Erkin A’zam. Navoiyni o’qigan bolalar & Ishq xazinasi. Hikoy asosida radiospektakl

navoiyБиз бугун йигирма биринчи аср бўсағасида турибмиз. Ўтган асрлар адабиётию уларнинг намояндалари олисда қолиб кетган. Биз энди Лорка, Хименес, Уитмен, Неруда руҳида яшамоққа ошиқамиз. «Навоий замонида қолиб кетган» ёлғиз одам курсимизда мана шу — Жаноб, Жанобиддин Сайфиддинов; лақаби — Жанобиддин Савдойи ёки жаноб Жаноб. У ҳамон Навоий замонида яшайди, ўша қадим Ҳирот муҳитидан нафас олади. Шундан, гап-сўзлари одамга эришроқ, ўзи ҳам пича савдойироқ туюлади. (Қайдам, ўз навбатида биз унинг назарида ҳавойиларга ўхшаб кўринсак керак.) Қизларимиз уни очиқдан-очиқ «ненормалний» деб атайди, биз эса масхара аралаш — «навоийшунос».

Эркин Аъзам
НАВОИЙНИ ЎҚИГАН БОЛАЛАР
01

011Эркин Аъзам 1950 йил 10 августда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (1998). ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1972). Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Чироқлар ўчмаган кеча» (1977). «Отойининг туғилган йили» (1981), «Олам ям-яшил» (1984), «Жавоб» (1986), «Байрамдан бошқа кунлар» (1988), «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001), «Кечикаётган одам» (2002) каби қисса ва ҳикоялардан иборат китоблари нашр этилган. «Чантриморе», «Пиёда», «Пакана», «Дилхирож», «Эркак» каби экран асарларининг ҳаммуаллифи.

06

Ҳазрат Навоий ҳамда бир навоийшуносга бағишланади.

1

Маликанинг «кетаман» деганига парво қилмабмиз — на мен, на Жаноб. Парво қилгулик ҳолатда эмас эдик: ўйин-кулги, сармастлик. Янги йил кирган, янги йил бошланган. Ёш умрнинг яна бир йили, узундан-узоқ. Шунинг дастлабки кечаси, бир кечагинаси. Ялдо кеча, ялло кеча. Вақт дегани, соат миллари гўё бир нуқтада тўхтаб қолган — ёшликка, ёшлик завқларига маҳлиё. Қўшиқ айтиб чарчамаймиз, тинглаб чарчамаймиз, томоқлар бўғилмайди, бош оғримайди, ирғишлайвериб толмас оёқлар баттар хуружу хумор қилади. Майли, вақт ўтса ўтаверсин, олдинда мўл. Фақатгина тонг отмаса — бас.
— Ойим дори ичиб ўтирган бўлсалар керак, мен кетдим!
Кўчага чиққанимизда дунёни қор босган эди. Тўзон, туман. Бир қадам нарини кўз илғамайди. Шу қиёматда Яланғочга етиб бориш керак. Илож йўқ, ойиси дори ичиб ўтирибди. Яна бирпасгина кутса-ку олам гулистон эди — ҳадемай тонг отади. Ана ўшанда дори ичадими, сирками — кўнгли тортгани. Инжиқ, бесабр хотин экан. Онасини кўргину қизини ол. ЙЎқ, Малика… яхши барибир!
Жаноб Маликанинг тўрвасини (Янги йил базмига сомса пишириб келган эди) кўтариб олган. Хушомад. Садоқатли ит. Хира пашша. Ҳам ғашим келади, ҳам кулгим қистайди: зарурга-ку зарур, қудағай хола, сизга нима зарур?
Шунақа бир аломат тоифа бор. Доимо эргашиб, суйкалишиб юради. Соя, шарпа. Ўзи мустақил ҳолда бирон ишнинг уддасидан чиқолмайди. Севиб-севолмайди, кетиб-кетолмайди. Мудом бировларнинг маъшуқасига кўз тиккани тиккан. Кулгили ва аянчли жойи шундаки, гоҳида ўша ошиқ-маъшуқлар ўртасида воситачилик ҳам қилади: гап ташиш, хат-пат дегандек. Оқибат — пинҳона умидлар билан юра-юра, доғда қолиб кетади.

Бечора Жаноб! Қўлида каттакон тўрва, машина тутаман деб елиб-югуришини қаранг. Жони жабборники. Майли, юзта жони бўлса, бари-бари ўшанинг, яъни— Маликанинг йўлида нисор! Шу қилиқларини юзига солсангиз, «Сен учун-да, жўра! Бирга ўқиймиз-ку, жўра!» дейди ерга қараб. Меҳрибон жўра, шум рақиб!
Қор қўйнида, ҳарир-кўкиш тўзон ичра хира милтиллаган учта чироқ базўр судралиб келаётир. Ниҳоят! Иккитаси ер бағирлаган, учинчиси тепароқда. Икки қўлида иккита дур, пешонасида олтин жиға…
Жаноб йўлнинг ўртасига чиқиб фидойиларча туриб олади.
Кўк белбоғли сариқ машина, милисанинг машинаси. Ичида икки одам, ҳокимият вакиллари — ёнламасию кўндалангига камар таққан, елкаларида заррин тасма, пешонада тўға, мис тўға… Худо урди!
Жаноб тап тортмайди. Ановинақа ашё-анжомлардан унда йўқ, албатта, лекин ғурури ўзига яраша, тил-жағдан ҳам худо қисмаган. Бир ёқда Маликанинг олдида мулзамлик, боз устига ўлгудек совқотиб кетяпти.
— Янги йил муборак, тақсирлар!
— Қуллуқ, қуллуқ.
— Бизларни лутфан Яланғочга олиб бориб ташланглар, илтимос.
— Қизилидан битта бўладими? . — Инсоф қилинг-да, тақсир!
— Эшикни ёп! Тақсиир!..
Хайрият, савдомизни Малика эшитмайди. У бозор жойидан нарироқда — бекатда қунишибгина, мушфиқ бир қиёфада турибди. Ўн сўм эмиш-а! Ўн сўмга ўн марта бориб келса бўлар Яланғочга. Шу тобда иккаламизнинг чўнтагимизни қоқиштириб қараганда ҳам ўн сўмга етиши гумон. Ўзимизни қўшиб ҳисоблаганда ҳам. Айниқса, ҳозир, шу юпун, мирқуруқ ҳолимизда. Лекин — кўнгил қурғур осмони фалакда, осмон баробар ғуруру даъвога тўла. Қиздан пул сўрамоқ — гуноҳи азим, ўлимнинг ўзгинаси. Биримиз шоиру биримиз Жаноб бўлсак! Яна денг — иккаламиз ҳам ошиқ. Биримиз ошкора, биримиз пинҳона. Чўнтаклар бу аҳвол. Маъшуқа бекатда совуқдан дийдираб турибди. Ойиси уйда дори билан сувнинг нисбатини чамалаяпти. Ўжар, ўзбошимча қиз эса, хушторлари бўлмиш икки ландавурнинг ношудлигига чидаб, қорбўрон кечаси аллақаёқларда тентираб юрибди.
Кўп ўтмай бошқа бир машина кўринади.
— Беш сўмингни чаккангга ёпиштир, ука! Яланғоч дунёнинг кетида-ю!
Кўчада қоровуллик килаётганимизга бир соатлар бўлай деяпти. Яна андак чидаб берсак тонг отади. Маликамизнинг кўзига кўринмаслик учун иккаламиз йўлнинг икки ёқасига гўёки арқон тутганмиз.
Яна бир машина. Олдинги ўриндиқларда пўстинга ўранган икки йигит. Жаноб жонҳолатда ойнага ёпишиб, ёлворади:
— Жон оғайнилар, илтимос!..
Инсоф дегани бор экан-ку!
Апил-тапил кириб машинага ўрнашамиз. Икки пўстин ўзаро ғўнғир-ғўнғир қилади. Гаплари қулоғимизга кирмайди — изғирин этни увада, устихонларни илма-тешик қилган. Маликанинг қўлини кафтларим орасига олганман: муз, бармоклари зириллайди.
— Қайси томонга, акахонлар? — деб сўрайди пўстинлардан бирови.
— Айтдик-ку, Яланғоч тарафга!
— Булар-чи?
— Ўша ёққа.
— Сизлар-чи?..
Машина негадир йўл ёқасида тўхтайди. Гап сўраган пўстинли Жанобдан «бир минутга» чиқишни илтимос қилади. Улар сал нари кетиб, нима ҳақдадир сўзлаша бошлайди. Бир маҳал эшик шартта очилиб, Жаноб қўлимдан тортади:
— Тушинглар! Тез! Бу машинада кетмаймиз!
Малика икковимиз ҳанг-манг бўлиб машинадан тушамиз. Машина шу заҳоти кийим-бошимизга қор аралаш шалтоқ сочиб шиддат билан жўнаб қўяди.
— Нима бўлди ўзи? — дейман гангиб.
Жаноб мени четроққа бошлайди.
— Бизларни, сен билан мени уй-уйимизга олиб бориб қўймоқчи…
— Нега… Малика-чи?
— Уни… уни.. — Жаноб юзини четга буради. — «Биз опкетайлик», дейди мараз!
Баттар, товонимга қадар музлаб кетаман. Алам, таҳқир ва совуқдан дод деб юборгим келади. Қани, овоз чиқса! Чиққанида ким эшитарди? Эшитганда нима!
Енди машина кутиш бефойда. Маликани ўртага олиб чор-ночор яёв йўлга тушамиз. ЙЎл тойғоқ, манзил узоқ. Бир-биримизга суянишиб кетиб боряпмиз. Сўз йўқ, садо йўқ. Совуқданми, чарчоқданми, шу қадар карахт бўлиб қолибмизки, аллақандай машина ёнгинамизга келиб тўхтаганини ҳам пайқамабмиз. Қордек оппоқ «Волга».
— ЙЎл бўлсин, ёшлар?
Умидсиз, ҳафсаласизлик билан, аммо учаламиз ба-авар жавоб берамиз:
— Яланғочга.
— Ўтиринглар.
Тушимизми бу, ўнгимиз? Ишонар-ишонмас машинага кирамиз. Ичкарида, ҳайдовчининг биқинида бир жувон ҳам бор экан. Эгнида қорқизлар киядиган ёқа-енги пахмоқ пўстинча, бошини ихчамгина қилиб оқ шолрўмол билан танғиб олган.
— Яхшимисизлар? Янги йилинглар билан! — деб қўяди у эшитилар-ешитилмас овозда.
Хижолатдан шоша-пиша биз ҳам уларни байрам билан қутлаган бўламиз.
Машина секин қор кечиб жилади. Иссиқдан аъзойи баданларимизга жон оралай бошлайди. Орқадаги кўринмас карнайлардан ўйчан бир наво таралмокда. Танбур. Хушбўй атир ҳиди… Жаноб иккаламизнинг ҳам хаёлимизда бир ўй: бу роҳат-фароғат ҳали қанчага тушаркан? Камида юз сўм сўрайди-ёв. Майли, Маликани уйига элтиб қўяйлик, қолгани бир гап бўлар. Бор-будимизни қоқиштириб берамиз. Беш сўм ҳам чиқмаса керак. Сўка-сўка тушириб юборар. Бу ёғи тонг яқин, ўлиб қолмасмиз. Ўлиб қолсак ҳам Малика кўрмас. Унамаса, изза қиламиз, ёнидаги жувондан уялар. Аёл кишининг олдида биздақа қашшоқ талабалар билан савдолашиб ўтирмас, ўлдими! Хушрўй жувонга ўхшайди. Маъшуқасимикан? Ўзи қари-ку, ўттиз бешларда бор… Бўлмаса кими? Қайси аҳмоқ байрам кечаси хотинини бундай даврон қилиб машинага солиб юради?!
Тўпори Жаноб, ҳеч кутилмаганда, эҳтиросли товуш билан байтхонлигини бошлаб қолади:

