Shukur Qurbon. Xaloskor. Doston

034     Таниқли шоир Шукур Қурбон ижодида тарихий мавзу алоҳида ўрин тутади. Унинг Темурмалик, Алишер Навоий, Машраб каби тарихий шахсларга бағишланган достонлари ўз вақтида муносиб баҳоланган эди. Бугун Соҳибқирон Амир Темур таваллудига 680 йил тўлган кунда шоирнинг шавкатли бобомизга бағишланган достонини тақдим этмоқдамиз.

Шукур ҚУРБОН
ХАЛОСКОР
Достон
09

Достонни тўлиқ ҳолда саҳифа пастида махсус дастур ёрдамида  тўлиқ мутолаа қилишингиз мумкин.

***

    Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак.

***

    Тарих, меросимизга бўлган муносабат тубдан ўзгартирилиши лозим, яъни дарсликлардан тортиб оддий китобларгаа ҳаммасида ҳаиқат ёзилиши шарт. Бу бизнинг ота-боболаримиз руҳи олдидаги қарзимиздир.

Ислом КАРИМОВ

   Туркий халқларнинг бугунги ҳаётида Амир Темурнинг ўрни бўлакча, вақт тушунчасига бўйсунмайди. У ҳаммамиз учун ватанпарварликнинг умумтуркий эътиқод тимсолидир.

Чингиз АЙТМАТОВ

КИРИШ

БИРИНЧИ ТААССУРОТ

Шўро даврин мактаблари.
Шўро даври мактабларин ёлғонлари;
Айниқса, аждодларим, халқим ҳақида
Ўтилганда дарс –
Ёлғонларнинг сўйлоқ тишлари
Санчиларди болалигим дунёсига: “қарс”.
Кимсан соҳибқирон Амир Темурни
Дедилар: “босқинчи”, дедилар: “қаттол”.
Шеър ёдлатди дарсликлардан,
Ки унда бобомиз исм-шарифин
Кўрдик турганин
Босқинчилар қаторида, ҳа,
Яна Темур дебмас, оти душманлар
Лафзи ила масхараомуз
Аталганди “Темурланг” дея:
“.. Жаҳонниннг фотиҳи Искандар,
Қотил Жўжи, Боту, Темурланг
Қолдириб кимсасиз из,
Қон дея,
Қон дея,
босароқ кечмишдир”.1

Ўз сувратин эмас,
Бутунлай ўзга –
хунук, баджаҳл
Кимсани кўрсатиб, дедилар: “бобонг”.

Бола эмасмизми,
Кўрдик таққослаб
Бошқа боболар-ла, етгунича онг,
Ўзимизга ола билмадик мослаб.
Масалан, дедик, у набираларин –
Эркалатмаган ва суймаган хушхол.
Койиб-нетиб безор айлаган барин.
Калтаклаб шодланган бўлса, эҳтимол.
Гоҳо ёлғиз қолиб, катталар каби
Мушоҳада этдик, хаёлга чўмдик.
Кўринди ва бизнинг авлод матлаби,
Ҳис ва ҳаяжонга кўнгилни кўмдик.
“Унда нетиб бобом зурриёдлари –
Шоҳруху Улуғбек, Бобурлар – улуғ?!
Даври – илму фаннинг энг юксак даври,
Замонаси янглиғ гўзал замон йўқ?!
Ёмон бўлган бўлса Темурбек бобо,
Қалбида ватанга муҳаббат қайдан?!
Ўша-ку эрк дея жон чеккан даҳо,
Мазлумларни ғамдан қутқарган айнан”.

Бу, энди, мактабдан кейинги ўйлар;
Негадир, мактабда эмас, ҳақиқат
Ташқарида кўпроқ чўзганди бўйлар,
Юракларда кўпроқ тиклаганди қад.

Кўплар нарсаларга сийратин эмас,
Баҳо берган азал кўриб сувратин.
Мустабидлар билар эди буни, бас,
Билишгани учун иш кўрди ботин.

