Oybek. Navoiy. Roman & Abdurasul Eshonboboev. Oybek — navoiyshunos

004    Ойбекнинг ушбу романида Алишер Навоийнинг ҳаёт йўли, ўша даврдаги ижтимоий ҳаёт ва мураккаб сиёсий воқеалар акс эттирилган. Ойбек бу асарнинг яратилиши ҳақида ўз таржимаи ҳолида қуйидагича ёзган эди: «Навоий образи менинг кўпгина лирик шеърларимда найдо бўлди ва ниҳоят, 1942 йилда «Навоий» романини тамомладим». Бу асар турли муҳокамалардан сўнг 1944 йилда нашр этилган.

055
Абдурасул Эшонбобоев
ОЙБЕК — НАВОИЙШУНОС
042

056  Атоқли адиб Ойбек Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди билан ўтган асрнинг 30-йилларидан то умрининг сўнгига қадар мунтазам, жиддий шуғулланган. Ёзувчининг шоир ижодига доир тадқиқот, рисола, мақола, қайдлари ўн тўққиз томлик “Мукаммал асарлар тўплами”нинг ўн учинчи жилдидан жой олган. Ушбу жилдни таниқли адабиётшунослар Б.Назаров ва Н.Раҳимжоновлар адибнинг рафиқаси З.Саидносирова иштирокида зарур илмий изоҳ, шарҳлар билан нашрга тайёрлаганлар. Бу илмий изоҳлар, айрим ишларнинг вариантлари, қайта таҳрир билан боғлиқ қайдлар ёзувчи ижодий-илмий лабораториясига кириш, уни тўлиқ тушуниш ва тушунтиришда муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, адиб тадқиқотларида учрайдиган илмий асарлар, бирламчи манбалар, тарихий шахслар, географик жой номлари юзасидан берилган маълумотлар ноширларнинг жиддий меҳнати маҳсулидир.

Биз адиб тадқиқотларидаги айрим фикр-мулоҳазаларга диққат қаратишни лозим топдик. Сабаби, Ойбекнинг теран талқинлари, чуқур мушоҳадалари, нозик кузатишлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолган деб ҳисоблаймиз.

Ойбек 1936 йили ёзилган “Навоий ҳақида” тадқиқотида шоир яшаган давр, ҳаётининг асосий нуқталари, уни қуршаган адабий муҳит хусусида мухтасар тўхталиб, ундан кейин ижоди таҳлилига ўтади. Лирик мероси ҳақида сўз юритиб етакчи хусусиятларини тўғри кўрсатади: “Навоийнинг поэзияси метафорикдир. Унинг ғазалларида метафоранинг кўплигидангина эмас, балки аксар ғазаллар бошдан охиригача мажозий равишда тузилади. Уларда ишоралар, рамзлар, киноялар катта роль ўйнайди. Навоийнинг метафоралари аксар ҳақиқатан чуқур, оригинал бўлади. Фикр ва нарсалар орасида кутилмаган, янги муносабатларни, янги томонларни очажак бир характердадир. Умуман, Навоийда сўз юқори нарсаларга ишорат қилиши керак”. Шу билан бирга, Ойбек шоир ғазалларининг муҳим белгиси-лирик сюжет мавжудлигини нозик илғаган. Масалан, у шоирнинг “Ўтган кеча мен эрдиму ул сиймтан эрди” деб бошланувчи ғазалини “ишқий ҳикоя” дея номлайди. Қизиғи шундаки, Бобур аруз рисоласида Навоий ғазалларининг хос хусусиятларини кўрсатиш мақсадида юқоридаги шеърни мисол сифатида келтириб “Боштин –аёқ бу ғазалда бир ҳикоят манзум бўлубтур” деб ёзган эди. Эслатиб ўтамиз, Бобурнинг аруз рисоласи ўтган асрнинг 70-йилларига келиб нашр қилинди. Шоир лирик меросини кенг кўламда тадқиқ этган Ё.Исҳоқов бу типдаги ғазаллар хусусида шундай ёзган эди: “Маълум бир поэтик лавҳа тарзидаги сюжетли ғазаллар моҳият эътибори билан ўзига хос шеърий новеллалар бўлиб (“манзум ҳикоят”), Навоий девонларида шу типдаги ғазалларнинг ўнлаб намуналари мавжуд. Муҳими шундаки, бундай ғазалларнинг биринчи намуналари шоир ижодининг илк даврига мансуб”.