Ошиқ ўлдум, билмадим, ёр ўзгаларга ёр эмиш,
Оллоҳ-оллоҳ, ишқ аро мундоғ балолар бор эмиш…

Тун. Қор. Машина шаҳар маркази бўйлаб оҳиста елади. Икки ёнда, бошлар узра рангин чироқлар силсиласи. Биз тушган кема ана шу турфа ёғдулар бағрида сузиб бораётир. Қулоқлар остида танбур навоси. Тантанавор бир намойиш. Олдинда бир жуфт ошиқ-маъшуқ, орқада бир жуфт. Биргина одам ортиқча. Лекин бу сафар базмини, бу фусункорликни шу кимсанинг дардли овози, ўқиётган оташин мисралари уйғунлаштириб, обод этиб турибди.

Ўртанурмен, кўнглига андин асар бўлғайму деб,
Бўлса таъсир, анга ҳолимдин хабар бўлғайму деб…

Билдик, Маликанинг олдида ўзларини кўрсатмоқчи! Изҳори муҳаббат, очиқ-ошкор! Қарасам, ҳаддидан ошяпти, тобора хиралашиб кетяпман. Ёдаки бисотимни кавлаштириб, «Санго-манго» лақабли домламиз тазйиқ остида ўргатган ғазаллардан айни шу вазиятда кинояомузроқ жаранглайдиган бир байти хаёлимга келади:

Ишқ айлади юз оқилу фарзонани расво,
Не айб, агар қилди бу девонани расво.

Шу тариқа зимдан кураш бошланади: сен зўрми, мен зўр? Малика, ўзинг баҳола! Малика эса таажжубда: бир бало бўлганми буларга, фавқулодда ғазалхонлик, бегона бировнинг машинасида!..
«Бегоналар»га бизнинг бу қилиғимиз негадир эриш туюлмайди, далда берган каби жувон қараб-қараб қўяди. Чамаси, бу ҳол уларнинг ҳам кўнглига ҳамоҳанг.
Сираси, биз — икки талабгор ҳозир истиҳола нималигини билмасдик. Кўр эдик, кар эдик. Бизнинг илоҳимиз ҳозир — яккаш муҳаббат, байт, ғазал, қўшиқ. Бунга эса айни тобда ҳамма нарса муҳайё эди.
— Ке, энди «жон» пайровига ўтамиз, — дейди оташин қиёфага кирган Жаноб.
Шоҳ байтлар. Навоий бобо қулоғимизга шивирлаб турибди.
Жаноб бошлайди:

Жонға йўқ кўнглумдину кўнглумға йўқ жондин хабар,
Менга не ўздин хабар, не кўнглум олғондин хабар.

Мен курсимиздаги Сафар нўноққача ҳамма ёд биладиган машҳур байтни шафе келтираман:

Жисм айларму фиғон, бўлғоч нафас жондин жудо,
Айлагил ондин жудо, қилғунча жонондин жудо.

Жаноб тап-тайёр:

Жонға зулмунгни нечаким кўнглунг истар, онча қил,
Мен чека олғонча демон, сен қила олғонча қил.

Навбат меники. Аммо ҳадеганда мендан садо чиқавермагач, яккам-дуккам бисотим адо бўлганини сезиб, рақибим мушоира майдонида ёлғиз қолади. Баттар авжу тантана қилади у:

Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим,
Жон басе қилдим фидо, оромижоне топмадим.
Шунда мен ҳам бўш келмасликка тиришаман:
Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим.

