Adam Metsning «Islomiy Uyg’onish» asaridan bir bob

011

   Адам Мец (Adam Mez) нинг “Исломий Уйғониш» асари 1922 йилда чоп этилгач, тезда машҳур бўлиб кетди, жиддий мунозараларга сабаб бўлди, йирик шарқшунос олимлар у ҳакда ўз фикрларини баён этишди, кўпчилиги китобга умуман ижобий баҳо беришди. Улар орасида И.Крачковский, В.Бартельд, К.Беккер, Р.Хартман, китоб ношири Рекандорф каби атоқли олимларни учратамиз. Асар бир неча ғарб ва шарқ тилларига таржима этилиб, нашр қилинди. Д.Е.Бетельс (машҳур шарқшунос олим Е. Э. Бертельснинг ўғли)  амалга оширган русча таржима 1973 йилда нашр этилди (Саҳифа пастида  китобни мутолаа қилишингиз ва юклаб олишингиз мумкин)
Сизга ҳавола қилинаётган парча китобнинг “Олимлар» деб аталган бобининг бир оз қисқартирилган таржимасидир.

09

013Швейцариялик олим Адам Мец (Adam Mez)нинг (1869—1917 йиллар) “Исломий Уйғониш» асари ҳижрий III-IV (милодий IХ-Х) асрларда Араб халифотининг тарихи ва маданиятига бағишланган. Муаллиф мазкур даврга оид юзлаб манбапарни ўрганиб чикиб, улардан ўша замонларни тарихий-маданий жиҳатдан таърифлаш имконини берувчи жаъмики маълумотларни ажратиб-саралаб олган ва шу тариқа ушбу асрларда Араблар салтанатининг маънавий-маърифий тараққиётини минглаб далиллар воситасида намоён этадиган шундай бир мажмуа яратганки, ундан кейин ижод қилган барча шарқшунос олимлар унда келтирилган тарихий далиллардан бирон-бир даражада фойдаланишган.

Чиндан ҳам Адам Мец китобидан Араб халифотида яшаган халқларнинг фани ва маданияти гуллаб-яшнаган мазкур асрларда шу империяни бошқариш, унинг молия сиёсати, солиқлар тизими, маънавий маданияти, турмуш тарзи, адабиёт ва саньати, дин-диёнати, таьлим-тарбия, хўжалик, савдо-сотиқ, ўзаро алоқа соҳалари, шаҳарлар ҳаёти, байрамлари ҳамда маросимларига тааллукди қизиқарли ахборот олиш мумкин. Асарда араб халифалари, уларнинг вазирлари, вилоят ҳокимлари, маъмурлари, диний арбоблар, муҳаддислар, олимлар, мударрислар, шоир ва адиблар, қозилар ва фақиҳлар, сўфийлар ва шайхлар, суннийлар ва шиалар, насронийлар ва мусовийлар, зардуштийлар ва буддойилар, хунармандлар ва савдогарлар… тўғрисида турфа маълумотлар келтирилган.
Жумладан, китобда мамлакатимиз ҳудуди орқали ўтган Буюк ипак йўли, унинг ёқасида жойлашган Бухоро, Самарканд, Тошкент, Фарғона, Хоразм каби шаҳарлар ҳақида айрим тарихий далиллар ўрин олган. Улуғ ватандошларимиз ва улар ижодий маҳсули бўлмиш машҳур асарлар, Абу Бакр Хоразмнинг “Расоъил», Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Абуллайс Самарқандийнинг “Бўстон ул-орифин”, “Қудрат ул-уйун”, Саолибийнинг “Йатимат ат-даҳр”, “Латоиф ал-маориф”, ал- Жавҳарийнинг «Китоб тадис ал-луға ва саҳҳоҳ ал-арабиййа”, Бухорийнинг “Ас-Саҳиҳ», Берунийнинг “Ҳиндистон», “Китоб ал- жамоҳир фи маърифат ал-жавоҳир”, “Ал-осор ул-бокия” кабилардан мисоллар олинган.

Адам Мецнинг “Исломий Уйғониш» асари 1922 йилда чоп этилгач, тезда машҳур бўлиб кетди, жиддий мунозараларга сабаб бўлди, йирик шарқшунос олимлар у ҳакда ўз фикрларини баён этишди, кўпчилиги китобга умуман ижобий баҳо беришди. Улар орасида И.Крачковский, В.Бартельд, К.Беккер, Р.Хартман, китоб ношири Рекандорф каби атоқли олимларни учратамиз. Асар 1927 йилда — инглиз, 1935 йилда — испан, 1941 йилда —турк, 1940-41 йилда — араб тилига таржима этилиб, нашр қилинди. Д.Е.Бетельс амалга оширган русча таржима 1973 йилда нашр этилди(Саҳифа пастида бу китобни мутолаа қилишингиз ва юклаб олишингиз мумкин)
Сизга ҳавола қилинаётган парча китобнинг “Олимлар» деб аталган бобининг бир оз қисқартирилган таржимасидир.

012
Адам Мец
«ИСЛОМИЙ УЙҒОНИШ» АСАРИДАН БИР БОБ
Илҳом Султонов  таржимаси
09

ОЛИМЛАР

011Ҳижрий III (милодий IX асрда нафис тарбия кўрган кишиларни (“адиб”ларни) тарбиялаш савияси юксалиб, улар адибга, яъни оламшумул воқеа-ҳодисалар ҳақида фикр юрита оладиган — бизнинг кунлардаги журналистларга деярли ўхшайдиган шахсларга айланди. Натижада олимлар фақат бирон-бир соҳага ихтисослашган билим доираси билан янада чекланиб қолдилар: “Кимда-ким олим бўлишни истаса, у билимларнинг айрим соҳаларини (“фан”ларни) ўрганиши, кимки адиб бўлишни истаса, илмлар ҳақида фикр юрита билиши керак». (Ибн Кутайба. “Уйун ал-ахбор», 228-бет). Эски бадиий адабиётдан («адаб»дан) дунёвий фанларнинг бутун бир туркуми ажралиб чиқди. Ўша пайтгача илоҳиёт ва фалсафа ўз илмий усули ва услубига эга эди. Энди эса филология ҳам, тарих ҳам, география ҳам ўз усули ва услубига эга бўлди. Оқибатда олимлар китобхонни кўпроқ қизиқтиришни, иложи борича кўпроқ ва хилма-хил маълумотларни умумлаштиришни ўйламай қўйишди. Маълум бир соҳага ихтисослашиб, тўплаган билимларини бир тизимга солиб, улар ҳақида хулоса чиқарадиган бўлиб қолишди.

Китобларнинг муқаддималари ҳам жуда мухтасар бўлиб қолди. 377/897 йилларда яратилган «Фиҳрист”га ёзилган сўзбоши яққол мисол бўла олади: “Ё. Оллоҳ! Мендан марҳаматингни аямагил ва ўзинг мадад бергил. Руҳлар асослар-у шартларга эмас, балки хулосаларга муҳтождур. Руҳлар мақсад сари интиладур ва уларга узундан-узоқ бирламчи изоҳларнинг ҳожати ҳам йўқ. Шу боис мазкур муқаддимада юқоридаги сўзлар билангина чекланурмиз, бинобарин китобнинг ўзи уни нима мақсадни кўзлаб ёзганлигимизни намоён этгусидур, иншооллоҳ! Биз эса Оллоҳдан мадад ва марҳамат тилаб қолурмиз!”

Қонуншунослик илоҳиёт илмидан ажралиб чиқди ва шу туфайли яна талай ўзгаришлар содир бўлди. Олимлар ўзаро адоватчи икки гуруҳга ҳуқуқшунослар (“фуқаҳо”) ҳамда асл олимларга (“уламо”) бўлинди. Биринчи гуруҳ атрофига бир бурда нон топиш умидида юрган жуда кўплаб толиблар тўпланди, чунки фиқҳ ва диний маросимлардан сабоқ берувчи муаллифлар ёрдами билангина қозилик ёхуд воизлик лавозимини эгаллаш мумкин эди.

Ал-Жаҳиз китобидан олинган машҳур бир парчада ушбу сўзларни ўқиймиз: “Тажрибада кўрилганидек, ҳадисларни эллик йил ўрганган, Қуръонни тафсир қилиш билан шуғулланган киши ҳар ҳолда фақиҳлар сафига кўшила олмайди, қозилик мансабига ҳам эриша олмайди. Бунга у Абу Ҳанифа ва шунга ўхшаш муаллифларнинг асарларини мутолаа қилган, маҳкамада амалда қўлланиладиган таърифларни ёддан билган ҳолдагина эришиши мумкин. Бу ишни у бир-икки йил ичида эплаштира оладиган бўлади ва бир оз вақтдан сўнг уни шаҳар ёки ҳатто бутун бир вилоят қозиси этиб тайинлашлари эҳтимолдан ҳоли эмас”.

