча кунда-ўқ Самарқандни олдим” (ўша асар, 139-бет).

Бу парчадаги Самарқандни эгаллашдан бошқа ҳамма гап тушда кечган. Лекин орадан бир неча кун ўтар-ўтмас, Самарқандда зафар байроғининг кўтарилиши тушнинг ҳақиқатга айланишидирки, ақл ва мантиқ йўли билан ҳал қилиб бўлмайдиган ушбу эврилишнинг сир-асрорини аниқ шарҳлаш душвордир. Шу ўринда бир мулоҳаза туғилади: Хожа Аҳрор ўн тўққиз ёшли темурийзодани тушида қўллаб-қувватлаб, унга зафар муждасини етказди. Башорат ўнгда ҳам юзага чиқди. Бобурнинг бобоси, яъни Султон Абусаид оққуюнлиларга қарши уруш бошлашдан аввал Хожа Убайдуллони ҳузурига чорлаб кенгашган, ундан фотиҳа олган. Аммо у барибир енгилиб, жонидан ҳам жудо бўлган. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

“Мулкгирликда ва мамлакатдорликда агар­­чи баъзи ишлар зоҳирда маъқул ва муваж­жаҳ кўринур, вале ҳар ишнинг зимнида юз минг мулоҳаза вожиб ва лозимдир”, дей­ди Бобур. Мулкгирликда ҳам, мамлакатни бошқаришда ҳам ана шундай босиқлик, мулоҳазакорлик Султон Абусаидни тарк қилган эди. Ҳамма унинг қаҳр-ғазаби, тасаввурга сиғмас жазо ва азобларидан қўрқиб-қалтирарди. Унга маслаҳат бериш ҳам гоҳо фожиа ва мусибат билан якун топарди. Хожа Аҳрор буни яхши биларди.

“Сим-сиёҳ булут осмон юзига қора пардасини тортган, чақмоқ шуъласию момақалдироқ ва ёмғир тўфони ҳамма жойни эгаллаган” бир тунда Ҳусайн Бойқаро аскарлари Абусаид қўшинидан енгилиб, Адоқ томон қочади. Шунда нуфузли амалдорлардан Амир Халил “Султон ҳазратларини душман ортидан қувишга ундайди. Абусаид эса “Халилбек, султонликда душманни тунда қувиш одати йўқ”, дейди. Унинг даъватида ичиқоралик бор, деб ўйлаб, эртасига Амир Халил билан бирга унинг икки ўғлини ҳам ўлдиртиради (Абдураззоқ Самарқандий. Кўрсатилган асар, 521-бет). Амир ва амалдорлар орасида бу воқеа қўрқув ва таҳлика қўзғайди. Ҳар ким ўзининг эртасидан, бола-чақасининг тақдиридан ҳадиксирай бошлайди. Аъёнлар кўнглини тинчитиш учун подшоҳ Амир Халил оғир жазога мустаҳиқ этилгани юзасидан изоҳ беришга мажбур бўлади. Шунга қарамай, аксар аъёнлар подшоҳнинг самимиятига ишонмайди. Чунки улар султон кутилмаганда ёвуз қиёфага кириб, қанчадан-қанча одамларнинг ёстиғини қуритганини ўз кўзи билан кўрган эди.

Алҳосил, Султон Абусаид шахсияти мураккаб подшоҳ бўлган. Унинг табиатида одиллик билан золимлик, диндорлик билан мутаассиблик, бунёдкорлик билан яғмогарлик қўшилиб-қоришиб кетган.

Султон Абусаид маишатбозлик, шаробхўрлик давраларини умуман хуш кўрмаган. Бироқ қаҳру ғазаби қўзиганда одам қонини майдай сипқоришдан ўзини тиёлмаган. У ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва диний бирликка асосланган қудратли давлат барпо этиш йўлида айрим муваффақиятларни қўлга киритган бўлса-да, шафқатсиз ва ғайриинсоний сиёсати эркин фикрни илдиз-илдизидан шикастлаган. Касалликка айланган мулкгирлик даъвоси ўзинигина эмас, балки қарамоғидаги минг-минглаб раиятнинг тутдай тўкилишига олиб келган.

Академик Иззат Султон фикрича, “Абусаиднинг ҳукмдорлиги даври Хуросон ва Мовароуннаҳр тарихига энг қора саҳифалардан бири – зулм авжга чиққан, маданий ҳаётда сўниклик бошланган давр бўлиб киради” (Султон И. Навоийнинг қалб дафтари. Т., Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1969, 195-бет). Умуман, бундай танқид ва айбномаларни инкор қилиб бўлмайди. Лекин Абусаид бутун ҳукмронлик даврида нуқул жабр-зулм, илм-фан ва маданиятни ғорат этиш билан машғул бўлган, дейиш ҳам ҳақиқатга мувофиқ келмайди.

Тарихшунос Рашид Набиевнинг таъкидига кўра, Султон Абусаид даврида Хуросонда маданий ва ижтимоий ҳаёт буткул сусайиб кетмаган ва буни тарихчилардан Абдураз­зоқ Самарқандий ҳамда Хондамир қайд этиб ўтган (Набиев Р. Из истории политико-экономической жизни Маверауннахра XV в. // Сборник “Великий узбекский поэт”. Т., 1948, стр. 31). Синчиклаб қаралса, Абусаид Мирзо илм-фан ва маданиятнинг ашаддий душмани эмаслигини тасдиқловчи кўплаб далил ва мисоллар топилади. Масалан, у 1456 йили Мирзо Улуғбекнинг астрономик жадвали нусхасини Самарқанддан Ҳиротга Абулқосим Бобур учун жўнатади (Якубовский А. Черты общественной и культурной жизни эпохи Алишера Навои. // “Алишер Навои”. Москва-Ленинград, 1946, стр. 23).

Улуғбекнинг севимли шогирди ва издоши Али Қушчи устози қатлидан сўнг 1470 йилгача Самарқандда яшаб, илмий фаолиятини тўхтатмайди. Фалсафага доир “Шарҳи тажрид ал-ақоид” рисоласини ёзиб, Абусаидга туҳфа этган Али Қушчи эллик минг динор билан тақдирланади (Урунбоев А. О времени выезда Али Кушчи из Средней Азии. // “Общественные науки Узбекистана”. Т., 1971, №9). Шу сингари фактларни назарда тутиб шарқшунос Александр Болдирев ёзади: “В.В.Бартольднинг Улуғбекдан кейин маданият ҳар жиҳатдан таназзулга юз тутгани ҳақидаги фикрини А.Ю.Якубовский қайта кўриб чиқишга муҳтож деб ҳисоблайди. Бунда олим XV аср 50-йилларида меъморлик санъатининг мўъжизакор намунаси бўлмиш Ишратхона мақбараси қурилишини назарда тутади” (Болдирев А. Хожа Аҳрор ҳақида. Тошкент давлат шарқшунослик институти нашриёти, 2004, 19-бет).

Ҳақиқатан, Якубовский юқорида зикр этилган мақоласида Султон Абусаиднинг қизи Султон Ховандбека қабри устида тикланган мақбара ва кейинчалик номаълум сабабга кўра Ишратхона (Аслида Ашратхона деб номланган ва арабчада  «ўн хона» маъносини билдирган. Хуршид Даврон изоҳи)  деб номланган меъморий ёдгорлик улкан маданий қимматга эгалигини урғулайди.

Бевосита бадиий ижод хусусида сўзласак, Мавлоно Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоийнинг айрим асарлари Абусаид ҳукмдорлиги даврида ёзилган.

“Мажолис ун-нафоис”да ўқиймиз: “Амир Шайхим Суҳайлий …Султон Абусаид Мирзо хизматиға тушиб махсус мулозим бўлди ва ашъори эл орасида шуҳрат тутти” (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 13-жилд. Мажолис ун-нафоис. Т., “Фан”, 1997, 71-бет).

