Husan Karvonli. «Boburnoma»da Amir Temur & Turg’un Fayziyev. Temuriylar shajarasi

Ashampoo_Snap_2017.04.03_15h37m17s_001_.png9 апрель — Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун

    «Бобурнома»да бир ярим мингга яқин тарихий шахсларнинг исми шарифи келтирилган. Улар орасида энг машҳури, шубҳасиз, буюк соҳибқирон Амир Темурдир. Асарда Темурбек номи турли муносабат билан 31 марта тилга олинган…

«БОБУРНОМА»ДА  АМИР ТЕМУР
Ҳусан КАРВОНЛИ
007

Темурбек

ba-bur.jpg«Бобурнома»да бир ярим мингга яқин тарихий шахсларнинг исми-шарифи келтирилган. Улар орасида энг машҳури, шубҳасиз, буюк соҳибқирон Амир Темурдир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур улуғ бобоси номини Темурбек деб битган: «Самар­қанд аркида Темурбек бир улуғ кўшк солибтур...».

Асарда Темурбек номи турли муносабат билан 31 марта тилга олинган бўлса, бир ўринда «Темурия» истилоҳи ишлатилган: «Ул фурсатлар Темурия салотини дастури била тўшак устида ўлтурур эрдим» («Бобурнома», Т.: «Шарқ», 2002, 53-бет). Ҳусайн Бойқарога бағишланган таърифда эса Соҳибқироннинг номи ҳозир биз ишлатадиган «Амир Темур» тарзида берилган: «Султон Ҳусайн мирзо бинни
Мансур бинни Бойқаро бинни Умаршайх бинни Амир Темур».

Бобур мирзо бобоси Темурбек номини илк бор отаси Умаршайх мирзо таърифида келтирган:

«Валодат ва насаби: секкиз юз олтмишда Самарқанд­та эди. Султон Абусаъид мирзонинг тўртунчи ўғли эди. Султон Аҳмад мирзо, Султон Муҳаммад мирзо, Султон Маҳмуд мирзодин кичик эди. Султон Абусаъид мирзо Султон Муҳаммад мирзонинг ўғли эди. Султон Муҳаммад мирзо Мироншоҳ мирзонинг ўғли эди. Мироншоҳ мирзо Темурбекнинг учунчи ўғли эди. Умаршайх мирзо била Жаҳонгир мирзодин кичик, Шоҳрух мирзодин улуғ эди.

Султон Абусаъид мирзо аввал Кобулни Умаршайх мирзоға бериб, Бобойи Кобулийни бек атка қилиб, рухсат бериб эди. Мирзоларни суннат қилур тўйи жиҳатидин Дарайи Газдин ёндуруб, Самарқанд элтти. Тўйдин сўнгра, ул муносабат билаким, Темурбек Улуғ Умаршайх мирзоға Фарғона вилоятини бергандур, Андижон вилоятини бериб, Худойберди Туғчи Темуртошни бек атка қилиб йиборди» (37-бет).

Бу маълумотдан шуни англаш мумкинки, темурий ҳукм­дорлар ҳар ишда сулола асосчисининг тутумларига риоя қилишга интилганлар. Яна шуни таъкидлаш жоизки, йиллар ўтиб, Кобул ҳукумати барибир Умаршайх мирзонинг ўғлига, яъни Бобур мирзога насиб этди.

Темурбек риоят қилғон..

«Навоий асарлари луғати»да «риоят қилмоқ» — «ҳурматламоқ» маъносини бериши қайд этилган. Ҳозир тилимизда «риоя қилмоқ» — «амал қилмоқ» маъносида ишлатилади. Лекин Самарқанд қишлоқлари шевасида бу ибора шаклини сал ўзгартирган ҳолда асл маъносини сақлаб қолган. Ёшлигимизда раҳматли отам биз ўғилларига бирон иш буюрганида шундай дер эди: «Уканг ҳали кичкина, роя қаранглар». Ёки ёши улуғ кимсага нисбатан ҳурматсизлик қилганларни қишлоғимизда ҳалиям «роя қарамади» дейишади.

«Бобурнома» муаллифи онаси Қутлуқ Нигорхоним Тошкент ҳокими Юнусхоннинг иккинчи қизи эканини таъкидлар экан, шундай фактни келтириб ўтади: «Юнусхоннинг онаси туркистонлиқ қипчоқ бекларидин Темурбек риоят қилғон Шайх Нуриддинбекнинг қизи ё набираси бўлур» (39-бет).

Амир Темур тарихидан маълумки, Шайх Нуриддинбек Соҳибқироннинг ишончли амирларидан бири бўлган. Кўп жанговар юришларда, жумладан Ҳиндистонни забт этишда қаҳрамонлик кўрсатиб, улуғ саркарданинг ишончига, ҳурматига сазовор бўлган. Шунинг учун Бобур мирзо уни «Темурбек риоят қилғон», яъни ҳурмат қилган инсон сифатида таърифлаган.

Амир Темурнинг ҳурматига энг кўп сазовор бўлган амирлардан бири Ийгу Темур бўлган. «Бобурнома»да Султон Аҳмад мирзонинг умароси таърифида унинг ҳам номи келтирилган: «Яна бир Дарвешбек эди. Темурбек риоят қилғон Ийгу Темурбекнинг наслидин эди» (46-бет).

«Темур тузуклари»да Соҳибқ­ирон Ийгу Темур ҳақида шундай деган: «Барлос улусининг баҳодир йигитларини ўз атрофимга тўплаб, уларни бирлаштирдим. Менга бўйсуниб кўмакдош бўлмоқлик учун розилик берган биринчи киши — Ийгу Темур бўлди…» («Темур тузуклари» — 21— 22-бет.

…Мени подшоҳ дегайлар

Заҳириддин Муҳаммад Бобур яшаган давр темурийларнинг таназзули авжига чиққан давр эди. Шундай вазиятда тарих саҳнасига Шайбонийхон чиқиб келди ва Бобур мирзо ёзганидек, Шайбонийхон ва у билан бирга келган ўзбеклар: «...жамиъ Темурбекнинг авлодининг илигидаги вилоятқа мутасарриф бўлдилар» (159-бет, 1507—1508 йил воқеалари).

Бу пайтда тақдир шамоллари темурий шаҳзодаларнинг энг тирик-тетиги бўлган Бобур мирзони Кобул томонларга бошлаб кетган эди. Ҳозирги Афғонистон ҳудудида мустаҳкам ўрнашиб олгач, яъни ҳижрий 913, милодий 1507—1508 йилги воқеалар баёнида у шундай ёзади: «Ушбу тарихқача Темурбекнинг авлодини бовужуди салтанат мирзо дерлар эди, ушбу навбат буюрдумким, мени подшоҳ дегайлар» (160-бет).

