Rahim Vohidov, Najmiddin Komilov. Zakiy alloma

033

     Ўзбек адабиёти билан шуғулланиш — шарқшунос бўлиш, Шарқ адабиёти анъаналари, нозик ифодаларини ўзгача фаросат билан илғай оладиган, машаққатли меҳнатни кўнгил фароғати деб ҳисобловчи маърифат ошиғи бўлиш демакдир. Ботирхон Валихўжаевда бу фазилатлар мужассам эди. Унинг илмий муваффақиятларининг тагзамини шунда. Воқеан, бу фазилатлар Ботирхон акага отамерос, чунки у кишининг отаси Набирахўжа Валихўжаев жадидлар муҳитида тарбияланиб, Самарқандда мактаб ва маориф ташкилотчиларидан бири сифатида фаолият кўрсатган эди. Донишманд ота фарзанди кўнглида улуғ Шарқ шеъриятига меҳр уйғотди…

Раҳим Воҳидов, Нажмиддин Комилов
ЗАКИЙ АЛЛОМА
011

044 У шилдираб оқаётган ариқ бўйлаб, равон йўлдан Регистон майдонига кириб келар, Шердор, сўнгра Мирзо Улуғбек мадрасалари олдида тўхтаб, муҳташам қадимий обиданинг деворларига тикилар, нақшинкор ғиштларни ўпгудек бўлиб силаб-сийпалар ва кейин йўлга равона бўларди. Ташқи кўриниши ортиқча салобатдан холи, одми кийинган, хокисор назокати ҳар бир сўзи, муомаласидан билиниб турадиган бу закий инсон элга таниқли олим, академик Ботирхон Валихўжаев эди. Буни гўё бир қасамёд, ибодатдек қарийб ҳар куни такрорларди. У ҳар куни Регистоннинг шундайгина биқинида жойлашган Фақиҳ Абуллайс гузаридаги ҳовлисидан чиқиб, мунтазир шогирдлари олдига йўл олар экан, нилий гумбазлари осмон билан баҳслашаётган ҳашаматли мадрасалар ёнидан ўтар, Регистон қошида бир нафас тин олиб, гўё у билан саломлашгандек бўларди. Хаёллари тарих қаърига чўкарди.

Зеро, Регистон мўйсафид Самарқанднинг инсон кафти чизиқлари мисоли турли томонларга таралган кўча-гузарларинигина эмас, балки кўҳна ва бой маданий тарихимиз йўлларини ҳам бирлаштирадиган муаззам сирли обидадир. Не-не алломалар, не-не улуғ зотларнинг қадамжолари бўлган бу муқаддас тупроқни Ботирхон домла ҳар куни тавоф этгуси келарди, Регистон нақшинлари, мўъжизавий ёзувларига суқланиб боқар, улардан руҳланар, илҳом оларди. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий йигитлик ёшларида кезган йўлаклар, таҳсил кўрган дарсхона-ҳужралар, расталар кўз олдида гавдаланарди. Қутлуғ она шаҳри тарихи, унинг дунё маърифатига ҳисса қўшган соҳибкамол фарзандлари меросини ўрганиб, бугунги авлодга етказаётганидан қалбида қониқиш ҳисси жўшарди.

Ҳа, Ботирхон домланинг фахрланишга тўла ҳаққи бор эди, чунки у ўзининг ярим асрдан ортиқ умрини қадимий ва бой ўзбек адабиётини, тасаввуф машойихлари ҳаёти ва мероси, мадрасалар тарихи, яъни олий таълим тарихини ўрганишга бағишлаб, ўттиздан ортиқ китоб ёзди, юзлаб шогирдлар тарбиялади. Академик Б.Валихўжаев, албатта, биринчи навбатда, йирик адабиётшунос олим эди. Адабиёт тарихининг ҳали очилмаган талай даврларини ўрганди, янги-янги назарий масалаларни ёритиб берди, Зарафшон ва Қашқадарё-Сурхондарё адабий муҳити хусусиятларини тадқиқ қилиб, ўнлаб янги сиймоларнинг асарларини нашр эттирди.

