Shuhrat Sirojiddinov. Navoiy Astrobodga surgun qilinganmi?

Ashampoo_Snap_2016.12.18_18h26m53s_003_.png    Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида қанча кўп билсак, шунча камдай туюлаверади. Бу улуғ бобокалонимизга бўлган улкан қизиқиш ифодаси бўлса керак. Қолаверса,менинг назаримда,Алишер Навоий ҳаёти,шахсияти ҳали тўлиқ очилмаганча қолмоқда. Адабиётшунослар буюк мутафаккирнинг ижоди ва сиёсий фаолиятига кўпроқ эътибор берадилар. Аммо,бобомизнинг инсоний табиати, инсоний фазилатлари ,аниқроғи характери (феълу атвори) қандай бўлгани сирлигича қолиб кетмоқда.
   Бугун сизга Алишер Навоийнинг сиёсий фаолиятида муҳим ўрин тутган воқеа билан боғлиқ филология фанлари доктори профессор Шуҳрат Сирожиддиновнинг мақоласини тақдим этиш билан анчадан буён кўнглимизни безовта қилиб келаётган муаммони айтдик ва навоийшунос олимлар зора бу масалага ҳам ўз эътиборларини қаратсалар,дея умид билдирдик.

Шуҳрат Сирожиддинов
НАВОИЙ АСТРОБОДГА СУРГУН ҚИЛИНГАНМИ?
08

331018_874.jpg“Равзат ус-сафо”да келтирилган маълумотга кўра, Султон Ҳусайн ҳижрий 892 йилнинг қишида (1486-1487) Амир Алишерни дор ул-фатҳ Астробод ҳокими этиб тайинлашга қарор қилган. Хондамир кўрсатишича, “Ҳижрий 892 йилнинг қишида (1486 декабрь 1487 январь)хоқони Марвда қишлаб турганида Астробод ҳокими Амир Мўғулни ўз даргоҳига чақириб олди ва унинг мунаввар кўнглига Амир Алишер дор ул-фатҳ Астробод ҳукумати билан сафароз этиш қарори келди. Ул ҳазратнинг (ҳусайн Байқаронинг) фирки софкўнгил амирга яширин эди”

Журжон вилояти ҳокимлиги улуғ лавозим бўлишига қарамай, Алишер Навоий Астрободга кетаётганидан норози бўлгани манбаларда кўрсатиб ўтилган: «Собиттадбир амир тангри таолонинг ризолиги йўлида ҳозирлиги, хоқони мансур муҳим ишларини кифояти сарвига хушбўй хотирининг майли камолот даражасида бўлганлиги учун бу амрни қабул қилиш хусусида бирор нима демади. Кўп муболағадан сўнг, ризо бошини тебратиб, таважжуҳ юзини ул тарафга ўгириб, олампаноҳ даргоҳ мулозимларидан амир Бобо Али ва амир Бадриддинни ҳамроҳ қилиб Астрободга жўнади», деб ёзади Хондамир.

Ушбу тарихий манбаларга кўра, Навоийнинг учинчи марта расмий равишда давлат ишларига қайтганини кўриш мумкин.

Астробод Хуросоннинг ўта муҳим аҳамиятга эга минтақаси бўлиб, қалтис шароитда уни идора этиш ҳокимдан воқеалар жараёнини ўта эҳтиёткорлик билан кузатиш, оқилона бошқаришни талаб этишни табиий. Бунинг устига, у барча мол-мулкини вақф этиб, 1481 йилдан бери ижодга берилган, қолган умрини ижод ва ибодат билан ўтказишга қарор қилган эди. Лекин, у эл-улуснинг тинчлиги, осойишталиги йўлида бу масъулиятли вазифани ўз зиммасига олади ва Астрободга жўнаб кетади.

Манбаларда унинг Астрободдаги фаолияти ҳақида маълумотлар жуда кам. Навоийнинг қўшни давлатлар ҳукмдорлари билан алоқаларини бирмунча ёритувчи ёзишмалар, жумладан, унинг Шервоншоҳ Фарруҳ Ясорга ёзган мактуби, Оққуюнлилар ҳукмдори Султон Яъқуб Мирзо ва унинг бош вазири Шайх Нажм билан ўрнатган яқин алоқаларидан дарак берувчи баъзи мактуб ва маълумотлар бор. Навоийшунос олимларимизнинг тадқиқотларида Мир Алишернинг Астрободдаги кайфияти етарли ёритилган.