Бобур подшоҳнинг ушбу қарори ҳам унинг темурий мирзолар орасида ўзгачалигини, ўзига хос иқтидор ва салоҳият эгаси эканлигини далиллайди. Бобур подшоҳнинг ушбу қарори ҳам унинг темурий мирзолар орасида ўзгачалигини, ўзига хос иқтидор ва салоҳият эгаси эканлигини далиллайди. Темурийлар даври тугаб, энди бобурийлар даври бошланаётганига ишора ҳам эди бу гўё…

Темурбек наслидин…

Муаллиф уч ўринда «Темурбек нас­лидин» иборасини қўллаган. Биринчиси Ҳусайн Бойқаро ҳақида: «Темурбек наслидин ҳеч ким маълум эмаским, Султон Ҳусайн мирзоча қилич чопмиш бўлғай» (128-бет).

Иккинчиси Ҳусайн Бойқаронинг фарзандлари баёнида: «Яна бир қизининг оти Фотима Султон эди, Темурбек наслидин Ёдгор Муҳаммад мирзоға бериб эдилар» (131-бет).

Учинчиси — Ҳусайн Бойқаронинг амирларидан бири ҳақида сўз юритар экан, унинг Амир Темур наслидан эканини таъкидлаб ўтган: «Сўнгра келганлардинким, Шоҳ Исмоил Ироқ ва Озарбайжонга мутасарриф бўл­ғонда, андин Хуросон келиб эдилар, бир Абдулбоқий мирзо эди, Темурбек наслидиндур, Мироншоҳийдур» (Ҳусайн Бойқаронинг умароси таърифида, 136-бет).

Самарқанд таърифида

407.jpg«Бобурнома»да Самарқанд мавзуси алоҳида ўринга эга. Чунки Бобур мирзо Самар­қандни жуда севар эди, чунки Самарқанд тахтига астойдил интилганди, чунки Самар­қанд тахти ўша пайтлар темурий мирзоларнинг мавқеини белгилаб берадиган тахт эди, чунки ота-боболари бу улуғ шаҳарда туғилиб вояга етган эди, чунки Самарқандни буюк Соҳибқирон улкан давлатига пойтахт қилган эди: «Мўғул ва турк улуси Семирқанд дерлар. Темурбек пойтахт қилиб эди. Темурбекдин бурун Темурбекдек улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмастур» (59-бет).

Ҳар ишда тўғри тадбир қўллайдиган Амир Темур мамлакат пойтахтини танлашда ҳам тўғри йўл тутгани «Бобурнома»да шундай таърифланган: «Темурбекнинг зоду буди Кешдин учун, шаҳр ва пойтахт қилуриға кўп саъй ва эҳтимомлар қилди, олий иморатлар Кешта бино қилди.

…Чун Кешнинг қобилияти шаҳр бўлмоққа Самарқандча эмас эди, охир пойтахт учун Темурбек Самар­қандни-ўқ ихтиёр қилди» (61-бет).

Статистик маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда етиштириладиган мева-сабзавотларнинг деярли 20 фоизи Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келади. Бу мамлакатимизда етиштириладиган мева-сабзавотларнинг бешдан бир қисми дегани. Бу бежиз эмас, чунки Бобур давридаёқ бу диёр боғ-роғлари билан довруғ қозонган эди: «Яхши тумоноти бор. Ул жумладин, Сўғд тумани ва Сўғдға пайваст туманлардур. Боши Ёряйлоқ, оёғи Бухоро, бир йиғоч йўл йўқтурким, кент ва маъмура бўлмоғой. Андоқ машҳурдурким, Темурбек дегандурким: менинг бир боғим борким, тули ўттуз йиғочтур. Бу тумонотни дегандур» (61-бет).

Самарқанд ва Темурбек сўзлари бирга келган қуйидаги парча ҳам Самарқанд, Амир Темур ва темурийлар тарихига оид муҳим фактни ифодалагани билан қимматлидир: «Темурбек Самар­қанднинг ҳукуматини Жаҳонгир мирзоға бериб эди. Жаҳонгир мирзонинг фавтидин сўнг, улуғ ўғли Муҳаммад Султон Жаҳонгирга берди» (61—62-бет).

Соҳибқироннинг бунёдкорлиги

Амир Темур ва темурийлар қурган бино, иморат ва иншоотларнинг аксарияти ҳали ҳамон аждодларимиз закосидан хабар бериб, бутун дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Биргина Самарқандни олсак, бу кўҳна шаҳар «The Huffington Post» интернет наш­ри томонидан инсон ўз умри давомида ҳеч бўлмаса бир марта бориб кўриши шарт бўлган дунёдаги 50 шаҳардан бири сифатида эътироф этилишига, албатта, Соҳибқирон бобомиз ва унинг авлодлари томонидан бунёд этилган муҳташам саройлар, масжиду мадрасалар, боғ-роғлар ҳам сабабдир.

«Бобурнома»да ўқиймиз: «Темурбекнинг ва Улуғбек мирзонинг имороти ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур. Самарқанд аркида Темурбек бир улуғ кўшк солибтур, тўрт ошёнлиқ, Кўксаройға мавсум ва маш­ҳур ва бисёр олий имораттур» (59-бет).

Темурийлар тарихида Кўксарой қандай ўрин тутганини ушбу парча ниҳоятда аниқ ифодалайди: «Темурбек солғон олий иморатлардин бири Кўксаройдурким, Самарқанднинг аркида воқиъ бўлубтур. Ажаб хосиятлиқ имораттур. Темурбек авлодидин ҳар ким бош кўтариб тахтқа ўлтурса ҳам мунда ўлтурур, ҳар ким тахт доияси била бош қўйса ҳам мунда қўяр, ҳаттоким, кинояти бўлуб эрдиким, фалон подшоҳзодани Кўксаройға чиқардилар, яъни ўлтурдилар» (54-бет).

Амир Темур мақбараси ким томонидан бунёд этилгани ҳам «Бобурнома»да кўрсатиб ўтилган: «Темурбекнинг набираси, Жаҳонгир мирзонинг ўғли Муҳаммад Султон мирзо Самар­қанднинг тош қўрғонида — чақарда бир мадраса солибтур. Темурбекнинг қабри ва авлодидин ҳар кимки Самарқандта подшоҳлик қилибтур, аларнинг қабри ул мадрасададур» (59-бет).