04Адабиётшунос олим деганда, бадиий сўз нафосатини чуқур идрок этадиган, диди, завқи баланд, эстетик ҳодисалар қонунияти ва ўзига хос тараққиёт йўлларини ўрганадиган, асрлар тафаккури, тажрибаси ва ҳақиқатларни жамлаб, элга етказадиган юксак маърифатли закий инсонларни назарда тутамиз. Боз устига, адабиёт тарихи мутахассиси, агар у ўзини чинакам мутахассис деб ҳисобласа, бир неча Шарқ тилларини билиши, арабий ёзувдаги нодир қўлёзма асарларни бемалол ўқиб, таҳлил эта оладиган матншунос бўлмоғи даркор. Шундагина у жаҳон шарқшунослари билан беллаша олади. Зеро, ўзбек адабиёти билан шуғулланиш — шарқшунос бўлиш, Шарқ адабиёти анъаналари, нозик ифодаларини ўзгача фаросат билан илғай оладиган, машаққатли меҳнатни кўнгил фароғати деб ҳисобловчи маърифат ошиғи бўлиш демакдир. Б. Валихўжаевда бу фазилатлар мужассам эди. Унинг илмий муваффақиятларининг тагзамини шунда. Воқеан, бу фазилатлар Ботирхон акага отамерос, чунки у кишининг отаси Набирахўжа Валихўжаев жадидлар муҳитида тарбияланиб, Самарқандда мактаб ва маориф ташкилотчиларидан бири сифатида фаолият кўрсатган эди. Донишманд ота фарзанди кўнглида улуғ Шарқ шеъриятига меҳр уйғотди, Алишер Навоийнинг:

“Илм, Навоий сенга мақсуд бил,
Эндики илм ўлди, амал айлагин”,

деган ўгитини унинг қулоғига қуйди. Маърифатли оилада вояга етган Ботирхон Валихўжаевга фақат илмга ташналик эмас, камтарлик, одамларга яхшиликни соғиниб, яхшилик қилиш, шарқона одоб-тавозе, ҳалимлигу поклик хислати ҳам ота-онадан юққан.

Б.Валихўжаев ХХ аср 50-йилларининг ўрталаридан мазмундор мақолалари билан кўрина бошлади. Ёш олимни классик адабиёт жанрлари тараққиёти, поэтика ва маҳорат, адабий-эстетик қарашлар тадрижи, адабий алоқалар назарияси каби хилма-хил масалалар қизиқтиради. Тадқиқотчининг янгиликка ўчлиги, изланувчанлиги биринчи мақолаларидаёқ кўринган эди. Чунончи, у “XV — XX асрлар ўзбек адабий-танқидий қарашлари тарихидан” китобида бир қанча тазкиралар, тарихий ва мемуар асарларни изчил таҳлил қилиб, уларнинг жанр хусусиятларини аниқлади, танқидий фикрларнинг адабий ҳаракатчиликка таъсирини кузатиб, тазкирачилик соҳасидаги анъана ва нав- бунёдкорлик муносабатини кўрсатиб берди. Докторлик диссертацияси сифатида ёқланган “Ўзбек эпик поэзияси тарихидан” монографиясида эса, классик достончилигимизнинг ривожланиш босқичлари, бу жанрнинг ўзига хос хусусиятлари, халқчиллиги, турфа шакллари, тасвирий воситалардаги маҳорат назарий йўналишда тадқиқ этилади. Хиромийнинг “Чор дарвеш”, Олим Девонанинг “Гулшани асрор”, Маъфурхўжанинг “Вомиқ ва Узро” достонлари биринчи марта кенг таҳлил қилиниб, уларнинг ўзбек адабиёти тарихидаги ўрни белгилаб берилади.