Алишер Навоий Астрободда бир йил тургач, қайтишга изн сўрайди. «Равзат ус-сафо»да шундай келтирилади: «… Амир Алишер бир йил муддат Журжон вилоятида мулку мол забти билан машғул бўлгандан сўнг хоқони мансур билан мулозамат шавқи кўнглидан кечди ва ижозат олингач, амир Бадриддинни ўз ўрнига қолдириб, дор ус-салтана Хиротга қараб йўналди… ва ўша вилоят ҳокимлигини бирортага берилишини илтимос қилди. Лекин хоқонни мансур унинг бу илтимосини қулоғи билан тингламади ва бир неча кун ўтиб яна Астрободга қайтишига рухсат берди».

Султон Ҳусайн Байқаро унинг илтимосини ризо қулоғи билан тингламаганининг сабаби, бизнингча, бу пайтга келиб, Ҳусайн Байқаро олдиндан кўра билган воқеалар рўй бера бошлаган эди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, 1488 йилнинг бошларида Шайх Ҳайдар ялпи ҳужумга ўтиш вақти етган ҳисоблаб, Шервон шоҳлигини босиб олиш пайига тушади: Бутун лашкарини Ганжа ва Барда оралиғида тўплайди. Сўнг Фаррух Ясорга одам юбориб, ҳар галгидек, черкасларни талаб қилиш учун бораётганлигини ва Дарбанд йўлини ислом лашкарига очиб қўйишни сўрайди. Фаррух Ясор элчини кутиб олиб, иззат-икром билан кузатгач, Дарбанд йўлини очишга фармон беради. Шунда Ҳайдар ўз аскарларининг саллаларини ўн икки имом шаънига ўн икки йўли қизил рангга бўятади ва Дарбанд йўлидан осонликча ўтиб олгач, Шервонга қарши уруш эълон қилади. ~афлатда қолган Фаррух Ясор беҳуда қон тўкилишидан қочиб, оила-уруғи билан Гулистон қалъасига бекиниб олади. Шайх бошлиқ минглаб «қизилбошлар» етти ойгача қалъани қамал қилиб ётадилар. Ниҳоят Ҳайдарнинг инсофга келишидан умидини узиб, тоқати тоқ бўлган Султон Яъқуб қаҳр билан Шервонга отланади ва 893 йилнинг жумод ус-соний ойнинг охирларида (1488, июнь) Ардабилга етиб келади. Бу хабарни эшитган Шайх қалъани қўйиб, Дарбандга чекинади. Султон унинг изидан қувиб келади ва ражаб ойининг охирида (июль) улар ўртасида қаттиқ жанг бўлиб ўтади. Пировардида, Ҳайдар жанг майдонида ҳалок бўлади ва қизилбошлар қўшини тарқатиб юборилади.

Демак, Навоийнинг Астрободда бўлиб туриши сиёсий вазиятнинг мураккаблигига кўра зарур бўлган.

Навоий шундай кескин шарт-шароитларда ҳам ҳукумат ишларидан озод этишни султондан сўраб турган. Амир Алишернинг ёнида дастёр бўлган жияни Ҳайдар унинг топшириғи билан Астрободдан Ҳиротга келади. Хондамир ёзади: «Мир Ҳайдар савдойиликдан анча баҳраманд одам эди. Ана шу савдойиликка шароб кайфи қўшилиб кетган бир вақтда бундай деди: «Султон ҳазратларининг яқин дўсти (яъни Амир Алишер) халофатойинлик остонанинг (яъни султоннинг) мулозимлари Кокулий баковулга Амир Алишернинг овқатига заҳар қўшиб беришни тайинлаганликларидан хабар топиб қолди».
«Заҳар» воқеасининг ҳақиқатда бўлган ёки бўлмагани номаълум. Бошқа манбаларда бу масала ёритилмаган. Аммо мазкур воқеа Ҳиротга сабрсизлик билан ошиқиб турган Навоий учун султон билан мазкур истеъфо борасида яна бир кара гаплашиб олиш имкониятини берди. Чегара олди хавфи бартараф бўлгани сабабли анча хотиржам тортган Ҳусайн Бойқаро Амир Алишерга Астрободни топшириб, Ҳиротга қайтишга рухсат беради. Мир Ҳайдар бу ишни ўз тоғасига куюнчаклигидан қилганми ёки фаросатсизлик туфайлими, унинг қандай баҳоланишидан қатъи назар, ҳар ҳолда, Навоийнинг Астробод ҳокимлигидан қутулиб, Ҳиротга қайтишига ёрдам берган.