— Э, хўш-е, саломат бўлгайлар! — дейди Жаноб тирсагимдан чимдиб. — Мирзо Бобур-ку бу!
— Навоийники эмасми?
Жанобнинг жиғибийрони чиқади:
— Навоий деганинг нимаси! Табаррук зотларнинг номларини тоқ айтиб бўлмайди. Шаккокликка ётади бу. Низомиддин Мир Алишери Навоий, мухтасарроқ айтиш лозим бўлганда — мавлоно ёки ҳазрати Навоий деган маъқул.
— Маъқул, маъқул, — деб қўяман иримига, бемаврид бу сабоқдан энсам қотиб.
Биз бугун йигирма биринчи аср бўсағасида турибмиз. Ўтган асрлар адабиётию уларнинг намояндалари олисда қолиб кетган. Биз энди Лорка, Хименес, Уитмен, Неруда руҳида яшамоққа ошиқамиз. «Навоий замонида қолиб кетган» ёлғиз одам курсимизда мана шу — Жаноб, Жанобиддин Сайфиддинов; лақаби — Жанобиддин Савдойи ёки жаноб Жаноб. У ҳамон Навоий замонида яшайди, ўша қадим Ҳирот муҳитидан нафас олади. Шундан, гап-сўзлари одамга эришроқ, ўзи ҳам пича савдойироқ туюлади. (Қайдам, ўз навбатида биз унинг назарида ҳавойиларга ўхшаб кўринсак керак.) Қизларимиз уни очиқдан-очиқ «ненормалний» деб атайди, биз эса масхара аралаш — «навоийшунос».
Дарҳақиқат, унинг гапирган гапи — Навоий, Навоийга доир бирон янгилик топмаган куни дарсга келмайди. «Менга қолса, ҳазрати Навоийни ўқиганга — номзодлик, уққанга докторлик унвонини берардим, — дейди. Кейин ўзича куюниб, комил ишонч билан таъкидлайди: — Токи ул зотни ўқимас экан, уқмас экан, бу халқ одам бўлмайди». Бирор нимадан нолиб, ҳасрат қилсангиз ёки бесабаб, бемаврид суюнсангиз — хуллас, унга шарҳи дил айласангиз, мудом бир хил, қисқагина маслаҳат оласиз: «Ҳазрати Навоийни мутолаа қилинг, ҳамма жавобни ўша кишидан топасиз». У туриб-туриб, масалан, оламшумул бир жиддият билан гапириб қолади: «Кеча тун бўйи камина ўзимча фикр этдим ва шундай хулосага келдимки, Навоий ҳазратлари одам боласи эмас эканлар…» «Ие-ие, бу нима деганинг?» «Авлиё эканлар, пайғамбар! Негаким, оддий одам боласининг қувваи иқтидори бунчаликка қодир бўлмас. ЙЎқ, ишонмайман, ҳаргиз!»
Биз, оддий одам болалари, ҳали айтилганидек, дарсда Навоийни ўтиб бўлганмиз, Жаноб эса ҳамон ўша муҳит, ўша мавзулар билан машғул: курс иши, эски-туски қўлёзмалар, илмий жамият, навоийшунослар йиғини… Қандайдир тўпламда бир-иккита кичик-кичик мақолалари чиқиб, «Санго-манго» домламизнинг яқин маслаҳатгўйига айланди, курсда ҳам бирмунча обрў қозонгандек бўдди.
Бизни боғлаб турган нарса — у билан иккаламиз бир юртданмиз, бирга ўқиймиз, кейин… йўқ, бу бизни боғлаб турмасди, бизни ўзаро рақибга айлантирган эди. Мана, шу байтбаракнинг мазмунидан ҳам аён.
Уни деб шунчалик жангу муҳораба кетяпти-ю, Маликанинг парвойи фалак, тўғрироғи, хаёли бошқа ёқда: ойиси бор дориларини ичиб битирмай уйга етсам дейди…
Манзилга етганимизда қизиқ бўлди. Маликаларнинг торкўчаси бошида машинадан тушиб, Жаноб икковимиз иймана-иймана чўнтакларимизни титкилаётган эдик, машинанинг эгаси қўл силтади:
— Қўйинглар-қўйинглар, керакмас!
Бизнинг ўзи қуруқ «раҳмат»дан бўлак ҳеч вақомиз йўқ эди.
— Ўзларингга раҳмат. Омон бўлинглар, — деди у машинасини изига буриб оларкан. — Навоийни… ҳазрат Навоийни унутмаган ўзбек болаларидан пул олсак, уят бўлар, гуноҳ! Шунақа эмасми?
Учаламиз кўча бошида серрайиб туриб қоддик.
— Ана, қаранглар, — деди Жаноб ҳаяжон билан, — ҳазрати Навоийнинг руҳи поклари бизни қўллади!
Афсуски, бундан бу ёғига уни ҳеч кимнинг руҳи қўлламади: Малика менга майл билдиргани кўриниб турар, уни энди бир ўзим кузатишим лозим эди. Шунда, хайрлашув палласи Жаноб икковимиз бир дақиқа бир-биримизга тикилиб, боя бошлаган мушоирамизни хаёлан якунлаган бўлдик.

Жаноб:
«Вою юз минг войким, тарки муҳаббат қилди ёр,
Билмайин қолдим мену қилмай хабар айрилди ёр».

Мен:
«Ҳилди душман раҳм баским, қилди жавр изҳор дўст,
Эй кўнгул, душман топ эмди, тутмағил зинҳор дўст».

Жаноб:
«Кўнглунг истар ёрлар бирла ҳамиша шод бўл,
Мендину кимдинки, кўнглунг истамас, озод бўл».

2

Мен Малика билан яқинлашган сари Жаноб мендан узоқлашарди. Мендангина эмас, жамоатдан ҳам. Ҳеч кимга аралашмайдиган одамови, яккамоховга ўхшаб қолди. Энди кўрган-кўришганда совуққина салом-алик қилардик, холос. Бу орада ўқишларни битирдик, кўча-кўчасини топиб ҳар ким ҳар ёққа тўзиб кетди. Юртдошлик, курсдошлик ҳурмати, бир пайтлардаги чатиш хотиралар ҳаққи, атайин хабар юборганимга қарамай, Жаноб тўйимизга келмади. Балки тўғри қилгандир, унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам бормас эдим.
Шу тариқа бегоналашиб, Жанобиддин менинг, Малика иккимизнинг ҳаётимиздан гўё чиқиб кетди. Худди ўзаро келишиб олгандек, умумий бир гуноҳимиздек, уни эсламай ҳам қўйдик. Айтишларича, шарқшунослик институтида юрганмиш. Эски қўлёзмаларнинг чангини артиб. Узоқ йили қайси бир жамоат йиғинида кўрдим ҳам. Кўзойнак тақиб олибди. Фан номзоди. Навоийшуносликка оид баҳсталаб мавзуларда шарҳлари чиқиб туради. Шу борада шов-шувли бир масалани қўзғаб юргани ҳам қулоғимга чалинган эди.
Уйланмади. Эшитишимча, «Ҳазрати Навоий тутган йўриқдан бориб, тоқ ўтмоқни ихтиёр этдим», дер эмиш…
Кейин — мана шу хабар…

3

…Ўша куни у кечки рейс билан Самарқандга учиши керак экан. Қўлида Навоий даврига оид кашфиёт даражасида муҳим ҳужжат, навоийшунослар анжуманида қатнашиши, маъруза қилиши лозим. Илмий сессия эртага эрталаб иш бошлайди.
Лекин аеропортда нима ҳамдир бўлади-ю, самолётга чиқиш олдидан «Кечиқдингиз, одам тўлиб қолди» деган баҳона билан уни рейсдан қолдириб юборадилар. Бу сўнгги рейс экан. Аламига чидаёлмаган навоийшунос тўполон кўтаради, йўлини тўсган ҳалиги маъмур билан жиққамушт бўлишгача боради. Можарога шу атрофда айланиб, жамоат ўртасида тартиб ўрнатиб юрган милитсия капитани аралашади. Машғулот топилганидан қувониб, у шартта келиб навоийшуноснинг қўлини қайириб олади. Тартиббузарни хосхонасига элтиб, ҳужжатларини текширади, сўроқ қилган бўлади. Гап-сўзлари бирмунча ҳавойироқ туюлганига қарамай, дарду даъвосини эшитгач, юмшайди, юпатади: «Ҳечқиси йўқ, оғайни. Бунақаси бўлиб туради бизда. Бирортасини шошилинч учириб юбориш керак бўлгандир-да. Сизга маслаҳат: бу кеча уйга бориб маза қилиб дамингизни олинг. Эртага азонлаб келсангиз, мен ўзим тонгги рейс билан жўнатиб юбораман».
Бу ваъдани омонат чўнтагига жойлаб сал-пал ҳовуридан тушган навоийшунос, капитаннинг ҳузуридан чиққач, ўйлаб боши қотади. Ижара уйи шаҳарнинг нариги чеккасида, азонлаб бу ерга етиб келмоғи даргумон. Боз устига хўжайкаси билан айтишиб қолиб, бошқа жойга кўчмоқчи, уч кундан бери эса бир талаба ҳамқишлоғининг каталагида тунаб юрибди. Шўппайиб бу кеч ҳам кириб бориши ноқулай — эрталаб хайрлашиб чиққан.
Дафъатан хаёлида бир фикр туғилиб, аеропортнинг биқинидаги баланд бинога қараб юради. Бир ҳисобда самолётдан қолиб кетгани фойдага. Бу кеча шу ерда бафуржа ўтириб қўлидаги қоғозларни саранжомлайди, анжуманда баён этажак мулоҳазаларини пухталаб олаДИ…
Қачон, қайси меҳмонхонада бўш жой бўлган?! Аммо, навоийшунос хиралик қилиб ёпишиб олгач, маъмур хотин ийгандек бўлиб унинг паспортини варақлаб кўради-ю, башарасига отиб юборади: «Пропискангиз шаҳарда-ку, боринг, уйингизга бориб ётинг!»
Масаланинг бу жиҳатини ўйлаб кўрмаган навоийшунос саросимада қолади. Кейин зўр бериб ялинмоққа тушади. Фойда чиқмагач, дўқ-сиёсатга ўтади. Маъмур хотин ҳам бўш келмайди, таҳдид чорасини қўллайди: «Ҳозироқ бу ердан даф бўлмасанг, милиса чақираман!» «Милисани мен ўзим чақираман», дейди навоийшунос кўнглида бир илинж билан ва меҳмонхонадан чиқиб бояги маслаҳатгўйининг олдига югуради. Капитанга аҳволни тушунтириб, «Меҳмонхонага сим қоқиб, бир кечага жой олиб беринг, тақсир, — дея илтимос қилади. — Навоийшуносликка ҳисса қўшган бўласиз».
Капитан нимадандир диққат бўлиб ўтирган эканми, боядан бери қимматли вақтини ўғрилаб безор қилган бу нусханинг ўзини тутиши, гап-сўзлари энди шубҳалироқ туюлиб, ижирғаниш билан сўрайди: «Нималар деяпсиз ўзи, оғайни? Қанақа навоийшунослик?» «Шеър, ғазал деганини тушунасизми ўзи? — дейди навоийшунос унинг беписанд оҳангидан ранжиб. — Мир Алишер Навоий деган зотни эшитганмисиз?» «Ҳа, «Муножот»ни ёзганми?» Навоийшунос бу гапга сал тиришади-ю, сир бой бермай: «Мана, у киши нима дебдилар…» дея ғазал ўқимоққа киришади.
Шеър оҳанги таъсир қиладими ё оми кўрингиси келмайдими, капитан: «Бизнинг улуғимиз ҳам ёзадилар, у киши қўшиқ ёзадилар! — дейди фахр-ифтихор билан ва тортмасидан пиёзнинг пўстидек юпқагина бир китобча олиб, меҳр билан авайлаб столга қўяди: — Мана, у кишининг китоблари! Айниқса, битта қўшиқлари бор, зўр! Эшитгандирсиз, «О-о, кечалар…» деб айтади».
«Ҳа энди, сизнинг улуғингиз қаёқдаю ҳазрати Навоий қаёқда! — дейди навоийшунос, дарди-ҳоли эсида йўқ, астойдил баҳсга киришиб. — Унақалар бутун бор — эртага йўқ. Ўтади-кетади. Ҳазрати Навоий эса… Мана, қулоқ солинг…»
Ҳазрат Навоийнинг даври ўтган, бугун ўзгача даврон экан. Капитан ана шу давроннинг фидойи, кўру кар гумашталаридан эди. У қўшиқнавис улуғининг мухлиси, мухлиси не, садоқатли қули, саноқсиз мирғазабларидан бири эди. Бир муддат одамшаванда бўлиб кўринган бу кимса, мирғазаблиги эсига тушиб, яна аслига қайтади. Яқин бир соатдан буён бошини қотираётган мана бу телбанамонинг андишасизлигига аччиғи келади. Ўзидан пастроқ бир мирғазабга буюрадики, бу шаккокни анови хонага олиб кириб боплаб адабини берсалар, то улуғнинг улуғвор қўшиқларига ҳамнавоз бўлмагунича дарраласалар…

