Navoiy ijodida milliy davlatchilik va huquq. Davra suhbati & Alisher Navoiy olami ‘Nuqtai nazar’ teledasturida

0_154eaa_ced3ed4b_orig.png     Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодининг шундай бир қирраси борки, бу – унинг давлат арбоби, темурийлар саройининг донгдор вакили сифатида билдирган ижтимоий-фалсафий фикрлари бўлиб, бу ҳақда ҳали бирор ўринда теранроқ фикр юритилмаган. Давра суҳбатида иштирок этган бир гуруҳ адабиётшунос ва ҳуқуқшунос олимлар Навоий даҳосининг мазкур жиҳатига эътибор қаратдилар.

НАВОИЙ  ИЖОДИДА МИЛЛИЙ
ДАВЛАТЧИЛИК ВА ҲУҚУҚ

Давра суҳбати
08

1AYurtMuhla.jpgУлуғ мутафаккир Мир Алишер Навоийнинг буюклиги адабиётимиз ривожидаги оламшумул хизматлари билангина белгиланмайди. Навоий бадиий ижодда қанчалик тенгсиз бўлса, илмда, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам шунчалик беназир эди. Мумтоз шоирнинг тилшунослик, адабиётшунослик, тарих ва тасаввуфшуносликка бағишланган асарлари ҳанузгача олимлар, навоийшунос мутахассислар тадқиқотларида ўрганилмоқда, тарғиб ва ташвиқ қилинмоқда.

Лекин шоир ижодининг шундай бир қирраси борки, бу – унинг давлат арбоби, темурийлар саройининг донгдор вакили сифатида билдирган ижтимоий-фалсафий фикрлари бўлиб, бу ҳақда ҳали бирор ўринда теранроқ фикр юритилмаган. Давра суҳбатида иштирок этган бир гуруҳ адабиётшунос ва ҳуқуқшунос олимлар Навоий даҳосининг мазкур жиҳатига эътибор қаратдилар.

25.jpgНажмиддин КОМИЛОВ,
филология фанлари доктори, профессор:

– Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий асарларида миллий давлатчилигимиз маърифатининг бутун бир концепцияси ўз ифодасини топган. Ушбу концепция, бир жиҳатдан, исломий манбаларда ифодаланган адолат ғояларини, иккинчидан, қадимги юнон файласуфлари ва ҳазрат Форобий қарашларини, учинчидан, тасаввуфдаги шоҳу дарвеш қиёсига қурилган фикр-мулоҳазаларни уйғунлаштириб, қамраб олган. Аммо шуниси борки, Навоий узоқ йиллар Ҳусайн Бойқаро салтанатида юқори лавозимларда ишлаб, ўзи ҳам сиёсат ва раёсатда, бошқарув ишларида обдон тажриба орттирди, кўп ҳолларда зулм ва бедодликларнинг олдини олишга муяссар бўлди. Навоийнинг доно насиҳатлари, амалий тадбирлари туфайли Ҳусайн Бойқаро подшолигида барқарорлик ҳукм суриб, илм-фан, маданият ва адабиёт ривожланди, ободончилик юзага келди. Бу ҳаётий тажриба мутафаккир бобомизнинг давлат арбоби сифатидаги қарашларида акс этган.

Алишер Навоий она тилида улуғ адабий асарлар яратиб, халқ¬нинг маънавий оламини юксалтириш баробарида темурийлар давлатининг барқарорлиги ва давомийлиги учун ҳам курашиб, бу ишда ўзини масъул деб билди. Шу боис, у наинки дўсти Ҳусайн Бойқарога насиҳат қилиш, уни огоҳлантириб туриш, улуғ ва эзгу ишларга йўллаш билан чекланди, балки Бойқаро фарзандлари – шаҳзодаларга давлатчилик асосларини, Амир Темур ўгитлари ва анъаналарини ўргатиш, танбеҳ ва насиҳатлар орқали таъсир этиб туришни ўз бурчи деб билди.

Ҳусайн Бойқаро ўғиллари орасида тахт ва юрт талашиш ҳали оталари тириклигидаёқ бошланган эди. Улар баъзан Бойқарога бўйсунмай, мустақил ҳаракат қилишга интилардилар. Бу ҳол Алишер Навоийни қаттиқ ташвишга солади. Шунинг учун у ҳар бир шаҳзодага алоҳида мурожаат қилиб, ота измидан чиқмасликка даъват этади, мамлакат яхлитлиги учун жон куйдиради. Айниқса, шоир катта ўғил Бадиуззамон Мирзога умид боғлаб, анчайин аччиқроқ гапларни айтади: «Ота рози – худо рози, отага қарши исён – Худога қарши исён билан баробар». Менинг сўзларим оғир ботса ҳам айтаман, деб давом этади Навоий Бадиуззамонга ёзган бир мактубида, чунки насиҳатларим беғараз, ниятим эзгуликдир. «Ёшингиз узун бўлсун. Андоқ кам воқеъ бўлубдирким, бу қулнинг сўзин рад қилмиш ўлғайсиз. Эмди дағи бу қулнинг жони куйганда, ўзгаларнинг этаги куймас».

Ушбу мактуб таъсирида Бадиуззамон Мирзо отаси билан ярашиб, узр сўрайди ва бир урушнинг олди олинади. Бадиуззамонга юборилган бошқа бир мактубда эндигина Ироқ ва Курдистон ҳокимлигига тайинланган шаҳзодага давлат бошқарувининг дастури бўладиган ўттиз икки банддан иборат фикрларини баён этади. Мактуб, гарчи, насиҳат усулида ёзилган бўлса-да, унинг замирида талаб ва огоҳлантириш оҳанги ётади. Агар бу фикрларни умумлаштирсак, Навоий қуйидаги уч жиҳатга эътибор қаратганини кўрамиз:

– шоҳнинг ўзи шариат талабларига амал қилиши ва бошқалардан ҳам шуни қатъий талаб этиши лозим;

– раиятнинг аҳволидан доимо хабардор бўлиб туриш, адолат истаб келганларнинг арзини мунтазам равишда эшитиб, золимларни жазолаш, шоҳ ва фуқаро орасида ўзаро ишонч ва муҳаббатни қарор топтириш;

– девонда иш юритишни қатъий интизом асосида йўлга қўйиш, таъмагирлик, порахўрлик, сусткашликка йўл қўймаслик.

Навоий яна шуни таъкидлайдики, мамлакатнинг ҳалол, виждонли кишиларини, обрў-эътиборга эга уламолар, арбобларни қадрлаш ва уларга суяниш лозим.

Сиёсат адолат ва додхоҳлик асосига қурилгандагина давлат мустаҳкамланади. Мазлумлар ҳимоя қилинса, ёмонлар, талончи ва фирибгар-фитначилар жазоланса, бу бошқаларга ибрат бўлади. Улуғ шоир насиҳат қилиб ёзади: «Алассабоҳ ҳарамдан чиққач, девонда ўлтириб додхоҳ сўрулса, дағи додхоҳ сўрарда ўзлук била машғуллуқ қилинса, агар бир мазлумға бировдин зулме ўтган бўлса, золимға андоқ сиёсат қилсаким, ўзга золимларға мужиби интибоҳ бўлса».

Шундан сўнг подшо аркони давлат(амирлар, вазирлар)ни йиғиб, унда «мулк ва мол иши» муҳокама қилиниши керак. Навоий давлат ишида машварат, яъни кенгашиб иш қилишни қайта-қайта таъкидлайди. Кенгашларда нафақат «аркони давлат», балки нуфузли шахслар, донишманд ҳакимлар ҳам қатнашиши мумкин. Аммо ҳар бирининг ўз ўрни, ўз мавриди бор. Демак, давлат миқё¬сидаги муҳим ишларни аъёнлар, аркони давлат, биринчи нав¬батда, хайрихоҳ, покдил, ҳақгўй одамлар билан маслаҳатлашиб, кейин қарорлар қабул қилган маъқул. Албатта, давлат ишида таъжил (тез бажарилиши керак бўлган) ишлар ҳам бор. Бунда шоҳ ўзи қарор қабул қилиши шарт. Шунингдек, баъзи тадбирларни таваккал қилиб амалга оширишга тўғри келади, деб давом эттиради Навоий, аммо шунда ҳам энг яқин одамлар билан маслаҳатлашиш фойда беради.

Алишер Навоий «Муншаот»даги 57-мактубда бундай ёзади: «Аркони давлатқа ҳар ишким буюрулур, агар бутмаги бир кун муяссардур, агар икки ё уч кун. Андоқ муқаррар бўлсаким бот бутардек иш ҳамул кун арз қилиб жавоб олсалар. Кечрак бутур ишни тонгла (эртаси) ё индин ё миодидин (муддатидан) ўткармасалар…».

Яъни ҳар бир амру фармон белгиланган муддатда бажарилиши лозим. Бугунги ишни эртага қолдириш мумкин эмас. Агар ғофиллик ва сусткашлик оқибатида иш орқага суриладиган бўлса, бунинг сабабкорлари аниқланиб, қаттиқ жазоланиши керак. Айниқса, котиблар, нусха кўчирувчилар, муҳр босадиганларнинг ниҳоятда чаққон, пухтакор ва ҳалол бўлиши таъкидланади. Навоий дейдики, девон иши жуда инжиқ, аммо ниҳоятда зарур. Юборилаётган хатлар чиройли қилиб, дона-дона, аниқ иборалар билан ёзилсин, тавочи беклар (девон бошлиғи) ахлоқан пок бўлсин, парвоначи(хат ташувчи)лар чаққон ва мунтазам фаолият кўрсатсин.

Навоий давлатчилик қарашларини баён этар экан, икки жиҳатга эътибор беради: бири – шоҳ амру фармонларини маҳаллий амирлар, ҳокимларга етказиш, иккинчиси – қуйидан келадиган хат-хабарларни шоҳга етказиш. Ҳар икки томон ишида ҳам пайсалга солиш бўлмасин, дейди шоир. Баъзи амиру амалдорлар «мусулмонларнинг нишонин (ҳужжатини) ортиқ тамаъ бирла кечга қўймасалар, шаръий ва қавлий нишонни (шартномани) бир чорсў муҳри била ҳукм бўлғон кун-ўқ буткариб берсалар». Бундан кўринадики, Навоий ўз кузатишлари, амалий фаолиятида давлат бошқарувининг бу жиҳатларига ҳам чуқур аҳамият берган.