Илоҳиёт илмининг равнақи ва у ҳуқуқшунослик юкидан халос бўлиши туфайли янги замонда янги-янги фикрлар туғила борди. Бу ҳол олимларнинг орзу — идеалларини эҳтиромга муносиб юксакликка кўтарди. “Покиза акл-идрок ва равшан тафаккур ила бутун борлиғини илмга бағишлаган, Оллоҳдан мадад сўраб, бор ақл-заковатини бир нуқтага жамлай оладиган, енг шимариб ишлаб тунларни бедор ўтказиб, толиқадиган, илм чўққиларига поғонама-поғона кўтарилиб, асл ниятига ета оладиган, ортга бемақсад чекинишлар-у телбаларча хуруж қилмай, илмга зўр берадиган, илм йўлида зимзиё тунда адашган туя каби адашмайдиган инсонгагина илм ўз жамолини намоён этади. Бундай кишиларнинг ярамас урф-одатларга ружу қилишига, табиатига зид иш тутишига ҳаққи йўқ. У жамоатдан йироқ юриши, баҳсу мунозарадан воз кечиши, жанжалбоз бўлмаслиги, нигоҳини ҳақиқат қудуғидан узмаслиги, шубҳали нарсаларни ҳаққоний нарсалардан фарқлай билиши ва доимо соғлом фикр юритиши даркор. Бу сўзлар ал-Муттаҳар қаламига мансуб бўлиб, 355/ 966-йилда битилган. “Котиблар” дунёвий илмлар соҳиби ҳисобланиб, илоҳиёт олимларидан кийими билан ҳам ажралиб турар, улар бўйинга тушиб турадиган рўмол (“тайласон”) ўраб юришарди. Дунёвий илмлар кенг тарқалган минтақа саналмиш Форс вилояти котиблар маркази, унинг пойтахти эса Шероз шаҳри эди. Бу ерда котиблар обрў-эътибори илоҳиёт олиминикидан баландроқ эди.

Аксинча, Шарқ-илоҳиёт олимлари учун жаннатмонанд ўлка эди. Ҳозирда ҳам улар бу ерларда ҳамон зўр эҳтиром билан қуршалган бўлиб, бутун оламда бунга ўхшаш жойни топиш мушкулдир.
Каттами-кичикми, деярли ҳар бир масжидда кутубхона бор эди, чунки ўша замонларда китобларни масжидга васият қилиб қолдириш расм бўлган эди. Айтишларича, Яздигард III олиб келган китоблар Марв шаҳри масжидининг кутубхонасини ташкил этиш учун асос бўлган. Ҳукмдорлар ҳам китоб йиғишни ўзлари учун зўр шараф деб билишган. Масалан, IV-Х аср охирида уч буюк исломий ҳукмдорлик қилишган, ашаддий китобсевар бўлишган. Испанияда халифа бўлмиш ал-Ҳакамнинг бутун Шарқ мамлакатларида ўз вакиллари бўлиб, улар ҳукмдор учун китобларнинг илк қўлёзмаларини харид қилиб олишган. Ал-Ҳакам кутубхонасида тузилган рўйхат ҳар бири йигирма саҳифалик қирқ тўртта дафтардан иборат бўлиб, уларга китобларнинг номигина қайд этилган эди.

Бир вақт халифа ал-Азиз (386/996 йилда вафот этган) саройида ал-Халил ибн Аҳмаднинг “Китоб ул-айн” ҳақида сўз берганида у мазкур нашрни келтиришни буюрган. Шунда кутубхоналардан ўттиздан зиёд қўлёзмани олиб келишган, уларнинг ҳар бири муаллифнинг ўз қўли билан битилган эди. Бир одам халифа ал- Азизга ат-табари «Таърих”ининг қўлёзмасини сотиб олишни таклиф этганида, ҳукмдор уни юз динорга харид қилган. Ваҳоланки, халифанинг кутубхонасида айни шу асарнинг йигирмадан кўпроқ қўлёзма нусхаси, улар орасида муаллифнинг ўзи кўчирган нусха ҳам бўлган. Ибн Дурайд “Жамҳара” асарининг юзта нусхаси сақланган. Кейинчалик ал-Азиз кутубхонасида қанча китоб борлиги билан қизиқиб, улар сони 120-160 минг атрофида бўлса керак, деб ҳисоблашган.
Бир вақт ал-Муқаддаси халифа Адуд ад-Давла кутубхонасини айланиб чиққан. “Кутубхона махсус бинода жойлашган, — деб ёзади у. — Уни бошқарувчи (“вакил”), кутубхоначи (“хазин”) ва назоратчи (“муориф”) бошқаради. Адуд ад-Давла ўзига қадар мавжуд барча илм соҳалари бўйича битилган барча китобларни шу ерда сақлаган. Кутубхона кенг даҳлиз ва узун қуббадор залдан иборат, унга ҳар тарафдан бинолар туташ қилиб қурилган. Залнинг ҳам, ён томондаги туташ иморатларнинг ҳам деворлари бўйлаб эни ва бўйи уч тирсак келадиган, қоплама ёғочдан ишланган жавонлар ўрнатилган, буларнинг эшиклари юқоридан қуйига туширилади. Китоблар токчаларга саф-саф қилиб териб қўйилган. Ҳар бир илм соҳасига оид китоблар алоҳида жавонда сақланиб, улар номи рўйхатда қайд этилган”.

III-IХ аерда энг машҳур уч нафар китоб ишқибози яшаган. Булар номи тез-тез тилга олиб туриладиган ал-Жаҳиз, ал-Фотиҳ ибн Хоқон ва сарой мулозими, қози Исмоил ибн Исҳоқдир. Ал-Жаҳиз қўлига тушган ҳар қандай китобни, у қайси мавзуда ёзилганидан қатъий назар, бошидан охиригача ўқиб чиқмагунича қўлидан қўймаган. У китобфурушларнинг дўконларини ҳам ижарага олган, чунки бу ўлкаларда қарз ҳисобига китоб олиб ўқиш имкони бўлган. Кейинроқ битилган бир асарда қайд этилишича, ал-Жаҳиз ён-атрофига китобларни устма-уст тахлаб қўйишга одатланган. Кунларнинг бирида мана шундай “китоб девори” ал-Жаҳизнинг устига ағдарилиб, ўлимига сабаб бўлган. (Абул Фидо. “Солномалар”, 255-бет.)

Ибн Хоқон эса халифалик хонтахтаси ёнидан бирон-бир иш билан қўзғалган пайтда ҳам, енги остидан ёки пойафзали қўнжидан китоб олиб, яна хонтахта ёнига келиб ўлтирмагунича уни ўқишда давом этган. Қози Исмоил ибн Исҳоқии эса ё китоб ўқиб турган ёки китоб титиб ўлтирган ҳолатда учратиш мумкин эди. III-IХ аср ўрталарида сарой мулозими Али ибн Йахйа ал-Мунажим ўз қурғонида “Хизанат ал-Ҳикмат” (“Ҳикматлар хазинаси”) деб аталмиш ажойиб кутубхона қурдирган. Чор атрофдан кишилар китоб мутолаа қилиш учун бу ерга ёғилиб келишарди, уларнинг таъминотини кутубхона соҳиби ўз зиммасига олган эди..

357-967 йилда Бағдод ҳукмдори исёнкор ўғлининг уйидан бошқа нарсалар қатори ўн етти минг китоб мусодара этилган. Рай шаҳрида яшаган вазир Абул Фазл ибн ал-Амид… китобларининг сони эса беҳисоб, улар барча фанларга, фалсафа ва адабиётнинг жаъмики соҳаларига оид китоблар эдики, юздан ортиқ тунга юк бўларди..

Ас-Соҳиб (385/994 йилда вафот этган) Сомонийлар ҳукмдорининг уни вазир қилиб тайинлаш ҳақидаги таклифини рад этган. Бунга сабаб қилиб у жумладан саройга кўчиб бориши мушкуллигичи айтган, чунки илоҳиёт соҳасидаги китобларининг ўзи тўрт юз туяга юк бўларди. Улар рўйхати эса ўн жилдга жаъм қилинган. (Ёқут, “Иршод”, 11, 315-бет).

Китоб йиғунчиларнинг улуғи бўлмиш Қурдоба қозиси Абул Митриф (402/1000 йилда вафот этган) китобдан нусха кўчирувчи олти нафар хаттотни ёллаган бўлиб, булар унинг доимо хизматида эди. Абул Митриф бирон-бир жойда яхши китоб борлигини эшитган зоҳоти уни харид қилишга шошилар ва унга жуда юқори баҳо қўярди, у тасарруфидаги китобларни ҳеч кимга бермас, ундан кура улардан нусха кўчиртириб беришни афзал кўрар шу нусхани китобхонга тақдим қилгач тақдири билан бошқа қизиқмас эди. Абул Митриф ўлимидан сўнг китобларини ўзи қурдирган масжидда йил давомида сотиб, жаъми қирқ минг динор ундиришган экан. Шу аснода кутубхоналар билан бир қаторда илмий муассасаларнинг янги бир шакли юзага келди. Уларда китоб сақлаш билан боғлиқ барча юмушлар таълим-таҳсил ёки иш ҳақи тўлаш усули билан бажариларди.

Моспул зодагонларига мансуб шоир ва олим Ибн Ҳамдан (325/935 йилда вафот этган) мазкур шаҳарда “Илм уйи” (“Дар ал-илм”) таъсис этди, унда ҳар бир фан соҳаси бўйича китоблар жамланган эди. Бу ерда илмга ташна ҳар бир одам китоблардан бемалол фойдалана олар, камбағал кишиларга бепул қоғоз берилар эди…

Қози ибн Хуббон (354/965 йилда вафот этган) эса уйини кутубхона ва турар- жой бинолари билан бирга мусофир олимларга васият қилиб қолдирган, нафақа белгилаган эди. Адуд ад-Давла (372/982 йилда вафот этган) Каспий денгизидан Уммонга қадар ястанган ҳудудда ҳукмронлик қилган, ислом тарихида биринчи марта қадимги шаҳаншоҳ унвонини тиклаган — (тарж.) яқинларидан бири Форс қўлтиғи бўйидаги Рамҳурмуз ва Басра шаҳарларида кутубхона бинолари қурдириб, уларда китобхонлар ва матндан нусха кўчирувчилар нафақа оларди.