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Алишер Навоий Астрободда ярим йилча яшаган. Мана шунинг ўзи ҳам қайсидир маънода биз илгари сурган мулоҳазаларни тасдиқлайди.

Амир Алишер Астрободдан қайтганч, амирлик ва давлат ишларини тарк этади. Унинг илтимосига султон ҳам қаршилик қилмайди. Хондамир бу даврда Навоий ўз масканида тинч ҳаёт кечиргани ва султон уни эъзозлаб мактубларни ёзганда унинг барча унвонларини келтиришини алоҳида қайд этиб ўтган: “Астрободдан қайтгач, саҳибтадбир амир (Алишер) фориғболлик билан ўрганган ватани ва эски масканида кун кечирди. Амирлик ва ҳокимликни тарк этиш воситаси билан кун сари олий даражаси тоза, таъзиму такрими бандоза бўлиб, аҳвол шу ерга бориб етдики, ҳоқони мансур унга йўллаган мактубларида ул жанобнинг (Алишернинг) лақабларини бундай ёзар эдилар: “Жаноб ҳидоятмаоб, маоли оёт, зубдай арбоби дину давлат, қуввати асҳоби мулку миллат,муассис алҳайрот, муваффақ ул-мубаррот, рукн ас-салтана, эътизод ул-мулк, эътимот ад-давлати хоқоний, муқарраби султоний, низом ул-ҳақиқт, вад-дин амир Алишер”, яъни ҳидоят эгаси шараф ва ҳурматнинг қайтиш жойи, дину давлат арбобларнинг сараси, мулку миллат эгаларининг етакчиси, ҳайру эҳсонларни таъсис этувчи, ҳайру эҳсон муассасаларига равнақ берувчи, салтанат устуни, подшоҳларни қўлидан етакловчи, ҳоқон давлатининг умиди, султон ҳазратларининг яқин дўсти ҳақиқат ва дин низоми амир Алиешр…”

1492 йилда Султоннинг Навоий билан муносабати олий даражада бўлганлиги Маждиддин Муҳаммаднинг Навоий шарафига зиёфат ўтказиш ҳақида Абулвосеъ билан қилган маслаҳати баёнида ҳам ишора эди.

Алишер Навоийнинг Астрободга ҳоким этиб юборилиши сабаблари ҳақида навоийшуносликда турли қарашлар мавжуд. Алломанинг Астрободга жўнатилишига ҳозирги навоийшунослигимиз сургун сифатида қарайди. Бундай қараш, аввало, шарқшунослик В.В. Бартольд томонидан илгари сурилган эди. Ўша даврнингн ўзидаёқ баъзи шарқшунослар бундай нотўғри қарашга кескин қарши чиққан бўлиб, бу ҳақда кейинроқ Бартольд асарларини қайта нашрга тайёрлаган олим Ю. Брегель шундай ёзади: “Охирги пайтларда В.В. Бартольднинг “1487-1497 йиллар Мир Алишер учун мурувватсиз ва обрўсизланиш йиллари бўлди ва бу, аввало, унинг Астрободга сургун қилинишида кўзга ташланди”, деган фикрларини ўз ичига олган концепцияси жиддин қаршиликларга учради.

А.А. Семёнов манбаларида Алишернинг Ҳиротдан узоқлашиши Маждидидннинг бош вазирликка тайинланиши шарти эвазига рўй берганлиги хусусида бирорта ҳам гувоҳ кўрсатмаганликларини қайд этиб, Астробод Султон Ҳусайннинг энг бой ва муҳим вилояти эканлигини, унда асосан, шаҳзодалар ёки султоннинг ўта ишончли кишилари ҳокимлик қилиб келганликлари, Алишернинг Астрободга ҳоким этиб тайинланишини “узоқ вилоятга” “фахрий сургун” сифатида тушуниш мумкин эмаслигини таъкидлайди. Шарқшунос Г.Р.Ремернинг кўрсатишича, Мир Алишернинг Астрободга юборилиши Султон Ҳусайннинг қўшни давлат ҳукумдорлари билан муносабатлари чигаллашгани билан изоҳлаш мумкин. Бироқ, маълумки Семенов ва Ремернинг ҳақиқатга яқин фикрлари навоийшунослар томонидан инобатга олинмади.

Ҳозирга қадар бу масала узил-кесил ҳал қилинмаган ва ўз ечимини кутиб турибди. Тўғри, Е.Э.Бертельс “Навоий” монорграфиясида ушбу масаланинг ёритилишида Семеновнинг сўзларини эслайди. Лекин у ҳам Бартольднинг фикрлаш қолипи ва умумсовет адабиёти ва илмига хос бўлган “ғоявий кураш” принципларидан четга чиқа олмайди: Навоий ўзининг “Хамса”си устида ишлаётган пайтда унинг душманлари вақтни бекорга ўтказмадилар. Улар ҳар куни Султон Ҳусайнга давлат ишлари хароб бўлганлиги ва уни йўлга қўйиш фақатгина Маждиддин Муҳаммаднинг қўлидан келиши хусусида ишора қидлишар эди. Сарой аъёнларининг қистови қатъий бўлиб, шаробгу ружуъ қўйган султоннинг иродаси кундан-кунга заифлашиб борарди. Шундай бўлган бўлиши ҳам мумкинки, Навоийнинг султон эътиборини давлат ишларига қаратиш учун қилган ҳаракатлари ва унинг сарой аъёнларига танқидий назар билан қарши султонга ёқмаган. Султонда вақти-вақти билан бундай маслаҳатни кўздан йироқлаштиришга мойиллик бўлган. Султон учун Навоий виждон овози эди ва гоҳида у бу овозни ўчиришни хоҳлар эди.”

Шу пайтгача Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятига Бертельсча муносабатда бўлиб келган олимларимизнинг тадқиқотларида келтирилган қарашларга келсак, уларнинг тарихий воқеликдан четга чиқиб кетишларига бир-бирларига сабаб бўлган. Илк навоийшуносларнинг совет тузуми мафкурасидан келиб чиқиб, Навоий “ҳақиқатни айтишдан қўрқмаган шоир” бўлгани учун султон унинг заҳарли сўзларидан қутулиш учун бадарға қилди“ тарзидаги талқинларни бугун қайта кўриб чиқилиши керак. Афсуски, яқинда нашр этилган баъзи тадқиқотларда ҳали ҳам эскича фирклаш яққол сезилиб туради. Алишер Навиоий Султонга тобе киши сифатида ҳеч қачон ҳақиқатни барралла айта олмаган, балки мавриди билан тушунтиришга уринган (Восифийнинг Бадоеъ ул-вақоеъ асаридаги Навоий ва етим бебошлар қовеасини эсланг). Навоий султонга заҳарли сўз ёки дакки бериш у ёқда турсин, подшоҳнинг қатъий қарорига қарши кескин гапиришга журъат эта олмаган. Бундай муносабат факат унга ва ўша даврга хос бўлмас, балки ҳукмдорлар ҳамда тобеинлар ўртасида муносабатлар мезони белгилайдиган қоидадир.

Темур тузукларида султон ўзининг айтган сўзидан қайтмаслиги ҳақида қатъий талаб қўйилиб, Маҳмуд Ғазнавийдан мисол келтирилгани бежиз эмас, албатта. Қолаверса, Алишер Навиоий баъзи тадқиқотларда айтилгандек, Астрободга оғзаки буйруқ билан эмас, балки махсус Фармон асосида юборилган.

Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида Ҳусайн Байқаронинг Оққуюнлилар ҳукмдори Султон Яъқуб Мирзога юборган мактуб-ёрлиғи нусхалари сақланади. Шулардан бири таниқли олим А. Ўринбоев томонидан эълон қилиган. Унда Ҳусайн Байқаронинг Фармони асосида ҳоким этиб юборилаётганни ва шу билан боғлиқ масалалар борасида сўз юритилади.

3_8705280872_L600.jpg Shuhrat Sirojiddinov
NAVOIY ASTROBODGA SURGUN QILINGANMI?
08

alamto_13385305161.jpg“Ravzat us-safo”da keltirilgan ma’lumotga ko‘ra, Sulton Husayn hijriy 892 yilning qishida (1486-1487) Amir Alisherni dor ul-fath Astrobod hokimi etib tayinlashga qaror qilgan. Xondamir ko‘rsatishicha, “Hijriy 892 yilning qishida (1486 dekabr 1487 yanvar)xoqoni Marvda qishlab turganida Astrobod hokimi Amir Mo‘g‘ulni o‘z dargohiga chaqirib oldi va uning munavvar ko‘ngliga Amir Alisher dor ul-fath Astrobod hukumati bilan safaroz etish qarori keldi. Ul hazratning (husayn Bayqaroning) firki sofko‘ngil amirga yashirin edi”

Jurjon viloyati hokimligi ulug‘ lavozim bo‘lishiga qaramay, Alisher Navoiy Astrobodga ketayotganidan norozi bo‘lgani manbalarda ko‘rsatib o‘tilgan: «Sobittadbir amir tangri taoloning rizoligi yo‘lida hozirligi, xoqoni mansur muhim ishlarini kifoyati sarviga xushbo‘y xotirining mayli kamolot darajasida bo‘lganligi uchun bu amrni qabul qilish xususida biror nima demadi. Ko‘p mubolag‘adan so‘ng, rizo boshini tebratib, tavajjuh yuzini ul tarafga o‘girib, olampanoh dargoh mulozimlaridan amir Bobo Ali va amir Badriddinni hamroh qilib Astrobodga jo‘nadi», deb yozadi Xondamir.

Ushbu tarixiy manbalarga ko‘ra, Navoiyning uchinchi marta rasmiy ravishda davlat ishlariga qaytganini ko‘rish mumkin.

Astrobod Xurosonning o‘ta muhim ahamiyatga ega mintaqasi bo‘lib, qaltis sharoitda uni idora etish hokimdan voqealar jarayonini o‘ta ehtiyotkorlik bilan kuzatish, oqilona boshqarishni talab etishni tabiiy. Buning ustiga, u barcha mol-mulkini vaqf etib, 1481 yildan beri ijodga berilgan, qolgan umrini ijod va ibodat bilan o‘tkazishga qaror qilgan edi. Lekin, u el-ulusning tinchligi, osoyishtaligi yo‘lida bu mas’uliyatli vazifani o‘z zimmasiga oladi va Astrobodga jo‘nab ketadi.

Manbalarda uning Astroboddagi faoliyati haqida ma’lumotlar juda kam. Navoiyning qo‘shni davlatlar hukmdorlari bilan aloqalarini birmuncha yorituvchi yozishmalar, jumladan, uning Shervonshoh Farruh Yasorga yozgan maktubi, Oqquyunlilar hukmdori Sulton Ya’qub Mirzo va uning bosh vaziri Shayx Najm bilan o‘rnatgan yaqin aloqalaridan darak beruvchi ba’zi maktub va ma’lumotlar bor. Navoiyshunos olimlarimizning tadqiqotlarida Mir Alisherning Astroboddagi kayfiyati yetarli yoritilgan.

Alisher Navoiy Astrobodda bir yil turgach, qaytishga izn so‘raydi. «Ravzat us-safo»da shunday keltiriladi: «… Amir Alisher bir yil muddat Jurjon viloyatida mulku mol zabti bilan mashg‘ul bo‘lgandan so‘ng xoqoni mansur bilan mulozamat shavqi ko‘nglidan kechdi va ijozat olingach, amir Badriddinni o‘z o‘rniga qoldirib, dor us-saltana Xirotga qarab yo‘naldi… va o‘sha viloyat hokimligini birortaga berilishini iltimos qildi. Lekin xoqonni mansur uning bu iltimosini qulog‘i bilan tinglamadi va bir necha kun o‘tib yana Astrobodga qaytishiga ruxsat berdi».

Sulton Husayn Bayqaro uning iltimosini rizo qulog‘i bilan tinglamaganining sababi, bizningcha, bu paytga kelib, Husayn Bayqaro oldindan ko‘ra bilgan voqealar ro‘y bera boshlagan edi. Tarixiy manbalarda qayd etilishicha, 1488 yilning boshlarida Shayx Haydar yalpi hujumga o‘tish vaqti yetgan hisoblab, Shervon shohligini bosib olish payiga tushadi: Butun lashkarini Ganja va Barda oralig‘ida to‘playdi. So‘ng Farrux Yasorga odam yuborib, har galgidek, cherkaslarni talab qilish uchun borayotganligini va Darband yo‘lini islom lashkariga ochib qo‘yishni so‘raydi. Farrux Yasor elchini kutib olib, izzat-ikrom bilan kuzatgach, Darband yo‘lini ochishga farmon beradi. Shunda Haydar o‘z askarlarining sallalarini o‘n ikki imom sha’niga o‘n ikki yo‘li qizil rangga bo‘yatadi va Darband yo‘lidan osonlikcha o‘tib olgach, Shervonga qarshi urush e’lon qiladi. ~aflatda qolgan Farrux Yasor behuda qon to‘kilishidan qochib, oila-urug‘i bilan Guliston qal’asiga bekinib oladi. Shayx boshliq minglab «qizilboshlar» yetti oygacha qal’ani qamal qilib yotadilar. Nihoyat Haydarning insofga kelishidan umidini uzib, toqati toq bo‘lgan Sulton Ya’qub qahr bilan Shervonga otlanadi va 893 yilning jumod us-soniy oyning oxirlarida (1488, iyun) Ardabilga yetib keladi. Bu xabarni eshitgan Shayx qal’ani qo‘yib, Darbandga chekinadi. Sulton uning izidan quvib keladi va rajab oyining oxirida (iyul) ular o‘rtasida qattiq jang bo‘lib o‘tadi. Pirovardida, Haydar jang maydonida halok bo‘ladi va qizilboshlar qo‘shini tarqatib yuboriladi.

Demak, Navoiyning Astrobodda bo‘lib turishi siyosiy vaziyatning murakkabligiga ko‘ra zarur bo‘lgan.

Navoiy shunday keskin shart-sharoitlarda ham hukumat ishlaridan ozod etishni sultondan so‘rab turgan. Amir Alisherning yonida dastyor bo‘lgan jiyani Haydar uning topshirig‘i bilan Astroboddan Hirotga keladi. Xondamir yozadi: «Mir Haydar savdoyilikdan ancha bahramand odam edi. Ana shu savdoyilikka sharob kayfi qo‘shilib ketgan bir vaqtda bunday dedi: «Sulton hazratlarining yaqin do‘sti (ya’ni Amir Alisher) xalofatoyinlik ostonaning (ya’ni sultonning) mulozimlari Kokuliy bakovulga Amir Alisherning ovqatiga zahar qo‘shib berishni tayinlaganliklaridan xabar topib qoldi».
«Zahar» voqeasining haqiqatda bo‘lgan yoki bo‘lmagani noma’lum. Boshqa manbalarda bu masala yoritilmagan. Ammo mazkur voqea Hirotga sabrsizlik bilan oshiqib turgan Navoiy uchun sulton bilan mazkur iste’fo borasida yana bir kara gaplashib olish imkoniyatini berdi. Chegara oldi xavfi bartaraf bo‘lgani sababli ancha xotirjam tortgan Husayn Boyqaro Amir Alisherga Astrobodni topshirib, Hirotga qaytishga ruxsat beradi. Mir Haydar bu ishni o‘z tog‘asiga kuyunchakligidan qilganmi yoki farosatsizlik tufaylimi, uning qanday baholanishidan qat’i nazar, har holda, Navoiyning Astrobod hokimligidan qutulib, Hirotga qaytishiga yordam bergan.

Manbalarning guvohlik berishicha, Alisher Navoiy Astrobodda yarim yilcha yashagan. Mana shuning o‘zi ham qaysidir ma’noda biz ilgari surgan mulohazalarni tasdiqlaydi.