Соҳибқирон ўз даврида Самар­қанд­ни дунёнинг энг гўзал шаҳрига айлантириш учун кўп саъй-ҳаракат қилган. Хусусан, ўзи забт этган мамлакатларнинг энг яхши устаю меъморларини Самарқандга чорлаб, уларнинг иморатлар барпо этишига шароит яратиб берган. Бу ҳақда «Темур тузуклари»да ўқиймиз: «Муҳандислар билан иттифоқда олий иморатлар барпо этиб, боғу бўстонларнинг тарҳини чиздирардим» (94-бет).

«Бобурнома»да Темурбек номи энг сўнгги марта 1525 йил воқеалари баёнида тилга олинган: «Нечукким  “Зафарнома”да Темурбекнинг “масжиди сангин” иморатини қилурда Мулло Шараф мундоқ муболаға била битибдурким, Озарбайжон ва Форс ва Ҳиндустон ва яна ўзга мамолик сангтарошларидин ҳар кунда икки юз киши масжидда иш қилурлар эди» (209-бет).

Амир Темур фақат Турон ўлкасини эмас, қаергаки зафарли қадами етган бўлса, ўша ерларни ҳам обод этишни ўзининг бурчи деб билган: «Яна амр қилдимки, хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига (янги) кўприклар солсинлар, йўл устида ҳар манзилгоҳга работлар бунёд этсинлар…

 Яна амр  этдимки, катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар, фақиру мискинларга лангархона солсинлар, касаллар учун шифохоналар қурсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласинлар» («Темур тузуклари», 145-бет).

Лангархона — йўловчилар қўниб ўтадиган ер; мискин ва етим-есирларга таом бериладиган жой, ғарибхона. «Бобурнома»да 1506—1507 йил воқеалари баёнида муаллиф Ҳиротдан Кобулга қайтаётганда шундай лангарлардан бирига, яъни Темурбек лангарига қўнганларини ёзади: «Темурбек лангаридин Муҳаммад Андижоний отлиқ Қосимбекнинг нав­кари Тўқбойдин Кобулдоғи бекларга бу ерга келганимизнинг кайфиятини битиб йибордук» (Ҳиротдан Кобулга қайтиш, 149-бет).

Ҳиндистон

Асарда Темурбек номи уч ўринда Ҳиндистон номи билан бирга келган.

Бобур ҳаётидаги энг катта, балки энг қайғули мағлубиятидан кейин (1501 йили Шайбонийхонга қарши Сарипул жанги) Самарқандга қайтиб, «қўрғон беркитади», яъни қамалда қолади. Олти ойлик қамалдан сўнг Самарқандни ташлаб чиқишга мажбур бўлади. Шундан сўнг бир муддат, яъни «Хуросон талабиға отланиб» чиққунига қадар Ўратепа, Хўжанд, Тошкент тарафларда сарсон-саргардонликда юради. Ўратепа кентларидан бири Даҳкатда бўлганини шундай баён этади: «Мен бир калонтарининг уйига туштим, қари киши эди, олтмиш-етмишда бор эди, вале онаси ҳануз бор эди. Хейли умр топқон хотун эди, юз ўн бир ёшта эди. Темурбек Ҳиндустонға кирганда бу хотуннинг уруқ-қаёшидин бири ул черикка бориб экандур. Ул хотирида бор экандур. Ҳикоят қилур эди» (87-бет).

Ҳиндистон орзуси ёш Бобур қалбида илк бор ўша юз ёшдан ошган момонинг ҳикояларини тинглаб уй­ғонгандир…

Мирзо Бобур ҳам буюк бобоси сингари Ҳиндистонни фатҳ этишни орзу қилгани сабабини шундай изоҳлайди: «Чун ҳамиша Ҳиндустон олмоқ хотирда эди, бу бир неча вилоятларким, Бҳира ва Хушоб ва Чаноб ва Чанут бўлғай, неча маҳал турк тасарруфида эди, буларни худ мулкимиздек тасаввур қилур эдук.

…Темурбек Ҳиндустон­ға кириб чиққани бери бу неча вилоятким, Бҳира ва Хушоб ва Чаноб ва Чиниват бўлғай, Темурбекнинг авлодининг тавобиъ ва лавоҳиқи тасарруфида эди» (166-бет).

Маълумки, бутун дунё тарихчилари Бобур мирзо тар­қоқ Ҳиндистонни бирлаштиргани, бунинг натижасида мамлакат тараққиёт йўлига тушиб олганини эътироф этганлар. «Бобурнома»да муаллиф Ҳиндистонни фатҳ этгунига қадар у ерда кимлар қайси ҳудудларга подшолик қилганини санар экан, Деҳлига Амир Темур тайин­лаган саййидлар табақаси подшолик қилганини таъкидлайди: «Деҳли Султон Аловуддиннинг илигида эди. Бу табақа саййидтур. Темурбек Деҳлини олғонда Деҳли ҳукуматини буларнинг оталариға бериб, бориб эди» (196-бет).

Султон Ҳусайн мирзодек…

Бобургача темурий мирзолар орасида энг довруғ қозонганлари, шуб­ҳасиз, Мирзо Улуғбек ва Ҳусайн Бойқаро бўлган — бири илми билан, иккинчиси қиличи воситасида. Бири Мовароуннаҳр, иккинчиси эса Хуросон тахтида бошқа темурий подшолардан кўра узоқроқ вақт ўтирган. Улуғбек мирзо Самарқандни илм-фан марказига айлантиргани, ўзи ҳам улкан олим бўлгани сабаб тарихда ўчмас из қолдирган бўлса, Ҳусайн Бойқаро даврида ҳам Ҳирот илм-фан, адабиёт, санъат юксак чўққисига чиққан улкан марказга айланган. Бу ҳақда Бобур шундай ёзади: «Султон Ҳусайн мирзонинг замони ажаб замоне эди, аҳли фазл ва беназир элдин Хуросон, батахсис Ҳири шаҳри мамлу эди. Ҳар кишинингким бир ишга машғуллуғи бор эди, ҳиммати ва ғарази ул эдиким, ул ишни камолға тегургай» (137-бет).

Асарда Ҳусайн Бойқаро ҳақида яна бир муҳим маълумот келтирилган, яъни: «Султон Ҳусайн мирзо бинни Мансур бинни Бойқаро бинни Умаршайх бинни Амир Темур. Мансур мирзо била Бойқаро мирзо подшоҳлиқ қилғон эмас. Онаси Ферузабегим эди, Темурбекнинг набираси. Султон Ҳусайн мирзо Мироншоҳ мирзонинг ҳам набираси бўлур эди. Султон Ҳусайн мирзо каримут-тарафайн эди, асил подшоҳ эди» (128-бет).

