Matnazar Abdulhakim. Ilohiy diydor yoki bir g’azal sharhi.

0452016 йил — Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги
 

     Ҳазрат Навоийнинг бу машҳур ғазали ҳақида суҳбатлашишдан аввал, ота-боболаримиз коинотни ўн саккиз минг оламдан иборат, деб англаганликларини эслаб ўтишимиз жоиз. «Ошуб» — ғавғо, тўполон дегани. Хўш, нима учун шоир «Ўн саккиз минг олам ошуби» дейди?

777
Матназар Абдулҳаким
ИЛОҲИЙ ДИЙДОР ЁКИ БИР ҒАЗАЛ ШАРҲИ
09

Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур.

Деса бўлғайким, яна ҳам ўн саккиз йил ҳусни бор,
Ўн саккиз ёшинда бунча фитнаким бошиндадур.

Ўн саккиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур,
Ҳусн шоҳи… ул балоларким кўзу қошиндадур.

Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки бор,
Барчаси Язид таоло сунъи наққошиндадур.

Тан анга сийму ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат ул ойнинг ичу тошиндадур.

Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Бул ажабларким, бу эски дайир хуффошиндадур.

То Навоий чекти ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг қуёш акси анинг ёшиндадур.

Ҳазрат Навоийнинг бу машҳур ғазали ҳақида суҳбатлашишдан аввал, ота-боболаримиз коинотни ўн саккиз минг оламдан иборат, деб англаганликларини эслаб ўтишимиз жоиз. «Ошуб» — ғавғо, тўполон дегани. Хўш, нима учун шоир «Ўн саккиз минг олам ошуби» дейди?

Маълумки, бизга ана шу «ўн саккиз минг олам»дан кичик бир қисм — Ер юзининг ўзимиз яшайдиган бўлагидаги ғам-ташвишу ғалаёнлар, жунбушларгина аён. Чексизликдаги жамики «ошублар»нинг ҳайбатини ҳатто тасаввур қилишга ҳам ожизлик қилиб қоламиз. Бироқ, Алишер Навоий идеалидаги инсоннинг, мумтоз маҳбубанинг етуклиги шу даражадаки, унинг бошида нафақат мазкур «ўн саккиз минг олам ошуби» ҳақидаги тасаввур, балки ана шу ошуб, ана шу ғалаён бор. Шу ўринда, Алишер Навоийнинг ҳар бир инсон шахсига нақадар буюк аҳамият берганлиги, қанчалик залворли юк ортганлигини таъкидлаб қўйиш лозим. Инсоннинг, ҳар бир шахснинг ўзи алоҳида бир оламгина бўлиб қолмасдан, балки «Ўн саккиз минг олам ошуби»нинг соҳиби эканлиги буюк шоиримизнинг бу борадаги ўзига хос кашфиётидир. Биз ҳар лаҳзада дунёга неча минглаб одамлар келиши ва ҳар лаҳзада қанчадан-қанча гўзаллар ўн саккиз ёшга қадам қўйишларини, бир ўйласак ва ҳар биттасининг бошида ўн саккиз минг оламда содир бўлаётган ғалаёнлар мавжудлигини фикр қилсак, буларнинг барчаси ва булардан ташқари Навоий лирик қаҳрамони томонидан васф этилаётган ўн саккиз минг олам муаммоларини ўз бошига жам қилган маҳбубанинг зоҳирий ва ботиний кўрки нақадар бетимсол эканлиги аён бўлади. Ғазалдан аёнки, ҳар бир кун шунчаки кун эмас, ҳар бир лаҳза шунчаки лаҳза эмас, балки қанчалаб мумтоз гўзалларнинг ва улар орасидаги битта энг етук соҳибжамолнинг ўн саккиз ёшга тўлиб турадиган оний бир мўъжизаси ўлчамидир. Бир лаҳзадаки шунчалик мўъжизалар қудрати мавжуд экан, ўн саккиз йил қанчалик ҳусндан иборат эканлигини кўз олдингизга келтираверинг. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий ушбу маҳбубанинг илк байтдаги таърифи билан кифояланиб қолмасдан, ўз соҳибжамолида ҳар бир лаҳзаси ана шундай баркамол кўрклардан иборат бўлган яна тағин ўн саккиз йилнинг ҳусни борлигидан хабар беради. Мазкур ҳусннинг чексизлигига чексизлик қўшади.

Деса бўлғайким, яна ҳам ўн саккиз йил ҳусни бор,
Ўн саккиз ёшинда бунча фитнаким бошиндадур.