383-994 йилда Буийлар сулоласининг вазири Ардашер ибн Собур (415/1024 йилда вафот этган) Бағдоднинг ғарбий қисмила “Илм уйи” барпо қилди. Бу ердаги кутубхона ажойиб илм маскани эди. Унда Қуръони Каримнинг энг моҳир хаттотлари кўчирган юз нусхаси бор эди, Шунингдек, 10 минг 400 дан зиёд китоб сақланар, уларнинг асосий қисмини машҳур салафларнинг дастхатлари ва шахсий қулёзма нусхалари ташкил этарди.

Кутубхонани бошқариш ишлари Алийларнинг икки вакили ва бир қози зиммасига юкланган эди. Алий зодагонларининг пешвоси (“нақиби”), шоир Ар-Ради (406/1015 йилда вафот этган) ҳам толибларга мўлжалланган «Илм уйи» (“Талабот ал-илм”)га асос солган ҳамда уларни ўз ҳисобидан таъминлаб турган.

Мазкур ўзгаришлар муассасаларнинг номларида ҳам ўз аксини топди: илгари фақат кутубхона саналган муассасалар “Ҳикматлар хазинаси” (“Хизонаи ат-хикма”) деб аталган бўлса, янгилари “Илм уйи” (“Дар ал-илм”) деб номландики, уларда кутубхона (“хазина”) “илм уйи”нинг бир қисмини ташкил қиларди. Мисрда ҳам шунга ўхшаш муассаса — академиялар таъсис қилинганди. Масалан, ал-Азиз (378/ 988 йилда) ал-Азҳар масжиди ёнидан бир бинони сотиб олиб, унда илоҳиёт илми билан шуғулланувчи ўттиз беш нафар олим учун хайр-эҳсон тарзида шундай даргоҳ барпо этади. Бу олимлар ҳар жумъа куни пешин ва аср намозлари орасидаги вақт давомида илмий мунозара юритиш мақсадида масжидга тўпланишар эди. IV/I асрда уламолар мактаби ҳам таркиб топди ва ҳозирда ҳам у энг иқтидорли мактаб ҳисобланади. Ибн Киллис (Миср халифаси ал-Азизнинг вазири, 380-990 йилда вафот этган) ўз хусусий академиясига эга бўлиб, олимлар, нусха кўчирувчилар, муқовасозлар таъминоти учун минг динор маблағ сарфларди. 395/1004 йилда халифа ал-Ҳаким Қоҳирада “Илмлар уйи” ташкил этиб, саройларда мавжуд бўлган барча китобларни шу ерга олиб келди. Сарой кутубхоналари барча учун очиқ бўлиб, “Илм уйи”ни кутубхоначи (“хаззон” ва икки ходим) бошқарар эди. Бу ерда муаллимлар мунтазам дарс беришар, толиблар учун сиёҳдон, қалам ва қоғоз бепул берилар эди..

Илоҳиёт ва фиқх фанларидан дарслар кўпинча маежидларда ўтилар, тингловчилар муаллим атрофида ҳалқа ясаб ўлтирар эди. Кимда-ким бу ҳалқа яқинига келиб қолгудек бўлса, унга “Масжидга қараб ўлтиргил!” деб даъват этишарди. Ал-Муқаддаси Қоҳира бош масжидида оқшом чоғи кишилар 120 га қадар ана шундай ҳалқа ясаб ўлтиришганини кўриб-ҳисоблаб чиққан.

Ўша замонларда салтанатдаги энг машҳур илмий даргоҳ Бағдоднинг қадимий жомеъ масжиди, яъни ал-Мансур масжиди эди. Айтишларича, Хатиб ал-Бағдодий (ҳадис илмининг зўр билимдони, 463/1071 йилда вафот этган) Зам-зам булоғидан уч карра ҳўпларкан, шундай ният қилган: “Ал-Мансур масжидида ҳадисларни айтиб туриб ёздиришимга ижозат беришса эди, Бағдод таърихини ҳам битган бўлурдим… (Ёқут, “Иршод”, I, 246-бет).

Табиийки, илоҳиёт соҳасида илм олишни истаган толиблар фиқҳ муаллимлари қўлида таҳсил кўрарди. Толиблар сони улар олдида турган сиёҳдонлар сонига қараб белгиланарди, чунки сиёҳдон уларнинг асосий зарур жиҳози эди. Муаллим қазо қилгудек бўлса, толиблар қаламларини синдириб, сиёҳдонларини парчалаб, овоз борича додлаб шаҳар кўчаларини кезиб юришарди. Ал-Жувайни (у машҳур воиз ҳам эди) 478/1085 йилда қазо қилганида, Нишопур шаҳрининг жаъми аҳолиси мотам маросимида иштирок этган.

Авваллари маърузаларни (лекцияларни) айтиб ёздириш усули дарс беришнинг олий босқичи саналарди. Айниқса тил ва адабиёт муаллимлари орасида мазкур усул жуда кенг тарқалган эди. Айтишларига қараганда ал-Жуббаи (303/915 йилда вафот этган) жаъми 5 50 минг варақли асарни айтиб ёздирган, шунда ҳам у бирон марта бўлсин, бошқа китобларга қараганини ҳеч ким кўрмаган, фақат бир гал ал- Хоразмий тақвимига кўз ташлаб қўйган экан. IV-X асрда тил ва адабиёт олимлари илоҳиёт муаллимларига хос маъруза ва уни айтиб ёздириш усулидан воз кечиб, бирон-бир асарни шарҳлаш (“тадрис”) билан чекланадиган бўлиб қолдилар, шу асарнинг ўзини эса тингловчилардан бири овоз чиқариб ўқиб берарди. Илоҳиёт олимлари, аксинча, айтиб ёздириш усулини сақлаб қолдилар. Аммо улар ҳам айтиб ёздириладиган маърузалар матнини кескин қисқартириш йўлига ўтиб олишди, фақат айрим олимларгина тадрис ҳисобига айтиб ёздириш усулидан куп вақт давомида фойдаланиб келишди.

Дарс беришнинг юқоридаги каби ўзгарган усули кенг қўлланилиши туфайли уз навбатида таълим муассасаларнинг ҳам янги турлари пайдо бўлди. Мана шу пайтдан эътиборан “тадрис” усули устунликка эришди ва бунинг оқибати ўлароқ “мадраса”лар ташкил топа борди. Бунинг асосий сабаби, афтидан шу бўлса керакки, ўша вақтдан бошлаб “тадрис” усули билан умум тан олган “мунозара” усули чамбарчас боғлиқ ҳолда қўлланилган Масжид эса толиблар баҳс юритадиган маскан эмасди, албатга. Бинобарин, бу бораца ҳам IV-Х асрда шундай таълим шакли яратилдики, у бизнинг кунларга қадар яшаб келмоқда.

Барча манбаларда келтирилган маълумотлар мазкур таълим даргоҳининг ватани Нишопур эканидан далолат беради, бу шаҳар ўша пайтларда Шарқ илмининг асосий маркази ҳисобланарди. Энг ишончли манба — Нишопур олимлари тарихининг муаллифи ал-Ҳаким (406/1015 йилда вафот этган) ёзишича, Нишопурдаги илк Мадраса унинг замондоши ал-Исфараини (418/1027 йилда вафот қилган) учун қурилган экан. Ибн Фуроқ (406/1015 йилда вафот этган) мадрасасигина ал-Исфараини мадрасасидан илгарироқ бунёд бўлган.

Ал-Исфараини ҳам, ибн Фуроқ ҳам ал-Ашъари (илоҳиёт олими, милодий 935 йилда вафот этган) издошлари бўлиб, мавзуни оддий оғзаки усулда баён қилишдан кўра диний ҳукм-ақидаларни талқин-изоҳ қилишни, яъни “тадрис” усулини афзал кўришар эди.

Катта мадрасаларда мударрис ёрдамчиси (“мустамли”) супада ўлтирар ва сабоқ давомида тинчлик сақтанишини назорат этарди. Мударрис илоҳиёт илми толиблари учун дарсларни Оллоҳ ва унинг Расулига саловат ўқишдан бошларди-да, сўнг хушовоз толиблардан бирига Қуръони Каримдан бир неча оят ўқишни буюрар, у тиловатни пировардига етказгач, шаҳар аҳли ва толиб ул-илмларга бахт-саодат тилаб, дуо қиларди. Мударриснинг халфаси толиблардан тинчлик сақлашни талаб қилиб, у ҳам Оллоҳ ва унинг Расули шарафига саловат ўқирди. Сабоқ давомида халфа мударрисдан: “Оллоҳ марҳамат қилсин, ҳозир кимнинг китобидан иқтибос келтирдингиз?” деб сўраб қўяр, мударрис Расул ва авлиёлардан бирининг исми- шарифини тилга олган заҳоти, ҳар гал улар номини такрорлаб, тиловат қиларди.

300-912 йиллар арафасида мударрис машғулотни Қуръони Карим оятлари билан бошлаб, бир неча ҳадис ўқир, мабодо бирон-бир ғалати, кам қўлланиладиган иборалар учраса, маъноларини тушунтириб берар ёки толиблардан сўрарди.

Ҳадисларни баён қилишда тақводорларга хос журъатсизлик ҳамон сақтаниб қолган эди. Ал-Биркони (425/1034 йилда вафот этган) далолат беришича, унинг мударриси илми ҳадисдан сабоқ беришга ҳеч ботина олмасди. Мударрис май пул от давомида тасодифан бирон-бир киши билан сўзлашиб қолгудек бўлса, толиблар бундан фойдаланиб, унга билдирмасдан сабоғида тилга оладиган ҳадисларни топиб ёзиб олишарди. Бошқа бир мударрис то етмиш ёшга тўлмагунича, ҳадис илмидан даре бериш нияти йўқлигини айтган. Сабаби шундаки, ҳадисларни ўқиш ҳануз ўзига хос ибодат саналиб, у маълум даражада мударрисда кўркамлик — басавлатлик каби хислатлар бўлишини тақозо қиларди “Ҳадис илмидан сабоқ беришдан аввал мударрис таҳорат олиши, соқолини тартибга келтириши лозим. У қаддини ғоз тутиб ўлтириши, одоб доирасидан четга чиқмаслиги, сомеълардан биронтаси товушини баланд қўйиб сўзлагудек бўлса, жиддийлик билан адабини бериб қўйиши, ҳамма билан хуш-муомалада бўлиши даркор” (“Тақриби ан-Набави», 18, 85-бетлар).

