Xosiat Bekmirzayeva. Bobur va Navoiy.

021Мирзо Бобур ўзига устоз деб билган Навоий ижодини чуқур ихлос билан ўрганган, унинг кўпгина ғазалларини ёддан такрорлаб юрган. “Бобурнома”нинг 1499 – 1500 йилларга бағишланган бобида у руҳиятида вужудга келган безовталик ҳақида: “Гоҳи телбалардек ёлғуз пушта ва даштқа борур эдим. Гоҳи боғот ва маҳаллотни кўча-бакўча ахтарур эдим. Не юрумоқта ихтиёрим бор эди, не ўлтурмоқта, не бормоқта қарорим бор эди, не турмоқта. Шеър:

Не борурға қувватим бор, не турарға тоқатим,
Бизни бу ҳолатқа сен қилдинг гирифтор, эй кўнгул”, — дейди.

БОБУР ВА НАВОИЙ
Хосиат Бекмирзаева
021

08   Адабиётшунос Ботирхон Валихўжаев Бобурнинг ўзи Навоийнинг терма девонини тузиб чиққанини “Бобурнома” асосида аниқлаган. Навоийнинг идеал ҳукмдор ҳақидаги орзулари ҳам Бобур фаолиятида муайян даражада акс этган. Бобур ўзи тузган “Буюк империя”да ўтказган ислоҳотларини қарор топтириш ва мафкурасини мустаҳкамлаш учун астойдил ҳаракат қилган. Бунинг назарий асосларини яратиш мақсадида диний фалсафий, ҳарб ишига оид асарлар ёзган. “Мубаййин” ва ҳарбий масалалар хусусидаги рисолалари бунга далил бўла олади.

Алишер Навоийгача ҳам ўзбек ёзма адабий тили муайян даражада шаклланган, шеъриятда ҳам муайян анъаналар мавжуд эди. Алишер Навоий ўзининг турли мавзуга бағишланган шеърий ва насрий асарлари орқали ўзбек адабий тилини ривожлантирди. У бунинг учун ўзбек тили шевалари имкониятларидан фойдаланди, мавжуд адабий мактабларнинг анъаналарини ўзлаштириб ва умумлаштириб, ягона ўзанга солди. Профессор А.Ҳайитметов қайд этганидек: “Навоийнинг ўзбек тилида ёзиш ҳақидаги ташвиқот ва тарғиботлари ўз даврида у кутган даражада муваффақият қозонмаган бўлса ҳам, аммо ўзбек адабиётининг бундан кейинги тараққиётида жуда катта ижобий роль ўйнади” . Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шеърий ва насрий асарлари шундан далолат беради.

В.Белинский адабий таъсир хусусида сўз юритар экан: “Улуғ шоирнинг иккинчи шоирга кўрсатган таъсири у яратган поэзиянинг бошқа шоирда кўринишида эмас, балки унинг бошқа шоирда бўлган, лекин ҳаракатсиз ётган кучни уйғотиш ва ҳаракатга келтиришидадир” деб таъкидлайди. Бобур ҳам бошқа ижодкорлар сингари мавжуд адабий анъаналардан, таъсирланган бўлса-да. Лекин у Навоийнинг “олий услуб”ига тақлид қилмаган, Бобур оддий туркона услубда асарлар битди. Иззат Султоннинг фикрича, ўз асарларида замонанинг жуда муҳим ижтимоий ва фалсафий масалаларини кўтарган Навоий “олий услуб”да ёзишни катта адабиёт учун муносиброқ ҳисоблар ва шеъриятда соддаликни ҳаддан ошириб юборган шоирларни “бисёр туркона битадир” деб танқид қилган.

Навоий асарлари ва Бобур ижоди бир даврда турли усуллар мавжуд бўлишининг ёрқин намунасидир. “Бобурнома” жуда содда, равон тилда билан ёзилган. “Бобурнома”га нисбатан айтилган бу фикрни Бобур шеърияти хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Адабиётшунос Э.Очилов: “Бобур шеърларининг ҳаётийлиги уларнинг ижодхонада эмас, балки ҳаёт қозонининг ичида туриб ижод қилинганлигидир” деб қайд қилади. А.Аъзамов: “…Бобурнинг ўзига маъқул келган шеърларни ёд олиш одати бўлган” дейди.