Давлат тепасида туриб, ҳаммага бирдек мақбул бўлиш, бир зайлда фойдали ишларни амалга ошириш мушкул. Қолаверса, давлат бошқарувида илм-фан, маданият кучига астойдил ишониб, адабиёт ва санъат ривожи йўлида беғараз ҳиммат кўрсатган подшоҳлар сафи кенг эмас. Назаримизда, нечоғли ўзига ғаним деб билмасин, умрининг сўнгги йилларида Навоийнинг Абусаидга муносабати қай бир йўсинда ўзгарган. Чунки ўша кезлари Ҳусайн Бойқарода Абусаид каби салтанат бирлиги йўлида курашиш иштиёқи ва шижоати йўқлиги кундай равшан бўлиб қолган эди. Абусаид Мирзо аъёнлари орасида ичкиликбозликнинг авж олишига йўл бермаслигини ҳам Навоий яхши англарди. Аммо Абусаиднинг 1469 йилда жанги жадалсиз, гўё бир сафар қурбони бўлганини шоир ажиб қисмат деб билди.

* * *

1468 йил февраль охирида Султон Абусаид Озарбойжонга юриш бошлайди. У бу пайт­да ўзини куч-қудратда жаҳонгир бобосидан ортиқ кўрган бўлса кўрганки, кам кўрмаган. Давлатшоҳ Самарқандий унинг Кошғардан то Табризга қадар узанган ҳудудни эгаллагач, кибр зўридан “Ер юзи кичик бир жой, унинг кадхудолигига бир киши кифоя” (Давлатшоҳ Самарқандий. Тазкират уш-шуаро. Теҳрон, 1338, саҳ. 551) деганини эслатиб ўтади. Ички ғурур Абусаиднинг Узун Ҳасанга ёзган мактубининг илк жумлалариданоқ сезилади: “Султон Абусаид Кўрагон сўзим. Ҳасанбекка салом дегач, Тангри инояти билан Соҳибқирон Темурбек тамом мамоликни мусаҳҳар қилиб юрганда улуғ отанг Усмонбек чин кўнгли била Соҳибқирон давлатига паноҳ келтуруб, ихлосини билдиргани учун Темурбек доғи иноятлар қилиб барча эл-улусдин ортуқ кўруб Диёрбакр вилоятини билдуруб хасо ўғул-ушоқининг тинчлиги учун Ҳамид тек ерни доғи суюрғаб юрт бергандурур…” (Тўпқопи саройи музейи архивидаги темурийлардан Султон Абусаид Кўрагоннинг Узун Ҳасанга битиги. Олтин ўрду. Қрим ва Туркистон хонларига оид ёрлиқ ва битиклар. Истанбул, 1940, 120-135-бетлар; Узун Ҳасан 1473 йил 12 августда Фотиҳ Султон Маҳмудга мағлуб бўлгач, мусодара қилинган бошқа буюмлар қатори ушбу мактуб ҳам Истанбулга олиб кетилган. Тўпқопи саройи музейи архивида 12307 рақами остида сақланаётир. Туркий тилда битилган мазкур мактуб батафсил изоҳлар ва усмонли туркча таржимаси билан Акдас Неъмат Курат томонидан эълон қилинган).

Абусаид Соҳибқирон бобосининг тахти Тангри инояти билан унга насиб этганини таъкидлаб яна ёзади: “Сен дағи билурсенким, улус эгаси Темурбек тамом мамоликни забт қилиб улашканда Табриз тахтини менинг бобом Мироншоҳ Мирзога бергандурур. Сенга дағи маълум дурурким, ота юрти – ўз юрти бўлур. Тангри иноятига сиғиниб бу фурсатларда Озарбойжон вилоятларини забт қилиб отам юртини бурунғи йўсун била тахт қилайин деб келадурман…” Узун Ҳасан сулҳ таклиф этиб одам юборади, Султон Абусаидга ҳатто ялиниб мурожаат этади. Абусаид илтимосу сўровларни қабул қилмайди, айни пайтда, Узун Ҳасаннинг ўзини паст тутиб сўзлашида зўр муғомбирлик борлигини ҳам сезмайди. Ардабилга боргунча амиру ҳокимларнинг унга кўрсатган иззат-эҳтироми мағлубиятни хаёлга келтиришга ҳам йўл қўймасди. Унинг хатидаги “Тангри иноятидин умидим улдурким, Рум, Миср, Шом бошлиқ тамом мамолик фатҳини бот бизга рўзи қилғай…Темурбек отанг Усмонбекка Диёрбакр вилоятини берган бўлса, умидим улдурким, мен сенга Тангри инояти бирла Миср, Рум вилоятларини олиб бергаймен”, деган сўзлари мулкгирлик даъвоси ҳадди аълога етганини кўрсатади.

Қаҳратон қиш қийинчиликлари, эллик минг­­дан зиёд кишилик ўрдадаги озиқ-овқат тан­қислиги, аъёнларнинг султондан бирин-кетин юз ўгириши, лашкардаги тез қулоч ёзган паро­кандалик ва ишончсизлик Абусаид­нинг орзу-умидларини елга совуради. Озарбойжонга кетаётганда Ер юзи унга нечоғли тангу тор туюлган бўлса, хотиржам нафас оладиган бир парча замин энди коинот қадар кенг кўринар, торлик дунёда эмас, ўз ботинида эканини англамаганидан афсусланарди.

Узун Ҳасан душманини шундай ҳийла ва устомонлик билан қопқонга туширган эдики, ундан қутулиш чорасизликдан чора кутишдай бир гап эди. Энг ёмони, Абусаидни Хуросон билан боғлайдиган йўллар беркитилган эди. Бир ой муқаддам сулҳ сўзини эшитишни ҳам истамаган султон 1469 йил январь охирида оққуюнлилар саройига сулҳ тилаб элчи жўнатади, лекин таклифи рад этилади. Узун Ҳасан даргоҳига Машҳаднинг бир неча машҳур зоти қаторида онасини қўшиб юборганда ҳам натижа чиқмайди.

…Узун Ҳасан ўғиллари томонидан асир олинган Абусаид Мирзо хон қароргоҳига келтирилади. У маҳбусни кечиришга майл билдиради. Аммо айрим туркман ва ўзбек амирлари, Ширвоншоҳ қозиси бунга қарши чиқади ва Султонни ўлдиришга фатво берилади.

Ёдгор Мирзонинг фармойиши билан 1468 йил февралида Султон Абусаид қатл этилади. Бу ҳодиса мусулмон дунёсида турлича талқин этилган. Ҳатто Хожа Аҳрорни обрўсизлантириб, ундан ўч олиш ҳаракати ҳам бошланган. Лекин Хожанинг муриди Султон Аҳмад Мирзонинг Самарқанд тахтига чиқиши билан фисқу фасодга чек қўйилган.

Навоий “Садди Искандарий” достонининг бир бобини Султон Абусаид ўлими воқеасини ёритишга бағишлаган. Шоир уни, энг аввало, ақл-идроки ўткир, тадбиркор ва мулкгир ҳукмдор сифатида таърифлайди. “Хуросон ва Мовароуннаҳрдан ташқари, – дейди Навоий, – бошқа кўп ўлкалар ҳам унга қарам эди. Хоразмдан тортиб Кирмон мамлакатларигача, Кошғардан то Сипоҳонгача бўлган жойларни ҳам босиб олди”.

Навоийнинг таъкидлашича, Абусаид “беадад мамлакат ва шаҳарларни олиб, салтанатда дунёнинг энг катта шоҳи” мавқеига кўтарилгач, жаҳонгирлик ҳавосига берилиб, Табризу Румга қараб ҳужум бошлайди. Аммо у жаҳонгирлик иддаосидан ҳам хавфли шафқатсизлик, мол-мулкка ўчлик ва ҳимматда пастлик хасталигига чалинган эди. “У хазиналарни йиғиб тўплайверар эди-ю, қўл остидаги лашкарларни ундан баҳраманд қилмас, ғоят хасис эди. Бу ишидан ўз кўнг­лида у мамнун бўлгани билан, аскар ва сипоҳлари шоҳдан ниҳоятда норози эдилар”.