Майит бош чаноғи этилиб асос,
Чизилганда Амир Темур сиймоси,
Мустабидлар ёқа ушлашди рўй-рост,
Ногаҳонда чўчиб, ваҳима босиб:

Нур уфурган чеҳра, чақнаётган кўз,
Чақнаётган кўзда теран бир қараш,
Лабларда акс этган илоҳий бир сўз,
Манглайда барқ урган илоҳий қуёш…

– Йўқ, бўлиши мумкин эмас мутлақо,
Қабрини-да, майли, қайтадан бузинг!!!
Керакмас ҳақиқат, керак бир рўё,
Бандит ва босқинчи сувратин чизинг!!!

Боқий бир файзни фоний бир замон
Йўқота олурми чаплаб лой, куя?
Минг йиллар қаъридан чиқар у омон,
Мен ундай эмасман, бундайман, дея.

  1. Ғафур Ғулом сатрлари

ЎН ТЎРТИНЧИ АСР.
МУАРРИХ ИБН АРАБШОҲ ЁЗАДИ:

“Темур – баланд бўйли, улкан қоматли,
Ўхшарди қадимий паҳлавонларга;
Йирик бошли эди – арслон сингари;
Бармоқлари йўғон, овози йўғон,
Оқу қизил ва тиниқ юзли;
Бадани пишиқ – тош мисоли қаттиқ.
Ўлимдан қўрқмайдиган,
Изтиробсиз,
вазмин
бир
одам
эди.”.

ИККИНЧИ ТААССУРОТ

Эмиш бошдан ўтган ҳар куни юксак,
Ҳар лаҳзаси юксак – буюк одамнинг.
Айтинг, болалиги қай тахлит кечган
Соҳибқирон Амир Темур бобомнинг.
Аввало, Худо-ю, ота-онаси –

Унинг кўп иймонли ва зукко бўлмиш.
Чақалоқ дунёга келса уйида
Яратган Эгамдан неъмат деб билмиш.
Отаси – Тарағай Баҳодир – амир,
Онаси – Тегина биби – отинча.
Қанча лозим бўлса болажон учун,
Меҳр ва эътибор кўрсатди шунча.
Йўқ, йўқ, ундан-да кўп, бениҳоя кўп,
Қанча эканини одамзод билмас.
“… У бир кун бўлиши керак халоскор,
У бир кун бўлиши керак енгилмас!”
Лек ахлоқ-одобли бўлмаса фарзанд,
Билимли, ҳунарли бўлмаса агар,
Ота-она берган меҳр – чикора,
Дўл урган экиндай соврилар, йитар.

Беш ёшга киргач у Хўжа Илғорда –
Тоғли қишлоғида чиқарди савод.
Аммо бир муаммо бўлди кўндаланг,
“Ҳафтияк”ни энди айлаганда ёд:
Кўрдилар қанчалаб нуқсон, хато бор
Ўғли Темурбекнинг талаффузида.
Талаффуз нотўғри бўлса, маъни йўқ,
Дейдилар, арабий имлода, сўзда.
Сўраб-суриштириб билдилар, хато,
Нуқсон йўқ мактабда, мактаб ишида.
Мавжуд экан лек у Мулла Алибек –
Мактабдор устознинг сўйлоқ тишида.
Нима кўп? Баҳона. Муаллим кўнглин –
Оғритмай, болани масжид қошида –
Очилган мактабга, бошқа мактабга
Ўтказдилар етти-саккиз ёшида.

Ва… Қуръон-китобни сурама-сура
Ёдларкан қалбига таралди бир нур.
Ўн бир ёшда барча тенгқурларидан
Ўзиб кетди сабоқ бобида Темур.
Буни бошқалармас, уни ўқитган
Шайх Шамсиддин айтди ва яна деди:
“Билди билганимни, бу – мендан ўтган,
Мадрасага беринг болани энди”.

Кешда, Абдулла Қутб мадрасасида
Румий даҳосидан бўлди баҳраманд.
Хусусан, “Маънавий маснавий” ила

Темурбек фикрини этди тамом банд.
“Форсий Қуръон” дея эл-юрт тан олган
Бу асар тоблади онгу ҳиссини.
Ҳикматлар ва байтлар қуйма эди хўп,
Осон ёд олди у қанча қисмини.