Иқтидорли олимнинг кўпқиррали фаолиятида Навоий даҳосига садоқат сермазмун саҳифаларни ташкил этади. Ўзбек навоийшуносларининг ўрта авлоди борасида гап кетганда, шубҳасиз, рўйхат бошида бу заҳматкаш олимнинг ҳам номи тилга олинади. Унинг “Хамсачилик анъанасининг баъзи-бир хусусиятлари”, “Мажолис ун-нафоис” типидаги бир тазкира ҳақида”, “Навоийнинг поэтик миниатюралар яратиш маҳорати”, “Навоий ва Шайхим Суҳайлий”, “Навоий ва унинг издошлари ижодида туюқ”, “Навоийнинг мўътабар дастхати” каби мақолаларида улуғ ўзбек шоири ижодининг кўпгина масалалари ёритилган. Профессор Б.Валихўжаевнинг илмий изланишлари туфайли Алишер Навоийнинг автограф-дастхати топилди. Кўп йиллар илмда Навоий дастхати сақланмаган, деган фикр юрардики, Ботирхон домланинг мақоласидан кейин бу фикрнинг хато эканлиги маълум бўлди. Б.Валихўжаев мақоласида тилга олинган “Наводир ун-ниҳоя” девонида шоирнинг табаррук қўли билан ёзилган дастхати бўлиб, у Эронда ҳукумат кутубхонасида 1799-рақами остида сақланади(ушбу девон Суйима Ғаниеванинг саъй-ҳаракати билан нашр этилган). Айниқса, Навоийнинг 550 йиллик тўйи муносабати билан Ботирхон домланинг изланишлари янада самарали бўлди. Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва ижоди, қадамжолари, устоз ва шогирдлари ҳақида кўплаб янги маълумотлар эълон қилди, улуғ мутафаккир асарларини янги қарашлар асосида ўрганиб, нашр эттиришда ҳисса қўшди. Маълумки, Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти абулайслар хонадони билан боғланган. Б.Валихўжаев “Абулайслар хонадони” номли туркум мақолаларини ёзиб, ушбу сулоланинг илмий силсиласини аниқлади, Фазлуллоҳ Абулайснинг темурий шаҳзодалар, айниқса, Шоҳрух мирзо ва Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад билан алоқаси бўлганини исботлаб, Самарқанддаги шоир таҳсил кўрган мадраса ва хонақоҳлар қолдиқларини топди…

Б.Валихўжаев фаол зуллисонайн олим эди. У ўзбек адабиёти тарихини форс-тожик адабиёти тарихидан ажратиб ўрганиб бўлмаслигини ҳис этган ҳолда, икки адабиёт муаммоларини биргаликда, баравар ўрганишни афзал деб билди. Дарҳақиқат, Навоий ижодини Низомий, Ҳофиз ёки Жомий ижодини четлаб ўтиб ёхуд Ҳирот адабий муҳитида вояга етган Ҳилолий, Биноий, Восифий, Кошифий, Сайфий Бухорий каби форсийзабон шоирлар фаолияти ва асарларини Навоий таъсиридан ажратиб олиб, тадқиқ этиш мумкинми? Профессор Б.Валихўжаев ана шуларни назарда тутиб, хоҳ ўзбек тилида, хоҳ тожик тилида илмий иш ёзмасин, аждодларимиз орасидаги кучли алоқа, ҳурмат-эҳтиром, ҳамкорлик ва ҳаммаслакликни очишга алоҳида эътибор беради.