Дарҳақиқат, қаҳр-ғазабга айланган ички норозилик душман ҳужуми ва найзасидан ҳам ҳалокатлироқ бўлади. Мақтул подшоҳнинг фожиасига Навоий ниҳоятда тўғри ва аниқ “ташхис” қўйгач, бундай хулосага келади: “Қайси шоҳданки фуқароси хурсанд бўлмаса, ишнинг долзарб пайтида пушаймон бўлиб ўтиришнинг фойдаси йўқ. Қўшиндан ажраб қолган шоҳ бир киши ҳисобланади, айтинг, бир кишининг қўлидан нима келиши мумкин?.. Шоҳ ўз қўшини билангина қудратли бўлгани каби қўшин ҳам ўз шоҳи билан қудратлидир… Жаҳонни забт айлаш осон иш эмас, валекин иттифоқу аҳилчилик бўлса қийин ҳам эмас” (Алишер Навоий. Садди Искандарий. Т., Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1978, 84-бет). Алқисса, Абусаиддаги тизгинсиз қаҳр ва кибр иттифоқу аҳиллик йўлини тўсиб қўйган эди. Доруға ва амирлар ундан қўрқар, қўрқув нафратга айлангани боис улар ҳатто энг оғир паллада ҳам ҳукмдорга ёрдам қўлини чўзмаган эди.

002 28 MART — TANIQLI ADABIYOTSHUNOS OLIM IBROHIM HAQQUL 70 YOSHGA TOʻLDI

Amir Temur bu yorugʻ olamni tark etishi bilanoq toju taxt va hokimlik hirsi gʻalayon boshladi. Sohibqiron vafotidan koʻp vaqt oʻtmay, uning muhtasham saltanati parchalanib, shiddat ila ichdan yemirilishga yuz tutdi. Xurosonda Shohruh Mirzo, Movarounnahrda Sulton Ulugʻbek hukmronligi nihoya­siga yetgach, temuriyzodalar orasidagi siyosiy nizo va qonli toʻqnashuvlar yanada avj oldi

Ibrohim HAQQUL
MULKGIRLIK SAVDOSI VA TOLE HIYLASI
06

Millat farovonligi, davlat ravnaqini ta’minlaydigan ikki buyuk kuch va asos mavjud: biri – shaxsiyati butun hukmdor, ikkinchisi – ma’murlik manbai bo’lmish iqtisod. Hukmdor irodali, serg’ayrat bo’lmasa, iqtisod o’nglanmaydi. Iqtisodi nochor mamlakatda hech bir soha, ilm-fan, madaniyat va san’at ham taraqqiy topmaydi.

Jahongir Amir Temur saltanatda shoh qanday maqomga yuksalishini amalda ko’rsatganidek, iqtisodiy hayotdagi olamshumul evrilishni ham dunyoga namoyish etgan edi. Mashhur arab tarixchisi Ibn Xaldunning ta’riflashicha, “Amir Temur davri bashar tarixi inkishofining eng oliy nuqtasidir. Dunyo yaratilgandan buyon Temurnikiday davlat barpo bo’lmagan. Bobil va Eron hukmdorlari, hatto Iskandar ham bu buyuk jahongir qarshisida bir soya kabidir” (A. Zeki Velidi Togan. Tarihte usul. Enderun kitabevi. Istanbul, 1985, 165-bet).

Afsuski, Amir Temur bu yorug’ olamni tark etishi bilanoq toju taxt va hokimlik hirsi g’alayon boshladi. Sohibqiron vafotidan ko’p vaqt o’tmay, uning muhtasham saltanati parchalanib, shiddat ila ichdan yemirilishga yuz tutdi. Xurosonda Shohruh Mirzo, Movarounnahrda Sulton Ulug’bek hukmronligi nihoya­siga yetgach, temuriyzodalar orasidagi siyosiy nizo va qonli to’qnashuvlar yanada avj oldi. Abulqosi m Bobur o’limidan so’ng Xuroson davlati uchun bo’lgan urush va isyonlar jahongirning orzu-umidlari yelga sovrilganidan darak berar edi. Lekin Amir Temur barpo etgan davlatni qayta tiklash maqsadida ot surgan podshohlar ham yo’q emas edi. Ulardan eng qat’iyatlisi Sulton Abusaid edi. Balki shuning uchun ham “Tarixi Rashidiy” kitobida “Abusaid Mirzo ulug’ podshoh bo’lib, temuriylar naslida boshqa bunday podshoh bo’lmagan” deyilgandir (Muhammad Haydar Mirzo. Tarixi Rashidiy. T., “Sharq”, 2010, 114-bet).

03Alisher Navoiyning ijodiy faoliyati uch temuriy podshoh – Abulqosim Bobur, Sulton Abusaid va Husayn Boyqaro hukmronligi davrida o’tgan. Bobur va Alisher, Husayn va Alisher orasida jiddiy ixtilof, ochiq dushmanlik bo’lmagan. Abulqosim Bobur Boyqaro va Navoiyni ma’lum muddat panohiga olib, ularga himmat qo’lini cho’zgan bo’lsa, Navoiyning o’ttiz yildan ortiq umri bolalik do’sti, maslakdosh va safdoshi Husayn Boyqaro rahnamoligida kechgan. Navoiy bu haqda turli janrdagi asarlarida yozib qoldirgan. Demak, asosiy muammo, ko’plab navoiyshunoslar diqqat-e’tiborini jalb qilgan ziddiyatli mavzu – Sulton Abusaid va Navoiy munosabati tarixidir. Ulug’ shoirimizning tarjimai holi, ijodiga bag’ishlangan tadqiqot va kitoblarni o’qigan har bir kishi Sulton Abusaidni Navoiyning dushmani, uni moddiy va ma’naviy qiyinchilik hamda surgunga mahkum aylagan berahm hukmdor deb tasavvur qiladi. Ammo Navoiyning o’zi o’rtadagi ziddiyat, noxush hodisalarni biror joyda maxsus qayd etib qoldirmaganidek, shoirga zamondosh tarixchilar ham bu xususda ochiq-oydin yozmagan. Xo’sh, shoh va shoir o’rtasidagi ixtilof sababi nima edi?

Abusaid Mirzo – davlat tepasida hukm yuritgan mashhur temuriyzodalardan biri. U “Sulton Muhammad Mirzoning o’g’li edi. Sulton Muhammad Mirzo Mironshoh Mirzoning o’g’li edi. Mironshoh Mirzo Temurbekning o’g’li edi” (Zahiriddin Muhammad Bobir. Bobirnoma. T., O’zR Fanlar akademiyasi nashriyoti, 1960, 64-bet). Abusaid 1427 yilda tug’ilgan. Muhammad Mirzo og’ir xastalikka chalingach, o’g’lining tarbiyasini Mirzo Ulug’bekka topshiradi. Abusaid otasining vafotidan so’ng Ulug’bek saroyida ta’lim-tarbiya olib, aniq fanlarda iqtidorini namoyish etadi. Ulug’bek jiyanining kelajagiga ishonch bilan qaray boshlaydi. Buning aksi o’laroq, Abusaid qalbida valine’matiga nisbatan adovat qo’zg’alib, uning taxtini egallash uchun payt poylaydi. Mirzo Ulug’bek katta o’g’li Abdulatifga qarshi Xurosonga yurish boshlaganda Abusaid turkmanlarning arg’un qabilasi yordamida, Ulug’bekning ikkinchi o’g’li Abdulazizdan Samarqandni tortib olib, o’zini podshoh deb e’lon qilishga urinadi. Biroq niyati amalga oshmay Samarqand yaqinidan ortga chekinadi (Sharaf-xan Bidlisi. Sharaf-name. Tom II. M., “Nauka”, 1976, str. 120).