Бобур ўзига устоз деб билган Навоий ижодини чуқур ихлос билан ўрганган, унинг кўпгина ғазалларини ёддан такрорлаб юрган. “Бобурнома”нинг 1499 – 1500 йилларга бағишланган бобида у руҳиятида вужудга келган безовталик ҳақида: “Гоҳи телбалардек ёлғуз пушта ва даштқа борур эдим. Гоҳи боғот ва маҳаллотни кўча-бакўча ахтарур эдим. Не юрумоқта ихтиёрим бор эди, не ўлтурмоқта, не бормоқта қарорим бор эди, не турмоқта. Шеър:

Не борурға қувватим бор, не турарға тоқатим,
Бизни бу ҳолатқа сен қилдинг гирифтор, эй кўнгул”, — дейди.

Ушбу мисралар Навоийнинг “Наводир уш-шабоб” девонидаги (385-рақамли) ғазалнинг учинчи байтидир. Руҳиятига мос келган учинчи байтини эсга олгани Бобур бу ғазални тўлиқ ёд билганини билдиради. Бобур Навоий ижодини чуқур ўзлаштиргани унинг лирикасида ҳам акс этган. Бу шоир лирикасида ҳам аниқ акс этиб туради. “Бобурнинг лирик ғазалларида, рубоий ва туюқларида бу ўрганишнинг ижобий натижаларини сеза олиш мумкин” .

Навоийнинг айрим шеърий мисралари Бобур шеърларида айнан қайтарилган:

Ошиқ ўлғоч кўрдум ул шамшод қаддин юз бало…
“Оллоҳ, оллоҳ, ишқ аро мундоқ балолар бор эмиш”.(64)

Тазмин санъати асосида Бобур ғазалидаги байтга киритилган иккинчи мисра Навоийнинг машҳур байти матлаъсидаги иккинчи мисрадир:

Ошиқ ўлдим билмадим ёр ўзгаларга ёр эмиш,
Оллоҳ, оллоҳ, ишқ аро мундоқ балолар бор эмиш…

Маълумки, Навоийнинг кўпгина ғазаллари аниқ бир мавзу бағишланган ва улар композицион жиҳатдан яхлит. Шоирнинг ушбу ғазаллари воқеабандлик касб этган. Бобур ижодида ҳам Навоий шеърлари таъсирида ёзилган бундай ғазаллар талайгина. Навоий ғазаллари мавзу ва мазмун эътибори, воқеабандлик даражасига кўра ҳар хил. Бобур ғазаллари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Навоий нимага эътибор қаратмоқчи бўлса, асар давомида ўқувчи диққатини бот-бот ўша нуқтага жалб қилади, ана шу мақсадга етказадиган сўзлардан қайта-қайта фойдаланади. Шундай ҳолат Бобур ғазалларида ҳам мавжуд. Бунга унингқуйидаги беш байтли ғазали аниқ мисол бўлади:

Қуёшим ҳар сориға азм қилса, заррае қолмон,
Не учунким, агар айрилсам ондин, кун кўра олмон.

Онингдек бўлмишам ҳайрон қуёш янглиғ юзунгаким,
Қуёшдек найзалар тегса кўзумга кўз ола олмон.

Агарчи ёр ишқи нотавон кўнглумға ўт солди,
Вале, мен нотавон ул ёр ишқида кўнгул солмон.

Ибодат вақти бўлса, ҳар неча меҳроб ўтрумда,
Қошин нақшин тасаввур қилмағунча, ерга бош чолмон.