25.jpgСуйима ҒАНИЕВА,
филология фанлари доктори, профессор:

– Ҳазрат Навоийнинг давлатдорлик фаолиятида адолат ва қонуний жамиятга доир қарашлар алоҳида ажралиб туради. Шоир ўз «Хамса»сида шаҳзодалар – Бадиуззамон, Шоҳғариб Мирзо, Султон Увайсга алоҳида боблар бағишлар экан, уларга диний ва дунё¬вий билимлар, айниқса, тарих, илми нужум, тиббиёт, адабиёт бўйича асарларни кўпроқ ўқиш, ўзидан аввал ўтган шоҳларнинг қилган ишларидан сабоқ олишни таъкидлайди. Бадиуззамонга ёзган мактубида эса «Зафарнома»ни мутолаа қилиб, улуғ бобокалони Амир Темур фаолияти, давлатчилик тадбирлари устида мулоҳаза юритишга чақиради. Навоий таърифича, шоҳ ҳамма вақт огоҳ бўлиши керак:

Эрурсан шоҳ – агар огоҳсен сен,
Агар огоҳсен – шоҳсен сен.

Огоҳлик деганда жуда кенг маъно назарда тутилади: Худодан огоҳлик, охиратни ўйлаб, савоб ишларга қўл уриш, нафсни тийиш, раият ва лашкар аҳволидан хабардорлик ва ҳоказо. Умуман, Навоий тушунчаси бўйича, подшо – Худонинг танлаган одами, бу ҳар кимга ҳам насиб бўлмайди. Одил подшо эса бандаларга юборилган неъматдир. Шунинг учун ҳам подшо Худо олдида ва халқ олдида масъул.

Адолат ғояси Алишер Навоийнинг қарийб ҳамма асарларида турли йўсинда ифодаланган. Подшо учун «бир соатлик адолатли бўлиш олтмиш соатлик ибодатдан устун» деган Пайғамбар ҳадиси тез-тез такрорланиб келади. Яъни, бошлиғи адолатли бўлиши мамлакатга энг катта фазилат, энг улуғ савоб. «Подшо қандай бўлса, унинг аъёнлари ҳам шундайдир» деган ҳадиснинг маъноси шунга ишора. Аммо адолат аллақандай мавҳум тушунча эмас. Адолат қилиш, биринчи галда, ўртада туриб, ҳақ ва ноҳақни ажратиш, гуноҳкор, золимни жазолаш, мазлум одамни ҳимоя қилишдир. Шоҳ агар яхши-ёмонга бирдек муносабатда бўлса, бу одиллик эмас, балки золимнинг тарафини олишдир. Демак, адолат мамлакат осойишталиги, ижтимоий-сиёсий барқарорлик, давлат пойдорлигининг гаровидир.

Навоий «Онаи зол» (Кекса она) ҳикоясида қонун устуворлиги, қонун олдида барчанинг тенглиги, ҳатто шоҳлар ҳам шариатни ҳурмат қилиши кераклиги, уларнинг ўзлари ибрат кўрсатиб, қонунга паноҳ бўлишлари ғоясини илгари суради. Кекса она урушда ўлдирилган ягона ўғлининг хунини даъво қилиб, шоҳ ўозий – Ҳусайн Бойқаронинг олдига келади. Қози олдида даъвогар она шоҳ ўозийдан урушда ўлдирилган ўғли учун хун талаб қилади. Адолатли шоҳ ўозий фарзанд даъвосини қилаётган она олдига ҳам молини, ҳам ўз бошини қўйиб, ўғлинг қасоси учун хоҳласанг молни ол, хоҳласанг менинг бошимни ол, дея тиз чўкади. Шунда она подшонинг адолатидан ҳайратда қолиб, шоҳ оёғига ўзини ташлаб, ўғлим сенга қарши урушган бўлса, менинг жоним сенга қурбон бўлсин, дея ўз даъвосидан батамом воз кечади.

Адолатли сиёсат деганда, Навоий кўп ҳолларда нафси бузуқ, халқ молига кўз тиккан амир-вазирлар ва бошқа мансабдор шахс¬ларни назарда тутган. Чунки агар «аркони давлат» соғлом бўлмаса, давлат ишлари барорли бўлмайди. Золим амирлар, порахўр қози ва садрларни шоҳ жазолаб, мансабдан четлаштириши лозим. Шунда подшонинг обрў-эътибори ортади, амру фармони зудлик билан бажарилади.

Ростгўй одам қасддан ёлғон гапирмайди, бироқ каззоб, ёлғончи одамнинг табиати шундайки, у ёлғон гапирмай туролмайди. Шу боис, давлат хизматига энг ҳалол, ростгўй, садоқатли, муносиб одамлар тайинланиши лозим. Шу билан бирга, улар ишчан, омилкор бўлиши керак. Навоий шу талаблардан келиб чиқиб, бир неч¬та амалий тавсияларни баён этган:

– ҳар кишининг қобилиятига қараб иш бериш;
– бир вазифани икки кишига бермаслик (шунингдек, бир одамга икки вазифани юклаш ҳам ножоиз. Ҳар икки ҳолда ҳам масъулиятсизлик юзага келади ва иш бажарилмай қолади);
– мансабдор шахсларнинг ишини назорат қилиб туриш, нопоклиги, хиёнати сезилган ходимнинг баҳридан ўтиш;
– агар ходим туҳмат қурбони бўлган бўлса, ишини тафтиш қилиб, аниқлаб, авф этиш ва керакли жойда ундан фойдаланиш;
– итоат халқасидан бош чиқармоқчи бўлган маҳаллий ҳокимлар, амирларни хиёнаткор сифатида қаттиқ жазолаш.

Шоир гарчи тасаввуф ғоялари, эзгулик, раҳм-шафқат ҳақидаги фикрларни куйласа-да, аммо давлатчилик масалаларида Низомулмулк, Ғаззолий, Амир Темур томонидан ҳаётга татбиқ этилган «хавфу ражо» (қўрқиш ва умидворлик) тамойилини қўллаб-қувватлайди. Унинг адолат ҳақидаги фикр¬лари ҳам шу тамойилга мувофиқдир. Бунинг маъноси шуки, марказлашган давлат мустаҳкам ва хавфсиз бўлиши учун ҳар қандай айирмачилик, хиёнат ва зулм¬нинг олди олиниши шарт. Бунинг учун эса барча шоҳнинг ғазабидан қўрқиши лозим. Аммо шоҳ ёмонлик ва хиёнатни ўткир сиёсат билан бартараф этар экан, айни пайтда содиқ, вафодор хизматчилар, аъёнларга марҳамат кўрсатиши, уларни сарафроз этиб туриши керак. Бу принцип лашкар тузиш ишида ҳам қўлланилади. Подшога содиқ лашкар душман устидан ғалаба қилиши мумкин, лекин лашкарбошилар норози бўлса, исён кўтаради ва натижада душман ғалаба қилади. Навоий буни «Садди Искандарий» достонида Доро қўшинининг мағлубия¬ти мисолида кўрсатиб беради.

Алишер Навоийнинг одил шоҳ тимсоли, адолат ҳақидаги ғоялари кўп тадқиқотларда қараб чиқилган. Аммо назаримизда, бу мавзу давлат қурилиши, давлат ва жамият муносабатлари, давлат бошқаруви тажрибаси нуқтаи назаридан ҳали батафсил ўрганилиши лозим.

25.jpgҲалим БОБОЕВ,
юридик фанлар доктори, профессор:

– Навоий ижоди, аниқроғи, унинг сиёсий ва ҳуқуқий қарашларини ҳуқуқшунослар томонидан ўрганиш ўтган асрнинг 70-йилларидан бошланган. Шоирнинг ҳуқуқ, адолатли давлат ва жамият, маърифатпарвар шоҳ тўғрисидаги қарашлари айрим мақолалар, қисман илмий тадқиқотларда эълон қилинган. Аммо шўролар даврида Навоий каби мутафаккирларнинг ҳуқуқий қарашларини ўрганишга, улар ҳақида мулоҳаза, хулосалар қилишга асосан синфий нуқтаи назардан рухсат этиларди. Масалан, «Ҳусайн Бойқаро золим подшо, Навоий эса меҳнаткашларнинг шоири» ва ҳоказо.
Ваҳоланки, уларнинг ҳар иккиси ҳам бир мактабда таълим олган, ёшлигидан темурийлар империясини парчаланишдан, кичик-кичик хонликлар, бекликларга бўлиниб кетишдан сақлаб қолиш учун аҳдлашган темурийлардан эдилар. 1469 йилда Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтини қўлга киритгандан кейин Навоий Ҳиротга таклиф этилади ва аркони давлатда шоҳдан кейин иккинчи шахс – Амир (вазир) лавозимига кўтарилади.

Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида Самарқандда ўз замонининг таниқли ҳуқуқшунос олимларидан бўлган Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий Самарқандийнинг мадрасасида фиқҳ илмидан таълим олгани ҳақида ёзади. Бундан кўринадики, Навоий кўп йиллик давлат бошқаруви ва фиқҳ (ҳуқуқ)дан назарий ҳамда амалий билимга эга бўлиб, бу борадаги қарашлари давлат, қонунлар тўғрисидаги асарларида акс этган. Шоирнинг «Тарихи мулуки Ажам» асари ана шундай асарлардан биридир. Унда тўрт минг йил аввал қадимги Ажамда уруғчилик тузумининг емирилиши, давлатларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши ҳақида муҳим маълумотлар берилган.

Гап шундаки, ҳозирга қадар қадимги Турон давлатининг пайдо бўлиши ва ривожланиши ҳақида адабиётларда тафовутлар мавжуд бўлиб, ягона фикр йўқ. Қадимги Ажам давлати бундан тўрт-уч минг йил аввал Ўрта Осиё ҳудудида пайдо бўлган, унинг тепасида якка шахс – шоҳ турган. Бу давлатнинг ҳудуди жуда катта бўлиб, Турон, Хоразм ўлкалари унинг таркибига кирган. Аммо Ажам давлатининг бирлиги ҳамма вақт ҳам барқарор бўлмаган. Шоҳ ва шаҳзодалар ўртасидаги тож-тахт учун қонли тўқнашувлар, қарам бўлган халқларнинг озодлик учун олиб борган курашлари натижасида унинг чегараси ўзгариб турган. Ажам давлати ўз тараққиёти жараёнида бир неча босқичларни босиб, гоҳо турли тил ва урф-одатларга эга халқларни бирлаштирган, катта ҳудудда марказлашган империяга айланган бўлса, гоҳо парчаланиб, майда-майда давлатларга бўлиниб кетган эди.

Навоий асарда Ажам давлатига раҳбарлик қилган олтмиш беш шоҳга ва уларнинг олиб борган ички ва ташқи сиёсатига таъриф берар экан, бу давлат тўрт табақага: пешдодийлар, кайонийлар, ашконийлар, сосонийлар табақасига бўлинишини эътироф этади. Улар 4337 йилу 10 ой ҳукмронлик қилганлар, деб ҳисоблайди шоир. Навоий ўзининг бу фикр-мулоҳазаларини Эрон ва Турон давлатларининг тарихига оид манбалар: «Низомут-таворих», «Девонун-насаб», Муҳаммад Ғаззолийнинг «Насиҳатул-мулук», Табарий, Жалолий, Банокатий асарлари ва Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарларидаги маълумотларга асосланган ҳолда ёзади.

Мутафаккир тўрт сулолада ҳукмронлик қилган шоҳларни номма-ном эслаб, уларни адолатли, маърифатли ва адолатсиз шоҳларга бўлади. Энг муҳими, биз Навоий асарларида қадимги Турон давлати Тур исмлик шоҳнинг номидан келиб чиққанини кўрамиз. Бундан ташқари, Гуштаси шоҳлик қилган замонда зардўштлик дини давлат дини даражасига кўтарилгани, ана шу замонларда Самарқанд шаҳрининг деворлари қурилгани, Искандарнинг Эрон ва Туронга юришлари каби жуда муҳим маълумотлар берилганининг гувоҳи бўламиз.

Навоийнинг «Хамса», «Тарихи мулуки Ажам», «Тарихи мулуки анбиё ва ҳукамо», «Вақфия», «Маҳбуб ул-қулуб» ва бошқа асарларидаги давлатчилик таълимоти шуниси билан характерлики, биринчидан, унинг ўзи давлат арбоби бўлгани боис масалани яхши билган. Иккинчидан, у давлат ҳақида анъанавий диний назарияларни такрорламай, балки илмий асосда ўз қарашларини баён қилган. Учинчидан, уларни ўрганиш ҳозирги кун учун ҳам аҳамиятлидир.

25.jpgСултонмурод ОЛИМ,
адабиётшунос:

– Навоий замонасининг энг буюк ахлоқшуноси эди. Умри давомида шоир кўп замондошларига мактублар йўллаган. Кейинчалик уларнинг барини йиғиб, муаллифнинг ўзи «Муншаот» номли тўплам тузди. «Муншаот»га 88 та мактуб киритилган. Бироқ улар айнан кимга йўллангани айтилмайди. Мутахассислар номалар мазмунидан келиб чиқиб, унинг кимга жўнатилганини аниқлашга ҳаракат қиладилар. Хатларнинг бир қисми, аниқки, темурий мирзолар, жумладан, Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўғилларига битилган.

Ҳукмдорга ёзган мактубларининг аксариятида шоир панд-насиҳат айтишни канда қилмайди. Панд-насиҳатларнинг асосий йўналиши эса ҳукмдорни шариат қоидаларига, бугунги тушунчалар билан айтганда, қонунга амал қилишга қаратилган.

10-мактубда нома йўналтирилган киши амр ва наҳйга амал қилишга чақирилади. Амр Худонинг бандасига бажарилиши шарт бўлган буйруқларини англатади. Наҳй эса Аллоҳ тарафидан қилиш ман этилган ишлар. Навоий амрнинг энг асосийси сифатида адолатни ва наҳйнинг энг асосийси сифатида ароқхўрлик қилмасликни таъкидлайди: «Аммо бировниким, Тенгри таоло бир сурук бандалари устига ҳоким қилди – анга ҳеч амр итоати адлча бўлмас ва наҳйдин ижтиноб чоғир таркича бўлмас. Ва чоғирни «умм ул-хабойис» (яъни ярамасликлар онаси – С.О.) дебдурлар. Албатта, адолат ва ичмаслик ҳукмдор учун бош масала бўлиши керак. Чунки яхшиликнинг каттаси – адолат ва ёмонликларнинг аксари ичкилик орқасида рўй беради: «Жамъи ямонлиқ андин (яъни ичкилик орқасидан) мутаваллид бўлурким (туғиладики), борча яхшилиқ ва ямонлиқ бу икки нима (адл ва чоғир тарки) ва агар муяссар бўлмаса, улча мақдурлар (яъни имкони бор қадар), бу икки ишда кўшиш қилгайсиз».

Мазмунидан кўриниб турибдики, ана шу мисол келтирганимиз мактуб Ҳусайн Бойқарога битилган. 33-мактубда ҳам ичкиликни, лоақал, ёз ойлари бўлгани учун камайтириш илтимоси баён этиладики, мантиқ юзасидан бу ҳам Ҳусайн Бойқарога жўнатилган хат бўлиши керак. Чунки ичмаслик кераклиги ҳақидаги фикрдан олдин шоир подшоҳнинг унга давлат иши билан боғлиқ маслаҳатлар бўлса, бемалол айтишига рухсат берилганини эслатиб ўтади: «Ҳукм бўлуб эрдиким: «Хаёлингга келган давлатхоқона сўзунг бўлса, айт». Сўз будурким, ҳаво исиди, улча имкони бор, чоғир ичарда риоят вожибдур».

Давлатчилик тартиби ва унда қонунийлик масаласида «Муншаот»даги 55-мактуб алоҳида ажралиб туради. Ундаги бугунги давлатчилигимиз билан боғлиқ бир жиҳат, айниқса, диққатга сазовор. Бу бошқа мамлакатлардан келган савдогарлардан закот солиғи олиш масаласи. Навоий таъкидлайдики: «Закотни шаръ ва ҳукм йўсуни била закотчилар алардин мустахлас қилсалар. Закотчилар ишидан тавочи моҳ-бамоҳ, балки ҳафта-баҳафта вуқуф топиб, арзға еткурсалар. Жузвий жарима қилғанини куллий сиёсат қилилса, бок йўқдур, то бу овоза олам олам мамоликига ёйилса, тужжорнинг ружуъи кўпрак бўлса». Навоий четдан келган савдогарлардан солиқ олмаслик тарафдори. Чунки улар кўпроқ бу ерга келиб савдо қилишга интилсин. Агар закотчи кичик бир хатога йўл қўйса ҳам, унга катта жазо берилсин, токи бунинг овозаси бутун оламга ёйилсин-да, хорижий савдогарларнинг бу мамлакатга интилиши кўпаяверсин. Шу насиҳатларини ўқир экансиз, Навоийнинг буюк давлатшунос, улуғ иқтисодчи эканига ҳам ишонасиз. Давлат ва иқтисод ривожида эса назоратнинг, яъники қонунчиликнинг аҳамиятини ҳам у жуда тўғри кўрсатади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Алишер Навоий жамиятда шоҳнинг вазифалари ҳақида ўта аниқ тасаввурга эга бўлган. Ахир, ХV асрда гуллаб-яшнаган Ҳусайн Бойқаро давлатининг маънавий раҳнамоси бўлиш осон эмас эди. Биз атайлаб бевосита ҳукмдорларга – реал шахс¬ларга алоқадор тасвирларгагина тўхталдик. Алишер Навоий ижодида шаръий шоҳ талқинлари шулар билангина чекланмайди. Умид қиламизки, бундан буён навоийшуносликнинг янги-янги жаб¬ҳалари пайдо бўлади. Миллий бир давлат қураётган эканмиз, энди сиёсатшунослик ҳам Навоий ижоди билан шуғулланади. Чунки бобокалонимиз ўзбек миллий давлатчилигининг энг гуллаган даври вакили, аниқроғи, ана шу давлатчилик ривожига бевосита ва билвосита ҳисса қўшган зот эди.

25.jpgДилором САЛОҲИЙ,
филология фанлари доктори, профессор:

– Низомиддин Амир Алишер Навоий ўзининг «назираи-беназир» – тенги йўқ «Хамса»сида давлатчилик асослари, тараққиётга юз тутган жамият муаммолари, инсон ҳуқуқи масалаларига ҳам чуқур муносабат билдирган. Навоий «Хамса»нинг биринчи достони – «Ҳайрат ул-аброр»да жамият фаровон, ҳукумат адолатли, инсон бахтли бўлмоғи учун нималар лозим эканлиги хусусида фикр юритиб, йигирмата мақолот келтиради. Бу мақолотларда бахтли яшашни истаган инсон учун зарур бўлган фазилатлар ҳақида сўз юритилади. Давлатда адолат, жамиятда осойишталик барқарор бўлиши учун подшоҳ ҳатто ўз фарзандини ҳам қурбон қилмоққа тайёр бўлмоғи лозим. Бу фикрнинг муболаға эмаслигини тасдиқлаш учун шоир Хуросон подшоҳи Султон Ҳусайн Бойқаро ҳаётида юз берган тарихий бир воқеани мисол қилиб айтади.

Давлат мустаҳкамлиги ва жамият равнақининг яна бир асосий талаби – бу шаҳзодалар ва бўлғуси давлат арбоблари тарбиясига қаттиқ киришмоқдан иборатдир. «Муншаот»да Навоийнинг давлат ишларини юритиш соҳасидаги маслаҳат ва насиҳатлари акс этган мактублари ўрин олган. Шоир шаҳзодалар тарбиясида нималарга эътибор қилмоқ кераклигини аниқ таъкидлайди. У «Фарҳод ва Ширин» достонининг шаҳзода Шоҳғариб Мирзога бағишланган 53-фаслида шоҳ илмини чуқур ўрганмоғи лозимлиги, ҳақиқий илм эса шоир яшаган даврнинг етакчи мафкураси бўлмиш дин илми эканини уқтиради. Дин илмида асосийси, дейди шоир, фиқҳ, яъни ислом қонуншунослиги (юриспруденция), ҳадиси набавий – тўғри яшаш дастури ва тафсир – илоҳий китоб ҳикматларини англамоқдир.
Алишер Навоий «хавосу авом» – подшоҳу раият, барча синф ва тоифадагилар тарбияси борасида сўз юритган донишманд мутафаккир эди. Унинг қарашларига кўра, ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятида иқтисод ҳам, маънавият ҳам том маънодаги эркинлик асосида ривожланмоғи лозим. Бу соҳадаги ёт мафкура тазйиқини шоир катта фалокат деб билади.