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Амир Темурнинг учинчи ўғли — Мироншоҳ мирзонинг авлоди экани назарда тутилса, демак ҳам ота, ҳам она тарафдан темурий подшолар авлоди бўлган Султон Ҳусайн Бойқаро Бобур мирзога ҳам ота, ҳам она тарафдан қариндош бўлган.

Бобуршоҳнинг Султон Ҳусайн мирзога муносабати ҳар доим ҳам ижобий бўлмаган. Баъзи ўринларда унга ҳурматини ифодалаган муаллиф, айрим жойларда ундан очиқчасига гина қилган. Шундай гинани 1503—1504 йиллар воқеалари баёнида учратиш мумкин. Яъни, бу пайтда Шайбонийхон бутун Мовароуннаҳрни эгаллаб олиб, энди Хуросон томонларга кўз тикаётган эди. Шундай вазиятда темурийлар орасида ҳарбий салоҳияти энг юқори бўлган Ҳусайн Бойқаро ғаним устига юриш қилиш ўрнига Бадиъуззамон мирзо, Бобур мирзо, Хисравшоҳ ва Зуннунга «қўрғон беркитмак»ни буюриб мактуб йўллайди. Хуросон ҳукмдорининг бу қарори Бобур мирзога ёқмайди: «Султон Ҳусайн мирзонинг бу хатлари мужиби ноумидлик бўлди. Не учунким, Темурбекнинг юртида бу тарихда андин улуқроқ подшоҳ ҳам ёш ва ҳам вилоят ва ҳам черик била йўқ эди.

…Султон Ҳусайн мирзодек Темурбек ўруниға ўлтурғон улуғ подшоҳ ғанимнинг устига юрумакни демай, ер беркитмакни деса, эл ва улус­қа не умидворлиқ қолғай?» (103-бет).

Ниҳоят, 1505 йили Султон Ҳусайн Бойқаро Шайбонийхон «устига черик тортиб боришга» жазм этади. Шу мақсадда кучларни бирлаштириш учун барча ўғилларини, шу қатори Бобур мирзони ҳам ҳузурига чорлайди. Бу кунни узоқ кутган Мирзо Бобур ҳисларини шундай баён этади: «Бир буким, Султон Ҳусайн мирзодек Темурбек ўруниға ўлтурғон улуғ подшоҳ йиғноқ қилиб, атроф ва жавонибдин ўғлонларини ва бекларини тилатиб, Шайбонийхондек ғанимнинг устига озим бўлғонда, эл оёқ била борғонда, биз бош била бор­ғойбиз, эл таёқ била бор­ғонда — биз тош била бор­ғойбиз» (127-бет).

Мутахассислар шу кунгача Амир Темур ҳақида Шарқ тилларида мингга яқин, ўарб тилларида эса беш юздан зиёд асар ёзилганини, бу жараён ҳозир ҳам давом этаётганини таъкидлашади. Амир Темур номи қандайдир муносабат билан эсга олинган тарихий, илмий, бадиий асарларни эса ҳеч ким ҳисоблаб чиқмаган. Агар улар бир жойга тўпланганида эди, шубҳ­асиз, жаҳонда энг катта кутубхона ҳосил бўларди. Ва албатта, шу кутубхонадан жой олган энг нодир китоблардан бири — «Бобурнома» бўлур эди.

ЛУҒАТ
(«Навоий асарлари луғати», 1972 йилги нашридан)

Бек атка — оталиқ, тарбиячи, амаки.
Бовужуд — шундай бўлса-да, шундай бўла туриб.
Доия — тақозо, орзу; боис, сабаб.
Ёнмоқ — қайтмоқ, кетмоқ, қайрилмоқ, эгилмоқ.
Жавониб — тарафлар, атроф, ёқлар.
Зоду буд — авлод, борлиқ, мавжудлик.
Йиғноқ — йиғинлиқ — тўпланиш, жамият.
Лавоҳиқ — қўшилганлар, қўшимчалар.
Лангар — йўловчилар қўниб ўтадиган жой.
Мавсум — аталган, исмланган, белгиланган; мавсум бўлмоқ — номламоқ, атамоқ.
Мамлу — тўлган, тўла.
Маъмура — обод шаҳар, мамлакат.
Мужиб — бир иш ва ҳолнинг юзага келишига сабаб бўлувчи, сабабчи, сабаб, боис, туфайл.
Мутасарриф — тасарруф қилувчи, эгалик қилувчи.
Озим — бирор ишни бажаришга қасд, ният қилувчи.
Риоят қилмоқ — ҳурматламоқ.
Сангин — тошдан ясалган; оғир, қаттиқ, мустаҳкам.
Тавобиъ — эргашувчилар, тобе кишилар.
Тул — узун, бўй, узунлик.
Уруқ-қаёш — уруғ-аймоқ, қариндош-уруғ.
Фавт — қўлдан бериш, йўқотиш, йўқолиш, ўтиб кетиш; ўлим.
-ўқ — худди, аниқ, ҳамоно, шу замон; еткач-ўқ, борғоч-ўқ.

Манба: «Маърифат» газетаси, апрел, 2017

Мақола муаллифи ҳақида:
Ҳусан Карвонли 1974 йил 1 февральда Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида туғилган.Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тамомлаган. Ҳозирда «Маърифат» газетасида меҳнат қилади.
Унинг шеърлари, ҳикоялари ва мақолалари республика вақтли матбуотида, шунингдек, «Истиқлол умидлари» (2001), «Ўзбек модерн шеърияти» (2004), «Ёшлар китоби» (2008) алманахлари ва бошқа бир қатор тўпламларда чоп этилган. «Илғаб бораётир мени фасллар» ва Ҳасан Карвонли билан ҳаммуаллифликда «Ёруғ хаёл» тўпламлари нашр этилган.

0-78.jpg«BOBURNOMA»DA AMIR TЕMUR
Husan KARVONLI
007

Temurbek

7а.jpg«Boburnoma»da bir yarim mingga yaqin tarixiy shaxslarning ismi-sharifi keltirilgan. Ular orasida eng mashhuri, shubhasiz, buyuk sohibqiron Amir Temurdir.

Zahiriddin Muhammad Bobur ulug‘ bobosi nomini Temurbek deb bitgan: «Samar­qand arkida Temurbek bir ulug‘ ko‘shk solibtur...».