Ироқу Форса гар етса сенинг бу шеъринг, эй Бобур,
Ани ҳифз этгуси Ҳофиз, мусаллам тутқуси Салмон.(98)

Ғазалда шоир қуёш, ёр ишқи каби сўзларни қайта қайта ишлатади. Ғазалдан қуйидагича маъно англашилади: Қуёшим (яъни ёрим) қай томон юрар бўлса, мен ундан зарра ҳам ортда қолмайман, нега десангиз, агар ундан айрилар бўлсам, кун кўролмайман. Қуёш юзингга шунчалар ҳайрон бўлганманки, қуёш нурлари гўё найза бўлиб кўзимга санчилса ҳам, ундан кўз узолмайман. Ёр ишқи нотавон кўнглимга гарчи ўт солди, аммо мен нотавон ёр ишқида кўнглимни хотиржам қила олмайман. Намоз вақти бўлганда, қаршимда меҳроб; у ҳар қанча яқин бўлса ҳам, ёр қошининг шаклини тасаввур қилмагунча, сажда учун бош қўя олмайман. Эй Бобур, агар бу шеъринг Ироқ ва Эронга етиб борса, Ҳофиз уни асраб, Салмон эса эъзозлайди.

Ғазал мисралари мазмунан бир-бири билан мустаҳкам боғланиб, олдингиси навбатдагисига йўл очган. Шоирнинг бошқа ғазалида ҳам шундай манзара мавжуд:

Бу кеча кулбамға келди ул қуёшим ёшурун,
Қарнларда келмади ҳаргиз мунингдек кечқурун.

Оғзидек тор фурсат васли, вале, ҳажри туни,
Ул муанбар сочи янглиғ ҳам қоронғу, ҳам узун.

То хаёли оразинг тушти кўнгулга, эй қуёш,
Бўлди кўнглум бир ёнар ўту сўнгакларим — ўтун.

Бўлди кўнглумда гириҳи ҳасрат анинг тор оғзидин,
Бор магар жисмим менинг тору кўнгул анда тугун.

Олғали жонимни ҳижронға ҳавола қилди ёр,
Қўйма ҳижронға, ажал, жонимни ол, тенгри учун!

Сарвдек қадди фироқида фиғонимдур баланд,
Гул киби рухсори ҳажрида ёшимдур лолагун.

Ишқ ила девоналиғда бўлмишам соҳиб камол,
Ишқ аҳли, эмди Бобурни дегайсиз зуфунун.(101)

Ғазалдан қуйидагича маъно англашилади: Бугун кечаси қуёшим (яъни ёрим) кулбамга хуфиёна келди, шунча замонлар ҳеч бундай кечқурун келмас эди. Висол фурсати унинг оғзидек тор, ҳажр йўли эса анбар бўй сочи каби ҳам қоронғу, ҳам узун. Эй қуёш (эй ёр), жамолинг ҳаваси кўнгилга тушгач, кўнглим тутантириғу суякларим ўтин бўлди. Тор оғзининг ҳасратидан кўнглим хижил бўлди, жисмим худди бир тору кўнгил ундаги тугун. Ёр жонимни олгани ҳижронга топширди; ажал, ҳижронга қўйгунча, тангри йўлида жонимни ол. Сарвдек қадди фироқида оҳу фарёдим юксакка ўрлайди, гул каби рухсори ҳажрида кўз ёшим лоларанг. Ишқнинг девоналигида комилликка эришдим, ишқ аҳли энди Бобурни аллома дейсизлар.

Бобурнинг бошқа шеърларидаги каби ушбу ғазалида ҳам арабча-форсча сўз ва иборалар нисбатан кам. Ғазалдаги қофиядош сўзлар: ёшурун – кечқурун – узун – ўтун – тугун – учун – лолагун – зуфунун ўша давр шеърияти учун оҳорли қофия саналади. Бобурнинг “Кошки” радифли ғазали бор. Лутфий ҳам, Навоий ҳам худди шундай радифли ғазал ёзган. Жумладан, Навоийнинг ғазалида:

Очмайғай эрди жамолинг олам аро кошки,
Солмағай эрди бари оламға ғавғо кошки,

дейилган бўлса, Бобур ғазалида янги фикр-мулоҳаза, ўзгача ҳиссиёт – армон-пушаймонлик ҳисси ифодаланади:

Кўрмагай эрдим жамоли оламоро кошки,
Бўлмағай эрдим бори оламға расво кошки.