Байтдаги «фитна» сўзига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқ керак. Маълумки, оламдаги барча ғалаёнлар диалектик зиддиятларнинг содир бўлишларидан, яъни «фитна»лардан ташкил топади ва шу туфайли борлиқ мулки ҳаракатга келиб туради. Демак, Алишер Навоий тавсифидаги гўзал фақатгина чексиз ҳусн соҳибаси эмас, балки борлиқни ҳаракатлантиргувчи қудратга ҳам эга бўлган бир мўъжизадир.

Ҳазрат Навоий қаҳрамонига маҳбубаси тимсолидаги инсоний гўзаллик ва унинг яратувчиси қудрати ҳақидаги тафаккур изланишини аёвсиз бир шиддат билан давом қилгизади. Шоирга бу тенгсиз соҳибжамолнинг ўн саккиз йил ҳусни соҳибаси эканлиги ҳам камдек кўринади. Энди бу мезон ҳар лаҳзада тенгсиз ва чексиз гўзалликларни ўз ичига қамраб олган юз саксон йил қадар баҳайбатланади.

Ўн саккиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур,
Ҳусн шоҳи — ул балоларким кўзу қошиндадур.

06Шоир англатадики, ҳар йилнинг ўз ҳусни бор. Муайян йилнинг ҳусни ана шу йил мобайнида яралган жами гўзалликларнинг мажмуидан иборат. Бир йилда Аллоҳ таоло қанча-қанчалаб ҳуснларни бунёд этади? Буни аниқ айтишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам бу ерда у «йил ҳусни» деган иборани қўллайди. Алишер Навоий «ҳусн ўлчами»га замон ва макон нуқтаи назаридан келиб чиқиб аниқлик киритади, яъни «Ўн саккиз йил ҳусни» каби. Ва шу ҳуснга ҳайратдан туғилган «Ўн саккиз минг олам ошуби». Алишер Навоий ана шу ўлчамлардан «Ҳусн шоҳи» деган атамани қўллайди. Унинг фикрича, васф этилаётган соҳибжамол ўн саккиз йил ҳам эмас, юз саксон йил мобайнида яратилган илоҳий ҳуснларнинг мумтози яъни «ШОҲИ»дир. Мангуликнинг «ҳусн шоҳи», шоирнинг зимдан таъкидлашича — Аллоҳдир. Лекин У инсонларни ўзига монанд сифатлар билан зийнатлаб кўришни маъқул топади. Шоиримиз таърифлаётган илоҳий дийдор эса, ана шундай олий лаҳзаларда яралган мўъжизадир. Бу дийдор айни бир вақтнинг ўзида шоир инсонлар олдига қўймоқчи бўлган сифатлар соҳибасидир, тараққиёт жараёнида шунга қараб интилиниши керак бўлган ибрат намунасидир… … «кўзу қоши» «қанчалаб ўн саккиз минг оламлар» балоларини ўзида жамлаган бу баркамоллик эгасининг соҳибмўъжизалик даражасига ҳайрон қолишга инсоннинг ақли ожизлик қилади. Шу сабабдан бўлса керак, «ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки», деб хитоб қилади ва ўзи яратган мўъжизаларига Аллоҳнинг ўзининггина ҳайрат қудрати етиши муқаррарлигини шоир қуйидагича баён этади: «…ҳар ҳайратки бор, барчаси Эзид таоло сунъи наққошиндадур». Бу мисрадан шуниси яна ҳам ойдинлашдики, бу чексиз мўъжизага ҳайрат айнан ана шу мўъжизанинг ўзидан иборат. Яъни ҳайрат «сунъи наққошинда». Демак, яратувчининг қўлида, яна ҳам аниқроғи, «наққош»нинг, яъни Парвардигори оламнинг яратувчилик қудратидир. Шоирга кўра, бундай илоҳий қудрат туфайли юз берган мўъжизага ҳайратланиш учун ҳамма-ҳамманинг ҳам қурби етавермайди.

Маълумки, оламнинг ишлари ташқаридан қараганда ялтироқ, унинг замирига нигоҳ ташласак, шоир илк байтда таъкидлаганидек, «ошубларга тўла». Шунинг учун ҳам бу дунёни «ёлғончи дунё» деб айтадилар. Алишер Навоий ўзи таърифлаётган гўзалнинг ҳуснини нақадар чексиз деб таъкид қилмасин, барибир у ҳам муайян маънода ўзи мансуб бўлган оламнинг тимсолидир. Яъниким,

Тан анга сийму ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат ул ойнинг ичу тошиндадур.