Asarda Temurbek nomi turli munosabat bilan 31 marta tilga olingan bo‘lsa, bir o‘rinda «Temuriya» istilohi ishlatilgan: «Ul fursatlar Temuriya salotini dasturi bila to‘shak ustida o‘lturur erdim» («Boburnoma», T.: «Sharq», 2002, 53-bet). Husayn Boyqaroga bag‘ishlangan ta’rifda esa Sohibqironning nomi hozir biz ishlatadigan «Amir Temur» tarzida berilgan: «Sulton Husayn mirzo binni
Mansur binni Boyqaro binni Umarshayx binni Amir Temur».

Bobur mirzo bobosi Temurbek nomini ilk bor otasi Umarshayx mirzo ta’rifida keltirgan:

«Valodat va nasabi: sekkiz yuz oltmishda Samarqand­ta edi. Sulton Abusa’id mirzoning to‘rtunchi o‘g‘li edi. Sulton Ahmad mirzo, Sulton Muhammad mirzo, Sulton Mahmud mirzodin kichik edi. Sulton Abusa’id mirzo Sulton Muhammad mirzoning o‘g‘li edi. Sulton Muhammad mirzo Mironshoh mirzoning o‘g‘li edi. Mironshoh mirzo Temurbekning uchunchi o‘g‘li edi. Umarshayx mirzo bila Jahongir mirzodin kichik, Shohrux mirzodin ulug‘ edi.

Sulton Abusa’id mirzo avval Kobulni Umarshayx mirzog‘a berib, Boboyi Kobuliyni bek atka qilib, ruxsat berib edi. Mirzolarni sunnat qilur to‘yi jihatidin Darayi Gazdin yondurub, Samarqand eltti. To‘ydin so‘ngra, ul munosabat bilakim, Temurbek Ulug‘ Umarshayx mirzog‘a Farg‘ona viloyatini bergandur, Andijon viloyatini berib, Xudoyberdi Tug‘chi Temurtoshni bek atka qilib yibordi» (37-bet).

Bu ma’lumotdan shuni anglash mumkinki, temuriy hukm­dorlar har ishda sulola asoschisining tutumlariga rioya qilishga intilganlar. Yana shuni ta’kidlash joizki, yillar o‘tib, Kobul hukumati baribir Umarshayx mirzoning o‘g‘liga, ya’ni Bobur mirzoga nasib etdi.

Temurbek rioyat qilg‘on..

«Navoiy asarlari lug‘ati»da «rioyat qilmoq» — «hurmatlamoq» ma’nosini berishi qayd etilgan. Hozir tilimizda «rioya qilmoq» — «amal qilmoq» ma’nosida ishlatiladi. Lekin Samarqand qishloqlari shevasida bu ibora shaklini sal o‘zgartirgan holda asl ma’nosini saqlab qolgan. Yoshligimizda rahmatli otam biz o‘g‘illariga biron ish buyurganida shunday der edi: «Ukang hali kichkina, roya qaranglar». Yoki yoshi ulug‘ kimsaga nisbatan hurmatsizlik qilganlarni qishlog‘imizda haliyam «roya qaramadi» deyishadi.

«Boburnoma» muallifi onasi Qutluq Nigorxonim Toshkent hokimi Yunusxonning ikkinchi qizi ekanini ta’kidlar ekan, shunday faktni keltirib o‘tadi: «Yunusxonning onasi turkistonliq qipchoq beklaridin Temurbek rioyat qilg‘on Shayx Nuriddinbekning qizi yo nabirasi bo‘lur» (39-bet).

Amir Temur tarixidan ma’lumki, Shayx Nuriddinbek Sohibqironning ishonchli amirlaridan biri bo‘lgan. Ko‘p jangovar yurishlarda, jumladan Hindistonni zabt etishda qahramonlik ko‘rsatib, ulug‘ sarkardaning ishonchiga, hurmatiga sazovor bo‘lgan. Shuning uchun Bobur mirzo uni «Temurbek rioyat qilg‘on», ya’ni hurmat qilgan inson sifatida ta’riflagan.

Amir Temurning hurmatiga eng ko‘p sazovor bo‘lgan amirlardan biri Iygu Temur bo‘lgan. «Boburnoma»da Sulton Ahmad mirzoning umarosi ta’rifida uning ham nomi keltirilgan: «Yana bir Darveshbek edi. Temurbek rioyat qilg‘on Iygu Temurbekning naslidin edi» (46-bet).

«Temur tuzuklari»da Sohibq­iron Iygu Temur haqida shunday degan: «Barlos ulusining bahodir yigitlarini o‘z atrofimga to‘plab, ularni birlashtirdim. Menga bo‘ysunib ko‘makdosh bo‘lmoqlik uchun rozilik bergan birinchi kishi — Iygu Temur bo‘ldi…» («Temur tuzuklari» — 21— 22-bet.

…Meni podshoh degaylar

Zahiriddin Muhammad Bobur yashagan davr temuriylarning tanazzuli avjiga chiqqan davr edi. Shunday vaziyatda tarix sahnasiga Shayboniyxon chiqib keldi va Bobur mirzo yozganidek, Shayboniyxon va u bilan birga kelgan o‘zbeklar: «...jami’ Temurbekning avlodining iligidagi viloyatqa mutasarrif bo‘ldilar» (159-bet, 1507—1508 yil voqealari).

Bu paytda taqdir shamollari temuriy shahzodalarning eng tirik-tetigi bo‘lgan Bobur mirzoni Kobul tomonlarga boshlab ketgan edi. Hozirgi Afg‘oniston hududida mustahkam o‘rnashib olgach, ya’ni hijriy 913, milodiy 1507—1508 yilgi voqealar bayonida u shunday yozadi: «Ushbu tarixqacha Temurbekning avlodini bovujudi saltanat mirzo derlar edi, ushbu navbat buyurdumkim, meni podshoh degaylar» (160-bet).

Bobur podshohning ushbu qarori ham uning temuriy mirzolar orasida o‘zgachaligini, o‘ziga xos iqtidor va salohiyat egasi ekanligini dalillaydi. Bobur podshohning ushbu qarori ham uning temuriy mirzolar orasida o‘zgachaligini, o‘ziga xos iqtidor va salohiyat egasi ekanligini dalillaydi. Temuriylar davri tugab, endi boburiylar davri boshlanayotganiga ishora ham edi bu go‘yo…

Temurbek naslidin…

Muallif uch o‘rinda «Temurbek nas­lidin» iborasini qo‘llagan. Birinchisi Husayn Boyqaro haqida: «Temurbek naslidin hech kim ma’lum emaskim, Sulton Husayn mirzocha qilich chopmish bo‘lg‘ay» (128-bet).