1450 yil Abdulatif, Navoiy ta’biri bilan aytganda, “o’tar dunyo maslahati uchun donishmand va podshoh otasi”ni o’ldiradi. Bu qotillik Abusaidning Mirzo Ulug’bek taxtini egallash niyatini qat’iylashtiradi. Ilmda u Ulug’bek o’limining tashkilotchilaridan biri bo’lgan, degan fikr ham aytilgan (Hayitmetov A. Alisher Navoiyning adabiy-tanqidiy qarashlari. T., O’zR Fanlar akademiyasi nashriyoti, 1959, 42-bet). Padari buzrukvori vafotidan ko’p o’tmay Abdulatif ham qatl qilinadi. Bu voqea arafasida Buxoroda hibsda yotgan Abusaid ozod etiladi. U o’zini sulton deb e’lon qiladi-yu, ammo raqibi Mirzo Abdullohdan yengilib, Yassi shahriga borib o’rnashadi. Qish bo’lishiga qaramay, Mirzo Abdulloh Turkistonga qarab lashkar tortadi. Abusaid zo’r-bazo’r Yassiga yaqinlashgan qo’shinga qarshi chiqmay, mudofaa yo’lini tanlaydi.

Qish azobi Mirzo Abdulloh askarlarida qat’iyatsizlik, shikastalik mayllarini uyg’otadi. Shunda Abusaidning xayoliga “nozik bir tadbir” keldi: bir guruh kishilarga o’zbeklarnikiday kiyim-bosh kiygizib, shahardan tashqari chiqardi. Ular uzoqdan qoralarini ko’rsatib, “O’zbek lashkari yordamga keldi”, deb ovoza qildilar. Shaharda esa “O’zbek xoni keldi”, deb shodiyona nog’orasini chaldilar. Mirzo Abdullohning sipohi tashqariyu ichkaridan bu holni ko’rgach, qochish yo’liga yuz tutdilar va barcha yuklarni, ot-ulov­larini qoldirib, hayot naqdini g’animat bildilar… (Abdurazzoq Samarqandiy. Matlai sa’dayn va majmai bahrayn. 2-jild. T., “O’zbekis­ton”, 2008, 316-bet).

Abusaid Samarqandni zabt aylash maqsadida yordam tilab Abulxayrxonga elchi jo’natadi. Taklifni qabul qilgan xon Yassi yaqinida askarlari bilan Abusaidga qo’shiladi. Lashkarlar Samarqandni ishg’ol etmoq uchun yo’lga tushadi. Ittifoqchilar Samarqanddan to’rt farsah beridagi Sheroz kentiga yetganida, Mirzo Abdulloh Ko’hak nahri sohiliga o’rnashadi. Uning askarlari Abusaidnikidan ko’proq bo’lsa-da, g’animining yetti minglik qo’shinidan yengiladi va asir olinib qatl etiladi. Abusaid Abulxayrxon odamlarini shaharga kiritmasdan sovg’a va in’omlar bilan ortga qaytaradi. Bu hodisa xalqda yangi shohga nisbatan iliq taassurot uyg’otadi. Abusaid shohligining ilk odimlaridanoq shariat qonun-qoidalari va talablariga asoslangan, Ulug’bek zamonidagi ilmiy-madaniy muhitdan farqlanadigan tartib-intizom joriy qilishga alohida e’tibor qaratadi. Musulmonlik e’tiqodi va tarbiyasiga muvofiq kelmaydigan marosimu yig’inlarga chek qo’yadi. Hukmronlik miqyosi va davlat sarhadlarini kengaytirish Abusaidning asosiy pinhoniy rejalaridan biri edi. Abulqosim Bobur vafotidan so’ng Xuroson butunlay uning tasarrufiga o’tadi va Hirot shahrini poytaxtga aylantiradi.

Qoraquyunlilar xoni Jahonshoh hujumini bartaraf etish, sharq tomondan tahlikali bir raqib paydo bo’lganini sezgach, mo’g’ul xoni Eson Bug’ani yo’qotib Yunusxonni Mo’g’uliston taxtiga o’tqazishdagi tadbirkorligi Abusaidning ziyrak davlat boshlig’i bo’lganini tasdiqlaydi. Abusaidning siyosat va davlat boshqaruvidagi yutuqlari, hech shubhasiz, unda kibr va manmanlikni paydo qilgan edi. U o’zini hatto jahongir bobosiga nasib etmagan imtiyoz sohibi deb hisoblagan. Turli avlodga mansub navoiyshunoslar Sulton Abusaidni zolim, xayru xosiyatdan begona hukmdor qiyofasida gavdalantirgan. Olim Sharafuddinovning yozishicha, “Podshoh Abusaid o’lkani, elni talab “vahshatobod”ga aylantirgan, xalqning tirikchiligi og’irlashgan edi… Yosh shoir Abusaid Mirzoning qo’li bilan qilinib turgan zulm, adolatsizlikni o’z ko’zi bilan ko’rdi va kundan-kun chuqurroq his eta boshladi. Bu esa Alisherning Abusaid Mirzoga nafratini oshirdi” (Sharafuddinov O. Alisher Navoiy. Hayoti va ijodi. T., O’zbekiston davlat nashriyoti, 1948, 33-34-betlar).

Abusaid nainki musiqa va san’at, adabiyot, ilm-fanning ahamiyatini ham teran tushunmagan. Shuning uchun uning hukmronlik zamonida she’riyat Shohruh Mirzo, ilm-fan Ulug’bek Mirzo davridagidan ortda qolganidek, san’at Boysung’ur Mirzo yaratgan ijodiy muhitga yaqin ham yo’lamasdi. Boyqaro va Navoiy badiiy ijod, ilm-fan va san’atni rivoj toptirishda yuqorida nomi tilga olingan uch podshoh tajribalaridan o’rnak olgani tasodif emas edi.

Navoiyni Sulton Abusaidga dushman qilib ko’rsatilishi, uning topshirig’i bilan shoirning otameros mol-mulki musodara etilishi, hatto “uni yo’qotishga harakat” qilingani to’g’risida navoiyshunoslikda aytilgan fikr-mulohazalarga, bizningcha, uydirma va mubolag’a aralashgan. Abusaid ma’lum sabab va holatlarga ko’ra o’spirin shoirni yoqtirmagan yoki uni maddohlari qatorida ko’rishni istamagan bo’lishi mumkin. Hatto isyonkorlikda qoralangan bir necha temuriy shahzoda qatori Husayn Boyqaroni hibs ettirganda ham, ke­yinroq uni mahv etishga qaror qilganida ham Abusaid Navoiyni o’ziga dushman deb bilmagan. Chunki u Navoiyning otasi G’iyosiddin Kichkinani shaxsan tanigan. Xondamirning guvohlik berishicha, saroydagi ayrim muhim ishlarni unga ishonib topshirgan. Adabiyotshunos Faxriy Hirotiy esa amirlik Navoiyga otasidan meros ekanini qayd etgan.

Navoiy singari daho ijodkorlarning axloqiy, diniy, siyosiy shuuri o’ziga bog’liq bo’lmagan ravishda osmon qadar yuksaladi. Shu sababli ko’p hollarda shaxsiy foyda, xususiy yutuq degan tushunchalar ham ular uchun arzimas narsaga aylanib qoladi. Navoiyda millat va davlat, din va ummat manfaati shu qadar ustuvor bo’lganki, qarindosh-urug’chilik, tanish-bilishchilik, guruhbozlikka o’xshash mayllar unga butkul begona edi. Demak, xohlasa-xohlamasa, Navoiy Sulton Abusaid­ning shafqatsiz siyosatiga betaraf qarab turolmasdi. Boz ustiga, shoir bir muddat Abusaid saroyida xizmat qilib, uning fe’l-atvorini harqalay yaqindan bilgan. Navoiy Sulton Abusaid davlatida yildan yilga mustabidlik, mutaassiblik, qullik va o’zaro ishonchsizlik keng quloch yozishini ham, ijtimoiy hayotda kutilmagan kulfatu ofatlar yuz berishini ham oldindan sezgan. Imkon qadar ularni obrazlar tili bilan aks ettirib ham bergan.