Хуллас, буюк бобоколонимиз баҳри уммонидан ўзимиз истаган қайси соҳада бўлмасин, имкониятимиз даражасида дуру жавоҳирлар топмоғимиз мумкин. Чунончи, шоир «бутун юрт шоду хуррам бўлса-ю, орада битта ғамзада инсон бўлса ҳам, менга дунё қоронғудур», дея куюнчаклик билан хитоб қилиб турганда, қай тариқа унинг бебаҳо меросига лоқайд бўлмоқ мумкин:

То ғамдадур Навоий, даҳр анга тийрадур,
Шод англамас улусни биров бўлса қайғулиқ.

Худди шу сўзлар буюк шоир Навоийнинггина эмас, балки йирик сиёсатдон, давлат арбоби, вазири аъзам Низомиддин амир Алишернинг ғоявий йўриқномаси, асосий қонуни эди.

25.jpgНусратулло ЖЎМАХЎЖА,
филология фанлари доктори:

– Йигирма биринчи аср ёшларини ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, уларни маънавий камол топтиришда Навоийнинг миллий давлатчиликка оид қарашлари катта аҳамиятга эга. Зеро, бугунги ёшларимиз келажакда давлат хизматчилари, Ватаннинг чинакам ворислари бўлиб етишишлари шубҳасиз. Шунда Навоийнинг давлат ва жамият бошқаруви йўналишидаги ҳаётий-фалсафий фикрлари жуда асқотади.

Алишер Навоийнинг давлат ва жамият бошқарувига ижодий муносабати доимий долзарб ҳамда ўта ҳаётий муҳим муаммодир. Ушбу мавзу бугунги бозор иқтисодиёти шароитида, хусусан, янги асримизнинг ўтган саккиз йилида бирор ўринда тўлақонли ёритилмади. Аслида, миллий давлатчилик асосларини барпо этишнинг маънавий масалалари ҳамиша Алишер Навоийнинг диққат марказида турган.

Бизнинг ёшлик даврларимизда давлат ва жамият бошқарувига, мулкка муносабат батамом бошқача эди. Бу борадаги нуқтаи назар коммунистик мафкура асосига қурилган эди. Бугунги бозор иқтисодиёти тизимининг талаби эса бунга тамоман тескари. Бозор иқтисодиёти хусусий мулк тарафдори. Бу тизимда ҳар бир кишининг хусусий мулкка эга бўлишигина эмас, балки уни кўпайтириши, йирик мулкдорга айланиши қонун билан кафолатланган. Мулкдорлик ҳуқуқи жамиятнинг барча қатламлари, тоифа-ю табақа вакилларига берилган. Хусусий мулкдорликни рағбатлантириш, такомиллаштириш йўлга қўйилган.

Янги тизим қонуниятлари, ўз-ўзидан, жамиятда мулкдорлик руҳиятини шакллантиришни тақозо этади. Бозор иқтисодиёти тизими мулкдорлар жамияти тарафдори экан, бугунги замондошимиз, у қайси соҳа ва касб эгаси эканидан қатъи назар, мулкдорлар тоифасига мансуб бўлиши қонуний ҳолдир.

Мана шу ўринда Навоий сабоқларига зарурат сезилади. Яъни бозор иқтисодиёти тизимида шакл¬ланаётган фуқаролик жамияти маънавий баркамол инсонлардан таркиб топиши, бошқарувдаги давлат хизматчилари эса маънавий комил инсонлар бўлиши лозим. Навоийнинг бу борадаги қарашлари, айниқса, «Ҳайрат ул-аброр» достонининг учинчи мақолотида қиёмига етказиб ифодаланган.

Хўш, Навоий наздида мулку мамлакат эгаси ким? Унинг маънавий сифатлари оддий халқ вакиллари билан қандай нисбатда? «Шоҳнинг мунглуғ мушаввашлар била не нисбати?»

Айтиш жоизки, Навоийнинг бу борадаги фикрларини фақат шоҳгагина эмас, балки барча давлат хизматчиларига, мулкдорларга нисбатан татбиқ этиш мумкин. Албатта, мулкдорлар – жамиятнинг етакчилари. Аммо Навоийнинг фикрича, улар алоҳида ҳолатда кўпчиликнинг бири. Табиий салоҳиятларига кўра, улар бошқа жамият аъзолари билан тенг. Ҳатто, уларга насиб этмаган айрим фазилатлар бошқаларда бўлиши мумкин.

Алишер Навоийнинг давлат бошқаруви ходимларининг халқ олдидаги масъулияти масаласидаги қарашлари ҳам ҳозирги давлат ва ҳуқуқ нуқтаи назари билан якдил. Ушбу масала Асосий қонунимизда қуйидагича ечимини топган: «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар» (2-модда).

Бозор иқтисодиёти маънавияти ҳам навоиёна адолатли бошқарувни тақозо этади. Навоийнинг ўзи маърифатли мулкдор бўлган ва маърифатли мулкдорликни ёқлаган. Агар ёш тадбиркор маънан баркамол, кўзи тўқ, саховатли, олиҳиммат бўлмаса, нафси ундан ғолиб келади. Бойлик орттиришнинг эса чек-чегараси йўқ. Оқибатда, бундай мулк¬дорлик маънавий инқирозга олиб боради. Навоий эл шод, мамлакат обод бўлишининг асосий шартини қуйидаги асарида катта бадиий жасорат билан намойиш этган:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,
То зулму ситам жониға бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Демак, бўлғуси мулкдорларни маънавий камол топтириш учун уларнинг маънавий-руҳий оламидан ҳирсу ҳавас, нафсу ҳаво каби бузғунчи тамойилларни барҳам топтириш, зулму ситамнинг жон таслим этишига эришиш зарур экан. Шундагина, Навоий орзу этганидек, жамиятда маънавий баркамол мулкдорлар синфи шаклланади, эл шод, мамлакат обод бўлади.

25.jpgЭргаш ОЧИЛОВ,
адабиётшунос:

– Менимча, Навоий ижоди абадий барҳаётлигининг сири шундаки, у азалий ва абадий мавзуларни юксак маҳорат билан қаламга олган: муҳаббат ва вафо, дўстлик, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, мардлик, саховат, қаноат, адолат, олижаноблик, яхшилик каби инсоний фазилатларни улуғлаган бўлса, ёмонлик, зулм-зўрлик, ноҳақлик, эътиқодсизлик, бевафолик, дилозорлик, ҳасад, риё, кибр, ёлғон, тама, хасислик сингари иллатларни кескин танқид қилган. Инсоният жамияти мавжуд экан, бу ижобий ва салбий хусусиятлар у ёки бу даражада яшайди. Бинобарин, Навоий каби ҳассос шоирларнинг эзгуликни улуғлаш, ёвузликни қоралашга йўналтирилган асарлари ҳамма даврларда ҳам жамият манфаатларига бирдай хизмат қилаверади.

Инсон тарбияси, камолоти масалаларини ўзбек адабиётида ҳеч ким Навоийдек ҳадди аълосида куйламаган. Шоир орзу қилган комиллик йўли – бу, биринчи нав¬батда, етук одоб-ахлоқ соҳиби бўлиш, жами инсоний эзгу фазилатларни эгаллаш, замонасининг барча илму ҳунарларини ўзлаштириш, уларни бир-биридан ажратмаслик, нафақат маънавий, балки жисмоний жиҳатдан ҳам баркамолликка интилиш, ҳамиша элу юрт хизматига шай туриш, миллатнинг оғирини елкага олиш, Ватанга содиқ фарзанд бўлиш, бурч ва масъулият туйғусини ҳамма нарсадан баланд қўйишдир.
Шарқнинг барча улуғ сўз санъаткорлари ва мутафаккирлари каби комил инсон ғояси Алишер Навоий ижодининг ҳам шох томирини ташкил этади. Мустақил Ўзбекистон маънавий сиёсатининг асосида ҳам комил инсонларни тарбиялаб етиштириш ғояси ётади. Бу ҳақда Президент Ислом Каримов шундай деган эди: «… биз комил инсон тарбиясини давлат сиёсатининг устувор соҳаси, деб эълон қилганмиз. Комил инсон деганда биз, аввало, онги юксак, мустақил фикрлай оладиган, хулқ-атвори билан ўзгаларга ибрат бўладиган билимли, маърифатли кишиларни тушунамиз».

Демак, ҳар жиҳатдан етук, баркамол инсонларни тарбиялаб етиштириш мустақил Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилган ҳозирги даврда миллат қуёши Алишер Навоийнинг нафақат давлатчилик, балки комил инсон ҳақидаги қарашлари ўз аксини топган серқирра ижодини ўқиш ва ўрганиш ёшлар маънавиятини ўстириш, уларнинг мумтоз адабиёт тўғрисидаги қарашларини кенгайтиришга хизмат қилади, Навоий мезонидаги комил инсон қандай бўлиши кераклигини теран англашлари ва улуғ аждодларига муносиб ворислар бўлиб етишишлари учун илмий-маърифий жиҳатдан ёрдам беради.

Мухтасар айтадиган бўлсак, Навоий куйлаган адолатли давлат ғояси, буюк давлатчилик орзусининг қирралари шунчалик кўпки, уларни бирма-бир санаб чиқиш учун ҳам лофи билан алоҳида китоб ёзиш керак. Аслида шоирнинг биргина инсон тарбияси билан боғлиқ ўгит-насиҳатлари, фикр-мулоҳазалари, талаб-кўрсатмалари, орзу-истакларини бир ерга жамлаб, уларни тартиб билан жойлаштириб чиқса, инсоний камолотга эришиш йўллари кўрсатилган ўзига хос назмий дастур, қўлланма вужудга келади. Шу боис, биз кўтарган мавзуга олимларимиз, тадқиқотчиларимиз яна қайтадилар, деган умиддамиз.

Давра суҳбатини Матназар Элмуродов тайёрлади.

NAVOIY IJODIDA MILLIY
DAVLATCHILIK VA HUQUQ
Davra suhbati
08

0-143.jpgUlug‘ mutafakkir Mir Alisher Navoiyning buyukligi adabiyotimiz rivojidagi olamshumul xizmatlari bilangina belgilanmaydi. Navoiy badiiy ijodda qanchalik tengsiz bo‘lsa, ilmda, ijtimoiy-siyosiy hayotda ham shunchalik benazir edi. Mumtoz shoirning tilshunoslik, adabiyotshunoslik, tarix va tasavvufshunoslikka bag‘ishlangan asarlari hanuzgacha olimlar, navoiyshunos mutaxassislar tadqiqotlarida o‘rganilmoqda, targ‘ib va tashviq qilinmoqda.