«Кимсани дард аҳли деб, сирримга маҳрам айладим,
Ўз-ўзумни куч билан расвои олам айладим».

Шаккок болтадан қайтмайдиган хилидан бўлиб чиқади. Ҳаммаёғи мўматалоқ, оғзи-бурни қон ҳолига, бояги лафзини қўймайди: «Улуғинг шоир-поир эмас, ўткинчи! Ўшанга сиғинган сенлар эса — қонхўр жаллод!» Кейин ўз-ўзидан совуқ илжайиб байт ўқийдими-ей, ғазал ўқийдими-ей…

«Даҳрдин меҳру вафо қилма ҳавас,
Елидин ғайри жафо қилма ҳавас».

Ҳибсхонага оқ халат кийган иккита норғул-норғул йигит кириб келганда шаккок, кўзларида ёши шашқатор, ҳамон овозини баралла қўйиб ғазал ўқиётган бўлади. Норғуллар уни таппа ерга босиб, оёқ-қўлини боғлашади, аъзойи баданини омбирдек сиққан аллақандай ридога ўраб, «Тез ёрдам» машинасига тиқишади.
Шаккок бу ерда беморга айланиб, бир эм билан беш кун кўзини очмай ётади. Олтинчи куни ўзига ке-либ, ҳовлига ўрмалайди. Қаерга тушиб қолганини қўриб, ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Аммо ҳеч ким парво қилмайди, ҳеч ким ҳайрон ҳам бўлмайди. Чунки бу ерда ундан ҳам қаттиқроқ ҳўнграб йиғлайдиганлар сероб экан.
Шу зайл аста-секин аҳволига кўникади, бундаги тартиб-қоидага бўйсуна бошлайдй; ўзига ўхшаган биродарларига аралашиб, элакишиб, байту ғазаллар ўқиб юради. Улар орасида «Навоий», «шоир» деган лақаблар орттиради. Илк дафъа бундан хабар топганида, яъни — кимдир «Ҳў Навоий» деб чақирганида у бирдан кўкариб кетади, сўнг шифохонани бошига кўтаргудек тўполон қилади. Шунда уни тутиб олиб яна эмлайдилар…
Бир куни йўлақда фаррош кампирга пул қистириб, шарҳи аҳволи баён этилган мактубни жўнатишни сўрайди.
Хизматдош ҳамкасблари ҳеч гапдан бехабар, унинг Самарқандда бунчалик узоқ қолиб кетганига ажабланиб, ўша ёқда касал-пасал бўлиб қолдимикан, деган гумон билан юришган экан. Тезда бу ерга етиб келишибди. Аҳволни кўриб, аввал ҳайрон, сўнгра дарғазаб бўлишибди: бу қандай шафқатсизлик, бу қандай қабоҳат! Ўша куниёқ зудлик билан ишхоналаридан ваколатномаю кафолатнома уюштиришибди. Бироқ, шифохона маъмурияти бу қоғозларни инобатга олмабди: бошқа жойдан бошқа кўрсатма келган экан.
Ниҳоят, йигирма кунлардан кейингина унга жавоб берилади. Кутилмаганда рухсат теккани боис, ёнида бирга кетадиган ҳеч ким йўқ, ўзи ёлғиз экан.
Оқибати шу бўлибдики, ижара уйига кетаётиб, метронинг охирги бекатига келганда, «Бу ўзимнинг уйим-ку, нега бўшатар эканман?!» дея даъво килиб туриб олибди…
Яна ўша мирғазаблар, яна ўша оқ халатли норполвонлар, яна эм… Кейин…

4

…Дафн маросимидан эзилиб қайтдим.
Шўрликнинг сўрайдиган киройи кимсаси йўқ — бесойиб; амакисими, тоғаси бор экан, у ҳам етиб келолмади шекилли, шаҳардаги қабристонлардан бирига дафн этилди.
Мозордан қайтишда баъзи бировлар ўлими тафсилотини муҳокама қилишди: ўшандоқ жойда қандай рўй бериши мумкин бундай ҳодиса, бепарволик, совуққонлик; наҳотки, ҳеч ким кўрмаган бўлса; арқонни қаёқдан топди экан… Марҳум Самарқандга олиб жўнаган ўша муҳим ҳужжат ҳақида гап борди, ҳар хил тусмол-тахминлар айтилди, баҳс бўлди: қўлёзма чиндан ҳам кашфиётмиди; қаерда қолди экан; тақдири нима кечди; наҳотки, шундай ноёб ҳужжат йўқолган бўлса… Бу борада ҳеч ким тайинли бирор гап айтолмади.
Кейин кимдир марҳумнинг феъл-атворига оид эҳтиётсизроқ бир гап қилган эди, дафн аҳли ўша кишига бараварига ўқрайиб қаради.

5

Уйга келгач, Маликани кўриб яна безовта бўлдим. Бу ҳодисани унга айтгим келаверди. Аммо… тилим бормади. Келиб-келиб энди, рашкка ўрин қолмаган бўлса-да (қабоҳат-ку бу!), айтолмадим. Кўрқдим, нимадандир қўрқдим. Ҳануз қўрқаман…
Лекин, ўша тушдек қорбўрон кечасини ҳаётимиздан ўчириб ташлаб бўлмаслигига ҳам ақлим етади. Ушанда бизга унутилмас бир ҳиммат кўрсатган кимсани эслаб эса кўнгил таскин топгандек бўлади.

1989

Biz bugun yigirma birinchi asr bo‘sag‘asida turibmiz. O‘tgan asrlar adabiyotiyu ularning namoyandalari olisda qolib ketgan. Biz endi Lorka, Ximenes, Uitmen, Neruda ruhida yashamoqqa oshiqamiz. «Navoiy zamonida qolib ketgan» yolg‘iz odam kursimizda mana shu — Janob, Janobiddin Sayfiddinov; laqabi — Janobiddin Savdoyi yoki janob Janob. U hamon Navoiy zamonida yashaydi, o‘sha qadim Hirot muhitidan nafas oladi. Shundan, gap-so‘zlari odamga erishroq, o‘zi ham picha savdoyiroq tuyuladi. (Qaydam, o‘z navbatida biz uning nazarida havoyilarga o‘xshab ko‘rinsak kerak.) Qizlarimiz uni ochiqdan-ochiq «nenormalniy» deb ataydi, biz esa masxara aralash — «navoiyshunos».