Navoiyning Samarqandga borgan yili va sabablari borasida ko’p olimlar bahs yuritgan. Ulardan bir guruhi Bobur qo’llagan “ixroj” kalimasiga asoslanib, Abusaid shoirni Hirotdan surgun qilgan desa, boshqalari Navoiy Samarqandga tahsil maqsadida borgan edi, deb yozgan. Professor Abduqodir Hayitmetov yosh shoirning ma’naviy pirlaridan biri Sayyid Hasan Ardasherga she’riy maktubi Samarqand zaminida yaralganini ishonchli dalillar bilan isbotlab bergan. Uning ta’kidicha, she’riy maktubdagi o’nlab misralar “tarixni haqqoniy yoritish, temuriy podsholardan zolim, qonxo’r, reaktsioner Abusaid podsholigi davrini o’rganish, uning ichki mohiyatini ochishda katta ahamiyatga ega” (Hayitmetov A. Navoiy lirikasi. T., O’zR Fanlar akademiyasi nashriyoti, 1961, 284-bet).

Filologiya fanlari doktori Ergash Rus­tamov o’sha maktub Abusaid hukm yuritgan kezlarda, ayniqsa, Hirot va Samarqandda zulm, haqsizlik va tahqirlar kuchayganda yaratilganini e’tirof etsa-da, Navoiy uni Mashhadda yozgan, deb hisoblaydi. Lekin keltirgan dalillari o’quvchida bunga to’la ishonch uyg’otmaydi (Rustamov E. Stranitsi iz biografii Alishera Navoi. // Kratkie soobsheniya instituta narodov Azii. Vipusk 63. M., 1963, str. 81-84).

Masnaviyda, xususan, Xurosondagi ijtimoiy va ma’naviy ahvol keskin tanqid qilinadi. El orasidan vafo, saxo, muruvvat barham topgach:

Vafo yerida o’lmish nifoq,
Saxo o’rnida buxl tutmish visoq.
Muruvvatqa bo’lmish hasad joygir,
Zihe xush elu mulkati dilpazir,

deydi shoir (Alisher Navoiy. Mukammal asarlar to’plami. 3-jild. G’aroyib us-sig’ar. T., “Fan”, 1988, 531-bet).

Kinu nifoq, baxillik va hasad bosh ko’targan muhitda, albatta, inson qiyofasidagi shaytonu devlar ko’payib, odamiylik, oriyat, nomus kabi oliy tuyg’u va tushunchalar quvg’inga uchraydi. Quyidagi baytlar ana shu fojia haqida:

Elida kishilikdin osor yo’q,
Sharoratdin o’zga padidor yo’q.
Ne el, ne kishi, balki shaytonu dev,
Kelib barchag’a da’b bedodu rev…
Qora pul uchun aylabon qatl fan,
O’luktin tama’ aylab ammo kafan…

Zulm va zo’ravonlik insonni tubanlik va razillikning har turli ko’chalarida izg’ishga majbur qilib, odam siyoqidan chiqaradi. Ammo yuqoridagi baytlarda ifodalangan axloqiy tanazzul va nafsoniy yirtqichlik birdaniga paydo bo’lmagan. Ijtimoiy hayot, iqtisod, zulm zaminida yuzaga kelgan kulfat va baxtsizliklarning hammasini Abusaidga nisbat berish-da to’g’ri emas. Chunki ular Abusaidgacha ham, uning o’limidan keyin ham bo’lgan.

A.Hayitmetovning xulosasiga ko’ra, “Navo­dir ush-shabob” devonidagi quyidagi mash­hur qit’a ham
“Abusaid haqida bo’lib, Navoiy­ning Abusaidni nihoyatda yomon ko’rganini” tasdiqlaydi:

Jahon ganjiga shoh erur ajdaho,
Ki o’tlar sochar qahr hangomida.
Aning komi bila tirilmak erur,
Maosh aylamak ajdaho komida.

Bu she’rda shoh qonida jo’shib-toshgan qahru g’azabga urg’u berilgan bo’lsa-da, ayni paytda, Abusaidga monand zolim, qattol podshohning ahvol-ruhiyasi juda ravshan ko’rsatilgan. Uning qahr-g’azabiga yo’liqqan ayrim odamlarning qismatini eslashning o’ziyoq qit’a shu hukmdorga bag’ishlanganiga shubha qoldirmaydi.

* * *

Abusaid Mirzo Ulug’bekdan o’ch ololmagach, uning jiyani va kuyovi Abdulla Mirzo, nabiralari Ahmad Mirzo, Abdurazzoq Mirzoni o’ldirtirish bilan qanoatlanmay, onasi Gavharshod Begimni ham qatl qildirgan. Sultonning nufuzli amaldorlari Shayx Ahmad va Xoja Munziddinning vahshiyona o’ldirilishi bilan qo’rquv muhiti yuzaga kelgan.

“Holoti Sayid Hasan Ardasher” asarida Abusaid Mirzoning har kimda javohir bo’lsa tortib olgani, taftishni kuchaytirib, xalqqa zarar yetkazgani qattiq qoralanadi. Bizningcha, “Badoyi’ ul-bidoya” devonidagi “javohirsevar solotin” tanqidiga bag’ish­langan qit’ada ham aynan Abusaid Mirzo nazarda tutilgan:

Shoho, el javhari jonin chiqarding,
Javohir hirsidin bedod etib fosh,
Chu o’lgungdur ne osig’ to’kmak oni
Mazoring uzra andoqkim, ushoq tosh.

“Shoho, el javhari jonin chiqarding, / Javohir hirsidin bedod etib fosh” satrlari bilan “Holoti Sayid Hasan Ardasher”dagi “Sulton Abusaid Mirzo har kishida javohir bo’lsa olib…” degan fikr o’zaro qiyoslansa haqiqat yanada ravshanlashadi.

Abusaid din va tasavvuf ahlini zohiran o’ziga yaqin tutgan. Qay viloyat yo shaharga bormasin, eng avvalo, o’sha joydagi avliyo, shayx va tabarruk zotlar mozorini ziyorat qilib, xayru ehson ulashgan. Ammo uning diniy hayoti va inonchi mehr-shafqat, hikmat va himmatdan ancha yiroq bo’lgan. Uning zulm va fisqqa moyilligi, ayyor va berahmligi bosh­qa temuriylarni taxt uchun dadil kurashga chorlagan. Shohruh Mirzoning uzoq davom etgan hukmronligi davrida (1405-47) me’morchilik, umuman, madaniyatning taraqqiy topishiga bosh-qosh bo’lganlar faqat shoh va mirzolar emasdi. Gavharshod Begim, Tuman og’a kabi malikalar, Alika Ko’kaldosh, Amir Feruzshoh, Shoh Malik singari nufuzli amaldorlar ham qurilishga homiylik qilgan.

Sulton Abusaid 1457 yili Hirotni qo’lga kiritgach, Gavharshod Begimning ziyoratiga borib, tul kampirga izzat-ehtirom ko’rsatadi. Eri tirikligidayoq davlat ishlarida faol qatnashib, obro’-e’tibor topgan uddaburon bu ayol Shohruhning taxtiga nabirasi Mirzo Alouddavla chiqishini istar va uni himoya qilardi. Shuningdek, Mirzo Ibrohim bilan ham munosabati yaxshi edi. A’yonlar shu kabi dalillarga asoslanib, Hirotning yangi hukmdorini Shohruh Mirzoning bevasi tirik ekan, taxtda xotirjam o’tirolmasligiga ishontirishadi. Shu tariqa Gavharshodbegim Abusaidning farmoyishi bilan 1457 yil 1 avgustda vahshiyona o’ldirilib, ellik yil mobaynida yig’ilgan mol-mulki talon-taroj etiladi. Temuriylar saroyining boobro’ malikasi taqdiri shu tariqa fojiali yakun topadi.