ЛИРИК ЧЕКИНИШ
ЁХУД АМИР ТЕМУРНИНГ ТУҒИЛИШИ

Буюклар умрида мўъжиза талай,
Муҳр бор уларда илоҳиятдан.
Дунёга келмаган бежиз ҳар қалай,
Яралмиш Темурбек пок бир ниятдан.
Эл аро ривоят қанча бу ҳақда,
Ёдимга тушади улардан бири.
Ўйлайман, тошар бир ҳайрат юракда,
Очилгандай бўлар буюклик сири.

Кичик хотин эди Тегина биби
Темурбекнинг падари бузрукворига –
Тарағай Баҳодирга.
Албатта, у чиройли ва дилбар эди,
Ақлли эди –
Бошқа хотинларидан Тарағай баҳодирнинг.
Суюмлироқ эди бошқа хотинларидан
Тарағай баҳодирга.

Эркак зоти борки, соғ бўлса жони,
Хоҳлар ёш хотинни тирик экан то,
Умргузаронлик қилиш учун ҳалол, пок.
Бу тўғрида шундай халқ термаси бор:
“Янги ёр топганда, дўстлар,
Эскидан кечмоқ керак.
Эскини ўлган санаб,
Латта-кафан бичмоқ керак”.

Хотин зоти борки, кексайган сари,
Меҳр талаб қилар эридан кўпроқ.
Ёш хотинга уйланса-чи, эри, у туриб?
Ўтказса-чи тунларини ёш хотин билан,
Э воҳ, у туриб?
Азоб йўқдир хотин зотига ортиқ.
Қолмаса-да, бу азобдан итдай қутуриб,
Қутургандан баттар қийналар.

Хотин зоти билар буни, балки билмайди:
Ғазабини босиш учун кўппаклар азал
Карвон орқасидан чопган акиллаб.
Карвон-ку йўлидан қайтмаган гарчанд,
Итлар қутуришдан қутилиб қолган.

Катта ҳамда ўртанча хотин
Бошдан кечирарди шундай ҳолатни
Тарағай баҳодир хонадонида.
Тегина бибининг бўйида бўлгач,
Мураккаблашди бу ҳолат яна ҳам:
“Бунинг кўзи ёриса, кўрганларимиз –
Ҳолва бўлиб қолар, бу туғса,
Маймун йиғлар аҳволимизга.
Чўрисига айланамиз-қоламиз икков
Кенжа хотиннинг”.

Бу гап катта хотиндан чиққан,
Иймони суст бўлган, демак, катта хотиннинг.
Тасдиқлаган бу гапни ўртанча хотин,
Унинг ҳам иймони бўлмаган бутун.

Ва пайт кутган икковлашиб, жим.

Ё Аллоҳ, сен каби меҳрибон йўқдир,
Қаҳрли ҳам йўқдир сенинг сингари.
Нега имкон яратасан ёмонларга ҳам,
Ёмонлигин юзага чиқариш-чун гоҳ?

Ва пайт келган,
Катта ва ўртанча хотин –
Кутган ўша пайт:
Эр – Тарағай баҳодир чиққан сафарга.

Келган пайт шум ният келтирган
Катта ҳамда ўртанча хотин кўнглига.
Инсон ҳаётида энг муҳим нарса –
Ният, у пок бўлса,
Соҳибини саодатга етказмай қўймас.
Ёмон бўлса-чи у, ифлос бўлса-чи?
Соҳибини залолатга етказмай қўймас.

Ният пайдо бўлгач, уни амалга–
Оширишдан осони йўқ бегойимларга –
Кундошларга осон бўлди ундан ҳам.

Хўш, бегойим кундошлари нима қилдилар?
Бир жуфт каллакесарга имо қилдилар.
Бироқ ўртанча хотин чўчиди бироз,
Деди:
– Хўжайинга жавоб қиламиз не деб?
– Нима кўп, баҳона кўп. Топамиз ўйлаб,
Бир ёқлик қилайлик “душман”ни аввал!..

Оғзида латта-тиқин, ярим кечаси
Отга ўнгаришиб олиб кетдилар –
Тегина бибини каллакесарлар,
Чўлу биёбонга буриб от бошин,
Кўз очиб кўргани – эри хонадонидан.