Ikkinchisi Husayn Boyqaroning farzandlari bayonida: «Yana bir qizining oti Fotima Sulton edi, Temurbek naslidin Yodgor Muhammad mirzog‘a berib edilar» (131-bet).

Uchinchisi — Husayn Boyqaroning amirlaridan biri haqida so‘z yuritar ekan, uning Amir Temur naslidan ekanini ta’kidlab o‘tgan: «So‘ngra kelganlardinkim, Shoh Ismoil Iroq va Ozarbayjonga mutasarrif bo‘l­g‘onda, andin Xuroson kelib edilar, bir Abdulboqiy mirzo edi, Temurbek naslidindur, Mironshohiydur» (Husayn Boyqaroning umarosi ta’rifida, 136-bet).

Samarqand ta’rifida

«Boburnoma»da Samarqand mavzusi alohida o‘ringa ega. Chunki Bobur mirzo Samar­qandni juda sevar edi, chunki Samarqand taxtiga astoydil intilgandi, chunki Samar­qand taxti o‘sha paytlar temuriy mirzolarning mavqeini belgilab beradigan taxt edi, chunki ota-bobolari bu ulug‘ shaharda tug‘ilib voyaga yetgan edi, chunki Samarqandni buyuk Sohibqiron ulkan davlatiga poytaxt qilgan edi: «Mo‘g‘ul va turk ulusi Semirqand derlar. Temurbek poytaxt qilib edi. Temurbekdin burun Temurbekdek ulug‘ podshoh Samarqandni poytaxt qilg‘on emastur» (59-bet).

Har ishda to‘g‘ri tadbir qo‘llaydigan Amir Temur mamlakat poytaxtini tanlashda ham to‘g‘ri yo‘l tutgani «Boburnoma»da shunday ta’riflangan: «Temurbekning zodu budi Keshdin uchun, shahr va poytaxt qilurig‘a ko‘p sa’y va ehtimomlar qildi, oliy imoratlar Keshta bino qildi.

…Chun Keshning qobiliyati shahr bo‘lmoqqa Samarqandcha emas edi, oxir poytaxt uchun Temurbek Samar­qandni-o‘q ixtiyor qildi» (61-bet).

Statistik ma’lumotlarga ko‘ra, hozir O‘zbekistonda yetishtiriladigan meva-sabzavotlarning deyarli 20 foizi Samarqand viloyati hissasiga to‘g‘ri keladi. Bu mamlakatimizda yetishtiriladigan meva-sabzavotlarning beshdan bir qismi degani. Bu bejiz emas, chunki Bobur davridayoq bu diyor bog‘-rog‘lari bilan dovrug‘ qozongan edi: «Yaxshi tumonoti bor. Ul jumladin, So‘g‘d tumani va So‘g‘dg‘a payvast tumanlardur. Boshi Yoryayloq, oyog‘i Buxoro, bir yig‘och yo‘l yo‘qturkim, kent va ma’mura bo‘lmog‘oy. Andoq mashhurdurkim, Temurbek degandurkim: mening bir bog‘im borkim, tuli o‘ttuz yig‘ochtur. Bu tumonotni degandur» (61-bet).

Samarqand va Temurbek so‘zlari birga kelgan quyidagi parcha ham Samarqand, Amir Temur va temuriylar tarixiga oid muhim faktni ifodalagani bilan qimmatlidir: «Temurbek Samar­qandning hukumatini Jahongir mirzog‘a berib edi. Jahongir mirzoning favtidin so‘ng, ulug‘ o‘g‘li Muhammad Sulton Jahongirga berdi» (61—62-bet).

Sohibqironning bunyodkorligi

Amir Temur va temuriylar qurgan bino, imorat va inshootlarning aksariyati hali hamon ajdodlarimiz zakosidan xabar berib, butun dunyo ahlini hayratga solib kelmoqda. Birgina Samarqandni olsak, bu ko‘hna shahar «The Huffington Post» internet nash­ri tomonidan inson o‘z umri davomida hech bo‘lmasa bir marta borib ko‘rishi shart bo‘lgan dunyodagi 50 shahardan biri sifatida e’tirof etilishiga, albatta, Sohibqiron bobomiz va uning avlodlari tomonidan bunyod etilgan muhtasham saroylar, masjidu madrasalar, bog‘-rog‘lar ham sababdir.

«Boburnoma»da o‘qiymiz: «Temurbekning va Ulug‘bek mirzoning imoroti va bog‘oti Samarqand mahallotida ko‘ptur. Samarqand arkida Temurbek bir ulug‘ ko‘shk solibtur, to‘rt oshyonliq, Ko‘ksaroyg‘a mavsum va mash­hur va bisyor oliy imorattur» (59-bet).

Temuriylar tarixida Ko‘ksaroy qanday o‘rin tutganini ushbu parcha nihoyatda aniq ifodalaydi: «Temurbek solg‘on oliy imoratlardin biri Ko‘ksaroydurkim, Samarqandning arkida voqi’ bo‘lubtur. Ajab xosiyatliq imorattur. Temurbek avlodidin har kim bosh ko‘tarib taxtqa o‘ltursa ham munda o‘lturur, har kim taxt doiyasi bila bosh qo‘ysa ham munda qo‘yar, hattokim, kinoyati bo‘lub erdikim, falon podshohzodani Ko‘ksaroyg‘a chiqardilar, ya’ni o‘lturdilar» (54-bet).

Amir Temur maqbarasi kim tomonidan bunyod etilgani ham «Boburnoma»da ko‘rsatib o‘tilgan: «Temurbekning nabirasi, Jahongir mirzoning o‘g‘li Muhammad Sulton mirzo Samar­qandning tosh qo‘rg‘onida — chaqarda bir madrasa solibtur. Temurbekning qabri va avlodidin har kimki Samarqandta podshohlik qilibtur, alarning qabri ul madrasadadur» (59-bet).

Sohibqiron o‘z davrida Samar­qand­ni dunyoning eng go‘zal shahriga aylantirish uchun ko‘p sa’y-harakat qilgan. Xususan, o‘zi zabt etgan mamlakatlarning eng yaxshi ustayu me’morlarini Samarqandga chorlab, ularning imoratlar barpo etishiga sharoit yaratib bergan. Bu haqda «Temur tuzuklari»da o‘qiymiz: «Muhandislar bilan ittifoqda oliy imoratlar barpo etib, bog‘u bo‘stonlarning tarhini chizdirardim» (94-bet).