Abdurazzoq Samarqandiyning yozishicha, “Gavharshod Begim muborak soyali va baland martabali, shiori pokizalik va iffat pardasiga o’ralgan, xatti-harakati odilona va qilmishlari pok, oliyhimmat va ulug’ orzuli, iffat pardasida Robia sifatlik va pokizalik yopinchig’ida Zubayda yanglig’ bir malika edi… U shuhratli bonudan tiriklik (olami)da ko’p xayrli yodgorliklar qoldi…” (“Matlai sa’dayn va majmai bahrayn”, 2-jild, 424-25-betlar).

* * *

Sulton Abusaid 1451 yilda Samarqandni egallagach, davlat chegaralarini asta-sekin kengaytirib, butun Movarounnahrni, shuningdek, Xuroson, Badaxshon, Kobul va Qandahorni zabt etadi, hukmronligini Hindiston va Iroq hududlariga qadar yoyishga muvaffaq bo’ladi. Bunday nufuzga erishgan podshohning Amir Temur tomonidan bobosi Mironshohga in’om etilgan yerlarni qaytarib olishga urinishi tabiiy edi.

Qoraquyunlilar sardori Qora Yusuf bilan bo’lgan 1408 yildagi urush Mironshohning o’limi va o’g’li Mirzo Abubakrning Yazd tomonlarga qochishi bilan tugaydi. Amir Temur vafotidan uch yil o’tar-o’tmas saltanatning g’arbiy o’lkalari qo’ldan ketadi. Bu kezlarda Xuroson hokimi Shohruh Mirzoning g’arbdagi hodisalarga aralashishga imkoni yo’q edi. So’ngra u uch marotaba harbiy yurish qilib, 1435 yili Ozarboyjonda yangidan ta’sis etilgan temuriy hokimiyatini qoraquyunli Jahonshohga topshiradi.

Mashhur muarrix Mirxond “Sulton Abusaid Samarqandda yetti yil saltanatni bosh­qardi va uning Samarqand hamda Xurosondagi hukmdorlik muddati shu yuzadan o’n sakkiz yil bo’lgan edi” deydi (Mirxond. Ravzat us-safo. Daftari 6. Tehron, nashri duvum, sah. 1214). U ana shu muddatni jangi jadal va toju taxt talashuvlari bilan o’tkazgan. Samarqandda e’lon qilgan saltanatini tan oldirish uchun u Abdulloh, Abulqosim Bobur, Alouddavla, Ibrohim Mirzo, Mirzo Jo’qi, Husayn Boyqaro kabi temuriyzodalar bilan kurashgan. Movarounnahr va Xurosonni birlashtirgach, Shohruh Mirzo vafotidan so’ng qoraquyunlilarning qo’liga o’tgan yerlarni qaytarib olish Abusaidning diqqat markazidagi masalaga aylangan edi. Abusaid bilan sulh tuzib, Hirotdan chiqib ketgan Qoraquyunli Jahonshoh davlatida ham notinchlik, parokandalik kundan kunga avj olayotgan edi. Jahonshoh Xurosondan qaytgach, o’g’li Pir Budoqdan Sherozni olib, unga Bag’dodni beradi. Pir Budoq bunga qarshi g’alayon boshlaydi. Ota-o’g’il jangida Jahonshohning qo’li baland keladi va Pir Budoq o’ldiriladi. Oqquyunlilar bilan jangga kirishgan Jahonshoh 1468 yili Uzun Hasandan yengilib qatl etiladi. O’g’illaridan birining ko’ziga mil tortilib, yana biri o’limga mahkum qilinadi. 1467-68 yil qishini Marvda o’tkazayotgan Abusaidda Ozarboyjonga yurish fikri qat’iylashadi (Afsahzod A. Ro’zgor va osori Abdurahmoni Jomiy. Dushanbe, 1980, sah. 66). Maslahat uchun huzuriga Samarqanddan Xoja Ahrorni, Hirotdan Abdurahmon Jomiyni chorlaydi. Ular Marvga keladi.

Jomiyshunos A’loxon Afsahzodning yozi­shicha, Abdurahmon Jomiy “Silsilat uz-zahab” dostonining ikkinchi daftarida shu voqeani bayon etgan bo’lsa-da, Xoja Ahror yoki Jomiy Sultonga nima maslahat bergani masalasiga to’xtalmaydi (Bartol`d V.V. Sochineniya. Tom II, chast` 2, M., 1964, str.171).

Davlat boshlig’i va saltanat sohiblarini eng qaltis hamda hal qiluvchi vaziyatlarda qo’llab-quvvatlab, g’olibligini ta’minlash Xoja Ahrorning g’aybiy karomatlaridan edi. Bu o’z davrida Movarounnahr va Xurosondan xorijda ham e’tirof etilgan.

Zahiriddin Muhammad Boburning otasi Umarshayx Mirzo Sulton Abusaidning to’rtinchi o’g’li bo’lgan. Otasining axloq va atvori, imon-e’tiqodi xususida so’zlab Bobur bunday deydi: “Hazrat Xoja Ubaydullog’a irodati bor edi, suhbatlarig’a bisyor musharraf bo’lub edi. Hazrat Xoja ham farzand deb edilar” (“Bobirnoma”, 64-bet).  Bobur Mirzoning naqshbandiya tariqining ulug’ murshidi Xoja Ahror valiyga e’tiqod bog’lashida otasidagi ana shu yaqinlikning ta’siri bo’lgan, albatta.

1500 yil Samarqandni zabt etish arafasida Bobur ajib tush ko’radi: “Tush ko’rarmankim, hazrati Xoja Ubaydullo kelmishlar, men istiqbollarig’a chiqmishmen. Xoja kelib o’lturdilar. Xojaning olig’a g’olibo betakallufroq dasturxon solmishlar. Bu jihattin hazrat xotirig’a nima kelmish. Mullo Bobo mening sari boqib, ishorat qiladur. Men ham imo bilan dedimkim, mendin emastur. Das­turxon solg’uchi taqsir qilibtur. Xoja fahm qilib, bu uzr masmu’ tushti. Qo’ptilar. Uzata chiqdim. Ushbu uyning dolonida o’ng qo’limdin yo so’l qo’limdin tutub andoq ko’tardilarkim, bir oyog’im yerdin qo’pti. Turki deptilarkim, Shayx maslahat berdi. O’shul necha kunda-o’q Samarqandni oldim” (o’sha asar, 139-bet).

Bu parchadagi Samarqandni egallashdan boshqa hamma gap tushda kechgan. Lekin oradan bir necha kun o’tar-o’tmas, Samarqandda zafar bayrog’ining ko’tarilishi tushning haqiqatga aylanishidirki, aql va mantiq yo’li bilan hal qilib bo’lmaydigan ushbu evrilishning sir-asrorini aniq sharhlash dushvordir. Shu o’rinda bir mulohaza tug’iladi: Xoja Ahror o’n to’qqiz yoshli temuriyzodani tushida qo’llab-quvvatlab, unga zafar mujdasini yetkazdi. Bashorat o’ngda ham yuzaga chiqdi. Boburning bobosi, ya’ni Sulton Abusaid oqquyunlilarga qarshi urush boshlashdan avval Xoja Ubaydulloni huzuriga chorlab kengashgan, undan fotiha olgan. Ammo u baribir yengilib, jonidan ham judo bo’lgan. Buni qanday izohlash mumkin?

“Mulkgirlikda?va?mamlakatdorlikda agar­­chi ba’zi ishlar zohirda ma’qul va muvaj­jah ko’rinur, vale har ishning zimnida yuz ming mulohaza vojib va lozimdir”, dey­di Bobur. Mulkgirlikda ham, mamlakatni boshqarishda ham ana shunday bosiqlik, mulohazakorlik Sulton Abusaidni tark qilgan edi. Hamma uning qahr-g’azabi, tasavvurga sig’mas jazo va azoblaridan qo’rqib-qaltirardi. Unga maslahat berish ham goho fojia va musibat bilan yakun topardi. Xoja Ahror buni yaxshi bilardi.