Адиб шоирнинг шеърияти ўз даври адабиёти ва маданияти тарихида муҳим ўрин тутган тасаввуф фалсафаси таъсиридан холи эмаслилигини тўғри кўрсатади:” Шоирларимиз Эроннинг сўфийлик поэзиясига тақлидан айрим тасаввуф мотивларини тараннум қилдилар. Тасаввуф поэзия учун гўё фалсафий бир мавзу бўлиб қолди. Шоирларимиз орасида дарвешлари бўлгани каби, ҳаётда сўфийликдан узоқ турган, лекин тасаввуфга бир нав ҳурфикрлилик каби қараган, ўз ижодида тасаввуф асосларини ифодалашга қизиққан шоирлар ҳам кўп эди”. Ойбек тасаввуфга баҳо берганда босиқлик билан ўринсиз ҳаяжонга берилмай, масаланинг бутун мураккаблигини ҳисобга олиб мулоҳаза юритади ва бу билан бугунги айрим тасаввуфшунослардан ажралиб туради. Ўтмиш тарихий воқаеларга ёндашганда эса тарихийлик принципига қатъий амал қилади. Яъни бирор-бир тарихий ҳодисани юзага келишига сабаб бўлган омиллар, унинг тараққиёти ва таназзулини муайян давр билан боғлиқ ҳолда талқин этади. Албатта, адибнинг тасавввуфга доир мулоҳазаларининг айрим ўринларида даврнинг мафкуравий руҳи сезилиб туради, бунда, шунингдек, тасаввуфни ўша пайтда ўзбек адабиётшунослигида ўрганилиш даражасини ҳам назарда тутиш лозим. Бироқ буларга қарамай, Ойбекнинг тасаввуф борасидаги баъзи мулоҳазалари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолган. Масалан, тасаввуфнинг қон томири бўлмиш ҳурфикрлилик ҳақидаги мулоҳазалар ва бугунги кунда масаланинг ушбу томони тадқиқотчилар эътиборидан негадир четда қолмоқда.

Адиб шоир қаҳрамонлари хусусида сўз юритар экан, уларнинг фаол шахсиятига диққат қаратади: “Фарҳод актив шахсият. У тинч, шоҳона ҳаёт кечиришдан ўзини минг балога уриб муаммони ҳал этишни афзал кўради. Аждаҳо ва девлар билан курашиб, ниҳоят, тилсимни очишга муваффақ бўлади. Умуман, тилсим масаласи ва уни очиш учун Фарҳоднинг курашиши, ундаги жасорат ва ироданинг чуқур символик маъноси борким, бу билан Фарҳоднинг образи чуқур ижтимоий аҳамият касб этади”. Бироқ бугунги кунда Фарҳод образининг ирфоний қатламларини чуқур тадқиқ этаётган олимларимиз асардаги ижтимоий “юкни” негадир назардан соқит этмоқдалар. Натижада, шоирнинг илғор ижтимоий ғоялари ирфоний қатламлар орасида қолиб, тасаввуфий талқинлар устунлик қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Навоий ижодида ишқ концепциясининг тутган ўрни юзасидан янгича қарашларни илгари сурган Ё.Исҳоқов “Навоий поэтикаси” монографиясида шундай ёзган эди: “Навоийнинг ишқ масаласидаги концепциясининг асосий моҳияти шундан иборатки, бир қатор мистик шоирларда бўлганидек, мажозий ишқ (инсонга, борлиққа бўлган реал севги) ҳақиқий ишқ (вужуди мутлаққа-ҳаққа бўлган муҳаббат)дан алоҳида олиниб, унга қарама-қарши қўйилмайди. Балки мажозий ишқ ишқи ҳақиқийнинг бир кўриниши ёки ҳақиқий ишқ йўлидаги ўзига хос босқич сифатида баҳоланади. Руҳан пок, маънавий комил инсон учун мажознинг ўзи айни ҳақиқатдир”.

Устоз Ойбек Фарҳоднинг ўлими олдидан айтган сўзларига диққатни қаратиб ёзади: “Ширин ишқида Фарҳод дунёни ўз душмани ихтиёрига ташлаб, қабрга киришни истамайди. У сабога мурожаат қилиб, ўз юртига, халқига, ота-онасига салом етказишни, аҳволидан хабар беришни ўтинаркан, ўз кўкалдоши Баҳромга вазифа топширади:

Будур комимки, Баҳроми диловар
Ки бор эрди манга ул ёруёвар.

Чериклар жамъ айлаб бемадоро,
Буён қилса азимат ошкоро.

Қиличи тўйғариб Хусравни жондин,
Тиласа бегуноҳ қонимни ондин!”

Фарҳод ўгай укаси Баҳромни Хусравдан қасос олишга чақирмоқда ва бу эса унинг курашувчанлигидан далолатдир. Бадиий асар индивидуал ижод намунаси бўлиши билан бир қаторда муайян даражада ижтимоий ҳодиса ҳамдир. Ҳар қандай ижодкор маълум бир даврнинг фарзанди бўлиб, ижодида ўзи яшаган замоннинг муаммоларини у ёки бу даражада акс эттиради. Унинг шахси қанчалик кучли, юксак бўлса, асарларида бу шунчалик ёрқин, бўртиб туради. Навоий ўз асарларида инсониятнинг энг юксак идеалларини куйлади, нафақат куйлади, балки ўз идеаллари учун курашди ҳам. Ва айни шу хислатлари билан шоир ўз салафлари ҳамда замондошларидан кескин ажралиб туради. Шу ўринда машҳур рус мунаққиди В.Белинскийнинг қуйидаги сўзлари ёдга келади: “Шоир қанча буюк бўлса, у ўз жамиятига шу қадар кўпроқ мансуб бўлади. Истеъдодининг камол топиши, йўналиши, ҳатто характери ҳам жамият тарихий тараққиёти билан чамбарчас боғланиб боради”. Биз Алишер Навоий ҳаёти ҳамда ижодида айнан шундай ҳолатни кўрамиз. Гарчи, юқоридаги фикр рус адабиёти, аниқроғи, М.Лермонтов ижоди юзасидан билдирилган бўлишига қарамай методологик аҳамиятга эга ҳамда ижодкорга баҳо берганда буни инобоатга олиш лозим. Устоз Ойбек Алишер Навоий ижтимоий фаолияти ҳамда ижодиаро бир бутунликни кўра олган ва бутун кузатишларини шу асосга қурган.

Адибнинг 1940-йили ёзилган “Навоийнинг дунёқараши масаласига доир” мақоласи шоир дунёқарашининг асосий нуқталарини тўғри очиб берганлиги билан ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ойбек Навоийнинг фалсафий қарашлари поэтик шаклда, бадиий образ қобиғига ўралганлигини таъкидлади: “Навоий нима тўғрисида фикр юритмасин (ишқ, дўстлик, адолат проблемалари ёки тараққиёт ва фан масалалари), у ҳамма вақт шоир бўлиб қолаверади. Навоий мутафаккир сифатида мантиқнинг қатьий чамбарлари ичида муҳокама юритмайди, балки жонли, илҳомкор тил билан куйлайди”. Дарҳақиқат, фалсафий ғояларни илмий йўсинда баён этиш билан поэтик шаклда ифодалашаро муайян фарқлар мавжуд ва бу ҳол ўрта асрлар Шарқ маданиятида (кенг маънода) бадиий сўзнинг эгаллаган мақеи билан изоҳланади. Бу даврда хатто тиббий рисолалар ҳам назмда битилган. Бадиий образ ичига яширинган фалсафий мулоҳазани очиб бериш учун эса бутун давр фалсафий-ирфоний меросидан хабардорлик талаб қилинади. Акс ҳолда, бу борадаги мулоҳазалар тўлақонли бўлмайди.

Муҳими, шоир фалсафий қарашлари бадиий образ қобиғига ўралганидан қатъий назар ўзбек тилида ёзилганлиги билан улкан аҳамиятга эга. Ҳолбуки, она тилидаги фалсафий матн абстрак тафаккурнинг ривожига туртки бериб, тилнинг ифода имкониятлари кенгайишига алоқадордир. Кези келганда шуни таъкидлаш жоизки, ўтмишдаги бизнинг улуғ аждодларимиз мутафаккир ҳамда мутакаллимларнинг илмий мероси (фалсафий, диний, ирфоний) араб ва форс тилида ёзилган. Демак, устоз Ойбек биринчилардан бўлиб диққатни тортган шоирнинг фалсафий қарашларини қиёсий аспектда, кенг кўламда ўрганиш ўзбек фалсафий меросини жаҳон фалсафий фикр тарихида тутган мақеини ойдинлаштириши мумкин. Ва бундай ёндашув бугунги кунда ўзгача долзарблик касб этади.

Шу билан бирга, Ойбек шоир ижодида фалсафий ва бадиий тафаккур тарзининг бир бутунлигини кўра олган: “Навоий жаҳон адабиётида асарлари чуқур фалсафий мазмунга эга бўлган оз миқдордаги буюк ва нодир ижодкорлардандирки, уларнинг асарларида фалсафа билан поэзия органик равишда бирлашади, ягона бир тилга эга бўлади. Навоийнинг ҳар бир достонининг асосида оламшумул идеялар ётади, бу идеялар устида ҳамма замонларнинг порлоқ заколари ишлаганлар ва улар учун курашганлар”.

Адибнинг ҳажман кичик, мазмунан бой ушбу мақоласи ўз даври навоийшунослиги ривожига самарали таъсир кўрсатган. Масалан, мисол сифатида навоийшунос-файласуф В.Зоҳидовнинг 40-50-йилларидаги мақолалари ҳамда рус тилида эълон қилинган монографиясини кўрсатиш мумкин. Таниқли шарқшунос Е.Бертельс эса “Улуғ ўзбек шоири” тўпламига (тўплам 1948 йили Ойбек таҳрири остида рус тилида чоп этилган) ёзган тақризида Ойбек ва А.Дейчнинг ҳамкорликда ёзган “Навоийнинг ғоялар дунёси” мақоласи юзасидан ижобий фикр билдирган:” Мазкур иш Навоий дунёқарашининг асосий нуқталарини аниқ очиб берган. Унда бир қатор қизиқарли мулоҳазалар бор ва бу фазилат улуғ шоир ижодини ўрганишни чуқурлштиради”. Шу билан бирга, олим мақоладаги айрим ноаниқликларни ҳам кўрсатиб ўтган. Умуман олганда, Е.Бертельс Ойбек шахсига эҳтиром билан қараган ва ижодини мунтазам кузатиб борган. Олим 1948 йили эълон қилинган “Навоий” монографиясининг кириш қисмида агар у ўзбек мумтоз адабиётининг билимдонлари Ойбек, Ғ.Ғулом, Ҳ.Зарифлар билан ҳамсуҳбат бўлмаганида Навоий ижодининг кўпгина томонлари ўзи учун қоронғулигича қолишини миннатдорлик билан эслатиб ўтади. Шарқшунос Е.Бертельс Иккинчи Жаҳон уруши йиллари Тошкентда бир муддат яшаган.

Хуллас, Ойбекнинг ХХ аср навоийшунослиги ривожида муҳим ўрни бор. Биз имконият доирасида адибнинг айрим мақолалари юзасидан фикр юритдик. Бугунги кунда ХХI аср навоийшунослиги қай йўсинда ривожланади деган савол кун тартибида долзарб бўлиб турибди. Ўйлашимизча, ўтмиш навоийшунослик фанининг барча босқичларини танқидий таҳлил этиб, холис баҳолаб, юқоридаги саволга жавоб топиш мумкин. Зеро, ретроспективадан перспектива туғилади.

Қисқаси, Ойбек сингари устоз навоийшунослар илмий меросига теран назар ташлаш истиқболдаги вазифаларни аниқлашда мустаҳкам пойдевор бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Ойбек
НАВОИЙ
Роман
042

032   ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йили Тошкент шаҳрида бўзчи оиласида дунёга келди.
Олдин ўрта мактабда, 1922—1925 йилларда эса Тошкент педтехникумида таълим олди. Сўнгра Ўрта Осиё Давлат дорилфунунида ижтимоий фанлар факултетида ўқишни давом эттирди. Ленинграддаги Плеханов номидаги Халқ хўжалиги институтида таҳсил кўрди. 1930 йили Ўрта Осиё Давлат дорилфунунини тугатиб, Олий мактабларда сиёсий иқтисоддан дарс беради.
Ойбек адабиётга 1926 йили чоп этилган «Туйғулар» шеърий тўплами билан кириб келади. Шоирнинг «Дилбар давр қизи» (1931), «Ўч» (1932), «Бахтигул ва Согиндиқ» (1933), «Темирчи Жўра» (1933) поемалари ўз даврининг шеърий солномаларидандир. Унинг йигирмадан ортиқ достонлари бўлиб, тарихий, замонавий ва хорижий мавзуларда яратилган.
Ўзбек халқининг 1916 йилги миллий озодлик қўзғолони ёзувчининг «Қутлуғ қон» (1940) романида зўр маҳорат билан реалистик ифодаланган. Адибнинг иккинчи йирик тарихий асари «Навоий» (1944) романидир. Ойбек бу романда ўзбек адабиётида биринчи бўлиб, улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий образини яратди. Унинг «Олтин водийдан шабадалар» (1949) асарида халқимизнинг урушдан сўнгги давр яратувчилик меҳнати, «Қуёш қораймас» (1958) романида Улуг Ватан урушида эришилган ғалаба акс эттирилган. Адибнинг «Улуғ йўл» (1967) асари эса «Қутлуғ қон» романининг мантиқий давоми бўлиб, унда ёзувчи миллий онгнинг шаклланишини маҳорат билан кўрсата олган.
Ойбек 1949 йилда Покистонга саёҳат қилди. Адиб Покистон ҳаётини, фикр ва туйғуларини, кураш ва интилишларини «Покистон хотиралари» очеркларида, қатор шеърларида, «Зафар ва Заҳро», «Ҳақгўйлар» достонларида, ниҳоят «Нур қидириб» повестида тасвирлади. Адибнинг автобиографик повести «Болалик» 1963 йилда яратилди. Қиссанинг бош қаҳрамони ёш Мусо яъни Ойбекнинг ўзидир.

Улкан адиб «Навоий» романи учун Давлат мукофоти лауреати бўлди, бир неча орден ва медаллар билан тақдирланди. У Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти совриндори ҳам бўлган. Ёзувчининг асарлари ўзбек адабиётининг жаҳон аро шуҳратини янада оширди. Устоз маҳорати ёш ёзувчилар учун ижод дорилфунунига айланди. Ойбекнинг ўлмас асарлари маънавий хазинамиздан мангу ўрин олди ва умумхалқ мулки бўлиб қолди. Унинг энг яхши асарлари жаҳон адабиёти хазинасига ҳам кирган. Ойбек 1968 йил 1 июлда 63 ёшида вафот этди. Вафотидан сўнг унинг 20 жилдлик тўла асарлари мажмуаси нашр этилди.

042

Биринчи боб

Баҳор қуёши кўкнинг тиниқ ферузасида Ҳиротнинг Гавҳаршод мадрасасининг ҳайбатли гумбази устида порлар, гумбазнинг азамат пештоқларининг нақшлари шўлаларда жонли, ҳавоий бир чаманзор каби турли-туман олов ранглар чақнатар, кабутарлар дам учиб, дам сирпаниб қўниб, гумбаз теварагида қувонч билан иноқ ўйнашар эди. Бир томони хонақоҳ, уч томони катакча-ҳужралар билан ўралган мадрасанинг кенг, текис, чорбурчак саҳнидан кеча шовдираб ўтган ёмғир кўзга илинар-илинмас буғ бўлиб ҳавога кўтарилмоқда эди. Толиби илмларнинг аксари букун ҳовлига чиқишган. Улар япалоқ ғишт ётқизилган йўлкаларга бўйралар солиб дарс тайёрлашади. Уларнинг қай бири «Қофия»да, қай бин «Ҳошия»да, қай бири «Шамсия»да. Мана бунда бири китобни тиззасига қўйиб катта саллали бошини узлуксиз чайқаб, кўзларини чирт юмган ҳолда ғўнғиллаб «Арабиёт»ни ёдлайди. Нарироқда уч муллабачча бир бўйра устида ўтириб, мушкул бир масалани баҳслашади. Улардан бири — серсоқол, рангпар ва ориқ — ўз мантиқининг кучини кўрсатишга ва «ҳақиқат мезони»ни ўзича таъриф этишга астойдил тиришар, шерикларининг далилларини рад этарди. Ундан ёшроқ, лекин ўжарликда ундан асло қолишмайдиган шериклари қичқириб, янги-янги далиллар, мулоҳазаларнинг тилсимли қўрғонини бир зумда сўз билан ясаб қўярдилар. Баъзан асл мавзу-баҳс ғойиб бўлар, улар баҳс асносида келиб чиққан янги нуқталарга берилиб, сўз чангалзорининг тиканли мушкилот билан тўла соҳаларида урина-урина, яна асли масалага қайтишади. Баҳслашувчилар баъзан мунозара алангасида ўзларини унутиб, бир-бирларига дағал иборалар айтишар, баъзан бургутдай ҳурпайиб, бир-бирларига чанг солмоққа тайёрлангандай қизиқ бир вазиятда бир зумгина қотишарди. Бу ҳои мадраса дунёсида жуда оддий ва табиий ҳодиса бўлгани учун уларнинг асабий шовқинига атрофдагилардан ҳеч ким эътибор қилмас эди.