Amir Alisher Astroboddan qaytganch, amirlik va davlat ishlarini tark etadi. Uning iltimosiga sulton ham qarshilik qilmaydi. Xondamir bu davrda Navoiy o‘z maskanida tinch hayot kechirgani va sulton uni e’zozlab maktublarni yozganda uning barcha unvonlarini keltirishini alohida qayd etib o‘tgan: “Astroboddan qaytgach, sahibtadbir amir (Alisher) forig‘bollik bilan o‘rgangan vatani va eski maskanida kun kechirdi. Amirlik va hokimlikni tark etish vositasi bilan kun sari oliy darajasi toza, ta’zimu takrimi bandoza bo‘lib, ahvol shu yerga borib yetdiki, hoqoni mansur unga yo‘llagan maktublarida ul janobning (Alisherning) laqablarini bunday yozar edilar: “Janob hidoyatmaob, maoli oyot, zubday arbobi dinu davlat, quvvati as’hobi mulku millat,muassis alhayrot, muvaffaq ul-mubarrot, rukn as-saltana, e’tizod ul-mulk, e’timot ad-davlati xoqoniy, muqarrabi sultoniy, nizom ul-haqiqt, vad-din amir Alisher”, ya’ni hidoyat egasi sharaf va hurmatning qaytish joyi, dinu davlat arboblarning sarasi, mulku millat egalarining yetakchisi, hayru ehsonlarni ta’sis etuvchi, hayru ehson muassasalariga ravnaq beruvchi, saltanat ustuni, podshohlarni qo‘lidan yetaklovchi, hoqon davlatining umidi, sulton hazratlarining yaqin do‘sti haqiqat va din nizomi amir Aliyeshr…”

1492 yilda Sultonning Navoiy bilan munosabati oliy darajada bo‘lganligi Majdiddin Muhammadning Navoiy sharafiga ziyofat o‘tkazish haqida Abulvose’ bilan qilgan maslahati bayonida ham ishora edi.

Alisher Navoiyning Astrobodga hokim etib yuborilishi sabablari haqida navoiyshunoslikda turli qarashlar mavjud. Allomaning Astrobodga jo‘natilishiga hozirgi navoiyshunosligimiz surgun sifatida qaraydi. Bunday qarash, avvalo, sharqshunoslik V.V. Bartold tomonidan ilgari surilgan edi. O‘sha davrningn o‘zidayoq ba’zi sharqshunoslar bunday noto‘g‘ri qarashga keskin qarshi chiqqan bo‘lib, bu haqda keyinroq Bartold asarlarini qayta nashrga tayyorlagan olim Yu. Bregel shunday yozadi: “Oxirgi paytlarda V.V. Bartoldning “1487-1497 yillar Mir Alisher uchun muruvvatsiz va obro‘sizlanish yillari bo‘ldi va bu, avvalo, uning Astrobodga surgun qilinishida ko‘zga tashlandi”, degan fikrlarini o‘z ichiga olgan konsepsiyasi jiddin qarshiliklarga uchradi.

A.A. Semyonov manbalarida Alisherning Hirotdan uzoqlashishi Majdididnning bosh vazirlikka tayinlanishi sharti evaziga ro‘y berganligi xususida birorta ham guvoh ko‘rsatmaganliklarini qayd etib, Astrobod Sulton Husaynning eng boy va muhim viloyati ekanligini, unda asosan, shahzodalar yoki sultonning o‘ta ishonchli kishilari hokimlik qilib kelganliklari, Alisherning Astrobodga hokim etib tayinlanishini “uzoq viloyatga” “faxriy surgun” sifatida tushunish mumkin emasligini ta’kidlaydi. Sharqshunos G.R.Remerning ko‘rsatishicha, Mir Alisherning Astrobodga yuborilishi Sulton Husaynning qo‘shni davlat hukumdorlari bilan munosabatlari chigallashgani bilan izohlash mumkin. Biroq, ma’lumki Semenov va Remerning haqiqatga yaqin fikrlari navoiyshunoslar tomonidan inobatga olinmadi.