Мадрасада ўқишни қайси ёшдан бошлаш лозимлиги масаласида ҳам мунозаралар бўлиб турарди Айримлар ҳадис илмини ўттиз ёшдан, бошқалар эса йигирма ёшдан бошлаб ўрганишни тавсия қилишарди. Қурдоба қозиси Ийод (544/1149 йилда вафот этган) VI асрда яшаган олимлар ҳадис илмини ўрганишга беш ёшдан бошлаб киришиш керак, деб белгилашганини ёзган. Бунинг тасдиғи ўлароқ, ал-Бухорий асарида келтирилган ҳадисни (“Илм китоби”, 18-боб) тилга олиш кифоя.

Ан-Навави (476/1083 йилда вафот этган) ҳам ҳадис илмини айни шу ешдан ўрганишга киришишни ўз замонига хос қоида, деб билганини ҳисобга олиш керак. Мана шу нуқтаи назар кейинчалик расм бўлиб кетди. Шу сабабли ҳам олимларнинг таржимаи ҳолларида улар қайси ёшдан бошлаб таҳсил кўра бошлаганини мамнунлик билан таъкидланадиган бўлиб қолди. йилда вафот қилган) Баъзан, лекин камдан-кам ҳолларда ўқишни олти ёшдан бошлашган. Машҳур қози ат-Танухи (384/994 йилда вафот этган) шундай олимлар жумласига киради. Ўз даврининг энг буюк олими, исфахонлик Абу Нуъайм саккиз ёшида Мадраса остонасига қадам қўйган Аммо машғулотларни кўпинча ўн бир ёшдан бошлашган…

Қайси ёшдан эътиборан илоҳиёт илмидан сабоқ беришга киришиш лозимлиги масаласи хусусида ҳам якдил фикр бўлмаган. Ан-Навави; “Тингловчиларингиз бўлса, бас, исталган ёшдан дарс ўтаверишингиз мумкин”, деб ҳисоблаган. Кекса мударрислар қариликка хос заифлиги ёки кўзи кўрмай қолиши оқибатида ҳадисларни чалкаштириб юбориши мумкинлигидан хавотирлана бошлаган пайтдан эътиборан даре беришни тўхтатиши лозим эди. Толиб фақиҳчик даражасига эришмаган ва мансабни эгалламаган бўлса тирикчилик манбаидан маҳрум бўлган бундай олим китобдан нусха кўчириб ёзиш — “варрақ” билан шуғулланишга мажбур бўларди. Масалан, IV асрнинг етакчи файласуфларидан бири Яҳъё ибн Ади (364/974 йилда вафот этган) ат-Табарининг “Тафсир ал-Қуръон» китобини икки марта кўчириб чиққан, у бир кеча-кундуз давомида юз вараққа қадар матнни кўчириб ёзишга улгурарди. Нишопурда узлуксиз эллик йил мобайнида китобдан нусха кўчириш билан шуғулланган Абу Хатим: “Нусха қўчириш — лаънатлашга лойиқ касб, ундан тирикчилик учун на бир бўрда нон, на кафанлик мато унади”, деб нолиганди. Ад-Даққоқ (489-1009 йилда вафот қилган) Муслимнинг “Саҳиҳ” асаридан нусха кўчириб ёзиш билан пул топиб, онаси, хотини ва фарзандини боқишга мажбур бўлган.

“Нусха кўчириб ёзувчилар хиёнати” (“Хийенатан ал-варрақин”) яъни матнни нотўғри/хатолар билан кўчириш илм учун зўр офат саналган, шу боис ҳалол олимлар ўз кутубхоналари учун зарур китобларни ўз қўллари билан кўчриб, нусха олиб қўйишарди.

Мударрислик ҳам ортиқча даромад келтирмаган. Олимлар орасида шундай бир кенг оқим мавжуд бўлганки, улар (масалан, ханафий мазҳабига мансуб бутун бир мактаб, Аҳмад ибн Ҳанбал, Суфъён ас-Саври ва бошқалар) Қуръони Карим ва ҳадис илмидан дарс бериш эвазига ҳақ олишни умуман ножўя-ножойиз иш, деб эълон қилишган. Бошқа бир олимлар тоифаси эса ҳақ олиш мумкин, деб ҳисоблаган бўлсалар ҳам, фақат Оллоҳ марҳаматидан умидвор бўлиб, сабоқ берган бир мударриснинг тутган йўлини маъқул кўришган. Шу йўсинда бепул таҳсил муддати тугаганидан сўнг, толиблар: “Оллоҳ сиздан марҳаматини аямасин” қабилида мударрисга мурожаат қилар, мударрис эса бунга жавобан: “Оллоҳ кўрган таҳсилингиздан сизга наф ато этсин!” деб оқ йўл тилар эди.

Ал-Жавзаки (388/998 йилда вафот этган) “Мен илми ҳадисдан сабоқ бериш учун юз минг дирҳам пул сарфладим, аммо эвазига бир дирҳам ҳам ҳақ олмадим”, деган экан. (Субқи, “Табақот”, II, 169-бет). Алийлардан бири Тир шаҳрининг маежидида машҳур ал-Хатиб ал-Бағдодига туҳфа қилиш ниятида 300 динорни намоз гиламчасининг устига қўяди, буни кўрган ал-Ҳатиб ғазабланиб, гиламчасини қўлига олади-да, масжиддан чиқиб кетади. Алий эса сочилган олтин тангаларини бўйранинг ёриқ-тешик жойларидан бирма-бир кавлаб олишга мажбур бўлади. (Ўша асар, III, 14-бет).

Мактабда муаллимлик қилиш ҳам (“Муаллимин ас-сибъён”, “муаллимии ал- қутто”) лаънати касб билан шуғулланиб ачиган нон тановул қилиш” демак эди. Ал-Жаҳиз мактаб муаллимлари ҳақида бутун бир кигоб ёзиб, унда қизиқ-қизиқ латйфалар келтиради, уларни ночор ва нодон кимсалар сифатида тасвирлайди. Мактаб муаллимидан ҳам нодон” ибораси эса эл орасида жуда машҳур бўлиб кетади. (Ал-Жаҳиз, “Байон”, 1,100-бет).

Сабоқ эвазига муаллимга албатта бирон нима беришарди. “Муаллимнинг варақиси” деган ибора кенг тарқалган эди, бу таом муаллимдан сабоқ олаётган бола ота-онасининг топиш-тутиши, зиқна ёки сахийлигига қараб, каттароқ ёки майдароқ, ширин ёхуд бемаза бўларди. “Ҳар хил нонлар, юпқа варақилар! Лаънати таом, лаънати касб!” — мазкур иборани ҳам ал-Жаҳизга нисбатан беришади. Бадавлат хонадонларда таълим берувчи уй муаллимларининг аҳволи анча дуруст эди”. Ўртача савияли муаллим (“муаддиб”) ўғил болаларни ўқитгани учун олтмиш дирҳам, машҳур муаллимлар эса камида минг дирҳам ҳақ олади” (Ўша ерда, 151-бет).

Сарой аъёнлари марҳаматига сазовор бўлган олимлар нафақа олиб турар, харажат турларининг бири — фақиҳлар, бошқа бир тури — илоҳиёт муаллимлари учун белгиланган эди. Халифа улфатлари (“надимлари”) учинчи ва афтидан, энг кўп маош олиб турадиган тоифа саналарди. Ҳамма уч турдаги нафақани бир йўла олиш ҳам мумкин бўлиб, бу ҳолда у ойига уч юз динорни ташкил қилар, яна бепул уй олиш ҳуқуқини берар эди. (“Фиҳрисит”, 51-бет).

Тил ва адабиёт олими Ибн Дурайд (321/933 йилда вафот қилган) Бағдод шаҳрига ҳеч бир маблағсиз етиб келган пайтда халифа ал-Муқтадир унга эллик динорлик маош тайинлаган.
Турк файласуфи ал-Фароби (339/950 йилда вафот этган) Ҳалаб ҳукмдори Сайд уд-Давладан кунига бир дирҳам маош олиб, шу билан қаноатланган. (“Алфидси, “Солнома”, 339-бет).
Ўша замонларда олимлардан биронтаси мударрислик-муаллимликдан ташқари бошқа бирон иш ёхуд касб билан шуғуллангани ҳақидаги далиллар деярли учрамайди… Ўз даврининг йирик тил ва адабиёт олимларидан бири ал-Мутарриз (345/ 956 йилда вафот этган) умр бўйи муҳтожликда яшаган, илмий машғулотлар тирикчилик учун пул топишига имкон бермаган. Яна бир машҳур тил ва адабиёт олими ибн-Форис (369/979 йилда вафот этган): “Дирҳам — дардимнинг энг моҳир табибидур”, деб ёзган ва минг дирҳамга эга бўлишни орзу қилган. (Ёқут, “Иршод”, II. 9-бет).