Erkin A’zam
NAVOIYNI O’QIGAN BOLALAR
01

Erkin A’zam 1950 yil 10 avgustda Surxondaryo viloyatining Boysun tumanida tug‘ilgan. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan jurnalist (1998). ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1972). Dastlabki hikoyalar to‘plami — «Chiroqlar o‘chmagan kecha» (1977). «Otoyining tug‘ilgan yili» (1981), «Olam yam-yashil» (1984), «Javob» (1986), «Bayramdan boshqa kunlar» (1988), «Pakananing oshiq ko‘ngli» (2001), «Kechikayotgan odam» (2002) kabi qissa va hikoyalardan iborat kitoblari nashr etilgan. «Chantrimore», «Piyoda», «Pakana», «Dilxiroj», «Erkak» kabi ekran asarlarining hammuallifi.

099

Hazrat Navoiy hamda bir navoiyshunosga bag’ishlanadi.

1

Malikaning «ketaman» deganiga parvo qilmabmiz — na men, na Janob. Parvo qilgulik holatda emas edik: o‘yin-kulgi, sarmastlik. Yangi yil kirgan, yangi yil boshlangan. Yosh umrning yana bir yili, uzundan-uzoq. Shuning dastlabki kechasi, bir kechaginasi. Yaldo kecha, yallo kecha. Vaqt degani, soat millari go‘yo bir nuqtada to‘xtab qolgan — yoshlikka, yoshlik zavqlariga mahliyo. Qo‘shiq aytib charchamaymiz, tinglab charchamaymiz, tomoqlar bo‘g‘ilmaydi, bosh og‘rimaydi, irg‘ishlayverib tolmas oyoqlar battar xuruju xumor qiladi. Mayli, vaqt o‘tsa o‘taversin, oldinda mo‘l. Faqatgina tong otmasa — bas.
— Oyim dori ichib o‘tirgan bo‘lsalar kerak, men ketdim!
Ko‘chaga chiqqanimizda dunyoni qor bosgan edi. To‘zon, tuman. Bir qadam narini ko‘z ilg‘amaydi. Shu qiyomatda Yalang‘ochga yetib borish kerak. Iloj yo‘q, oyisi dori ichib o‘tiribdi. Yana birpasgina kutsa-ku olam guliston edi — hademay tong otadi. Ana o‘shanda dori ichadimi, sirkami — ko‘ngli tortgani. Injiq, besabr xotin ekan. Onasini ko‘rginu qizini ol. Yo‘q, Malika… yaxshi baribir!
Janob Malikaning to‘rvasini (Yangi yil bazmiga somsa pishirib kelgan edi) ko‘tarib olgan. Xushomad. Sadoqatli it. Xira pashsha. Ham g‘ashim keladi, ham kulgim qistaydi: zarurga-ku zarur, qudag‘ay xola, sizga nima zarur?
Shunaqa bir alomat toifa bor. Doimo ergashib, suykalishib yuradi. Soya, sharpa. O’zi mustaqil holda biron ishning uddasidan chiqolmaydi. Sevib-sevolmaydi, ketib-ketolmaydi. Mudom birovlarning ma’shuqasiga ko‘z tikkani tikkan. Kulgili va ayanchli joyi shundaki, gohida o‘sha oshiq-ma’shuqlar o‘rtasida vositachilik ham qiladi: gap tashish, xat-pat degandek. Oqibat — pinhona umidlar bilan yura-yura, dog‘da qolib ketadi. Bechora Janob! Qo‘lida kattakon to‘rva, mashina tutaman deb yelib-yugurishini qarang. Joni jabborniki. Mayli, yuzta joni bo‘lsa, bari-bari o‘shaning, ya’ni— Malikaning yo‘lida nisor! Shu qiliqlarini yuziga solsangiz, «Sen uchun-da, jo‘ra! Birga o‘qiymiz-ku, jo‘ra!» deydi yerga qarab. Mehribon jo‘ra, shum raqib!
Qor qo‘ynida, harir-ko‘kish to‘zon ichra xira miltillagan uchta chiroq bazo‘r sudralib kelayotir. Nihoyat! Ikkitasi yer bag‘irlagan, uchinchisi teparoqda. Ikki qo‘lida ikkita dur, peshonasida oltin jig‘a…
Janob yo‘lning o‘rtasiga chiqib fidoyilarcha turib oladi.
Ko‘k belbog‘li sariq mashina, milisaning mashinasi. Ichida ikki odam, hokimiyat vakillari — yonlamasiyu ko‘ndalangiga kamar taqqan, yelkalarida zarrin tasma, peshonada to‘g‘a, mis to‘g‘a… Xudo urdi!
Janob tap tortmaydi. Anovinaqa ashyo-anjomlardan unda yo‘q, albatta, lekin g‘ururi o‘ziga yarasha, til-jag‘dan ham xudo qismagan. Bir yoqda Malikaning oldida mulzamlik, boz ustiga o‘lgudek sovqotib ketyapti.
— Yangi yil muborak, taqsirlar!
— Qulluq, qulluq.
— Bizlarni lutfan Yalang‘ochga olib borib tashlanglar, iltimos.

— Qizilidan bitta bo‘ladimi? . — Insof qiling-da, taqsir!
— Eshikni yop! Taqsiir!..
Xayriyat, savdomizni Malika eshitmaydi. U bozor joyidan nariroqda — bekatda qunishibgina, mushfiq bir qiyofada turibdi. O’n so‘m emish-a! O’n so‘mga o‘n marta borib kelsa bo‘lar Yalang‘ochga. Shu tobda ikkalamizning cho‘ntagimizni qoqishtirib qaraganda ham o‘n so‘mga yetishi gumon. O’zimizni qo‘shib hisoblaganda ham. Ayniqsa, hozir, shu yupun, mirquruq holimizda. Lekin — ko‘ngil qurg‘ur osmoni falakda, osmon barobar g‘ururu da’voga to‘la. Qizdan pul so‘ramoq — gunohi azim, o‘limning o‘zginasi. Birimiz shoiru birimiz Janob bo‘lsak! Yana deng — ikkalamiz ham oshiq. Birimiz oshkora, birimiz pinhona. Cho‘ntaklar bu ahvol. Ma’shuqa bekatda sovuqdan diydirab turibdi. Oyisi uyda dori bilan suvning nisbatini chamalayapti. O’jar, o‘zboshimcha qiz esa, xushtorlari bo‘lmish ikki landavurning noshudligiga chidab, qorbo‘ron kechasi allaqayoqlarda tentirab yuribdi.
Ko‘p o‘tmay boshqa bir mashina ko‘rinadi.
— Besh so‘mingni chakkangga yopishtir, uka! Yalang‘och dunyoning ketida-yu!
Ko‘chada qorovullik kilayotganimizga bir soatlar bo‘lay deyapti. Yana andak chidab bersak tong otadi. Malikamizning ko‘ziga ko‘rinmaslik uchun ikkalamiz yo‘lning ikki yoqasiga go‘yoki arqon tutganmiz.
Yana bir mashina. Oldingi o‘rindiqlarda po‘stinga o‘rangan ikki yigit. Janob jonholatda oynaga yopishib, yolvoradi:
— Jon og‘aynilar, iltimos!..
Insof degani bor ekan-ku!
Apil-tapil kirib mashinaga o‘rnashamiz. Ikki po‘stin o‘zaro g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir qiladi. Gaplari qulog‘imizga kirmaydi — izg‘irin etni uvada, ustixonlarni ilma-teshik qilgan. Malikaning qo‘lini kaftlarim orasiga olganman: muz, barmoklari zirillaydi.
— Qaysi tomonga, akaxonlar? — deb so‘raydi po‘stinlardan birovi.
— Aytdik-ku, Yalang‘och tarafga!
— Bular-chi?
— O’sha yoqqa.
— Sizlar-chi?..
Mashina negadir yo‘l yoqasida to‘xtaydi. Gap so‘ragan po‘stinli Janobdan «bir minutga» chiqishni iltimos qiladi. Ular sal nari ketib, nima haqdadir so‘zlasha boshlaydi. Bir mahal eshik shartta ochilib, Janob qo‘limdan tortadi:
— Tushinglar! Tez! Bu mashinada ketmaymiz!
Malika ikkovimiz hang-mang bo‘lib mashinadan tushamiz. Mashina shu zahoti kiyim-boshimizga qor aralash shaltoq sochib shiddat bilan jo‘nab qo‘yadi.
— Nima bo‘ldi o‘zi? — deyman gangib.
Janob meni chetroqqa boshlaydi.
— Bizlarni, sen bilan meni uy-uyimizga olib borib qo‘ymoqchi…
— Nega… Malika-chi?
— Uni… uni.. — Janob yuzini chetga buradi. — «Biz opketaylik», deydi maraz!
Battar, tovonimga qadar muzlab ketaman. Alam, tahqir va sovuqdan dod deb yuborgim keladi. Qani, ovoz chiqsa! Chiqqanida kim eshitardi? Eshitganda nima!
Endi mashina kutish befoyda. Malikani o‘rtaga olib chor-nochor yayov yo‘lga tushamiz. Yo‘l toyg‘oq, manzil uzoq. Bir-birimizga suyanishib ketib boryapmiz. So‘z yo‘q, sado yo‘q. Sovuqdanmi, charchoqdanmi, shu qadar karaxt bo‘lib qolibmizki, allaqanday mashina yonginamizga kelib to‘xtaganini ham payqamabmiz. Qordek oppoq «Volga».

— Yo‘l bo‘lsin, yoshlar?
Umidsiz, hafsalasizlik bilan, ammo uchalamiz ba-avar javob beramiz:
— Yalang‘ochga.
— O’tiringlar.
Tushimizmi bu, o‘ngimiz? Ishonar-ishonmas mashinaga kiramiz. Ichkarida, haydovchining biqinida bir juvon ham bor ekan. Egnida qorqizlar kiyadigan yoqa-engi paxmoq po‘stincha, boshini ixchamgina qilib oq sholro‘mol bilan tang‘ib olgan.
— Yaxshimisizlar? Yangi yilinglar bilan! — deb qo‘yadi u eshitilar-eshitilmas ovozda.
Xijolatdan shosha-pisha biz ham ularni bayram bilan qutlagan bo‘lamiz.
Mashina sekin qor kechib jiladi. Issiqdan a’zoyi badanlarimizga jon oralay boshlaydi. Orqadagi ko‘rinmas karnaylardan o‘ychan bir navo taralmokda. Tanbur. Xushbo‘y atir hidi… Janob ikkalamizning ham xayolimizda bir o‘y: bu rohat-farog‘at hali qanchaga tusharkan? Kamida yuz so‘m so‘raydi-yov. Mayli, Malikani uyiga eltib qo‘yaylik, qolgani bir gap bo‘lar. Bor-budimizni qoqishtirib beramiz. Besh so‘m ham chiqmasa kerak. So‘ka-so‘ka tushirib yuborar. Bu yog‘i tong yaqin, o‘lib qolmasmiz. O’lib qolsak ham Malika ko‘rmas. Unamasa, izza qilamiz, yonidagi juvondan uyalar. Ayol kishining oldida bizdaqa qashshoq talabalar bilan savdolashib o‘tirmas, o‘ldimi! Xushro‘y juvonga o‘xshaydi. Ma’shuqasimikan? O’zi qari-ku, o‘ttiz beshlarda bor… Bo‘lmasa kimi? Qaysi ahmoq bayram kechasi xotinini bunday davron qilib mashinaga solib yuradi?!
To‘pori Janob, hech kutilmaganda, ehtirosli tovush bilan baytxonligini boshlab qoladi:
Oshiq o‘ldum, bilmadim, yor o‘zgalarga yor emish,
Olloh-olloh, ishq aro mundog‘ balolar bor emish…
Tun. Qor. Mashina shahar markazi bo‘ylab ohista yeladi. Ikki yonda, boshlar uzra rangin chiroqlar silsilasi. Biz tushgan kema ana shu turfa yog‘dular bag‘rida suzib borayotir. Quloqlar ostida tanbur navosi. Tantanavor bir namoyish. Oldinda bir juft oshiq-ma’shuq, orqada bir juft. Birgina odam ortiqcha. Lekin bu safar bazmini, bu fusunkorlikni shu kimsaning dardli ovozi, o‘qiyotgan otashin misralari uyg‘unlashtirib, obod etib turibdi.
O’rtanurmen, ko‘ngliga andin asar bo‘lg‘aymu deb,
Bo‘lsa ta’sir, anga holimdin xabar bo‘lg‘aymu deb…
Bildik, Malikaning oldida o‘zlarini ko‘rsatmoqchi! Izhori muhabbat, ochiq-oshkor! Qarasam, haddidan oshyapti, tobora xiralashib ketyapman. Yodaki bisotimni kavlashtirib, «Sango-mango» laqabli domlamiz tazyiq ostida o‘rgatgan g‘azallardan ayni shu vaziyatda kinoyaomuzroq jaranglaydigan bir bayti xayolimga keladi:
Ishq ayladi yuz oqilu farzonani rasvo,
Ne ayb, agar qildi bu devonani rasvo.
Shu tariqa zimdan kurash boshlanadi: sen zo‘rmi, men zo‘r? Malika, o‘zing bahola! Malika esa taajjubda: bir balo bo‘lganmi bularga, favqulodda g‘azalxonlik, begona birovning mashinasida!..
«Begonalar»ga bizning bu qilig‘imiz negadir erish tuyulmaydi, dalda bergan kabi juvon qarab-qarab qo‘yadi. Chamasi, bu hol ularning ham ko‘ngliga hamohang.
Sirasi, biz — ikki talabgor hozir istihola nimaligini bilmasdik. Ko‘r edik, kar edik. Bizning ilohimiz hozir — yakkash muhabbat, bayt, g‘azal, qo‘shiq. Bunga esa ayni tobda hamma narsa muhayyo edi.
— Ke, endi «jon» payroviga o‘tamiz, — deydi otashin qiyofaga kirgan Janob.
Shoh baytlar. Navoiy bobo qulog‘imizga shivirlab turibdi.
Janob boshlaydi:
Jong‘a yo‘q ko‘nglumdinu ko‘nglumg‘a yo‘q jondin xabar,
Menga ne o‘zdin xabar, ne ko‘nglum olg‘ondin xabar.
Men kursimizdagi Safar no‘noqqacha hamma yod biladigan mashhur baytni shafe keltiraman:
Jism aylarmu fig‘on, bo‘lg‘och nafas jondin judo,
Aylagil ondin judo, qilg‘uncha jonondin judo.
Janob tap-tayyor:
Jong‘a zulmungni nechakim ko‘nglung istar, oncha qil,
Men cheka olg‘oncha demon, sen qila olg‘oncha qil.
Navbat meniki. Ammo hadeganda mendan sado chiqavermagach, yakkam-dukkam bisotim ado bo‘lganini sezib, raqibim mushoira maydonida yolg‘iz qoladi. Battar avju tantana qiladi u:
Mehr ko‘p ko‘rguzdim, ammo mehribone topmadim,
Jon base qildim fido, oromijone topmadim.
Shunda men ham bo‘sh kelmaslikka tirishaman:
Jonimdin o‘zga yori vafodor topmadim,
Ko‘nglumdin o‘zga mahrami asror topmadim.
— E, xo‘sh-e, salomat bo‘lgaylar! — deydi Janob tirsagimdan chimdib. — Mirzo Bobur-ku bu!
— Navoiyniki emasmi?
Janobning jig‘ibiyroni chiqadi:
— Navoiy deganing nimasi! Tabarruk zotlarning nomlarini toq aytib bo‘lmaydi. Shakkoklikka yotadi bu. Nizomiddin Mir Alisheri Navoiy, muxtasarroq aytish lozim bo‘lganda — mavlono yoki hazrati Navoiy degan ma’qul.
— Ma’qul, ma’qul, — deb qo‘yaman irimiga, bemavrid bu saboqdan ensam qotib.
Biz bugun yigirma birinchi asr bo‘sag‘asida turibmiz. O’tgan asrlar adabiyotiyu ularning namoyandalari olisda qolib ketgan. Biz endi Lorka, Ximenes, Uitmen, Neruda ruhida yashamoqqa oshiqamiz. «Navoiy zamonida qolib ketgan» yolg‘iz odam kursimizda mana shu — Janob, Janobiddin Sayfiddinov; laqabi — Janobiddin Savdoyi yoki janob Janob. U hamon Navoiy zamonida yashaydi, o‘sha qadim Hirot muhitidan nafas oladi. Shundan, gap-so‘zlari odamga erishroq, o‘zi ham picha savdoyiroq tuyuladi. (Qaydam, o‘z navbatida biz uning nazarida havoyilarga o‘xshab ko‘rinsak kerak.) Qizlarimiz uni ochiqdan-ochiq «nenormalniy» deb ataydi, biz esa masxara aralash — «navoiyshunos».
Darhaqiqat, uning gapirgan gapi — Navoiy, Navoiyga doir biron yangilik topmagan kuni darsga kelmaydi. «Menga qolsa, hazrati Navoiyni o‘qiganga — nomzodlik, uqqanga doktorlik unvonini berardim, — deydi. Keyin o‘zicha kuyunib, komil ishonch bilan ta’kidlaydi: — Toki ul zotni o‘qimas ekan, uqmas ekan, bu xalq odam bo‘lmaydi». Biror nimadan nolib, hasrat qilsangiz yoki besabab, bemavrid suyunsangiz — xullas, unga sharhi dil aylasangiz, mudom bir xil, qisqagina maslahat olasiz: «Hazrati Navoiyni mutolaa qiling, hamma javobni o‘sha kishidan topasiz». U turib-turib, masalan, olamshumul bir jiddiyat bilan gapirib qoladi: «Kecha tun bo‘yi kamina o‘zimcha fikr etdim va shunday xulosaga keldimki, Navoiy hazratlari odam bolasi emas ekanlar…» «Ie-ie, bu nima deganing?» «Avliyo ekanlar, payg‘ambar! Negakim, oddiy odam bolasining quvvai iqtidori bunchalikka qodir bo‘lmas. Yo‘q, ishonmayman, hargiz!»
Biz, oddiy odam bolalari, hali aytilganidek, darsda Navoiyni o‘tib bo‘lganmiz, Janob esa hamon o‘sha muhit, o‘sha mavzular bilan mashg‘ul: kurs ishi, eski-tuski qo‘lyozmalar, ilmiy jamiyat, navoiyshunoslar yig‘ini… Qandaydir to‘plamda bir-ikkita kichik-kichik maqolalari chiqib, «Sango-mango» domlamizning yaqin maslahatgo‘yiga aylandi, kursda ham birmuncha obro‘ qozongandek bo‘ddi.
Bizni bog‘lab turgan narsa — u bilan ikkalamiz bir yurtdanmiz, birga o‘qiymiz, keyin… yo‘q, bu bizni bog‘lab turmasdi, bizni o‘zaro raqibga aylantirgan edi. Mana, shu baytbarakning mazmunidan ham ayon.
Uni deb shunchalik jangu muhoraba ketyapti-yu, Malikaning parvoyi falak, to‘g‘rirog‘i, xayoli boshqa yoqda: oyisi bor dorilarini ichib bitirmay uyga yetsam deydi…
Manzilga yetganimizda qiziq bo‘ldi. Malikalarning torko‘chasi boshida mashinadan tushib, Janob ikkovimiz iymana-iymana cho‘ntaklarimizni titkilayotgan edik, mashinaning egasi qo‘l siltadi:
— Qo‘yinglar-qo‘yinglar, kerakmas!
Bizning o‘zi quruq «rahmat»dan bo‘lak hech vaqomiz yo‘q edi.
— O’zlaringga rahmat. Omon bo‘linglar, — dedi u mashinasini iziga burib olarkan. — Navoiyni… hazrat Navoiyni unutmagan o‘zbek bolalaridan pul olsak, uyat bo‘lar, gunoh! Shunaqa emasmi?
Uchalamiz ko‘cha boshida serrayib turib qoddik.
— Ana, qaranglar, — dedi Janob hayajon bilan, — hazrati Navoiyning ruhi poklari bizni qo‘lladi!
Afsuski, bundan bu yog‘iga uni hech kimning ruhi qo‘llamadi: Malika menga mayl bildirgani ko‘rinib turar, uni endi bir o‘zim kuzatishim lozim edi. Shunda, xayrlashuv pallasi Janob ikkovimiz bir daqiqa bir-birimizga tikilib, boya boshlagan mushoiramizni xayolan yakunlagan bo‘ldik.
Janob:
«Voyu yuz ming voykim, tarki muhabbat qildi yor,
Bilmayin qoldim menu qilmay xabar ayrildi yor».
Men:
«Hildi dushman rahm baskim, qildi javr izhor do‘st,
Ey ko‘ngul, dushman top emdi, tutmag‘il zinhor do‘st».
— Janob:
«Ko‘nglung istar yorlar birla hamisha shod bo‘l,
Mendinu kimdinki, ko‘nglung istamas, ozod bo‘l».

2

Men Malika bilan yaqinlashgan sari Janob mendan uzoqlashardi. Mendangina emas, jamoatdan ham. Hech kimga aralashmaydigan odamovi, yakkamoxovga o‘xshab qoldi. Endi ko‘rgan-ko‘rishganda sovuqqina salom-alik qilardik, xolos. Bu orada o‘qishlarni bitirdik, ko‘cha-ko‘chasini topib har kim har yoqqa to‘zib ketdi. Yurtdoshlik, kursdoshlik hurmati, bir paytlardagi chatish xotiralar haqqi, atayin xabar yuborganimga qaramay, Janob to‘yimizga kelmadi. Balki to‘g‘ri qilgandir, uning o‘rnida men bo‘lganimda ham bormas edim.
Shu tariqa begonalashib, Janobiddin mening, Malika ikkimizning hayotimizdan go‘yo chiqib ketdi. Xuddi o‘zaro kelishib olgandek, umumiy bir gunohimizdek, uni eslamay ham qo‘ydik. Aytishlaricha, sharqshunoslik institutida yurganmish. Eski qo‘lyozmalarning changini artib. Uzoq yili qaysi bir jamoat yig‘inida ko‘rdim ham. Ko‘zoynak taqib olibdi. Fan nomzodi. Navoiyshunoslikka oid bahstalab mavzularda sharhlari chiqib turadi. Shu borada shov-shuvli bir masalani qo‘zg‘ab yurgani ham qulog‘imga chalingan edi.
Uylanmadi. Eshitishimcha, «Hazrati Navoiy tutgan yo‘riqdan borib, toq o‘tmoqni ixtiyor etdim», der emish…
Keyin — mana shu xabar…