“Sim-siyoh bulut osmon yuziga qora pardasini tortgan, chaqmoq shu’lasiyu momaqaldiroq va yomg’ir to’foni hamma joyni egallagan” bir tunda Husayn Boyqaro askarlari Abusaid qo’shinidan yengilib, Adoq tomon qochadi. Shunda nufuzli amaldorlardan Amir Xalil “Sulton hazratlarini dushman ortidan quvishga undaydi. Abusaid esa “Xalilbek, sultonlikda dushmanni tunda quvish odati yo’q”, deydi. Uning da’vatida ichiqoralik bor, deb o’ylab, ertasiga Amir Xalil bilan birga uning ikki o’g’lini ham o’ldirtiradi (Abdurazzoq Samarqandiy. Ko’rsatilgan asar, 521-bet). Amir va amaldorlar orasida bu voqea qo’rquv va tahlika qo’zg’aydi. Har kim o’zining ertasidan, bola-chaqasining taqdiridan hadiksiray boshlaydi. A’yonlar ko’nglini tinchitish uchun podshoh Amir Xalil og’ir jazoga mustahiq etilgani yuzasidan izoh berishga majbur bo’ladi. Shunga qaramay, aksar a’yonlar podshohning samimiyatiga ishonmaydi. Chunki ular sulton kutilmaganda yovuz qiyofaga kirib, qanchadan-qancha odamlarning yostig’ini quritganini o’z ko’zi bilan ko’rgan edi.

Alhosil, Sulton Abusaid shaxsiyati murakkab podshoh bo’lgan. Uning tabiatida odillik bilan zolimlik, dindorlik bilan mutaassiblik, bunyodkorlik bilan yag’mogarlik qo’shilib-qorishib ketgan.

Maishatbozlik, sharobxo’rlik davralarini umuman xush ko’rmagan. Biroq qahru g’azabi qo’ziganda odam qonini mayday sipqorishdan o’zini tiyolmagan. U ijtimoiy, siyosiy, iqtisodiy va diniy birlikka asoslangan qudratli davlat barpo etish yo’lida ayrim muvaffaqiyatlarni qo’lga kiritgan bo’lsa-da, shafqatsiz va g’ayriinsoniy siyosati erkin fikrni ildiz-ildizidan shikastlagan. Kasallikka aylangan mulkgirlik da’vosi o’zinigina emas, balki qaramog’idagi ming-minglab raiyatning tutday to’kilishiga olib kelgan.

Akademik Izzat Sulton fikricha, “Abusaidning hukmdorligi davri Xuroson va Movarounnahr tarixiga eng qora sahifalardan biri – zulm avjga chiqqan, madaniy hayotda so’niklik boshlangan davr bo’lib kiradi” (Sulton I. Navoiyning qalb daftari. T., G’afur G’ulom nomidagi badiiy adabiyot nashriyoti, 1969, 195-bet). Umuman, bunday tanqid va aybnomalarni inkor qilib bo’lmaydi. Lekin Abusaid butun hukmronlik davrida nuqul jabr-zulm, ilm-fan va madaniyatni g’orat etish bilan mashg’ul bo’lgan, deyish ham haqiqatga muvofiq kelmaydi.

Tarixshunos Rashid Nabievning ta’kidiga ko’ra, Sulton Abusaid davrida Xurosonda madaniy va ijtimoiy hayot butkul susayib ketmagan va buni tarixchilardan Abduraz­zoq Samarqandiy hamda Xondamir qayd etib o’tgan (Nabiev R. Iz istorii politiko-ekonomicheskoy jizni Maveraunnaxra XV v. // Sbornik “Velikiy uzbekskiy poet”. T., 1948, str. 31). Sinchiklab qaralsa, Abusaid Mirzo ilm-fan va madaniyatning ashaddiy dushmani emasligini tasdiqlovchi ko’plab dalil va misollar topiladi. Masalan, u 1456 yili Mirzo Ulug’bekning astronomik jadvali nusxasini Samarqanddan Hirotga Abulqosim Bobur uchun jo’natadi (Yakubovskiy A. Cherti obshestvennoy i kul`turnoy jizni epoxi Alishera Navoi. // “Alisher Navoi”. Moskva-Leningrad, 1946, str. 23).

Ulug’bekning sevimli shogirdi va izdoshi Ali Qushchi ustozi qatlidan so’ng 1470 yilgacha Samarqandda yashab, ilmiy faoliyatini to’xtatmaydi. Falsafaga doir “Sharhi tajrid al-aqoid” risolasini yozib, Abusaidga tuhfa etgan Ali Qushchi ellik ming dinor bilan taqdirlanadi (Urunboev A. O vremeni viezda Ali Kushchi iz Sredney Azii. // “Obshestvennie nauki Uzbekistana”. T., 1971, №9). Shu singari faktlarni nazarda tutib sharqshunos Aleksandr Boldirev yozadi: “V.V.Bartol`dning Ulug’bekdan keyin madaniyat har jihatdan tanazzulga yuz tutgani haqidagi fikrini A.YU.Yakubovskiy qayta ko’rib chiqishga muhtoj deb hisoblaydi. Bunda olim XV asr 50-yillarida me’morlik san’atining mo»jizakor namunasi bo’lmish Ishratxona maqbarasi qurilishini nazarda tutadi” (Boldirev A. Xoja Ahror haqida. Toshkent davlat sharqshunoslik instituti nashriyoti, 2004, 19-bet).

Haqiqatan, Yakubovskiy yuqorida zikr etilgan maqolasida Sulton Abusaidning qizi Sulton Xovandbeka qabri ustida tiklangan maqbara va keyinchalik noma’lum sababga ko’ra Ishratxona (Aslida Ashratxona deb nomlangan va arabchada  «o’n xona» ma’nosini bildirgan. Xurshid Davron izohi)  deb nomlangan me’moriy yodgorlik ulkan madaniy qimmatga egaligini urg’ulaydi.

Bevosita badiiy ijod xususida so’zlasak, Mavlono Lutfiy, Abdurahmon Jomiy, Alisher Navoiyning ayrim asarlari Abusaid hukmdorligi davrida yozilgan.

“Majolis un-nafois”da o’qiymiz: “Amir Shayxim Suhayliy …Sulton Abusaid Mirzo xizmatig’a tushib maxsus mulozim bo’ldi va ash’ori el orasida shuhrat tutti” (Alisher Navoiy. Mukammal asarlar to’plami. 13-jild. Majolis un-nafois. T., “Fan”, 1997, 71-bet).

Davlat tepasida turib, hammaga birdek maqbul bo’lish, bir zaylda foydali ishlarni amalga oshirish mushkul. Qolaversa, davlat boshqaruvida ilm-fan, madaniyat kuchiga astoydil ishonib, adabiyot va san’at rivoji yo’lida beg’araz himmat ko’rsatgan podshohlar safi keng emas. Nazarimizda, nechog’li o’ziga g’anim deb bilmasin, umrining so’nggi yillarida Navoiyning Abusaidga munosabati qay bir yo’sinda o’zgargan. Chunki o’sha kezlari Husayn Boyqaroda Abusaid kabi saltanat birligi yo’lida kurashish ishtiyoqi va shijoati yo’qligi kunday ravshan bo’lib qolgan edi. Abusaid Mirzo a’yonlari orasida ichkilikbozlikning avj olishiga yo’l bermasligini ham Navoiy yaxshi anglardi. Ammo Abusaidning 1469 yilda jangi jadalsiz, go’yo bir safar qurboni bo’lganini shoir ajib qismat deb bildi.