Яъни унинг бадани кумушдан. Ақлни юз ҳайратга соладиган жиҳати шундаки, мана шу кумуш баданнинг ичида тош юрак пинҳон қилингандир ва у кўриниб туради. Мана шу кўриниб туриш дунёнинг ёлғончиликка қарама-қарши қўйилган зоҳир ва ботиннинг муштараклигидир. Шундан кейин, Алишер Навоий ўзи иншо этган бу мураккаб ҳусн салтанатининг таърифини тўхтатиб, анъанавий лирик чекинишга ўтади. Бироқ бу лирик чекиниш ҳам зимдан асосий мавзу билан боғлиқ. Чексиз олам ва унда ҳаёт кечираётган баркамоллиги ҳудудсиз одам мавжуд бўлган борлиқнинг ҳайратланарли эканлигини тараннум қилишда давом этишдан иборатдир.

Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Булъажабларким, бу эски дайир хуффошиндадур.

«Май» — эътиқодга қаттиқ берилишнинг тимсоли. «Муғ» — майфуруш, инсоннинг ўз эътиқодига қаттиқ берилишида воситачи шахс. «Масиҳ» — Исо пайғамбарнинг лақаби. Исо алайҳиссаломнинг муҳим фазилати шундан иборатки, у гапириб ўликларга жон кирита олар эди. «Булъажаб» — ғалати, ҳайратланарли дегани. «Хуффош» бу — кўршапалак.

Маълумки, кўршапалаклар гумбазларнинг ичини ўзларига уя қилиб оладилар. Дунё ҳам, олам ҳам ўзига хос гумбаз. Бироқ бу гумбазнинг кўршапалаклари шу қадар мўъжизакор, ҳайратланарлики, бундай ҳайратланарли кўршапалаклар яратган мўъжизотларга, ҳатто Исо Масиҳ ҳам ҳайрон қолади.

Хуффош, яъни кўршапалак кўзлари кўрмаса ҳам сезгиларига таяниб, қоронғуда бемалол учиб юрадиган мавжудот. Сезгирлик унинг кўнгил кўзидадир. Маълумки, мутафаккирлар ҳақиқий муҳаббатда ҳам, мажозий муҳаббатда ҳам сувратнигина кўра оладиган зоҳирий кўзни эмас, балки сийратни идрок эта оладиган кўнгил кўзини афзал билганлар. Демак, Навоий таърифлаётган олий жамолни илғамоқ учун ҳар бир инсоннинг кўнгил кўзи чарақлаб туриши керак. Бошқалар учун қоронғу бўлиб туюлган ерларда ҳам ўзига ёруғ йўл топа билмоғи лозим. Бундай оламда одамнинг нақадар буюк мўъжизалар содир эта олишига таажжубланмаса ҳам бўлади. Мақтаъ, яъни ғазалнинг охирги байти қуйидагичадир:

То Навоий чекти ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг қуёш акси анинг ёшиндадур.

Алишер Навоийнинг лирик қаҳрамони ўзи таърифлаган ойдан айрилиб, шундай кўз ёшлар тўкадики, мўъжизакорликда унинг ҳар қатра кўз ёши шу ойга тенглашади. Нега биз шундай демоқдамиз? Эътибор қилинг — қуёш нури ҳамиша ойда акс этади. Шоир бўлса, «Ҳар қачон боқсанг қуёш акси анинг ёшиндадур» демоқда. Ҳар қатрасида бир қуёш акс этган бу «кўз ёш денгизи», яъни буюк қайғу, шунчаки қайғумас, балки борлиқни ўзида акс эттирадиган кўзгу ҳамдир. Бу ҳолни қуйидагича талқин қилиш ҳам мумкин: қуёшнинг акси ойда қандай зоҳир бўлса, ишқ туфайли табарруклашган ошиқ кўз ёши ойдан қуёшчалик афзал. Шу сабабдан ҳам офтоб унда акс этади. Шоирнинг бу охирги байтидан навбатдаги хулоса келиб чиқади, маъшуқа нақадар баркамол бўлмасин, ошиқ ўзи чеккан дардлари туфайли камолот даражасида унга баробарлашади. Муҳаббатнинг вазифаси ҳам ана шунда, яъни нуқсонли севгувчини мумтоз севилувчи даражасига етказишдир.