«Boburnoma»da Temurbek nomi eng so‘nggi marta 1525 yil voqealari bayonida tilga olingan: «Nechukkim “Zafarnoma”da Temurbekning “masjidi sangin” imoratini qilurda Mullo Sharaf mundoq mubolag‘a bila bitibdurkim, Ozarbayjon va Fors va Hinduston va yana o‘zga mamolik sangtaroshlaridin har kunda ikki yuz kishi masjidda ish qilurlar edi» (209-bet).

Amir Temur faqat Turon o‘lkasini emas, qayergaki zafarli qadami yetgan bo‘lsa, o‘sha yerlarni ham obod etishni o‘zining burchi deb bilgan: «Yana amr qildimki, xarob bo‘lib yotgan yerlarda korizlar qursinlar, buzilgan ko‘priklarni tuzatsinlar, ariqlar va daryolar ustiga (yangi) ko‘priklar solsinlar, yo‘l ustida har manzilgohga rabotlar bunyod etsinlar…

Yana amr etdimki, katta-kichik har bir shahar, har bir qishloqda masjid, madrasa va xonaqohlar bino qilsinlar, faqiru miskinlarga langarxona solsinlar, kasallar uchun shifoxonalar qursinlar va ularda ishlash uchun tabiblar tayinlasinlar» («Temur tuzuklari», 145-bet).

Langarxona — yo‘lovchilar qo‘nib o‘tadigan yer; miskin va yetim-yesirlarga taom beriladigan joy, g‘aribxona. «Boburnoma»da 1506—1507 yil voqealari bayonida muallif Hirotdan Kobulga qaytayotganda shunday langarlardan biriga, ya’ni Temurbek langariga qo‘nganlarini yozadi: «Temurbek langaridin Muhammad Andijoniy otliq Qosimbekning nav­kari To‘qboydin Kobuldog‘i beklarga bu yerga kelganimizning kayfiyatini bitib yiborduk» (Hirotdan Kobulga qaytish, 149-bet).

Hindiston

Asarda Temurbek nomi uch o‘rinda Hindiston nomi bilan birga kelgan.

Bobur hayotidagi eng katta, balki eng qayg‘uli mag‘lubiyatidan keyin (1501 yili Shayboniyxonga qarshi Saripul jangi) Samarqandga qaytib, «qo‘rg‘on berkitadi», ya’ni qamalda qoladi. Olti oylik qamaldan so‘ng Samarqandni tashlab chiqishga majbur bo‘ladi. Shundan so‘ng bir muddat, ya’ni «Xuroson talabig‘a otlanib» chiqquniga qadar O‘ratepa, Xo‘jand, Toshkent taraflarda sarson-sargardonlikda yuradi. O‘ratepa kentlaridan biri Dahkatda bo‘lganini shunday bayon etadi: «Men bir kalontarining uyiga tushtim, qari kishi edi, oltmish-yetmishda bor edi, vale onasi hanuz bor edi. Xeyli umr topqon xotun edi, yuz o‘n bir yoshta edi. Temurbek Hindustong‘a kirganda bu xotunning uruq-qayoshidin biri ul cherikka borib ekandur. Ul xotirida bor ekandur. Hikoyat qilur edi» (87-bet).

Hindiston orzusi yosh Bobur qalbida ilk bor o‘sha yuz yoshdan oshgan momoning hikoyalarini tinglab uy­g‘ongandir…

Mirzo Bobur ham buyuk bobosi singari Hindistonni fath etishni orzu qilgani sababini shunday izohlaydi: «Chun hamisha Hinduston olmoq xotirda edi, bu bir necha viloyatlarkim, Bhira va Xushob va Chanob va Chanut bo‘lg‘ay, necha mahal turk tasarrufida edi, bularni xud mulkimizdek tasavvur qilur eduk.

…Temurbek Hinduston­g‘a kirib chiqqani beri bu necha viloyatkim, Bhira va Xushob va Chanob va Chinivat bo‘lg‘ay, Temurbekning avlodining tavobi’ va lavohiqi tasarrufida edi» (166-bet).

Ma’lumki, butun dunyo tarixchilari Bobur mirzo tar­qoq Hindistonni birlashtirgani, buning natijasida mamlakat taraqqiyot yo‘liga tushib olganini e’tirof etganlar. «Boburnoma»da muallif Hindistonni fath etguniga qadar u yerda kimlar qaysi hududlarga podsholik qilganini sanar ekan, Dehliga Amir Temur tayin­lagan sayyidlar tabaqasi podsholik qilganini ta’kidlaydi: «Dehli Sulton Alovuddinning iligida edi. Bu tabaqa sayyidtur. Temurbek Dehlini olg‘onda Dehli hukumatini bularning otalarig‘a berib, borib edi» (196-bet).

Sulton Husayn mirzodek…

Boburgacha temuriy mirzolar orasida eng dovrug‘ qozonganlari, shub­hasiz, Mirzo Ulug‘bek va Husayn Boyqaro bo‘lgan — biri ilmi bilan, ikkinchisi qilichi vositasida. Biri Movarounnahr, ikkinchisi esa Xuroson taxtida boshqa temuriy podsholardan ko‘ra uzoqroq vaqt o‘tirgan. Ulug‘bek mirzo Samarqandni ilm-fan markaziga aylantirgani, o‘zi ham ulkan olim bo‘lgani sabab tarixda o‘chmas iz qoldirgan bo‘lsa, Husayn Boyqaro davrida ham Hirot ilm-fan, adabiyot, san’at yuksak cho‘qqisiga chiqqan ulkan markazga aylangan. Bu haqda Bobur shunday yozadi: «Sulton Husayn mirzoning zamoni ajab zamone edi, ahli fazl va benazir eldin Xuroson, bataxsis Hiri shahri mamlu edi. Har kishiningkim bir ishga mashg‘ullug‘i bor edi, himmati va g‘arazi ul edikim, ul ishni kamolg‘a tegurgay» (137-bet).

Asarda Husayn Boyqaro haqida yana bir muhim ma’lumot keltirilgan, ya’ni: «Sulton Husayn mirzo binni Mansur binni Boyqaro binni Umarshayx binni Amir Temur. Mansur mirzo bila Boyqaro mirzo podshohliq qilg‘on emas. Onasi Feruzabegim edi, Temurbekning nabirasi. Sulton Husayn mirzo Mironshoh mirzoning ham nabirasi bo‘lur edi. Sulton Husayn mirzo karimut-tarafayn edi, asil podshoh edi» (128-bet).

Zahiriddin Muhammad Bobur Amir Temurning uchinchi o‘g‘li — Mironshoh mirzoning avlodi ekani nazarda tutilsa, demak ham ota, ham ona tarafdan temuriy podsholar avlodi bo‘lgan Sulton Husayn Boyqaro Bobur mirzoga ham ota, ham ona tarafdan qarindosh bo‘lgan.