Ҳужралар бўм-бўшдек кўринса ҳам, хонақоҳнинг пинжига тиқилган, қуёшга терс бир ҳужрада тўрт киши ғуж бўлиб, одатдагича, гурунглашиб ўтиришар эди. Ҳужра тор, захкаш. Эшикчанинг ланг очиқ бўлишига, баҳор қуёшида кўз қамаштириб порлаган кундузга қарамай, бу ерда ним қоронғилик ҳукм сурарди. Бу нарса ёлғиз бу ҳужрага хос сифат эмас, албатта. Мадраса ҳужралари — толиби илмлар масканла-рининг кенг, баҳаво бўлиши гўё одатга, анъанага, бутун зеҳниятга зид бўлгандек, Шарқда мадраса ҳужралари бир-биридан ҳеч фарқ қилмайди дейиш мумкин… «Илм игна билан қудуқ қазиш» деган қадимги фикрга ҳужраларнинг андозаси ёрқин бир мисол бўлсин, деб бир замонлар меъморий санъатда1 толиби илмлар учун шу андозани қабул қилган бўлсалар эҳтимол…

Ним қоронғи, захкаш ҳужрада улфати чорнинг суҳбати узилмас эди. Булардан учи толиби илм бўлиб, тўртинчиси бу ҳужра соҳибининг меҳмони эди. Буларнинг илм даражалари, ёшлари, феЪ1-ҳуйлари орасида катта тафовут, ҳатто зиддият бўлишига қарамай, мадрасанинг энг қашшоқлари болганларидан, аксар вақт тўпланиб, «икки ярим — бир бутун», дегандай овқат тадорикини бирга кўришар эди. Букун ҳам худди шу мақсадда йиғилишиб, декча қайнатиш ғамида бош оғритишарди. Ёш жиҳатдан энг каттаси — ҳужра соҳиби Алоиддин Машҳадий бўлиб, чувак юзини дағал қора соқол босган, пайваста қуюқ қошли, ҳар вақт ярим юмуқ хира кўзли, паст бўйли, чамаси қирқ ёшдаги киши эди. У ўн беш йилдан буён «Гавҳаршод» мадрасасида, шу ҳужрада истиқомат қилар, бундан бирон ёққа қўзғалиши ҳам белгисиз эди. Алоиддин Машҳадий ўз замонасининг энг пешқадам мударрисларида ўн йиллаб дарс олган бўлса ҳам, бирон илмда ўзини ёрқин кўрсата олмаган. Бир неча йилдан буён илмлардан кўнгли совиб, дарсларга кўпинча қатнашмайди ҳам. Лекин замонанинг бир кўп одамларига муяссар бўлган шоирлик бахти ёки бахтсизлиги уни ҳам бенасиб қолдирмаган. У шеърнинг турли навларида қалам юритади. Тунларни уйқусиз кечириб, девон ҳам тартиб қилган; муаммўда ўзини ягона бўлмаса-да, ҳар ҳолда энг чапдастлардан ҳисоблайди. Аммо унинг бу соҳадаги маҳорати ҳам худди девони каби ҳануз шеър оламига танилган эмас, бу аҳволга у ғоят қайғуради, дард уни ич-ичидан кемиради. Умидсизлик, ўксиз раҳ уни бир зум ҳам тарк этмайди. Шуҳрат, илтифот қидирган шоир шоҳларга бўлмаса-да, бекларга, вазирларга, ҳатто булардан қуйироқдагиларга ҳам қасидалар ёзиб тақдим этади. Саводсиз бекни «Жоми ул-улум», «Хазинаи маоний», «Фузало ва шуаро ҳомийси» деб юксалтиради. Унинг султонларга, ҳатто бекларга навкар бўлиб ўтган ота-бобосини офтоб оламтоб яратилгандан бери давлати, иқболи завол кўрмаган олий насабли «салтанат спеҳрининг хуршиди» ва ҳоказо пучак, лекин кўз қамаштиргич ялтироқ сўзлар билан мадҳ этмоққа моҳир. Алоиддин Машҳадий асабий, жиззаки, сезгир шахс; арзимаган нарсага кишидан кўнгли қолади. У кимдан ранжиса, ўша соатда бир ҳажв ила ўз «душман»ини сўз балчиғига шундай булғайдики, ўқир-кан, энг чиркин ҳид бурқиб туради.

Иккинчи муллабачча ҳиротлик ўрта ҳои оилага мансуб Зайниддин, қадди-қомати нозик, хушмуомала, хушсуҳбат, ҳавойи табиатли йигирма-йигирма бир яшар йигит эди. У тўрт-беш йилдан буён таҳсил кўриб, баъзи илмларда анча илгарилаган. Араб ва форс тилларини яхши эгаллаган. Лекин ҳавойи табиатли бўлиши ва ҳаётда зийнатни, хурсандчиликни севиши орқасида таҳсилга унча қунт қилмайди. Кўпроқ вақтини санъатларга бағишлайди. Мадраса аҳли орасида у ўзининг ҳуснихати билан машҳур. Бундан ташқари, яхши куйлайди, ғижжакни гўзал чалади: кейинги вақтларда отаси билан ораси бузилиб қолгач, фақирликка тушди. Бу мадрасада ва ўзга мадрасаларда бўлган асилзода, соҳиби давлат талабаларнинг ва Ҳиротдаги бекзода, вазирзодаламинг кечки базмларига, йиғинчоқларига бориб, куйи, сози билан ўлтиришни қизитиб, қорнини тўйдирар эди.

Учинчи талаба икки йил бурун Шаҳрисабздан таҳсил учун келган дўнг пешонали, миқти гавдали, ўткир, йирик кўзли ўн саккиз яшар Султонмурод эди. Бу йигит Шаҳрисабзда машҳур сангтарош устанинг ўғли эди. Уста Самарқандда иш вақтида катта бир бино тепасидан йиқилиб ўлганда, Султонмурод уч яшар бола эди. Ўқимишли, жонкаш-жафокаш онанинг тарбиясида улғайиб, дастлаб ўз шаҳрида, сўнгра Самарқандда таҳсил кўриб, ниҳоят, қариндошларининг ёрдами билан Ҳиротга келиб, бу мадрасага жойлашган эди. Унинг истеъдоди мадраса аҳлигагина эмас, балки Ҳиротнинг аксар олимларига маълум. У барча мавжуд илмларни эгаллаб, замона олимларининг пешвоси, «саромади» бўлишга тиришади. Диний илмлардан ташқари, риёзиёт, илми нужум, мантиқ, адабиёт ва ҳоказоларда кенг, пишиқ маълумот касб этган эди. У ўн тўрт яшар вақтида Самарқандда бир домласи унга шундай деган эди: «Қадим замонда бир олим ўтган экан. У, агар рубъи маскундаги барча олимларнинг хотирларидан барча улум ва фунун баногоҳ кўтарилса, у илмларнинг ҳаммасини аслидай тиргизишга қодирман, дер экан. Ўғлим, сизда ўшандай зако ва истеъдод кўраман, саъй-ғайратни асло қўлдан бермангиз!» Илмларда ана шу афсонавий олимнинг даражасига кўтарилиш Султонмуроднинг ғояси эди.

Роман давомини DocMe ёрдамида мутолаа қилинг, юклаб олинг

Oybek. Navoiy. Roman

065

(Tashriflar: umumiy 117, bugungi 1)

Izoh qoldiring