777

Matnazar Abdulhakim
ILOHIY DIYDOR YOKI BIR G’AZAL SHARHI
099

O’n sakkiz ming olam oshubi agar boshindadur,
Ne ajab, chun sarvinozim o’n sakkiz yoshindadur.

Desa bo’lg’aykim, yana ham o’n sakkiz yil husni bor,
O’n sakkiz yoshinda buncha fitnakim boshindadur.

O’n sakkiz yil dema, yuz sakson yil o’lsa, uldurur,
Husn shohi… ul balolarkim ko’zu qoshindadur.

Hayrat etmon husni naqshidaki, har hayratki bor,
Barchasi Yazid taolo sun’i naqqoshindadur.

Tan anga siymu ichinda tosh muzmar ko’nglidin,
Aqlg’a yuz hayrat ul oyning ichu toshindadur.

May ketur, ey mug’ki, yuz hayrat aro qolmish Masih,
Bul ajablarkim, bu eski dayir xuffoshindadur.

To Navoiy chekti ul oy furqatidin bahri ashk,
Har qachon boqsang quyosh aksi aning yoshindadur.

Hazrat Navoiyning bu mashhur g’azali haqida suhbatlashishdan avval, ota-bobolarimiz koinotni o’n sakkiz ming olamdan iborat, deb anglaganliklarini eslab o’tishimiz joiz. «Oshub» — g’avg’o, to’polon degani. Xo’sh, nima uchun shoir «O’n sakkiz ming olam oshubi» deydi?
Ma’lumki, bizga ana shu «o’n sakkiz ming olam»dan kichik bir qism — Yer yuzining o’zimiz yashaydigan bo’lagidagi g’am-tashvishu g’alayonlar, junbushlargina ayon. Cheksizlikdagi jamiki «oshublar»ning haybatini hatto tasavvur qilishga ham ojizlik qilib qolamiz. Biroq, Alisher Navoiy idealidagi insonning, mumtoz mahbubaning yetukligi shu darajadaki, uning boshida nafaqat mazkur «o’n sakkiz ming olam oshubi» haqidagi tasavvur, balki ana shu oshub, ana shu g’alayon bor. Shu
o’rinda, Alisher Navoiyning har bir inson shaxsiga naqadar buyuk ahamiyat berganligi, qanchalik zalvorli yuk ortganligini ta’kidlab qo’yish lozim. Insonning, har bir shaxsning o’zi alohida bir olamgina bo’lib qolmasdan, balki «O’n sakkiz ming olam oshubi»ning sohibi ekanligi buyuk shoirimizning bu boradagi o’ziga xos kashfiyotidir. Biz har lahzada dunyoga necha minglab odamlar kelishi va har lahzada qanchadan-qancha go’zallar o’n sakkiz yoshga qadam qo’yishlarini, bir o’ylasak va har bittasining boshida o’n sakkiz ming olamda sodir bo’layotgan g’alayonlar mavjudligini fikr qilsak, bularning barchasi va bulardan tashqari Navoiy lirik qahramoni tomonidan vasf etilayotgan o’n sakkiz ming olam muammolarini o’z boshiga jam qilgan mahbubaning zohiriy va botiniy ko’rki naqadar betimsol ekanligi ayon bo’ladi. G’azaldan ayonki, har bir kun shunchaki kun emas, har bir lahza shunchaki lahza emas, balki qanchalab mumtoz go’zallarning va ular orasidagi bitta eng
yetuk sohibjamolning o’n sakkiz yoshga to’lib turadigan oniy bir mo»jizasi o’lchamidir. Bir lahzadaki shunchalik mo»jizalar qudrati mavjud ekan, o’n sakkiz yil qanchalik husndan iborat ekanligini ko’z oldingizga keltiravering. Shuning uchun ham Alisher Navoiy ushbu mahbubaning ilk baytdagi ta’rifi bilan kifoyalanib qolmasdan, o’z sohibjamolida har bir lahzasi ana shunday barkamol ko’rklardan iborat bo’lgan yana tag’in o’n sakkiz yilning husni borligidan xabar beradi. Mazkur husnning cheksizligiga cheksizlik qo’shadi.

Desa bo’lg’aykim, yana ham o’n sakkiz yil husni bor,
O’n sakkiz yoshinda buncha fitnakim boshindadur.

Baytdagi «fitna» so’ziga ham alohida e’tibor qaratmoq kerak. Ma’lumki, olamdagi barcha g’alayonlar dialektik ziddiyatlarning sodir bo’lishlaridan, ya’ni «fitna»lardan tashkil topadi va shu tufayli borliq mulki harakatga kelib turadi. Demak, Alisher Navoiy tavsifidagi go’zal faqatgina cheksiz husn sohibasi emas, balki borliqni harakatlantirguvchi qudratga ham ega bo’lgan bir mo»jizadir.