Lekin shoir ijodining shunday bir qirrasi borki, bu – uning davlat arbobi, temuriylar saroyining dongdor vakili sifatida bildirgan ijtimoiy-falsafiy fikrlari bo‘lib, bu haqda hali biror o‘rinda teranroq fikr yuritilmagan. Davra suhbatida ishtirok etgan bir guruh adabiyotshunos va huquqshunos olimlar Navoiy dahosining mazkur jihatiga e’tibor qaratdilar.

25.jpgNajmiddin KOMILOV,
filologiya fanlari doktori, professor:

– Buyuk shoir va mutafakkir Alisher Navoiy asarlarida milliy davlatchiligimiz ma’rifatining butun bir konsepsiyasi o‘z ifodasini topgan. Ushbu konsepsiya, bir jihatdan, islomiy manbalarda ifodalangan adolat g‘oyalarini, ikkinchidan, qadimgi yunon faylasuflari va hazrat Forobiy qarashlarini, uchinchidan, tasavvufdagi shohu darvesh qiyosiga qurilgan fikr-mulohazalarni uyg‘unlashtirib, qamrab olgan. Ammo shunisi borki, Navoiy uzoq yillar Husayn Boyqaro saltanatida yuqori lavozimlarda ishlab, o‘zi ham siyosat va rayosatda, boshqaruv ishlarida obdon tajriba orttirdi, ko‘p hollarda zulm va bedodliklarning oldini olishga muyassar bo‘ldi. Navoiyning dono nasihatlari, amaliy tadbirlari tufayli Husayn Boyqaro podsholigida barqarorlik hukm surib, ilm-fan, madaniyat va adabiyot rivojlandi, obodonchilik yuzaga keldi. Bu hayotiy tajriba mutafakkir bobomizning davlat arbobi sifatidagi qarashlarida aks etgan.

Alisher Navoiy ona tilida ulug‘ adabiy asarlar yaratib, xalq¬ning ma’naviy olamini yuksaltirish barobarida temuriylar davlatining barqarorligi va davomiyligi uchun ham kurashib, bu ishda o‘zini mas’ul deb bildi. Shu bois, u nainki do‘sti Husayn Boyqaroga nasihat qilish, uni ogohlantirib turish, ulug‘ va ezgu ishlarga yo‘llash bilan cheklandi, balki Boyqaro farzandlari – shahzodalarga davlatchilik asoslarini, Amir Temur o‘gitlari va an’analarini o‘rgatish, tanbeh va nasihatlar orqali ta’sir etib turishni o‘z burchi deb bildi.

Husayn Boyqaro o‘g‘illari orasida taxt va yurt talashish hali otalari tirikligidayoq boshlangan edi. Ular ba’zan Boyqaroga bo‘ysunmay, mustaqil harakat qilishga intilardilar. Bu hol Alisher Navoiyni qattiq tashvishga soladi. Shuning uchun u har bir shahzodaga alohida murojaat qilib, ota izmidan chiqmaslikka da’vat etadi, mamlakat yaxlitligi uchun jon kuydiradi. Ayniqsa, shoir katta o‘g‘il Badiuzzamon Mirzoga umid bog‘lab, anchayin achchiqroq gaplarni aytadi: “Ota rozi – xudo rozi, otaga qarshi isyon – Xudoga qarshi isyon bilan barobar”. Mening so‘zlarim og‘ir botsa ham aytaman, deb davom etadi Navoiy Badiuzzamonga yozgan bir maktubida, chunki nasihatlarim beg‘araz, niyatim ezgulikdir. “Yoshingiz uzun bo‘lsun. Andoq kam voqe’ bo‘lubdirkim, bu qulning so‘zin rad qilmish o‘lg‘aysiz. Emdi dag‘i bu qulning joni kuyganda, o‘zgalarning etagi kuymas”.

Ushbu maktub ta’sirida Badiuzzamon Mirzo otasi bilan yarashib, uzr so‘raydi va bir urushning oldi olinadi. Badiuzzamonga yuborilgan boshqa bir maktubda endigina Iroq va Kurdiston hokimligiga tayinlangan shahzodaga davlat boshqaruvining dasturi bo‘ladigan o‘ttiz ikki banddan iborat fikrlarini bayon etadi. Maktub, garchi, nasihat usulida yozilgan bo‘lsa-da, uning zamirida talab va ogohlantirish ohangi yotadi. Agar bu fikrlarni umumlashtirsak, Navoiy quyidagi uch jihatga e’tibor qaratganini ko‘ramiz:

– shohning o‘zi shariat talablariga amal qilishi va boshqalardan ham shuni qat’iy talab etishi lozim;

– raiyatning ahvolidan doimo xabardor bo‘lib turish, adolat istab kelganlarning arzini muntazam ravishda eshitib, zolimlarni jazolash, shoh va fuqaro orasida o‘zaro ishonch va muhabbatni qaror toptirish;

– devonda ish yuritishni qat’iy intizom asosida yo‘lga qo‘yish, ta’magirlik, poraxo‘rlik, sustkashlikka yo‘l qo‘ymaslik.

Navoiy yana shuni ta’kidlaydiki, mamlakatning halol, vijdonli kishilarini, obro‘-e’tiborga ega ulamolar, arboblarni qadrlash va ularga suyanish lozim.

Siyosat adolat va dodxohlik asosiga qurilgandagina davlat mustahkamlanadi. Mazlumlar himoya qilinsa, yomonlar, talonchi va firibgar-fitnachilar jazolansa, bu boshqalarga ibrat bo‘ladi. Ulug‘ shoir nasihat qilib yozadi: “Alassaboh haramdan chiqqach, devonda o‘ltirib dodxoh so‘rulsa, dag‘i dodxoh so‘rarda o‘zluk bila mashg‘ulluq qilinsa, agar bir mazlumg‘a birovdin zulme o‘tgan bo‘lsa, zolimg‘a andoq siyosat qilsakim, o‘zga zolimlarg‘a mujibi intiboh bo‘lsa”.

Shundan so‘ng podsho arkoni davlat(amirlar, vazirlar)ni yig‘ib, unda “mulk va mol ishi” muhokama qilinishi kerak. Navoiy davlat ishida mashvarat, ya’ni kengashib ish qilishni qayta-qayta ta’kidlaydi. Kengashlarda nafaqat “arkoni davlat”, balki nufuzli shaxslar, donishmand hakimlar ham qatnashishi mumkin. Ammo har birining o‘z o‘rni, o‘z mavridi bor. Demak, davlat miqyo¬sidagi muhim ishlarni ayonlar, arkoni davlat, birinchi nav¬batda, xayrixoh, pokdil, haqgo‘y odamlar bilan maslahatlashib, keyin qarorlar qabul qilgan ma’qul. Albatta, davlat ishida ta’jil (tez bajarilishi kerak bo‘lgan) ishlar ham bor. Bunda shoh o‘zi qaror qabul qilishi shart. Shuningdek, ba’zi tadbirlarni tavakkal qilib amalga oshirishga to‘g‘ri keladi, deb davom ettiradi Navoiy, ammo shunda ham eng yaqin odamlar bilan maslahatlashish foyda beradi.

Alisher Navoiy “Munshaot”dagi 57-maktubda bunday yozadi: “Arkoni davlatqa har ishkim buyurulur, agar butmagi bir kun muyassardur, agar ikki yo uch kun. Andoq muqarrar bo‘lsakim bot butardek ish hamul kun arz qilib javob olsalar. Kechrak butur ishni tongla (ertasi) yo indin yo miodidin (muddatidan) o‘tkarmasalar…”.

Ya’ni har bir amru farmon belgilangan muddatda bajarilishi lozim. Bugungi ishni ertaga qoldirish mumkin emas. Agar g‘ofillik va sustkashlik oqibatida ish orqaga suriladigan bo‘lsa, buning sababkorlari aniqlanib, qattiq jazolanishi kerak. Ayniqsa, kotiblar, nusxa ko‘chiruvchilar, muhr bosadiganlarning nihoyatda chaqqon, puxtakor va halol bo‘lishi ta’kidlanadi. Navoiy deydiki, devon ishi juda injiq, ammo nihoyatda zarur. Yuborilayotgan xatlar chiroyli qilib, dona-dona, aniq iboralar bilan yozilsin, tavochi beklar (devon boshlig‘i) axloqan pok bo‘lsin, parvonachi(xat tashuvchi)lar chaqqon va muntazam faoliyat ko‘rsatsin.

Navoiy davlatchilik qarashlarini bayon etar ekan, ikki jihatga e’tibor beradi: biri – shoh amru farmonlarini mahalliy amirlar, hokimlarga yetkazish, ikkinchisi – quyidan keladigan xat-xabarlarni shohga yetkazish. Har ikki tomon ishida ham paysalga solish bo‘lmasin, deydi shoir. Ba’zi amiru amaldorlar “musulmonlarning nishonin (hujjatini) ortiq tama’ birla kechga qo‘ymasalar, shar’iy va qavliy nishonni (shartnomani) bir chorso‘ muhri bila hukm bo‘lg‘on kun-o‘q butkarib bersalar”. Bundan ko‘rinadiki, Navoiy o‘z kuzatishlari, amaliy faoliyatida davlat boshqaruvining bu jihatlariga ham chuqur ahamiyat bergan.

25.jpgSuyima G‘ANIYEVA,
filologiya fanlari doktori, professor:

– Hazrat Navoiyning davlatdorlik faoliyatida adolat va qonuniy jamiyatga doir qarashlar alohida ajralib turadi. Shoir o‘z “Xamsa”sida shahzodalar – Badiuzzamon, Shohg‘arib Mirzo, Sulton Uvaysga alohida boblar bag‘ishlar ekan, ularga diniy va dunyo¬viy bilimlar, ayniqsa, tarix, ilmi nujum, tibbiyot, adabiyot bo‘yicha asarlarni ko‘proq o‘qish, o‘zidan avval o‘tgan shohlarning qilgan ishlaridan saboq olishni ta’kidlaydi. Badiuzzamonga yozgan maktubida esa “Zafarnoma”ni mutolaa qilib, ulug‘ bobokaloni Amir Temur faoliyati, davlatchilik tadbirlari ustida mulohaza yuritishga chaqiradi. Navoiy ta’rificha, shoh hamma vaqt ogoh bo‘lishi kerak:

Erursan shoh – agar ogohsen sen,
Agar ogohsen – shohsen sen.