Boburshohning Sulton Husayn mirzoga munosabati har doim ham ijobiy bo‘lmagan. Ba’zi o‘rinlarda unga hurmatini ifodalagan muallif, ayrim joylarda undan ochiqchasiga gina qilgan. Shunday ginani 1503—1504 yillar voqealari bayonida uchratish mumkin. Ya’ni, bu paytda Shayboniyxon butun Movarounnahrni egallab olib, endi Xuroson tomonlarga ko‘z tikayotgan edi. Shunday vaziyatda temuriylar orasida harbiy salohiyati eng yuqori bo‘lgan Husayn Boyqaro g‘anim ustiga yurish qilish o‘rniga Badi’uzzamon mirzo, Bobur mirzo, Xisravshoh va Zunnunga «qo‘rg‘on berkitmak»ni buyurib maktub yo‘llaydi. Xuroson hukmdorining bu qarori Bobur mirzoga yoqmaydi: «Sulton Husayn mirzoning bu xatlari mujibi noumidlik bo‘ldi. Ne uchunkim, Temurbekning yurtida bu tarixda andin uluqroq podshoh ham yosh va ham viloyat va ham cherik bila yo‘q edi.

…Sulton Husayn mirzodek Temurbek o‘runig‘a o‘lturg‘on ulug‘ podshoh g‘animning ustiga yurumakni demay, yer berkitmakni desa, el va ulus­qa ne umidvorliq qolg‘ay?» (103-bet).

Nihoyat, 1505 yili Sulton Husayn Boyqaro Shayboniyxon «ustiga cherik tortib borishga» jazm etadi. Shu maqsadda kuchlarni birlashtirish uchun barcha o‘g‘illarini, shu qatori Bobur mirzoni ham huzuriga chorlaydi. Bu kunni uzoq kutgan Mirzo Bobur hislarini shunday bayon etadi: «Bir bukim, Sulton Husayn mirzodek Temurbek o‘runig‘a o‘lturg‘on ulug‘ podshoh yig‘noq qilib, atrof va javonibdin o‘g‘lonlarini va beklarini tilatib, Shayboniyxondek g‘animning ustiga ozim bo‘lg‘onda, el oyoq bila borg‘onda, biz bosh bila bor­g‘oybiz, el tayoq bila bor­g‘onda — biz tosh bila bor­g‘oybiz» (127-bet).

Mutaxassislar shu kungacha Amir Temur haqida Sharq tillarida mingga yaqin, o‘arb tillarida esa besh yuzdan ziyod asar yozilganini, bu jarayon hozir ham davom etayotganini ta’kidlashadi. Amir Temur nomi qandaydir munosabat bilan esga olingan tarixiy, ilmiy, badiiy asarlarni esa hech kim hisoblab chiqmagan. Agar ular bir joyga to‘planganida edi, shubh­asiz, jahonda eng katta kutubxona hosil bo‘lardi. Va albatta, shu kutubxonadan joy olgan eng nodir kitoblardan biri — «Boburnoma» bo‘lur edi.

LUG‘AT
(«Navoiy asarlari lug‘ati», 1972 yilgi nashridan)

Bek atka — otaliq, tarbiyachi, amaki.
Bovujud — shunday bo‘lsa-da, shunday bo‘la turib.
Doiya — taqozo, orzu; bois, sabab.
Yonmoq — qaytmoq, ketmoq, qayrilmoq, egilmoq.
Javonib — taraflar, atrof, yoqlar.
Zodu bud — avlod, borliq, mavjudlik.
Yig‘noq — yig‘inliq — to‘planish, jamiyat.
Lavohiq — qo‘shilganlar, qo‘shimchalar.
Langar — yo‘lovchilar qo‘nib o‘tadigan joy.
Mavsum — atalgan, ismlangan, belgilangan; mavsum bo‘lmoq — nomlamoq, atamoq.
Mamlu — to‘lgan, to‘la.
Ma’mura — obod shahar, mamlakat.
Mujib — bir ish va holning yuzaga kelishiga sabab bo‘luvchi, sababchi, sabab, bois, tufayl.
Mutasarrif — tasarruf qiluvchi, egalik qiluvchi.
Ozim — biror ishni bajarishga qasd, niyat qiluvchi.
Rioyat qilmoq — hurmatlamoq.
Sangin — toshdan yasalgan; og‘ir, qattiq, mustahkam.
Tavobi’ — ergashuvchilar, tobe kishilar.
Tul — uzun, bo‘y, uzunlik.
Uruq-qayosh — urug‘-aymoq, qarindosh-urug‘.
Favt — qo‘ldan berish, yo‘qotish, yo‘qolish, o‘tib ketish; o‘lim.
-o‘q — xuddi, aniq, hamono, shu zamon; yetkach-o‘q, borg‘och-o‘q.

Manba: «Ma’rifat» gazetasi, aprel, 2017

Maqola muallifi haqida:
husan_karvonli.jpgHusan Karvonli 1974 yil 1 fevralda Samarqand viloyatining Nurobod tumanida tug‘ilgan.Nizomiy nomidagi Toshkent davlat pedagogika universitetini tamomlagan. Hozirda «Ma’rifat» gazetasida mehnat qiladi.

Uning she’rlari, hikoyalari va maqolalari respublika vaqtli matbuotida, shuningdek, «Istiqlol umidlari» (2001), «O‘zbek modern she’riyati» (2004), «Yoshlar kitobi» (2008) almanaxlari va boshqa bir qator to‘plamlarda chop etilgan. «Ilg’ab borayotir meni fasllar»  va Hasan Karvonli bilan hammualliflikda “Yorug‘ xayol” to‘plami nashr etilgan.

Turg’un Fayziyev. Temuriylar shajarasi — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd

005

(Tashriflar: umumiy 2 743, bugungi 2)

2 izoh

  1. Ҳусан,бу мавзуни аҳсан қилиб тадқиқ ва таҳлил қилиш керак эди. Мен ҳам мазкур 31 тарихий маълумотлар, тасвирлар, лавҳаларни тадқиқ қилиб, «Амир Темурнинг илк тадқиқотчиси» номли тадқиқотимни мақола доирасида амалга оширганман

  2. Ҳурматли Буробия, сиз ҳам тилга олган мақолангизни бизга юборинг. Ҳусан мақоласига келсак, у тадқиқот эмас, газетабоп мақола тарзида ёзилган.

Izoh qoldiring