3

…O’sha kuni u kechki reys bilan Samarqandga uchishi kerak ekan. Qo‘lida Navoiy davriga oid kashfiyot darajasida muhim hujjat, navoiyshunoslar anjumanida qatnashishi, ma’ruza qilishi lozim. Ilmiy sessiya ertaga ertalab ish boshlaydi.
Lekin aeroportda nima hamdir bo‘ladi-yu, samolyotga chiqish oldidan «Kechiqdingiz, odam to‘lib qoldi» degan bahona bilan uni reysdan qoldirib yuboradilar. Bu so‘nggi reys ekan. Alamiga chidayolmagan navoiyshunos to‘polon ko‘taradi, yo‘lini to‘sgan haligi ma’mur bilan jiqqamusht bo‘lishgacha boradi. Mojaroga shu atrofda aylanib, jamoat o‘rtasida tartib o‘rnatib yurgan militsiya kapitani aralashadi. Mashg‘ulot topilganidan quvonib, u shartta kelib navoiyshunosning qo‘lini qayirib oladi. Tartibbuzarni xosxonasiga eltib, hujjatlarini tekshiradi, so‘roq qilgan bo‘ladi. Gap-so‘zlari birmuncha havoyiroq tuyulganiga qaramay, dardu da’vosini eshitgach, yumshaydi, yupatadi: «Hechqisi yo‘q, og‘ayni. Bunaqasi bo‘lib turadi bizda. Birortasini shoshilinch uchirib yuborish kerak bo‘lgandir-da. Sizga maslahat: bu kecha uyga borib maza qilib damingizni oling. Ertaga azonlab kelsangiz, men o‘zim tonggi reys bilan jo‘natib yuboraman».
Bu va’dani omonat cho‘ntagiga joylab sal-pal hovuridan tushgan navoiyshunos, kapitanning huzuridan chiqqach, o‘ylab boshi qotadi. Ijara uyi shaharning narigi chekkasida, azonlab bu yerga yetib kelmog‘i dargumon. Boz ustiga xo‘jaykasi bilan aytishib qolib, boshqa joyga ko‘chmoqchi, uch kundan beri esa bir talaba hamqishlog‘ining katalagida tunab yuribdi. Sho‘ppayib bu kech ham kirib borishi noqulay — ertalab xayrlashib chiqqan.
Daf’atan xayolida bir fikr tug‘ilib, aeroportning biqinidagi baland binoga qarab yuradi. Bir hisobda samolyotdan qolib ketgani foydaga. Bu kecha shu yerda bafurja o‘tirib qo‘lidagi qog‘ozlarni saranjomlaydi, anjumanda bayon etajak mulohazalarini puxtalab olaDI…
Qachon, qaysi mehmonxonada bo‘sh joy bo‘lgan?! Ammo, navoiyshunos xiralik qilib yopishib olgach, ma’mur xotin iygandek bo‘lib uning pasportini varaqlab ko‘radi-yu, basharasiga otib yuboradi: «Propiskangiz shaharda-ku, boring, uyingizga borib yoting!»
Masalaning bu jihatini o‘ylab ko‘rmagan navoiyshunos sarosimada qoladi. Keyin zo‘r berib yalinmoqqa tushadi. Foyda chiqmagach, do‘q-siyosatga o‘tadi. Ma’mur xotin ham bo‘sh kelmaydi, tahdid chorasini qo‘llaydi: «Hoziroq bu yerdan daf bo‘lmasang, milisa chaqiraman!» «Milisani men o‘zim chaqiraman», deydi navoiyshunos ko‘nglida bir ilinj bilan va mehmonxonadan chiqib boyagi maslahatgo‘yining oldiga yuguradi. Kapitanga ahvolni tushuntirib, «Mehmonxonaga sim qoqib, bir kechaga joy olib bering, taqsir, — deya iltimos qiladi. — Navoiyshunoslikka hissa qo‘shgan bo‘lasiz».
Kapitan nimadandir diqqat bo‘lib o‘tirgan ekanmi, boyadan beri qimmatli vaqtini o‘g‘rilab bezor qilgan bu nusxaning o‘zini tutishi, gap-so‘zlari endi shubhaliroq tuyulib, ijirg‘anish bilan so‘raydi: «Nimalar deyapsiz o‘zi, og‘ayni? Qanaqa navoiyshunoslik?» «She’r, g‘azal deganini tushunasizmi o‘zi? — deydi navoiyshunos uning bepisand ohangidan ranjib. — Mir Alisher Navoiy degan zotni eshitganmisiz?» «Ha, «Munojot»ni yozganmi?» Navoiyshunos bu gapga sal tirishadi-yu, sir boy bermay: «Mana, u kishi nima debdilar…» deya g‘azal o‘qimoqqa kirishadi.
She’r ohangi ta’sir qiladimi yo omi ko‘ringisi kelmaydimi, kapitan: «Bizning ulug‘imiz ham yozadilar, u kishi qo‘shiq yozadilar! — deydi faxr-iftixor bilan va tortmasidan piyozning po‘stidek yupqagina bir kitobcha olib, mehr bilan avaylab stolga qo‘yadi: — Mana, u kishining kitoblari! Ayniqsa, bitta qo‘shiqlari bor, zo‘r! Eshitgandirsiz, «O-o, kechalar…» deb aytadi».
«Ha endi, sizning ulug‘ingiz qayoqdayu hazrati Navoiy qayoqda! — deydi navoiyshunos, dardi-holi esida yo‘q, astoydil bahsga kirishib. — Unaqalar butun bor — ertaga yo‘q. O’tadi-ketadi. Hazrati Navoiy esa… Mana, quloq soling…»
Hazrat Navoiyning davri o‘tgan, bugun o‘zgacha davron ekan. Kapitan ana shu davronning fidoyi, ko‘ru kar gumashtalaridan edi. U qo‘shiqnavis ulug‘ining muxlisi, muxlisi ne, sadoqatli quli, sanoqsiz mirg‘azablaridan biri edi. Bir muddat odamshavanda bo‘lib ko‘ringan bu kimsa, mirg‘azabligi esiga tushib, yana asliga qaytadi. Yaqin bir soatdan buyon boshini qotirayotgan mana bu telbanamoning andishasizligiga achchig‘i keladi. O’zidan pastroq bir mirg‘azabga buyuradiki, bu shakkokni anovi xonaga olib kirib boplab adabini bersalar, to ulug‘ning ulug‘vor qo‘shiqlariga hamnavoz bo‘lmagunicha darralasalar…
«Kimsani dard ahli deb, sirrimga mahram ayladim,
O’z-o‘zumni kuch bilan rasvoi olam ayladim».
Shakkok boltadan qaytmaydigan xilidan bo‘lib chiqadi. Hammayog‘i mo‘mataloq, og‘zi-burni qon holiga, boyagi lafzini qo‘ymaydi: «Ulug‘ing shoir-poir emas, o‘tkinchi! O’shanga sig‘ingan senlar esa — qonxo‘r jallod!» Keyin o‘z-o‘zidan sovuq iljayib bayt o‘qiydimi-ey, g‘azal o‘qiydimi-ey…
«Dahrdin mehru vafo qilma havas,
Elidin g‘ayri jafo qilma havas».
Hibsxonaga oq xalat kiygan ikkita norg‘ul-norg‘ul yigit kirib kelganda shakkok, ko‘zlarida yoshi shashqator, hamon ovozini baralla qo‘yib g‘azal o‘qiyotgan bo‘ladi. Norg‘ullar uni tappa yerga bosib, oyoq-qo‘lini bog‘lashadi, a’zoyi badanini ombirdek siqqan allaqanday ridoga o‘rab, «Tez yordam» mashinasiga tiqishadi.
Shakkok bu yerda bemorga aylanib, bir em bilan besh kun ko‘zini ochmay yotadi. Oltinchi kuni o‘ziga ke-lib, hovliga o‘rmalaydi. Qaerga tushib qolganini qo‘rib, ho‘ng-ho‘ng yig‘laydi. Ammo hech kim parvo qilmaydi, hech kim hayron ham bo‘lmaydi. Chunki bu yerda undan ham qattiqroq ho‘ngrab yig‘laydiganlar serob ekan.
Shu zayl asta-sekin ahvoliga ko‘nikadi, bundagi tartib-qoidaga bo‘ysuna boshlaydy; o‘ziga o‘xshagan birodarlariga aralashib, elakishib, baytu g‘azallar o‘qib yuradi. Ular orasida «Navoiy», «shoir» degan laqablar orttiradi. Ilk daf’a bundan xabar topganida, ya’ni — kimdir «Ho‘ Navoiy» deb chaqirganida u birdan ko‘karib ketadi, so‘ng shifoxonani boshiga ko‘targudek to‘polon qiladi. Shunda uni tutib olib yana emlaydilar…
Bir kuni yo‘laqda farrosh kampirga pul qistirib, sharhi ahvoli bayon etilgan maktubni jo‘natishni so‘raydi.
Xizmatdosh hamkasblari hech gapdan bexabar, uning Samarqandda bunchalik uzoq qolib ketganiga ajablanib, o‘sha yoqda kasal-pasal bo‘lib qoldimikan, degan gumon bilan yurishgan ekan. Tezda bu yerga yetib kelishibdi. Ahvolni ko‘rib, avval hayron, so‘ngra darg‘azab bo‘lishibdi: bu qanday shafqatsizlik, bu qanday qabohat! O’sha kuniyoq zudlik bilan ishxonalaridan vakolatnomayu kafolatnoma uyushtirishibdi. Biroq, shifoxona ma’muriyati bu qog‘ozlarni inobatga olmabdi: boshqa joydan boshqa ko‘rsatma kelgan ekan.
Nihoyat, yigirma kunlardan keyingina unga javob beriladi. Kutilmaganda ruxsat tekkani bois, yonida birga ketadigan hech kim yo‘q, o‘zi yolg‘iz ekan.
Oqibati shu bo‘libdiki, ijara uyiga ketayotib, metroning oxirgi bekatiga kelganda, «Bu o‘zimning uyim-ku, nega bo‘shatar ekanman?!» deya da’vo kilib turib olibdi…
Yana o‘sha mirg‘azablar, yana o‘sha oq xalatli norpolvonlar, yana em… Keyin…

4

…Dafn marosimidan ezilib qaytdim.
Sho‘rlikning so‘raydigan kiroyi kimsasi yo‘q — besoyib; amakisimi, tog‘asi bor ekan, u ham yetib kelolmadi shekilli, shahardagi qabristonlardan biriga dafn etildi.
Mozordan qaytishda ba’zi birovlar o‘limi tafsilotini muhokama qilishdi: o‘shandoq joyda qanday ro‘y berishi mumkin bunday hodisa, beparvolik, sovuqqonlik; nahotki, hech kim ko‘rmagan bo‘lsa; arqonni qayoqdan topdi ekan… Marhum Samarqandga olib jo‘nagan o‘sha muhim hujjat haqida gap bordi, har xil tusmol-taxminlar aytildi, bahs bo‘ldi: qo‘lyozma chindan ham kashfiyotmidi; qaerda qoldi ekan; taqdiri nima kechdi; nahotki, shunday noyob hujjat yo‘qolgan bo‘lsa… Bu borada hech kim tayinli biror gap aytolmadi.
Keyin kimdir marhumning fe’l-atvoriga oid ehtiyotsizroq bir gap qilgan edi, dafn ahli o‘sha kishiga baravariga o‘qrayib qaradi.

5

Uyga kelgach, Malikani ko‘rib yana bezovta bo‘ldim. Bu hodisani unga aytgim kelaverdi. Ammo… tilim bormadi. Kelib-kelib endi, rashkka o‘rin qolmagan bo‘lsa-da (qabohat-ku bu!), aytolmadim. Ko‘rqdim, nimadandir qo‘rqdim. Hanuz qo‘rqaman…
Lekin, o‘sha tushdek qorbo‘ron kechasini hayotimizdan o‘chirib tashlab bo‘lmasligiga ham aqlim yetadi. Ushanda bizga unutilmas bir himmat ko‘rsatgan kimsani eslab esa ko‘ngil taskin topgandek bo‘ladi.

хдк

 

(Tashriflar: umumiy 1 705, bugungi 1)

Izoh qoldiring