Ogohlik deganda juda keng ma’no nazarda tutiladi: Xudodan ogohlik, oxiratni o‘ylab, savob ishlarga qo‘l urish, nafsni ti¬yish, raiyat va lashkar ahvolidan xabardorlik va hokazo. Umuman, Navoiy tushunchasi bo‘yicha, podsho – Xudoning tanlagan odami, bu har kimga ham nasib bo‘lmaydi. Odil podsho esa bandalarga yuborilgan ne’matdir. Shuning uchun ham podsho Xudo oldida va xalq oldida mas’ul.

Adolat g‘oyasi Alisher Navoiyning qariyb hamma asarlarida turli yo‘sinda ifodalangan. Podsho uchun “bir soatlik adolatli bo‘lish oltmish soatlik ibodatdan ustun” degan Payg‘ambar hadisi tez-tez takrorlanib keladi. Ya’ni, boshlig‘i adolatli bo‘lishi mamlakatga eng katta fazilat, eng ulug‘ savob. “Podsho qanday bo‘lsa, uning ayonlari ham shundaydir” degan hadisning ma’nosi shunga ishora. Ammo adolat allaqanday mavhum tushuncha emas. Adolat qilish, birinchi galda, o‘rtada turib, haq va nohaqni ajratish, gunohkor, zolimni jazolash, mazlum odamni himoya qilishdir. Shoh agar yaxshi-yomonga birdek munosabatda bo‘lsa, bu odillik emas, balki zolimning tarafini olishdir. Demak, adolat mamlakat osoyishtaligi, ijtimoiy-siyosiy barqarorlik, davlat poydorligining garovidir.

Navoiy «Onai zol» (Keksa ona) hikoyasida qonun ustuvorligi, qonun oldida barchaning tengligi, hatto shohlar ham shariatni hurmat qilishi kerakligi, ularning o‘zlari ibrat ko‘rsatib, qonunga panoh bo‘lishlari g‘oyasini ilgari suradi. Keksa ona urushda o‘ldirilgan yagona o‘g‘lining xunini da’vo qilib, shoh o‘oziy – Husayn Boyqaroning oldiga keladi. Qozi oldida da’vogar ona shoh o‘oziydan urushda o‘ldirilgan o‘g‘li uchun xun talab qiladi. Adolatli shoh o‘oziy farzand da’vosini qilayotgan ona oldiga ham molini, ham o‘z boshini qo‘yib, o‘g‘ling qasosi uchun xohlasang molni ol, xohlasang mening boshimni ol, deya tiz cho‘kadi. Shunda ona podshoning adolatidan hayratda qolib, shoh oyog‘iga o‘zini tashlab, o‘g‘lim senga qarshi urushgan bo‘lsa, mening jonim senga qurbon bo‘lsin, deya o‘z da’vosidan batamom voz kechadi.

Adolatli siyosat deganda, Navoiy ko‘p hollarda nafsi buzuq, xalq moliga ko‘z tikkan amir-vazirlar va boshqa mansabdor shaxs¬larni nazarda tutgan. Chunki agar “arkoni davlat” sog‘lom bo‘lmasa, davlat ishlari barorli bo‘lmaydi. Zolim amirlar, poraxo‘r qozi va sadrlarni shoh jazolab, mansabdan chetlashtirishi lozim. Shunda podshoning obro‘-e’tibori ortadi, amru farmoni zudlik bilan bajariladi.

Rostgo‘y odam qasddan yolg‘on gapirmaydi, biroq kazzob, yolg‘onchi odamning tabiati shundayki, u yolg‘on gapirmay turolmaydi. Shu bois, davlat xizmatiga eng halol, rostgo‘y, sadoqatli, munosib odamlar tayinlanishi lozim. Shu bilan birga, ular ishchan, omilkor bo‘lishi kerak. Navoiy shu talablardan kelib chiqib, bir nech¬ta amaliy tavsiyalarni bayon etgan:

– har kishining qobiliyatiga qarab ish berish;
– bir vazifani ikki kishiga bermaslik (shuningdek, bir odamga ikki vazifani yuklash ham nojoiz. Har ikki holda ham mas’uliyatsizlik yuzaga keladi va ish bajarilmay qoladi);
– mansabdor shaxslarning ishini nazorat qilib turish, nopokligi, xiyonati sezilgan xodimning bahridan o‘tish;
– agar xodim tuhmat qurboni bo‘lgan bo‘lsa, ishini taftish qilib, aniqlab, avf etish va kerakli joyda undan foydalanish;
– itoat xalqasidan bosh chiqarmoqchi bo‘lgan mahalliy hokimlar, amirlarni xiyonatkor sifatida qattiq jazolash.

Shoir garchi tasavvuf g‘oyalari, ezgulik, rahm-shafqat haqidagi fikrlarni kuylasa-da, ammo davlatchilik masalalarida Nizomulmulk, o‘azzoliy, Amir Temur tomonidan hayotga tatbiq etilgan “xavfu rajo” (qo‘rqish va umidvorlik) tamoyilini qo‘llab-quvvatlaydi. Uning adolat haqidagi fikr¬lari ham shu tamoyilga muvofiqdir. Buning ma’nosi shuki, markazlashgan davlat mustahkam va xavfsiz bo‘lishi uchun har qanday ayirmachilik, xiyonat va zulm¬ning oldi olinishi shart. Buning uchun esa barcha shohning g‘azabidan qo‘rqishi lozim. Ammo shoh yomonlik va xiyonatni o‘tkir siyosat bilan bartaraf etar ekan, ayni payt¬da sodiq, vafodor xizmatchilar, ayonlarga marhamat ko‘rsatishi, ularni sarafroz etib turishi kerak. Bu prinsip lashkar tuzish ishida ham qo‘llaniladi. Podshoga sodiq lashkar dushman ustidan g‘alaba qilishi mumkin, lekin lashkarboshilar norozi bo‘lsa, isyon ko‘taradi va natijada dushman g‘alaba qiladi. Navoiy buni “Saddi Iskandariy” dostonida Doro qo‘shinining mag‘lubiya¬ti misolida ko‘rsatib beradi.

Alisher Navoiyning odil shoh timsoli, adolat haqidagi g‘oyalari ko‘p tadqiqotlarda qarab chiqilgan. Ammo nazarimizda, bu mavzu davlat qurilishi, davlat va jamiyat munosabatlari, davlat boshqaruvi tajribasi nuqtai nazaridan hali batafsil o‘rganilishi lozim.

25.jpgHalim BOBOYEV,
yuridik fanlar doktori, professor:

– Navoiy ijodi, aniqrog‘i, uning siyosiy va huquqiy qarashlarini huquqshunoslar tomonidan o‘rganish o‘tgan asrning 70-yillaridan boshlangan. Shoirning huquq, adolatli davlat va jamiyat, ma’rifatparvar shoh to‘g‘risidagi qarashlari ayrim maqolalar, qisman ilmiy tadqiqotlarda e’lon qilingan. Ammo sho‘rolar davrida Navoiy kabi mutafakkirlarning huquqiy qarashlarini o‘rganishga, ular haqida mulohaza, xulosalar qilishga asosan sinfiy nuqtai nazardan ruxsat etilardi. Masalan, «Husayn Boyqaro zolim podsho, Navoiy esa mehnatkashlarning shoiri» va hokazo.
Vaholanki, ularning har ikkisi ham bir maktabda ta’lim olgan, yoshligidan temuriylar imperiyasini parchalanishdan, kichik-kichik xonliklar, bekliklarga bo‘linib ketishdan saqlab qolish uchun ahdlashgan temuriylardan edilar. 1469 yilda Husayn Boyqaro Xuroson taxtini qo‘lga kiritgandan keyin Navoiy Hirotga taklif etiladi va arkoni davlatda shohdan keyin ikkinchi shaxs – Amir (vazir) lavozimiga ko‘tariladi.

Navoiy “Majolis un-nafois” asarida Samarqandda o‘z zamonining taniqli huquqshunos olimlaridan bo‘lgan Xoja Fazlulloh Abulaysiy Samarqandiyning madrasasida fiqh ilmidan ta’lim olgani haqida yozadi. Bundan ko‘rinadiki, Navoiy ko‘p yillik davlat boshqaruvi va fiqh (huquq)dan nazariy hamda amaliy bilimga ega bo‘lib, bu boradagi qarashlari davlat, qonunlar to‘g‘risidagi asarlarida aks etgan. Shoirning “Tarixi muluki Ajam” asari ana shunday asarlardan biridir. Unda to‘rt ming yil avval qadimgi Ajamda urug‘chilik tuzumining yemirilishi, davlatlarning paydo bo‘lishi va rivojlanishi haqida muhim ma’lumotlar berilgan.

Gap shundaki, hozirga qadar qadimgi Turon davlatining paydo bo‘lishi va rivojlanishi haqida adabiyotlarda tafovutlar mavjud bo‘lib, yagona fikr yo‘q. Qadimgi Ajam davlati bundan to‘rt-uch ming yil avval O‘rta Osiyo hududida paydo bo‘lgan, uning tepasida yakka shaxs – shoh turgan. Bu davlatning hududi juda katta bo‘lib, Turon, Xorazm o‘lkalari uning tarkibiga kirgan. Ammo Ajam davlatining birligi hamma vaqt ham barqaror bo‘lmagan. Shoh va shahzodalar o‘rtasidagi toj-taxt uchun qonli to‘qnashuvlar, qaram bo‘lgan xalq¬larning ozodlik uchun olib borgan kurashlari natijasida uning chegarasi o‘zgarib turgan. Ajam davlati o‘z taraqqiyoti jarayonida bir necha bos¬qichlarni bosib, goho turli til va urf-odatlarga ega xalqlarni birlashtirgan, katta hududda markazlashgan imperiyaga aylangan bo‘lsa, goho parchalanib, mayda-mayda davlatlarga bo‘linib ketgan edi.

Navoiy asarda Ajam davlatiga rahbarlik qilgan oltmish besh shohga va ularning olib borgan ichki va tashqi siyosatiga ta’rif berar ekan, bu davlat to‘rt tabaqaga: peshdodiylar, kayoniylar, ashkoniylar, sosoniylar tabaqasiga bo‘linishini e’tirof etadi. Ular 4337 yilu 10 oy hukmronlik qilganlar, deb hisoblaydi shoir. Navoiy o‘zining bu fikr-mulohazalarini Eron va Turon davlatlarining tarixiga oid manbalar: “Nizomut-tavorix”, “Devonun-nasab”, Muhammad o‘azzoliyning “Nasihatul-muluk”, Tabariy, Jaloliy, Banokatiy asarlari va Firdavsiyning “Shohnoma” asarlaridagi ma’lumotlarga asoslangan holda yozadi.

Mutafakkir to‘rt sulolada hukm¬ronlik qilgan shohlarni nomma-nom eslab, ularni adolatli, ma’rifatli va adolatsiz shohlarga bo‘ladi. Eng muhimi, biz Navoiy asarlarida qadimgi Turon davlati Tur ismlik shohning nomidan kelib chiqqanini ko‘ramiz. Bundan tashqari, Gushtasi shohlik qilgan zamonda zardo‘shtlik dini davlat dini darajasiga ko‘tarilgani, ana shu zamonlarda Samarqand shahrining devorlari qurilgani, Iskandarning Eron va Turonga yurishlari kabi juda muhim ma’lumotlar berilganining guvohi bo‘lamiz.

Navoiyning “Xamsa”, “Tarixi muluki Ajam”, “Tarixi muluki anbiyo va hukamo”, “Vaqfiya”, “Mahbub ul-qulub” va boshqa asarlaridagi davlatchilik ta’limoti shunisi bilan xarakterliki, birinchidan, uning o‘zi davlat arbobi bo‘lgani bois masalani yaxshi bilgan. Ikkinchidan, u davlat haqida an’anaviy diniy nazariyalarni takrorlamay, balki ilmiy asosda o‘z qarashlarini bayon qilgan. Uchinchidan, ularni o‘rganish hozirgi kun uchun ham ahamiyatlidir.

25.jpgSultonmurod OLIM,
adabiyotshunos:

– Navoiy zamonasining eng buyuk axloqshunosi edi. Umri davomida shoir ko‘p zamondoshlariga maktublar yo‘llagan. Keyinchalik ularning barini yig‘ib, muallifning o‘zi “Munshaot” nomli to‘plam tuzdi. “Munshaot”ga 88 ta maktub kiritilgan. Biroq ular aynan kimga yo‘llangani aytilmaydi. Mutaxassislar nomalar mazmunidan kelib chiqib, uning kimga jo‘natilganini aniqlashga harakat qiladilar. Xatlarning bir qismi, aniqki, temuriy mirzolar, jumladan, Husayn Boyqaro va uning o‘g‘illariga bitilgan.

Hukmdorga yozgan maktublarining aksariyatida shoir pand-nasihat aytishni kanda qilmaydi. Pand-nasihatlarning asosiy yo‘nalishi esa hukmdorni shariat qoidalariga, bugungi tushunchalar bilan aytganda, qonunga amal qilishga qaratilgan.

10-maktubda noma yo‘naltirilgan kishi amr va nahyga amal qilishga chaqiriladi. Amr Xudoning bandasiga bajarilishi shart bo‘lgan buyruqlarini anglatadi. Nahy esa Alloh tarafidan qilish man etilgan ishlar. Navoiy amrning eng asosiysi sifatida adolatni va nahyning eng asosiysi sifatida aroqxo‘rlik qilmaslikni ta’kidlaydi: “Ammo birovnikim, Tengri taolo bir suruk bandalari ustiga hokim qildi – anga hech amr itoati adlcha bo‘lmas va nahydin ijtinob chog‘ir tarkicha bo‘lmas. Va chog‘irni ”umm ul-xaboyis“ (ya’ni yaramasliklar onasi – S.O.) debdurlar. Albatta, adolat va ichmaslik hukmdor uchun bosh masala bo‘lishi kerak. Chunki yaxshilikning kattasi – adolat va yomonliklarning aksari ichkilik orqasida ro‘y beradi: ”Jam’i yamonliq andin (ya’ni ichkilik orqasidan) mutavallid bo‘lurkim (tug‘iladiki), borcha yaxshiliq va yamonliq bu ikki nima (adl va chog‘ir tarki) va agar muyassar bo‘lmasa, ulcha maqdurlar (ya’ni imkoni bor qadar), bu ikki ishda ko‘shish qilgaysiz».

Mazmunidan ko‘rinib turibdiki, ana shu misol keltirganimiz maktub Husayn Boyqaroga bitilgan. 33-maktubda ham ichkilikni, loaqal, yoz oylari bo‘lgani uchun kamaytirish iltimosi bayon etiladiki, mantiq yuzasidan bu ham Husayn Boyqaroga jo‘natilgan xat bo‘lishi kerak. Chunki ichmaslik kerakligi haqidagi fikrdan oldin shoir podshohning unga davlat ishi bilan bog‘liq maslahatlar bo‘lsa, bemalol aytishiga ruxsat berilganini eslatib o‘tadi: “Hukm bo‘lub erdikim: ”Xayolingga kelgan davlatxoqona so‘zung bo‘lsa, ayt“. So‘z budurkim, havo isidi, ulcha imkoni bor, chog‘ir icharda rioyat vojibdur”.

Davlatchilik tartibi va unda qonuniylik masalasida “Munshaot”dagi 55-maktub alohida ajralib turadi. Undagi bugungi davlatchiligimiz bilan bog‘liq bir jihat, ayniqsa, diqqatga sazovor. Bu boshqa mamlakatlardan kelgan savdogarlardan zakot solig‘i olish masalasi. Navoiy ta’kidlaydiki: “Zakotni shar’ va hukm yo‘suni bila zakotchilar alardin mustaxlas qilsalar. Zakotchilar ishidan tavochi moh-bamoh, balki hafta-bahafta vuquf topib, arzg‘a yetkursalar. Juzviy jarima qilg‘anini kulliy siyosat qililsa, bok yo‘qdur, to bu ovoza olam olam mamolikiga yoyilsa, tujjorning ruju’i ko‘prak bo‘lsa”. Navoiy chetdan kelgan savdogarlardan soliq olmaslik tarafdori. Chunki ular ko‘proq bu yerga kelib savdo qilishga intilsin. Agar zakotchi kichik bir xatoga yo‘l qo‘ysa ham, unga katta jazo berilsin, toki buning ovozasi butun olamga yoyilsin-da, xorijiy savdogarlarning bu mamlakatga intilishi ko‘payaversin. Shu nasihatlarini o‘qir ekansiz, Navoiyning buyuk davlatshunos, ulug‘ iqtisodchi ekaniga ham ishonasiz. Davlat va iqtisod rivojida esa nazoratning, ya’niki qonunchilikning ahamiyatini ham u juda to‘g‘ri ko‘rsatadi.

Yuqoridagilardan xulosa qilib aytish mumkinki, Alisher Navoiy jamiyatda shohning vazifalari haqida o‘ta aniq tasavvurga ega bo‘lgan. Axir, XV asrda gullab-yashnagan Husayn Boyqaro davlatining ma’naviy rahnamosi bo‘lish oson emas edi. Biz ataylab bevosita hukmdorlarga – real shaxs¬larga aloqador tasvirlargagina to‘xtaldik. Alisher Navoiy ijodida shar’iy shoh talqinlari shular bilangina cheklanmaydi. Umid qilamizki, bundan buyon navoiyshunoslikning yangi-yangi jab¬halari paydo bo‘ladi. Milliy bir davlat qurayotgan ekanmiz, endi siyosatshunoslik ham Navoiy ijodi bilan shug‘ullanadi. Chunki bobokalonimiz o‘zbek milliy davlatchiligining eng gullagan davri vakili, aniqrog‘i, ana shu davlatchilik rivojiga bevosita va bilvosita hissa qo‘shgan zot edi.

25.jpgDilorom SALOHIY,
filologiya fanlari doktori, professor:

– Nizomiddin Amir Alisher Navoiy o‘zining “nazirai-benazir” – tengi yo‘q “Xamsa”sida davlatchilik asoslari, taraqqiyotga yuz tutgan jamiyat muammolari, inson huquqi masalalariga ham chuqur munosabat bildirgan. Navoiy “Xamsa”ning birinchi dostoni – “Hayrat ul-abror”da jamiyat farovon, hukumat adolatli, inson baxtli bo‘lmog‘i uchun nimalar lozim ekanligi xususida fikr yuritib, yigirmata maqolot keltiradi. Bu maqolotlarda baxtli yashashni istagan inson uchun zarur bo‘lgan fazilatlar haqida so‘z yuritiladi. Davlatda adolat, jamiyatda osoyishtalik barqaror bo‘lishi uchun podshoh hatto o‘z farzandini ham qurbon qilmoqqa tayyor bo‘lmog‘i lozim. Bu fikrning mubolag‘a emasligini tasdiqlash uchun shoir Xuroson podshohi Sulton Husayn Boyqaro hayotida yuz bergan tarixiy bir voqeani misol qilib aytadi.

Davlat mustahkamligi va jamiyat ravnaqining yana bir asosiy talabi – bu shahzodalar va bo‘lg‘usi davlat arboblari tarbiyasiga qattiq kirishmoqdan iboratdir. “Munshaot”da Navoiyning davlat ishlarini yuritish sohasidagi maslahat va nasihatlari aks etgan maktublari o‘rin olgan. Shoir shahzodalar tarbiyasida nimalarga e’tibor qilmoq kerakligini aniq ta’kidlaydi. U “Farhod va Shirin” dostonining shahzoda Shohg‘arib Mirzoga bag‘ishlangan 53-faslida shoh ilmini chuqur o‘rganmog‘i lozimligi, haqiqiy ilm esa shoir yashagan davrning yetakchi mafkurasi bo‘lmish din ilmi ekanini uqtiradi. Din ilmida asosiysi, deydi shoir, fiqh, ya’ni islom qonunshunosligi (yurisprudensiya), hadisi nabaviy – to‘g‘ri yashash dasturi va tafsir – ilohiy kitob hikmatlarini anglamoqdir.
Alisher Navoiy “xavosu avom” – podshohu raiyat, barcha sinf va toifadagilar tarbiyasi borasida so‘z yuritgan donishmand mutafakkir edi. Uning qarashlariga ko‘ra, huquqiy davlat va erkin fuqarolik jamiyatida iqtisod ham, ma’naviyat ham tom ma’nodagi erkinlik asosida rivojlanmog‘i lozim. Bu sohadagi yot mafkura tazyiqini shoir katta falokat deb biladi.

Xullas, buyuk bobokolonimiz bahri ummonidan o‘zimiz istagan qaysi sohada bo‘lmasin, imkoniyatimiz darajasida duru javohirlar topmog‘imiz mumkin. Chunonchi, shoir “butun yurt shodu xurram bo‘lsa-yu, orada bitta g‘amzada inson bo‘lsa ham, menga dunyo qorong‘udur”, deya kuyunchaklik bilan xitob qilib turganda, qay tariqa uning bebaho merosiga loqayd bo‘lmoq mumkin:

To g‘amdadur Navoiy, dahr anga tiyradur,
Shod anglamas ulusni birov bo‘lsa qayg‘uliq.

Xuddi shu so‘zlar buyuk shoir Navoiyninggina emas, balki yirik siyosatdon, davlat arbobi, vaziri a’zam Nizomiddin amir Alisherning g‘oyaviy yo‘riqnomasi, asosiy qonuni edi.

25.jpgNusratullo JO‘MAXO‘JA,
filologiya fanlari doktori:

– Yigirma birinchi asr yoshlarini vatanparvarlik ruhida tarbiyalashda, ularni ma’naviy kamol toptirishda Navoiyning milliy davlatchilikka oid qarashlari katta ahamiyatga ega. Zero, bugungi yoshlarimiz kelajakda davlat xizmatchilari, Vatanning chinakam vorislari bo‘lib yetishishlari shubhasiz. Shunda Navoiyning davlat va jamiyat boshqaruvi yo‘nalishidagi hayotiy-falsafiy fikrlari juda asqotadi.

Alisher Navoiyning davlat va jamiyat boshqaruviga ijodiy munosabati doimiy dolzarb hamda o‘ta hayotiy muhim muammodir. Ushbu mavzu bugungi bozor iqtisodiyoti sharoitida, xususan, yangi asrimizning o‘tgan sakkiz yilida biror o‘rinda to‘laqonli yoritilmadi. Aslida, milliy davlatchilik asoslarini barpo etishning ma’naviy masalalari hamisha Alisher Navoiyning diqqat markazida turgan.

Bizning yoshlik davrlarimizda davlat va jamiyat boshqaruviga, mulkka munosabat batamom boshqacha edi. Bu boradagi nuqtai nazar kommunistik mafkura asosiga qurilgan edi. Bugungi bozor iqtisodiyoti tizimining talabi esa bunga tamoman teskari. Bozor iqtisodiyoti xususiy mulk tarafdori. Bu tizimda har bir kishining xususiy mulkka ega bo‘lishigina emas, balki uni ko‘paytirishi, yirik mulkdorga aylanishi qonun bilan kafolatlangan. Mulkdorlik huquqi jamiyatning barcha qatlamlari, toifa-yu tabaqa vakillariga berilgan. Xususiy mulkdorlikni rag‘batlantirish, takomillashtirish yo‘lga qo‘yilgan.

Yangi tizim qonuniyatlari, o‘z-o‘zidan, jamiyatda mulkdorlik ruhiyatini shakllantirishni taqozo etadi. Bozor iqtisodiyoti tizimi mulkdorlar jamiyati tarafdori ekan, bugungi zamondoshimiz, u qaysi soha va kasb egasi ekanidan qat’i nazar, mulkdorlar toifasiga mansub bo‘lishi qonuniy holdir.

Mana shu o‘rinda Navoiy saboqlariga zarurat seziladi. Ya’ni bozor iqtisodiyoti tizimida shakl¬lanayotgan fuqarolik jamiyati ma’naviy barkamol insonlardan tarkib topishi, boshqaruvdagi davlat xizmatchilari esa ma’naviy komil insonlar bo‘lishi lozim. Navoiyning bu boradagi qarashlari, ayniqsa, “Hayrat ul-abror” dostonining uchinchi maqolotida qiyomiga yetkazib ifodalangan.

Xo‘sh, Navoiy nazdida mulku mamlakat egasi kim? Uning ma’naviy sifatlari oddiy xalq vakillari bilan qanday nisbatda? “Shohning munglug‘ mushavvashlar bila ne nisbati?”

Aytish joizki, Navoiyning bu boradagi fikrlarini faqat shohgagina emas, balki barcha davlat xizmatchilariga, mulkdorlarga nisbatan tatbiq etish mumkin. Albatta, mulkdorlar – jamiyatning yetakchilari. Ammo Navoiyning fikricha, ular alohida holatda ko‘pchilikning biri. Tabiiy salohiyatlariga ko‘ra, ular boshqa jamiyat a’zolari bilan teng. Hatto, ularga nasib etmagan ayrim fazilatlar boshqalarda bo‘lishi mumkin.

Alisher Navoiyning davlat boshqaruvi xodimlarining xalq oldidagi mas’uliyati masalasidagi qarashlari ham hozirgi davlat va huquq nuqtai nazari bilan yakdil. Ushbu masala Asosiy qonunimizda quyidagicha yechimini topgan: “Davlat xalq irodasini ifoda etib, uning manfaatlariga xizmat qiladi. Davlat organlari va mansabdor shaxslar jamiyat va fuqarolar oldida mas’uldirlar” (2-modda).

Bozor iqtisodiyoti ma’naviyati ham navoiyona adolatli boshqaruvni taqozo etadi. Navoiyning o‘zi ma’rifatli mulkdor bo‘lgan va ma’rifatli mulkdorlikni yoqlagan. Agar yosh tadbirkor ma’nan barkamol, ko‘zi to‘q, saxovatli, olihimmat bo‘lmasa, nafsi undan g‘olib keladi. Boylik orttirishning esa chek-chegarasi yo‘q. Oqibatda, bunday mulk¬dorlik ma’naviy inqirozga olib boradi. Navoiy el shod, mamlakat obod bo‘lishining asosiy shartini quyidagi asarida katta badiiy jasorat bilan namoyish etgan:

To hirsu havas xirmani barbod o‘lmas,
To nafsu havo qasri baraftod o‘lmas,
To zulmu sitam jonig‘a bedod o‘lmas,
El shod o‘lmas, mamlakat obod o‘lmas.

Demak, bo‘lg‘usi mulkdorlarni ma’naviy kamol toptirish uchun ularning ma’naviy-ruhiy olamidan hirsu havas, nafsu havo kabi buzg‘unchi tamoyillarni barham toptirish, zulmu sitamning jon taslim etishiga erishish zarur ekan. Shundagina, Navoiy orzu etganidek, jamiyatda ma’naviy barkamol mulkdorlar sinfi shakllanadi, el shod, mamlakat obod bo‘ladi.

25.jpgErgash OCHILOV,
adabiyotshunos:

– Menimcha, Navoiy ijodi abadiy barhayotligining siri shundaki, u azaliy va abadiy mavzularni yuksak mahorat bilan qalamga olgan: muhabbat va vafo, do‘stlik, insonparvarlik, mehnatsevarlik, halollik, mardlik, saxovat, qanoat, adolat, olijanoblik, yaxshilik kabi insoniy fazilatlarni ulug‘lagan bo‘lsa, yomonlik, zulm-zo‘rlik, nohaqlik, e’tiqodsizlik, bevafolik, dilozorlik, hasad, riyo, kibr, yolg‘on, tama, xasislik singari illatlarni keskin tanqid qilgan. Insoniyat jamiyati mavjud ekan, bu ijobiy va salbiy xususiyatlar u yoki bu darajada yashaydi. Binobarin, Navoiy kabi hassos shoirlarning ezgulikni ulug‘lash, yovuzlikni qoralashga yo‘naltirilgan asarlari hamma davrlarda ham jamiyat manfaatlariga birday xizmat qilaveradi.

Inson tarbiyasi, kamoloti masalalarini o‘zbek adabiyotida hech kim Navoiydek haddi a’losida kuylamagan. Shoir orzu qilgan komillik yo‘li – bu, birinchi nav¬batda, yetuk odob-axloq sohibi bo‘lish, jami insoniy ezgu fazilatlarni egallash, zamonasining barcha ilmu hunarlarini o‘zlashtirish, ularni bir-biridan ajratmaslik, nafaqat ma’naviy, balki jismoniy jihatdan ham barkamollikka intilish, hamisha elu yurt xizmatiga shay turish, millatning og‘irini yelkaga olish, Vatanga sodiq farzand bo‘lish, burch va mas’uliyat tuyg‘usini hamma narsadan baland qo‘yishdir.
Sharqning barcha ulug‘ so‘z san’atkorlari va mutafakkirlari kabi komil inson g‘oyasi Alisher Navoiy ijodining ham shox tomirini tashkil etadi. Mustaqil O‘zbekiston ma’naviy siyosatining asosida ham komil insonlarni tarbiyalab yetishtirish g‘oyasi yotadi. Bu haqda Prezident Islom Karimov shunday degan edi: “… biz komil inson tarbiyasini davlat siyosatining ustuvor sohasi, deb e’lon qilganmiz. Komil inson deganda biz, avvalo, ongi yuksak, mustaqil fikrlay oladigan, xulq-atvori bilan o‘zgalarga ibrat bo‘ladigan bilimli, ma’rifatli kishilarni tushunamiz”.

Demak, har jihatdan yetuk, barkamol insonlarni tarbiyalab yetishtirish mustaqil O‘zbekistonda davlat siyosati darajasiga ko‘tarilgan hozirgi davrda millat quyoshi Alisher Navoiyning nafaqat davlatchilik, balki komil inson haqidagi qarashlari o‘z aksini topgan serqirra ijodini o‘qish va o‘rganish yoshlar ma’naviyatini o‘stirish, ularning mumtoz adabiyot to‘g‘risidagi qarashlarini kengaytirishga xizmat qiladi, Navoiy mezonidagi komil inson qanday bo‘lishi kerakligini teran anglashlari va ulug‘ ajdodlariga munosib vorislar bo‘lib yetishishlari uchun ilmiy-ma’rifiy jihatdan yordam beradi.

Muxtasar aytadigan bo‘lsak, Navoiy kuylagan adolatli davlat g‘oyasi, buyuk davlatchilik orzusining qirralari shunchalik ko‘pki, ularni birma-bir sanab chiqish uchun ham lofi bilan alohida kitob yozish kerak. Aslida shoirning birgina inson tarbiyasi bilan bog‘liq o‘git-nasihatlari, fikr-mulohazalari, talab-ko‘rsatmalari, orzu-istaklarini bir yerga jamlab, ularni tartib bilan joylashtirib chiqsa, insoniy kamolotga erishish yo‘llari ko‘rsatilgan o‘ziga xos nazmiy dastur, qo‘llanma vujudga keladi. Shu bois, biz ko‘targan mavzuga olimlarimiz, tadqiqotchilarimiz yana qaytadilar, degan umiddamiz.

Davra suhbatini Matnazar Elmurodov tayyorladi.

007

(Tashriflar: umumiy 6 416, bugungi 1)

Izoh qoldiring