* * *

1468 yil fevral` oxirida Sulton Abusaid Ozarboyjonga yurish boshlaydi. U bu payt­da o’zini kuch-qudratda jahongir bobosidan ortiq ko’rgan bo’lsa ko’rganki, kam ko’rmagan. Davlatshoh Samarqandiy uning Koshg’ardan to Tabrizga qadar uzangan hududni egallagach, kibr zo’ridan “Er yuzi kichik bir joy, uning kadxudoligiga bir kishi kifoya” (Davlatshoh Samarqandiy. Tazkirat ush-shuaro. Tehron, 1338, sah. 551) deganini eslatib o’tadi. Ichki g’urur Abusaidning Uzun Hasanga yozgan maktubining ilk jumlalaridanoq seziladi: “Sulton Abusaid Ko’ragon so’zim. Hasanbekka salom degach, Tangri inoyati bilan Sohibqiron Temurbek tamom mamolikni musahhar qilib yurganda ulug’ otang Usmonbek chin ko’ngli bila Sohibqiron davlatiga panoh kelturub, ixlosini bildirgani uchun Temurbek dog’i inoyatlar qilib barcha el-ulusdin ortuq ko’rub Diyorbakr viloyatini bildurub xaso o’g’ul-ushoqining tinchligi uchun Hamid tek yerni dog’i suyurg’ab yurt bergandurur…” (To’pqopi saroyi muzeyi arxividagi temuriylardan Sulton Abusaid Ko’ragonning Uzun Hasanga bitigi. Oltin o’rdu. Qrim va Turkiston xonlariga oid yorliq va bitiklar. Istanbul, 1940, 120-135-betlar; Uzun Hasan 1473 yil 12 avgustda Fotih Sulton Mahmudga mag’lub bo’lgach, musodara qilingan boshqa buyumlar qatori ushbu maktub ham Istanbulga olib ketilgan. To’pqopi saroyi muzeyi arxivida 12307 raqami ostida saqlanayotir. Turkiy tilda bitilgan mazkur maktub batafsil izohlar va usmonli turkcha tarjimasi bilan Akdas Ne’mat Kurat tomonidan e’lon qilingan).

Abusaid Sohibqiron bobosining taxti Tangri inoyati bilan unga nasib etganini ta’kidlab yana yozadi: “Sen dag’i bilursenkim, ulus egasi Temurbek tamom mamolikni zabt qilib ulashkanda Tabriz taxtini mening bobom Mironshoh Mirzoga bergandurur. Senga dag’i ma’lum dururkim, ota yurti – o’z yurti bo’lur. Tangri inoyatiga sig’inib bu fursatlarda Ozarboyjon viloyatlarini zabt qilib otam yurtini burung’i yo’sun bila taxt qilayin deb keladurman…” Uzun Hasan sulh taklif etib odam yuboradi, Sulton Abusaidga hatto yalinib murojaat etadi. Abusaid iltimosu so’rovlarni qabul qilmaydi, ayni paytda, Uzun Hasanning o’zini past tutib so’zlashida zo’r mug’ombirlik borligini ham sezmaydi. Ardabilga borguncha amiru hokimlarning unga ko’rsatgan izzat-ehtiromi mag’lubiyatni xayolga keltirishga ham yo’l qo’ymasdi. Uning xatidagi “Tangri inoyatidin umidim uldurkim, Rum, Misr, Shom boshliq tamom mamolik fathini bot bizga ro’zi qilg’ay…Temurbek otang Usmonbekka Diyorbakr viloyatini bergan bo’lsa, umidim uldurkim, men senga Tangri inoyati birla Misr, Rum viloyatlarini olib bergaymen”, degan so’zlari mulkgirlik da’vosi haddi a’loga yetganini ko’rsatadi.

Qahraton qish qiyinchiliklari, ellik ming­­dan ziyod kishilik o’rdadagi oziq-ovqat tan­qisligi, a’yonlarning sultondan birin-ketin yuz o’girishi, lashkardagi tez quloch yozgan paro­kandalik va ishonchsizlik Abusaid­ning orzu-umidlarini yelga sovuradi. Ozarboyjonga ketayotganda Yer yuzi unga nechog’li tangu tor tuyulgan bo’lsa, xotirjam nafas oladigan bir parcha zamin endi koinot qadar keng ko’rinar, torlik dunyoda emas, o’z botinida ekanini anglamaganidan afsuslanardi.

Uzun Hasan dushmanini shunday hiyla va ustomonlik bilan qopqonga tushirgan ediki, undan qutulish chorasizlikdan chora kutishday bir gap edi. Eng yomoni, Abusaidni Xuroson bilan bog’laydigan yo’llar berkitilgan edi. Bir oy muqaddam sulh so’zini eshitishni ham istamagan sulton 1469 yil yanvar` oxirida oqquyunlilar saroyiga sulh tilab elchi jo’natadi, lekin taklifi rad etiladi. Uzun Hasan dargohiga Mashhadning bir necha mashhur zoti qatorida onasini qo’shib yuborganda ham natija chiqmaydi.

…Uzun Hasan o’g’illari tomonidan asir olingan Abusaid Mirzo xon qarorgohiga keltiriladi. U mahbusni kechirishga mayl bildiradi. Ammo ayrim turkman va o’zbek amirlari, Shirvonshoh qozisi bunga qarshi chiqadi va Sultonni o’ldirishga fatvo beriladi.

Yodgor Mirzoning farmoyishi bilan 1468 yil fevralida Sulton Abusaid qatl etiladi. Bu hodisa musulmon dunyosida turlicha talqin etilgan. Hatto Xoja Ahrorni obro’sizlantirib, undan o’ch olish harakati ham boshlangan. Lekin Xojaning muridi Sulton Ahmad Mirzoning Samarqand taxtiga chiqishi bilan fisqu fasodga chek qo’yilgan.

Navoiy “Saddi Iskandariy” dostonining bir bobini Sulton Abusaid o’limi voqeasini yoritishga bag’ishlagan. Shoir uni, eng avvalo, aql-idroki o’tkir, tadbirkor va mulkgir hukmdor sifatida ta’riflaydi. “Xuroson va Movarounnahrdan tashqari, – deydi Navoiy, – boshqa ko’p o’lkalar ham unga qaram edi. Xorazmdan tortib Kirmon mamlakatlarigacha, Koshg’ardan to Sipohongacha bo’lgan joylarni ham bosib oldi”.

Navoiyning ta’kidlashicha, Abusaid “beadad mamlakat va shaharlarni olib, saltanatda dunyoning eng katta shohi” mavqeiga ko’tarilgach, jahongirlik havosiga berilib, Tabrizu Rumga qarab hujum boshlaydi. Ammo u jahongirlik iddaosidan ham xavfli shafqatsizlik, mol-mulkka o’chlik va himmatda pastlik xastaligiga chalingan edi. “U xazinalarni yig’ib to’playverar edi-yu, qo’l ostidagi lashkarlarni undan bahramand qilmas, g’oyat xasis edi. Bu ishidan o’z ko’ng­lida u mamnun bo’lgani bilan, askar va sipohlari shohdan nihoyatda norozi edilar”.

Darhaqiqat, qahr-g’azabga aylangan ichki norozilik dushman hujumi va nayzasidan ham halokatliroq bo’ladi. Maqtul podshohning fojiasiga Navoiy nihoyatda to’g’ri va aniq “tashxis” qo’ygach, bunday xulosaga keladi: “Qaysi shohdanki fuqarosi xursand bo’lmasa, ishning dolzarb paytida pushaymon bo’lib o’tirishning foydasi yo’q. Qo’shindan ajrab qolgan shoh bir kishi hisoblanadi, ayting, bir kishining qo’lidan nima kelishi mumkin?.. Shoh o’z qo’shini bilangina qudratli bo’lgani kabi qo’shin ham o’z shohi bilan qudratlidir… Jahonni zabt aylash oson ish emas, valekin ittifoqu ahilchilik bo’lsa qiyin ham emas” (Alisher Navoiy. Saddi Iskandariy. T., G’afur G’ulom nomidagi adabiyot va san’at nashriyoti, 1978, 84-bet). Alqissa, Abusaiddagi tizginsiz qahr va kibr ittifoqu ahillik yo’lini to’sib qo’ygan edi. Dorug’a va amirlar undan qo’rqar, qo’rquv nafratga aylangani bois ular hatto eng og’ir pallada ham hukmdorga yordam qo’lini cho’zmagan edi.

002

(Tashriflar: umumiy 1 543, bugungi 1)

Izoh qoldiring