Hozirga qadar bu masala uzil-kesil hal qilinmagan va o‘z yechimini kutib turibdi. To‘g‘ri, Ye.E.Bertels “Navoiy” monorgrafiyasida ushbu masalaning yoritilishida Semenovning so‘zlarini eslaydi. Lekin u ham Bartoldning fikrlash qolipi va umumsovet adabiyoti va ilmiga xos bo‘lgan “g‘oyaviy kurash” prinsiplaridan chetga chiqa olmaydi: Navoiy o‘zining “Xamsa”si ustida ishlayotgan paytda uning dushmanlari vaqtni bekorga o‘tkazmadilar. Ular har kuni Sulton Husaynga davlat ishlari xarob bo‘lganligi va uni yo‘lga qo‘yish faqatgina Majdiddin Muhammadning qo‘lidan kelishi xususida ishora qidlishar edi. Saroy ayonlarining qistovi qat’iy bo‘lib, sharobgu ruju’ qo‘ygan sultonning irodasi kundan-kunga zaiflashib borardi. Shunday bo‘lgan bo‘lishi ham mumkinki, Navoiyning sulton e’tiborini davlat ishlariga qaratish uchun qilgan harakatlari va uning saroy ayonlariga tanqidiy nazar bilan qarshi sultonga yoqmagan. Sultonda vaqti-vaqti bilan bunday maslahatni ko‘zdan yiroqlashtirishga moyillik bo‘lgan. Sulton uchun Navoiy vijdon ovozi edi va gohida u bu ovozni o‘chirishni xohlar edi.”

Shu paytgacha Alisher Navoiyning hayoti va faoliyatiga Bertelscha munosabatda bo‘lib kelgan olimlarimizning tadqiqotlarida keltirilgan qarashlarga kelsak, ularning tarixiy voqelikdan chetga chiqib ketishlariga bir-birlariga sabab bo‘lgan. Ilk navoiyshunoslarning sovet tuzumi mafkurasidan kelib chiqib, Navoiy “haqiqatni aytishdan qo‘rqmagan shoir” bo‘lgani uchun sulton uning zaharli so‘zlaridan qutulish uchun badarg‘a qildi“ tarzidagi talqinlarni bugun qayta ko‘rib chiqilishi kerak. Afsuski, yaqinda nashr etilgan ba’zi tadqiqotlarda hali ham eskicha firklash yaqqol sezilib turadi. Alisher Navioiy Sultonga tobe kishi sifatida hech qachon haqiqatni barralla ayta olmagan, balki mavridi bilan tushuntirishga uringan (Vosifiyning Badoe’ ul-vaqoe’ asaridagi Navoiy va yetim beboshlar qoveasini eslang). Navoiy sultonga zaharli so‘z yoki dakki berish u yoqda tursin, podshohning qat’iy qaroriga qarshi keskin gapirishga jur’at eta olmagan. Bunday munosabat fakat unga va o‘sha davrga xos bo‘lmas, balki hukmdorlar hamda tobeinlar o‘rtasida munosabatlar mezoni belgilaydigan qoidadir.

Temur tuzuklarida sulton o‘zining aytgan so‘zidan qaytmasligi haqida qat’iy talab qo‘yilib, Mahmud G‘aznaviydan misol keltirilgani bejiz emas, albatta. Qolaversa, Alisher Navioiy ba’zi tadqiqotlarda aytilgandek, Astrobodga og‘zaki buyruq bilan emas, balki maxsus Farmon asosida yuborilgan.

Abu Rayhon Beruniy nomidagi O‘zbekiston Fanlar akademiyasi Sharqshunoslik institutining qo‘lyozmalar fondida Husayn Bayqaroning Oqquyunlilar hukmdori Sulton Ya’qub Mirzoga yuborgan maktub-yorlig‘i nusxalari saqlanadi. Shulardan biri taniqli olim A. O‘rinboyev tomonidan e’lon qiligan. Unda Husayn Bayqaroning Farmoni asosida hokim etib yuborilayotganni va shu bilan bog‘liq masalalar borasida so‘z yuritiladi.

Shuhrat Sirojiddinov., Alisher Navoiy manbalarning qiyosiy-tipologik, tekstologik tahlili.pdf by Khurshid Davron on Scribd

009

(Tashriflar: umumiy 790, bugungi 1)

Izoh qoldiring