…Умр деган оғир карвон йиллар ва йўллар оша орзу-армонларимизни ортиб, силжиб бораверади. Олисда порлаган нур ҳамиша кишини ўзига тортаверади. Ботирхон домла ҳам ўша эзгулик, илм-маърифат ёғдуси сари интиларди. Устозни тинимсиз тафаккур, янги-янги ниятлар бағрида кўриш эса шогирдларига ҳузур бағишларди. Доимий кўтаринки руҳ қанотланган ва қаноатланган бардам олимона кайфиятни бошқаларга ҳам юқтирарди, ҳар қандай шароитда маърифат излашдан чарчамасликка чорлар, қўлга киритилган ютуқлардан кўра режалардаги ишлари кўпроқ бўларди. “Алишер Навоий ва адабий-танқидий қарашлар тарихи”, “Қалам туҳфалари” номли китоблари чоп этилгандан кейин Мовароуннаҳрнинг буюк мутасаввиф шайхи Хожа Аҳрор Валий ҳақида бир рисола ёзди…

“Эндиги вазифам, — деган эди Ботирхон домла, — Навоий қадамжолари харитасини тузиш, Самарқанддаги Навоий уй-музейини муносиб тарзда барпо этиш, “Девони Фоний”ни янгича қарашлар билан батафсил ўрганиш, Навоий замондоши бўлган самарқандлик шоир Аҳмад Ҳожибек девонини қидириб топиб, нашр этиш…“. Афсуски, булар армонлигича қолиб кетди.

044 Академик Б.Валихўжаевнинг илмий-ижодий фаолияти кўпқиррали ва таҳсинга лойиқ. Истиқлол йилларида гўё олимнинг кучига куч қўшилгандек бўлди, фаолияти янада самарали кечди. У “Мумтоз сиймолар” номи билан кўптомли тадқиқотлар яратди, адабиёт тарихини янги-янги манбалар билан бойитди. Тарихнавислик манбаларидан адабий ҳаётга оид янгиликлар топди. Шу асосда учта ўқув қўлланмасини ёзди. Бугина эмас, академик Ботирхон Валихўжаев мадрасалар тарихини ўрганиб, Ўзбекистонда ва умуман Шарқда олий таълим тарихини ёритувчи китоб ёзди. “Самарқандда олий таълим — мадрасаи олия — университет тарихидан лавҳалар”, деб номланувчи бу китоб шу соҳада биринчи йирик тадқиқот бўлди. Олим мадрасалардаги таълим-таҳсил методи, ўқитиладиган фанлар, ўқиш-ўқитиш тартибини ўрганиб, мадраса бизда университет таълимининг боши эканини исботлади. Айниқса, китобда Мирзо Улуғбек мадрасаси, унда Улуғбекнинг ўзи мударрислик қилгани, аниқ фанларни ўргатиш тартиби батафсил ёритилган.

Академик Б.Валихўжаев Самарқанд шуҳратига шуҳрат қўшган мукаррам зотлардан бири — Хожа Аҳрор Валийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиб, китоблар ёзди. Чунончи, унинг 1992 йили Самарқандда нашр этилган “Хожа Аҳрор Валий ҳаёти” номли рисоласи, кейинчалик тўлдирилиб, қайта-қайта нашр қилинди ва форс, турк тилларида Истанбул, Теҳрон, Душанбада ҳам чоп этилди. Олим улуғ шайхнинг номини оқлаб, маънавиятимиз тарихидаги аҳамиятини аниқ далиллар билан исботлаб берди. Шу аснода Хожа Аҳрор Валийнинг содиқ муриди Муҳаммад Қозининг “Силсилат ул-орифин” асари ва Махдуми Аъзамнинг “Зубдат ус-соликин”, “Танбиҳ ус-салотин” асарларини нашр эттирди(“Зубдат ус-соликин”ни ўзбекчага таржима қилди).

Ботирхон Валихўжаев — Ватанимизнинг кўзга кўринган сермаҳсул олимларидан эди, домла мураббий-устоз сифатида ҳам кўпгина ёш олимларни тарбиялади. Камтар, дилкаш бу инсон эл-юрт орасида ҳурмат-эҳтиром билан яшади, ҳукуматимиз томонидан юксак мукофот — “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотлангани ҳам бунга далилдир. Унинг ҳаёти ҳам, илму ирфони, инсон сифатидаги хислатлари ҳам ёшларга ибратдир.

2007

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 16-сони

021

(Tashriflar: umumiy 88, bugungi 1)

Izoh qoldiring