Биз кўздан кечираётган даврнинг охирларига келиб, ислом уламолари энг фахрли унвонларга сазовор бўлиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Масалан, ёш олим ал- Исфараини (418/1027 йилда вафот этган) Нишопур олимлари орасида биринчи бўлиб “рукн ал-дин” (“дин устуни”) унвонини олди. Айни шу даврда аввал — фахрли ном сифатида “шайх ул-ислом” унвони таъсис қилинди ва у кейинчалик жуда муҳим унвонга айланди Эронда мазкур фахрли унвонни етакчи илоҳиёт олимларига бериладиган бўлди.

Таржима www.islom.uz сайтидан олинди.

07

013   Shveytsariyalik olim Adam Mets (Adam Mez)ning (1869—1917 yillar)  “Islomiy Uyg’onish» asari hijriy III-IV (milodiy IX-X) asrlarda Arab xalifotining tarixi va madaniyatiga bag’ishlangan. Muallif mazkur davrga oid yuzlab manbaparni o’rganib chikib, ulardan o’sha zamonlarni tarixiy-madaniy jihatdan ta’riflash imkonini beruvchi ja’miki ma’lumotlarni ajratib-saralab olgan va shu tariqa ushbu asrlarda Arablar saltanatining ma’naviy-ma’rifiy taraqqiyotini minglab dalillar vositasida namoyon etadigan shunday bir majmua yaratganki, undan keyin ijod qilgan barcha sharqshunos olimlar unda keltirilgan tarixiy dalillardan biron-bir darajada foydalanishgan.

Chindan ham Adam Mets kitobidan Arab xalifotida yashagan xalqlarning fani va madaniyati gullab-yashnagan mazkur asrlarda shu imperiyani boshqarish, uning moliya siyosati, soliqlar tizimi, ma’naviy madaniyati, turmush tarzi, adabiyot va san`ati, din-diyonati, ta`lim-tarbiya, xo’jalik, savdo-sotiq, o’zaro aloqa sohalari, shaharlar hayoti, bayramlari hamda marosimlariga taallukdi qiziqarli axborot olish mumkin. Asarda arab xalifalari, ularning vazirlari, viloyat hokimlari, ma’murlari, diniy arboblar, muhaddislar, olimlar, mudarrislar, shoir va adiblar, qozilar va faqihlar, so’fiylar va shayxlar, sunniylar va shialar, nasroniylar va musoviylar, zardushtiylar va buddoyilar, xunarmandlar va savdogarlar… to’g’risida turfa ma’lumotlar keltirilgan.
Jumladan, kitobda mamlakatimiz hududi orqali o’tgan Buyuk ipak yo’li, uning yoqasida joylashgan Buxoro, Samarkand, Toshkent, Farg’ona, Xorazm kabi shaharlar haqida ayrim tarixiy dalillar o’rin olgan. Ulug’ vatandoshlarimiz va ular ijodiy mahsuli bo’lmish mashhur asarlar, Abu Bakr Xorazmning “Raso’il», Nasr ibn Muhammad ibn Ibrohim Abullays Samarqandiyning “Bo’ston ul-orifin”, “Qudrat ul-uyun”, Saolibiyning “Yatimat at-dahr”, “Latoif al-maorif”, al- Javhariyning «Kitob tadis al-lug’a va sahhoh al-arabiyya”, Buxoriyning “As-Sahih», Beruniyning “Hindiston», “Kitob al- jamohir fi ma’rifat al-javohir”, “Al-osor ul-bokiya” kabilardan misollar olingan.

Adam Metsning “Islomiy Uyg’onish» asari 1922 yilda chop etilgach, tezda mashhur bo’lib ketdi, jiddiy munozaralarga sabab bo’ldi, yirik sharqshunos olimlar u hakda o’z fikrlarini bayon etishdi, ko’pchiligi kitobga umuman ijobiy baho berishdi. Ular orasida I.Krachkovskiy, V.Bartel`d, K.Bekker, R.Xartman, kitob noshiri Rekandorf kabi atoqli olimlarni uchratamiz. Asar 1927 yilda — ingliz, 1935 yilda — ispan, 1941 yilda —turk, 1940-41 yilda — arab tiliga tarjima etilib, nashr qilindi. D.YE.Betel`s amalga oshirgan ruscha tarjima 1973 yilda nashr etildi(Sahifa pastida bu kitobni mutolaa qilishingiz va yuklab olishingiz mumkin)
Sizga havola qilinayotgan parcha kitobning “Olimlar» deb atalgan bobining bir oz qisqartirilgan tarjimasidir.

012
Adam Mets
«ISLOMIY UYG’ONISH» ASARIDAN BIR BOB
Ilhom Sultonov  tarjimasi
09

OLIMLAR

011Hijriy III (milodiy IX asrda nafis tarbiya ko’rgan kishilarni (“adib”larni) tarbiyalash saviyasi yuksalib, ular adibga, ya’ni olamshumul voqea-hodisalar haqida fikr yurita oladigan — bizning kunlardagi jurnalistlarga deyarli o’xshaydigan shaxslarga aylandi. Natijada olimlar faqat biron-bir sohaga ixtisoslashgan bilim doirasi bilan yanada cheklanib qoldilar: “Kimda-kim olim bo’lishni istasa, u bilimlarning ayrim sohalarini (“fan”larni) o’rganishi, kimki adib bo’lishni istasa, ilmlar haqida fikr yurita bilishi kerak». (Ibn Kutayba. “Uyun al-axbor», 228-bet). Eski badiiy adabiyotdan («adab»dan) dunyoviy fanlarning butun bir turkumi ajralib chiqdi. O’sha paytgacha ilohiyot va falsafa o’z ilmiy usuli va uslubiga ega edi. Endi esa filologiya ham, tarix ham, geografiya ham o’z usuli va uslubiga ega bo’ldi. Oqibatda olimlar kitobxonni ko’proq qiziqtirishni, iloji boricha ko’proq va xilma-xil ma’lumotlarni umumlashtirishni o’ylamay qo’yishdi. Ma’lum bir sohaga ixtisoslashib, to’plagan bilimlarini bir tizimga solib, ular haqida xulosa chiqaradigan bo’lib qolishdi.

Kitoblarning muqaddimalari ham juda muxtasar bo’lib qoldi. 377/897 yillarda yaratilgan «Fihrist”ga yozilgan so’zboshi yaqqol misol bo’la oladi: “YO. Olloh! Mendan marhamatingni ayamagil va o’zing madad bergil. Ruhlar asoslar-u shartlarga emas, balki xulosalarga muhtojdur. Ruhlar maqsad sari intiladur va ularga uzundan-uzoq birlamchi izohlarning hojati ham yo’q. Shu bois mazkur muqaddimada yuqoridagi so’zlar bilangina cheklanurmiz, binobarin kitobning o’zi uni nima maqsadni ko’zlab yozganligimizni namoyon etgusidur, inshoolloh! Biz esa Ollohdan madad va marhamat tilab qolurmiz!”

Qonunshunoslik ilohiyot ilmidan ajralib chiqdi va shu tufayli yana talay o’zgarishlar sodir bo’ldi. Olimlar o’zaro adovatchi ikki guruhga huquqshunoslar (“fuqaho”) hamda asl olimlarga (“ulamo”) bo’lindi. Birinchi guruh atrofiga bir burda non topish umidida yurgan juda ko’plab toliblar to’plandi, chunki fiqh va diniy marosimlardan saboq beruvchi mualliflar yordami bilangina qozilik yoxud voizlik lavozimini egallash mumkin edi.

Al-Jahiz kitobidan olingan mashhur bir parchada ushbu so’zlarni o’qiymiz: “Tajribada ko’rilganidek, hadislarni ellik yil o’rgangan, Qur’onni tafsir qilish bilan shug’ullangan kishi har holda faqihlar safiga ko’shila olmaydi, qozilik mansabiga ham erisha olmaydi. Bunga u Abu Hanifa va shunga o’xshash mualliflarning asarlarini mutolaa qilgan, mahkamada amalda qo’llaniladigan ta’riflarni yoddan bilgan holdagina erishishi mumkin. Bu ishni u bir-ikki yil ichida eplashtira oladigan bo’ladi va bir oz vaqtdan so’ng uni shahar yoki hatto butun bir viloyat qozisi etib tayinlashlari ehtimoldan holi emas”.

Ilohiyot ilmining ravnaqi va u huquqshunoslik yukidan xalos bo’lishi tufayli yangi zamonda yangi-yangi fikrlar tug’ila bordi. Bu hol olimlarning orzu — ideallarini ehtiromga munosib yuksaklikka ko’tardi. “Pokiza akl-idrok va ravshan tafakkur ila butun borlig’ini ilmga bag’ishlagan, Ollohdan madad so’rab, bor aql-zakovatini bir nuqtaga jamlay oladigan, yeng shimarib ishlab tunlarni bedor o’tkazib, toliqadigan, ilm cho’qqilariga pog’onama-pog’ona ko’tarilib, asl niyatiga yeta oladigan, ortga bemaqsad chekinishlar-u telbalarcha xuruj qilmay, ilmga zo’r beradigan, ilm yo’lida zimziyo tunda adashgan tuya kabi adashmaydigan insongagina ilm o’z jamolini namoyon etadi. Bunday kishilarning yaramas urf-odatlarga ruju qilishiga, tabiatiga zid ish tutishiga haqqi yo’q. U jamoatdan yiroq yurishi, bahsu munozaradan voz kechishi, janjalboz bo’lmasligi, nigohini haqiqat qudug’idan uzmasligi, shubhali narsalarni haqqoniy narsalardan farqlay bilishi va doimo sog’lom fikr yuritishi darkor. Bu so’zlar al-Muttahar qalamiga mansub bo’lib, 355/ 966-yilda bitilgan. “Kotiblar” dunyoviy ilmlar sohibi hisoblanib, ilohiyot olimlaridan kiyimi bilan ham ajralib turar, ular bo’yinga tushib turadigan ro’mol (“taylason”) o’rab yurishardi. Dunyoviy ilmlar keng tarqalgan mintaqa sanalmish Fors viloyati kotiblar markazi, uning poytaxti esa Sheroz shahri edi. Bu yerda kotiblar obro’-e’tibori ilohiyot oliminikidan balandroq edi.