Бу гаплардан буткул бехабар
Эр – Тарағай баҳодир
Сафарини эттирди давом.

Дунё ҳамма учун кенг,
Сенга торми,Тарағай?
Қисматингга ғам-ғусса,
Алам ёрми, Тарағай?
Шундай пайтда сафарга
Бало борми, Тарағай?

… Аёллар тўғрисида айтилган бор ёмон сўз
Бошқа хотин-қизларга эрур, ахир, даҳлсиз,
Кундошларга тегишли холос улар, албатта,
Чунки улар жаҳлдор, жаҳлдорлар – ақлсиз…

Айтдинг-кетдинг, кундошлар
Ахир, гап уқадими?
Гапни-ку уқар балки,
Жонни жонга суқадими?
Ёқимсиз хотин бўлиш
Аёлга ёқадими?

Буни билмас эдинг балки,
Билардинг-ку ёрингни?
Севардинг-ку ёрингни?
“Алиф лайла ва лайла”–
“Минг бир кеча”қиссаси
Олганмиди ақлингни?
Хиёнаткор дейишса
Ёри вафодорингни,
Нега бир сўз айтмадинг,
Ютиб номус-орингни?
Ишондингми душманга,
Босмадингми жаҳлингни?

“Минг бир кеча” қиссаси
Хиёнаткор хотинлар
Ҳақида эмас асло.
“Минг бир кеча”қиссаси
Сендек ишонувчан, гўл
Эркаклар ҳақидадир.
Бу аср-асрлардан
Қолган бир ақидадир.

Қолдинг ғафлатда сен ҳам,
Эй Тарағай баҳодир!
Бағрингга тўлар ситам,
Эй Тарағай баҳодир!

Ҳомиладор эканин
Айтган эди-ку ҳатто,
Ҳомиладор аёлин
Бошга кўтарар ҳамма.
Шундай элатлар борки,
Ҳомиладор аёлга
Қилар кўрганда таъзим.
Дерлар: даҳо туғилар,
Туғилар кабир, аъзам.

Ҳатто каллакесарлар
Билиб аёл ҳолатин,
Ўзгартирган ногаҳон
Қўрқинчли важоҳатин:
– Тўғри, биз –каллакесар,
Ҳақ олиб қон тўкамиз.
Лекин биз ҳам мусулмон,
Яратгандан қўрқамиз.
– Туғилмаган болани
Ўлдирмоқ – гуноҳ, ахир.
Шундоқ қол, кўр манглайга –
Неки ёзмишдир тақдир!..

Ҳа, у илоҳий неъмат,
Берилмас ҳаммага ҳам.
Асраши лозим бўлса,
Асрар ўзи бокарам.
Асрар уни туғиши
Лозим бўлган онани,
Омон сақлар бийдай чўл,
Саҳрода ҳам жонини.

Туғилади бола ёт –
Гўшада ҳам бир кун соғ.
Лекин уларни топиш
Бўлур сенга мушкулроқ.
Бунда ҳам сенга, албат,
Келар Аллоҳ кўмакка.
Унгача тош топилмас
Бошларингни урмоққа.
Унгача кўзларингдан
Нур кетар йиғлаб-йиғлаб.
Унгача кўп кезасан
Дардингга даво излаб.

Табиб – ёринг, фарзандинг –
Кўз нуринг ҳам топилар.
Ўйламаки, шу билан
Қиссанг тугар, соб бўлар.

Кундошларни жазолаш
Осон бўлмайди сенга.
Чунки буни истамас
Тегина биби. Нега?

Дер у: Биз бўлсак огоҳ,
Бир-бировга ишонсак,
Қила олмас ёмонлик
Бирон ўзга, ёт, бешак.

Бўлсин дея темирдай
Метин ҳамда мустаҳкам,
Болага Темур дея
Исм қўймишлар шу дам.

Унгача, ҳа, исмсиз
Юраверган болакай.
Эри сафар олдидан
Амр этган экан шундай:

“Бола туғилса, унга
Исм қўяман ўзим”.
Икки қилмаган экан
Тегина ҳеч эр сўзин.

Shukur Qurbon. Xaloskor. Doston

065

(Tashriflar: umumiy 310, bugungi 1)

Izoh qoldiring