Navoiy she’riyatida Muhammad payg’ambar (s.a.v.) siymosi.

888
Навоий шеъриятида Муҳаммад пайғамбар(сав) сиймоси шунчаки янги диннинг асосчиси ёки турли мўъжизаларга эга, ўзининг гўзал ахлоқи билан намуна бўла олган пайғамбар сифатигагина эмас, балки комиллик тимсоли бўлган Ҳазрати Инсон сифатида гавдаланади.

555

Олим Давлатов
НАВОИЙ ШЕЪРИЯТИДА МУҲАММАД ПАЙҒАМБАР (С.А.В.) СИЙМОСИ

Ҳазрат Навоий Шайх Аттор ёки Мавлоно Жалолиддин Румий каби шеър ёзишдан асосий мақсади “асрори илоҳий адоси ва маърифати номутаноҳий имлоси”[1] бўлмаса ҳам, эътиқоди ва дунёқараши асосини ислом дини ва тасаввуфий-ирфоний ғоялар ташкил этиши, унинг гуманизми айнан ана шу мангу ва барҳаёт ақидалар асосида шаклланганлиги ҳам инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Навоий шеъриятида Муҳаммад пайғамбар(сав) сиймоси шунчаки янги диннинг асосчиси ёки турли мўъжизаларга эга, ўзининг гўзал ахлоқи билан намуна бўла олган пайғамбар сифатигагина эмас, балки комиллик тимсоли бўлган Ҳазрати Инсон сифатида гавдаланади. Сўфийлар ақидасига мувофиқ, олам яралишида “нури муҳаммадий” ёки “ҳақиқати муҳаммадия” асос қилиб олинган. Улар бунга “Аввалу мо халақаллоҳу таоло кона нури”[2] (Аллоҳ таоло яратган илк нарса –менинг нуримдир) ҳадисини далил келтирадилар. Ғазал ва достонларида Навоий Муҳаммад пайғамбар (сав)ни барча одам ва оламдагилардан олдин яралган зот, дея талқин қилади:

Қидмат ичра барчадин бўлдунг муқаддамроқ, валек
Улки сендиндур муқаддамроқ,эрур ҳаййи қадим.
[3]

“Ҳайрат ул-аброр”даги биринчи наъти “Ул ҳазратнинг нури қидамиятидаким, зот баҳрининг аввалғи жунбушида ул дурри бебаҳо ламъаси хало риштасин узди ва ул гавҳари якто ашиъаси ламъа кўргузди ва дурждин дуржға интиқол этти то Сафиюллоҳдин Абдуллоҳға етти” деб номланади. Унда нури муҳаммадий азал чароғини ёритгани, оламда вужуд сифатини касб этган барча нарсалар шу нурнинг файзи туфайли бу мартабага етишгани, инсоният аслида унинг фарзандлари эканлигини турли далиллар билан исботлашга ҳаракат қилинган. Жумладан, Одам сўзи аслида “Аҳмад” сўзидаги уч ҳарфдан таркиб топганлиги, “Ҳо” (ﺡ) ҳарфи эса Аҳмади мурсалга берилган Илоҳий муҳаббат ва шу туфайли Ҳақ уни ўз Ҳабиби эканлигига башорат этганлиги қуйидагича назм силкига тортилган:

Ўзга далил истаса табъи сақим,
Басдурур Одамда “алиф”, “дол”у “мим”.
Борчаси Аҳмадда топиб иззу шон,
Ўғлида уч ҳарф атодин нишон.
“Ҳо”и муҳаббат санга-ўқдур насиб,
Ким сени Ҳақ деди ўзига ҳабиб.
[4]

Қуръони каримга мувофиқ, оламдаги барча мавжудотлар Аллоҳ таолонинг “Кун!” (Бўл!) амридан сўнг йўқлик оламидан пайдо бўлганлар. Ҳақиқати муҳаммадия ана шу амрнинг асоси– моҳиятидир:

Муҳаммад кофу нунға қурратулъайн,
Туфайли кавн ўлуб, йўқ-йўқки кавнайн.
[5]

Бунга сабаб, Аллоҳ таолонинг ушбу оламни яратишдан мақсад Муҳаммад пайғамбар эди. Мавлоно Жалолиддин Румий “Маснавийи маънавий”сида “Лав лока ламо халақтул-афлок” (Сен бўлмаганингда оламни яратмасдим) қудсий ҳадисининг шарҳида мулоҳаза юритишича, Муҳаммад пайғамбарнинг олам яратилгандан анча кейин туғилгани билан оламдаги барча мавжудотлар ва ҳатто оламнинг ўзидан ҳам муқаддамроқ эканлиги мева ва дарахт таноқузи (парадокс) кабидир. Инсон мевали дарахт экаётганда уни келажакда берадиган меваси учун парвариш қилади. Агар ўша келажакда берилиши керак бўлган меваси бўлмаганида, бу ниҳол ўтиндан бошқа ҳеч нарсага ярамайди. Шунингдек, мевали дарахтнинг бошқа дарахтлардан афзаллиги ҳам ана шу меванинг моҳияти унда мавжудлиги, мева бериш қобилияти борлиги, қолаверса, мева унинг

кўкаришига сабаб бўлган данакнинг асоси эканлигидадир[6].Муҳаммад пайғамбар ҳам олам яралишида данакнинг мағзи ролини ўйнаган нур сифатида барчадан бурун бор эди:

Нури мавжуд офаринишдин бурун,
Ким эди халқиға муддат олти кун…
Нур йўқким, Ҳақ таоло сояси,
Ложарам ўтти қуёштин пояси.
[7]

Одатда, шоҳни Ҳақ таолонинг ердаги сояси –“зилли Илоҳ” дейдилар. Навоий ўз шеърларида пайғамбарни “шоҳ” , дея васф этади. Аммо унинг шоҳлиги одатдаги подшоликдан фарқ қилади. Унинг тобелигида фақат мусулмонлар эмас, балки барча мавжудот унинг раъйига бош қўйганлар. У фақат ўз замондошлари ва қаламравида ҳукмрон эмас – унинг дини байроғи остида барча пайғамбарлар саф тортажаклар. Бадеуззамон Фурузонфар “Аҳодиси Маснавий” китобида шу маънида пайғамбаримиздан қуйидаги ҳадисни келтиради: “Мо мин набиййин Одама ва мо сивоҳу илло таҳта ливойи” (Одам(а) ва ундан бошқа барча набийлар менинг байроғим остида саф тортажаклар)[8]. Шунга асосланган ҳолда Навоий ибтидоси йўқ азалдан интиҳоси йўқ абадгача шоҳликни пайғамбаримизга мусаллам, деб билади. Агар Искандар Зулқарнайн каби жаҳонгирлар ўз қиличи ва тадбири билан бошқа шоҳлар салтанатини бекор қилиб, бутун оламга бир муддат ўзининг сиёсатини жорий қилишган бўлса, хотамуланбиё ўзигача бўлган барча шариатларни насх – бекор қилиб, қиёматгача Аллоҳ таоло томонидан юборилган янги динни мўминлар қалбида мустаҳкам ўрнатишга эришди. Демак, унинг шоҳлиги инсониятнинг руҳий оламида, уларнинг қалбида шаҳодат калимаси ўрнашгани билан тасдиқланади:

Фалакка бу бахшиш қилурға не ҳад,
Сени Ҳақ шаҳ этмиш азал то абад.
Гувоҳ ўлди тожи футувват мунга
Далил ўлди муҳри нубувват мунга
[9].

Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлиги ҳам азалий ҳодиса. Унга ваҳий қирқ ёшидан бошлаб келганига қарамасдан, пайғамбарлик рутбаси ҳали Одам Сафияллоҳ яралишидан анча олдин насиб этган. Ибн ал-Арабий таъбири билан айтганда, бу зот “Замон нуқтаи назаридан барча анбиёдан кейин туғилганига қарамасдан, барча салаф пайғамбарлар унинг нубувват мушкотидан баҳраманд бўлганлар”.[10] Шу сабабдан, барча пайғамбарлар ўз умматларини аслида унинг динига даъват этганлар. Бас, Одам Сафияллоҳ ва ундан кейинги барча инсоният унинг фарзандлари ҳисобланади, деган хулоса чиқади. Сўфийлар бу ақидани асослашда Пайғамбаримизга нисбат бериладиган “Кунту набийян ва Одама байнал-мои ват-тийн”(Ҳали Одам сув ва тупроғи қоришмаганида мен пайғамбар эдим) ёки “Кунту набийян ва Одама байнар-руҳи вал-жасад” (Мен пайғамбар бўлган замонларда Одам руҳ ва жасад ўртасида эди, яъни ҳали яралмаган эди) ҳадисига таянадилар[11]. Буни Навоий ҳазратлари ўз достонлари ва ғазалларида турли ранг ва оҳангда баён этганлар. Жумладан:

Зиҳи тақаддумунг Одамға бас ҳадиси саҳиҳ,
Бу нукта “кунту набийян” ишоратида сариҳ
[12]. (Б-в., 78-бет)

Ёки “Садди Искандарий” достонида Булбашар, яъни Одам Атони пайғамбаримизнинг фарзанди эканлиги баёнида бу ота ва фарзандлик муносабати унинг асл моҳияти, яъни “ҳақиқати муҳаммадия” туфайли содир бўлганини қайд қилиб ўтади:

Бу сабқатки, зотингға берди аҳад,
Санга Булбашар тонг йўқ ўлмоқ валад…
Ажаб йўқ, сен ўлмоқ ато, ул сабий,
Бу маъниғадур долл “Кунтун-набий”
[13] (С-И., 21-бет)

Моҳият нуқтаи назаридан барча инсоният, демак, барча пайғамбарларнинг салафи ва отаси бўлган хотамуланбиё учун бошқа пайғамбарлар томонидан одамларни Ҳақ йўлига ҳидоят қилиш учун кўрсатган мўъжизалари ҳам қайсидир маънода унинг камолоти ва тенгсиз салоҳиятини кўрсатувчи амаллар ҳисобланади. Қолаверса, бу зотнинг шахсияти ва даҳоси бошқа пайғамбарлардан бир бош баланд туради. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таъкидлаганидек, “бошқа пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган ҳодисалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин бу нарсалар такрорланавериб оддий бир ҳолатга айланиб қолганидан катта шов-шув қилинмасди”.[14] Навоий ҳам ўз шеърларида қатор жойларда Муҳаммад алайҳиссаломни бошқа пайғамбарлар билан қиёслайди ва унинг нубувват хайлида ҳам мислсиз эканлигини исботлайди. Жумладан, ўзининг гўзал қиёфаси билан машҳур бўлган Юсуф (а) пайғамбар ҳақида “Қисас ул-анбиё”да ушбу ҳадис келтирилган: “Одам (а)нинг ҳуснини иккига бўлдилар: ярмини Юсуфга бердилар, қолган ярмини эса олам халқига улашдилар”[15] Аммо шундай мислсиз гўзаллик соҳиби бўлган Юсуф ҳам малоҳатда Муҳаммад алайҳиссаломга тенг келолмайди. Чунки унинг гўзаллиги ҳам Одам алайҳиссаломга жаннатда бўлганида Аллоҳ таоло томонида берилган ҳусннинг даврлар оша зоҳир бўлган бир кўриниши, холос:

Юсуф эрмас чун малоҳатда жамолингға шабиҳ,
Ҳуснунгга ани малиҳ ўлмағай этсам ташбиҳ.
Одам асрорининг ижмолини қилди тафсил,
Мундин эркинки дединг ал-валаду сирри абиҳ.
[16] (Н-н.,460-бет)

“Ал-валаду сирру абиҳ” ибораси ҳам пайғамбаримиз ҳадисларидан бўлиб, бу ҳадисни келтириш орқали Навоий Юсуф (а) ҳусни Одам Ато ҳуснининг “тафсили” эканлигига урғу бериш билан бирга, Одам ҳам аслида ўз отаси – Муҳаммад алайҳиссаломга ўхшаш эканлигига нозик ишора қилиб ўтади. Биринчи байтда Юсуфнинг ҳусни малоҳат бобида хотамуланбиё жамолига тенглашмаслиги ҳақида сўз юритилади. Ушбу қиёс ҳам саҳиҳ ҳадис негизида шаклланган. Хабарда келтирилишича, бир куни Ойиша онамиз (раз) расулуллоҳдан сўрайдиларким, ҳусн бобида ким гўзалроқ– у кишими ё Юсуф алайҳиссаломми? Пайғамбаримиз жавоб берадиларким: Биродарим Юсуф мендан гўзалроқдир, аммо мен у кишидан малоҳатлироқман. Зероки у кишининг ҳусни оламга фитна солди, аммо мен барча оламдагиларга раҳмат қилиб юборилганман. Шу маънони Навоий бошқа бир ғазалда қуйидагича назмга солган:

Эйки Юсуф бирла сўрмишсен ҳабибим ҳуснидин,
Ул сабиҳ ўлди латофат ичра, аммо бу малиҳ
[17].

“Саҳиҳи Бухорий”нинг “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари хусусида”ги бобида хотамуланбиёнинг сиймолари тўғрисида қуйидаги ҳадис мавжуд: Абу Исҳоқ: “Бародан: “Расулуллоҳ (сав)нинг юзлари қилич каби (жилвали, порлоқ) эрдими?”–деб сўрашди. Шунда Баро: “Йўқ, балки ой (қамар) монанд эрди,”–деб жавоб бердилар,”–дейдилар[18] Мумтоз Шарқ шеъриятида гўзал ёрни ойга нисбат бериш сабабларининг бири ҳам ушбу ҳадиснинг маъноси бўлса, ажабмас. Навоий қуйидаги байтда Муҳаммад алайҳиссаломнинг Қуръонда “Нажм” (юлдуз) сифати билан келтирганлигини ҳисобга олган ҳолда, салаф пайғамбарлар ҳамда хотамуланбиёнинг Илоҳий Саодатга эришиш бобида қиёслашда юлдуз ва ой таносубидан маҳорат билан фойдаланган. Агар бошқа набийларнинг толеъ осмонида бахт юлдузи порлаган бўлса, хотамуланбиёнинг ўзлари барча пайғамбарлар ва умуман башарият оламининг бахт-саодат юлдузи ҳисобланадилар. Қолаверса, нужум илмида толенинг саъд ё наҳс келишини аниқлаш ойнинг қайси осмоний буржда қарор топганига боғлиқ:

Нубувват авжида кўп толеъ ўлди ахтари саъд,
Бири сен ойдек эмас эрди ахтари масъуд
[19](Б-в., 88-бет)

Ислом тарихидан маълумки, чеҳраси илоҳий файз тажаллийсидан ойдек порлаб турган сўнгги пайғамбарнинг шариатини Макка мушриклари қабул этмасдан, ундан мўъжиза талаб қиладилар. “…Шунда ул зот ойни иккига бўлиб кўрсатдилар, ҳатто одамлар Ҳироъ тоғини ойнинг икки бўлаги орасида кўришди”[20]. Ушбу ҳодисани Навоий қитъалардан бирида ўзига хос маҳорат билан тасвирлаган. Навоий талқини бўйича, мазкур амал Аллоҳнинг инояти билан шунча осонлик билан амалга ошдики, ҳатто меҳмонсиз овқатланмайдиган Иброҳим Халилуллоҳ дастурхонида нонни ушатиш бунчалик осонлик билан муяссар бўлган эмас:

Муҳаммади арабий бармоғи ишорат ила
Сипеҳр хонида ой қурси ул сифат осон
Ики ойирдики, бир нонни хони ичра Халил
Анингдек икки ушатмоқ эмастурур осон
[21].

Исо алайҳиссалом ва Муҳаммад Мустафо (сав)нинг ўхшаш томонларидан бири – иккалаларига ҳам Сўз эъжози насиб этган. Исо алайҳиссалом ўз нафаси билан ўликларга жон киргизгани ҳамда дардмандларга шифо бергани тўғрисида диний адабиётларда қатор қисса ва ривоятлар мавжуд. Муҳаммад пайғамбарга эса бутун олам асрорини ўзида мужассам этган Сўз – Қуръони карим берилган. Агар Исо Масиҳнинг мўъжизаси жисмлар оламига оид бўлса, хотамуланбиёнинг мўъжизаси абадий барҳаёт руҳоният оламига тегишлидир; Исодан шифо топганлар ёки у туфайли қайта тирилганлар эртами-кеч фоний дунёни тарк этишга маҳкумдирлар. Нариги оламда бу мўъжизавий кўмак ҳеч нарсага ярамайди, аммо Муҳаммад алайҳиссалом келтирган Сўздан баҳраманд бўлган жонлар икки дунё саодатига эришиши муқаррар:

Берур ул бир ўлукка жон сўзидин,
Тан аро киргузур равон сўзидин.
Муни дерлар: “Муҳаммади арабий”
Ул бирининг “Масиҳ” эрур лақаби
[22].

Навоий Исо Масиҳ мўъжизалари тўғрисида ҳам “ҳақиқати муҳаммадия” таълимотига мувофиқ мулоҳаза юритади. Унинг фикри бўйича, Исо Масиҳнинг ўликни тирилтирувчи мўъжизаси ҳам Юсуфнинг ҳусни каби хотамуланбиёнинг “нубувват мушкоти”дан баҳраманд бўлгани туфайлидир. Бу ақида расмий калом илми намояндалари томонидан унчалик мақбул кўринмаса ҳам, сўфийлар ҳалқаси, айниқса, ваҳдат ул-вужуд назарияси тарафдорлари ичида кенг тарғиб қилинарди:

Гар такаллумдин ўлукни тиргузурлар хўблар,
Барчасиға маҳвашим гўё қилур талқин ҳадис
[23].

Шу ўринда шуни ҳам қайд қилиб ўтиш керакки, ваҳдат ул-вужуд назариясининг асосчиси Муҳйиддин Ибн ал-Арабий барча оламдагилардан олдин вужудга келган Муҳаммад билан ислом шариатини жорий қилган Муҳаммад пайғамбар ўртасида фарқ қўяди. Унинг ақидаси бўйича, “ҳақиқати муҳаммадия” илоҳий асрорнинг бироз конкретлашган кўриниши, Муҳаммад эса шу ҳақиқатнинг моддий оламдаги ифодаси, холос. Аммо Навоий ўз шеърларида тавсифлаган Муҳаммад қандайдир мавҳум, умумий тушунча эмас, балки у:

Қураший асл, Абтаҳий маҳмил,
Ҳошимий кеш, Ясрибий манзил
[24].

Етимликда ўсиб-улғайиб, бир муддат савдогарлик билан шуғулланиб, тижорат аҳлининг ишонч ва ҳурматига сазовор бўлган, одамийликнинг олий намунаси ҳисобланмиш энг гўзал фазилатларнинг соҳиби, Аллоҳнинг сифатлари билан зийнатланган инсон:

Деб лақабин аҳли тажаммул Амин,
Андин ўлуб ҳамдами Руҳул-амин
[25].

Пайғамбаримиз (сав)дан ривоят қилинадиган ҳар бир ҳадис у кишининг “камол аҳли ичра энг акмали” эканлигига гувоҳлик беради. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Умар (раз)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (сав) ўзлари ҳам шалоқ сўзларни сўзламас, ўзгаларни ҳам шалоқ сўзламоғига йўл қўймас эрдилар ва ул зот “Дарҳақиқат, сизларнинг яхшингиз–хулқи яхшингиздур!”– деб марҳамат қилар эрдилар”[26]. Ўзи ҳам гўзал ахлоқ соҳиби бўлган шоирни ўз дини билан бирга гўзал ахлоқни ҳам тарғиб қилган ва шунга оғишмай амал қилган пайғамбаримиз даҳосининг бу қирраси ҳам мафтун этганди, албатта. Жумладан, ғазалларнинг бирида шундай деб ёзади:

Зиҳи азалда карам айлабон санга халлоқ,
Карими хилқат ичинда макорими ахлоқ
[27].

Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида қайд қилмоқчимиз: ислом дини заминида шаклланган барча таълимотлар (албатта, динни ўзининг ғаразли ниятларини рўёбга чиқариш учун нотўғри талқин қиладиган айрим бузғунчи тоифалар бундан мустасно) Муҳаммад пайғамбарни камолотнинг тимсоли ва комил инсоннинг юксак намунаси дея эътироф этадилар. Аллоҳ таоло ҳам барча мавжудотдан аввал Комил Инсон – Муҳаммад Мустафонинг нурини яратган экан, демак, камолотга интилиш, ҳайвоний хислатлардан покланиб, макорими ахлоқ – гўзал хислатлар билан зийнатланиш ва хотамуланбиё каби тўғри сўз, эзгу амал ва пок ният билан яшаш ҳар бир инсоннинг бу дунёдаги энг олий мақсади бўлмоғи зарур. Навоийнинг Муҳаммад пайғамбар сиймосини ўз шеърларида яратиши ҳам ана шу олий мақсад ва улуғ ғоя сари одамларни чорлашнинг бир ифодасидир.

“Сунани Термизий”да Аббос ибн Абдулмуталлибдан ривоят қилинган ҳадисда келтирилишича, кунлардан бир куни бир гуруҳ саҳобалар пайғамбарни кутиб ўтирардилар. Ул зот чиқиб, уларга яқинлашганларида, уларнинг Иброҳим Халилуллоҳ. Мусо Нажиюллоҳ, Исо Руҳуллоҳ, Одам Сафияллоҳ каби пайғамбарларни ўзаро эслашиб сифатлаётганларини эшитиб қоладилар. Салом бериб уларнинг суҳбатларига қўшилган пайғамбар уларнинг сўзларини тасдиқлаб, илова қиладилар: “Огоҳ бўлингким, мен Аллоҳнинг Ҳабибиман ва бунда ҳеч қандай (ортиқча) фахрланиш йўқ. Мен қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчи ҳамда биринчи шафоат сўровчиман ва бунда ҳеч қандай (ортиқча) фахрланиш йўқ. Мен қиёмат куни биринчи шафоат қилинувчиман ва бунда ҳеч қандай (ортиқча) фахрланиш йўқ. Мен жаннат ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ уни (айнан) мен учун очар ҳамда мени ва менинг умматимнинг фақирларини унга киргизар. Мен аввалгилар ва охиргиларнинг энг мукаррамиман ва бунда ҳеч қандай (ортиқча) фахрланиш йўқ.”[28] Ушбу ҳадисдаги пайғамбаримиз шаънида айтилган сўзлар юқорида айтилган ҳадисларнинг хулосаси ва қаймоғидир.Шундай улуғ пайғамбарнинг уммати бўлган Навоийнинг:

Улусни тутти Навоий сўзи анинг бирла
Магар расули алайҳиссалом қилди ҳадис.
[29]

– деганида ҳам ҳеч қандай ортиқча фахрланиш йўқ, балки воқеликнинг айни ўзидир.

ИЗОҲЛАР

[1] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 14-том. “Маҳбуб ул-қулуб”, 25-бет. Т.: “Фан”, 1998-йил.
[2] – Хожа Муҳаммад Порсо. Шарҳи “Фусус ул-ҳикам”, 78-бет. Теҳрон: Нашри Маркази донишгоҳий, ҳ.ш. 1366 йил.
[3] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 5-том. “Бадоеъ ул-васат”, 279-бет. Т.: “Фан”, 1990-йил.
[4] –Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 7-том. “Ҳайрат ул-аброр”, 33-бет. Т.: “Фан”, 1998-йил.
[5] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 8-том. “Фарҳод ва Ширин”, 17-бет. Т.: “Фан”, 1998-йил.
[6] – Доктор Абдулҳусайн Зарринкўб. Баҳр дар кўза, 95-бет. Теҳрон: Маҳорат, ҳ.ш.1374 йил
[7] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 12-том. “Лисон ут-тайр”, 14-бет. Т.: “Фан”, 1998-йил.
[8] – Бадеуззамон Фурузонфар. Аҳодиси “Маснавий”, 245-бет. Теҳрон: Амири кабир, ҳ.ш. 1376йил
[9] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами, 11-том. Садди Искандарий, 23-бет. Т.:Фан, 1997 йил.
[10] – Хожа Муҳаммад Порсо. Шарҳи “Фусус ул-ҳикам”, 92-бет. Теҳрон: Нашри Маркази донишгоҳий, ҳ.ш. 1366 йил.
[11] – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Нубувват ва рисолат китоби, 26-бет. Т.:Шарқ, 2006 йил
[12] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 5-том. “Бадоеъ ул-васат”, 78-бет. Т.:Фан, 1990-йил.
[13] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами, 11-том. Садди Искандарий, 22-бет. Т.:Фан, 1997 йил.
[14] – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Нубувват ва рисолат китоби, 176-бет. Т.:Шарқ, 2006 йил
[15] – Қисас ул анбиё, 235-бет. Душ.: Адиб, 1990 йил.
[16] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами, 2-том. Наводир ун-ниҳоя, 93-бет. Т.:Фан, 1990 йил.
[17] –– Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 1-том. “Бадоеъ ул-бидоя”, 78-бет. Т.:Фан, 1990-йил.
[18] – Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ. 2-том, 354-бет. Т.: Қомуслар Бош таҳририяти, 1997-йил.
[19] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 1-том. “Бадоеъ ул-бидоя”, 78-бет. Т.:Фан, 1990-йил.
[20] – Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ. 2-том, 562-бет. Т.: Қомуслар Бош таҳририяти, 1997-йил.
[21] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 6-том. “Фавоид ул-кибар”, 458-бет. Т.:Фан, 1991-йил.
[22] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 10-том. “Сабъаи сайёр”, 33-бет. Т.:Фан, 1992-йил.
[23] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 2-том. “Наводир ун-ниҳоя”, 84-бет. Т.:Фан, 1990-йил.
[24] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 10-том. “Сабъаи сайёр”, 18-бет. Т.:Фан, 1992-йил.
[25] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 7-том. “Ҳайрат ул-аброр”, 36-бет. Т.:Фан, 1991-йил.
[26] –– Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ. 2-том, 474-бет. Т.: Қомуслар Бош таҳририяти, 1997-йил.
[27] – Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 1-том. “Бадоеъ ул-бидоя”, 269-бет. Т.:Фан, 1990-йил.
[28] – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Нубувват ва рисолат китоби, 32-бет. Т.:Шарқ, 2006 йил.
[29]– Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 3-том. “Ғаройиб ус-сиғар”, 89-бет. Т.:Фан, 1990-йил.

(Tashriflar: umumiy 110, bugungi 1)

Izoh qoldiring