Aksincha, Sharq-ilohiyot olimlari uchun jannatmonand o’lka edi. Hozirda ham ular bu yerlarda hamon zo’r ehtirom bilan qurshalgan bo’lib, butun olamda bunga o’xshash joyni topish mushkuldir.
Kattami-kichikmi, deyarli har bir masjidda kutubxona bor edi, chunki o’sha zamonlarda kitoblarni masjidga vasiyat qilib qoldirish rasm bo’lgan edi. Aytishlaricha, Yazdigard III olib kelgan kitoblar Marv shahri masjidining kutubxonasini tashkil etish uchun asos bo’lgan. Hukmdorlar ham kitob yig’ishni o’zlari uchun zo’r sharaf deb bilishgan. Masalan, IV-X asr oxirida uch buyuk islomiy hukmdorlik qilishgan, ashaddiy kitobsevar bo’lishgan. Ispaniyada xalifa bo’lmish al-Hakamning butun Sharq mamlakatlarida o’z vakillari bo’lib, ular hukmdor uchun kitoblarning ilk qo’lyozmalarini xarid qilib olishgan. Al-Hakam kutubxonasida tuzilgan ro’yxat har biri yigirma sahifalik qirq to’rtta daftardan iborat bo’lib, ularga kitoblarning nomigina qayd etilgan edi.

Bir vaqt xalifa al-Aziz (386/996 yilda vafot etgan) saroyida al-Xalil ibn Ahmadning “Kitob ul-ayn” haqida so’z berganida u mazkur nashrni keltirishni buyurgan. Shunda kutubxonalardan o’ttizdan ziyod qo’lyozmani olib kelishgan, ularning har biri muallifning o’z qo’li bilan bitilgan edi. Bir odam xalifa al- Azizga at-tabari «Ta’rix”ining qo’lyozmasini sotib olishni taklif etganida, hukmdor uni yuz dinorga xarid qilgan. Vaholanki, xalifaning kutubxonasida ayni shu asarning yigirmadan ko’proq qo’lyozma nusxasi, ular orasida muallifning o’zi ko’chirgan nusxa ham bo’lgan. Ibn Durayd “Jamhara” asarining yuzta nusxasi saqlangan. Keyinchalik al-Aziz kutubxonasida qancha kitob borligi bilan qiziqib, ular soni 120-160 ming atrofida bo’lsa kerak, deb hisoblashgan.
Bir vaqt al-Muqaddasi xalifa Adud ad-Davla kutubxonasini aylanib chiqqan. “Kutubxona maxsus binoda joylashgan, — deb yozadi u. — Uni boshqaruvchi (“vakil”), kutubxonachi (“xazin”) va nazoratchi (“muorif”) boshqaradi. Adud ad-Davla o’ziga qadar mavjud barcha ilm sohalari bo’yicha bitilgan barcha kitoblarni shu yerda saqlagan. Kutubxona keng dahliz va uzun qubbador zaldan iborat, unga har tarafdan binolar tutash qilib qurilgan. Zalning ham, yon tomondagi tutash imoratlarning ham devorlari bo’ylab eni va bo’yi uch tirsak keladigan, qoplama yog’ochdan ishlangan javonlar o’rnatilgan, bularning eshiklari yuqoridan quyiga tushiriladi. Kitoblar tokchalarga saf-saf qilib terib qo’yilgan. Har bir ilm sohasiga oid kitoblar alohida javonda saqlanib, ular nomi ro’yxatda qayd etilgan”.

III-IX aerda eng mashhur uch nafar kitob ishqibozi yashagan. Bular nomi tez-tez tilga olib turiladigan al-Jahiz, al-Fotih ibn Xoqon va saroy mulozimi, qozi Ismoil ibn Is’hoqdir. Al-Jahiz qo’liga tushgan har qanday kitobni, u qaysi mavzuda yozilganidan qat’iy nazar, boshidan oxirigacha o’qib chiqmagunicha qo’lidan qo’ymagan. U kitobfurushlarning do’konlarini ham ijaraga olgan, chunki bu o’lkalarda qarz hisobiga kitob olib o’qish imkoni bo’lgan. Keyinroq bitilgan bir asarda qayd etilishicha, al-Jahiz yon-atrofiga kitoblarni ustma-ust taxlab qo’yishga odatlangan. Kunlarning birida mana shunday “kitob devori” al-Jahizning ustiga ag’darilib, o’limiga sabab bo’lgan. (Abul Fido. “Solnomalar”, 255-bet.)

Ibn Xoqon esa xalifalik xontaxtasi yonidan biron-bir ish bilan qo’zg’algan paytda ham, yengi ostidan yoki poyafzali qo’njidan kitob olib, yana xontaxta yoniga kelib o’ltirmagunicha uni o’qishda davom etgan. Qozi Ismoil ibn Is’hoqii esa yo kitob o’qib turgan yoki kitob titib o’ltirgan holatda uchratish mumkin edi. III-IX asr o’rtalarida saroy mulozimi Ali ibn Yaxya al-Munajim o’z qurg’onida “Xizanat al-Hikmat” (“Hikmatlar xazinasi”) deb atalmish ajoyib kutubxona qurdirgan. Chor atrofdan kishilar kitob mutolaa qilish uchun bu yerga yog’ilib kelishardi, ularning ta’minotini kutubxona sohibi o’z zimmasiga olgan edi..

357-967 yilda Bag’dod hukmdori isyonkor o’g’lining uyidan boshqa narsalar qatori o’n yetti ming kitob musodara etilgan. Ray shahrida yashagan vazir Abul Fazl ibn al-Amid… kitoblarining soni esa behisob, ular barcha fanlarga, falsafa va adabiyotning ja’miki sohalariga oid kitoblar ediki, yuzdan ortiq tunga yuk bo’lardi..

As-Sohib (385/994 yilda vafot etgan) Somoniylar hukmdorining uni vazir qilib tayinlash haqidagi taklifini rad etgan. Bunga sabab qilib u jumladan saroyga ko’chib borishi mushkulligichi aytgan, chunki ilohiyot sohasidagi kitoblarining o’zi to’rt yuz tuyaga yuk bo’lardi. Ular ro’yxati esa o’n jildga ja’m qilingan. (Yoqut, “Irshod”, 11, 315-bet).

Kitob yig’unchilarning ulug’i bo’lmish Qurdoba qozisi Abul Mitrif (402/1000 yilda vafot etgan) kitobdan nusxa ko’chiruvchi olti nafar xattotni yollagan bo’lib, bular uning doimo xizmatida edi. Abul Mitrif biron-bir joyda yaxshi kitob borligini eshitgan zohoti uni xarid qilishga shoshilar va unga juda yuqori baho qo’yardi, u tasarrufidagi kitoblarni hech kimga bermas, undan kura ulardan nusxa ko’chirtirib berishni afzal ko’rar shu nusxani kitobxonga taqdim qilgach taqdiri bilan boshqa qiziqmas edi. Abul Mitrif o’limidan so’ng kitoblarini o’zi qurdirgan masjidda yil davomida sotib, ja’mi qirq ming dinor undirishgan ekan. Shu asnoda kutubxonalar bilan bir qatorda ilmiy muassasalarning yangi bir shakli yuzaga keldi. Ularda kitob saqlash bilan bog’liq barcha yumushlar ta’lim-tahsil yoki ish haqi to’lash usuli bilan bajarilardi.

Mospul zodagonlariga mansub shoir va olim Ibn Hamdan (325/935 yilda vafot etgan) mazkur shaharda “Ilm uyi” (“Dar al-ilm”) ta’sis etdi, unda har bir fan sohasi bo’yicha kitoblar jamlangan edi. Bu yerda ilmga tashna har bir odam kitoblardan bemalol foydalana olar, kambag’al kishilarga bepul qog’oz berilar edi…

Qozi ibn Xubbon (354/965 yilda vafot etgan) esa uyini kutubxona va turar- joy binolari bilan birga musofir olimlarga vasiyat qilib qoldirgan, nafaqa belgilagan edi. Adud ad-Davla (372/982 yilda vafot etgan) Kaspiy dengizidan Ummonga qadar yastangan hududda hukmronlik qilgan, islom tarixida birinchi marta qadimgi shahanshoh unvonini tiklagan — (tarj.) yaqinlaridan biri Fors qo’ltig’i bo’yidagi Ramhurmuz va Basra shaharlarida kutubxona binolari qurdirib, ularda kitobxonlar va matndan nusxa ko’chiruvchilar nafaqa olardi.

383-994 yilda Buiylar sulolasining vaziri Ardasher ibn Sobur (415/1024 yilda vafot etgan) Bag’dodning g’arbiy qismila “Ilm uyi” barpo qildi. Bu yerdagi kutubxona ajoyib ilm maskani edi. Unda Qur’oni Karimning eng mohir xattotlari ko’chirgan yuz nusxasi bor edi, Shuningdek, 10 ming 400 dan ziyod kitob saqlanar, ularning asosiy qismini mashhur salaflarning dastxatlari va shaxsiy qulyozma nusxalari tashkil etardi.

Kutubxonani boshqarish ishlari Aliylarning ikki vakili va bir qozi zimmasiga yuklangan edi. Aliy zodagonlarining peshvosi (“naqibi”), shoir Ar-Radi (406/1015 yilda vafot etgan) ham toliblarga mo’ljallangan «Ilm uyi» (“Talabot al-ilm”)ga asos solgan hamda ularni o’z hisobidan ta’minlab turgan.

Mazkur o’zgarishlar muassasalarning nomlarida ham o’z aksini topdi: ilgari faqat kutubxona sanalgan muassasalar “Hikmatlar xazinasi” (“Xizonai at-xikma”) deb atalgan bo’lsa, yangilari “Ilm uyi” (“Dar al-ilm”) deb nomlandiki, ularda kutubxona (“xazina”) “ilm uyi”ning bir qismini tashkil qilardi. Misrda ham shunga o’xshash muassasa — akademiyalar ta’sis qilingandi. Masalan, al-Aziz (378/ 988 yilda) al-Azhar masjidi yonidan bir binoni sotib olib, unda ilohiyot ilmi bilan shug’ullanuvchi o’ttiz besh nafar olim uchun xayr-ehson tarzida shunday dargoh barpo etadi. Bu olimlar har jum’a kuni peshin va asr namozlari orasidagi vaqt davomida ilmiy munozara yuritish maqsadida masjidga to’planishar edi. IV/I asrda ulamolar maktabi ham tarkib topdi va hozirda ham u eng iqtidorli maktab hisoblanadi. Ibn Killis (Misr xalifasi al-Azizning vaziri, 380-990 yilda vafot etgan) o’z xususiy akademiyasiga ega bo’lib, olimlar, nusxa ko’chiruvchilar, muqovasozlar ta’minoti uchun ming dinor mablag’ sarflardi. 395/1004 yilda xalifa al-Hakim Qohirada “Ilmlar uyi” tashkil etib, saroylarda mavjud bo’lgan barcha kitoblarni shu yerga olib keldi. Saroy kutubxonalari barcha uchun ochiq bo’lib, “Ilm uyi”ni kutubxonachi (“xazzon” va ikki xodim) boshqarar edi. Bu yerda muallimlar muntazam dars berishar, toliblar uchun siyohdon, qalam va qog’oz bepul berilar edi..

Ilohiyot va fiqx fanlaridan darslar ko’pincha maejidlarda o’tilar, tinglovchilar muallim atrofida halqa yasab o’ltirar edi. Kimda-kim bu halqa yaqiniga kelib qolgudek bo’lsa, unga “Masjidga qarab o’ltirgil!” deb da’vat etishardi. Al-Muqaddasi Qohira bosh masjidida oqshom chog’i kishilar 120 ga qadar ana shunday halqa yasab o’ltirishganini ko’rib-hisoblab chiqqan.

O’sha zamonlarda saltanatdagi eng mashhur ilmiy dargoh Bag’dodning qadimiy jome’ masjidi, ya’ni al-Mansur masjidi edi. Aytishlaricha, Xatib al-Bag’dodiy (hadis ilmining zo’r bilimdoni, 463/1071 yilda vafot etgan) Zam-zam bulog’idan uch karra ho’plarkan, shunday niyat qilgan: “Al-Mansur masjidida hadislarni aytib turib yozdirishimga ijozat berishsa edi, Bag’dod ta’rixini ham bitgan bo’lurdim… (Yoqut, “Irshod”, I, 246-bet).

Tabiiyki, ilohiyot sohasida ilm olishni istagan toliblar fiqh muallimlari qo’lida tahsil ko’rardi. Toliblar soni ular oldida turgan siyohdonlar soniga qarab belgilanardi, chunki siyohdon ularning asosiy zarur jihozi edi. Muallim qazo qilgudek bo’lsa, toliblar qalamlarini sindirib, siyohdonlarini parchalab, ovoz boricha dodlab shahar ko’chalarini kezib yurishardi. Al-Juvayni (u mashhur voiz ham edi) 478/1085 yilda qazo qilganida, Nishopur shahrining ja’mi aholisi motam marosimida ishtirok etgan.

Avvallari ma’ruzalarni (lektsiyalarni) aytib yozdirish usuli dars berishning oliy bosqichi sanalardi. Ayniqsa til va adabiyot muallimlari orasida mazkur usul juda keng tarqalgan edi. Aytishlariga qaraganda al-Jubbai (303/915 yilda vafot etgan) ja’mi 5 50 ming varaqli asarni aytib yozdirgan, shunda ham u biron marta bo’lsin, boshqa kitoblarga qaraganini hech kim ko’rmagan, faqat bir gal al- Xorazmiy taqvimiga ko’z tashlab qo’ygan ekan. IV-X asrda til va adabiyot olimlari ilohiyot muallimlariga xos ma’ruza va uni aytib yozdirish usulidan voz kechib, biron-bir asarni sharhlash (“tadris”) bilan cheklanadigan bo’lib qoldilar, shu asarning o’zini esa tinglovchilardan biri ovoz chiqarib o’qib berardi. Ilohiyot olimlari, aksincha, aytib yozdirish usulini saqlab qoldilar. Ammo ular ham aytib yozdiriladigan ma’ruzalar matnini keskin qisqartirish yo’liga o’tib olishdi, faqat ayrim olimlargina tadris hisobiga aytib yozdirish usulidan kup vaqt davomida foydalanib kelishdi.

Dars berishning yuqoridagi kabi o’zgargan usuli keng qo’llanilishi tufayli uz navbatida ta’lim muassasalarning ham yangi turlari paydo bo’ldi. Mana shu paytdan e’tiboran “tadris” usuli ustunlikka erishdi va buning oqibati o’laroq “madrasa”lar tashkil topa bordi. Buning asosiy sababi, aftidan shu bo’lsa kerakki, o’sha vaqtdan boshlab “tadris” usuli bilan umum tan olgan “munozara” usuli chambarchas bog’liq holda qo’llanilgan Masjid esa toliblar bahs yuritadigan maskan emasdi, albatga. Binobarin, bu boratsa ham IV-X asrda shunday ta’lim shakli yaratildiki, u bizning kunlarga qadar yashab kelmoqda.

Barcha manbalarda keltirilgan ma’lumotlar mazkur ta’lim dargohining vatani Nishopur ekanidan dalolat beradi, bu shahar o’sha paytlarda Sharq ilmining asosiy markazi hisoblanardi. Eng ishonchli manba — Nishopur olimlari tarixining muallifi al-Hakim (406/1015 yilda vafot etgan) yozishicha, Nishopurdagi ilk Madrasa uning zamondoshi al-Isfaraini (418/1027 yilda vafot qilgan) uchun qurilgan ekan. Ibn Furoq (406/1015 yilda vafot etgan) madrasasigina al-Isfaraini madrasasidan ilgariroq bunyod bo’lgan.

Al-Isfaraini ham, ibn Furoq ham al-Ash’ari (ilohiyot olimi, milodiy 935 yilda vafot etgan) izdoshlari bo’lib, mavzuni oddiy og’zaki usulda bayon qilishdan ko’ra diniy hukm-aqidalarni talqin-izoh qilishni, ya’ni “tadris” usulini afzal ko’rishar edi.

Katta madrasalarda mudarris yordamchisi (“mustamli”) supada o’ltirar va saboq davomida tinchlik saqtanishini nazorat etardi. Mudarris ilohiyot ilmi toliblari uchun darslarni Olloh va uning Rasuliga salovat o’qishdan boshlardi-da, so’ng xushovoz toliblardan biriga Qur’oni Karimdan bir necha oyat o’qishni buyurar, u tilovatni pirovardiga yetkazgach, shahar ahli va tolib ul-ilmlarga baxt-saodat tilab, duo qilardi. Mudarrisning xalfasi toliblardan tinchlik saqlashni talab qilib, u ham Olloh va uning Rasuli sharafiga salovat o’qirdi. Saboq davomida xalfa mudarrisdan: “Olloh marhamat qilsin, hozir kimning kitobidan iqtibos keltirdingiz?” deb so’rab qo’yar, mudarris Rasul va avliyolardan birining ismi- sharifini tilga olgan zahoti, har gal ular nomini takrorlab, tilovat qilardi.

300-912 yillar arafasida mudarris mashg’ulotni Qur’oni Karim oyatlari bilan boshlab, bir necha hadis o’qir, mabodo biron-bir g’alati, kam qo’llaniladigan iboralar uchrasa, ma’nolarini tushuntirib berar yoki toliblardan so’rardi.

Hadislarni bayon qilishda taqvodorlarga xos jur’atsizlik hamon saqtanib qolgan edi. Al-Birkoni (425/1034 yilda vafot etgan) dalolat berishicha, uning mudarrisi ilmi hadisdan saboq berishga hech botina olmasdi. Mudarris may pul ot davomida tasodifan biron-bir kishi bilan so’zlashib qolgudek bo’lsa, toliblar bundan foydalanib, unga bildirmasdan sabog’ida tilga oladigan hadislarni topib yozib olishardi. Boshqa bir mudarris to yetmish yoshga to’lmagunicha, hadis ilmidan dare berish niyati yo’qligini aytgan. Sababi shundaki, hadislarni o’qish hanuz o’ziga xos ibodat sanalib, u ma’lum darajada mudarrisda ko’rkamlik — basavlatlik kabi xislatlar bo’lishini taqozo qilardi “Hadis ilmidan saboq berishdan avval mudarris tahorat olishi, soqolini tartibga keltirishi lozim. U qaddini g’oz tutib o’ltirishi, odob doirasidan chetga chiqmasligi, some’lardan birontasi tovushini baland qo’yib so’zlagudek bo’lsa, jiddiylik bilan adabini berib qo’yishi, hamma bilan xush-muomalada bo’lishi darkor” (“Taqribi an-Nabavi», 18, 85-betlar).

Madrasada o’qishni qaysi yoshdan boshlash lozimligi masalasida ham munozaralar bo’lib turardi Ayrimlar hadis ilmini o’ttiz yoshdan, boshqalar esa yigirma yoshdan boshlab o’rganishni tavsiya qilishardi. Qurdoba qozisi Iyod (544/1149 yilda vafot etgan) VI asrda yashagan olimlar hadis ilmini o’rganishga besh yoshdan boshlab kirishish kerak, deb belgilashganini yozgan. Buning tasdig’i o’laroq, al-Buxoriy asarida keltirilgan hadisni (“Ilm kitobi”, 18-bob) tilga olish kifoya.

An-Navavi (476/1083 yilda vafot etgan) ham hadis ilmini ayni shu yeshdan o’rganishga kirishishni o’z zamoniga xos qoida, deb bilganini hisobga olish kerak. Mana shu nuqtai nazar keyinchalik rasm bo’lib ketdi. Shu sababli ham olimlarning tarjimai hollarida ular qaysi yoshdan boshlab tahsil ko’ra boshlaganini mamnunlik bilan ta’kidlanadigan bo’lib qoldi. yilda vafot qilgan) Ba’zan, lekin kamdan-kam hollarda o’qishni olti yoshdan boshlashgan. Mashhur qozi at-Tanuxi (384/994 yilda vafot etgan) shunday olimlar jumlasiga kiradi. O’z davrining eng buyuk olimi, isfaxonlik Abu Nu’aym sakkiz yoshida Madrasa ostonasiga qadam qo’ygan Ammo mashg’ulotlarni ko’pincha o’n bir yoshdan boshlashgan…

Qaysi yoshdan e’tiboran ilohiyot ilmidan saboq berishga kirishish lozimligi masalasi xususida ham yakdil fikr bo’lmagan. An-Navavi; “Tinglovchilaringiz bo’lsa, bas, istalgan yoshdan dars o’taverishingiz mumkin”, deb hisoblagan. Keksa mudarrislar qarilikka xos zaifligi yoki ko’zi ko’rmay qolishi oqibatida hadislarni chalkashtirib yuborishi mumkinligidan xavotirlana boshlagan paytdan e’tiboran dare berishni to’xtatishi lozim edi. Tolib faqihchik darajasiga erishmagan va mansabni egallamagan bo’lsa tirikchilik manbaidan mahrum bo’lgan bunday olim kitobdan nusxa ko’chirib yozish — “varraq” bilan shug’ullanishga majbur bo’lardi. Masalan, IV asrning yetakchi faylasuflaridan biri Yah’yo ibn Adi (364/974 yilda vafot etgan) at-Tabarining “Tafsir al-Qur’on» kitobini ikki marta ko’chirib chiqqan, u bir kecha-kunduz davomida yuz varaqqa qadar matnni ko’chirib yozishga ulgurardi. Nishopurda uzluksiz ellik yil mobaynida kitobdan nusxa ko’chirish bilan shug’ullangan Abu Xatim: “Nusxa qo’chirish — la’natlashga loyiq kasb, undan tirikchilik uchun na bir bo’rda non, na kafanlik mato unadi”, deb noligandi. Ad-Daqqoq (489-1009 yilda vafot qilgan) Muslimning “Sahih” asaridan nusxa ko’chirib yozish bilan pul topib, onasi, xotini va farzandini boqishga majbur bo’lgan.

“Nusxa ko’chirib yozuvchilar xiyonati” (“Xiyenatan al-varraqin”) ya’ni matnni noto’g’ri/xatolar bilan ko’chirish ilm uchun zo’r ofat sanalgan, shu bois halol olimlar o’z kutubxonalari uchun zarur kitoblarni o’z qo’llari bilan ko’chrib, nusxa olib qo’yishardi.

Mudarrislik ham ortiqcha daromad keltirmagan. Olimlar orasida shunday bir keng oqim mavjud bo’lganki, ular (masalan, xanafiy mazhabiga mansub butun bir maktab, Ahmad ibn Hanbal, Suf’yon as-Savri va boshqalar) Qur’oni Karim va hadis ilmidan dars berish evaziga haq olishni umuman nojo’ya-nojoyiz ish, deb e’lon qilishgan. Boshqa bir olimlar toifasi esa haq olish mumkin, deb hisoblagan bo’lsalar ham, faqat Olloh marhamatidan umidvor bo’lib, saboq bergan bir mudarrisning tutgan yo’lini ma’qul ko’rishgan. Shu yo’sinda bepul tahsil muddati tugaganidan so’ng, toliblar: “Olloh sizdan marhamatini ayamasin” qabilida mudarrisga murojaat qilar, mudarris esa bunga javoban: “Olloh ko’rgan tahsilingizdan sizga naf ato etsin!” deb oq yo’l tilar edi.

Al-Javzaki (388/998 yilda vafot etgan) “Men ilmi hadisdan saboq berish uchun yuz ming dirham pul sarfladim, ammo evaziga bir dirham ham haq olmadim”, degan ekan. (Subqi, “Tabaqot”, II, 169-bet). Aliylardan biri Tir shahrining maejidida mashhur al-Xatib al-Bag’dodiga tuhfa qilish niyatida 300 dinorni namoz gilamchasining ustiga qo’yadi, buni ko’rgan al-Hatib g’azablanib, gilamchasini qo’liga oladi-da, masjiddan chiqib ketadi. Aliy esa sochilgan oltin tangalarini bo’yraning yoriq-teshik joylaridan birma-bir kavlab olishga majbur bo’ladi. (O’sha asar, III, 14-bet).

Maktabda muallimlik qilish ham (“Muallimin as-sib’yon”, “muallimii al- qutto”) la’nati kasb bilan shug’ullanib achigan non tanovul qilish” demak edi. Al-Jahiz maktab muallimlari haqida butun bir kigob yozib, unda qiziq-qiziq latyfalar keltiradi, ularni nochor va nodon kimsalar sifatida tasvirlaydi. Maktab muallimidan ham nodon” iborasi esa el orasida juda mashhur bo’lib ketadi. (Al-Jahiz, “Bayon”, 1,100-bet).

Saboq evaziga muallimga albatta biron nima berishardi. “Muallimning varaqisi” degan ibora keng tarqalgan edi, bu taom muallimdan saboq olayotgan bola ota-onasining topish-tutishi, ziqna yoki saxiyligiga qarab, kattaroq yoki maydaroq, shirin yoxud bemaza bo’lardi. “Har xil nonlar, yupqa varaqilar! La’nati taom, la’nati kasb!” — mazkur iborani ham al-Jahizga nisbatan berishadi. Badavlat xonadonlarda ta’lim beruvchi uy muallimlarining ahvoli ancha durust edi”. O’rtacha saviyali muallim (“muaddib”) o’g’il bolalarni o’qitgani uchun oltmish dirham, mashhur muallimlar esa kamida ming dirham haq oladi” (O’sha yerda, 151-bet).

Saroy a’yonlari marhamatiga sazovor bo’lgan olimlar nafaqa olib turar, xarajat turlarining biri — faqihlar, boshqa bir turi — ilohiyot muallimlari uchun belgilangan edi. Xalifa ulfatlari (“nadimlari”) uchinchi va aftidan, eng ko’p maosh olib turadigan toifa sanalardi. Hamma uch turdagi nafaqani bir yo’la olish ham mumkin bo’lib, bu holda u oyiga uch yuz dinorni tashkil qilar, yana bepul uy olish huquqini berar edi. (“Fihrisit”, 51-bet).

Til va adabiyot olimi Ibn Durayd (321/933 yilda vafot qilgan) Bag’dod shahriga hech bir mablag’siz yetib kelgan paytda xalifa al-Muqtadir unga ellik dinorlik maosh tayinlagan.
Turk faylasufi al-Farobi (339/950 yilda vafot etgan) Halab hukmdori Sayd ud-Davladan kuniga bir dirham maosh olib, shu bilan qanoatlangan. (“Alfidsi, “Solnoma”, 339-bet).
O’sha zamonlarda olimlardan birontasi mudarrislik-muallimlikdan tashqari boshqa biron ish yoxud kasb bilan shug’ullangani haqidagi dalillar deyarli uchramaydi… O’z davrining yirik til va adabiyot olimlaridan biri al-Mutarriz (345/ 956 yilda vafot etgan) umr bo’yi muhtojlikda yashagan, ilmiy mashg’ulotlar tirikchilik uchun pul topishiga imkon bermagan. Yana bir mashhur til va adabiyot olimi ibn-Foris (369/979 yilda vafot etgan): “Dirham — dardimning eng mohir tabibidur”, deb yozgan va ming dirhamga ega bo’lishni orzu qilgan. (Yoqut, “Irshod”, II. 9-bet).

Biz ko’zdan kechirayotgan davrning oxirlariga kelib, islom ulamolari eng faxrli unvonlarga sazovor bo’lish huquqini qo’lga kiritishdi. Masalan, yosh olim al- Isfaraini (418/1027 yilda vafot etgan) Nishopur olimlari orasida birinchi bo’lib “rukn al-din” (“din ustuni”) unvonini oldi. Ayni shu davrda avval — faxrli nom sifatida “shayx ul-islom” unvoni ta’sis qilindi va u keyinchalik juda muhim unvonga aylandi Eronda mazkur faxrli unvonni yetakchi ilohiyot olimlariga beriladigan bo’ldi.

Таржима www.islom.uz сайтидан олинди.

44
Китобнинг рус тилидаги нашрини мутолаа қилинг ва юклаб олинг
044

05

(Tashriflar: umumiy 256, bugungi 1)

Izoh qoldiring