Hazrat Navoiy qahramoniga mahbubasi timsolidagi insoniy go’zallik va uning yaratuvchisi qudrati haqidagi tafakkur izlanishini ayovsiz bir shiddat bilan davom qilgizadi. Shoirga bu tengsiz sohibjamolning o’n sakkiz yil husni sohibasi ekanligi ham kamdek ko’rinadi. Endi bu mezon har lahzada tengsiz va cheksiz go’zalliklarni o’z ichiga qamrab olgan yuz sakson yil qadar bahaybatlanadi.

O’n sakkiz yil dema, yuz sakson yil o’lsa, uldurur,
Husn shohi — ul balolarkim ko’zu qoshindadur.

Shoir anglatadiki, har yilning o’z husni bor. Muayyan yilning husni ana shu yil mobaynida yaralgan jami go’zalliklarning majmuidan iborat. Bir yilda Alloh taolo qancha-qanchalab husnlarni bunyod etadi? Buni aniq aytishning imkoni yo’q. Shuning uchun ham bu yerda u «yil husni» degan iborani qo’llaydi. Alisher Navoiy «husn o’lchami»ga zamon va makon nuqtai nazaridan kelib chiqib aniqlik kiritadi, ya’ni «O’n sakkiz yil husni» kabi. Va shu husnga hayratdan tug’ilgan «O’n sakkiz  ming olam oshubi». Alisher Navoiy ana shu o’lchamlardan «Husn shohi» degan atamani qo’llaydi. Uning fikricha, vasf etilayotgan sohibjamol o’n sakkiz yil ham emas, yuz sakson yil mobaynida yaratilgan ilohiy husnlarning mumtozi ya’ni «SHOHI»dir. Mangulikning «husn shohi», shoirning zimdan ta’kidlashicha — Allohdir. Lekin U insonlarni o’ziga monand sifatlar bilan ziynatlab ko’rishni ma’qul topadi. Shoirimiz ta’riflayotgan ilohiy diydor esa, ana shunday oliy lahzalarda yaralgan mo»jizadir. Bu diydor ayni bir vaqtning o’zida shoir insonlar oldiga qo’ymoqchi bo’lgan sifatlar sohibasidir, taraqqiyot jarayonida shunga qarab intilinishi kerak bo’lgan ibrat namunasidir… … «ko’zu qoshi» «qanchalab o’n sakkiz ming olamlar» balolarini o’zida jamlagan bu barkamollik egasining sohibmo»jizalik darajasiga hayron qolishga insonning aqli ojizlik qiladi. Shu sababdan bo’lsa kerak, «hayrat etmon husni naqshidaki», deb xitob qiladi va o’zi yaratgan  mo»jizalariga Allohning o’zininggina hayrat qudrati yetishi muqarrarligini shoir quyidagicha bayon etadi: «…har hayratki bor, barchasi Ezid taolo sun’i naqqoshindadur». Bu misradan shunisi yana ham oydinlashdiki, bu cheksiz mo»jizaga hayrat aynan ana shu mo»jizaning o’zidan iborat. Ya’ni hayrat «sun’i naqqoshinda». Demak, yaratuvchining qo’lida, yana ham aniqrog’i, «naqqosh»ning, ya’ni Parvardigori olamning yaratuvchilik qudratidir. Shoirga ko’ra, bunday ilohiy qudrat tufayli yuz bergan mo»jizaga hayratlanish uchun hamma-hammaning ham qurbi yetavermaydi.

Ma’lumki, olamning ishlari tashqaridan qaraganda yaltiroq, uning zamiriga nigoh tashlasak, shoir ilk baytda ta’kidlaganidek, «oshublarga to’la». Shuning uchun ham bu dunyoni «yolg’onchi dunyo» deb aytadilar. Alisher Navoiy o’zi ta’riflayotgan go’zalning husnini naqadar cheksiz deb ta’kid qilmasin, baribir u ham muayyan ma’noda o’zi mansub bo’lgan olamning timsolidir. Ya’nikim,

Tan anga siymu ichinda tosh muzmar ko’nglidin,
Aqlg’a yuz hayrat ul oyning ichu toshindadur.

Ya’ni uning badani kumushdan. Aqlni yuz hayratga soladigan jihati shundaki, mana shu kumush badanning ichida tosh yurak pinhon qilingandir va u ko’rinib turadi.
Mana shu ko’rinib turish dunyoning yolg’onchilikka qarama-qarshi qo’yilgan zohir va botinning mushtarakligidir. Shundan keyin, Alisher Navoiy o’zi insho etgan bu murakkab husn saltanatining ta’rifini to’xtatib, an’anaviy lirik chekinishga o’tadi. Biroq bu lirik chekinish ham zimdan asosiy mavzu bilan bog’liq. Cheksiz olam va unda hayot kechirayotgan barkamolligi hududsiz odam mavjud bo’lgan borliqning hayratlanarli ekanligini tarannum qilishda davom etishdan iboratdir.

May ketur, ey mug’ki, yuz hayrat aro qolmish Masih,
Bul’ajablarkim, bu eski dayir xuffoshindadur.

«May» — e’tiqodga qattiq berilishning timsoli. «Mug’» — mayfurush, insonning o’z e’tiqodiga qattiq berilishida vositachi shaxs. «Masih» — Iso payg’ambarning laqabi. Iso alayhissalomning muhim fazilati shundan iboratki, u gapirib o’liklarga jon kirita olar edi. «Bul’ajab» — g’alati, hayratlanarli degani. «Xuffosh» bu — ko’rshapalak.

Ma’lumki, ko’rshapalaklar gumbazlarning ichini o’zlariga uya qilib oladilar. Dunyo ham, olam ham o’ziga xos gumbaz. Biroq bu gumbazning ko’rshapalaklari shu qadar mo»jizakor, hayratlanarliki, bunday hayratlanarli ko’rshapalaklar yaratgan mo»jizotlarga, hatto Iso Masih ham hayron qoladi.

Xuffosh, ya’ni ko’rshapalak ko’zlari ko’rmasa ham sezgilariga tayanib, qorong’uda bemalol uchib yuradigan mavjudot. Sezgirlik uning ko’ngil ko’zidadir. Ma’lumki, mutafakkirlar haqiqiy muhabbatda ham, majoziy muhabbatda ham suvratnigina ko’ra oladigan zohiriy ko’zni emas, balki siyratni idrok eta oladigan ko’ngil ko’zini afzal bilganlar. Demak, Navoiy ta’riflayotgan oliy jamolni ilg’amoq uchun har bir insonning ko’ngil ko’zi charaqlab turishi kerak. Boshqalar uchun qorong’u bo’lib tuyulgan yerlarda ham o’ziga yorug’ yo’l topa bilmog’i lozim. Bunday olamda odamning naqadar buyuk mo»jizalar sodir eta olishiga taajjublanmasa ham bo’ladi. Maqta’, ya’ni g’azalning oxirgi bayti quyidagichadir:

To Navoiy chekti ul oy furqatidin bahri ashk,
Har qachon boqsang quyosh aksi aning yoshindadur.

Alisher Navoiyning lirik qahramoni o’zi ta’riflagan oydan ayrilib, shunday ko’z yoshlar to’kadiki, mo»jizakorlikda uning har qatra ko’z yoshi shu oyga tenglashadi. Nega biz shunday demoqdamiz? E’tibor qiling — quyosh nuri hamisha oyda aks etadi. Shoir bo’lsa, «Har qachon boqsang quyosh aksi aning yoshindadur» demoqda. Har qatrasida bir quyosh aks etgan bu «ko’z yosh dengizi», ya’ni buyuk qayg’u, shunchaki qayg’umas, balki borliqni o’zida aks ettiradigan ko’zgu hamdir. Bu holni quyidagicha talqin qilish ham mumkin: quyoshning aksi oyda qanday zohir bo’lsa, ishq tufayli tabarruklashgan oshiq ko’z yoshi oydan quyoshchalik afzal. Shu sababdan ham oftob unda aks etadi. Shoirning bu oxirgi baytidan navbatdagi xulosa kelib chiqadi, ma’shuqa naqadar barkamol bo’lmasin, oshiq o’zi chekkan dardlari tufayli kamolot darajasida unga barobarlashadi. Muhabbatning vazifasi ham ana shunda, ya’ni nuqsonli sevguvchini mumtoz seviluvchi darajasiga yetkazishdir.

05

(Tashriflar: umumiy 3 763, bugungi 1)

2 izoh

  1. ushbu sayt orqali anchagina ma’lumotga ega bo’ldim.barchaga o’qishni maslahat berardim bu kompyuter o’yinlaridan foydali.

Izoh qoldiring