Ихтиёр эт ўзга иш, Бобурки, ҳосил бўлмағай
Ишқу васлу айш ила ишратдин илло, кошки.(142)

Навоийда ҳам, Бобурда ҳам ёр ёғлиғи (рўмоли) ҳақида ғазал мавжуд. Муаллифлари айтилмасдан ҳам улар кетма-кет ўқилса, шеършунос бўлмаган киши ҳам ғазалларнинг қайси бири Навоийга, қайси бири Бобурга тегишли эканини аниқ ажратади. Тингловчи уларни фарқлаб олади. Бунга, аввало, сўз ва ибораларнинг танишлиги, фикрнинг аниқ ва лўнда ифодаланиши; қўлланган бадиий-тасвирий воситалари имкон беради. Албатта, бу ижодкорнинг маҳоратидан далолат беради. Бобурнинг ёғлиқ ҳақидаги ғазалида ёрнинг рўмоли ошиққа “жон риштаси”дан тўқилганга ўхшаб кўриниши таъкидланади. Лирик қаҳрамон машъуқага рўмолинг жонларнинг ришталаридан тўқилган, дейди. Шоир: “Хаста жонлар риштасидиндур магар ҳар тор анга?” деб савол берар экан рўмолга нисбатан ҳавасланиб: Эврулур бошингғаю гоҳи юзунга юз қўяр, Бу жиҳатдин от эмиш “гулпечу” гаҳ “гулзор” анга, – дейди. Бу байтдан шоир яшаган замонда рўмолнинг “гулпеч”, “гулзор” деган турлари бўлгани англашилади.

Бизнингча, “гулпеч” – дурра, “гулзор” эса рўмол маъносида келмоқда. Ғазалдаги сўнгги икки байт кўнгилга хитобан айтилган. Уларнинг бирида:

Эй кўнгул, юз пора қилса ёр тиғи, ғам ема,
Лутф этиб гар боғлар ўлса ёғлиғини ёр анга,

— деб кўнгилга тасалли беради. Мақтаъ байтда эса бу фикрни яна ҳам кучайтирилади:

Кўнглум истар ёғлиғингни, балки андин бир насим
Етса Бобурға эрур жон бирла миннатдор анга!(32)

Бобур ғазалда ёғлиқни байтма байт тадқиқ қилади ва унинг тўлақонли образини гавдалантиради. Бу эса “Бобур 18 ёшидаёқ арузни ҳам, ғазал санъатини ҳам етук даражада эгаллаган” идан далолат беради.

Бобурнинг ғазаллар хусусидаги айтилган фикрларни унинг рубоийларига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Чунки Бобур ҳам ўз рубоийларида Навоийнинг одоб-ахлоқ ва инсоний комиллик мавзуларини давом эттирган. Масалан, Бобурнинг ижтимоий-сиёсий аҳволи билан боғлиқ, “Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши” деб бошланадиган рубоийси Навоийнинг “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш” мисраси билан бошланувчи рубоийсига маъно ва мазмунан оҳангдош. Ёки Бобур: “Рафторию қаддиға равоним садқа, Бир боқишиға икки жаҳоним садқа”, — деганда, олисдан Навоийнинг шу монанд мисралари қадрдон куй бўлиб қулоғимиз остида янграйди. “Кўзум ичра ёр тутуб, кўнглумда манзил қилғудек” мисраси Навоийнинг “Қаро кўзум…” деб бошланувчи байтининг соддароқ талқинидир. Лекин бундан Бобур ижоди Алишер Навоий ижодига жуда яқин, деб нисбат бера олмасмиз, бунга сабаблар кўп. Бу ҳақда ҳинд адиби Қамар Райис шундай дейди: “Шоирнинг фожиаси шундаки, Алишер Навоийга насиб этган тинчлик хотиржамлик ва ҳаловат Бобурга муяссар бўлмади. Катта туғма истеъдоди, кучли эрудицияси ва ўзгаларга ўхшамас фикрлари жиҳатидан у Мир Алишер Навоийдан қолишмас эди” дейди.

Бобурнинг Навоийга битган мадҳия рубоийсида :

Мазмуни анинг хатти саводий ичра,
Зулмат аросида оби ҳайвон янглиғ!(168)

– деганига мувофиқ уларнинг “хати саводи ичра” оби ҳайвон қатраларини излаб, оби ҳайвон қатраларидан баҳра олмоққа уринамиз.

021

(Tashriflar: umumiy 184, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring